Электронная библиотека » Фотима Сулаймон қори қизи » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Фотима Сулаймон қори қизи


Жанр: Зарубежная эзотерическая и религиозная литература, Религия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 7 страниц)

Шрифт:
- 100% +

РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ


«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин», деган («Бақара» сураси, 185-оят).

Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳижрий иккинчи санада фарз қилинган. Аниқроғи, ҳижрий иккинчи сананинг шаъбон ойида, ҳижратдан ўн саккиз ой ўтгандан сўнг ва қибла Каъбаи Муаззамага бурилганидан кейин фарз қилинган.

Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббил Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу Рамазони шарифнинг энг улкан фазийлатлари ҳақидаги таърифдир.

Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган Китоби – Қуръони Каримни тушириш вақти қилиб, Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазийлатини юксакка кўтарганининг далолатидир. Энди эса нур устига нур, фазийлат устига фазийлат қўшиб, рўза ибодатини ҳам мана шу Рамазон ойида фарз қилмоқда.

Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ҳақ билан ботилни ажратувчи очиқ оятлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир.

Рамазон ойи ҳар доим ойларнинг султони, саййиди, энг яхшиси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолаверади.

Рамазон ойи рўза, таровиҳ ва тиловат ойи бўлиб, унинг рўзасини тутиш фарз, таровиҳ намозини ўқиш суннат, Қуръони каримни хатм қилиш эса фазилатдир.

Рамазон шундай қадрли ва ғанимат ойдирки, унда тутилган рўзанинг савобини бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.

Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғланади.

Рамазон ойи гуноҳлар мағфират қилинадиган, раҳм-шафқат кўрсатиладиган ва дўзахдан озод қилинадиган ойдир.

Рамазон ойи Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажаришда, қайтариқларидан қайтиш да ва синов-имтиҳонга учраганда сабр-тоқатли ва чидамли бўлишни ўрганадиган ойдир.

Рамазон ойи ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик кўрсатиладиган, инсонлар бир-бирлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечирадиган ойдир.

Рамазон ойи хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган, мусулмонлар бир-бирини қўллайдиган ойдир.

Рамазон тенглик ойи бўлиб, бу ойда қариялар зиёрат қилинади, беморлардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, мусибатзада инсонлардан кўнгил сўралади ва етимлар овутилиб, юпатилади.

Рамазон ютуқлар ойи бўлиб, улкан савоблар қўлга киритилади ҳамда нафс ва шайтонлар мағлуб этилади.



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар».

Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Бошқа ойларнинг бирортаси бу сифат ила васф қилинмаган. Рамазон ойи йилнинг ўн икки ойи ичида энг афзали, энг баракалиси, энг улуғидир. У ўн икки ойнинг султонидир.

Рамазон ойида мусулмонларнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабалари юқори кўтарилади, хайрли ишларининг мукофотлари кўпайтирилади ва кичик гуноҳ ишлари кечирилади.



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади», деганлар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

САҲАР ВА ИФТОР ВАҚТИДА ҚИЛИНАДИГАН ДУОЛАР

Саҳарлик вақтида оғиз ёпиш учун қилинадиган хос бир дуо ворид бўлмаган. Аммо саҳар вақти дуолар мустажоб бўладиган вақт бўлганлиги боис, киши ушбу вақтда хохлаган дуосини қилса бўлади.



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббимиз табарока ва таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганида дунё осмонига нозил бўлади ва:

«Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтадики, Мен уни мағфират қилсам», дейди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифдан кечанинг охирги учдан бири Аллоҳга илтижо қилиш учун энг афзал вақт эканлиги билинади. Чунки ўша пайтда Аллоҳ таоло дунё осмонига тажалли қилган ва дуо, сўров ва истиғфорларни тўсиқсиз қабул қилаётган бўлади. Албатта, бундай фазилатли вақтни дуолар билан ўтказаётган банда ғоят улуғ мақомларга эришиши турган гап. У вақтда банданинг қилган дуоси Аллоҳ таоло томонидан дарҳол қабул бўлади, сўраган нарсаси берилади, гуноҳлари кечирилади.

Шундай бўлса-да, бизнинг диёримиздаги мўмин-мусулмонлар саҳарлик вақтида турли дуоларни қилишлари билан бирга оғиз ёпиш чоғида қуйидаги ниятни ҳам қилишлари урф бўлган:



«Наввайту ан асуума совма шаҳри ромазоона минал фажри илал мағриби, хоолисан лиллаҳи таъаала. Аллоҳу акбар».

Маъноси: «Рамазон ойининг рўзасини субҳдан то кун ботгунча тутмоқни ният қилдим. Холис Аллоҳ учун. Аллоҳ буюкдир».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ифтор қилсалар қуйидаги дуоларни ўқир эдилар:



Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик қилиш вақтида «Аллоҳумма, лака сумнаа ва ъалаа ризқика афторнаа, фатақоббал миннаа, иннака антас Самииъул-ъалийм», дер эдилар».

Маъноси: «Аллоҳим, Сен учун рўза тутдик, берган ризқингдан ифторлик қилдик, бизлардан қабул айла. Албатта, Сен Эшитувчи ва Билувчи Зотсан».

Дорақутний ривоят қилган.



Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик вақтида: «Заҳабаз-зомау, вабталлатил урууқу ва сабатал ажру, иншааллоҳ», дер эдилар.

Маъноси: «Чанқоқ кетди, томирлар намланди, иншааллоҳ, савоб ҳосил бўлди».

Байҳақий ривоят қилган.



«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ифтор қилсалар:

«Аллоҳумма! Лака сумту ва ъалаа ризқика афторту», дер эдилар».

Маъноси:«Аллоҳим, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ ила ифтор қилдим».

Абу Довуд ва Тобароний ривоят қилганлар.

Тобаронийнинг лафзида:

«Бисмиллаҳ. Аллоҳумма! Лака сумту ва ъалаа ризқика афторту», дейилган.

Маъноси: «Бисмиллаҳ. Аллоҳим, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ ила ифтор қилдим».



Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муъозникида ифтор қилдилар-да ва сўнгра:

«Афторо ъиндакум ас-соимуун ва акала тоъамакумул-аброру ва соллат ъалайкумул малааика», дедилар».

Маъноси: «Ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилдилар, таомингизни яхшилар едилар ва фаришталар сизга салавот айтдилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Ифтор пайтида дуо тўсиқсиз қабул бўлиши маълум ва машҳур. Ушбу ва ундан бошқа дуоларни ёдлаб олиб, оғиз очиш пайтида уни ўқишга одатланилса, жуда ҳам яхши бўлади.



Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ифтор пайтида рўзадорнинг мустажоб дуоси бор».

Абу Довуд ривоят қилган.

* * *

ҚАДР КЕЧАСИ


«Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик. Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшидир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом (тинчлик) дир», деган («Қадр» сураси, 1–5-оятлар).

Бу муборак кеча «Қадр» деб аталишининг икки хил маъноси бор. Биринчиси «қадр», яъни қадри улуғ, иккинчиси «қадар», яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир. Чунки Лайлатул Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Лайлатул Қадр кечаси бандаларнинг бир йиллик қадарлари – тақдирлари белгиланадиган кечадир. Ушбу сураи карима бошидан охиригача муборак Лайлатул Қадр кечасига бағишлангандир.

Қадр кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчиликларида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилган ишлар ила тушадилар. Бу ҳам Қадр кечасининг шарафини оширадиган ишдир.

Қадр кечаси тонг отгунча салом – тинчлик-омонлик кечасидир. Унда фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади.

Уламоларимиз Қадр кечасининг қайси кеча эканини тайин қилишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Лайлатул Қадр Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасида», деган ривоятларини ихтиёр қилганлар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», – деганлар. Бу кечани бедор ўтказиш ибодат билан, яъни намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Қуръон қироати билан бўлади.



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар».

Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар.

«Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир».

Бу кеча Қадр кечасидир. Ундаги ибодат – яхшиликларга бериладиган савоб ва хайрбаракалар шу даражада кўпки, ким ўша муборак кечани уйқу билан, беҳуда ўтказса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди.



Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, агар Лайлатул Қадр кечаси қайси кеча эканини билсам, унда нима дейман?» дедим.

«Аллоҳим! Албатта Сен афв қилувчи ва карамлисан. Афвни яхши кўрасан. Бас, мени афв қилгин», дегин», дедилар».

Албатта, Лайлатул Қадр кечаси дуонинг қабул бўлиши энг қулай фурсатлардан бири эканини ҳамма яхши билади.



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Лайлатул Қадрни иймон ва савоб умидида қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Аввало бу кечани қоим бўлиб ўтказиш учун ўша кеча хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқиш керак. Чунки бир ҳадисда «Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини бедор ўтказган бўлади», дейилган.

Бошқа бир ҳадисда эса «Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг яримини бедор ўтказган бўлади», дейилган.

Икки ракъат намоз ўқилади. Биринчи ракаатда «Фотиҳа» сурасидан кейин уч марта «Қадр» сураси, иккинчи ракъатда «Фотиҳа» сурасидан кейин уч марта «Ихлос» сураси ўқилади. Бир марта такбири ташриқ айтилади:



Маъноси: Аллоҳ Буюкдир, Аллоҳ Буюкдир, Аллоҳ Буюкдир. Ундан бошқа ибодатга лойиқ илоҳ йўқ ва Аллоҳ Буюкдир. Аллоҳ Буюкдир ва ҳамд унга хосдир.

Қолаверса, кечанинг қолган қисмида Қуръонни кўп тиловат қилиб, зикр ва дуолар қилиб чиқиш лозим.

Ана шунда кечани бедор ўтказган бўлади ва ҳадисдаги Қадр кечасини иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказганларга қилинган ваъда, яъни ўтган гуноҳларнинг мағфират қилинишига эришилади.

Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтириб, Қуръон, зикр ва дуолар билан машғул бўлиш керак. Чунки бу кунлардаги ибодатлар гуноҳларнинг мағфират бўлишига ҳамда дўзахдан қутулишга сабаб бўлиб қолади.

* * *

ҲАЖ ВА УМРАДА ҚИЛИНАДИГАН ДУОЛАР

Каъбатуллоҳни аввал Одам алайҳиссалом, сўнг Иброҳим алайҳиссалом бино қилдилар.

Бино битгандан сўнг, Аллоҳ таоло у зотга: «Эй Иброҳим, Абу Қабис тоғининг бошига бориб: «Эй мўминлар! Аллоҳ таоло Ўзининг исмига бир уй бино қилдирди ва сизни ҳаж қилишга амр қилди. Бас, Аллоҳнинг амрига хилоф қилмасдан ҳаж қилинглар» дегин», деди.

У киши шундай қилдилар. Бу нидони бутун дунёдаги одамлар, ҳатто оналар раҳмида, оталар сулбида бўлганлар ҳам эшитдилар.



Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким зод ва уни байтуллоҳга элтадиган роҳилага эга бўлса-ю, ҳаж қилмаса, унинг яҳудий ёки насроний ҳолида ўлишининг фарқи йўқ. Бу Аллоҳнинг Ўз Китобида «Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ вожибдир», дегани учундир», дедилар».

«Зод» – ҳажга бориб келгунча етадиган маишат учун керакли бўлган сарф-харажат.

«Роҳила» – ҳажга бориб келгунча етадиган йўл харажатлари.



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси уни туққан кундек қайтади», дедилар».

Яъни, ҳаж ибодати даврида уят сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолга қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. Ҳаж одатда кишига умрида бир марта бериладиган фурсат. Ундан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳажга жўнашдан олдин ҳаж сафарида ўзига лозим бўлган нарсаларни яхшилаб ўрганиб олмоғи керак. Бандага ўрганиши лозим бўлган нарсаларнинг энг муҳимларидан бири ушбу ҳадисда зикр қилинмоқда.

Ҳажни ният қилгандан бошлаб гуноҳлардан онадан туғилган пайтдагидек пок бўлиш ҳаракатига тушиш лозим. Тайёргарлик кўриб олиб, ҳаж давомида бирор оғиз фаҳш сўзларни айтмай, фисқу фасод қилмай юрса, иншааллоҳ, ўша банда муродига етади.

Ҳаж қилиш нияти ила эҳром боғлаган киши ўша ондан бошлаб то ҳаж амалларини адо этиб бўлгунича ибодатда бўлади. Ҳар бир ҳожи ушбу ҳақиқатни бир лаҳза ҳам унутмаслиги лозим. Буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эҳром боғлаганларидан бошлаб, то ҳаж амалларини бажариб бўлгунларича бирор оғиз беҳуда сўз айтмас эдилар.



Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоратдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», дедилар».

Иккисини бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Бу ривоятда ҳам умранинг, ҳам ҳажнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Кейинги умра ўзидан аввалги умрадан буён содир этилган Аллоҳ таолонинг ҳаққига оид бўлган маълум гуноҳларнинг ювилиб кетишига сабаб бўлар экан. Агар ҳажжи мабрур бўлса, унинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса бўлмас экан.

Ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлган, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаждир. Ҳаж қиладиган одам жаннатга эришиш учун мислсиз катта имкониятга эга бўлади. Ҳаж қилувчи динимизнинг беш рукнидан бири бўлган ушбу улкан ибодатни адо этиш пайтида риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлса, ҳажни сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этса, мазкур ваъда қилинган нарсага эришади.

Бу ва олдин келган ҳадислардан ҳаж ибодатининг бошқа ибодатлар қатори, одобахлоқ масаласига қанчалар боғлиқ эканлигини кўрамиз. Мусулмон инсон бу ибодатни адо этиш жараёнида ўзининг одоби ва ахлоқини сайқаллаш имконига эга бўлади.



Насаийнинг ривоятида:

«Аллоҳнинг меҳмонлари учта: ғозий, ҳожи ва умра қилувчи», дейилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаж ва Умра қилувчи киши Аллоҳнинг меҳмонидир. Аллоҳга дуо қилсалар, дуоларини ижобат қилади. Ундан мағфират сўрасалар, уларнинг гуноҳларини мағфират қилади» деганлар.

Ибн Можа ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким байтни бир ҳафта тавоф қилса, (тавофда) ҳар оёқ қўйгани ва ҳар оёқ кўтаргани учун Аллоҳ ундан бир гуноҳни кечади ва шу (қўйилган ва кўтарилган оёқ) сабабли унинг даражасини бир поғона кўтаради» деганларини эшитдим.

Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

Бизнинг диёрдан борган киши «Таматтуъ» (роҳатланиш, фойдаланиш) ҳажини қилади. Аввал умра қилади, ҳаж вақтигача эҳром ҳаром қилган нарсалардан таматтуъ, яъни фойда, ҳузур, роҳат қилиб юриб, вақти келганда яна эҳромга кириб, ҳажни ният қилади. Таматтуъ ҳажини қилувчи эҳромга кираётганида умранигина ният қилади.

Шундан кейин эҳром ниятида Аллоҳ учун икки ракъат нафл намоз ўқийди ва дилда ният қилган ҳолда тили билан бу дуони ўқийди:

Таматтуъ ҳажининг нияти:



«Аллоҳумма иннии урийдул умрата фа яссирҳа лии ва тақоббалҳа миннии».

Маъноси: «Аллоҳим, мен умра қилишни ирода қиламан. Уни менга осон этгил ва мендан қабул айлагил».


Шулардан кейин талбия айтади. Тавофни бошлашдан аввал талбияни тўхтатади. Талбия будир:



«Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда ван-ниъмата лака вал-мулка лаа шарийка лак».

Маъноси: «Лаббай сенга, ё Аллоҳ, лаббай. Лаббай Сенга, Сенинг шеригинг йўқ, лаббай Сенга. Албатта, мақтов, неъмат ва подшоҳлик Сенга хос. Сенинг шеригинг йўқ».


Шу талбияни айтиш билан эҳромга кирган ҳисобланиб, шу вақтдан эътиборан унга эҳром ҳукмлари жорий бўлади. Эҳромга кирган одам то Каъбага етгунича бот-бот талбия айтади. Яъни, намоздан кейин, одамларни учратганда, тепаликка чиққанда ва тушганда, саҳарда уйқудан уйғонганда талбия айтиб турилади.

Ҳожи Маккага кириб, жойлашиб, сўнг ишни Масжидул-ҳаромга боришдан бошлайди. Масжидга «Бобус-салом» эшигидан кириш мустаҳабдир. Тавозе ила, ўзини хокисор тутган ҳолда, талбия айтиб, хушуъ билан киради. Бошқа эшиклардан кириш ҳам жоиз.

Каъбатуллоҳга нигоҳи тушиши билан «Аллоҳу акбар!» деб такбир ва «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деб таҳлил айтиб, қуйидаги дуони ўқийди:



«Аллоҳумма зид ҳаазал Байта ташрийфан ва таъзийман ва такрийман ва маҳаабатан ва биррон ва зид ман шаррофаҳу ва аззомаҳу мимман ҳажжаҳу ав иътамароҳу ташрийфан ва таъзийман ва такрийман ва маҳаабатан ва биррон».

Маъноси: «Аллоҳим, ушбу Байтнинг шарафини, улуғлигини, ҳурматини, ҳайбатини ва яхшилигини зиёда қил. Ҳаж ва умра қилувчилардан ким уни шарафласа ва улуғласа, ўшанинг ҳам улуғланишини, шарафини ва ҳурматини, ҳайбатини ва яхшилигини зиёда қил».

Сўнгра:



«Аллоҳумма антассалааму ва минкас саламу фаҳаййина роббанаа биссалаам», деган дуони ўқийди.

Маъноси: «Аллоҳим, Сен салом (тинчлик) сан ва салом Сендандир. Эй Роббимиз, бизнинг салом билан ҳаёт кечиришимизни насиб эт».

Яна ҳар ким ўзи нимани хоҳласа, шуни сўраб, дуо қилади. Шу билан бирга, Байтуллоҳни кўрганида қалбида унинг улуғлигини ҳис қилади. Шундай улуғ жой зиёратига эриштирган Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтади ҳамда уни тавоф қилишдек улуғ бахтга сазовор этгани учун шукр қилади.

Кейин Ҳажарул асваднинг қаршисида тўғри туриб, худди намоздаги каби қўлини кўтариб, такбир ва таҳлил айтади. Сўнгра тавофни бошлаш учун, иложини қилса, Ҳажарул асвадни ўпади.

Ҳажарул асвадни ўпиш суннат, мусулмонларга озор бермаслик эса, вожиб. Шунинг учун энг аввало вожибга амал қилиш муҳимроқдир.

Узрлилар узоқдан қўллари ёки қўлларидаги бирор нарса билан ишора қилиб туриб, ўшани ўпадилар. Албатта, бу ишни тавофни ният қилиб туриб қилади.

Ифрод ҳажини ният қилган ҳожи ушбу тавофни «қудум» деб, қирон ва таматтуъни ният қилганлар эса «умра тавофи» деб ният қиладилар ва:



«Бисмиллааҳи валлооҳу акбар. Аллоҳумма ийманан бика ва тасдийқон би китаабика ва вафаа-ан би аҳдика ва иттабааъан ли суннати набиййика саййидинаа Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллам», дейди.

Маъноси: «Аллоҳнинг номи билан, Аллоҳ улуғдир. Аллоҳим, Сенга иймон келтириб, Сенинг Китобингни тасдиқлаб, Сенинг аҳдингга вафо қилиб ва Набийинг – саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб…»

Ҳатиймни (Каъбаи муаззама ёнидаги пойдеворга ўхшатиб, кўтарилиб қўйилган жойни) қўшиб айланиш вожиб. Ким орадан ўтиб, ҳатиймни қўшмай айланса, тавоф ўрнига ўтмайди.

Шундай қилиб, Ҳажарул асваддан бошлаб тавоф қилиб, билган дуоларни ўқиб, яманий рукн ҳам истилом қилинади ёки унга қўл билан ишора қилиб, қўл ўпилада. (Яманий рукн тавоф йўналиши бўйича ҳисоблаганда, Каъбанинг Ҳажарул асвадга яқин қолган бурчаги).

Тавоф пайтида ўқиладиган махсус дуо ривоят қилинмаган, ҳар ким билганича дуо қилиб, Аллоҳга илтижо этса яхши бўлади. Яманий рукн билан Ҳажарул асваднинг ўртасида:



«Роббанаа Аатина фид-дуня ҳасанатав ва фил аахироти ҳасанатав ва қинаа ъазаабаннаар» дуосини ўқиш тавсия этилган.

Ҳажарул асвадга етганда бир марта тавоф қилинган ҳисобланади. Яна «Бисмиллаҳ, валлоҳу акбар», деб, Ҳажарул асвадни истилом қилиб, иккинчи тавофни бошлайди, Шу тариқа етти бор тавоф қилиш лозим.

Тавоф тугагандан кейин «Мақоми Иброҳим» деб аталган белгили жойда ёки унга яқин бир ерда икки ракъат намоз ўқилади. Биринчи ракъатда «Фотиҳа» сурасидан кейин «Кафирун», иккинчи ракъатда эса «Ихлос» сурасини ўқиш тавсия этилган.

Сўнгра Аллоҳга илтижо этиб, хоҳлаганча дуолар қилинади.

Сўнг замзам булоғига бориб, ундан тўйиб ичади, юзларига суради. Замзам ичиш мустаҳаб амалдир.



Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир», дедилар».

Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар. Ибн Ҳиббон саҳиҳ, деган. Аллоҳ билгувчироқдир.

Яъни, замзамни ким нима ниятда ичса, ўша ниятига етишади. Бу ҳақиқатни кўпчилик мухлислар ўз тажрибаларидан ўтказишган.

Имом Дора Қутний ва Ҳоким келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир. Уни шифо талабида ичсанг, Аллоҳ сенга шифо беради. Уни паноҳ талабида ичсанг, Аллоҳ сенга паноҳ беради. Агар уни чанқоғингни кесиш учун ичсанг, Аллоҳ чанқоғингни кесади. Агар уни тўйиш учун ичсанг, Аллоҳ сени тўйдиради. У Жаброилнинг ишорасидир. У Исмоилнинг ичимлигидир».

Кейин ҳожи яна қайтиб, имконини топса, Ҳажарул асвадни ўпади ёки истилом қилади. Бу нарса Сафо ва Марвада саъй қилишга тайёргарлик ҳисобланади.

Сўнгра Сафо тепалигига чиқилади, Байтуллоҳга юзланиб, такбир ва таҳлил, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавоту дурудлар айтилади. Икки қўл кўтарилиб, ҳожатлар Аллоҳдан сўралиб, дуолар қилинади ва Марва тепалигига қараб юриб кетилади. Юришни «Бақара» сурасидаги:



«Иннас-Софаа вал Марвата мин шаъааирил-лааҳи фаман ҳажжал Байта авиътамаро фалаа жунааҳа алайҳи ай-яттоввафа биҳимаа ва ман татовваъа хойрон фа инналлоҳа шаакирун ъалийм» деган 158-ояти каримани ўқиб бошлаш тавсия қилинган.

Яшил чироқли яшил устунга етганда тезлаб юрилади, худди шундай, иккинчи устунга етганда эса яна оддий юриб кетилади. Марва тепалигига етиб борилгач, юқорироққа чиқиб, дуолар қилинади.

Бир томонга бориш бир саъй ҳисобланади.

Сўнг Сафога қараб юрилади. Яна ўша яшил устунлар орасида тезлаб юрилади. Сафо тепалигига етиб келинганда икки саъй бўлади. Шу тарзда етти марта саъй қилинади. Саъй қилиб юрилганда «лаббайка» айтилади ва дуолар қилинади. Ривоятга кўра, Пайғамбар алайҳиссалом ушбу дуони ўқиган эканлар:



«Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду юҳйи ва юмийту ва ҳува ҳайюл ла ямуту биядиҳил хойру ва ҳува ъала кулли шайъин қодийр».



«Лаа илааҳа иллаллоҳу ва ла наъбуду илла ийяҳу мухлисийна лаҳуддийна ва лав кариҳал кафируун. Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, анжаза ваъдаҳу ва насоро абдаҳу ва ҳазамал аҳзаба ваҳдаҳу».

Сафо билан Марва ўртасида саъй қилиб юрганларида:



«Роббиғфир варҳам, антал аъаззул акром», деган дуони кўп ўқиганлари ривоят қилинган.

Саъй Марвада тугайди. Шу ерда илтижо этиб, дуолар қилинади.

Арафот тоғига ҳожилар 9-зулҳижжада чиқадилар. Арафотда туриш ҳажнинг асосий рукни бўлиб, бу рукнсиз ҳаж бўлмайди. Арафот улуғ мақом бўлиб, у жойдаги дуолар қабулдир. Ҳожи бу мақомда доимо дуо билан машғул бўлиши лозим. У қалбни ҳозир қилиб, зикрда, қироатда ва илтижода чин дилдан тазарруда бўлиши керак. Ушбу жойларда қуйидаги дуоларни қилиш тавсия этилади:



«Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил ъазийм».



«Лаа илааҳа илла анта. Субҳанака инни кунту миназ-золимийн».



«Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил ъалийил ъазийм»



«Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қийна ъазабаннар».



«Аллоҳумма аслиҳ лий дийнийаллазий ҳува ъисмати амри ва аслиҳ лий дунйаяллатий фийҳа маъаший ва аслиҳ лий ахиротияллати фийҳа маъадий, важъалил ҳаята зиядаталлий мин кулли хойрин важаълил мавта роҳаталлий мин кулли шаррин».



«Аъузу биллаҳи мин жуҳдил балаи ва даркиш-шақои ва суъил қазои ва шатаматил аъдаи».

Арафотда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб, қаср қилиб ўқилади. Ҳажнинг амири хутба ўқийди. Арафотда қуёш ботгунча туриш вожиб ҳисобланади. То қуёш ботгунча дуо қилиб турилади.

Қуёш ботгач, шом намозини ўқимасдан, Муздалифага қараб юрилади. Муздалифада Хуфтон вақтида шом ва хуфтон намозлари қўшиб ўқилади. Бу кечанинг фазли жуда улуғ бўлиб, баъзи уламолар уни жума ва қадр кечаларидан ҳам афзал деганлар. Бу ерда ҳам такбир, ҳам тасбеҳ ва дуога машғул бўлмоқ керак.

Тонг отгач, Бомдод намозини аввалги вақтида ўқиб, Муздалифада туриш бошланади. Бу туриш вожибдир. Қуёш чиққандан сўнг Минога қараб йўлга тушилади.

Шайтонга тош отиб бўлгандан сўнг, зиёрат тафовини қилгандан сўнг, видо тавофини қилгандан сўнг қилинган барча дуолар ижобатдир. Аллоҳ таоло барчамизга ҳажжи мабрурмақбул ҳажни насиб айласин!

* * *

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 4.6 Оценок: 5

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации