Электронная библиотека » Светлана Алексиевич » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "Чернобиль таваллоси"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 14:20


Автор книги: Светлана Алексиевич


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 22 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Инсон жаҳолатда қанчалар каззобга айланиши ҳамда муҳаббатнинг самимий сўзларида оддий ва очиқ экани тўғрисида монолог

Мен қочардим… дунёдан қочиб кетардим… Дастлабки пайтлар вокзалларда кун ўтказдим, бу ерлар ёқарди, чунки одамлар кўп, лекин сен ёлғизсан. Кейин газеталарда ўқидим – бу ёққа йўл олдим. Бу ерда эркинлик. Ҳатто жаннат деган бўлардим. Одамлар йўқ, фақат ҳайвонлар юрибди. Жониворлар ва қушлар орасида яшайман. Ёлғизманми?

Ўз ҳаётимни ҳам унутиб юбордим… Сўраманг… Китоблардан ўқиганимни эслайман, одамлар айтиб берган ҳикояларни эслайман, ўз ҳаётимни унутиб қўйганман. Ёш эдим… Бўйнимда гуноҳим бор… Тавба самимий бўлса, Яратган кечирмайдиган гуноҳнинг ўзи йўқ. Шундай… Одамлар адолатсиз, Худо сабрли ва раҳмли…

Бироқ… Нима учун? Жавоб йўқ… Инсон бахтли бўла олмайди. Бахтли бўлмаслиги керак. Худо ёлғиз ўтирган Одам Атони кўрди ва унга Момо Ҳавони берди. Бахт учун, асло гуноҳ учун эмас. Инсон эса бахтли бўла олмайди. Мен қоронғиликни ёмон кўраман. Зулматни. Мана, ҳозиргидай, кундуздан оқшомга ўтиш онларини… Ўйлайман, бироқ аввал қаерда бўлганимни англай олмайман… Ҳаётим қаерда? Шундай… Яшай оламанми, йўқми, менга фарқи йўқ. Инсоннинг ҳаёти майсаники каби: гуллайди, яшнайди, сўлади, қурийди ва оловда ёниб кетади.

Фикр юритишни ёқтирардим… Бу ерда ҳайвон ҳамласидан ҳам, совуқдан ҳам бирдай ҳалок бўлишинг мумкин. Хаёл суришдан ҳам. Ўнлаб километр масофада биронта ҳам одам йўқ. Иблисни рўза ва ибодат билан ҳайдайдилар. Рўза – тана учун, ибодат – қалб учун. Аммо мен ҳеч қачон ёлғиз бўлмайман, тақводор одам ёлғиз бўлиши мумкин эмас. Шундай… Қишлоқлар бўйлаб кезаман… Авваллари макарон, ун топиб олардим. Ўсимлик ёғи ва консервалар. Энди қабристонда тиланчилик қиламан. Ўлганларнинг қабрига уларга атаб емак ва ичкилик қолдиришади. Ўликлар эса бу нарсаларга муҳтож эмас. Ва мендан хафа бўлишмайди… Далада – ёввойи дон-дун. Ўрмонда – қўзиқоринлар, мевалар. Бу ерда эркинлик бор. Кўп ўқийман.

Муқаддас саҳифаларни варақлаймиз… Юҳаннога кўрсатилган ваҳийда: “…ва осмондан машъал бўлиб ёнаётган улкан бир юлдуз дарёларнинг учдан бирига, шунингдек, сув булоқларига тушди. Бу юлдузнинг оти Эрман эди. Сувларнинг учдан бир қисми эрманга айланди, шундай тахирлашиб кетган сувдан ичиб кўп одамлар ўлди…” – дейилган. Бу башоратларни англашга уриняпман… Ҳаммаси олдиндан айтилган, муқаддас китобларда битилган, аммо биз уларни ўқий олмаймиз. Онгсизмиз. Эрман украин тилида – “чернобил”. Сўз орқали бизга белги берилган. Аммо инсон беҳаловат… кибрли… ва майдакаш…

Отахоним Сергей Булгаковдан топиб олдим… “Дунёни, шубҳасиз, Худо яратган ва бу олам мукаммал бўлмаслиги мумкин эмас” ва “жасорат билан охиригача тарихга бардош бериш” керак. Шундай… Яна бир бошқа одамда… исмини эслай олмайман… шу фикрни ўқиганман: “Худди зулмат аслида нурнинг йўқлиги бўлгани сингари ёвузликнинг ўзи асос эмас, балки шунчаки эзгуликдан маҳрум бўлишдир”. Бу ерда китобларни топиш осон, дарров топа оласан. Оддий лойдан ясалган сопол кўзани, қошиқ ёки санчқини ҳам топмайсан – барини олиб кетишган, китоблар эса ётибди. Яқинда Пушкиннинг жилдини топдим… “Ўлимнинг хаёли қалбимга азиз”. Буни эслаб қолдим. Шундай… “Ўлим хаёли”… Бу ерда бир ўзимман. Ўлим ҳақида ўйлайман. Фикрлашни яхши кўриб қолгандим… Сукунатда ўлимга тайёрланиш қулай… Инсон ўлимнинг ичида яшайди, аммо унинг нима эканини англамайди. Мен эса бу ерда ёлғизман… Кеча бир она бўрини болалари билан мактабдан қувиб юбордим, ўша ерда яшаётган экан.

Савол: сўзда муҳрланган дунё ҳақиқийми? Сўз инсон ва руҳнинг ўртасида туради… Шундай…

Яна айтаман: қушлар, дарахтлар, чумолилар – улар менга яқин бўлиб қолди. Авваллари бунақа туйғулар менга бегона эди. Тасаввур ҳам қилмасдим. Буни ҳам кимдадир ўқиганман: “Устимиздаги коинот ва остимиздаги коинот”. Мен ҳамма ҳақида ўйлайман. Инсон қўрқинчлидир… Ва ноодатий… Лекин бу ерда ҳеч кимни ўлдиргинг келмайди. Балиқ овлайман, қармоғим бор. Шундай… Жониворларга ўқ узмайман… Қопқон ҳам қўймайман… Севимли қаҳрамоним… князь Мишкин айтган: “Дарахтни кўриб туриб, бахтли бўлмаслик мумкинми?” Шундай… Мен фикрлашни яхши кўраман. Инсонлар эса кўпинча шикоят қилади, нолийди, лекин фикрламайди…

Ёвузликка разм солиш нима? У албатта изтиробга солади… Гуноҳ – бу ҳам физика эмас… Мавжуд бўлмаган нарсани тан олиш керак. Инжилда ёзилган: “Ҳидоят этилганлар учун – ҳикмат, қолганлар учун ривоят”. Қушни олиб кўрайлик… Ёки бошқа бирор жонлини… Уларни тушунолмаймиз, чунки улар бошқалар учун эмас, балки ўзи учун яшайди. Шундай… Бир сўз билан айтганда, атрофдаги ҳамма нарса вақтинчадир…

Тўрт оёқли ҳамма тирик жон ерга қарайди ва унга талпинади. Фақат инсонгина ерда тик туради, қўллари ва боши билан фалакка интилади. Ибодатга… Худога… Черковда: “Ҳаммаси гуноҳларимиз эвазига”, дея тавба қилади кекса кампир. Лекин буни на олим, на инженер ва на ҳарбий тан олади. Улар: “Тавба қиладиган гуноҳим йўқ. Нега тавба қилишим керак?” деб ўйлайди. Шунақа гаплар…

Мен шунчаки ибодат қиламан… Ўзимча пичирлайман… Худойим, ўзинг ёрлақа! Дуоларимни қабул қил! Инсон фақат ёвузликда маккордир. Муҳаббатнинг самимий сўзларида у оддий ва очиқдир. Файласуфларда ҳам сўз улар ҳис қилган фикрга нисбатан яқинроқдир. Сўз фақат ибодатда, ибодат сўзларида қалбга мувофиқ, дилга яқиндир. Мен буни жисмонан ҳис қиламан. Худойим, мени ёрлақа! Сўзларимни даргоҳингда қабул айла!

Ва инсон ҳам…

Мен одамдан қўрқаман. Ва ҳар доим уни учратишни истайман. Яхши одамни. Шундай… Бу ерда ё босқинчилар яшайди ва яширинади, ёки менга ўхшаганлар. Азоб тортганлар.

Насабимми? Паспортим йўқ. Милиция олиб қўйган… Урди:

– Нега дайдиб юрибсан? – деди.

– Дайдиб юрганим йўқ – тавба қиляпман, – дедим. Янаям қаттиқ дўппослашди. Бошимга уришди… Шунинг учун ёзиб қўйинг: Худонинг қули Николай…

Ва аллақачон эркин инсон…

Аскарлар жўровози

Оддий аскар Артём Бахтияров, ликвидатор Олег Леонтьевич Воробей, разведкачи Василий Иосифович Гусинович – ҳайдовчи, милиционер Геннадий Викторович Деменев, ликвидатор Виталий Борисович Карбалевич, оддий аскар Валентин Комков – ҳайдовчи, вертолёт учувчиси Эдуард Борисович Коротков, ликвидатор Игорь Литвин, оддий аскар Иван Александрович Лукашук, нурланиш даражасини ўлчовчи Александр Иванович Михалевич, вертолёт учувчиси майор Олег Леонидович Павлов, қўриқлаш хизмати взводи бошлиғи Анатолий Борисович Рибак, оддий аскар Виктор Санько, ликвидатор Григорий Николаевич Хворост, милиционер Александр Васильевич Шинкевич, капитан Владимир Петрович Швед, милиционер Александр Михайлович Ясинский.

“Полкимизни хавф чақириғи билан оёққа турғизишди… Узоқ юрдик. Ҳеч ким аниқ бир гап айтгани йўқ. Фақат Москвада, Беларусь вокзалида қаёққа кетаётганимизни эълон қилишди. Бир йигит (адашмасам, Ленинграддан эди) мен яшашни истайман, деб норозилик билдирди. Уни трибунал билан қўрқитишди. Бошлиқ сафланиш олдидан 'Қамоққа тушасан ёки отиласан!' деди. Мендаги туйғулар бўлакча эди. Ҳаммаси аксинча. Қандайдир қаҳрамонлик кўрсатишни хоҳлардим. Иродамни синамоқчи эдим. Балки, бу болаларча шижоатдир? Аммо менга ўхшаганлар кўп экан, бизда Совет Иттифоқининг ҳамма еридан келган йигитлар хизмат қиларди. Руслар, украинлар, қозоқлар, арманлар… Вазият хавотирли ва негадир қизиқарли ҳам эди.

Хўш, бизни олиб келишди… Ўша станциянинг ўзига келтиришди. Оқ халат ва оқ шапкача беришди. Докадан ниқоб тақдик. Ҳудудни тозалай бошладик. Бир кун пастни курадик, қиртишладик, яна бир кун – тепада, реактор томида ишладик. Ҳамма ерда белкурак билан меҳнат қилдик. Юқорига чиққанларни “лайлак” деб аташарди. Роботлар ишга дош бермади, техника ҳам ақлдан озаёзди. Биз эса ишлайвердик. Шундай ҳам бўлди – қулоқдан, бурундан қон келиб қоларди. Томоқ қичишарди. Кўзлар ачишарди. Қулоқда доим бир хил шовқин эшитиларди. Ичгимиз келарди, аммо иштаҳа йўқ эди. Радиациядан беҳуда нафас олмаслик учун жисмоний бадантарбия тақиқланганди. Ишга эса очиқ юк машиналарида олиб боришарди.

Бироқ яхши ишладик. Бу билан фахрландик…”

“Биз кириб келдик… “Тақиқланган зона” деган белги турарди. Мен урушда бўлмаганман, лекин… хотиранинг қайсидир қаъридан шунга ўхшаш таниш ҳис пайдо бўлди… Қаердан? Ўлимга дахлдор нимадир…

Йўлларда ёввойилашган итлар, мушуклар учраб қоларди. Гоҳида улар ўзини ғалати тутарди, одамларни танимас, бизни кўриб қочарди. То бизга бу жониворларни отиб ташлашни буюрмагунларича уларни тушунмасдим… Уйлар муҳрланган, колхоз техникалари қаровсиз ётарди… Томоша қилиш қизиқ эди. Ҳеч ким йўқ, фақат биз, милиция бор, қўриқлаб, айланиб юрамиз. Уйларга кирамиз – деворларда суратлар осиғлиқ, лекин одамларнинг ўзи йўқ. Ҳужжатлар сочилиб ётибди: комсомол билетлари, гувоҳномалар, мақтов ёрлиқлари… Бир уйдаги телевизорни вақтинча ишлатиб туришга олдик, бироқ кимдир бировнинг буюмини уйига олиб кетиш учун олганини сезмадим. Биринчидан, одамлар ҳозир қайтиб келадигандай бир сезим бор эди… Иккинчидан, у… қандайдир ўлим билан боғлиқ эди…

Қувват блоки, реакторнинг ўзигача бордик. Расмга тушиш учун бордик… Уйдагиларга мақтаниш учун… Қўрқув бор эди, аммо жиловсиз бир қизиқиш ҳам мавжуд эди: бу ўзи нима? Масалан, ўзим рад этдим, ёш хотиним бор, таваккал қилгим келмади, аммо йигитлар икки юз граммни “отволиб”, ўша ёққа кетишди… Шундай… (Жим туриб.) Тирик қайтишди – демак, ҳаммаси жойида.

Тунги навбатчиликка киришдим. Айланиб юрибмиз… Ойдин тун. Чироқ осиб қўйилган.

Қишлоқ кўчаси… Биронта инсон йўқ… Дастлабки пайтлар уйларда чироқ ёниб турарди, кейин электрни ўчиришди. Боряпмиз – мактаб эшигидан бизга томон ёввойи чўчқа отилиб чиқди. Балки, тулкидир. Ҳайвонлар уйларда, мактабларда, клубларда яшашарди. У ерда эса плакатлар осилган: 'Мақсадимиз – бутун инсониятнинг бахти', 'Дунё пролетариати ғалаба қилади', 'Ленин ғоялари абадий яшайди'. Колхоз идораларида – қизил байроқлар, янги ёрлиқ – вимпеллар, доҳийларнинг суратлари қоғозга бўрттириб ишланган ёрлиқлар тахламлари. Деворларда – доҳийларнинг суратлари, столларда – гипсдан ясалган доҳийлар. Ҳамма ёқда ҳарбий ёдгорликлар… Бошқача ҳайкалларни учратмадим. Шошилинч қурилган уйлар, рангпар бетон молхоналар, занг тусидаги пичан уюмлари… Яна катта ва кичик шон-шараф тепаликлари… 'Бизнинг ҳаётимиз шуми? – сўрардим ўзимдан буларнинг барига бошқача кўз билан қарарканман. – Биз шундай яшаймизми?' Гўёки ҳарбий қабила вақтинчалик қўналғасидан қўзғалгандек… Қаергадир кетгандек…

Чернобиль миямни портлатди… Ўйлай бошладим…”

“Ташландиқ уй… ёпиқ. Деразада мушукча. Бу мушук лойдан ясалган бўлса керак, деб ўйладим. Яқин келдим: тирик. Туваклардаги барча гулларни еб қўйибди. Ёронгулларни. У уйга қандай кирган? Ёки уни унутиб қолдиришганмикин?

Эшикда ёзув бор: 'Азиз йўловчи, қимматбаҳо нарсаларни излама. Бизда қиммат буюм умуман бўлмаган. Буюмлардан бемалол фойдалан, лекин ўғрилик қилма. Биз қайтамиз'. Бошқа уйларда ҳам турли ранглардаги ёзувларни кўрдим: 'Жонажон уйимиз, бизни кечир!' Уйлари билан худди у инсондек хайрлашишган. “Эрталаб кетамиз” ёки “оқшом кетамиз” деб, кетган санасини, ҳатто соати ва дақиқасини ёзишган. Мактаб ўқувчисининг дафтари варағига болалар ҳуснихати билан: 'Мушукни урма. Каламушлар ҳамма нарсани еб кетади' ёки 'Бизнинг Жулкани ўлдирма. У яхши', деган эслатмалар ёзишган. (Кўзларини юмади.) Мен ҳаммасини унутдим… Ўша ерга борганимизни эслайман, бошқа ҳеч нимани эсламайман. Ҳаммасини унутдим… Хизматдан бўшаганимиздан кейин учинчи йили хотирамга нимадир бўлди… Ҳатто шифокорлар тушунмаяпти… Пулни санай олмайман – ҳисобда адашиб кетаман. Касалхонадан касалхонага ўтиб юраман…

Сизга айтиб бердимми, йўқми? Келасан ва ўйлайсан – уй бўм-бўш. Очасан – фақат мушук ўтирибди… Яна болаларнинг ёзувлари…”


“Ҳарбий хизматга чақиришди…

Хизмат шунақа: аҳолиси кўчириб юборилган қишлоқларга маҳаллий одамларни қўймаслик керак. Йўллар яқинида тўсиқ қўйиб ўтирардик, ертўлалар қурдик, кузатув миноралари барпо этдик. Бизни нимагадир “партизанлар” деб аташарди. Тинч ҳаёт… Биз эса турибмиз… Ҳарбийча кийимлардамиз… Деҳқонлар эса, масалан, нега ўз уйидан челак, кўза, арра ёки болтани олиб чиқиш, ҳосилни йиғиб олиш мумкин эмаслигини тушунмайди. Уларга қандай тушунтирасан? Аслида, йўлнинг бир томонида аскарлар туради, ҳеч кимни қўймайди, бошқа томонида сигирларни боқишади, комбайнлар юради ва донни янчади. Хотин-халаж йиғилади ва йиғлайди: 'Йигитлар, қўйиб юборинглар… Ахир бу бизнинг еримиз… Бизнинг уйларимиз…' Тухум, пўстдумба, қўлбола ароқ олиб келишади. Қўйиб юборинглар… Заҳарланган ерлари… жиҳозлари учун… буюмлари учун йиғлашади…

Бизнинг вазифамиз шунақа: ўтказмаслик керак. Бир кампир бир сават тухум олиб кетмоқда – мусодара қилинади ва ерга кўмилади. Сигирини соғиб, бир челак сут кўтариб ўтмоқчи. Унинг ёнида аскар ҳозиру нозир. Сутни ерга кўмиш керак… Ҳосилни яширинча ковлаб олишган – олиб қўйилади. Лавлагини ҳам, пиёзни ҳам, қовоқни ҳам. Ерга кўмиш шарт… Кўрсатма шунақа… Радиация. Лекин барча ҳосил ҳавасни келтирадиган даражада мўл бўлган. Атроф жуда гўзал. Олтин куз. Ҳамманинг юзи телбанамо. Уларда ҳам, бизда ҳам.

Газеталарда бизнинг қаҳрамонлигимиз ҳақида бонг уришади… Қанчалар қаҳрамон йигитлармиз-а… Комсомоллар – кўнгиллилар!

Биз аслида ким эдик? Нима қилаётгандик? Гарчи ўзим ўша ерда бўлсам-да, бу ҳақда билгим… ўқигим келарди…”

“Мен – ҳарбийман, буйруқ берилса – бажаришим шарт… Қасамёд қилганман…

Лекин бу ҳаммаси эмас… Қаҳрамон бўлишга интилиш ҳам бор эди. Шундай тарбиялашганди… Бу қараш бизга мактабдан сингдирилганди. Ота-оналаримиздан. Сиёсий ходимлар чиқишлар қиларди. Радио, телевидение. Ҳар хил одам бунга жавобан ўзини турлича тутади: бировлари у билан суҳбатлашиб, интервьюларини газетада чоп этишларини истайди, бошқалар буларнинг барига иш сифатида қарайди, яна кимлардир… Уларни учратганман, улар қаҳрамонона иш қиляпмиз, деб ўйлашарди. Тарихда қатнашяпмиз, дейишарди. Бизга яхши ҳақ тўлашган, аммо пул масаласи кўндаланг турган эмас. Маошим тўрт юз рубль эди ишда, у ерда эса минг рубль олардим (ўша, совет рублларида). Бу ўша пайт учун катта пул эди. Кейин бизни: 'Пулни белкурак билан сидириб олишган, яна қайтганда – навбатсиз машина бер, уйга жиҳоз бер буларга', деб койишган ҳам. Алам қилади, албатта. Чунки қаҳрамонлик шавқимиз бор эди…

У ёққа йўл олишдан олдин, албатта, қўрқув пайдо бўлганди. Қисқа муддатли хавотир. Етиб боргач, қўрқув йўқолди. Агар бу қўрқувни кўра олганимда эди… Буйруқ. Иш. Топшириқ. Реакторни юқоридан, вертолётдан кўришга қизиққандим: у ерда аслида нима бўлган, у қандай кўринишда? Лекин бу ман қилинганди. Тиббий дафтарчамга йигирма бир рентген нурланиш олганим ёзилган, лекин бу тўғрилигига шубҳам бор. Тамойил жуда жўн эди: Чернобиль тумани марказига келсанг (бу, дарвоқе, кичкина туман миқёсидаги шаҳарча, аввал тасаввур қилганимдек улкан шаҳар эмас), у ерда станциядан ўн-ўн беш километр нарида нурланиш даражасини ўлчовчи ўтиради ва атрофдаги дозани ўлчайди. Шу ўлчам кунлик учиш соатларимизга кўпайтирилади, холос. Мен эса у ердан вертолётга чиқаман ва реакторга томон учаман: у томон – бу томонга, икки йўналишда ўтаман, у ерда бугун – саксон рентген, эртага – бир юз йигирма… Кечаси реактор устида айланаман – икки соат. Инфрақизил нурларда суратга олишади, сочилиб кетган графит парчалари тасмаларда гўё “нур сочади”… Кундузи уларни кўриб бўлмайди…

Олимлар билан гаплашаман. Биттаси: 'Мана шу вертолётингни тилим билан ялайман ва менга ҳеч нарса бўлмайди', – дейди. Бошқаси: 'Йигитлар, нима, сиз ҳимоясиз учяпсизми? Ҳаётингизни қисқартирмоқчимисиз? Қоплама ёпинглар! Тиқинларни беркитинглар!' – дейди. Чўкаётганнинг қутқарувчиси ўз қўлларидир. Ўриндиқларга юпқа қўрғошин тунука қоплаймиз. Юпқа қўрғошин тунукадан… кўксимизга камзул қилиб кесамиз… Аммо, аён бўлишича, улар баъзи нурлардан ҳимоя қиларкан, айримларидан эса йўқ. Ҳамманинг юзи қизариб кетган, куйган, ачишганидан соқолимизни ололмаймиз. Эртадан то кечгача учамиз. Бирор ғаройиб ери йўқ. Иш. Оғир иш. Кечаси телевизор олдида ўтирамиз, айни ўша пайтда футбол бўйича жаҳон чемпионати бўлаётганди. Гапларимиз, албатта, футбол ҳақида бўларди.

Ўйлай бошладик… Қандай қилиб ёлғон гапирмаслик керак… Балки, уч-тўрт йил ўтгач, бунинг иложи бўлар… Бири касал бўлганида, иккинчиси… Кимдир ўлди… Ақлдан озди… Ўзини ўлдирди… Шунда мулоҳаза юрита бошладик. Балки, йигирма-ўттиз йил ўтса, ниманидир англаб етармиз, деб ўйлайман. Мен учун Афғон (у ерда икки йил бўлганман) ва Чернобиль (у жойда уч ой бўлдим) – умримнинг энг ёрқин лаҳзалари…

Чернобилга юборишганини ота-онамга билдирмадим. Акам тасодифан газетани, “Известия”ни олади ва у ерда суратимга кўзи тушиб, онамга кўрсатади: 'Мана, қаранг – қаҳрамон!' Онам йиғлаб юборади…”


“Биз станция томон юрдик…

Қаршимиздан эса эвакуация қилинаётган одамлар сафи келарди. Техникани олиб кетишарди… ҳайвонларни. Туну кун. Осудалик ҳукм сурган ҳаётда…

Кетиб боришарди… Биласизми, нимани кўрдим? Йўлларнинг четида. Қуёш нурлари остида… нафис шуъла… Нимадир биллурдай товланади… Майда-майда зарралар… Мозир орқали Калинковичи томон юрдик. Нимадир жилваланарди… Ўзаро бу ҳақда гаплашдик. Ҳайрон бўлдик. Қишлоқда, ишлаётган еримизда, баргларда куйган тешикчалар ҳосил бўлганини кўрдик, айниқса, олча барглари илма-тешик эди. Бодринг, помидор узамиз – уларнинг баргида ҳам қора тешиклар… Куз. Меваси кўплигидан қирмизи тусга кирган қорағат буталари, олма шохлари ерга тегай дейди – албатта, ўзингни тутиб туролмайсан. Узиб ейсан. Мумкин эмаслигини тушунтиришган. Биз эса сўкинардик ва ердик.

Бордим… Бормаслигим ҳам мумкин эди. Ўз истагим билан, кўнгилли бўлиб бордим. Дастлабки кунларда лоқайд бирор инсонни кўрмадим, кейин, ўрганиб қолгач, кўзларда бўшлиқ ҳосил бўлди. Орден олишми? Имтиёзлар. Бари аҳамиятсиз! Шахсан менга ҳеч нарса керак эмасди. Уй, машина… Яна нима? Ҳа-я, дала ҳовли… ҳаммаси бор эди. Эркаклик шижоатим жўшиб кетди… Асл ишларга ҳақиқий эркаклар қўл уради. Қолганлар-чи? Хотинларининг чотига кириб ўтираверсин… Биттаси, хотиним туғади деб маълумотнома олиб келган, бошқаси ёш болам бор деб… Ҳа, қалтис иш. Ҳа, хавфли – радиация, бироқ кимдир бу ишни қилиши керак-ку! Ахир оталаримиз урушда нима қилганди?

Уйга қайтдик. Ҳамма нарсани ечдим, барча кийимларимни чиқинди қувурига ташладим. Фақат аскарлик қалпоғимни ўғилчамга совға қилдим. Жуда илтимос қилди. Ечмай кийиб юрарди. Икки йил ўтгач, унга мия саратони деб ташхис қўйишди…

Қолганини ўзингиз ёзарсиз… Бошқа гапиришни истамайман…”

“Мен эндигина Афғонистондан қайтгандим… Яшашни, оила қуришни истардим. Дарҳол уйланишни хоҳлардим…

Бирдан қизил тасмали “Махсус йиғинлар” чақирув қоғози келиб қолди – бир соат ичида кўрсатилган манзилда бўлиш шарт. Онам дарҳол йиғлашга тушди. У мени яна урушга олиб кетишяпти, деб ўйлабди.

Қаёққа олиб боришмоқчи? Нима учун? Ахборот йўқ ҳисоби. Ҳа, реактор портлаган… Нима бўпти? Слуцкда кийим алмаштирдик, коржомалар кийдиришди ва Хойники тумани марказига боришимиз ҳақида сал гапнинг учини чиқаришди. Хойникига етиб келдик, у ердагилар ҳам ҳеч нарса билишмас экан. Улар ҳам худди бизга ўхшаб, дозиметрни биринчи бор кўраётган экан. У ердан ҳам нарига, қишлоққа олиб боришди… Қишлоқда тўй бўлаётган экан: ёшлар ўпишяпти, мусиқа, қўлбола ароқ ичишяпти. Тўйдақа тўй. Бизга эса буйруқ келди: тупроқни курак тиғи бўйи чуқурликда сидириш керак… Дарахтлар кесилсин… Аввал қурол беришди. Автоматлар. Америкаликлар ҳужум қилганда керак бўлади… Сиёсий машғулотларда ғарб махсус хизматларининг кирдикорлари тўғрисида маърузалар ўқилди. Уларнинг қўпорувчилик ишлари ҳақида. Кечқурун қуролларимизни алоҳида чодирда қолдирдик. Лагернинг ўртасида. Бир ойдан кейин қуролларни олиб кетишди. Ҳеч қанақа қўпорувчилар йўқ экан. Рентген бор… Кюри…

Тўққизинчи май – Ғалаба кунида генерал ташриф буюрди. Бизни сафга тизишди, байрам билан қутлашди. Сафда турган бир аскар сўрашга журъат этди: 'Нега яширишяпти, радиофон қанақа? Қанча нурланиш оляпмиз?' Бир кишининг жасорати етди шунга. Генерал кетганидан сўнг уни қисм бошлиғи чақирди ва дакки берди: 'Қўпорувчилик қиляпсан! Ваҳимачи!!!' Бир-икки кун ўтгач, қанақадир газга қарши юзниқоб тарқатишди, бироқ уни ҳеч ким тақмади. Дозиметрни икки марта кўрсатишди, аммо ҳеч кимнинг қўлига беришмади. Ҳар уч ойда бир марта уйга бир-икки кунга боришга рухсат беришади. Буюртмамиз битта: ароқ олиб кел. Ўзим шиша тўла икки юк халтани елкамга ортмоқлаб келдим. Аскарлар хурсандлигидан мени қўлларида кўтаришди.

Уйга жўнатишдан олдин ҳаммани “КГБчи” чақирар ва қатъий маслаҳат берарди: кўрганларимизни ҳеч ерда ва ҳеч кимсага айтиш мумкин эмас. Афғондан тирик келдим, билардим – яшайман! Чернобилда эса ҳаммаси аксинча: бу бало айнан уйга қайтганингдан кейин ўлдиради.

Қайтиб келдим… Ҳаммаси энди бошланяпти…”


“Нималар ёдимда… Хотиралар домига чўкиб кетдимми?

Кун бўйи қишлоқларни кезаман… Нурланишни ўлчовчилар билан бирга… Бирон-бир аёл олма таклиф қилмайди… Эркакларда қўрқув озроқ, қўлбола ароқ, пўстдумба келтиради: 'Кел, тушлик қиламиз'. Рад этиш ноқулай, лекин соф цезий тўла таом ейиш ҳам хурсанд бўладиган иш эмас. Ичиб оласан. Газаксиз.

Оппоқ қўзиқоринлар машинанинг ғилдираги остида қирсиллайди. Бу табиий ҳолми? Дарёда одатдагидан беш-етти баробар каттакон лаққа балиқлар сузиб юради. Ахир бу оддий нарсами? Ахир…

Бир қишлоқда барибир дастурхон атрофига ўтқазишди… қовурилган қўй гўшти… Ичиб олган уй соҳиби тан олди: 'Ёш қўзичоқ. Сўйдим, чунки унга қараб бўлмай қолди. Эҳ, бадбашара бўлиб кетди! Егинг ҳам келмайди'. Мен дарров бир стакан қўлбола ароқни ичиб юбордим. Унинг гапидан кейин… Уй эгаси кулди: 'Биз бу ерга колорадо қўнғизлари каби кўникиб кетдик'.

Дозиметрни уйга яқин олиб келдик – кўрсаткичи юқорилаб ўйнаб кетди…”


“Ўн йил ўтди… Агар касал бўлмаганимда, бу воқеаларни гўё юз бермагандек, унутардим…

Ватанга хизмат қилиш керак! Ватанга хизмат қилиш – муқаддас бурч. Ички кийим, пайтавалар, этиклар, погонлар, қалпоқ, шим, кўйлак, қайиш, юкхалта.

Йўлга туш! Юк машина беришди. Бетон ташидим.

Машина ичида ўтираман ҳамда ойна ва темир мени асрашига ишонаман. Нима бўлса, бу ёғи таваккал… Ўтиб кетади… Ёш йигитлармиз. Уйланмаганмиз. Ўзимиз билан респиратор1212
  Нафас олиш, кўриш ва эшитиш аъзоларини заҳарли газ ва чангдан сақлайдиган асбоб.


[Закрыть]
олмаганмиз… Йўқ, биттаси эсимда… Кекса ҳайдовчи чол… У доим ниқобда юрарди. Биз эса йўқ. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ҳам ниқобсиз туришарди. Биз – кабинадамиз, улар эса радиоактив чангда саккиз соат тик оёқда туради. Ҳаммага яхши пул тўлашарди: ҳар ойда уч ойлик маош ва яна сафар харажатларига пул. Ичардик. Ароқ ёрдам беришини билардик. Радиоактив нурланишдан кейинги бадан қувватини тиклаш учун илк восита ароқ эди. Асабни ҳам тинчлантирарди. Уруш пайтида машҳур халқ комиссарларига юз граммдан беришгани бекорга эмас. Оддий манзара: маст йўл хавфсизлиги ходими маст ҳайдовчига жарима солади.

Советча қаҳрамонлик мўъжизалари ҳақида ёзманг. Бу ҳам бўлган… Мўъжизалар! Лекин аввал лоқайдлик, пала-партишлик бўлган, кейин эса мўъжиза. Олов туйнугини ёпиш… Кўксини пулемётга қалқон қилиш… Аслида, бунақа буйруқ умуман бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида ҳеч ким ёзмайди. Бизни у ерга худди реакторга қум сепгандай отиб юборишди… Қум солинган халтадай. Ҳар куни янги “жанговар варақа” осиб қўйиларди: 'мардларча ва фидойиларча меҳнат қилишмоқда', 'бардош берамиз ва ғалаба қозонамиз…' Бизни чиройли тарзда “оташ аскарлари” дейишарди…

Менга қаҳрамонлигим учун фахрий ёрлиқ ва минг рубль пул беришган…”


“Аввалига таажжубландик… Ҳарбий ўқув машқларидек ҳис этдик… Ўйин…

Лекин бу ҳақиқий уруш эди. Атом уруши… Бизга номаълум уруш: нимаси қўрқинчли ва нимасидан қўрқмаслик керак, нимадан хавотирланиш ва нимасидан хавфсирамаслик лозим? Ҳеч ким билмасди. Савол берса бўладиган одамнинг ўзи йўқ эди. Чинакам эвакуация… Вокзалларда… Вокзалларда нималар юз бераётганди? Биз болаларни вагонларнинг деразасидан ичкарига тиқардик… Навбатларда тартиб ўрнатардик… Йўлга чипта олишга, дорихоналарда дори олишга навбатда туришарди. Навбатда туриб сўкинишар ва уришишарди. Шароб сотадиган дўконлар ва дўкончалар эшигини синдиришарди. Деразаларнинг темир панжараларини бузиб синдиришарди. Минглаб кўчирилганлар… Улар мактабларда, клубларда, болалар боғчаларида яшардилар. Ярим оч ҳолда юрардилар. Ҳамманинг пули тез орада тугади. Дўконлардаги ҳамма нарсани сотиб олишди…

Мен ичкийимларимизни ювиб берган аёлларни ҳеч қачон унутмайман. Кир ювиш машиналари йўқэди, уларни унутиб қолдиришган, биров буни ўйламаган ва олиб келмаган. Қўлда ювишарди. Ҳаммалари – кекса кампирлар. Уларнинг қўллари – пўрсилдоқ бўлиб, қавариб кетганди. Кийимларимиз нафақат кир, балки ўнлаб рентген нурланишли эди… 'Йигитлар, овқатланинг…', 'Йигитлар, ухланглар…', 'Йигитлар, ахир ҳали ёшсизлар… Ўзларингни асранглар…' Бизни аяшар ва йиғлашарди.

Улар ҳали ҳаётмикин?

Ҳар йили йигирма олтинчи апрелда ҳаммамиз – ўша ёққа борганлар – йиғиламиз. Ҳозиргача тирик қолганлар. Ўша даврни эслаймиз. Сен урушда аскар бўлгансан, сен керак эдинг. Ёмон нарсалар унутилди, бу туйғу эса қолди. Сенсиз буни бажара олмасдилар, деган ҳис қолди… Сени талаб қилишди… Бизнинг, умуман олганда ҳарбийча тизимимиз фавқулодда вазиятларда жуда яхши ишлайди. Сен ниҳоят у ерда эркинсан ва зарурсан. Эркинлик! Рус кишиси бундай лаҳзаларда ўзининг қанчалар буюклигини намойиш этади! Қанчалар ноёблигини! Биз ҳеч қачон голланд ёки немис бўлолмаймиз. Бизда ҳеч қачон узоқ турадиган асфальт ҳам, қиртишланган майсалар ҳам бўлмайди. Қаҳрамонлар эса топилади!..”


“Менинг тарихим…

Чақириқ эълон қилишди – бордим. Шундай қилишим керак эди! Партия аъзосиман. Коммунистлар, олға! Шунақа вазият. Милицияда ишлардим. Катта сержант эдим. Менга “юлдузчалар” ваъда қилишди. Бу саксон еттинчи йилнинг июни эди… Албатта, тиббий кўрикдан ўтиш шарт эди, лекин мени текширмасдан ҳам жўнатиб юбораверишди. Кимдир, уларнинг айтишича, ошқозон ярасига чалингани ҳақида маълумотнома келтириб, мажбуриятдан қутулиб қолибди, унинг ўрнига эса мени юборишди. Шошилинч. Вазият шунақа эди… (Кулади.) Бу пайтда аллақачон латифалар пайдо бўла бошлаганди. Айни вақтида… Ишдан қайтган эр хотинига: 'Эртага ё Чернобилга кетасан, ёки партия билетини топширасан дейишди', деб арз қилса, хотини: 'Ахир сен партия аъзоси эмассан-ку?' деб ҳайрон бўлибди. Эри: 'Мен ҳам шуни ўйлаяпман-да: эрталабгача партия билетини қайдан оламан?' дермиш…

Худди ҳарбийларга ўхшаб бордик, биздан эса тош терувчилар бригадасини тузишди. Дорихона қурдик. Дарҳол ҳолсизландим, қандайдир уйқу боса бошлади. Кечалари томоғим қичийди, йўтал тутади. Шифокорга бордим, у: 'Ҳаммаси яхши. Кун иссиқ', – деди. Ошхонамизга колхоздан гўшт, сут, қаймоқ келтиришарди, биз ердик. Шифокоримиз бу овқатларга қўлини ҳам теккизмасди. Овқат тайёрланарди, у журналига белги қўярди, ҳаммаси яхшилигини ёзарди, лекин ўзи ҳатто татиб кўрмасди. Бу эътиборимизни тортди. Вазият шундай эди. Руҳимиз тушиб кетди. Қулупнай мавсуми бошланди. Асалариларнинг уяси асалга тўлди…

Талончилар аллақачон оралаб қолишганди. Нима топса, ҳаммасини ўмаришарди. Биз деразаларни, эшикларни михлаб ташладик. Колхоз идораларидаги пўлат сандиқларни, қишлоқ кутубхонасини муҳрладик. Кейин инженерлик коммуникацияларини уздик, бинолар ёниб кетмаслиги учун электрни ўчир-дик.

Дўконлар ўмарилган, деразалардан темир панжаралар қўпориб олинган. Ун, шакар оёқости бўлган, қандолатлар топталган… Шиша идишлар синган… Бир қишлоқдан одамлар кўчирилган бўлса, ўн километр наридаги бошқасида яшашяпти. Ташлаб кетилган қишлоқдаги буюмлар уларнинг уйига кўчирилган. Вазият шунақа… Биз қўриқлашимиз керак… Колхознинг собиқ раиси шу ерлик одамлар билан келади, уларни қаергадир кўчиришган, уй-жой беришган, лекин улар қайтиб келиб, дон-дунни йиғиштиришади, яна ниманидир экишади. Пичан ғарамларини ташишади. Пичан солинган деб олиб чиқиладиган қопларда, ғарамларда биз тикув машиналарини, мотоциклларни, телевизорларни топамиз. Нурланиш эса шу қадар тез кетардики, телевизорлар ишламайди… Олди-берди қиламиз: улар сенга бир шиша қўлбола ароқ беради – сен уларга болалар аравачасини олиб ўтишга рухсат берасан. Тракторларни, экиш машиналарини сотишар, алмаштиришарди. Бир шишага… Ўн шишага… Ҳеч кимни пул қизиқтирмасди… (Кулади.) Худди коммунизм келгандай… Ҳаммасининг ўз нархи бор: бир идиш бензин – ярим литр ароқ туради, қоракўл пўстин – икки литр ароқ, мотоцикл – савдолашишга қараб нархланади… Мен ярим йилдан сўнг кетдим, штат жадвалига кўра, муддатим ярим йил эди. Кейин ўрнимизга одам юборишди. Биз ни бироз ушлаб туришди, чунки ўрнимизга Болтиқбўйидан келадиганлар рад этишибди. Вазият шунақа эди… Бироқ биламан, ҳамма нарсани, кўтариб чиқиш мумкин бўлган барча нарсани ўмаришди, олиб чиқиб кетишди. Мактабдаги кимё лабораторияларининг шиша найчаларигача олиб кетишди. Зонани шу ёққа кўчириб келишди ҳисоб… Бу буюмларни бозорлардан, эски-туски сотадиган дўконлардан, дала ҳовлилардан изланг…

Темир симлар ортида фақат ер қолди… Яна қабрлар қолди… Бизнинг ўтмишимиз – улкан мамлакатимиз…”

“Тегишли жойга етиб келдик… Хизмат кийимларини кийдиришди…

Савол берамиз: қаёққа келиб қолдик? “Ҳалокат, – тинчлантиради капитан бизни, – қачонлардир содир бўлган. Уч ой олдин. Даҳшати ўтиб бўлган”. Сержант қўшимча қилади: 'Ҳаммаси яхши, фақат овқатланишдан олдин қўлни албатта ювиш керак'.

Доза ўлчовчи бўлиб ишладим. Қоронғи тушиши билан вагонхонамизга машина минган йигитлар келишади. Пуллар, сигареталар, ароқ… Фақат мусодара қилинган буюмларнинг ичини ковлашга рухсат берсанг, бас. Жомадонларга жойлаб олиб кетишади. Қаёққа олиб кетишади? Балки, Киевга… Минскка… Эски-туски бозорларига… Қолган-қутганларини кўмиб ташлаймиз. Кўйлаклар, этиклар, курсилар, гармонлар, тикув машиналари… Чуқур қазиб кўмардик, кўмган ерларимизни “қардошлик қабристони” деб атардик.

Уйга келдим. Рақсга бораман. Бир қиз ёқиб қолади:

─ Кел, дўст бўламиз.

─ Нима учун? Сен энди чернобилчисан. Ким ҳам сенга тегарди?

Бошқаси билан танишаман. Ўпишамиз, қучоқлашамиз. Иш никоҳгача боради.

─ Кел, оила қурамиз, ─ таклиф қиламан мен.

У эса шунақароқ савол беради: 'Ие, уйлансанг бўладими? …қўлингдан келадими?'

Кетган бўлардим. Балки, умуман кетарман. Лекин ота-онамга ачинаман…”


“Менинг ўз хотирам бор…

У ердаги расмий лавозимим – қўриқлаш взводи бошлиғи… Қиёмат зонаси директори, деса ҳам бўлади. (Кулади.) Шундай деб ёзинг.

Припятдан келган машинани ушлаймиз. Шаҳар аҳолиси кўчирилган, одамлар қолмаган. 'Ҳужжатларингизни кўрсатинг.' Ҳужжатлар йўқ. Машина юкхонаси чарм мато билан ёпилган. Матони кўтарамиз: йигирмата чой идишлари тўплами, ҳозиргидек эсимда, стенка, бурчакли юмшоқ ошхона ўриндиғи, телевизор, гиламлар, велосипедлар…

Қайднома тузаман.

Қабристонга кўмиб ташлаш учун гўшт олиб келишди. Мол гўшти, орасида сон қисми йўқ. Кесиб олинган.

Қайднома тузаман.

Хабар келади: ташлаб кетилган қишлоқда уйни бузиб олишмоқда. Ходаларга рақам қўйиб, тиркамали тракторга ортишяпти. Дарҳол айтилган манзилга йўл оламиз. Қароқчилар ушланди. Бинони бузиб олиб чиқиб, дала ҳовли сифатида сотишмоқчи экан. Ҳатто бўлғуси “уй эгалари”дан ҳақнинг бир қисмини олиб ҳам бўлишибди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации