Электронная библиотека » Саъдулла Сиёев » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Бепарво бўлмоқчиман"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Саъдулла Сиёев


Жанр: Юмор: прочее, Юмор


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 3 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Саъдулла Сиёев
БЕПАРВО БЎЛМОҚЧИМАН

ҲАЖВИЯЛАР


БЕПАРВО БЎЛМОҚЧИМАН

Кейинги пайтда сал инжиқроқ бўлиб қолдим. Тиқ этган товуш ёқмайди. Икки одамнинг кулишиб турганини кўрсам ғашим келади. Илгари унча – мунча ишни ҳазил – ҳузил билан битириб кетардим… Энди арзимаган нарсага жаҳлим чиқади, асабийлашаман.

Ҳар куни ишдан келаману, диванга таппа ташлайман. Бошим луқиллаб оғрийди. Дорига ҳужум қиламан. Седальгин, равнатин, пентальгин.

Ахири бўлмади. Судралиб докторга бордим. У энди ўттиздан ошган паст бўйли ҳўппа семиз йигит экан. Гапирганда негадир одамнинг кўзига қарамасликка интилади.

– Қаерда хизмат қиладилар?– Четга боқиб сўради у.

– Мактабда ишлайман,– дедим, – завучман.

– Ў, олийжаноб касб эгаси экансиз,– кулимсиради доктор. "Сан бу касбнинг тузини тотиб кўрмагансан, гапираверасанда», дедим ичимда.

Доктор мени тикка қилиб қўйиб, резинка болғачаси билан тиззамга бир урди. Сесканиб тушдим. Иккинча тиззамга урганда чўккалаб қолдим.

– Анетта ўтиринг, – деди у оппоқ кушеткани кўрсатиб. Ўтирдим. Доктор энгагимни кўтарди. Кейин кўрсатгич бармоғини ҳавога ўқталиб нари– бери сурди:

– By ёққа қаранг! Энди бу ёққа! Яна бу ёққа!

У думбоққина панжалари билан бошимни сиқиб кўрди. Соч ивитаётган сартарошдай калламни обдон ғижимлади. Кейин полга бир оёқлаб турғазиб қўйди. Гоҳ чап оёқда, гоҳ ўнг оёқда туриб, аранг ўнггача санадим.

Ниҳоят, доктор болғачасини тап эткизиб столга ташладию, бурчакка бориб қўл ювди. Жойига келиб ўтирди. Бошини чайқаб уҳ тортди. Биринчи дафъа кўзимга қараб деди:

– Танобингиз сал бўшашибди, домла…

Индамадим. «Танобим бўшаганини ўзим ҳам биламан, сиз даводан келинг, укам!» дедим ичимда. Доктор мендан бир кунлик ишимни, уйқумни, иштаҳамни сўради. Шошилмай, битта– битта айтиб бердим, у киприк қоқмай тинглади. Сўнг туриб, қўлларини кўксига чалиштирди– ю, нари– бери юра бошлади:

– Гапингизга қараганда ишда кўп асабийлашар экансиз, – деди лекция ўқиётган профессордай салмоқлаб, – бу эса сизга мутлақо мумкин эмас. Бир ўқувчингиз Ал– Хоразмийнинг кимлигини билмагани учун икки соат бўғилибсиз. Сизга аввало нима зарур? Ал– Хоразмийми, саломатликми?

– Гапингиз қизиқ бўлди– ю, дўхтир – дедим фиғоним чиқиб, – бир киши жон керакми, жононми, деган экан…

– Ўша киши тўғри айтибди. Жон бўлмаса жононни бошингизга урасизми?

– Ўзининг кимлигини, ота– бобосининг кимлигини билмайдиган жонни нима қиламан? – деб бақирдим – пишириб ейманми?!

Энди докторнинг жаҳли қўзди.

– Менга қаранг ўртоқ бемор, – деди рўпарамга келиб, – бу ерга нимага келгансиз ўзи? Мен билан афсона талашганими ё даволанганими?

– Кечирасиз, даволангани, дедим сал паст тушиб. Докторнинг оқиш ранги тағин қизарди.

– Унда гапга қулоқ солинг, – у яна лўмбиллаб хона кеза кетди. – сизга маслаҳатим шуки, бўлар– бўлмасга куйиб– пишаверманг. Юракни кенгроқ қилинг. Кенгга–кенг, торга–тор дунё, деб қўйибдилар. Тушунаман, ҳозир бола ўқитиш қийин масала бўлиб кетган. Акселарация ва ҳоказо… Аммо сал бепарвороқ бўлишга урининг. Зиғирдек камчилик кўрсангиз лов этиб кетадиган одатингиз бор экан. Бу одатни ташланг. Бир ўзингиз кучанганингиз билан узоққа боролмаймиз. Ҳаётни мукаммал қиламан деб сиздан олдин ҳам не–не олимлар бош қотирган…

Чидамай гап қўшдим:

– Демак, ўртамиёна одам бўлиб… қумурсқадай судралиб юраверишим керак экан– да?

Докторнинг қизил ранги бирдан оқарди. У гурсгурс юриб тепамга келди– ю, «Бедаво экансиз– ку?» дегандек менга олайиб тикилди.

– Узр, – деб ерга боқдим. Доктор остонагача ваъз айтиб борди:

– Шоирлар айтгандай, ҳаёлингизни доим гулга буркаб юринг. Кўпроқ очиқ ҳавода ухланг. Миянгизни толиқтирадиган даражада қаттиқ ишламанг. Тоғларга тез – тез сайр қилиб туринг. Хафа бўладиган ерларга борманг. Кулгили китоблардан ўқинг. Ётишдан олдин оғир овқат еманг. Сут– қатиқни кўпроқ ичинг. Ибн Сино қатиқ ичган одам юзга киради, дейди…

Эшикни зичлаб ёпдим. «Китобни роса ўқибсан, – дедим ичимда, – менинг ёшимга ет, кейин сўзлашаман сен билан».

Эртадан бошлаб бепарвороқ бўлишга қасд қилдим. Саҳар турдиму кайфиятни созлаб мактабга жўнадим. Йўлда таниш–билишлар учраса, хуш–хандон кўришаман, ярашса–ярашмаса ҳазил қиламан. Улар ме-нинг тажанглашимга ўрганиб қолмаганми, ажабланиб боқишади.

Енгил оёқ билан мактабга ҳам келдим. Зинадан кўтарилиб ўқитувчилар хонасига бурилдим. Қарасам, шундоққина эшик тагига биров ботмондай қилиб тупуриб кетибди. Таққа тўхтадим. Илгариги даврим бўлса, «Бу қайси нодоннинг иши?!» деб бақириб берардим. Бу сафар ўзимни қўлга олдим. Ҳовлига чиқиб фаррош хотинни чақириб келдим.

– Хуршида опа, мановини… опташанг, – дедим иложи борича тиржайишга ҳаракат қилиб. Фаррош хотин афтимга чўчиброқ қаради–ю, носкашни койибкойиб, остонани супуриб олди.

Узун–қисқа бўлиб ўқитувчилар келишди. Уларнинг саломига ўлганимнинг кунидан кулиб алик олаяпман. Бироқ ичимни ит кемиряпти. Ҳамон ўша бефаросат носкашни ўйлайман. Орамизда беш киши нос чекади, қоровул тоға билан олти киши. Қоровул атай ҳужрасидан келиб, бу ерга тупуриб кетмайди. Демак, бу ўзимизникиларнинг қилиғи. Бирам тилим қичияптики… Қани энди кеча докторга бормаган бўлсаму, оғзига ел тушкур носкашни топиб таъзирини берсам!

– Барака топкурлар, – дедим сиполик билан ўрнимдан туриб, – бу ер картошка омбори эмас, мактаб. Илтимос, йўлакка тупурилмасин. Нос чекадиганлар ҳовлига чиқиб чексин. Мабодо чўнтакка тупуришга ор қиладиганлар бўлса, мана идиш.

Гулга сув қуядиган банка ёнимда эди, носкашлар тарафга сурдим.

Ғала– ғовур бошланди:

– Биз культурниймиз, – деди бир носкашимиз, – уйда нос, мактабда папирос чекамиз.

– Агар шапалоқдай бўлса Йигиталининг маҳсулоти,– деди иккинчи носкаш, – у ҳар отганда кафтини тўлдириб отади.

– Носнинг маркасини аниқлаш керак, – деди учинчиси, – мабодо Холмат– 98 бўлса, Тиловбердининг оғзидан тушган.

… Ҳаёл суриб ўтирибман. Бир вақт Билолов деган ёшгина тарих ўқитувчимиз қўнғироқдан кейин лўкиллаб кириб келди. Афти– ангорига қараб бўлмайди. Соқоли икки энлик, ёқа кир, шимининг тиззасига ямоқ тушган. Оёғида ипсиз, орқаси майишган ботинка. Индамасам, ҳа йўқ бе йўқ, синф журналини қўлтиқлаб жўнамоқчи.

– Кечирасиз, тўхтанг, – дедим. Билолов остонада тўхтади. – Қаерда ишлашингизни бир оғиз айтиб кетсангиз, ўртоқ Билолов?

У аввалига «мудир масҳара қилаяптими?» дегандай ҳайрон бўлди, сўнг ҳазил аралаш жавоб берди:

– Бемалол, домла. Янгиобод туманидаги 5– мактабда педагогман…

– Негадир педагоглигингизга ишонмаяпман, – дедим мен ҳам кулимсираб, – рафторингизга қараб завқим келаяпти. Синфга муаллим бўлиб кираяпсизми ё ўрта асрлардан кўргазмали қурол бўлибми?

– Урушмайсиз, домла, – деди у бир қадам олға босиб, – сигир подадан қолиб кетган экан, шуни қўшдиму югуравердим…

– Бўпти, сиз уйга бориб ўқитувчига ўхшаб келинг, дарсингизни мен ўтиб тураман, – деб унга жавоб бериб юбордим.

Билоловнинг дарсига кирдим. Йўқлама қилдим. Баъзи ўқувчилардан кечаги дарсни сўрадим. Доскага Туробов деган бола чиқди. У булбул бўлиб кетди:

– Чингизхоннинг икки юз мингга яқин яхши қуролланган аскарлари бор эди. Лекин Амир Темур қўрқмай Чингизхон билан урушмоқчи бўлди…

– Шошманг, Туробов, – дедим, – Темур қачон ўтган?

– Амир Темур … кҳм Темур Улуғбекдан олдин ўтган, муаллим.

– Чингизхон– чи?

– Чингизхон… Амир Темурни кўрган…

Жаҳлим чиқди. Туробовга шартта «икки» қўйиб бердим. У жойига бориб ўтирди– ю, кундалигини очиб кўриб, қўл кўтарди:

– Муаллим, менга «икки» қўйибсизми– ку?

– Ҳм, «бир» қўйиш керакмиди?

– Бу баҳойингизни катталар кўрса, сизга гап тегмайдими? Болаларни яхши ўқитмайсиз, деб?

Гуп этиб миямга қон урди. «Бу ақлни сенга қайси аҳмоқ ўргатди?» деб бақирмоқчи бўлдиму ҳали пенсияга узоқлигини ўйлаб, тилимни тишладим.

Танаффусда бир иш билан ҳовлига чиқдим. Қарасам, кираверишда беш– олти бола чекиб туришибди. Ҳалиги Туробов ўртоқларини оғзига қаратиб нимадир дейди. У мени кўрди– ю, чўнтагидан тилла ранг сигарет олиб узатди:

– Марҳамат, муаллим. Адамлар Америкадан олиб келибди. Тортими яхши экан.

«Йўқол кўзимдан, ярамас!» деб бақирдим. У ёғи нима бўлганини билмайман. Кўзимни очсам, диванда ётибман. Биров юзимга сув сепаяпти, биров валидол тишлатяпти.

Мактабдан тўғри касалхонага жўнадим. Осуда шароит билан дори– дармонни кучими, уч – тўрт кунда ўзимга келиб қолдим. Уйда дорисиз ухлай олмас эдим. Энди шундоқ ётаману, донг қотиб қоламан.

Бир куни ана шунақа ноз уйқуда ётган эканман. Қарасам, тепамда шприцини шипга ўқталиб ҳамшира қиз турибди. Дарров чап биқинимга ағдарилдим. Ҳамшира жазиллатиб укол қилди– ю, «ана энди уйқуни келган жойидан олаверинг» деб жўнади. Қуймичимни сийпалаб бир пас ётдим. Қулоғимга таниш овоз чалинди. Ўнг ёғимга ағдарилдим. Тўрт қадам нарида ҳув поликлиникадаги доктор йигитим илжайиб турарди. Уни ҳам яқинда укол қилишган шекилли, билагини шимариб, тирсагини букиб олибди.

– Ие, домла, нима бўлди? – деди кўришиш учун қўл чўзиб. Уколнинг заҳридан жоним оғриб турган эди, қийналиб бўксамни кўтардим.

– Сизнинг муолажангиздан кейин… шу ерга келиб қолдик, – дедим инқиллаб – ўзларидан сўрасак?

Докторнинг кайфияти ёмон шекилли «салом»имга яраша алик олди:

– Биз ҳам… сиздақа касалларни даволай–даволай. Етган еримиз шу бўлди, домлажон…

Бир вақт юрагим санча бошлади. Салдан кейин бошим ғир – ғир айланди. Пўп этиб кроватга ўтириб қолдим. Доктор югуриб ёнимга келди. Томиримни ушлади–ю лўкиллаб чиқиб кетди. Бир зумда ҳамшира кирди. У қалин дафтарни очиб кўриб:

– Сиз Бакировмисиз? – деди менга.

– Бакиров мен, бу киши Кабиров! – жеркиб берди доктор. Ҳамшира «Вой, шўрим!» деб бошини чангаллади. Қўлтиғидаги дафтар шалоплаб ерга тушди.

– Ана, медикларингизни аҳволи, – дедим докторга, оғзимга таблеткага ташлаётиб – ҳавас қилинг.

Бакиров ҳам гапга чечан экан, дарров жавоб берди:

– Ўзингиз ўқитган болалар–да, домлажон, ҳар қанча ҳавас қилса арзийди…

Мен энди оғиз жуфтлаган эдим, Бакиров «Иҳ!» деди–ю, қорнини чангаллаб қолди. Уни суяб кроватга ётқиздим. Кейин навбатчи врачни чақиргани зинғиллиб кетдим.

ДОКА РЎМОЛНИНГ ҚУРИШИ

Кунбеткай қилиб солинган уйнинг узунчоқ равонида бир–бирига орқа ўгириб чол билан кампир ўтирибди. Олдиларига дастурхон ўрнига қўл сочиқ ёзилган, биттадан чойнак – пиёла, нон қўйилган. Улар бир–икки кундан бери аразда, гаплашмайдилар. Чойдан қуйиб, бир хўплайди–ю, чол аста уҳ тортади, кампир қилт этиб тупугини ютади. Иккаласининг ичи пишиб кетган, иккаласининг ёрилгиси келади, бироқ қурғур йўл бермайди.

Шу пайт ташқаридан оёқ товуши эшитилди. Чол–кампир умидвор бўлиб эшикка қарашди. “Назарали!” деб ён қўшниси Ҳайдар ота кирди.

– Ассалому алайкум, яхшилар!

Чол ҳам, кампир ҳам индамади. “Келинг” дегандай бош қимирлатиб қўйишди.

– Қалай, ўйнаб–кулиб ўтирибсизларми? Уч кун бўлди, кўринмайсан, Назарали? Нима гап, тинчликми деб…

Чол ҳам, кампир ҳам қўл сочиқнинг попугини ўйнаб, ҳамон тек ўтиришибди. Ҳайдар ота тўхтаб қолди. Кейин илжайди:

– Ие, ҳа, нима бўлди? Яна ораларингдан ола мушук ўтдими? Оббо – о! Қариганда ёш боладай тумтайиб… Тавба! Шу тобда невара – чевараларингдан биттаси келиб қолса, нима деган одам бўласанлар? Хўш, Ҳалимахон, нима бўлди?

Кампирнинг кўзига ёш келди. У чолига ияк қоқди:

– Нима бўлганини анави қоқвошдан сўранг! – деди овози титраб. Чолдан ҳам дарров “алик” қайтди:

– Йўқ, нима бўлганини шу тиши йўқдан сўра! Тариқча гуноҳим бўлса, айтсин!

– Айтаман ҳам!

Чол – кампир ўтирган бўйларича Ҳайдар отага ўгирилдилар. Ҳалимабону ирғиб туриб, қўшнисига кўрпача солди, бир пиёла чой қуйиб узатди. Сўнг арзи ҳол айтди:

– Айланай уста, бу ўртоғингизга бир бало бўлди. Қариганда қони қуюлдими, қайдам? Бирам тажанг, бирам бесабр… Сал нарсага лов этиб ёнади – кетади.

– Ўтлаяпти– да, бунга ишонма, – деди Назарали ота. – Кейинги вақтларда сал… – у бармоғини чаккасига қадаб, буради, – шунақароқ бўлиб қолган.

– Шошманглар, жанжал нимадан чиқди ўзи?

– Мирмишилдан. Икки кун бўлди. Абетга нима қилай, дадаси, десам, юмшоқроқ нарса бўлсин, деди. Унда мирмишил қовура қолай, селини мўлгина қилсам, аччиқ чой билан еб олар, дедим. Мирмишилни обитобида қовуриб, ботар–ботмас қилиб сув солдим–да, биқ этиб қайнаши билан устига товоқ бостирдим. Токнинг тагини теша чопиқ қилиб қўювдим. Икки йўлгина райҳон ўтқазсам, ёзда одам бўйи бўлиб, гуркираб ётса, боз шу чолнинг шўрвасига асқотади–ку, дедим. Райҳон кўчатни экиб бўлиб, ошхонага кирдим. Қарасам, мирмишил сал тагига олибди. Газ ўлгур лопиллаб кетганми, нима бало бўлган… Хуллас, бир лаган қилиб, мурч–пиёзлаб сузиб кирдим. Бу тўрам қошиқни шундоқ солиб, лаганни бир ағдарди – ю, овқатми бу, похолми, деб олдирди, олди – урди…

Кампир рўмолининг учига кўзини артди. Ҳайдар ота ялт этиб ўртоғига қаради:

– Ҳўв, менга қара! Сени нима жин урди? Муштдек кампирга қўл кўтариб ўтирибсанми ҳали?

– Эсинг жойидами ўзи? Ҳозир хотин урадиган замонми? – тўнғиллади Назарали ота. – Бурнига бир чертиб қўйсанг, қиёматга довур қувар буларинг… Хонтахта четида пиёла турган экан, шундай… тирсагим тегиб кетиб…

Ҳайдарота“Сизнимадейсиз?”дегандай Ҳалимабонугаюзланди.Кампиршошибёқасига туфлади:

– Тавба қилдим… Оғзида илми билан ёлғонни сувдай ичади–я…

У этакларини ҳилпиратиб, ичкарига кириб кетди. Салдан кейин латтага тугилган нарса кўтариб чиқди. Жаранглатиб Ҳайдар отанинг олдига қўйди.

– Мана, кўринг, уста ака! Қулочкашлаб отди денг пиёлани, шкафнинг ойнаси кунпоякун бўлди. Уйга кириб қаранг, бир кўзига парда тутиб қўйибман. Қизим Московдан олиб келиб берган ликопчалар ҳам синди, ойим раҳматликдан қолган мана бу жонон пиёла ҳам бир сиқим бўлди. Мана, мана! – у пиёла синиқларини устанинг олдига суриб қўйди. Ҳайдар ота собиқ пиёланинг бир бўлагини олиб, томоша қилди. Нозик мўйқалам билан чизилган суратда бир–бирига дон бераётган икки қушнинг калласи тасвирланган эди. Уста уларга маҳлиё бўлиб қолди. Назарали ота, бу кампиримнинг ёнини олмасин, деб қочириқ қилди:

– Саккиз еридан чегараланган сополни пиёла деб юрибди…

Ҳалимабону муросага келишни ўйлаб ўтирувди, бироқ чолининг кейинги гапи жон–жонидан ўтиб кетди. Назарали ота гўё пиёла баҳона, марҳум қайнонасини масҳара қилгандай эди. Ҳалимабону ҳам “отнинг бошини” қўйди:

– Ўн саккиз еридан чегараланган бўлса ҳам, яхшидан қолган ёдгорлик эди. Ҳар сафар лабимга оборганимда онагинамнинг нафаслари келарди… Ўргилай, уста, қирқига чидадим, қирқ бирига чидамадим. Ортиқ мажолим қолмади. Қилдан қийиқ ахтаради. Бир ёстиқ қўйсанг, паст дейди, икки ёстиқ қўйсанг, баланд дейди. Калишининг патаги йўқолса ҳам мендан кўради. Кучук ўлгур акилласа, овозини ўчир, деб бақиради. Мен кучукка ангилла, деб ўргатиб қўйибманми, жон уста, ит бўлгандан кейин ҳуради– да.

Ҳайдар ота бўшаган пиёлани Ҳалимабонуга узатди. Назарали ота шуни пойлаб турган эди, дарров ўз чойнагидан чой қуйиб чўзди. Уста илжайиб, иккинчи “рақиб”нинг чойини олди. Кампир пиёла синиғини латтага туга бошлади. Чоли устага имлади:

– Ўзининг айби йўқмикин, сўрачи? Нимага шўрвага сочидан қўшиб солиб бераркин? Идиш–товоқдан нуқул сузма ҳиди келади.

Кампир силтаниб ўрнидан турди.

– Айтинг ўртоғингизга! Сузма ҳиди келса, энди келгандир. Қиз вақтимда қанақа сочим бор эди. Нақ тўпиғимга тушарди. Сочингиздан атир иси келади, деб бармоғига ўраб ўтирарди ўзи. Бу кишини кимсан – Назарали домла қиламан, деб шу аҳволга тушдим. Ҳа, шундоғ деб айтинг, ўртоғингизга! Бўлди, жонимдан тўйдим!

Ҳайдар ота қараса, бўлмайдиган, иш чаппасидан кетаяпти. У сакраб турди:

– Уй– рўзғор бўлганидан кейин ҳар хил гап ўтади. Гоҳо пиёла синади, гоҳо овқат тагига олади. Арзимаган нарсадан бунақа бўлиб ўтирсанглар… Маҳалла–куй эшитса, кулмайдими? Ундан кўра мен ҳозир қулинг ўргилсин қилиб битта ош дамлай, бултурги мусалласдан қолган бўлса, Назарали ертўладан олиб чиқсин, яраш– яраш қилайлик, дока рўмолни қуритайлик. Нима дединг, Назар?

Чолнинг ярашгиси бор эди, негаки айб ўзидан ўтган, бунинг устига ҳадеб чой билан нон кавшайвериш жонига теккан эди. Шундай бўлса ҳам:

– Анави тиши йўқдан сўра, – деди ҳамон паст тушгиси келмай.

Ҳайдар ота кампирга қаради:

– Лаббай, Ҳалимахон?

Кампирнинг ҳам кўнгли эриб турибди. Сиртида койиса– да, ичида чолига раҳми келарди. Бироқ “рақиб”ига бирдан таслим бўлгиси келмади:

– Ошни еб, кучга минса, яна дўмбирасини чалади, биламан, – деди иккиланиб.

Булар муросага келмайди шекилли, деб Ҳайдар ота хўшлашди:

– Ҳай, майли, ўзларинг биласанлар. Омон бўлинглар. Апоқ– чапоқ пайтларингда кирарман.

У кўчага чиқиб ўйланиб қолди: “Ишқилиб, қариганда дардкашингдан айирмасин экан. Булар эллик йилдан бери бир– бирига суйкалиб, бир – бирини искаб ўрганиб қолишган. Бунақа ҳурпайиб ўтираверишса, эзилиб кетади– ку? Бир иложини қилмасам бўлмайди. Нима қилсам экан?.. Э, топдим.”

Назарали отанинг кенжа қизи Дилором қишлоқдан йигирма чақиримча нарида, кончилар шаҳарчасида турарди. Ҳайдар ота мактабга тушиб, Дилоромга телефон қилди. Даданг билан ойинг неварасини соғинибди, тез олиб келиб, кўрсатиб кетмасанг бўлмайди, деди. Кейин, мен тилпон қилганимни айтма, деб тайинлади.

Бу гап пешиндаги гап эди. Кечга яқин Дилоромхон ўғлини кўтарганча, ҳовлиқиб кириб келди. Гарчи Ҳайдар ота, тинчлик, деган бўлса ҳам, у ойимларга бир нарса бўлганмикин, деб хавотирда эди.

Чол тўрт қават кўрпача солиб, “Иброҳим Адҳам”ни ўқиб ётган эди, қизининг кирганини сезмади.

– Ассалом, ада… – Дилором боласини бир четга ётқизди– ю, югуриб бориб дадасини қучоқлади. – Яхши ўтирибсизларми? Жим бўлиб кетдинглар, бир хабар олай, дедим. Ойим кўринмайди?

– Юргандир–да, ивирсиб, – деди чол энсаси қотиб.

– Қарай–чи, ҳовлида бўлсалар керак.

Дилором чиқди. Чол чўзилиб неварасига қаради. Пишиллаб ухлаб ётибди. Аста туриб қўлига олди, суйиб эркалади. Чақалоқ уйғониб кетиб, йиғлади. Йўрғалаб кампир кирди. У “Вой, неварагинам келибди– ку!” деб чоли тарафга бир қадам босди, лекин аразлагани эсига тушиб, тўхтаб қолди. Бола чириллаб йиғлай бошлади. Кампир югургилаб келиб, неварасига қўл чўзди:

– Бу ёққа беринг! Бола кўтаришни ҳам билмайсиз, – деди зарда билан.

– Сен билсанг бўлди, – деди чол кампирининг гап очганига суюниб.

Бувисининг қўлига ўтган заҳоти невара тинчиди. Ҳалимабону бола баҳона, чолга гапира кетди:

– Неварагинамнинг қўлчасини қайириб қўйибсизда, бобоси… Нодир ўғлим, ботир ўғлим… Қани, бобонгга салом бер–чи. Ашшалом, бобожон, дегин, бувимни хафа қилшангиз, шоқолингизни юламан, дегин…

Бу – кампирнинг сулҳ таклиф қилгани эди. Чол бажонидил уни қабул қилди:

– Ваалайкум ассалом, ўғлим. Бобом энди тажанглик қилмайди, де бувингга. Ёзда сизни Тошкентга обориб, тилла тиш қўйдириб беради, дегин…

Дилором кирди. У ойиси билан кўришиб бўлиб, сўради:

– Қоринларингиз ҳам очгандир, мен овқатга уннаб юборай, нима пиширай, ойи?

Ҳалимабону неварасининг юз–кўзидан ўпа туриб, деди:

– Аданг бечора кечадан бери норинни соғиндим, деб ўтирувди. Гўштни мўлроқ солиб, норин қил, болам.

Назарали ота ҳам неварасига ёпишиб жавоб қилди:

– Йўқ, аччиққина шавла қилақол, қизим. Онанг шўрлик юмшоққина есин, қийналмасин… Айтганча, Ҳайдар отангниям чақир…

Муғомбирона илжайиб, Ҳайдар ота кирди. У ҳеч нарса билмагандай, Дилором билан ҳол–аҳвол сўрашди.

– Э, қуллуқ бўлсин, кўз ойдин! Дилоромхон қизим билан невара келиб, уйларингда офтоб чиққандай бўлибди–ку! Дуруст, дуруст…

Ҳайдар ота ўтириб, дуога қўл очди:

– Қани, омин, тўрт кўз тугал бўлсин, ишқилиб, ҳеч кимнинг офтоби ўчмасин, ҳамма вақт чарақлаб турсин!..

ЁСТИҚ ҚУЧОҚЛАГАН МЕҲМОН

Шомансурнинг ёши элликдан ошди. Сочи оқарди, тишининг ярми тўкилди. Кун ботганда оқ ип билан қора ипни ажратолмайдиган бўлди. У қирқ йил қишлоқда бош кўтармай меҳнат қилди: зовур қазди, ўт ўрди, ғўза чопди, пода боқди. Охири сўна чаққан бир сигирни қайтараман деб бир қояга йиқилди. Белидан лат еди. Энди қаддини подачининг калтагидай тикка тутиб туролмайди, янги чиққан ойдек эгилиброқ юради.

– Э, бўлди қилинг сардоба ишингизни!– деди бир куни хотини,– боқолмайдиган етти болангиз бормиди? Худо бизни бўбакдан қисди. Ҳамма этаклаб туққанда ман ўлгур ҳандалакдай бир болани думалатиб ташлай олмадим. Дорига кетказган пулингизни уйда еб– ичиб ўтиринг. Мен ҳамсояларимнинг кўрпа– тўшагини қависам ҳам икковимизни боқиб оламан.

Бу гапларим шунчаки даромад. Шомансурни чет қишлоқларга ҳам танитган, ҳатто бир замонгача одамларнинг дуосига, ундан кейин кулгисига сабаб бўлган ҳангома энди келади.

Шомансур йигирма йил подачилик қилиб, бирикки белбоғ пул жамғарган эди. Буни маҳалла– кўй биларди. Замон ўзгариб тижорат авжига чиқдию ҳаммага пул керак бўлиб қолди. Бироқ қани ўша пул? Ҳозир ким сизга, ма, йиртиғингни ямаб ол, деб бир сўм беради?

Не ажабки, ана шунақа бебилиска пул Шомансурда бор эди. Боя айтганимиздек бир– икки белбоғ эди. Бирдан ўзини тижоратга урганларнинг эсига Шомансур тушиб қолдию улар чопа– чопа келиб ғариб подачининг уйини шудгор қилиб юборишди.

– Яхшиямки кўпчиликнинг бахтига сиз бор экансиз, Шомансур ака! Пича қарз бериб туринг!

– Э, шоҳ Мансур! Барака топ! Дунёинг ошиб– тошиб илоё Қоратовдай бўлсин! Озгина қарз қиливор!

– Ў– ў Мансур оға! Дўлдан қочган чумчуқдай сиздан паноҳ тилаб келдик. Бир сиқимгина ақчадан чўзиб туринг, жон ака, кузда икки сиқим қилиб қайтармаган номард!

Хуллас, биров ўртага отасини, биров мол– жонини, яна биров ўлган бобосининг арвоҳини қўйиб қасам ичди, ер ўпиб ялинди, ёлворди. Шомансур соддагина кўрингани билан ичидан пишган эди. У эшикма– эшик ошиҳалол йиғиб юриб ҳамқишлоқларининг феълатворини обдон чиғириқдан ўтказган, кимнинг оласи ичида, кимники сиртида – беш қўлдай биларди. Шунинг учун беш– олти кишига оз– оздан қарз бературиб биттагина шарт қўйди:

– Мен судхўр эмасман. Менинг ақчам туғмайди. Фақат пулимни вақтида қайтарсанглар бўлди. Агар сўзларингдан тонсанглар уйларингга бориб ўтириб оламан. Қарзимни узсанглар кетаман, бўлмаса жонларингга тегиб ётавераман.

– Э, майли, – деб кулди Дарвеш деган тили ҳам, қўли ҳам чаққон йигит, – уйимизнинг тўри сизники, менга деса бир йил турмайсизми!

Унинг гапига фаришта омин деган эканми, Шомансурнинг “ит ётиш мирза туриши» айнан шу Дарвешнинг уйидан бошланди. Дарвеш элдан бурун қарз олганлардан эди. Шомансур бир борди уникига, икки борди –Дарвеш турли баҳона кўрсатиб қарзини узмади. Кейин подачи айтганини қилди. Бир ёстиқни кўрпачага ўрадию Дарвешникига қараб кетди. Энди ўрик гулини тўкиб чигитдай– чигитдай довуччалар ялтираб қолган кунлар эди. Шомансур ўрик тагига кўрпачасини ёздию ёстиғи билан тўнини бошига қўйиб индамай ётиб олди. Дарвеш ҳазилкаш йигит эди, гап отди:

– Кўрпача юпқалик қилмаяптими, оға, яна бирон нарса тўшаб берайми?

– Қўлингдан келса, беш– ўн минг сўм тўша, бўлмаса гапни сиркалатма,– деди Шомансур. Дарвеш кула– кула нари кетди.

Пешин бўлди, кун оғди. Шомансур чанқади. Аммо Дарвешнинг у билан иши йўқ, кириб– чиқиб юмушини қилиб юрибди. Охири Шомансур чидамади:

– Мусулмонмисан ўзи? Бир пиёла чой берсанг ўласанми? деди аччиқланиб, – киши гадойга ҳам бир бурда нон беради– ку, ноинсоф?

Дарвеш қизариб кулди. Уйга кириб бир чойнак чой, суви қочган нон олиб чиқди. Дастурхон ёзди.

– Узр, ака, мен сизни ҳазиллашибди, ҳозир кетади, деб ўйлаб…

– Гапим гап! – чўрт кесди подачи, – қарзимни олмагунча бу ердан кетиш йўқ. Хомтама бўлма.

Подачи айтганини қилди. Уззукун ўрик остида чўзилиб ётади, боғ айланади, бирров уйига бориб келади. Тушда чой– нонга қаноат қилади, кечқурун бир коса оби– ёвғон ичади. Гоҳо Дарвеш узр сўрайди:

– Бугун эт сололмадик, оға, айб қилмайсиз…

– Биз ошиҳалол еб ўрганиб кетганмиз, – дейди Шомансур, – қозонда қайнаган бўлса бўлди. Сен томоқни эмас, қарзингни ўйла.

Уч кун ўтди, тўрт кун. Дарвеш кундуз кулгисидан айрилди. Худди яланғоч баданга жун чопон кийиб олган одамдай ўзини ноқулай сеза бошлади. Илгари уй ичидагилари билан ҳовлида, тоза ҳавода ётишарди. Энди уялади. Болаларни олиб, эр– хотин уйга кириб кетишди. Уй ичи дим, ташқарида эса подачи қоровул бор. Ҳатто хотинини эркаласа шивирлаб гапирадиган бўлди. Нима қилишга ҳайрон. Охири кўзини чирт юмди. Подачининг пошшосидан қутулишнинг ёлғиз йўли қолган эди. Дарвеш болаларининг эрмагидан воз кечмоқчи бўлди. Бир куни уйдан телевизорни қучоқлаб чиқиб Шомансурнинг олдига қўйди.

– Мана, оға, шуни олингу туёғингизни шиқиллатинг. Уйда димиқиб ўладиган бўлдик. Қолганини картишка кавлаганда бераман.

Подачи телевизорни кўтариб жўнади.

Навбат Сотим говники эди. Уни бекорга ҳўкиз дейишмасди. Бетимнинг қалини жонимнинг ҳузури деган гап атайин Сотим учун тўқилгандек эди. Ҳали қирққа ҳам бормаган бу олакўз хомсемиз йигит урсанг ҳам, сўксанг ҳам башаранга тикилиб тураверар, охири «Бўлдингми? Мана қарз!» деб икки бармоғи орасидан бош бармоғини кўрсатарди.

Шомансур уч, тўрт кун Сотим говнинг ҳовлисида, узумнинг остида ётиб юрди. Сотим унга қайрилиб ҳам қарамади. “Ўзи келар ёр – ёр, ўзи кетар ёр– ёр, бир куни зерикканда даф бўларсан, деб қўйди ичида. Шомансур мундоқ дўпписини олиб ўйлаб қараса, Сотимдан садо чиқмайдиган.» «Сен ҳўкиз шошмай тур, олдингга хашак солиб кетмасамми» деди ичида Шомансур ва уйига бориб молпичоғини обдон қайраб келди. Сотим билан хотини бир ёққа кетишди, болалари мактабга жўнади. Шомансур оғил тарафга ўтди. Сотимнинг ўн чоғли қўйи бор эди. Семизроғини танлади. Олманинг тагига олиб келиб, уч оёғини боғладию бўғзига пичоқ тортиб юборди.

Бирор соатда қўйнинг терисини шилиб, ичакчавоғини тозалади. Бир оёғини терига ўраб ошхонага олиб кириб қўйди. Қолган гўштни орқалаб гузарга кирди. Қассобга ўтказиб пулини олдию уйига равона бўлди.

Сотим гов оқшомлатиб меҳмондан қайтди. Қараса ошхонада бўрдоқига боқаётган қўчқорининг териси ётибди. У дарров бу Шомансурнинг иши эканлигини сезди. Қўйнинг оёғини кўтариб подачиникига қараб лўкиллади.

– Ма, иймони йўқ, буниям ол! Илоё тиқилиб ўл!деб гўштни остонага отди.

– Иштони йўқ тиззаси йиртиққа кулибди, – деди Шомансур, – сенда иймон бўлса лабзингдан тонмас эдинг. Бир ҳафтада қарзингни узмасанг, эчкингни сўйиб сотаман, билиб қўй.

Сотим гов одати бўйича қўлини мушт қилиб учинчи бармоғини кўрсатди;

– Мана сўясан, еб тўймас!

Қарздорлар орасида Айниддин пиёзчи ҳам бор эди. У Шомансур билан тенгқур, кўнглида кири йўқ ориятли киши эди. Бир этак боласининг оғзидан орттириб қарзини тўлай олмас, кўчада Шомансурга дуч келиб қолса, йўлини тескари солиб кетарди. Буни билгани учун ҳам Шомансур пулини қисталанг қилавермас, ўзига инсоф берсин деб қўйган эди.

Ёзнинг ўрталарида Айниддин подачининг уйига кириб келди.

– Қани, тақсирим, садағасини кўтарсинлар, далага кетдик! – деди кулиб,– хотиннинг этагини искаб ётишдан фойда йўқ. Туринг, тоза ҳаво шимириб, пиёзхўрлик қилиб келасиз.

Айниддин ҳар йили қишлоқнинг кунботаридаги ёвшанзор қирларда пиёз экиб деҳқончилик қиларди. Шомансур қарздорларнинг уйларидан безиб ҳовлисида оёғини осмондан қилиб ётувди, дарров ўрнидан турдию эшагини эгарлади. Икковлон далага қараб кетишди.

Дала яхши–да! Гувалакдан қилинган уйчанинг тешикларидан ғир–ғир шамол кириб бетингни силайди, қовунполиздан атир ҳиди келади, бўйрага ёйилган қовун қоқиларга ёпишиб ғужғон ўйнаётган ариларнингғўнғиллашиҳамқулоққаёқимли эшитилади. Дала яхши!

Чанқовбосдига қовунхўрлик қилишди. Кейин Айниддин кўнглини ёрди:

– Хафа бўлмайсиз, ошна, қарзингизни чўзиб юбордим. Лекин еб кетмайман, тўлайман. Саккиз болам бор, худодан қўрқаман. Икковимизнинг насибамиз, ана далада ётибди. Мана, пиёз туп боғлаб турибди. Ана, писта баркашдек бўлиб ерга салом бериб турибди. Ана мош, ана нўхат. Қозондай тўнкарилган палов қовоқларни кўрдингиз. Кафсан олинг.

Шомансур даладан бир– икки ҳовуч зира териб олди, бир қозонда ўзлари учун қовун қоқи қайнатди, лагандай писталарни тўқмоқлаб ғалвирда элади. Юмуш билан бўлиб, бир ҳафта қандай ўтганини ҳам билмади.

Бир куни кафсанларини хуржунга солдию эшагига минди.

– Қарзимдан кечдим, Айниддин, – деди у хурсанд бўлиб, – мен розиман, сен ҳам рози бўл. Топганларинг саккиз болангга буюрсин. Омон бўл!

Айниддин, ҳов девона, кузда бошпиёз сотганда тўлайман қарзингни деганча қолаверди.

Ёз ўтди, куз келди. Энди қиш ғамини ейиш керак эди. Ҳар кимникида ётиб юравериб Шомансурнинг ёнбоши оғриди, одамлардан қарзини сўрайвериб жағи толди. Охири бир тўхтамга келди. Бир куни азонлаб хотинини олдига чақириб кўнглидагини айтди:

– Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним деганлари рост экан, хотин. Энди биргина йўли қолди. Мени ўлди деб гап тарқатасан.

Хотиннинг кўзлари пешонасига чиқиб кетди:

– Вой шўрим! Нафасингизни иссиқроқ қилинг– е! Тавба! Тирик одамни ўлди дегани қандай тилим боради?

– Тилинг бормаса, шунча пулдан айриласан. Танангга ўйлаб кўр.

Манзура кўп ўйланмади. Негаки пул Шомансурдан кўра унга кўпроқ керак эди. Эртасига Манзура Одил жиянини чақиртирди. «Жанозага» айтгани уни атайин қарздорларнинг уйига юборди. Намози асрга яқин подачининг уйини одам босди. Бирин–сирин ваъдасидан тонганлар ҳам кўринди. Улар Манзурадан кўнгил сўрар, мана бу раҳматликнинг омонати эди, дея қоғозга ўроғлик ақча чўзишар эди.

Ниҳоят биттаси сўради:

– Жаноза эртага қолибди–да, янга?

– Ҳа, – деди кўзларини яшириб Манзура, – Термиздаги синглисини кутаяпмиз.

Эртаси пешинда савобталаблар тағин келишди. Қарашса, дарвозада қулф осиғлиқ. Ҳовли ўлик чиққан уйга ўхшамас эди. Чунки «марҳум» Шомансур бу пайт Қоратов этагида, бир қозоқ томирининг ўтовида қимизхўрлик қилиб ётарди.


Страницы книги >> 1 2 3 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации