Текст книги "ПЎЛАТИ ВА ПЎЛАТИЛИКЛАР"
Автор книги: Амир Тўраев
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 12 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]
– Шу кеча-кундузда Шаҳрисабзга қўшин тортишнинг ҳожати йўқ кўриняпти, бу жуда хатарли юриш бўлади, – деб тушунтиради. Амир ўз қароридан қайтмай, юришни давом эттиради ва муваффақиятсизликка учрайди, қайтишда эса халфага:
– Сиз ҳақ экансиз, – деб ўтиб кетади.
Шаҳрисабзга Амир кейинги юриш қилганда:
– Буёғи қандай бўлади? – деганда:
– Зафарли бўлади, – деб жавоб беради, амир зафар қучиб қайтади.
Халфага инъомлар ҳадя этади.
Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир пўлатилик Абдураҳмон халфа қабристонидан ўтганда ётганлар руҳи покларига дуолар қилиб ўтади.
Бу ерда боболар ва момолар, уларнинг нидолари, кўксининг битмаган яраси, ҳеч кимдан ёмонлиқ кутмаган дуолари, бир калима Қуръони карим оятларига зору муштоқлар ётибди.
Пўлатида Абдураҳмон халфа сингари улуғликни ўзида мужассам этган кўп инсонлар ўтган бўлса керак.
Қизил империя бундай муқаддас ва мўътабар жойларнинг кўпини динпарастлар маскани сифатида қийратди, яксон қилди.
Дунё азалдан ҳисоб-китоблидир, унинг мушкули ва тугунлари кўп, инсон тўқ юрган дамларида Оллоҳга шукрлар қилиб яшаши керак.
Қоҳирада, Дамашқда, Марокашда, Қозонда ва Бухорода таҳсил олиб, Қуръони каримни ёддан биладиган муллаларимиз исломий ва дунёвий илмларни мукаммал билган, лекин улар илмсиз деб ерга урилган, араб имлосида улар берган савод натижасида ўқувчилар Шарқ ва Ғарб илмини сувдай билганлар. Фақат русча таълим олган ўқувчиларгина саводли ҳисобланган, араб имлосида ёзишни, ўқишни биладиган кишилар умуман эътиборга олинмаган, имкон топилса-топилмаса турли йўллар билан улар қатағон қилинган.
Озод яшаш ҳуқуқидан маҳрум эди.
1960 йили миллий республикаларда, айниқса, ислом дини кенг тарқалган Ўрта Осиёда мачитлар ишлаши қаттиқ назоратга олинган, кўпчилиги ёпилган, ҳатто эскириб кетган деган баҳона билан бузиб ташланган.
Дин қўмитаси кексалар билан мажлис ўтказиб, эскирган деган баҳона билан бузиб ташлансин деган қарор ёзилиб, амалга оширилган.
Худди шундай қарор мачит эскирган, зудлик билан бузиш керак деб Пўлатидаги Абдураҳмон халфа мачити тўғрисида ҳам қабул қилинган, отам хабарни аниқ билгандан сўнг, зудлик билан қарияларни ва мачит имомини Абдураҳмон халфанинг чевараси Махсум бобоникига тўплаб:
– Ота-боболаримиздан бизга ёдгорлик бўлиб қолган ягона мачит бузилиши керакми? Ёки вақтинча колхозга омборхона қилиб қўйишимиз маъқулми? – деб мурожаат қилади.
– Раис, оғалар кейин сизни ўз ҳолингизга қўймайди. Сўқир ҳам ёрқин туш кўра олади, қафасдаги қуш билан учиб юрган қушни бир тасаввур қилинг, эркинлик хумори кимни соғинтирмайди. Халқимизни бахтига сиз кераксиз, масжидни бузаверсин, бизлар розимиз, – деб Махсум бобо йиғлаб юборади.
– Йўқ, мен масжидни буздиролмайман, қабрғистонда ётганларнинг арвоҳи қўймайди, эрталабгача колхоз мол-мулкини ташиб омборхона қиламиз, унга учта қоровул тайинлаймиз. Бу ёғини менга қўйиб беринглар, – деб отам мачитни колхоз кийим-кечак омборхонасига айлантиради.
Эрталаб вилоятдан келган Махсус маҳкама вакиллари қишлоқ шўроси раиси билан колхоз идорасига чақириб, раиснинг олдига боради ва мақсадга кўчиб, бугун тунда мачит яксон қилинишини ва бу ишни амалга ошириш учун механизмлар ва ишчилар билан таъминлаши зарурлигини талаб қилади.
Раис қишлоқдаги Абдураҳмон халфа мачити ишламаётганлиги, у жой колхоз омборхонаси эканлигини уларга чиройли қилиб тушунтиради ва ҳақиқий аҳволни кўрсатади.
Келган вакиллар бу ўйинни яхши англаб, изига қайтиб кетиб, раисни Термизга, вилоят марказига чақиртириб, Махсус маҳкама бошлиғи дағдаға қилиб:
– Мен сени ишдан олиш ва партиядан ўчириш ҳақида Обком бюросига тақдимнома киритдим, – дейди.
Раис Обком секретари Шамсиддиновга аҳволни тушунтириб:
– Мачитни буз десангиз ҳозироқ бузиб ташлайман. Лекин аҳоли ўртасидаги вазият бу ишни тақозо қилмайди. Мачит ишламайди, колхоз омборхонасига айлантирилган. Энг хунуги, масжидга тегилса, 30 минг одам кўчага чиқиб намойиш қилади, керак бўлса, Обком, ҳатто КПСС Марказий Комитетигача боради. Нима қиласизлар арининг уясини бузиб, мен сизларга бор гапни айтдим, – деганда Фахриддин Шамсиддинов:
– Одамлар сенинг айтганингдан чиқмайди, сен бу топшириққа жавобгарсан ва бажара– сан, – деб гап бошлаганда:
– Мен бу жавобгарликни бўйнимга ололмайман, халқ мени болаларим билан у жойдан кўчиради. Яхшиси, мен ариза ёзиб бераман, ишдан олинглар. КГБ бошлиғи ўзи бориб мачитни буздираверсин, мен бўладиган бор гапни айтдим, яна сиз бюро аъзолари билан бир ўйлаб кўриб қарор қабул қиларсизлар, менга рухсат беринглар, – деб чиқиб кетади.
Ҳаётнинг оддий бир қонуни бор: ниманидир бой бериш ҳисобидан нимадир сақлаб қолинади.
Отам ҳаётида тўсиқ ва қаршиликларга дучор бўлган бўлса-да, уларни писанд этмай мардона кун кечирди. Шу боис ҳам элдошлари орасида кўп нарсаларда намуна бўла олди, ўша даврнинг исканжасида ўзидаги бор имкониятларнинг ҳаммасини элдошларига бағишлай олмаган бўлса-да, ҳеч кимдан тили қисиқлик жойи ҳам йўқ эди.
Отам ўзига ишонган кишига хос ирода соҳиби эди.
Шу билан табаррук мачит бузилмасдан, ҳозиргача Оллоҳнинг уйи сифатида ишлаб келмоқда.
Мени улғайтган Пўлати қишлоғим, сендан кўп яхшиликлар кўрдим, қарзим кўп, ота-онамдан олган қарзларимни тўлдиролмадим, ҳатто улар босган изларини тополмайман.
Абдураҳмон халфа қабристони ёнидан кимлардир чўчиб ўтади.
Қишлоғимиздаги кўп инсонлар бу ерга абадий кўчиб ўтганлар.
Абдураҳмон халфа қабристонида қанча оқил ва заковат соҳиблари ётибди, афсус, бу қисмати азал.
Бу дунёдан ҳаммамиз шундай ўтамиз.
Пўлатида яна битта қадимги, бундан IV–V аср муқаддам бунёд бўлган «Ғойибота» қабристони ҳозирги кунгача мавжуд, бу қабристонда пўлатиликларнинг бобокалонлари, улуғ момолари қўйилган, қабристондаги ҳар бир мозор устида ўз даврида Нуротадан туя билан олиб келинган кулранг мармар қабртошларида араб имлосида, қабрида ётган инсон исми, отаси ва катта боболари номлари, туғилган вақти ва бир калом Қуръони карим оятлари ёзилган бўлиб, марҳумнинг авлодлари томонидан ўрнатилган.
КПССнинг динга қарши 73 йиллик сиёсатидан «Ғойибота» қабристони ҳам қурбон бўлди, бу қабристонни обод қилишга ҳам, қабртошларни қўриқлашга ҳам имкон берилмади.
Қабртошлар ўша Қизил империя давридаги «Оллоҳнинг қаҳрига учраган» арман, рус, ўзимизнинг маҳаллий қурувчилар томонидан ўғирлаб кетилди, мутасадди раҳбарлар «ғинг» демай, кўрмасликка олди.
Қабртошлар қайси бир партия ва совет идораларининг биносига зинапоя қилиб ишлатиб юборилди, пўлатиликларнинг тарихи бир зумда осмонга учиб кетгандай йўқотилди.
Бир тасаввур қилинг, бу қабристонда мангу макон топган Пўлатининг гавҳарлари Муҳаммад, Шомурод ва Рустам элбегиларни, Шароф оқсоқолни, Келдиёр бойни, моҳир мерганлар: Холмурод, Рустам, Камолиддин, Шарофиддин, Ғиёсиддин, Сайфуддин, Сайиддин, Асад, Қулмурод, Тошмат, Эшмат мерганларни, Расулберди карвон, бундан ташқари, улуғ Саййидзода пирларнинг қабрини ким топиб беради? Тилимиз куйиб, дардимизни ичимизга ютиб келдик, шонли Пўлатининг тарихи кўз ўнгимизда йўқотилди.
Айтаверсак дардимиз адо бўлмайди, инсонни тириклайин ёндириб юборади, ситамлар халқимизнинг армонлари бўлиб қолди.
Халқимиз тарихининг мунгли саҳифаларини варақлаш бу кўҳна дунёдан қанча одамлар ватан деб ўтиб кетганидан, улар сиртдан бахтлидек кўринган бўлса-да, аслида ватансиз, бахтсиз, эрксиз инсонлар эди.
Отам айтар эди: дунё – ўткинчи, дунё – ёлғончи.
Худо раҳматига олсин, гўри нурга тўлсин, отам ҳақ экан.
Жаннат каттами ё дўзах кенгми, буни фақат Оллоҳим билади.
Дунё яралгандан буён дашт саҳролар, мангулик деб оққан дарёлар, улуғ зот подшоҳларига зор бўлган. Бу мулкларга келиб кетган не-не карвонлар, сарвару сарбонлар номсиз кетди, Оллоҳ уларга бош берди, тож берди, тараф ва шараф бермади.
Ер юзида инсонларнинг бошини силовчи, ўз юрти элини севгувчи саховатпеша одамлар жуда озчиликни ташкил этади.
Кабутарлар уялари бойқушларга ошён бўлса, бу жаҳолат-ку?
Чирқираган оналарнинг оҳу нолаларига буюк Помир ва Олой тоғлари силкинган, бир ниҳол экмасдан бу дунёдан ўтганлар қанча, масжиду мадрасаларни сотганлар қанча, халқимиз бошига мислсиз балоларни олиб келган, ҳаттоки тоғдаги қоримизни сотганлар ҳам анча экан, Оллоҳим уларни иймону инсоф деганидан қисди, ҳозирги кунга келиб қотил қайси, қурбон қайси, шайтон ким бўлган, раҳмон ким бўлганлигини билиш жуда мушкул, кўп давру давронлар ўтди, бойликларимиз ташиб кетилди.
Сайхун ва Жайхун ҳам талаш қилинди, ён қўшнинг сувингни боғласа, бағрингни қон қилмайдими?
Халқимизнинг чин маънодаги халқпарвар, жасур Сарвари бор, мустақил юрт ва халқнинг бундай улуғ Сарбонининг саййиди ва хожаси ҳам Парвардигори оламдир.
Пўлатиликларнинг ота-боболари кўп заҳматлар чеккан, шунинг учун ҳам улар Юрт сарбонини дуо қилиб яшайди.
Кўпгина тажрибали деҳқонлар тўқай, чўл, дашт, адир ва тоғларда истиқомат қилувчи аҳолига ўсимликлар то уруғини тўкиб бўлмагунча, уларни кесмаслик, ўрмаслик, ковлаб олмасликни маслаҳат берганлар, чунки экинларнинг уруғи ерга сочилиши керак, келгуси йилда ҳам кўкариб чиқиши зарур.
Жаҳон қишлоқ хўжалиги бир неча асрлардан бери такомиллаштирилиб келинди. Илгарилари ҳосил ўроқда ўриб олинар, ер ҳўкиз ва отлар билан шудгорланар эди. Бирданига трактор ва ер ағдаргичлар ўйлаб топилди, шудгорлаш эса кенг доирада кўп майдонларда ўтказиладиган бўлди, ҳосилни эса йиғиб олиш учун ўроқ ўрнига «косилка» ва «комбайн» ўйлаб топилди, улар минглаб ўроқчилар ўрнини босиб оладиган бўлди, қишлоқ хўжалигида ҳамма ишлар тез ва сифатли бажариладиган бўлди, битта машина ўриб олса, бошқаси йиғиштирса, учинчиси ташиб қўйса, тўртинчиси янчса, бешинчиси совурса, олтинчиси қуритса, ҳаммасини жамласа, «комплекс механизация» деб юритиладиган бўлди.
Қишлоқ хўжалигида бажариладиган ишлар вақти бутунлай қисқарганлигини кўрасиз.
Қишлоқ хўжалигида, айниқса, қуруқ иқлимли Ўзбекистонда «сув» экинлар суғориладиган деҳқончиликда фақатгина барқарор ҳосил олишни таъминлай олади, холос. ХХ аср охи– ри – XXI аср бошига келиб мамлакатимизда сув манбалари тўлиқ ўзлаштирилди, аҳоли кўпайиш жараёнлари жадал бормоқда, кишиларни озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш масалаларини чуқур ўйлашга тўғри келади.
Деҳқончилик экинларини суғоришда сувдан тежамкор технологиялар билан фойдаланиш, мавжуд суғориш каналларида сув исроф бўлишига қарши чора-тадбирларни аниқ ва жадал қўллаш муҳим.
Айни пайтда дунёнинг кўпгина мамлакатларида суғориладиган майдонларни кенгайтириш жадал олиб борилмоқда, жумладан, АҚШда сўнгги 10 йил мобайнида суғориладиган ерлар 1,5 баробар, Канадада 1,7 баробар, Бразилияда 2,8 баробар кўпайди.
Нега бизда ҳам суғориладиган ерларни кўпайтириш муҳим муаммо бўлиб турибди?
Ҳозирги даврда суғориш шахобчаларида 35–40 фоиз сув ерга шимилишини, 10–15 фоиз сув эътиборсизлигимиз оқибатида коллектор зовур тармоқларига оқизилишини инобатга олсак, кўп миқдорда сувни тежаш имкониятимиз бор. Фақатгина ирригация тизимини қайта қуриш ҳисобига бундай имкониятга эга бўламиз.
Сибирь дарёлари сувининг бир қисмини Ўрта Осиё ва Қозоғистонга келтириш муаммоси, айниқса, Иртиш ва Обь дарёлари сувлари олиниши Шимол табиатига таъсир қилади деган асоссиз баҳона билан собиқ Иттифоқ ҳукумати бу лойиҳани тўхтатиб қўйди. Баъзи мутахассис экспертлар агарда Сибирь дарёларини Ўрта Осиёга оқизишда юзлаб километр масофадан – шўрхок ерлардан ўтиб, сув шўрланиб, сифатсиз бўлиб кетади деган мутлақо фанга тескари сохта фикр билдирдилар.
Ҳисоб-китобларга қараганда, бир гектар ерни суғоришга тайёрлашнинг қиймати ўша даврдаги рус пулида уч минг сўмга тўғри келар эди. Умуман олганда, Сибирь дарёлари сувларидан бир қисмини Қозоғистон ва Ўрта Осиёга келтириш Иртишда, Тобольск яқинида тўғон қуриш ҳамда катта сув омбор барпо қилиш, агарда Иртиш суви бу ерда етарли бўлмаса, сув омборига Обь дарёсидан сув келтириш кўзда тутилган эди. Бунинг учун Иртишни Тобольскдан Обгача бир неча тўғонлар билан тўсиш, сўргич насослар ўрнатиш ва аста-секин Тобольск сув омборини тўлдириш мўлжаланган эди. Обь сувининг ана шу тўғонлар орқали кўтарилиши назарда тутилганди.
Кейинчалик мислсиз қудратли кучга эга бўлган насослар ёрдамида сувни 110 метрли сув айлантиргичга кўтариш белгиланган эди. У ердан сув ўз оқими билан канал бўйлаб Турғай чўкмалари орқали Сирдарё ва Амударёгача етиб бориши белгиланиб, узунлиги 2300 км, кенглиги 300 метр ва чуқурлиги 15 метр келадиган канал бунёд бўлиши, канал бўйлаб йилига 25 куб км. сув оқизиш мўлжалланган эди.
Мазкур лойиҳада ҳамма жойни сув босиб ётган Сибирдан озгина, янада аниқроқ айтсак, Обь дарёсидан кичик бир қисми – 7% сувни олиш режалаштирилган эди. Бу сув, барибир, Шимолий муз океанига бориб қуйиларди.
Сибирнинг хўжалик-иқтисодий ҳаётига ҳам, экологик ҳолатига ҳам зиғирча таъсир кўрсата олмайди, лекин етти фоизлик сув Обь дарёси бўйидаги қанча-қанча ерларни ботқоққа айлантириб ётибди-ку?
Россиянинг сув етишмайдиган Курган вилоятига суғориш учун 5 куб км, Қозоғистоннинг қўриқ ва тақир ерларидаги ғалла экинларини суғориш учун 4 куб км. сув олиниши мўлжалланган эди.
Марказий Осиёда қишлоқ хўжалик экинларидан, мева-сабзавотлардан мўл ҳосил олиш, Россиянинг бу манзилларида саноат, энергетика, транспорт коммуникациялар, темир йўллар ривожланган бўлар эди. Модомики, шундай экан, бундай улуғвор мазмундаги лойиҳа нега тўхтатиб қўйилди, аниқроғи, унга нега вето қўйилди?
Сув манбаларини буриб оқизиш бўйича Ҳиндистонда катта ишлар амалга оширилди, Ганга дарёси суви мамлакат марказий штатларининг қурғоқчил ерларига буриб оқизилиши ҳисобига қурғоқчил ҳудудларда экин ерлари 8 миллион гектарга кўпайтирилди.
Худди шундай АҚШ қурғоқчил минтақаларига Канада ҳудудидаги сувлардан бир қисми буриб оқизиляпти. Ўтган аср мобайнида дунёда суғориладиган ерлар 8 баробар кўпайган ва ҳозирги кунда бундай ерлар 300 миллион гектарни ташкил этади.
Марказий Осиёда Орол денгизи ҳавзаси атрофида эса бу даврда суғориш майдонлари атиги 2,3 баробар кўпайди, яъни бундай ерлар 3,4 миллион гектардан 7,9 миллион гектарга етди.
Қисқаси, КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюроси ва собиқ СССР ҳукумати бу лойиҳага миллатчилик қутқуси билан чек қўйди.
Сирдарё ва Амударё бир неча асрлардан бери ҳар хил ном билан аталиб, Ўрта Осиё халқлари ризқ-рўзи ва тирикчилик манбаи бўлиб келган.
Тарихий маълумотларга суянган ҳолда, бу буюк икки дарё ўз даврида дунё океанининг қўлтиғи деб белгиланиб, сув ҳавзаси шаклида «Хазар» денгизи деб тилга олинган. Бундан ташқари, Обискун, Гурган, Дарбанд ва Гилан денгизи каби номлар билан аталган. Лекин Геродот бу денгиз дунё океани билан туташмаган бир ҳавза деб тўғри номлаган.
Шунингдек, Геродот «Окс» номли дарёнинг Хоразм ўлкасига оқишини эътироф этган.
Ўша даврда Геродот Амударё ҳақида ёзганлиги аниқ ҳақиқатдир. Милоднинг бошларида Клавдий Птолемей ўзининг «География» номли асарида Марказий Осиё харитасини тузган, бу харитада Амударё (Окс) ва Сирдарё (Яксорт) деб Каспий денгизига қуйилишини қайд қилади.
Милодий IV асрга келибгина Рим олими Аммиан Марцеллин Суғд тоғларида иккита – Араксот ва Дима дарёлари Орол денгизига қуйилишини биринчи марта кўрсатиб ўтади.
Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий Амударё (Баҳри Балх) ва Сирдарё (Узун дарё) бир кўлга қуйилади, бу кўл яна Орол, иккинчи номи Хоразм денгизига қуйилишини аниқлаб, чекка нуқталари координаталарни ҳам кўрсатиб ўтган.
Абу Райҳон Беруний Орол денгизи тўғрисида батафсил маълумот беради. Кейинчалик «Жайхун» ва «Сайхун» дарёси номи билан атала бошлаган икки буюк дарё – Аму ва Сир бир неча асрлар давомида Ўрта Осиё халқларига ўз борлиғини бахшида қилиб келган.
Қизил империянинг мустабид тузуми тугатилгандан кейин Сирдарё ва Амударёни ҳар ким ўз билганича кашф қила бошлади, бу икки азим дарё сиёсатга айланди, «оға»ларимиз пайтни пойлаб турли лойиҳаларни кўндаланг қилиб, «трансчегаравий дарёлар» деб номлаб ўз таъсирини бўшаштирмаслик чораларини кўра бошлади.
Табиат устидан зўравонлик қилиш, азалий мувозанатни бузиш оқибатлари сон-саноқсиз қурбон ва касофатларга олиб келишини азалдан ҳаммага маълум. Бир кўз ўнгингизга келтиринг: Семиплатинский ядро полигони, Чернобил фожиаси, Орол денгизи қуриши, Тожикистон алюминий заводидаги заҳарли оқимни нима билан изоҳлаш мумкин?
Вахш сув омбори тепасида Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи, Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилиши ўз оқимида келаётган сувни боғлаб, Табиат устидан кулиш, зўравонлик эмасми?
Бу ишларни сиёсатга айлантираётган «оға»лар четда туриб, катта кредитлар ажратиб томоша қилиб ўтиргани ҳаммасидан ачинарли.
Улар виждони олдида ҳисобот бериши керак.
Бу икки азим дарёнинг йўлини тўсиш, сув омборлари қуриш натижасида халқ бошига келаётган хатарли ишларнинг оқибати нима билан якунланишини билмаслиги жуда ажабланарли ҳол.
Ишлар шундай кетаверса, бир кун келиб дўконлардан ҳавони ҳам сотиб олишимизга тўғри келади.
Ўрта Осиёда оқар сувларнинг етишмовчилиги ҳаммага аён. Минтақадаги трансчегаравий сув ресурсларни юқори ва қуйи оқимида жойлашган барча беш давлатда сув аҳоли сони, суғориладиган ер майдонига қараб тақсимланиши зарур. Бу тўғрида 1997 йилги халқаро дарёлар оқимларидан фойдаланиш ҳуқуқлари тўғрисида ҳамда 1992 йилги Трансчегаравий дарёлар ва халқаро сув ҳавзаларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияларга мутлақо бўйсуниш керак.
Рўғин ГЭСи кўлами ва миқёси жиҳатидан ғоят катта иншоот, ГЭС лойиҳаси собиқ Иттифоқ даврида, бундан 50 йил муқаддам тузилган. Бу эскирган лойиҳага мутлақо ишониб бўлмайди. ГЭС сейсмик зилзила шкаласи юқори бўладиган баланд тоғ зонасида қурилишини ҳисобга олсак, бунинг касофат оқибати нималарга олиб келишини инсон ақлига сиғдириш қийин. Кучли зилзила бўлмайди деб ким кафолат беради? Буларнинг ҳаммаси ўта хатарли жараёндир, ўз бағрига 11 миллиард куб метр сув ушлаб турган омборнинг суви қаерларгача боради? Булар инсон тасаввурига сиғмайди. Сўзимизни исботлаш учун табиатнинг нодир ҳодисаси тўғрисида сўз юритамиз.
1911 йил 19 февралдан 20 февралга ўтар кечаси кучли ер ости силкиниш натижасида вужудга келган Сарез кўли бир кечада Тоғли Бадахшон автоном вилоятида тоғ устида пайдо бўлди ва жаҳонда йирик сунъий тоғ кўли ҳосил бўлган эди. Помирнинг марказий қисмида жойлашиб, шимолдан Олойорти, жанубдан Ҳиндукуш, шарқдан Кошғар, ғарбдан эса Лолатоғ ўраб туради.
Ҳозирги кунда мутахассисларни ҳисоб-китобига кўра, Сарез кўлида 17 куб км сув йиғилган, 5 миллион аҳоли яшайдиган маконга хавф солиб турибди. Сарез кўлидаги ёриқ, тешиклар ва табиий тўғон очилиб кетса, Худо кўрсатмасин, қандай охирзамон бўлади, бу хавфли масала ҳам шу кунларда ўз ечимини кутмоқда.
Азалдан оғалардек яшаган Ўрта Осиё халқлари бу масалани ҳамжиҳатлик билан ҳал қилади деган умид бизни ҳеч қачон тарк этмайди.
Сув тарихан мавжудотнинг асосий қисмини ташкил этади. Инсон танасининг 60 %дан кўпроқ, судралиб юрувчи ҳайвонлар танасининг 65 %, балиқларнинг 80 %, сув ўтларида 95 %, ўсимликларнинг 50–70 %гача сув ташкил этади.
Инсон ўзига-ўзи кушанда, улар туфайли кўплаб ҳайвон турлари қирилиб битди, минглаб квадрат метр ўрмонлар қисқарди. Унинг техноген фаолияти азон қатлами ёриқларини келтириб чиқарди, эҳтимол, глобал исишга олиб келди.
Сизга оддий бўлиб кўринган даҳшатли маълумотлар Кембриж университети, Россия Фанлар академияси Зоология институти, МДУ зоология кафедраси гувоҳлик беришига қараганда, Россияда бор-йуғи 30 та қоплон қолипти. Ўйлаб қолдим, бошқа ҳайвонлардан қанча қолган бўлса?
Бутунжаҳон Ёввойи табиат фондидан олинган маълумотлар шуни кўрсатадики, Халқаро Қизил Китобга 5000 ҳайвон тури киритилган, шундан 900 таси умуртқалилар, Россияда қоплондан кейин кам қолган Амур йўлбарси ҳам атиги 100 бошни ташкил этар экан.
Ер юзи бўйича целикант (латимрия) балиғи 5 дона, овланган энг ноёб ҳайвонлардан сариқ бўйин капуцин маймунидан Бразилия ўрмонларида 10 дона қолибди.
Кўриб турибсизки, бу маълумотлар қанчалик даҳшатли.
XXI аср бошида Ер куррасида 13 млрд гектар ер майдони мавжуд, бу қуруқликнинг тахминан 10 %. 1,5 млрд гектар майдонда деҳқончилик қилинади.
Инсоният деҳқончилик тарихида тахминан 2 млрд гектар унумдор ерлар сув бостириш, шўрланиши, чўлга айланиш, қурилиш ишлари олиб борилиши натижасида йўқотилган. Ҳозирги вақтда дунё бўйича ҳар йили 6–7 миллион гектар унумдор ерлар қишлоқ хўжалиги тасарруфидан чиқиб кетмоқда.
Марказий Осиёда 6,8 миллион гектар атрофида суғориладиган ер мавжуд, бу кўрсаткич жаҳон бўйича 271,432 миллион гектар ерни ташкил этади.
1 гектар суғориладиган ерни 6–8 гектар лалмикор ерга, 50 гектар тоғли ва 100 гектар чўл яйловига тенглаштирса бўлади.
Бу маълумотлар шуни кўрсатадики, инсоният йил сайин кўпаймоқда, уни озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлайдиган унумдор ерлар эса йўқотилмоқда.
Бир тасаввур қилинг-чи, дунё юз йилдан кейин нима бўлади?
Бинобарин, 50 % ер йўқотилади.
Республикамизда эса суғориладиган ерлар 1,8 миллион гектардан 4,2 миллион гектарга кўпаяди.
Хуллас, янги ерларни ўзлаштириш борасида Марказий Осиё дунёдаги даражадан 3,5 баробарга ортда қолди.
Шу билан бирга, Орол денгизи ҳавзасидаги аҳолининг кўпайиш даражаси жаҳон миқёсида анча юқори, бу ерда аҳоли сони 7,7 баробарга ошди, 46 миллионга етди, шу жумладан, Ўзбекистонда аҳоли сони бир аср мобайнида 3,8 миллиондан 30 миллион кишига кўпайди.
Агар ХХI аср бошида бизда аҳоли жон бошига 0,6 гектар ер тўғри келган бўлса, ҳозирги кунда бор-йуғи 0,15–0,16 гектар тўғри келмоқда. Ҳолбуки, аҳолини озиқ-овқат билан меъёрида таъминлаш ҳамда пахта ва бошқа техник экинлар салмоғининг ҳозирги ҳажмини сақлаб қолиш учун бизда аҳоли жон бошига камида 0,3 гектар ер бўлиши талаб қилинади.
Дунё табиат, ер майдонлари тўғрисида ўз фикримни баён қилдим, биз табиатни кўз қорачиғидай асраб, мустақил Ватанимиз боғлари ва ўрмонзорларини кўпайтирсак, кўп савоб иш қилган бўламиз.
Ўзим билган нарсаларни тўлиқ таҳлил қилолдим, билмаганларимни билган одамлардан сўрадим, албатта.
Пўлатиликлар сувдан тежаб-тергаб фойдаланади, чунки уруш даврида ва кейинги йилларда об-ҳавонинг қурғоқчилик келиши сувсизлик туфайли, Сурхондарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларига нон топиш мақсадида кўчиб кетганлар. Улар ҳозирги кунда ҳам ўша вилоятларда турғун яшаб келмоқда. Бу даврда Пўлатида ўпирилган уй-жойлар беҳисоб бўлиб кетган. Чолдеворлар элдошларимиздан ёдгор бўлиб қолган эди, юргани йўл йўқ, қишда лой, ёзда тиззагача тупроқ, чанг Пўлати бозори, икки-учта савдо дўкони ва эски мачит, тиббиёт пункти, шўролар идораси, селпо бўлар эди, табиий газ, электр инсонларнинг орзуси эди. МТСда ишлаб муқим яшаётганларнинг турмуш шароити қисман бўлса ҳам тузукроқ эди, холос.
Ўтган ХХ асрнинг 50-йилларида катта ҳашар ва халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Чингиз вайронага айлантирган эски «Анҳор» канали Зарафшон дарёсидан сув ола бошлади.
Ҳаёт сув билан боғлиқ, шунинг учун ҳам сув воҳани яшнатади, деҳқончилик ва чорвачиликни ривожлантиради. «Сув бу ҳаёт» – бу баландпарвоз шиор эмас, чин ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳам «Ер худоники, сув Сулаймонники, экин экмоқ осон, сув келтирмоқ қийин, сувнинг қадрини қудуқ қазган билади, сув тиласанг, Сулаймондан тила» деб бекорга айтилмаган.
Пўлатига борсам тўйлар қилинган хонадонларга кираман, уларнинг сони кўпайсин, элга тинчлик омонлик бергин, Оллоҳим, деб саждалар қиламан.
Менинг энг мунаввар онларим улар билан суҳбатлашган вақтларим ҳисобланади.
Ташвиш ва қувончларим улар билан ўтган, йил фасллари ўтиб кетди. Босиб ўтган йўлларимга боқсам, элдошларим камтарлиги ва хокисорлиги намоён бўлади. Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборов ўта камтар хокисор инсон эди, Оллоҳим раҳматига олган бўлсин.
Забонидан чиққан сўзи нечоғли ширин эди, у кишининг кўзида мустақил Ўзбекистон, ўз элига катта меҳр кўриниб турар эди.
Жуманиёз ака ҳеч қачон ўзгаларнинг дилини оғритган эмас, шогирдларга меҳр, халқимизга кўп шеърлар қолдирди.
Жуманиёз ака «Ватан» деган сўзни ўз дилига муҳрлаган инсон ва ижодкор эди.
Элимнинг қайси хонадонига кирмай, қўйлар сўйиб қозон осади, парвона бўлади. Эски оқсоқоллар кириб келади, муҳим гаплар бўлса, ёш болаларни, аёлларни аралаштирмай, муҳокама қилишади, меҳмон ўз номи билан меҳмон, уларнинг хизмат вазифаси, фойда-зарари ҳисобга олинмайди, у – меҳмон, хонадон учун катта ҳурмат ҳисобланади.
Пўлатиликларнинг уйи меҳмон учун ҳамиша очиқ, хоҳ тонг, хоҳ кеча, бу аҳамиятга эга эмас, улар меҳмон кутиб яшайди.
Меҳмон «атойи худо» деб улуғланади, таомилга биноан дастурхон ёзиб, писта-бодом ва Китобнинг қантак ўриги, кўк сояки майизи, болу новвот билан безалади, оқ шўрва, ширин кабоблар қўйиб, меҳмон иззат-икром билан кутиб олинади ва кузатилади.
Ёшлигим ўтган бу маконда синфдош дўстларимни унутишим сира мумкин эмас, дўстим Эшмурод Муродов доим менинг тушларимга кириб чиқади, ўтган ёшлик давримни ёдимга солиб туради, гуёки у ўлган эмас, афсуски, катта меҳрли инсон орамизада йўқ.
Ётган жойи жаннатдан бўлсин.
Синфдошларим Боймаҳмат, Ўрин, Инал, Теша, Элмуродлар билан учрашиб тураман, тасодифан бир савоб иш билан Элмурод ва Дилоромларникига бордим, иш билан борган бўлсам-да, шу гулдек покиза оиланинг саранжом-саришта эканлиги, дастурхонга тезда мева-чевалар, ширин оқ шўрвалар қўйилиб, роса меҳмондорчилик бўлганлиги ҳамиша ёдимда.
Пўлатиликларнинг хислатлари 150–200 бетлик қоғоз билан тугалланмайди, уларнинг ҳаёти, меҳнаткашлиги, орзу-ниятлари, ўтмиши, бугуни, порлоқ эртаси катта-катта китоблар бўлади, улар ўта ҳалол, бир-бирига ҳеч қачон хиёнат қилмайди, чунки уларнинг ўртасида учинчи тараф – Оллоҳнинг ўзи бўлади.
Элим деб яшаган элдошлар ҳамиша катта армонлар билан яшайди, яйловларда кишнаб юрган тойлар ҳам тулпор саман бўлади, юртни юрт айламоқнинг заҳматлари оғир. Бу кунларга ким етишди, ким етмади, биз пўлатиликлар шундай улуғ кунларга етишдик, Оллоҳга минг шукурлар бўлсин.
Қишлоғим ҳақида хаёлга ботганимда кўз ўнгимдан Пўлати учун меҳнати сингган кишилар бирма-бир ўтади.
Пўлати қишлоғи 1950-йилларда кўчалари лой, чолдеворларга тўла, одамлар уй-жойини ташлаб кетган, не суғориш учун сув, не ичгани қудуқ, бир хароба кўринишдаги қишлоқ эди.
Ўша даврдаги «Қизил Ўзбекистон» жамоа хўжалигининг аъзолари бир неча йиллар давомида иш ҳақи ололмаган, қийинчиликлар билан рўзғор тебратар эди.
Кўп инсонлар тирикчилик учун бошқа вилоятларга кўчиб кетган.
1958 йил «Қизил Ўзбекистон», «Энгельс», «Дарча», «Каманди» қишлоқлари қўшилиб, «Энгельс» жамоа хўжалигига айлантирилди.
Косон тумани Матлубот жамияти раиси, отам Тўра Орзуқулов колхозга раис бўлиб келди, ишни ерларни катталаштириб, йўллар чиқариб, атрофига дарахт кўчатлари экиб, катта-катта майдонларда боғ-роғлар ташкил қилишдан бошлади, кўчалар замон талабига мос қилиниб, янги уйлар қурилди, қишлоқ маданий жиҳатдан ўнгланиб, қишлоқ хўжалик экинларидан мўл-кўл барқарор ҳосил олина бошланди, чорвачилик ҳамма томондан ривожланди.
Жамоа аъзолари иш ҳақи олиб ўз оилавий ҳаётини яхшилади, ирригация тармоқлари қайтадан қурилди, туман ва вилоят марказларига йўл чиқариш жараёни ички йўллар ҳам янгитдан қурилди. Ўша даврда нон излаб кун кўриш учун она қишлоғини ташлаб кетган инсонлар Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларидан қайтиб Пўлатига кўчиб келди.
«Энгельс» жамоа хўжалиги ишлаб чиқаришдаги кўрсаткичлари бўйича Қашқадарё вилоятида таянч намуна хўжалиги деб белгиланди. Ўша оғир даврда отам билан ёнма-ён ишлаган Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини битириб келган Анор Жумаев бош ҳосилот бўлиб ишлади, у отамнинг ҳақиқий шогирди эди.
Оллоҳим раҳматига олган бўлсин.
Отамнинг ишлаш тажрибасини тўлиқ ўзлаштирган Анор Жумаевни ўша даврдаги раҳба– рият қўшни колхозларга раисликка тавсия қилди, лекин отам ўз шогирдини бағридан чиқармаслик учун вилоят ва туман раҳбарларига розилик бермаган.
– Раис бўлса, менинг ўрнимда ишлайди, – деб масалани очиқча қўйганларидан кейин Анор Жумаев Косон тумани қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлигига тавсия қилинди. Бу вазифада шиддат билан ишлади ва, ниҳоят, «Энгельс» колхози иккита жамоа хўжалигига бўлингандан кейин «Шарқ юлдузи» жамоа хўжалигига раис бўлиб иш бошлади, отамдан олган иш тажрибаси билан ўз устозининг ишини давом эттирди. Жамоа хўжалигидан ишдан кетгандан кейин Ўрмон хўжалигида ишлади.
Отамнинг шогирди Анор Жумаев билан тез-тез кўришиб турар эдим. Вилоят партия комитетида ишлаб юрган пайтимда мен билан узоқ суҳбатлашар эдик.
Республика вазирлиги раҳбарларидан бирининг Қаршида ўтказилган тўйида, Анор Жумаев, дўсти, Пўлатидаги «Шарқ юлдузи» жамоа хўжалигида иқтисодчи, қишлоқ матлубот жамиятида раис бўлиб ишлаган, ниҳоятда мулойим, тадбирли инсон Муҳаматшо Ражабов билан, ётган жойи жаннатдан бўлсин, учаламиз суҳбатлашдик. Мен ишдалигимни ҳисобга олиб, спиртли ичимлик ичмадим, икки дўст анча-мунча олишди. Мен Анор Жумаевни кўзида сариқликни сездим, бир нарса дея олмадим, эртаси куни Анор Жумаев юқимли касалликлар шифохонасига сариқ касал бўлиб тушган экан. Икки кундан кейин мен Китоб туманига вакил бўлиб кетган эдим, Анор Жумаев вафот этганлиги ҳақида хабар борди, таъзияга етиб келдим, минг афсуслар бўлсинки, Анор Жумаевнинг ўлими тўғрисида унинг рақиблари ҳар хил миш-мишлар тўқиб келади.
Инсоният ҳаётида энг хавфли нарса гумондир. Гумон чегарасиз қум саҳрода қолган, дарё ўртасида кемаси ёнган денгизчига ўхшайди. Аниқланмаган гумон тарихда инсон бандаси ҳаёти давомида шунчалик ҳисобсиз талафотларга олиб келдики, бу талафотни ҳозиргача ҳеч ким тузатолмаган. Гумон шунчалик жирканч хилқатки, фақат ёмонлик олиб келган, холос.
Анор Жумаев қишлоқ хўжалигига ишлаб чиқаришдаги ўта билимдонлиги, саводлиги ҳамма раҳбарларни лол қолдирар эди. Тошкент қишлоқ хўжалиги институти, ҳозирги Аграр университетни 4-курс талабалари 7 ойлик тажриба ўтказиш учун жамоа ва давлат хўжаликларига жўнатилар эди. Мен шу даврда ўзим туғилиб ўсган Пўлати қишлоғидаги «Шарқ юлдузи» жамоа хўжалигига юборилдим. 15 март 1967 йил эди. Колхоз раиси Анор Жумаев ва бош ҳисобчиси ҳосилот Хушмурод Отамуродов самимият билан қабул қилдилар. Март ойининг охири, апрел ойининг бошларида ингичка толали пахтанинг «5904-И» навини 1500 гектар майдонга экдик, кўчатлар униб чиқиши билан ҳаво ҳарорати пасайиб кетди, ер суғорилиб чигит экилганлиги учун тупроқдаги ҳароратнинг пастлиги туфайли униб чиққан чигит ниҳоллари қора илдиз чириш касалига учради, бригадирларни, мутахассисларнинг боши қотган, жамоа хўжалиги бош ҳосилоти мен билан Бўритош опани пахта даласига бордик, кўчатларни кўриб турган эдик, А.Жумаев келиб қолди:
– Қани, аҳволни қандай қилиб ўнглаймиз? Амир, сиз бизларга маслаҳат беринг, – деди, мен кулиб:
– Бу саволни қандай тушуниш керак, сиз соҳа билимдони, бош ҳосилотнинг тажрибаси ҳам, илми ҳам етарли, менинг маслаҳатимга унча муҳтож эмаслигингизни биламан. Бу масхаралашми ёки менинг қобилиятимни синашми? – деб жавоб қайтардим.
Раис кулиб:
– Олдин сиздан эшитайлик, кейин ками-кўстига бизлар қўшамиз. Эртага шу масалада кенгаш бўлади. Жалил ака Ҳаққулов райкомни биринчи котиби сиздан ҳам сўраб қолиши мумкин. Мен ўзим билганимча ҳам илмий, ҳам тажриба нуқтаи назаридан тушунтирдим:
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?