Электронная библиотека » Коллектив авторов » » онлайн чтение - страница 2


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:42


Автор книги: Коллектив авторов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 11 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Эҳ, парвардигор, мен заиф бандангга қувват это этгайсан, омонат жонимни ўзимга қолдир, шу аҳволда ўлишни хоҳламайман!

Дақиқалар тиғиз эди, ҳар лаҳза ғанимат. Аёл сўнгги кучини тўплаб чалқанча ётиб олди, телбамисол пайпасланиб, ҳозиргина ўзи тепиб синдирган шиша синиқлари орасидан керакли дорисини ахтарди.

Топса топди. Мабодо топмаса… Судраларкан баданига ботган шиша тилган жойлардан қон оқа бошлади. Мана бири очиқ кўкрагига тиғдай қадалди. Уколнинг қиррадор синиғи. Қандай куч келди, ўзи ҳам билмай, оҳ деганча чалқанча ётиб олди.

Бевақт синиб хор бўлган дорилар энди аёлдан беаёв ўчини олмоқчи каби орқаларига қадалди. У тўлғанди. Кўкрагидаги қонни қўллари билан сидириб ташлади, қон эса ҳали-вери тўхтай демасди.

Энди унга бир дам ҳамма нарса барибирдай туюлиб қолди. Лекин ҳар галгидан фарқли ўлароқ, қалтироқ бу сафар бироз тўхтаб-тўхтаб келарди. У буниям Аллоҳнинг бир инояти ҳисоблаб, музлаб бораётан оёқларига, ўзига итоат қилмай қўяётган қўлларига бир оз дам бергиси келгани каби, шу кўйи ётиб қолди. Ўлим! Ўлимнинг совуқ шарпасини ҳие этган аёл умрининг сўнгида ҳаётининг энг ёрқин, энг ажойиб дамларини эслашга ҳаракат қилди.

Беғубор, ташвишсиз болалиги, онаси, отаси, укалари…

Сўнг Ҳамид акаси. Йўқ-йўқ, бугун ўғил уйлантираётган қирқ беш ёшли эркакни эмас, ўзининг йигирма тўрт ёшли кўркам эрини эслади.

Студентлик йиллари. Парк, анҳор, ғира-шира оқшомлар, эҳтнросли бўсалар.

– Сен менинг бахтим, қувончимсан, Жамила! Фақат сен мени бахтли қила оласан!

– Да, – қучоғнда шивирлайди қиз, – биз қанчалар бахтлимпз…

Сўнг тўйлари, кейин жажжи ўғилчаси, унинг ўша пайтдаги туришлари, қилнкларини қайта-қайта қўмсади. Иложсиз.

«Эҳ, Ҳамид, сенинг-ку ўн боланг бор, нега менинг ёлғизгина боламни менга нисбатан бунчалар меҳрсиз, оқибатсиз қилиб ўстирдинг. Боламдан, ёлғиз қувончимдан жудо қилдинг. Минг лаънат сенга. Минг лаънат. Қолдирдим сенга шу дунёни. Ол, ол! Тўйгунингча яша».

Аёл йиғлолмасди. Қўзларида нафрат гулхани ловиллади. Эртага уни сўнгги йўлга кузатишади.

«Ўғлимии эса ҳали чиллалисан» деб уйдан ҳам чиқазмайсизлар. Эҳ, парвардигорим, сенда ҳеч айб йўқ, аччиқ қисматимни ўзим танлаганман, ўзим.

Шу чоқ ярқ этиб кўз олдига бошини қуйи солган Искандар келди. Оналарини эслатиб турувчи ўғил-қизчаси… Чопиб келаётган оппоқ кўйлакчали жажжи қизча, акасиниям қўлидан судраб Жамила томон ундайди.

– Бизга ая бўлинг, хўпми, биз сизни яхши кўрамиз, дадамга ҳар купи ая опкелинг дейман. Дадам бўлсалар, мана мен ҳам аянг, ҳам даданг дейдилар. Мен эса, йўқ, Қундуз дугонамникидақа ая опкеласиз, дейман. Юринг бизникига. Сизни ҳеч хафа қилмаймиз. Ая бўласиз-а?

Ҳа, қаёкқадир қочиб кетгиси келаётган, севимли хотинидан ёдгор икки фарзанди тилаги учунгина бош эгиб тургаи Искандар.

Жамиланинг эсига нимадир тушиб чинқириб юборди.

– Йўқ. Ўлмайман, ўлишни хоҳламайман. Ахир мен кимлар учундир керакман.

Ҳалиям кеч эмас. Эртагаёқ Искандарнинг олдига ўзи боради. Болаларига ҳали унинг юрагида қанчалар оналик меҳри яшириниб ётганини, уларни севишга қанчалар қодирлигиии исботлайди. Искандарга эса…

У бир умр унутолмайдиган оғриқли дардини салгина енгиллатишга ҳисса қўшса ҳам бахтли ҳисоблайди ўзини. Бу каби яхши тилаклар ижобатга ўтиб вужудига куч ингандай бўлди. Сўнгги бор уриниб дорисини пайпаслай кетди.

Ва ниҳоят… топди. Топди.

Жамиланинг девонавор кўзлари қинидан чнққудек дориии тутамлаб очиқ сийналарига босди.

Гўё қоп-қоронғу тун қаъридан бир бадбашара махлуқ деразадан кира солиб унинг қўлидан дорисиии тортиб оладигандек даҳшатга тушди. Ютоқиб огзига олиб борди. Оғзи қуриб қолган, ичидаги нссиқлик лаблариниям куйдириб борарди. Қандай бўлмасин ичиш керак. Сал намлаб ютиш керак. Акс ҳолда. Шайтон… Деразадан шафқатснзларча бўйлаб турган тун, бадбашара махлуқ. Аёл сесканиб кетди. Хуруж авжига олиб, юрагини бир оғриқ беаёв ғижимлаб кела бошлади. Кўзлари каттариб, қорачиғига нимадир тўлгандек бўлди. Иложсиз, кўкрагидан окаётган қонни сидириб дорини оғзига сола бошлади.

Ҳар нави нам-да. «Майли, – ўйларди у, – кўпроқ қонайверсайди кўкракларим». Бир вақтлар Ҳамид акаси суйиб бош кўйган, ўғилчаси икки-уч ёшгача эмиб, кейин ҳам кечалари тимирскиланиб ушлаб, уйқуларида ором топган кўкракларн. Бир амаллаб дорини ютди. Энди юз-кўзидан оқаётган шўр терларниям сидириб оғзига сола бошлади. Сал вақтдан сўнг қинидан чиқиб кетгудек потирлаётган юрагини ғижимлаётган аллақандай дард секин-секин қўйиб юбора бошлади. Ҳолдан тойган аёл телбаларча кулди: «Энди ўлмайман, ўзингга шукр, эгам». Бошини ён томонга буриб, мадорсиз кўзларини юмди…

Атроф сокин. Кўк уммони узра ярим ой булутлар тўдаси оша заминга мўралаб турарди. Майнинг илиқ тафти уфураётган бу кеча аёлни бутунлай бошқа қиёфага солганди.

У хонада бетартиб сочилган шиша синиқлари устида ухларди. Бола туғиб она номини қўлга киритолмаган бир томондан мағлуб, бахтсиз аёл, бир томондан омонсиз ўлим билан олиша-олиша ғолиб келган бир аёл мадорсизликдан қотиб ухларди.

Ташқарида эса оппоқ, одамзод ҳамиша унга ташна интилгувчи, фараҳбахш, мўъжизавий тонг отиб келарди.

Армонлар… Умидлар… Соғинчлар тонги.

ЯНГИ АСР ИЛҲОМ ПАРИСИ
(Замонавий эртак)

Салом, янги аср илҳом париси!

Ханс Христиан Андерсен

Ҳа, ўз асрининг эндигина туғилган илҳом парисини буюк эртакчи Андерсен шундай самимий ва дилбар саломлар билан кутиб, уни шарафлаган эди. Биз эса ХХI асрга қадам қўйяпмиз. Нечун бугунги кунда ер юзининг турфа жойларида мунажжимликни даъво килаётганлар ХХI асрнинг гўзал илҳом париси туғилганлиги ҳақида бонг урмаяптилар, нечун билағон «валийлар» унинг қиёфаси, мақсади ва заминга ташрифи мазмунини тасвирлай олмаяптилар. Ҳаттоки англаёлмаяптилар ҳам. Ўтган асрлардагидек бизнинг замонда ҳам ярқироқ юлдузлар унинг латиф чеҳрасини соат сайин чизиб, имлаётсалар ҳам, уқувсиз мунажжимларимиз илғамаётган, балки билишга ҳам ақллари етмас самовий тасвирга нигоҳлари тушмаётган бўлса, ажаб эмас. Унинг заминидаги чинқироқ йиғиси ва олам аҳлига ўзининг келаётгани ҳақидаги хушхабарни бераётган ажойиб қуғирчоқлар жарангини давримизнинг қудратли машиналари ғовури, асабий одамларнинг овози босиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Ахир бу илҳом париси бизда ниҳоятда тараққиёт олға силжиган, фаннинг шошқалоқ паравозлари ўнқир-чўнқир жойлардан тап тортмай ўз гудокларини баралла ҳайкиртирётган замонда туғилди-да, Уни илғаш ва шарафлаш учун эса Андерсен каби сахий қалбли, мунаввар руҳияти қанотларини тун сокинликлари аро гавҳар юлдузларга қадай олиш ва улардан сир-саноат олиш қудратига эга бўлиш керак-да.

Донишманд китобларда башорат қилишича, ҳар бир аср сўнгида табиат инсониятга янги аср учун илҳом париси инъом этаркан. Бу илҳом париси замондошларини янги кашфиётлар сари илҳомлантирар экан. У ўз ғояси, ишлари билан ўз даври тараққиётининг машъал чароғбони бўлар экан.

Ҳай, майли, ҳарқалай илҳом париси туғилди ва улғая бошлади.

Ер юзининг қай саодатли маскани, унинг ватани бўлар экан, қай оилада туғилиш насиб этар экан, қайси бахтли ота унинг учун анвойи ва чиройли ўйинчоқлар сотиб олар экан, қай бахтли она унга тунлар аллаю эртак айтиб, меҳр ва эзгулик сабоғидан дарс берар экан.

Юлдузлардан умид ва илтижо билан бу саволларимга жавоб кутиб кўз тикаман ва улар шунда секин жойларини алмаштириб сўз туза бошлайдилар.

Илҳом париси ўта замонавий, билимдон, ўқимишли оилада туғилади. Отаси даврнинг олд зиёлиларидан бири бўлишга ҳаракат қилувчи, жамиятнинг олий табақасига мансуб илғор фикрли инсон бўлса, онаси ҳам ўта меҳрибон, ўқимишли аёллардан бўлади.

Унинг макони қаер бўлади, дейлик. Майли, у гўзал эртаклар диёри Калифорнияда туғилар, балки Парижда, балки Рум, ё булмаса Урта Осиёнинг гавжум масканларидами, ёхуд бундан 660 йил муқаддам буюк жаҳонгир Амир Темурдек зоти шарифга Ватан бўлган, унинг киндик қони томган муқаддас тупроқ Қашқадарёнинг қай бир иссиқ чўлларими, ё Кавказ, Хитойдами… У қаерда яшамасин, унинг овози ва етук фаолияти, ижоди, кашфиётидан ер юзи аҳли ва албатта, янги асрда биз ҳам баҳра оламизми, демак, у бизнинг ҳам илҳом паримиз.

Юлдузлар унинг суратини чизар эканлар, юракда бироз ҳадик ва хавотир ила сўрайман.

– Бағоят нафис, бағоят гўзал экан бу илҳом париси, ер юзининг ҳозир шунақанги ёввойи жойлари борки, балки ўта даҳшатли масканларига насибаси қўшилган илҳом парисининг тақдири қандай бўлади. У жойларда улуғ санъатга ошуфта қалбининг сирли садосини илғай оладиган илғор ва зукко инсонлар бўлармикин, ёки адолатсиз давр ва муҳитнинг мудҳиш, янглиш хатолари сабаб узоқ вақт юз кўрсата олмаса-чи?

Ҳа, юлдузлар шаклан жой алмаштириб менга ҳамсуҳбат инсон қиёфасини чизадилар ва самимий кўз қисиб қўядилар.

– Сен, азизам, уни бағоят гўзал дединг. Гўзал қалбли инсонларга гўзал кўринур, хунук назарга хунук, қўпол назарга қўпол кўринур. У ўзини ўзи муҳофаза этиш қудратига эга бўлур. Унинг миннатдарона қарашлари, самимий илтифотига сазовор бўлганларга мангу толе кулиб боқар.

Баттар қизиқсиниб сўрайман.

– Унинг илтифоти ва назарига қандай мушарраф бўлиш мумкин?

– Эзгу, савоб, хайрли ишлар билан, мазмунли кунлар, файзли умр билан– да, – шивирлайди юлдузлар.

– Бу илҳом парисининг бошқа давр ва аср париларидан фарқи нимада, –юлдузлар ҳозирок саволимни жавобсиз қолдириб, кўз ўнгимда ғойиб бўладигандек туюлиб, шошилиб сўрайвераман.

– Нигоҳлари билан даволаш хислатига эга эканлигида, ундан қандай фойдаланиш инсонларнинг ўзига боғлиқ бўлур.

– Ие, ажиб сирли экан бу хусусият. Илҳом парисининг кўзига фақат яхши инсон бўлибгина кўриниш керак экан-да, буни қаранг-а.

Юлдузлар жилмайиб қўядилар ва бирин-сирин узоқлашаркан, дейдилар:

– Ҳой, сен заминнинг эзма ва ёлғончи боласи, яхшиси, илҳом парисини кўришни орзу қил, вассалом.

Кўзларимни қаттиқ юмиб уйқуга кетаман. Тушларимда гўзал ўрмон намоён бўлади. Чиройли оппоқ қайин дарахтига суянганча менинг севимли эртакчим Андерсен қандайдир чолғуда куйлаётганмиш.

Буюк эртакчим Андерсен!

Ахир болалигимданоқ мен унинг эртаклари билан улғайдим– да.

У шундай чиройли куй чалаётганмишки, ўрмондаги турфа қушлар ҳам унга монанд, ҳамоҳанг сайрашга ҳаракат қилаётганмиш. Менга нигоҳи тушган Андерсен ўта меҳрибон ва хушвақт қўл силкитганча дермиш:

– Қўявер, қўзичоғим, одам боласини жамики ёвуз ниятлардан қайтаргувчи, дилларига эзгу ишлар уруғини қадагувчи, маҳзун дамларида умид шамини зимистон юракларида ёқгувчи жамики ёлғонлар, эртак ва ривоятлар кечиримлидир.

Тонг ёришди. Мунаввар ёғдули кун менга қучоқ очиб, эркалайди. Ўрнимдан енгил тураман. Юрагимда ажиб бир хушвақтлик, завқдан лиммо– лим истаклар ила қайларгадир югургим, бор товушим билан ҳайқиргим келади.

Тунги юлдузлар жилоси ила чизилган лаҳзаларни ким биландир ўртоқлашиш учун йўлга чиққим, гўзал башоратларимни бу мураккаб ва чигал давр тўфонларидан, биз мудом тушуниб ета олмаётган зиддиятлар ва бесаранжомликлардан омон қолишини истаган ҳолда қучоқ очиб кутиб олгим ва ардоқлагим келади.

Салом, ХХI аср илҳом париси! Сенга абадий шон ва шарафлар булсин!

УРУШ ХОТИРАСИ

Ватан озодлиги учун бўлган жангларда иштирок этган, эркаклар билан бир қаторда туриб уларга суянч, руҳан таянч ва мададкор бўлган, матонатлар кўрсатиб жанггоҳларда шаҳид кетган барча хотин-қизларнинг мангу порлок хотирасига бағишлайман.


Чол тўшакда кўзини шифтга қадаганча алланарсаларни зўр бериб ўйлаётган қиёфада эди. Ҳар йили 9 май – Ғалаба куни арафаси негадир у ўзини бошқа кунлардан фарқли ўлароқ нохуш ва касалманд ҳис этарди. Ҳеч ким ва ҳеч нарса билан иши бўлмай қўярди, онда-сонда гаплашишниям йиғиштирарди. Олдига кампирими, қизи ё келини қўйган бир коса овқатни беиштаҳа, карахт, ҳеч афтини ўзгартирмай имиллаб еб оларди. Унинг юзидан на таомдан ҳузур, ёки норозилик – ҳеч вақо уқиб бўлмасди. Олдида ўралашган невараларини қувиб соларди. Кексайиб, ожизлашган сайин ёлғизликка иштиёқи баттар кучайиб борарди. Уни на турмуш ташвишлари, кечмиши, ё бугуни, на эртанги куни қизиқтирарди. Унинг юриши шундай дейишга асос бўларди. “Ё парвардигор, – дея ёлворарди у баъзан узун тунлар уйқуси қочганда, – бунча умримни чўзмасанг, илоё юриб турган ҳолда омонатингни топширишни хоҳлайман. Бировларга юку хор-зор булиб ўлишдан ўзинг асрагайсан, тангрим”.

…Чол бировлар деганда кампири, болалари, келин ва куёвларини назарда тутарди. Уларга огирлиги тушмаслиги учун жон-жаҳди билан тиришиб яшарди. То рўзғор қурганларидан буён баъзан уруш, яраш билан ўтган умрлари сўнгида чол уларга ўзини негадир тобора бегона сезиб борарди. Унинг гаплари ҳеч қачон гапдон хотини турганда фарзандларига таъсир этмаган, этолмасди.

Ўз ҳаётий тажрибалари, орзу-умидларини ҳеч бир йўл билан болаларига тушунтириб етказа олишдан умидини узган кун чол уларга тўсатдан бегона бўлиб қолганини ўзиям, улар ҳам сезмасдилар.

Чолнинг нафақаси келган кунгина барчаси унга меҳрибон ва окибатли бўлиб қолгандай туюларди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашичиси, қаҳрамон майор унвонига эга, ўз замонининг олижаноб, мард, довюрак, шижоатли йигитининг кексалик дунёси шундай ўтарди.

Чолнинг назарида болалари унинг бугунги давлат томонидан белгиланган жуда катта имтиёзлари эвазигагина унга умр ва омонлик тилашаётгандек кўринарди.

Ҳовлида гангур-гунгир овозлар эшитилди-ю бир оздан сўнг эшик очилиб катта ўғли кириб келди. У бола-чақали бўлиб сал нарироқда яшар, гўшт комбинатида ишлаётгани ҳатто ташқи кўринишига мос эди. Басавлат гавдаси, семиз қорни, қип-қизил таранг юзларига отаси беҳолгина тикиларкан, гўё кўзлари «Шу менинг ўғлимми? Наҳотки?» дер ва ҳеч бир яқинлик ҳис қилолмасди. Ўғли эса отасининг бу қарашлари, хулқ-атворига кўникиб кетганидан, буларнинг барчасини уруш кўрганлиги, ташвишлар туфайли мияси чарчаганидан деб билар ва ортиқча изоҳлашга ҳам уриниб ўтирмасди. Ота-бола сўрашган бўлдилар. Сўнг ўғли унинг каровати ёнидаги нимранг кўрпачага омонат чўккалаб у ёқ-бу ёқдан гаплашган бўлгач, асл муддаосига кўчди.

– Энди, ота, ҳадемай Ғалаба куни – байрам. Собиқ қаҳрамонсиз, ҳар доимгидек мухбирлар, сураткашлар сиз билан қизиққани-қизиққан. Сал мазалари йўқ, ундан кейин бобойни гапиртириш осон эмас десам ҳам ҳеч ҳоли-жонимга қўйишмайди булар. Энди, ота, ҳозир биттаси келган, Тошкентдан экан. Суҳбат қиламан дейди, ёшгина бола, – “ёшгина” сўзига алоҳида урғу бериб, беписанд деди у, гуё отасига далда бериб шошиб ётманг дегандай, – шунга…

Бироз жим колди.

– Яхшироқ тайинла, – пичирлади онаси. У қачон келиб ўғли ортига ўтирган, пайқамабдиям, – тағин анави овсар хотин билан бўлган саргузаштларини бошламасин. Худо урган буни, кошки, кеча телевизорчилар келган пайтдагидек жим туриб берса эди. Бир бало қилиб тушунтир, гапирмасин. Уруш деса ўшани бошлайди, куйдириб ўлдирди бу мени. Умримни соб қилдим шу гумроҳ чолни деб. Шунча бола туғиб бердим, Бу бўлса безрайгани-безрайган.

– Э, бўлди-ей, кўп жаврайсиз-да, – унинг гапини бўлиб, силтаб ташлади ўғли, – чиқинг ҳовлига, у ёқ-бу ёқларни тозалашсин, айтинг, ҳадемай меҳмонлар ҳам келиб қолишади. Нима дейиш ўзимниям эсимда.

Кампир сал кўнгли тинчиб ташқарига чиқди. Чол барини эшитарди. Ҳали қулоғи ўткир эдики, ўзи ҳақидаги нохуш гаплар, қарғишларни эшитганда, менинг ҳам қулоғим кар бўла қолсайди, деб ўкинарди.

– Бобой, гапни эшитдингиз-а, у бола сизни қаерларда жанглар қилганингиз, хўш, қанча душманни ўлдирганингиз, қандай қаҳрамонликлар кўрсатганингиз, қайси генераллар, полковниклар топшириғини бажарганингиз, ана шулар билан қизиқади, ўшалардан гапиринг, сизнинг ишқий саргузаштларингиз билан уларнинг нима иши бор?

Ҳа, энди бўлса бўлгандир бу номаъқулчилик. Шуни гапириб ётиш шартми, одамни шарманда қилиб. Уларга бунинг ҳеч қизиғи йўқ, набарот, қаҳрамонликлар битиладиган очерк, мақолалар учун материаллар керак.

Ўшандай инсонларни излаб юришибди. Так что, мени тушундингизми, шундоқ килинг… – отаси унга ҳеч бир маъно англаб бўлмас нурсиз кўзларини лаҳзагина қадаркан, паришон деди:

– Мен худди ухлаб ётган одамга ўхшайман. Бари-бари тушимда бўлаётгандек. Жуда-жуда бемаъни тушлар кўраётгандекман. Мен, мен… уйғонишни истамайман. Бу аҳмоқона тушлар жонимга тегиб кетди.

– Э, оббо, – энсаси қотириб ўрнидан туриб кетди ўғли, – эски ноғора, эски ўйин, эсимни танигандан буён сиздан эшитганим шу сузлар, «Мен уйқудаман, сенлар менинг тушимсанлар, уйғонишни хоҳламайман». Нима бу, а, уф-ф ичида эса «бечора энам, куйганича бор-да, бу эзма, дарвеш билан бир лаҳза гаплашиш одамни жинни қилворади, ўлмаган энамни жони…», ўйларди ташқарига йўналаркан.

“Мухбир келармиш” – тўнғиллади чол унинг ортидан. Қайси куни ойнаи жаҳондан биттаси келиб тасвирга тушириб кетувди. У кетгандан кейинги ёқавайрон машмашани асти қўяверинг. Чолнинг ёдига ўша воқеа тушиб кулгуси қистади. Телевизорга оладиганларнинг талаби катта бўларкан, уй деворларига патлик гиламлар осилсин, дейишди. Амаллаб топиб келишувди, энди байрам билан табриклаб ҳаммангиз отангизга либослар кийдириб, қўлларига гуллар тутқазасизлар, чиройли чиқади, деб қолди. Ҳовлида бор невара-чевара йиғилган, кинога олишни томоша килишарди. Келинлару ўғиллари, кизларию куёвлари тўн, яктак, бир балолар топиб келиб, уни қучоқлаб елкасига ташлашарди. Шундан сўнг ҳалиги оператор тасвирга туширди. Кетгандан кейин бирови ёпган тўн бошқасига алмашиб кетганидан жанжал, бировиники йўқолган, тополмай гаранг. Бўлди томоша, бўлди томоша. Чол барини қайта эсларкан, болалари қилиқларидан ҳеч ранжимасди, кўнглида эса «уларнинг нимасидан хафа бўлиш мумкин, ўпкалашга арзимайдиган одамлар-да» деган ёт бир туйғу ўтарди.

Гуё тасвирчи ойнаи жаҳон учун сохта тасвир уюштиргани каби, кампири ва фарзандлари қилиғи ҳам унинг учун аллақачон сохтага айланиб кетганди.

“Бугун яна келишади, – чолнинг кўнглида ўкинчли хаёллар ўтди, – урушнинг бутун даҳшати ва мазмуни акс этган ва баъзан кўнгли тўлиб кетганидагина саноқли дўстларига умри давомида авайлаб, яшириб келган сирини айтиб қўйган (хотинига эса гўё ҳамма жойда айтиб юрадиган ёқимсиз ва нохуш саргузашт туюлган) бу воқеа наҳотки ишқий манзара булса?! Ахир у пайтлар бизга бундай туюлмаганди-ку. Биз иккимиз ҳатто йигит ва қиз эканимизни унутгандик. Гўё дуст, гўё тану жони битта вужудга айланган эдик. Наҳотки, унинг ўша, қийин дақиқалар орасида ҳам ҳаёт, инсон, яшаш ҳақидаги қисқагина, аммо уқсалар умрларига безак бергувчи гаплари овсарона булса?!

Ё, тангрим! Инсонлар ўзи қандай булса, тасаввурлариям шундай бўлади, ўша фикр қобиқларидан нари ўта олмайди, дейишарди. Наҳот, мен билан уруш ҳақида сўзлашганлар ундан ўзгача маъно билолмадилар, ё мен ўзим уларга тўлиқ етказа олмадимми? Шунчалар ожизманми? Ўзгаларга фикр етказиб, таъсир этиш бобида шунчалар кучсизманмики, дунё кўрмаган, ўқимаган, қишлоқдан нари чиқмай умри ҳовлида ўтган хотинимдан ҳам заифроқ бўлсам”.

“Йўқ, – чол ўрнидан сапчиб туриб кетди. Кўзлари аламли бир оловдан тафт олган каби совуқ чақнаркан, тангрига илтижо каби қўлларини кўкка чузганча қатъий шивирлади, – мен… мен эмасман. Мен одам нусхадаги, бутун ҳис-туйғуларидан ўша машъум дақиқаларда жудо бўлган, минг уринмай, минг ахтармай, қатрасини ҳам тополмаган эгасиз орзули ночор бир кимсаман.

Бас, ҳеч ким керакмас. Ҳеч кимни куришниям, гаплашишниям истамайди. Бугун менга ёлғизлик ва хилват жой керак”.

Чол елкасига яктагини ташлаганча ҳеч ким кўрмаслиги учун орқа даргоҳдан чиқиб, ҳовли четидан оқадиган чуқур канал кўпригидан ўтди ва паст-баланд тепаликлар оралаб ўзига таниш тутзор томон йўл олди. У ўзи ният қилган ва орзиққан жойга етиб келди. Қари тутга суянганча ўтириб қолди, атрофни олазарак кузатаркан, кимсасиз эканидан кўнгли тўлиб, енгил тин олди. Тез юрганидан юраги ҳарсиллаб, нафаси бўғзига тиқилиб келарди. Кўзларини юмди ва чуқур-чуқур нафас ола бошлади, миясида эса ўзи учун шунча йилдан буён азиз ва таърифланмас бўлган, умрининг мазмуни ва овунчига айланган ҳам ширин, ҳам даҳшатли хотираларни зўр бериб жонлантира бошлади…

Қуюқ туман туфайлилигина қуршовдаги отишмадан бир амаллаб қочиб қолган икки солдат 17-18 ёшлар чамаси қиз ва 20 ёшлардаги йигит гоҳ эмаклаб, гоҳ чопишиб олдга елиб борардилар. Елкаларида автомат, қиз қўлидаги дорилар солинган халтага қараб унинг қисм ҳамшираси эканини билиш қийин эмасди. Улар тепаликдан тушиб шохлари тарвақайлаган, ёйилиб барг ташлаган баланд арча дарахти остига келдилар. Иккаласи ҳам ҳолдан тойган, бир сўз дейишга ҳам мадорлари йўқ эди. Кун қоронғулашиб юлдузлар бирин-кетин кўзга ташланиб қолди. Қиз ҳам, йигит ҳам кўм-кўк ўтлар устида ёнма-ён жимгина осмонга тикилганча ётишарди. Ўрмонни зулмат эгаллай бошлади. Бойўғли ва яна аллақандай кушларнинг беўхшов ёқимсиз сайраши эшитиларди. Мабодо, аҳёнда олислардан ракеталарнинг визиллаб учиши, замбарак ўқларининг гумбирлаши эшитилиб қолмаса, бу ерда уруш кетаётганига ақл бовар килмасди.

– Кандай тинч, чиройли манзара, – қиз йигит кўксига бош қўйганча пичирлади, – қачон уруш тугаркин? Қачон бизникилар қорасини кўраркинмиз? – Сўнг ваҳимали қўшиб қўйди, – балки шу ерларда ўлиб кетармиз.

Шусиз ҳам хавотирдан синиққан, эзилган йигитнинг эти увишиб кетди, қизни маҳкам қучоқлади ва овутмоқчи каби сочларидан силаб ўпа бошлади.

– Сенга нима бўлди, София, қўрқяпсанми? Сен ҳеч қачон бундай кайфиятда юрмагандинг-ку, ҳеч қачон бундай дема, қара, эрталабдан буён қанча йўл босдик. Ажабмас, яқин орада бирон-бир кулбага ёки аҳоли яшайдиган пунктга яқинлашган бўлсак. Шундай бўлиши керак. Харитани эслаб қолганман. Аниқ шу тарафда биз учун йўл бор. Ана ундан кейин омадимиз келди деявер. Дам оламиз. Сенинг оёқларингни даволатамиз, – тўқиётган умидли ўйларига ўзининг ҳам ишонгиси келарди унинг.

– Қара, оёқларим шишиб кетди. Биз бу кеч шу ерда ухлаймизми?

– Ҳа, бироқ тонг оқариши билан бу ердан дарҳол кетишимиз керак. Немисларга дуч келишимиз мумкин.

– Буку аник, ҳар ҳолда чалғитиб қочдик-а?

– Ҳа, жуда омадлимиз. Тағин биргалигимизни айтмайсанми?..

– Сени жуда севаман, жонгинам. Бироқ қўрқиб кетяпман. Мен яқинда юролмай қоламан. Сенга юк бўлиб қолмасмикинман…

– Юк бўлгандаям жуда керакли ва азиз юксак мен учун. Сени тоабад елкамда кўтариб юришгаям тайёрман. Ке, бирон нима еволамиз, – йигит туриб ўтирди ва халтасидан икки бўлак текис кесилган қора нон ва бир бўлак пишлоқ олди. Пишлоқнинг бирини кўпроқ қилиб бўлди-да бир бўлак нонга қўшиб қизга тутқазди. Егуликни кўриб қизнинг кўнгли анча кўтарилди, чеҳрасидаги бояги чарчаш ва маъюс ифодани юлқиб ташлаб улушини секин-секин ея бошлади.

Энди улар ҳам яқинлашаётгандек туюлган хавфдан, ҳам совуқдан бир-бирининг пинжига тиқилганча ётардилар.

– Ҳеч уйқум келмаяпти, – қиз йигитнинг бўйнидан маҳкам қучоқлади.

– Оёқларинг оғрияптими? Сен мени хафа қиляпсан. Шу кунгача шу қизда қўрқув ҳақида тасаввур ҳам бўлмаса керак деб ўйлардим.

– Ҳа, тағин қўрқиб кетяпман.

– Ахир қисмда ҳаммага далда, куч бериб юрган шундай жасоратли қиз-а.

– Биласанми, мен нимадан кўпроқ хавотирдаман. Иккимизнинг ажралиб қолишимиздан.

– Бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас. Нима бўлганда ҳам қисматимиз бир бўлади. Ундан кейин яхши ният қилиш керак. Мана кўрасан, парвардигор бизга ёруғ кунни ўзи ато этади. Ке, бошқа гаплардан гаплашамиз.

– Қайсидан?

– Уруш тугагач, икковимиз қишлоғимга қайтамиз. Онам, сингилларим билан танишасан, янги ҳаёт бошлаймиз. Болаларимиз бўлади, тўғрими?

– Ҳамқишлоқларинг бу хунук қизни қаердан топдинг, деб сени мазах қилишмайдими?

– Жиннивой, сен жуда чиройлисан. Сочларингни қара, худди, ҳа нимани эсладим, айтайми, ҳалиги буғдой пояларини кўрганмисан, сал шамолдаям қанақанги текис, чиройли шовиллайди-ку, ўшанга ўхшайди. Кўзларинг эса гўё мадонна. Биби Марямникидақа сеҳрли ва нурли… Ўзинг билмайсанда!

– Юзларимдаги сепкил-чи? Ҳозир уруш. Кейин ўзим юзларимни парвариш қиламан, бодринг суви, ҳар хил шарбатлар суртаман. Урушдан олдинги пайтдагидек тиниқ ва силлиққина бўп қолади. Истаганча ўпаверасан. Ўшанда сен мени баттарроқ яхши кўриб қоласан. Кариндошларингниям мени севишга мажбур қиламан. Уларнинг бизга ҳаваслари келади. Мен сенга жуда зўр хотин бўламан.

Йигит юрагидаги барча андуҳларни итқитиб, очилиб кулди ва маҳбубасини баттарроқ еркалаб, бағрига тортди.

– Ҳозир ҳам жуда зўрсан. Сени қанчалар севишимни билсайдинг. Буни айтиб бўлмайди-да. Афсуски, шоир эмасман. Чиройли-чиройли гапириб, сени ишонтириб қўя қолардим.

– Шунисиям яхши. Шоирлар севгиларига севгилиларини ҳеч қачон ишонтира олмайдилар.

– Нега?

– Чунки улар ўзларини ҳаддан ташқари ақлли ва мукаммал биладилар. Муҳаббатни бир қолипга ўзлари солволишади, унинг темир қонун-қоидаларига сўзсиз риоя этишни севгилиларидан талаб этишади. Муҳаббат эса руҳ сингари озод ва эркин, ҳеч нарсага бўйсунмайдиган, ҳеч бир қонунни писанд қилмайдиган, таъриф бериб бўлмас буюк туйғу.

– Қара, қандай ақллисан.

– Айт-чи, бизнинг нечта боламиз бўлади?

– Ўзинг нима дейсан?

– Қанча бўлсаям, майли.

– Йўқ, жоним, ҳар битта инсон дунёга келаркан, у бутун бир тақдир бўлади. Кўзимиз тириклигида нечтасини ақлли қилиб ўстира олишимизга, бахтли қилишимизга кучимиз етса, ўшанча қиламиз…

Тонг отиши ҳамон улар атрофни кузата-кузата то чошгоҳгача юрдилар. Ўзларига хавфсиз ва ишончли туюлган томонга икковиям ҳолсизланиб қолгунча юрдилар. Сўнг қалин буталар орасига дам олгани чўзилдилар.

– Биласанми, – бир оз дам олиб ўзига келган қиз йигит томон ўгирилди, – тўғрисини айтсам, мактаб пайтлари мен бир болани севиб қолгандим. Очиғи, у менга жуда ёқарди. Юқори синфда ўқирди.

– Уям севармиди?

– Ҳа, у менга узундан-узоқ мактублар ёзарди. Бироқ ҳайронман, улар менга ҳеч қандай ҳаяжон бағишламаган, таъсир ҳам этмаган. Ўқиганда нуқул кулгим қистарди. Бироқ мен севгимни ундан ўта сир сақлардим, жонгинам.

– Нега? – сўради йигит энди бир оз қизиқиш билан. Чамаси, ўқ овозлари, қурқув ва таҳлика юракка хавф солиб турганда, уларни бир дам унуттирадиган, холис, батамом ўзга дунё кечинмалари ҳақидаги бу телба-тескари суҳбатлар унга жуда хуш ёқаётганди. Ва маъқули ҳам шу эди.

– Нега дейсанми? – қиз ақлли ва фозилона гап айтмоқчи каби юзларига жиддий тус берди. Гўё у ёш бўлса-да, севги бобида бошидан ўтказган ва ўзича хулосалаган ноёб бир ҳаётий тажрибасини суҳбатдоши билан оқилона баҳам кўрмоқчи каби эди. – Нега десанг, инсон ҳамма вақт ҳар нарсага тайёр туриши керак. Ҳаёт экан ўлимга ҳам, севги келса ҳижрон ва айрилиққаям. Шунинг учун унга севгимни баралла тўкиб-солишни ва у билан умрбод боғланиб қолишни ҳеч ҳам хоҳламасдим. Ҳар ишнинг бошида шубҳа ва гумон ҳам яхши нарса. Хаёлимда у қачондир бошқа биттаси билан бўлиб кетадигандек ва унга ўта богланишим ва ўта севишим, агар тайёр турмасам, ҳаётимни барбод бўлиб, бемаънолик касб этиши, бутун умрга етгулик жароҳатлаши мумкин эди. Умр, фақат севги жиннилиги туфайли вайрон бўлиб қулайдиган, мазмунини йўқотиб, у дунёга ишқни кучайтирадиган ҳислар ғиштидан қурилган иморат эмас, аксинча, яшай билиш санъатини моҳирона намоён эта олиш учун одамзодга берилган ноёб имконият деб қараш керак. Худди шундай бўлди. Вақтида менга узундан-узоқ ишқий мактублар битган бу бола бир кун мендан чиройлироқ ва келишганроқ қиз билан етаклашиб олдимдан ўтиб кетди.

Ўша пайтда билсанг, азизим, йиғламадим ҳам, ўкинмадим ҳам. Чунки, мен бунга тайёр эдим. Бутун вужудимни қоплаб олиб, юрагимни ширин ҳис ва орзулар фатҳ этган илк муҳаббат ўйлари орасидан ҳижрон ва бардош учун етарли жой ажратиб қўйган эдим. Ўшаларгина мени суяди. Куч ато этди ва маъюсликлардан асраб қолди. Ўшалар таъсиридами, қувониб ҳам кетдим.

– Нимадан? – йигит кўз олдида бир дунё очилаётгандек лаҳзалардагина ҳикоя қилиб бўлинадиган бу сирли манзаралардан ўзи учун керакли алланималар олиб қолмоқчи каби чанқоқлик ва ҳузур билан эшитарди. Нималарнидир ундан олдинроқ англаб етган ва ёшига номуносиб ҳукмлар чиқара олган сирли муҳаббат оламининг гўзал ва ёқимли, андак қайғули таассуротларини ола билган бокира бир қалб кечинмаларини жон қулоғи билан тингларди.

– Нимага қувонганимни айтсам, ўзим аввалданоқ қилган башоратимга кароматгўйлигимга. Уларнинг тўғри чиққанлигига…

– Буни қара-я, қойилман! – йигит завқланиб кулди, – шундан ҳам ўзингни хурсанд қилиш иложини топибсан. Аммо тентак бўлсанг ҳам ақлли тинтаксан, қўзичоққинам. Буни кара-я, – лаб-лунжини йиғиштиролмай илжаяарди йигит чин дилдан унга қойил қолганини ҳам яширгиси келмади,

– Сенга, азизам, бир шеър ўқиб берайми?

– Ҳали сен шеър ҳам ёзасанми? Шоирман дегин.

– Нега энди, – диди қиз норозироқ оҳангда, – шеърни фақат шоирлар ёзарканми? У шеър ёзадиганларниям шоир деб бўлмайди. Ҳа, эшит, унча келишмасаям хафа бўлма, ахир мининг шоирликка даъвоим йўқ.

 
Ўн олти ёш!.. Сокин ёшлигим,
Баъзан шаддод бебошлигимдир.
Ярми уйсиз, ярми эса лим –
Уруш, даҳшат дилгашлигимдир.
Ўн олти ёш! Рози бўл мендан,
Бердинг талай ҳислар яширин.
Бу туйғулар, бу ўйларим-ла
Бедор ўтди тунларим ярим.
Кутганларинг улгуролмадим,
Тафаккурим қолди бетайин
Ақл-идрок кучи етмагач,
Интиқ кутдим пирларнинг пирин.
Ахир топмам пирсиз – нажотсиз
Минг ахтармай бу борлиқ сирин.
Ўн олтилик ширин лаҳзалар
Қора қирғин урушда қолган.
Нетай, ўн еттимининг бошин ҳам
Шу жаҳаннам ўтларга солган.
Бугун борман, балки эртан кун
Исмим, жисмим йўқолгай беиз.
Истиқболга менсиз етганлар
Унутарлар уруш сўзини
Унутарлар мени шубҳасиз.
Луғатдан ҳам топиб отарлар.
Шунда, шунда менинг армоним
Ўн олти ёш қизга қайтарлар.
Руҳим менинг учар бахтиёр
Кўриб унда ўз ёшлигимни.
Баъзан қайсар, баъзида ўжар
Ўйсиз шўхчан бебошлигимни.
Қилолмаган ишларим гуноҳ
Айтилмаган сўзлар гуноҳдир.
Таъбирига идроким ожиз
Йўйилмаган тушлар гуноҳдир.
Алвидо, эй ўн олти ёшим,
Дилда борин сақлаб нетарман.
Гуноҳларим ювиб кетарман.
Умидларинг оқлаб кетарман,
Гар меҳрибон бўлса, худойим!
 

Қиз сокин, жуда ширали овозда нозик қилиб шеърни тугатгач, йигит чуқур ўйга чўмтганча узоқларга тикилиб қолди. Унинг нималар ҳақда ўйлаётганини шу топда ҳамроҳи минг маротаба кароматгўй бўлмасин, барибир билолмасди. Сўнг у қизга маъюс, армонли нигоҳини ташлади. Нимжон елкаларини силаб, беозор қучганча шеърни қайтатдан эшитди.

– Нима, ўн олти ёшингда кўп гуноҳ қилганмисан? Қайси томондан? Сивгинг туфайлими? – чўчиброқ сўради у.

– Ўзим ҳам шундай савол берсанг керак деб ўйловдим. Бунинг севгига мутлақо алоқаси йўқ, жоним. Билсанг, ўсмирликнинг ўн беш-ўн олти ёши жуда сирли ва жумбоқли. Бу ҳар кимнинг бошида бор, кимдир сал илғаб қолади, кимдир йўқ. Бу ёшда ўзлигини англашга интилган инсон учун келгусини белгиловчи жуда катта имконият Аллоҳ томонидан ёки табиат томонидан ато этилиши мумкин, дердилар дадам. Афсуски, бизнинг ёшларимиз бу ё ўзига оро бериб ўзгаларга ёқиш илинжида, ё ишқий ҳавасмандликлар туфайли, ё бойликни ўйлаб энг керакли дақиқаларни қўлдан бой бериб қўядилар. Кўп иш ва ўқиш билан машғул бўладиган бу ёшимда кўнгил тўладиган ишлар қилолмадим деб хавотирдаман… Ке, қўй, булар ҳақида бошқа пайт…

– Мактабдан сўнг қаерда ўқимокчийдинг?

– Базан артист бўлгим келарди. Кўпроқ врач бўлиш истаги зўр келарди. Баъзан, биласанми, асосий ишимдан ташқари театрда ишлайман деб қўярдим. Укам икковимиз ҳам гоҳи бўш пайтлар ҳар хил ҳайвонлар овозларини қилишни яхши кўрардик. Ёш болалар жон-дилим…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации