Текст книги "Мен кимман ёки мендаги “мен”"
Автор книги: Назар Юлдузхон
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 8 страниц)
РУҲНИНГ ҚУВВАТИ
Айтиб ўтилганидек, Руҳ – антиматерия. У ташқаридан – Руҳий Оламдан, Аллоҳнинг дунёсидан инсон қалбига жойлаштирилган латиф жавҳардир. Одам ботинидаги ана шу жавҳарда – Руҳда қувват бор. Аллоҳнинг улкан қуввати бор. Ахир унда Аллоҳнинг барча исми сифатлари мавжуд! Замонамизнинг улуғ Шайхи, мутассаввиф Муҳаммад Нозим ал-Ҳаққоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Бизда “осмонлардаги бир нима” бор. Танамиз Ерга тегишли. Агар Сиз ўз руҳингиз қувватини ишлашга мажбур қилсангиз, сиз Осмонларнинг Мавжудига, ҳаётига эришасиз… “Бу мумкин эмас”, деб айтманг. Агар ниятга эга бўлсангиз ва ана шу руҳда давом этсангиз, Сиз Ерда туриб, Осмон Курсийсига ета оласиз”, деб одамдаги руҳ қуввати нималарга қодир қилиши мумкинлиги ҳақида ёзадилар. “Осмонларга чиқиш учун Сиз 24 соат давомида Аллоҳга нима бераяпсиз? Биз танамизнинг эҳтиёжлари учун шунчалар бандмизки, биз Ердан осмонга кўтарила олмаймиз… Сизни Ерга боғлаб қўйиш учун бу нафснинг 80 минг тугуни бор. Агар бу тугунларни бирин-кетин ечмасангиз, ундай ҳолда Сиз халос бўла олмайсиз ва юқорига кўтарила олмайсиз. Инсон ўлгандан кейин унинг руҳини Азроил Илоҳий Мавжуд – Аллоҳга олиб келар экан. Аллоҳ: “Унинг қалби ким билан эди, юзини қайси тарафга бурган эди”, деб сўрар экан. Аллоҳ буни Ўзи билса ҳам, жавоб орқали буни осмондаги барча мавжудотлар эшитиши учун атай сўрар экан…”
“Ўз руҳинг дунёсини англаш ва эгаллаш бир замонлар Искандар Зулқарнайн ер юзини эгаллаганга нисбатан мушкулроқ…”(Радий Фиш. Жалолиддин Румий). Жисмимизга жо этилган руҳ – нур ва қувват билан тўла. Биз бу оламни керагича англамасак ҳам, ҳеч бўлмаганда унга озроқ “тегиб” кўришимиз, уни қалбимиздан ҳис қилишимиз ўзимиз учун жуда ҳам муҳим. “Биринчи ҳолатда сен руҳни англаб бўлмайди, деб тушунасан, шунинг учун ҳам Роббинг сен учун англаб бўлмайдиган сир, иккинчи ҳолатда эса, ўз руҳингни англайсан, худди шунингдек, сен ўз Роббингни англайсан…” (Ибн Арабий).
Ҳиндлар иккита қўлини бир-бирига бирлаштириб “намасте”, деб саломлашадилар. Намасте – “мен ботинингдаги руҳингга ҳурматимни изҳор этаман”, деган маънони англатар экан. Бундай маъно фаришталарнинг Одамга сажда қилиш ҳолатларига яқин бўлса керак.
Агар инсон ўз ботинидаги руҳини қалбининг кўзи билан кўра олса, унинг ҳақиқатини англай олса, бошқа одамларнинг ҳам вужудидаги Аллоҳнинг Нафаси, Нурини англай олади. Аллоҳнинг Нафасини англаган инсон қалбида Муҳаббат жўш уради. Бундай инсонлар бировларга қўл кўтариш у ёқда турсин, балки ёмон сўз айтиш, ёмонлик қилишни, ёмон кўришни, нафс гирдобига киришни хаёлларига ҳам келтирмайдилар.
Демак, менинг асл Ватаним – кўринмас, ғайб оламидан. Мен ана шу кўринмас оламнинг бир қисми ҳисобланаман. Менинг аслим – ҳеч қандай жисмга эга бўлмаган руҳдан – латиф жавҳардан иборат. Ғайб оламида мен Аллоҳга “Албатта Сен менинг Роббимсан, фақат Сенга итоат этаман”, деб аҳд қилганман. Аллоҳ мени шу аҳдим учун, иймонимни синаш ва чархлаш учун, такомилланиш ва руҳий-маънавий тажрибалар орттириб, алоҳида бир Шахсга (руҳий қувватга) айланиши учун руҳимни жисмга, танага жо қилиб, бир муддатга Ерга жўнатди. “Шахсга айланиш” деганда, психологиядаги инсон ақли билан боғлиқ шаклланган одамни тушуниш керак эмас. Буни маънавий-руҳий такомиллашган, ўз нафсидаги барча қусурлардан халос бўлган, шайтон ҳамлалари устидан доим ғолиб бўлиб Баҳодирга айланган, барча мақомлардан ўтиб, Илоҳий нур билан абадий йўғрилган, бирлашган, комиллашган руҳ деб тушуниш керак.
Аллоҳ Қуръонда:
“Эй, хотиржам (сокин) жон! (Ато этилган неъматлардан) рози бўлган ( ва Аллоҳ таоло томонидан) ҳам рози бўлинган ҳолингда Роббинг (ҳузури)га қайтгин!” (Фажр сураси, 27,28-оятлар) дея марҳамат қилади.
Валерия Порохованинг шеърий таржимасида ушбу оят қуйидагича баён қилинади:
«О ты, ничем не омраченная душа!
Вернись к Владыке своему
Ему угодной и довольной…»
Демак, гард тегмаган, турли хил сароблардан холи бўлган, покланган руҳ Аллоҳнинг амри билан яна Унга қайтиши керак. Нўъмон Али Хоннинг таърифича, руҳ сўзи араб тилидаги роъуҳ сўзига яқин бўлиб, қувонч, мамнунлик сўзларига яқин экан. Бу эса ҳар биримизнинг қалб қўримизда қувонч, бахт манбаи борлигини ва бу руҳ ҳар бир одамнинг ўзида алоҳида эканлигини таъкидлайди. Аслида эса, бу қувонч, бахт, мамнунлик манбаи–муҳаббат! Аллоҳ ҳар биримизнинг юрак қўримизга ана шу неъматни берган. Чунки Аллоҳнинг Ўзи Муҳаббат!
ОДАМ ВУЖУДИГА “ЭКИЛГАН” РУҲ
Аллоҳ Қуръонда турли хил мевалар ва уларнинг уруғи ҳақида алоҳида эслатади. Эътибор қилинг: мевалар турли хил ва ҳар бир меванинг ўз уруғи бор. Ҳар бир уруғдан алоҳида ўсимлик униб чиқади, етилади, дарахт бўлади, ҳосил беради.
Шунга ўхшаш, руҳий оламнинг бир парчаси бўлган инсон ботинидаги руҳ ҳам ҳар бир одамнинг ўзида алоҳида. У одам фаолияти натижасида “ўсиб, унади, ҳосил беради”, Уруғ униб чиқиши учун унга Ер берилган бўлса, руҳ “етилиши” учун у инсон жисмига берилган. Инсон жисми эса ана шу руҳнинг “ўсиб, униши”, руҳга хизмат қилиши учун берилган экан. Бу танада руҳ юксалиб, Комилликка эришиши керак. Бамисоли ерга қадалган уруғ мисоли у ўсиши, юксалиши керак. Бу уруғ – бизнинг келажагимиз, наслларимиз. Қандай “ҳосил бериши” ўзимизга боғлиқ. Субҳоналлоҳ! Бу руҳий улғайишдир. Руҳий улғайиш нима?
“Руҳий улғайиш аввало борлиқнинг бир зарраси эканлигини ҳис қилиб, бутун Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳар доим, ҳар қандай вазиятда кучли ишонч ва чексиз шукрда бўлиш!
Руҳий улғайиш ўзининг хатоларини тан олиб, уни ўзгартириш томон қўйилган қадамлар!
Руҳий улғайиш “муаммо” деб аталмиш ҳар бир вазиятдан янги дарс олиш!
Руҳий улғайиш Аллоҳга шу қадар кучли ишончки, қурбон ҳолатидан чиқиб, мақсадлари сари маъсулиятни ўз бўйнига олиб, бор имкониятларини тўлақонли ҳаракатга тушириб, Натижани Буюк Аллоҳга топшириш!
Руҳий улғайиш атрофга миннатсиз, шартсиз меҳр ва муҳаббат бериш!
Руҳий улғайиш инсонларни ҳукм қилмасдан, надомат қилмасдан борлигича қабул қила олиш!” Фақат шу тарздагина инсон руҳан ўсиши, камол топиши, ўз-ўзини англаши, бошқара олиши мумкин.
“Руҳ танада ривожланиши, юксалиши учун инсон турли хил нафс хоҳишларидан халос бўлиши керак. Шунинг учун инсоннинг ҳар бир қилаётган иши, ҳар бир нафаси ўз нафсидан қутулишни кўзда тутмас экан, инсон ўзини ўзи ҳалокат томон етаклаётган бўлади”. Руҳ – Аллоҳнинг амри билан Ердаги ҳаётда одамнинг вужудида бир муддат бўлади, кейин яна ўз “диёри”га қайтиб кетади. “Тупроқдан яралган яна тупроққа қайтади, Руҳдан яралган яна Руҳга қайтади…” Лекин қай аҳволда?!
“Қуръонда Аллоҳ пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга “Сендан руҳ ҳақида сўрайдилар. Руҳ Роббимнинг амридандир, сизларга бу ҳақда озроқ илм берилган”, дея хабар беради. Улуғ шайхлардан бири ушбу оятни қуйидагича тафсир қилган экан: Аллоҳ иккита оламда Ўзининг ишларини амалга оширади: аъламул Холқ ва аъламул Амр, яъни яратилган оламлар ва амр олами. Коинот, ундаги барча жисмлар – Ер, осмонлар яратилган олам бўлиб, унда маълум бир қонуниятлар ишлайди. Масалан, Ер вақт қонунига бўйсунади. Ерга уруғ эксангиз, у дарахт бўлиб етилгунича вақт керак бўлади, худди шундай, бугун туғилган чақалоқ маълум бир вақтлар жараёнида катта ёшдаги одам бўлади. Ердаги ҳамма жараёнлар маълум бир вақт мобайнида юз беради. Биз яшаётган олам яралмиш олами. Бизнинг оламдан бошқа яна бир олам борки, бу олам Амр олами дейилади. Агар Аллоҳ “Бирор нарса (яратишни) ирода қилганида, Унинг иши фақатгина: “Бўл!” – дейишдир. У (нарса) эса бўлур (вужудга келур)” ( Ясин сураси, 82– оят). Аллоҳнинг амри замон, макондан, вақтдан ташқарида, шу заҳотиёқ амалга ошади”. Нўъмон Али Хон Амр олами ҳақида гапирар экан, кўринмас оламнинг мавжудлигини ва бу олам ҳеч қандай вақт қонунига бўйсунмаслигини, бу оламда биз яшайдиган оламдан фарқли ўлароқ бошқа қандайдир жараёнлар юз беришини ва бу ўзига хос олам эканлигини айтади. У ўз фикрини қуйидагича баён қилади: “Фаришталар қайси оламдан? – Амр оламидан. Бизнинг руҳимиз қайси оламдан? – Амр оламидан? Қуръон қайси оламдан? – Амр оламидан. Назаримизда бу иккита олам – амр олами ва яралмиш олами бир-бири билан худди вақт оралиғига бўлингандек туюлади. Биз инсонларга келганда эса, биз яралмиш оламидаги қонунларга мувофиқ жисман ривожланиб борамиз, лекин бизнинг маънавий борлиғимиз эса, амр оламига тегишли.
Худди шундай, пайғамбарлар одамларни даъват қилишга чақирилганлар. Лекин уларнинг даъвати, таълими қаердан келган? – Амр оламидан. Улар табиий қонуниятларни бузган ҳолда мўъжизалар кўрсатдилар. Уларнинг мўъжизалари қайси оламдан? – Амр оламидан. Иброҳим алайҳиссаломга таъсир қилмаган олов қайси оламдан? – Амр оламидан. Англаяпсизми? Аллоҳ ушбу оятда бизнинг вужудимиздаги руҳ – Амр оламидан эканлигини айтаяпти. Лекин бу олам ҳақида биз фақат Аллоҳ хабар қилганини биламиз, холос. Умуман олганда, бу олам биздан яширинган, буни тушунишда бизнинг идрокимиз ожиз. Ушбу оятни таҳлил қилиб, биз қуйидаги хулосага келишимиз мумкин: ҳар биримизнинг ботинимизда: менинг ботинимда, сизнинг ботинингизда бир нима бор бўлиб, бу “бир нима” – шахсан сизнинг моҳиятингиз, шахсан менинг моҳятимдир. Аллоҳ: “Ботинингизда кучли бир нарса бор, лекин сизлар бу ҳақда оз биласизлар”, деб айтаётгандек…
Маълуман, жисмимиздаги бу “бир нима” Аллоҳнинг амри билан қалбимиз қўрига жойланган нур – Руҳимиз эканлигини англаб турибмиз. Буни бир вақтнинг ўзида Муҳаббат, деб ҳам билишимиз керак.
МУҲАББАТ – АЛЛОҲНИНГ НЕЪМАТИ
БУ ДУНЁГА МУҲАББАТ УЧУН КЕЛГАНМИЗ
Муҳаббатдан Муҳаммад бўлди пайдо,
Муҳаббатсиз кишидан қоч Ҳувайдо!
Тасаввуф намояндаси улуғ Юнус Эмро: “Биз бу дунёга манманлик учун келмадик. Биз севги учун, бошқаларнинг меҳрини қозониш, махлуқотни яхши кўриш, яратилган нарсаларга шафқат, муҳаббат кўрсатиш учун келдик”, деб айтади. Биз Ердаги ҳаётга нима учун келганлигимиз ҳақида тафаккур қилар эканмиз, барча улуғ алломалар, авлиёуллоҳлар муҳаббат туфайли, унинг кучи туфайли илоҳиётнинг юксак даражаларига чиқа олишганлигини, бутун умр муҳаббатни куйлаб ва унинг учун яшаганликларини ва шунинг учун ҳам улуғ инсонларга айланганликларини, бу дунёда “мен!” деб эмас, севги, муҳаббат учун, уни қозониш учун келганлигини англашимиз нақадар муҳим!
Аллоҳ бандасини яратибдики, унинг қалбини муҳаббатга мойил қилиб қўйди. Сабаб, қалбимизда Аллоҳнинг Нафаси бор! Аллоҳ – бу Муҳаббат. Оламнинг яралиши сабаби – Муҳаббатдир! Биз ўзимиз ҳақимизда, ким эканлигимиз ҳақида фикр юритар эканмиз, унутмайликки, ҳар биримизнинг қалбимиз муҳаббат билан йўғрилган. Фақат бу муҳаббатни “ўраб-чирмаб, беркитиб ва “бўғиб” ташлайдиган бизнинг нафсимиз – “мен”лигимиз, шайтон бор.
Шайтоннинг билими жуда ҳам мўл эди, унинг ақли ҳам жуда ўткир эди. У Аллоҳга сиғинган, биру борлигига ишонган. Лекин унда билим, ақл бўлгани билан, унинг қалбида муҳаббат йўқ эди. Шунинг учун ҳам жин Иблисга айланди. Қалбида муҳаббати йўқ одам-чи? У нимага айланади? Табиатга, атроф-муҳитга, дарахтларга нисбатан беаёв бўлишлик, одамларни қадр қилмаслик, уларга нисбатан беписандлик, зулм, адолатсизликни қалбида муҳаббати бор инсонлар қилмайди. Муҳаббат бундай ишлардан йироқ. Шунинг учун ҳам қалбида Аллоҳга, оламга, одамга муҳаббати йўқ одам шайтонга қиёсланади.
Муҳаббат ҳақида биз нималарни биламиз? Муҳаббат ҳақидаги бизнинг тушунчамиз, тасаввуримиз қандай? Муҳаббат вужудимизнинг қаерига жойлашган ва у инсон учун нима қилади? Муҳаббатнинг манбаи қаерда? У қаердан келади? Муҳаббат Ерникими, ёки Аллоҳники?
Муҳаббат тушунчасини биз ота-онанинг фарзандларига бўлган муҳаббати, қариндош-уруғларнинг қариндошлик муносабатларида, шу билан бирга эркак ва аёл ўртасидаги, одамларнинг ўзаро бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббати, Ватанга бўлган муҳаббат, ўз касбига, ҳаттоки бойликка, пулга бўлган муҳаббат деб ҳам тушунамиз. Бундай муҳаббат Ердаги ҳаётга тегишли. Агар биз буни муҳаббат деб атайдиган бўлсак, бу муҳаббат ҳақидаги нисбий тушунча. Шуни тан олиб айтиш керакки, бугунга келиб муҳаббат тушунчаси бизнинг онгимизда анча чегараланиб қолган.
Руҳий-маънавий камолга етган, қалби нафсдан, кибрдан покланган инсонлар қалбидаги соф муҳаббатни ҳисобга олмаганда, инсонда асосан “мен”, яъни эго муҳаббати бор. Биз тасаввур қиладиган муҳаббат – “мен”нинг муҳаббати маълум бир маънода инсонни бу дунё билан боғлаб қўяди. “Мен”даги “мен”лик муҳаббати бу менинг нафсим – шайтон билан боғлиқдир. Масалан, уй-жой, бола-чақа, пул, бойлик, мансаб ва бошқалар. Ёки, сиз кимнидир яхши кўрсангиз, ўша одамга нисбатан муҳаббатингиз бўлса, мабодо шу одам сизни хафа қилиб қўйса ёки ёмонлик қилса, сиз дарҳол хафа бўласиз, ҳаттоки сизнинг муҳаббатингиз энди нафратга айланиши турган гап. Шунингдек, бир одам бошқа бир одамдан “мен сени севаман, сен ҳам мени сев” маъносида ўзига бўлган муҳаббатни ҳам талаб қилади. Бу сиздаги “мен”ингизнинг муҳаббати. Бундай муҳаббат ўз нафсимиздан бўлгани учун ҳам Ердаги ҳаётга, нафсимизга – ўзимизга тегишли бўлади. Шунинг учун ҳам бундай муҳаббат доимий ва абадий бўлмайди.
Аслида биз билган ва тасаввур қилган муҳаббат бутунлай бошқа бир олам. “Ҳақиқий Муҳаббат – бу Қалбнинг туб-тубидан келаётган Куч. Бир одам иккинчи бир одамнинг қалбининг туб-тубидаги муҳаббатни тушунишни ҳис этганида, унинг моҳиятини кўрганида, сўзларсиз ҳайратланиш рўй берганида, уларнинг ўртасида ҳақиқий муҳаббат бошланади. Ҳақиқий муҳаббат қалбнинг туб-тубидаги туйғулар билан тўлиб-тошганлигидан бир инсоннинг иккинчисига тақдим этаётган саховатли туҳфасидир. Бундай севгини ўзинг ҳақингда унутганлигингда бериш мумкин.” Бундай муҳаббат Аллоҳнинг бандасига берган неъмати бўлиб, афсуски, ҳамма ҳам бу неъматга мушарраф бўла олмайди.
Биз мусулмонлар, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни севамиз. У зот ҳақида бирор қисса эшитганимизда юракларимиз тўлиб-тошиб, у зотга бўлган муҳаббатимиз янада ортади. Лекин у зотнинг саҳобалари дунёда энг бахтли инсонлар бўлишган. Чунки улар ўз кўзлари билан у зотни кўришган, ўз қулоқлари билан сўзларини эшитишган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари тўғридан-тўғри уларнинг қалбларига кириб борган. У зот қайсидир саҳобани уришсалар, саҳобалар у зотдан хафа бўлишмаган ёки аразлаб у зотни тарк қилишмаган. Чунки уларнинг қалбларида Аллоҳга ва Унинг расулига бўлган муҳаббат чин муҳаббат эди.
“Имом Ғаззолий фикрига кўра, севги турлари қуйидагичадир: борлиқни севиш, борлиққа боғлиқ нарсани севиш, бошқани иззат-икром этганни севиш, биззот (аслида) гўзал бўлган нарсага муҳаббат боғлаш, ошиқ ва маъшуққа хайрихоҳ бўлганни севиш. Бу севгиларнинг камоли ҳам, истиқболи ҳам охир-оқибатда Аллоҳ ишқига асосланади. Чунки қул борлиқни севса, унга шуни инъом айлаган Аллоҳни ҳам севган бўлур.
Бундан ташқари, гўзаллик севгиси инсонни Аллоҳга ва унинг расулига боғлайдиган бир воситадир… Демак, гўзалликни идрок айлаш ва гўзаллик муҳаббати ила яшаш инсон қисматидаги илоҳий эҳтиёждир (Иброҳим Ҳаққул. ”Маърифат-ла боқий сўз” Тафаккур. 1999-й. 4-сон). Демак, муҳаббат инсон қисматидаги илоҳий эҳтиёж! Бизнинг муҳаббатга эҳтиёжимиз бор. Биз муҳаббатга – Аллоҳга муҳтожмиз! Чунки Руҳ (роъуҳ) муҳаббат, қувонч демакдир. Жалолиддин Румий: “Аллоҳга борадиган йўллар кўп, мен муҳаббатни танладим” деб айтган эканлар.
Аллоҳ яратган борлиқни, ундаги гўзалликни севиш, баҳраманд бўлиш – Аллоҳни севиш, Уни улуғлаш экан. Демак, атроф оламни, табиатни севмаслик, уни асрамаслик, дарахтларни беаёв кесишлик, ноёб ҳайвонларни, ер, сув, тупроқни аямаслик – Аллоҳни севмасликнинг, Ундан қалбан, маънан узоқда бўлишликнинг белгиси, кўриниши эканлигини, бу эса, унинг руҳи, олами учун абадий ҳалокат эканлигини унутмайлик.
Ҳақиқий муҳаббат бу жуда катта қувватга эга. Одамлар тасаввур қилганидан ҳам каттароқ кучдир. Ҳақиқий муҳаббат инсонни шарафли қилади, уни инсонийлик пойдеворидан юқори поғоналар сари олиб чиқади. Бутун Олам Аллоҳнинг Муҳаббатидан яралган. Демак, муҳаббатнинг манбаи – Аллоҳ. У бир вақтнинг ўзида ҳамма ерда ва шу билан бирга бизнинг қалбимизда.
Ҳаётимизда рўй берадиган ижтимоий муаммолар ҳам қалбимиздаги муҳаббатнинг қай даражада эканлиги билан боғлиқ. Инсон ўзи билмаган ҳолда ғазаб ва нафрат орқали қалбидаги муҳаббатни йўқ қилиб юбориши мумкин. Бу эса унинг нафақат ўзига, балки келажак авлодлари тақдирига ҳам таъсир қилишини биз нечоғлик биламиз? Шунинг учун ҳам олимлар инсон қандай ҳолга тушмасин, ҳар қандай шароитда ҳам қалбдаги муҳаббатни сақлаб қолишлик муҳимлигини, муҳаббатни ўлдириш ҳаётда бошқа муаммоларни келтириб чиқаришини уқтирадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бекорга саҳобалари Абу Дардога ғазаб қилмаслик ҳақида уч маротаба қайта-қайта таъкидламаганлар. Чунки, ғазаб қалбдаги муҳаббатни ўлдиради. Бутун олам муҳаббатдан пайдо бўлган. Шундай экан, инсон бу неъматдан мосуво бўлишликдан ўзини эҳтиёт қилиши керак.
“Мен сирли хазина эдим. Ошкор бўлишни истадим (маърифатим билан муҳаббатга айландим) ва оламни яратдим”, дея қудсий ҳадисда айтилгани каби, оламнинг яратилиш сабаби ҳам ишқ ва муҳаббатдир (Усмон Нурий Тўпбош. “Бир кўза сув”).
Сиз уруғнинг ўсиб, дарахтга айланиш, мева бериш жараёнини кузатишингиз, кўришингиз мумкин. Лекин ана шу турли хилдаги уруғларнинг “ўсиш” жарёнини таъминлайдиган Аллоҳдан келаётган чексиз Яратувчилик Кучини кўра оласизми? Инсоннинг ҳам ўсишини, яшашини таъминлайдиган манба бор. Бизнинг ҳаётимиз манбаи бу – Нур. Раҳмон ва Раҳим, Холиқ ва Каримнинг Нуридир. Бу Нури Муҳаббат! Биз билган ва билмаган бутун олам, коинот Аллоҳнинг муҳаббатидан бунёд бўлган. Аллоҳнинг чексиз Раҳмон ва Раҳим Қуввати, Муҳаббати доимо ёғилиб туради. Унинг бандаларига бўлган муҳаббати ҳам чексиз ва абадий. Ҳаттоки, банда Ўз Эгасининг муҳаббатини ҳис қилмаса ҳам, унутса ҳам Аллоҳнинг муҳаббати бандасини ҳеч қачон тарк қилмайди.
Аллоҳдан келаётган Муҳаббатни ҳис қилиш ва ана шу муҳаббатга муҳаббат билан жавоб қайтариш қандайин ҳам улуғ бахт! Тушунаяпсизми, Аллоҳдан келаётган Муҳаббат қувватига сиз ҳам ўзингизнинг муҳаббатингиз қуввати билан шукроналик, ҳамд-санолар билан жавоб берасиз – ана шу ҳаёт ичида яшайсиз! Бундай ҳаётни яратиш кимгадир боғлиқ эмас, бу – ўзимизнинг танловимиз! Нўъмон Али Хоннинг ”Фотиҳа” сурасининг тафсирини ўқир экансиз, бекордан-бекор улуғ Қуръон “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” калимаси билан, “Алҳамдулиллаҳил Роббил аъламийн” дея Аллоҳга ҳамд этиш калимаси билан бошланмаганлигига амин бўласиз. “Фотиҳа” сурасида “бисмиллоҳ”дан бошлаб, ҳамд айтилишида Аллоҳнинг улуғ Қудрати, Ҳикмати яширинганлиги, яъни ҳозирнинг ўзида Аллоҳдан келаётган муҳаббат қувватига Сиз ҳам ҳамд билан шу вақтнинг ўзида Унга жавоб қайтараётган бўлар экансиз! Субҳоналлоҳ!
Бандасининг Аллоҳга бўлган муҳаббати бу – улуғ неъмат! Қачонки инсоннинг нафси бу дунё учун қайғурмаса, бу дунё учун ҳасрат чекмаса, қалби бу дунёнинг барча яхши, ёмон нарсаларидан фориғ бўлиб, пок бўлса, бундай қалбда Аллоҳнинг муҳаббати пайдо бўлади.
Аллоҳ истаса, бандасига шундай муҳаббат берадики, у инсонни ўз оламидан ташқарига, юқориларга олиб чиқади. Бунда инсон энг Олий туйғуни, энг Олий Кучни ҳис этади, бошқа ўлчамларга – қандай бўлган ва ўзи келган оламлар сари интилаверади. Бу севгининг Олий даражаси – Илоҳий ишқдир!
Муҳаббат ўтида ёнмаса кўнгил,
Ҳолига вой дегил – бемор-у заҳил.
Муҳаббатсиз ўтган ҳар бир кунинг бил:
Умрингдан беҳуда кетмиш беҳосил.
Умар Хайём
ИЛОҲИЙ ИШҚ
Ишқнинг ҳеч бир сифатга ва
тамомловчига эҳтиёжи йўқ.
Ишқ ўзи алоҳида, ўзгача бир оламдир.
Ё қоқ ўртасида, марказида бўласан
ёки ташқарисида ҳасратида қоласан.
Шамс Табризий
“Илоҳий ишқ – қалбан, руҳан покланиш ва Пок Парвардигор васлига етишиш ғояси. Яъни, инсон ва Илоҳнинг қоришиб, қўшилиб кетиш ғоясидир. Парвардигор – бир идеал. Унинг олами мутлақ поклик олами! Шунинг учун инсон батамом пок бўлгандагина бу оламга эриша олади. Пок бўлиш учун эса қалбда шу поклик тимсоли улуғ Тангрига беҳудуд ва адо бўлмас муҳаббат бўлиши керак” (Н. Комилов. “Тавҳид асрори”).
Беҳудуд ва адо бўлмас муҳаббат… Бир куни Исо алайҳиссалом боғ суғораётган бир навқирон йигитга дуч келади. Йигит ҳазрати Исонинг пайғамбарлигини билиб у зотга: “Роббимдан менга севги сўраб бер”, деб арз қилади. Ҳазрат Исо: “Сен Аллоҳ севгисининг оташини кўтара олмайсан”, деганида, йигит: “Зарра қадар бўлса ҳам берсин”, деб ялинади. Ҳазрати Исо: Аллоҳнинг зарра қадар севгисни кўтаришга ҳам бардошинг етмайди”, деб жавоб қилади. Шунда йигит: “Унда зарранинг ярмиси қадар берсин”, деб ялинади. Шунда Исо алайҳиссалом: “Эй Роббим! Бу навқирон йигитга зарранинг ярмисича севгингдан ато эт!” деб дуо қиладилар ва йўлларида давом этадилар. Бир қанча вақтдан сўнг шу йўлдан қайтиб келаётганларида ана шу йигитни эслаб, суриштирдилар. Одамлар: “У ақлдан озиб қолди ва тоққа чиқиб кетди”, дейишади.
Исо алайҳиссалом ўша ёш йигитни ўзига кўрсатишни сўраб Аллоҳга дуо қиладилар ва уни тоғда бир қоянинг устида самога термилганича ўтирганини кўрадилар. Ҳазрат Исо салом берсалар, йигит қайрилиб ҳам қарамайди. Мен Исоман, дейдилар. Йигит қарамайди.
Шу вақтда Аллоҳдан ваҳий келади: “Эй Исо! Қалбида зарранинг ярмисича менинг севгим бўлган кимса инсонларнинг сўзини қандай эшитсин?! Иззатим ва Жалоллигим ҳаққи айтаманки, агар бу йигитни арра билан арраласанг ҳам сезмайди…” Субҳоналлоҳ!
Вужудимизда Аллоҳнинг Нафаси бор экан, шу сабаб ҳам “ ўз аслимизга қараб интиқосиз соғинч ва муҳаббат билан интиламиз. Бу интилиш аслимизни англаш билан амалга ошади… Ишқ инсонни маърифатга олиб борадиган қудрат, инсонни моддий асосдан покловчи, ҳоли этувчи муқаддас олов… Ишқ камолот калити ва иксири аъзам (иксири аъзам – элексир, оби ҳаёт – тириклик суви. Уни ичган одам мангу ишқ билан яшайди) ишқ мис вужудимизни олтинга айлантирувчи кимё, ишқ одамни ҳайвонликдан халос этувчи, одамзод наслини бадбахтлик, фалокатлардан қутқаради, барча иллатларимизнинг давоси ҳам шу…” (Н.Комилов).
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.