Текст книги "Худоёрхоннинг сўнгги кунлари"
Автор книги: Алишер Ибодинов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 12 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]
Ушбу турк фуқаросига бир эътибор қилгин, – деди Нурмуҳаммаднинг хўжайини. – Дори-дармонидан, овқатидан хабар ол, асли ким эканлигини суриштир…
Нурмуҳаммад эртаси тонгда мусофирни зиёрат қилди. Чой-пойига қарашди. Кўринишидан очиқ чеҳрали, диёнатли, ҳалол-пок турк ҳожиси фарғоналикларнинг дидига ўтирди. Орадан хиёл вақт ўтиб туркиялик меҳмоннинг ахволи яхшиланди. У бомдод намозидан кейин хонақоҳ атрофлари, Каррух қишлоғи кўринишларини томоша қилиб кела бошлади. Хўжайини маслаҳати билан бир куни Нурмуҳаммад туркиялик кишини ҳужрага – фарғонача паловга таклиф қилди. Кейинги гал турк кишиси ҳожиларни ўз ҳужрасида палов билан сийлади. Хуллас, икки ўртада муносабат пайдо бўлди.
Бир кеч Каррухдан ўтадиган карвонларни суриштириб, сўнгра ҳужрасида дам олаётган туркияликнинг олдига Нурмуҳаммад кирди.
– Тақсир, – деди у ҳаяжонланиб, – сиз Каррухга келганингиздан буён кўрдик-билдикки, чинакам исломпарвар, комил диёнат соҳиби бир инсон экансиз. Шул боис, махфий бир воқеани сизга очиш, бутун Фарғона ва балки жафокаш Туркистон ўлкаси учун табаррук ҳисобланадиган, Соҳибқирон Темур авлодларидан бўлмиш улуғ бир зотни сизга ишониб, вақтинча қўш қилишга изн бўлди.
– Хўш? – деди қизиқсиниб ҳожи.
– Тақсир, энди орамиздаги махфийлик ечилади, яъни билингки, менинг хўжайиним – сиз билан неча кундан буён ҳамсуҳбат бўлиб келаётган одам аслида Қўқон мамлакатининг сўнгги подшоси Саййид Муҳаммад Худоёрхон бўладилар!
– Ҳай! Ҳай! – ҳожи ҳаяжонланиб ўрнидан туриб кетди.
– Ҳа, тақсир, – дея давом этди Нурмуҳаммад. – Бундан саккиз йил илгари асад ойида кофир истилоси туфайли ватандан мосуво бўлган хонимиз анча муддат муҳожирлик азобини чекдилар. Аслида ўша йилнинг ўзида рус императори Худоёрхоннинг Оренбургда яшаб туришига фармон чиқарганди. Мен эса Қўқонни тарк этганимиздан бери у кишининг хизматидаман. Аслан Қўқон ҳукуматида камина шарбатдор вазифасида эдим. Нафсиламрини айтганда, икки ярим йил Оренбургда тутқун каби яшадик. Тўғри маишатимиз ёмон эмасди. Зеро, Оренбург шаҳрида қўқонлик, тошкент-бухоролик савдогарлар жуда кўп. Ҳатто юртимиздан оиласи билан кўчиб бориб яшаётганлар ҳам бу шаҳарда сероб. Бунинг устига мусулмончиликка дохил тарафлари ҳам йўқ эмас. Яъни, шаҳарда мачитлар, мадрасалар бор.
Баъзан хонимиз ов қилмоқ учун атрофдаги чўл-биёбонларга ҳам чиқардилар. Чунки бунга рухсат бор эди. Ов баҳонасида бепоён чўлларда бир ҳафта-ўн кун от чоптириб, дам олиб қайтардик. Оренбургда орқамиздан доимо пойлаб юрадиган рус жосуслари бу кезлари “Худоёрхон ов қилиб юрибди” дея хотиржам ҳолда шаҳарда ўтиришаверарди. Лекин вақт ўтган сари хонимиз мусофирчиликда, ўрис тазйиқи остида бирмунча сиқилиб қолдилар. Ниятлари Маккани тавоф этиш эди. Бир-икки бор рус ҳукуматидан ҳажга боришга рухсат сўраганларида ижозат беришмади. Бепоён чўлларда ўтказилган ов маҳаллари бу чўлдаги изсиз сўқмоқлар, уларнинг қай юртларга олиб боришини яхши ўзлаштирган йўл билгич қозоқ овчиси билан танишдик. Бу овчи уч юз сўм эвазига бизни Эрон ҳудудига ўтказиб юборишга ваъда берди.
Россиядан қочишнинг бирламчи сабаби шул эдики, ҳали биз Қўқон тахтидан умид узмагандик. “Ислом мамлакатларидан паноҳ топсам, мени қўллаб-қувватлашар” деган эзгу ният сабаб бўлиб, хонимиз Русиядан чиқиб кетишга қарор қилдилар. Оренбургдан “Овга кетяпмиз” дея тегишли одамларни огоҳлантириб чўлга йўл олдик. Поёнсиз чўллар бағрида бизни кутиб турган қозоқлар шиддат билан ҳаракатланишди. Иккаламиз бир ҳафта ичида Эрон ҳудудига ўтиб кетдик. Худоёрхон Эрон шоҳи Нас-риддинга мавжуд аҳволни баён қилиб мактуб ёзди. Аммо ўша пайтда инглизлар Афғонистонда уруш олиб боришар, бу бадкорлар Қандаҳор билан Жалолободни ҳам эгаллаб, Ҳиротга хавф солиб турган пайт эди, Афғондан сўнг, “инглизлар Эронни ҳам олади” деган миш-мишлар ўрлаган, “энди навбат бизга ҳам келиб қолади” дея қўрқиб турган Эрон шоҳи Россиядан мадад кутаётганди. Бундай вазиятда Эрон тахтидаги одам рус тутқунидан қочиб келган мусулмон подшосини қабул қилиб, ёрдам беришга журъат этолмасди, албатта. Насриддин шоҳ бизни қабул қилмагач, катта умид билан Афғонистонга юз бурдик. Не ажабки, Афғон ҳукмрони Амир Абдураҳмон ҳам Худоёрхонга рўйхуш бермади. Аксинча, тезда Афғон тупроғини тарк этишини сўради. Албатта бу ҳолнинг ҳам сиёсий сабаблари бор эди.
Абдураҳмонхон машҳур афғон амири Дўстму-ҳаммадхоннинг невараси эди. Дўстмуҳаммадхон-нинг ўлимидан сўнг унинг ўғиллари орасида бош-ланган тахт учун кураш можароларида ўша ўғилларидан бири – Шермуҳаммадхон ғолиб чиқди ва тахт-га ўтирди. Бу орада ҳукмдорнинг биродарларидан бири Муҳаммад Афзалхон тўсатдан вафот этади ва унинг ўғли – амакисидан чўчиган Абдураҳмонхон Туркистонга қочиб келади. У пайтлари Туркистон деярли тўлиқ Россия тасарруфига ўтган, фақат Қўқон хонлиги ўз мустақиллигини бирмунча сақлаб қолган эди. Абдураҳмонхон Хива хони ва Бухоро амири томонидан ҳам илиқ қабул қилинади. Аммо қочоқ шаҳзода эндиликда ўйинчоқ ҳукмронларга айланган кишиларга ишонмади. Зеро, илгари ҳам турли можаролар боис Туркистон заминига қочиб келган афғон амирларига бу ҳукмдорлар тарафидан дўстлик ва садоқат кўрсатилмаганлигини у яхши биларди. Шу боис шаҳзода рус мустамлакачи амалдорлари ёрдамига ишонарди, холос. Руслар ҳам келажакни ўйлаган ҳолда Абдураҳмондан ёрдамларини аямадилар. Дарҳақиқат, Туркистондаги рус ҳукумати Абдураҳмонга Самарқанд шаҳридан турар жой ва каттагина боғ ҳамда экин майдонлари ажратиб берди. Шаҳарнинг Қаландархона маҳалласида илгари Бухоро амирига тегишли каттагина боғча, уч тўрт хонадан иборат иморатлар бор эди. Чор ҳукумати қувғиндаги шаҳзоданинг яшаш харажатларини ўз зиммасига олди. Туркистон генерал-губернатори, генерал-адъютант, инженер-генерал Константин Петрович фон-Кауфман қочқиндаги шаҳзода – афғон тахти даъвогарларидан бирига доимо кўз-қулоқ бўлиб турарди. У Абдураҳмонхонни ора-сира ўлка пойтахти Тошкентга таклиф қилар, турли байрам ва тантаналарда, қабул маросимларида қатнашувига изн берарди. Кауфманнинг таклифига биноан Абдураҳмонхон тарих илмидан хабардор мирза ёрдамида “Сардор Абдураҳмонхон томонидан баён этилган “Афғонис-тон тарихи” номли китоб ҳам ёзди. Бу китоб тантана билан генерал-губернаторга тақдим этилди.
Абдураҳмоннинг Туркистонда яшашига ўн йил тўлган бир даврда Кауфман унга Афғонистонга қайтиши учун рухсат беради. Бу энди инглизларнинг иккинчи афғон-инглиз урушини бошлаганликлари, Афғонистондаги ўта қалтис сиёсий вазият тақозоси туфайли эди. Ўша пайтдаги Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги вице-қироли барон Эдуард Роберт Литтоннинг Афғонистонни буткул босиб олиб, бу юртни тўлиғича инглизлар қўли остидаги ерларга қўшиш орзуси боис бошланган бу қонли можаро жафокаш афғон халқи бошига озмунча кулфат келтирмаётганди. Мана шундай вазиятда фон-Кауфман аввало Абдураҳмонни Самарқанддан Тошкентга, ўз қўлтиғи остига кўчиртириб келтиради. Айни пайтда Афғонистондаги воқеаларни ўз каналлари ёрдамида синчиклаб кузатишда давом этади. Воқеалар ривожи руслар кўзда тутган нуқтага етгач, Кауфман Абдураҳмонни Афғонистон ҳудудига қайтишига рухсат беради. Айни пайтда айёр Кауфман шаҳзодани рус армиясида пайдо бўлган замонавий қурол – “Бердан” милтиқлари билан таъминлайди. Шаҳзоданинг атиги 300 кишидан иборат кичик армиясининг бошқа қурол-яроғлар, керакли жиҳоз, ҳарбий анжомларга эга бўлишига ёрдам беради. Шунингдек, шаҳзодага эллик минг сўмга яқин рус пуллари ҳам берилган эди. Шуниси қизиқки, расмий доираларда Абдураҳмоннинг Афғонистонга қайтиши “Туркистондан берухсат қочиб кетиш” дея эълон қилинади. Ҳатто қочқинни ушлаш учун чегара қўшинларига тегишли сохта буйруқлар берилади.
Абдураҳмон Тошкентдан Фарғона водийсига, у ердан эса Бухоро амирлиги ҳудудига ўтган маҳалда бу ерда унга ҳеч қандай ҳурмат-эътибор кўрсатилмайди. Расмий хабарларга кўра Қўқон хони уни қабул қилишдан бош тортади. Бу, албатта, Афғонис-тонда иккинчи бор мамлакатни эгаллаш учун қаттиқ жанглар олиб бораётган Англия ҳукумати кўзини бўяш учун ўтказилган тадбир эди, холос. Абдураҳмон Афғонистонни тўлиқ эгаллагандан сўнг қочқин Худоёрни қабул қилмаслиги тагида ана шундай чуқур сиёсий сабаблар ётарди. Лекин тан олиш керак, Кауфман ёрдами билан Абдураҳмон Афғонистонни бирлаштирди. Унинг шаҳаншоҳига айланиб, кейинги йигирма йил давомида бу диёрни бошқаришга эришди…
…Оқибат кичик бир бош поёнсиз ер куррасига сиғмай қолди. Ноилож “энди ҳажга борамиз” деб Пешоворга кетдик. Не машаққатлар тортиб, у ерга ҳам етиб бордик. Пешоворда фарғоналик савдогар юртдошлар бор экан, улар хоннинг бу аҳволига зор-зор йиғлашди, сўнг кўплашиб ўзлари пул тўлаб, хон иккимизни Бомбейда кемага ўтқазиб, Жиддага жўнатиб юборишга бош-қош бўлдилар. (Айрим тарихий маълумотларга кўра, Худоёрхон аввал Хива хонлиги ҳудудига бориб туркманлар орасида бир муддат яшириниб юради. Сўнг Афғонистонга, Ҳирот шаҳри атрофларига келади. Кейин эса Эрон орқали Маккаи Мукаррамага йўл олади. Яна Худога аён).
Жиддадаги туркистонликларни Фарғона хони бораётганлигидан хабардор қилишган экан, ҳайтовур улар бизни иззат билан кутиб олишди. Уч кун Жидда шаҳрида бўлдик. Ҳажга борган юртдошларимиз хон зиёратига тўп-тўп бўлиб келишарди. Кейин ажала туяларда Маккаи Мукаррамага сафар қилдик. Макка зиёратини адо этгач, ўша ерда муқим бўлиб қолдик. Наманганлик Хўжа Калон эшон Сафо Марво юртлари орасида бир иморат қурдириб, ўғиллари Юсуфжон тўра, Амон халифа ҳамда аҳлу аёллари билан яшарди. Биз ҳам Хўжа Калон эшоннинг хонадонида умргузаронлик қилишга киришдик. Иккимиз ҳам шир яланғоч, ҳеч қаердан даромадимиз йўқ, Хўжа Калонга боқиманда эдик.
Бу орада Фарғонадан келган ҳожилар юрт нотинчлигини, ўрис зулми ҳаддан ошганлигини ҳикоя қилардилар. Улар орқали водийда қолган ҳамфикрларимиз, Олой қирғизлари билан алоқа боғладик. Мусофирлик менинг ҳам жонимдан ўтган эди. Хонимизга “юртга кайтайлик, бир бошга бир ўлим, ғурбатда ғариб бўлиб, юртдан олисда, боз устига мусофирлик ва қарамликда ўлиш сиздек Темур авлодига ярашмас. Агар йўлини қилиб Фарғонага етиб борсак, бизни қўлловчилар топилар” дея таклиф қилдим.
Зеро, хоннинг ўғиллари Муҳаммад Аминбек, Сайид Умарбек, Ўрмонбек, Фансуруллобеклар ҳозир Тошкентда генерал-губернатор тарбиясида эдилар.
Катта ўғли Насриддинхон эса отасидан сўнг Қўқонда хон бўлиб, уч ой муддат тахтда ўтирганидан хабарингиз бор. Кейин ярамас фирибгар Пўлатхон исён кўтариб унга ҳамла қилгач, Насриддинхон ҳам Тошкентга қочди. Хозир у киши Оренбургда яшаяпти деб эшитамиз.
Нафсиламрини айтганда Туркистон ҳозирда ҳам тўлиқ рус ҳукмронлигини бўйнига олгани йўқ. Шаҳару қишлоқлар, Олой тоғларида Худоёрхон учун, мустақил юрт учун жон беришга тайёр одамларни ҳар қадамда учратасиз. Марвда эса туркманлар рус армияси билан жанг қилишни тўхтатгани йўқ. Бу ёқда афғонлар ҳам Кушка атрофидаги ерларни талашиб, Рус устига от солишга тайёр. Фарғонада бош кўтарсак, Қашқарда Ёқуббек авлодлари ҳам қараб турмас… Хуллас, “Фарғона учун жанг қилиш вақти ҳали ўтмаган”, дея хонга ёлбордим. Олисларда Фарғона дея кўзларимиз чашми чош бўлди ахир…
Хон ҳам шу кайфиятда экан. У киши “Майли, ўлсам ҳам кофирга қарши ўқ узиб ўлайин, шаҳид кетайин, токи авлодлар хотирасида юртни ташлаб қочган шоҳ эмас, балки охирги томчи қони қолгунча ўз она тупроғи учун курашиб шаҳид бўлган эрксевар ҳукмдор сифатида эсланай”, – деди.
Ха, тақсир, бугунги Худоёрхон бундан саккиз-тўққиз йил аввал осонликча Кауфманнинг макрига учиб, тахтни қўлдан чиқарган содда хон эмас. Энди у дунё кўрган, мусофирликда, ғарибликда ўтган йиллари илгариги ҳаёти хусусида узоқ мушоҳада юритиб, қилган хатоларига пушаймон бўлган, ўз айби билан кофир олдида тиз чўккан, лекин юрти учун қасос олишга шайланган инсон!
Нурмуҳаммад ҳожи пиёласидаги чойни ҳўплаб тин олди. Турк ҳожиси соқолини силади-да:
– Маккадан қачон чиққандиларинг? – дея сўради.
– Маккадан кетишимизга эшон Хўжа Калон кўп қаршилик қилдилар. “Қолган умрини ҳарами муҳтарамада ўтказиб, насиб этса пайғамбаримиз қадамлари муборак этган тупроққа қўйилиш улуғ саодат. Энди шу тилак бирла бўлинг”, дея хонни қайтаришга уринди. Хонимиз кўнглидаги ватан ишқи барибир ғолиб чиқди…
– Яна кемада Бомбейга келиб, у ердан афғон туп-роғи сари йўналдик, – Нурмуҳаммад ҳожи бир муддат тин олди. Сўнг овозини сал пасайтириб давом этди, – энди гап бундай. Маслаҳатга кўра, хон ҳозирча шу ерда қоладиган бўлдилар. Мен эса Фарғонага бориб келаман. У ердаги содиқ кишиларимиз, тарафдорларимиз билан келишиб, хоннинг боришига ҳозирлик кўриб турадиган одамларимизни огоҳлантириб, иш пишгач, орқага қайтаман. Бу масалаларни ечишга уч-тўрт ой, борингки, ярим йил фурсат кетади. Илтимосимиз шулки, сиз дини ислом фидойиси, кофирнинг ёви сифатида бир ишга қўл урсангиз. Яъни, шу вақт ичида хон билан бирга бўлсангиз… ўзи ёлғиз қолмасин. Дини Ислом йўлида, мазлум ватан озодлиги ниятида жон фидо қилишга шайланган қасоскор хон хизматида бўлиш чин мусулмон кишининг бурчи ахир… Мана, суҳбатдош бўлганимизга ҳам бир-икки ҳафта ўтди. Хонимиз сизга катта умид ва ишонч билан қараяптилар. Рўйирост айтганида, рус истибдодидан халос бўлишнинг ягона йўли улуғ турк давлати, бутун ислом оламининг халифаи замонаси – турк султони билан мустаҳкам алоқа боғлашдир. (Ўша даврларда деярли барча араб давлатлари, хусусан, муборак Маккаи Мукаррама ҳамда Мадинаи Мунаввара ҳам турк султони қўли остида эди.) Албатта хонимиз савдо ишларини яхши англайдилар. Шу боис агар рози бўлсангиз, барча харажатларингизни беш баробардан ортиқ тарзда қоплайдилар. Агар Оллоҳ бизни қўллаб, ниятимизга эришсак, сиз Фарғонанинг энг эътиборли улуғ зотлари сафидан ўрин олишингиз муқаррар. Оллоҳ сизни ёрлақагай!
Турк ҳожиси озгина тараддудланди.
– Йўқ десангиз ҳам хафа бўлмаймиз. Аммо бу гап шу ерда қолсин.
– Асло! Чин мусулмон киши бундай таклифдан юз ўгирса, гуноҳи кабира бўлишини яхши тушунаман! – деди қатъият билан ҳожи, – мени хон ҳузурига бошланг!
Ҳужра тўридаги қалин тўшалган бўз кўрпача устида хаёлга чўмган Худоёрхон маъюс бир аҳволда ёнбошлаб ётарди. Ичкарига кириб келган Нурмуҳаммад билан Юсуф афандини кўриб, улар истиқболига ўрнидан қўзғалди.
– Безовта бўлмасинлар, тақсир! – Юсуф афанди хон пойига тиз чўкиб қуллуқ қилди…
Туркиялик ҳожи шу тариқа собиқ хон хузурида қолди ва то хон вафот этгунга қадар Худоёр хизматида бўлди. Кейинчалик Туркияга қайтиб Худоёрхон ва унинг охирги кунлари ҳақида китоб ёзиб нашр эттирди.
…Эртаси тонгда Нурмуҳаммад шарбатдор довон орқали Майманага йўл олган савдо карвонига қўшилиб Қалъаи Нав тарафга, кейин эса туркман саҳролари оралаб Чоржўйга жўнаб кетди.
Ўшандан буён ҳам орадан уч ойдан зиёд вақт ўтди. Шарбатдордан ҳеч қандай дарак келмади. Аммо Юсуф афанди доимо хон хизматида бўлди. Хоннинг кўнглини олиш учун қўлидан келган ишини аямади. Суҳбатларда Худоёрхон Туркия давлат тизими тўғрисида суриштирар, Арабистонда ўзи юрган кезлари кўрган-кечирганлари орқали бирмунча тасаввурга эга эса-да, яна кўп нарсаларга қизиқарди. Юсуф афанди билан мулоқотларда у дунё сиёсати, Туркиянинг жаҳондаги ўрни ва келажаги хусусида қимматли маълумотларга эга бўлди. Қрим урушида Россияни бурчакка тиқиб қўйган қудратли давлатнинг кофирлар Марказий Осиёни зўрлик билан босиб олаётганларида нега жим турганликлари сабаблари билан қизиқди. Юсуф афанди ўзини гарчи сиёсатдан узоқ одам сифатида таништирса-да, булар хусусида собиқ ҳукмдорга тўлароқ маълумотлар берди.
Каррух атрофида устини ям-яшил ўт-майсалар, наъматак ва чакандазорлар қоплаган тоғлар бор. Нурмуҳаммадни ватанга юборгач, хоннинг хийла кўнгли кўтарилиб, ўша тоғларга овга чиқиш истагини билдирди.
Юсуф афанди Ҳиротга бориб иккита пилта милтиқ, бир йўлбошловчи ҳазора одамни олиб келди. Ҳазора эски овчи экан. Бу ерлар тарихидан ҳам оз-моз хабари бор бу киши Каррух тоғларига қадимда Ҳирот султонлари тез-тез овга чиқишлари ҳикоятларини гапириб берди. Хусусан, султон Ҳусайн Бойқаро ўз беклари, жумладан, амир Низомиддин Алишер Навоий билан Каррухнинг кўм-кўк ўтлоқларида чодир тикиб, ҳафталаб ов қилганлигини сўйлар экан, хоннинг кўзлари ёниб кетди. Бу тоғларда кўпроқ кийик, қирғовул овланарди. Худоёрхон ҳам аслида ов деса ўзини унутадиган одам. Тахтда муқим ўтирган кезлари у Сирдарё бўйларидаги қалин тўқайзорларга, Сўх, Олой тоғларига овга чиқарди. Табиатан қўрқмас, шерюрак бу одамнинг ов пайти бошдан кечирганлари ҳақида кўп ёзмалар ҳам сақланиб қолган.
Бир гал Қўқондан Сирдарё томонга юрилганда қўниладиган Олтиқуш қишлоғи атрофларидаги тўқайда хон ва унинг одамлари қирғовул овлаб юришганди. Улар тўсатдан ёввойи тўнғиз подасига дуч келиб қолишди. Туядек катта, айри тишларининг ҳар бири қиличдек узун ва ўткир серка тўнғиз пишқириб овчиларга ҳамла қилди. Шиддат билан елиб келган қаҳрли тўнғиз хон ёнидаги ясовулнинг отига ташланиб, асов айғирнинг қорнини ёриб юборди. От кишнаганича ерга қулади, ичак-чавоғи ағдарилди. Ясовул эса от тагида қолиб бетиним додларди. Атрофдагилар тўнғизга пала-партиш ўқ узишар, аммо тегиза олмасдилар. Овнинг тиғиз лаҳзалари нашъаси вужудини жунбишга келтирган Худоёр шунда бирдан қиличини суғуриб бемисл ҳайқириқ ила тўнғиз устига от қўйди. Кўз ўнгиларида рўй бераётган воқеадан даҳшатга тушган хон ҳамроҳлари милтиқ отишни тўхтатдилар. Улкан тўнғиз тисланиб, олдинги оёқлари билан ер титкилади. Жунлари тиккайди. Сўнг бирдан камондан отилган ўқдай хонга сапчиди. Шу лаҳзада хон от бошини кескин буриб ўзини чапга олишга улгурди. Айни пайтда михдай қаттиқ жунлари от ёнбошини тирнаб ўтган тўнғиз бошига зарб билан қилич солди! Тўнғиз чинқирганича ўз йўналиши бўйлаб хиёл чопиб борди-да, ортга қайрилиб яна хон тарафга югурди. Хон тагидаги арғумоқ эгасининг сал жилов силташи билан яна ўзини илкис четга олди. Хоннинг бу сафар туширган қилич зарби шу қадар кучли эдики, тиғ улкан тўнғиз умровига бир қаричдан ортиқроқ кирди. Учинчи зарбадан сўнг эса тўнғиз йиқилди. Хон эса ҳайқирганича кетма-кет қилич солар, уни қиймаларди… (Бу воқеани Қўқон мамлакати тарихини ёзган барча тарихчи олимлар, жумладан, В. Наливкин, Н Остроумов, Ибрат ва бошқалар ўз китобларида акс эттиришган.)
Хон ушбу воқеани сўйлаб бераркан, ҳамроҳлари таҳсин билдиришди. Аммо нимадир ҳар икковининг ҳам кўнглидан ўтди, шекилли, негадир сукутга чўкишди. Худоёрхон ҳамроҳлари юзига разм солиб:
– Шунчалик шерюрак, жасур подшоҳ нега энди кофирлардан қочди экан, дея хаёл қилдиларинг шекилли, – дея кулди.
– Йўқ, йўқ, маъзур тутадилар тақсир.
– Ҳа… – узун сўлиш олди хон, – кейинги саккиз йил ичида ўзим ҳам кеча-кундуз шу хусусида ўйлайман.
Хон ҳамроҳларини хижолат қилганлигини сезиб, мавзуни яна овга бурди.
– Биз ўзи авлод-аждодларимиз билан овга ўч уруғмиз. Айтишларича, бобокалонимиз Шоҳрухбий Наманганда Ирисқулбий исён кўтарган маҳали ўша ёққа қўшин тортиб боради. Наманган остонасидаги Тўрақўрғон шаҳрида қўр тўкиб, лашкарга ҳордиқ беришади. Шу аснода, иттифоқо, бий ов ихтиёр қиладилар. Дарёи Сирнинг ўнг қирғоғи одам ўтиб бўлмайдиган беҳад қалин тўқай, тўранғизор…
Шикоргоҳда тўнғиз қувиб, Шоҳрухбий тўқай ичига жуда ичкарилаб кетадилар, шиддат шундайки, мулозимлар у кишига базўр етиб улгурадилар. Шу аснода қамишзор орасидан баҳайбат нар йўлбарс отилиб чиқиб, бийга ҳамла қилади. Афтидан шу ерда мода йўлбарс болалаган бўлиб, нари уни муҳофаза этган… шоён таҳсинки, Шоҳрухбий ўзини йўқотмайдилар. У киши ҳам от устидан тўғри ўзига ташланган йўлбарс устига сапчийди. Одам ва йўлбарс бир-бирларига човут солганларича қамишлар устига ағанашади! Шоҳрухбийнинг мулозимлари ҳам олишувга аралаша олмайдилар. Бий ўша ирғиганда йўлбарснинг томоғидан бўғиб олган экан. У темирдек чангал билан йиртқич бўғзини шундай кучли сиқадики, йўлбарс ўзига кела олмай, бўғилиб ўлади. Мулозимлар йўлбарснинг тамом бўлганини сезиб бийга “Ҳазратим, қўяверсинлар, йўлбарс адо бўлди. Оллоҳ қудратингизни бундан-да улуғ этсин” дейишса ҳам у киши ҳайвон бўғзини анчагача бўшатмаганлар…
Турк ҳожиси билан ҳазора бир-бирларига маъноли қараб олишди. Худоёрхон айтиб берган бу воқеа тарихчиларнинг шоҳидлик беришича, Қўқон ҳукмдори Шоҳрухбий милодий 1740 йилларда Наманганга қўшин тортиб борган кезлари рўй берган. Бу ҳақда тарихчи Ҳакимхон тўранинг “Мунтаҳабут-таворих”, В. Наливкиннинг “Краткая история Какандского ханство” китоблари, бошқа тарихчилар асарларида ҳам ҳикоя қилинади. Кези келганда шуни айтиш керакки, Фарғона водийсида, ХХ асрнинг йигирманчи йилларига қадар ҳам йўлбарслар учрар эди. Руслар истилосидан илгариги даврларда эса Сирдарё атрофидаги бепоён тўқайзорларда юзлаб машҳур Турон йўлбарслари яшаган. Қуён, тулки, тўнғиз ва бошқа жонзотларни еб юрган бу йиртқичларни одамлар тўқайзор подшоси деб аташарди. Қўқон хонлари кўпинча йўлбарс ови ташкил қилишар, бу кучли жонзотни овлаган одам катта шарафга муяссар этиларди. Хонлардан, айниқса, Амир Умархоннинг йўлбарс овига жуда ишқибоз бўлгани маълум. Оддий овчилар эса йўлбарсни ёғи ва териси учун овлашган. Чунки йўлбарс ёғини шифобахш дори ҳисоблашар, бой-бадавлат одамлар эса йўлбарс терисини эгарга ёки этик-маҳси ичига қоплатардилар.
Шу куни ов унча бароридан келмаса ҳам Худоёрхон хушнуд бир кайфиятда ҳонақага қайтди. Ҳазорага инъом бериб, бу ердаги одам ҳақида ҳеч кимга оғиз очмасликни тайинлаб, уйига жўнатишди. Овланган илвасин гўштини Юсуф афанди ошга босди. Хон иккиси ярим тунгача суҳбатлашиб ўтиришди.
Бироқ эрталаб хон ҳужрасига саломга кирган ҳожи Худоёрхоннинг нохушроқ ҳолатини сезибажабланди.
– Ёмон туш кўрибман, ҳожи, – деди хон унга юзланиб, – ёмон туш…
– Тақсир, яхшиликка йўйсинлар…
– Тушимда энг суюкли ўғлим Ўрмонбек бўйнида сиртмоқ, ортимдан чопиб келаётган эмиш. Кимсасиз саҳро, мен отга қамчи уриб кетяпман. “Ҳазратим, тўхтанг! Бизга раҳм қилинг, воз кечманг” дея фарёд уради шаҳзода, – чуқур хўрсинди Худоёрхон, – “бизни кофир қўлида қолдирманг” дейди… Мен эса жадал кетавердим. Ўрмонбек қайноқ қумларга йиқилганича бўзлаб қолди…
– Бу энди яқинда дийдор кўришишга ишорат бўлса ажаб эмас, – дея таъбир айтишга тушди ҳожи. – Зеро, шаҳзода сизнинг, сиз эса у кишининг дийдорига муштоқсизлар. Иншооллоҳ, учрашув муяссар бўлғай…
– Иншооллоҳ, ҳожи афандим, айтганингиз келсин, – дея синиқ товуш билан сўзлади Худоёрхон, – аммо шаҳзоданинг бўйнидаги сиртмоқ нимани билдиради? Шу ҳолдан кўнгил жуда ғаш бўлди. Сизга айтувдим-ку, ўғилларим орасида энг қобилиятлиси, ақл-ҳушли, тахтга муносиби ҳам айнан шу шаҳзода. Ўрмонбекни жонимдан ортиқ кўраман. Уни валиаҳд этиб тайинламоқчийдим…
Юсуф афанди хонга яна бир-икки оғиз таскин берди-да, чойга уннади. Дархақиқат, Худоёрхон ўзининг бу суюкли фарзандини тахт вориси этиб эълон қилишга шайланган эди. Айтишларича, Ўрмонбекнинг онаси тоғлар ўлкаси – Дарвоз бегининг қизи бўлиб, жуда хушсурат ва ақлли аёл эди. Лекин Ўрмонбекни туққач, қирқ кундан сўнг малика кўп қон йўқотиш оқибатида вафот этган. Ўрмонбекни Худоёрхоннинг суюкли хотинларидан бири, ҳарамда энг эътиборли ҳисобланган Оғочабегим ўз тарбиясига олган. 1875 йили тахтдан мосуво бўлган Худоёр Оренбургга кетаётган пайтларида Оғочабегим билан Ўрмонбекни Туркистон шаҳрида ўзига содиқ одамлар тарбиясида қолдиради. 1879 йили эса Оғочабегим Ўрмонбекни олиб Туркистондан Тошкентга келади ва Бешёғоч даҳасида катта уй-жой харид қилиб, шу ерда муқим яшайди. (Ўрмонбекни ўз ўғлидай чин дилдан парваришлаб, тарбиялагани боисми, кўп ўтмай Оллоҳ Оғочабегимнинг ўзига ҳам фарзанд ато этганди.) Тақдир тақозоси боис Фансуруллобек исмли бу шаҳзода отаси тарбиясини тўлиқ ола билмади. Лекин Оғочабегимнинг парваришида ҳар томонлама оқил, ўқимишли, билимдон бўлиб вояга етган хон фарзанди улғайиб, машҳур генерал Жўрабекнинг куёви бўлди. Туркистонда жадидчилик ҳаракатиасосчиларидан бирига айланди. Фурқатнинг энг яқин дўстларидан бири ҳисобланган бу киши дастлабки ўзбек газеталаридан “Хуршид”ни нашр қилишда бош-қош бўлди. Етук журналист, ҳассос шоир вапублицист Фансуруллобек шўро қатағонининг қурбони бўлди. У 1931 йили Тошкент турмасида вафот этган. Кези келганда шуни таъкидлаш лозимки, хон Петербургга сафарга жўнаган чоғида унинг ўн бир фарзанди – олти ўғил ва беш қиз Туркистонда қолганди. Ўғилларининг деярли барчаси – Насриддинбек, Ўрмонбек, Фансуруллобек, ибн Яминбек, Муҳаммад Умархон, Муҳаммад Аминбеклар эл-юртда таниқли одамлар бўлиб етишдилар. Шаҳзодахон, Тўрапошшо, Хонпошшо, Моҳизадахон ва Озодахон исмли қизлари ҳам шу юртда яшаб оилали, бола-чақали бўлиб кетдилар…
Албатта, собиқ хоннинг суюкли ўғлини олис Туркистондан Марказий Осиё марказига кўчириб келтириш рус ҳукумати ихтиёрисиз амалга оширилмагани маълум. Зеро, Худоёр айнан шу ўғлини валиаҳд этиб тайинлашни дилига туккани чор маъмурларига ҳам, Худоёрнинг бошқа ўғиллари, қариндош-уруғларига ҳам аён эди. Ўрмонбек улғайган сари ёш, жасур ва ақлли шаҳзода теварагида қора булутлар қуюқлашаверди. Баъзи бир сиёсий кучлар, хусусан, мус-тамлака маъмурияти шаҳзоданинг омон юришидан манфаатдор эмас эди. 1883 йили декабрь ойи охирларида Ўрмонбек ўз уйида тўсатдан вафот этади. Ваҳоланки, ўша пайтлари у 19 ёшга кирган навқирон ва бақувват йигит эди. Хонликнинг расман тугатилганига ҳали ўн йил ҳам тўлмаган, мустақил давлатни тиклаш орзуси халқнинг кўп табақалари онгида ҳамон тирик, бу қутлуғ йўлда жонини фидо этишга тайёр ватанпарварлар бисёр эди. Шундай шароитларда халққа бош бўлишга қобил тахт ворисининг улғайиши, тирик юриши биринчи галда мустамлака маъмурлари кайфиятига рахна солиши аниқ эди. Ва шу боис халқ орасида турли гап-сўзлар ўрмалади… Ҳар ҳолда унинг ўлими сабаблари сирлигича қолган. Бунинг устига Худоёр ўз фарзандлари ва қавму қариндошлари ичида бор-йўғи икки кишига – укаси Султонмуродбекка ва ўғли Ўрмонбекка ихлос қўйганлигини ҳам жуда кўпчилик билар эди. Тақдирни қарангки, Марғилон ҳокими бўлиб турган Султонмуродбекни 1875 йили исёнчи сохта Пўлатхон сўйдириб юборади. Шоир Усмонхўжа Зорий шу даврларда ёзган шеърида Худоёрхон тилидан бежиз бундай демаган:
Худоёрхон демишлар, Шаҳри Фарғонамдан айрилдим,
Ки тахту бахту қасру тожу шоҳонимдан айрилдим.
Жигарбандим, иним бек султонимдан айрилдим,
У Насриддин ўзимга жонишин хонимдан айрилдим,
Хусусан, нури дийдам, жоним Ўрмонимдан айрилдим,
Шаҳид шаҳзодалар – кокил паришонимдан айрилдим…
Хон тушида безовта бўлган кундан бошлаб яна тушкун кайфиятга қайтди. Орадан икки-уч ойлар чамаси вақт ўтгач эса Фарғонадан Маккаи Мукаррамага йўл олган ҳажталаблар орқали оғизма-оғиз Ўрмонбекнинг вафот топгани ҳақидаги қайғули хабар Каррухга ҳам етиб келди. Юсуф афанди бу мусибат муждасини хонга қандай етказиш йўлини билмай ўйга толди. Кейин секин ҳисоблаб чиқса, худди ўша хон ёмон туш кўрган куни шаҳзода оламдан кўз юмган экан! “Во дариғ, во ҳайрато! Оллоҳнингқудратига шак-шубҳа йўқ! – дея ичида истиғфор ўқиди ҳожи, – қарангки, ўғил жон бераётган лаҳзаларда Оллоҳим ундан минглаб чақирим олисдаги отага башорат берган! ”
Ҳожи ўйлана-ўйлана “суюкли ўғил вафотини отадан сир тутмоқ ножоиз ишдир” деган хулосага келди-да, бир куни ётиғи билан хонни ушбу мусибатдан воқиф этди. Худоёрхон кўзларини катта очиб анча муддат қаршисида гуноҳкордек бош солинтириб турган ҳожига тикилиб қолди. Кейин аста ҳужра деворига тиралган болишга суянди. Юзлари қорайиб кетди. Сўнг кўзларини юмиб фотиҳа тортди. Юмуқ кўзлар орасидан қалин ёш сизиб чиқиб бетларини юварди…
– Аниқми? – деди ниҳоят хон унинг аҳволига қараб йиғлаётган ҳожига.
– Дафн маросимида қатнашган одам айтди, бу кўргулик хусусида, тақсир, – деди ҳожи ёшли кўзларини белбоғи билан артар экан.
– Дафн маросими шаҳзоданинг обрўсига муносиб тарзда ўтказилибди. Оғоча ойим, қолган ойимлар, келинларингиз, Тошкентнинг эътиборли зотлари хонадонларга мансуб баъзи бир бошқа аёллар ҳам қора кийиниб азадор бўлишган. Ўғилларингиз, хон хонадонига алоқадор барча ҳурматли кишилар аза ва фотиҳахонлик кунлари ўша хонадонда бошдан-оёқ туришибди…
Дарҳақиқат, ўша давр матбуоти ва тарихий асарлар шоҳидлигига кўра, Ўрмонбекнинг ўлими Тошкент ва Фарғона аҳлини тўлқинлантириб юборган. Шаҳзоданинг жанозасига минглаб одамлар келиб, ҳовли ва атроф кўчалар таъзиядорлар билан лиқ тўлган. Халқ ўзи ёқтирган ҳамда келажагига катта умидлар боғлаган навқирон подшоҳзода вафотига чин дилдан қайғурган. Ўрмонбекнинг дунёдан ўтиши билан ҳали минглаб туркистонликлар қалбида сўнмай турган озодлик, истиқлолга интилиш, рус истибдодига хотима бериш ниятлари устига ҳам парда тортилган.
Ўрмонбекнинг ўлимига бағишлаб Фурқат, Зорий ва Туркистоннинг бошқа ўнлаб шоирлари марсия шеърлари битдилар. Фарғона ва Тошкент, Самарқанд ва Сайрамнинг машҳур ҳофизлари уларнинг ғамгин сатрларини куйга солиб, қўшиқ қилиб айтдилар. Бу ғарибона, ўксик руҳдаги битикларни дастлаб йиғиб, сўнгра китобча ҳолида чоп этган таниқли рус шарқшуноси Н. Остроумов уларда шаҳзоданинг вафотига аллақандай сирли кучлар сабаб бўлганлигига шама мавжудлигини таъкидлаган эди…
Эртаси куни Каррухда хонақа аҳли учун маърака ўтказилди. Маърака боисини сўраганларга “Фарғоналик ҳожининг ўғли юртида оламдан ўтибди” деб қўяқолишди. Ҳонақада Юсуф афандидан ташқари Худоёрхоннинг асли кимлигини ҳеч ким билмасди. Бир-икки кун фотиҳахонлик бўлди. Ўша кунлардан бошлаб Худоёр яна баттар индамас, тунд кайфият асирлигига тушди. Иштаҳаси йўқолиб, кам таом бўлиб қолди. Кўп ўтмай елкасида бир яра пайдо бўлиб шиша бошлади. Ўқтин-ўқтин собиқ хонни иситма ўз исканжасига оларди. Дард азобини чекаётган хон эртаю кеч ҳужрада инқиллаб ётар, ташқарига фақат ювиниш, таҳорат ҳожати учунгина чиқарди, холос. Илгари деярли ҳар куни бир-икки марта Нурмуҳаммад шарбатдорни “келдимикан” дея суриштириб турган одам энди бу ҳолга ҳам бефарқ бўлиб қолди. Хўжа билан камдан-кам бўладиган суҳбатларда эса қазойи қадар, дунёнинг фонийлиги хусусида кўп сўйлар эди. Бир куни хўжага у ўз ота-боболари тарихини ҳикоя қилди.
…Албатта Қўқон хонлари ўз аждодларининг Соҳибқирон Темур уруғига мансублиги билан доимо фахрланиб келишган ва бу хусусидаги “Олтин бешик” афсонаси ҳукмрон табақалар, халқ орасида машҳур эди. Ажабланарлиси шуки, водий хонларининг келиб чиқишларини, уларнинг Қўқон тахтига даъволарини асослаб берадиган бу ҳикоят кейинроқ – Олимхон ва Умархон даврларида юзага келган бўлиб, тарих илми зукколари “Олтин бешик” воқеа-ларига улкан шубҳа билан ёндашардилар. Лекин тарихчилар иккинчи бир тарихий ҳақиқат – Қўқон хонларининг ўзларини Темур авлоди дея ҳисоблаган Шаҳрисабз беклари қизи – Ойжон ойим ва Фарғонадаги Минг уруғи раҳнамоларидан Абдураҳмонбек ўртасидаги никоҳдан дунёга келганликлари хусусидаги тарихий далилни ҳам ҳисобга оладилар. Худоёрхон Юсуф ҳожига ўз уруғлари тарихи ҳусусида бир оз бошқачароқ хабар бергувчи маълумотларни ҳам ошкор этди.
Чуст шаҳрида ҳожагон сулоласи намояндалари бўлмиш Мавлоно Лутфулла Чустий истиқомат қиларди. Сирдарёнинг сўл соҳилида яшовчи чорвадор минг уруғи раҳнамоларидан бири – Чанишбий исмли киши ҳазратнинг муридларидан эди. Одатда шу кишини Худоёрхон уруғ бобокалони деб ҳисоблашади.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?