Электронная библиотека » Шухрат Суюндик » » онлайн чтение - страница 4


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Шухрат Суюндик


Жанр: Общая психология, Книги по психологии


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ТУШ ҲАҚИДА

Тушлар турлича фарқланади. Тушда аён бўладиган нарсалар бор. Масалан, шон-шуҳратингиз, мавқеингиз кўтарилиши ёки тушиши рамзий маънода аён бўлиши мумкин. Тушда каравотдан ёки зинадан тушиш, кўтарилиш шу нарсаларни билдиради. Масалан, мол-давлатнинг келиши ёки кетиши, шулар аён бўлиши мумкин. Бу энди оддий тушлардан фарқ қилади. Бундай тушни кўриб уйғонганингизда жуда сергак бўлиб қоласиз. Унча-мунчага эсингиздан чиқмайди. Ана шу тушлар сизга нима бўлишини, сизнинг миянгиз, тафаккурингиз ухлаётган жараёнда, қандайдир ўзгарган ҳолатда ҳалиги тушингизнинг ечими хаёлингизга келиб, бояги кўп нарсалар аён бўлади. Чунки бу пайтда мия ўйлашдан озгинагина бўлса ҳам тўхтаган ёки секинлашган бўлади.

Менделеев ҳам ўзининг дунёга машҳур «Элементларнинг даврий жадвали»ни тушида кўрган. Тушида кўриб, кейин уни ҳаётда амалга оширган. Бу олтинчи ҳис-туйғу. Кундалик кўрадиган тушларингиз хотиралар, ҳар хил ҳолатларга боғлиқ. Кунингиз хушчақчақ бўлиб ўтса, ухлаганингизда яхши тушлар кўрасиз. Қўрқинчли киноларни кўриб ухлаганда эса ваҳимали нарсаларни кўриш мумкин. Бу нарса миянинг аста ишлаб, куни бўйи кўрганларини ҳазм қилаётгани бўлади. Шунинг учун буни ажрата билиш керак.

МАЪЛУМОТ ҚАБУЛ ҚИЛАЁТГАНДА УНИ ҚАНДАЙ ТИНГЛАШ АҲАМИЯТЛИМИ?

Албатта, ҳамма нарсанинг аҳамияти бор. Масалан, киши кимнидир тинглаётганида оёқ-қўлларини бир-бирига чалиштириб ўтирса, бу шу одамнинг маълум бир жиҳатлари ҳали ёпиқ эканлигини билдиради. Ўзи билмаган ҳолда ўзини нимадандир онг остида ҳимоя қиляпти.

Тана ҳаракатлари тили деган йўналиш бор. Русчасига «Язык телодвижения» дейилади. «Язык телодвижения» китоби муаллифи Аллан Пиз кўп фойдали нарсалар тўғрисида ёзган. Ҳар бир ҳаракат аҳамиятга эга. Масалан, эркакларнинг бўйинбоғини ҳар замонда тўғрилаб қўйиши, аёлларнинг вақти-вақти билан сочларини тўғрилаб қўйиши қарама-қарши жинс вакилларига ёқиш учун қилинган ҳаракатдир. У эркакнинг ёши хоҳ тўқсонга кирган бўлсин, ё юзгами аҳамияти йўқ. Қаеридадир «у ёқ-бу ёғимни тўғрилаб қўяй, яхши кўринай» деган маъно ётибди. Мисол учун, сиз ким биландир шартнома имзоламоқчисиз ёки бир иш бошламоқчисиз. Шу ишингизнинг битиши ўша одамларга қайси жиҳатдан боғлиқ, дейлик ва уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам қараб, сизга бўлган муносабатини билиб олишингиз мумкин. Бунда ҳолатни адаштириб қўймаслик керак. Дейлик, у одам об-ҳаво туфайли шундай қилаётгандир. Унинг ўзини тутиши сизга ўша одам ҳақида умумий тушунча беради. Энг асосийси, инсон ёлғон гапираётганида, кўзини олиб қочади. Масалан, табибнинг олдига бир бемор келди. Агар у ўладиган касал бўлса, қандай қилиб «сен ўласан» деб айтади. «Тузалишингизга ишониб ҳаракат қилинг, яхши бўлиб кетасиз» дейиш керак. Балки ростдан ҳам тузалиб кетар. Ёлғон ишлатишга тўғри келиб қолса ҳам, инсон руҳиятини туширмаслик, хаста инсоннинг умидини сўндирмаслик учун шундай қилиш керак. Шундай пайтларда ёлғон ишлатса бўлади. Қалби тоза, пок инсон бўлсангиз яхши одамларни ажрата биласиз. Ёлгон гапираётганида нима қилади, қулоғини нимага ушлаяпти, бурнини нимага қашияпти, пешонасини нимага ишқаб қўйяпти ва ҳоказолар. Ҳаммасининг маъноси бор. Буни зеҳн билан кузатиб турсангиз тезда ўрганиб оласиз. Бу қийин эмас. Масалан, тавозе қилишлар ёки «мавқеим сеникидан баланд» деган маънодаги хатти-ҳаракатлар (қўлини белига қўйиб, иягини баланд кўтариш каби). Бу ўша одамнинг димоғдорлигини билдиради.

Диққатлиликни билдирувчи ҳаракатлар ҳам бор. Кўрсаткич бармоғини чаккасига, бош бармоғини эса иягининг остига тираб, сизнинг гапингизга диққат билан қулоқ солади. Оёқ-қўлларини чалиштириб ўтириши «ёпиқлик»ни билдиради. Бунда одам ёпилди, ишонмаяпти, охиригача ишонмаяпти дегани. Аммо аёлларнинг оёқларини чалиштириб ўтириши чирой учун бўлади. Ўзини, «аёллик моҳиятини» кўрсатиш учун қадди-қомати, оёқларини намойиш қилаётган бўлиши мумкин. Туфлисини осилтириб, у ёққа-бу ёққа тебратиб ўтириши, ўша аёлнинг ўзи суҳбатлашаётган эркакка оз-моз мойиллиги борлигини билдиради. Ручкани ушлаб, силаб, ўзи билмаган ҳолда қопқоғини кийдириб-очавериши ҳам шунга яқин маънони беради. Эркак кишиларда бўладиган маълум ҳаракатлар, масалан, аёлларни кўрса лабини ялайвериши ҳам ўзга жинс вакилларига нисбатан кучли ҳис-ҳаяжонни ифодалайди. Ҳар бир одам бошқа бир одамнинг эмоционал ҳолатини ўқиши мумкин, аммо фикрини ўқий олмайди. Уни ўша фикрлаётган одамнинг ўзи ҳам ажратолмайди. Чунки фикрлар ғуж-гуж бўлиб келиб, арилар уясидан бирданига «виз» этиб учиб чиққандай айланиб юраверади. Лекин яхшилаб эътибор берсангиз кайфиятни, эмоционал ҳолатини бемалол ўқий оласиз. Жаҳли чиққанини, хурсанд бўлиб турганини, ҳайратланганини, эҳтиросни ҳам биласиз. Бу жуда оддий. Ғазабини ёки ҳеч қандай қизиқиши йўқлигини, лоқайдлигиниям биласиз. Бу сизга ҳам ёрдам беради. Гаплашаётганда барибир вербал, новербал ҳаракатлар орқали онг остида умумий бир тушунча кетади. Қарор қабул қилишда шулар таъсир қилади. Масалан, иш бўйича музокараларга одам яхши кийиниб, тайёрланиб, тетик бўлиб боради. Агар шалпайиб, ҳомуза тортиб ўтирса, бу уят! Куйиб-пишиб мавзуни давом эттираётган минбардаги нотиққа бу ёмон таъсир қилиши мумкин.

Ана шу ҳаракатлар сизга одамнинг моҳиятини, ҳеч бўлмаса ўша вақт, ўша жойдаги ҳолатини, муносабатини аниқлашингизга ёрдам беради. Бунинг тагида жуда катта моҳият ётибди, шундан тўғри фойдалана билиш зарур. Кейин бора-бора ҳар бир одам сиз учун очиқ китобга ўхшаб қолади. Булар асос, вақт ўтгани сари тажрибангиз ошиб боради. Масалан, одамнинг яхши бўлиши ёмон эмас, ёмон бўлиши ҳам ёмон дегани эмас. Сизга қайси вазиятда, қайси жойда, иккалангизга фойдаси тегиши мумкин деган нарсани хулоса қилиш учун энди бештадан ташқари навбатдаги туйғуни ишлатасиз. У тўғридан-тўғри тарзда ишлаб сизга кўмаклашади. Ичкаридан «тўғри» ёки «нотўғри» деб маслаҳат бериб туришади. Тўғри қарор қабул қилишда ҳамма нарса муҳим. Мисол учун, инсоннинг ўзида табиий нуқсони бўлиши мумкин. Агарда кўзи ғилай бўлса, сиз уни кўзини олиб қочяпти деб ўйлолмайсиз. Сизни кўриш учун у шундай қарашга мажбур (кўз қири билан кўради ёки кўзларининг биттаси бу ёққа, иккинчиси у ёққа қарашиям мумкин). Алдаяпти дея олмайсиз. У киши инсон сифатида тўғри одам. Фақат кўзлари ўзи шундай. Демак, вазиятни тўғри баҳолай олиш керак.

МАЪНАВИЙ ЮКСАЛИШ

Энг катта хато бу ҳаддан зиёд керак ёки керак эмас пайтдаям уялаверишдир. Хоҳлаган «тепалик»ка, хоҳлаган «юқорилик»ка тасаввур билан, ҳаракатингиз билан чиқиш керак. Бизнес жаноб (бизнесмен), бизнесхоним (бизнеследи), хоҳлаган нарсангизни ўзингизга тасаввур қилиб, кўтарилаверинг. Масалан, ижод ва муҳаббат қасри Тожмаҳални тасаввур қилиш мумкин. Ана шу сиз чиққан поғона бўлади.

Маънавий юксалиш бўлади. Бунда ўзингиздаги тортинчоқликдан воз кечинг. Чунки бу «стул»га сиз фақатгина мансаб учун эмас, ҳолат учун чиқдингиз. Яшашга, комил инсон бўлишга лойиқлигингизни ўзингизга исботлаш учун чиқдингиз. Ҳар қандай одам тахт ясаб, ўтириб олиши мумкин. Лекин бу сизга мансаб жиҳатидан пошшоликни бермайди. Ҳеч бўлмаса ўз ўйингизда пошшо бўлишингиз мумкин. Асосийси, вужудингизни эмас, қалбингизни, руҳингизни комил инсон «тахти»га ўтқазинг! Бу сизга керакли ҳолат, керакли кайфиятни беради. Ўшандагина тўғри, шу ҳолатга мос фикрлар, мос ҳаракатлар, гаплар, интилишлар келиб чиқади. Буни маънавий юксалишнинг бошланиши дейишади. Кейинчалик, моддий тарафингиз ҳам шунга яраша мустаҳкамланиб бораверади.

ИШОНЧ

Ишонч деган тушунча ва ишониш туйғуси бор. Ишонч бу ўша пайтда, ўша даврда ишониб бўлинганликни билдиради. Ишониш эса бу давом этаётган ҳодиса. Худонинг борлигига ишониб борамиз. Давомли ишониш асносида «мутлақ ишонч» юзага келади.

Ишониш бу ишончдан ҳам юқори туйғу. Бу шундай эканлигига иймонингиз комил эканлигини таъкиддаш билан янада мустаҳкамланади. Мисол учун, бирорта кўзингизга кўриниб турган нарсага, масалан, гулларнинг бор эканлигига ишониш керакми? Буни сўрашнинг нима кераги бор? Ана кўриниб турибди, бор-ку! Энди эса бўлаётган ҳодисага нисбатан, Оллоҳга, маънавиятга, интуицияга, олтинчи туйғунинг борлигига сизда ишонч бўлса, демак кўрмасангиз ҳам борлигига ишонасиз.

Тўғрироғи, қалб кўзи билан кўрасиз. Икки кўзимиз буни кўрмаслиги мумкин, аммо қалб кўзи кўради. Кейин сизда ундан ҳам юқори ҳолат келади, шундай эканлигини билиш ҳолати! Билган одамга ишониб ўтиришнинг кераги йўқ. Пири комиллар Оллоҳ бор эканлигини биладилар. Ишониб ўтирмайди улар, ишониш босқичидан ўтиб кетишган. Ишониш туйғуси «личинка»ларга, «қурт»ларга керак. Муҳаммад пайғамбаримиз ишониш ва ишонч ҳақида шундай деганлар: «Сизлардан ҳам азиз менинг умматларим келади. Сизлар менинг ёнимда юрибсиз, сизлар менинг юриш-туришимни кўряпсизлар, менга Қуръони каримнинг нозил бўлганини биласизлар, шунинг учун сизларнинг Худо борлигига ишонишинглар ҳам осон, иймон келтиришларингиз ҳам осон. Мен қилаётган мўъжизаларни кўриб турибсизлар, бунинг гувоҳи бўляпсизлар. Албатта, сизларга осон бўлади. Лекин шундай умматларим келадики, нафақат мени, сизларниям кўрмайди, мўъжизаларимниям кўрмаган, гапларимни эшитмаган, фақат ўқиган ва иймон келтирган. Шунинг учун мен уларни сизлардан юқори қўяман» деганлар. Бу гапнинг тагида кучли маъно бор. Уларда билиш бор. Шунинг учун мана бу столни ишлаб чиқарган заводнинг борлигига ишонади. Столни билади, демак буни ишлаб чиқарган эгаси бор деяпти. Лекин авлиё ва пайгамбарларни кўрмай туриб, ишониш, билиш бу жуда қийин. Буни қалб кўзи билан кўрса бўлади.

Ишонч, ишониш, билиш! Бу – руҳ чиқарган Қарор. Масалан, маълум бир масофадан бошқа бир масофагача сизнинг мақсадингиз турибди. Шуни амалга оширишингиз керак. Сиз ҳаракатни бошладингиз. Билимингиз бор. Ҳаракат қиляпсиз, Қийинчиликларга дуч келяпсиз, унга боряпсиз, бунга келяпсиз. Ёки битта-яримта ишингиз битмаяпти, ҳужжат тўғрилаш керак. Баъзи бир тўсиқлар бўлиши мумкин. Ҳозир сизга шундай пайт келди. Ўша сизда бор ишончга яраша ҳаракат қилиб бўлдингиз. Сизнинг «ёқилғи»нгиз тугади. Шу бўладиган ҳодисага нисбатан интуиция нимага керак? Интуиция мана шуларни тез амалга ошириш учун керак. Амалга оширишингиз учун ишончни кучайтиришингиз керак. Нафақат ишончни кучайтиришингиз керак, балки уни кучайтириб-кучайтириб, худди чақмоқдан олов ҳосил бўлгандай «билиш»га ўтасиз. Шундай бўлиши кераклигини таъкидданг! Шундай бўлади! «Мен хоҳлаяпман, худо хоҳласа бўлади» дейиш керак. Ҳар гал олдига мақсад қўйганда шундай қилиш керак бўлади. Одамлар нима қилади? Ўрнидан туриб юзини ювади-да, қалб, руҳ кучларидан бехабар бўлгани ҳолда янги кунни бошлайди. Эшитган бўлсаям, бунга унча эътибор бермайди. Бир ишга ҳафсаласиз уриниб кўради. Ўхшатолмаса, бошқасига ўтиб кетади. Уям бўлмаса яна бошқасига. Шу шаклда лабиринтга ўхшаб айланиб юраверади. Ёриб кириш йўқ! Буниям иккита томони бор. Худди таёқнинг икки учи бўлганидай, нотўғри кетиб қолиб, деворни ёриб чиқаман деб, каллани уравергандан кўра бошқа йўлдан кетган ҳам маъқул. Ёки бир очиқ эшик бўлса, айланиб ўтган ҳам маъқул. Бу ҳам эсингизда турсин! Ҳеч замонда ёғоч рандалайдиган асбобда темир арралай олмайсиз. Ҳамма нарсани ўз жойида ишлатган маъқул.

Тафаккур, қалб, вужудни очиш керак. Ирода, ирода кучи, қатъиятлилик, ишонч, билиш! Шундай бўлишлигини билиш бу ишонишданам юқори босқичдир. Пири комилларда билиш ҳолати бор.

Шунинг учун уларга исботнинг ҳам кераги йўқ. Одамлар ташқи дунёсига кўпроқ эътибор бериб юборган пайтда, динлар аста-секин «ўла» бошлайди. Ана шунда пири комиллар уларни тирилтириб туради. Жон бериб туради. Демак, аввало ишончнинг моҳиятини яхшилаб англаб олиш керак. фақат бош билан эмас, юрак билан, қалб билан англаш ҳам керак. Тушуниш керак, билиш керак! Рангларни бешта ҳис-туйғу билан, оқ-қорани, қизилни, сариқни, ширин-аччиқни, нордонни кодлаганингиз сингари олтинчи туйғу билан ҳам кодлайсиз. Кодлай бошлаганингиздан кейин янаям ишончингиз кучайиб, билиш даражасига ўтади. Усталар билади, шунинг учун ўзига бир ҳафта ёки бир йиллик олдинги режани тузаверади. Ажалини бир байрамдай кутиб олади. Агар ўлим бўлмаганида эди, инсониятга ҳаётнинг умуман қизиғи қолмаган бўларди. Бу дунёда умрбоқий бўлиб юришдан худо асрасин. Оллоҳ ҳамма нарсани ўткинчи қилиб қўйган. Бу дунё – синов! Туғилиш, гўдаклик, болалик, ёшлик, навқиронлик, ўрта ёш, кексалик – ҳаммасини кўриб чиқасан. Битта босқичда қолиб кетмадинг. Ҳаммасини кўрдинг, униям кўрдинг, буниям кўрдинг, аччиқниям, нордонниям, яхшиниям, ёмонниям, иссиқниям, совуқниям, оқниям, қораниям.

Масалан, сиз мактабни тугатгач, охирги қўнғироқ чалинса-да, «яна ўқигим келяпти» деб қайтадан биринчи синфга бора олмайсиз. Туғилиш ва ўлим ҳам худди шундай нарса. Уни муносиб кутиб олиш керак. То ўлим бизга яқин келмагунича, яхши амалларни қилиб қолишга улгуришимиз керак. Санкт-Петербурглик Алексей Марченконинг ажойиб бир гапи бор эди:

«Фараз қилинг, дунё, яъни ер юзи мисли футбол майдони. Иккита команда жаҳон биринчилиги учун ўйнаяпти. Сиз «Шуям ўйинми, мана мен ўйнаганимда эди, ҳаммаси бошқача бўларди» деб томоша қилаётган томошабинсиз. Бу биринчи кўриниш, моҳиятан «уруғ»ларнинг фикри. «Қурт» кўринишида эса сиз ўйин майдони ичидасиз, лекин бор маҳоратингизни ишга солиб жонжаҳдингиз билан берилиб ўйнамаяпсиз. Сизни томошабинлар қанчалик қўллаб-қувватламасин, барибир ютқазиб қўйдингиз. Чунки сизда «ҳали кўп ўйинлар бўлади, бунисида бўлмаса кейингисида ютарман» деган фикр мавжуд. Умр қисқа, ўтган вақт эса қайтиб келмайди. Олий ҳакам «чур» этиб ҳуштагини чалиб, «марҳамат, фалончи рақамли ўйинчи, ўйингоҳни бўшатинг» деганида эса довдираб қоласиз. Бўлди, вақт тугади. Ўлим келди…»

Тўқсон етти фоиз одам шундай яшаяпти. «Ҳали олдинда қирқ йил, эллик йил бор-ку!» дейди. Вақт кетяпти, аста-аста…

ТУҒИЛИШ ЎЛИМГА ЯРАТИЛГАН ИМКОНДИР

Туғилиш сизнинг қанчадир вақтдан кейин ўлишингизни билдиради. Чақалоқ туғилди, ҳаёт бошлади. Ўтаётган сониялар борган сари ўлимга яқинлаштиради. Шу сабаб, бу ҳаётда яхши ўйинчи бўлиш керак. Дунёни айланиш, бошқа жойларниям кўриш керак. Одамзот умрида ҳеч бўлмаса бир марта уммонни кўриши керак, денгизни кўриш керак, чангалзорни кўриш керак. Ахир ҳаётга бир марта келамиз. Пайти келганидан кейин ҳеч ким сиздан сўраб ўтирмайди! «Сиз розимисиз ўлимингизга?» дейилмайди. Бўлди, ҳуштак чалинди, ўлим фариштаси жон олишга келди. «Эҳ аттанг, буни олдинроқ билганимда эди, одамларнинг энг ярамасини ҳам пешонасидан ўпиб, айланай ўзим сиздан, деб кетардим!» дейди. Ота-она, ака-ука, опа-сингил, қўниқўшниларимга яхши муомалада бўлган бўлардим. Ватанимга шундай хизмат қилардимки, ҳаммани қойил қилардим.

Ҳаммамиз ҳам ўламиз! Ўлмайдиган одам йўқ. Шоҳ ҳам, гадо ҳам ўлади. Қачонки, ўзингиз «капалак»ка айлангандан сўнг, парвоз қилгандан кейингина армон қолмайди. Озод бўлиб, парвоз қилиб бутун дунёни кўряпсиз, англаяпсиз. Маънавиятниям, моддийликниям, оиланиям эсингиздан чиқармай, ҳавас қиладиган даражада яшаб ўтсангиз, сизга ўлим фариштаси келадими, бошқаси келадими, «Яшадим» деб бемалол айта оласиз.

Одам спорт билан шуғулланганидан кейин бир терлаб, чўмилиб чиққач, танаси яйраб кетади. Эрталаб югуриб, машқ бажарсангиз ўзингизни енгил ҳис қиласиз. Кўпчиликка ўлимдан гап очсанг, кўзларини мошдай очиб қўяди. «Вой, ўламизми? Буни эшитгандим, лекин тасаввур қилмаган эканман. Яхши айтдингиз, ҳақиқатан вақти келганида жонимизни оддий сабаб билан олиб кетаверади».

Шунинг учун бир хил манбаларда ўлим фариштасини қўлида ўроғи билан чизиб тасвирланган бўлади. Чунки у битта жонни эмас, бир йўла мингта, миллионта жонниям олиб кетиши мумкин. Унга бу иш ҳеч нарсамас. Бу реал нарса! Жисмоний ўлимгаям ишониш керак. Бугун, эртага, ўн йилдан кейин ё эллик йилдан кейинми, қачон бўлсаям келади. Юрак уришдан тўхтайди, майдондан чиқ, дейди. Бу жойни бўшат! Бошқалар келяпти, улар ҳам ўйнаши керак дейишади. Сўнгги пушаймон ўзингга душман бўлади. Ана шуни эсдан чиқармасангиз, сизнинг тетиклигингиз, фаоллигингиз доим юқори бўлади.

«Ўлимни ҳеч бўлмаса, бир кунда уч марта эсингга ол» дейилганининг маъноси асли шу. Бу «барибир ўламиз эканда, мен нима қиламан» деган маънода айтилаётгани йўқ. «Ҳаётнинг қадрига ет» деган маънони билдиради. Борлигингга, яшаётганингга шукур қил дегани. Юзингга ажин туширяпти. Бошқа маънода эса фақат юзингдаги ажинларни санайвермай инсондек яша деяпти. Одамлар қойил қолсин, барчага ўрнак бўл деяпти. Ҳаётнинг ўзи парвоз қилишга чорлаяпти. Умрингни беҳудага, бўлар-бўлмасга сарфлама, арзимаган мол-дунёингга боғланиб қолма! Уйингдаги икки метр шкафинг ҳаётингнинг қувончига, темир машинанг ҳаётингнинг асосий мақсадига айланиб қолмасин! Улов узоқни яқин қилувчи транспорт воситаси, холос. Гувалакданми, ғиштданми, бетонданми қурган уйингга, кулбангга, боғланиб қолма! Ҳаммаси эллик йил, ё бўлмаса юз, икки юз, беш юз йилдан кейин тупроққа айланиб кетади, кўзингни оч деяпти. Дунёдаги манаман деган энг баланд осмонўпар бинолар, Эйфель минораси, Миср эҳромлари ҳам, дунёдаги жамики нарсалар бир кунмас бир кун занглаб, чириб тупроққа айланиб кетади. Аммо инсон иморату иншоотларни яна янгидан бунёд қилаверади.

Ўлим ҳақ деяпти. Кўзингни оч деяпти. Ҳаёт майдонида яхши ўйинчи бўл деяпти. Хурсанд бўлиб юр, жанжалдан йироқ бўл дейиляпти. Доим ўзингни ҳақман деб ўйлаб, бошқаларни ёмонга чиқариш тўғри эмаслигини уқтирмоқчи. Кўнгилдан ҳасадни аритиб, аҳилликни ўргатяпти. Кишига бундан ортиқ яна нима керак!? Томошабин бўлгандан кўра, ўйинчи бўлганингиз яхши. Аммо моҳиятини тушуниб ўйнаш керак. Ўйин бўлаётганини ҳали тушуниб етмаган бўлсангиз, тўп келиб пешонангизга «пақ» этиб тегади. Майдон ичида эканлигингни англашинг лозим. Қалбинг мудрамасин! Завқи ичига сиғмай ўйнаётганлар каби яша. Улар билан бўл, орасида ўйна, ўзиб кет!

Ўзи кавлаб, ўзи тепкилаб кўмаётганлар ҳам шунинг маъносини англамайди. Бир қадрдонини тупроққа кўмиб туриб ҳам, «мен ҳали ўлмайман, эндигина йигирмага, ўттизга, қирққа… саксонга кирган бўлсам, бунга ҳали анча бор» деган хаёлга боради. Вақти келганида сўрамай олиб кетишини тасаввур ҳам қилолмайди.

Ўлимни бир кунда уч марта ёдга олишнинг асл моҳияти шу. Яшаб қол деяпти, бировларнинг фикрига боғланиб қолма. Ҳамма хўмрайиб юрса, сенам шундай қилишинг керак дегани эмас. Чунки инсон ниҳоятда оддий кўринса-да, аслида мураккаб яратилган. Беш кунлик дунёда бола-чақангиз билан яйраб, ўйнабкулиб, чиройли яшанг! Ҳаёт яшаш учун берилган, ўзингизни ё бошқаларни қийнаш учун эмас. Азоб тортиш учун ҳам берилмаган. Ҳадиси шарифларда оилангда ҳам, кўча-кўйда ҳам тўғри бўл, бировни алдама, бошқанинг ҳақини ема, зино қилма, худо берган жонига қасд қилма дейилади. Қон-қариндош, қўни-қўшни билан яхши бўлиш кераклиги уқтирилади. Ўғирлик ва бошқа жиноятлардан йироқ туриш кераклиги ҳақида гап кетади. Савдосотиқ қилибми ёки бирон бир ҳалол иш қилиб, бола-чақангни боқ дейилади. Даромадни қандай қилиш, қайси ишда барака борлиги ҳам айтиб берилади. Савдода, чорвада, паррандачиликда, деҳқончиликда барака бор дейилади.

Бу илмлар асли харита, йўлчи юлдуз. Сиз бунинг моҳиятига етсангиз бўлди.

ФАРЗАНДЛАР ТАРБИЯСИ

Фарзанд тарбияси ҳамма даврлардаям осон бўлмаган. Лекин у жуда зарур муҳим ва эътиборли жиҳат. Дунёга келишдан мақсад – ҳаёт ўйингоҳида ўзимиздан кейин янги ўйинчиларни қолдириб кетиш. Шундай ажойиб ўйингоҳни ўйинчиларсиз қолдириб кетиш ўтакетган нодонлик бўларди. Шу сабаб болаларни «ўйин»га яхши тайёрлаш керак. Фарзанд туғилганида ҳали ўзини англамаган бўлади. Унинг онги секин шаклланади. Ҳозирча унинг «мен»и шаклланмади. Кейинчалик улар тилга киради. Тилга киргач, гапиришни бошлайди. Сўнг сизни рад қилиш феъл-атвори шаклланади. «Болам, мана буни қил» десангиз, «йўқ» деган жавоб оласиз. Шу пайтдан бошлаб, эго пайдо бўла бошлайди. Чунки у ўзини шахс сифатида англаяпти. Бу «Нимага энди доим сизнинг айтганингиз бўлавериши керак? Мен мана бундай бўлишини хоҳлайман» деганидир. Ана шу «йўқ» сўзини вақтида бола қанча кўп айтса, шунча яхши. Уни зинҳор-базинҳор уриб, доимий «ҳа» дейдиган қилиб қўймаслик керак. Қул қилиб қўясиз. «Дон» қилиб қўясиз. Бола қанчалик кўп эътироз билдирса, шунча яхши.

Масаланинг яна бошқа бир томони ҳам борки, бу нотўғри оқибатга ҳам олиб келиши мумкин. Демак, олтин оралиқни топиш керак экан. Дангасалик бу усулда тарбиялашга дарров қарши чиқади. Чунки билганини қиладиган бола ҳеч бўлмаса беш ёшгача ота-онасига жисмоний «ноқулайликлар» туғдиради. Бу даврда боланинг орқасидан кўп чопиш керак бўлади. «Болалик – пошшолик» деб бежиз айтилмайди. Бола пошшодай эркин бўлмоғи даркор. Бу даврда боланинг характери, феъл-атвори шаклланаётган бўлади. Асосан, феъл-атворнинг етакчилик, лидерлик ва ижодий қирралари шаклланаётган давр бўлади. Шунинг учун болага иложи борича эркинлик бериш керак. Албатта, хавфхатардан ҳимоя қилган ҳолда. Ота-оналарга доимий чопа-чопдан кўра, бошқа бир тарбия усули, яъни тақиқлаш, «жим ўтир» деб уришиб бериш осонроқ. Баъзи ота-оналарнинг болалар тарбиясида ўта қаттиққўллигининг сабаби ҳам шу. Кейин етти ёшгача вазир каби муносабатда бўласиз. Вазир ҳам чакана одам эмас. Унга буйруқ бериш керак эмас. Вазир у! Эҳтиёт бўлиб муносабатда бўласиз. Пошшолик давридаги ширин, эркин муомаладан вазирлик муносабатига ўтиш, бу мансабнинг бир поғона пасайиши эмас, тарбиянинг, муносабатнинг кейинги босқичга ўтганини билдиради. Бу босқичда болага айрим тақиқлар ҳам мавжудлигини уларга ўз тилларида тушунтириш лозим.

Ўн ёшдан кейин фарзандингизга «дўст» бўлинг деяпмиз. Бу дўстлик даврига ўтиш пайти келди дегани. Яъни, «вазир»га бўлган муносабатдан «дўст»га бўлган муносабатга ўтиш керак. «Ота-она фарзанди билан то умрининг охиригача дўст бўлиб қолса яхши эмасми?» деган табиий савол туғилиши мумкин. Дўст ҳам кўп бўлмайди. Ҳақиқий, ишончли дўст саноқли бўлади. Эътибор беринг, подшо битта, вазирлар камида икки ёки ундан кўп. Дўстлар унданам кўп бўлиши мумкин. Ота битта-ю, она битта, Ватан ягона бўлади.

Нима кўпайса, унинг қадри туша бошлайди. Агар сизнинг бирор нарсангиз иккита ё кўпроқ бўлса, сизда биттасини бировга ҳадя қилиш ёки сотиш имконияти мавжуд. Ота-оналар фарзандлари билан то умрларининг охиригача дўст бўлиб қололмаслигининг сабаби шу. Дўстона муносабатда бўлишни ҳамма хоҳлайди. Аммо тарбия мураккаб жараён бўлгани сабабли бу ҳамишаям ўзини оқлайвермайди.

Баъзилар иложсиз қолиб, баъзилар қулай имконият туғилганида, баъзилар эса арзимаган сариқ чақага дўстини сотади. Бошқаларининг дўстини сотиш-сотмаслиги нима таклиф қилишларига боғлиқ. Кимлардир дўстини ҳеч бир бойликка, манфаатга алишмайди. Афсуски, бундай мардлар жуда кам. Отаона, Ватан сотилмайди! У бебаҳо. Унинг қиймати йўқ!

Дўстликдан бегонага бўлган муносабатга ўтиш дедик. Ана шу йўл билан болани ҳаётга тайёрлаймиз. Агар шу босқичга секин ўтилмаса, бола эрка бўлиб қолади. Ўзи аслида эркинлик инсон учун зарурий неъмат. Оллоҳдан бошқаси инсоннинг эркини чеклашга, камайтиришга, қисқартиришга ҳаққи йўқ.

Биз дунё бўйича қабул қилинган маълум бир тартибқоидаларга бўйсунишимиз керак. Тартиб эмас, интизом бўлиши керак. Тартиб-интизом деб қўшиб айтишади. Бекор гап, иккови икки хил нарса. Интизом бошқа, тартиб бошқа! Тартиб сизнинг озодлигингизни қайсидир жиҳатдан сиқиб қуяди. Интизом эса, сизни тарбиялайди, тоблайди. Болага айнан интизомни ўргатиш лозим. Доимий тартибни эмас! Тартибли қиламан деб чегаралаб қўйсангиз, қисиниб-қимтиниб, боланинг «қаноти» ёзилмай қолади. Эринмай тушунтириб, интизомни тоблайдиган томонини кўпроқ эътиборга олиш керак. Сиз болангизга «катталарни ҳурмат қилиш керак» деб ўргатасиз. Болангиз сизга «нега» деб савол бериши мумкин. Сиз яна тушунтирасиз: «Чунки катталарнинг ҳаётий тажрибаси кўп. Агар сен ўзингни яхши тутсанг, улар сенга ибрат мактаби бўла оладилар. Ҳурмат қилмасанг, уларга яқин боролмайсан, демакки, тажрибаларини, билганларини сен билан ўртоқлашмайдилар». Балки, янада кенгроқ тушунтириш керакдир. Боланинг акслиги эгонинг шаклланаётганидан дарак беради.

Агар эго шаклланмаса, у хаос – тарқоқ бўлиб қолади. Янаям тўғрироқ қилиб айтганда, лидерлар асли эгоист характеридаги кишилар бўлишади. ўзига хос эгоси бор. Бунингсиз саҳнада ашула айтишнинг ҳам, дарс ўтишнинг ҳам, фирмани бошқаришнинг ҳам иложи йўқ. Бу тоифа кишилар эгони яхши томонга бошқарадилар. Халққа хизмат қилишга йўналтирадилар. Агар эго бўлмаса нимани йўналтиради? Тасаввур қилинг, оддийпуфак… Унинг ичига ҳаво тўлдириш учун сирт керак, яъни резина пуфак керак. Пуфак бу эго, эго шакллангандан кейин болалар жуда қайсарлашиб, «ўзимнинг айтганим бўлади» дейдиган бўлиб қолишади. Қилма, деган ишингизни қилади. Акс инсонга айланиб, нима десангиз чаппасига бажаради. Айниқса, «пошшолик» ва «вазирлик» даврида. Бу дегани эго шаклланяпти, боланинг «мен»и шаклланяпти, ўзини англаяпти дегани. Хурсанд бўлиш керак. Аммо интизомгаям ўргатиб бориш лозим. Мутлақ тартибга эмас. Чунки мутлақ тартиб бу ҳамма нарсани тўхтатиб, жимжит қилишдир. Рамзий маънода мутлақ тартиб бу – ўлим. Дейлик, марҳумни ювиб-тараб, кафанга ўраб, тартибли бир ҳолатда қўйиб қўйишган. Бу тартибнинг олий кўриниши.

Агар юракда мутлақ тартиб бўлса, юрак уришдан тўхтайди. Юрагимизнинг уриб туриши эвазига биз яшаяпмиз. Демак, керакли жойда тартиб, керакли жойда тартибсизлик киши учун муҳим. Аслида мана шу тартибсизликни интизом билан давом эттириш мумкин. Юрагимиз ҳар хил эмас, бир меъёрда, ритмда уряпти, интизом билан давом этяпти. Агар тартибсиз урса, бу «аритмия» деб аталувчи юрак қон-томирлари касаллигини билдиради. Фарзандингизнинг «тартибсиз»лиги, сизга қулоқ солмаслиги, маълум бир тартиб билан бўлиши керак. Шуни интизом дейишади. Лекин унинг «тартибсизлиги», эркинлиги интизом билан чегараланмаяпти, балки мувофиқлаштириляпти.

Демак, тартиб чегаралаб қўяди. Интизом эса мувофиқлаштиради. Табиатда чегара деган нарса йўқ. Ер юм-юмалоқ.

Ҳаво бизни ўраб олган. Биз ҳавога, булутга, атмосферага чегара қўя олмаймиз. Шу сабабли, фасл-ар ўзгариб, айланиб туради. Фарзандингизнинг тарбиясида ҳам тақиқлардан афзалроғи интизом билан мувофиқлаштириш.

Интизом кенг тушунча. Ички аъзолар маълум бир йўналишда интизом билан ишлаяпти, мувофиқлаштирилган гармонияда ишлаяпти. Сиз ухлаганингизда ички органлар уйқута ётмайди. Улар дам олмасдан ишлайди ва шунинг эвазига биз ер юзида тирик жон бўлиб, ризқимизни териб яшаб юрибмиз.

Юқорида айтганимдай, бола тарбиясидаги биринчи «пошшолик» даврини чўзиб юборсангиз, яъни бошқа босқичларга «вазирлик», «дўстлик» даврларига умуман ўтмасангиз, бу ҳам ёмон натижага олиб келиши мумкин. Бола хоҳласа сизга қулоқ солади, хоҳламаса қулоқ солмайди. Доим айтганингизнинг аксини қиладиган бўлиб қолади. Қуйидаги ривоятда бу мавзу янада кенгроқ очиб берилган:

Бир қариянинг яккаю ёлғиз фарзанди бор экан. Шу фарзандига доим нимаики деса, айтганининг тескарисини қилар экан. «Ўғлим, ассалому алайкум» деса, «хайр, ота» дер экан. «Хайр, ўғлим» деса, «Ассалому алайкум, ота» дермиш. «Ўғлим, бу ёққа келинг» деганида, «Мен кетдим, ота» дер экан. Ўтир дейишса, шарт ўрнидан турар экан, тур дейишса шартта ўтириб оларкан. Оқ деса қора деркан, баланд деса паст деркан. Ҳамма нарсанинг аксини қилар ва шу қилиғи билан кўпларнинг жонига тегар экан.

Кунлардан бир куни тоғ ён бағридан юқорига чиқиб, қўшни қишлоққа меҳмондорчиликка кетаётганларида, чолнинг оёғи сирпаниб кетиб, жар лабига илиниб қолибди. Ўғли отасига қараб турган экан. Ота хаёлидан «ўғлим ҳамма нарсанинг тескарисини қилади-ку» деб ўтказибди.

– Ўғлим, мени жарга тепиб юбор, тезроқ тепиб юбор мени шу жарга, илтимос! деса, ўғли шундай жавоб қилибди:

– Эҳ ота, шу пайтгача ҳеч айтганингизни қилмадим, ҳаётда ҳеч бўлмаса бир марта айтганингизни қилай, деб бир тепиб, жарга тушириб юборган экан.

Бечора ота мени тортиб олади деб ўйлаб, тескарисини айтди-ку! Шундай пайт келсаю, сиз тескарисини айтсангиз, болангиз нолозим жойда «тепиб юборса» нима қиласиз? Хафаям бўлолмайсиз, чунки у сизнинг айтганингизни қилди. Демак, нотўғри тарбия бергансиз. Ҳақиқатан, бора-бора кейинчалик феълига мослашиб, тескари гапирадиган бўлиб қолади. Тарбия ҳам ўзгариб кетади.

Асосан, мактаб ёшигача бўлган болалар акс табиатли бўладилар. Ўша даврларда тескарисини қилса ҳам, унга тескари айтманг, бўлмаса ҳар ишнинг аксини қилиб ўрганиб қолади. Чунки ўша тескари сўзлар миясида кодланиб қолади. Акс табиатлилик ўрнашиб қолади. Болага кейин «Доскага чиқинг-чи» дейишса, чиқмай ўтираверади. «Нимага чиқмаяпсиз?» дегандан фойда йўқ. Чунки у гапингизни ўзига «чиқманг» деб қабул қилиб бўлди. Тафаккурига қорани оқ, оқни қора деб кодлаб бўлган. Кодлаш ниҳоясига етган! У катта ёшга етганида ҳам акс табиатли бўлиб қолаверади. Балоғат ёшидан кейин ҳам катталарнинг гапига қулоқ солмайди. Шундай ҳолатлар бўлмаслиги учун тўғри гапириб, ёрдами тегмасаям «Ўғлим, менга ёрдам бера оласанми?» дейиш керак. Бир куни инсофга келиб қолар. Унда эго шаклланиб бўлганидан кейин, боя биз тўхталиб ўтган интизом мана шу эгони аста-секин бошқариб, битта турдан иккинчи турга узатиб, ўзгартириш моҳиятни таъминлаб беради. Бора-бора шундай болаларда кейинчалик эго умуман йўқолиб кетади. Балки қайсидир бир кўринишда сақланиб қолиши мумкин. Аммо кучли шаклда эмас!

Масалан, қизғанчиқлик одати ҳаммада қанчадир фоиз бор. Бу ҳам қайсидир бир сабабга кўра бизга берилган. Агар зиқналик умуман бўлмаса, қон топшир дейишганида, бориб организмингиздаги беш литр қонингизнинг ҳаммасини топширган бўлардингиз. Голливудда суратга олинган «Етти умр» кинофильмида Оскар мукофоти соҳиби Уилл Смит бош ролни ўйнаган. Кинода фильм қаҳрамони ички органларининг ҳаммасини бегоналарга васият қилиб, тарқатиб юборишга розилик беради. Ваннага сув тўлдириб ётиб, медузани қўйиб юборади. Медуза келиб уни чақади. Медузанинг чақиши инсон ўлимига сабаб бўлса ҳам, ички органларни зарарлантирмас экан. Олдиндан тез ёрдам чақиртириб, васият ёзиб, имзолаган бўлади: фалончига юрак, пистончига кўз, яна бошқасига талоқ деб. Ундай кишида зиқналик умуман йўқ. Ҳатто вужудиниям, маълум сабабларга кўра бошқалар саломатлиги йўлида қурбон қилди. Агар сиз оз миқдорда ўзингизга нимадир олиб қоляпсизми, демак сизнинг эгоингиз ҳам оз миқдорда бор экан. Бўлсин!

Фарзанд тарбияси ҳақида тўхталиб ўтдик. Бунинг энг қийин, оғир ва зарур масала эканлиги ҳам айтилди. Агар болага тўғри тарбия берсангиз, роҳатда яшайсиз. Худо кўрсатмасин, ёмон фарзанд тарбияласангиз ҳамма «дод» дейди. Уни бошқатдан тарбиялаб бўлмаса, қаматолмасанг, ўлдиролмасанг! Жонингиз азобда қолади. Шундай бўлмаслиги учун ўта эркалатиб юборманг! Эркалаш ўз вақтида, интизом ўз вақтида бўлгани маъқул. Комил инсон бўлиб вояга етиши учун ҳам зарур бу. Чунки, кўпчилик одамда эркаланиш туйғуси, эго, зиқналик ўз вақтида бўлмаган, шаклланмай қолган. У барибир юзага чиқади. Шунинг учун ҳар бир нарса ўз вақтида бўлгани маъқул, Масалан, сиз ҳозир ўйинчоқ ўйнамайсиз-ку! Агар сиз уйда бир ўзингиз қолсангизу, болангизнинг ўйинчоқларини кўриб, ўйнагингиз келса, демак болалигингизда шу нарса сизга етишмай қолган. Баъзи оталар ўғлига велосипед олиб бераверади. Чунки ўзи ёшлигида велосипеди бўлишини орзу қилгану, аммо қандайдир сабаб билан бу орзуси амалга ошмаган. Бошқа биров ўйинчоқ машина, бошқаси эса ҳақиқийсини олиб беради. Бу аслида унинг болаликдаги амалга ошмаган орзусининг бир кўриниши. Мен кўрмаганни болам кўрсин демоқчи. Агар ёшлигида машинаси бўлганида эди, ўғлига машина олиб беришга бу қадар қизиқмаган бўлар эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации