Текст книги "Дуо ибодатнинг мағзидир"
Автор книги: Фотима Сулаймон қори қизи
Жанр: Зарубежная эзотерическая и религиозная литература, Религия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 7 страниц)
АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ МУБОРАК ИСМЛАРИНИНГ МАЪНОСИ
«Энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Бас, Унга улар ила дуо қилинг» (Аъроф сураси, 180-оят).
Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Мўминмусулмон банда Аллоҳга дуо қилганида ўша гўзал исмлар ила дуо қилмоғи лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни ёд олса, жаннатга киради. Албатта, Аллоҳ тоқдир ва тоқни яхши кўради», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Аллоҳ тоқ бўлгани ва тоқни яхши кўргани учун ҳам Унинг гўзал исмлари тўқсон тўққизта бўлган. Ким ўша тўқсон тўққиз исмни ёд олса, жаннатга киради. Чунки бу гўзал исмларни ёд олган киши Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини доимо зикр қилиб юрадиган банда бўлади.
Аммо бундан Аллоҳ таолонинг фақат тўқсон тўққизта исми бор, деган хулоса келиб чиқмаслиги керак. Албатта, Аллоҳ таолонинг исмлари ниҳоятда кўп.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни тўлиқ билиб олса, жаннатга киради. У Ундан ўзга илоҳу маъбуд йўқ Аллоҳдир. Роҳмаан, Роҳийм, Маалик, Қуддуус, Салаам, Муъмин, Муҳаймин, Азийз, Жаббаар, Мутакаббир, Хоолиқ, Баариъ, Мусоввир, Ғоффаар, Қоҳҳаар, Ваҳҳааб, Роззаақ, Фаттааҳ, Алийм, Қообиз, Баасит, Хоофиз, Роофиъ, Муъизз, Музилл, Самийъ, Басийр, Ҳакам, Адл, Латийф, Хобийр, Ҳалийм, Азийм, Ғофуур, Шакуур, Алий, Кабийр, Ҳафийз, Муқийт, Ҳасийб, Жалийл, Карийм, Роқийб, Мужийб, Ваасиъ, Ҳакийм, Вадууд, Мажийд, Бааъис, Шаҳийд, Ҳаққ, Вакийл, Қовий, Матийн, Валий, Ҳамийд, Муҳсий, Мубдиъ, Муъийд, Муҳъйи, Мумийт, Ҳайй, Қойюм, Ваажид, Маажид, Вааҳид, Сомад, Қоодир, Муқтадир, Муқоддим, Муъаххир, Аввал, Аахир, Зооҳир, Баатин, Ваалий, Мутаъаалий, Барр, Таввааб, Мунтақим, Афувв, Роъууф, Мааликул Мулк, Зул Жалаали вал Икроом, Муқсит, Жаамиъ, Ғоний, Муғний, Мааниъ, Зоорр, Наафиъ, Нуур, Ҳаадий, Бадийъ, Баақий, Ваарис, Рошийд ва Собуур», дедилар».
Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилганлар.
1. Аллоҳ – У Аллоҳ шундай бир Зотки, ундан бошқа ибодат қилинадиган илоҳ йўқдир.
2. Роҳмаан – дунёдаги барча мавжудотга, шаклу шамойилига қараб эҳсону икром кўрсатувчи, уларга марҳамат этувчи, ўта меҳрибон Зот.
3. Роҳийм – охиратда ёлғиз мўминларнинг даражаларига кўра иззату икром кўрсатувчи, ўта марҳаматли Зот.
4. Маалик – мулкию салтанати, хазинаси чексиз бўлган подшоҳ. Коиноту ҳар нарсанинг ёлғиз Ҳукмдори.
5. Қуддуус – турли нуқсон ва камчиликлардан пок Зот.
6. Салаам – У бутун нуқсон сифатлардан саломатдир.
7. Муъмин – кўнгилларга иймон ато этувчи, Унга қуллик қилганларга омонлик берувчи, уларни Ўз ҳимоясига олувчи.
8. Муҳаймин – Ўзи истаган ҳар нарсани эгаллаб олувчи, ҳаддан зиёд кузатувчидир.
9. Азийз – ҳар доим ғолиб бўлувчи, ҳақиқий иззату қудрат соҳиби.
10. Жаббаар – қулларининг ҳолини кузатувчи.
11. Мутакаббир – танҳо кибриё эгаси, катталик Унга хос.
12. Хоолиқ – оламдаги ҳар бир нарсани Ўз хоҳиши билан яратувчи, бор қилувчи.
13. Баариъ – яратган ҳар бир нарсасини бир-бирига мос қилиб яратувчи, махлуқотни айбсиз яратувчи.
14. Мусоввир – махлуқотларига Ўзи истаган шаклни берувчи.
15. Ғоффаар – гуноҳкор қулларининг айбларини, гуноҳларини ёпиб турувчи, афв этувчи, афвни севувчи марҳаматли Зот.
16. Қоҳҳаар – истаган ҳар нарсасини бўйсундирувчи, ҳар вақт ғолиб бўлувчи Зот.
17. Ваҳҳааб – беҳисоб неъматларини беминнат берувчи, марҳаматлиларнинг энг марҳаматлиси.
18. Роззаақ – бутун махлуқотларининг ризқини берувчи. Биров бировнинг ризқини еёлмас.
19. Фаттааҳ – ҳар қандай мушкулларни енгил қилиб, раҳмат хазиналарини очувчи меҳрибон Зот.
20. Алийм – ҳар нарсани билувчи, қудратли ҳикмат, илм Соҳиби.
21. Қообиз – ажали келганларнинг руҳини олувчи.
22. Баасит – истаган махлуқига руҳ ва ҳаёт берувчи.
23. Хоофиз – Унга қуллик қилишдан бош тортганларнинг даражаларини пастлатувчи.
24. Роофиъ – Унинг амрини бажарган, Унга қуллик қилганларнинг мартабасини кўтарувчи.
25. Муъизз – истаган қулини азиз қилувчи. Иззат ва шараф ато этувчи.
26. Музилл – истаган бандасини хор қилувчи.
27. Самийъ – ҳар нарсани эшитувчи, ҳаттоки дилдан ўтган туйғуларни ҳам эшитувчи.
28. Басийр – махфий ва ошкора нарсаларни кўрувчи.
29. Ҳакам – қатъий ҳукм қилувчи.
30. Адл – ўта адолатли Зот.
31. Латийф – бандаларига сездирмай, Ўз лутфу эҳсонини етказиб берувчи Зот.
32. Хобийр – ҳамма махфий, ошкора ишларни билувчи.
33. Ҳалийм – жазолашга шошмайдиган, яхшилик қилишни, қулларини севинтиришни хуш кўрувчи Зот.
34. Азийм – буюклигини фақат Ўзи билади. Инсоннинг ақли Унинг Зотини билишдан ожиздир.
35. Ғафуур – гуноҳкор қулларининг гуноҳларини кечирувчи Зот.
36. Шакуур – кичик амалга буюк даража ва савоб берувчи Зот.
37. Алий – улуғ мартабали Зот. Унинг буюклигини англашда халқ ожиздир.
Мартабаси олийликда бениҳоя.
38. Кабийр – ҳар соҳада юқори турувчи, аввалию охири йўқ – вужудул вужуддир.
39. Ҳафийз – Ўз паноҳида асровчи, муҳофаза қилувчи.
40. Муқийт – моддий ва маънавий ризқлар яратиб, ҳар томонлама таъминловчи Зот.
41. Ҳасийб – ҳар бир ишни Ўзи ҳисоб қилувчи. Ҳисобни яхши билувчи.
42. Жалийл – барча сифатлари камчиликсиз, нуқсонсиз, мукаммал бўлган улуғ Зот.
43. Карийм – карами кенг, саховатли, кечиримли Зот. Бандаларига талабсиз, сабабсиз икрому эҳсон этувчи.
44. Роқийб – барча нарсани муҳофаза қилиб турувчи, кузатувчи.
45. Мужийб – дуоларни эшитиб, қабул қилувчи.
46. Ваасиъ – мулки, марҳамати, қудрати чексиз Зот. Илми ҳар нарсани қамраб олувчи.
47. Ҳакийм – қудрату ҳикмат соҳиби, нафис ва нозик илмларни билувчи.
48. Вадууд – муҳаббатга лойиқ дўст, маҳбуб, бандаларини севувчи, Ўзи ҳам севилувчи, уларга гўзал муомала қилувчи, зиёда марҳамат кўрсатувчи Зот.
49. Мажийд – неъмати ва эҳсони чексиз Зот.
50. Бааъис – ўликларни тирилтириб, қабрдан чиқарувчи.
51. Шаҳийд – осмону ердаги нарсани билиб-кўриб турувчи гувоҳ
52. Ҳаққ – ҳақиқатан мавжуд Зот. Ҳеч ўзгармай турувчи, Аллоҳнинг борлиги, бирлиги ҳақдир. У ўзгармасдир.
53. Вакийл – бандаларига вакил бўлган, уларнинг ишларини битирувчи ва лозим бўлганини яратувчи, ҳар соҳада кифоя қилувчи Зот.
54. Қовий – жуда кучли, Унинг қувватига ҳеч кимнинг қуввати тенг кела олмайди. Биз ибодат қилишимиз учун кучу қувватни берган, фақатгина Аллоҳдир.
55. Матийн – қувватли, матонатли, жуда соғлом.
56. Валий – бандаларига ёрдам берувчи, мўминларни севувчи, уларни ҳимоя қилувчи.
57. Ҳамийд – ҳамду сано, мақтовга лойиқ бўлган ягона Зот.
58. Муҳсий – зарралардан қурраларгача, ҳар нарсанинг ҳисобини олган Зот.
59. Мубдиъ – йўқдан бор қилувчи буюк Зот.
60. Муъийд – барча яратган нарсаларини ўлдиришга, ўлгандан сўнг тирилтиришга қодир Зот.
61. Муҳйи – махлуқотларига ҳаёт берувчи, тирилтирувчи.
62. Мумийт – ўлдирувчи, ўлимни яратувчи, ажал шарбатини ичирувчи, истаган ерда истаган вақтда истаганининг жонини олувчи Зот.
63. Ҳайй – ҳамиша тирик, ҳар кимга кучи етувчи.
64. Қойюм – борлиқни ва ундаги барча нарсани турғизган, кузатувчи, ҳеч кимсага эҳтиёжи бўлмаган Зот.
65. Ваажид – истаган ҳар бир нарсасини топа олади. Унинг учун ҳеч қандай қийинчилик йўқ.
66. Маажид – сахий, ўта карамли саховат соҳиби. Мўмин қуллари учун тайёрлаган неъматларининг таърифи йўқ
67. Вааҳид – шериги бўлмаган, ягона Зот. Ибодатга лойиқ, яккаю ягона Зот. Ундан бошқа илоҳ йўқ.
68. Сомад – бутун махлуқотларнинг ишини битирувчи, ҳожатбарор, беҳожат Зот.
69. Қоодир – истаганини истаганича қилувчи, ҳар нарсага қодир, чексиз қудрат соҳиби.
70. Муқтадир – машаққатсиз яратувчи, чексиз қудрат соҳиби.
71. Муқоддим – истаган қулини Ўзига яқин қилувчи.
72. Муаххир – истаган қулини Ўзидан узоқ қилувчи.
73. Аввал – борлигининг аввали йўқдир.
74. Аахир – борлигининг охири йўқдир. Боқий Зот.
75. Зооҳир – борлиги, мавжудлиги, яккаю ёлғизлиги, ҳар нарсага қодирлиги саноқсиз далиллар билан ошкорадир.
76. Баатин – Ўзи мавжуд, яқин сезги воситаларимиздан махфий Зот.
77. Ваалий – бутун махлуқот ишларини идора этувчи.
78. Мутаъаалий – нуқсонлардан юқори турувчи Зот.
79. Барр – қулларига яхшилиги ва эҳсони чексиз Зот.
80. Таввааб – тавбаларни қабул қилувчи, гуноҳларни кечирувчи.
81. Мунтақим – гуноҳкорлардан илоҳий адолати билан ўч олувчи.
82. Афувв – гуноҳларни афв этувчи.
83. Роъууф – ўта марҳаматли, меҳрибон Зот.
84. Мааликул Мулк – коинотдаги барча мол-мулкнинг танҳо, абадий соҳиби.
85. Зул Жалаали вал Икроом – ҳақиқий шараф соҳиби, қулларига икром эҳсони чексиз Зот.
86. Муқсит – қилаётган ҳар бир ишини адолат билан амалга оширадиган.
87. Жаамиъ – истаган ҳар нарсани бир ерга жамловчи.
88. Ғоний – жуда бадавлат, ҳеч кимга муҳтож бўлмаган.
89. Муғний – истаганини бой қилувчи Зот.
90. Мааниъ – истамаган нарсаси бўлишига моне бўлувчи.
91. Зоорр – зиёнли нарсаларни яратувчи, истаган қулига мусибатлар берувчи.
92. Наафиъ – хайрли, фойдали нарсаларни яратувчи.
93. Нуур – борлиқни нурлантирувчи, истаганининг қалбига нур киритувчи.
94. Ҳаадий – ҳидоят йўлини кўрсатувчи.
95. Бадийъ – ихтиро қилувчи, мислсиз нарсаларни яратувчи.
96. Баақий – борлигининг охири бўлмаган.
97. Ваарис – Ўзи яратган борлиқни мерос қилиб олувчи, мулкнинг ҳақиқий соҳиби.
98. Рошийд – далилларга муҳтож бўлмаган Зот.
99. Собуур – гуноҳкор қулларига жазо беришга шошилмайдиган Зот.
* * *
СЎЗ ОХИРИДА
Аллоҳга банда томонидан қилинадиган дуо, ибодат луғатда бир хил маънони билдиради. Дуо ва ибодат хоҳ сўздан иборат бўлсин, хоҳ амалдан, банда томонидан Аллоҳ таолонинг розилигини излашдир, иймон ила У Зотнинг розилигини сўрашдир.
Дуо ва ибодат банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида ўзининг ҳожатманд эканини эътироф этишидир. Ўзининг ночорлигию ожизлигини тан олишидир. Бу ишни фақат иймони борларгина, қалб кўзлари очиқларгина, ўзининг кимлигини англаб етганларгина, инсоф қилганларгина, қалбида Аллоҳга нисбатан кибру ҳаво бўлмаганларгина қиладилар. Буни бандага Аллоҳнинг Ўзи буюргандир.
Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман.
(Ғофир сураси, 60-оят).
«Менга дуо қилинг, қабул этаман, менга илтижо қилиб, ҳожатингизни сўранг, сўраганингизни бераман», – дейди Аллоҳ таоло.
Ожизлигини, ҳожатмандлигини эътироф этиб, дуони қабул қилувчи Зотнинг жалолига муносиб одоб-ахлоқ билан сўраш банданинг иши. Қолгани эса Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Мен ижобат ташвишини чекмайман, мен дуо ташвишини қиламан. Менга дуо қилиш илҳом этилса, ижобат ҳам қилинади», – дер эканлар. Ҳа, Аллоҳ Ўзига иймон билан дуо қилган ларнинг дуосини ижобат этади, ибодатларини қабул қилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Банданинг Роббисига энг яқин пайти у сажда қилганидадир. Бас, дуони кўпайтиринглар», дедилар».
Намоз банданинг ўз Роббиси билан яккамаякка муножотидир.
Намоз мўминнинг меърожидир, у банданинг Аллоҳнинг ҳузурида ўзини энг хор ва энг паст тутган ҳолидир.
Сажда эса намознинг бандалик энг равшан намоён бўлиб, хорлик ва зорлик зоҳир бўладиган жойидир. Банданинг зорлиги қанчалар ошса, Аллоҳга шунчалар яқинлашади. Шунинг учун ҳам банда саждада Роббисига энг яқин ҳолда бўлади. Роббисига яқин турганда сўрагани қабул бўлиши шундан. Шунинг учун ҳам саждада кўпроқ дуо қилиш керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Рукуъ ёки сажда қилган пайтимда Қуръон ўқишдан қайтарилдим. Рукуъда Роббни улуғланг, саждада эса дуони кўпайтиринг, бу вақт дуолар ижобат бўлишига яқин вақтдир» (Муслим ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саждаларида «Аллоҳуммағфирли занби куллаҳу, диққаҳу ва жиллаҳу ва аввалаҳу ва ахироҳу ва аланиятаҳу ва сирроҳу», дер эдилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Маъноси: «Аллоҳим, гуноҳимнинг кичигини ҳам, каттасини ҳам, аввалини ҳам, охирини ҳам, ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам мағфират қилгин».
Яратган Роббимга ҳамдлар айтаман. Дуо қилишдек улкан ибодатни Яратганнинг Ўзи ва Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўргатди. Ҳар сафар дуога қўл очар эканман, аввало шукроналар айтаман. Бу дуоларни бизга улуғ неъмат қилиб берган Роббимга шукроналар айтаман. Расулимизга дуруду салавотлар айтаман. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда кўп дуо қилишга амр қилган. Дуо ибодатнинг мағзидир. Бу дуоларни Аллоҳ таолодан ажру савоб умидида тўпладим. У Роббимнинг бизга берган фазлидир. Хатоларимни Ғофуру Роҳийм Зотнинг Ўзи кечирсин. Бу дуоларни ўқиганлардан умидим шуки, менинг ҳаққимга ҳам дуо қилсалар. Роббимнинг жамолига Ўзи етказсин. Бу дунёда энг ширин нарса – илм билан амал, охиратдаги энг ширин нарса – жаннату Ўзининг жамолидир. Буни ҳаммамизга насиб қилсин. Устозим Сирожиддин домла менга: «Дуоларда ёд этинг, руҳимизни шод этинг», дер эдилар. Бу дуоларнинг ажру савобидан устозим Сирожиддин домлани, отам Сулаймон қорини, онам Робияхон аяни ҳам Ўзи баҳраманд қилсин. Роббим биздан кейин ҳам бизнинг ҳаққимизга дуо қиладиган зурриётларни берсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин. Бизнинг номимиздан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни у зоти бобаракотнинг ўзларига муносиб мукофот билан мукофотлагин!
«Роббим, мени Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва Сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муваффақ этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларинг сафига киргизгин».
Ожиз бандалардан умидвор бўлманг,
Сўранг саховати чекланмас Зотдан.
Аллоҳ ғазаб қилур сўрамай қўйсак,
Инсонлар дарғазаб илтимос қилсак!
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.