Текст книги "Умр карвони"
Автор книги: Абдулхамид хожи Абдулахад
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 2 страниц) [доступный отрывок для чтения: 1 страниц]
Ҳожи Абдулҳамид Абдулаҳад
Умр карвони
Муаллиф ҳақида
Абдулҳамид ҳожи Абдулаҳадов 1946 йилда таваллуд топган. Олий тоифали шифокор-жарроҳ. Ёшлигиданоқ адабиёт ва санъат билан қизиққан. Талабалик йилларида унинг бир талай рисола ва шеърлари газета ва журналларда босилиб чиққан. Ҳаваскор хонанда сифатида бир неча қўшиқ ва ашулалари миллий радио комитетида ёзилган. Бир неча хорижий тилларда равон сўзлашади. Хизмат сафарлари билан кўпгина чет мамлакатларда бўлган. Икки марта ҳаж сафарига мушарраф бўлган. Бўш вақтларида турли мавзуларда шеърлар машқ қилиб юради. Мана шулардан Сиз азиз мухлислар эътиборига ҳавола қилинмоқда.
Табиб тахаллуси билан Ҳожи Абдулҳамид шеърлари
Тўғри инсонни Худо тоабад хор қилмагай
Аммо нопок бўлса ул ким қадамда зор йиғлагай.
Дилда бўлса Оллоҳ зикри қўл ҳалол меҳнатла банд
Хотирин жам қилиб ҳар ким эзгуликни ўйлагай.
Меьёр бериб ҳар амалга, ўзи – қози ул Тангрим
Меъёрдан ошса ким, афвдан умидвор бўлмагай.
Баъзилар келди-ю кетди, Фонийга лаҳза жисм бўлиб
Лек Исм қолмиш ўзгадан боқий мутлоқ ўлмагай.
Ўтди ҳар не алломалар, ибратомуз умр ила,
Шояд, авлодлар таъзим-ла руҳларин шод айлагай.
Кимки, олдидаги борнинг қадрин назарга илмас,
Билсин, олисдаги йўқнинг ҳеч вақосин билмагай.
Бас, шукр қил борига, насибанг шул, эй Табиб,
Қаноатсиз кимсаларнинг кўнгли мудом тўлмагай.
13 сентябрь 1996 йил.Дубай шаҳри.
«Элликка чиққанда қўлимда қалам…»
Элликка чиққанда қўлимда қалам
Ёзмишдир ўтмиш, келажак тархин.
Дилда ўкинч бирла яширин алам
Совурдим билмайин ёшликнинг нархин.
Ёшликда жисмоний қувват зиёда
Беаёв сарфланар ҳуда – беҳуда.
Кексайиб, ақлдан бўлгач нишона
Самара кўрмоққа кеч бўлар жуда.
Ёшликнинг қувватин жиловлаш учун
Ақл даркор экан, билгил эрта-кеч.
Аммо ёшлик ақлга муҳтож бўлган-чун
Кексаликнинг траддудин қилмас экан, ҳеч.
Дунё гўзал яралмиш, унда кўп неъмат
Қани, барча баробар бўлиб ололса…
Шунинг-чун халқда бор ажиб бир ҳикмат –
«Қанийди ёш билса-ю, кекса – қилолса!»
21 сентябрь 1996 йил.Дубай шаҳри БАА.
«Элда бор ажиб ибора: «эшаги сувдан ўтгунча»…»
Элда бор ажиб ибора: «эшаги сувдан ўтгунча»,
Баъзилар бошини қашир – то маъносига етгунча.
Бунда кўп сир-синоат йўқ, у – эшак бўлиб яралган,
«Суюкли» маҳлуқ тарзида бутун дунёга таралган.
Кўринишдан беозордир, кучи ҳалол, зўр меҳнаткаш,
Аммо сувнинг фарқин билмас, бироз бефаросат пасткаш.
Шу боис, эшакни ниқтаб, ҳайдарлар кучи етгунча,
Бир кор қилиб қўймасин деб, то сувдан ўтиб кетгунча.
Баъзилар бор эшаксифат, мулойим, жафокаш мунча
Нима буюрсанг бажарар, эшаги сувдан ўтгунча.
Ҳатто, йўқни бор қилади, беҳисоб сарф қилар қанча
Ўзни қурбон, хор билади, эшаги сувдан ўтгунча.
Аммо, сувдан ўтиб олгач, такаббур бўлиб олади,
Қилган барча найранглари ошкора бўлиб қолади.
Шунинг-чун эй қадрдонлар, ишлатманг найранг заррача,
Халқ кулиб демасин «ана – эшаги сувдан ўтгунча».
* * *
«Дўсту-улфат кимга керак, кунда сиз-биз бўлмаса…»
Дўсту-улфат кимга керак, кунда сиз-биз бўлмаса,
Қозон-капгир нега керак, унда жиз-биз бўлмаса.
Бегоналар бўлар яқин, сиз-биз, жиз-биз туфайли
Ака-ука бегонадур, меҳр-шафқат бўлмаса.
Дўсту-ёрга очиқ уйинг, кўнглинг ҳаргиз кенг бўлсин,
Келгандан кўнглинг тўларму, меҳмон ўйнаб-кулмаса.
Ёрга вафо, дўстга – ҳурмат, танга – соғлиқ жоиздур,
Ишқ-муҳаббат ҳар дам даркор ёрнинг кўнгли тўлмаса.
Борига шукр қил доим, йўқни баттар йўнмайин,
Не қиларсан манглайингда омад ҳарфи бўлмаса.
Молу-дунё – қўлнинг кири, кирга ҳирс қўйма, Табиб
Умринг ўтмас хотиржам, соф дўсту ёринг бўлмаса.
* * *
Илтижо
Жамолингга пинҳона ошиқ бўлдим ман эй ёр,
Муродим ҳосил бўлгай, агар кўрсатсанг дийдор.
Биламан бир мен эмас, ҳажрингда қўйиб-ёнган
Эвоҳ, қанийди бўлсам, бир бор меҳрингга қонган.
Васлинга етишмоққа аҳд қилдим, онт ичдим
Ёлғон дунё лаззатининг барчасидан воз кечдим.
Туну-кун ибодат бирла, фикру-ёдим Сен ўзинг
Ўзгани кўрмоқ истамас, менга берган қалб кўзинг.
Бўлди онлар, шайтон-лаъин оздирганда адашдим,
Тўғри йўл туриб, аҳёнан, эгриларга эргашдим.
Фақат афсус ўша онлар кетди зое, бесамар,
Барчасидан етишди бас, иззат – нафсимга зарар.
Ишқинг ўти қайтарди-ку, тўғри йўлга эй, дилдор
Ўзинг паноҳ, қайрилмасман бу йўлдан энди зинҳор.
Жамолингга пинҳона ошиқ бўлдим ман, эй ёр,
Муродга етказувчи ўзингсан Парвардигор.
* * *
Умр карвони
Умр карвонида бир нафар бўлиб,
эзгулик оламин кезмоқдаман мен.
Тобора манзилга интилган сари,
ҳаёт сир-асрорин сезмоқдаман Мен.
Ёлғондан йўл ясаб, Чинга ўтсин деб,
ҳаммага тенг қисмат берди Улуғ зот.
Қанийди ўтолса барча баробар,
бу йўлда қоқилиб-йиқилмай ҳайҳот!
Жонзодлар ичинда сардори бўлиб,
олганмиз буюк ном, аталиб Инсон.
Жаҳонни ўзига буйсундирган ақл,
олий неъматмасму, Тангримдан инъом.
Ким тўғри ишлатса ақлу-фикрини,
собит йўлдан борар бўлмайин ҳайрон.
Бир лаҳза унутса Оллоҳ зикрини,
чалғитиб устидан кулади шайтон.
Жаннатда ўтириб, баъзида, дўстлар,
орзулар қиламиз ўзга Маконни.
Барча ерда бир хулқ, Одам боласи,
иқрор бўлдим кезиб жумла-жаҳонни.
Ўша кўзлар, юзлар, ўша сиймолар,
ўша вафо, жафо ва ўша сийрат.
Борлиги ўшадир, асло фарқи йўқ,
лек қалбим ҳиссига топмадим нисбат.
Киндик қон тўкилган остонам, онам,
эмикдош ўсган юрт – Ватаним менинг
Қоқилганда суяб, йиқилсам кўтарган,
дўстлар бор, диёр – Масканим менинг.
Асл мусулмон рамзидур Устоз-Пирларим
Нақшбанд Яссавий – аждодим менинг.
Нечун фахр этмайин, Табиб, шукр-ла,
Туркистонда йўғрилган жон – таним
менинг.
1997 йил Рас Ал-Хайма.Б.А.А.
Илк сафар
Ақл кучга тўлиб, соч оқарганда,
сафар қилмоқликни орзу қилдим Мен.
Расул, саҳобалар кезган ўлкани,
зиёрат қилмоқни мавзу қилдим Мен.
Чин дилдан йиғласа тошдан ёш чиқар,
амалда синадим, иқрор бўлдим Мен.
Бу мақсад йўлида риёзат чекиб,
баъзан қийналдим ҳам, гоҳо кулдим Мен.
Араб дунёсининг жавоҳири
Саудия тупроғин илк бор босганда –
Илоҳий ҳис қамраб бутун вужудим,
ҳузурбахш бир чуқур уйга топдим Мен.
Боболар орзиқиб интилган диёр,
Макка-ю, Мадина бағрида инган.
Йигирма беш сана қутлашаётган Амирлик меҳмони
бўлиб қолдим Мен.
Араб билан Эрон ўртасидаги денгизни
азалдан Холиж дейишган
Атрофига ўрнашиб форсий, арабий,
Ислом майизини бўлиб ейишган.
Бир қирғоқда Қувайт, Ироқ, Сурия,
Қатар, Баҳрайн ва форсий Хуросон
Иккинчи тарафда маржон тизилган
Араб Амирлиги ва гўзал Оммон.
Абу-Даби, Дубай, Шариқо, Ажмон, Уммул Қувайн,
Фужайра ва Рас Ал-Хайма
Етти амирликни бирлашган ҳолда,
Араб талаффузида «иморот» деркан.
Денгиз қирғоғида униб-ўсган юрт,
қадимда макони – ертўла, чайла
Ортида ястанган жазира саҳро бўлса ҳам
замири бадавлат экан.
Суви шўр, ери – қум, зироат танқис,
жонзот яшамоқда сабр-ла, мискин.
Эътиқод, ибодат, итоатига,
Оллоҳ ярашиқли берибди ризқин.
Ер остида бойлик – уларга неъмат,
у туфайли мискинлар бўлибди Ғаний.
Чўлда жаннат кўриб яшашдек бахтга,
яратган муяссар этсин барчани.
Бу ўлка муқаддас ҳар муслим учун,
ер юзидан талпинар унга минг-минглаб
Араблар жиддий халқ, бағри кенг, аммо,
қабул қилавермас келганнинг барин.
Минг бор шукр, мени қабул этдилар,
тилимни тушунмаса, дилимни англаб.
Мен ҳам сидқидилдан малҳам бўлайин,
муҳтожларга сарф қилиб меҳримнинг
барин.
1995 йил Абдулҳамид – Табиб.2 ДекабрьБ.А.А. нинг мустақиллик куни.
Ҳаж сафари
Беш рукн Исломда ҳар муслимга фарз,
Бажо этсанг шукр, бажармасанг қарз.
Туғилганда имкон тўлиқ берилар
Бой берсанг ғафлатда ўзингдан қил арз.
Умр бўйи ақалли бир марта ҳаж қил,
Ҳар йилнинг фарзидур закотни бергил.
Бир йилда ўттиз кун рўзани тутсанг,
Ҳар куни беш маҳал намозни кутсанг.
Иншооллох, иймонинг бутундир ҳамон,
Пок иймонинг қалбингда дардингга дармон.
* * *
Арафат тоғи
«Чин дилдан йиғласа сўқир кўзда ёш…»
Чин дилдан йиғласа сўқир кўзда ёш,
Ҳар кимнинг тилаги ўзига йўлдош.
Биров бой бўлсам дейди, бировлар – подшо
Мен фақир ҳаж йўлида айладим бардош.
Оллоҳга етгандир тилагим, балки
Аввал қабул айлаб, арабнинг халқи.
Сўнгра етақлашди Макка томонга
Маломат қилдирмай, яхши-ёмонга.
1997 йил,Ҳожи Абдулҳамид Табиб.
«Ҳижрий йил минг тўрт юз ўн еттисининг…»
Ҳижрий йил минг тўрт юз ўн еттисининг
Нийсон ойи учида сафарга кетдик.
Эртасига тонг саҳар Пайғамбар шаҳри
Мадинаи мунавварага келиб етдик (алҳамдулиллоҳ).
Уч кун Набий уйида ибодат қилдик
Муқаддас жойларнинг асрорин билдик.
Масжиднинг қибласида – Муҳаммад қабри
Ёнида қабристон – саҳобалар бари.
«Қубо» масжиди-ю, «Қиблатайн» да
Намозлар ўқидик, айлаб ибодат.
Бадр жангги, бўлган, Уҳуд тоғи ва
Кўп азиз жойларни қилдик зиёрат.
Учинчи кун «Мийқот» да ғусл айладик
Дил – танни поклагач, эҳром бойладик.
«Лаббайка оллоҳумма лаббайк» 11
Лаббайка оллоҳумма лаббайк. Лаббайка ла шарика лака лаббайк. Иннал ҳамда, вал неъмата, лака валмулк, ла шарика лак.
[Закрыть] ни ўқиб
Маккага етгунча дилга жойладик.
Мисли чақалоқдек йўргакда эдик,
Оллоҳ зикри бирлан Маккага келдик.
«Раҳмат эшигинг оч, менга Оллоҳ», – деб
Масжиди ҳаромга илк салом бердик.
Ислом Оламининг пойтахти – Макка,
Макканинг юраги – масжиди Ҳаром.
Ҳовли ўртасида Қора Тош – Каъба
Миллион пора дилга бергуси ором.
Нафақат муслим, балки башарият
Каъба атрофида топгуси таскин.
Ҳатто, шайтон – лаъин, унга минг лаънат!
Бу Азиз диёрда беозор, мискин…
Аббос эшигидан кирдик ичкари
Умра зиёратин бошладик аввал.
«Йўл кўрсат, мадад бер, ўзинг Оллоҳ», – деб
Оломонга урдик ўзни, таваккал…
Оламга Нур бериб турган Каъбани
Етти марта айланиб тавоф айладик.
Иброҳим мақоми, Исмоил тоши
Бағрида намозга қўлни бойладик.
Сўнг зиёрат қилдик «Зам-зам» булоғин
Шифо сувин ичиб, бироз ўтирдик.
Кейин, «Сафо», «Марва» тепаликларин
Етти марта айланиб дуо ўқидик.
Шу билан Умрани ортда қолдирдик,
Ислом одати-ла, сочни олдирдик.
Ниҳоят, илк марта эҳромни ечдик,
Чанқоқ дилга тўйиб «Зам-зам» дан ичдик.
* * *
«Каъбага тикилиб ҳар кун тонг-саҳар…»
Каъбага тикилиб ҳар кун тонг-саҳар
Оллоҳдан сўрадим соғлиқ, офият.
Каъбага қарасам, Онам кўринар
Билдим, Она қадри – Каъбага нисбат.
Бўзлаб туриб Худодан сўрадим иймон
Оқ сутига рози бўлсин Онажоним деб.
Кечган камтар умрига бўлмай пўшаймон
Қабрида таскин топсин Отажоним деб.
Сўрадим дуо билан Тангримдан мадад
Волидам, ака-укам, эмикдошларга.
Оиламу, қуни-қўшним, барчага сиҳат
Фарзандларим, дўсту-ёрим, қариндошларга.
Тиладим чин дилдан юртимга тинчлик
Юртбоши соғ бўлса, халқим фаровон.
Ҳар дилга етказиб осойишталик
Исломга қувват бер, мўъминга иймон.
Ким англамас тириклик моҳиятини
Умри ўтар қадрсиз, аросатдадур.
Мазмун бериб улуғлаш, гул ҳаётини
Ҳар кимга насиб этган фаросатдадур.
* * *
«Ёлғон арафамиз бошланган саҳар…»
Ёлғон арафамиз бошланган саҳар
«Мино» тоғига келиб, олдик бироз тин.
Сал ўтмай, шамол туриб, бирдан, алҳазар
Чодирларни куйдириб, бошланди ёнғин.
Бир миллион чамаси Ҳожи жойлашган
Бу манзил лаҳзада оловда қолди.
Оллоҳнинг иродаси шундайин экан
Ажали етганлар, ажрини олди…
Эртасига «Арофат» тоғида бўлдик,
Сўнгра «Муздалифа» томонга юрдик.
Уч кун «Жоморот» га бориб, азизлар
Шайтонга тош отдик, тимсолин урдик.
Қурбонликка биттадан қўй атаб Ҳайитда
Зиёратга келдик масжид Ҳаромга.
Ҳаж ибодатин ҳам бажариб қайта
«Видо» тавофи-ла етдик оромга.
Шу куни Маккадан келиб Жиддага
Асрда бошимизни қўйдик саждага.
Намоз шомни ўқиб, сўнг қилдик парвоз
Хуфтонда Дубайга қўндик қайта боз.
Ўн етти кун ўтибди бир кундек бўлмай
Лекин, минг йилга татир амал бажардим…
«Алҳамдулиллоҳ» дедим, сал кўнглим тўлмай
Қанийди, имкон бўлса, яна борардим…
«Саргузаштим баён этдим оддий тил билан…»
Саргузаштим баён этдим оддий тил билан,
Эшитганлар кўнглидан ғуборлар кетсин.
Сизларга ҳам тилайман очиқ дил билан
Ҳаж сафарин, ҳар мўъмин муродга етсин.
* * *
Ота-она қадри
Тириклигида билгил Ота-Онанг қадрини
Ўтгандан сўнг афсус бирла ахтармасдан қабрини.
Аҳмоқ бўлсанг гуноҳингини тўнкамагин ёшингга,
Ахир, ақл киради-ку ёшинггамас бошингга.
Қай бир Ота-она ўз фарзандига бефарқдур,
Билинг, оқибатда улар зулм дарёсига ғарқдур.
Тантиқ, эрка ўсган фарзанд илм-ҳунарсиз ғўрдир
Улғайгач, бир иш эплолмай, эл ичинда зор-хордир.
Ким бўлса ҳам Ота-онанг бири – Ой, бири – Қуёш,
Ҳеч кимса бўлолмас сен-чун Ота-Онангдек йўлдош.
Ота-онангга оқ бўлма, уларнинг мавқеин бил,
Заррача таъсир қилса бу панд, эй Табиб сен шукр қил.
* * *
Тушдаги сухбат
Сен малакни Илоҳим яратмиш қайси унсурдан
Ақл паришон, тилим лол, воқиф бўлай десам сирдан.
Босган изингдан ҳаёт унмиш бу ғариб дунёда
Инсму зотинг, ё жинсдан, айт, борму сендан зиёда?
Гар жилмайсанг мисли жаннат эшиги очиладур,
Ундан оламга муаттар дур-инжу сочиладур.
Чақнаган Зуҳромисан ул беадад нужум аро,
Қайси олий фалакдан келиб солмишсан можаро.
Юзинг нуридан қамашиб, ой кўкда тортмиш хира,
Рашкингда куйиб Қуёш юрак-бағри бўлмиш пора.
Қайданам тушди кўзим сен парига, тақдирму, ё?
Хаста дилга борму илож, қасдинг жон оларму, ё?
Ўртанди жисму-жоним жоду нигоҳ оташида
Бериб борим, қондирай ташнамни булоқ бошида.
Мурувват-ла боқиб ҳолимга, фақир кўнглим шод қил,
Бир мискин кўнглим овламоқ, минг савобдин аъло, бил!
Қисмат раво кўрган бўлса, тақдирга тан бер Сен ҳам,
Холис хизматингда шояд, бахтиёр бўлсам Мен ҳам.
Васлинг умиди мен учун ҳаётбахш малҳам эрур
Сенинг ёдинг билан ёнмоқ қалбимга илҳом берур.
10.06.1997 йилРас Ал-ХаймаБ.А.А.
Фирибгарга
Бериб Оллоҳ Инсонга ақл ва фаросатни
Тўғри ишлатмаганларга кўрсатди аросатни.
Эзгуликка ишлатса ақлини ҳар кас билиб
Ёвузликка сарф этар нокаслар айлаб фириб.
Инсоф, виждон, адолат – иймонингга кафолат,
Фириб йўлида юрсанг, охири вой – жаҳолат.
Лақиллатиб соддаларни айш сурдинг Фонийда
Абадул-абад жаҳаннам – маконингдур Боқийда.
Эсингни йиғ, Худодан қўрқ, эй фирибгар кўзинг оч,
Тавба қилгин вақтида, ёвузликдан тезроқ қоч.
Ҳатто Онанг кафилликка ўтолмайди юлиб соч,
Маҳшарда Худо олдида турганингда яланғоч.
Насиҳатми, маслаҳатми, юрдинг ҳақ сўзни айтиб,
Тавба қилса фирибгарлар адашмасинлар қайтиб.
Халқ учун куйиб – ёниб ўтдинг-ку Сен – эй Табиб
Ҳақ йўлида собит юрса ҳар кимса бўлгай Ҳабиб.
* * *
«Бир умр машаққатла тўкиб қанча тер…»
Бир умр машаққатла тўкиб қанча тер,
Ёзолмадим ақалли тўрт қатор бир шер.
Эзгуликни унутдик… Бемақсад ҳаёт
Маънавият йўқолди… Лолдир она Ер!
«Дунёнинг мазмуни эмасму Ҳаёт…»
Дунёнинг мазмуни эмасму Ҳаёт
Унда жонли, жонсиз барчаси Ҳаёт.
Ёлғоннинг ташвиши дебоча Ҳаёт,
Боқийда бошланар асосий Ҳаёт.
* * *
«Бу дунё азалдан аталмиш Ёлғон…»
Бу дунё азалдан аталмиш Ёлғон
Яратганнинг ўзи ҳам деярмиш Ёлғон
Рост деб ишонганинг барчаси Ёлғон
Ахир, ёлғон маконда туғилмиш Ёлғон.
«Қўлингдан келганча қилгил Яхишлик…»
Қўлингдан келганча қилгил Яхишлик
Инсоннинг бурчидур қилмоқ Яхшилик.
Нокаснинг дилидан чиқмас Яхшилик
Демак ул зот яхши қилса Яхшилик.
* * *
«Саломатлик келтирар ҳалол мехнат…»
Саломатлик келтирар ҳалол мехнат,
Ризқингни тўла қилар ҳалол меҳнат.
Роҳат манбаи, ҳикмат – ҳалол меҳнат
Оллоҳ буюрган неъмат ҳалол меҳнат.
«Нима учун “тушингни сувга айт” дерлар?..»
Нима учун “тушингни сувга айт” дерлар?
Сувга боқса ҳар кимса ўзини кўрар.
Демак ўзига айтар кўрган тушини,
Ўзгага айтмоқлик ташвиш келтирар.
* * *
«Ким эзгулик тиласа, бўлсин соҳиби Иймон…»
Ким эзгулик тиласа, бўлсин соҳиби Иймон
Мунофиқлик йўлига ундар доимо Шайтон.
Қалбингдан жилмасин мустаҳкам Иймон
Лаҳза ҳоли бўлса… Забт этар Шайтон.
«Дил муҳаббат гулзори, тил эса булбул…»
Дил муҳаббат гулзори, тил эса булбул,
Ҳақ йўлида хониш қилса, сўлмас бирор гул.
«“Валдирама эй тупроқ”…»
«Валдирама эй тупроқ» –
Дебди тупроққа тупроқ.
Чунки барчанинг тупроқ
Эканин, билмас тупроқ.
* * *
«Оқил – такомилга, жоҳил – таназзулга…»
Оқил – такомилга, жоҳил – таназзулга,
Интилар ҳамон…
Биров минг йил кашф этганин
Бошқа, бир зумда йўқ қилди.
Ўтмоқда замон…
«Ўткир, аччиқ, тўғри бўлур Рост…»
Ўткир, аччиқ, тўғри бўлур Рост
Ёлғоннинг душмани аксидур Рост.
Синса синади-ю, эгилмайди Рост
Ул эгилганларнинг қаддин қилур Рост.
«Минганинг бўлса ҳам бедов, асов от…»
Минганинг бўлса ҳам бедов, асов от
Яхшиликка интил, ёмонликни от!
Ҳеч бир асар қолдирмас тагипаст зот
Умринг лаҳза бўлса ҳам қолдир яхши от.
«Ҳар ишни қилмоқдан бурун…»
Ҳар ишни қилмоқдан бурун
Охирин ўйла аввал.
Маломатга қўймасун
Бирор қалтис таваккал.
* * *
«Дил тилга деди: Доимо ҳакни сўйла…»
Дил тилга деди: Доимо ҳакни сўйла.
Тил эса деди: Ўзинг ҳам ҳақни ўйла.
«Барчани Ҳаққа қаратиш муслимга вожиб…»
Барчани Ҳаққа қаратиш муслимга вожиб,
Ёлғон ерда рост яратиш муслимга вожиб.
«Одамлар юзида табассум кўрсам…»
Одамлар юзида табассум кўрсам,
Мамнунликдан юрагим бўлади шодон.
Лекин кўрсам бирорта чимирилган қош,
Кенг олам тор бўлар гўёки зиндон.
«Ўн саккиз минг Олам ичра, ҳар оламнинг ўз тарзи бор…»
Ўн саккиз минг Олам ичра, ҳар оламнинг ўз тарзи бор
Биз яшаган оламда-чи? Мусулмонликнинг фарзи бор.
Агар инсон комил бўлса, адо этсин такрор-такрор
Бўйнимизда Оллоҳ солган ота-онанинг қарзи бор.
«Бетамиз сўзларни гапирганда тил…»
Бетамиз сўзларни гапирганда тил,
Ҳижолатдан маъюс қолар экан дил.
* * *
«Қани, мудом қозонолсам, мушфиқ халқим меҳрини…»
Қани, мудом қозонолсам, мушфиқ халқим меҳрини,
Бемеҳрлик ла қўзғатмай Она-юртим каҳрини.
«Гар нодон халқнинг ичинда, кунда қилса юз жафо…»
Гар нодон халқнинг ичинда, кунда қилса юз жафо,
Ҳатто, олисда, лек доно, айлар мудом минг вафо.
«Халқидин ким кўрди жафо, ўзни нодон билмас ҳеч…»
Халқидин ким кўрди жафо, ўзни нодон билмас ҳеч
Айби шулким, ҳаргиз ўксиб, халқин шодон қилмас ҳеч.
«Маиший нафсин тийса ким, моддий нафс бўлар шодон…»
Маиший нафсин тийса ким, моддий нафс бўлар шодон,
Чунки маишат йўлида юзлаб моддий нафс қурбон.
Моддий нафсдан меъёрида баҳра олган оқилдур,
Маиший нафсин тиёлмай юрса ҳар ким жоҳилдур.
* * *
«Мусулмон бўлар экан, мусофир бўлгандан сўнг…»
Мусулмон бўлар экан, мусофир бўлгандан сўнг
Бир муслим туғиларкан, юз кофир ўлгандан сўнг.
«Нечоғлик бадастдур бўлмасин Инсон…»
Нечоғлик бадастдур бўлмасин Инсон
Ватан туйғуси-ла бутундир Иймон.
«Инсоний одобда бўлмаса Одам…»
Инсоний одобда бўлмаса Одам
Алам чангалидан қутулмас Олам.
* * *
Мусофирлик ёмон экан
Аё дўстлар, эшитинглар,
мусофирлик ёмон экан,
Бардош берган одам ўлмас,
ишқилиб бир “омон”экан.
“Сирт” га чиқсанг “тил” билмайсан,
мисоли бир “гунг” экансан,
Уйга кирсанг, мисли зиндон,
иш қилолмай “гум” экансан.
Олам кенг-у, юрагинг тор,
сиқилишдан ўлай дейсан.
Овқатингнинг мазаси йўқ,
ҳар кун бир хил “Лапша” ейсан.
Мана шундай оғир дамда ҳунар ёки билим бўлса –
Иш бераркан ишлатсангиз оз бўлса ҳам илм бўлса.
Шукр, юрибмиз бу “чўл” да
“Ҳаво”си йўқ Одам каби,
Худди Марсдан тушдик Ерга,
саводсизмиз “Додам” каби.
Ноилож, чорасиз қолдик,
якка қолдик Худо билан,
Ёрдам сўраб, кунда йиғлаб,
ётибмиз илтижо билан.
Иймонимиз бутун бўлса,
ишимиз тўғри, сўзимиз нақ
Ҳалол юриб, ҳалол турсак,
эшитгай албатта ул – Ҳақ.
Ноумид шайтон дейдилар,
ношукрлик сўз айтмаймиз,
Биз энди Оллоҳ йўлида,
бу йўлдан асло қайтмаймиз.
Ҳожи Абдулҳамид-Табиб1998 йил Рас – Ал – Хайма.Б.А.А.
Дуонинг хосияти
Қадим ўтган замонда, кўҳна у Шош томонда
Яшарди бир мард йигит эсанликда – омонда.
Ота-онаси саводсиз, илмсиз ҳам ҳунарсиз,
Лекин ўстирди йигитни хулқу-одобда тенгсиз.
Оллоҳ инояти бирла уйланди бир “парига”
Гўзал ҳаёт оғушида бахтиёр эди чексиз.
Отаси сал дағалроқ, қилмишлари кўп гуноҳ
Худо қаҳрига учраб, айланди тўнғизга ногоҳ.
Фарзанд қайғуда қолди, бу ҳолдан бўлиб огоҳ,
Зор йиғлаб сўрар Оллоҳдан Отага нажот, э воҳ!
Кунларнинг бирида йигит дўстлар билан уйида,
Берди зиёфат улардан дуо тилаб ўйида.
Қашшоқ яшарди жуда, уйи ҳам тор – бир хона
Лекин, баланд ҳиммат билан меҳмон кутар шоҳона.
Улфатлар йиғилди уйда, ҳаммаси хомуш, унсиз,
Чунки, уйнинг тўрида ўтирарди бир тўнғиз.
Дастурхонлар ёзилди, насибалар қўйилди,
Лек, қўлга сув оларда Тунғизга дастлаб қуйилди.
Овқат келди, биринчи илтифот ҳам Тунғизга
Улфатлар лолу-ҳайрон, сўзлари колиб бўғизда.
Чидаёлмай дўстлари, ахир қилди шикоят
Тўнғизчалик ҳурматимиз йўқми, айт бу, не ҳолат?
Шунда шўрлик мард йигит йиғлаб юборди бирдан,
Дўстларига зорланиб хабар берди бу сирдан.
Дўстлар чин дилдан йиғлаб, сўрар нажот дуодан,
Шу заҳоти тилаклари ижобат бўлди Худодан.
Тўнғизга айланган эди озор бериб наслига,
Фарзанд дуоси билан қайтди яна аслига.
Тавба қилди Худога, Калима тушмай тилидан,
Ҳар дуо ижобат бўлар, суралса чин дилидан.
Аслида кексалар кўпроқ ёшларни қилар дуо
Аммо, солиҳ ёшларнинг ҳам тилагин берар Худо!
* * *
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?