Текст книги "Дуо ибодатнинг мағзидир"
Автор книги: Фотима Сулаймон қори қизи
Жанр: Зарубежная эзотерическая и религиозная литература, Религия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 7 страниц)
Аллоҳим! Бизларни мағфират қил! Шаҳидлар мартабасини бергин, қалбимизни Қуръон нури билан нурлантиргин! Қуръон ахлоқи билан ахлоқларимизни зийнатлантиргин! Қуръон ҳурматидан дўзахдан нажот бергин! Қуръон ҳурматидан бизни жаннатингга киргизгин!
Аллоҳим! Қуръонни биз учун дунёда ҳамроҳ, қабрда мунис дўст, сиротда нур, жаннатда йўлдош, дўзахга парда ва барча яхшиликларга ҳужжат қилгин! Мукаммал ажрларингни насиб қил! Бизга қалбу тил билан ибодатларингни адо қилишни, иймондан бўлган хушхабарни, саодат ва яхшиликни севишни ризқ қилиб бергин! Ўқилган Қуръонимизнинг савобини, нурини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, оила аъзоларига, саҳобаларига, тобеъинларга, ота-боболаримиз, оналаримиз, қавму қариндошларимиз, яхши кўрганларимиз, дўсту устозларимиз, барча мўмину мўмина, муслим-муслималарнинг руҳларига етказгин! Раҳматинг билан дуоларимизни ижобат қилгин! Дунёда икки лаззатли нарса бор – илм ва амал. Шуларни бизга насиб қил! Охиратда икки лаззатли нарса бор – жаннату жамолинг. Шуларни бизга насиб қил! Барчаларимизни дўзах азобидан сақлагин!
Оламларнинг Робби бўлган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!
* * *
САЙЙИДУЛ ИСТИҒФОР ДУОСИ
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Истиғфорнинг саййиди – «Аллоҳумма! Анта Роббии. Лаа илааҳа илла анта. Холақтании ва ана ъабдука. Ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри маа сонаъту. Абуъу лака биниъматика ъалайя. Ва абуъу би занбии. Фағфир лии, фаиннаҳу лаа яғфируз-зунуба иллаа анта», демоғингдир.
Ким уни ишонч билан наҳорда айтса-ю, ўша куни кеч киришидан олдин ўлиб қолса, аҳли жаннатдан бўлур. Ким уни ишонч билан тунда айтса-ю, ўша кечаси тонг отишидан олдин ўлиб қолса, аҳли жаннатдан бўлур», дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Дуонинг мазмуни: «Аллоҳим! Сен Роббимсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратдинг, ва мен Сенинг бандангман. Мен қодир бўлганимча Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сендан ўзим қилган нарсаларнинг шарридан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф қиламан. Мени мағфират қил. Сендан бошқа ҳеч бир зот гуноҳларни мағфират қилмас».
Кўпчилик азизлар ушбу «Саййидул истиғфор» номи ила машҳур бўлган дуони ўқиб юришни одат қилганлар. Ушбу дуони яхшилаб ёд олиб, ўқиб юришни ҳаммамиз одат қилишимиз лозим.
* * *
ЙА СИЙН СУРАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби «Йа Сийн»дир. Ким «Йа Сийн»ни қироат қилса, Аллоҳ унга бу қироати учун Қуръонни ўн марта қироат қилган(савоби)ни ёзади», дедилар».
Термизий ва Байҳақийлар ривоят қилганлар.
Ҳар бир нарсанинг қалби унинг асосий аъзоларидан бири бўлади. «Йа Сийн» сураси ҳам Қуръоннинг қалби бўлиши билан ана ўша мартабага эришган. Бу сураи каримада иймон ва унга боғлиқ нарсалар, киши ҳаётида учраб турадиган турли ҳолатлар ва Аллоҳга суянишга чорловчи оятлар бўлгани учун ҳам у олий мақомни олган.
«Йа Сийн» сурасини доим қироат қилиб юришни ўзига вазифа қилиб олганларнинг фазилати ҳам шундадир. Тасаввуф йўлини тутган зотлар ҳар куни Бомдод намозидан кейин бу сураи каримани ўқишни ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар. ، ﭬ نِآْ
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йа Сийн» Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳни ва охират кунини умид қилиб ўқиса, албатта мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар», дедилар».
Имом Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилганлар.
«Йа Сийн» сураси фақат бу дунёда эмас, у дунёда ҳам фойда берар экан. Ким уни ният ва тадаббур ила Аллоҳни ва охират кунини умид қилиб ўқиса, албатта мағфират қилинар экан.
«Йа Сийн» сурасини ўликларга ўқиш икки хил тушунилган. Бири ўлим тўшагида ётганларга ўқиш бўлса, иккинчиси ўтиб кетганларга бағишлаб ўқишдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким кечаси «Йа Сийн»ни Аллоҳнинг розилиги талабида ўқиса, мағфират қилинади», дедилар».
Имом Молик ва Байҳақий ривоят қилганлар.
Имом ал-Баззор Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби «Йа Сийн»дир. Мен уни умматимдан ҳар бир инсоннинг қалбида бўлишини истардим», деганлар.
«Йа Сийн» сурасининг маъноларини ўрганиб чиққан одам нима учун бу сураи карима «Қуръоннинг қалби» деб аталгани, нима учун унинг фазли ҳақида ҳадиси шарифлар ворид бўлганлигини англаб олади.
ЙА СИЙН СУРАСИНИ ЎҚИГАНДАН СЎНГ ЎҚИЛАДИГАН ДУО
Аллоҳим! Албатта, Сен «Йа Сийн»ни ўқиганга ҳам, эшитганга ҳам шифо қилдинг. Бу ўқиган «Йа Сийн»имизни минг шифо, минг раҳмат, минг неъмат, минг баракот, минг енгиллик қилгин! Аллоҳим! Биздан турли балоларни, хафагарчиликларни даф қилгин, ғамларимизни кетказгин, ҳожатларимизни раво айлагин! Аллоҳим! Фақирликдан, қарздорликдан паноҳ бергин! Чиройли сабр ато этгин! Қалбимизни салим, тилимизни зикрли, дуоларимизни ижобатли қилгин! Ризқимизни ҳалолидан бергин! Жаннатни муқим қароргоҳ қилгин! Унинг ҳарирларини кийишни насиб қилгин! Кўзимизни қувонтиргин! Аллоҳим! Сен ғамларни кетказувчисан, бизни ғамларимиздан, қийинчиликларимиздан фориғ айлагин! Тезда енгиллик бергин! Ҳалолдан ризқ, ҳалолдан бойлик ато этгин! Бизни кечиргин, мағфират қилгин! Бизга раҳм қилгин! Айбларимизни ёпгин, даражаларимизни кўтаргин! Ҳар бир ёмонликдан, дунё ва охират фитналаридан сақлагин! Жаннатинг билан мукофотлагин, жаҳаннамингдан сақлагин! Аллоҳим! Жамики мўмин-мусулмонларни ҳар бир ғамдан, ҳар бир қийинчиликдан осон чиқаргин! Ҳар бир машаққатини енгиллаштиргин! Ҳар бир ёмонлик, бало, ҳар бир хунук иш билан бизнинг ўртамизга парда ташлагин! Аллоҳим! Шу соатларда муборак «Йа Сийн» ҳурматидан, Қуръони Карим ҳурматидан ҳо жатларимизни битиргин! Аллоҳим! Дунё қийинчиликлари ва охират азобларидан сақлагин! Жаннати Наъимга киргизгин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига, аҳли байтларига салоту саломларимиз бўлсин! Эй Роббим! Ўқилган «Йа Сийн»ни қабул қилгин! Савобини севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга юборгин! Ўтиб кетганларимизга ва бизларга Расулинг шафоатларидан насиб қилгин! «Йа Сийн»нинг савобидан марҳумларимизга ҳам насиб қилгин! Қабрларини Қуръон нурлари билан тўлдиргин! Мақомларини жаннат қилгин! Қабрлари жаҳаннам чуқурларидан бўлишидан асрагин! Ўқилган бу «Йа Сийн»и шарифни ва дуоларимизни қабул қилгин! Омин!
* * *
ВОҚИЪА СУРАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар:
«Ҳар ким Воқиъа сурасини кечалари давомли ўқиса, ҳеч қачон камбағаллик кўрмайди». «Воқиъа» сурасини қабр олдида ўқилса, қабрдан азоб кўтарилади. Агар таҳорат билан ҳар тонг ва шомда ўқилса, оч қолмайди, чанқамайди, қаттиқлик ва камбағаллик кўрмайди, душманлари енгилади, Аллоҳ таолонинг фазлу карами билан мурод-мақсадига етади.
Ибн Масъуд касал бўлиб ётганларида халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу зиёратларига келиб, у кишидан «Нимадан ши коятинг бор?» деб сўраганларида «Гуноҳларимдан», деб жавоб бердилар.
Халифа: «Нима хоҳлайсан?» деб сўрадилар. Шунда у киши «Роббимнинг раҳматини» дедилар.
Халифа «Табиб буюрайми?» деганларида «Мени табибнинг Ўзи касал қилди», дедилар. «Унда ҳожатингга керакли бирор нарса буюрайми?» деганларида «У нарсага ҳожатим йўқдир», дедилар.
Шунда халифа «Қизларинг учун керак бўлиб қолар», дедилар. Ибн Масъуд: «Қизларим камбағал бўлиб қолишидан қўрқасанми? Мен уларга ҳар кечада «Воқиъа» сурасини ўқишни буюрганман. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қайси бир киши ҳар кечада Воқиъа сурасини ўқиса, унга абадий камбағаллик етмайди», деганларини эшитганман.
ВОҚИЪА СУРАСИДАН СЎНГ ЎҚИЛАДИГАН ДУО
Аллоҳим! Эй аввалийнларнинг аввали! Эй охирийнларнинг охири! Эй қувват Соҳиби! Эй мискинларга меҳрибон Зот! Эй раҳмдилларнинг раҳмдили бўлган Зот! Сен оламларнинг Роббисан! Раҳмат булоғисан! Мулк соҳибисан! Абадий бор бўлган Зотсан!
Аллоҳим! Тўғри (Ислом) йўлингга ҳидоят қил! Аллоҳим! Ўзингнинг ҳузурингдан мени ҳидоят айлагин! Барака ва фазлингни ёғдиргин! Раҳматларингни бошимиз устига сочгин! Ўзингнинг одобинг билан одоблантиргин! Аллоҳим! Биз Сенинг ҳузурингга келдик, яна ҳузурингга қайтамиз. Албатта, Сен ҳар бир ишга қодир Зотсан! Аллоҳим! Ўзингнинг ҳузурингдаги азизликни сўрайман! Китобингда зикр қилинган, тугамайдиган раҳматингни сўрайман! Буюк исмларинг ва буюк сифатларинг билан сўрайманки, гўзал юзингнинг нурини ва жамолингни сўрайман. Бутун калималаринг билан буюк фазлингни сўраймизки, ёмонларнинг ва фожирларнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Эй улуғларнинг улуғи! Эй Баариъ, эй Жавваад, эй Кафийл, эй Роҳмаан, эй Раҳийм, эй Муғийс, эй Роқийб, эй Ҳасийб, эй Жалийл! Сўраймизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг саҳобаларига ҳам дуруду салавоту саломларимиз бўлсин! Мени мағфират қилишингни ва раҳм қилишингни, ризқлантиришингни сўрайман! Сен ризқ берувчиларнинг энг яхшисисан! Тонгдаги яхшиликлар билан ризқлантиргин! Ва кечанинг яхшиликлари билан ризқлантиргин! Қазою қадарингнинг яхшисини бергин! Қалам ёзган нарсаларнинг яхшисини бергин! Аллоҳим! Мен тонг оттирдим, лекин бу тонгнинг ёмонликларини даф қилолмайман. Орзу қилган нарсаларимга ҳам етолмайман. Тонгнинг амри Сенинг қўлингдадир. Мен оз амаллар билан тонг оттирдим. Фақирларнинг фақирроғиман. Эй Ҳайю Қойюм! Сендан ортиқроқ бой зотни кўрмадим! (3 марта) Ўз раҳматинг билан менга ёрдам бергин! Аллоҳим! Душманларнинг менинг устимдан ғалабасидан ва кулишидан сақлагин! Ёмон дўстлардан сақлагин! Дунёнинг катта ташвишларидан сақлагин! Қиёмат куни сендан қўрқмасдан, раҳмсизлик билан қилиб қўйган гуноҳларимиз билан азобламагин! Аллоҳим! Машаққатсиз ва талаб қилмасдан келадиган ризқ билан ризқлантиргин!
«Роббимиз! Бизга осмондан ясатилган дастурхон туширгинки, аввалимизгаю охиримизга байрам ва Сендан мўъжиза бўлиб қолсин. Ва бизни ризқлантиргин, зотан, Ўзинг энг яхши ризқлантирувчисан» (Моида сураси, 114-оят).
Аллоҳим! Ризқимга баракот бергин! Ризқнинг яхшиларини бергин! Мени «берувчи» қўллардан қилгин! «Олувчи» қўллардан қилмагин! Аллоҳим! Ўзимни ва оиламни сенга топширдим! Оиламга ризқ беришингда мени вакил қилгин! Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси! Эй улуғларнинг улуғи! Эй ўта яқийн Зот! Эй ижобат қилувчи! Раҳмат хазиналарингнинг эшигини тақиллатдим! Сен албатта, очувчи, билувчи Зотсан! Аллоҳим! Эй беҳожат Зот! Эй мақтовга сазовор Зот! Эй яратувчи Зот! Эй ҳар махлуқот Унга қайтувчи Зот! Эй раҳмли Зот! Эй Вадуд! Ҳалолинг билан бой қилгин! Ҳаромингдан сақлагин! Гуноҳлардан сақлаб, тоатларингни насиб қил! Ўзингнинг буюк фазлингни сўрайман! Эй жалол ва икром эгаси! Эй сахий Зот! Эй барчани неъматлантирувчи Зот! Сендан бошқа маъбуд йўқ! Эй зохир (ошкора) Зот! Сендан бошқа (нуқсонлардан) пок зот йўқ! Эй қўрққанларга омонлик берувчи Зот! Аллоҳим! Агар Сенинг ҳузурингдаги Китобда «Бахтсиз», ёки «Маҳрум», ёки «Яхшиликлардан қувилган», деб ёзилган бўлса, ҳузурингдаги Китобга «Бахтли», «Ризқланган», «Яхшиликлардан насибадор», деб ёзгин! Набийинг хабар берганидек, тақдир Сенинг қўлингда, хоҳлаганингни ёзиб, хоҳлаганингни ўчирасан! Китобингдаги сўзларинг ҳақдир. Аллоҳим! Эй тиригу қойюм бўлган Зот! Эй осмону ерларни яратган Зот! Эй жалолу икром соҳиби бўлган Зот! Биздан ризқ торлигини, унинг машаққатларини кўтаргин! Эй эҳсони қадим бўлган Зот! Эй Ҳаннаану Маннаан, бардавом бўлган Зот! Эй хазиналари мўл бўлиб, сўраганларга берувчи Зот! Сендан бошқа ибодатга лойиқ зот йўқ! Бизларга раҳм қилгин! Биздан фақирликни, маишат торлигини кўтаргин! Бойлигу фақирлигимизда ҳусну ҳолда бўлишимизни насиб қилгин, тавфиқ бергин! Сен буюкларнинг буюгисан! Тонгда туриб, Сендан шайтоннинг ёмонлигидан, ёмон нафсимнинг орзуларидан паноҳ тилайман! Ўзингга яқинлаштирадиган амаллар билан мени машғул қилиб қўйгин! Эй жалол ва икром эгаси Аллоҳим! Эй Ваҳҳааб, эй Баасит, эй Фаттааҳ, эй Роззаақ, эй Ваасиъ, эй Ғоний, эй Муғний, эй Мунъим, эй фазл Соҳиби! Аллоҳим! Сендан буюк фазлингни сўрайман! Кенг ризқ сўрайман! Эй бандаларига мўл-мўл ризқ берувчи, эй яхшилигининг ниҳояси бўлмаган, эй инсонларнинг гуноҳларини кечирувчи, эй Раҳмону Раҳим бўлган Зот! Дунёю охиратда бизларга раҳм қилгин! Саййидимиз, набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, оилаларига ва саҳобаларига чексиз салоту саломларимиз бўлсин! Бироҳматика йаа арҳамар Рооҳимийн!
* * *
ИСТИХОРА НАМОЗИ ВА ДУОСИ
Амалга ошган ва ошадиган барча нарсаларни Аллоҳ таолонинг хоҳиши деб билиш мусулмон кишининг муҳим одобларидан саналади. Бу одоб билан зийнатланган инсон бирор ишга киришиш олдидан ўзининг ожизлигини, Роббисининг қодирлигини ёдга олиб У зотга таваккул қилиб иш бошлайди. Роббисига таваккул қилар экан, қўлидан келганча ишларнинг муваффақиятли бўлиши учун ўрнатилган сабабларни бажаришга ҳаракат қилади. Ана шундай сабаблардан бири истихора қилиш ҳисобланади.
Истихора – бир ишни бошлашдан аввал шу ишнинг хайрли ёки хайрсиз эканлигини билиш учун ўқиладиган намоздир. Аллоҳ таоло ҳар ишнинг оқибатини билувчи Зотдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига ҳар бир ишни бошлашдан аввал истихора намозини ўқишни тавсия қилганлар.
Динимиздаги барча кўрсатмаларда бўлгани сингари истихора қилишнинг ҳам ўзига хос одоблари бор. Истихора одоблари деганда асосан қуйидаги одоблар тушунилади:
Биринчи одоб: Истихорани ихлос билан қилиш.
Мўмин киши бирор ишга қўл урар экан қилаётган иши том маънода манфаатли бўлиши учун аввало бу ишни ихлос билан бажариши лозим. Шунга кўра истихора Аллоҳ таолога ихлос билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш муҳаббати билан ва бу амалнинг баракасидан умидворлик билан қилиниши керак. Ана шунда бу амал дунё ва охират учун манфаатли ишга айланади.
Иккинчи одоб: Барча ишларда истихора қилиш.
Истихорадан асосий мақсад, қилмоқчи бўлаётган ишида яхшилик сўраш ва Аллоҳга таваккул қилиш бўлганидан, барча ишларда истихора қилинади. Мўмин кишининг ҳар бир ишида истихора қилиши, яъни Аллоҳ таолодан яхшилик сўраши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган одоб ҳисобланади. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бу ҳақида шундай деган:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга барча ишларда истихорани Қуръондан бир сура ўргатгандек ўргатар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ишларда истихорани Қуръондан бир сура ўргатгандек ўргатишлари бу ишнинг мусулмон киши учун ўта аҳамиятли эканини билдиради.
Аммо шариатда буюрилган ёки яхши саналган ишларга, шунингдек, шариатда ҳаром қилинган ё қилмаслик тавсия қилинган ишларга истихора қилиш мумкин эмас. Чунки мазкур ишлар аниқ бўлгани учун уларда мўмин кишининг иккиланиши асло мумкин эмас. Шунга кўра Жобир розияллоҳу анҳунинг «барча ишларда» деган сўзларидан барча мубоҳ ишлар тушунилади.
Учинчи одоб: Бирор тарафни қасд қилишдан олдин истихора қилиш. Мўмин киши рўпарасидаги ишлардан қайси бирини танлашни билолмай иккиланиб қолганда Роббисига илтижо билан истихора қилади, яъни ўзи учун манфаатлисини ато этишини сўрайди. Аммо ишларнинг бирортасига мойил бўлиб, унга азму қарор қилганидан сўнг истихорага ўрин қолмайди. Чунки истихора қилиш аслида ишларнинг хайрлисини Аллоҳ таолодан сўраш бўлгани учун қалб ҳали бирортасига ҳам боғланмаган пайтда истихора қилинади.
Қалбнинг бирор нарсага қандай боғланиши ҳақида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аби Жамрадан қуйидаги ривоятни келтирган:
қалбга келадиган нарсалар қуйидаги тартибда бўлади:
1. «Кўнгилга келиш.
2. Истак пайдо бўлиш.
3. Ўй-фикр келиш.
4. Ният қилиш.
5. Қасд қилиш.
6. Азму қарор қилиш».
Яъни, дастлаб бирор маъно кўнгилга келади, сўнгра ўша маъно кучаяди, кейин эса у ҳақида турли ўй-фикрлар келади. Ушбу учта босқич банданинг ихтиёридан ташқарида бўлгани учун улар ҳақида банда масъул қилинмайди.
Аммо булардан кейинги ният, қасд қилиш ва азму қарорлар банданинг ихтиёри билан вужудга келгани учун булар ҳақида банда жавобгар бўлади.
Истихора ҳадисидаги деган сўздан кўнгилга келадиган мазкур нарсаларнинг биринчиси кўзда тутилган.
Демак, ана шундай ҳали қалб бирор тарафга ҳам боғланмаган пайтда истихора қилинади ва иншааллоҳ ўқиган намози ва қилган дуоси баракотидан ўзи учун хайрли бўлганига муваффақ қилинади.
Тўртинчи одоб: Туш кўришни шарт деб билмаслик.
Истихора қилувчи ўзига тушида бирор ишора бўлишини шарт деб билмаслиги керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушида унга билдирилади, демаганлар, балки намоз ўқиб дуо қилишни таълим берганлар. Шунинг учун истихорадан сўнг туш кўришни кутмасдан сўраган ишига уриниши керак.
Бешинчи одоб: Истихорадан сўнг ишга киришиш.
Истихорадан сўнг мазкур ишларнинг қайси бирини Аллоҳ таоло қулай қилиб қўйгани тафаккур қилиб кўрилади ва ўша тарафга ҳаракат қилинади. Агар енгил ва осон бўлса хайрлиси шу бўлади, бордию ундай бўлмаса хайрлиси бошқасида бўлади. Бу эса қилинган истихоранинг самараси ҳисобланади.
Олтинчи одоб: Фарздан бошқа икки ракъат намоз ўқиш.
Истихора қилувчи фарздан бошқа икки ракъат намоз ўқиши керак. Ушбу кўрсатмага кўра истихора дуоси фарздан бошқа икки ракъат намоздан кейин ўқилиши керак. Ушбу икки ракъатни баъзи уламолар «энг камида икки ракъат намоз ўқисин» маъносида айтилган, шунинг учун ҳар икки ракъатида салом бериб икки ракъатдан кўп ўқиса ҳам жоиз бўлади, деганлар.
Икки ракъат намоз ўқигандан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган қуйидаги дуо ўқилади:
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот:
«Бирортангиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракъат намоз ўқисин. Сўнг:
«Аллоҳим! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингни сўрайман. Чунки Сен қодирсан, мен қодир эмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни яхши билувчи Зотсан.
Аллоҳим! Агар ушбу иш менга динимда, ҳаётимда ва (ҳозирги ишимда-ю келгусида) оқибати хайрли бўлса, уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун динимда, ҳаётимда ва (ҳозирги ишимдаю келгусида) оқибати хайрсиз бўлса, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил», десин ва ҳожатини айтсин», дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Ушбу ҳадисда баён қилинган дуони ёд олиб, унинг маъноларини англаб дуо қилишга уриниш зарур. Аммо ёд олмаган киши китобга қараб ёки уни ёзиб олиб ўқиши ҳам жоиз ҳисобланади. Энг муҳими, истихора Аллоҳ таолога дуо қилиш эканини, дуонинг энг муҳим одобларидан бири эса рағбат билан астойдил сўраш эканини унутмаслик зарур. Шунинг учун истихора қилувчи ўзининг ожизу бечоралигини, Роббисининг раҳматига доимо муҳтож эканини изҳор қилиб истихора дуосини ўқиши керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас розияллоҳу анҳуга шундай дедилар: «Эй Анас! Бир ишни бошлашдан аввал Роббингга етти марта истихора қил! Сўнг қалбингда нимани қилиш ва қилмаслик ҳисси олдин келса, уни қил. Чунки яхшилик фақат Ундандир».
Хуфтон намозидан сўнг икки ракъат нафл намози ўқилади. Биринчи ракъатида Фотиҳа сурасидан кейин «Кафирун» сураси, иккинчи ракъатида «Фотиҳа» сурасидан кейин «Ихлос» сураси ўқилади. Ухлагунча истиғфор, салавот айтилади. Агар истихорасида ҳеч нарса билинмаса ёки туш кўрмаса, бу ишни етти марта такрорлаш керак.
Сўнг Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юрилади. Кейин кўнгилга тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса, ўша иш қилинади. Бу ҳақда туш кўриш ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга бўлмай, туриб қолса, истихора намози яна қайтадан ўқилади. Қайта ўқиш етти мартагача бўлиши мумкин. Бу иш мустаҳаб амаллардандир.
Кўриниб турибдики, Истихора намози ҳам бошқа намозлар каби бандани Аллоҳ таолога боғловчи омилдир. Бир ишни қилмоқчи бўлганда Аллоҳ таолонинг ўзига ёлбориб, илтижо қилиб, яхшилик йўлини кўрсатишни сўрашдир. Бу маъно эса, мусулмон инсон ҳаётида намознинг ўрни қанчалар муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Мусулмон инсон ҳатто қиладиган дунёвий ишида ҳам дунёнинг холиқи ва бошқарувчиси Аллоҳ таолонинг Ўзидан маслаҳат сўраш имконига эга. Киши намоз орқали ана шундай неъматларга мушарраф бўлади.
* * *
ЯНГИ ОЙНИ КЎРГАНДА ЎҚИЛАДИГАН ДУОЛАР
Янги ойни кўрганда айтиладиган бир қанча дуолар мавжуд. Улардан хоҳлаганини айтиб, дуо қилиши мумкин.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги чиққан ойни кўрсалар:
«Аллоҳумма аҳиллаҳу ъалайнаа билюмни вал иймаани вас салаамати вал ислаами Роббий ва Роббукаллоҳу», дер эдилар».
Маъноси: «Аллоҳим! Уни бизга хайр-барака, иймон, саломатлик ва Ислом ила чиқаргин. Роббим ва Роббинг Аллоҳдир».
Термизий ҳасан санад ила ривоят қилганлар.
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ҳилолни кўрсалар:
«Ҳилаалу хойрин ва рушдин. Ҳилолу хойрин ва рушдин. Ҳилолу хойрин ва рушдин» ва уч марта «Ааманту биллазии холақока, алҳамдулиллааҳиллазий заҳаба би шаҳрин казаа ва жаа-а би шаҳрин казаа», дер эдилар.
Абу Довуд ривоят қилган.
Маъноси: «Яхшилик ва ҳидоятга чорловчи ой. Яхшилик ва ҳидоятга чорловчи ой. Яхшилик ва ҳидоятга чорловчи ой. Сени яратган Зотга иймон келтирдим. Фалон ойни кетказиб, фистон ойни келтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин».
Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги чиққан ойни кўрсалар:
«Аллоҳу акбар, Аллоҳумма аҳиллаҳу ъалайна бил амни вал иймани вассаламату вал ислаами ват тавфииқи лимаа туҳиббу ва тарзоо. Роббуна ва Роббукаллоҳ», деб айтардилар.
Доримий ривояти.
Маъноси: «Аллоҳ улуғдир, эй Раббим, бизга бу ойни омонлик, иймон, саломатлик, ислом, тавфиқ, Ўзинг яхши кўрадиган ва рози бўладиган ой қил. (Эй ҳилол!) бизнинг Роббимиз ҳам, сенинг Роббинг ҳам Аллоҳдир».
Ушбу дуоларни ёд олиб, ўз вақтида ўқиб юрмоқни одат қилиш зарур.
* * *
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.