Текст книги "Аксинча"
Автор книги: Носиржон Жураев
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 3 страниц) [доступный отрывок для чтения: 1 страниц]
Носиржон Жўраев
Аксинча
Шеърлар
ҚАЛБ ИНТИЗОМИ
Улуғ устозларимиз Эркин Воҳидов билан Абдулла Орипов зар қадрини билгувчи заргар эдилар. Яхши шеърни яхши, ёмонини эса, ёмон дер эди. Шогирдларидан ҳам шуни талаб қилардилар.
Истеъдодли шоир номи насрга тортиб, Носир дея аталса ҳам, Носиржон Жўраев – мактаб кўрган шоир. Гап шундаки, биз номларини юқорида тилга олган устозларнинг кўпжилдлик китобларини Носиржон масъул маҳаррир сифатида нашрга тайёрлаган. Тайёрлаганда ҳам жуда нозик дид, ҳафсала ва синчковлик билан ёндашган. Сўз санъатини англаган ижодкор учун бу ҳақиқатан ҳам катта дорилфунун.
Шу маънода, ҳазрати Машраб айтганларидай, устозлар “остонасига бошини қўйиб, жаҳондан кечган”, яъни сўзни қисмат деб билган шоирлардан.
Сўзнинг танобини тортиш бор гап, унинг ранжу азобига бардош бериш осон эмас.
Устозимиз: “Баъзан ғализ жумла устида Соатлаб бош қотирганим бор”, – деганларидай, сўз заҳматини, шоирликни чидаганга чиқарган. Носиржон меҳнатдан чўчимай, қалам омочини тиришқоқлик билан тортаётган ижодкор. Ўзининг ички тартиб-интизоми, Ойбек домла таъбири билан айтганда, “қалб интизоми” бор. Қалб интизоми эса, палапартишликни ҳаргиз кечирмайди.
Сўз йўлидаги бундай синовлар умрнинг охиригача ато этилади. Шу масъулиятли ва нурафшон заҳматлар узоқ-узоқ йиллар шоир инимизга садоқатли сафардош бўлишига тилакдошмиз.
Сирожиддин САЙЙИД,Ўзбекистон халқ шоири
«Ватандан олисда Ватаннинг ҳар бир…»
Ватандан олисда Ватаннинг ҳар бир
Нуқтаси худдики жаннат кўрингай.
Бошда ўйнаб турса қиличлар зарби,
Мағрур яшаб бермоқ санъат кўрингай.
Ҳеч ишим қолмади бандаларида,
Умидим – Тангримнинг ваъдаларида.
Кулсам ҳам, кўзимнинг пардаларида
Мангу муҳрланган ҳасрат кўрингай.
Тобора юзларим ёруғ, кўнгил оқ,
Тобора вужудим тортар енгилроқ,
Аллоҳ, мунча яхши сенга енгилмоқ,
Сенга бош эгмоқда раҳмат кўрингай.
Икки ютум нафас, тўрт томчи қонни,
Шулар ташкил қилган ҳилвироқ жонни
Бериб бир бой қилай десам Ватанни,
Ватаннинг ўзи бир давлат кўрингай.
26.05.2021.
«Тилимга сўз бериб синар Яратган…»
Тилимга сўз бериб синар Яратган,
Дилимга ғам солиб ҳолимни кўрар.
Мени хазонларга ўйчан қаратган
Шеър дунёси аро боримни кўрар.
Муқаддас сўзларни сочдимми қумдек,
Азиз каломларни лойга қордимми?
Ё манфаат учун ўтдимми қулдек,
Ё ҳақиқат истаб ўтга бордимми?
Маддоҳлик фазилат бўлган бу замон
Қўшиб қўймадимми мен ҳам бир улуш?
Ахир бунча қийин, ширин бўлса жон,
Шавкат Раҳмон бўлиш, ё Парфи бўлиш…
О Машраб, гўрларинг тўлсин нурларга,
Бир кел-у, кўзларга чуқур қарагин!
Тағин ҳам шунчалик ёлғон шеърларга
Дош бериб турибди Ватан юраги.
01.10.2021.
«Узун-узун ўйлардан…»
Узун-узун ўйлардан
Қисқа-қисқа ёд қолди.
Узуқ-узуқ йўллардан
Бир чигал ҳаёт қолди.
Ҳеч тушунмадик – умр,
Ундик-унмадик – умр,
Эски кундалик – умр,
Гоҳ кулги, гоҳ дод қолди.
Қалбларни ўз эркига
Қўйдиг-у, аммо нега
Севги кетди. Севгига
Мангу эътиқод қолди.
Юракдаги юкларим,
Худо берган мулкларим:
Ёлғиз қизим – ҳулкарим
Ва бир жуфт қанот қолди.
Буёғи куз. Хазон. Дард.
Хўрсиниқлар пишган вақт.
Кўнглим ичида фақат
Аллоҳ деган зот қолди.
26.09.2020.
«Ўн йилда боғ янги, қирқ йилда – мозор…»
Ўн йилда боғ янги, қирқ йилда – мозор,
Менинг гулзорларим тўздилар, гулим.
Сен йиллар қаъридан термулганда зор,
Гулдек юрагимни буздилар, гулим.
Асов шамолларни қўлга ўргатдим,
Олов чақмоқларга ўтказдим ҳукм.
Ҳаётга қанча кўп сиғса гар ҳаддим,
Шунча вазмин тортди хотира юким.
Май ва хазон ҳиди урган қонимга
Бегона кўз ёшлар қўшилди, куйдим.
Бунча қарши кетдим ўз имонимга,
Ўзни бунча Ҳаққа тескари қўйдим.
Ҳеч қачон қошингга бормадим қайта,
Ечмадим юрагинг боғичларини…
Мен севги номидан иш кўрган пайтлар,
Сен юракка кўмдинг соғинчларингни.
Ўн йилда дард янги, ғуссалар янги,
Ҳаққим қолмаган, бас, илтифотингга.
Фақат йиллар аро, бу хазон рангли
Юзимни босаман азиз ёдингга.
23.04.2021.
«Ахир ўтмиш хатидасиз бор-йўғи…»
Ахир ўтмиш хатидасиз бор-йўғи,
Аммо ҳозир хотимасиз бор-йўғи,
Энди фақат хотирасиз бор-йўғи,
Ўтган умримизга боғлиқ одамлар.
Доим юрак озод, йўлимиз бандлик,
Шунга мудом исён билан фарқландик.
Ишқ ва тавба ўртасида чархландик
Бизга ўхшаш сўзга боғлиқ одамлар.
Асли ўзи кўҳна дунё – унутиш,
Қалбни асраб қолмоқ гўё унутиш.
Сизни ўйлаш, соғиниш, ё унутиш
Бизга боғлиқ… бизга боғлиқ одамлар.
Фасли хазон, яъни оҳлар тўкилди,
Дилдаги эски япроқлар тўкилди.
Биз учун дахли камроқлар тўкилди,
Хайр, куз ва кузга боғлиқ одамлар.
30.11.2021.
«Эй сўз, ҳаддинг бил, тамом…»
Эй сўз, ҳаддинг бил, тамом!
Кўнглимга шайтонга хос
Илм бўлиб келмагин.
Эй руҳ, муқаддас мақом!
Хазон бўлма, илтимос,
Ўлим бўлиб келмагин.
Эй ишқ, мен ерга хосман!
Аммо лойга қоргувчи
Зулм бўлиб келмагин.
Эй ғам, сендан қўрқмасман!
Лек Ҳаққа терс боргувчи
Йўлим бўлиб келмагин.
17.12.2021.
«Тақдир ҳукмига зид ўсган юракка…»
Тақдир ҳукмига зид ўсган юракка,
Аччиқ хазон ҳидин сезган юракка,
Ҳижрон оғриғидан безган юракка
Бунча Фузулийнинг девони гўзал…
Қайта олиб келди саболар бахтни
Ва бошимдан қуйди самолар бахтни.
Кўрди мендек мотамсаролар бахтни,
Сенми гўзал қилган дунёни гўзал…
Англатдинг, азобга тўлмоқ эмас ишқ,
Фидо бўлмоқ, аммо ўлмоқ эмас ишқ,
Тупроқдек қадрсиз бўлмоқ эмас ишқ,
Муҳаббатнинг юксак довони гўзал…
Кўргил дарди ҳикоямни, ёлғон йўқ,
Энди янги бахт бор, янги ёлғон йўқ.
Ўтмиш, яъни эртак, яъни ёлғон йўқ,
Сен билан умримнинг давоми гўзал.
26.11.2021.
«Ишқни ўзим яратгандек маст эдим…»
Ишқни ўзим яратгандек маст эдим,
Сен эса мен билан мастона эдинг.
Мен бутун оламга етар бахт эдим,
Сен менинг ёнимда афсона эдинг.
Ўзи севги шартмиди иқболимга,
Мудом ҳижрон чиқса истиқболимга.
Бу дунёга нафси тушган ҳолимга
Иймондан айирар баҳона эдинг.
Бугун кўнглим кексароқдир ўзимдан,
Не хатодир, не сабоқдир – ўзимдан…
Ва барчаси бесаноқдир. Ўзимдан,
Юрагимдан ўчдинг, бегона эдинг.
Энди хазон шитирида додинг – мен,
Хазонга қоришиб ётган ёдинг – мен.
Сени севганим-чун гўзал эдинг. Мен
Сени севганим-чун ягона эдинг.
20.11.2021.
«Бош устига қанча ташвиш келди, кетди…»
Бош устига қанча ташвиш келди, кетди,
Бу ташвишлар ярми янглиш келди, кетди.
Шарт эмасдир балки айтиш, келди, кетди,
Англолмадим: қайда келмоқ, қайда кетмоқ.
Ҳеч кимга қилмадим тақлид овозимни,
Ажратиб қўйдим шу тахлит овозимни,
Дилим билан қилдим яхлит овозимни,
Ахир энди ярашмагай майда кетмоқ.
Гарчи ҳозир хазон ёқиб исинаман,
Димоғимда майсаларнинг иси ҳамон
Ва кўнглимда муҳаббатнинг изи омон,
Бу ҳисларнинг тақдири – манглайда кетмоқ.
Одамликдан шоирликка ўсган руҳман,
Фавқулодда бахтман ва шундай андуҳман.
Худо шеърга айлантирган битта “уҳ”ман,
Демак, менга лозиммас бефойда кетмоқ.
5.12.2015.
«Хазонрез қучоғида…»
Хазонрез қучоғида
ғамгин тортди япроқлар,
Япроқлар шивиридан
ажралиб чиқди оҳлар.
Новвотга дўнди сувлар,
асалга ботди боғлар,
Шу боғларни оралаб
бораётган ғусса – мен.
Хотиралар барг каби
учиб юрар шамолда,
Икки қалб икки ёқда
тирик тургани ҳолда
Ҳамма нарса хаёлда,
ҳамма нарса хаёлда,
Шу кузда, шу оқшомда
ёдингга ким тушса – мен.
17.09.2016.
«Муҳаббат тугади. Севги йўқ. Демак…»
Муҳаббат тугади. Севги йўқ. Демак,
Якунига етди чиройли эртак.
Энди кўзалардан чиқмас сахий жин,
Бундан буёғига ҳамма нарса чин.
Энди кўзёш соғинч эмас, томчи сув,
Йиғлаш – биологик оддий ҳолат-ку!
Ерга тароқ ташла – ўрмон бўлмагай,
Ерга ойна отгин – уммон бўлмагай.
Кулса гул, йиғласа дур сочган пари
Эртакни тарк этди мендан илгари.
Ёмон хижолатман дўсту ғанимдан
Хаёлга шунчалик ишонганимдан.
Мен тушунмай турган жойим – негадир
Ҳали ўлмасимдан эртак тугади.
12.07.2018.
«Чумоли ўрмалаб ўтган из каби…»
Чумоли ўрмалаб ўтган из каби
Майда имло билан ёзган хатингда
Қалқиган кўзёшинг, титраган лабинг
Сездим, демак ҳамон бари ёдингда.
Хотирам занглари тўкилди бехос
Бирдан эслагандек олис бир тушни,
Кафтларингдек оппоқ ва юмшоқ қоғоз
Шапалоқ сингари юзимга тушди.
Аччиқ қаҳвасиз ҳам, тамакисиз ҳам
Кўнглимга бедорлик кирди шу туни,
Шаҳарнинг аёвсиз шовқинин бир дам
Кесиб ўтганида хазон шитири.
Ва бирдан англадим: қотибди дийдам,
Руҳим шикаст ебди оғир йўлларда,
Ҳаётни уйғотган муқаддас куйдай
Икки энлик хатинг жонимга далда
Бўлди-ю, ақлимга зид юрдим илк бор
Бир жумлага жамлаб ҳамма оҳимни,
Энди юрагимда хотиржамлик бор –
Ва баралла айтдим: “Сени соғиндим”.
10.10.2016.
«Эшик аста ёпилди. Кетдинг…»
Эшик аста ёпилди. Кетдинг.
Эшик аста ёпилди. Қолдим.
Энди ҳижрон иккимизга тенг
Тақсим бўлди. Тушунди қалбим.
Аммо эшик очилар қайта –
(Хавотирман ўйлаб бу ҳолни!)
Икки юрак учрашган пайтда
Қандай бўлишамиз висолни…
11.04.2017.
«Бу дарахтлар – яшил соябон…»
Бу дарахтлар – яшил соябон,
Қуёш тиғи санчилмас бошга.
Қара, ҳамма менга меҳрибон
Бир сендан бошқа.
Йўлларини кенг очиб шаҳар,
Гуллар қадаб чиқади тошга.
Қара, ҳамма кўнглимга қарар
Бир сендан бошқа.
Ҳаёт (балки дидга кўрами?)
Янги ҳислар берар яшашга!
Қара, ҳамма яхши кўради
Бир сендан бошқа.
Сен эса, сен… Тилга сўз келмас –
Ҳайронман нима деб аташга.
Ҳеч ким мени севишни билмас
Бир сендан бошқа.
«Олислардан бир интиқ…»
Олислардан бир интиқ
нигоҳ менга термулар,
Кўнгли чўкиб, ўксиниб,
ногоҳ ерга термулар,
Дийдоримни тополмай
бир-бир элга термулар,
Шу интизор кўзларни
ҳеч юмилмас – уйғоқ қил,
Оллоҳ, онамни асра
ва умрини узоқ қил.
Юзларига тақдирнинг
шамоллари битди хат,
Ҳар йўқотган кунидан
топди аччиқ бир ҳикмат,
Умри кимларга бахш-у,
ўзига йўқдир шафқат,
Майли, қадди дол бўлсин,
майли, сочларин оқ қил,
Оллоҳ, онамни асра
ва умрини узоқ қил.
Кафтларида мен учун
доим ризқ ва дуо бор,
Менинг бахтимдан бўлак
унда не муддао бор,
Она деган каломда
наҳот шунча даво бор,
Ҳеч кимга зор бўлмай-у,
онамга яқинроқ қил,
Оллоҳ, онамни асра
ва умрини узоқ қил.
Ўз боғини тарк этган
қуш каби учдим-кетдим,
Хотирда сақлаб бўлмас
туш каби учдим-кетдим,
Худди онам боқийдек
ташлаб-у учдим-кетдим,
Мен қуш каби қайтайин,
уни яшнаган боғ қил,
Оллоҳ, онамни асра
ва умрини узоқ қил.
12.09.2017.
«Энди-энди хазонлар тушаётган пайт эди…»
Энди-энди хазонлар тушаётган пайт эди,
У вақтлар айрилиқни ўйлаш бизга айб эди.
Муҳаббатнинг умрини чўзмоқчийдик мангуга,
Бизлар тўлдирган эдик бу дунёни кулгуга.
Ҳар лаҳзани бахт учун қилган эдик сафарбар
Ва бу бахтни такрорлаш йўқди бошқа сафарлар.
Ҳаммага биз англатдик мунис шомлар тотини,
Ўзимиз қўяр эдик ҳар янги тонг отини.
Билар эдик – кўнгилга қанча хуш сўз сиғади,
Бизлар сабаб бойиди кўҳна ишқнинг луғати.
Энди-энди хазонлар тушаётган бошқа пайт
Индамай қўл силкишиб кетдик, қолди муҳаббат.
Бугун эса дунёда бўлмагандай, йўқдаймиз,
Шунчаки бизлар энди айрилиқдан қўрқмаймиз.
6.08.2018.
«Нафасинг титроғи кўнглимга кўчди…»
Нафасинг титроғи кўнглимга кўчди,
Шундан бери дийдор хаёлидаман.
Минг йил кўрган тушим ўнгимга кўчди –
Баҳор қўйнидаман. Гул ёнидаман.
Азиз қадамингни кўзимга сургум,
Ахир тамом бўлди қаҳратон сургун,
Тақдирга юз шукр, минг шукр, бугун
Баҳор қўйнидаман. Гул ёнидаман.
О, баҳор, о, гулим, созингни чалгин,
Унут қўшиқларни ёдимга солгин,
Бу кунларга етган бўлсам ҳам толғин,
Баҳор қўйнидаман. Гул ёнидаман.
Қишлоқлар кўмдилар мени хотирга,
Шаҳарлар улғайди мен билан бирга.
Омад кулган каби Кенжа ботирга
Баҳор қўйнидаман. Гул ёнидаман.
Менинг учун баҳор – ҳаёт, гул – сенсан,
Сенга оғирмасми маҳзун хўрсинсам,
Кўнглинг оғримасми, айтгин, гул, севсам,
Баҳор қўйнидаман. Гул ёнидаман.
24.03.2017.
«Аввал тонг – уйғоқ…»
Аввал тонг – уйғоқ,
Кейин шом – мудроқ,
Сенга жуфт қирғоқ
Оҳи керакми?
Аввал ишқ – умр,
Кейин бўш умр.
Сенга борими,
Йўғи керакми?
Аввал яшнатдинг,
Кейин қақшатдинг!
Сенга Машрабнинг
Руҳи керакми?
Аввал мен, ёшлик,
Кейин сен – тошдик.
Сенга туташлик
Тиғи керакми?
Аввал тонг – обод,
Кейин шом – барбод,
Сенга, эй ҳаёт,
Йиғи керакми?
«Гўё осмон туташгандек заминга…»
Гўё осмон туташгандек заминга,
Юлдузларга етдим, юлдузлар менга.
Сендан гўзал хатлар келди номимга,
Сенга эшик очдим бугун, муҳаббат.
Бўш юракка қайтди кўнгил деган сўз,
Рост, ҳаётни янги бошлар экан сўз,
Тақдир яна манглайимга чекар сўз
Сенинг номинг билан уйғун, муҳаббат.
Бунгача на қайғу, на кулгу эдим,
Ё қисмат унутган сўзмию эдим,
Хуллас, ҳаёт нима деса – шу эдим,
Энди уйғондим сен учун, муҳаббат!
«Мен ёруғ тонгларни санамадим ҳеч…»
Мен ёруғ тонгларни санамадим ҳеч,
Аммо сездим қанча шом ўтаётир.
Ҳар саҳар дийдордир, ҳар оқшом соғинч,
Бир севгига икки ном ўтаётир.
Ҳижрон манзилгача йўл эдими ё,
Бу олис йўлларда бўл дедими ё,
Бунча қиммат келган гул ҳидими ё,
Нечун висол они кам ўтаётир.
Гулга шабнам қўнган фурсат тиғиздир,
Оҳким, етмоқ билан кетмоқ эгиздир.
Ҳақиқат, бор бўлсанг борлигинг сездир,
Ахир ишқнинг кўзи нам ўтаётир.
25.07.2017.
«Мани яшноқ боғимдан…»
Мани яшноқ боғимдан
баҳорлар юз бурдилар.
Йўқ, Худойим урмади,
қанча гулюз урдилар.
Мани кўмганда хазон,
худди ҳаётбахш азон
Отам, онам дуоси
бошимда дўст турдилар.
Мани манглайимда шеър,
тилу танглайимда шеър.
Шунданми сувратимни
мудом маъюс кўрдилар.
Мани кўнглим танлаб-э,
ким титди ҳамён каби,
Бисотим орасидан
фақат сўз, сўз тердилар.
Мани ҳолу шарҳим шу,
балки сиздан фарқим шу:
Ўстирган бўлса мани
ҳижронлар ўстирдилар.
15.11.2018.
«Сизга шеър керакми, мана, марҳамат…»
Сизга шеър керакми, мана, марҳамат,
Келаверинг мен томон – куз томонга.
Худди ўзим каби мағрур, азамат
Юрагимни очиб қўйдим шамолга.
Ана, боғлар тўла йиғи – шеъримдир,
Боғ кезганлар хўрсиниғи – шеъримдир.
Жони оғриб тушаётган ҳар япроқ,
Ҳар япроқнинг қон чизиғи – шеъримдир.
Лаззат топдим изтиробдан, ёнишдан,
Чин сўзни ажратдим ёлғон хонишдан.
Агар қўрқсам, бир фожедан қўрқаман –
Қай кун бўм-бўш дил билан уйғонишдан.
Жойнамоздек азиз менга оқ қоғоз,
Кўрдим тасбеҳ донасидек ҳар сўзни.
Вужудимга сиғмас ўтдек бир овоз,
Шу оловдир хароб қилган бу кузни.
Сизга шеър керакми? Хотирларимда
Қолган дардни уйғотишдан не ният?
Совуқдан торайган томирларимда
Шундоқ ҳам хўп қуюқ тортди Шеърият!
21.11.2018.
«Чўққидан шарт учганида бургутлар…»
Чўққидан шарт учганида бургутлар
Тош кўчарми, тирноқ кўчар, қарамас.
Кўкси ичра дард тўлганда йигитлар
Ёш кўчарми, титроқ кўчар, қарамас.
Тошу кўзёшлардан бир савол қолди –
Кўнгил қолди, гарчи кўзим қиймади,
Мен кетдим. Ортимда бир аёл қолди,
Жилмайдими, йиғладими, билмадим.
Тошларни кўзёшдек эритдим аввал,
Сўнг кўзёш тош бўлиб мени ўлдирди.
“Ижро интизоми” деган бир жадвал
Сингари умримни ёлғон тўлдирди.
Муддатдан олдин ўлгиси йўқ эдим,
Тирикман-у, йўқдир жоним қиймати.
Мен-ку илгаритдан эси йўқ эдим,
Дунё ақлин йиғмадими, билмадим.
5.03.2019.
«Ҳамон бир тўхтамга кела олмайман –…»
Ҳамон бир тўхтамга кела олмайман –
Баҳсдан иборатдек қисматим мангу.
Мен сени мукаммал сева олмайман,
Мен Худомасман-ку, Худомасман-ку!
Ғарқ бўлган кемалар, вайрон саройлар,
Топталган боғлар ҳеч шовқин қилмагай.
Шундоқ жим нурайди мотамсаролар
Ва тақдирни майда талқин қилмагай.
Энди тушундингми: шу улғайган онг,
Шу уйғоқ қалбимга мангу баҳссан-ку –
Намунча ўзингга муҳтож қилмасанг,
Сен Худомассан-ку, Худомассан-ку!
15.03.2019.
«Биламан, бир фоже кутар олдимда…»
Биламан, бир фоже кутар олдимда
(Шунчасига қўйиб берди Худо ҳам!).
Узр айтиб олай десам олдиндан,
Онамнинг юраги сезгир жуда ҳам.
Мен сўзни ўйнатиб афсунгар бўлдим,
Қанча гапим бор-у, қанча гапим йўқ.
Армонлар, андуҳлар, афсуслар бўлдим,
Аммо ҳечам ҳалол чарчаганим йўқ.
Кимга ёқмоқчийдим ўзи, эй ҳаёт,
Менсиз ҳам ғижим шу тўшакларгами?
Бошимни ёстиқлар кўмдими наҳот,
Менга мавзумиди тўшаклар ғами?
Қизим билан ёшу бўйлари ҳам тенг
Гўдак етимлардан уялдим бугун.
“Ў эркак, кимларнинг пинжида эдинг,
Кимсан сен, кимсан сен?” деёлдим бугун.
Майли, нима кутса кутсин олдимда,
Фақат ортда қолсин ўтмиш – муттаҳам.
Хайрлашиб қўяй десам олдиндан,
Уларнинг юраги қаттиқ жуда ҳам.
26.03.2019.
«Бир имзо чекмадим манаман деган…»
Бир имзо чекмадим манаман деган,
Сиғмадим умрингга ва ёдингга мен.
Ёмғир ювмайдиган, қор кўммайдиган
Ҳеч из қолдирмадим ҳаётингга мен.
“Сувлоқ кечган каби изим белгисиз”11
Иқбол Мирзо сатри.
[Закрыть],
Ҳавога ёзилган хатдек шаклим йўқ.
Сенинг ҳаётингда яшабман эссиз –
Шуни англаш учун ҳамон ақлим йўқ.
10.04.2019.
«Давомли қарсаклар. Ёшланган кўзлар…»
Давомли қарсаклар. Ёшланган кўзлар.
Саҳнадан тушади чарчаган юрак.
Битди олов каби бошланган сўзлар.
Сўнг бор таъзим қилди барчага юрак.
Гуллар гилам бўлди. Олқишлар оқди.
Қўллар узатилди дастхат тиланиб.
Лекин билмасдилар – худди шу вақти
Юрак борар эди қонга беланиб.
Эшикка етса бас. Кўчада баҳор.
Гўё ҳамма нарса янгидек, аммо
Борми ҳали ҳеч ким ичмаган анҳор,
Борми ўпкалардан қайтмаган ҳаво?!
Эй, фожега боқиб қувонган жаноб,
Эй, ғуссани кўриб севинган хоним,
Нени тушундингиз, вужуди қонаб
Юрак остонага йиқилган они?
Эшикка етмади. Ташқари баҳор.
Гўё ҳамма нарса янгидек, аммо
Эски ғурбат билан кутарди шаҳар,
Сийқа ёлғон билан кутарди ҳамма!
24.04.2019.
«Қушлар билан тўла осмон ҳали ҳам…»
Қушлар билан тўла осмон ҳали ҳам,
Сувлар жимирлайди ҳамон бир текис.
Ҳануз чиройлидир боғлар ҳоли ҳам,
Фақат ақлу юрак бўлмади эгиз…
Кулгу билан тўла юзинг ҳали ҳам,
Лаблар шивирлайди ҳамон бир текис.
Ҳануз чиройлидир севгинг ҳоли ҳам,
Фақат мен барини унутдим, эсиз…
7.07.2019.
«Хафа бўлма, юзингга…»
Хафа бўлма, юзингга
Эшикни ёпдим, ўтмиш.
Охир қайтдим ўзимга,
Ўзимни топдим, ўтмиш.
Энди кўзларимда мунг,
Юракда бир куз қолди.
Наҳотки саломдан сўнг
Хайр деган сўз қолди.
Мен юрган йўлда мен йўқ,
Ҳувиллайди юрагинг.
Фақат хазонлар қуюқ
Оқиб ётар, чидагин.
Ҳар қиёфа мен бўлиб
Кирар экан онгингга,
Тундан чиқасан сўлиб
Ҳеч завқи йўқ тонгингга.
Ташқари куз. Ғусса. Ғам.
Ичкари сен, оҳанглар –
Қошиқ ерга тушса ҳам
Менинг исмим жаранглар.
Шовқинларни оралаб
Бораркансан норози,
Шивирлаб турар бир лаб –
Менинг олис овозим.
2.09.2019.
«Мен жуда чарчадим, жаноб туйғулар…»
Мен жуда чарчадим, жаноб туйғулар,
Энди кетинг, сизга жавоб, туйғулар.
Юрагим хазондек тўкилмоқ истар,
Бировдан уялмай ўкинмоқ истар.
Ҳеч кимни ўйламай бир финжон қаҳва
Ичсам бўладими беғам, бефарқ ва
Онгимга ўрнашган бахтли ва бахтсиз,
Деган гаплар бўлса аҳамиятсиз…
Сарғайган милёнта баргнинг биридек,
Тақдирга кўнсам-у, келтирмасам ширк,
Ҳеч нарса ёзмасам, хаёл сурмасам,
Мени тинч қўйишга ичинг бир қасам!
Мен жуда чарчадим, жаноб туйғулар,
Энди сизга рухсат, жавоб, туйғулар.
Беҳуда сарфламай кўнгил мулкимни,
Севмасам майлими, ўлсам мумкинми?!
22.09.2019.
«Болаликда… Синфда…»
Болаликда… Синфда…
дафтарга сиёҳ тўкиб,
Устозим кўрмасин деб
кафтимда яширгандим.
Қарсу чарс феълим билан
чақмоғу яшиндайдим,
Шундан бери неча бор
сарғайиб-яшилландим…
Бугун сиёҳ ўрнига
қоним билан сўз ёзсам:
Ҳаёт, сен – зўр муаллим,
Ҳаёт, сен – зўр устозсан.
Беғубор тасаввур ва
тоза кўз билан ўқиб
Юрган эртагим на туш,
на чинга айлангунча,
Гўдаклик кулгучларим
ажинга айлангунча,
Мен сажда қилган севги
ҳажрга айлангунча,
Сендан бошқа ким қолди
ёнимда, сен холоссан,
Ҳаёт, сен – зўр муаллим,
Ҳаёт, сен – зўр устозсан.
Турган бўлсам қошингда
қаддиму руҳим чўкиб,
Кўксимдан эркни олиб
бўйинбоғ тақдинг ўзинг,
Учмасин деб заминга
қозиқдай қоқдинг ўзинг,
Қилиб қўйган ишингга
сўнг маъюс боқдинг ўзинг,
Билмадим, сен умримга
тақиқми, имтиёзсан,
Ҳаёт, сен – зўр муаллим,
Ҳаёт, сен – зўр устозсан.
Бағримни ерга бериб,
дардимни сафга чекиб
Шеър ёзсам, елкам оша
қараб турган нигоҳ – сен,
Ўткан кунларим ярми
висол, ярми фироқ – сен,
Ортимдаги савоб – сен,
олдимдаги гуноҳ – сен…
Гоҳ менга хайрихоҳсан,
гоҳ менга эътирозсан,
Ҳаёт, сен – зўр муаллим,
Ҳаёт, сен – зўр устозсан.
Баъзан юзимни тўсиб,
баъзан бошимни букиб
Ўксиган бўлсам бордир,
мунғаймадим, кўрдинг-ку,
Фақат қон қусдим, бошқа
булғанмадим, кўрдинг-ку,
Қалбим ўсди, қаллобдек
улғаймадим, кўрдинг-ку,
Сен ҳамон иродамни
синашга ишқибозсан,
Ҳаёт, сен – зўр муаллим,
Ҳаёт, сен – зўр устозсан.
Зарбларингдан чайқалиб,
завқларингдан энтикиб
Хўрсинмоғим мумкин-у,
нолиш менинг ишиммас,
Кўзёш ҳаққига недир
олиш менинг ишиммас,
Хоҳлаган пайтда кетиш –
қолиш менинг ишиммас!
Фақат бор иқрорим шу
(агар ҳақ йўлдан озсам),
Ҳаёт, сен – зўр муаллим,
Ҳаёт, сен – зўр устозсан.
30.09.2019.
«Иситмада ўт каби ёндим…»
Иситмада ўт каби ёндим,
Муздек дока олов манглайда.
Ў табиат, такрор инондим,
Қудратингга бош эгдим қайта:
Сен эслатдинг бир лаҳза менга
Куйган ҳолим жафокор билан.
Иситмаси баланд заминга
Муздек дока босдинг қор билан.
22.11.2019.
«Тўртбурчак ойнада – сурат сингари –…»
Тўртбурчак ойнада – сурат сингари –
Қотган дунё менинг ҳолим-ку, ҳаёт.
Ақлим бутлангани, кўнглим сингани
Бир сену бир менга маълум-ку, ҳаёт.
Мени қанча ерга урганинг сайин
Ўзимни баландроқ сезсам дегандим.
Лайлидан лайлироқ бир дил бўлсаю,
Мажнундан мажнунроқ севсам дегандим.
Нима фойдаси бор – шоир руҳимни
Ҳамма биладиган ишга сарфласам.
Етти миллиард аро бору йўғимни
Умумий рўйхатлар ичра сақласам.
Худо берган жичча фарқим туфайли
Гоҳ кўксимда тола эпкин қил, ҳаёт.
Ақлимни мутлақо банд қил-у, майли,
Кўнглимни мутлақо эркин қил, ҳаёт.
1.02.2020.
«Оқ кўйлак ва шойи бўйинбоғ…»
Оқ кўйлак ва шойи бўйинбоғ.
Кетдим. Кутар ҳаёт – ўйингоҳ.
Қўлларимни қақшатар соат,
Унга сўзсиз қилдим итоат.
Ўтмиш бўлди сен билан боғлиқ
Тунлар мени қийнаган оғриқ.
Ҳар кун битта оқ соч, бир ажин
Кўпаяди. Сезаман ва жим
Кўникаман. Ҳижрон – бешафқат.
Сигарет ва хаёл бор фақат.
Мен тақдирга боқдим интизор,
Лекин тақдир – қатъий интизом.
Ҳаёт ҳамон ғирром ўйингоҳ,
Ҳаёт мен кутгандан ўйинроқ!
Тушун, бир бор жон тикдим, хайр.
Мен саҳнангдан зерикдим, хайр.
24.04.2020.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?