Электронная библиотека » Одил Ёқубов » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "СЎЗ"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Одил Ёқубов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ЮКСАК БАҲО

Ҳурматли адибимиз Мирмуҳсин ака тўғрисида ўйлаганимда мен буюк рус ёзувчиси Максим Горькийнинг: «Ижодда биргина истеъдоднинг ўзи кифоя қилмайди, истеъдод билан бирга ёзувчида улкан меҳнатсеварлик ва мустаҳкам ирода бўлиши лозим», деган доно гаплари ёдимга тушади.

Мирмуҳсин ака ҳам назм, ҳам наср соҳасида баробар қалам тебратадилар. Ҳам назм, ҳам наср бобида баробар ижод қилиш адабиётимизда бобомерос бир анъана. Ҳазрати Навоийдан устоз Ғафур Ғуломгача, Бобурдан Ойбек домлагача шундай қилишган. Бугунги кунда ҳам бу яхши анъана самарали давом этмоқда. Ҳамид Ғулом, Асқад Мухтор, Шуҳрат, Шукрулло… Таниқли ёзувчимиз Мирмуҳсин ҳам бу яхши анъанани давом эттириб, ҳам прозамиз, ҳам поэзиямизни яхши асарлар билан бойитаётган адибларимиздандир. Шундай бўлса ҳам, каминаи камтарин носир сифатида Мирмуҳсиннинг насримиз тараққиётидаги хизматини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.

Сўнгги ўн-ўн беш йил давомида Мирмуҳсин ўзини етук ёзувчи сифатида намоён қилди. Шу йиллар Мирмуҳсин ёзган йирик асарларни бир эслайлик: «Дегрез ўғли», «Умид», «Меъмор», «Чотқол йўлбарси», «Илдизлар ва япроқлар» каби романлар, «Чодрали аёл» каби қиссалар…

Бу романлар туфайли адабиётимиз Арслон, Умид, Қоражон, Гулсум каби китобхонни ўзига ром этган жонли ва ҳаётий образлар билан бойиди. Мирмуҳсин яратган йирик насрий асарлар орасида «Меъмор» романи алоҳида ўрин тутади. Мен бу роман тўғрисида ўйлаганимда Ёзувчилар уюшмаси даргоҳида бўлиб ўтган катта кенгаш ёдимга тушади. Кенгаш сўнгги йилларда яратилган ўзбек тарихий романларига бағишланиб, унда таниқли рус ёзувчилари ва танқидчилари иштирок этди.

Маълумки, устоз Абдулла Қодирий асос солган ўзбек тарихий романчилиги кейинги ўн-ўн беш йилда салмоқли муваффақиятларни қўлга киритди. Энг яхши тарихий романларимиз бошқа халқлар тилига таржима қилинди, айримлари эса ҳатто хорижий мамлакатларда чоп этилди ва чоп этилмоқда.

Адабиёт аҳли камтар бўлиши керак, албатта. Нокамтаринлик ҳеч қачон яхшиликка олиб борган эмас, лекин камтарлик ниқоби остида эришган муваффақиятларимизни назарга илмаслик, яхши асарларимизни камситиб юриш ҳам фазилат эмас. Чунки адабиёт ва санъатда танқид билан рағбат ёнма-ён туриши керак. Камчилик ва нуқсонлар дўстона танқид қилинса, қўлга киритилган ҳар бир ютуқ қувонч билан эътироф этилиши лозим. Акс ҳолда ижод аталмиш оғир ақлий меҳнат билан шуғулланувчи санъаткорнинг руҳига қаттиқ зарба берилади.

Шу маънода ўзбек тарихий романчилигига бағишланган Москва кенгаши катта аҳамиятга моликдир. Бу кенгаш ҳозирги замон ўзбек тарихий романчилиги тўғри йўлдан бораётганини яна бир бор эътироф этди. Кенгашда тарихий романчиликнинг гуманистик йўналиши, романларимиз асосан халқимизнинг улуғ фарзандлари, буюк мутафаккир шоирлар, олимлар, бунёдкор инсон ҳаётига бағишланаётганлиги юксак баҳо олди. Яхши баҳо олган асарлар ичида Мирмуҳсиннинг «Меъмор» романи ҳам бор эди. Москва танқидчиларига, айниқса, уста Нажмиддин образи маъқул бўлди. Уста Нажмиддин образида ўзбек халқининг энг яхши фазилатлари: меҳнатсеварлиги, камтарлиги, бунёдкорлиги мужассамланган, дейишди улар. Мен «Меъмор» романига берилган бу юксак баҳога тўлиқ қўшиламан.

АСАРЛАРИ ЎЗИГА ЎХШАЙДИ

Шукрулло тўғрисида мен нима ҳам дейман? Халқимизда «Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин» деган ибратли нақл бор. Шоир тўғрисида шоир гапиргани маъқул, албатта. Лекин биз носирлар шеър ёзмасак ҳам, яхши шоирнинг шайдоси бўламиз. Шукрулло эса яхши шоир, яхши инсон, шеъриятда ўзига хос йўл танлаб, гўзал шеърий олам яратолган забардаст адиб.

Одатда, шоир Шукрулло тўғрисида, унинг ёрқин, серқирра ижоди тўғрисида ўйлаганимда, 1959 йили февраль ойида Москвада бўлиб ўтган Ўзбек адабиёти ва санъати декадаси ёдимга тушади.

Ёдимда бор: декада кунлари А.А.Фадеев номидаги марказий адабиётчилар уйига машҳур рус шоирлари, ёзувчилар, атоқли танқидчилар йиғилишди. Улар ўзбек адибларининг асарлари тўғрисида дўстона гап айтиш, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиш учун келишган эди.

Самимий, дўстона суҳбат давомида адабиётимиз ҳақида, ўша даврда яратилган асарлар ҳақида жуда кўп яхши гаплар айтилди, танқидий мулоҳазалар, ҳатто жиддий танқидий мулоҳазалар, фикрлар ҳам билдирилди, албатта. Икки кун давом этган ўша унутилмас дўстона мунозара чоғида танқиддан холи бўлиб, фақат яхши гаплар эшитган адиблардан бири Шукрулло бўлди, унинг достони бўлди. Улкан рус шоирлари ва танқидчилари шоирнинг достонига жуда юксак баҳо беришди, бу асар ҳақида чуқур меҳр билан, ҳаяжон билан гапиришди, биз, Шукруллонинг дўстлари эса, бу гаплардан жуда қувондик, адабиётимизнинг ютуғи учун, акамиз Шукрулло учун қувондик.

Бу воқеадан кейин сал ўтмай Шукрулло «Огонёк» журналининг «Энг яхши асар учун» деган мукофотини олди. Биз яна қувондик, шоирни яна қучоқлаб табрикладик.

Мана, ўша воқеаларга ҳам йигирма йилдан ошди. Бу давр ичида Шукрулло ўнлаб шеърий асарлар, китобхонларнинг чуқур муҳаббатига сазовор бўлган достонлар, пьесалар яратди. Унинг шеърий ва насрий асарлари рус тилига, жуда кўп қардош халқлар тилларига таржима қилинди, Москвада «Художественная литература», «Молодая гвардия» каби жуда мўътабар нашриётларда, «Юность», «Знамя», «Дружба народов» каби журналларда чоп этилди, Бутуниттифоқ китобхонларининг тилига тушди, танқидчиларнинг, Мустай Карим, Қайсин Қулиев, Давид Қуғултинов каби машҳур шоирларнинг юксак баҳосига сазовор бўлди, бошқача қилиб айтганда, Шукрулло адабиётимизнинг дунё миқёсига кўтарилишига катта хизмат қилди.

Мен Шукруллонинг шеъриятини яхши кўраман. Шоирнинг шеърларида катта самимият, катта дард бор, фикр бор. Улар чуқур инсоний туйғулар билан суғорилган. Мени мана шу инсоний туйғулар, мана шу самимият, дард, чуқур фалсафий фикр мафтун этади. Мен унинг «Жавоҳирлар сандиғи» деган насрий асарини яхши кўраман. Гарчи бу асар насрда ёзилган бўлса ҳам, унинг ҳар бир сатридан шоир ёзгани билиниб туради. Асар Шукруллога хос шоирона бир руҳ билан суғорилган. Чин истеъдод шундай бўлади. Халқимизда «Моли ўзига ўхшайди» деган гап бор. Шукруллонинг асарлари ўзига ўхшайди, ўзидай самимий, пок, одамий. Мен унинг асарларини шу фазилатлари учун севаман.

ҲАЗИЛ УСТАСИ ҲАҚИДА БЕҲАЗИЛ ЎЙЛАР

Ҳаётда шундай адиб ва санъаткорлар бўладики, улар ҳақида ҳаёт пайтларидаёқ халқ орасида ҳар хил латифа ва ривоятлар тўқилади. Тириклигидаёқ латифалар тўқилган шундай адиблардан бири бизнинг адабиётимизда Ғафур Ғулом бўлган. Ғафур ака тўғрисида биз 5–6-синфларда ўқиб юрган пайтларимиздаёқ ғалати-ғалати, ҳар хил латифалар эшитардик. Ғафур Ғулом ундоқ қипти, Ғафур Ғулом бундоқ қипти, Ғафур Ғулом сахий одам бўлган, кўчада кетаётганида бир етимчани кўриб қолиб, беш тийин сўраса, беш юз сўм бериб юборибди, уйига мухбир бориб, битта шеър ёзиб беришни сўраганда, бутун бир достонни оғзаки ёздирибди деганга ўхшаш гапларни кўп эшитардик.

Бугун халқимиз 75 йиллигини нишонлаётган атоқли адибимиз Саид Аҳмад ака ҳақида ҳам эл орасида бундай латифалар жуда кўп. Шахсан мен Саид Аҳмад ака тўғрисида салкам эллик йил муқаддам эшитганман. 1951 йили ҳарбий хизматдан қайтиб келиб, ТошДУнинг (у маҳалда САГУ дейиларди) филология факультетига ўқишга кирдим. Ўша пайтларда факультетимизда нозиккина, кўҳликкина бир қиз ўқир эди. Одамлар бу жувонни кўрганда чекинишиб, унга йўл беришарди ва шивирлашиб, «Саида Зуннунова, Саида Зуннунова келяпти», деб гапиришарди. Кейинчалик бу жувон Саид Аҳмад деган ёзувчининг жуфти ҳалоли, Саид Аҳмад қамалиб кетса ҳам, бу аёл унга садоқат сақлаб, оғир аҳволда юрибди, деган гапларни чексиз бир ҳурмат билан айтишар эди.

Тўрт-беш йил ўтди. Мен университетни тугатиб, машҳур адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг таклифи билан Ёзувчилар уюшмасига маслаҳатчи бўлиб ишга бордим. Сал ўтмай ёзувчилар орасида 49–50-йилларда қамалган бир гуруҳ адиб лар оқланиб, ҳибсдан қайтишибди, деган гаплар тарқади. Кунлардан бир кун йўлда кетаётсам рўпарамдан ўша мен билган нозиккина, кўҳликкина Саида Зуннунова билан бирга келаётган ниҳоятда чиройли кийинган, баланд бўйли, қадди-қомати келишган, бироқ лаб-лунжи унча ўхшамаган бир йигитни кўрдим. Ва гарчи, Саид Аҳмаднинг на ўзини, на суратини кўрган бўлсам ҳам, бу йигитнинг ўша одамлар шивирлашиб гапирадиган Саид Аҳмад эканини дарҳол англадим. Дарҳақиқат, сал ўтмай ўша йигит Саид Аҳмад бўлиб чиқди.

У уюшмага тез-тез келадиган бўлди. Бу орада газета ва журналларда бирин-кетин ҳикоялари, ҳажвиялари чиқа бошлади. Бу ҳикояларда қандайдир алоҳида ўзгача бир жозиба, ҳажвияларида эса халқ аскиячиларига хос ҳақиқий кулги, кишини ўзига мафтун этадиган бир лутф бор эди. Тез орада биз Саид Аҳмад ака билан танишдик. Шунда мен бу адибнинг ҳикоя ва ҳажвиялари қандай бўлса, ўзи ҳам шундай содда, бир кўришгандаёқ кишини ўзига ром қилиб оладиган ажойиб бир инсон эканлигига иқрор бўлдим. Бу орада биз қўшни бўлиб қолдик. Ҳар куни кўришадиган, борди-келди қиладиган, баъзан Дўмбиробод чойхонасида дам олиш кунлари бирга ош еб, ҳатто қиттай-қиттай оладиган ҳам бўлдик.

Саид Аҳмад характерининг кишини ўзига мафтун қиладиган энг улкан фазилати – бу кулги. Саид Аҳмад бўлган даврада ҳамиша қаҳқаҳа, ҳамиша аския. Мен машҳур адибимизнинг «Уфқ» романини ўқиганимда, ҳатто бир оз ҳайрон бўлганман. Чунки адабиётимиздан муҳим ўрин олган бу катта асар ёзувчи характерига батамом зид, яъни ўта жиддий, ҳатто фожиавий (мен биринчи китобини назарда тутяпман) роман эди.

Мен бу асарнинг яратилиш тарихини яхши биламан ва бундан ифтихор қиламан. Мен «Уфқ»ни қўлёзма пайтидаёқ биринчилардан бўлиб ўқиганман ва эҳтимол ёзувчимизни чин юракдан қутлаган биринчи китобхондирман. «Уфқ»ни ўқиб чиққан заҳотимоқ қувончимни ичимга сиғдира олмай улуғ ёзувчимиз – жойлари жаннатда бўлғай – ҳурматли Абдулла Қаҳҳорга телефон қилганман. Тез орада Абдулла ака ҳам ўқиб чиқиб, менинг фикримга қўшилган ва кўп ўтмай «Уфқ» романи нашр қилиниб, Ўзбекистон Давлат мукофотига тавсия этилганда, Абдулла ака романга юксак баҳо бериб мақола ёзганлар. Бугун бу асар ўзбек романчилигининг энг катта ютуқларидан бирига айланди. Яқинда у Ҳамза номидаги академик театримизда саҳналаштирилиб, мукофот ҳам олди. Бу эса бундан 30–35 йил муқаддам яратилган асарнинг ҳаётийлигидан далолат беради. Лекин мен Саид Аҳмад ижоди ва унинг инсоний хусусиятидаги энг катта фазилатга қайтмоқчиман. Бу фазилат, боя айтганимдек, Саид Аҳмаднинг кулгиси, Саид Аҳмаднинг қувноқлиги.

Сира эсимдан чиқмайди. 1960 йилнинг ёз ойларида Абдулла Қаҳҳор раҳбарлигида бир гуруҳ ёзувчилар Фарғона водийсига сафарга чиқдик. Тинимсиз ичакузди кулги ва қаҳқаҳалар билан айланиб юрдик. Бир кун кечқурун қайси бир колхоз боғига бориб тунадик. Бизнинг келганимизни эшитиб, кечқурун шийпонда машҳур аскиячилар йиғилди. Улар орасида буюк кулги усталари – марҳум Расулқори ака, Ижроқум бува, Кўр қори номи билан шуҳрат қозонган аскиячилар ҳам бор эди. Бўлди аския, бўлди аския. Сизга ёлғон, менга чин, деган гап бор. Биз кўпчилик бўлсак ҳам, ўша уста аскиячилар билан ёлғиз Саид Аҳмад ака «олишиб» ўтирибди ва боя айтганимдек, сизга ёлғон, менга чин – Саид Аҳмад ака учта машҳур аскиячи билан беллаша олди.

Албатта, улар ҳам бот-бот олиб туришибди. Лекин Саид Аҳмад акага шундай бир илҳом келдики, ҳар учала қизиқчига сўз бермайди. Кулавериб йиқилиб қолибмиз. Тўғрисини айтсам, Туркистонда– аския унча машҳур бўлмаган саҳройи жойларда туғилган одам кулги ва қаҳқаҳанинг бутун бетакрор гўзаллигини биринчи марта ўша ерда, водийда ҳис этдим.

Саид Аҳмад ижодининг бу кўркам томонлари, айниқса, унинг «Келинлар қўзғолони» ва «Куёв» комедияларида намоён бўлди. «Келинлар қўзғолони» комедияси бутун дунё десам лоф бўлар, ярим дунёни айланиб чиқди. У шунчалик шуҳрат топдики, комедия ҳақида, ҳатто латифалар пайдо бўлди. «Келинлар қўзғолони»ни бир неча минг кишилик томошабинлар орасида намойиш қилганида бир ёш ҳомиладор қозоқ келинчак кулавериб ўтирган жойида туғиб қўйган эмиш. Бировлар бу гапни тўқилган дейишади. Лекин мен бу латифага ишонаман, чунки яқинда ёзувчимиз юбилейи муносабати билан сафарда бўлганимда «Келинлар қўзғолони»ни эмас, Саид Аҳмад аканинг ўзини кўрибоқ ётиб кулаверган одамларни жуда кўп кўрдим.

Саид Аҳмад ака ўзи кўп айтадиган бир гап бор: дунёда энг хунук учта одам бор. Бири мен, дейди ёзувчимиз, иккинчиси – раҳматли Туроб Тўла, учинчиси – Шукрулло. Лекин мен марҳум Туроб ака билан Шукрулло ҳақида бир нарса деёлмайман. Аммо табиат хунук қилиб яратган Саид Аҳмад ака давраларда кулгига киришиб кетганда энг гўзал инсон бўлиб кўринади. Мен бу улкан истеъдод соҳиби ва кулги устасига узоқ умр ва бундан ҳам катта ижодий муваффақиятлар тилайман.

Халқимизни ҳамиша кулдириб ва ўзингиз ҳам доим кулиб юраверинг, Саид ака!

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1995 йил
ЖОНКУЯР

Ёзувчининг танқидчи тўғрисида фикр юритиши мушкул. Илм ва мантиқ қонунлари билан «қуроллангач» танқидчи биронта адиб тўғрисида ёзаркан, унинг асарларини шу қонунлар асосида таҳлил қилади, улapгa холисона баҳо беради, ҳар қалай, фан ва санъат талабларига суянган ҳолда ҳалол баҳо беришга интилади. Ҳаётни илм ва мантиқ асосида эмас, бадиий образлар воситасида идрок этишга одатланган, илмдан кўра кўпроқ ҳиссиётга суяниб иш тутадиган ёзувчи танқидчи тўғрисида, унинг ижоди тўғрисида нима ҳам дея олади? Назаримда, у фақат ўз таассуротлари тўғрисида гапириб бериши мумкин, холос.

Матёқуб Қўшжонов билан, агар янглишмасам, илк бор эллик бешинчи йилнинг қиш кунларидан бирида Тошкентда учрашган эдим. Ўша маҳалда Москвада, ижтимоий фанлар академиясида ўқиб юрган Матёқуб Тошкентга қишки таътилга келган, у ёш бўлса ҳам анча салобатли кўринар, ўзиям сур ёқали кўк мовут пальто билан сур папах кийиб юрарди. Армияда беш йил хизмат қилиб, папахлик полковник ва генераллар олдида ғоз туришга ўрганиб қолганимдан бўлса керак, Матёқубнинг қоракўл папахию бошқача важоҳати олдида анча довдираб қолдим. Лекин бу довдирашлар кўпга чўзилмади, чунки ташқаридан ўта салобатли ва ҳатто димоғдор кўринган Матёқубнинг аслида жуда самимий, софдил бир инсон эканига тезда амин бўлдим. Сал ўтмай, «Шарқ юлдузи» журналида менинг болалар ҳаётидан ёзилган «Дастлабки қадам» деган ҳикоялар тўпламимга Матёқубнинг кичик бир тақризи эълон қилинди.

У маҳалда ҳали «танқид еб» пишмаган эканмизми, билмадим, тўғрисини айтсам, бу тақриз бир жиҳатдан кўнглимни сал кўтарган бўлса, бир жиҳатдан қаттиқ ўкситди. Чунки Матёқуб, тўпламдаги баъзи ҳикояларимни ижобий баҳолаган ҳолда, ундан аввал ёзилган ва ўзимча «қойилмақом қилиб қўйибман», деб юрган «Тенгдошлар» деган илк қиссамнинг астар-аврасини ағдариб ташлаган эди!

Бу «аччиқ қалампир»нинг фойдаси шу бўлдики, ўшандан кейин мен Матёқубнинг ижодини кузатиб юрадиган, унинг имзоси чекилган мақолаларни канда қилмай ўқиб борадиган бўлдим. Агар янглишмасам, Матёқубнинг танқидчилик соҳасидаги энг салмоқли мақолаларидан бири Асқад Мухторнинг «Опа-сингиллар» деган романига бағишланган эди. Бу мақолани «Опа-сингиллар» романи тўғрисида ёзилган энг жиддий мақолалардан бири дейиш мумкин. Лекин ҳар бир ёзувчининг ижодида кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортгувчи, дабдурустдан тилга тушгувчи салмоқли асари бўлганидек, танқидчининг ижодида ҳам шундай асарлар бўлади. Назаримда, Матёқуб Қўшжоновнинг номини китобхонга танитган, яъни дарҳол тилга тушган асарларидан бири унинг «Қутлуғ қон» тўғрисидаги катта мақоласи бўлди. Бошқа кўп фазилатларидан ташқари, оддий ўзбек йигити Йўлчи характерининг шаклланиши чуқур таҳлил қилинган бу мақола илк бор «Ўзбекистон маданияти» газетасида эълон қилинган эди. Ўша кунлари бу мақола адабий давраларда яхшигина шов-шувга сабаб бўлган, кишиларнинг: «Матёқуб Қўшжонов деган танқидчи чиқибди-ку, ўқидингми, гап-сўзлари жуда бамаъни», деб гапиришгани ҳамон қулоғимда.

Шу мақоладан бошлаб Матёқуб Ойбек ижодини, унинг маҳорат сирларини ўрганиш борасида жуда кўп меҳнат қилди. Танқидчидан чуқур илм, ўткир дид ва таҳлил санъатини талаб этган бу мураккаб ва шарафли иш зое кетмади, албатта. Бу меҳнатнинг улкан самараси сифатида дунёга келган «Ойбек маҳорати» деган жиддий илмий иш ўзбек ва рус тилларида, шу жумладан, Москвада ҳам бир неча марта чоп этилиб, кенг жамоатчиликнинг таҳсинига сазовор бўлди. Энг муҳими, улкан адибнинг улкан, серқирра ижодини тадқиқ этиш, унинг маҳорат сирларини ўрганиш иши, назаримда, танқидчилик сирларини эгаллаш ва илм чўққиларини забт этиш йўлида Матёқубнинг ўзи учун ҳам катта мактаб бўлди.

Эсимда бор: олтмиш еттинчи йилнинг ёз кунларидан бирида «Литературная газета»нинг топшириғига биноан Ойбек домланинг ижодий портретини ёзиш ниятида устоз ҳузурига бордим. Устоз кўп ишласалар ҳам сабаби хасталик, жуда кам гапирар эдилар. Қўлимда қалам, устознинг осуда ва ёруғ хонасида ўтириб, у кишининг адабиёт ва санъат тўғрисидаги ўйлари, романларининг ёзилиш тарихи, ўша пайтларда пайдо бўлган бадиий асарлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини оқизмайтомизмай ёзиб олишга уринар ва ҳаяжондан энтикар эдим. Чунки домланинг оламга машҳур ўтли нигоҳи, шоирона тўзғиган сочлари, келишган сахтсумбати, ундов билан гапиришлари мени тамом эсанкиратиб қўйган эди. Узуқ-юлуқ суҳбат давомида гaп айланиб адабий танқидчиликка, Матёқуб Қўшжоновнинг китобларига бориб тақалди. Шунда Ойбек ака ўткир кўзлари мамнуният билан порлаб:

– Яхши-яхши! – деб хитоб қилдилар. – Асар танийди, танийди! Маъно чуқур. Маъно чуқур!

Маълум бўлишича, устоз, айниқса, Матёқубнинг ижодда маҳорат масалаларига кўп эътибор бераётганидан хурсанд эканлар.

– Тўғри қилади, тўғри қилади! – дедилар Ойбек домла ҳамон кўзлари ёниб. – Яхши ғояни юзага чиқариш ҳам маҳоратга боғлиқ. Ҳаммаси маҳоратга боғлиқ!

Ажойиб инсон, устоз адибимиз бу гапларни Матёқубнинг ўзига ҳам айтганми-йўқми, буни билмадим, лекин мана бугун, бу воқеалардан қарийб ўн бир йил кейин, танқидчининг китобларини варақлаб ўтириб, унинг «Қутлуғ қон» ва «Навоий» романларини яратган улуғ санъаткор кўрсатмаларига қаттиқ амал қилганини кўряпман. Сўнгги ўн йил давомида Матёқуб Қўшжонов яратган китобларнинг номиёқ бу фикрни тўла тасдиқлайди.

«Ижод сабоқлари», «Ҳаёт ва нафосат», «Маҳорат сирлари», «Моҳият ва бадиият», «Ҳаёт ва маҳорат». …Мен бу ерда Матёқуб Қўшжонов яратган ўнлаб китоблардан беш-олтитасинигина санаб ўтдим холос, лекин юқорида номлари зикр этилган шу китобларнинг ўзиёқ танқидчи ижодининг негизини, унинг бош йўналиши нимадан иборат эканини кўрсатиб турибди.

Албатта, Матёқуб Қўшжонов Абдулла Қодирий ва Ойбек, Абдулла Қаҳҳор ва Шароф Рашидов каби улкан санъаткорларнинг ижодини чуқур таҳлил қилиб, уларнинг маҳорат сирларини очиб берган экан, танқидчи тўғрисида ёзган адиб ҳам у яратган китобларнинг «ичига кириши», унинг олим ва танқидчи сифатида тутган йўли, ижодининг ўзига хос томонлари, ўз соҳасига киритган янгиликлари, кашфиётлари тўғрисида чуқур фикр юритиши шарт эди. Чунки ҳар бир истеъдодли ёзувчи ўз ижодида маълум бир кашфиёт яратгани каби, ҳар бир олим ва танқидчи ҳам – агар у чин танқидчи бўлса, ўз соҳасида маълум бир янгилик яратмаслиги мумкин эмас. Лекин яна такрорлайман – таҳлил санъати ва адабиётшуносликнинг назарий қонунларига суянган ҳолда қилинадиган бу ишни олимларнинг ўзлари қойиллатар деган умидда, камина танқидчи асарларини ўқиганда олган баъзи таассуротларим билан ўртоқлашмоқчиман, холос.

Менинг назаримда, Матёқуб Қўшжоновнинг энг яхши фазилатларидан бири унинг Белинский, Добролюбов, Чернишевский каби улуғ рус танқидчилари яратган эстетик принципларга суяниб иш тутишида, санъат асарига, умуман, адабиётга шу принциплар асосида ёндашишидадир. Бу нарса биринчи навбатда Матёқубнинг ҳар бир бадиий асарни ҳаёт билан солиштириб ўқишида, бадиий асарга суянган ҳолда турмуш тўғрисида, унинг ички зиддиятлари, муаммолари, долзарб гаплари, ҳаёт илгари сураётган маънавий ва ахлоқий масалалар, илм тили билан айтганда, ижтимоий масалалар тўғрисида кенг фикр юритишга ҳаракат қилишидадир. Албатта, асарни унинг ҳаётийлигига қараб баҳолаш танқидчиликнинг энг «ибтидоий» талабларидан биридир. Лекин кундалик адабий ҳаётимизда бу «ибтидоий» талабни эсидан чиқариб қўядиганлар, чинакам ҳаётий, жонли асарларни кўрмаган бўлиб, бошдан-оёқ сунъий, чучмал, сохта воқеалар асосида «тўқилган» китобий асарларни кўкларга кўтариб мақтаб юрувчи «олимлар» озми? Афсус ва надоматлар бўлғайким, оз эмас!

Менинг бу гапларимни ўқиган баъзи китобхонлар «Наҳот ўзи олим бўлса-ю, адабиётнинг ибтидоий талабларига ақли етмаса? Шундай бўлиши ҳам мумкинми?» – деб сўрашар. Мумкин! Чунки санъатнинг теран сирларидан бири ҳам шундаки, унда энг оддий кўринган нарсалар аслида илғаб олиш ниҳоятда мушкул бўлган маҳорат сирлари билан боғлиқдир. Масалан, айтайлик, Чеховдай «оддий», «содда» ёзадиган ёзувчи йўқдир оламда! Лекин миллион-миллион китобхонларни мафтун этган бу «соддалик» сирларини эгаллаб кўринг-чи! Чеховдай ёзиб кўринг-чи! Кимлар бунга интилмади, кимлар Чеховга тақлид қилиб кўрмади! Лекин бундан ҳеч нарса чиқмади. Чунки Чеховнинг «соддалиги» замирида инсон фожиасини ўз шахсий фожиаси даражасида кўнг-лига яқин олган улкан ёзувчининг мислсиз изтироблари ва бу изтиробларни бутун борлигича тасвирлаб бериш истаги ётипти. Гениал адибни чексиз изланишларга даъват этган бу истак охироқибат тенги йўқ бир маҳорат ва ўзига хос бир услуб яратгандир! Зотан, асар таниш, баъзилар ўйлаганидек, осон эмас. Ойбек акадай устоз ёзувчимизнинг: «Яхши, яхши, асар танийди, танийди!» – деб қайта-қайта таъкидлагани ҳам бежиз эмас. Ахир унча-мунча одам у ёқда турсин, ҳатто асл касби заргарлик бўлган кишилар ҳам баъзан оддий шиша парчасини ёхуд сунъий тошни чинакам дур, чинакам ёқут деб баҳолаган ҳоллар ҳам бўлган-ку! Фақат сунъий тошлар билан асл дур ва асл ёқутларни кўравериб кўзлари пишиб кетган, ўз касбининг пири бўлиб қолган заргарларгина зар қадрини биладилар. Танқидчилик ҳам шундай. Шу сабабга кўра ҳақиқий санъат асари билан сохта асарнинг фарқига борадиган, асарни биринчи навбатда унинг ҳаётийлигига қараб баҳолайдиган етук танқидчиларни, жумладан, Матёқуб Қўшжонов ижодининг шу жиҳатларини юксак баҳоламоқ даркор. Шу сабабдан ҳам шахсан мен Матёқубнинг бадиий асардан биринчи навбатда теран мазмун ва маъно қидиришини астойдил қўллабқувватлайман. Унинг энг яхши асарларидан бири «Маъно ва мезон» деб аталгани ҳам бежиз эмас. Чунки дидли китобхон ҳар сафар бирорта бадиий асарни қўлига оларкан, ундан биринчи навбатда янги бир гaп, чуқур маъно, ҳаёт тўғрисидаги ўз тасаввурлари ва кузатишларига ҳамоҳанг бир фикр қидиради.

«Ҳар сафар, – деб ёзади буюк рус ёзувчиси Лев Толстой ўз кундаликларидан бирида, – янги бир асарни қўлимга олганимда: хўш, бу ёзувчи менга нима демоқчи экан, унинг менга айтадиган нима гапи бор экан? – деган фикр кўнглимдан ўтади». Албатта, санъатда мазмун билан шаклни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Матёқуб буни яхши тушунади, тушунгани учун ҳам шакл масалаларига ва унинг муҳим элементлари бўлмиш сюжет, композиция, тил масалаларига катта эътибор беради. Хусусан, мен унинг бадиий маҳорат масалаларига бағишланган сюжет ва композиция тўғрисидаги нозик кузатишларини юксак баҳолайман. Ойбек, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Шароф Рашидов, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом ва бошқа ёзувчиларнинг муайян асарлари таҳлилига узвий боғланган бу нозик кузатишлар нафақат танқидчилар, хусусан, ёш танқидчилар, балки ёзувчилар учун ҳам фойдадан холи эмас деб ўйлайман.

Чунки ҳаётий воқеани дарё оқимидай табиий оқимга сола билиш, бошқача айтганда, асар сюжетини табиий ва тадрижий суръатда ривожлантира олиш ва бу воқеаларнинг мутаносиблигини чуқур ҳис этиш – бугун бизнинг адабиётимиз учун, айниқса, танқидчилигимиз учун жуда катта аҳамият касб этмоқда. Ниҳоят, танқидчи сифатида Матёқуб яна бир фазилатга эгаки, у ҳам бўлса олимимиз санъат асарида инсон характерининг моҳиятини жуда чуқур ҳис қилади.

Дарҳақиқат, адабиёт ҳаётни, ҳаёт ҳақиқатларини бадиий образлар воситасидагина идрок этаркан, демак, санъат асарида характер яратиш масаласи, бошқача қилиб айтганда, асарга янги ва жонли одамларни олиб кириш масаласи бош масалалардан бири бўлиб қолғусидир.

«Қани, сиз менга зўр характер топиб беринг-чи, мен сизга зўр конфликтлар топиб берай!» – деб хитоб қилган эди рус ёзувчиси Максим Горький. Буюк ёзувчининг бу хитобида чуқур маъно бор, чунки тараққиёт зиддиятсиз бўлмайди, зиддиятлар эса ҳаётда инсон характерига боғлиқдир. Демак, зўр ҳаётий характерлар мавжуд бўлган жойда зўр тўқнашувлар, давр тараққиётини белгиловчи зўр конфликтлар, курашлар, «ғоялар драмаси» мавжуддир. Албатта, «зўр» деган сўз бу ерда «забардаст» деган маънони билдирмайди, чунки инсон сифатида ўта ожиз ва аянчли бўлмиш Плюшкин характер сифатида жаҳон адабиётидаги энг буюк сиймолардан биридир! Гап ўзида ҳаёт ҳақиқатини бутун мураккаблиги ва зиддиятлари билан мужассамлантирган қаҳрамонлар тўғрисида боряптики, бундай қаҳрамонлар характерининг мураккаблиги, чуқурлиги ва ҳаётийлигига боғлиқдир. Танқидчи ва адабиётшунос Матёқуб Қўшжонов бу ҳақиқатни жуда яхши билади, билгани учун ҳам ўз асарларида ёзувчининг характер яратиш санъатига жуда катта эътибор беради, бу санъатнинг теран сирларини илғаб олишга уринади. Буни биз танқидчининг Отабек ва Ўзбек ойим, Йўлчи ва Мирзакаримбой, Саида ва Ойқиз янглиғ адабиётимизнинг энг баркамол қаҳрамонларига бағишланган қатор-қатор мақолалари ва китобларида кўрамиз. Бу қаҳрамонлар характерининг шаклланишида давр ва ижтимоий муҳитнинг роли тўғрисидаги танқидчининг нозик мушоҳадалари ўзининг фалсафий теранлиги, илмий ва назарий пухталиги билан бизни мафтун этадики, унинг ижоди бу жиҳатдан ҳам ёш танқидчиларимизга ибрат бўлғусидир. Умуман, Матёқуб ишни ҳар жиҳатдан пухта қиладиган адиблардан. У деярли ҳеч қачон шошмайди, пала-партиш ёзавермайди. Ҳатто унинг услуби ҳам қандайдир ўзига хос, вазмин, ўта залворли. Тўғри, фронтда устаси фаранг снайпер бўлган Матёқуб мўлжални жуда аниқ оладики, бу жиҳати хатарли. «Хатарли» сўзини ҳазил тариқасида айтяпман, албатта.

Бас, мақтовлар етарли бўлди чоғи. Бу ёғи, танқидчининг ўзи яратган метин услубдан фойдаланиб, танқидга ўтаверсак ҳам бўлади.

Танқид қилса бўладиган «қалтис жойлар» Матёқубда ҳам бор. Бенуқсон Парвардигор, деганларидек, Матёқубнинг ҳам янглишган пайтлари, ўртачагина асарларга ортиқча баҳо берган ва аксинча, туппа-тузук асарларнинг қадрини билмай камситиб гапирган вақтлари бўлган. Бир жиҳатдан бундай бўлиши табиий ҳам. Катта иш, катта ижод ҳеч қачон бенуқсон бўлмайди. Лекин шу сафар мен Матёқубнинг камчиликлари тўғрисида– бу камчиликларни айтиш фойдадан холи эмаслигини яхши англаганим ҳолда – фикр юритишни истамайман. Йўқ, мен катта танқидчини танқид қилишдан чўчиётганим йўқ. Тўғрисини айтсам, мен Матёқуб Қўшжоновнинг кўп тепкиларини кўтариб келганман. От тепкисини от кўтаради, деганларидек (бу нокамтарин ўхшатиш учун китобхонлар бир қошиқ қонимдан кечгайлар) Матёқуб ҳам менинг «тепкимни» кўтаришига ишонаман. Гап бунда эмас. Гап, ҳатто бу мақоланинг ёзилиши дўстимизнинг муборак тўйига тўғри келганидан ҳам эмас. Дўст ачитиб гапиради, дейдилар. Аччиқ гапни тўй кунлари ҳам айтиш мумкин. Гап бошқада. Олим ва танқидчи сифатида Матёқуб Қўшжоновнинг яна бир жудакатта фазилати борки, бу фазилат менинг назаримда, унинг ҳамма нуқсонларини «ювиб» кетади. Бу ҳам бўлса танқидчининг жонкуярлигидир.

«Жонкуяр» сўзи тилимиздаги энг гўзал, энг маънодор сўзларнинг биридир. Киши бир ишнинг жонкуяри бўлиши учун ҳам дадил, ҳам танти, ҳам том маънода принципиал, ҳам шу ишнинг фидойиси бўлмоғи керак. Танқидда жонкуяр бўлиш эса, айниқса, қийин. Чунки… «Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бошқага», дейди доно халқимиз. Жонкуяр танқидчининг бирорта бўш асарни принципиал танқид қилиши эса, агар чуқур ўйлаб қаралса, авваламбор пичоқ ни ўзига уришдир. Негаки, мақтов ёқмаган одам йўқ, танқид эса… шахсан мен эллик йил умр кўриб, танқид ёқадиган одамни ҳали учратмадим! Танқидчилигимиз сўнгги йилларда ўта силлиқлашиб бораётганининг бир сабаби ҳам шунда бўлса керак. Ҳатто силлиқ ёзишни танқидчиликнинг энг катта ва бирдан-бир фазилати деб тушунадиган айрим танқидчилар ҳам пайдо бўляпти. Бу ерда гaп тилнинг силлиқлиги ва равонлиги тўғрисида бораётгани йўқ, балки дадил сўз айтишдан қочиб ёзиладиган ва оқибат фикр саёзлигига олиб борадиган силлиқлик устида кетяпти. Ҳолбуки, танқидчиликнинг туб маъноси «танқидчи» сўзининг ўзига жо қилинганидир. Бу маъно эса танқидчидан биринчи навбатда жонкуярликни, фидойиликни талаб қилади. Танқидчининг энг муҳим ва энг муқаддас бурчи адабиётда бирорта яхши асар ё аксинча, китобхоннинг дидини бузадиган бўш ёхуд паст асар пайдо бўлса, авваламбор, бу асарни дарҳол «кўра олиши» ва биринчи ҳолда сидқидилдан қувониши, уни тарғиб қилишга шошилиши, иккинчи ҳолда эса ёзувчининг ҳурматини сақлаган ҳолда, ҳалол фикр айтиши лозимдир. Бу касбнинг бошқа йўли йўқ. Бошқача йўл бу касбни танлаган одамга обрў келтириш ўрнига вақти келганда унинг юзини ерга қаратиши мумкин, холос. Чунки савияси паст асар, уни ким ва қанча мақташидан қатъи назар, табиатан ўлимга маҳкум этилгани каби ўз даврида унга ҳамду сано ўқиган танқидчининг мадҳиялари ҳали туғилмасиданоқ ўлимга маҳкум этилгандир, мадҳиялари ўлимга, ўзи эса авлодлар кулгисига маҳкумдир. Шунинг учун ҳам бу соҳада дадил гапларни четлаб ўтиб, сип-силлиққина ёзилган юзта мақоладан, ёзилиши сал ғалчароқ бўлса ҳам тўғри ва ҳалол гaп айтилган битта мақола адабиёт учун минг марта фойдалидир. Шунинг учун ҳам адабиётда жиддий бир гaп айтиш ўрнига, жиддий ва долзарб бир муаммони кўтариб чиқиш ўрнига, қайси йўл ва қайси мақсадлар билан бўлмасин, матбуотда кўпроқ кўриниш, маза-матрасиз мақолалар билан бўлса ҳам тез-тез чиқиб туриш пайига тушиб қолган айрим танқидчилар, хусусан, ёш танқидчилар эҳтиёт бўлмоқлари лозим. Бу йўл – хатарли йўл! Чунки ўнлаб асарлар ёзиб, одам чин ёзувчи бўлолмай ўтиб кетиши мумкин бўлгани каби (бу гапни мен бир марта ўзимга нисбатан ҳам айтганман!), юзлаб танқидий асарлар ёзиб танқидчи бўлолмай, энг ёмони, обрў орттириш ўрнига беобрў бўлиб ўтиб кетиш ҳам ҳеч гап эмас!

Менинг бу гапларимга баъзи танқидчи дўстларим: «Сизга осон-да, ҳеч кимни танқид қилмайсиз. Қани, мард бўлсангиз, ўзингиз бировни танқид қилиб кўринг-чи!» – деб киноя қилишлари мумкин. Тўғри, танқид қилиш осон эмас. Юқорида мен буни гапириб ўтдим. Такрорга ҳожат йўқ. Бу биринчидан. Иккинчидан, мен танқидчиларимизни дўппи деганда, бош олиш қабилида иш тутиб, дуч келган ёзувчини дўппослайверишга чақираётганим йўқ. Бу ерда гaп танқидчилигимизда ҳалоллик, дадиллик, илмий ва назарий пухталик каби ижобий фазилатларни ривожлантириш устида боряптики, бу фазилатлар учун, ҳеч бир танқидчи ҳеч қачон калтак тагида қолган эмас, қолмайди ҳам. Бунинг энг яхши далили, улкан танқидчи ва олимимиз Матёқуб Қўшжоновнинг ҳаёт йўлидир.

Ҳақиқатан, олис Хоразмнинг кичкинагина бир қишлоғидан чиққан, болалиги меҳнат билан ўтган Матёқуб Қўшжонов, ижод соҳасидаги айрим нуқсон ва янглишишларидан қатъи назар, ҳеч қачон принципиалликни қўлдан бермаган ҳолда, ҳамиша тўғри гапириб, катта олим, фан доктори, адабиёт соҳасидаги энг йирик илм даргоҳининг раҳбари даражасига кўтарилган экан, бу деган сўз бизда принципиал олим, ҳалол ижодкор учун ҳеч қандай ғов йўқ, бундай кишилар учун ҳамиша йўл очиқ, деган сўздир. Бу боисдан мен, гарчи ёзувчи учун шиор ташлаш нотабиий бўлса ҳам бу ноилмий таассуротларимни ёш танқидчиларга қаратилган шундай бир шиор билан тугатмоқчиман: Жуда қийин, мураккаб, аммо шарафли ишга бел боғлаган азиз дўстларим! Оғир сафарга отланиш арафасида катта олим, филология фанлари доктори, профессор Матёқуб Қўшжонов босиб ўтган йўлга бир назар ташлангиз. Бу йўл намуна бўлишга арзийдиган йўлдир!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации