Текст книги "Ўзим билан ўзим"
Автор книги: Аъзам Аҳмад
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 26 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]
ГУЛ КЎТАРИБ КЕТАЁТГАН ЭРКАК
Гулдаста кўтарган эркак шаҳарнинг гавжум кўчасидан ўтиб боряпти.
Каттакон ва кўркам, гул бозоридаги энг чиройли, шу чиройига яраша энг қиммат гулдаста. Балки қиммат сотиш учун махсус парваришланган гуллардан терилгандир.
Агар гулдаста кичикроқ, кўрксизроқ, арзонроқ бўлганда, кўзга унча ташланмас, биз ҳам у ҳақда ёзмас эдик, чунки айни гул фаслида гул кўтариб юриш жуда ҳам диққатни тортадиган, алоҳида тавсифга арзийдиган ҳодиса эмас; гул кўпайгандан кейин гул кўтарган ҳам кўпаяди, бунга кўз ҳам ўрганади, гул фасли.
Лекин бу каттакон ва кўркам гулдаста биринчи қарашдаёқ уни сотиб олган одамнинг сахийлигини кўрсатар эди. Гулдастага қараган одам беихтиёр уни сотиб олган одамга ҳам қараб, «Қара, дунёда шунақа гулдасталарни қиммат демай сотиб оладиган сахийлар ҳам бор-да, а, менда шунақа имконият йўқ-да, а,» деган хаёлга борар эди.
Гулдаста яна нимаси биландир ўзини сотиб олган одамга диққатни тортарди, негадир гулдаста эркакка эмас, балки эркак гулдастага ярашмаётгандек кўринар эди. Ҳа, шунақа, тикилиб, разм солиб қарасангиз, гулдаста эркакни ёшидан улуғроқ кўрсатарди, бошқа пайтлари, масалан, каттакон китоб кўтариб кетаётган бўлсангиз, бу китоб сизнинг ёшингизни улуғ кўрсатса, нур устига аъло нур, лекин ҳозир шундоқ гавжум серҳаракат кўчада эркак куппа-кундуз куни гулдаста кўтариб эмас, балки чиройли, чиройи энди очилган бир бокира сулув қизнинг белидан тутамлаб кетаётганга ўхшар эди. «Эй, оғайни, катта кўчада, ошим ҳалол деб, бу нима юриш!?», дегинг келади-ю, гулдастага қараб… Гулдаста ҳам анойи эмас, ҳашаматли, қандайдир барқ урган, яшнаб турган чиройли, ўзини кўтариб кетаётган эркакни камситиб борарди: гўё шунақа гулдаста кўтариб юриш учун одамнинг нимасидир ҳамманикидан ортиқча, нимасидир ҳамманикидан кам бўлиши керакдек…
Хуллас, гулдастани уни кўтариб кетаётган одамга қиёсласангиз, хаёлингизга минг хил бир-бирига қарама-қарши фикрлар, ўхшатишлар келаверади. Агар гул кўтариб кетаётган одамнинг ўрнида ўзингизни тасаввур қилсангиз, йўқ, мен катта шаҳарнинг кўчасида бунақа гулдастани ҳеч қачон кўтариб юрмайман, деган қатъий фикрга борасиз.
Ўзи эркак бу гулдастани нега сотиб олган? Кимга олган бўлса?
Дейлик, бугун дўстининг туғилган куни. Гулдастани шунга олган. Аммо дўстга бунақа каттакон ва кўркам гулдаста олиш шарт эмас, дўстга кичикроғи, умуман номига олинса ҳам бас, деб ўйлай бошлаймиз. Дўстнинг туғилган кунига гулдастасиз, гулсиз ва ҳатто қуруқ ҳам бориш мумкин, бундай кунда дўстнинг кўнглини кўтарадиган яхши-яхши гаплардан гапириб ўтиришнинг ўзи катта совға. Дўст одам туғилган кунида меҳмонларнинг қўлига қарамайди, балки, ишқилиб, дўстларимнинг ҳаммаси, жилла қурса, энг яқинлари, ҳеч бўлмаса, бирортаси келса, ёлғиз қолмасам эди, деб йўлга қарайди.
Йўқ, эркак гулдастани дўстига атаб олмаган, дўстига атаганда гулдастани бунақа авайламас эди, дўстга олинган гулдастани киши одатий, кундалик бир заруратдек, бир оддий буюмдек, масалан, шамсиядек, бамайлихотир кўтариб юради.
Дейлик, гулдастани эркак онасига атаб олган. Дейлик, бугун онасининг ҳаётида қувончли бир кун. Аммо эркак бундай қиммат гулдаста билан онасини қувонтирармикан? Билмадик-да. Оналар, шу жумладан мазкур эркакнинг онаси ҳам бозорни, нарх-навони, фарзандларининг чўнтагини яхши билади, туғилган куни тугул, ундан каттароқ ҳодиса бўлса ҳам, масалан, боя китобни гапирганимиз учун айтяпман – ўғли академикликка сайланса ҳам, бунақа қиммат совғадан – исрофдан кўнгиллари оғрийди. Эркак шу гулдастани «Она, мана, шу гулдастани фалон муносабат билан сизга олиб келдим», деб тақдим қилса, она: «Бунинг ўрнига ўзингга бир нарса олсанг бўлмайдими, шунча ёшга кирдинг, қачон болалигинг қолади», деб койиши турган гап. Агар эркак бирон-бир сабаб билан онасини йўқламоқчи бўлса, албатта биз совғага муҳтожлиги йўқ, топгани ўзига ҳам, болаларига ҳам етиб, яна ортиб қоладиган оналарни назарда тутмаяпмиз, совғадан кўнгли кўтариладиган волидасига бир жуфт калиш ё маҳсими, иккаласини ҳамми, одмигина кийимликми, арзонбаҳо рўмолми олар, онаси буни кўриб чин дилдан кўзига ёш олар, ўғлини қийнаб қўймаганидан қувонар эди.
Аслини олганда-ку, оналарга энг яхши совға – уларни ҳеч бир сабабсиз, ҳеч қандай мақсадсиз, касал бўлиши ё қувончли кунини кутиб ўтирмай, ё уларнинг ташвиши ё ўзингизнинг ташвишингизни ўйламай, шунчаки, тўппа-тўғри йўқлаб бориш. Сиз уйни укангизга қолдириб, янги ҳовли солиб чиқиб кетган бўлсангиз, агар манови гул кўтариб кетаётган эркакнинг ёшида бўлсангиз, унда хотинингиз, уч-тўрт болангиз билан турасиз, укангизнинг эшигини ланг очиб: «Она! («Ойи!», «Бийи!», «Ая!», «Эна!», «Опа!», «Буви!», «Анна!, «Ача!» – фарқи йўқ!) Ҳў, уйдамисиз? Сизни бир кўргим келди-да! Йўқ, хавотир олманг, тинчлик, айтяпман-ку, бир кўргим келди!», десангиз, бас, онангизга бундан катта мартаба йўқ. Агар бунга қўшимча қилиб яна: «Невараларингиз, келинингиз ҳам сизни жуда соғинибди-да, бир кўриб келмайсизми деб бошни қотирворишди!», десангиз, онангиз қувонганидан…
Йўқ, эркак гулдастани онасига олмаган, бу аниқ.
Дейлик, эркак гулдастани отасига атаган. Лекин… оталарга болалар ҳеч вақт гул совға қилармикан? Сиз отангизга гул берганмисиз? Билмадиг-у, лекин отага гул бериш эриш туюладиганга ўхшайди. Чунки, ҳар қалай, ҳалиги, ишқилиб, гул онангиз билан отангиз ўртасидаги, айтганимиздек, сизнинг дунёга келишингизга тааллуқли муносабатларга дахли бор. Яна ҳам ким билади, отасига ҳазиллашадиганлар ҳам топилса керак. Билмадик, билолмадик, бизнинг оталаримиз райҳон ҳидлаганига думоғи чоғ бўлиб юрадиган одамлар эди, гулни боғи билан ўриб келарди. Ҳар қалай, ота дегани гулдан жуда баланд турадими, ишқилиб, биз бирорта ёши улуғ эркакнинг отасига атоқлаб гул тақдим қилганини билмаймиз. Аёлларнинг йўли бошқа, кейин… охирги пайтлари янги одатлар ҳам келиб чиқяпти, яна ҳам билмадик.
Эркак гулдастани хотинига олганмикан? Йўқ, ундай эмас – хотинига атаб гул кўтариб кетаётган эркак яшнаб, ёшариб кетади. Агар у гулдастани хотинига деб олганда одамлар унга ажабсиниб эмас, ҳавас билан қарар эди. Бундай каттакон ва кўркам гулдастани хотинига совға қиладиган киши ҳали ҳаваси ўлмаган, бахтиёр бўлур эди ва кейин, гулдастани ўзи олмас, бўй етаёзган ўғли ё қизига олдиртирар, ўғли ё қизининг қўлига бир даста пул бериб: «Ма, бозордаги энг чиройли, энг катта гулдастани ол, ҳаммамизнинг номимиздан онангга совға қиламиз. Бунақа ишларни ўрганиб қўйгин», деб валломатлик қилган бўлур эди.
Бу эркакнинг гулдастасидан кўриниб турибдики, ҳали у бунақа бахтиёр эмас, шу хариди билан бахтини топмоқчи. Шу гулдаста унинг бахтини ё бу ёқли, ё у ёқли қиладигандек… Йўқ, биз билағонлик қилаётганимиз йўқ, эркакнинг гулдастани тутиши шунақа. Кейин, эркак гулдастани кимга олиб кетаётганини билдирмоқчи эмас, лекин гулдаста уни фош қилиб гуллаб кетяпти.
Ким бўлса у? Эркакнинг севганими? Билолмадик-да, бу ерда ҳали кўп гап борга ўхшайди. Ҳар қалай, эркак аллақачон ўн саккиз ёшда эмас, севганининг ҳам бу ёшдан ўтиб кетгани аниқ. Чунки гулдаста жуда катта, қиммат, ҳамманинг диққатини тортади. Эркак-ку уни севар, аммо унинг эркакни севиш-севмаслиги номаълум. Акс ҳолда, эркак гулдастани мағрур кўтариб кетаётган бўларди. Ҳозир гулдастанинг ўзи мағрур, қийғоч, ёниқ, эркак эса гулдастани ўзи эмас, бошқа эркак кўтариб кетаётгандек хижолатда ҳам эди.
Балки гулдаста эркакнинг маҳбубасини қувонтирар. Балки ўша маҳбуба, агар у чиндан ҳам бор бўлса, эркакнинг атоқлаб гулдаста олиб келишини олдиндан билиб, интизор кутаётгандир, ёки… ҳафсаласи пир ўтиргандир. Ҳар қалай, муҳаббат учун гулдан бошқа нарсалар ҳам керак-ку.
Эркак шундоқ катта, кўркам, қиммат гулдаста олганидан ўзини ноқулай ҳис қилар, кўчадаги одамлардан уялар, гулдастани яширишга илож тополмай, иситмаси чиқиб борар эди, аммо гулдаста нимаси биландир унга шафқатсиз эди. Балки кўзимизга шундай кўринар, эҳтимол, унинг хаёли қўлидаги гулдастада эмас, бошқа нарсалардадир.
Хуллас, шаҳарнинг катта кўчаси, тумонатнинг ичида бир эркак каттакон ва чиройли гулдаста кўтариб кетяпти экан.
Унга қараган одам, ҳей оғайни, кўтар бошингни, ҳеч биримизда сеникидақа каттакон ва кўркам гулдаста йўқ, яшавор деб хитоб қилгиси келади-ю, лекин хитоб қилишидан олдин, аввал билай-чи, нега бу эркак шаҳарнинг энг гавжум жойида шундоқ каттакон ва кўркам гулдаста кўтариб юрибди, бошига қанақа яхши кун тушган экан ё эси сал анақароқмикан, бўлмаса, нега бунча гулдастасини кўз-кўз қилади, деган хаёлларга боради.
Гулдаста кўтариб кетаётган эркакка қараган одам ўзининг шундай гулдаста кўтариб кетмаётганини ўйлаб қолади, ўзида шундай каттакон ва кўркам гулдаста йўқлиги учун ҳар хил тахминларга боради, эркакни жиндай яниб ҳам қўяди.
Рост-да, нега кўчада намойишга гулдаста кўтариб юради, бошқалар гулдаста олиб, кўчада юролмайдими? Нима, шаҳар шу гулдаста кўтарган эркакнинг маҳрига тушганми? Куппа-кундуз куни, одамларнинг хаёлига ҳар хил нарсалар келишини ўйламай, шундай каттакон ва кўркам, чиройли ва яшноқ гулдаста кўтариб кетаётган эркакни кўрганда одамнинг хаёлига ҳамма нарса келар экан.
Қаранг, бир эркак тумонатнинг ичида ўзининг каттакон ва чиройли гулдастасини кўтариб кетяпти! Одамнинг тинчи бузилмайдими?..
1996 й.
СОЯСИНИ ЙЎҚОТГАН ОДАМ
Ўшанда менга нима бўлганини ўзим ҳам билмайман, буни ҳозир ҳам тушунтириб беролмайман. Ҳеч нарса бўлмагандек юрибман. Лекин бунга кўниккунимча жуда кўп нарсалар бўлиб ўтди.
Бир куни чўзма лағмон еб ўтирган эдим, ўзимча шундан кўраман, бирдан оёқ-қўлим бўшашиб, бошим бўм-бўш бўлиб, ичим ҳувиллаб кетди. Атиги бир-икки сония, ўзимни йўқотдиму дарров ўзимга қайтдим. Бошқача тушунтирсам, туппа-тузук, ҳамма қатори ростмана одам туйқусдан ўз мазмунини йўқотиб, яна қайтиб топгандек ғалати аҳволга учрадим, ростдан, бирдан мазмуним чиқиб кетиб, яна қайтгандек бўлди. Шу ҳолат лағмоннинг чилвирини қошиққа ўраб, оғзимга олиб боргунча давом этди. Бор гап шу. Ўзи тушлик деса, юрагим безиллайди, яна аксига олиб шериксиз чиққанман. Бу ҳолат шув этиб ўтиб кетди-ю, лекин кайфиятимни бузди, кўп очин-тўқин юраман, толиққанимдан дедим-да, бир амаллаб, лағмонни тамомладим. Ишга қўл силтадиму ижарамга жўнадим.
Хонамга келиб ўзимни ойнага солдим, кўринишим яхши, ранги рўйим жойида. Фақат уйқу босяпти. Каравотга чўзилганим заҳоти тубсиз қудуққа қуладим. Шу ухлагандан эртаси куни офтоб тиккага келгунча донг қотибман. Тиниқиб уйғондим. Кеча бунақа бўлгани кечалари билан ухламай китоб ўқишимдан, вақтида ётиб, вақтида туриш керак, йўқ эса, соғлиққа ҳам, мияга ҳам таъсири бор, одам ўзини аяши лозим, дедим. Айвонга чиқдим, офтоб чарақлаб турибди. Кўп ухлаганимга кўзим сал ачишаётганини айтмаса, ҳамма нарса ҳамишагидек. Ҳеч эътибор қилганмисиз, уйқудан туриб, кўп қаватли уйнинг айвонигами, ҳовлигами чиқасиз-да, атрофга кўз соласиз, ҳеч қанақа ўзгариш кўрмайсиз, шамол ё булут, қор ёки ёмғир бўлиши, ҳаво айниши мумкин, лекин дунё ўзгармайди, балки ўзгарар, лекин ўзгариши йиллаб, ўн йиллаб чўзилади, одамга билинмайди. Шунақа, мен қараганда ҳам ҳамма нарса ҳамишагидек, ҳатто айвонга чиқишимда ҳам ўзгариш йўқ, кеча ё бир йил олдин қандай қараган бўлсам, шундай қараётган эдим. Лекин, биласизми, шу ҳар доимги муқимликда пинҳона бир ўзгариш бўлсаю сиз буни кўрмасангиз ё ниманидир излаб чиқсангиз-да, шу излаётганингизнинг нима эканлигини англаб ололмасангиз, бир нарсани зўр бериб билмоқчи бўлсангиз-да, шу нарсанинг ўзи нима бўлиши мумкинлигини ҳам билолмасангиз, кўнглингизга омонатлик кириб қолади. Fалати-я? Мен шунга айтяпман, одамнинг мазмуни йўқолганга ўхшаган бир ҳолат деб.
Мен ана шунақа бир ҳолатда эдим. Айвонга бир аниқ мақсадда чиққаним йўқ, шунчаки ҳар кунги одатим, мана уйқудан уйғондик, дунёга яна бир қараб қўяйлик, ўзимизни ҳам кўрсатайлик деб қарадим. Дунё ҳам – ўша-ўша, лекин шу кўринишида ўзининг эмас, менинг ўзгарганимни билги қилаётган бир нарса бордек, шу калаванинг учини тополмай, кўнглим доим ўзи таяниб турадиган таянчларини йўқотиб қўйгандек омонат эди, агар тушунтира олган бўлсам. Ижарада бир ўзим турганимдан эмас, ана шу хаёллар чулғаб олгани, бу хаёллар исканжасида якка эканим ва ёнимда ҳатто ҳамхона дўстим яшаганда ҳам, унга бу аҳволимни айтганим билан, нафақат у, дўст, балки умуман ҳеч ким тушунмаслиги, ҳеч бировга тушунтириб беролмаслигим учун ҳам маҳкум ёлғиз эдим. Ўзимни одамлар тўдасига ургим келди, лекин бу тўда ичида мени ҳеч ким танимаслиги, бегона эканлигимни кўнглим сезиб, хонамдан чиққим келмай турарди.
Кўчага тушиб, ишхонага телефон қилдим, мени ҳеч ким сўрамабди, бошлиқ ҳам йўқламабди, ҳаммаси жойида экан. Наҳотки, бир инсон тушдан кейин ишдан кетиб қолса, эртаси куни ишга бормаса, бирон одам қизиқмайдими, деб ҳам ўйладим.
Телефон гўшагини илиб, энди юраётганимда, офтоб чарақлаб турган эди, бир кўзойнакли семиз йигит аввал оёғим тагига, кейин ўзимга қаради-да, ҳайрон туриб қолди. Бирон нарса илашибдими ё бошмоғимни пойма-пой, ё шимимни тескари кийибманми, деган хавотирда ўзим ҳам ўзимга қараб олдим – ҳеч гап йўқ. Бизда қизиқ одамлар бор-да, баъзилари нотанишга ҳам худди одамёввойига учрагандек бақрайиб тураверади, дедиму йўлимда кетавердим. Негадир мен шунақаларга кўп дуч келаман. Троллейбусдами, автобус ё трамвайдами албатта битта-ярим одам менга тикилаётган бўлади. Тикилгани билан қарашида маъно йўқ, худди «Чипта олишни унутманг!», «Юкнинг баҳоси ўн тийин», деган эълонларни лоқайд ўқиётгандек. Кўчадагилар-чи, кўзини қадаб ўтгани етмагандек, орқамдан ҳам тикилиб қолади. Ўрганиб кетганман, лекин семиз йигитнинг қарашидан ғашландим. Нарироқ юриб орқамга ўгирилсам, у ҳали ҳам менга қараб турган экан, юзини бурди. Мени бир ўзгариб кетган эски танишига ўхшатди-ёв, деб ўйладим. Ҳар эҳтимолга қарши яна у ёқ-бу ёғимга қараб олдим, йўқ, ҳаммаси жойида.
Қаршидан бир қиз келяпти экан, бегонага тикилиш одобсизлик эканини ўйлаб бораётган бўлсам-да, яна бу қиз бола, кўзимни узолмадим: – кичкина, ингичка, юзи чўзинчоқ, бургутча бурун, қирра ияги катта, ўзига ярашиғли хунук, юпқа қора чарм камзулча, қора юбка бошмоққача, оёқ жонивор ҳам сибизиқдай шекилли, қадам босишида гоҳ у ёғидан, гоҳ бу ёғидан очилаётган лозими… лозим бўлиб лозим, колготки бўлиб колготки эмас, қора юпқа матодан, тўпиққача; почасига қалампирнусха, рангдор гул тикилган, ҳар хил тош қадалган, юзига тушган тола сочини кўтариб қўяётганда кўрдим: тирноқлари ингичка, узун-узун устирилган, этдан ташқари қисми оқлигича қолган, эт усти қизғиш бўялган, қулоғига қарамабман, сирғаларини сочи ёпган шекилли, лекин хивич бармоқларида икки-учтадан, тоши майда, мен фарқига бормайман, балки олмосдир, узук. Мўъжазгина урғочи йиртқич! У менга бир қараб қўйди-да, бир қадам четланиб ўтди. Худди мен уни еб қўядиган бир маҳлуқдек. Шунда, ҳамма кийими қора бўлганигами, хаёлимга бу қиз шу қиз эмас, балки бирон қизнинг гулдор сояси, деган бир қиёс келди.
Соя деган нарса айни шу вақти хаёлимга бекорга келмаганига ҳалигача ҳайронман: одамнинг шуури унинг ўзи билмаган нарсаларни ҳам сезар экан.
Шу куни ул-бул егулик олиб яна ижарамга қайтдим, чўзилиб ётиб кечгача ўқидим, туриб шифтдаги неончироқнинг элас-элас ғўнғиллаши остида ёзув-чизув билан алла-паллагача ўтирдим. Ҳар кунгидан сал ғалатироқ бўлгандек эди, диққат қилмабман, кейинроқ, аҳволим ойдинлашгандан сўнг билдим, билмаганим ҳам яхши бўлган экан, қоқ ярим тунда ақлим озиши ҳеч гап эмас эди.
Бу куниси ишхонага келдим, бошлиқ ҳузурига кириб, кеча «сал маза қочиб» келолмаганимни айтдим, койиса керак, деб ўйлаган эдим, аксинча, ҳамишагидек илажайиб: «Ҳай-ҳай! Қўйинг шу маза-пазаларни, касал бўлманг сира», деди, сўққабош йигитнинг бундай юриши яхши эмаслигини гапириб, бир оз насиҳат ўқиди. Мендайлигида уйланмай юриб, ҳозир жабрини тортаётган, ўша пайтлари фақат ишга қараб, ўзига қарамагани учун ҳозир гоҳ у ери, гоҳ бу ери оғриб турар экан, ҳай-ҳай. «Мен сўққабош эмас, бўйдоқман, холос, иккови икки нарса!», деб айтай дедим-у, менга яхшиликни соғиняпти-ку, деб ичимга ютдим.
Ҳа-я, айтмабман, икки қаватли ишхонамизнинг деразалари офтобга тескари, офтобни биздан тўққиз қаватли министрлик тўсиб қўйган, шунинг учун бизда кундузи ҳам чироқ ёнади, ҳамма чироғимиз «дневной» – неон, булар ҳамма нарсанинг соясини ёйиб юборади. Лекин маълумотнома ёзаётганимда столнинг усти одатдагидан равшанроқ эди, бунга ҳам диққат қилмаган эканман.
Тушда Барот икковимиз бирга тушликка чиқдик. Менга бир нарса бўлганини шу Барот билиб қолди. У уч йилча олдин кўчадан ҳамён топиб олган. Саккиз юз қирқ етти сўм. Шундан бери ерга тикилиб юришни одат қилган.
Ишхонамизнинг соясидан чиқиб, сал юрганимиздан кейин менинг гапларимга ҳа-ҳу деб ерга қараб кетаётган Барот бир тўхтади-да, дабдурустдан: «Ий-э, сенинг соянг қани! Қизиғ-у!», деб қолди. Аввалига Баротнинг гапини тўғри тушунмадим, «Шу ҳам ҳазилми», демоқчи бўлиб, беихтиёр ерга қарасам, мендан ерга соя тушмаяпти! Туйқусдан калламга бир нарса келмади. Лекин, мана, соя, мендан тушган соя йўқ! Офтоб томон бўлса керак деган илинжда осмонга қараб, кейин соя тушадиган жойни мўлжал қилсам, оппоқ! Яъни оқариб кетган асфальтнинг ўзи! Офтоб мендан тўппа-тўғри ўтиб, ерга тушяпти, ўртада мен йўқ! Баротнинг оёқдан бошланган, боши ҳам дўмпайиб турган сояси бор. Офтоб тиккада чарақлаб тургани учун калта, гирдиғум, лекин, ҳар қалай, одамнинг сояси-да! Меники эса йўқ! Ростдан йўқ! Довдираб қолдим-у, лекин бўлиши мумкин эмас, икковимизнинг ҳам кўзимизга шундай кўриняпти, ҳозир соям лип этиб ерга тушади, деган бир мустарлик ҳам бор. Бемаънилик-да, ахир, шунақаси ҳам бўладими?
Барот ҳеч қачон чуқур ўйламайди, ҳозир унга қизиқ, жуда қизиқ. «Қойил-э! Э-э, зўр!» дейди нуқул. Мен билан иши йўқ.
Бирдан бўлса-да, одамнинг хаёлига кўп нарса келар экан: ҳамма бошқа, мен бошқа бўлиб қолдим, одамлар орасидан чиқиб, бошқа дунёга ўтиб кетдим, лекин шу дунёда яшайман, шу дунёда одамга ўхшаб юрибман, лекин одамларга ўхшамайман, ҳамма росмана одам, мен эса… Атрофимга қарайман, ҳу, ана, тош бўлса ҳам, ҳайкалнинг сояси бор, дарахтларнинг таги қуюқ кўланка, кўчада машиналарнинг сояси ёнида ҳилпираб кетяпти, троллейбус симлариники кўчани чизиб кетган, симёғочиники йўлга кўндаланг, Баротнинг сояси ўзи билан, қадам босса, у ҳам одимлайди, қўлини силкитса, у ҳам қимирлайди! Ёнимиздан ўтиб бораётган одамларнинг ҳаммасининг тагида сояси бор! Мен… нега бунақа?!
Ўйлаб ўйимга етолмайман, Баротга бир нарса деяй десам, тилимга гап келмайди. Барот «Қизиғ-а, нега бунақа бўляпти?», дейди. Барот шунақа савол бердими, жавобини айтсангиз ҳам, бари бир, тушунмайди. Саволининг ўзи «Мана, мен шу ергача зўрға келдим, у ёғига ярамайман», дегани, ўйлаганининг чегараси шу. Шунинг учун: «Ҳа-э, тезроқ юрайлик, қорин очиб кетди», деди.
Юриб боряпман, шу пайтгача оёғимга лип-лип илашиб эргашган соямнинг жойига қарайман, ҳеч нарса йўқ, шунга худди оёғим ҳам ерга тегмаётганга ўхшайди. Шундай қилсам соям мендан ажралиб ялп этиб ерга тушиб қолар деган илинжда, уч-тўрт марта сакраб-сакраб ҳам кўрдим, фойда чиқмади. Барот: «Ҳа?» деди, «Кеча чўмилганимда қулоққа сув кирибди», дедим.
Бирдан Машҳурани ўйламаганим эсимга тушиб қолди. Боядан бери яна бир нарса хаёлимни чимдилаб келаётган эди, бирдан юзага чиқди, агар соям шу билан йўқолиб кетаверса, аҳду паймонимиз нима бўлади? Одамлардан буни яшириб бўлмаса, нима кўп – қуёшли кун! Кўчада сояси йўқ йигит билан кетаётганини кўрган одамлар менга эмас, Машҳурага ачинади, бечора қизнинг бир нуқсони борки, сояси йўқ йигит билан юришга кўнибди, дейди. Учрашайлик, десам, бундан кейин: «Кечирасиз, ҳали ҳам сизни яхши кўраман, лекин сояси йўқ йигит билан қандай юраман?», деса-я. Нима, кўчада қолган қиз эмас, айтиши мумкин.
Фикру ўйларим чувалашиб кетгану ўзим худди ойна устида сирғалаётгандек кетиб боряпман. Тагингизга соянгиз тушиб турмаса, муаллақ бўлиб қолар экансиз!
Баротнинг хаёли эса овқатда: «Нега ҳамма лағмон бир лағмон, Халил мўйловники бошқача?», деди. «Қўй шу лағмонни, ўзимнинг лағмоним чиқиб турибди-ку», дедим. «Э-э, ким қайдаги нарсаларни ўйлайсан-а, – Барот шундай деб оёғим тагига қараб қўйди: – Ҳали ҳам йўқ. Ҳай, бўлмаса бўлмапти-да». Айтдим-ку, Барот шунақа ҳафтафаҳм деб. «Ке, қўй, одамнинг сояси бўлди – нима, бўлмади – нима, – деб менга яна таскин берди у. – Энг асосийси, одамнинг ўзи бўлсин. Мана борсан, соппа-соғсан, юрибсан. Етади шу!» Тўнканинг фалсафасини қаранг!
Кўчада одамлар ўтиб-қайтиб юрибди, ҳамма ўз ташвиши биланми, бизга бир-да-ярими кўз ташлаб ўтгани билан, унча аҳамият бермайди. Ҳар эҳтимолга қарши Баротнинг бу ёнига – офтоб томонга ўтдим: Баротнинг сояси иккаламизга ҳам ўтади. Баротнинг елкаси офтоб, мендан соя тушмаяпти. Шу вақти бир фикр келиб, ҳаяжонланиб кетдим. «Тўхта-чи!», дедим. Барот тўхтаб менга қаради. «Мендан офтоб кўриняптими?», деб сўрадим. Барот тушунмади: «Офтоб? Ана осмонда-ю! Сенда нима қилади?», деди. Бўйим Баротдан узунроқ, унинг бетини бошимнинг соясига мўлжал қилиб: «Яхшилаб қара, юзимдан офтоб кўриняптими, йўқми?», дедим. Барот юзимга тикилиб турди-да: «Йўқ, – деди. – Бетинг жойида. Нега офтоб кўриниши керак, бетинг тешик эмас-ку. Ке, қўй шу гапни, одамни жинни қилай деяпсан». Барот менга ғирт бегона кўринди. У бари бир тушунмайди. Ахир, соям бўлмаса, демак, офтоб нури тўппа-тўғри ўтиши, унда ўзим ҳам бўлмаслигим керак-ку! Бошим Баротнинг кўзига соя солмаса, унда Баротга юзимнинг ўрнида ҳам офтоб кўриниши керак эмасми? Юрагим ўйнаб кетди, жуда ғалати: офтоб билан Баротнинг ўртасида турсам ҳам у мени кўряпти, демак, мен офтобни тўсяпман, унда соям қаёққа кетади? Бош қотди. Бу ёғи нима бўлади энди, кимга қандай тушунтираман?
Одамлар нима дейди? Ишхонадагилар… Хаёл ке-етди!
Бошлиқ чақиртиради-да, илжайиб: «Хў-ўш, укам, нима қилдик? – дейди. – Ишлайверинг десам, аҳвол бунақа, ишдан бўшанг, десам меҳнат қонунини – КЗОТни бузганингизча йўқ, лекин ичимизда бошқача одам бўлиши… Ҳай-ҳай, ё ўз ихтиёрингиз билан ариза ёзасизми, а?». Мен бошлиқнинг илжайишини ёмон кўраман, худди бошқа бир бегонанинг илжайишини расм солиб, юзига тақиб олганга ўхшайди. «Майли-ку-я, нима айбим учун?», деб сўрайман. Бошлиқ: «Укажон, тўғри тушунинг, райкомдан «Сизда бир сояси йўқ йигит бор экан, нимага чора кўрмаяпсиз, нега ушлаб турибсиз?», деб сўрашса, нима деб жавоб берамиз? Сиёсий тус олиши мумкин», деб илжаяди. «Нега, ахир, соям йўқлиги сиёсий хато эмас-ку?!», дейман ҳамма нарсани тушуниб турган бўлсам ҳам. Бошлиғимиз энди майин илжаяди: «Ундай деманг, ҳай-ҳай, бизда ҳамма масалага сиёсий қаралади-я, Мен шу хатонинг олдини олайлик, дейман, ҳали сиёсий хатога ўсиб чиқмасдан». «Бунга райкомнинг нима алоқаси бор? Уларнинг шундан бошқа қиладиган иши йўқми? Наҳотки соям йўқлиги билан шуғулланишса?», деб чин кўнгилдан сўрайман. «Ҳай-ҳай, айтмадимми? Ҳазилляпсизми? – деб раҳбаримиз яна илжаяди. – Билсангиз, укам, ҳаммамиз партиямизнинг паноҳида ва… доимий ғамхўрлигидамиз». «Ишдан бўшасам, кейин менга қандай ғамхўрлик қилади?», деб сўрайман. Бошлиқ бир деразага қараб олиб, менга эгилади: «Йўқ, укам, ҳамма ерда партиямиз паноҳида бўласиз! – деб энди совуқ илжаяди. – Сизга яхши йўл кўрсатган эдим-а, ҳай-ҳай, энди коллективга қўйишга тўғри келади»…
Мажлисни, албатта, бошлиқнинг ўзи очади: «Жонажон партиямизнинг ҳаётбахш қарорларидан илҳомланиб, коллективимиз кейинги пайтлари катта ютуқларни қўлга киритяпти… (ҳоказо-ҳоказо)… Мана, ҳаммамиз ўз соямизга эгамиз. Лекин орамизда сояси йўқ одамнинг пайдо бўлгани, тўғрироғи, унинг ўз соясини йўқотиб қўйгани бизни жиддий ўйлантиряпти. Ҳали юқори органлардан бу борада кўрсатма олганимиз йўқ, лекин шундай кўрсатма олишга аминмиз. Бунинг учун у ёққа ташаббус билан чиқишимиз, бу масалани ўз кучимиз ечишимизни айтишимиз керак… Қани, кимда қандай фикр бор?» Биринчи Мирқосим ака сўз олади: «Кўпдан бери шу болада гумоним бор, бунинг идеологияси бузуқ деб парткомимизга ҳам айтганман. Чунки ғоявий ёт, бузуқ адабиётларни кўп ўқийди. Аксарияти чет элликларники. Бир куни хонасига кирсам, столи устида Хемингуэй, Фолкнер деган америкаликларнинг китоби турибди экан. Ҳей, ука, ёш жонингни ўйламайсанми, нима қиласан антипартиявий китобларни ўқиб, десам, булар бизга дўст прогрессив ёзувчилар-ку, деб устимдан кулгандек бўлди. Ахир, ўша чет эллик ёзувчилар чет элда яшаса, ўша ёқда ҳам ўзининг компартиясига кирмаган бўлса, ёзганлари антипартиявий бўлмай, нима бўлади? Мен ўқимайман шуларни, шунга, мана, ўзим ҳам, каллам ҳам соғ». Парткомимиз Fулом ака сиёсий ҳушёр, лекин бамаъни одам, энсаси қотиб: «Мирқосим ака, масаладан чалғимайлик!», дейди. «А, мен нима деяпман? – деб бўш келмайди Мирқосим ака. – Масаланинг ғирт ўзини гапиряпман-ку. Бўлмаса айтдим-а сизга: қаранг, шу бола ҳар хил нарсаларни ўқийди, дедим, қарамадингиз! Ахир, ўша ёзувчилар бизга дўст эмас, дўст тбўлса, нима учун жонажон партиялари сафида эмас, бор-ку, бор-ку, Гесхол деган ўртоқ бошқаради, йўқ кирмайди, чунки дўст эмас. Капитализмда яшайди улар, яхшисининг ҳам қон-қонига бузуқ идеология сингиб кетган. Мана оқибати, университетни битирган, келажаги порлоқ йигит идеализм ғоялари таъсирида айниб ўтирибди!». Fулом ака вазмин жилмайиб тушунтирмоқчи бўлади: «Ўшаларни мен ҳам ўқиганман, асарларида ҳеч қанақа ғоявий бузуқлик йўқ. Ана, ўзимизнинг кутубхонада ҳам бор, олиб ўқиб кўринг!». Мирқосим ака: «Ўқимайман, кутубхонада бор деб ҳамма нарсани ўқийверадими?!», дейди. Бошлиқ қалам билан сув тўла графинни уради, графин тўқиллайди: «Ўртоқлар, масалага қайтамиз: ким гапиради? Мирқосим ака, бошқаларга ҳам навбат беринг!». Ботир ака сўз олади: «Мен бошлиғимизнинг гапидан шуни тушундимки, бу йигитга орамизда ўрин йўқ экан. Нега? Соя йўқлиги учун! Мирқосим буни ғоявий бузуқлик, деяпти. Оғзим бор деб гапириб, ўзимиз хато қилмайлик-да. Мана, бир вақтлар шунақа гаплар билан қанча шоир, ёзувчи, сиёсий арбобларимиз қамалиб, отилиб, кейин реабилитация бўлди. Бу йигитни уч-тўрт йилдан бери биламиз, яхши йигит, лекин, тўғри, кўп ўқийди, аммо кўп ўқигани учун кўп нарсани билади. Мана, сояси йўқолиб қолибди, лекин шу билан ёмон одамга айланиб кетди, десак, хато қилиб қўймаймизми? Балки бошқа қобилияти очилгандир? Шахсан менинг бу масалада ўз фикрим бор: юраги тоза, кўнглида кири йўқ, оқ, нияти яхши – ёруғ, шунинг учун ундан ерга қора соя тушмайди». «Ҳай-ҳай, – дейди бошлиқ. – Бизлар-чи?». «Нима бизлар?», деб тушунмади Ботир ака. Бошлиқ илжаяди: «Бизларнинг юрагимиз қора экан-да унда? Шунақа демоқчимисиз? Бутун коллективга қора суйкаяпсизми?». Ботир ака ғулдираб қолади: «Ҳеч кимга қора суйкаётганим йўқ», деди. «Суйкаяпсиз! – Бошлиғимиз асабийлашса қатъий илжаяди, худди йиғламсираётгандек бўлиб қолади. – Фақат коллективимизга эмас, бутун жамиятимизга қора чаплаяпсиз! Чунки ҳамманинг сояси бор, бу йигитники эса йўқ! Сиз ҳали жавоб берасиз бу гапингизга!». Шу пайти Туробжон сакраб туриб: «Ўртоқлар, менда битта таклиф бор. Оғайнимизни инвалидликка чиқариб юборайлик!», деб қолади. Ҳамма анграяди, ҳатто бошлиғимизнинг оғзи очилиб, Туробжонга бақраяди. «Тушунмаяпсизлар-а? – дейди Туробжон. – Оёғи йўқ одам инвалид бўладими? Сояси йўқ бўлса шундай-да! Энг яхши йўли шу». «Мумкин эмас, – дейди кадрлар бўлими бошлиғи Зуҳра опа. – Меҳнат қонунларида бунақа банд йўқ». Тўхтаган баҳс яна қизийди. Мирқосим ака вағиллаётганда унга қараб туриб бир нарсага эътибор қилган эдим: ўзининг ҳам сояси йўқ эди. Унинг ҳам, ўтирганларнинг ҳам – бирортасининг сояси йўқ, чунки неончироқдан соя тушмайди, офтобга чиққанда пайдо бўлса ҳам, лекин ҳозир ҳаммаси мен қатори. Соялари йўқлиги ўзларига халал бермайди-ку, нега мен буларнинг қаторида, коллективда бўлмаслигим керак, деб ўйлайман… Охири яна Fулом ака сўз олади: «Ўртоқлар! Масалани жуда чувалатиб юбордик. Бунақада бир қарорга келолмаймиз. Бир ўйлаб кўрайлик: ҳозир бу йигитни ишдан ҳайдаш ҳақида қарор чиқарсак, у кўчада қолади, унда чиндан ҳам ҳар хил таъсирларга берилади, ғоявий-аҳлоқий бузилиши мумкин. Кейин у олдин ишлаган коллектив қаёққа қараган эди, партия комитети нима учун ўз вақтида чора кўрмаган, деган саволлар чиқади. Биз бунга йўл қўя олмаймиз, чунки партиямиз ҳар бир инсонни ўйлайди, унинг ғоявий оғиш-қинғайишларига йўл қўймайди, назоратда тутади. Тўғри орамизда ёт унсур бўлмаслиги керак, бу йигит сояси йўқлиги билан орамизда ёт, лекин ҳали унсур эмас. Келинг, уни ўз тарбиямизга олайлик, соясини топишга муҳлат берайлик. Тополмаса, кўпдан қуён қочиб қутулмас, соясини жойига қотириб қўямиз! Бу ерда бўлган баҳслар шу эшикдан чиқмасин, маъқулми, нима дедингиз?». Ботир ака: «Э-э, отангизга раҳмат! Бу – ақлли одамнинг гапи!», деб юборади. Бошлиқ дарров ташаббусни ўз қўлига олади: «Раҳмат, ўртоқ Аҳмедов, келинг, энди масалага якун ясасак-да, бир қарор чиқарсак. Бир комиссия тузсак! Комиссия бу йигитнинг сояси йўқолиш сабабларини ўрганса ва соясини яна пайдо қилиш тадбирларини ишлаб чиқса-да, навбатдаги йиғилишда ҳисобот билан чиқса, нима дедингиз?», дейди. Баҳсдан боши ғовлаган ҳамма унинг гапини маъқуллайди, бошлиқ майин илжаяди, Fулом ака совуққина жилмаяди, шу билан йиғилиш тугайди.
Кейинги воқеалар айнан бўлмаса-да, шундай кечди.
Турган гап, ишхонадаги гап-сўзнинг ҳаммаси, мен, яъни соям йўқлиги ҳақида бўлади. Неон чироқлар ёниб турадиган ичкаридаги давраларда ҳамкасбларим йўқ соямни чиқиб қолармикан деган умидда кўзи билан пайпаслайди, кўчага чиқсам, гурр этиб текин томошага эргашадилар, иши зариллари деразадан бўйнини чўзади, ана-ана деб, қўллари билан кўрсатади. Булар бориб уйларига, оғайниларига «Бизда шунақа антиқа одам бор!», деб мақтанса керак, бошқа ишхоналардан ҳам одамлар келиб: «Оғайни, илтимос, ўтиниб сўраймиз, бир офтобга чиқинг, соянгиз йўқлигини ўз кўзимиз билан кўрайлик», деб хиралик қилади, ҳатто баъзилари пул қистирмоқчи ҳам бўлади. «Йўқ нарсанинг нимасини кўрасиз?», деб унамайман, ишдан чиқишимни пойлаб кўчада тураверади. Бир-иккита салобатли бошлиқлар келиб мени кўриб кетди, тавба, дейман, кап-катта одамлар, бошқа қиладиган иши йўқмикан? Тушликка яқин пастда қора мошин кўринса, бас, биламан, ҳеч бўлмаса, биронтаси келган бўлади, ёнида шотирлари билан. Тушмайман, кутадилар, у ёқ-бу ёққа бетоқат юрадилар, охири биттасини ичкарига югуртирадилар. Бошлиқ кафтларини хурсанд ишқалаганча илжайиб менинг хонамга келади: «Қани, тушдик, Самижон Салимовичнинг ўзлари кептилар!» «Тушмайман! – дейман. – Жонга тегиб кетди-ку! Маймун ўйнатяпманми?» «Ҳай-ҳай, укам, шундоқ баобрў одам сизни кўргани келсаю сиз хурсанд бўлиш ўрнига… – дейди бошлиқ – Сиздан нима кетди, тушиб, ўн қадамча айланиб. Яна қайтасиз, вассалом!» Тушсам, ҳалиги Самижон Салимович дегани cоям йўқлигини кўргани келганини яшириб, ўзини архитектор кўрсатади: «Да-а, тўғри, бино эскирган, министрликнинг орқасига хунук ямоқдек бўлиб турибди», дейди, виқор билан гапиришга уринади, лекин товуши титраб кетади – кўзи менинг оёғим тагида, ўзимга қарашга қўрқади. Ёш болага ўхшайди булар! Бир куни бир каттакони келибди, деразадан кўрдим: ранги совуқ, гапирмайди, атрофда беш-олтита бир хил силлиқ кийинган, галстук таққан кулранг костьюмли йигитлар, нуқул атрофга аланглайди. Йигитларидан бирови унга эгилиб, бир нарса сўраган эди, у бошини силкитди. «Опчиқ!» деган шекилли, бирпасда ранги ўчиб бошлиғимиз хонамга кирди. «Ташқарига чиқайлик! Лекин, илтимос, ҳеч кимга қарамай, тўғри кўчанинг у томонига ўтиб кетаверасиз!». Кўргани келганларга ўрганиб қолганман, лекин бунақасига дуч келмаган эдим. «Нега? Тўхтамайми, мен билан гаплашмайдими?», деб ҳайрон бўлган эдим, бошлиғимнинг бетидаги илжайиш расми тиришиб кетди: «Ҳай-ҳай! Сизни кўргани келишганини зинҳор-базинҳор билмаслигингиз керак!», деб ғалати гап қилди. «Қандай билмайман, айтиб турибсиз-ку!», дедим. «Э-э, укам, ҳозир ҳаётингиз ҳал бўлиши мумкин! Айтганни қилсангиз-чи!», деб бошлиғим сал бўлмаса йиғлаб юбораёзди. Хўп дедим, келишиб олдик: аввал у чиқади-да, менинг қандай қилиб ишхонанинг эшигидан кўчага қараб юришимни кўрсатади, кейин мен у нима қилса, шуни такрорлайман.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?