Электронная библиотека » Абэ Кобо » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Қумдаги хотин"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 10:20


Автор книги: Абэ Кобо


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 11 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Йўқ, том янгилигида ҳам бу ёққа қум кириб келаверарди. Шу қумдан даҳшатли нарса йўқ. У ёғочхўрдан ҳам ёмон.

– Ёғочхўр?

– Дарахтларни илма-тешик қиладиган бир қўнғиз бор.

– Қир чумоли бўлса керак-да?

– Йўқ, булари жуда қаттиқ бўлишади.

– Ҳа-а-а, ёғоч тешар қўнғиз экан.

– Ёғоч тешар қўнғиз?

– Қизғиш, мўйловдор бўлади. Ўшаларни айтяпсанми?

– Йўқ, йўқ, булар худди шоли донасидек келади, туслари ҳам қўнғир.

– Э, шунақа дегин. Бўлмаса у камалак қўнғиз экан.

– Агар бепарволик қилиб, қараб турилмаса, ҳов анавига ўхшаган тўсинни сал кунда чиритиб туширади.

– Нима, камалак қўнғизми?

– Йўқ, қум.

– Нима учун?

– У ҳамма нарсадан ўтиб киради. Шамол терс томондан эсганда томнинг таги қумга тўлади, агар тозалаб турилмаса, сал вақт ичида шунақа кўпайиб кетадики, шифтнинг ёғочлари кўтаролмай қолади.

– Ҳа, томнинг тагига қум тўлиб қолиши ярамайди… Қум тўсинни чиритади деяпсан, шу гапинг ғалатироқ эмасми?

– Нега энди, чиритади-да.

– Ахир қумнинг хусусияти унинг жуда қуруқ бўлишида-ку.

– Барибир чиритиб юборади… Мана, чунончи, янгигина гэтани1 қўйиб қўйинг-да, қумини қоқманг – ярим ойдан кейин ундан асар ҳам қолмайди.

– Сабабини тушунолмадим.

– Ёғоч чирийди. У билан бирга қум ҳам чирийди… Қум босган уйнинг шифтидаги тахталарини қазиб олиб кўрингчи. У ер шундай сергўнг бўладики, бемалол бодринг экаверишингиз мумкин.

– Беҳуда гап! – нафрат билан юзларини буриштирди эркак. Назарида қум ҳақидаги тасаввурини хотин ўэ нодонлиги билан оёқ ости қилаётгандек бўлди. – Менинг ҳам қум важига унча-мунча ақлим етади… Биласизми, худди шу қум йил-ўн икки ой ҳаракатда бўлади… Унинг ҳаёти ҳаракатдан иборат… Бирон жойда тўхтаб туролмайди. Хоҳ сувда бўлсин, хоҳ ҳавода бўлсин – ўз-ўзича ҳаракатда бўлади. Шунинг учун ҳам оддий жонли махлуқлар қумда ҳаёт кечира олмайдилар… Бу чиришга сабабчи бўладиган бактерияларга ҳам алоқадор. Қумни озодагарчиликнинг тимсоли деб аташ мумкин, лекин у чиришнинг олдини олиш учун хизмат қилса ҳам ажаб эмас, уни чиритади, деб айтиш тутуриқсиз бир гап.. Сен бўлсанг, у ўзи ҳам чирийди, дейсан; қум мутлақо ажабтовур бир минерал.

Хотин гарангсиганча индамай турарди. У ҳамон кўтариб турган соявон остида ўгирган эркак овқатни апир-шапир еб тугатмоқда, ортиқ чурқ этмас эди. Соявонни шу қадар қум босган эдики, унда ҳатто бармоқ билан ёзиш мумкин эди.

Расво бир намхушлик. Йўқ, қум намхуш эмас, баданни нам босган. Том тепасида шамол увилларди. Сигарета олиш учун чўнтагига қўл солганди, қум тўлиб қолибди. Ҳали чекмасдан туриб оғзи тахир бўлиб кетди.

Цианли калий солинган банкадаги ҳашаротларни олса тузук экан. Қуриб қолмасдан уларни ақалли тўғнағич қадаб оёқларини ростлаб қўяди. Хотиннинг уй олдидаги бостирмада идиш юваётгани эшитилмоқда. Бу ерда ундан бошқа ҳеч ким яшамайди шекилли.

Хотин қайтиб кириб, индамай хона бурчагига жой сола бошлади. Агар эркак бу ерда ётса, кечаси хотин қаерда ётар экан? Албатта буйранинг нарёғидаги юқори хонада-да. Бошқа хона йўқ шекилли. Ғалати иш бўляпти-ку. Меҳмонни ташқарига чиқадиган йўл устидаги хонага ётқизса-да, ўзи тўрдаги хонада ётса. Аммо уерда ўрнидан туролмайдиган, оғир касалга чалинган бемор ётгандир балки?.. Ҳа, шундай бўлса керак. Ҳар қалай, шундай деб ўйлаш табиийроқ бўларди. Аввал бошлаб, ёлғиз хотин биринчи дуч келган ўткинчига шу қадар хушмулозамат бўлиши амри маҳол.

– Бу ерда яна бошқа бирон одам борми?..

– Бирон бошқа одам дейсизми?..

– Оилангдан…

– Ҳеч ким йўқ, ёлғизман. – Хотин унинг фикрларини уқиб олгандек, ийманганча кулиб қўйди. – Қумнинг касофатидан ҳамма нарса жиққа ҳўл, ҳатто кўрпа ҳам…

– Эринг-чи? Ўтган йили тўфонда… – Хотин солиб қўйилган ўринни яккаш текислаб тузатар – хуллас, мутлақо кераксиз иш билан шуғулланар эди. – Биз томонда тўфон жуда даҳшатли бўлади. Қум устимизга худди шалоладек гулдурос билан отилиб тушади. Кўз очиб-юмгунингча қарабсанки, бир кечада бир-икки дзё ёғиб қолади.

– Ахир икки дзё – олти метр деган гап-ку…

– Бундай пайтда қумни қанча қазиб тозалаганинг билан унга барибир бас келиб бўлмайди. Шундай қилиб эрим бирдан: «Товуқхонамизни босиб қолади», деди-ю қизимиз билан, – ўрта мактабга қатнайдиган бўлиб қолган эди. Уйдан отилиб чиқиб кетди. Мен чиқолмадим – нуқул эрим омон қолса, дердим… Ниҳоят, тонг оқара бошлаши билан, шамол тиниб, ташқарига чиқдим. Товуқхонамиздан асар ҳам қолмабди. Уларни ҳам тополмадим…

– Қум босиб қолибдими?

– Ҳа, мутлақо.

– Жуда ёмон… хунук иш бўлган экан. Қум шундай қилибди-я. Қандай хунук..

Чироқ бирдан липиллай бошлади.

– Яна қум.

Хотин эмаклаганча қўлини чўзди-да, кула-кула пиликни ушлади. Чироқ бирдан пориллаб ёна бошлади. Ўша холатда турганча у чироққа тикилиб қарар, чеҳрасида намойишкорона табассум акс этар эди. Афтидан, юзидаги кулгичини кўрсатиш учун жўрттага шундай қилаётган бўлса керак. Эркак беихтиёр сергакланди. Хотин унга ғоят беҳаёдек бўлиб кўринди – ахир ҳозиргина яқин кишиларининг ҳалок бўлганини гапириб ўтирган эди-я.

– Ҳой, бу ёққа қара, биз яна бир киши учун белкурак билан бидонлар олиб келдик.

Узоқдан, эҳтимолки карнай орқали келаётган аниқ овоз, икки ўртадаги ноқулайликка барҳам берди. Кейин пастга қараб отилган темир-терсак буюмларнинг тарақтуруғи эшитилди. Хотин жавоб бериш учун ўрнидан турди.

Эркакнинг ғаши келиб ғижинди: бундан яшириқча бир балолар бўлаётган эди.

– Нима гап ўзи? Демак, бу ерда яна бошқа одам бор экан-да!

– Қўйинг, илтимос қиламан… – Хотин худди биров қитиқлаётгандек ғужанак бўлиб олди.

– Аммо ҳозиргина аллаким: «Яна бир киши учун», деди-ку.

– Ха-а-а. Улар… улар сизни айтишяпти.

– Меними?.. Белкуракни нима қиламан?..

– Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ, эътибор берманг… Яккаш худа-беҳудага суқилишгани суқилишган.

– Балки янглишишгандир?

Бироқ хотин жавоб бермай, ерга чўккалаб ўтирди.

– Сизга ҳали чироқ керакми?

– Унча ҳожати йўқ…Ўзингга у ерда керак бўлар.

– Йўқ, қоронғида ишлашга ўрганиб кетганман.

Хотин далада ишлаганда кийиладиган похол қалпоқни кийиб қоронғиликда ғойиб бўлди.

Эркак яна сигарета чекди. Атрофида алланима балолар бўляпти, ўрнидан туриб, бўйранинг орқасига қаради. У ёқда дарҳақиқат хона бор экан, аммо бўм-бўш. Уй ўртасида девор тирқишидан сизиб кирган бир уюм қум дўппайиб турарди. Эркак анг-танг бўлганча серрайиб қолди… Уй ичини, панжаси ҳамма ерга етадиган тиним билмас қум ярмигача кемириб қўйибди… Урта ҳисоб билан 1/8 мм диаметр ҳажмидан бошқа ўз шаклига эга бўлмаган ўша қум. Шакл-шамойили йўқ бу омонсиз кучга нисбатан ҳеч нарса қарши туролмайди… Эҳтимолки, бутун куч-қудрати шакл-шамойилининг йўқлигидадир…

Бироқ эркак дарҳол сергакланди. Ия, бу хонадан фойдаланиб бўлмаса, хотин қаерда ётаркин? Мана ҳозир ҳам тахта деворнинг нарёғида у ёқдан-бу ёққа бориб келяпти. Эркак қўл соатининг миллари саккиздан икки минут ошганини кўрсатиб турибди. Шундай бемаҳалда у ерда изғишдан муддаоси нима экан?

Эркак сув қидириб ерга тушди. Сув бакнинг таггинасида қолган, юзида занг сузиб юрар эди. Оғзингда қум ғижирлаганидан кўра шундай сув ичганинг ҳам афзал. Қолган сув билан юз-қўлини чайди, бўйнини ювди, бирдан тетиклашиб қолди. Ерни юзалаб салқин ел эсарди. Ташқарида унга бардош бериш осон бўлса керак. Қум босиб қолган эшикни аранг очиб, ташқарига чиқди. Йўл томондан эсаётган шамол дарҳақиқат хийлагина сарин эди. У қулоғига пикапнинг тарақ-туруғини олиб келди. Диққат билан қулоқ солинса, одамларнинг овозларини ҳам илғаб олиш мумкин. Эҳтимол, назарида шундай туюлаётгандиру, аммо кундузгидан кўра ғала-ғовурроц эди. Ё бу денгиз шовқинимикан? Осмонда юлдузлар чарақларди.

Чироқ ёруғи тушиши билан хотин орқасига ўгирилди. У белкуракни чаққонлик билан ишлатиб, катта керосин бидонларига қум тўлдирмоқда эди. Орқасида қаққайганча қора қум девори қад кўтариб турарди. Тахминан худди шу ернинг устида эркак кундуз куни ҳашарот ушлаган эди. Хотин бидонларни тўлдириб, даст кўтарди-да, девор томонга олиб кета бошлади. Унинг олдидан ўтар экан, кўзларини ердан узиб, бўғиқ овоз билан: «Қум…», деди. Хотин бидонларни чуқурга олиб тушадиган сўқмоқдан осилиб турган арқон нарвон тагига бўшатди. Қўли билан юзидаги терни сидирди. У ташиб қўйган қум анчагина уйилиб долган эди.

– Қум тозалаяпсанми?

– Қанча тозалаганинг билан сира соб бўлмайди.

Олдидан бидонларни олиб ўтаётиб хотин худди қитиқламоқчи бўлгандек бўш қўли билан унинг биқинига енгилгина туртиб қўйди. У жон ҳолатда четга сакрар экан, чироқни тушириб юборишига сал қолди. Чироқни ушлаганича тураверсинми ёки ерга қўйиб, шунга яраша жавоб қилсинми? Нима қилишини билмай тараддудланиб қолди. Ниҳоят, эркак ҳар қалай, мен қулай бир вазиятдаман, деган қарорга келди. Чеҳрасига маъносини ўзи ҳам тушунмайдиган тиржайганнамо бир қиёфа бериб, қўлида чироқни ушлаганча алпон-талпон юриб, хотин томон яқинлаша бошлади. Етиб борганида, хотиннинг сояси қум деворини бутунлай қоплади.

– Кераги йўқ, – деди хотин ҳарсиллаганча, орқасига ўгирилмай. – Қумни тортиб олиш учун сават туширишгунча яна олти бидон ташиб қўйишим керак.

Эркакнинг қошлари чимирилди. Зўрма-зўраки тетик кайфиятини жўрттага бузганлари учун ҳатто ғаши ҳам келди. Аммо ихтиёридан ташқари томирларига бир нарса отилиб киргандек бўлди. Баданига ёпишган қум қон томирларига кириб бориб ичдан шахтини сўндиргандек эди.

– Сенга бир оз қарашсаммикан?

– Йўғ-э… Сизни биринчи куниёқ ишлатишим уят бўлади-ку, ҳатто озроқ бўлса ҳам.

– Биринчи куни?.. Яна ўша гап… Мен бу ерда бир кечагина тунайман!

– Шунақами?

– Ҳа, албатта, ахир мактабда ишлайман-ку… Куракни бер, бер куракни!

– Сизнинг курагингиз ҳов анави ерда, қўя қолсангиз бўларди дейман-да…

Дарҳақиқат, уйга кираверишдаги бостирма тагида белкурак билан банд ўтказилган иккита керосин солинадиган бидон турарди. Юкоридан; «Яна бир киши учун», деб бақириб ташлаганлари худди шулар бўлса керак. Ҳаммаси ғоятда пухталик билан шай қилиб қўйилган. Назарида улар унинг муддаосини сезишгандек туюлди. Аммо ўша вақтда ишлагиси келиб қолишини ўзи ҳам билмас эди-да! Ҳар қалай, бунақа ишлар одамнинг қадрини ерга уради, деб ўйлади-да, таъби тирриқ бўлди. Белкуракнинг йўғон, ғадир-будур сопи кўп ишлатилаверганидан қорайиб кетган – хуллас, қўлига олгиси келмай қолди.

– Вой, саватлар қўшнимизникига келиб қолди! – деб хитоб қилди хотин унинг тараддудда турганини сезмагандек. Хотиннинг овози хушчақчақ, самимий, илгаригидан мутлақо бошқача эди. Одамларнинг узоқдан эшитилаётган ғала-ғовур садолари энди яцингинадан кела бошлади. Бир маромдаги хитоблар устма-уст янграр, баъзан эса улар шивир-шивир ва бўғиқ кулги билан бўлиниб турар эди. Меҳнат мароми бирдан эркакни ҳам тетиклаштириб юборди. Бу жўнгина кичик оламда бир кечагина тунаб кетмоқчи бўлган меҳмоннинг қўлига белкурак олишини ўзлари учун унча иснод деб билмасалар керак. Тўғрироғи, унинг иккиланишлари юқоридагиларга ғалатироқ кўринар балки. Чироқ қулаб кетмаслиги учун, пошнаси билан қумни ўйиб чуқур қилди-да, уни ўрнаштириб қўйди.

– Хоҳлаган ердан қазиш мумкиндир қазилса бўлди-да, шундайми?

– Йўқ, хоҳлаган ердан қазиш керак эмас…

– Хўп, манави ерни қазисам бўладими?

– Бу ердан қазисангиз бўлади, аммо деворнинг тагидан қазиманг.

– Бутун қишлоқ бўйлаб қум шу вақтда чиқариб ташланадими?

– Ҳа. Кечаси қум нам бўлади. Қазиш енгил кўчади… Қум қуруқ бўлган пайтда, – хотин юқорига қаради, – қайси дақиқада қайси ери ўпирилиб тушишини билмай турасан.

Дарҳақиқат учуримнинг қоқ лабида худди қор уюмига ўхшаб ҳўл қум дўппайиб чиқиб турарди.

– Ахир бу хавфли-ку!

– Бе, ҳечқисн йўқ, – деб қўйди истиғноли кулиб хотин. – Уни қаранг, туман кўтариляпти.

– Туман?..

Улар суҳбат билан бўлиб, осмон тўла юлдузлар сийраклашиб, аста-секин гойиб бўла бошлаганини сезмай қолишибди. Осмон билан қум девор туташган уфқда аллақандай хира парда ғужғон ўйнамоқда эди.

– Бунинг сабаби шуки, қум туманни сингдириб олади.., Шўр қум туманни сингдириб олса, худди крахмалга ўхшаб зич бўлиб қолади.

– Наҳотки…

– Рост, рост. Ҳозиргина тўлқин бўлиб ўтган денгиз соҳили ҳам шунақа бўлади – ундан бемалол танк юриб ўтади.

– Ана холос!..

– Гапимга ишонаверинг… Шу сабабдан ҳам анави чиқиб турган қум уюми катталашиб қолади. Терс томондан шамол эсган кунлари бўлса, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, у худди қўзиқорин қалпоғидек осилиб туради… Кундуз куни қум қурғаб, қанча чиқиб турган бўлса, ҳаммаси пастга ўпирилиб тушади. Агар у қалтис жойга келиб тушса – хўш, томни кўтариб турган устунлар ингичка ёинки яна бирон бошқа сабаб бўлса унда иш тамом.

Бу хотиннинг савияси ғоятда паст. Аммо ўз ҳаёти доирасига кириши билан шу заҳотиёқ завқ-шавқи ошиб кетади. Ана шу томондан қўйнига қўл солиб кўрса бўлади шекилли. Рост, бу эркакка унча хуш келмаса-да, аммо хотиннинг сўзлари унинг қалбида, дағал коржома яшириб турган шу аёл вужудини ҳис қилиш истагини уйғотди.

Эркак кемтик куракни жон-жаҳди билан пешма-пеш қумга ботира бошлади.

6

Эркак керосин бидонни иккинчи марта олиб борганда одамларнинг овозлари эшитилиб, юқоридаги йўлда фонарь лопиллади.

Хотин ҳаттоки малол келиши мумкин бўлган бир оҳангда шундай деди:

– Саватлар келиб қолди! Бу ер бўлди, энди бориб менга қарашинг!

Эркак юқоридаги, нарвон олдидаги қумли қопларнинг вазифасини эндигина тушунди. Саватларни тушириб чиқараётганда нарвон шу қопларга тираларди. Ҳар бир саватни тўрт киши тушириб, тортиб олар, афтидан, бундай тўдалар икки ё учта бўлиши керак эди. Эркакнинг пайқашича булар ёшлар бўлиб, эпчиллик билан тез ишламоқда едилар. Бир тўданинг савати тўлатилгунча, иккинчи сават навбат кутиб турарди. Олти мартанинг ўзидаёқ чуқурдаги бир ғарам қумдан асар қолмади.

– Ажойиб йигитлар экан, ўт-олов-а?

Эркак кўйлагининг енги билан терини артар, овози ҳам хушнуд эди. Бераётган ёрдами учун ҳазиллашиб бўлса ҳам раҳмат айтмаган йигитларга нисбатан эркакнинг ҳурмати ошиб қолди.

– Ҳа, бизда «Ватанни севсанг, садоқатли бўл», деган қоидага қаттиқ амал қилинади.

– У қанақа садоқат экан?

– Ўзинг яшаб турган жойга муҳаббат-да.

– Бу жуда соз!

Эркак кулиб қўйди. Унга қўшилиб хотин ҳам кулди. Аммо нима учун кулаётганини ўзи ҳам билмас эди.

Узоқдан жўнаб кетаётган пикапнинг тарақ-туруғи эшитилди.

– Хўш, бир оз дам оламизми? – деди эркак.

– Иложи йўқ, улар бир сидра айланиб чиқишгач, саватлари билан яна келиб қолишади, – деди хотин.

– Зарари йўқ, қолганини эртага қилса ҳам бўлади…

Эркак қўлини силтаб ўрнидан турди-да, уй томонга кета бошлади, аммо орқасидан эргашиш хотиннинг хаёлига ҳам келмасди.

– Бундай қилиб бўлмайди. Қўлда курак билан уй атрофини ақалли бир марта бўлса ҳам айланиб чиқиш керак.

– Уйнинг атрофиними?

– Ҳа, уй бузилиб кетмасин-да… Ахир қум чор атрофдан ёғилиб турибди-ку…

– Унақада эрталабгача ҳам юраверамиз-ку.

Хотин гўё зарда қилгандек шарт бурилиб кетди. Учуримнинг тагига қайтиб бориб ишини давом эттирмоқчи шекилли. Худди испан пашшасига ўхшайди, деб ўйлади эркак. Ҳаммаси тушунарли, энди уни ҳеч ким бу йўл билан лақиллатолмайди.

– Тавба! Ҳар кун кечаси шу аҳволми?

– Қум тинмайди ҳам, тиним ҳам бермайди… Саватлар ҳам, пикап ҳам кечаси билан ғизиллагани-ғизиллаган.

– Ҳа, шунақага ўхшайди.

Ҳа, дарҳақиқат шундай. Қум ҳеч қачон тинмайди, ҳеч қачон тиним ҳам бермайди. Эркак саросимада қолди. Назарида, енгилтаклик қилиб, кичкина, беозоргина деб думини босиб олган илони ғоятда баҳайбат, заҳарли калласи билан орқасидан таҳдид солиб тургандек туюлди.

– Бу нима деган гап? Сен фақат қум ташиш учунгина яшар экансан-да!

– Ахир кечаси туриб қочиб кетишнинг иложи йўқ-да

Эркак ҳайратда қолди. Бунақа ҳаёт кечиришга унинг сира ҳам тоқати йўқ эди.

– Йўқ, мумкин! Бу қийин ишмиди? Агар истасанг, хоҳлаган мақсадингга эришишинг мумкин!

– Йўқ, бундай қилиб бўлмайди… – Хотин куракка ҳамоҳанг бир маромда нафас олиб, лоқайдлик билан сўзини давом эттирди: – Қишлоқ, биз тиним билмасдан қумни қазиб ташиб турганимиз, шу билан жонига оро кираётганимиз учунгина бир амаллаб тирикчилик ўтказяпти. Агар биз қазимай қўйсак, ўн кундаёқ қум босиб қолиб, кўмилиб кетади… Қолаверса… Вой, навбат қўшниларимизга келибди шекилли…

– Қизиқ ҳангомангиз учун ғоятда миннатдорман… Сават ташувчилар ҳам шунинг учун ғайрат билан ишлашяптими?

– Ҳа, лекин улар ростини айтсам, қишлоқ маҳкамасидан кунбай ҳисобида бир нима олиб туришса керак…

– Агар қишлоқда шунча пул бўлса, қумдан сақланиш учун қунт қ,илиб дарахт ўтқазишса бўлмайдими?

– Ҳисоблаб чиқилганда, бизнинг усулимиз анчагина арзон тушади шекилли…

– Усулимиз?.. Шу ҳам усул бўлдими? – Эркакнинг ғазаби қўзиб кетди. Хотинни шу аҳволга солганлардан ҳам, бунга йўл қўйган хотиндан ҳам ғазабланди. – Агар шундай экан, бу қишлоққа ёпишиб олишнинг нима кераги бор? Хўш, сабабини тушунолмадим… Қум деган нарса ҳазилакам гап эмас! Шу қилаётган ишимиз билан қумга бас келамиз, деб ўйласангизлар катта хато қиласизлар. Тутуриқсиз гап… Бу бемаъни ишга барҳам бериш керак… Узил-кесил барҳам бериш керак. Мен сизга ҳатто хайрихоҳлик ҳам билдиролмайман!

У белкуракни нарироқда ётган бидонлар томон улоқтириб юбориб, хотиннинг юз ифодасига ҳам эътибор бермай, уйга қайтиб кирди.

Уйқуси келмай, хотиннинг ҳаракатларига қулоқ солиб ётди. У бир оз хижолатда эди: борди-ю, унинг бу хатти-ҳаракати, аслида, ишини ташлаб бўлса-да, унинг ёнига келиб ётмаётган хотинга зарда бўлса-чи? Аслида, у кечираётган ўткир ҳис хотиннинг аҳмоқлигидан ғазабланиш эмас, ундан кўра ҳам чуқурроц бир нарса эди. Кўрпа тобора намиқиб, баданига қум кўпроқ ёпиша бошлади. Қанақанги адолатсиз, нафратингни оширадиган нарса! Куракни улоқтириб ташлаб уйга қайтиб киргани учун ўзини айбситиб ўтиришига ҳожат ҳам йўқ. У бундай масъулиятни зиммасига ололмайди. Бусиз ҳам зиммасидаги мажбуриятлар ошиб-тошиб ётибди. Қолаверса, қум билан ҳашаротларга қизиқиб келханининг асл сабаби ҳам зерикарли тирикчиликнинг серташвиш мажбуриятларидан вақтинча бўлса-да бош олиб қочиш эди…

Қани энди уйқуси келса.

Хотин тинимсиз бориб-келиб турибди. Бир неча марта саватлар тушиб-чиқиб, ўз вазифасини бажармоқда. Агар ахвол шу тариқа давом этадиган бўлса, у эртага ишга ярамай қолади. Ахир тонг отиши билан туриб, кунни унумли ўтказиши керак. Ухлайман деб қанчалик тиришмасин, тобора уйқуси қочиб кетмоқда. Кўзи ёшланиб, пириллаб, сурункасига қуйилиб турган қумга бас келолмай ачиша бошлади. У сочиқнинг тахини ёзиб, юзига ёпди. Нафаси бўғилса-да, ҳар қалай шуниси дуруст.

Яхшиси бошқа нарсалар тўғрисида ўйлаб кўра қолсин. Кўзини юмиши билан иланг-биланглаганча аллақандай узун иплар суза бошлади. Булар тепа бўйлаб кетган қум юзидаги нақшлар. Ахир улардан ярим кун кўзини узмади-да, кўзига шуларнинг акси тушиб қолганга ўхшайди. Худди шундай қум оқимлари шаҳар ва катта-катта империяларни босиб, ютиб кетган. Буни, ҳа шундай, Рим империясинин1 сабуляцияси деб атайдилар… Умар Ҳайём куйлаган шаҳарлар-чи… Уларда тикувчилик устахоналари. қассоблик дўконлари, бозорлар бўлган. Уларни чирмашиб кетган кўпдан-кўп йўллар ўраб олган, йўлларни эса ҳеч нарса жойидан қўзғатолмайдигандек эди. Шулардан ақалли биронтасининг йўналишини ўзгартиш учун давлатлараро бир қанча йил урушиш керак бўларди… Собит эканлигига биронта одам ҳам шубҳаланмаган қадимий шаҳарлар… Аммо оқибатда улар ҳам 1/8 мм диаметрли ҳаракатчан қум оқими қонунига бардош беролмадилар.

Қум…

Агар қум призмаси орқали қаралса, ўз шаклига ага ҳамма нарсалар ҳам нореал бўлиб кўринади. Ҳар қандай шаклни инкор этадиган қумнинг ҳаракатигина реалдир. Хотин яланг қават тахта деворнинг нарёғида қум қазишда давом этмоқда. Хўш, шу ингичка, ирвоқ қўллари билан у нима ҳам қила оларди? Бу – денгизнинг ўрнига уй солиш учун сувини челак билан олиб қуритишга интилиш демакдир. Кемани сувга тушираётганингда сувнинг қандай эканлигини билишинг керак.

Бу фикр бирдан кўнглидаги диққатликни ёзиб юборди. Бу хотин қазиётган қумнинг шитирлаши туфайли туғилган эди. Агар кема сувда сузишга яраса, қумда сузишга ҳам яраши керак. Агар, уй ҳаракатсиз бўлади, деган қолоқ фикрдан халос бўлинса, унда қум билан курашишнинг ҳожати ҳам қолмайди… Қум бўйлаб сузиладиган эркин кема… Сузувчи уйлар… Шаклсиз қишлоқлар ва шаҳарлар…

Қум, табиийки, суюқлик эмас. Шунинг учун ҳам, бирон нарсани ўз сатҳида ушлаб туради, деб ўйлаб бўлмайди. Агар, чунончи, қумга ҳатто унинг ўзидан енгилроқ чоғиштирма оғирликка эга бўлган пўкакни ташлаб қўйсангиз ҳам маълум вақтдан сўнг чўкиб кетади. Қум бўйлаб суэиш учун кема одатдагидан кўра мутлақо бошқа сифатларга эга бўлиши керак. Масалан, уй бочка шаклида бўлиши керакки, думалаб-думалаб юрсин… Агар у ақалли бир оз айланиб турса-да, босиб қолган қумни тушириб юбориб яна юзага чиқа олади… Албатта, бутун уй тинимсиз айланган тақдирда, унда яшайдиган одамлар оёқ устида туролмай қоладилар… Шунинг учун, ҳунар ишлатиш керак бўлади – чунончи, бочканинг ичига бочка жойлаш керак бўлади шекилли… Шундай қилинадики, ичидаги бочканинг маркази бир жойда, таги пастда бўлади… Ички бочка доимо ҳаракатсиз бўлади-ю, устки бочкагина айланиб туради… Бу худди баҳайбат соатнинг капгирига ўхшаб тебраниб турадиган уй… Бешик уй… Қум кемаси…

Тўп-тўп шундай кемалардан иборат, тинимсиз ҳаракатдаги қишлоқлар ва шаҳарлар…

Эркак беихтиёр мудраб кетди.

7

Эркак занг бвоган арғимчоқнинг ғижирлашидек хўроз қичқириғидан жон ҳолатда, таъби тирриқ бўлиб уйғонди. Ҳозир тонг отгандек туюлса-да, соат миллари 11 у 16 минутни кўрсатарди. Дарҳақиқат, қуёш тушдагидек нур сочиб турибди. Лекин бу ер шунинг учун нимқоронғики, қуёш нурлари ҳали чуқур қаърига етиб келган эмас.

У ўрнидан сапчиб турди, юзи, боши ва кўкрагидан шувиллаб қум тўкилди. Лабининг четлари ва бурнининг ёнларида тер билан қоришиб қотган қум ёпишиб ётарди. Уни кафтининг орқаси билан артиб, кўзларини пириллатганча гарангсиб қолди. Гўё биров мижжаларини ғўдир нарса билан ишқалагандек яллиғлаган кўзларидан тирқираб ёш оқарди. Аммо нам кўзларининг бурчакларига тиқилиб қолган қумни ювиб ташлаш учун ёшларининг ўзи кифоя қилмасди.

Озроқ бўлса ҳам сув олиш учун ерда турган бакнннг олдига борган эди ҳамки, бирдан ўчоқ олдида пишиллаб ухлаб ётган хотинни кўриб қолди. Кўзларининг ачишаётганини унутиб, нафасини ичига ютди.

Хотин шир яланғоч эди.

Кўзини ёш хира қилиб турганидан хотин унга ғирашира, ноаниқ шарпа бўлиб кўринди. У тақир бўйрада чалқанчасига ётар, бошидан ташқари бутун вужудини намойиш қилаётгандек, чап қўли қорнининг қуйисини яшириброқ турар эди. Баданидаги, одатда одамлар яширадиган жойлари кўриниб турар, ҳеч ким очиб юришдан уялмайдиган юзигина сочиқ билан ўралган эди. Албатта, оғзи, бурни, кўзларини қумдан сақлаш учун шундай қилган, аммо, ҳар қалай бундан яланғочлиги яна ҳам яққолроқ кўзга ташланарди.

Бутун баданини юпқагина қум қатлами чулғаган. Қум баъзи жойларни кўздан яшириб, хотинларга хос домашни аниқ кўрсатиб турибди. У худди қум билан ҳал берилган ҳайкалга ўхшарди. Бирдан эркакнинг оғзи сув очди. Аммо у сўлагини ютолмади. Тишлари билан лаблари орасига тиқилиб қолган қум сўлакни ўзига шимиб олиб, бутун оғзи бўйлаб ёйилди. У ерга энгашиб қум аралаш сўлагини тупура бошлади. Аммо қанча тупурмасин, оғзининг ғўдири ҳам, қум ҳам кетмади. Назарида, тишлари орасида узлуксиз равишда янгидан-янги қум зарралари пайдо бўлаётгандек эди.

Бахтига бакка яна лиммо-лим сув тўлиб қолибди. Эркак оғзини чайқаб юзини ювгач, дунёга янги келгандек бўлди. У сувнинг мўъжизавор кучини бу қадар сезмаганди. Қумга ўхшаб сув ҳам минерал, аммо буниси шу қадар тоза, шаффоф, ғайри узвий жисмки, ҳар қандай узвий нарсага қараганда вужуд билан анча осонроқ бирлашиб кетади… Сув томоғидан аста-секин ўтаркан, ўзини тош еб кун кўрадиган ҳайвондек ҳис қилди....

Эркак яна қайтиб келиб, хотинга каради. Аммо унинг яқинига боргиси келмади. Қум гардлари қўнган хотинни томоша қилиш хуш ёқяпти-ю, аммо унга тақалиш унча ёқимли бўлмаса керак.

Кечаси кечирган ҳаяжон ва ғазаби ҳозир, кундуз куни унга ақл бовар қилмайдиган даражада бўлиб туюлди. Ҳангама қилиб берса бўладиган бир талай нарсаларни кўрди. Гўё ҳамма кўрганларини хотирасида пухтароқ сақлаб қолмоқчи бўлгандек атрофга яна бир назар ташлаб, наридан-бери отлана бошлади. Кўйлаги билан шими зил-замбил – уларга бир дунё қум тиқилиб қолибди. Шу арзимаган нарсага диққат бўлишнинг нима кераги бор. Аммо кийимга тиқилиб қолган қумни қоқиш бошдаги қазғоқни аритишдан ҳам қийин бўлди.

Ботинкаларига ҳам қум тўлиб қолибди.

Кетишдан олдин хотинга бирор нарса дейиши ҳам керакдир? Аммо, иккинчи томондан, ухлаб ётган хотинни уйғотса, уялиб кетади. Ҳа, айтмоқчи, кечаси ётгани учун жой ҳақини нима қилади?.. Ёинки, яхшиси, артель бошқармасига кириб, пулни кечаси бу ерга бошлаб келган таниш чолга ташлаб кета қолсамикан?

Шовқин кўтармаслик учун аста-секин юриб уйдан чиқди.

Қайнаб турган симобдек қуёш қум деворнинг лабига тегиб шуълалари аста-секин чуқурга ёйилмоқда эди. Эркак бехосдан юзига тушган кўз қамаштирувчи ёғдудан сапчиб, афтини тўсди. Аммо бир лаҳзадан кейин буларнинг ҳаммасини унутиб, гарангсиганча қаршисидаги тикка деворга тикилиб қолди.

Ақл бовар қилмайди! Бу ерда кечаси осилиб турган арқон нарвон йўқ эди.

Кеча у кўрган қоплар сал-пал қум босганча ўша жойида турарди. Демак, у адашаётгани йўқ. Ахир нарвонни қум босиб қолиши мумкинми ахир? Деворга ёпишиб, уни қўллари билан қазий бошлади. Қум кажбаҳслик билан кўчиб пастга тўкилаверди. Ахир у нина қидираётгани йўқ-ку, аввал бошдаёқ топилмадими, қанчалик уринмасин, фойдаси йўқ… Зўраяётган хавотирига эрк бергиси келмай, таажжубланганича яна қум чуқурини кўздан кечира бошлади.

Чиқиб кетса бўладиган жойи йўқмикан? Эркак уй атрофини бир неча бор айланиб чиқди. Уйнинг шимол томондаги денгизга қараган тарафидан томга чиқилса, юқорига чиқиш осон бўларди, аммо барибир бу ҳам ўн метрча. Эҳтимолки, ундан ҳам баланд, қолаверса, жуда тикка. Бунинг устига тепадан кўриниши жуда ваҳимали залвордор қум қояси осилиб турибди.

Унга қараганда ғарб томондаги девор хийла қияроқдек, яъни конуснинг ичига ўхшаш эгилганроқ. Энг холис мўлжал билан ҳисоблаб кўрилганда у ердаги бурчак эллик, энг камида қирқ беш даража келади. Синамоқликка эҳтиёт билан биринчи қадамни қўйиб кўриш керак. Бир қадам юқори кўтарилган эди – ярим қадам сирғилиб тушди. Аммо, ҳар қалай, ҳаракат қилинса чиқиб олиш мумкин. Дастлабки беш-олти қадам худди тахминидагидек бўлди. Сўнгра оёқлари қумга ботиб кета бошлади. Олдинга жилган-жилолмаганлигини ҳали аниқ билолмай туриб, тиззасигача қумга ботиб кетди, жилишга мадори ҳам қолмади. У қияликдан эмаклаб чиқиб кетишга уриниб кўрди. Иссиқ қум кафтларини куйдирарди. Аъзойи баданини тер босди, терга қум ёпишди, кўзларини очолмай қолди. Шундан кейин оёқларининг томирлари тортишиб, мутлақо юролмади. Эркак нафасини ростлаб олиш учун тўхтади. Анчагина жилиб олдим, деб кўзларини очган эди, беш метрча ҳам кўтарилмабди. Шунча қилган хатти-ҳаракат нима бўлди? Қияликнинг ўзи ҳам пастда кўрганига қараганда икки баравар тик экан. Тепа қисми эса ундан ҳам ваҳималироқ эди. У юқорига қараб эмаклаши керак эди, аммо бунинг ўрнига бутун кучини афтидан, қум деворга ёпишганда сарф қилиб юборганга ўхшайди. Қоқ тўғрисида қаққайиб турган қум қояси йўлини тўсган эди.

Эркак тепасидаги қурғоқ қум дўнглигига қўлини олиб борган эди, шу лаҳзадаёқ оёқлари остидаги цум шувиллаб юриб кетди. Номаълум бир куч уни қумдан улоқтириб юбориб нақ чуқурга бориб тушди. Аммо унча оғриқ сезмади. Бир оз вақт гўё оғриғини босмоқчи бўлгандек қияликдан шувиллаганча майда қум қуйилиб турди. Кейин тўхтади. Хайриятки, қаттиқ шикастланмабди.

Ҳали умидсизланишига вақт эрта. Бақириб юборишдан ўзини аранг тийиб, аста-секин уйга қайтиб кирди. Хотин бояги вазиятда ухламоқда эди. Эркак аввал уни секин, кейин қаттиқроқ чақира бошлади. Хотин жавоб ўрнига, худди ранжигандек мук тушиб олди.

Устидаги қум тўкилиб елкалари, ёнбошлари ва бели кўриниб қолди. Аммо эркакнинг бу билан иши йўқ эди. Хотиннинг тепасига бориб бошидан сочиқни тортиб олди.

Юзи доғ қоплаган, дағал, хунук – қум босган танасига сира ўхшамасди.

Кеча эркакни чироқ ёруғида маҳлиё қилиб қўйган оппоқ юзи муқаррар упа билан оқартирилган экан. Ҳозир баъзи жойларидаги упа кетиб, парча-парча доғлари кўриниб қолган эди. Эркакнинг ёдига тухумсиз пиширилган жўн котлет тушди, уларда буғдой ун гардлари хол-хол бўлиб туради.

Ниҳоят, хотин кўзларини очди, ёруғликдан кўзлари қамашиб кетди. Эркак унинг елкаларидан ушлаб, жон ҳолатда силкитганча ёлбора бошлади:

– Менга қара, нарвон йўқ-ку! Юқорига қандай қилиб чиқиш мумкин? Ахир бу ердан нарвонсиз чиқиб кетиб бўлмайди-ку!

Хотин саросимада сочиқни олиб бехосдан бир неча марта юзига урди-да, кейин эркакка орқасини ўгириб бўйрага мук тушиб олди. Уялиб кетдимикан? Бу ҳунарини кейинчалик кўрсатса ҳам бўларди. Эркак тоқати тоқ бўлиб бўкирди:

– Ҳазиллашма! Агар ҳозир нарвонни бермасанг, оқибати ёмон бўлади! Шошиб турибман! Жин ургур, нарвонни қаёққа қўйдинг? Ҳазил ҳам эви билан-да! Бер деяпман!

Аммо хотин жавоб бермасди. У ўша вазиятда ётганича аста-аста бошини чайқаб қўярди.

Бирданига эркак бўшашиб қолди. Нигоҳи сўниб, томоғи ғиппа бўғилди, деярли нафаси тиқилди, сўроқнинг мутлақо фойдаси йўқ эканлигини пайқаб қолди. Ахир нарвон арцондан қилинган эди-ку… Арқон нарвон ўзини-ўзи тутиб туролмайди… Агар у ҳатто қўлингда бўлса ҳам, уни пастдан туриб ўрнатолмайсан. Демак, нарвонни хотин эмас, юқоридан бошқа бир одам олиб қўйган… Соқоллари ўсиқ, қум ёпишган юзи аянчли бурушиб кетди.

Хотиннинг феъл-атвори, чурқ этиб оғиз очмаслиги, ақл бовар қилмайдиган машъум бир маъно касб этди. Ундай эмасдир, деб ўйлади ўзича, аммо ич-ичидан хавотирлари тўғри чиқаётганини пайқади. Нарвонни хотиннинг изми, тўғрироғи, нзми ва албатта тўла-тўкис рози-ризолиги билан олиб кетишган. Шак-шубҳасиз, тил бириктиришган. Ҳозирги важоҳати ҳам уялганидан эмас, аҳволининг танглнгидан. Бу важоҳат муқаррар жиноятчининг, эҳтимолки, ҳар қандай жазога тайёр турган жабрдийданинг важоҳати. Улар жуда апчиллик билан иш кўришибди. Лаънати туэоққа тушиб қолди. Испан пашшасикинг аврашига лаққа учди, пашша уни ҳеч қандай нажот йўқ саҳрога авраб олиб келиб, худди очликдан ўлаётган сичқоннинг кунига туширди-цўйди.

У ўрнидан сапчиб туриб, югурганча ташқарига чиқди. Шамол бошланган эди. Қуёш нақ чуқурнинг тепасида турарди. Қизиган қумдан юқорига жимир-жимир иссиқ ҳовур кўтарилар. худди ҳўл негатив плёнкаларига ўхшаб товланар эди. Қум девор тобора баланд кўтарилиб борарди. У эса ҳамма нарсадан воқиф. Шунинг учун эркакнинг мушак ва суякларига қаршилик кўрсатиш маъносиз эканлигини уқтираётгандек эди. Қайноқ ҳаво баданга санчиларди, Жазирама тобора тоқатни тоқ қила борарди.

Туйқусдан эркак ақлдан озган кишидек бақира бошлади. У қандайдир маъносиз сўзларни айтиб қичқирди. Ўз аламини ифодалаш учун сўз топа олмай жон-жаҳди билан бўкирарди. Бу гўё даҳшатли бир тушу, қичқирсам, ғоятда қўпол ҳазили учун кечирим сўраб, мени тарк эгади-да, чуқурликдан юқорига улоқтиради, деб ўйларди у. Аммо қичқириб ўрганмаган овози ингичка ва заиф эди. Қолаверса, овозини қум ютиб, шамол сусайтирар, узоқларга эшитилиши маҳол эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации