Электронная библиотека » Саъдулла Сиёев » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "Бепарво бўлмоқчиман"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Саъдулла Сиёев


Жанр: Юмор: прочее, Юмор


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 3 страниц)

Шрифт:
- 100% +
МЕҲМОНДАН ПУЛ ОЛМАЙМИЗ

Тушликдан келсам, эшик олдида бир йигит турибди. Ўрта бўйли, қорамағиз. Ёзнинг чилласида қора костюм– шим кийиб олибди. Қўлида бурунги солиқчилар кўтариб юрадиган портфель. У секин эшикни тақиллатдию бир қадам чекинади. Яна чертади.

– Эшикни очиб берайми, кирасизми? – деб киссамдан калит чиқардим. Йигит уялиб четлашди. Қўлини кўксига қўйиб саломлашди. Кейин менга эргашиб ичкари ўтди. Илжайиб боқди.

– Мени танимадингиз, а, домла?

Индамай унга тикилдим. Юз– кўзи таниш, қаердадир кўргандайман. Лекин эслолмадим.

– Мен Бўтақўзи бўламан, – деди у, – лалакўл, Саҳоба. Сиз яйдоқ эшакни минаман деб, ағдарилиб тушгандингиз. Кейин тоққа чиқиб, каклик овладиқ, тандир қилдик. Энди эсладингизми?

Эсладим. Беш – олти йил бурун Бўтақўзининг юртига сафарга борган эдим. Идоранинг ишларини битирганимдан кейин Бўтақўзи мени икки кун ўйнатди. Кетишда уни Тошкентга таклиф қилдим. Вақт топиб энди келибди – да.

– Қалай Саҳобалар тинчми? – дедим ҳол– аҳвол сўраган бўлиб.

– Тинч, тинч, – деди Бўтақўзи, – қишлоқдаги жўраларим салом айтиб қолишди. Қайтишингда домлани ола кел, дейишди.

– Раҳмат.

– Уф! Тошкент иссиқ экан, пишиб кетдим. Чойдан ичсам майлими?

Чойнакда совуган чой бор эди, йигит томонга суриб қўйдим. Бўтақўзи босиб – босиб икки пиёла чой ичди, енги билан лабини артди.

Хотин ош дамлабди. Бўтақўзи икковлон “олинголинг” қилиб, бир лаганни бўшатдик. Бўтақўзи йўлда очиқиб қолган эканми, лаганнинг тагини ҳам яримта нон билан ялаб, тозалаб қўйди.

Кўк чойни шопириб, алла – паллагача гурунглашиб ўтирдик.

Ётдик. Эрталаб болалар ўқишга кетди. Хотин иккаламиз ишга жўнадик. Бўтақўзи уйда қолди. У кеча йўлдан чарчаб келган экан, дам олмоқчи бўлди.

Ишдан вақтлироқ қайтдим. Олдимга кичик ўғлим Дурбек югуриб келди.

– Дада, меҳмонингиз… хўрозимизни сўйиб ташлади!

– Қачон? Нега сўяди?

– Билмадим. Ана, қаранг, қозонда пишаяпти.

Ҳовлига кирдим. Бўтақўзи энгашиб темир ўчоқнинг ўтини пуфлаяпти.

– Ҳорманг, Бўтақўзи, ҳорманг! – деб ёнига бордим.

– Раҳмат… Келинг, – деди у ўчоқдан бош кўтармай, – бугун бир қўлбола димлама қилай, дедим. Қарасам, хўрозингиз семиз экан, сўйиб қўя қолдим.

Унга қаттиқроқ гапирмоқчи бўлдиму, ўзимни босдим. Ҳарқалай, меҳмоннинг юзи иссиқ.

– Товуқнисоларни тул қилибсиз–да, – дедим ҳазилга олиб,– энди улар тухум туғишдан, бош тортади.

– Хафа бўлманг, ака, – деди Бўтақўзи, – эртага бозордан зўр дакан обчиқиб бераман. Барибир хўрозингиз қариб қолган экан.

Индамай уйга кириб кетдим. Бу орада хотин келиб қолди. У киши тўғри ўчоқ бошига бордию қозоннинг қопқоғини кўтариб кўрди.

– Вой, ман ўлай! – деди ёқасини чангаллаб, – бунча овқатни қачон еб бўламиз?! Ўн беш кишиликку?

Мен ҳам қозон тепасига бордим. Ростдан ҳам, бир қозон овқат тошиб, тўкилай деб қайнаб ётибди.

– Бизникида ҳар куни овқат қилинади, Бўтақўзи, – дедим мулойимлик билан, – сиз бир ҳафталигини бир йўла пиширибсиз.

– Қўрқманг, ака, – деди у кулиб, – бир – икки кун шу ердаман, ўзим еб қўяман.

Хотин, бу ёққа юринг, дегандек биқинимга туртди. Унга эргашиб ичкарига кирдим. Хотин жиғибийрон бўлди.

– Қайси гўрдан топдингиз у маҳлуқни? – хўрозимни сўйибди, эртага товуқларга қирон келтиради – ку?

– Мен чақирибманми, ўзи йўқлаб келди…

Эртасигахотинишданвақтлироққайтди. Товуқларидан хавотир олган бўлса керак – да. Барибир кечикибди. Бўтақўзи икки товуғимизни сотиб, ўрнига какликдай келадиган чоққина хўроз олиб чиқибди. Қарасам, у товуқларга яқинлашолмай бир четда донлаб юрибди. Ечиниб улгурмасимдан хотин тўра дийдиёсини бошлади.

– Мен сизга нима деган эдим – а, нима деган эдим! Бугун икки товуқнинг бошига етибди, эртага уйдаги нарсаларни сотади! Қачон даф бўлади у?

– Қизиқмисан, онаси. Унга кет деёлмайман – ку? Келганига энди икки кун бўлди, яна озгина сабр қилайлик…

Сабр қилиб, кута бошладик. Беш кун ўтди, олти кун, етти кун… Бўтақўзи ҳайр – хўш қилишни ҳаёлига ҳам келтирмасди. У кун бўйи уйда. Телевизор кўради, кечаги овқатдан қолганини иситиб ейди, ухлайди. Бу орада чинни лаган, икки пиёла, уч ликопча, катта гардин чойнагимиз синди. Чой қўядиган човгумнинг таги тешилди. Хотин синиқ буюмларни бўғчага тугиб, олдимга қўйди.

– Бу болангиз мени хонавайрон қилади. Ўзингиз йўлга соласизми ёки ўзим паттасини берайми?

Телефон жиринглади. Гўшакни кўтардим. Станциядан экан.

– Ҳурматли абонент! Узоқ шаҳарлар билан сўзлашув учун қарзингиз бор. Илтимос, тўлаб қўйинг…

– Қанча экан? Эллик минг сўм? Хўп, хўп…

Ҳайрон бўлдим. “Узоқ шаҳарлар”да бизнинг ҳеч кимимиз йўқ эди.

Ҳовлига чиқдим. Бўтақўзи ҳаланчак учиб ўтирибди. Чақирдим.

– Мабодо сиз бошқа шаҳарларга телефон қилмадингизми?

– Икки – уч марта Масковга телефон қилдим, – деди у негадир суюниб, – Россияда оғайниларим ишлайди. Ҳол – аҳвол сўраб қўйдим.

Таъбим тирриқ бўлди. “Буни туз ичиб тузлиққа тупуриш дейди” .

– Хоним, ҳов хоним, Қозон қайнат меҳмон кетадиган бўлиб қолди.

– Ҳайрият, дадаси, ҳозе – ер! – деди хотин чиройини очиб.

– Мен бугун бир ҳийла ишлатаман. Сизлар жим ўтиринглар, кулманглар. Ҳарқалай, меҳмон – отойи худо, биздан рози бўлиб кетсин.

– Хўп, нима десангиз, шу.

Кечқурун овқатланиб бўлиб, дастурхонга фотиха ўқидик. Кейин қалам – қоғоз олиб Бўтақўзига ўгирилдим.

– Бизнинг оилада бир тартиб бор. Ҳар ўн кунда рўзғорга кетган ҳаражатларни ҳисоблаб борамиз, Отабек, ёз, ўғлим. Хўш, ўн кунда салкам тўрт кило гўшт кетибди. Бу энди, етмиш минг сўм бўлади. Икки марта ош қилдик. Гуруч, сабзи, ёғ, пиёз дегандек, буям камида ўттиз мингга боради. Ўн кун ичида лағмон қилдик, шўрва, манти. Сизнинг димламангиз ҳам ўлганда ўттиз мингга тушгандир. Қолган майда – чуйдаларни айтмасак ҳам маълум. Нон, чой, шакар, сариёғ ва ҳоказо. Хуллас, ҳаммаси қанча бўлди, Отабек, айтавер – чи!

– Бир юз саксон минг, – Отабек қоғозни менга чўзди, – мана, ўзингиз ҳам кўринг.

– Яхши– и, – дедим, – энди ҳар ким ўзига кетган сарф – ҳаражатни тўлаши керак. Отабек билан Дурбек ҳали ўқувчи, даромадлари йўқ. Улар озод. Меҳмондан ҳам пул олмаймиз, меҳмоннинг насибасини худо етказади. Қани, онаси, ўз улушингизни тўлаб қўйингчи!

Хотин илжайиб ёнидан пул чиқарди ва хонтахтага қўйди.

– Мана, дадаси, саксон минг.

Бўтақўзи нон кавшаётган эди, бирдан жағи тўхтади. Бир пулга, бир менга ҳайрон бўлиб қарадию ирғиб туриб, ичкарига кириб кетди. Бироздан кейин кийиниб чиқди.

– Мен… кетишим керак экан… Раҳмат…

– Кеч бўлганда қаёққа борасиз?– дедим,– эрталаб кетарсиз.

– Йўқ, ҳозир кетмасам… бўлмайди. Соат ўнда Деновнинг поезди бор…

У шошилиб чиқиб кетди. Биз бараварига кулиб юбордик. Лекин энди кўзимизнинг ёшини артиб тургандик, эшик очилиб, Бўтақўзининг боши кўринди.

– Узр, ака, йўлкирага озгина қарз беролмайсизми? Ўлмасам, албатта қайтараман…

Хотиннинг пулидан бир сиқим олиб бердим. Бўтақўзи қайта– қайта раҳмат айтиб, ғойиб бўлди.

Хотин, илоё кетгани рост бўлсин, дея бир коса сувни кўча эшикнинг бўсағасига қуйиб келди.

Эрталаб, кўча эшик тақиллаб қолди. Кимдир эшикни синдиргудек бўлиб урарди.

– Қаранг – чи, болам, – дедим ўғлимга, қайси бефаросат экан.

Отабек дарвозахонага бордию қайтиб келди.

– Бир аёл сизни сўраяпти дада.

Галстукни чала боғлаб, эшикка чиқдим. Қишлоқча кийинган ориққина бир аёл, қора – қура тўрт болакай. Кенжатойи онасининг қўлида, қолганлари ер тепиниб туришибди.

– Кечирасиз, акамулло, – деди аёл ийманиб, – биз Сахобадан келувдик. Бизнинг хўжайин шу ерда эмасми?

Дарров миямга урди. Бир куни Бўтақўзи, “Болаларни ҳам чақирдим. Беш олти кун Тошканни айланиб, музқаймоқ еб кетишсин” дегандай бўлувди. Отасининг изидан келишибди– да…

– Марҳамат қилсинлар, хуш кўрдик!– деб эшикни очдим. Болалар суваракдай ҳовлига отилди. Мен ҳам лабимда ханда, тилимда хиргойи билан ичкарига зинғилладим:

– Қарғалар учса қарайлик Марғилоннинг йўлига! Суюнчи беринг, хоним, меҳмонлар келди!…

ҲУРМАТЛИ ЎРТОҚ РАФИҚАМ

Ўттиз ёшимгача умрим қиз танлаш билан ўтди. Бирини ориқ, деб унамадим, бирини семиз деб. Биттасининг қадди – қомати ёқса, қилиғи ёқмайди, қилиғи ёқса, қадди– қомати.

Бир куни онам уришиб берди:

– Ўўв! Бирини ўпоқ дейсан, бирини сўпоқ. Кимни оласан ўзинг, осмондаги ойни оласанми?

– Бизга аталгани ҳам тургандир, – дедим эснаб.

Мени бўйдоқлар оламидан Ҳабибахон қутқариб қолди. У ҳам институтдан кейин ишга шўнғиб кетибди– ю, эрга тегишга вақти бўлмабди. Қараса, дугоналари шўрпешона йигитларнинг бахтини битта – битта очиб кетаётганмиш. Ҳабибахон ҳам, ке, жамият олдидаги бурчимни бажарай, дебди–ю, менга тегиб олибди. Шундоқ қилиб, бизникида ҳам “келин” сўзи ишлатиладиган бўлиб қолди.

Бурунги замонда “келиннинг оёғидан” деган гап бўларди. Менимча бу гап эскирди. Энди уни “куёвнинг оёғидан” деб ўзгартириш керак. Нега дейсизми? Мана, қулоқ солинг. Менга тегмасдан олдин Ҳабибахон бир лойиҳа институтида шунчаки инженер экан. Ҳовлимиздаги тўйқозонлар совимасдан лип этиб бўлим бошлиғи бўлиб олди. Яна олти ойдан кейин директорнинг биқинига кириб, ёрдамчисиман, деб ўтирибди. Шу кетиши бўлса, бир–икки йилда директорнинг ўрнини ҳам эгаллашдан тоймасди–ю, билмай ҳалақит бериб қўйдим. “Ассалому алейкум!” деб ўғлим Ҳикматилло туғилди.

Ўғлим деворга суянмай, алпанг–талпанг юра бошлаган кезлар эди. Бир куни хоним оқ балиқдай ўйноқлаб кириб келдилар. Пальтосини ечиб отиб юборди– ю, тўғри келиб бўйнимга осилди. Ҳикматилло туғилгандан бери онда– сонда бўлмаса, хотин мени ўпмай қўйган эди. Нуқул боласини ялаб–юлқайверарди. Бу сафар соғ жойим қолмади. Юз–кўзим аралаш чўлпиллатиб ўпаверди…

– Ҳўв, бўлди, хотин, саккизинчи мартга узоқ! – дедим ғашим келиб.

Ҳабибахон икки қўлимдан маҳкам ушлади. Никоҳ кечасидагидек кўзларимга ажиб бир меҳр билан тикилди.

– Мени табрикланг, адаси! – деди энтикиб. Институтга бош инженер бўлдим!

Диванга шилқ этиб ўтириб қолдим.

– Мени қўяверинг, ҳеч бўлмаса анави норасидани ўйламайсизми? – бир бурчакда чўнқайиб ўтирган Ҳикматиллони кўрсатдим. – Алла айтишни энди ўрганувдим, колготкани қандоқ юваман?

– Ташвиш тортманг, – деди хоним,– Ўзим телефонда маслаҳат бериб тураман.

Хотин пинжимга кириб, суйкалди.

– Нима қилай, адаси, вазиримиз қўймади. Тажрибангиз бор, беш– олти йил ишлаб берасиз, деб туриб олди. Ҳикматиллони яслига берамиз. Ҳа, айтганча, мен сизга ажойиб бир нарса олиб келдим.

Хоним ирғиб туриб, “Ажойиб нарса”ни кўрсатди. “Уй бекаларига маслаҳат” деган китоб экан. Энсам қотиб варақладим. Биринчи бетда менга ўхшаган рангпаргина йигит боласига шишадан сут эмизиб турибди. Тагига: “Аёлларни эҳтиёт қилинг!” деб ёзиб қўйилибди. Китобни отиб юбордим.

Шундай қилиб бир йилча бош инженернинг эри бўлиб юрдим. Кейин… даҳшатли воқеа юз берди. Хотин лоп этди– ю, кўтарилиб кетди. Яна денг, жой қуригандай, келиб– келиб мен ишлайдиган институтга директор бўлди. Сочимни чангаллаб қолавердим.

Кечқурун Ҳикматиллони ухлатиб қўйиб, хотин билан дўстона, самимий суҳбат ўтказдик. Аризам тайёр эди, тап эткизиб олдига ташладим.

– Мана, ўртоқ директор, қўл қўйсинлар, мен ишдан бўшадим!

Хотин аризани ўқиб кулди.

– Нима бўлди, Роҳатилло ака?

– Мен сиз билан ишлашни хоҳламайман, тамом!

– Мен ҳам қўл қўёлмайман, – деди хотин керилиб. – Биринчидан, бунақа нарсаларни идорада гаплашамиз. Иккинчидан, местком билан маслаҳатлашишим керак. Бошлиғингиздан сўрашим керак. Сизни яхши инженер дейишади.

– Қўл қўймайсизми?

– Йўқ.

– Унда эртадан бошлаб ишга чиқмайман.

– Ишга чиқмасангиз прогул ёздириб қўяман. Кейин ҳайфсан беришади.

Жон ҳолатда Хабибахонни қўлларига ёпишдим.

– Менга қара, Хабиб, – дея сенсирашга ўтдим. – Мен қандоқ қилиб ўз хотинимни директор опа, дейман. Сенга қуллуқ қилиб турсам ярашадими? Оғайниларим билиб қолса, нима дейди? Қалай директорнинг этагидан ушлаб юрибсанми, деб аския қилишади– ку! Яхшиликча менга жавоб бер, онаси.

– Тилингиз маҳкам бўлса, ҳеч ким сезмайди. Менга хушомад қилманг. Ишингизни виждонан бажариб юрсангиз, ғиринг демайман. Опа дейишга тилингиз бормаса, Хабиба Шомуродовна денг.

Чидамай кулиб юбордим.

– Ҳа… Ҳабиба– хон Шо– муродов– на! Жуда ғалати эшитилар экан. Ўртоқ Шомуродовна, каминангизнинг оғиз бўшлиқлари қуриб кетди, чой ичиш масаласини ижобий ҳал қилсак, деган таклифим бор эди…

Хотин ҳазилимни тўғри тушуниб, ўрнидан турди.

– Ҳозир чой дамлайман. Роҳатилла ака, бир нарсани келишиб олайлик. Идорада бир– биримизни танимаймиз. Сиз ходим, мен директорман. Уйга келганда майли, нима десангиз розиман. Ҳайми?

Эрталаб эшикка оқ “Волга” келди. Ҳабибахон, чиқасизми, дегандай имо қилди. Мен бош чайқадим. Хотиннинг чўнтагини қоқиштириб майда пулларини олдиму автобусга қараб кетдим.

Одатдагидек ишга ярим соат кечикиб келдим. Директорнинг кабинетида мажлис экан. Секин кириб пойгакка ўтирдим. Ҳабибахон мени кўрди– ю, ўзини кўрмаганга олди.

Нима қилар экан, деб яна уч– тўрт кун атай ишга кечикиб бордим. Ниҳоят, директор чақиртирди. Қийшайиб кириб бордим. Местком раиси, бухгалтеримиз, яна икки киши ўтирибди.

– Келинг, ўртоқ Асқаров, – деди Ҳабибахон чимирилиб, – ўтиринг.

Қайсарлигим тутиб ўтирмадим, тикка туравердим. Местком собиқ улфатимиз эди, мени ёқлади. Бухгалтеримиз – бадбашара, бева хотин табелдан ўчириш керак, деб туриб олди, хуллас, оғзаки ҳайфсан билан қутилдим.

Ўрнимдан турувдим, директор танбеҳ берди:

– Ўртоқ Асқаров, сал… у ёқ– бу ёғингизга қараб юринг. Кўйлак дазмолланмаган, костюмнинг бир тугмаси йўқ. Ҳар қалай олий маълумотли кишисиз. Ҳайми?

“Ноҳай”, деб чиқиб кетмоқчи бўлдим– у, тилим қичиди:

– Хотиндан ёлчиганмиз, – дедим масҳараомуз кулиб, – совуқ мижозига йўлиққанман шекилли, ишдан келади – ю, таппа ташлаб ухлайди…

Билиб турибман, гапим Ҳабибахонга оғир ботди. Лекин сир бой бермади.

– Бўпти, сизга рухсат, – деди совуққина, – Рафиқангизга ўзим тайинлаб қўяман.

Кечқурун костюмни икки буклаб қараб ўтирдим. Хотин келиши билан башарасига отиб юбордим.

– Манг, ҳурматли ўртоқ рафиқам! Костюмни сифатли тугма билан таъмирлаб қўйсинлар!

Ҳабибахон индамади. Ёлғиз ўғлининг тантиқлигига кўникиб кетган онадай илжайиб қўйди– ю, ичкари кириб кетди. Салдан кейин янги костюм кўтариб чиқди.

– Мана, адаси, атай сизга олиб келдим, – деди яшнаб, – Кийинг– чи, ярашармикин?

Бирпас ёлғондан араз қилиб турдим. Хотин ялинди:

– Жо – он Роҳатилло ака, кия қолинг…

Костюм чиройли эди, кўнглим суст кетди. Беихтиёр қўл чўздим.

– Ярашди, қуллуқ бўлсин! – деди Ҳабибахон ёқамни тузатиб. Кейин гина қилди. – Ёлғончи! Қачон ишдан кела солиб ухладим? Доим сиздан кейин ётаман– ку!

– Нега бўлмаса ҳамманинг олдида шарманда қиласиз?

– Хафа бўлмайсиз, хизматчилик. Сизнинг чақмоқдай бўлиб юришингизни истайман. Ахир сиз менинг энг азиз кишимсиз, Роҳатилло ака!

Бизнинг хоним ана шунақа. Уйда “акажон” деб бўйнимга осилади– ю, идорасига борса тамом, тўни… тфу кўйлагини тескари кийиб олади.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации