Текст книги "Чернобиль таваллоси"
Автор книги: Светлана Алексиевич
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 22 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
Қайднома тузаман.
Бўм-бўш қишлоқларда ёввойилашган чўчқалар чопиб юради. Итлар ва мушуклар эса ўз эгаларини кўча эшиклари ёнида кутиб ўтирадилар. Бўм-бўш уйни қўриқлардилар.
Биродарлик қабри ёнида турасан… Исми шарифлар битилган, дарз кетган тош: капитан Бородин, катта лейтенант… Узундан-узоқ рўйхат, шеър сатрларидай – оддий аскарларнинг исмлари… Чақамуғ, қичитқи ўт, қариқиз ўтлари…
Тўсатдан саришталанган томорқа чиқади. Омоч ортидан қадам ташлаётган уй эгаси бизни кўриб қолади:
─ Йигитлар, шовқин солманглар. Биз тилхат берганмиз: баҳорда кетамиз.
─ Унда нега яна шудгор қиляпсизлар?
─ Бу кузги шудгор-ку…
Тушунаман, лекин қайднома тузаман…”
“Боринг-э, йўқолинг ҳаммангиз…
Хотиним боламни олиб, кетиб қолган. Қанжиқ! Лекин мен Ванька Котовга ўхшаб ўзимни осиб қўймайман… Еттинчи қаватдан ўзимни отмайман ҳам. Қанжиқ!!! У ёқдан бир жомадон пул билан келганимда… Машина, хотинга – қоракўзан мўйнали пўстин сотиб олдик… У – қанжиқ, мен билан яшади. Қўрқмади. (Бехосдан қўшиқ айтади.)
Ҳатто мингта рентген ҳам
Рус эрин қилолмас бадном…
Яхши лапар. Ўша ёқдан. Латифа эшитасизми? (Дарров айта бошлайди.) Эр уйга қайтибди… Реактор остидан… Хотини шифокордан сўрабди: 'Эримни нима қилсам бўлади?' Шифокор эса 'Ювасиз, қучоқлайсиз ва дезактивацияни бошлайверасиз', дебди. Қанжиқ! У мендан қўрқади… Боламни ҳам олиб кетди… (Кутилмаганда жиддийлашди.) Аскарлар ишлашарди… Реактор атрофида… Мен уларни навбатчиликка олиб борар ва қайтариб олиб кетардим: 'Йигитлар, юзгача санайман. Тамом! Олға!' Ҳамманики каби менинг бўйнимда ҳам жамловчи ҳисоблагич осилган. Ишдан сўнг уларни йиғиб, биринчи бўлинмага топширардим… Махфий бўлим… У ерда кўрсаткичларни олишар ва гўёки шахсий варақчамизга ёпиштириб қўйишарди, бироқ ҳар биримизга неча рентген тушгани – ҳарбий сир. Қанжиқ! Ж… Қанчадир вақт ўтгач, сенга: 'Тамом! Бундан ортиғи мумкин эмас!' дейишади. Бор тиббий маълумот шу… Ҳатто кетаётганингда ҳам айтишмайди – қанча? Қанжиқлар! Ж…лар. Энди улар ҳокимият учун курашмоқда… Амал учун… Уларда – сайловлар… Яна латифа эшитасизми? Чернобилдан сўнг истаган нарсани ейишингга рухсат бор, аммо нажасингни қўрғошинга ўраб кўмишинг керак. Ха-ха-ха… Ҳаёт гўзал, маккор, лекин жуда қисқа…
Бизни қандай даволаш керак? Биз ҳеч қанақа ҳужжат олиб келганимиз йўқ. Мен изладим… Турли босқичлардан суриштирдим… Учта жавоб олганман ва сақлаб қўйганман. Биринчи жавоб: ҳужжатлар йўқ қилинган, чунки уларнинг сақланиш муддати – уч йил, иккинчиси – ҳужжатлар қайта қуришдан кейинги армия қисқариши ва қисмлар тарқатиб юборилиши сабабли йўқ қилинган, учинчиси – йўқ қилинган, чунки улар радиоактив бўлган. Балким, уларни ҳеч ким ҳақиқатни билмаслиги учун йўқотишгандир? Биз – гувоҳлармиз. Лекин биз ҳам яқинда ўламиз… Шифокорларимизга нима ёрдам бера олардик? Менда ҳозир у ёқда қанча нурланиш олганман, нечта рентген борлиги ҳақида маълумотнома бўлганида эди. Ўзимнинг қанжиғимга кўрсатардим… Мен ҳали унга биз ҳар қандай шароитда яшай олишимиз, оила қуришимиз, бола кўришимизни кўрсатиб қўяман.
Мана… ликвидаторнинг дуоси: 'Худойим, қўлимдан келадиган нимани олиб қўйган бўлсанг, ўша нарсани истамай ҳам'. Ҳамманг кет, йўқол!”
“Бошланди… Ҳаммаси худди детектив каби бошланди…
Тушлик пайти эди – заводимизга қўнғироқ бўлди: шу-шу қисмдаги оддий аскар фалончи…
ҳужжатларидаги маълумотни аниқлаштириш учун шаҳар ҳарбий комиссариатига келсин. Тезкорлик билан келсин. Ҳарбий комиссариатда эса… менга ўхшаганлар тумонат эди, бизни кутиб олган капитан эса ҳар биримизга шуни такрорларди: 'Эртага Красное шаҳарчасига борасизлар, у ерда ҳарбий йиғинлар бўлади'. Кейинги куни эрталабдан ҳамма ҳарбий комиссариат биноси олдида йиғилди. Фуқаролик ҳужжатларимизни, ҳарбий билетларимизни йиғиштириб олишди ва автобусларга ўтқазишди. Ва ноаён йўналиш томон олиб кетишди. Ҳеч ким ҳарбий йиғинлар ҳақида чурқ этмади. Бизни олиб бораётган офицерлар саволларимизга сукут билан жавоб қилишарди. 'Биродарлар! Чернобилга олиб кетаётган бўлсалар-чи?!' – билағонлик қилди кимдир. 'Оғзингни юм! – буюришди дарҳол. – Ваҳима солганинг учун ҳарбий давр қонунларига кўра ҳарбий трибуналга тушасан'. Бироз вақт ўтгач, тушунтиришди: 'Биз ҳарбий ҳолатдамиз. Ортиқча гапга ўрин йўқ! Ким Ватанини мусибатда қолдирса – у хоиндир'.
Биринчи куни атом станциясини узоқдан кўрдик. Иккинчи куни эса станция атрофида ташландиқларни, ахлатларни тозалашни бошладик… Челакларда ташидик… Оддий белкураклар билан курадик, фаррошлар ишлатадиган супургилар билан тозаладик. Катта кураклар билан. Ҳаммаси тушунарли – белкурак қум ва шағал учун мўлжалланган. Лекин бу ердаги чиқиндилар: плёнка, темир, дарахт ва бетон бўлаклари учун ярамайди. Бу худди атомга қарши белкурак билан, дегандай гап. Йигирманчи аср… У ерда ишлатилаётган тракторлар ва сургичлар ҳайдовчисиз, радио орқали бошқариладиган машиналар эди, биз эса уларнинг ортидан қолган-қутганини супурардик. Ўша чангдан нафас олардик. Бир сменада ўттизтагача “Истряков япроқлари”ни алмаштирар дик, халқона қилиб бу тумшуқбоғларни “юзниқоб” дейишарди. Ноқулай ва такомиллашмаган буюм эди. Уларни кўпинча йиртиб олишарди… Чунки, айниқса, иссиқда нафас олиб бўлмасди. Қуёш тиғи остида.
Буларнинг баридан сўнг… Яна уч ой ҳарбий йиғинлардан ўтдик… Нишонларга ўқ отдик. Янги автоматни ўргандик. Мабодо ядро уруши бўлиб қолса… (Киноя билан.) Мен шундай деб тушундим… Бизни ҳатто махсус кийинтиришмади ҳам. Реактор атрофида кийган гимнастёркамизда, ўша этикларимизда юрдик.
Хуллас, имзолаш учун қоғоз беришди… Ошкор қилмаслик ҳақида… Мен жим яшадим… Гапиришга рухсат берганларида ҳам, кимга айтардим? Ҳарбий хизматдан кейиноқ иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолдим. Йигирма икки ёшимда. Заводда ишладим. Цех бошлиғи: 'Ўзингни касалга солишни бас қил, қисқартириб юборамиз', – деди. Қисқартиришди. Директорнинг олдига кирдим:
– Ҳаққингиз йўқ! Мен – чернобилчиман. Сизларни қутқарганман. Ҳимоя қилганман!
– Сени у ёққа мен юборганим йўқ.
Кечалари онамнинг овозидан уйғонаман: 'Болам, нега жимсан? Ахир ухламаяпсан-ку, кўзларинг очиқлигича ётибсан. Чироғинг ҳам ўчирилмаган…' Мен эса жимман… Ким ҳам қулоқ тутарди? Мен жавоб берадиган қилиб ким ҳам сўрарди… Менинг тилимда…
Мен ёлғизман…”
“Ўлимдан қўрқмай қўйдим… Ўлимнинг ўзидан…
Лекин қандай ҳолатда ўларкинман, билмайман… Дўстим вафот этди… Катталашиб кетди, шишди… Ёнидан… Қўшним эса… У ҳам ўша ерда бўлган, кранчи эди. У худди кўмирдек қорайиб қуриди, ёш боладай бир сиқим бўлиб қолди. Мен қандай ўлишимни билолмайман… Агар ўлимни сўрай олганимда, оддийсини берсин, дердим. Чернобилчиларникидек ўлимни эмас. Бир нарсани аниқ биламан: бу ташхис билан узоққа боролмайман. Ўша лаҳзани сезиб қолсам, пешонамга ўқ отардим. Афғонда бўлганман… У ерда бу осон… Битта ўқ билан…
Афғонистонга кўнгилли бўлиб борганман. Чернобилга ҳам. Ўзим илтимос қилганман. Припят шаҳрида ишлардим. Шаҳар худди давлат чегарасига ўхшаб икки қатор тиканли сим билан ўралганди. Топ-тоза кўп қаватли уйлар ва йўллар, кесилган дарахтлар калин қум қатлами билан қопланган. Фантастик фильмдаги кадр сингари… Биз буйруқни бажарардик – шаҳарни “ювиш” ва унинг 25 сантиметр чуқурликкача заҳарланган тупроғини шунча қум қатлами билан алмаштириш керак. Дам олиш куни йўқ эди. Худди урушдаги сингари. Газета қийқимини олиб қўйганман… Ўша кеча станцияда навбатчи бўлган ва портлашдан бир неча сония аввал ҳалокат тугмачасини босишга улгурган оператор Леонид Топтунов ҳақидаги. Лекин тугмача ишламаган… Уни Москвада даволашган. 'Қутқариш учун танаси бўлиши керак', – деб елка қисган шифокорлар. Унинг эса орқасида бир парчагина нурланмаган, тоза эти қолган. Митинск қабристонига кўмишган. Тобутни зарқоғоз билан ўрашган… Устига қўрғошин қопланган бир ярим метрли бетон ётқизишган. Отаси келиб қабрни кўради… Тепасида туриб, йиғлайди… Одамлар эса ёнидан: 'Сенинг қанжиқбаччанг портлатган!' деб ўтади. У эса бор-йўғи оператор эди… Коинотдан келган ўзга сайёралик каби кўмиб ташланган…
Бундан кўра Афғонда ўлиб кетганим яхшийди! Ростини айтаман, миямни шунақа хаёллар босади. У ерда ўлим оддий бир иш эди… Тушунарли эди…”
“Вертолётдан туриб…
Ерга яқин учардим, кузатиб турардим… Буғулар, ёввойи қобонлар… Озғин, уйқусираган. Худди секинлаштирилган кадрдагидай юришади… Улар ўша ерда ўсган ўт билан озиқланган ва сув ичган. Бу ердан улар ҳам кетишлари кераклигини англашмаган. Одамлар билан бирга кетиш керак эди…
Кетиш керакми – кетмаслик? Учиш керакми – учмаслик? Мен – коммунистман, қандай учмаслигим мумкин? Иккита штурман учишни рад этди, хотинларимиз ёш, ҳали болали бўлмаганмиз, дегандай қилишди, лекин уларни уялтиришди. Улар учун ишда кўтарилиш йўли ёпилди! Яна эркаклик ҳамияти бор. Ор-номус бор! Бу, тушунасизми, шавқ – унинг қўлидан келмади, мен эса бораман, деган шашт. Энди эса бошқача фикрдаман… Тўққизта жарроҳлик амалиёти ва иккита инфарктдан сўнг… Энди ҳеч кимни муҳокама қилмайман, бормаганларни тушунаман. Йигитлар навқирон ёшда эди. Лекин ўзим барибир учган бўлардим… Бу аниқ. У – боролмади, мен эса – бораман. Эркакчасига!
Баланддан туриб… Юқоридан… Техниканинг сони ҳайратга соларди: оғир вертолётлар, ўртача вертолётлар… МИ-24 – ҳарбий вертолёт… Чернобилда ҳарбий вертолётда нима қилиш мумкин эди? Ёки ҳарбий қирувчи МИ-2 да-чи? Учувчилар… Ёш йигитлар… Ўрмонда, реактор ёнида туради ва рентгенларни симиришади. Буйруқ шунақа! Ҳарбий буйруқ! Лекин у ерга шунча одамни йўллаш, нурлантириш нега керак эди? Нима учун?! (Бақириб, томоғини қиради.) Инсон эмас, мутахассислар керак эди. Тепадан… бузилган бино, вайрон бўлган лаш-лушлар уюми… кўринади. Ва митти одамларнинг улкан миқдори. Қанақадир немис крани турарди, аммо ўлик, реактор томида би роз юрган ва тўхтаб қолган. Роботлар ўларди… Академик Лукачев Марсни ўрганиш учун яратган бизнинг роботлар… Ташқи кўриниши инсонга ўхшаб кетувчи япон роботи… Бироқ… афтидан, уларнинг ичидаги қисмлар юқори радиациядан куйиб кетган. Резина кийим ва қўлқоп кийган аскарларгина юришарди… Осмондан туриб қарасанг, жуда митти одамлар…
Мен ҳаммасини эслайман… Ўғлимга ҳикоя қилиб бераман, деб ўйлагандим… Бироқ келганимда 'Ота, у ёқда нима бўлди?' деб сўраган ўғлимга 'Уруш, болам…' дедим.
Бошқа сўз тополмадим…”
2
Мавжудотлар гултожи
Кўҳна кароматлар ҳақи�а монолог
Менинг қизалоғим… У бошқаларга ўхшамайди… У катта бўлади ва мендан: “Нега бошқаларга ўхшамайман?” деб сўрайди.
У туғилганда… Бу гўдак эмасди, ҳамма томони иплар билан тикилган, кўзидан бошқа бирор тирқиши бўлмаган тирик халтача эди. Тиббий картасида: “Анус аплазияси, қин аплазияси, чап буйрак аплазияси каби кўплаб патологиялар мажмуи билан туғилган қиз”, деб ёзилган. Илмий тилда шундай эшитилади, ўзимизнинг оддий тилда эса: олди ҳам, кети ҳам йўқ, фақат битта буйраги бор… Уни иккинчи кундан жарроҳлик амалиётига олиб бордим, ҳаётининг иккинчи кунидан… У кўзчаларини очди, гўё кулаётгандай эди, мен эса аввалига у йиғлашни истаяпти деб ўйлагандим… Оҳ, худойим, у куларди! Унга ўхшаган болалар узоқ яшамайди, тезда вафот этади. Қизим ўлмади, чунки мен уни севардим. Тўрт йилда – тўртта жарроҳлик амалиёти. У Беларусда бундай патологиядан кейин яшаб қолган ягона гўдак. Уни жуда яхши кўраман. (Тўхтаб қолади.) Мен бошқа туға олмайман. Журъатим етмайди. Туғуруқхонадан қайтдим: эрим кечаси ўпса, титраб кетаман – бизга мумкин эмас… Гуноҳ… Даҳшат… Шифокорлар ўзаро гаплашганларини эшитганман: “Қизча тирик туғилиб, яшаб қолганининг ўзи мўъжиза. Телевизорда кўрсатсанг, бирорта она бунақа бола туғишни истамасди”. Улар бизнинг қизимиз ҳақида гапирарди… Шундан кейин ҳам бир-биримизни қандай сева оламиз?!
Черковга бордим. Руҳоний отага айтдим. Унинг айтишича, ибодат қилиб гуноҳларимиздан ўтишини сўрашимиз керак. Авлодимизда биров одам ўлдирмаган… Менинг айбим нима?
Аввал бизнинг қишлоқни ҳам кўчиришмоқчи бўлишди, кейин рўйхатдан ўчиришди: давлатнинг пули етмас экан. Шу пайтда мен севиб қолдим. Эрга тегдим. Биздагиларга туғиш мумкин эмаслигини билмасдим…
Анча йиллар олдин бувим Библиядан ўқиб берганди: ҳали заминда ҳамма нарса тўкин бўладиган, ҳамма ёқ гуллаб, мева тугадиган пайт келади, дарёлар балиқларга тўла бўлади, ўрмонларда жониворлар кўпаяди, лекин инсон улардан фойдалана олмайди. У мангу ҳаётни давом эттириш учун ўзидан насл ҳам қолдира олмайди.
Мен кўҳна башоратларни қўрқинчли бир эртакдек тинглардим. Ишонмасдим.
Қизчам ҳақида ҳаммага айтиб беринг. Ёзинг. У тўрт ёшида қўшиқ айтади, рақсга тушади, ёддан шеър ўқийди. Ақлий ўсиш жиҳатдан у соғлом, бошқа болалардан фарқ қилмайди, фақат ўйинлари бошқача. У “дўкон”, “мактаб” деган ўйинларни эмас, қўғирчоқлари билан “касалхонада” ўйинини ўйнайди: уларга нина санчади, иситмасини ўлчайди, томчи дори тайинлайди, қўғирчоқ “ўлади” – уни оқ чойшабга ўраб қўяди. Биз тўрт йилдан бери касалхонада яшаймиз, уни ёлғиз қолдириш мумкин эмас, у инсон уйда яшаши кераклигини билмайди. Уни бир ой-икки ойга уйга олиб келсам, “Тезроқ касалхонага қайтамизми?” деб сўрайди. Касалхонада унинг дўстлари бор, улар шу жойда яшайди, улғаймоқда.
Унинг орқасини ясадилар… Энди қинни шакллантиришмоқда… Охирги жарроҳлик амалиётидан сўнг сийдик чиқариш тўхтади, қовуқни бўшатиш учун найча қўйишнинг имкони бўлмади – яна бир нечта жарроҳлик амалиёти ўтказилиши керак. Бу ёғини чет элда операция қилдиришни тавсия этишяпти. Эрим ойига юз йигирма доллар маош олса, ўн минглаб долларни қаердан оламиз? Бир профессор яширинча маслаҳат берди: “Бунақа патологияси бор бола фан учун аҳамиятли. Чет эл клиникаларига ёзинг. Бу уларни қизиқтириши керак”. Мен ёзяпман… (Йиғлаб юбормасликка ҳаракат қилади.) Мен ёзаман, ҳар ярим соатда боланинг пешобини қўл билан сидириб чиқаришга тўғри келиши, у қин соҳасидаги нуқтадек тешикчадан чиқиши ҳақида ёзяпман. Шундай қилмасак, ягона буйраги ҳам ишламай қолади. Дунёда ҳар ярим соатда сийдиги қўлда сиқиб чиқариладиган гўдак яна қайда бор? Бунга яна қанча чидаш мумкин? (Йиғлайди.) Мен ўзимга йиғлашга рухсат бермайман… Йиғлашим мумкин эмас… Ҳамма эшикларни тақиллатаман. Ёзаман. Қизчамни олинглар, майли тажриба учун… Илмий тадқиқотлар учун… …Розиман, майли, қизим тажриба ўтказиладиган “қурбақа” бўлсин, янги услублар синаладиган “қуёнча” бўлсин, яшаб қолса бўлгани. (Йиғлайди.) Ўнлаб хатлар ёздим… О, Худойим!
Ҳозирча у тушунмайди, лекин қачондир биздан бошқаларга ўхшамаслиги сабабини сўрайди. Нега уни эркак севиб қолиши мумкин эмас? Нега у бола туға олмайди? Нега унда ҳатто капалаклар… қушларда… содир бўладиган жараёнлар ҳеч қачон юз бермайди? Ҳаммада, лекин нега айнан унда эмас?!..
Мен хоҳладим… Исботлашим керак эди… Яъни… ҳужжатларни олишни истардим… Қизим катта бўлганида билсин: эрим иккимиз айбдор эмасмиз… Муҳаббатимиз ҳам… (Яна йиғламасликка уринади.) Тўрт йил жанг қилдим… Шифокорлар билан, мансабдорлар билан… Юксак идораларда қабул қилишларига эришдим… Тўрт йил ўтганидан сўнггина менга қизимнинг даҳшатли патологияси (кичик дозалардаги) ионлашувчи радиация билан боғлиқлигини тасдиқловчи маълумотнома беришди. Тўрт йил тан олишмади, “Қизингиз – болаликдан туғма ногирон”, деб қайта-қайта такрорлашди. Қанақасига у болаликдан ногирон бўлсин? Қизим – Чернобиль ногирони. Ўзимнинг насл шажарамни ўргандим: аждодларимизда бирорта бунақа ҳолат бўлмаган, улар саксон-тўқсон ёшгача яшашган, бобом тўқсон тўртга кирганди. Шифокорлар ўзини оқларди: “Бизда йўриқнома бор. Бунақа ҳолатларни ҳозирча умумий касалланиш сифатида баҳолашимиз шарт. Йигирма-ўттиз йил ўтгач, маълумотлар базаси жамланганида, касалликларни ионлашувчи радиация билан боғлаймиз. Паст дозалар билан… еримизда ўзимиз еётган ва ичаётган нарсалар билан… Ҳозирча тиббиётга ва фанга бу ҳақда маълум нарсалар жуда оз”.
Аммо йигирма-ўттиз йил кута олмайман. Ярим умрим-ку! Уларни судга бергим келди. Давлатни ҳам… Мени ақлдан озган дейишди, устимдан кулишди, бунақа болалар Қадимги Юнонистонда ҳам, кўҳна Хитойда ҳам туғилган эмиш… Бир мансабдор бақириб берди: “Чернобилчиларнинг имтиёзини олгинг келяпти! Чернобиль пулларини!” Унинг хонасидаёқ ҳушимдан кетиб қолмаганимга ҳайронман… Қандай қилиб юрагим ёрилиб ўлиб қолмадим-а!.. Лекин менга ўлиш ҳам, ҳушдан кетиш ҳам мумкин эмас…
Улар бир нарсани тушуна олмасдилар… Хоҳламасдилар… Бу ҳолат менинг ёки эримнинг айби билан бўлмаганини билишим шарт эди… Муҳаббатимиз айбдор эмас… (Дераза томонга ўгирилиб, жим йиғлайди.)
Бу қизча эса вояга етмоқда… Барибир қиз болада… Унинг фамилиясини айтишларини истамайман… Ҳатто қўшниларимиз ҳам… Бир зинадан бирга тушиб чиқадиган қўшниларимиз ҳам буларнинг барини билмайди. Унга кўйлак кийдираман, сочларини ўриб қўяман. “Катенька қизингиз шунақа гўзал”, – дейишади улар менга. Ўзим эса ҳомиладор аёлларга ғалати қарайман… Гўёки узоқдан қараётгандай… Бурчакдан… Қарамайман, пойлайман гўё… Гўё қалбимда турли туйғулар аралашиб кетади: ҳайрат ва даҳшат, ҳасад ва ҳавас, ҳатто қандайдир қасоскорлик ҳам пайдо бўлади. Қайсидир кун қўшнининг иккиқат итига ҳам шунақа қараётганимни сезиб қолдим. Уясида турган лайлакка ҳам…
Менинг қизгинам…
Лариса З. она
Ой нуридаги манзара ҳақида монолог
Бехос иккилана бошладим, қай бири яхши: ёдда тутишми ёки унутишми?
Таниш-билишлардан сўрадим… Бировлари унутган, бошқалари эслашни истамайди, чунки биз ҳеч нарсани ўзгартира олмаймиз, ҳатто бу ердан кетолмаймиз. Ҳатто шунга ҳам қодир эмасмиз…
Нималарни эслайман… Ҳалокат юз берган дастлабки кунлар кутубхоналардан радиация, Хиросима ва Нагасаки тўғрисидаги, ҳатто рентген ҳақидаги китоблар ҳам ғойиб бўлди. Бу – саросима солмаслик учун “юқори”нинг буйруғи, деган мишмишлар тарқалди. Бизнинг хотиржамлигимиз учун шундай қилишибди. Шунақа бир ҳазил луқма ҳам пайдо бўлди: агар Чернобиль папуаслар1313
Янги Гвинея ва Меланезиянинг баъзи оролларида яшовчи тубжой аҳоли.
[Закрыть] томонда портлаганда, уларнинг ўзидан бошқа бутун дунё саросимага тушарди. Ҳеч қандай тиббий тавсия йўқ… Ҳеч қандай маълумот… Кимнинг имкони бўлса, йодли калий ҳаб дориларни топди (шаҳримиз дорихоналарида улар сотилмасди, қаердандир катта пора эвазига топишарди). Шундай ҳам бўлардики, бу ҳаб дориларнинг бир сиқимини ютиб, устидан бир стакан спиртни ичиб юборишарди. Кейин “Тез ёрдам” келиб, дорини чиқариб оларди.
Дастлабки хорижий журналистлар етиб келишди… Илк киногуруҳ… Улар пластик коржомаларга ўранган, каскалар кийган, пойабзалига резина қоплама кийдирилган, қўлқопларда, ҳатто суратга оладиган камералари ҳам махсус ғилофга ўралганди. Уларга ўзимизнинг таржимон қиз ҳамроҳлик қиларди… Қизнинг устида фақат енгил ёзги кўйлак бўлиб, очиқ пойабзалда эди…
Гарчи ҳеч ким ҳақиқатни чоп этмаётган бўлса-да, одамлар қоғозга босилган ҳар бир сўзга ишонарди. Ҳеч ким ҳақиқатни айтмасди. Бир томондан, яширишарди, бошқа томондан – ҳаммасини ҳам тушунишмасди. Саркотибдан тортиб, то фаррошгача. Кейин белгилар пайдо бўлди, ҳамма уларни кузатишга тушди: агар шаҳар ёки қишлоқда каптарлар ва чумчуқлар бўлса, демак, у ерда одамлар ҳам яшаса бўлади… Инсон ўз ақлига эмас, қушларнинг ақлига ишонарди… Асаларилар юрибдими – демак, тоза. Таксида юрганимда ҳайдовчи қушлар негадир кўзи кўрдай ўзини ойнага уриб, чилпарчин бўлишидан ҳайрон бўларди. Худди ақлдан озгандай… Уйқусираб… ўзини ўзи ҳалок қилаётган каби… Иш вақти тугагач, буларни унутиш учун ҳайдовчи дўстлари билан ўтириб ичиб оларкан.
Иш сафаридан қандай қайтганимни эслайман… Икки томонда – ҳақиқий ой манзараси… Қандайдир оқ минерал кукунлар билан қопланган далалар уфққача чўзилган эди. Тупроқнинг устки заҳарланган қисми сидириб олинган ва ерга кўмилган, унинг ўрнига минерал кукунни сепишган. Ерга ўхшамасди… Ерда эмас, бошқа жойда тургандек эдим… Кўрганларимдан узоқ изтироб чекдим ва ҳатто ҳикоя ёзмоқчи бўлдим. Тасаввур қилдим, яна юз йилдан кейин бу ерда нима юз беради: инсонми ёки бошқа нимадир узун орқа оёғи тиззаларини орқага ташлаб тўрт оёқлаб сакраб бормоқда, тунда у атрофни учинчи кўзи билан кўради, биттагина динг турган қулоғи ҳатто чумолининг югурганини ҳам эшитади. Ер юзида ва фалакда фақат чумолилар қолган, бошқа ҳамма нарса ўлган…
Ҳикоямни журналга жўнатдим. Жавоб келди, бу бадиий асар эмас экан, бир даҳшатнинг тафсилоти эмиш. Албатта, истеъдодим етарли даражада эмас. Аммо бу ерда бошқа бир сабаб ҳам борлигидан шубҳаландим. Ўйлаб қолдим: нега Чернобиль ҳақида кам ёзишади? Ёзувчиларимиз уруш ҳақида, сталинча лагерлар ҳақида ёзишда давом этмоқдалар, бу мавзуда эса сукут сақлашяпти. Китоблар – бир, иккита ва тамом. Буни тасодиф деб ўйлайсизми? Ҳодиса ҳалиҳануз маданият доирасидан ташқарида. Маданий жароҳат. Бизнинг ягона жавобимиз – жимлик. Ёш болалардай, кўзимизни юмиб олганмиз ва ўйлаяпмиз: “Биз яшириндик. Бизни босиб ўтишади”. Келажакдан нимадир мўраламоқда ва у туйғуларимизга мос келмаяпти. Омон қолиш лаёқатимизга… Ким биландир гаплашасан – ўша одам ҳикоя қилишни бошларкан, уни эшитганингдан хурсанд бўлади. Тушунмаса ҳам, эшитди-ку, деб… Чунки унинг ўзи ҳам ҳали нима бўлганини тушунганича йўқ… Худди сенга ўхшаб…
Фантастикани ўқигим келмай қолди.
Шундай қилиб, қай бири яхшироқ: ёдда тутишми ёки унутишми?
Евгений Александрович Бровкин,Гомел давлат университети ўқитувчиси
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?