Текст книги "Ёзувчи учун атир"
Автор книги: Неъмат Арслон
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 21 страниц)
– Бюрократия Машинасими?
– Бошқарув Машинаси.
– Ё тавба! Қандай қилиб бошқарасиз?
– Мана бундай қилиб!
Ота Гулдурос чўнтагидан рўмолча олди. Соққани тунука устида бир-икки думалатиб қириндиларни унга ёпиштириб олди-да, рўмолчага ўраб чўнтагига солди. Сўнгра телефон дастагини кўтариб маҳкамага қўнғироқ қилди:
– Тезда ходимларни йиғинг, мажлис бўлади! Кейин Селфидага деди:
– Бугун ходимларимга “Б-М”ни кўрсатаман. Ҳа, Бошқарув Машинаси менинг қўлимда!
…Юз берган кейинги воқеаларни баҳолашга Пўлатнинг ақли етмади. Ундинанинг қўлидан ушлаганча кутиб тураверди. Гулдурослар кучайди, ер титради, сўнгра осмон тобора пастлаб кела бошлади. Ваҳимага тушган издиҳом номаълум тақдир ва қоронғи келажак олдида титраб-қақшаб турарди. Тубсизлик қаърига қулаб тушмаслик учун ҳамма бараварига Ер куррасига ёпишди. Пўлат издиҳомдан ажралиб қолишга, оломоннинг ҳеч бўлмаса бир қисмини тўхтатиб қолишга уринар, аммо уддасидан чиқмасди. Осмон тобора пастлаб келаверди. Энди унинг четларидаги кўк ва яшил чизиқлар, ўртасидаги чорхона шакллар ҳамда нимранг гулларнинг суврати аниқ кўринарди. Ер курраси бир неча бор ағдарилди, оломон бир неча бор шовқин-сурон билан майдонга қулади. Издиҳом Ер куррасига янада маҳкамроқ ёпишиб олди. Пўлат билан Ундина ҳам улар орасидан ўзларига жой топиб, бутун вужудлари билан ерга қапишдилар. Ётган жойларида Қудратли Кучга тасаннолар айтардилар улар. Чорак аср давом этди бу ҳолат…
Йигитнинг кўзларидан юм-юм ёш оқар, даъватига қулоқ тутишни истамаган оломонни лаънатларди.
БОТМОННИНГ ҚЎШИҒИ
“Эй қанотсиз одамзод…”
Ана шундай бошланарди Ботмоннинг қўшиғи. Қанчалар таассуф бор эди унинг сўзларида ва кўзларида. Ҳақиқатдан ҳам биз қанотсизмиз, ўз маъносида ҳам, рамзий маънода ҳам тўғри бу таъриф, қўшиқнинг давомида айтилганидек бизда “икки оёқ бор”. Афлотуннинг ёзишича, аслида, одамзод тўрт оёққа эга бўлган ва жуда тез югурган. Ҳамма жониворларникидан зиёд бўлган унинг кучи ҳам. Бу ҳолни кўрган юнон худолари хавфсираб қолиб, қачондир одамзод бизга ҳужум қилади деб инсон вужудини иккига бўлган ва шу икки бўлакнинг биридан аёлни, иккинчисидан эркакни бунёд этган. Шундан буён аёл билан эркак ўзининг иккинчи бўлагини қидирар эмиш. Ҳеч шубҳасиз, Платонни танимасди Ботмон, унинг бу мавзудаги трактатини ҳам ўқимаганди, ва шу боис, одамнинг оёғи азалда (ўйлаганидек ва кўриб турганидек) иккита эмас, балки тўртта бўлганини билмасди ва табиийки менинг бошпанам йўқлигидан ҳам хабарсиз эди бу қанотли жонивор. Модомики шундай экан, ҳаётим давомида йигирма беш жойга кўчиб, бировларнинг уйида яшаганимни қаердан билсин?! Йигирма беш! Тасодифни қаранг! Майли бу рақам нега мени бу қадар ғазаблантираётганини айтмай қўя қолай.
… Хуллас, сертупроқ кўчадан терлаб-пишиб борарди Одам. Кун ғоятда иссиқ, гарчи бизга нисбатан шимолий минтақада яшаган бўлса-да, Чехов ҳикояларида бор худди шундай жазирама. Бундай жазирамада оёқ остидан кўтарилаётган чанг ҳам ҳавода узоқ тутиб туролмайди ўзини ва жимгина яна ерга – чатнаб ётган тупроқ устига қўнади. Фақат шилқим ва дилозор пашша-чивинларгина баҳру диллари очилиб парвоз этадилар, одамни қувиб етадилар ва Ботмон айтганидай, беаёв талайдилар уни. Пашша деб ном олган ашаддий космополит бу жонивор тўғрисида Лукиан жанобларининг ёзганлари айни ҳақиқат. Ожизлик қилади бундай ҳолатда одам деган ақлли жонзот, қўлларини ҳавода қаттиқ тўлғаб, гоҳ ўзининг юзига ва ё бўйнига шапати уриб ҳимояланмоқ ниятида тўлғанади.
…“Эй қанотсиз одамзод!..” деб куйларди Ботмон. Орадан кўп йиллар ўтиб, ўша қанотсиз одам ўзим эканлигимни англаб қолдим. Яна ўтдим ўша йўлдан, узоқ юрдим ўша йўл бўйлаб ва қулоқ тутдим. Катталиги бош бармоқдайгина қушча тинимсиз сайрарди. Йўл бўйидаги эскигина бино пештоқида ўтирибди, атрофга қарайди, қорамуғдек кўзларида ниманинг ифодаси борлиги менга қоронғи, аммо овозида ўша азалги оҳанг.
Йўлда давом этарканман, илашимли хаёллардан қутулиш учун бошимни қаттиқ силкиб олиб Танзила тўғрисида ўйладим. Одамзод жинсидан бўлган бу қиз ҳам қанотсиз, аммо осмони ҳафтумда учиб юрган бўлса не ажаб, мени назарга илармикан? Танимасдим аслида уни, аммо тақдир ипи омонсиз етаклаб борарди мени ўша қиз томон. Қани энди, қанотим бўлса-ю, учиб борсам… Кўп рамзий маънолар бор Ботмоннинг қўшиғида. Қанотсизлик – бу иложсизликдир, деган хулосага келдим бир маҳал. Ахир унда ҳали тўғри хулосалар чиқариш қўлимдан келмасди. (Аслида, бу қўлнинг эмас, миянинг иши). Бош чаноғим ичида эса ҳали ўзим танимаган Танзиланинг хаёли ва висоли. Ҳаётда унинг мавжудми ёки йўқлигини билмайман, аммо миямнинг стреатум марказида унинг бор хислату фазилатларини кўтарганча кетиб боряпман.
… Орадан йиллар ўтиб биз учрашдик. Далада, гулзорда ёки йўл бўйида эмас, жуҳутон маҳалласидаги кичкинагина, агар таъбир жоиз бўлса, товуқ катагидайгина уйчада бўлди бу учрашув. Шу атрофдаги кўчалардан бирида яшайдиган қария аммамнинг уйига кўп марта келганман. Тагичинор кўчасида турардилар аммам. Иккита тоғам бор: бири уйланган, иккинчиси ҳали бўйдоқ. Бўйдоқ тоғам скрипка чаларди. Ва менга қараб агар уйлансанг, тўйингда ана шу куйни чаламан дерди. “Аввал ўзинг уйлан”, дердилар аммам бечора ҳамиша ёшланиб турадиган кўзларини кенг енглари билан артиб ва сукутга ботиб. Менга унчалик ёқмасди бу хилдаги гаплар. Ана шундай ташрифларнинг бирида онам менга ҳамроҳ бўлдилар, тўғрироғи, мени бошқариб борардилар. Аниқ ёдимда, саккизинчи март эди ўшанда, ёмғир аралаш қор ёғиб турарди жуҳутоннинг тор кўчаларида. Атрофга хавфсираб қарадим ва сўрадим:
– Она, мени қаерга олиб боряпсиз?
Оғир хўрсинди жафокаш онам, сукут қилди бир муддат, афтидан, айтадиган гапларини тарозига солиб кўрар ва менинг айниб қолмаслигим учун жўяли гап қилишни ўйлар ва яна қандайдир режалар тузарди онагинам. Қадамларим сусайиб тўхташни мўлжалладим, тайсалладим десам, балки тўғрироқ бўлар… Ортига ўгирилиб қаради онам. Ва сира кутилмаганда шундай деди:
– Агар бормасанг, ўзимни ўлдираман!…
Мен ашаддий меланхолик ва ўта ғамзунук йигит эдим. Шунга қарамай, кулгидан ўзимни тийиб қололмадим. Онам йиғлаб юбордилар. Шундагина масаланинг ғоят жиддийлигини англадим. Чунки бу гапни иккинчи бор такрорламоқда эдилар бечорагина онам.
2
Бундан анча аввал ёз кунларининг бирида ишдан кеч қайтдим ва онамни тандирхонанинг остонасида ёлғиз ўтирганларини кўриб ичимдан зил кетди. Тўхтаб қолиб, тикилиб қарадим. Ҳа, қоронғида остонада ўтирган менинг онам, энг оғир дамлардагина шундай ҳолатда ўтиради аёл. Остонада ўтириш бехосият иш, аммо ночор қолганда шундай қилишдан тоймайди аёл зоти. Нохуш бир нарсани сезди юрагим ва сўрадим:
– Нимага бундай ўтирибсиз, она?!
– Ўзимни ўлдираман!.. – деган нидо келди қоронғи тандирхона оғзидан. Қўрқинчли ва беҳад ғамли эди бу манзара. Узоқ йиллар давомида тутун пуркаган эди тандир деворлару эшиксиз эшик пешонасига. Қуёш эса маҳзун лаҳзалар таъсирини янада кучайтирмоқчи ва бу билан муштипар аёлга кўмак бермоқчи бўлгандек, беомон ботиб борарди.
– Нима учун, она? – сўрадим, гарчи нима мақсадда онамнинг бундай қарорга келганини тушуниб турган бўлсам-да, талмовсираб. Аслида, сабабини кўп марта эшитгандим, ётиғи билан ройиш қилардилар авваллари онам. Укаларимдан иккитаси уйланган, учинчиси ҳам уйланишга ҳозирлик кўрар ва мен, оиланинг тўнғичи бўла туриб, ҳамон бўйдоқлигим қаттиқ ташвишга соларди онамни. Одамлар маломат қилаётганини тушунтирдилар бир неча бор, аммо тўнғичнинг розилик билдириши қийин кечди. Ана шундай кунларнинг бирида, ёз пайти товуқларга катак қуриш учунми, ёки оғил деворининг емирилган жойларини суваш учунми, аниқ эслолмайман, лой қораётганимда уйимизга меҳмон келди. Бири аёл, бири эркак, ёшлари элликларда бор. Мени ҳам меҳмонлар ўтирган хонага чорлашди. Наридан-бери ювиниб хонага кирдим. Турли ширинликлар ва ичимликлар турарди стол устида. Менга қизиқиш билан қарашди меҳмонлар ва нима сабабдандир, бироз ўнғайсизланишди ҳам. Зиёфат сўнгида менга мурожаат қилдилар онам: “Ўғлим, суратларингдан бўлса, бир донасини олиб кел”. Қора кўйлак кийиб, ўйчан қиёфада тушган суврат қўлимга илинди. Бепарвогина қарадим сувратга: ариқча бўйида қўлларим билан тиззамни қучганча ўтирибман. Ён томондан олинган сувратда бурним бироз узунроқ кўринади. Сочим қалин ва мумдай қоп-қора. Меҳмонларнинг аёли суратга узоқроқ тикилиб қолди, эркак меҳмон сувратга қарадими, йўқми, билмайман. Онамнинг ўтир ўғлим, деб илтижо қилишларига қарамасдан хонадан чиқиб кетдим. Масаланинг моҳиятига тушунгандай эдим. Эркак ҳам, яъни менинг бўлғуси қайнотам ҳам сувратга қараган албатта. Чунки ҳар қандай даврада сувратнинг қўлдан-қўлга ўтиши табиий ҳол. Яна лойга уриндим, меҳмонлар ҳовлини тарк этишди… Бахт қуши бошимга қўнишидан анча аввал рўй берган ана шу воқеалар таъсири ҳанузгача ҳароратини йўқотгани йўқ.
3
… Мана энди биз белгиланган маконга томон боряпмиз. Сувратимни олиб кетишган эди меҳмонлар ўшанда. Қизга, яъни менинг бўлажак хотинимга кўрсатишган албатта ўша сувратни, боришимиз билан қиз мени танийди. Саволимга анча кеч жавоб қайтардилар онам, “совчиликка”, дедилар бироз кўз ёши қилиб олганларидан кейин. Хуллас, биз учрашган уйда чоғроққина дастурхон безаб қўйилганди. Бурчакда катталиги нари борса ёнма-ён қўйилган иккита китоб ҳажмида телевизор. Хира қор пардаси ортидан кўринарди қандайдир одамлар ва ҳаракатлар. “Фигурная катания” деган спорт тури экан. Иккита қиз биз ўтирган хонага кириб-чиқиб, дастурхон тузашмоқда. Бирининг сочи семиз одамнинг болдиридай йўғон, битта қилиб ўриб орқасига ташлаб қўйилган. У пайтда қизлар сочларини йиғиштириб, майда ўриб, саранжом-саришта қилиб юришарди. Шўхроқ қизлар европалик дугоналарига тақлидан, “Я у мами дурочка” “яъни “мен онамнинг тентакчаси” деган причёска қилишар, табиати оғирроқлари эса “лошадка” билан чекланардилар. Сочни битта қилиб ўриб қўйиш кўпчилик европамижоз қизларга хос эди. Назардан қочирмадим ҳар иккала мезбон қизни ҳам. Буни пайқадилар онам ва “анависи” деб ияклари билан имо қилиб, сочи улоқчанинг думчасидай ўйноқлаб турган қизни кўрсатдилар.
… Кўп сувлар оқиб ўтди ўшандан буён, гоҳ лойқаланди, гоҳида тиниқ тортди мен айтган сувлар. Мана энди ёшим бир жойга бориб қолган, ўзим ҳам тиниқ тортганман, сочларига оқ оралаган кампирча ўтирибди ёнимда. Ундан ярим ҳазил овозда сўрайман:
– Сен Ботмон деган қушни биласанми?
– Биламан. Боши ва томоғининг таги қора рангда, худди қора рўмол ўраб олгандай. “Чилим-чилим”, деб сайрайди.
– Йўқ, сен айтаётган қуш Потмачумчуқ, ҳовлиларда ёлғиз ўзи юради, тинимсиз думини силкиб туради, жуфти билан юрганини ҳеч кўрмаганман. Ботмоннинг жуссаси ундан ҳам кичик, бош бармоқдайгина, аммо кичик бўлса ҳам, ҳикматга тўла унинг боши.
– Нима деб сайрайди? Кеча “Хамса”дан Чаковак деган қуш тўғрисида ўқиб берган эдинг, Ботмон деганинг мабодо ўша қуш эмасми, сен ўзингча ном қўяверасан, баъзида.
Хуллас, бироз чўзилган мунозаралар сўнгида биз Ботмон яшайдиган ўша ташландиқ уйча томон йўл олдик. Бунинг учун Такия деган қишлоққа боришимиз керак эди. Жуда кўп қишлоқларнинг қиёфаси ўзгарди замоннинг зайли билан, аммо Такия бундан юз йил аввал қандай бўлса, шундайлигича қолган. Демакки, биз излаган қушчанинг ини бузилмаган. Қишлоқ кўчасидан борарканмиз, ногоҳ қулоғимга урилган таниш ноладан дилим ҳаприқиб кетди. Ботмоннинг овози! Тупроғи билқиллаб ётган йўл устида тўхтаб, атрофга алангладим ва ташландиқ уйча пештоқида турган қушчани кўрдим. Унинг сайрашига бир дам қулоқ тутиб турдик биз. Бу сафар Ботмоннинг қўшиғини охиригача эшитмоқчи ва хулоса чиқармоқчи эдим. Сен ҳув анави қайрағоч тагига бориб соялаб тур, дедим Танзилага, зеро ҳаддан зиёд иссиқ эди кун. Ёлғиз ўзим қолиб қулоқ тутдим бу антиқа жонзотнинг ноласига. Азалдан таниш эди менга Ботмоннинг қўшиғи. Қаерда эшитганман, қайси китобдан ўқиганман, эслолмайман буни, аммо “Эй қанотсиз одамзод” деб бошланадиган ўша шеър ёдимда қолган. … Кўп антиқа воқеалар ўтди бошимдан. Турли хулосалар чиқардим бу воқеаларни таҳлил қилиб ва пировардида англаганим шу бўлдики, ҳар қандай буюк одам ҳам Ботмоннинг қўшиғида айтилган ҳикматдан четда яшамас экан. Қанотсизлик қисмат экан инсонга. Шундан буён иложсиз қолганимда, чорасиз қотганимда ва ғамга ботганимда Ботмоннинг қўшиғини айтаман ва таскин топаман:
Эй қанотсиз одамзод,
Сенда икки оёқ бор.
Қанча катта бўлсанг-да,
Пашша чивинга емсан.
Мен-чи, кичик бўлсам-да,
Пашша-чивин менга ем…
ВАҚТ ФАЛСАФАСИ
Танзилага
1
Вақтни тўхтатиш мумкинлигини англаган куним ҳаётимнинг узилиш ва қайта уланиш нуқтаси бўлди. Бу нуқталар улуғвор кашфиёт олдида турган одам учун зиғир донасича ҳам аҳамиятга эга эмас. Вақт тўхтаса, Иффат қаримайди. Унинг юзларига ажин тушмайди ва у ҳеч қачон Тўхта момога ўхшаб букчайиб қолмайди. Айтишларича, Тўхта момо ёшлигида жуда дилрабо қиз бўлган. Мана, энди лаблари шафтолиқоқидек қурушган, яккаю ягона сўйлоқ тиши қоронғи ғор оғзига тираб қўйилган ёғочни эслатади. Худди ўзидек эгри ҳассаси ва букчайган қадди, чақчайган кўзлари ва томоғи остида эски латтадек шалвираб осилиб турадиган териси ва умуман бутун қиёфаси билан баайни ялмоғиз кампирнинг ўзи. Момонинг айби йўқ, бу вақтнинг иши. Мен оралиқдаги вақтни йўқ қилиб ташлаб, ёки ортга қайтариб Тўхта момони навниҳол қиз кўринишида тасаввур этишга кўп марта уриниб кўрганман. Аммо …
Тўхта момони учратиб қолсам, унинг ҳамиша тўзғиб ётадиган пахтадек оппоқ сочларига қараб беихтиёр Иффат билан солиштираман. Бир куни уларнинг юзма-юз турганларини кўриб бемисл контраст ҳолат қаршисида лол қолдим. Кампирнинг зағчаникидек қоп-қора қоқсуяк бармоқлари қизнинг оппоқ ва нозик билагидан худди балиқ ушлагандек маҳкам чангаллаб турарди. “Балиқ ушлаган зағча”. Гарчи ҳаёт ҳақиқатига мос келмаса-да, назаримда бу энг мос ўхшатиш. Кампирнинг эгнида увадаси чиққан тўн. Иффат зарғалдоқ рангдаги нафис поплин кўйлакда… Бири иккинчисига тамоман зид бу ғаройиб манзара сира кўз ўнгимдан кетмай қолди. Вақтни тўхтатиш устида тажрибалар олиб борарканман, биринчи навбатда Иффатни ва ундан кейин бутун инсониятни қарилик балосидан халос этишни ўйлаб, кафтимни қулоқларимга босганча кўзларимни чирт юмаман. Қоронғилик ичра қолган Вақт гўё йўқолган дунёни излаб бўзлайди. Назаримда унинг гувраниши кечагидан ўзгачароқ. Шу пайтгача вақт бутунлай абстракт тушунча эди. Яъни унинг мавжудлиги борлиқнинг эскириб бориши, фасллар алмашинуви, одамларнинг қариб бориши, ўлиши ва уларнинг ўрнига янгилари келишига қараб, нималардир туйғуларимизга таъсир этарди. Ва биз инсонлар унинг таъсирини емирилган борлиқ ўрнида янгисининг бунёд бўлишида кўрардик. Модомики, энди мен ўз тажрибаларим билан вақтни тўхтатиш имконига эга бўларканман, демак, дунёни қаришдан ва емирилишдан сақлаб қола оламан!
2
Бир неча кун ана шундай кайфият билан юрдим. Кўча-кўйда одамларнинг менга ажабланиб қараши, ўзларини четга олиши ва менга йўл бериши ҳамда уларнинг юз-кўзларидаги ифодалардан пайқадимки, мен бошқаларга ўхшамайман. Укам Ширвоннинг келиши ва ўртамизда бўлиб ўтган суҳбат фикрим тўғри эканлигини исботлади. Ширвон юзимга тик қарай олмади. Фикрини ҳам очиқ айтолмай ямланарди. Мен атайлаб нигоҳимни ерга олдим ва сен буюклик қаршисида турибсан, майли, қараб ол дегандай, ер шохлаб туравердим. Аммо лабларимдаги табассум, тиришган пешонамдаги қатор-қатор чизиқлар, кўзларимда зуҳур этган фикрчанлик ва ўйчанлик буюклик аломати эканлигини англашга укамнинг қурби ва фаросати етармикин? Бу ҳолатни хаспўшлашга бўлган интилишим беҳуда кетди. Ширвоннинг кўрпача четида қимтинибгина ўтириши, овозидаги титроқ оҳанглар, бошидаги ола дўпписини ҳадеб айлантиравериши, ва ёш боладек бурнини тортиб-тортиб қўйиши менга кўп нарсани маълум қилди. “ Ака…” деди ниҳоят иродасини бир жойга жамлаб, укам:
– Ака…
Ширвоннинг овози жуда узоқдан, вақт девори ортидан эшитилди. Бош кўтармадим. Сукутга бордим. Укам истиҳола қилар ва афтидан, гапни нимадан бошлашни билмасди. Ниҳоят, узоқ жимликдан кейин у яна тилга кирди:
– Ака, нима учун бундай қиласиз?.. Одамлар маломат қилишяпти. Онамиз бечора оҳ уриб, “бобосига тортди” дейдилар-у , қандай қилиб бобомизга тортганингизни тушунтирмайдилар. Докторлар бўлса “у кишини уйлантириб қўйиш керак”, дейишяпти…
“Маломат” ва “докторлар” деган сўзларни эшитиб, укамга раҳмим келди. У адабий тилда гапиришга ҳаракат қиларди. Менга ёқиш учун, албатта. Маънодор бош тебратиб унга далда бердим. Шууримда эса “Қанчалар буюк бўлмай, мен акангман ахир, нега мендан чўчийсан?” деган сўзлар йиғиндиси. Жигаргўшамни қўрқитиб юбормаслик учун юз ифодамни кескин ўзгартирдим ва кўзларимга ёқимли ифода бериб бош кўтарарканман, укам шошқин бир ҳаракат билан ўрнидан туриб ортига тисарилганча, эшик томон чекинди. Ҳақиқий буюклик билан юзма-юз келганлиги ва ўзини ожиз сезиб чекинаётганлиги унинг кўзларидан яққол кўриниб турарди. Укамнинг ўрнида бошқа ҳар қандай киши бўлганда ҳам шундай қиларди, албатта. Неча йиллардан буён уни кўрмагандим. Озиб-ёзиб бир келган жигаргўшамнининг бундай тарзда чиқиб кетишини истамасдим. “Қўрқма, Ширвон, мен аканг Тавошарман”, деганча ўрнимдан турдим-да, уни бағримга олиш ниятида қучоғимни кенг очиб, бир неча қадам қўйдим. Ва бу бахтли оннинг лаззатини олдиндан чуқурроқ ҳис этиш учун кўзларимни юмиб олдим. Эшик тарақлаб кетди. Кўзимни очиб қараганимда Ширвон жон ҳалпида қочиб борарди…
3
Тажриба ўтказиш ва кузатишлар мени обдан толиқтиради. Ўзимни бирозгина чалғитиш мақсадида Вақт девори кемтигидан бўйлаб қарайман. Болалик дунёсида қолиб кетган манзаралар. Ҳамма нарса оддий ва ибтидоий: Кекса тут дарахти, ёлғизоёқ йўл, тахта кўприк… Барчасида шафқатсиз вақт тамғаси бор. Кўксимни деворга маҳкам босиб турибман. Юрагим зарбидан девор титраётгандай. Соат ўн иккига яқинлашмоқда. Одатда, худди шу пайтда: баъзан бироз олдинроқ ёки кейинроқ челак кўтарган бир қиз сувга ўтади. Мен яшайдиган ҳовлининг адоғида чашма бор. Усти айвончали. Чашмадан қирқ қадамлар юқорида шарқираб оқиб ётган ариқ бўлса-да, қишлоқ қизларининг ҳаммаси чашмадан сув олишни яхши кўришади. Бу ер уларнинг сирлашадиган маскани. Иффатни биринчи марта шу жойда учратганман. Ўшанда бирор оғиз ҳам гаплашмадик. Қиз сувга лиммо-лим тўла челагини илкис кўтариб, бошига қўйди ва шу ҳолатда менга бир қараб олди-ю, жўнаб қолди. Кейинги учрашувларимиздан бирида мен чашманинг тарихи тўғрисида мутлақо ёлғон бир афсона тўқиб унга сўзлаб бердим. Туни билан гоҳ ухлаб, гоҳ уйғониб, алоқ-чалоқ тушлар аралаш тўқилган менинг ёлғоним мана шу чашма ўрнида ёрини йўқотиб йиғлаб ўтирган бир қиз ва унинг севгиси ҳақида эди. “Ана шу чашма, – хулоса қилдим мен, – ўша қизнинг кўз ёшлари”. Қисқагина, бор-йўғи бир неча дақиқага жо бўлган суҳбатимиз қизгинага ўз таъсирини ўтказган эдики, унинг қадам ташлашига қараб хаёли паришон бўлганлигини англадим. Бу ҳолат елкаси бўйлаб кенг ёйилган жамалагининг тебраниши, жамалак учидаги потисқаларнинг ўзгача жиринглаши ва боши устидаги челакдан сувнинг чалпиб-чалпиб тўкилишида ўз ифодасини топган эди. Демак, у ташқи оламдан узилиб, ўз ички дунёсида сайр этарди. Унинг ортидан қараб турдим. Жамалагидаги садаф тугмаларда қуёш нури ўйнар ва челакдаги сув чалпиб-чалпиб тўкиларди. Кейин орадан кўп йиллар ўтди, биз бошқа учрашмадик. Аммо мен хаёлан Иффат билан бирга яшардим. У билан ҳар кун суҳбатлашар, унга бағишлаб шеърлар тўқирдим. Гоҳида эса хўжайлилик дўстим Ҳайитбой Абдисодиқнинг айни пайтдаги ҳолатимга монанд мана бундай сўзлари ёдимга келарди:
Нимадир шитирлар боғда,
Қўрқма, дейман севгилимга.
Қўлларини маҳкамроқ ушлайман,
Юрагим “дук-дук” уради.
Вақт муаллақ туриб қолади
менинг тепамда.
4
Орадан беш йил ўтди. Университетни тугатдим ва қишлоғимга қайтдим. Аммо энди чашма ҳам, мен яшайдиган ҳовли ҳам, ёввойи бутазорлару сўқмоқ йўллар ҳам йўқ. Болалигимиз билан боғлиқ хотираларнинг айрим лавҳаларигина ярқ этиб, хаёлда намоён бўлади. Энди бу макон чигирткалар босқинидан кейин ҳувиллаб ётган даладай кўримсиз бўлса-да, мен учун қадрли. “Сени ҳеч кимга бермайман” деб қичқиргим келади-ю, истиҳола қиламан. Қадимий қишлоқ ўрнида қад ростлаган шаҳарчанинг шовқин-сурондан холи гўшалари ҳам бор. Ана шундай гўшалардан бири “Куркуллум” савдо мажмуасининг шимолий тарафидаги “Калта хиёбон”. Аслида, бу хиёбон шаҳарчани тенг иккига бўлиб ўтадиган анҳорга бориб туташган бўлса-да, куркуллумчилар қурган улкан иншоот уни қоқ ўртасидан иккига бўлиб қўйган ва энди хиёбоннинг шимолий қисми одам кам юргани сабабли хилват чакалакзорга айланган. Савдо мажмуасида Иффатнинг акаси ва унаштирилган йигити ишлайди. Аммо улар пул тўплаш васвасаси билан шу қадар бандки, бино ортида соя-салқин хиёбон борлиги ва бу хиёбонда бизнинг учрашиб туришимизни балки билишмайди ҳам.
Вақтни тўхтатиш ва инсониятни кексайиш, ҳаттоки ўлимдан халос этиш истаги, режалари бошимда ғужғон ураркан, шу улуғвор туйғулар таъсирида Иффатни кўргим келди. Чунки барча туйғулару ҳиссиётлар марказида зарғалдоқ кўйлакли қиз турарди. Албатта, унинг бошқа либослари ҳам бор. Иффат бадавлатгина қиз. Отаси катта фермер. Унаштирилган йигити “Куркуллум”да бошбух. Акасининг “Каптива”-си бор. Шундай бўлгач, унда кийим-кечак муаммоси йўқ. Мен эса уни ҳамиша зарғалдоқ кўйлакда кўргим келади. Рассомларга хослик… Бу қавм инсон қиёфасидаги ўзига хос бирон-бир чизгини хотирасида қаттиқ сақлайди ва уни сувратда бўрттиради. Ўн йилдан кейин ёки юз йилдан кейин қарасангиз ҳам сувратдаги қиз қаримайди, очилиб турган гул сўлимайди, қуёш ботмайди. Вақт тўхтаб туради.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.