Электронная библиотека » Коллектив авторов » » онлайн чтение - страница 11


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:42


Автор книги: Коллектив авторов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 11 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ҲИКОЯНИНГ ТАҚДИРИ

Қиз таҳририят биноси ёнида бирдан тўхтаб, унинг ташқи кўринишига разм солди. Кўп қаватли бу бино сирли бир қасрдай кўринди. Биринчи дуч келган ўрта ёшлардаги истараси иссиққина аёл унинг келиш сабабини билгач, маданият бўлимига киришни маслаҳат берди.

Қиз эшик тутқичини иккиланиб бир лаҳзагина тутиб тургач, секин очди. Стол устида тахланиб турган қоғозларни ҳафсала билан титкилаётган кексароқ ходим бош кўтарди. Унинг жиддий иш билан шуғулланаётгани шундоқ юзидан кўриниб турарди.

– Ассалому алайкум… мумкинми?

– Ваалайкум ассалом, келинг, қизим, – унинг овози ҳам вазифасига ўта мос, босиқ эди.

– Ҳим… ҳалиги… олиб келувдим, – деди қиз ийманиб остонада турганча.

– Киринг. Марҳамат, ўтиринг, – бетакаллуфгина мулозамат қилди кекса ходим юзида ҳамон ўша ўзгармас жиддийлик билан. Қиз диванга омонатгина чўкди. “Асабини бузмаётганмикинман”, деган ўйдан ўзини ноқулай ҳис этди. Шунинг учун шоша-пиша қўлёзмасини узатди. Ходим эринибгина ҳикояни оларкан унга кўз қирини ташлади. “Яхшигина кийинган, кўзлари катта-катта. Ҳуркиб қарашлари уни жуда ёшга ўхшатади”, хаёлидан ўтди унинг.

– Буни ташлаб кетасизми, ё ҳозир кўриб берайми?

– Ҳозир, иложи бўлса… – деди қиз шошиб гўё ходим айниб қолишидан қўрққандай.

– Ҳм… – ходим ўқишга тутинди. “Бошланиши ёмон эмас”, ўйланди у сатрлар узра секин кўз югуртираркан. Ниҳоят у ҳикоя воқеаларига шўнғиб кетди. Унда 28-30 ёшлар чамасидаги олий маълумотли, чинни ишлаб чиқариш корхонасида ҳисобчи бўлиб ишлаётган қизнинг ички кечинмалари, ҳаётининг бир зайл, ўзгаришсиз кечаётгани, ҳамон ёлғиз, севгидан узоқдалиги, ҳеч кимни севмай, севимли бўлолмай ўтаётгани оддий кундалик воқеалар баёнида аниқ ва лўнда ифода топган эди. У оилада кенжа қиз экан. Ота-онаси дунёдан ўтишган, ака-опалари аллақачон уйли-жойли, бола-чақали бўлиб кетишган…

Мана, қиз ишдан қайтаяпти, ёнгинадаги хиёбондан эса ёш йигит ва қиз қўл ушлашганча ўтиб кетишмоқда. Бир-бирларига меҳр билан термулишади. Чеҳраларида бахтиёрлик…

Ходим хўрсинди… Эсига ўзининг ёши ўтиб, икки болали одамга эрга тегиб кетган тўнғич қизи тушди. Ҳикоядан бош кўтарганча деразага қараб қолди. У бир зумда ўтирган хонасини ҳам, қизини ҳам, ўзини ҳам унутиб қўйди. У ҳозир куй эшитишни хоҳларди. Оғир, мунгли танбур куйини… Кейин эса мана шу куй билан ёлғиз ўтиргиси келиб кетди. Беихтиёр шундай бўлди. Жимжитлик ҳукм сурар, сукунат аллақаёқлардан маъюс танбур нидоларини юлқиб келар, ходим эса ҳикоядаги қиз тақдирига шерик эди. У ўзининг ҳозиргача ўтган ҳаёти давомидаги бутун қайғули воқеаларни қиз билан боғлаб эслар, чуқур “уҳ” тортаркан, “бечора қиз, хўш унинг шундай бўлишига ким айбдор?” дея ўзи билан ўзи олишарди. “Хунуклигими, ёки камсуқумлигимикан? Йўқ, йўқ, мана масалан янгалари ҳам айбдор”, – ўйланди ходим. “Негаки, ҳикояда катта янгаси қачонлардир ўқимаган бир йигитдан совчи келганда “йўқ” дея жавоб бериб, орадан анча вақт ўтгандан кейингина буни оила аъзоларига маълум қилган, дейилган. Демак, янгалари… У кўчада болаларини етаклаб юрган дугоналарини кўриб қолади дейлик. Қандай аҳволга тушаркин?..” Ходим ўзи ўйлаган манзарани тасаввур қилган сайин баттар фиғони чиқар, бунга худди ўзи айбдордай изтироб чекарди. Кўз олдига яна маъсума қиз келди. Қоп-қоронғи тунлардаям у ёлғиз. Танбурнинг ноласи эса пардаларга сиғмай тўлғанади. Зимистон тун қўйнига дард бўлиб қуйилади.

“Эҳ, бу ажойиб ҳикоя, буюк асар дебочаси” бирдан ҳикояга баҳо берди ходим. “Лекин, – яна ўйланиб қолди. – Балки, бу қиз ўз бошидан ўтганини ёзгандир? Ахир бундай нарсани тасаввур билан ёзиш амри-маҳол-ку”.

У бош кўтариб, қизга назар ташлади. Мана у, бокира, маъсума қиз. Кўзларида ғамгин ўй… Ходим бош чайқади. Шу гўзал қиз ўз дардларини сатрларга тўкиб, қоғоз билан баҳам кўраяпти, уни минглаб одамлар билан баҳам кўришни хоҳлайди, шундай бўлади ҳам.

Ходим қўлидаги қаламни ишлатмай, яна ҳикояни бошидан ўқишга тутинди. Хона сокин. Дераза раҳидаги тувакларда ўсаётган чиройли, яшил гуллар унга кўрк, шинамлик қўшганди. Хонага деразадан баҳор ҳавоси қуйиларди. Осмон булутсиз. Қуёш шунақаям чарақлайдики… Ходим эса ҳикояни ўқиш асносида қизга ўқтин-ўқтин нигоҳ ташлаб қўяр, гўё ҳикоя руҳидаги бутун изтиробларни муаллиф кўзларида кўришни истагандай. Бир сўз демай ҳикоя ўқиш билан овора ходимни анчадан буён кузатиб турган муаллиф ниҳоят зерика бошлади. У ходимнинг бутун вужуди билан таҳрирга киришганича, ҳозир ҳеч нарсага эътибор бермаётганлигига ишонч ҳосил қилгач, диванга бемалолроқ ўтириб олди. Сўнг сумкачасидан кичкина ойначасини чиқарди. Бармоқларидаги тилла узукларини бир-бир алмаштириб таққач, кафтлари орасига ойначани олганча юзини томоша қила бошлади. Буни ходим дарров сезди. Ҳикоя муаллифининг бу қилиғи унга бошқача таъсир қилди. Бу гўё ҳикоя қаҳрамонининг табиатига мос тушмаётгандек эди. У ҳикояни четга сурди-ю, қаламини стол қирраларига урган қўйи бироз ўйланиб қолди. Сўнг сўради:

– Қаерда ўқийсиз?

– Пединститутда.

– Ҳмм, нечанчи курс?

– Тўртинчи.

– Адресингиз?

Қиз айтди. Ходим қизга ҳайрон қаради. Унинг нима деб сўрамоқчи бўлганини қиз дарров сезди. Ахир шундоқ шаҳар марказида жойлашган кўча ва уй ҳар кимниям қизиқтириши шубҳасиз.

– Ҳалиги… Қайнатам уй олиб берганлар. Тўрт хонали… Ўғилчамиз бор… – қизнинг кўзларида шодликми, фахрми, бир нарса йилтираб кетди. Ҳаётидан мамнун эди у.

Ходим бўшашди. Хаёллари алғов-далғов. “Бу бутунлай бошқа қиз”, деган хулосага келди. Кўзларида норозилик барқ урди. Ҳикоядаги воқеалар ҳам энди қандайдир сохта, хира кўриниб қолди. Улар ходимни алдаётгандек эди. “Ҳикоя ҳеч кимни ишонтиролмайди”. У шундай қарорга келди нимадандир ўкиниб. Сўнг муаллифга юзланди. Бир муддат тургач, секин деди:

– Ҳикоя дуруст, аммо…

Орага оғир жимлик чўкди.

– У бўшроқ ёзилган. Ундаям деб бўлмайди… – ходим дудуқланиб қолди. Кейин хаёлларини жамлаб, қатъийгина қилиб:

– У ўқувчини воқеалар ҳаётийлигига ишонтиролмайди,… – деди. Қиз ерга қараб қолди. Қўлёзмани сўзсиз олди-ю, сумкачасига солиб қўйди. Кўзларига лоқайд тус берди…

– Раҳмат, кечирасиз, сизни овора қилдим.

Хона эшигини очаркан, ходим сўнгги бор унинг кўзларидаги маънони ўқиб олишга интилди. Энди бу кўзларда маъюслик, ҳеч бир сўз билан ифодалаб бўлмайдиган маъюслик бор эди. Ходим эса “бу барибир бошқа қиз, кўзларидаги маъюслик ҳам ҳикоя қаҳрамонининг ўйларини сира акс эттирмайди”, дея ўзини ишонтиришга уринарди… .

Ходим шу кўйи узоқ ўтириб қолди. Ҳамон ҳикоядаги қиз тақдири юрагини ларзага солар, унга ачинар, хаёлида эса дам-бадам тўнғич қизи гавдаланарди. Шу чоқ нимадир ярқ этиб миясига урилди. Шошиб бешинчи қават деразасидан пастга қаради. Одамлар орасидан қизни тополмай хомуш тортди. Бирдан хаёлида яна танбурнинг оғир мусиқаси янгради. Гўё қандайдир ярадор қушнинг парвози куйга айлангандек. Унинг мажруҳ қанотларида дунёнинг бутун изтироблари, дардлари, умид-армонлари жамулжам эди. Ажабо! Бу куйни у қаерда эшитган экан-а?..

Кекса ходим сесканиб кетди. Дарвоқе, унинг тўнғич қизи танбур чертишни жуда яхши кўради-я…

ТЕРАКЛАР

Самолётдан тушдим-у қишлоғимизга борадиган автобусга ўтирдим. Юрагимни ширин соғинч ҳисси қамраб олган. Ўқиш қийин, йўл узоқ. Шу сабабли салкам уч ойдан буён келганим йўқ.

– Холмат буванинг тераклари, – навбатдаги бекатни эълон қилади ёш ҳайдовчи. – Тушадиганлар борми?

– Бор, бор, – бир гала киши гур-р этиб ўрнидан қўзғалди. Улар қатори мен ҳам автобуснинг олдинги эшигига интилдим.

– Қизим, – гавдали бир йўловчи менга мурожаат этди, – Холмат буванинг тераклари деган жой-шу экан-да?!

– Худди шу жой, амаки, – шошилиб жавоб бердим йўлимда давом этиб. – Ўртоғимникига келаётгандим, – дея гапни давом эттирди йўловчи. – У менга йўлни шундай тушунтирган эди.

– Сиз бундан автобус бекати Холмат бува номига қўйилган экан-да деб ўйламанг. Одамлар ўзи шунақа одатланишган, – йўловчи амакига шуларни уқтираман-у, беихтиёр хаёлга чўмаман. Йўл-йўлакай теракларга тикиламан. Баҳор шамоли япроқлар узра кўй чалади. Қизиқ, бултур шу пайт келганимда бунақа эмасди. Бир йилда шунча ўсиб, баланд бўлиб кетибди-я. Соясиям чакки эмас. Негадир, ҳар гал тераклар ёнидан ўтганимда уларнинг бақувват таналарига тикиларканман, оддийгина умр ўтказган, ана шу теракларни парваришлаган камсуқум, беозор қария – Холмат бува ёдимга тушади. Бувани эсласам, яна бир воқеа ёдимга келади.

Ёз охирлари эди ўшанда. Мен унда ҳали мактаб ўқувчиси эдим. Қишлоғимиз кўчалари бўйлаб қувур суви ўтказиладиган бўлди. Бу вақтда Холмат буванинг йўл ёқасига икки қатор қилиб экилган ёш ниҳоллари энди бўй чўза бошлаганди. Тартиб билан ташланиб келаётган қувурларни жойлаштириш учун эса теракларни қўпориш мўлжалланди. Ҳамон эсимда, ерсургич тераклардан йигирма-ўттиз қадам нарида тўхтаб турарди. Раис енгил машинасидан савлат билан тушганча чолга яқинлашиб, унга жиддий уқтира бошлади:

– Энди, Холмат бува, буларни бир ёқлик қилиб, трубаларни жойлаштирмасак бўлмайди. Ўзингиздан қолар гап йўқ. Водопровод масаласи нозик иш…

– Бунга йўл қўймайман, – деди чол пинагини бузмай теракларга тикилганча. – Буларни деб мен, биласанми, кечалари ухламайман-а!!!

– Ислом, қани бошла, – жаҳл билан бақирди раис ерсургич ҳайдовчисига, – қўпор бу терак-перакларни!

Чол кенг қулочини ёйганча ерсургич қаршисида туриб олди.

– Овунчоқларимга тегма деяпман!

Бирдан чол худди ёш боладек ҳўнг-ҳўнг йиғлаб юборди.

Ҳайдовчи йигит чидаб туролмади, кабинадан сакраб тушди-ю, чолни турғизиб қўйди. – Хотиржам бўлинг, бува, теракларингиз шу ҳолича қолади…

Улар ниҳолларни четлаб ўтдию, ноқулай бўлса-да, йўл ёқасидан чапроққа қувур ётқизиб кетишди. Энди эса ана шу тераклар қад кўтариб турган жой автобус бекати бўлди.

Бундан тўрт йил муқаддам Холмат бува кўз юмганда одамлар унинг тобутини бир лаҳза тераклари тагига қўйиб, сўнг олиб кетишибди. Тераклар эса йил сайин кўкка интилади. Шапалоқдек барглари сал шабадагаям маҳзун қўшиқ куйлай бошлашади.

Йўлда кетаётганимда беихтиёр икки бола суҳбати қулоғимга чалинади.

– Камол, сени кечқурун Холмат буванинг тераклари ёнида кутаман…

ҚАЛТИС ДАШНОМ

Қишнинг сўнгги кунлари. Ариқ ёқалари, томларнинг усти яшил майсаларга бурканаётгани баҳордан дарак бериб турибди. Қўкда порлаб турган қуеш ҳам бутун борлиқни баҳор – янги фасл яқинлашаётгани билан табриклаётгандек, ёқимли илиқлик таратиб, киши руҳига ҳузур бағишлайди.

Ҳовли этагидаги кенг супада уч-тўрт ёшдаги бола акаси ясаб берган оппоқ қоғоз қушчани у ёқдан-бу ёққа учириш билан овора. У қушчасини осмонга ирғитиб, ҳовли бўйлаб югуради. Қоғоз қушча кўкга кўтарилганида, болакайнинг қувончи ичига сиғмай қийқиради.

Бехосдан қушча пастгина девордан ошиб, қўшни ҳовлига тушди. Бола югуриб бориб, девордан мўралади. “Қушча” қўшни холанинг ўчоғи ёнига бориб тушибди. Хола қозонда нимадир қайнатаётган экан. Қушчани кўрди-ю, девордан қараб турган болага ўшқирди.

– Ҳой сеними, қоғозинг овқатга тушса нима бўларди?! Қани, йўқол нарига!

У шундай дея қоғоз қушчани йиртиб-йиртиб оловга ташлади. Бола ўкинганча чопиб онасининг олдига борди:

– Ойи, анави хола ёмон экан, каптаримни ёқиб юборди.

Онаси унинг гапига тушунмади шекилли, парво қилмай ўз иши билан машғул бўлди. Болакай нима қилишини билмай, яна девордан қаради. Холага кўзи тушиб киприклари намланди.

Бола қўлига қоғоз олиб, ўзи “каптар” ясашга уринди. Аммо уддалай олмади. Руҳи тушиб, қоғозни четга улоқтириб, алам билан йиғлаб юборди.

Гўё қўшни хола қоғоз қушчани эмас, боланинг мурғак қалбидаги бир олам қувончни ўтга ташлаган эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации