Текст книги "Диққат: Чалғитувчи дунёда муваффақият сирлари"
Автор книги: Кэл Ньюпорт
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 13 страниц) [доступный отрывок для чтения: 4 страниц]
ҒОЯ
Биринчи боб
ТЕРАН МЕҲНАТ ҚАДРЛИ
2012 йилги сайлов яқинлашаётганди. Миллат тақдири учун муҳим бир паллада кузатиладиган одатий ҳолат сифатида “Nеw York Times” веб‐сайтига кирувчилар сони ортди. Аммо бу сафар нимадир бошқача эди. Кирувчиларнинг номутаносиб даражада катта қисми, баъзи қайдларда 70 фоизи, ундаги ягона манзилга кираётганди. Бу на бош саҳифадаги долзарб янгилик, на Пулицер мукофотини ютган колумнистлар мақоласи сабабли эди, аксинча, бу бейсбол статистикаларидан зерикиб, сайлов натижасини башорат қилувчи шахсга айланган Нейт Силвер юритадиган блог эди. Бир йилга етмай, Кўнгилочар ва спорт дастурлари тармоғи (ESPN) ҳамда Америка телерадиоэшиттиришлар компанияси (ABC News) қўл остида ўн икки ходим ишлашини, спортдан тортиб обҳавогача бўлган янгиликлар сегментини юритишини ва, эҳтимолдан анча узоқ бўлса ҳам, “Академия мукофоти”дан кўрсатув тайёрлаш имкони берилишини ваъда қилиб, Силверни “Times”дан тортиб олди. Унинг қўлбола башорат қилиш моделларининг методологик пухталиги бўйича муҳокамалар давом этаётган бўлса‐да, 2012 йилда бу 35 ёшли маълумотлар устасининг иқтисодиётда ғолиб чиққанини тан олмаганлар бармоқ билан санарли эди.
Яна бир ғолиб ҳозирда интернетдаги бир нечта энг машҳур манзиллар, хусусан, “Twitter” ва “Hulu”нинг таъминотчиси, веб‐сайтлар яратиш тармоғи “Ruby on Rails” асосчиси ва компьютер дастурлаш юлдузи Дэвид Ҳейнемайер Ҳанссондир. У “Basecamp” (2014 йилгача “37 сигнал”) деб номланувчи нуфузли фирманинг раҳбарларидан бири. Ҳанссон “Basecamp” ёки ўзининг бошқа даромад манбаларидан келадиган фойда миқдори ҳақида очиқ гапирмайди, лекин унинг Малибу (Чикаго) ва Марбеллада (Испания) ўтказиладиган автопойгаларда қатнашиб туришидан бу миқдор анча катталигини тахмин қилиш мумкин.
Иқтисодиётимиздаги учинчи ва охирги ғолибимиз Жон Дуэр – “Кремний водийси”даги таниқли “Kleiner Perkins Caufield & Byers” капитал фондининг бош директори. Дуэр “Twitter”, “Google”, “Amazon”, “Netscape” ва “Sun Microsystems” сингари технологик инқилобни авж олдираётган ҳозирги кўплаб компанияларни молиялашга кўмаклашади. Ушбу сармоялар келтирган даромад эса жуда катта бўлди: Дуэрнинг соф бойлиги айни чоғда уч миллиард доллардан ошган.
***
Нима учун Силвер, Ҳанссон ва Дуэр бунчалар муваффақият қозонди? Бу саволга икки хил жавоб бериш мумкин. Биринчиси “микро” жавоблар бўлиб, ушбу учликнинг муваффақиятига ёрдам берган уларнинг шахсий феъл‐атвори ва тактикаларига урғу беради. Иккинчи хилдаги жавоблар, аксинча, “макро” бўлиб, уларнинг индивидуал характерига эмас, балки улар шуғулланаётган ишнинг хусусиятига диққат қаратилади. Ҳар иккала ёндашув ҳам муҳим бўлса‐да, ҳозирги иқтисодиётимиз айнан нимани тақдирлашини яхшироқ ёритгани учун “макро” жавобларни кўпроқ муҳокама қиламиз.
Ушбу фикрни янада кенгроқ тушуниш учун МТИ иқтисодчилари Эрик Брайнйолфсон ва Эндрю Макафига мурожаат қиламиз. Улар ўзининг 2011 йилги “Машина билан пойга” деб номланган анча таъсирли бўлган китобида меҳнат бозоримизни кутилмаган тарзда ўзгартираёт ган кучларнинг аёвсиз ўйинида рақамли технологиялар ривожи муҳим роль ўйнашини асослашга муваффақ бўлган. Муаллифлар китоб бошида “Буюк ўзгаришларни бошдан кечирмоқдамиз. Технология кундан-кунга шитоб илгариламоқда, лекин бизнинг маҳорат ва ташкилий саъй-ҳаракатларимиз унга етолмай ортда қолмоқда”, деб таъкидлайди. Кўплаб ишчилар учун бу ҳолат нохушликдан дарак беради. Ақлли машиналар ривожлангани сари инсон ва машина қобилиятлари орасидаги тафовут камайиб борар экан, эндиликда иш берувчилар “янги ходимлар” ўрнига “янги машиналар”ни ёллашни афзал кўрмоқда. Коммуникация ва ҳамкорлик технологиялари тараққиёти масофадан ишлашни енгиллаштирмоқда, оқибатда компаниялар маҳаллий иқтидор эгаларини ишсиз қолдириб, узоқдаги “юлдуз”ларни ёлламоқда.
Бу ҳақиқатдан тамомила умидсизликка тушмаслик керак. Брайнйолфсон ва Макафи таъкидлаганидек, бу буюк ўзгаришлар ҳамма касбларни жар ёқасига олиб келгани йўқ, аксинча, тақсимлаяпти. Гарчи қиладиган ишлари автоматлаштирилиши ёки осонгина аутсорсинг қилиниши мумкин бўлган қанчадан-қанча одамлар ишларини йўқотсалар‐да, бу тўлқинда нафақат тирик қолган, балки қадри янада ортиб, муваффақият қозонаётганлар ҳам бор. Брайнйолфсон ва Макафи иқтисодиётда икки моделли йўналишни таклиф қилган ягона инсонлар эмасди. 2013 йилда, масалан, Жорж Мейсон иқтисодчиси Тайлор Коуен мазкур рақамли бўлиниш назарияси акс этган “Ўртамиёналик битди” номли китобини нашр қилдирди. Брайнйолфсон ва Макафи қилган таҳлилнинг фойдали жиҳати шундаки, улар бу бўлинишнинг катта фойда келтирувчи томонида турадиган ва ақлли машиналар даврида нисбатан катта фойда кўрувчи учта махсус гуруҳни аниқлади. Мазкур гуруҳларга Силвер, Ҳанссон ва Дуэрлар мансуб бўлиши ҳеч ажабланарли эмас. Келинг, бу гуруҳлар нега тўсатдан бунчалар қадрли бўлиб қолганини тушуниш учун улар билан навбатма-навбат танишиб чиқамиз.
ЮҚОРИ МАЛАКАЛИ ИШЧИЛАР
Нейт Силвер мансуб бўлган бу гуруҳни Брайнйолфсон ва Макафи “юқори малакали ишчилар” деб атайди. Робототехника ва овозни аниқлаш соҳасидаги ютуқлар кўплаб паст малака талаб қилувчи ишларни автоматлаштирмоқда. Аммо, ана шу иқтисодчилар таъкидлаганидек, маълумотларни визуализация қилиш, аналитика, юқори тезликдаги алоқа ва тезкор прототиплаш каби технологиялар абстракт ва маълумотларга таянган тафаккурнинг маҳсулдорлигини оширди. Бошқача айтганда, тобора мураккаблашиб бораётган машиналар билан ишлаб, самарали натижаларга эришишга қобил истеъдодлар муваффақият қозонаверади. Тайлор Коуен бу воқеликни бир жумла билан ифодалайди: “Асосий савол шу: сиз ақлли машиналар билан ишлай оласизми ёки йўқ?”
Албатта, Нейт Силвернинг катта маълумот базаларини маълумот билан осон бойитиши, кейин уларни ўзининг сирли Монте Карло симуляцияларига кўчириши – юқори малакали ишчининг белгиси. Ақлли машиналар Силвернинг муваффақиятига ҳеч ҳам тўсқинлик қилмайди, аксинча унга шароит яратади.
СУПЕР ЮЛДУЗЛАР
Ажойиб дастурчи Дэвид Ҳайнмайр Ҳанссон ҳам янги иқтисодиётимизда яхши ўсувчи, Брайнйолфсон ва Макафи башорат қилган иккинчи гуруҳ – “супер юлдузлар”дан бири. Юқори тезликда ишловчи маълумот тармоқлари, электрон почта ва виртуал учрашув дастурлари каби мулоқот воситалари кўплаб ақлий меҳнат соҳаларида минтақавийликни йўқ қилди. Масалан, дастурчини тўлиқ ишга ёллаб, офис очиб бериш, маош тўлашдан наф йўқ. Бунинг ўрнига Ҳанссон каби лойиҳани бир зумда тугаллайдиган кучли дастурчига мурожаат қилиб, ҳақини тўласангиз бас. Бу тарзда эҳтимол оз харажат эвазига салмоқли натижага эриша оларсиз, Ҳанссон эса йилига сон-саноқсиз мижозларга хизмат кўрсатиб бойиб кетиши муқаррар.
Офисингиз Айованинг Де Муанесида бўлгани ҳолда Ҳанссон учун Испаниянинг Марбелласидан туриб сизга масофадан хизмат кўрсатиши компаниянгизга умуман муаммо эмас, зеро ҳозирги алоқа технологиялари жараённи узлуксиз маромида кетишини таъминлай олади. Аммо бу ҳолат Де Муанеда яшаётган ва барқарор маошга эҳтиёжманд малакаси озроқ дастурчиларга ёқмаслиги табиий. Худди шу ҳолат технология ёрдамида масофавий бажарса бўладиган кўплаб ишлар – маслаҳат бериш, маркетинг, ёзиш, дизайн ва ҳоказоларни ҳам қамраб олмоқда. Интеллект бозори ҳамма учун очиб қўйилса, бозор бошидагилар муваффақият қозониб, қолганлар азият чекади.
1981 йилги муҳим бир мақоласида иқтисодчи Шервин Розен “ғолиб ҳаммасини қўлга киритадиган” бозорлар математикасини ишлаб чиқди. Унинг асосий мулоҳазалари мазмуни шундай: “Ўртача куйлайдиган хонандалар хонишини эшитиш битта ҳақиқий ажойиб куй тинглаганга етмайди, барибир.” Буни у қуйидагича тушунтиради: истеъдод кўп миқдорда сотиб олиб ва ҳаммасини қўшиб, салмоғини оширса бўладиган нарса эмас: энг яхши мутахассисларга мукофот бор. Шунинг учун, агар бозорда харидор барча таклифлардан истаганини танлаш имконига эга бўлса ва барчанинг истеъдод даражаси аниқ бўлса, у ҳеч иккиланмай энг яхшисини танлайди. Энг яхши мутахассисларнинг истеъдод даражаси маҳорат нарвонида ўзидан кейингиникидан катта фарқ қилмаса ҳам, “супер юлдузлар” барибир бозорнинг катта қисмини эгаллайди.
80-йилларда Розен бу эффектни тадқиқ қилганида уни кино юлдузлари ва мусиқачилар мисолида ўрганиб чиқди, чунки шу соҳада аниқ бозорлар мавжуд эди, масалан, мусиқа дўконлари ва кинотеатрларда томошабин турли санъаткорларнинг истеъдоди ва чиқишларини бемалол баҳолай оларди. Алоқа ва ҳамкорлик технологияларининг жадал ўсиши кўплаб маҳаллий бозорларни худди шундай универсал бозорларга айлантирди. Чекка шаҳарчада мусиқа дўконининг пайдо бўлиши мусиқа ихлосмандига маҳаллий мусиқачиларни четлаб ўтиб, дунёнинг энг сара хонандалари альбомини сотиб олишига имкон яратгани каби компьютер дастурчиси ёки жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчини излаётган кичик компания эндиликда халқаро миқёсдаги истеъдод бозорига кира олади. “Супер юлдуз” эффекти бугунги кунга келиб Розен ўттиз йил аввал башорат қилганидан кўра кўпроқ сезилмоқда. Бугун иқтисодиётимиздаги янада кўпроқ мутахассислар ўз соҳаларининг “рок юлдузлари” билан рақобатлашмоқда.
ХЎЖАЙИНЛАР
Янги иқтисодимизда яхши яшаётган, Жон Дуэр мансуб бўлган гуруҳ, асосан, буюк ўзгаришларни қилаётган янги технологияларга сармоя киритиш учун капиталга эга шахслардан иборат. Маркс давридан буён яхши маълумки, капиталга эгалик катта устунлик беради. Аммо айрим даврлар бошқаларига қараганда кўпроқ устунликлар бериши ҳам ҳақиқат. Брайнйолфсон ва Макафининг таъкидлашича, урушдан кейинги Европа худди уюм-уюм нақд пул устида ўтириб қолган қитъадек эди, чунки кескин инфляция ва аёвсиз солиқлар биргаликда олдинги бойликларни кўз очиб юмгунча супуриб ташлади (бу воқеани “Даунтон аббатлиги эффекти” деб аташимиз мумкин).
Буюк ўзгаришлар даври, урушдан кейинги даврдан фарқли ўлароқ, капиталга эгалик қилиш учун қулай фурсатдир. Бунинг сабабини тушуниш учун, аввало, стандарт иқтисодий тафаккурнинг муҳим таркибий қисми бўлмиш савдолашиш назариясини эслаш жоиз. Унга биноан, капитал ва меҳнат орқали пул топилса, сарфланган сумма даромадга пропорционал бўлади. Рақамли технологиялар кўплаб соҳаларда ишчи кучига эҳтиёжни камайтирар экан, ақлли машиналар эгаларининг даромади ортиб бораверади. Бугунги капиталист ўн уч кишини ишлатган ҳолда, охир-оқибат бир миллиард долларга сотилган “Instagram” сингари компанияни молиялаши мумкин. Бунчалик оз иш кучи билан катта қиймат яратиш тарихда яна қачон бўлган? Оз ишчи кучининг ҳиссаси билан яратилган ушбу бойликнинг машина эгалари – бу ўринда корхона инвесторларига ўтган қисми мисли кўрилмагандир. Сўнгги китобим учун интервью берган сармоядор бироз ташвиш билан: “Ҳамма менинг ўрнимни хоҳлайди”, дея тан олгани ажабланарли эмас.
***
Ташланган арқонни тортиб кўрамиз: мен тадқиқ қилган ҳозирги иқтисодий тафаккурга кўра, технологиянинг мисли кўрилмаган ўсиши ва таъсири иқтисодиётимизда кенг миқёсда ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Бу янгича иқтисодиётда уч гуруҳнинг қўли баланд: ақлли машиналар ижодкорона, усталик билан ишлай оладиганлар; ўз иши усталари; капитал эгалари.
Янада аниқроқ айтсак, Брайнйолфсон, Макафи ва Кауен каби иқтисодчилар аниқлаштирган Буюк ўзгаришлар ҳозирги даврдаги ягона аҳамиятли иқтисодий тенденция эмас ва ўша уч гуруҳ ҳам ягона омади чопган гуруҳлар эмас, лекин уларни ушбу китобда тилга олишдан муддао шуки, гарчи булар ягона бўлмаса‐да, ўта муҳимларидир ва улар олға кетишда давом этади. Уларнинг бирортасига қўшила олсангиз, сизнинг ҳам ишингиз бароридан келади. Аксинча бўлганда ҳам имконингиз бор, лекин унда иш ўрнингиз хатарда қолиши муқаррар.
Шундай савол туғилиши табиий: Бу ғолиблар жамоасига қандай қўшилиш мумкин? Шаштингизни тушир моқчи эмасман‐у, тан олишим керакки, тезда капитал тўплаб, навбатдаги Жон Дуэр бўлиш сирини билмайман. (Билганимда ҳам буни китобда баён қилмасдим.) Бошқа гуруҳларга ҳам қўшилиш имкони мавжуд, лекин бу ҳақда келаси бўлимда гаплашамиз.
ЯНГИ ИҚТИСОДИЁТДА ҚАНДАЙ ҒОЛИБ БЎЛИШ МУМКИН?
Юқорида ўсишга қодир ва бошқалар учун ҳам очиқ икки гуруҳни айтдим: ақлли машиналар билан ижодий ишлай оладиганлар ва ўз соҳаси юлдузлари. Ўзаро фарқлари каттариб бораётган рақамли секторлардан бирига ўрнашиш сири нимада? Мен қуйида келтирилган икки қобилиятни ғоят муҳим ҳисоблайман.
Янги иқтисодиётда ўсиш учун икки асосий қобилият:
1. Мураккаб нарсаларни тез ўзлаштира олиш.
2. Ишни тез ва мукаммал бажариш.
Биринчи қобилиятдан бошлайлик. “Twitter” ва “iPhone” каби жозибадор ва ўта қулай истеъмол технологияларига ўрганиб қолдик. Ҳолбуки, булар жиддий ускуна эмас, шунчаки истеъмол маҳсулотлари, холос. Буюк ўзгаришларни қилаётган ақлли машиналарни тушуниш, бошқаришни ўрганиб олиш эса анча мураккабдир.
Аввалроқ эслаганимиз, мураккаб технологиялар билан яхши ишлай билгани туфайли муваффақият қозонган Нейт Силверни олайлик. Агар унинг иш услубига чуқурроқ назар солсак, аниқ фактларга асосланган сайлов прогнозларини ишлаб чиқиш “Ким кўпроқ овоз олади?” деб, шунчаки браузердан қидиришдай осон эмаслигига амин бўламиз. Бунинг ўрнига у “StataCorp” компанияси ишлаб чиққан машҳур статистик таҳлил тизими – “Stata”га сўров натижаларини (250 дан ортиқ ижтимоий сўров ташкилотлари томонидан ўтказилган минглаб сўровларни) юклайди. Булар ҳам ўрганиш осон восита эмас. Масалан, мана, Силвер фойдаланадиган замонавий маълумотлар базаси билан ишлашни тушунишда керак бўладиган буйруқ турини келтираман:
МАНЗАРА ЯРАТ шаҳарлар ТАНЛАШ шаҳар номи, аҳолиси, пойтахтларнинг денгиз сатҳидан баландлиги, ИТТИФОҚ ТАНЛАШ номи, аҳоли сони, пойтахт бўлмаган.
Ушбу турдаги маълумот базалари билан SQL деб номланган тил орқали мулоқот қилинади. Сақланган маълумотлар билан ишлаш учун уларга юқорида кўрсатилгандек буйруқ берасиз. Бундай маълумот базаларига ишлов бериш нозик иш. Мисолдаги “Манзара” яратиш буйруғини олайлик. У бир неча мавжуд жадваллардан маълумотларни йиғиб, худди стандарт жадвал каби SQL буйруқлари орқали бошқариш мумкин бўлган виртуал маълумотлар базасини яратади. Манзарани қандай яратиш, реал дунё ҳақидаги маълумотлардан натижа чиқаришни ўрганиш осон эмас.
Нейт Силвер фаолияти бўйича давом этиб, у фойдаланадиган бошқа технология – “Stata”ни кўриб чиқамиз. Бу жуда кучли восита – бошланғич билимнинг ўзи етарли эмас. Масалан, қуйида ушбу дастурий таъминотнинг энг сўнгги версиясига қўшилган хусусиятларни келтираман: “Stata 13 тузатиш эффектлари, кўп қатламли GLM, қувват ва намуна ҳажми, умумлашган SEM, прогнозлаш, эффект ўлчамлари, лойиҳа менежери, узун кўрсаткичлар каби бошқа кўплаб янги функцияларни ўз ичига олади.” Силвер ушбу мураккаб дастурдан моделларни яратиш учун фойдаланади.
Ушбу тафсилотларни айтишдан мақсад шуки, ақлли машиналарни бошқаришни ўрганиб олиш анча мураккаб жараёндир.11
Катта компаниялар фойдаланадиган технологиялар қанчалар мураккаблигини назарда тутсак, содда истеъмол маҳсулотлари – айниқса, мактабларда – юксак технологиялар иқтисодига одамларни тайёрлайди деган ишонч пучлиги аён бўлади. Талабаларга “iPad” бериш ёки “YouTube”га уйга вазифа видеолар юклаш уларни юксак технологияли иқтисодиётга тайёрлайди, дейиш “Hot Wheels” ўйини талабаларни автомеханикликка тайёрлайди дейишдек асоссиздир.
[Закрыть] Ушбу машиналар билан яхши тиллаша ола диганлар сафига қўшилиш учун мураккаб нарсаларнинг ишлаш принципини ўзлаштириш қобилиятингизни мукаммал ривожлантиришингиз шарт. Технологиялар шитоб ўзгариб кетаётгани боис, ўрганиш поён билмайди: буни тез-тез ва қайта-қайта бажаришга қодир бўлишингиз керак.
Мураккаб нарсаларни тезда ўрганиш қобилияти, албатта, ақлли машиналар билан яхши ишлаш учунгина зарур эмас. У деярли ҳар қандай соҳада, ҳаттоки технологияга алоқаси бўлмаган соҳаларда ҳам “супер юлдуз” бўлишингизда асосий роль ўйнайди. Масалан, дунёга машҳур йога мураббийси бўлиш учун анча мураккаб жисмоний маҳоратни эгаллаш керак. Яна бир мисол, тиббиётнинг маълум бир соҳасида муваффақият қозониш учун албатта тегишли жараёнлар бўйича энг сўнгги изланишлардан бохабар бўлиб, тезда ўрганиб олишингиз лозим. Ушбу мисоллардан хулоса шуки, агар ўргана олмасангиз, ривожлана олмайсиз.
Энди рўйхатдаги иккинчи асосий қобилият, яъни юксак даражада маҳсулот тайёрлашни кўриб чиқамиз. Агар “супер юлдуз” бўлишни истасангиз, тегишли кўникмаларни ўзлаштиришингиз керак, аммо бу ҳам етарли эмас. Пинҳон имкониятингизни одамлар қадрлайдиган ёрқин натижаларга айлантиришингиз керак. Масалан, кўплаб дастурчилар компьютерларни яхши дастурлашлари мумкин, аммо Дэвид Ҳанссон – бизнинг мисолимиздаги “юлдуз”имиз ўзига обрў келтирган лойиҳа – “Ruby on Rails”ни яратишда шу қобилиятидан фойдаланган. “Ruby on Rails” Ҳанссондан бор маҳоратини охиригача ишга солиб, мукаммал ва қийматли натижа кўрсатишини талаб қиларди.
Ишлаб чиқариш қобилияти, шунингдек, ақлли машиналарни ўрганмоқчи бўлганларга ҳам тегишли. Нейт Силвер учун катта маълумотлар тўпламларини бошқаришни ўрганиш ва статистик таҳлилларни амалга ошириш етарли эмас эди; кейинчалик у машиналардан кўпчиликни қизиқтирадиган маълумотни ажратиб ола билиши ҳам лозим эди. Силвер “Baseball Prospectus”да кўплаб статистика мутахассислари билан ишлаган, аммо фақат у янги соҳа – сайловлар прогнозига бу маҳоратни татбиқ қила олди. Бу мисол иқтисодиётимиз ғолиблари сафига қўшилиш учун яна бир йўлни кўрсатади: агар сиз янги маҳсулот ишлаб чиқармасангиз, қанчалик қобилиятли ва иқтидорли бўлманг, ривожлана олмайсиз.
Технология остин-устун қилиб юборган янги дунёда олға силжиш учун зарур икки маҳоратни аниқлаб ҳам олдик, энди эса кейинги савол: Қандай қилиб бу маҳоратларни ривожлантириш мумкин? Мана шу ерда ушбу китобнинг асосий ғоясига етиб келдик: Юқорида тавсифланган икки асосий маҳорат нечоғли теран ишлашингизга боғлиқ. Агар ушбу асосий малакани ўзлаштирмаган бўлсангиз, мураккаб вазифаларни ўрганиш ёки мукаммал натижага эришиш учун кўпроқ қийналишингизга тўғри келади.
Ушбу маҳоратларнинг теран меҳнатга боғлиқлиги бир қарашда кўзга ташланмайди: у қунт билан ўрганиш, диққатни жамлаш ва унумдорликни тақозо этади. Кейинги бўлимларда буларга чуқурроқ ёндашилади ва теран иш билан иқтисодий муваффақият уйғунлиги кутилмаган ўзгаришларга қандай олиб келиши очиб берилади.
ТЕРАН ИШ МУРАККАБ НАРСАЛАРНИ ТЕЗ ЎРГАНИШГА ЁРДАМ БЕРАДИ
“Онгингиз диққат “нурлари”ни жамловчи объективга айлансин; онгингизда ҳукмрон ва қизиқарли ғоя бўлиб ўрнашган ҳар қандай нарсага интилинг.”
Ушбу насиҳат 20‐асрнинг бошларида “Интеллектуал ҳаёт” номли мўъжаз, аммо таъсирли китобни ёзиб қолдирган доминикан роҳиби ва ахлоқ фалсафаси профессори Антонен Сертильянжга тегишли. Сертильянж китобни ғоялар дунёсида тирикчилик қилаётганларга “онгни ривожлантириш ва теранлаштириш” учун қўлланма сифатида ёзган. “Интеллектуал ҳаёт”да Сертильянж мураккаб материални ўзлаштириш зарурлигини таъкидлайди ва китобхоннинг ушбу вазифага тайёрланишига ёрдам беради. Шунинг учун унинг китоби одамлар мураккаб ақлий кўникмаларни қандай тез ўзлаштиришини яхшироқ тушунишда асқатади.
Сертильянжнинг юқоридаги насиҳати мағзини чақиш учун аввалроқ келтирилган иқтибосга қайтиш жоиз. У “Интеллектуал ҳаёт” китобида қайта-қайта такрорлайди: ўз соҳангизда илгариламоқчи бўлсангиз, тизимли равишда соҳангизга мувофиқ мавзуларни диққат нурларини жамлаган ҳолда тадқиқ этиб, улардаги яширин ҳақиқатни ёруғликка олиб чиқишингиз керак. У яна уқтирадики, ўрганиш диққатни кучли жамлашни талаб этади. Бу ғоя ўз давридан анча илгарилаб кетганди. 1920‐йиллардаги мафкуравий ҳолатни кузатган Сертильянж ўзлаштирилиши қийин ишларни қандай уддалаш сирини очиб берган эдики, буни англаш учун академияга етмиш йил керак бўлди.
1970‐йилларда психологиянинг бир тармоғи, яъни амалий психология турли соҳалардаги экспертлар бошқалардан нимаси билан ажралиб туришини тизимли тадқиқ қилишни бошлади. 1990‐йиллар бошида Флорида Штат университети профессори К. Андерс Эриксон бу ғоянинг ҳамма тарқоқ қисмларини илмий адабиётларга мос келувчи битта ном остида бирлаштира олди: мақсадли машқ қилиш.
Эриксон мавзуга доир асосий асарини қуйидаги катта даъво билан бошлайди: “Биз [тажрибали эксперт ходимлар ва ўртамиёна ходимлар орасидаги] бу фарқлар ўзгармас эканлигини инкор этамиз. Аксинча, тажрибали ва тажрибасиз ходим ўртасидаги фарқ маълум бир соҳада ўз касбий салоҳиятини ошириш мақсадида мунтазам равишда ўз устида ишлашдадир.”
Хусусан, Америка маданиятининг фавқулодда истеъдод эгаларига меҳри анча баланд. (“Бу мен учун қанчалик осонлигини биласизми?” дея ҳайқиради “Доно Уилл Ҳантинг” фильмида Мэтт Дэмон дунёнинг олд математикларини йўлда қолдирган исботларни топган пайти.) Эриксон илгари сурган ва кенг қабул қилинган (истиснолар ҳам бор22
Малколм Гладуэлл ўзининг 2008 йилдаги бестселлери “Зукколар ва ландовурлар” китобида мақсадли машқ ғоясини оммалаштиргач, у айниқса психологлар доираларида (Гладуэллга оид барча нарсадан шубҳаланувчи гуруҳ) машҳур бўлиб кетди. Лекин тадқиқотлар мақсадли машқни инкор этмади, балки аъло даражада фаолият юритишнинг бошқа усулларини ҳам топишга ҳаракат қилди. Эриксон ўзининг 2013 йилда ёзиб, 2014 йилда “Intelligence” журналининг 45– сони 81-103 саҳифаларда босилиб чиққан “Нима учун аъло даражада фаолият юритиш алоҳида аҳамиятга эга ва уни оддий одамларни ўрганиб тушуниб бўлмайди: Танқидларга жавоб” мақоласида кўплаб шундай тадқиқотларни инкор қилди. Мазкур мақолада Эриксон ушбу танқидий мақолаларда баён қилинган тажрибаларнинг ўтказилиш усули хатолиги, ўртача, эксперт бўлмаган одамлар хулқларини ўрганиб, натижани умумлаштириб юборилиши нотўғрилигини таъкидлайди.
[Закрыть]) изланишлар хулосалари ушбу мифларнинг мисини чиқармоқда. Ақлий зўриқишни талаб қилувчи вазифани уддалаш учун машқ талаб этилади – жуда оз истисноли ҳолларда туғма истеъдод етарли бўлади. Шу жойда Сертильянж ўз вақтидан анча илгарилаб кетганга ўхшайди. “Интеллектуал ҳаёт”да айтганидек: “Даҳоларнинг буюклиги уларнинг бор кучини муайян ишга – тўлиқ иқтидорини намойиш қилган ҳолда йўналтира олишидадир.” Эриксон бундан яхшироқ изоҳ бериши мумкин эмас эди.
Шу ўринда, мақсадли машқ қилиш биздан нимани талаб қилиши ҳақида савол туғилади. Одатда, унинг асосий таркибий қисмлари қуйидагича кўрсатилади: (1) Бутун эътиборингизни ўзлаштирмоқчи бўлган маҳоратингиз ёки пухта ўрганишга интилаётган ғоянгизга қаратинг; (2) диққатни тўғри йўналтираётганингизни текшириш мақсадида бошқаларнинг фикр-мулоҳазаларини олиб туринг. Муҳокамамиз учун алоҳида аҳамиятга эга биринчи таркибий қисмда урғу берилганидек, мақсадли машқ қилиш чалғишлар билан бир вақтда бўла олмайди, аксинча, бўлинишларсиз диққатни талаб этади. Эриксон таъкидлаганидек: “Тарқоқ диққат мақсадли машқнинг асоси ҳисобланувчи жамланган диққатнинг айни аксидир” (таъкид меники).
Психолог сифатида Эриксон ва бошқа тадқиқотчилар нима учун мақсадли машқ муайян натижа беришига қизиқмайди; улар буни шунчаки самарали хатти-ҳаракат эканлигини аниқлаш билан чекланади. Эриксоннинг ушбу мавзуга бағишланган илк йирик мақолалари чиққандан сўнг ўтган ўн йилликларда нейрологлар шахснинг мураккаб вазифаларни бажаришини яхшиловчи моддий механизмларни ўрганмоқдалар. Журналист Дэниел Койл ўзининг 2009 йилги “Истеъдод кодекси” китобида сўз юритганидек, ўша олимлар бунинг жавоби нейронлар атрофини қоплайдиган, ҳужайраларнинг тезроқ ва тозароқ ишлашига имкон берадиган изолятор ёғ қатлами – миелинга бориб тақалишига ишонади. Миелиннинг ижобий ўзгаришлардаги ролини тушуниш учун шуни ёдда тутингки, малакангиз хоҳ интеллектуал, хоҳ жисмоний бўлсин, миянгиздаги нейронлар ишлашига боғлиқ. Ушбу янги фаолият илмига кўра, тегишли нейронлар атрофида кўпроқ миелин бўлиши мия ҳужайраларининг ўзаро ахборот алмашувини тезлаштиради. Бирор ишнинг устаси бўлиш миелинлашиш даражасига боғлиқ.
Буни тушуниш жуда муҳим, чунки у мақсадли машқ нима учун муваффақият келтиришининг неврологик асосини изоҳлайди. Аниқ бир малакага диққатни жамлаш орқали ўша малакага дахлдор мия ҳужайраларини қайта ва қайта ишлатасиз. Миянинг тегишли қисми тўхтовсиз ишлаши олигодендроситлар деб аталадиган ҳужайраларни ўша қисмдаги нейронларни миелин қатламлари билан ўрашига туртки беради, бу эса маҳоратингизни янада кучайтиради. Чалғимасдан, бажарилажак ишга эътибор қаратиш зарурлигининг сабаби шундаки, бу миянинг тегишли қисми кўпроқ ишлашига олиб келади ва миелинлашишни тезлаштиради. Бундан фарқли ўлароқ, агар диққат суст ҳолатда (дейлик “Facebook”ни очиб қўйиб) янги ва мураккаб маҳоратни (масалан, SQL маълумотлар базасини бошқариш) ўрганмоқчи бўлсангиз, миянгизнинг турли қисмлари бир вақтда тартибсиз ишлай бошлайди, кучайтириш лозим бўлган нейронлар гуруҳи зўриқиб ишламайди.
Антонен Сертильянж ақлни диққат нурини жамловчи объектив сифатида ишлатиш ҳақида илк бора ёзиб қолдирганидан буён ўтган бир аср мобайнида ушбу мажозий ўхшатишдан “олигодендросит ҳужайралар” деган оддий изоҳга ўтиб қўя қолдик. Аммо тафаккур ҳақидаги бу фикрларнинг хулосаси бир: мураккаб нарсаларни тезда ўрганиш учун ҳеч нарсага чалғимасдан диққатни жамлашингиз шарт. Ўрганиш эса бошқача айтганда, теран ишдир. Агар теранликдан чўчимасангиз, иқтисодиётимизда ўз ўрнингизни топишингиз учун зарур бўлган мураккаб тизимлар ва кўникмаларни ўзлаштириш осон кечади. Аксинча, теранликни хушламайдиган, саёзликка ўрганган кўпчилик инсонлардан бири бўлиб қолсангиз, бу тизим ва малакаларга осонликча эга чиқишни хаёл қилманг.
ТЕРАН ИШ САРА НАТИЖАЛАР БЕРАДИ
Адам Грант аъло натижа кўрсатган. 2013 йили Грант билан танишганимда, у Пенндаги Уортон бизнес мактабида ишлаётган энг ёш профессор эди. Бир йил ўтиб, ушбу бобни ёзишни бошлаганимда (ва энди ўзимнинг доимий ишим ҳақида ўйлай бошлаганимда), унинг лавозими янгиланди: у энди Уортондаги энг ёш тўлиқ профессор бўлди.33
АҚШда профессор ўқитувчиларнинг уч даражаси мавжуд – ассистент, кичик ва тўлиқ профессорлар. Дастлаб ассистент профессор сифатида ишга қабул қилинасиз ва муддатли ишлашга ўтсангиз, кичик профессор мақоми берилади. Тўлиқ профессорлик даражаси эса кўп йиллик меҳнатдан сўнг насиб этиши мумкин.
[Закрыть]
Грантнинг ўз соҳасида тез ўсиши сабаби жуда оддий: у натижа кўрсатарди. 2012 йилда Грант барчаси йирик журналларда чоп этилган еттита мақола ёзди. Бу унинг соҳаси учун жуда баланд кўрсаткичдир (унинг соҳасида профессорлар якка ёки ҳамкорликда ишлайди, уларда илмий тадқиқотларига кўмак берадиган кўп сонли талабалари ва докторантлари йўқ). 2013 йили бу рақам бештага тушди. Шундай бўлса ҳам бу кўрсаткич ҳануз катта, аммо аввалгисидан пастроқ. Унинг бу пастлашини тушунса бўлади – ўша йили бизнесдаги муносабатларга оид баъзи изланишлари ёритилган “Бер ва ол” номли китоби чоп этилди. Унинг китоби муваффақиятли бўлди дейишнинг ўзи етарли эмас, чунки у “New York Times Magazine” муқовасини безаган йирик бестселлерга айланди. 2014 йилда Грант тўлиқ профессорлик лавозимига лойиқ кўрилганида, у ўзининг бестселлерига қўшимча равишда олтмишдан ортиқ мақолаларини ҳам ёзиб улгурганди.
Мен Грант билан танишганимдаёқ, ўз илмий фаолиятимни кўзлаб, унга профессионал салоҳияти юзасидан саволлар беришдан ўзимни тия олмадим. Бахтимга у бу борадаги фикрлари билан бўлишишдан мамнун эди. Маълум бўлишича, Грант юксак натижа кўрсатиш йўллари ҳақида кўп ўйларкан. У менга, масалан, ўз соҳасидаги бошқа бир неча профессор иштирок этган маҳорат дарсида фойдаланилган слайдлар тўпламини юборди. Мазкур дарсларда илмий ишни мақбул даражада қандай самарали бажариш тўғрисидаги фактик маълумотларга эътибор қаратилганди. Ушбу слайдларга ҳар мавсумдаги вақт тақсимотининг батафсил жадваллари, ҳаммуаллифлар билан муносабатларнинг ривожланиш чизмаси ва йигирмадан ортиқ номдаги ўқув адабиётлари рўйхати илова қилинган эди. Бу бизнес профессорлари китоб ўқишга муккасидан кетган ва вақти-вақти билан катта ғояга қоқилиб кетадиган ҳардамхаёл анъанавий академикларга ўхшамасди. Чунки улар маҳсулдорликни тизимли равишда ҳал қилиниши зарур бўлган илмий муаммо сифатида кўришади – худди Адам Грант эришгандек.
Грантнинг маҳсулдорлиги кўплаб омилларга боғлиқ бўлса‐да, унинг усулида ўзига хос бир ғоя бор: мураккаб, аммо муҳим интеллектуал ишни узун, узлуксиз қисмларга тақсимлаш. Грант ушбу тақсимлашни бир неча босқичларда бажаради. У таълим бериш учун энг қулай пайт кузги семестр деб билади, чунки кузда бутун эътиборини талабаларга, уларни яхши ўқитишга сарфлай олади. (Бу усул иш берди, чунки Грант ҳозирда Уортондаги энг олий даражали ўқитувчи ва бир талай таълим мукофотлари соҳибидир.) Кузни дарс бериш билан ўтказган Грант баҳор ва ёзда эътиборини фақат тадқиқотларига қаратиш, чалғишларсиз ўз иши устида ишлай олиш имконига эга бўларди.
Грант, шунингдек, вақтини майда қисмларигача диққат билан тақсимлайди. Тадқиқотга бағишланган семестр мобайнида у талабалар, ҳамкасблари учун эшиги очиқ вақтлар ва фақат тадқиқот билан шуғулланиш учун холи бўлиш вақтларини белгилаб олади. (У одатда илмий мақола ёзишни учта алоҳида вазифага ажратади: маълумотларни таҳлил қилиш, мақоланинг қораламасини ёзиш ва қораламани таҳрирлаб, нашрга тайёр ҳолга келтириш.) Ҳар бири уч ёки тўрт кунни оладиган бу ишлар давомида у кўпинча электрон почтасига “офисдан ташқарида” автоматик жавобини ёқиб қўяди, шунда хат юборувчилар унинг жавоб беришини кутмайди. “Баъзида бу ҳамкасбларимни саросимага ҳам солиб қўяди. Улар “Сиз иш жойингиздасиз‐ку, сизни офисингизда кўриб турибмиз‐ку”, дея хуноб бўлишади”, дейди у. Аммо Грант учун ўз вазифасини битирмагунча мулоқотдан қатъий тийилиш муҳимроқ.
Тахминимча, Адам Грант бошқа жиддий тадқиқотлар билан шуғулланувчи ўртача профессордан кўпроқ вақт ишламайди (умуман айтганда, бу тоифа ишга муккасидан кетганлар сирасига киради), шунга қарамай, ҳануз ўз соҳасидаги бошқа одамлардан кўпроқ натижага эришишни уддаламоқда. Бу жумбоқнинг жавоби унинг ўз ишини тақсимлаш йўсинида, деб ўйлайман. Жумладан, ўз ишини қатъий ва узлуксиз ритмларга бўлган ҳолда, у унумдорликнинг қуйидаги қонунини қўллайди:
Юқори сифатли натижа = (сарфланган вақт) х (диққатнинг интенсивлиги)
Агар ушбу формулага ишонсангиз, Грантнинг одатларини англайсиз: у кучли интенсив ишлаш орқали сарфлаган вақт бирлигига тўғри келадиган самарадорликни оширади.
Самарадорлик ҳақидаги ушбу формулани энди учратаётганим йўқ. Бу формула кўп йиллар олдин иккинчи китобим “Қандай қилиб аълочи талаба бўлиш мумкин?”ни тайёрлаётганимда эътиборимни тортганди. Ўшанда мамлакатдаги энг рақобатбардош мактабларнинг юқори рейтингга эга элликтача битирувчисидан интервью олдим. Интервьюларда шуни пайқадимки, энг яхши талабалар барча фанлар бўйича умумий баҳо рейтингида улардан қуйида турувчи талабалардан камроқ ўқиган. Бу ҳолатнинг изоҳларидан бири юқорида баён қилинган Грант формуласи эди: энг яхши талабалар унумдор ишлашда интенсивликнинг аҳамиятини тушуниб етган ва шунинг учун диққатни максимал жамлаш учун ўзларининг анъанавий методларидан воз кечган – тестларга тайёрланиш ёки мақола ёзишга кетадиган вақтни натижа сифатига таъсир қилмаган ҳолда кескин қисқартира олган.
Адам Грантнинг мисоли шуни кўрсатадики, ушбу интенсивлик формуласи нафақат талабаларнинг умумий баҳо рейтингига, балки бошқа ақлий зўриқишни талаб қиладиган ишларга ҳам тааллуқлидир. Аммо нега шундай бўлиши керак эди? Бу саволга Миннесота университетининг бизнес профессори Софи Лерой қизиқарли тарзда жавоб беради. Лерой ўзининг 2009 йилдаги “Ишлаш нега бунча қийин?” мақоласида “эътибор қолдиғи” эффекти деган атамани киритди. Мақоланинг ки риш қисмида муаллиф тадқиқотчилар бир вақтда бирдан ортиқ вазифани бажаришга уринишнинг ишга таъсирини ўрганиб чиққанини айтади, лекин замонавий офисларда бир нечта лойиҳа устида кетма-кет ишлайдиган одамларни учратиш одатий ҳолдир. “Бир йиғилишдан иккинчисига бориш, бир лойиҳа устида ишни бошлаб, кўп ўтмай бошқасига ўтиб кетиш – ташкилотлар ҳаётининг бир бўлаги”, дейди Лерой.
Мазкур тадқиқот иши аниқладики, бирор А вазифадан Б вазифага ўтганингизда диққатингиз зумда ўзгармайди – диққатингиз қолдиғи биринчи вазифада қолади. Агар А вазифа чекланмаган ва интенсив бўлмаса, қолдиқ кўпроқ қолади, ҳатто бошқасига силжимасдан биринчи вазифани тугатсангиз ҳам диққатингиз маълум муддат бўлинганича қолади.
Лерой лабораторияда вазифаларни ўзгартириш орқали диққат қолдиғи эффектининг ишга таъсирини ўрганди. Ана шундай тажрибалардан бирида у тажриба иштирокчиларига сўз пазлларини ечишни топширди. Синовларнинг бирида иштирокчилар ишига аралашиб, уларга бошқа қийин вазифани топширди. Яъни резюмелар билан танишиб чиқиб, ишга олиш бўйича тахминий қарорлар чиқаришлари кераклигини айтди. Бошқа синовда эса уларга кейинги вазифани беришдан олдин пазлларни тугатишларига қўйиб берди. Пазл ва ишга ёллаш вазифалари оралиғида Лерой биринчи вазифанинг қолдиқ миқдорини аниқлаш учун тезкор лексик қарорлар ўйинини ўтказди.44
Лексик қарорлар ўйинида экранда ҳарфлар қатори кўрсатилади; баъзилари ҳақиқий сўзларни ҳосил қилса, баъзилари ундай эмас. Ўйинчи сўзнинг ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслигини “ҳақиқий” ва “ҳақиқий эмас” тугмаларини босиш орқали тезроқ белгилаши лозим. Ушбу тестлар ўйинчининг онгида нечта аниқ калит сўз фаоллашганини ҳисоблашга ёрдам беради, чунки кўпроқ фаоллик ўйинчини “ҳақиқий сўз”ни у экранда зоҳир бўлган заҳотиёқ таниб олишига ёрдам беради.
[Закрыть] Шу ва шунга ўхшаш тажрибалар натижалари аниқ бўлди: Вазифаларни ўзгартиргандан сўнг, диққат-эътибори бўлинган одамлар навбатдаги вазифада яхши натижа кўрсатмайди ва қолдиқ қанча кўп бўлса, бажарилган вазифа шунчалик чала бўлади.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?