Электронная библиотека » Саъдулла Хаким » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Бола Ботир"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 04:20


Автор книги: Саъдулла Хаким


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 2 страниц) [доступный отрывок для чтения: 1 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Саъдулла Ҳаким
Бола ботирШеърлар

МЎЪЖАЗ ДОСТОН ТААССУРОТЛАРИ

Ҳай, болалик йилларим-а!

Унинг сеҳрлари, ҳайратга тўла катта-катта кўзлари қаёқларда қолиб кетди экан? Юлдузлар юлдуз эмас, жаннат томошаси эди-ку! Тоғлар оралаб чиқаётган қуёшнинг илк нурлари биз билан гўёки ўйнашар, ботаётган офтоб рухсори эса паҳлавон бобомизнинг юзлари янглиғ қизариб турарди. Қишнинг узун ва совуқ кечаларида оғилхона қорамоллар нафаси билан исиб кетар, биз бола-бақралар эса бирон чечан амаки атрофида тўпланиб, хира мойчироқ ёруғида эртак тинглаганимиз-тинглаган эди. Эртак ичида бўри ҳам, тулки ҳам, арслон ҳам бор. Қурбақага айланган малика-ю, йигитга айланган шер ҳам. Улар бизга қадрдон бўлиб кетгандилар. Айниқса, тулки. Бу сатанг, олифта жонивор гоҳ тавияга, гоҳ паривашга айланар эди. Оҳ, унинг нозларини эсланг… У ҳатто кечалари дарича ёнига келиб гап ҳам пойлайди, дейишарди. Бўлса бордир.

Тонг отар, ер кўкарар, боғлар гуллаб, ҳосилга кирар, зардолию олмалар пишар:

 
«Олманинг нозиклигидан
Кўринадир донаси.
Баргига шабнам қўнибдир,
Мен унинг девонаси».
 

Олманинг ичидаги доналариники илғаган кўз эгаси унинг баргига қўнган шабнамга боққанда девона бўлмасми? Қайда қолди ўша мўъжизалар, қайда қолди ўша шикаста ва тоза хаёллар…

Одамларимизнинг қўллари қадоқ, ғадирбудир, товонлари қорайиб тарс ёрилиб кетган. Ўша замонларнинг меҳнату муҳити шунақа эдида. Лекин уларнинг ўйчан кўзларида афсоналар, ривоятлар яшарди. Афсоналарда эса – рамзлар.

Яхшиям, бу дунёда кўнгил қатидаги мудроқ ҳисларни қайтадан уйғотадиган, эзгу хотираларни ёдга соладиган китоблар бор. Чингиз Айтматов асарларини эслайман. Буюк муаллифнинг талқинича, одамларнинг бир қавми қачонлардир Шохдор Она Буғудан ўриган, беозор болакай денгиздан паноҳ излаб, балиққа айлангиси келади, мангу айрилиққа маҳкум бахтиқаро келинчакнинг руҳи эса тоғу тошлар аро дарбадар кезиб юради. Булар – аччиқ тақдирлар, булар юксак ва сирли поэзиядир. Одам боласи китоб ўқиётганда уни ёзувчи ёзганини унутса, дейман. Асарнинг ичида китобхоннинг ўзи ҳам яшаса, дейман.

Шоир Саъдулла Ҳакимнинг «Бола Ботир» достонини ўқий туриб, мен шундоқ хаёлларга бордим. Дарҳақиқат, Бедил ҳазратлари айтганидек, асл шеърият ўзига хос бир оламдир, у учинчи дунёдир. Шоиримиз ажиб бир ҳикоят битибди. Достонда чуқур фалсафий-маъжозий маънога эга шундай сатрлар бор:

 
«Неки яралмиш, бари
Сўзнинг жисму танидир.
Сўз – чиғаноқ гавҳари,
Кўнгил сўз ватанидир».
 

Асарнинг шаклу шамойили унинг умумий руҳига ғоятда мос, халқона. Саъдулла Ҳаким ўз қаҳрамони Бола Ботир (бахши)ни бир ўринда қуйидагича таърифлайди:

 
«У қўшиқ айтаётганда отлиқ отидан тушган,
Ўтирган одам ўрнидан туриб кетган,
Тик турган одам ўтириб қолган».
 

Хуллас, шоиримиз ўз услубини азалий шарқона қиссагўйлик билан вобаста қила билган. Достонда бахшиёна руҳ устувор.

Бола Ботир образи – мақсад ва эътиқод йўлида сўзни англаш орқали моҳиятга эришиш тимсоли. Сўз жамолида Яратган жамолини кўриш иштиёқида бир умр зору нигорон ўтган Донишманд чол каби. Пари қиёфасида ошиқлик тимсолини кўриб масту беҳуд бўлган Бола Ботирнинг ўзи каби. Ҳар икки ҳолда ҳам жонфидолик мақсад сари етаклайди. Достонда айтилганидек: «Ўзини унутмай Ўзини таниган борми?». Қадим ва юксак кўзқарашнинг янгича талқинлари эмасми бу фикрлар? Ана шу хусусиятларига кўра «Бола Ботир» ҳам шаклан, ҳам мазмунан оҳорли достон бўлибди, дейишга асосимиз бор.

Бадиий ижодни тараққиётсиз, янгича ёндашувларсиз тасаввур этиб бўлмайди, албатта. Ле кин у қадимий, мустаҳкам пойдеворларимиз устида қад кўтарса, яна ҳам яхшироқ. Менга ушбу мўъжаз достон ўша қўрғонлар узра бўй кўрсатган нафис чечакка ўхшаб кўринди.

Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири.

БОЛА БОТИР
достон

 
Нурота тизма тоғларию
Оқтов ва Қоратов оралиғида
Бола ботирдек шоир ўтмаган.
Эргаш Жуманбулбулдан кўп йиллар олдин.
Султон кампирдан кўп йиллар бурун.
Тилла кампирдан кўп йиллар аввал.
Бошқа туғилмайдиям. Бошқа туғилмас ҳам.
 
* * *
 
У жуда кўп ёзган. Қуёш нурин патқалам,
Осмонни қоғоз қилиб ёзсанг ҳам
унинг ёзганлари сиғмайди.
Ойнинг ҳошиялари ҳам шеърга тўлиб кетар,
доғ бўлмаган жойи қолмайди ойнинг.
Булутларга ортсанг ёзганларини
Ер бағирлаб эмаклайди бели майишиб.
Шамолларга айтсанг увлаб юборар,
дунёни кўчирар.
Шамоллар шоир бўлиб кетар,
Бу дунёда кўрганини шеърга солар,
дунёсини шеър қилар.
Денгизларга айтсанг ичи қизиб
қирғоқларни емириб ташлар.
Бола Ботир шунча кўб ва хўб ёзган.
Воҳ, доғ-ей! Бола ботир барини кўнглида ёзган.
Айтиб қолдирмаган.
Шундай бўлса-да, манов шеърни унга нисбат
беришади.
Айтмай туриб айтди дейдилар:
 
* * *
 
Тил – лиқ тўла хазина,
Гўё қўр – қийғоч ўчоқ.
Бир баҳра олсанг яна
Ортаверар иштиёқ.
 
 
Тингла, Бола Ботирни,
Айтар ўла-ўлгунча:
Қиндаги пичоқ дамин
Қайдан билар келинчак.
 
 
Қанча меҳр берсанг кўп,
Шунча чирой очар ер.
Бола эмас, аёлни
Қаритар лаллайган эр.
 
 
Эшитмаганмидинг ҳеч
Ўстирсанг тувакда гул,
Оби шарбатни доим
Остидан қуйган маъқул.
 
 
Томирига етса бол -
Танига қон югуриб -
Кўрсатур ғунча жамол.
Оддийдир бунинг сири:
 
 
Сутни солиб кувига
Ҳожати барор кези.
Қанча пишисанг, шунча
Қаймоқли бўлар юзи.
 
 
Бола Ботир айтгани
Хирмонга дон қўшади.
Бошидан кечирса ким
Асил дониш ўшадир!
 
* * *
 
Сўзни анбиё айтса ярашар,
Сўзни Муҳаммад пайғамбар киройи айтган.
У ҳам асли бир сўзни айтган.
Бошқа айтилганлар бари ўша битта сўзга шарҳ.
Ҳазрат Навоий айтганлари ҳам
ўша битта сўзга битилган гўзал шарҳлар.
Сўз ўзи битта!
Бола Ботир шуни айтишдан қўрққан.
Оғизни ҳар куни уч мартадан беш бора чаймай,
нечук ул табаррук сўзни тилга оласан?
Билагингни тирсагинггача пок қилиб ювмай,
нечук қаламга қўл чўзасан?
Кўнглингни эътиқод нурига чаймай,
Нечук сўзга зеб берасан?
Сўз қадрланса азиз.
 
* * *
 
Эл ичра номи баланд,
Ҳар ишда фазли аён
Яшар эди Донишманд –
Тоза тийнат, покдомон.
 
 
Кимдир «Олам иборат,
Деса, молекуладан»,
«Йўқ, сўздан бу иморат»,
Дерди сирли куларкан.
 
 
Сўз унинг кўз ўнгида
Оқар эди жилдираб.
Гоҳ қоронғу осмонда
Чақнар эди гулдираб.
 
 
Бу дунёни ёритиб
Турган ҳам сўз, дерди у.
Инсон дардин аритиб
Турган ҳам сўз, дерди у.
 
 
Сўз айниса, диёнат
Ўлгани шу, дер эди.
Сўз қайнаса, қиёмат
Бўлгани шу, дер эди.
 
 
Неки яралмиш, бари
Сўзнинг жисму танидир.
Сўз – чиғаноқ гавҳари,
Кўнгил сўз ватанидир.
 
 
Бир сўз бор – сўз аввали,
Жой олган дил тўридан.
Қолган барча сўз асли
Ўша сўздан ўриган.
 
 
Юрса ҳам, ўтирса ҳам
Фақат ўша ўйида,
Яшар эди Донишманд
Шу танҳо сўз кўйида.
 
 
Жон каби эди азиз
Ўша сўзнинг дийдори.
Охир йиқилди ҳолсиз,
Кетди тандан мадори.
 
 
Ўнгимиди, туши ё,
Билмас, – ҳарчанд уринди –
Сўз жамоли кўзига
Элас-элас кўринди.
 
 
Қувончидан кўксини
Ўртаб кетди ҳаяжон.
Чорлади шогирдларин
Ҳузурига ўша он.
 
 
Дупур-дупур жон қуши
Депсиди қанот қоқиб.
Бошидан учиб ҳуши,
Тилдан қолди, боёқиш.
 
 
Ёш айланди кўзида
Севинч ёши, ғам ёши.
Ўкрар эди Донишманд
Ўпкаси тўлиб-тошиб.
 
 
Сўзга қовушмай лаби
Ғўлдиради, сўнг сўлғин,
“Ана, у!”, деган каби
Осмонга чўзди қўлин»
 
 
…Устознинг очиқ кўзин
Шогирд аста ёпаркан,
Аҳд қилди: “Ўша сўзни
Бир кун сўзсиз топаман!”.
 
* * *
 
Бола Ботир ўзи Худо берган йигит бўлган.
Айтишларича, қўшиқни маромига етказиб
шундай хиргойи қилганки,
эшитганлар дунёни унутган.
 
 
Нимани айтган экан деб кексалардан сўрашса,
сўзи эсимизда йўқ деганлар.
Эсда қолган қўшиқ қўшиқми?
 
 
Бир хил кўйлак кийганинг сари тўзийверганидек
ҳадеб айтилаверган қўшиқда ҳузур қолмаc.
Бошқа бировларнинг айтишича,
сўзи ўзи умуман бўлмаган.
Лекин бундай таъсирчан қўшиқларни
кейин бошқа ҳеч ким айтмаган.
У қўшиқ айтаётганда
қуёш ҳам бир муддат тўхтаб турган.
Ўшанда у қиёмга келган пайт бўлган.
У қўшиқ айтаётганда отлиқ отидан тушган.
Ўтирган одам ўрнидан туриб кетган.
Тик турган одам ўтириб қолган.
 
 
У қўшиқ айтаётганда
шамоллар боғлар устига ястаниб олиб,
чайқалиб-чайқалиб эшитган.
Қушлар унга ўхшаб қўшиқ айтамиз деб
сўзини йўқотиб қўйган.
Шу-шу сайрайдию биров
нима деяётганини тушунмас.
Тушунмагани учун роҳатланар.
Сўз ўзи ортиқча.
 
 
Ибн Сино билан Шайх сўзсиз сўзлашган-ку.
Тақво билан Худони таниган – обид.
Ақл билан таниган – ориф.
Қалб билан таниган – сўфий.
Яна мана бундай:
Йўл гардига айланган – мусофир,
Эл дардига айланган – шоир,
Гул рангига айланган – мусаввир!
 
 
Бир улуғ Шайх Ибн Сино довруғини эшитиб,
уни кўргани,
у билан суҳбат қургани келар.
 
 
Ҳар иккови бир муддат сукут сақлаб,
бир-бирларига тикилиб туришар.
Сўзсиз суҳбат охирида ҳар икки улуғ зот
ўта иззат-икром билан хайрлашар.
Кейинчалик Шайх муридларига сўзсиз суҳбат
ҳақида гапириб, Ибн Сино ҳақида
«Мен Оллоҳни қалб билан таниган бўлсам,
у ақл билан таниган экан», деб айтар.
Худди шундай,
Ибн Сино ўз шогирдларига Шайх ҳақида
«Мен Оллоҳни ақл билан таниган бўлсам,
у қалб билан таниган экан», деб айтар.
Бир пас сўзламай, кўнгилга қулоқ солиб ўтириш,
сўзсиз суҳбат қуриш нақадар яхши!
Одамлар энг нозик сирларини сўзлашмас,
кўнгилдан ўтказишар.
Ҳамма фикрни кўнгилдан ўтказиш мумкин,
лекин ҳамма кўнгилдан ўтганини сўзлаб бўлмас.
У ҳолда хотин эридан юз ўгирар,
дўст биродари билан юзкўрмас бўлиб кетар.
Кўз сўзга айлангани қандай яхши!
Сўзни эшитиш сўзни беқадр қилиб қўяр.
Сўзни, яхшиси, англаган маъқул.
Сўзни ўқиш – маънога,
Сўзни англаш моҳиятга етаклар.
Сўз кўзга айлангани қандай яхши!
Рўмий ҳазратлари айтган эдилар-ку:
кўзга айлансин кўнгил.
 
* * *
 
Бамисли жавҳару зар тоғ ичинда,
Моҳият нарсанинг андоқ ичинда.
 
 
Тафаккур дур каби ноёблигидан
Мудом тутмиш макон чаноқ ичинда.
 
 
Ясаб тоштахтадан мўъжаз иморат,
Мағиз қадри баланд ёнғоқ ичинда.
 
 
Очар япроқ ичинда лола рухсор,
Муҳаббат лаззати ардоқ ичинда.
 
 
Сенинг асли тилинг, ай ёр, шириндир,
Садафдан қўрғони дудоқ ичинда.
 
 
Қабоқ устида қолмиш қош, сабабким
Қароғ – кўз гавҳари қабоқ ичинда.
 
 
Азал ҳукмин, аё, ҳар лаҳза ёд эт,
Азиздир жон қазо – сиртмоқ ичинда.
 
 
Униш бордир, яшаш бор, яшнариш бор,
Сўлиш бордир гўзал шу боғ ичинда.
 
 
Мурод шу, қолдириб бир майса яшноқ,
Моҳият касб этмоқ тупроқ ичинда.
 
* * *
 
Хуллас, Бола Ботирдек ҳофиз бошқа дунёга келмаган.
Унга бир гал қиёмат кўпкари бўлиб ётганда
чортоқда қўшиқ айтдиришар.
Чавандозлар қўшиқ селига маст бўлиб
Отларини совутишар.
Шу асно
Кўндалангига от ўйнатиб ўтар
тулки тумоқ кийган чавандоз.
Чавандоз қораширғай, кўзлари кўк бўлиб кўк эмас,
Мовий бўлиб мовий эмас, яшил бўлар.
Боққанда Бола Ботир кўзларини гўё тиғдек
кесиб ўтар.
Қулоқлари чиппа битар.
Худди туш кўраётгандек, кўзлари қоронғулашиб
ўзидан кетар.
Бола Ботир уйга келгач қаттиқ иситмалаб,
ётиб қолар.
Кечалари тубсиз қудуққа шўнғиб кетар.
У жуда чуқур бўлар.
Додлаб кўз очар.
Охир уни “Чилёсин»га солишар.
Бола Ботир дармонсиз бўлиб ётар.
Кутилмаганда меҳмонлар келиб қолишар.
Отасининг ошнолари.
Улардан бири «Ҳофиз ўғлингиз қани?”,
деб сўрар.
У қорачадан келган, нигоҳи аллақандай яшил,
тиғдек ўткир бўлар.
Отасининг иродаси билан хонага Бола Ботир
кириб келар.
Остона ҳатлаб «Ассаломуалайкум!»
демоқчи бўлар.
Лекин қўлларини кўксига қўйиб, салом оҳангида
«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм», дер.
Ҳа, айнан шундай дер:
«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм»…
Ва тиз чўкиб ўтирар. Кутилмаганда
Нигоҳи ўткир меҳмоннинг кўзларидан нур қочар.
Шашти пасайиб, юзи сўлғинлашар.
Аммо буни кўпчилик пайқамас.
Бир муддат ўтгач, меҳмонлар омин қилиб
ўринларидан туришар.
Шундан сўнг Бола Ботир қаттиқ ва узоқ ухлар.
Тушида яна ўша қудуқни кўрар.
Аммо у энди тўнтарилиб қолар.
Юксалган қудуқ тубидан хира-майин сарғиш нур
тўкилиб турар.
Ана шу воқеадан кейин
Бола Ботир кўнглида шоирлик уйғонар.
 
* * *
 
Тўнкарилган қудуқ,
Тўнтарилган осмон.
Нажот – ёруғлик,
Зиндонбанд – инсон!
Шоирлик уни ошиқлик сари етаклар:
Бола Ботир ёш бола,
Олам сирли кўзига, –
«Уйланаман, – дер эди, –
Оймоманинг қизига”.
 
 
Баҳор келиб боғларда
Гуллар очилса чаман,
Айтарди: “Шу баҳорнинг
Қизига уйланаман”.
 
 
Қора қишда изғирин
Жон-жондан ўтган кези,
“Менга муносиб, – дерди, –
Ёзнинг жазира қизи”.
 
 
Ёзда эса тонарди:
“Уйлансам-ку бисёр қиз.
Айтар йигитнинг марди,
Қайлиғим бўлар қорқиз”.
 
 
Кузда ҳамма эди лол:
“Шу Ботирнинг ўзими?
Тилидан тушмас алҳол
Куз қизининг узуми!”.
 
* * *
 
Ана ўша пайтларда Бола Ботир
Гараша этагидаги Чоштепа даштларида
Парига дуч келар.
Мен буни илгари айтиб эдим.
Оғиздан-оғизга ўтиб келаётган гапларга қараганда,
Бола Ботир ўша парини чиндан яхши кўриб қолар.
Жинни бўлиб севиб қолар.
Пари Бола Ботирни телба инсондай
яхши кўриб қолар.
Оппоқ-ойдин кеча бўлар.
Бундай пайтлар тоққа туташ қир-адирларда
гуркираб ўсган митти читиргуллар,
нафармон нўхатаклар,
Бинафша ва чучмомалар,
ёвшан, шувоқ, бўзтикан, янтоқ,
кийик ўти ва ёввойи бедалар
Ой ёруғида янаям жозибали бўлиб кетар.
Келинчакнинг уйидай тузанган бўлар.
Ўтлар орасидан қушлар сайроғи жаранглар.
Майин шабада бу ёқимли наволарни
ялпиз, какра, шувоқ ва яна аллақандай гиёҳларнинг
хуш, тахир бўйига ўраб, димоқларни маст қилар.
Мана, ўша ёзганларим:
 
* * *
 
Баҳор ўрталарида Гарашанинг тоққа туташ,
катта-кичик харсанглар чўнқайган
қум-тошли томонларида ҳам,
бўз тупроқли қир-адирларда ҳам
минг хил гиёҳ ял-ял очилиб, яшнаб кетар.
Хушбўй ҳавони симириб тўймайсан.
Ҳар қадамда турли жониворга дуч келасан.
Тошбақалар ғимирлаб қолар.
Юмронқозиқлар юрар чопқиллаб.
Паррандаю даррандалар, ҳашоратлар тиним билмас.
Ёш бир бола эшак миниб, қир оралаб,
ёлғизоёқ йўлдан илгарилаб борар.
Кутилмаганда ундан беш-ўн қадам нарида
майсалар шитирлаб, чиройли тулки бош кўтарар.
Бола чўчиб тушар. Қийқириб юборар.
Тулки эса катта одамларга юзма-юз келгандай
урра қочиб қолмас.
Боладан сал узоқлашиб,
чиройли, узун думларини ўйнатиб,
гоҳ олдинга, гоҳ орқага қараб ўмбалоқ ошар.
Бола яқинроқ келса, яна узоқроққа югуриб кетиб,
бояги қилиқларини такрорлар.
Боланинг қизиқиши ошиб, эшагини тезлатар.
Буни сезган тулки ўтлар орасида думалаб,
Кўздан ғойиб бўлар бир зумда.
У болаларни эрмак қилишни хуш кўрар,
Хилватда дуч келса, қитиқлаб ўйнашишни ёқтирар,
деган гаплар юради эл ичида.
 
* * *
 
Болалигимда эшитганман.
Бир йигит ёз ёндирган қоқ туш пайти
хилват қир оралаб кетиб бораётиб,
жар ёқасидаги қоратош ёнида
қип-яланғоч аёлни кўриб қолар.
У ниҳоят келишган бўлиб,
тилларанг сочлари ёйилиб,
бутун қоматини ёмғирдай ёпиб турар.
У сочларини силаб, ишва қилар.
Йигит қулоғига «Ҳой йигит, бери кел!»
деган овоз чалингандай бўлар.
Йигит олазарак, бор овозича бақириб юборар.
Кўзларига ишонмай яна қарар.
Аммо бояги жойда ҳеч ким кўринмас.
У дағ-дағ титраб уйига келса, оғзи қийшайиб қолар…
Парига дуч келиб қўрқиб кетган, дейишар одамлар.
 
* * *
 
Ой тўлишган пайтларда қиру адирлар
кечалари ҳам кундуздек чароғон бўлиб кетар.
Ойбетгай томонлар ярқираб,
терскай жойлар ғира-шира қоронғулик ичра
ажиб бир сирли, афсонавий,
хийла хавотирли тус олар.
Чигирткалар чирилдоғи оламни тутар.
Аллақандай қушлар дапқир-дапқир сайраб қолар.
Қаердадир бўлиқ ўтлар шитирлар,
нимадир «гурс» этиб йиқилиб тушгандай бўлар.
Қуйилиб ёмғир ёққандек ой нури оқар.
Ерда оппоқ булутдек ёйилиб ётган шувоқзордан
таралган тахир ва ёқимли ис
димоқларни қитиқлар.
Чинданам сирли-синоатли кеча.
 
* * *
 
Отлиқ йўловчи ўт босган тупроқ йўлдан
дупур-дупур жадал интилар.
Ойбеткай қирдаги қуврайзорга кўзи тушгач,
сесканиб кетар.
Ёпирай, бу не мўъжиза?!
Қуврайзор ичида қадди-қомати келишган
сулув бир жувон турар солланиб.
Ой нуридай ёғилган,
тўпиғига тушган сочларини силаб-сийпалар.
Бу қандай жувон?
Ярим кечада бу ерларда ярим-яланғоч не қилиб юрар?
Йўловчи ўз кўзларига ишонмас.
Кўзлари адашар.
Тикилиб қарар.
Жувоннинг қиёфаси ўзгарар.
Яқинроқ келган йўловчининг ҳайрати янаям ошар:
сарғиш-қўнғир думларини чиройли ўйнатиб турган
тулкини кўрар.
Шундай кечада ўша йўллардан
мен ҳам от миниб ўтганман.
Юқоридаги воқеани эшитганим боис
қирдан нигоҳимни узмай,
не бир хавотир ичра отни қичаб ўтганман.
 
* * *
 
Қиш охирлаб қолган кунлар.
Қор эриб ерлар юмшаган.
Кечқурунлари ер яхлаб,
қатқалоқ бўлиб қолган пайтлар.
У замонларда қишлоғимизда токчироқ бўлмаган.
Шу боис бутун оила бир уйда,
битта чироқ остида,
сандал атрофида гурунглашиб ўтирар.
Биз бола-бақралар туннинг бир маҳали
оғилхонадаги мол-ҳолдан хабар олиб,
ем-хашак бериб келар.
Ўшанда мен оғилхонада эдим.
Ташқарига чиққанимда
аввалига майин ёға бошлаган ёмғир зўрайиб,
шитир-шитир садо кучайган бўлар.
Уй томон юриб, чироқ нуридан ёришиб турган
пастак дераза ёруғида
кимдир деразага қулоқ тутиб турганини
кўриб қоламан.
Аввалига ажабланаман.
“Ўғрими?», деган хаёлга бораман.
Сездирмай яқинлашиб, ҳайратга тушаман.
Чиройли бир тулки деразага қулоқ тутиб,
ичкаридан эшитилаётган ғўнғир-ғўнғир овозларни
худди гап пойлаган одамдек тинглар.
Яқин боришга ҳаддим сиғмайди-ю
«Ҳайт!!!» дея қарсак чаламан.
Тулки шу заҳоти шартта қайрилару,
ўқдай отилиб, одамбўйи девордан осонгина сакраб
кўздан ғойиб бўлар.
Воқеани уйдагиларга гапириб бераман.
«Қурғур тулкилар худди тилни биладигандай
гап пойлар.
Бунинг сири нимада, билмаймиз,
лекин шундай ғалати одатлари бор»,
дейишар улар.
 
* * *
 
Бу воқеаларнинг бари олис болаликда бўлиб ўтган.
Дала-даштга ўзгача чирой бахш этувчи
ойдин кечаларни яхши кўрганим учун
уларни аҳён-аҳён эслаб юраман.
Шу воқеалар сабаб бўлибми,
Бола Ботир қисмати ҳақида ёзгим келар.
Тулкига айланган пари.
Парига ошиқ бола.
Ошиқлик туфайли тулкига айланган бола.
Қурбақага айланган маликадай.
Йигитга айланган шердай.
Бу бўлиши мумкинми?
Бу бизнинг то шу пайтгача англаган
эътиқодимизга
қанчалик тўғри келар?
Одам қиёфасидаги мана бу зот
балки ростдан ҳам тулкидир.
Тулки қиёфасидаги мана бу жонивор
мўъжиза рўй бериб
ростданам маликага айланиб қолса-я?
Ёки бу ҳол ҳақиқатан чин ошиқлар
қисматига хос сиру синоатми?
Биз ўзи асли чин ошиқ деганда
нимани тушунамиз?
Ўзимиздан кеча биламизми?
Ишқ учун қурбон бўла оламизми?
Ўзини унутмай Ўзини таниган борми?
Бу чиндан-да сирли:
Эҳтимол ишқ ўзи ҳеч қачон ечилмайдиган
буюк бир сирдир.
Балки шунинг учун ҳам ҳамма бирдек
унга интилар.
Лекин етолмас. Етганлар бормикан?
Мажнун етганмиди?
Фарҳод-чи?
 
* * *
 
Олам-олам бўлиб тирик
Неча аср, неча йил
Кўрмаганди бундай тиниқ,
Нур ёғилган кечани.
 
 
Майин еллар қанотида
Тўлқин-тўлқин оқар нур.
Чигирткалар чирилдоғи
Жаранглайди мисли дур.
 
 
Маст қилгувчи шувоқ иси
Димоқларни ёради.
Бола Ботир дала йўлда
От ўйнатиб боради.
 
 
Ногоҳ кўзи тушар, шундоқ
Йўл бўйида бир пари
Имо қилар, тақимини
Ўпиб тилло сочлари.
 
 
Каптар сийна, чумоли бел,
Кўза қуймич, оқбадан.
Кўрсатса шу Лайли дея
Мажнун кечар саҳродан.
 
 
Чўмич-чўмич мой симирган
Бойбичанинг бой қизи.
Бу дунёдан эмас, чиндан
Асли ойнинг ой қизи.
 
 
Пишқирар от юрари-ю
Юрмасини билмайин.
Ҳайратидан хониш қилар
Ойга қараб жилмайиб.
 
 
Отдан тушар Бола Ботир
Ой нурига осилиб.
Ойпарининг сийнасига
Аста қўяр бошини.
 
 
Эҳтиросдан ихтиёри
Кетар тамом илкидан.
Тангачалик эҳсон тилар
Нозаниннинг мулкидан.
 
 
“-Бўлди, энди ўзингни тий,
Қўлингни торт, шўх йигит.
Мен тулкиман, бу ишни қўй,
Унут мени, бас, унут”.
 
 
Ойпарининг нолишлари
Қулоғига кирмайди.
Қаҳ-қаҳ урар Бола Ботир,
Аҳдидан юз бурмайди:
 
 
“– Ҳийла қилиб аврама, бас,
Мендай йигит мардини.
Ишқ тимсоли бўлиб, ўзинг
Билмасмисан шартини.
 
 
Майли, агар тулки бўлсанг,
Мен ҳам тулки бўлайин.
Гул юзингдан фақат яна
Битта муччи олайин”.
 
 
“-Бола Ботир, ўзингдан кўр,
Ёш жонингга қасд қилдинг.
Мен тулкиман, ахир, мени
Нега мунча маст қилдинг?”.
 
 
Битта бўлар еру осмон
Жону тан бир, руҳу қалб.
Ой булоғи тошар ногоҳ
Шаршарадек шарқираб.
 
 
Сапчиб тушар эгасиз от
Билмай бу ҳол сирини.
Теграсида икки тулки
Қувлашар бир-бирини.
 
 
…Олам олам бўлиб тирик
Неча аср, неча йил
Кўрмаганди бундай тиниқ
Нур ёғилган кечани!
 
* * *
 
Ай, Бола Ботир,
Нур қуйилган кечада
Нурга айланган Ботир.
Пари билан севишиб
Сирга айланган Ботир.
Шоирдан сўз қолади, дейишар,
Олимдан сўз қолмайдими,
Муаррихдан-чи?
Сўздан сўз туғилар чақалоқ каби,
Сўз яшар, сўз қарир, сўз оламдан ўтар,
Сўз – бу Афандининг чопони, яъни
Сўз – либос, моҳият унда яширин.
Муҳими – сўз эмас, моҳият!
Шоирдан сўз эмас
ривоят қолиши керак.
Бола Ботирдан ривоят қолди.
Моҳият шу!
 
* * *
 
Бу боғ абадийдир, ҳар яшил япроқ
Илоҳий чашмадан сафолар ичар.
Изтироб уйида дард ёққан чироқ
Шифо эпкинида парпираб ўчар.
Тақдир шамоллари бу тоза боғни
Заъфар хазонлардан айлагай фориғ.
Сориғ яшил бўлур ҳидоят чоғи,
Неки зумураддир оқибат сориғ.
 
 
Фақат тафаккурнинг ўчмас излари,
Теран туйғулардан кўнгил музайян.
Бизни азиз қилар изҳор сўзлари
Ва айтилмай қолган калималар ҳам!
 

MO‘JAZ DOSTON TAASSUROTLARI

Hay, bolalik yillarim-a!

Uning sehrlari, hayratga to‘la katta-katta ko‘zlari qayoqlarda qolib ketdi ekan? Yulduzlar yulduz emas, jannat tomoshasi edi-ku! Tog‘lar oralab chiqayotgan quyoshning ilk nurlari biz bilan go‘yoki o‘ynashar, botayotgan oftob ruxsori esa pahlavon bobomizning yuzlari yanglig‘ qizarib turardi. Qishning uzun va sovuq kechalarida og‘ilxona qoramollar nafasi bilan isib ketar, biz bola-baqralar esa biron chechan amaki atrofida to‘planib, xira moychiroq yorug‘ida ertak tinglaganimiz-tinglagan edi. Ertak ichida bo‘ri ham, tulki ham, arslon ham bor. Qurbaqaga aylangan malika-yu, yigitga aylangan sher ham. Ular bizga qadrdon bo‘lib ketgandilar. Ayniqsa, tulki. Bu satang, olifta jonivor goh taviyaga, goh parivashga aylanar edi. Oh, uning nozlarini eslang… U hatto kechalari daricha yoniga kelib gap ham poylaydi, deyishardi. Bo‘lsa bordir.

Tong otar, yer ko‘karar, bog‘lar gullab, hosilga kirar, zardoliyu olmalar pishar:

 
«Olmaning nozikligidan
Ko‘rinadir donasi.
Bargiga shabnam qo‘nibdir,
Men uning devonasi».
 

Olmaning ichidagi donalariniki ilg‘agan ko‘z egasi uning bargiga qo‘ngan shabnamga boqqanda devona bo‘lmasmi? Qayda qoldi o‘sha mo‘‘jizalar, qayda qoldi o‘sha shikasta va toza xayollar…

Odamlarimizning qo‘llari qadoq, g‘adir-budir, tovonlari qorayib tars yorilib ketgan. O‘sha zamonlarning mehnatu muhiti shunaqa edi-da. Lekin ularning o‘ychan ko‘zlarida afsonalar, rivoyatlar yashardi. Afsonalarda esa – ramzlar.

Yaxshiyam, bu dunyoda ko‘ngil qatidagi mudroq hislarni qaytadan uyg‘otadigan, ezgu xotiralarni yodga soladigan kitoblar bor. Chingiz Aytmatov asarlarini eslayman. Buyuk muallifning talqinicha, odamlarning bir qavmi qachonlardir Shoxdor Ona Bug‘udan o‘rigan, beozor bolakay dengizdan panoh izlab, baliqqa aylangisi keladi, mangu ayriliqqa mahkum baxtiqaro kelinchakning ruhi esa tog‘u toshlar aro darbadar kezib yuradi. Bular – achchiq taqdirlar, bular yuksak va sirli poeziyadir. Odam bolasi kitob o‘qiyotganda uni yozuvchi yozganini unutsa, deyman. Asarning ichida kitobxonning o‘zi ham yashasa, deyman.

Shoir Sa’dulla Hakimning «Bola Botir» dostonini o‘qiy turib, men shundoq xayollarga bordim. Darhaqiqat, Bedil hazratlari aytganidek, asl she’riyat o‘ziga xos bir olamdir, u uchinchi dunyodir. Shoirimiz ajib bir hikoyat bitibdi. Dostonda chuqur falsafiy-ma’joziy ma’noga ega shunday satrlar bor:

 
«Neki yaralmish, bari
So‘zning jismu tanidir.
So‘z – chig‘anoq gavhari,
Ko‘ngil so‘z vatanidir».
 

Asarning shaklu shamoyili uning umumiy ruhiga g‘oyatda mos, xalqona. Sa’dulla Hakim o‘z qahramoni Bola Botir (baxshi)ni bir o‘rinda quyidagicha ta’riflaydi:

 
«U qo‘shiq aytayotganda otliq otidan
tushgan,
O‘tirgan odam o‘rnidan turib ketgan,
Tik turgan odam o‘tirib qolgan».
 

Xullas, shoirimiz o‘z uslubini azaliy sharqona qissago‘ylik bilan vobasta qila bilgan. Dostonda baxshiyona ruh ustuvor.

Bola Botir obrazi – maqsad va e’tiqod yo‘lida so‘zni anglash orqali mohiyatga erishish timsoli. So‘z jamolida Yaratgan jamolini ko‘rish ishtiyoqida bir umr zoru nigoron o‘tgan Donishmand chol kabi. Pari qiyofasida oshiqlik timsolini ko‘rib mastu behud bo‘lgan Bola Botirning o‘zi kabi. Har ikki holda ham jonfidolik maqsad sari yetaklaydi. Dostonda aytilganidek: «O‘zini unutmay O‘zini tanigan bormi?». Qadim va yuksak ko‘zqarashning yangicha talqinlari emasmi bu fikrlar? Ana shu xususiyatlariga ko‘ra «Bola Botir» ham shaklan, ham mazmunan ohorli doston bo‘libdi, deyishga asosimiz bor.

Badiiy ijodni taraqqiyotsiz, yangicha yondashuvlarsiz tasavvur etib bo‘lmaydi, albatta. Lekin u qadimiy, mustahkam poydevorlarimiz ustida qad ko‘tarsa, yana ham yaxshiroq. Menga ushbu mo‘‘jaz doston o‘sha qo‘rg‘onlar uzra bo‘y ko‘rsatgan nafis chechakka o‘xshab ko‘rindi.

Abdulla ORIPOV,
O‘zbekiston Qahramoni, Xalq shoiri.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> 1
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации