Электронная библиотека » Санобар Нишонова » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "Ортда қолган йўл"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Санобар Нишонова


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 11 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Дийдор

Ёзги таътил бошланганига мана икки кун бўлди. Ҳар куни ёлғиз қолиб, рўзғор юмушлари билан куймаланиб юрадиган Холида опа икки кундан бери Саодат билан ундан-бундан гаплашган бўлиб, кунни кеч қилганини ҳам билмайди. Ҳамма ёқни йиғиб-териб бўлганидан сўнг Холида опа супра ёзиб ошхамир олди ва угра кеса бошлади. Рўпарасига ўтириб олган Саодат эса гап берар эди:

– Ойи, ойи мен-чи мукофотга олган китобимни янгилигича сақлаб қўяман. Дадам келсалар кўриб “Яша қизим, аълочи қизим!” деб севинадилар-а, – деб қолди бирдан.

“Яна бошлади-ку”, деди Холида опа ичида ва уни чалғитмоқчи бўлиб:

– Сенга энди иккинчи синфнинг китобини олиб берамиз. Шоҳида опанг яқинда Тошкентга катта мажлисга боради. Ўша ердан сенга портфель ҳам олиб келади.

У эса ўзининг гапини маъқуллатар эди:

– Ҳов бирда дадамдан хат келганда ҳам угра қилган эдингиз. Хотинлар кўп келган эди. Бугун дадамнинг ўзлари келиб қолсалар эди-я. Ойи, дадам уграни яхши кўрар эдиларми? – дейди яна қасдига олгандай.

Холида опа энди ноилож қолди.

– Ҳа яхши кўрар эдилар, – деди секин.

– Мен ҳам яхши кўраман бўлмасам, – деди Саодат ҳам қатъий.

Шу пайт Зуҳра қиз кўчадан ҳовлиқиб кириб келди:

– Холида хола, Холида хола, Моҳира опамлар келишаяпти! Ҳо кўприкнинг бошида кўрдим, – деди нафаси тиқилиб.

Саодат аллақачон ғизиллаганича кўчада чопиб кетар, Холида хола эса шошганидан калишини киёлмас эди.

Довдираб кўча эшигига яқинлашганда қучоқ очиб Моҳира, орқасидан эса Турсунбой кулиб кириб келарди.

– Вой болагинам-ей. Қайси шамол учирди сизларни, – деб Моҳиранинг юз-кўзларидан ўпар, бағрига босиб, у ташна қалб чанқоғини қондиришга шошилар эди онаизор.

Қайта-қайта кўришиб бўлгач, энди навбат Турсунбойга келди.

– Эсон-омон келдингизми, ўғлим? – деди унинг елкасидан олиб Холида опа. У билан ҳам қайноқ кўришди.

– Шукур, холажон. Насибамиз узилмаган экан. Соғ-саломат қайтиб келдик. Ўзингизлар ҳам хафа бўлмай ўтирибсизларми? – деди Турсунбой ҳам ўз навбатида ҳол сўраб.

Холида опа сўрига жой қилди. Меҳмонлар энди ўтирган эди, шовқин-сурон билан Шоҳида кириб келди.

– Опажоним келдими, меҳрибоним келдими, – деб йиғлаб келиб опасининг бўйнига осилиб олди. Оиланинг ҳам эркаги, ҳам таянчи Шоҳида она ва синглисининг кўнглини вайрон қилмаслик учун ўзини тутар, метин ирода билан ҳар иккаласининг суянган тоғи бўлиб келар эди. Лекин опа олдида ўзини тута олмади. Ўксиб-ўксиб йиғлади ва қалбида тўпланиб қолган аламларини бирдан тўкиб солди.

– Қўйинг энди, синглим, – деди Турсунбой. Йиғининг фойдаси йўқ. Шундан кейингина у онасининг ёнида яна бир меҳмон борлиги эсига келди ва у меҳмон Турсунбой эканлигини энди билди. Улар кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашиб бўлганда, оиланинг доимий ҳамдарди Тоштемир ота дарвозадан кириб келарди. Қизлар оталари кириб келгандай бирдан оёққа қалқди. Тоштемир ота билан самимий кўришишди.

– Моҳирабону, мунча узоқлаб кетдинг? Бундай хабар олай ҳам демайсан, – деди раис танбеҳловчи оҳангда қизларнинг каттасига.

Моҳира оғир уҳ тортиб, ерга қаради. Кўзига ғилт-ғилт ёш келди. Икки йиллик уқубатлар кўз олдидан ўтди. Лекин дарров ҳасрат дафтарини варақлагиси келмади.

– Шундай, – деди секин, – мавриди бўлмади келишнинг.

– Боланг қани? Нега ташлаб келдинг? – деди энди невараси эсига келиб Холида опанинг.

Моҳиранинг боши айлангандай бўлди. Шундай ҳам синиқ ранги яна ўчинқиради. Хасталардай зўрға:

– У ўлди, – деди. Деди-ю меҳрибон онаизори, сингиллари, отасидай ғамхўр Тоштемир оталарнинг ҳузурида эканлиги эсига тушиб, хўрлиги келди ва елкалари титраб-титраб аччиқ изтироб билан йиғлай бошлади.

– Қўй энди, Моҳи, – деди Тоштемир ота юпатиб,– энди сени ҳеч қаёққа юбормайман. Турмуш қилгиси келса Турғунбойнинг ўзи келсин. Шу ерда ҳам иш бор. Бир томондан Холидахон билан мана бу қизалоқларни ҳам ёлғизлатиб қўйиш яхши эмас.

– Ҳали ҳам кўчимиз орқамиздан келяпти, – деди Моҳира кўзёшларини артиб.

Кутилмаган муҳаббат

Саодат мактабдан келиб, уйда Турсунбой ўтирганини кўрди. Югуриб бориб, қучоқлаб олди.

– Ака, қачон келдингиз?

– Ҳозиргина, – деди Турсунбой ҳам Саодатни эркалатиб.

– Энди кетмайсизми? – деди Саодат севиниб.

– Кетмасам бўлмайди, синглим, – деди Турсунбой катталарга гапираётгандай жиддий, – ишлар қолиб кетади-да.

Саодатнинг бирдан қовоғи солинди. Мана икки йил бўлибдики, Турғунбой олдида безиллаб кун ўтказар, Турсунбой уйда бўлган кунлари унга байрам эди. Чунки институтни давом эттираётган Турсунбой таътил кунларини фақат у билан ўтказарди. Ўта зийрак ва чаққон Саодатнинг ҳали бола эканлигини унутиб, у билан тенгдош дўстдай гаплашар эди.

Турсунбой институтни тугатиб, шаҳарга ишга тайинланди. Лекин тўсатдан акасидан шошилинч телеграмма бориб, бугун уйга етиб келган эди.

Уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, Саодатни сўроққа тутди.

– Ойинг, опанглар яхшими? Қаерда ҳаммаси?

– Опамлар ишда. Ойим уйда эдилар. Бирор қўшниникига чиққандирлар-да.

– Нима янгиликлар бор, Саодатхон? Поччанг энди сизларни урмай қўйганми?

– Урар эдилар-у. Тоштемир отамдан қўрқадиларда. Бир марта Моҳи опамни урган эдилар, отам келиб роса бопладилар.

Турсунбой сергакланди:

– Нега уради опамни?

– Билмайман. Шоҳида опамни сизга бериб юборамиз деган эканларми, Моҳи опам:

– Сиздан мен нима кўрдим-у, синглим шўрлик укангиздан нима кўрсин, – деб йиғлаётган эдилар. Тоштемир отам келиб қолиб поччамни роса уришдилар.

– Кейин нима бўлди? – қизиқиб сўради Турсунбой.

– Кейин ҳаммалари уйга кириб кетишди. Аллавақтгача гаплашишди, у ёғини мен эшитмадим, – деди Саодат.

Турсунбой ўйланиб қолди… Шоҳиданинг айни бўйи етган пайти. Совчилар эшигининг турумини бузмоқда эди. Уни ҳар кўрганда Турсунбойнинг юраги алланечук дукуллаб қолар, лекин акасидан безиллаб қолган бу оилани чўчитмаслик учун сирини ҳеч кимга ошкор этмаган эди.

Саодатнинг сўзлари уни ўйлатиб қўйди. Шоҳида нима дер экан? У рози бўлармикан! Унинг хаёлини яна Саодат бўлди:

– Нега ўйланиб қолдингиз, ака?

Турсунбой хаёлидагиларни ҳайдамоқчи бўлиб, Саодатнинг ўзидан сўради.

– Қани ўқишдан гапиринг-чи, синглим. Баҳолар қалай?

– Баҳоларнинг ҳаммаси “беш”, ака, – деди Саодат қувноқ ҳолда ва жилдидаги дафтарларини олиб кўрсата бошлади.

Турсунбой унинг она тили, арифметика, рус тили дафтарларини бирма-бир кўздан кечираркан, бу бежирим ва териб қўйилгандай ёзилган дастхатларга, тўғри ечилиб “беш”га баҳоланган мисол ва масалаларга, русча бажарилган машқларнинг тўғрилигига тасанно ўқиди ва Саодатни мақтаб қўйди.

– Баракалло, синглим, иш мана бундай бўлипти! Бизнинг сингил олима бўлади.

– Муаллима денг, Турсунбой ака. Дадам муаллима бўлсин, деганлар, – деди Саодат унга термилиб.

Саодатнинг Турсунбойнинг мақтовидан кўнгли тоғдай кўтарилган эди.

Унинг хаёлига ногоҳ ўтган йил қишдаги бир воқеа келди. Саодат тўртинчи синфда ўқир эди. Бир куни қийинроқ масалани очишга қийналиб қолди ва поччасидан ёрдам сўради. Турғунбой эса “Шуни ҳам ечолмасанг, нима қилиб юрибсан бекорга вақт ўтказиб, то ечмагунча чиқармайман”, деб совуқ хонага қамаб қўйди. Моҳира ва Холида опанинг арзу доди билан ярим кечадагина у хонадан чиқишга рухсат берди, холос.

Бу ўткир “тарбия”дан хулоса чиқарган Саодат иккинчи Турғунбойнинг ёнига йўламайдиган бўлди.

Ҳозир Саодат шу воқеани Турсунбойга ҳикоя қилар экан, Холида опа келиб қолди.

– Келинг Турсунбой. Ишли бўлдим деб бунча узоқлаб кетмасангиз?

Улар кўришар экан, бирин-кетин Шоҳида, Моҳиралар, бир оздан сўнг Турғунбой ҳам ишдан қайтди. Бир зумда ҳовли тўлди. Саодатни Тоштемир отага юборишди. Соат ўнларда идорадаги ишларини тинчитиб, ота ҳам етиб келди.

Ота келгандан сўнг ошни сузиб, алоҳида хонада ўтирган эркакларга аввал киритиб юборишди. Қизлар ойилари билан сўрида ўтиришди.

Ош ейилиб бўлгандан сўнг Турғунбой гап очди.

– Сени чақиришдан мақсадим – биз бу ерда маслаҳатлашиб, сени уйлантириб қўймоқчи бўлдик.

– Менсиз-а, – деди Турсунбой кўк чойдан ҳўплар экан. – Кимга?

– Кимга бўлар эди, ўзимиздан, Шоҳидага, – деди Турғунбой.

– Ўзидан сўрадиларингми? Онаси нима дейди, – деди Турсунбой секин.

– Ўзидан сўраб нима қиламиз. Қиз бола эрга тегаман дер эдими. Онаси битта супрадан иккита хамиртуруш бермайман, деб тихирлик қиляпти. Аммо опаси менинг қўлимдами, бас, ишни мен тўғрилайман, – деди Турғунбой мақтаниб.

– Шошилманг, – деди Турсунбой, – қиз тугул ҳали мен ҳам ўйлаб улгурганим йўқ лоақал. Бирор кун ўйлаб олай, – деди Турсунбой ва Тоштемир отага қаради.

Бу қарашдан Тоштемир ота “Қизнинг кўнглини билай” деган маънони ўқиди ва “Майли Турғунбой, ўйлаб олсин. Бу умр савдоси”, деди.

– Маҳмадана, – деди Турғунбой бўғилиб, – билганингни қил, тайёр қиздан ҳам ҳали қуруқ қоласан.

– Бўлмасам, сизга ўхшаб туҳмат қилайми? – деди Турсунбой ҳам ғазабланиб.

Турғунбойнинг вужуди ёниб кетди. Муштини тугди. Зарб билан бир туширмоқчи эди-ю, раисдан ҳайиқди.

Эрталаб Турсунбой уйғонганда қизлар далага кетган эди. Турғунбой ҳам ишга отланар экан:

– Ўйлайдиганингни тезроқ ўйлаб ол! – деди-ю жўнаб кетди.

Турсунбой ҳам нонушта қилиб бўлиб, Шоҳида ишлайдиган бригада даласи томон йўл олди.

Кенг пахтазор оралаб борар экан, узоқдан пахта тераётган қизларнинг ашуласи қулоғига чалинди ва ўша томонга бурилди. Кўнгилдагидай худди Шоҳида пахта тераётган эгат бошидан бориб қолибди. Теримчилар анча орқада, у эса ўзи куйлаётган куй янглиғ чунонам пахтани чиройли қилиб терар эдики, гўё чаноқдаги пахталар унинг этагига оқиб тушаётгандай туюлар эди, кишининг кўзига.

– Ҳорманглар! Ҳорманг Шоҳидахон! – деди Турсунбой овозининг кучсиз чиққанидан ўзи ҳайрон қолиб.

– Саломат бўлинг, Турсунбой ака. Нечук бизнинг далага айланиб келибсиз? – деди Шоҳида шаддод.

– Шошилинч топшириқ олган эдим. Шу топшириқни бажаргани келдим, – деди Турсунбой гапнинг мақсадга яқин келгандан ўзи ҳам хурсанд бўлиб.

– Бу ерга мухбирлар топшириқ билан тез-тез келиб туришарди. Сиз педагогсиз-ку? – деди Шоҳида ҳам бўш келмай.

– Ишқилиб бирорта мухбир суратингизни оламан деб, қалбингизни ҳам олиб кетиб қолмасин яна. Журналистлар гапга чечан бўлади, – деди Турсунбой ҳам нишонга уриш учун қўлида тўпланган пахтани Шоҳиданинг этагига ташлар экан. – Сизда гапим бор эди, Шоҳидахон, – деди секин ва у билан ёнма-ён териб кета бошлади, – уйдагилар келишиб қўйишибди. Шунинг учун мени чақиришган экан. Мен сизнинг кўнглингизни билмоқчи бўлиб, улардан бир кун муҳлат сўрадим.

– Наҳотки, уйланиш ёки турмушга чиқиш бировнинг кўрсатмаси билан бўлса, Турсунбой ака, – деди Шоҳида. – Сиз фронт кўрган, оқ-қорани ажрата оладиган йигитсиз-ку. Кўнглингиздан муҳлат сўранг. Кўнглингиз нима дейди.

Турсунбой довдираб қолди.

– Кўнглим сизни дейди, Шоҳидахон сизни. Фақат акамнинг аламлари сизни ҳам, ойингизни ҳам чўчитиб қўйган. Шунинг учун мен сизга бир нима дея олмаган эдим. Балким сизнинг ҳам бирор кўнгил берганингиз бордир, ҳеч нарсани яширманг, Шоҳидахон. Мен акам эмасман, муҳаббатга зўравонлик қилгани.

– Ҳали ҳам ҳеч ким сизни акангизга ўхшатаётгани йўқ, – деди Шоҳида секин. – Менинг эса муҳаббат, севги ҳақида ўйлашга вақтим ҳам бўлган эмас. Ўзингиз биласиз-ку, қандай кунларни бошимиздан кечирган эдик. Ҳозир эса опамнинг турмуши мени ҳар қандай кучли муҳаббатдан ҳам чўчитиб қўйган.

– Раҳмат, Шоҳидахон, – деди Турсунбой ҳам энтикиб. – Демак, розилик берсак бўлаверар экан. Шундайми?

Шоҳида индамади. Завқланиб пахта терар, юзлари лов-лов ёнар эди.

– Фақат жуда шошилманг. Тўйга ҳали эрта, – деди Шоҳида анчадан кейин. – Кўриб турибсиз-ку, ишнинг айни қизғин пайти.

– Майли, Шоҳидахон, сизнингча бўлади. Мен уйдагиларни тинчитиб қўяман, – деди Турсунбой ва бир оз Шоҳиданинг қўл ҳаракатларини кузатган бўлиб тўхтаб турди, кейин узр сўрагандай.

– Ишдан ҳам қолиб кетдим. Ҳозироқ бориб жўнаб кетишим керак, – деди секин.

– Ажабми, – деди Шоҳида шарақлаб куларкан. – Мен чақириб олдимми сизни? Ишингиздан қолманг.

Сўнг Турсунбой бошқа теримчилар билан ҳам ҳол-аҳвол сўрашган бўлиб орқасига қайтди. Холида опа ва Саодатлар билан хайрлашиб, акасининг идорасига ўтди, мақсадини айтди. Акаси эса қовоғини солиб:

– Латта, тайёр ошни ташлаб кетяпсанми? – деди қўрслик билан.

– Шундай бўлгани тузукроқ, – деди Турсунбой ҳам совуққонлик билан ва тезгина хайрлашиб, тўғри вокзалга жўнади.

Ҳибс

Эндигина уйқуга кетган Саодат кўча эшигининг қаттиқ тақиллашидан уйғониб кетди. У чўчиб, бир зум қулоқ солди-да, кейин онасини секин туртди.

– Ойижон, биров дарвозани тақиллатаяпти.

Шундай ҳам ваҳимали туш кўраётган Холида опа сакраб ўрнидан турди. Турғунбойни уйғотсинми? Уни уйғотиб ҳам бўлармиди. Ўзи ҳамма уйқуга ётганда уйга келган, оёғида зўрға турар, Моҳирани бир “эркалаб” олгандан сўнг донг қотиб ухлаб қолган эди.

Холида опанинг ўзи кўча эшигига борди.

– Ким?

– Биз милициядан, – деди нотаниш киши. Бизга Мустафоқулов Турғунбой керак.

Холида холанинг юраги “шув” этиб кетди. Яна бир ишкал чиқарибди-да, деди хаёлида.

Эшикнинг занжирини туширар экан:

– Ухлаб ётишибди, бир оз кутинглар уйғотай, – деди-ю қизи ва куёви ухлаб ётган томон кетди. Салгина наридан туриб:

– Моҳира, Моҳира, – деб чақирди.

Моҳира тез уйғонди. У уйқусининг тез-тез бузилишига ўрганиб қолган эди.

– Тинчликми? – деди бир қаноти очиқ деразадан қия боқиб.

Бу пайт милиция ходимлари уй томон келишмоқда эди…

Бир оздан сўнг Турғунбой қўллари орқасида бошини эгганича улар олдида кетарди.

…Бир ойдан сўнг суд бўлди. Саодатни судга олиб бормадилар. Лекин опаларидан Турғунбойнинг– собиқ туман халқ суди раҳбарининг маиший бузилганлиги учун тўрт йилга ҳукм қилинганлигини эшитди.

Буларни ёлғиз қолдирмаслик учун Турсунбой ва Шоҳидалар – янги келин-куёвлар ҳам шаҳардан қишлоққа қайтиб келишди…

Тўгаракдаги кўнгилсизлик

Адабий-бадиий тўгаракнинг навбатдаги машғулотида бир гуруҳ йигит-қизлар адабиёт ўқитувчилари Камолиддинов раҳбарлигида “Алишер Навоий” драмасидан парча саҳналаштириш учун тайёргарлик кўрмоқда.

Тўгарак аъзоси Саодат шеър ўқиса ҳаммани маҳлиё қилиб қўяр эди. Чунки у шеърни берилиб, юракдан ўқир, қувноқ шеърлар ўқиганда шеър мухлисларини қувонтирар, ғамгин мисраларни ўқиса, ўзи ҳам йиғлар, эшитувчиларни ҳам йиғлатар эди. Лекин ҳали бирорта пьесада бирор ролни бажаришга юраги бетламасди.

Камолиддинов бу сафар ўз гапида туриб олди.

– Саодат, сен ҳам бир маҳоратингни кўрсат. Гули ролини ижро этгин, – деди.

Саодат бу сафар ўқитувчисининг гапини қайтара олмади. Ахир бу йил битирувчи. Қандай қилиб йўқ десин. Рози бўлди.

Ҳаваскорлар ролларни кўчириб олдилар. Тайёргарлик қизиб кетди. Чунки битирув кечасини ўтказиш тадбири уларга топширилган.

Саодат ҳам куну тун ўз ролини машқ қилиш билан овора. Бугун ҳам мактабдан қайтар экан, йўлда ҳам ёдлаганларини такрорлаб келди:

 
Саҳар чоғи туриб ширин ғазалдин.
Эшитмак одатим бўлган азалдин.
Ёлғиз мен эмас гул,
 

дерди у пушти ранг гулга бурканган шафтоли шохларини эгиб ҳидларкан.

Қишлоқ кўчаси жимжит. Саодат ўз завқ-шавқига эркинлик бериб, энди сўқмоқдан йўл олди. Янги мактаб биноси қишлоқдан энг четда колхоз боғининг яқинида жойлашган бўлиб, Саодат узоқроқ бўлса ҳам шу боғ ичидан юришга одат қилган эди. У кўпинча жамоат ишлари билан банд бўлиб қолиб, ўқувчилар кетиб бўлгандан сўнггина ёлғиз ҳолда уйига жўнар, айниқса, баҳор ойлари пушти рангга бурканган боғ чиройига маҳлиё бўлиб, севган шоирларининг шеърларини ўзича ўқиб бориш унга дунёдаги ҳамма нарсадан ҳам лаззатли эди.

Йўлда ўқиган ғазали кайфиятидан ҳали қутулмаган, хонасига кириши билан девордаги кўзгу рўпарасига борди-да, ўзича Гули образига кирди ва ёқимли овоз билан яна такрорлади:

 
Алишер! Чинданам шерсиз. Буюк шеър!
Улуғ ишларни қилмоқ истаган эр,
Бўлур шердай жасур, қайтмас изидан,
Қилич келганда ҳам қайтмас сўзидин.
Фақат кўпдир, эсиз, кўп душманингиз.
 

– Э-ҳа, ҳали артистка бўлаяпмиз денг, – деган Турғунбойнинг овозидан чўчиб орқасига қаради.

У очиқ деразадан кузатиб турар, қоши чимирилган лабларида истеҳзоли жилмайиш. Яқиндагина қамоқдан қайтган поччаси ҳали бирон жойга ишга жойлашмаган, одатда, бу пайтда уйда бўлмас эди.

Саодат ерга қараганича индамай қолди.

– Дуруст-дуруст. Зотимиздан артистка чиқса, оч қолмайдиган бўлибмиз. Чўнтакларимиз базмларда йиғилган пулга тўлиб юради энди, – деди заҳархандалик билан. Ниҳоят Саодат чидай олмади.

– Ҳақорат қилманг почча, санъаткорларни. Ҳақиқий санъаткор пулга сотилмайди. Сиз ўйлаганларга санъат даргоҳларининг эшиги ёпиқ.

– Сизга очиқми бўлмасам? Сиз қанақасидан бўласиз? Саҳнадан туриб муқом қиладиганиданми? – деди яна Саодатни руҳан эзиб. – Йўқ, ойимқиз. Бу оилада мен бор эканман, ҳеч қандай артист чиқмайди. Нима, қайтарадиган отам йўқ, деб билган номаъқулчилигингизни қилаверасизми!

Саодатнинг бошида чақмоқ чаққандай бўлди. Бу хўрликка чидай олмади, йиғлаб юборди.

– Мен қанақа номаъқулчилик қилибман? Гапингизни ўйлаб гапиринг! – деди ғазабидан кўкариб ва ўзини каравотга отганича тўлиб-тўлиб йиғлай бошлади.

Турғунбой эса бир кимсани йиғлатиб қўйганидан лаззат олгандай бемалол папиросини сўрганича нари кетди.

Лекин Саодат кўзёшларини Турғунбой кўришини истамасди. Шахт билан ўрнидан турди. У қалбига оғир юк бўлиб тушган тошни эритмаса ором топмас эди. Кимсасиз боққа борди. Пушти ранг товланаётган шафтолизордаги кўм-кўк майсазорда тўлиб-тўлиб йиғлади, қалбидагини ғуж-ғуж гулғунчаларига, дарахт шохларида ғужурлаётган қушчаларгагина дилдан унсиз арзи ҳол қилди:

– Эй менинг севимли эркин қушчаларим, айтинглар, нега мен дадасиз азоб чекар эканман? Эй, менинг нозик гулғунчаларим, ким мени “дада” деган табаррук сўздан маҳрум қилди? Айтинглар, сизларнинг хабарингиз борми? Учиб юрганингизда ота дийдоридан маҳрум қилган махлуқни учратсангиз, менинг миллион-миллион лаънатларимни етказинг. Эй, лаънати уруш, мен ҳали ота меҳрига тўймаган бир гўдакни, наҳотки, ундан абадий жудо қилган бўлсанг! Наҳотки, мен умрим бўйи сен лаънати урушнинг изтиробини тортсам.

Саодат шу кўйи узоқ йиғлади. Ниҳоят, йиғи қалбини бир оз бўшатдими, дарди оз бўлса-да, енгиллашгандай бўлди. Яқинида оқаётган ариқчада юзқўлини ювиб артинди. Соатига қараса, репетиция вақти бўлиб қолибди. Ўрнидан туриб, эрталабдан буён туз тотмаган ҳолда яна шахдам мактабга қараб кетди.

Адабиёт кабинетига кирса, ҳамма йиғилиб бўлган экан. Ҳамманинг хандон чеҳрасини кўриб, негадир дарди яна янгиланди. Ҳеч нарсани ўйламаган ҳолда, Камолиддиновнинг рўпарасига борди ва қайсарлиги тутиб:

– Муаллим, мен ролни бажара олмайман. Бошқа бирор қизга топширинг, – деди.

Камолиддинов ҳайрон қолди: “Зўр иштиёқ билан ролни тайёр қилай деганда, қандай ҳодиса юз берган экан? Наҳотки спектаклни барбод қилса”. Ҳеч нарсани суриштириб ўтирмай жаҳл билан:

– Манманлигинг, биласанми нимага олиб боришини? Агар шу ролни бажармай, умидимни барбод қилсанг, олтин медаль эмас, темир медаль ҳам ололмайсан!

Саодат шарт бошини кўтарди. Камолиддиновга ўткир нигоҳини қадади. Ҳамма ҳаяжондан тошдай қотган эди. Саодатнинг кўзлари пирпиради, лаблари ниманидир пичирлади. Лекин уни чиқмасди.

Ниҳоят шартта орқасига бурилди-ю, яшин тезлигида хонадан чиқиб кетди. Ҳамма бу бир лаҳзалик воқеани муҳокама қилишга ҳам улгурмай қолди. Репетиция барбод бўлди. Камолиддиновнинг ҳам руҳи тушди. Болаларга жавоб бериб юборди.

Эртасига Саодат дарсга келмади. Қизларнинг унинг уйига кириб ҳол сўрашга юраги бетламас, Турғунбойдан ҳайиқишарди. Бир-икки совуқ гапи билан уларни ҳам Саодатлар хонадонидан узоқлаштирган эди.

* * *

Рус адабиёти дарсида ўқитувчи Эмилия Мироновна воқеадан хабардор бўлиб анча ранжиди. У Кавказдан келиб, эндигина иш бошлаган ёш муаллима, ўқувчилар билан биринчи кунларданоқ дўст бўлиб кетган эди. Саодатни эса алоҳида меҳр билан ардоқлар, ёшига нисбатан улуғвор бу жиддий қиз унда ўзгача бир меҳр уйғотган эди. У Саодатга худди ўз ўртоғидай муомала қилар, ўз қарашларини мушоҳада қилар, Саодатнинг жуда кўп ўқиганлигини билиб олиб, унинг қобилиятини тўғри ва изчил йўлга бошқариш учун соатлаб у билан мунозара қилишдан чарчамас эди.

Шундай иродаси кучли қиз наҳотки чалғиб кетса. Бунинг асл сабаби нимада? Ҳарқалай бирор ҳодиса рўй берган бўлиши керак. Шу ўй билан уйига борса, Саодат уни кутиб ўтирарди. Мирон тоға уни осетинча чой билан сийлаяпти. Бир кечада озиб, сарғайиб кетибди. Эмилия Мироновнанинг унга раҳми келди. Ўқитувчиси истиқболига ўрнидан туриб, бош эгиб турган Саодатга қараб:

– Келдингми, ўзим ҳам келарсан деб турган эдим, – деди ва ечингани ётоғига кириб кетди.

У Саодатни ортиқча эркаламас, лекин қачон келса, уни самимий кутиб олар, сўнг ўз оиласи аъзосидай эркин гапга тушиб кетар ёки уй юмушларини бирга бажариша бошлар, иш қила туриб ҳам иккаласининг гапи тугамас эди.

Мирон тоға қизларни ёлғиз қолдириб “бир айлангани” чиқиб кетди. Кийимларини алмаштириб чиққан Эмилия Мироновна эса ҳар сафар орқасидан юриб гапини маъқуллатаверадиган Саодатнинг бугун хомуш ўтиришини кўриб, юраги сиқилди, лекин сабабини сўрамади.

– Чойдан қуй Саодат, қорин ҳам очиб қолди, – дея қуймоқни ея бошлади. Саодат унга чой қуйиб узатди ва ортиқ чидаб туролмади:

– Нега мени уришмайсиз? Нега спектаклни барбод қилдинг деб сўрамайсиз? – деди титраб-қақшаб.

– Сен ёш боламидинг. Қилаётган ишингни ўйлаб қилаётгандирсан, – деди ўзини гўлликка солиб Эмилия Мироновна.

– Сиз ҳам мени қийнайсизми, Эмилия Мироновна! – деб ўкириб юборди Саодат. – Ҳалиям қилган ишимни доим ўзим мулоҳаза қилиб келардим. Бу сафар эса издан чиқиб кетаяпман. Яшашнинг ҳам қизиғи қолмади мен учун. Ишонганим Камолиддиновмиди? Мен уни дадамдай кўрардим. У ҳам мени мазах қилди. Наҳотки мен фақат олтин медалга тама қилиб ўқиган бўлсам? Медалини пишириб есин. Роли ҳам ўзига буюрсин. Уйда “Сенинг даданг йўқ, ундай юрма, бундай юр”, деб таъқиб қилишса, мактабда мени тушунишмаса, йўқ, мен ортиқ чидай олмайман. Бўғилиб ўламан, бундай ҳаётдан. Кеча яна тўполон кўтарди поччам. Ўнинчини тугатишим билан уйга қамармиш, бўлмаса артист-партист бўлиб кетиб, шарманда қилармишман у улуғ зотни. Мен отасиз ўсиб, ўзбошимча бўлиб кетибман. Йўқ… йўқ… йўқ… ўшанинг башарасини кўргим ҳам келмайди. Мактабнинг ҳам топшириғини барбод қилдим. У ерга ҳам боришга юзим чидамайди. Эй Худо, мени шунчалик хўрлагандан кўра жонимни олсанг бўлмасмиди?

– Бас! – деди бирдан Эмилия Мироновна. – Бунча ҳам йиғлоқи бўлмасанг!

Саодат муаллимасига қараб қўрққанидан жим бўлиб қолди. Эмилия Мироновна ҳаяжондан титрар, ранги бўздек оқариб кетганди.

Ниҳоят бўғиқ бир овоз билан бўлиб-бўлиб гапира бошлади:

– Мен сенга бир сирни айтай. Ҳали бу ердагиларнинг бирортаси ҳам билмайди бу сирни. Менинг ҳам онам йўқ, биласанми, онам ўлган! Мен, ҳатто унинг совиган танасини қучиб қалбимни совита олмаганман. Биласанми, қалбим доим шунга ўртанади.

Биз турган шаҳарни фашистлар ишғол қилаётганда, бир илож қилиб, мен ва укамни онам назардан четроқда, деб қишлоққа, холамникига олиб келди. Кейин керакли нарсаларимиздан олиб келгани яна шаҳарга жўнаб кетди. Онам кетаётган поезд шундайгина холамнинг ҳовлисидан кўриниб турган эди. Бирдан қаердандир фашист самолётлари пайдо бўлди. Кўз олдимизда поезд устига, менинг онажоним кетаётган поезд устига кетма-кет бомба ташлади-ю, тезда кўздан ғойиб бўлди. Вагонларнинг портлаши, самони ларзага келтирган чинқириқлар ҳали-ҳали кўз олдимдан кетмайди. Қишлоқ аҳли – хотин-халаж офат юз берган жойга югурди. Мен ҳам жонҳолатда учиб кетяпман. У ерга бордим-у даҳшат ичида турган жойимда қотиб қолдим. Деярли, кўпчиликнинг ичак-чавоғи ағдарилган, айрим чала тирик қолганлари вагон парчалари остида инграб ётибди. Кечгача қидириб, онам жасадини зўрға топдик. Жасад эмас, фақат парчаланиб кетган айрим аъзоларини. Холам йиғиб-териб рўмолига тугиб кўтариб олди. Келиб, қўни-қўшнилар билан дафн этдик.

Шундан бери менинг қалбимни аччиқ бир алам кемиради. Шўрлик дадам фронтдан қайтди. Онамнинг қандай ҳалок бўлганини эшитиб, адойи тамом бўлаёзди. Эркак киши эмасми, бизларга ўхшаб кўзёши тўкиб аламини енгиллаштира олмайди. Ҳаммадан кичик укамни эплаш қийин бўлиб қолди. Холам ҳам фронтда ҳалок бўлган эрининг доғида куя-куя касалманд бўлиб қолган эди. Бир неча йил ўзимиз ёлғиз яшадик. Лекин дадам тунги навбатчиликка кетиб, мен ва укам ёлғиз қолган кунлардаги она меҳрини қўмсаб йиғлашларимизни айтмайсанми? Ахири қариндош-уруғларимиз отамни қўймай мана шу ҳозирги онам Земфира холамга уйлантириб қўйишди. Лекин биз унга узоқ вақт кўника олмадик. У эса сабр-тоқат билан бизнинг қалбимиздан ўрин олишга тиришар эди. Отам бизнинг учунгина уйланётганлигини ҳам кейинроқ сезиб олдим. Бу орада мен мактабни ҳам битирдим. Институтни тугатдим. Ҳали-ҳали ёдимда: институтда охирги имтиҳонни топширдим-у онамни эслаб бир хил бўлиб аудиториядан чиқаётсам, бир қучоқ гул билан эшик орқасида Земфира холам турибди. Худди онам тирилиб келгандай бўлди. Мен унинг қучоғига ўзимни отдим-у йиғлаб юбордим. У ҳам йиғларди. Сўнг тутилиб тутилиб шундай деди:

– Кечир қизим, лаънати уруш бўлмаганда, балки бу остонада ўз онанг турган бўлармиди…

Мен унинг юзларига юзимни босдим:

– Сиз, сиз ҳам онамсиз, Земфира хола, сиз ҳам онамсиз!

Иккаламиз уйга қайтдик. Уйда стол тузалган эди. Дадам ҳали ишдан қайтмаган экан, унга онам, мен яна қайта топиб олган онам – Земфира хола телефон қилди. Мен ўртоқларимни зиёфатга чақирдим. Ҳамма йиғилганда Земфира холам рўпарамга келди ва:

– Мени кечир, қизим. Шу арзимас совғани онанг ўрнида қўлингга тақиб қўяй, – деб қутичадан кичкина тилла соат олиб билагимга тақиб қўйди ва пешонамдан ўпди.

Шу пайтда отам, укам, ўртоқларим – ҳамма лол қолган эди. Ниҳоят, отам ўрнидан турди ва холамнинг рўпарасига келиб:

– Раҳмат, Земфира, – дея олди ва ўпкаси тўлиб нариги хонага чиқиб кетди.

Кейин мени бу ёққа ишга йўлладилар. Ёлғиз юборгилари келмай дадам, ойим, укам – ҳаммалари бирга келишди. Мана кўряпсанми. Бу уруш ўзининг совуқ соясини солмаган хонадон йўқ ҳисоб. Лекин ҳамма вақт кўзёши тўкавериш, йиғлоқилик қилиш керакми! Инсон иродаси пўлатдан йўғрилган. Мен сени шунчаликка борасан деб ўйламаган эдим.

Кейин улар у ёқ-бу ёқдан гаплашишди-да, Саодат кетишга қўзғалди. Эртасига биринчи соатда адабиёт дарси эди. Юраги безиллаб турган Саодатнинг бахтига ўқитувчи кириб, иншо ёзишларини эълон қилди. Саодат ҳам бош кўтармай иншони ёза бошлади, Камолиддинов ҳам унга гап қотмади.

Ҳарқалай Эмилия Мироновна аралашганми, катта шов-шувга сабаб бўладиган бу воқеа тинчгина ҳал этилди. Ролни бошқа бир қизга топширдилар.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации