Текст книги "Дуо ибодатнинг мағзидир"
Автор книги: Фотима Сулаймон қори қизи
Жанр: Зарубежная эзотерическая и религиозная литература, Религия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 7 страниц)
ДУО ИЖОБАТ БЎЛАДИГАН ВАҚТЛАР
1. Азон ва иқома ўртасида қилинган дуо ижобат бўлади.
2. Саҳар вақтида қилинган дуо.
3. Жума кунида қилинган дуо.
4. Арафа кунида қилинган дуо.
5. Рамазон ойида қилинган дуо.
6. Ҳайит кечаларида қилинган дуо.
7. Қуръон тиловатидан сўнг қилинган дуо.
8. Фарз намозларидан сўнг қилинган дуо.
9. Ёмғир ёғаётганда қилинган дуо.
10. Шамол эсаётганда қилинган дуо.
ДУО ИЖОБАТ БЎЛАДИГАН МАКОНЛАР
1. Ота-она ҳузурида.
2. Устоз ҳузурида.
3. Чимилдиқнинг ичида.
4. Таомдан сўнг.
5. Жамоат ҳузурида.
6. Илм мажлисида.
7. Каъбатуллоҳда.
8. Масжиди Набавийяда.
9. Уҳуд тоғида.
10. Масжидул Ақсода.
ТАЗАРРУЪ ДУОЛАРИ
Аллоҳим! Дин ишларимда сабот бергин! Ҳидоятда барқарор қилгин! Яхши ишларда бардавом бўлишимни насиб этгин! Неъматингга шукр қилувчи бандаларингдан қилгин! Қўрқувчи, соғлом қалбга соҳиб бўлишимни, чиройли хулққа эга бўлишимни, тилимни ҳақ сўзни сўзлайдиган қилишингни, амалларимни қабул этишингни сўрайман! Сендан яхши амалларни қилишимни сўрайман! Билгану билмаган бутун ёмонликлардан паноҳ тилайман! Сен биласан, мен билмайман. Бутун ошкораю яширин ишларни энг яхши билувчисан! Олдингию кейинги, ошкораю яширин, Сен билган барча гуноҳларимни мағфират қил! Сен муқаддам ва муаххар Зотсан! Сен ҳар ишга қодир Зотсан! Ҳузурингдан қайтарилмайдиган иймон бергин! Тугамайдиган неъмат бергин! Жаннати Ҳулудда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қўшни қилгин! Аллоҳим! Сўзу ишларимни яхши қилгин! Бутун яхшиликларни насиб этиб, ёмонликлардан узоқ қилгин! Мискинларни яхши кўрсатишингни сўрайман! Сени севмоқни, Сени севганларни севмоқни, севгингга яқинлаштирадиган ҳар қандай ишларни севдирмоғингни сўрайман! Гуноҳларимни кечиришингни, мағфират этиб, раҳм қилишингни сўрайман!
Ҳаётимнинг хайрли соатларигача дунёда яшатгин! Ўлимим хайрли бўлганда жонимни олгин! Ошкораю яширин ишларда Сендан қўрқишимни насиб қил! Ғазабиму сокинлигимда адолатли бўлишимни, бойлигу фақирлигимда фақат Сенинг розилигингни топишимни насиб қил! Сенга етишиш учун менга ишқу муҳаббат, ихлосу итоат ато этгин! Зарар берадиган маконлардан, нарсалардан, Сендан адаштирувчи фитналардан паноҳ бергин! Аллоҳим! Бизларни иймон зийнати билан зийнатлантир! Бизларни ҳидоятда бўлиб, ҳидоятга етакловчилардан қилгин! Гуноҳ йўлимизга қўрқув пардасини ташлагин! Жаннатга олиб борадиган тоат, дунёю охират мусибатларини енгиллаштирадиган иймони яқинлик бергин. Юзимизни ҳаё билан, қалбимизни қўрқув билан тўлдиргин! Сенга бандалик этадиган кўнгилларимизга ҳайбату азамат бергин! Энг юксак севувчимиз, севилгувчимиз Ўзингсан! Умримизнинг аввалини салоҳлик, ўртасини фалоҳлик, охирини комил саодатга етиштирувчи қилгин! Умримизнинг аввалини неъматли, ўртасини раҳматли, охирини мағфиратли ва кароматли қилгин! Бизни муттақий дўстларингдан, нажот топган жамоатингдан, солиҳ қулларингдан қилгин! Яхши кўрган ишларингни қилиш учун менга тавфиқ бергин! Аллоҳим! Ёмонликлардан охиригача Сенга сиғинаман! Тавбаларимизни қабул этгин! Раҳматингни насиб этгин! Ҳилму караминг билан мени афву мағфират қилгин! Сен мағфират этувчи ҳилм соҳибисан! Нафсимга ўзимни ҳоким қилгин! Уни менга хўжайин қилиб қўймагин, нафсим ёмонликларидан мени сақлагин! Сен Маликул Мулксан. Сени мақтайман, улуғлайман, Сенга ҳамдлар айтаман! Сендан бошқа илоҳ йўқ. Сен менинг Роббимсан! Гуноҳларимни фақат Сен кечирасан! Аллоҳим! Сиротал мустақимга ҳидоят қил! Ризқимни ҳалолдан бер! Қаноатли бойлардан қилгин! Ризқдан олган қувват ила Сен рози бўладиган ишларга муяссар қил! Сендан афву офият, ҳуснул яқинлик сўрайман! Аллоҳим! Мени, ота-онамни мағфират айла! Улар мени кичиклигимда раҳм билан боққанлари каби, Сен ҳам уларга раҳм қил! Мўмин-мусулмон, аёлу эркак, тиригу ўтганларимизнинг барчасини мағфират қилгин! Уларга раҳм қил! Марҳамат этувчиларнинг энг хайрлиси Сенсан! Биз Аллоҳ учунмиз! Аллоҳ ҳузуридан келдик ва Унга қайтамиз! Қувват ва қудрат улуғ ва буюк бўлган Аллоҳдандир. Аллоҳ бизга кифоя бўлур. Энг яхши қўриқчи Удир! Ҳотамул анбиё ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг аҳли байтларига салоту саломлар бўлсин! Аллоҳим! Сенга маълум бўлган нарсалар саноғича Муҳаммад алайҳиссаломга, оилаларига, саҳобаларига, барча умматларига раҳматингнинг энг устуни билан раҳмат айлагин. Айнан шундай қиймат билан баракот ва салом юборгин! Аллоҳим! Салавотларингни, баракотларингни, марҳаматингни пайғамбар ларингнинг саййиди, тақво соҳибларининг пешвоси, пайғамбарларнинг охиргиси, қулинг ва Расулинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эҳсон этгин!
ПАНОҲ ТИЛАШДАГИ ҚИЛИНАДИГАН ДУОЛАР
Аллоҳим! Бахилликдан, қўрқоқликдан, умрни беҳуда ўтказишдан, дунё фитналаридан, қабр азобидан Сенга сиғинаман! Мени етаклайдиган ўринсиз тамадан паноҳингга қочаман!
Аллоҳим! Фойдасиз илмдан, қўрқмайдиган қалбдан, қабул бўлмайдиган дуодан, тўймайдиган нафсдан Сенга сиғинаман!
Аллоҳим! Дажжолнинг фитнасидан, қабрнинг азобидан, ҳаёт-мамот фитналаридан Сенга сиғинаман! Сенинг йўлингга кирган ва Сендан қўрққан қалбга эга бўлишимни сўрайман! Буюк мағфиратингни, давомли мағфиратингни, ҳар гуноҳдан саломат, ҳар яхшиликдан насибадор этишингни, жаҳаннамдан қутқариб, жаннатга дохил қилишингни сўрайман! Керилишдан, юқоридан йиқилиб ўлишдан, сувга ғарқ бўлишдан, девор остида қолишдан Сенга сиғинаман. Ёмон феъл, ёмон амал, ёмон касаллик, нафснинг ёмон орзуларидан мени узоқлаштир! Билган-билмаган ёмон амаллардан мени узоқлаштиргин! Аллоҳим! Тўсатдан келадиган балодан, бадбахтликдан, душманларингни севинтирадиган балоларингдан сақлагин, куфрдан, қарздорликдан, фақирликдан, жаҳаннам азобидан, Дажжолнинг фитнасидан Сенга сиғинаман! Қулоғимнинг, тилимнинг, қалбимнинг, фикримнинг, шаҳватимнинг ёмонлигидан Сенга сиғинаман. Йўлдаги, уйдаги, қабрдаги ёмон қўшнидан сақлагин!
Аллоҳим! Қаттиқ юракли бўлишдан, ғафлатдан, торликдан, хўрликдан, хорликдан, ҳақиру фақирликдан Сенга сиғинаман! Куфр, йўқсиллик, ошкора исён, ҳақдан айрилиб қолишдан, мунофиқлик, риё, ёмон феъл, ёмон одат, ризқнинг торлигидан Сенга сиғинаман! Кўрликдан, гунгликдан, жинниликдан, оқ бўлиб қолишдан, ёмон касаллардан Сенга сиғинаман! Аллоҳим! Берган неъматингнинг заволидан, берган соғлиғингнинг бузилишидан, тезда келадиган мусибатлардан, ҳалокатлардан, ғазабинг вожиб бўладиган бутун ҳаракатлардан Сенга сиғинаман! Жаҳаннаманинг фитна ва азобларидан, фитна келтирадиган бойликдан, фақирликнинг ёмонлигидан, бутун хатолардан, гуноҳу исёнлардан Сенга сиғинаман! Тўймайдиган нафсдан, қўрқмайдиган қалбдан, фойдасиз намоздан, қабул бўлмайдиган дуодан, ғам-ғуссадан ва юрак сиқилишидан Сенга сиғинаман!
Аллоҳим! Қалбимни, кўзимни, қулоғимни, тилимни, ўнгу сўлимни, олдию орқамни, устимни нурлантиргин! Менга нур бергин! Сени севганлар ҳаққи, Сенинг розилигинг учун босиладиган қадамлар ҳаққи, мени жаҳаннамдан қутқаргин! Гуноҳларимни кечиргин! Сендан бошқа ҳеч ким гуноҳларимни кечиролмас, фақат Сен мағфират этувчисан! Зулм қилишдан, мазлум бўлишдан, жаҳолатдан, унутишдан, бировларни адаштиришдан Сенга сиғинаман! Гуноҳларимни мағфират қилиб, раҳмат эшикларини очгин! Ғазабингдан ризоингга, уқубатингдан офиятингга етказишингни Сендан сўраб, илтижолар қиламан! Аллоҳим! Исминг билан вафот этиб, исминг билан тирилишимни насиб эт!
Эй еру осмонларнинг Робби Аллоҳ! Уруғларни ёриб, ўсимликларни ўстирган, дарахтлардан гул, мевалар чиқарган, Таврот, Инжил, Забур, Қуръонни нозил қилган Аллоҳим! Ёмонларнинг ёмонлигидан, бутун жонли махлуқотларнинг зараридан Сенга сиғинаман! Аввал Сенсан! Охир Сенсан! Зоҳир Сенсан, Ботин Сенсан! Фақирликдан сақлагин! Қарздорларга ёрдам бергин! Мени Ўзинг яратдинг, Ўзинг ўлдирасан! Ҳаётимда турли балолардан сақлагин! Вафотимда гуноҳларимни мағфират қилгин! Дунёю охиратда Сендан афву офият тилайман. Сенинг исминг билан бошимни ерга қўйдим, мени мағфират қил, Махшарда азобингдан сақлагин! Гуноҳларимни кечиргин, Сенга бўлган муҳаббатим, қўрқувимдан ўзимни сенга таслим этдим. Юзимни сен томонга бурдим, ўзимни Сенга топширдим!
Ёрдам фақат Сендандир! Китобингга, Расулингга иймон келтирдим. Қошингда энг севимли соатларда мени ғафлатдан уйғотгин! Мени ризоингга яқинлаштириб, ғазабингдан узоқлаштиргин! Энг севимли амалларни қилишимни насиб этгин! Ҳожату истакларимни Ўзинг бергин! Мен мағфират истайман, мени кечиргин! Дуолар қиламан, Сен уни қабул қилгин! Эй кечаларни ёриб, кундузларни чиқарган, тунни сокинлик ва истироҳат учун берган, ою қуёшни яратган Аллоҳим! Хайрли умрни истайман, ёмонликлардан паноҳингга қочаман!
Аллоҳим! Сен менинг Роббимсан, Сендан бошқа ибодатга лойиқ зот йўқ. Мени Сен яратгансан, мен сенинг қулингман! Кучим етганча сенга берган сўзу аҳдимни бажар япман. Қилган ёмонликларимдан Сенинг паноҳингга қочаман. Берган неъматларингга шукр қилиб, хатоларимдан Сенга илтижолар қиламан. Гуноҳларимни мағфират қилгин! Сендан бошқа мағфират қилувчи йўқ! Кўзимга, қулоғимга, бутун баданимга сиҳату офият бергин!
Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ! Аллоҳ турли нуқсонлардан покдир. Ҳамд Аллоҳга хосдир. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Аллоҳ ҳар нарсадан улуғдир. Тавфиқ Аллоҳдандир.
ТИЛОВАТ САЖДАСИНИНГ ДУОСИ
Одам боласининг бахт-саодати Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, сажда қилишидадир. Ана шу саждалар ичида тиловат саждаси ҳам бор. Чунки ҳар бир тиловат саждасида Аллоҳ таолога сажда қилиш ҳақидаги амрга бўйсуниш бор.
Шайтоннинг бадбахт бўлиб, Аллоҳ таолонинг лаънатига учрашининг асосий сабаби – Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунмасдан, У буюрган саждани қилмаганлигидир.
Демак, инсон боласи бахт-саодатининг асосий манбаи – унинг ўз Роббига қилган саждаси экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одам боласи сажда оятини қироат қилиб, сажда қилса, шайтон четга чиқиб, йиғлайди: «Вой, шўрим қурсин», дейди» дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Вой, шўрим! Одам боласи саждага амр қилинди ва сажда қилди. Энди унга жаннат берилур. Мен саждага амр қилиндим ва бош тортдим. Менга дўзах берилур», дейди», дейилган.
Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Сажда оятини тиловат қилганда сажда қилиш кераклиги.
2. Одам боласи тиловат саждасини қилганда шайтон четга чиқиб, надомат чекиши.
3. Тиловат саждасининг фазли.
4. Сажда жаннатга киришнинг омили эканлиги.
5. Саждадан бош тортиш дўзахга киришнинг омили эканлиги.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Қуръон қироат қилиб берар, сажда (ояти) дан ўтсалар, такбир айтиб, сажда қилар эдилар. Биз ҳам у киши билан сажда қилар эдик».
Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Қуръон қироат қилиб, сажда оятидан ўтган киши тиловат саждаси қилиши лозимлиги.
2. Сажда ояти тиловатини эшитган киши ҳам тиловат саждаси қилиши лозимлиги.
3. Тиловат саждасидан олдин такбир айтилиши.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси Қуръон (оятлари) саждасида қайта-қайта:
«Сажада важҳий лиллазий холақоҳу ва шаққо самъаҳу ва басороҳу биҳавлиҳи ва қувватиҳи» дер эдилар».
Маъноси:«Юзим ўзини куч ва қудрати ила халқ қилган, қулоғи ва кўзини очган Зотга сажда қилди».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Ушбу ривоятда тиловат саждаси қилиб турганда ўқиладиган дуо ҳақида сўз бормоқда.
Ҳанафий мазҳаби бўйича тиловат саждаси қилмоқчи бўлган одам тиловат саждасини қилиш учун таҳоратли ҳолда қиблага қараб тик туради. Тиловат саждасини ният қилади, қўлларини қулоқларига кўтармасдан «Аллоҳу акбар» дея саждага кетади. Сажда бир марта қилинади. Саждада ушбу ривоятда келган дуони ўқийди ва яна такбир айтиб, бошини кўтаради. Ташаҳҳуд ва салом бўлмайди.
Сажда оятларини ўқувчига ҳам, эшитувчига ҳам сажда қилиши вожиб бўлади. Унинг вожиб бўлишининг шарти, намоз вожиб бўлишдаги аҳлийлик кабидир. Аҳлийлик – мусулмон, балоғат ёшига етган, таҳоратли (ҳайз ва нифосдан пок) бўлишдир. Сажда оятларидан бири ўқилгач, уни эшитувчи ва ўқувчи учун баъзан кенг фурсатда, баъзан тезлик билан сажда қилиб олиш вожибдир.
Агар сажда ояти намоздан ташқарида ўқилса ва ёки эшитилса, уни бажариш учун фурсат кенгроқ бўлса, уни кечиктирган киши гуноҳкор бўлмайди, кечиктириш макруҳи танзиҳийдир. Аммо умрининг оxиригача кечиктириб, уни адо этмасдан вафо этса, гуноҳкор бўлади. Агар сажда ояти намоз ичида тиловат қилинса уни кечиктириб бўлмайди, балки вақт ўтказмасдан сажда қилиш вожиб бўлади.
Агар қасддан сажда қилмаган бўлса гуноҳкор бўлади. Чунки уни адо қилиш фурсати оздир. Шу вақтнинг ўзида сажда қилиб қўйиши керак эди. Намоз ичида саждаи тиловат ўқилиб, сажда қилинмаса, намоздан сўнг унинг қазоси адо қилинмайди.
Сажда ояти суранинг ўртасида ёки оxирида бўлиши мумкин. Агар сажда ояти суранинг ўртасида бўлса уни қироат қилувчи намозxон уни қироат қилиш билан тўғри саждага бормоқлиги афзалдир. Бир марта сажда қилгандан сўнг яна қиёмга туриб сурани оxиригача ёки шу намозга кифоя қилгудек ўқийди ва рукуъга боради.
Агар сажда қилмаса, вақтни ўтказмай рукуъ қилади ва шу рукуъда тиловат саждасини ҳам ният қилиб қўяди. Шу рукуъ тиловат саждасининг ўрнига ҳам ўтади. Тўxтамасдан сажда қилган киши, тиловат саждасини ният қилиши шарт эмас.
Агар намозxон сажда оятини ўқигандан кейин тезлик билан рукуъ ёки сажда қилмай фурсатни ўтказиб қўйган бўлса, модомики у шу намоз ичида экан, рукуъ билан ҳам, сажда билан ҳам сажда оятини ўқиганлик учун қилинадиган саждани адо қилмайди, балки шу намознинг ўзида xос битта сажда қилади.
Агар сажда ояти сура оxирида бўлса, намоз ичида уни ўқиш билан орқасида саждани ҳам ният қилиб рукуъ қилиш афзалдир. Шу рукуъ тиловат саждасининг ўрнига ҳам ўтади. Аммо сура оxиридаги сажда оятини ўқиб, кейин тўғри саждага борса, саждадан кейин яна қиёмга қайтади, шу сурадан кейинги сурадан бир неча оят ўқиб кейин рукуъга боради.
Сажда оятини балоғатга етмаган ёш боладан, маймундан ёки магнитофонга ўxшаган нарслардан эшитса, сажда вожиб эмас.
Битта сажда оятини бир ўринда кўп бор такрорласа ҳам бир марта сажда қилади. Агар жой ўзгарса ҳар бир жой учун алоҳида-алоҳида сажда қилади.
Қуръони Каримнинг 15 та жойида сажда ояти келган. Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрича 14 та сажда ояти келган.
Қуръони Каримдаги сажда оятлари қуйидагилар:
1. «Аъроф» сураси (206-оят).
2. «Раъд» сураси (15-оят).
3. «Наҳл» сураси (48-оят).
4. «Исро» сураси (107-оят).
5. «Марям» сураси (58-оят).
6. «Ҳаж» сураси (18-оят).
7. «Фурқон» сураси (60-оят).
8. «Намл» сураси (25-оят).
9. «Сажда» сураси (15-оят).
10. «Сод» сураси (24-оят).
11. «Фуссилат» сураси (37-оят).
12. «Нажм» сураси (62-оят).
13. «Иншиқоқ» сураси (21-оят).
14. «Алақ» сураси (19-оят).
НАМОЗДАН СЎНГ ЎҚИЛАДИГАН ДУОЛАР
Ҳамд ва мақтов фақат оламларнинг Робби бўлган Аллоҳга хосдир. Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар айтаман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари ва саҳобаларига салоту саломлар айтаман! Эй Роббимиз! Дуоларимизни қабул қилгин! Зеро, Сен билгувчи ва эшитгувчисан! Бизга тавба қилишни муяссар эт! Зеро, Сен тавбаларни қабул қилувчисан! Эй Роббим! Намозимизни, рўзамизни, қиём, рукуъ, сажда, қаъда, ташаҳҳуд, тасбиҳ, таҳлил, илтижоларимизни қабул этгин! Нуқсонларимизни йўқ қилгин! Хатоларимиз учун итоб қилма! Гуноҳларимизни афв этгин! Сен бизнинг Роббимиз ва ҳимоячимизсан. Эй Роббимиз! Биз нафсимизга зулм қилдик. Агар бизни афв этмасанг, мағфират қилмасанг, шубҳасиз, зиён кўрувчилардан бўламиз. Эй Аллоҳим! Ажримизни хайрли қил! Бизни дунё ва охират разолатидан сақла! Аллоҳим! Сени зикр қилиш, Сенга шукр қилиш ва Сенга мукаммал шаклда ибодат қилишимиз учун қувват бер. Аллоҳим! Бизнинг динимизни кучли қил, сўнгги нафасимизда иймонимизни саломат сақлагин! Душманимиз бўлган шайтонга эргаштирма! Сендан қўрқмаган ва раҳмсиз инсонларни бизга ғолиб қилмагин! Бизни дунё ва охират неъматлари билан ризқлантиргин.
Эй ҳолатларни ўзгартирувчи, бизнинг ҳолимизни хайрли равишда ўзгартиргин! Эй лутфи яширин бўлган Аллоҳим! Бизни қўрққанларимиздан ҳимоя қилгин! Эй Аллоҳим! Сен афв этувчисан, афв этишни севасан, мени афв эт! Эй Аллоҳим! Илмимизни зиёда қил! Ризқимизни етарли даражада бергин! Илмимиздан аввал тавбамизни қабул этгин! Ўлим вақтида бизга роҳат бергин! Ўлганимиздан сўнг биздан мағфиратингни аямагин! Марҳаматинг ила бизларни жаннатингга киргизгин! Дунёю охират саодатини насиб қил! Аллоҳим! Фойдали илм, қабул бўладиган амал ва ҳалол ризқ бергин! Эй қалбларни ўзгартирувчи Аллоҳим! Қалбларимизни Исломда собит қилгин! Эй қалбларни ўзгартирувчи Роббим! Қалбларимизни Ўзингга итоатли этгин! Ислом динини ва мусулмонларни азиз қилгин. Эй барча эшикларни очувчи Роббим! Биз учун хайр (яхшиликлар) эшигини очгин!
Аллоҳим! Бизга раҳматинг ва марҳаматингга сазовор қиладиган имкониятлар бергин! Яхши амаллар қилишни насиб этгин! Жаннатларингга киргизиб, жаҳанамдан сақлагин! Парвардигорим! Бизларни ҳидоят қилганингдан сўнг дилларимизни ҳақ йўлдан адаштирмагин! Бизга ўз ҳузурингдан раҳмат ато этгин! Шубҳасиз, Сенгина барча яхшиликларни ато этувчисан! Аллоҳим! Менга Ўз йўлингда вафот этишимни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида тирилишимни насиб этгин! У зотнинг суҳ батларини, кавсарларини насиб қилгин! Роббим! Ота-онам мени кичиклигимда раҳм билан боққанлари каби, Сен ҳам уларни раҳмат айлагин! Роббим! Сен менга, ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларни қилишга муваффақ этгин! Фарзандларимни ҳам солиҳлардан қилгин! Роббим! Биз Сенга иймон келтирдик, бизни афв эт, бизга раҳматларингдан сочгин! Сен марҳамат этувчиларнинг энг марҳаматлисисан! Роббим, бизларни ва биздан олдин ўтиб кетганларни мағфират қилгин! Қалбларимизда иймон келтирган инсонлар учун бирор ғашлик қилмагин! Албатта, сен меҳрибон ва раҳмлисан! Аллоҳим! Агар унутиб ёки хато қилиб осий бўлсак, бизни азобга қўймагин! Роббим! Бизларга олдинги ўтганларнинг бўйинларига қўйган юкингдек юк юкламагин! Роббим! Бизларга тоқатимиз етмайдиган ишларни юкламагин! Бизларни афв этиб, гуноҳларимизни мағфират этиб, ҳолимизга раҳм айлагин! Ўзинг Хожамизсан! Кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил! Роббим! Қабримга гуноҳлардан пок ҳолда киритгин! Қиёматда мусулмон ҳолимда қабримдан чиқаргин! Мен учун ўз даргоҳингдан бир қувват ато этгин! Роббим! Бизга комил нур бергин ва мағфират қилгин! Албатта, Сен барча нарсага қодирсан! Эй Роббим! Дунёю охиратда бизга эминлик бергин! Жаҳаннамингдан қутқаргин! Аллоҳим! Мени, ота-онамни ҳамда барча мўминларни ҳисоб кунида мағфират эт! Ўз раҳматинг билан бизларни ҳимоя қил, эй марҳаматлиларнинг энг марҳаматлиси! Барча пайғамбарларга салоту саломларимизни йўллагин! Оламларнинг Роббига ҳамду саноларимиз бўлсин!
Аллоҳим! Сен кечирувчисан! Кечиришни яхши кўрасан! Бизларнинг гуноҳларимизни кечиргин! Намозу рўзаларимизни қабул айла, уларни рад этма! Шайтон васвасаларидан, нафснинг ёмонликларидан, орзуларидан, амалларимизнинг ёмонларидан, умримизнинг охири ёмонлик билан тугашидан, ўлим ҳушсизлигидан, қабр азобидан, қиёмат даҳшатларидан, жаҳаннам азобларидан паноҳингга қочамиз! Аллоҳим! Бизни муҳофаза айлагин! Бизларни кечиргин! Ўтган гуноҳларимизни афв этгин! Қолган умримизни Ўзингнинг тоатинг билан ўтказишни насиб қилгин! Жаннату жамолингга, ризоингга етиштиргин! Расулинг ҳурмати, бизларни афв этгин! Ўзингни ҳузурингдан қайтарилмайдиган иймон бер! Қўрқувчи қалб, манфаатли илм бергин! Ҳар қандай балолардан саломат сақлагин! Ҳар бир берган неъматларингга шукр этувчилардан қилгин! Инсонлардан беҳожат қилгин! Менга ҳалол ризқ бергин, тавфиқ ҳам насиб этгин! Эй саховатли Зот! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва аҳли байту саҳобаларига салоту салом ва баракотлар ёғдиргин!
ТАСБЕҲ, ТАҲЛИЛ ВА ТИЛОВАТДАН СЎНГ ҚИЛИНАДИГАН ДУОЛАР
Аллоҳим! Хатоларимдан, четдан келадиган ёмонликлардан Сенга сиғинаман! Мени гўзал хулқли инсонларга қўшгин! Гўзал инсонларга ҳидоят қилгин! Бутун ёмонликлардан узоқлаштиргин! Бунга фақат Сенинг Ўзинг қодирсан!
Аллоҳим! Бизга Ҳабибинг ҳовузидан сув ичишни насиб этгин! Бизларни унинг жамоасида тирилтиргин! Аллоҳим! Сенинг зикрингни қиламан, номингни поклайман, улуғлайман! Сени мақтайман ва шарафлайман. Мана шу ҳамду мақтов калималарини Сен яратган ва яратадиган махлуқлар сонича, оғирлигича, осмону ерларнинг мислича такрор айтаман! Бу тасбеҳларни барча махлуқотнинг ададича, Аршнинг оғирлигича, раҳматингнинг кенгилигича, калималарнинг ададича ризолигингни олганлар ва оладиганлар сонича такрор-такрор зикр қиламан! Дунё яратилгандан буён, шу кунга қадар қиёматгача ҳар кечада, соатларнинг ҳар бирида, ҳар нафасда, дунё мавжудотлари ададича, булардан ҳам ортиқ калималарни такрор-такрор зикр қиламан.
«Субҳаналлоҳи вал ҳамду лиллааҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил ъалийюл ъазийм»
Аллоҳим! Яширину ошкора ҳолимни Ўзинг яхши биласан. Талабу мақсадимга етказгин, мени мағфират қилгин! Соғлом иймонга соҳиб қилгин! Яқийн иймонни қалбимга жойлаштиргин!
Аллоҳим! Охирги Пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, дўстинг Иброҳим алайҳиссалом, сирдошинг Мусо алайҳиссалом, Ийсо алайҳиссалом ҳурмати, Таврот, Инжил, Забур ҳурмати, Муҳаммад алайҳиссаломга нозил бўлган Қуръон ҳурмати, бутун пайғамбарларингга юборган ваҳийинг ҳурмати, махлуқот устидаги қазою қадаринг ҳурмати, Қуръони Каримда нозил бўлган Сомад, Аҳад, Тохир исмларинг ҳурмати, кундузларингни ойдинлатиб, кечаларни қоронғи қилган исмларинг ҳурмати, азамати кибриёинг ҳурмати, ирода қудратинг билан Қуръони Каримни ўқиб, тушунмоқни, уни билдиришингни ва уни бутун вужудимга сингдиришингни, барча амалларимни Қуръонга мувофиқ қилишингни Сендан сўрайман! Қудрат ва ҳикмат фақат Сендадир!
Аллоҳим! Менга Ўз ҳузурингдан ҳидоят эҳсон айлагин! Ўз фазлу карамингдан менга эҳсон айлагин! Раҳматингни ёғдиргин! Баракотларингни устимизга нозил қилгин!
Аллоҳим! Ҳозирдаю келажакда, билгану билмаган яхшиликларни насиб этгин! Ҳозирдаю келажакда, билгану билмаган ёмонликлардан паноҳ бергин! Жаннат ва унга олиб борадиган феъл, сўз, амални насиб эт! Жаҳаннам, унга олиб борадиган феъл, сўз, амалдан узоқ қил! Қулинг, Расулинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган нарсаларни сўрайман, паноҳ тилаган нарсалардан қочаман. Менга тақдир этган нарсаларингнинг охирини хайрли қилишингни сўрайман! Эй марҳамат этувчиларнинг энг марҳаматлиси, Сенинг марҳаматингни тилайман!
Аллоҳим! Кўнглимни Сенга боғлаб, ҳолимни бир ерга тўплаб, ишларимни кўзлаб, тилимни ислоҳ қилиб, ботинимни сақлаб, зоҳиримни юксалтириб, амалларимни поклаб, орттириб, юзимни ёруғ қилиб, ризоингга етказадиган, ҳар ёмонликдан сақлайдиган раҳматингни, Сенинг фазлингни сўрайман! Аллоҳим! Сендан содиқлик, яқийн бир иймон, дунёю охиратда лутфу карамингнинг энг юксак мартабасига етказадиган раҳматингни сўрайман. Аллоҳим! Қазоларга сабр ва қутулиш ато этишингни, шаҳидлар мартабасини, яхшилик ҳолда яшашни, душманларга ғолиб келишни, пайғамбарларга биродар бўлишни Сендан сўрайман!
Эй кўнгилларга шифо бериб, бутун дардларга дармон бўлувчи Аллоҳим! Қабрнинг фитнасидан сақлагин. Бизни адашган гуруҳлардан қилмагин! Ҳидоятда бўлиб, ҳидоятга етаклайдиганлардан қилгин! Душманлардан узоқлашиб, дўстларга яқинлашганлардан қилгин! Сенга бандалик қилганларни розилигинг учун севиб, Сенга исён этганларга ризоинг учун хусумат қилувчилардан қилгин!
Аллоҳим! Мен тилим толгунича дуо қиламан. Қабул қилиш Сендандир. Сенга дуо қиламан, ўзинга суянаман. Қиёмат кунида аҳдига вафо қилган, рукуъ-сажда қилган яхшилар билан баробар жаннатга киритишингни истайман. Караму эҳсонининг ниҳояси бўлмаган, дўстлик қилганларга чексиз севгиси бўлган Аллоҳсан.
Эй яхшилик ва улуғлик ридосига бурканиб, қулларингга фазлу инъомини тўхтатмаган Роббим! Сени поклайман! Сенга тасбеҳлар айтаман! Қалбимни, қабримни, кўзимни, қулоғимни, теримни, юзимни, қонимни, суягимни, гўштимни, орқаю олдимни, икки ёнимни, остиму устимни нурли қилгин! Нуримни орттиргин! Аллоҳим! Тавба қилгандан кейин яна қилиб қўядиган гуноҳларимдан тавба қиламан! Сенга ваъда бериб, сўзимда тура олмасдан қилиб қўйган бутун ҳаракатларимдан Сенга истиғфор айтаман, тавбалар қиламан! Сени ризо қилиш ниятида бўлиб, лекин риё қилиб қўйган бутун амалларимдан тавба қиламан!
Менга инъом этган неъматларингга исён этган хатоларимдан Сенга истиғфорлар айтаман! Эй яширину ошкорни биладиган Аллоҳим! Кундузнинг ёруғлигида, кечанинг қоронғилигида, жамоатда, ёлғизликда, яширину ошкорда қилган барча хатолардан Сенга истиғфорлар айтаман! Сендан мағфират тилайман! Эй ҳикмат соҳиби Аллоҳим! Қуръони Карим ҳурматидан мени раҳмат айлагин! Қуръонни менга иймон, нур, ҳидоят ва раҳмат қилгин! Қуръондан унутганларим бўлса, менга эслатгин, тушунмаганларимни англатгин! Кечаю кундузда Қуръон ўқишни менга насиб қилгин! Қуръони Каримни жаннатга киришимга ҳужжат қилгин! Эй оламларнинг Робби Аллоҳ! Қуръон ҳурматидан қабримизни нурли қилгин! Қуръон баракотидан ишларимизни енгил қилгин, Қуръон ёрдами билан қалбларимизни очгин! Қуръон шафоати билан гуноҳларимизни кечиргин! Ўлим аччиғини енгил қилгин! Ё Ҳаннон, ё Маннон, ё Зулжалоли вал Икром! Улуғ Қуръоннинг ҳурматидан бизга раҳм қил! Қуръон шарофати ила жаннатингга дохил айлагин!
Аллоҳим! Мени жаҳаннамдан сақлагин! Менга чиройли сабр бергин! Соғлом қалбга соҳиб қилгин! Тилимни зикрли, дуоларимни ижобатли қилгин! Китобимни ўнг томонимдан бергин! Ризқимни ҳалолидан бергин! Жаннатни муқим қароргоҳ қилгин! Жаннат ҳарирларини (кийишни) насиб қилгин! Жамолингга тўйиш лаззатини бергин! Аллоҳим! Сен кечиргувчисан! Кечиришни яхши кўрасан. Бизнинг гуноҳларимизни мағфират қилгин! Намозларимизни, рўзаларимизни қабул қилгин, уларни ҳабата қилмагин! Шайтон васвасасидан паноҳингга қочаман! Нафснинг ёмон амалларидан паноҳингга қочаман! Умримнинг охирини чиройли тугатишингни сўрайман. Ўлим аччиғидан, қабр азобидан, қиёмат даҳшатидан, жаҳаннам азобидан паноҳ бергин! Ўтган гуноҳларимни ва келажакдаги гуноҳларимни мағфират қилгин! Умримни фақат Ўзингга итоатда бўлишга сарф қилишни насиб этгин! Жаннату жамолингга, ризоингга етиштиргин!
Аллоҳим! Доимий иймон насиб этгин! Қўрқувчи қалб, манфаатли илм бергин! Ўзингга яқин қилгин! Динимда бардавом қилгин! Ҳар бир балолардан омон сақлагин! Сенга давомли шукр этишни насиб айлагин! Саховатли бой қилгин! Эй оламларнинг Робби Аллоҳ!
«Варзуқнаа ҳуснан назари илаа важҳикаллазина анъамта алайҳим минан Набиййина вассиддиқина вашшуҳадааи вассолиҳийн! Аллазийна тажрий мин тахтиҳимул анҳару фии жаннаатин-наъиим! Даъвааҳум фииҳаа субҳаанакаллооҳумма ва таҳийятуҳум фииҳаа салаам. Ва аахиру даъваанаа анил ҳамду лиллааҳи Роббил аъламин».
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.