Электронная библиотека » Одил Ёқубов » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "СЎЗ"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Одил Ёқубов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Мулойим инсон, ювош раҳбар

Ҳақиқатан ҳам Шароф ака одамлар билан муомалада ниҳоятда юмшоқ, маданиятли, мулойим инсон эдилар. Лекин мен у кишини бирор ишдан жаҳли чиққанида қаҳр отига миниб, уни аёвсиз қамчилаган дақиқаларининг ҳам гувоҳи бўлганман.

1958 йилнинг ёз ойлари. Мен Ёзувчилар уюшмасида, чамаси Ҳамза театрида уст-устига бир нечта асарим қўйилгани учун бўлса керак, – драматургия бўйича маслаҳатчиман. Уюшмамизга 50-йилларнинг ўртасида «Юрак сирлари» деган пьеса ёзиб, анча шов-шув ва жанжалларга сабаб бўлган Баҳром Раҳмонов раис этиб тайинланган. Марҳум Баҳром ака – қаранг, у киши ҳам раҳматли бўлиб кетдилар, ётган тупроғи юмшоқ бўлғай – ниҳоятда оқкўнгил, пок, дилбар инсон эдилар. Бир кун мени чақириб қолдилар.

– Сизга жуда масъул бир иш чиқиб қолди, Одилжон, – дедилар. – Шу йил кузда Иттифоқ Марказий Комитетининг қарори билан Тошкентда Осиё ва Африка ёзувчиларининг конференцияси ўтади. (Буни қарангки, ўшанда, ҳатто Осиё ва Африка ёзувчиларининг конференциясини ҳам Москва ўтказарди.) Ҳозир конференцияга тайёргарлик қўмитаси тузиляпти. Яқин кунларда Тошкентга Московдан катта ёзувчилар келишади. Хорижлик адиблар ҳам бўлишади. Қўмита раиси этиб Шароф Рашидов тайинланган. Маслаҳат билан сиз шу масъул ишда Шароф акага ёрдамчи бўладиган бўлдингиз.

Мен, табиий, шошиб қолдим, чунки Шароф ака ўша маҳалда Ўзбекистон Олий Советининг раиси эдилар. Боз устига, Москва ва ҳатто хориждан машҳур ёзувчилар келишса, мен улар билан ишласам. Осон гапми?

Баҳром ака дилимдаги туғённи илғаб олдилар шекилли:

– Сиз довдираманг, Одилжон. Бу иш сиз учун жуда катта мактаб бўлади, – дедилар-да, уст-бошимга разм солиб.

– Пулдан борми? – деб сўрадилар кулимсираб.– Ҳамза театрида битта эмас, бир нечта асарингиз қўйилди. Пул деган «Сен же, мен же бўлса керак».

Мен ҳам кулдим.

– Ҳа, уйда пул деган сандиқларга сиғмай гиламда сочилиб ётибди, Баҳром ака.

– Балли. Бўлмаса ўша юз сўмликлардан бир дастасини олиб, ЦУМга боринг. Мана бу костюмингизни бирорта камбағалнинг елкасига ёпингда, янги костюм олинг. Оёғингиздаги туфлини ҳам янгиланг. Соч-соқол ҳам ёввойи тиканлардай ғовлаб кетибди. Сартарошхонага кириб, фарм қилиб тарашлатинг-да, эрталаб соат ўнда ҳузурларида бўлинг. Қолган гапни Шароф акадан эшитасиз.

Гапнинг қисқаси эртасига уст-бошни янгилаб, соч-соқолни тарашлатиб, Шароф аканинг қабулхонасида ҳозиру нозир бўлдим.

Мен ўшангача Шароф акани узоқдан ҳар хил йиғинларда, мажлисларда кўриб юрардим. Келишган, кўркам одамлигини билардим. Яқиндан кўрсам, янада кўркам, янада хушсурат, хушмуомала инсон эканлар.

Шароф ака ижодим, оилам ҳақида бир-иккита савол бериб, кўнглимдаги ҳаяжонга барҳам бердилар-да, мақсадга ўтдилар. Менинг асосий вазифам конференцияни тайёрлаш қўмитасига хизмат қилиш, қўмита аъзоларини кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, муттасил ўтадиган мажлисларни ташкил этиш, олиймақом меҳмонларни ўзбек халқининг ҳаёти билан таништириш, хуллас калом бир дунё иш экан.

– Лекин сиз бундан ташвиш тортманг, – дедилар Шароф ака. – Сизга жуда кўп идоралар, Ёзувчилар уюшмаси, маданият вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ёрдам беришади. Бу – катта аҳамиятга молик тадбир. Ҳаммани сафарбар қиламиз. Ҳозирча сизга Охунбобоев кўчасидаги чиройли бинодан икки хона ва конференц-зал ажратиб берилади. Менинг котибаларим ихтиёрингизда бўлади. Ёрдамчим ҳам сизга кўмаклашади.

Ўша куниёқ Шароф ака айтган бинодан икки хона беришди. Қоғоз, қалам, машинка (машинисткаси билан), хуллас, бир-икки кундаёқ ҳамма нарса муҳайё бўлди. Сал ўтмай қўмита аъзолари ҳам кела бошлади. Уларни аксарияти Москвадан эди. Улар орасида машҳур шоир К.Симонов, «Хориж адабиёти» журналининг бош муҳаррири А.Чайковский, «Огонёк» журналининг бош муҳаррири А.Сафронов, Ёзувчилар уюшмасининг чет эллар билан алоқа қилувчи комиссиясининг масъул ходими К.Чугунов ва ниҳоят бир гуруҳ таржимонлар, котиб ва котибалар бор эди (эътибор беринг: Осиё ва Африка ёзувчиларининг йиғини бўлмоқчи-ю, бу йиғин мутасаддиларининг кўпчилиги Москва адиблари эди). Рост, сал ўтмай уларга Мухтор Авезов, ўша маҳалда энди ном чиқариб, шуҳрат дулдулида парвоз қила бошлаган Расул Ҳамзатов, улардан кейин Хитой, Индонезия, Мўғулистон ва Кичик Осиё адиблари келиб қўшилишди.

Қўмитанинг биринчи мажлиси Шароф ака раислигида, телевидение, матбуот, бир қанча вазирлар иштирокида жуда катта тантана ва «ура, ура» кайфиятида ўтди. Кўп мамлакатларга махсус вакиллар юбориладиган бўлди, таклифномаларни топшириб, ишни пишириб келиш ҳам ўша вакиллар зиммасига юклатилди.

Шароф ака жуда банд бўлганлари учун қолган мажлисларни ё Симонов, ё Чайковский, аксар ҳолларда эса Сафронов ўтказарди. Сафронов ўртачагина шоир ва драматург эди. Аммо лаганбардорликни жуда жойига қўярди. Шароф ака ҳам ожиз банда эмасми, унинг сохта ҳамду саноларига ишонар ва кўп ишларни унга топширарди.

Қўмитанинг иш куни ҳам ғалати эди. Ҳар куни соат ўн иккиларда йиғилиб, бир соатгина гаплашиб олинарди-ю, кейин маишатларга ўтиб, сайилга чиқиларди.

Билмадим, ўша даврдаги раҳбарлардан ҳозир ҳаётлари бормикан, йўқмикан, аммо ҳаёт бўлсалар бизнинг бу сайилларимиздан зада бўлиб кетганларини эслашсалар керак.

Айниқса, Тошкент вилояти атрофидаги қишлоқ ҳокимларига қийин бўлганди. Чунки ҳар куни бирор колхоз ё совхоз қўмита аъзолари учун зиёфат қилиш ҳақида топшириқ оларди. Аммо бу зиёфатларга фақат қўмита аъзоларигина эмас, радио, телевидение, матбуот ходимлари, қисқаси камида 30–40 киши бўлиб бориларди. Шўрлик раислар энг кўркам боғлари, дарё ва анҳор бўйларидаги энг сўлим жойлардаги шийпонларига дастурхон ёзишар, бўрдоқи қўйлар сўйишар, олий нав ичимликлар дарё бўлиб оқар, қулинг ўргилсин тандир сомсалару қобулий шўрва; шўрва ортидан жизиллаб турган жигар кабоблар, кабоблардан кейин девзира гуручдан дамланган бир гўшту бир гуручли паловлар тортиларди. Ўша маҳалнинг «Победа» машинасига сиғмай махсус «Газик» машинасида борадиган филдан ҳам йўғон Сафронов шойи кўрпачаларда ёнбошлаб ётиб, арман коньяги кетидан 20–30 та жигар кабобу бир лаган ошни паққос тушириб олгач, ўрис мужиклар нақадар қашшоғу ўзбек деҳқонлари нақадар бадавлат яшашлари ҳақида жиғибийрон бўлиб вайсарди.

Худонинг куни шу аҳвол: бир соат мажлису қолган вақт маишат. Кунлардан бир куни мени Шароф ака чақириб қолдилар.

– Эртага меҳмонларни Самарқандга обориб келасиз. Йўл-йўлакай туман раҳбарлари ва колхоз раислари кутиб олишади, меҳмон қилишади. Самарқандда эса обком боғида бўласизлар. Ҳамма кўрсатмалар берилган. Шу бугун Совмин сизнинг ихтиёрингизга тўртта «Победа» ажратиб беради. Бугун кечқурун машиналарни ихтиёрингизга топширишади. Эрталаб соат олтида йўлга чиқасизлар. Менга савол борми?

Ёдимга Сафронов тушди-ю, чайналиб қолдим.

– «Победа»дан бошқа машина ҳам бўладими, Шароф ака.

– «Победа» ёмонми? – деди Шароф ака.

– «Победа» яхшию, бироқ… Сафроновни нима қиламиз?

– Сафроновга нима бўлди? – деди Шароф ака.

– Сафронов «Победа»га сиғмайди-ку, Шароф ака.

Шароф ака «Ҳаа…» деб бир кулиб қўйдиларда, зум ўйланиб тургач:

– Сиз менинг номимдан: «Ўзбекбирлашув»нинг раисига телефон қилинг, – дедилар. – Унинг янги «Зим»и бор. Айтингки, Шароф ака илтимос қилдилар, «Зим»ингизни икки кунга бериб турар экансиз, денг.

Мен Шароф ака айтган раҳбарни билар, у жуда хушмуомала, ширинсухан одам эди (у киши ҳозир ҳам ҳаётлар, шу боисдан исм-шарифларини айтишни лозим кўрмадим). Лекин у киши бу сафар негадир гапимни охиригача эшитишни ҳам истамай, сўзимни шартта бўлдилар:

– «Зим» ўзимга керак, уни беролмайман. Нима қилиш керак? Кеч бўляпти, вақт зиқ. Ноилож яна Шароф аканинг олдига кириб, воқеани гапириб бердим. Шароф ака сал ранги ўчиб:

– Менинг номимдан илтимос қилдингизми? – деб сўрадилар.

– Ҳа, сизнинг номингиздан гапирдим.

Шароф ака асабий вазиятда стол тагидаги тугмачани босдилар. Дарҳол ёрдамчиси кириб келди.

– Мени шаҳар милициясининг навбатчиси билан уланг. – Ёрдамчи чиқиб кетди-ю, зум ўтмай қайтиб кирди.

– Телефонда шаҳар милициясининг навбатчиси.

Шароф ака трубкани олдилар. Навбатчи ўзини таништирди, шекилли, Шароф ака:

– Ўртоқ майор, – дедилар, овозлари титраб. – Сиз билан Рашидов гаплашяпти. Дарҳол «Ўзбекбирлашув»га боринг. Раиснинг «Зим» машинаси бор. Уни мусодара қилинг, (русчасига немедленно арестуйте), – дедилар. Агар идорасида бўлмаса, уйига бориб, машинасини мусодара қилинг-да, Охунбобоев кўчасидаги биринчи бинога олиб бориб, ўртоқ Ёқубовга топширинг. Кейин ўша ердан туриб, буйруғимни бажарганингиз ҳақида рапорт беринг.

Шароф ака титроқ қўллари билан трубкани жойига қўйдиларда, менга юзландилар:

– Идорангизга бораверинг. Бир гап бўлса, менга телефон қилинг. Довдирамай, одамлар билан қаттиқроқ гаплашишни ўрганинг. Боринг.

Ана сизга юмшоқ раҳбар. Мен раҳматли Шароф аканинг кези келганда жуда кескин, ҳатто дарғазаб ҳолатга тушишларини кейинчалик ҳам кўп кўрганман. Лекин бу ҳақда бошқа эсдаликларимда гапириб бераман. Ҳозир эса фақат шуни айтишни истардим. Ўшанда барча қийинчиликларга қарамасдан конференция яхши ўтди ва адабий жамоатчиликнинг ижобий баҳосини олди.

1998 йил
ЎЛМАС ЎЛМАСДИР…

Тақдир тақозоси шундай бўлдики, камина Ўлмас Умарбеков билан бирга Тошкент давлат университетининг филология факультетида беш йил бирга ўқидик. Фақат у университетнинг журналистика бўлимида, камина эса тил ва адабиёт йўналишида сабоқ олдик.

Табиат Ўлмасбек туғилишидаёқ унга катта сахийлик қилган, у нафақат ақл-заковатли, балки ташқи қиёфаси билан ҳам том маънода кўркам йигит эди. Биз ҳар йили, ўқиш бошлангандан кейин бир-икки ҳафта ўтар-ўтмасданоқ пахта теришга сафарбар қилинардик. Ўлмас беш йил давомида ҳамиша бригадирлик қилган, камина эса ортида. Одатда, бир-икки ҳафтага мўлжалланган бу терим аксар ҳолларда декабргача чўзилиб кетарди.

Ҳатто қор ёққанда ҳам бу оғир ишдан қайтолмас эдик, терим давом этар эди. Шунда отлар бўйнига арқон боғлаб, пахтазорга ҳайдалар, отларга боғланган арқонлар ғўзаларни силкитиб, пахтани ғўзалардан тўкиб борар, биз студентлар эса тўкилган пахтани териб олар эдик… Шунда Ўлмас бири йиғлаган, бири совуқ еб касал бўлган қизларни юпатиб, баъзиларига, ҳатто доктордан рухсат олиб бериб, қўлидан келганча яхшилик қиларди. Беш йил давомида Ўлмаснинг бирор студентни ранжитганини билмайман.

Икковимиз ҳам ўша маҳалда ижод қила бошлаган эдик. Менинг биринчи қиссам ва ҳикояларим чоп этилган, Ўлмас эса илк ҳикояларини ёза бошлаган эди. Табиий, Ўлмас баъзан бу ҳикояларни каминага кўрсатиб: – Сиз мендан бир-икки кўйлак олдин тўздиргансиз, бир нарса ёзган эдим, кўриб беринг, – деб илтимос қилиб қоларди. Хуллас, у университетни тугатмасданоқ журналистлар ва ёзувчилар ўртасида танила бошлади. Университетни тугатганда эса анча кўзга кўриниб қолган ёзувчи ва журналист эди…

У олдин радиода ишлади. Бу ерда ҳам ўзини ниҳоятда камтарин тутиб, радио ва телевидениенинг бир неча минг ходимлари орасида катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлди. Тез орада у ёзувчи сифатида ҳам эл эътиборини, китобхон ҳурматини қозонди. Радиодан кейин Маданият вазирлигига ўтди. У ерда ҳам адабиёт ва санъат аҳли орасида пок инсон ва етук арбоб сифатида танилди. Бу пайтга келганда Ўлмас нафақат адиб сифатида, балки давлат арбоби сифатида ҳам яхши обрў қозониб, Министрлар Совети раисининг маданият соҳасидаги муовини даражасига кўтарилди.

Мен Ўлмас Умарбеков ҳақида баъзан: «Ким билсин, агар Ўлмас қаерга бормасин, бутун вужуди, ақл-идроки ва истеъдодига хос бир эҳтирос билан берилиб ишлаб, бунинг устига ижод қилиб, ўз соғлиғига кўп ҳам қарамай юрмаса, унга бало бўлиб ёпишган касалга мубтало бўлмасмиди?» деб ўйлаб қоламан.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари эди. У маҳалда мен Ёзувчилар уюшмасининг раиси эдим. Ўшанда бир гуруҳ ёзувчилар Маккаи Мадинага борадиган бўлиб қолдик. Делегация таркибида каминадан ташқари адиблардан Шукрулло, Рамз Бобожон ва Жамол Камоллар ҳам бор эди. Муқаддас шаҳарга виза олиш учун аввал Москвага, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиш лозим эди. Биз Москвага бордик ва элчихонамиз меҳмонхонасига жойлашдик. Кечқурун узоқ сафарга тайёргарлик кўраётган эдик, бир маҳал бизнинг хонамизга Ўлмас Умарбеков келиб қолди. У ёлғиз эмас, ёнида синглиси ҳам бор эди. Раҳматли Ўлмас ва унинг синглиси бизнинг хонамиз орқали ўтадиган қўшни хонада туришар экан. (Кейин билсам, раҳматли Кремль касалхонасига ётиш учун келган экан.) Сингил ичкарига кириб кетди.

Ўлмас биз билан гаплашиб ўтирди. Бир маҳал телевизор Хитой раҳбари Мао Цзе Дуннинг рафиқаси саратон касалига мубтало бўлиб оламдан ўтгани ҳақида хабар берди. У хотин Цзе Дунга қарши чиқаётган бир гуруҳ давлат арбоб лари билан бирга Хитой президентини тахтдан ағдариш ниятида катта махфий гуруҳ тузган экан. Бу гуруҳга қўшилиб махфий иш олиб бораётган жойда қўлга тушган, лекин ҳали айтганимиздек, саратон касалига мубтало бўлиб, оламдан ўтган экан…

Биз жуда ноқулай аҳволда қолдик. Раҳматли Ўлмас таъсирчан бўлгани учун ҳам, ўлим ҳақидаги гапдан рангида ранг йўқ, аста ўрнидан турди-да, бизга оқ йўл тилаб, ўз хонасига кириб кетди.

Биз Маккани ва Пайғамбаримиз изларини ҳамон асраб келаётган Мадинани зиёрат қилиб қайтдик. Кўп ўтмай ажойиб инсон, улкан маданият арбоби, укамиз Ўлмас Умарбеков оламдан ўтди… Биз учун биттагина тасалли ундан қолган асарлар: ҳикоялар, қиссалар, романлар ва пьесалар.

«Қабрингда тинч ёт, қадрли дўстим ва укам Ўлмасбек!»


P.S. Яқинда умр йўлдошим Марямхон поликлиникада Ўлмаснинг рафиқаси Зуҳрахон билан учрашиб қолган экан, у ва қизи Умидахон ёзувчи чироғини ёқиб тинч юришганини эшитиб, кўнглим таскин топди. Худо укамиз Ўлмасга бермаган умрни буларга берсин…

ЎЗЛАРИ ҲАМ, СЎЗЛАРИ ҲАМ ДИЛБАР АДИБ

Эллигинчи йилларнинг ўрталари, шафқат нималигини билмаган Сталин вафотидан кейин об-ҳаво сал юмшаган, ноҳақ қамалган зиёлилар энди-энди мудҳиш зиндонлардан ўз юрти, ўз оилаларига қайта бошлаган қутлуғ давр. Камина устоз Абдулла Қаҳҳор маслаҳати билан Ўрта Осиё давлат (ҳозирги Миллий) университетининг охирги курсини ташлаб, ёзувчилар уюшмасига ишга кирганман. Кунлардан бирида атоқли адиб Абдулла ака хонасига чақириб:

– Эртага уюшмага Шуҳрат деган шоир келади. У икки катта папка кўтариб келади. Бу унинг қамоқда ёзган романи қўлёзмаси. Сен уларни олиб қолиб, хоҳла уйингда, хоҳла бу ерда диққат билан ўқиб чиқиб, менга фикрингни айтасан. Сени ишга олишда отанг тўғрисида оғир бир гапни айтиб бергандинг. Отамлар ўттизинчи йилларнинг бошида САКУни битириб, 37-йили Чимкентда, райкомнинг биринчи котиби бўлиб ишлаганларида қамалиб, Сибирь ўрмонларида дарахт кесиб юрган пайтда оғир дардга чалиниб, ўлиб кетганлар, дегандинг. Бу одам ҳам ана шундай кулфатларни бошидан кечирган инсон. Демоқчиманки, унинг қўлёзмасини қунт билан ўқиб чиқ. Агар асари пичоққа илинадиган бўлса, уни нашр қилишга ёрдам берайлик.

Эртасига Шуҳрат ака устоз Абдулла Қаҳҳор айтганидек, айнан икки папкадан иборат катта қўлёзмани олиб келдилар. Муаллиф баланд бўйли, қорачадан келган хушқад, хушсурат инсон эдилар. Гап-сўзлари ҳам хуш ёқадиган инсон эканлар.

Романлари нашр этилгандан кейин Шуҳрат ака ҳам Ёзувчилар уюшмасига ишга келдилар. Биз бир неча йил бир бино, бир хонада ишладик. Кейин у киши «Шарқ юлдузи» журналига масъул котиб бўлиб ўтдилар ва у ерда ҳам адиблар ҳурматига сазовор бўлдилар. Бир-икки йилда бир нечта шеърий асарлари бирин-кетин чоп этилди.

Шуҳрат аканинг китоблари пештахталарда қолиб кетганини кўрмаганман. Аксинча, у кишининг хоҳ назмда, хоҳ насрда ёзилган китоби чоп этилиши билан қўлма-қўл ўқиларди. Қисқа вақт ичида Шуҳрат ака машҳур ижодкорга айланди.

Бу орада ҳукумат пойтахтнинг Чилонзор туманида қурилган янги уйлардан бирини ёзувчилар ихтиёрига берди. У ерда ҳам бирга яшаб, бирга ишладик. Чилонзорга кўчиб борганлар орасида марҳум Иззат Султон, Озод Шарафиддинов, Ваҳоб Рўзиматов, Сами Абдуқаҳҳор ва бошқа ёзувчилар бор эди. Дам олиш кунлари биз Чилонзор чойхонасига чиқиб, то чарчагунча мириқиб гурунглашиб ўтирардик.

Кейинроқ Шуҳрат ака ҳам, Озод ҳам, камина ҳам участка олиб, уй қуриб, Бодомзор маҳалласига келиб қолдик. Ўша йиллари Шуҳрат ака «Жаннат қидирганлар» романини ёздилар. Романни каминага ҳам ўқишга бердилар. Муҳокама давомида сал қаттиқроқ гапириб юборган эканман, Шуҳрат ака:

– Танқидларинг асоссиз. Роман ҳақида фикр юритишга ёшлик қиласан! – деб койиб бердилар. Лекин бу билан орамиздан ола мушук ўтмади, борди-келдиларимиз тўхтаб қолмади. Ҳурматимиз узилмади.

Шуҳрат ака сўнгги йилларда, ҳатто касалга чалинган чоғларида ҳам қаламни қўлдан ташламадилар. Ўша йиллари у киши «Беш кунлик куёв» деган саҳна асари ёздилар. «Ёш гвардия» театрида қўйилган бу асар Шуҳрат ака ҳаёт вақтидагина эмас, ундан кейин ҳам кўп йиллар саҳнадан тушмади.

Шуҳрат ака адабиётга ҳам, театрга ҳам шуҳрат келтирган асарлар яратди.

Шуҳрат ака серфарзанд, тили ширин, қалби кенг ва доимо яхшиликлар қилиб юрадиган самимий инсон эдилар. Фарзандларининг ҳаммаси яхши инсон бўлиб етишдилар.

Мен нафақат тили, ёзган асарлари ҳам ширин бўлган бу бағрикенг, зеҳни ўткир, ўзи дилбар инсонни ҳозиргача яхши туйғу, яхши сўз билан эслайман.

ХАЛҚОНА ҲИКМАТЛАР ГУЛДАСТАСИ

Тўлепберген Қайипбергенов шахсияти ва ижоди билан яқиндан таниш бир сафдош қаламкаш сифатида, аввало шу гапни комил ишонч билан айта оламанки, Тўлепберген донишманд одам, дилкаш суҳбатдош, мутафаккир ёзувчидир. Бу ёзувчи ҳозирги қорақалпоқ насрининг забардаст намояндасигина эмас, худди Чингиз Айтматов, Абдужамил Нурпеисов, Ўлжас Сулаймонов, Абдулла Орипов ва Бердиназар Худойназаровлар каби қадим Туркистон ва ҳозирги туркий халқлар адабиётининг йирик вакилларидан биридир.

Бунга, дейлик, адибнинг ўзбек китобхонларига яхши таниш «Қорақалпоқ достони» трилогияси, ҳатто мазкур асарнинг номиёқ яққол мисол бўла олади.

Маълумки, умумтуркий адабиётда, агар масалага янада кенгроқ миқёсларда қарасак, муаззам Шарқ адабиётида достончилик жуда узоқ тарихга эгадир. Низомий Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг машҳур достонларини ким билмайди дейсиз! Биргина Фузулийнинг «Лайли ва Мажнун» достони оламга татийди. Булар-ку, ёзма достонлар. «Алпомиш», «Гўрўғли», «Ойсулув», «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам», «Қирққиз» сингари жами юздан ортиқ халқ достонларини айтмайсизми! Худди Навоий «Хамса»си каби бу оғзаки достонларнинг аксарияти ҳам фақатгина ўзбек адабиёти хазинасидаги ганжиналар эмас, балки айни чоғда, умумтуркий адабиётимиздаги ноёб дуру гавҳарлардир.

Жаҳон романчилигида янги бир мактаб яратган даҳо адибимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи ана шу оғзаки ва ёзма достончилик анъаналарига асосланган ҳолда уларни янги бир мазмун билан бойитди. Муаллифнинг ўзи асар муқаддимасида бу ҳолга нозик ишора қилиб ўтади. Асарнинг барча туркий халқлар томонидан ўзгача бир завқ-шавқ ва иштиёқ билан кутиб олинишига сабаблардан бири ҳам, назаримда, ана шу достончилик анъаналари, шарқона достон руҳидир.

Тўлепберген Қайипбергенов эса, XX аср адабиётида илк бор бутун бошли бир халқ номи – «қорақалпоқ» сўзига қўшиб, «достон» сўзини ҳам йирик эпик полотнонинг умумий номига олиб чиқди.

«Қорақалпоқ достони»ни ташкил этувчи учта роман – «Маманбий афсонаси», «Бахтсизлар» ва «Гумроҳлар»нинг ҳар бирини атрофлича таҳлил этишга бу ўринда зарурат йўқ, деб ўйлайман. Мазкур романларнинг номларига диққат қилайлик-а. Худди учта романдан иборат асарнинг «достон» деб аталиши каби, кичик бир афсонанинг бутун бошли романга айлантирилиши, шўро тузуми даврида «Бахтсизлар» ва «Гумроҳлар» деган ном остида романлар ёзилиб, чоп эттирилиши ва ниҳоят, айни шу романлар туркуми – «Қорақалпоқ достони» Ватан мукофоти билан тақдирланиши, назаримда, фавқулодда ибратли ҳодисалар эди.

Хуллас, демоқчи бўлаётган асосий гапим шуки, Тўлепберган Қайипберганов умумтуркий адабиётимизда ғоят бой анъаналарга эга икки улкан жанр– «достон» ва «нома»ни ўзига хос тарзда янгилаб, айтиш мумкинки, уларга барҳаёт нафас бахш этади.

Адабиёт тарихида Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»сию Кайковуснинг «Қобуснома»сидан бошлаб то Муқимийнинг «Саёҳатнома»сига қадар озмунча нома битилмаган. «Нома» деб аталмаса-да, моҳият-эътибори билан нома бўлган асарлар ҳам озмунча эмас. «Номалар – ҳангомалар» иборасиёқ далолат бериб турибдики, бу пурмаъно сўзнинг қамрови «мактуб», «хат», «битик», «арзи ҳол», «шарҳи дил» каби маънолардангина иборат эмас.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, «Қорақалпоқнома» асарининг исми жисмига ғоят муносибдир. Асарда қорақалпоқ халқининг халқ сифатидаги миллий қиёфаси, маънавий олами, аҳвол-руҳияти, урф-одатларини атрофлича очишга нимаики хизмат қилиши мумкин бўлса, барча-барчаси жамланиб, бир чеккадан батафсил ҳикоя-ҳангоманома қилинади. Айни чоғда ёзувчи томонидан роман-эссе ўзига хос мошкичирига айлантириб юборилмайди. Балки асарга жамланган афсона-ривоятлар, ҳикматли гаплар, нақллар, гурунглар, шахсий таржимаи ҳол, кундалик дафтару протоколлардан кўчирмалар, хуллас, бир қарашда арзимасдек туюлувчи майда тафсилотларни ҳам, ташбеҳ ўринли бўлса, баайни ипга тизилган маржонга айлантирилади.

«Қорақалпоқ» деб аталмиш бу ипдаги энг ноёб дуру гавҳарлар, шак-шубҳа йўқки, асарга йиғилган жами юздан ортиқ афсона-ривоятлардир. Уларда қорақалпоқ халқининг келиб чиқиши, тарихий тақдири, миллий ўзига хослиги, маълум маънода бутун туркий халқларга хос бўлган ўта ишонувчанлик, оқкўнгиллик, меҳнаткашлик каби фазилатларию тарқоқлик, маҳаллийчилик, уруғчилик каби иллатлари, худди қатрада қуёш акс этгандек, аён кўриниб турибди.

Мисол тариқасида Оролнинг сувини челаклаб ташиб бутун бошли денгизни қуритишга чоғланган ошиқ ҳақидаги афсонани эслаб, унинг замиридаги «рационал мағиз»ни чақиб кўринг-а! Ошиқ йигит ўзининг уринишлари бесамарлигини балки билар, бироқ маликага эришиш учун шоҳнинг ҳар қандай шартини сўзсиз бажаришга мажбур. Бугина эмас, шартни бажариш мумкин деб ўйлай бошлайди ҳам! Чунки одам боласининг нияти холислигию беғаразлигига шу қадар қаттиқ ишонади-ки, «Подшо қинғир ниятда атайин шу шартни олдимга қўйди», деб мутлақо ўйламайди. «Галдирнинг ишини Худо ўнглайди» деганларидек, ривоятда ошиқ йигит денгизни қуритиб шартни бажармаса-да, айни оқкўнгилли, беғаразлиги ва ишонувчанлиги сабаб, маликага эришиб, устига-устак, подшодан эҳсон олиб, «қорақалпоқ» аталади. Лекин, афсуски, ҳаётда бу ноёб инсоний фазилатлар ҳамиша ҳам ўз қадрини топавермайди. Жиддийроқ ўйлаб қарасангиз, кейинги ўттиз йил мобайнида шундай бўлиб чиқдики, гўё кимдир «Орол денгизини қуритсанг, мурод-мақсадингга етасан», деб шарт қўйгандек, қорақалпоқ халқи эса, ўта ишонувчанлиги, оқкўнгилли, беғаразлиги сабаб, эҳсонга сазовор эмас, кулфатга дучор этилгандек…

Ёзувчи ўз халқини ўша ривоятдаги ошиқ йигит маликани суйгандек суйиб, унинг ҳар бир кулфатидан куйиб-куйиниб, фазилатидан қувониб, иллатидан афсус-надоматлар чекиб, ўзига хос бир дилнома битади. Қорақалпоқ халқига мустақил хонлик тузиш ҳуқуқини юртига олиб келган Раҳматулла қози билан боғлиқ афсонани эсланг! Қарангки, «Сут – оқлик, оқ сут ичиб, халқнинг порлоқ келажаги ҳақида оқ ниятлар қилайлик», дея ўзаро аҳдлашган одамларнинг барчаси уйларидан сут эмас, сув олиб чиқса! Нега шундай бўлди? Сабаби, уларнинг ҳар бири «Шунча сутнинг олдида менинг бир човгум сувим нима бўлар эди! Ҳарна ўзимга қолгани фойда-ку!» деган худбинларча хаёлга борди. Ҳолбуки, «Тома-тома кўл бўлур» деганларидек, ҳар қандай халқнинг порлоқ келажаги ва мустақил давлатнинг равнақи ўша халқ вакилларию давлат фуқароларидан ҳар бирининг эзгу мурод-мақсади – яхши ниятидан ҳосил бўлади. Шу боис ҳам халқимиз «Яхши ният– ярим давлат» дегандир…

Очиғини тан олиш керак, Тўлепберген Қайипбергенов халқ оғзаки ижодини биз – ўзбек ёзувчилари ҳавас қилсак арзийдиган даражада, борингки, «мана мен» деган бир фольклоршунос олим қадар пухта билади. Халқнинг ҳар бир афсонаси, мақол-матали, ҳикматли нақлини кўзларига тўтиё қилиб, ардоқлаб-эъзозлаб, уларни саралаб-жамлаб, уларга ўзича тартиб бериб, ажиб бир гулдаста тузади. Асарда биз – ўзбекларда унутилишга юз тутган, лекин қорақалпоқларда сақланиб қолган, айни чоғда ёзма адабиётнинг мулкига айланмаган қадим туркий ҳикматлар кўплаб учрайди. Шахсан ўзим Туркистонда мавжуд афсона-ривоятлару ҳикматли гапларнинг анчасини мазкур роман-эсседа илк маротаба учратганимни мамнуният ва ҳавас билан айтгим келади. Масалан, «Ўз овулингдан чиққан дононинг оғзи сассиқ бўлади» деган қадим туркий мақолни олиб, унинг мағзини чақиб қаранг! Нега шундай? Мазкур мақолни қандай тушуниш керак? Жиддийроқ ўйлаб қарасангиз, мақол ўзининг маъно теранлигига кўра, дейлик, «Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ» мақолига нисбатан ҳам пурҳикматроқ бўлиб, унда «Тўғри, доноликка доно, бироқ унинг оғзи сассиқ-да!» қабилидаги «қилдан қийиқ қидириш», яъни кўролмаслик касалига ишора қилинади.

Мана, шундай пурҳикмат гаплар жамланган «Қорақалпоқнома» роман-эссесидан айрим боблар «Шарқ юлдузи» ойномасида босилиб чиққанига ҳам, китоб ҳолида ўзбек ўқувчиларига етиб борганига ҳам анча йил бўлди. Бу давр мобайнида мазкур асар хусусида ҳар хил, пасту баланд гаплар айтилди. Чунончи, кимдир муаллиф билан таржимонни ўтакетган даҳрийлик ва шаккокликда айблади, яна кимдир «Ие, бу янги сайёрами? Ахир, асарда янги гапнинг ўзи йўқ-ку!» қабилида ажабланди… Тўғри, бу гапларда жон бор. Лекин улар, назаримда, масаланинг моҳиятини бир қадар юзакироқ тушуниш натижасида келиб чиққандир. Гап шундаки, Қайипберганов қарийб қирқ йил халқнинг ҳикматлар хазинасидан, тўғри, жуда эски, қадимдан-қадим гапларни йиғиб-териб, уларни ўз шахсий ҳаёти призмасидан ўтказиб, бутун бошли бир роман-эссе, яъни нома шаклига келтириб, хуллас, қоғозга ўралган қанддеккина қилиб, 1985 йилда ўзининг она тилида китоб ҳолида чоп эттирди. Асар рус, қозоқ ва бошқа тиллар қатори ўзбек тилига таржима қилинди. Мана, энди мустақиллик шароитида ўша даҳрий тузум тақозо этган ва асарнинг тўқ мағзини суқ кўзлардан иҳоталаш мақсадида моҳирона фойдаланилган «қоғоз»нинг баҳридан ўтилгач, қўлимизда, муаллифнинг ўзи айтмоқчи, «қўлга олса олгулик бир нима» – асарнинг ўзи қанддеккина бўлиб турибди! Назаримда, муҳими ҳам – шу. Муҳими – қадим Туркистон адабиётида тўнғич роман-эссе, XX аср туркий халқлар адабиётида эса, дастлабки нома 80-йилларнинг ўрталаридаёқ яратилди ва у қорақалпоқ халқи, шу орқали бутун туркий халқларнинг бўй-басти, қадди-камоли, аҳвол-руҳияти, бой маънавий олами, донишманд-фозиллигини жаҳонга кўз-кўз этиб турибди.

Хуллас, шунга қатъий аминманки, Тўлепберген Қайипбергеновнинг «Қорақалпоқнома» романэссеси нафақат муаллиф ижодининг чўққиси, ҳозирги қорақалпоқ романчилиги эришган юксаклик, балки айни чоғда, умумтуркий адабиётимизнинг ўлмас обидаларидан бири бўлиб қолади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации