Электронная библиотека » Шухрат Суюндик » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Шухрат Суюндик


Жанр: Общая психология, Книги по психологии


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Фарзандга тўғри илм беришга ҳаракат қилиш керак. Майли, мактаб, коллеж, лицей, институтда ўқисин. Ҳунарга катта эътибор беринг! Қадим-қадимдан ҳунардан улуғроқ неъмат йўқ деган фалсафа мавжуд. Дейлик, сиз институтни имтиёзли тутатгансиз. Аммо ҳозир сизга айрим мавзулардан савол берилса, жавобига ўйланиб қолишингиз мумкин. Кўпинча, «эсимдан чиқди» деган жавобни берамиз. Ўша пайтдаги маълумотларнинг маълум бир фоизигина миянгизда қолсаям катта гап. Аммо ҳунар эсдан чиқмайди! Ҳунарингиз бор бўйича сизга сингиб кетади. Болаларга, айниқса, ҳозирги замон болаларига турли касбларни ўргатиб бориш фойдадан холи эмас. «Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз» деган мақолнинг моҳияти шу. Ҳозирги замонда ҳунар ўрганишнинг чегараси йўқ. Ҳунари бўлмаган ҳар қандай одам ҳаётда қийналиб қолади.

Одамлар билан муомала одобини ҳам биринчи галда ўргатиш лозим. Муомала инсонда одамгарчилик фазилати шаклланишини таъминлайди. Марказий Осиё бўйича одамгарчиликда, ширинзабонликда фарғона водийсига етадигани йўқ. Сизга нотаниш одам бўлсаям, «Ассалому алайкум, соғлиқларингиз яхшими, болалар тинчми?» деб сўрашиб ўтади. Андижон пахтачилик институтига ўқишга борганимда, у жойдага кишиларнинг муомала маданиятини кўриб қойил қолганман. Кишилар бир-бирлари билан обдон сурашиб ўтиб кетадилар, ортидан ҳавас қилиб қараб қоласиз. Бир куни бир танишимдан: «Қариндошингизми?» деб сўрадим, «Йўқ, нотаниш, энди кўриб туришим» деди. «Нега унда бунча қуюқ салом-алик қилдинглар?» десам, «Энди ўзбекчиликда шундай қабул қилинган-да» дейди. Бу – тайёр ҳаёт мактаби. Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Ёқтирмаган одами келиб қолсаям, мулозамат кўрсатишади. Одамгарчилик талаб қиляптими, саломини канда қилмаяпти. У одам нарироққа кетганидан кейин ўзининг ҳис-туйғуларини ташқарига чиқаряпти. Бу тўғри ҳам эмас, нотўғри ҳам эмас. Сиз ўзингизга зарур хулоса чиқариб олинг демоқчиман. «Илиқ-илиқ сўзлардан илон индан чиқибди, совуқ-совуқ сўзлардан мусулмон диндан чиқибди» дейишган.

Мен эркинман, очиқман, тўғри сўзни айтишим керак деб, ҳаммасини бор бўйича юзига шарт гапиравериш қайсидир маънода тўғри ишдек кўринса-да, бу ўзингиз учун ортиқча даҳмаза бўлиши ҳам мумкин. Атрофингизда қўштирноқ ичидаги «дўстларингиз» кўпайиб кетади. Яъни, сизни ўз мақсади йўлида бошқаларга қайраб қўювчилар кўпайиб кетади. Аввалига, менда ҳам шуниси тўғри, орқасидан гапиргандан кўра юзига гапирган яхши, юзга айтганнинг заҳри йўқ деган фикр бор эди. Лекин ҳозир фикрим умуман ўзгарган. Душманини ҳам иззатлайдиган кишилар маънавий жиҳатдан тўғри иш қиладилар. Чунки ҳар қандай шароитда ҳам одам инсонлигича қолиши керак. Шахсий фикр сизники! Уни ҳар доим ҳам юзага чиқаравериш яхши натижа бермайди. Сиз учун разил бўлиб кўринган одам бошқа биров учун суюкли бўлиши мумкин. Сиз учун номард кўринган одам кимнингдир ҳаётини сақлаб қолган бўлиши мумкин. Сиз учун қўрқоқдай туюлган одам қаердадир жасорат кўрсатган бўлиши мумкин. Кишилар фарқланадилар. Минг жасур, мард одам ҳам бошқа бир вазиятларда қўрқоқ бўлиб қолиши эҳтимоли бор. Оиласи, болалари бўлса, ўзи учун эмас, болалари учун чидайдиган кишилар бор. «Майли, мени камситсалар ҳам жим турай» дейди. Бу қўрқоқлик эмас, балки мардликдир. Кимдир сизни ноҳақ айбласаю, сиз унинг оёқ-қўлини синдириб аламдан чиқишингизнинг фойдаси йўқ. Шунинг учун муомалада гап кўп. Ўзбекчилик, муомала деган тушунчалар инсонга шу жойда керак. Водий халқи фарзандларига «сизлаб» мурожаат қилишади. Боланинг одобини гўдаклигидан шакллантиряпти ўлар. Ўзбекчилик, одамгарчиликни сақлаб қолиш керак. Миллатимизнинг шу томонларига бутун дунё тан берган. Қуллуқ қилиб туришларимизни ғарб олами тушунмайди, тушунолмайди ҳам. Сабаби, Шарқдаги одамгарчилик тушунчаси уларда йўқ ва буни ўз қарашлари билан нотўғри талқин қилишади. Баъзи бир оилаларда ота-онага нисбатан ҳурмат у қадар кучли бўлмайди. Буни тўғри берилмаган тарбия дейиш керакми ёки ота-онанинг, аввало ўзларига тарбия керак бўлганми, ё билими етмаганми, буниси аниқ эмас. Бундай ҳолатларда ҳам намунали оилалардан ўрнак олиш керак. «Ойижон, адажон!» деб тилининг учида эмас, чин қалбдан, юракдан чопиб, елиб-югуриб, ота-онасига хизмат қиладиган фарзандлар ҳам бор. Шундай оилалар билан дўстлашиб, фарзандларингизни меҳмондорчиликка етаклаб, намуна тариқасида ўзи улардан ибрат олишига қўйиб беринг. Юзига «сен ҳам мана шулардай бўл» деб асло айта кўрманг! Ўзгариш ўзида бўлсин. Ич-ичидан «ота-онага шундай муносабатда бўлиш ҳам мумкин экан» деган хаёл ўтади. Фарзанд тарбияси, умуман инсон тарбияси ҳақида гап кетар экан, болаларни ибратли жойларга олиб бориб айлантириб туриш керак, дейман. Ўзбекистоннинг ҳам азиз, ҳам замонавий жойларини кўрсатиш лозим. Самарқанд, Хива, Бухорони кўрмаган бўлса, кўрсатинг! Чет элга боришнинг ҳам кераги бўлмайди. Ўзимизда ҳам чиройли шаҳарлар, осори атиқалар кўп. Шунда фарзандларингизнинг ҳам маънавияти юксалади, ҳам тарихни ўрганади, ҳам Ватанга муҳаббати ортади. Ўзини ҳурмат қилишни ўрганади. Ҳар бир миллатни ҳурмат қиладиган даражага етади. Ўз миллати билан ҳақиқий фахрланадиган, Ўзбекистон фарзанди эканлигидан ғурурланадиган комил инсон бўлиб етишади. Тарихимизни қанча чуқур билса, шунча фахрланади. Билмаса, ғафлатда юраверади.

Пайғамбарларнинг, авлиёларнинг ҳаётини ўрганинг! Пири комилларнинг ибратли умри гувоҳи бўлиб, улар қилган ишлар қолган. Биз авлодлар уларнинг ҳурматини жойига қўйиб, зиёрат қиламиз, ҳақига дуо қиламиз. Фарзандларимизга қадриятларимизни, тарихимизни яхшилаб ўргатишимиз, даҳоларимизни таништиришимиз ўзимиз учун, уларнинг келажаги учун керак. Токи, улар аждодлари билан фахрланиб юришсин.

ШОГИРД, КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ

Оилани моддий таъминлаш учун хизмат кўрсатиш турларини, савдо шохобчасини очган тадбиркор юртдошларимиз маълум вақтдан кейин кадрларга, шогирдларга катта эҳтиёж сезадилар. Ҳақиқатан ҳам кадрлар масаласи энг жиддий мавзу! Буни тадбиркорлик билан, кичик бизнес билан шуғулланаётганлар жуда яхши билишади. Ишхонанинг тараққиёти, фойда келтириши юз фоиз кадрларга боғлиқ. Масалан, сизнинг ишхонангиз жуда яхши фаолият кўрсатяпти. Маълум вақт ўтгандан кейин ишхонангизни кенгайтириш, филиалларини очиш истаги туғилди. Шунда сизга етакчи мутахассислар, шогирдлар керак бўлади. Шогирдларни кадрларнинг ичидан аста-секин танлаб, тайёрлаб борасиз. Чунки сиз жисмоний «ҳаммасини» назорат қилишга улгурмайсиз. Бундан буён сизга ишончли кадрлар, етакчи шогирдлар зарур бўлади. Ишхонангизни кенгайтириб, келажакда катта компанияга айлантириш, мана шу етакчи кадрларни, шогирдларни тўғри танлаб тарбиялашингизга боғлиқ. Сиз ўзингизнинг қўл остингизда ишлайдиган кадрларга йўл-йўриқ ўргатиб, уларни маълум даражага олиб чиққанингиздан кейин улар энди сизга шогирд мақомида бўлади. Уларнинг ичидан ишни эплаб кетадиганларини ажратиб олиб, шогирд қилиб тайёрлаш лозим. Чунки келажакда ўзлари мустақил равишда сизнинг бизнесингизни олиб боришади. Ҳақиқий шогирд дейилганда сизни алдамайдиган, ҳурмат қиладиган, берган билимларингиз асосида рўзғор юритадиган, бола-чақасини ҳалол пул билан боқадиган кишини тушунилади. Шогирдларингиз қанчалик кўп бўлса, шунча яхши. Ҳам касб-ҳунарлик кишилар кўпаяди, ҳам уларнинг қўлида ишлайдиганлар учун ишчи ўринлари кўпаяди. Ҳар сафар шогирдларни (содиқ кадрлар) ҳаётга тайёрлаб, учирма қилганингизда ўзингизда шундай яхши бир куч-қудратни сезасиз, ишларингиз янада ривож топиб, баракали бўлиб бораверади. Кимдандир ниманидир ўрганиб, унинг билимидан, таълимотидан ўзингиз учун фойда кўрсангиз, сизга билим берган одамдан қанча кўп миннатдор бўлсангиз, ўзингиздаги шукур қилиш каби яхши хислатлар шунча шаклланаверади. Айниқса, сахийлик фазилати кучайиб бораверади. Сахийлик дегани бу бойликнинг бошланишидир. Бундай одамлар камбағал бўлиши мумкин эмас. Мол-давлати янада зиёда бўлади.

Одам қанча хасис бўлса, юқоридан бериладиган ризқ-насиба ҳам шунчалик ёпилиб бораверади. Қанчалик ёпиқ бўлсангиз, ўзингизга шунчалик жабр қиласиз. Кўнгилни кенг қилиб, кишиларга яхшилик қилиш билан савоб ишларни қилсангиз, яратган йўлингизни шунчалик очади.

Тарихда Ҳотами Той деган инсон яшаб ўтган. Бойлигидан бошқаларга қанча кўп берса ҳам камайиб қолмаган. Бу ривоятнинг ҳам моҳиятига етсангиз, замирида катта маъно ётибди. Хасислик қилсанг, унинг эвазига ўзингни ҳамма томонлама сиқиб қўясан. Бойликлар ичида туриб, ўзингни чегаралаб қўясан. Сахийлик эса очиб ташлайди, чексиз-чегарасиз бойликларнинг имкониятини беради. Сиз шундай бир мартабаларга, обрў-ҳурматга эришасиз. Бизнесда ҳам, маънавиятда ҳам юқори даражада юксаласиз. Бу сахийликнинг орқасидан келадиган мукофотлар. Зиқна одам эришолмайди. Ўзини ўзи чегаралаб қўяди.

Ҳозир олдимга қўйган моддийми-маънавийми мақсадлар бўлса, ҳаммаси амалга ошиб боряпти. Бу мен учун оддий бир ҳолга айланиб қолган. Нимага?

Устозим доим «ҳасад, зиқналик ва кибр»ни йўқотиш керак деб такрорлар эдилар. Шунга ҳозиргача амал қилиб юрибман. Гап уларни мутлақ йўқ қилишда эмас, балки онгли равишда бошқара олиш ҳақида кетаяпти. Ўзининг шундай камчиликларини бошқара оладиган шогирд қолдиришга ҳаракат қилинг! Билимларингиз ўзингиз билан тупроққа кириб кетмасин. Сиз парвозни ўргатиб кетинг!

Нима учун комил инсонларнинг шогирдлари бор? Ташқаридан қараганда бу рақобатга ўхшаб кетади. Кўпроқ одамларга фойдаси тегсин деган ниятда қилинади. Бунда билим қайсидир кўринишда сақланиб, эстафета таёқчаси бўлиб янги авлодга ўтади. Мақсад шу! Илм, тажриба тупроққа кўмилиб кетмасин, устоздан шогирдга ўтсин деган мақсад бор. Сизнинг шогирдингиз йўқлиги бу сизнинг ҳали такомиллашмаганингизни, ўзингизга унча ишонмаслигингизни, ҳатто зиқналигингизни ҳам билдиради. Чунки сиз тажрибангизни ўргатишни хоҳламаяпсиз. Бироқ бунда албатта, кимга ўргатишни сиз ҳал қиласиз. Иш жараёнида яхши мутахассислар, шогирддар ҳақида гап кетяпти. Бир-икки кишини иккитагина одам ичидан эмас, ўнта, ўнбешта, йигирмата, ўттизта киши орасидан синаб-танлаб олсангиз, ўзингизга яхши шогирд танлай оласиз. Доим ўзингизни қўллаб-қувватлаб турадиган, оғир вазиятлардан чиқиб кетишингизда кўмаклашадиган шогирдгина сизга садоқат билан хизмат қилади. Уларда фақат олиш эмас, қайтариш тушунчаси ҳам мавжуд. Ўзингизга яқин инсонларни кузатасиз, айтган ишингизни вақтида қилса, айтганингиздан ҳам зиёдроқ бажарса, демак виждони бор. Бошқа шогирдларнинг хатосини бир марта кечирдингиз, икки марта кечирдингиз, уч мартадаям тушунмаса, аста-секин ўзингиздан узоқлаштириб хайрлашинг.

Шундан кейин ёнингизда асл шогирдлар пайдо бўла бошлайди. Халқда «бўйнидан судралган от кўпкарига ярамайди» деган нақл бор. «От» – шогирд! Ундайларга қамчиям урмайсиз, бир имо қилсангиз ўзи чопиб кетади. Юрмасаям пастга тушиб, тортқилаб олиб чиқиш ярамайди. Ундан шогирд тугул тузукроқ одам ҳам чиқмайди. Сиз ўзи уни тортқилаб юрибсиз. Қандай қилиб у сизнинг ширкатингизни ривожлантиради? Шунга қараб ҳаракат қилиш керак. Уларнинг лаёқатини тўғри баҳолаб, жойжойига қўйиш сизнинг вазифангиз. Бу ердаги вазифани бажара олмаса, бошқа ўринга қўйиб кўринг. Агар ундаям ишлолмаса, яна бир синов муддати бериб кўринг. Сиз уни ҳар доим ҳам қўллаб-қувватлолмайсиз, иш кетиши керак. Лидерларни олдингизга тўплашингиз керак. Кейин атрофингизда чинакам мутахассислар қолади. Уларнинг ичидаям энг яхшилари бор. Билимингизни шуларга берасиз. Бундай одамлар сизга зинҳор-базинҳор панд бериб кетмайди. «Устозингдан воз кеч, менинг ёнимга ишга ўтсанг, катта одам бўлишингизга ёрдам қиламан» дейдиганлар бўлади. У сизга таклифини жуда чиройли тарзда «ялтироқ қоғозларга ўраб» айтаяпти. Мен эса бу сўзларнинг моҳиятини кўра биламан. У кишига «Сиз ҳозир менга сотқинликни таклиф қилдингиз. Кечирасиз-у, лекин мен бундай қилолмайман. Устозимни сотолмайман, сотқинмасман дейман. Дунёдаги ҳамма бойликларни олиб делиб оёғимнинг остига тўксангиз ҳам, бундай қилолмайман. Устоз-шогирдчилик анъанаси, устозимнинг менга берган билимлари мен учун бебаҳо, муқаддас. «Устоз – отангдай улуғ» дейишади халқимиз. Отани сотиб бўладими? Агар бундай одамлар мендан тўғри маънода ёрдам сўраса, йўқ демаслигим мумкин. Хизматимни ҳар қандай кишидан аямайман.

Демоқчи бўлганим, виждонли, диёнатли кадрларни ўзингизга яқинроқ олинг, қолганини четлаштираверасиз. Бора-бора вақти келиб сиз ҳам комил инсон бўласиз. Ҳеч бўлмаса ўз йўналишингизда комилликка етасиз. Шунда шогирдларингиз сиздан кейин ҳар қандай кадрларни мустақил бошқара олади. Бу эса янги-янги ишхоналар ва иш ўринларини очиш имконини беради. Корхонангиз кенгайиб боради. Бундай омил маҳсулотингиз сифатининг ошиши ва нафақат Ўзбекистон миқёсида, балки четга, хорижга экспортни йўлга қўйишингизни ҳам таъминлайди.

ЕТТИНЧИ ТУЙҒУ

Инсонда асосан бешта туйғу яхши шаклланган. Булар кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш ва тери орқали сезиш. Навбатдаги туйғулар олтинчи ва еттинчи туйғулар деб аталади. Ҳаётда бу туйғуларни ишлата билиш инсонни комиллик қасрига элтади. Уни ва оиласини моддий, маънавий таъминлайди. Олтинчи туйғуга нималар киради? Интуиция, келажак фрагментларини олдиндан кўриш, эшитиш, телепатия, ҳис-туйғуни ўқиш ва ҳоказолар киради. Олтинчи туйғу шаклланиб боргани сари еттинчи туйғу ҳам ривожланишни бошлайди. Тўлиқ ривожланмай туриб ҳам, ҳар ҳолда ишлата бошлаганингиздан кейин еттинчиси шаклланади. Фарқи нимада? Олтинчи туйғуда сизда яхшироғини танлаш имконияти бор. Еттинчи туйғуда эса танлашга ҳожат ҳам йўқ. Ўзингиз шуни ташкил қиласиз. Йўлми, амалми, ишми ўзингиз билан олиб юрасиз. Шу керакми, қўйиб юборасиз. GPRS деган техника бор, ҳозирги кунда машиналарга ҳам қўйиляпти, мобил телефонларда чиқяпти. Бу техника воситасида экранда йўл харитаси кўриниб туради. Олтинчи ҳис-туйғу шу мисоли, мавжуд йўлларнинг энг қисқа ва энг равонини сизга кўрсатади.

«Еттинчи»да бу ҳам керак эмас, дейлик олдингизда йўл йўқ. Лекин мана шу томонга юришингиз керак, кетаверасиз. «Ўрмон»ларни тозалаб кетаверасиз. Қаерга хоҳласангиз, шу томонга қараб кетаверасиз. Ўнггами, чапгами, пастга бўлса пастга, тепага бўлса тепага ёки юқорига ҳам қараб кетаверасиз. Агар янада соддароқ қилиб тушунтирадиган бўлсак, еттинчи туйғуга фикрни моддийлаштириш, телепортация, левитация, ўзини бир макон ва замондан иккинчи макон ёки замонга, «А» нуқтадан «Б» нуқтага кўчириш, бир вақтнинг ўзида иккита, учта жойда пайдо бўлиш ва ҳоказо имкониятлар берилади. У реклама учун берилмайди.

Онда-сонда еттинчи туйғунинг бир заррачасини кўриб қолганимда, жуда ажабланганман. Ҳатто ўзимнинг олтинчи ҳистуйғум чала ривожланган бўлса ҳам, еттинчи туйғуни зиғирдай сезиб ҳайратланганман. Чунки буни олтинчиям тушунмас экан! Буни етти тушунади. Бу етти билан кодланади. У асосан ўзи кодланган бўлади. Энди сизга фақат шундан фойдаланишга рухсат этилади. Ўзингизнинг кучингизга қараб, ҳасад, хасислик, кибр каби ёмон фазилатларни бошқара билганингиздан кейин, рамзий маънода айтганда, сизга еттига «йўлланма» берилади.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ана шундай инсонлардан бўлганлар. Одамлар ёрдам сўраб келиб, «ҳамма ерларимиз қурғоқчиликдан қуриб кетди, ёрдам бериб юборинг» дейишса, келиб дуосини ўқиб, ёмғир ёғдириб берганлар. Бир неча кунлаб тўхтамай ёмғир қуйган. «Ҳаммаёқ ботқоқлик бўлиб кетди, илтимос, тўхтатиб беринг» дейишса, ёғмасин деб дуо қилиб тўхтатиб қўйганлар. Ана шу қобилият еттинчи, саккизинчи ва навбатдаги туйғуларда бўлади. Бу нарсалар инсонга берилган.

Бу нарсаларга ҳақли одамлар, ўзи билан кураша-кураша камчиликларидан фориғ бўлган инсонлар эришган. Улар бу мартабага шу шаклда эга бўладилар. Агар бундай туйғулар, сезги ҳислари бир ёмон одамга берилса, ҳамма ерни остин-устун қилади. Фақат ўзининг шахсий манфаати йўлида фойдаланади.

Олимликка, валийликка, авлиёликка ҳаракат қилинглар дегани шу бўлади. Бунда сиз бирон бир лавозим ёки мансабга интилмаяпсиз, балки комилликка эришганингиздан сўнг мақомингиз шундай бўлиб қолаяпти. Бу неъмат сизга тепадан берилади. Берганларининг моҳиятини ўзи очиб беради. Зиқна, хасис одамда у ишламайди. Ундайлар ўзларини «беркитиб», «пайвандлаб» ташлайди. Бу шаклда олтинчи туйғу ишлашининг иложиям йўқ. Шунинг учун қалби жуда пок, яхши инсонларнинг олтинчи, еттинчи, саккизинчи туйғулари ҳам очилиб кетаверади.

Эҳ-ҳе, ҳали бу рўйи заминда сизу биз билмаган илмлар ниҳоятда кўп. Ҳаёт кечирувчи ҳар бир инсон ўзидан яхши бир из, яхши бир ном қолдиришга уриниши керак ва бу яхшилик аломати. Ҳар бир инсоннинг устози бўлиши керак. Устоз кўрмай туриб ҳам ишларингиз яхши кетаётган бўлса, бу сизнинг устозингиз йўқ дегани эмас. Барибир қайсидир яхши инсонни ўзингизга ўрнак билиб ҳаракат қилаётганингиз аниқ. «Агар ҳеч қандай устозинг бўлмаса, шайтон сенга устозлик қилади» деган гап ҳам бор. Шу сабаб, устоз ва шогирдлик жуда яхши муносабат.

Биз инсондаги бешта сезгидан ташқари, яна олтинчи, еттинчи туйғулар ҳақида бироз гаплашдик. Уларга қандай йўл очиш кераклиги ҳақда фикрлашдик. Интуициянинг нималиги тўғрисида сўз юритдик.

Сезиш, олдиндан билиш қобилиятлари ҳақида сўзлашдик. Яна дунёда бўлаётган ҳодисалардан келиб чиққан ҳолда дунёни яхлитлигича англаш деган тушунчаларни ҳам кўриб чиқдик. Бунинг моҳиятида ҳамма нарсани чуқур англаш деган маъно бор. «Дон», «қурт» моҳиятидаги одамларга бешта ҳис-туйғу: кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш ва тери билан сезиш ҳам етарли. Аммо «капалак»ка айланаётган, айланган инсонларга олтинчи, еттинчи туйғулар керак.

ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ЕНГИШ

Чўпонлар яхши билишади, агар бўрилар умуман йўқ бўлиб кетса, баъзи бир сабабларга кўра қўйлар касал бўла бошлайди. Тўдадан сал четга чиқиб кетганида бўри еб кетиши мумкинлиги уларда яшашга бўлган иштиёқни кучайтиради. Бўри подага яқинлашганда нимжон, касалманд, дангаса, оқсоқ совлиқларни олади. Соғломлари илдам ҳаракат қилиб, жонини сақлашга улгуради. Демак, қўйнинг ҳам, бўрининг ҳам борлиги табиат мувозанатини ушлаб турар экан. Бир турнинг борлиги иккинчи турни қирилиб кетишдан асрайди. Юқоридаги мавзуда эслаб ўтганимиз қуйидаги:

 
Оёқ остида қолдим дема вой,
Ахир чинни коса бўлур тепки еган лой, –
 

мисраларига яна тўхталиб ўтамиз. Кулолнинг оёғи остидаги лойга нисбатан «сени тепкиламасалар, пишмайсан» дейиляпти. Агар бу ҳаётда туртилиб-суртилиб, қийналиб, интилиб, ўзинг ҳаракат қилиб юқори поғонага чиқмасанг, ўзингдаги бор нарсаларнинг қадрига етмайсан! Ана шундай тепкиланмаганингда эди, сен зинҳор-базинҳор чинни косага айланмас эдинг. Кишилар сени лабига теккизиб, чой ичиб роҳатланмас эдилар. Лойлигингча оёқ остида қолиб кетардинг, дейиляпти. Бир хиллар «фалончи мени жуда хафа қилди», «кўнглимни оғритди» дейди. Аслида улар бизга нозик томонимизни кўрсатаётган бўлади. Демак, ўша танбеҳ туртки бўлди сизга. «Ҳали кўрсатиб қўяман», «Мени ерга урдими?» дейсиз. Агар ўша одам сизни ерга урмаганида эди, «сиз зўрсиз» деб кетаверганида эди, «мен зўр эканман» деб юраверардингиз. Камситгани сабабли сизга шундай ички бир куч келади-да, бор кучингиз билан ҳаракат қиласиз. Ана шу ҳақорат сизга ёрдам берди. Шу одамнинг қилган иши эвазига сиз бир поғона, икки поғона юқорига ўсиб кетасиз. Бошқача қилиб айтганда, шу одам сизни «тепалади».

Андижон пахтачилик институтида ўқиб юрган пайтларимда ҳар куни ўзим учун, соғлик учун спорт билан шуғулланардим. Шунда туман мусобақасида қатнашиш учун таклиф бўлиб қолди. Қатнашдим. Ўшанда тош кўтариш учун стадионга чиқаётганимда кимдир мени менсимай шеригига қараб туриб, «Бу кўтара олмайди», деди. Тасодифан шу тўқмоқ. гапни эшитиб қолдим, Унинг «бу тош кўтара олмайди» дегани ўшанда менга куч берган. Тўғри, кимдир «Сенга ишонаман, кўтарасан» деб қўллаб-қувватласа ҳам куч бўлади. Лекин менсимай айтилган гапга нисбатан ич-ичингиздан келган аламзадалик кучи барибир зиёдроқ келади. Ўша кишининг тили билан Мени «тепалагани» бир туртки берди. Тош кўтариш буйича Ўрта Осиёнинг мутлақ чемпиони бўлишгача эришдим. Ҳозир эса ичимда чин дилдан ўша инсонга раҳмат дейман. Агар шу гапни айтмаганида, балки чемпионлик насиб қилмаган бўлармиди? Бу билан мен демоқчиманки, қийинчиликлар инсонга енгиб ўтиш учун берилади. Енгиб ўтганингиздан кейин «пишасиз»!

Шунинг учун ҳар хил қийинчиликлар, хафагарчиликлар бўлса, тушкунликка тушиш эмас, балки олға ҳаракат қилиш керак. Ана шуларнинг ҳисобига сиз «учяпсиз». Агар ҳамма сизга камситиш билан қараса, шунақанги ривожланиб кетардингизки, ўзингизни камситганларга раҳмат деган бўлар эдингиз.

Хоразмда таҳсил олиш учун устозимнинг олдига борган эдим. Меҳмонхонада туришга тўғри келган. Ўша пайтда меҳмонхонада чет элликлар ҳам бўлиб, улардан бири, болгариялик тадбиркор аёл билан танишиб қолдим. Болгарияда ўзининг хусусий босмахонаси, таҳририяти бор экан. Кейинчалик шу учрашув сабаб, китобларимдан бири Болгарияда чоп этилди. Ўшанда қўлёзма кўринишидаги китобимга қизиқиб, бир кўрсатинг деб қолди. Қўлёзмани кўрсатдим. Биргалашиб кўриб турганимизда, бошқа бир бегона хоним келиб қараб, ҳалиги «Шуям асар бўлдию, сен ҳам ёза оласанми …» дегандай қилиб қаради. Айтамаса ҳам, дилидан нималар кечганини сездим. Ичида устимдан кулаётганди. Ўзи ёзишни ёмон кўрар эдим, аммо ўша мени менсимаган аёлга кўрсатиб қўйиш учун бор кучим билан ҳаракат қилдим. Ҳақиқатан ҳам ўйлаб қарасам, шу пайтгача менинг ёзганларим сариқ чақага қиммат экан. Шундан сўнг уйга келиб, иш столимга ўтириб, хаёлан тасаввуримда ижоднинг энг баланд чўққисига, энг юксак қасрига чиқдим. Бу меҳр-муҳаббат қасрида бутун дунёнинг энг кўзга кўринган шоиру ёзувчилари жамулжам. Халқимиз севган ижодкорлар – Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Худойберди Тўхтабоев, Ўткир Ҳошимов кабилар. Чет эл ёзувчиларидан – Пауло Коэло, Карлос Кастанеда, Жоан Роулинг, Жеймс Паттерсон, Стефани Майер ва бошқалар – ўша жойга тасаввур поғонаси ила маънавий шаклда кириб бордим. Улар нималар ҳақида ўйлаяпти, фикри, дунёқарашлари қандай, уларнинг руҳан бойлиги нимадаю, нималар қизиқтиради, нима учун буларни халқ севиб мутолаа қилади? Булар нимаики ёзса ҳам, одамлар ўқийверади деб ўйлаб то моҳиятига етмагунча хаёлан ўша ерда юравердим. Кейин ёзув столига ўтириб ёза бошладим. Хаёлимга умуман бошқа бир фикрлар кела бошлади. Ҳеч кимга тааллуқли эмас, фақат ўзимгагина тегишли бўлган янги-янги ғоялар кела бошлади. Агар кулол шогирдига лой қилишни ва кўза ясашни ўргатмаса, ундан уста чиқиши амримаҳол. Лекин уста кўрган шогирд энди кўнгил буюртмасига қараб ўзи бемалол хоҳлаган шаклдаги кўзаларини ясай олади. Устозларга беҳисоб раҳматлар бўлсин!

Айтайлик, сиз ҳам ўша ўзингиздан илгарироқ ишбилармонликни, кичик бизнесни бошлаб юборганлар учун энди қадам ташлаётган гўдак кабисиз. Ўша соҳанинг кучли одамлари учун сизнинг маҳсулотингиз ёки хизматингиз ҳали қийматга эга эмас. Ўша вазиятда бундан ҳеч ҳам қўрқмай, хафа бўлмай маслаҳатини тўғри қабул қилинг. Кейин ҳалиги соҳанинг энг манаман деган вакилларини тасаввурингизда (аслида фикр, тасаввур моддийдир, бу илмий исботланган) йиғиб, ичингизда шулар иштирок этган анжуманда ўтиргандай ҳис қилиб, уларнинг орасига сингиб кетинг. Шунда сизга керакли маънавий ҳолат ҳосил бўлади. Ундан кейин ишга киришсангиз бўлади, бирданига эмас. Худди самурайлар жангга тайёрлангани каби ўзингизни тайёрланг. Самурайлар ҳар бир жангдан олдин руҳиятини кучайтиради. Руҳ кучли бўлса, ҳолатга қелиш осон бўлади. Хаёлан юқори поғонага чиқиб, қейин шижоат билан ҳаракат қилсангиз, ҳаммаси жойида бўлади.

Демак, ҳаётда учрайдиган турли тўсиқлар сизнинг янада кўпроқ куч билан кўтарилишингизга сабабчи бўлади. Ўзингиз ҳам бу ҳақда ўйлаб кўринг!

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации