Электронная библиотека » Г. Жамилова » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "МЕН БОРМАН, ҲАЁТ"


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Г. Жамилова


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 9 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Гулчеҳра Жамилова
МЕН БОРМАН, ҲАЁТ

БИРИНЧИ БЎЛИМ
Ҳаётимиз ҳикматлари
(ўзбекона феъл, урф-одат ва қадриятлар)

Кўклам тонгги эди.

Ҳовлидаги бир туп ўрик гул очибди.

Беихтиёр шода гулини узиб лабларимга босгим келди. Шу аснода тоза ният қилиш истаги уйғонди. Бобо-бувиларимиз бирор дарахт гулласа ё бойчечак ердан униб чиқса албатта шундай қилишади. Митти гулғунчаларни кўзларига суртиб “омонлиқ-сомонлиқ, ҳеч кўрмайлик ёмонлик”, деб пичирлашади. Бу ҳам майлия, тўй ёки йиғинларда юз кўришган кишисининг фақат ўзигагина эмас, унинг бутун оиласига яхшилик соғиниб дуога қўл очадилар. “Бахтли-тахтли бўлинглар”, дейишади.

Барча инсонларга бахт тилаб яшайдиган орзуҳавасли халқмиз.

Ҳаётга доимо меҳр ва умид кўзи билан қараймиз.

Ҳар бир кундан мўъжизалар кутамиз.

Биз ўзбеклар – азалий илдизлари она заминга чуқур ботган ва тобора яшилланиб бораётган улкан дарахтдекмиз.

Беадад шукр…


УЙДАН КУЛИБ ЧИҚСА ҲАР ОДАМ

Эрталаб кимдир дарвозани оҳиста чертди. Бир неча кундан бери бетобланиб тўшакда ётган Розия ая ёнида ўтирган набирасига “эшикни оч” дегандек ишора қилди.

Остонада қўшни келинчак қўлида идишча билан турарди. Салом бериб беморнинг аҳволини сўради.

– Қайноққина сут олиб чиқдим, ичиб олинг, шамоллашингиз ўтиб кетади, – деди.

Ая келинчакни узоқ дуо қилди. Сўнг астойдил омонлашди:

– Болам, уйингиздагилар яхшими? Куёвим ишига бориб келиб турибдими, қудаларимнинг тан-жонлари соғми? Гўдагингиз билан қийналмаяпсизми?

Келинчак қўлини кўксига қўйиб, жилмайганча “шукр, раҳмат” деб турарди.

У чиқиб кетиши билан набираси кулиб юборди.

– Бувижон, ким келса дарров саволга тутиб уйидагиларни бирма-бир сўраб чиқасиз-а? Ана чет эл киноларини кўринг, бирортаси бир-биридан ҳол-аҳвол сўрамайди, бошқаларнинг оиласи билан ишлари йўқ. Сиз нимага бунақасиз?

Набирасининг ажабтовур гапларини эшитган ая табассум билан деди:

– Битта мен эмас, биз ўзбекларнинг баримиз шунақамиз, қўзичоғим. Хўш, сўраб-суриштирсам нима бўпти? Ҳар инсоннинг оиласи тинч бўлса, ўзиям тинч бўлади. Эрталаб хонадонидан кулиб чиқса, кун бўйи яйраб юради, иши юришади, ёнидагиларгаям яхши гапиради. Агар уйида тинчлик бўлмаса-чи? Кўзига дунё зимистон кўринади. Бундай аҳволда бўлса, таскин берамиз, кўнглини кўтарамиз, тўғри йўлга бошлаймиз. Шунда у хатосини тушуниб, оиласидаги жанжалли ишни ҳал қилади, юзу кўзига яна кулгу югуради. Ишқилиб ким бўлсаям “оилам тинч, бола-чақам омон, ҳаммамиз яхши юрибмиз” деса бас, мен хотиржам бўламан. Айт-чи, шу ишим сенингча тўғрими ё нотўғрими?

Набира “тўғри-тўғри” дегандек бош силкиди.

МИНГ ДОНА МУНЧОҚ

Гулсанам исмли қиз бор эди. Янги рўмолини ёки тақинчоғини кўриб қай биримиз ҳаваслансак, дарров ечиб қўлимизга тутқазар, “Бу энди сеники бўлди”, дерди. Гоҳида эса туни билан ухламай ранг-баранг мунчоқларни ипларга тизар, эртасига синфдаги барча қизларга тақсимлаб берарди.

– Ўзингга биттаям қолмади-ку, – дер эдик биз.

– Сизларга ёқса бас, агар керак бўлса янаям чиройлироқларини тизиб бераман, – дерди.

Шу қизнинг дугоналари, опа-сингилларига туҳфа этган мунчоқлари минг донадан ошгандир…

Ажаб, биз қувонсак ўзиям қувонарди. Очиғи, ўзгаларнинг севинганини кўриш унинг бирдан бир истаги эди.

Ҳайрон бўлардик. “Ўзига атаб олган нарсасини дарров бировга совға қилгани нимаси? Туни билан ухламай бировлар учун мунчоқ тизиши шартмикин? Нега бундай қилади-а?” – деб ўйлардик.

– Гулсанамнинг момоси Чечак кампир ҳар кўкламда етти марта сумалак пишириб эл-юртга тарқатарди. Қаерда етим болани кўрса уйига обкелиб парваришларди. Бир умр одамларнинг ҳожатини чиқариб яшаган, ўзи ҳам жуда саховатли эди, – дерди кексалар.

БЕЛБОҒИДАН ПУЛ СОЧИБ…

Қишлоқнинг полвони Садриддинни кўп эслайман.

У ҳар кураш тушганида рақибини енгар, қариялар “баракалла, сен ўзимизнинг полвонимизсан”, дея уни бир белбоғ пул билан сийлашарди. Садриддин эса тугунни шу даврадаёқ ечиб, пулларни томошага келган ғарибу ғураболарга тарқатарди.

Ёш полвоннинг сахийлигини кўрган кексалар уни алқашса, ёш-яланглар “шунча пулга омонатгина пахса уйини пишиқ ғиштдан қуриб олса бўларди-ку”, дея ажабланишарди.

Кейинчалик эшитсак, Садриддиннинг ота-боболари ҳам полвон ўтган, уларнинг бариси мурувватли бўлишган экан!

Йиллар ўтиб, улғайганим сайин мен Садриддин каби йигитларнинг, унинг бобосидек мард одамларнинг ўзгаларга мурувватини кўриб қувондим. Шундай кезларда “инсонларга яхшилик соғиниб яшаш бизга боболардан, момолардан ўтган улуғ фазилат”, деб ўйлардим.

САБР ТАГИДАГИ “ОЛТИН”

Гулчирой момо бошидан ўтганларини эслаб шундай дерди:

– Мен турмушга чиққан пайтларда замон жуда оғир эди. Ўша йилнинг саратони оловдай ёндирди, қиши ҳам қаҳратон бўлди, “туф” десанг тупугинг қотарди. Сув танқис, ҳосил пишмаган, борини чигирткалар талаб кетганди. Хуллас, бир тишлам нон топиш мушкул. Ўн уч жон битта қозондан овқат ер эдик. Тирикчилик ўтмай шунчалар қийналдикки, айтгулиги йўқ…

Момо жимиб қолади. Суҳбат давомини кутиб сабрим чидамайди.

– Кейин нима бўлди?

–Ўзаро ҳамжиҳатлик билан қийинчиликларга ечим топдик. Дўппи тикардим, қайнонам бозорга олиб чиқарди. Эркаклар турли юмушларни бажаришди. Ҳалол йўл билан тирикчилигимизни яхшиладик. Оилада ҳамма бирлашиб ҳаракат қилса, машаққатни енгиш осон бўларкан.

Гулчирой момонинг айтишича, турмуш изга тушгач, катталар уй-жой қуриб тўйлар қилишибди, кичиклар турли ҳунарларнинг бошини тутишибди. Ўн уч жон кўпайиб, бир қишлоқча бўлибди.

Момо айтадилар:

– Биз ўзбеклар бошга ташвиш тушса сабр қиламиз, ёнимиздаги ғамнок одамга таскин-тасалли берамиз, қўшнилар билан аҳилу иноқ яшаймиз, бир жойда йиғилишсак суҳбатларимиз тонггача тугамайди, бирбиримизни йўқлаб соғиниб юрамиз. Аслида аҳиллик ҳам наслдан-наслга, авлоддан-авлодга ўтар экан, болам.

Мен момонинг сабру бардошига, ғурурига ва жасоратига ич-ичдан ҳавас қиламан.

ОДДИЙ АЁЛ ФАЛСАФАСИ

Қишлоғимизда кекса бир аёл бўларди.

Сўзлагани нақл, излагани ҳикмат эди. Ўзининг қора-қура набираларини ҳар доим катта ёшли болалар ортидан жўнатар, “Қани акаларингга эргашинглар”, дер эди.

Момонинг “Ўзингдан баландроқ давралар суҳбатида бўл”, деганини кўп эшитганман.

Йиллар ўтиб, мен бу сўзлар мазмунини тушуниб етдим. Катта давраларга кириб бориб, ўзидан кўра ўткирроқ сўзлайдиганлар суҳбатини тинглаган одам ҳаёт моҳиятини анча илгарироқ фаҳмлар экан.

Чуқур фикрли, ўткир сўз айтгувчи одам аслида журъатли бўлади. Бундай кишининг журъати юрагингга ўт ёқади, вужудингни ич-ичида мудраб ётган кучни беихтиёр туртиб юборади ва ҳис-ҳаяжонларинг, орзуларинг бирданига улғайиб кетгандек туюлади.

Гоҳо шундай аҳволга тушганимда болалик тасаввуримда қолган ўша кекса аёлнинг оддий фалсафаси хаёлимдан ўтади.

Ўйлайман. Гўёки биз бу дунёга бир-биримизни уйғотиб яшаш учун келгандекмиз. Қалбимизда кечган уйғониш соатлари эса улуғ ишларни бошламоғимиз учун йўлчи юлдуздир.

ТАДБИРЛИ ЙИГИТ
(отам айтган ривоят)

Қадимда уч-тўртта йигит ўзаро баҳслашиб кетибдилар.

“Кимки подшо билан бир дастурхон атрофида ўтириб чой ичса, ўшанга ярим бойлигимизни берамиз”,– дебдилар.

Шунда иши юришмай қийналиб юрган косиб йигит ўртага суқилиб кирибди. “Мен шу ишни бажараман”, – дебди.

Ҳамма унинг гапидан кулиб юборибди. Лекин йигит қўрқмасдан подшо ўтирган кўшк сари борибди, муҳим гапим бор, ўтказиб юборинглар, деб туриб олибди.

– Нега келдинг? – дебди подшо қовоғини солиб.

– Сиз жуда доносиз, подшоҳим. Мен сиздан пиёладек келадиган олтин қанчага баҳоланади, деб сўрамоқчийдим.

Подшо олтинни эшитиб йигитни ёнига чорлабди, кумуш пиёлада чой қуйиб узатибди, сўнг ўша олтинингни кўрсатақол, дебди.

Йигит эса: “Олтин ҳозирча йўқку-я, лекин топиб олсам, уни қандай баҳолашни билмайман, деб қўрқдим”, – дебди.

Подшо йигитнинг соддалигидан яйраб кулибди, сўнг завқи келиб кумуш пиёлани унга узатибди, “Мана, ол, олтин топсанг, шунда ўлчарсан”, – дебди.

Хуллас, косиб бойвачча йигитларнинг ярим бойлигини қўлга киритиб, ўзининг тадбирлилиги билан бойиб кетган экан.

БОБО ҲАҚ СЎЗНИ АЙТДИ

Шодиёр бобо доимо болаларни атрофига йиғиб, уларга ривоятлар айтиб берар, ҳар бирини худди фарзандидек суйиб эркалатарди. Лекин безориларини аяб ўтирмасди.

Айниқса, дарахт шохини синдириб, чумчуқ уясини бузганларни кўрса, қаттиқ койир, “Нега бундай қилдинг, оқибатини ўйламадингми?” деб қулоқларидан чўзарди.

Бир куни бобони даврадошлари ўртага олишиб:

– Қачонгача шу болаларга ўралашиб юрасан. Улар бузғунчилик қилса сенга нима? Ҳаммасини ўз ҳолига қўй, ота-оналари тарбиялаб олаверсин?! – дейишибди.

Бобо анча ўжар эди. Тенгқурларининг гапини индамай эшитиб турибди-да, сўнг бош чайқаб:

– Болаларни тарбиялаш фақат ота-онанинг иши эмас, бунга барчамиз жавобгармиз, шуни биласизларми? Бугун қушнинг инини уриб туширган, экинни оёғи билан янчиб, мевали дарахтнинг шохини синдирган болани кўриб ҳеч биримиз индамасак, “бу ишинг хато” демасак, бир кун келиб, улар бундан ҳам каттароқ қинғирликларга қўл урмайдими, ахир?! Ўшанда бутун маҳалла “аттанг” деб қолса майлими?– дея куюнган экан.

КИТОБ ЎҚИБ, ИЗЗАТ ТОПДИМ
(Ҳамдам бобо ҳикояси)

Бу воқеага кўп йиллар бўлди.

Айни йигитлик чоғларимда ҳайдовчилик гувоҳномасини олдим-у раиснинг машинасини ҳайдай бошладим. Хўжайиннинг ажойиб фазилати бор эди. Қаерда китоб дўконини кўрса кириб, эринмай айланар ва янги чиққан китоблардан харид қилиб машина орқасига тахларди. Ўзи бўш қолди дегунча шу китобларни ўқий бошларди, мениям шунга ундарди.

Дастлаб парво қилмадим. Бир куни мажлисга кириб кетаётганларида “Икки соатча бўшсан, вақтни бекорга ўтказмай манави китоблардан бирини ўқиб ўтир, кейин фикрлашамиз, хўпми?” деди. Айтганини қилдим. Ҳалиги китобни шунақа мириқиб ўқибманки, вақт қандай ўтганини сезмабман. Шу-шу китобга ишқим тушди. Қўлимдан қўймайдиган бўлдим.

Дунёга, ҳаётга муносабатим ўзгарди. Ўзим ҳам буткул янгича инсонга айланиб қолгандай эдим. Йиллар ўтиб раис кексайди, мени ўзига ёрдамчи қилиб олди. Нафақага чиққанидан сўнг ўринларига раис бўлдим. Эл-юрт билан тиллашиб, анча йиллар шу лавозимда ишладим. Обрў-эътибор, иззат топдим. Қаранг, китобга меҳр қўйиб, ахийри, оддий ҳайдовчиликдан раҳбарлик даражасига кўтарилдим.

Китоб битмас-туганмас жавоҳир хазинаси эканки, қанча сарфлаганинг билан асло камаймайди, қайтанга қадри ошаверади. Қанийди, барчамиз бир-бировимизни китоб ўқишга ундаб яшасак!

БЕШ ЎҒЛОН ЖАСОРАТИ

Тоғлар орасидаги бу қишлоқ Беш ўғлон деб аталади. Қишлоққа бундай ном берилишининг ўзига хос тарихи бўлган.

Айтишларича, бир бева аёлнинг бешта ўғли бор эди. Қай кун келиб бу қишлоққа душман оралайди. Эл-юртнинг мол-ҳоли талон-торож қилиниб, уйларига ўт қўйилибди. Еру осмонни одамларнинг оҳу зори тутиб кетибди. Ана шунда аёлнинг бешала ўғли қурол олиб, ёв томонга от суриб бораверишибди.

Охир-оқибат душман енгилиб, эл-улус тинчигач, қишлоқликлар жанг майдонида шаҳид бўлган бешта ўғлон бошида мотам тутибдилар. Шунда қишлоқ оқсоқоли аёлни юпатиб шундай дебди:

– Беш ўғлинг бирлашиб душманни енгди, биз омон қолдик. Лекин сен шўрлик бахтсиз бўлиб қолдинг-да, шу учун куюнаяпмиз.

– Ҳозир мендан кўра бахтлироқ она йўқ, – дебди аёл шунда. – Мен ўғилларимни юрт ишига яроқли бўлинглар деб ўстирганман. Агар ёв келганда улар бир четда қараб туришганида эди, дунёда мендан бахтсизроқ аёл бўлмасди!

Ҳамма мард ва ўктам онани дуо қилибди.

Довюрак ўғиллар шаҳид кетган бу қишлоқ ўшандан бери Беш ўғлон деб аталаркан.

БАРДОШИ ТОҒЛАР ҚАДАР…
(Асал аммам хотирасига эҳтиром сақлаб)

Аммамнинг кўз очиб кўрган эри чўпон, хўб инжиқ, иззатталаб киши эди. Бир этак боласи бўла туриб ҳам, шу одати қолмади. Аммам сал қаттиқроқ гапириб қўйса, “аразлаб” тоғдаги чўпонлар ёнига кетиб қоларди.

Бирор ҳафта ўтгач, аммамизнинг ўзи бориб, “Менгина ношудни кечиринг отаси. Кенжангиз ичикиб касал бўлиб қолди. Уйга юрақолинг…” деб олиб келарди.

Баъзида уйимиз ёнидаги тоққа қараб кетувчи йўлда аммам кўриниб қолса, онам ичлари ачишиб:

– Ҳориб-чарчаб тоққа бориб сизга зарурми опа. Бир куни ўзи келади-да, – дердилар.

Шунда аммам:

– Э, синглим-ей, у баландласа, мен паст тушиб турай. Рўзғоримиз тўзиб кетмасин тағин, – деб қўярдилар.

Йиллар ўтиб, поччамиз “кетиб қолиш”ларини бас қилди, аммам иккови қўша-қўша ўғил уйлаб, қизлар чиқаришди.

Ҳар гал Самарқандга борсам аммамнинг катта ўғли Мансур ака ҳақида яхши гаплар эшитиб қайтаман. Эл орасида иззат-ҳурмат қозониш ҳаммагаям насиб этавермайди, ахир. Мансур ака шундай ҳурматга сазовор бўлибди. Катта укамнинг айтишича, қишлоқликлардан ёрдамини аямайдиган, ўзи ҳам оилапарвар, тадбиркор, хуллас меҳнати ва заковати туфайли бугуннинг янги бойлари қаторига қўшилган ажойиб инсон экан у киши.

Аммам саксонлардан ошиб, умри охиригача пиру бадавлат бўлиб яшади. Алп ва жасур ўғлонларни, назокатли қизларни вояга етказган бу донишманд аёлнинг номи жамиятимиздаги энг қадрли оналардан бири сифатида хотираларда қолди.

ПАРИЛАР ЕТАКЛАГАН МОМО
(бадиа)

Бир момо бор эди.

Беозор, меҳрибон, фариштасифат…

Шамолдай елиб-югурадилар, лекин асло чарчамасдилар. Кўпинча ортларидан чопиб етолмасдик. “Мени пари қизлар етаклаб кетади, шунда кучимга куч қўшилади”, дердилар кулиб.

Момо нақ юз ёшида қазо қилди. Ҳеч ким сочини юлиб айюҳаннос солмади. Бирор кимса ҳасса таяниб, “вой энам”, демади. Чунки момонинг ўзи “ҳеч биттанглар йиғламанглар”, деб васият қилганди. “Сизлар ёқа йиртиб дод солсанглар, эшитиб озорланаман”, дегандилар.

Бу табаррук ёшли аёл ҳаётлик чоғларида катталар тугул, гўдак боланинг йиғисига ҳам чидаб туролмасди. Ҳеч кимнинг кўзида ёш кўрмасам, дерди. Ўзи-ку, бирор жониворгаям озор бермаган. Ҳатто кўча-кўйда чумолиларга дуч келса, “тағин битта-яримтасини босиб олмайин”, деб ўтиб кетгунича четланиб турарди.

Айтишларича, момо анча йиллар бурун даштда ғўза чопаётиб, жўяк ўртасида ётган қора илонни кўриб қолган. Илон бўйнини тик тутиб, вишиллаганича даф қилибди. Момо эса қўлини кўксига қўйиб:

– Эй, жониворгина, кўриб турибсан-ку, ҳеч бир ёмон ниятим йўқ. Ахир сениям, мениям Худо яратган. Агар унинг амри билан жонимни олмоқчи бўлсанг, майли олақол. Бўлмаса, ўз йўлингдан қолма! – дебди.

Илон момонинг гапларини тушунгандек шу заҳоти шаштидан қайтиб, бошқа томонга жўнаб қолган экан.

Фазилатли аёл эди бу момо. Шунинг учун ҳам таъзия куни момонинг руҳи чирқирамасин деб бирор одам товуш чиқармади. Унсиз йиғлашди, ичикиб йиғлашди. Кимдир кўзи тўла ёш билан “мен ҳам момонинг ёшларига етиб юрай”, дея пичирлади. Яна кимлардир унинг бир шода қалампирмунчоғини бўлиббўлиб олишди, кўзларига суриб, сўнг набираларининг бешикларига қадаб қўйишди.

Бутун қишлоқликлар учун азизу ардоқли бўлган момонинг ҳар сўзи ҳикмат, ўзи эса мақолу маталларни тилдан қўймасди. Ҳикоятлар айтишга, ривоятлар тўқишга уста эди. Суҳбатлари билан одамларни инсофга чорларди, сабрли бўлишга ўргатарди.

* * *

…Момо бир куни бир дўппи тухум ҳақидаги воқеани гапириб берганди:

Қаҳатчилик йиллари.

Қоққани қозиқ, осгани хурмача йўқ маҳаллар. Борига шукур, йўғига сабр қилардик.

Бир куни супрадаги бор унни элаб, тушликка қотирма пиширдим. Олмачойни дамлаб қўйиб, пичан ўримига кетган бобонгга тушлик овқатни етказиш учун отланаётсам ортимда кимдир қичқириб юборди:

– Она, буни қаранг!

Эрталабдан бери сомонхонани супураётган катта тоғанг (ўшанда ўн ёшда эди) остонада ҳансираб турарди. Уст-боши чанг, қўлида бир дўппи тухум.

Дарров ёнига бориб, қўлидагини олдим. “Қаердан келибди шунча тухум?” дея ўйладим. Сўнг ёдимга тушди. Кечагина қўшни аёл бизникига чиқиб, “Молхона қулаб тушганидан бери товуқларим тухум қилмай қўйди. Ҳарна болаларим шу билан овуниб турарди”, дея кўзида ёш билан менга дардини айтганди. Демак, бу тухумлар…

Дўппидаги тухумни тоғангга тутқаздим.

– Шафоат холангга обор буни. Товуқларингиз бизнинг сомонхонага тухум қилаётган экан дегин, хўпми?

Кичкина тоғанг ўшандаям ўжаргина эди.

– Биттагинасини менга пишириб беринг, – деди.

– Йўқ, – дедим, – шу битта тухум ҳам ўша етим гўдакларнинг насибаси. Шўрлик аёл, жўжабирдай жон. Бор, сен ўчоқдаги қотирмадан синдириб е!

Кейин яхши кунлар келди. Аллоҳга шукр, ҳар ким иймонини йўқотмай етиб келди шу кунларга. Аслида одамларимизнинг кўнглида ҳеч шумлик йўқ эди-да. Кўчадан бирор танга топиб олсаям эгасини обдон қидираверарди. “Ҳаром юқмайди” деган ақида бор эди.

Момо кўҳна одатларимизга янгича ёндашадилар. Ўзлари иримкаш бўлмасалар-да “иримлар ортида фақат яхшилик туради”, дер эдилар. Соч тарасак, ерга тушган ҳар бир толасини эринмай йиғар, сўнг тоза латтага тугиб қўярдилар. “Сочнинг хосияти катта, уни эҳтиётланглар, одамлар кийим-кечак нималигини билмаган замонларда аёлларнинг сочлари жуда узун бўлган, улар гўдакларини шу сочларига ўраб, совуқдан асрашган”, дерди момо. Бу нуроний аёл ҳар гапи билан юракларга ўт соларди, суҳбатидан баҳраманд бўлган ҳар кишини улуғ манзиллар томон ундар эди.

Юз йил яшаб, ҳалоллик ва поклик туйғуларини юрагида гавҳартошдек асраган момони ҳали-ҳануз соғинган кезларимда “бу покдомон аёлни пари қизлар оппоқ нур тўшалган йўллардан етаклаб юргандир”, деб ўйлайвераман.

РОҲАТОЙ ОНАНИНГ БОҒЛАРИ

Қадимги даврларда шундай воқеа рўй берибди. Бир киши ҳовлисининг ярмини деҳқон қўшнисига сотибди. Деҳқон кўкламда янги сотиб олган ерига экин экиш ниятида омоч тортибди. Шунда омоч тиши “қирс” этиб нимагадир тегибди. Деҳқон қарасаки, бир кўза олтин экан. Дарров ҳалиги кишининг ёнига югурибди.

– Сендан сотиб олган еримдан бир кўза тилла чиқди, шуни ол, – дебди.

– Энди сотилган ҳовлининг эгаси ўзингсан, демак тилла ҳам сеники, – дебди у киши.

– Йўқ, мен оёғим тагидан чиққан бу бойликни олмайман, – дебди деҳқон.

Иккови қозининг олдига боришибди. Мушкул масалани ҳал қилолмай боши қотган қози деҳқон билан ер сотган кишининг фарзандларини суриштирибди. Бирининг ўғли, бирининг қизи бор экан.

– Шу икковини никоҳлаб, тиллаларни уларга беринглар, янги оилага ишлатишади, – дебди қози.

Қиз ва йигит турмуш қуришибди. Лекин тўйдан кейин хумни кўтариб яна қозининг олдига келишибди.

– Меҳнат қилиб топилмаган бу тиллалар бизга керак эмас, ҳалол ишлаб рўзғор тебратмоқчимиз, – дейишибди.

Қози ўйлаб-ўйлаб ахири одамларни йиғибди ва хумдаги тиллаларни уларга тарқатибди. “Мана бу бойликни сарфлаб ҳашар йўли билан боғ яратинглар, мева-чева кўп бўлсин, шундагина бу тиллалар эл-юрт учун ҳалол ҳисобланади”, дебди…

Демак, боғ яратиш қадим-қадимданоқ ҳалол яшов чи одамларнинг азму қарори туфайли келиб чиққан экан!

Ургутлик Роҳатой ҳожи онанинг узоқ йиллар машаққат чекиб барпо этган боғларини кўрганимда доимо шу афсона ёдимга тушади.

Ҳожи она умрининг ўтган саксон уч йилини сарҳисоб қилса, “бекорга яшамаган эканман” деган ёруғ хаёл кўнглидан кечади. Болалигидан то ҳозиргача эл-юрт хизматида бўлди, одамларга фақат яхшилик соғинди, ҳаёти давомида диний ва дунёвий илмларни эгаллади, шу илмларни она юрти тараққиётига сарфлади.

Роҳатой онанинг ҳаётида эсда қоларли кўп воқеалар бўлган.

…Мактабда яхши ўқирди. Еттинчи синфдалигида Алишер Навоийнинг “Сабъайи сайёр” достонидаги жамики мисраларни бир кечада ёдлаб, эртасига синфда айтиб берган ва ҳаммани қойил қолдирган.

…Тўққиз ёшлик чоғлари эди. Колхоз қўйларини боқишга ёрдамлашарди. Ўша пайтларда тоғдан бўрилар тушиб қўйларга тез-тез ҳужум қиларди. Бир кун ҳам шундай бўлди. Атрофда ҳеч ким йўқ. Ёш қиз бўриларни таёқ билан қувлади, айниқса биттаси қочаётганида қўлидаги узун таёқни унга отди. Шу тарзда қўйларни асраб қолди. Эртасига ўша жойга бориб қарашсаки, қиз таёқ отган бўри ўлиб ётган экан. Шундан сўнг бўрини ўлдиргани учун колхоз томонидан мукофотланган эди.

…Кўп йиллар Ургутда бригада бошлиғи бўлиб ишлади. Ўшанда фаоллар қаторида Қрим саёҳатига борган. У ернинг бетакрор табиатини, тоғнинг ёнбағирларидаги узумзорларини кўриб ҳайратга тушган. “Ургутда ҳам худди шундай боғ яратаман”, деган ниятни дилига тугиб қайтган. Лекин боғ учун танланган Тўпхона тепалиги тошлоқдан иборат эди, уни ўзлаштиришда катта куч ва меҳнат сарфланди. Тепаликка сув чиқариш айниқса улкан муаммога айланди.

Ўша йилларда Роҳатой Қўйсинова пойтахтга қатнаб, юқори идоралар раҳбарларидан ёрдам сўради. Ўғиллари – Асатилло, Мақсатилло, Аминжон, Равшан, Луқмонжонлар онанинг ёнида туриб кўмаклашдилар. Савоб ишда чуқур ҳикмат борлигини яхши билган қизлари – Рухсора, Гулбаҳор, Гулноралар эса онага маънан қувват бағишлашди. Хуллас, Тўпхона тепалиги бағрида боғу узумзорлар барпо этилиб, илк йиллардаёқ ҳосили баракали бўлди. Мева-чевалар дастлаб тумандаги болалар боғчалари ва камдаромадли хонадонларга етказиб берилди…

Йигирма йилларча аввал, аниқроғи “Саодат” журналида ишлаётган кезларим эди.

Роҳатой она амалга ошираётган катта ишлар ҳақида эшитиб, у киши яшаётган Ургутнинг Ҳалим Мўминов номли жамоа хўжалигидаги Сўфиён маҳалласига йўл олдим. Ўша йилларда бир юз эллик метрча келадиган баландликдаги Тўпхона тепалигига сув чиқариб боғ яратган ва ишни бошлагунига қадар йўлида ғов бўлган минг битта машаққатларни енгиб ўтган бу аёлни мен дастлаб худди эркаклардек қайсар ва шаддод бўлса керак деб ўйлагандим. Учрашганимда эса рўпарамда жуссаси кичиккина, озғин ва чеҳрасида нур балқиб турган иймон-эътиқодли аёлни кўрдим. Товушлари мулойим бўлса-да, гап-сўзлари дадил, ич-ичларида қатъият ва ўзгача жасорат борлигини пайқадим. Роҳатой онанинг суҳбатларини мириқиб эшитдим. У киши боғни барпо қилгунигача бўлган қийинчиликлар ҳақида гапириб, кейин “мен фақат меҳнат қилаяпман, қолганини Яратганнинг Ўзи беради”, дедилар.

Ургутга кейинги борганларимда Тўпхонада ғарқ пишган оқ-қора кишмиш узумларни, шафтоли, нок ва олмаларнинг мазасини татиб кўрдим. Роҳатой она бош-қош бўлиб ободонлаштирилган шу тепаликда ўтказилган Наврўз сайлида бутун Ургут халқи қатнашганининг довруғини ҳам эшитдим.

Куйиб-ёниб, машаққатли меҳнати орқали обрў топаётганларга рақиб ҳам топиларкан. Ўша кезларда Роҳатой онанинг тиним билмай қилган меҳнати ва эл назарига тушгани айрим кишиларнинг ғашини келтирди. Қаранг-а, аёл киши не-не қийинчиликларга чидаб тошлоқ ерни ўзлаштирса, тупроғини пешонасининг тери билан суғорса, сўнг тап-тақир жойни обод қилиб қанду новвотдек мевалар етиштирса-ю, “баракалла” дейиш ўрнига айрим одамлар унинг йўлига ғов бўлишса?! Қани ҳақиқат? Шукрки, адолат йўлини аниқ кўрсатувчи, оқни-оққа, қорани-қорага ажратиб бергувчилар бор.

Йиллар ўтиб, Роҳатой она эзгу ишлари билан тилга тушди. 2006 йилда муборак Ҳаж зиёратида бўлиб қайтдилар. Узоқ йиллик меҳнатлари қадрланиб, ҳукуматимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Роҳатой ҳожи она одамзодни бағрида кўтариб яйратаётган шу замин тупроғини муқаддас деб билади. Шунинг учун ёшлигиданоқ она ерга меҳр қўйди. “Сен ерни иззатласанг, эл сени иззатлайди”, деган мақолга амал қилди. Бирор лаҳза тиним билмади. Ўз кучига, меҳнатига ва эътиқодига таянди. Ҳар ишда кенгфеъл, эл ичида камтар ва ҳаёт машаққатлари олдида сабрли бўлди. Она тупроқ ҳам ўзини эъзозлаган кишига сирини очади, етарлича насиба беради. Ҳожи она ўзи азиз билган тупроқдан ризқ-рўз олди, эл ичида ҳурмат, обрў топди.


Страницы книги >> 1 2 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации