Электронная библиотека » Брайан Трейси » » онлайн чтение - страница 2


  • Текст добавлен: 19 апреля 2023, 17:44


Автор книги: Брайан Трейси


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 6 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]

Шрифт:
- 100% +

2-БОБ

Ҳар кунни аввалдан режаланг

Келажакни режалаш уни ҳозирга кўчириш демак. Зеро, ҳозирнинг ўзида уни ўзгартириш мумкин.

Алан Лакеин

Эски бир саволни эшитган бўлсангиз керак: “Филни қандай қилиб еб битириш мумкин?”

Жавоб: “Навбатма-навбат бир тишламдан”

Самарадорлигингизни ошириш ва вазифаларни ортга сурмаслик учун энг кучли восита сизнинг фикрлаш, режалаштириш ва қарор қабул қилиш қобилиятингиз, сизнинг онгингиздир. Мақсадларингизни белгилаш, режалар тузиш ва уларга амал қилиш қобилиятингиз сизнинг ҳаёт тарзингизни белгилайди. Айнан фикрлаш ва режалаштириш қобилияти сизнинг руҳий қувватингизни қўзғатиб юборади. У яратувчанлик қобилиятингизни уйғотиб, руҳий ва жисмоний қувватингизни оширади.

Алекс Маккензи ёзганидек: “Режасиз ҳаракат барча муваффақиятсизликнинг сабабидир.”

Ишга киришишдан аввал яхши режалар туза олишингиз сизнинг умумий маҳоратингиз ўлчовидир. Режангиз қанчалик пухта бўлса, ортга суришни бартараф қилиш, ишга киришиш ва “қурбақангизни” паққос тушириб, яна давом этиш шунчалик осон бўлади.

Сарфлаган энергиянгиздан оладиган улушингизни кўпайтиринг

Ишдаги энг катта мақсадларингиздан бири сарфлаган ақлий, ҳиссий ва жисмоний энергиянгизга яраша имкон қадар кўпроқ натижага эришиш бўлиши даркор. Сиз учун хушхабар шуки: режалашга кетган ҳар бир дақиқангиз кейинчалик сарфлайдиган ўн дақиқа вақтингизни асраб қолади. Кунингизни режалаш ўн дақиқадан йигирма дақиқагача вақт олиши мумкин, аммо у кун давомида сарфлайдиган вақтингиздан икки соатини тежаб қолади.

Ушбу формула ҳақида эшитган бўлсангиз керак: “Олдиндан тўғри режалаш ижро сустлиги олдини олади.”

Олдиндан режалаш иш унуми ва самарадорлигини оширишда қанчалик фойдали эканлигини англаб етганингизда, нима учун кўпчилик шундай қилмаслигидан ҳайратга тушасиз. Режалаш мураккаб иш эмас. Бунинг учун қоғоз ва қалам бўлса кифоя. Вақтни режалаштирувчи энг мукаммал компьютер дастурларидан бири Палм Пилот ҳам худди шундай тамойилга асосланган. Унинг асоси ишга киришишдан аввал бажарилиши лозим бўлган ишлар рўйхатини тузишдан иборат.

Кунига қўшимча икки соат

Рўйхат бўйича доим ишланг. Агар бирор янги ғоя пайдо бўлса, бажаришдан аввал уни рўйхатга қўшиб қўйинг. Рўйхатдан оғишмай ишлашни бошлаганингиз биринчи кундан самарадорлигингиз ва натижаларингизни 25 фоиз, ҳатто ундан кўпроқ, тахминан, икки соатгача оширишингиз мумкин.

Рўйхатни бир кун аввал, иш кунининг охирида тузиб қўйинг. Аввалги рўйхатдаги бажарилмай қолган ишларни кўчириб ўтказинг. Сўнг эртанги кун учун режаланган ишларингизни қўшиб чиқинг. Агар бажарадиган ишларингиз рўйхатини бир кун аввал тузиб чиқсангиз, уйқунгизда ҳам онгостингиз туни билан ўша нарсалар устида ишлайди. Кўп ҳолларда аввал ўйлаганингиздан кўра яхшироқ ғоялар билан уйғонасиз. Улар ишни яна-да тезроқ якунига етказишга туртки бўлади.

Бажаришингиз керак бўлган ишлар рўйхатини тузишга қанча кўп вақт сарфласангиз, шунчалик меҳнатингиз унумдор бўлиб боради.

Турли мақсадлар учун турли рўйхатлар

Турли мақсадлар учун сизга керакли ҳар хил рўйхатлар мавжуд. Аввал сиз асосий рўйхатни тузиб олишингиз керак. Унда келгусида, қачондир амалга оширмоқчи бўлган ишларингиз ёзиб қўйилиши керак. Бу сиз ўйлаган ҳар бир ғоя ва ҳар бир янги вазифа ёки мажбуриятлар ифодаланадиган жой. Уларни зарурат туғилганда кейинчалик ҳам тартибга солиб чиқишингиз мумкин.

Сўнг ҳар ой охирида келаси ой бажаражак ишларингизнинг ойлик рўйхатини тузиб чиқишингиз керак. Бу рўйхат асосий рўйхатдан олинган бандларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Ундан сўнг, бутун ҳафта учун рўйхатни тузишингиз керак. Айни ҳафтадаги иш жараёнида кейинги ҳафта учун рўйхат тузилаётган бўлиши зарур.

Вақтни шу тарзда мунтазам режалаш сиз учун жуда фойдали бўлиши мумкин. Ҳар ҳафта сўнгида бир-икки соат ажратиб, келаси ҳафта режасини тузиш иш самарадорлигини тубдан ошириши ва турмушни бутунлай ўзгартириб юборишини менга кўпчилик таъкидлаган. Бу услуб сизга ҳам асқатади деб ўйлайман.

Ва ниҳоят, ойлик ва ҳафталик рўйхатингиздаги бандларни кунлик рўйхатингизга кўчирасиз. Улар ўша кунда амалга оширмоқчи бўлган муайян вазифаларингиз саналади.

Кунлик иш давомида охирига етказган вазифангизни белгилаб боринг. Бу сизга бажарган ишларингизни умумий ҳолатда кўрсатиб туради. У сизда муваффақият ва олдинга интилишга рағбат пайдо қилади. Рўйхатда белгиланган вазифаларингиз бажарилаётганини кўриш сизни руҳлантиради ва сизга куч бағишлайди. У ўзингизга бераётган баҳонгиз ҳамда ҳурматингизни оширади. Барқарор, сезиларли ўсиб бориш олға силжишингизга ва ортга суришни бартараф этишингизга ёрдам беради.

Лойиҳа тузиш

Агар сизда тайинли бир лойиҳа бўлса, уни тўкис якунига етказиш учун унда кўзда тутилган барча босқичлар рўйхатини тузиб чиқинг. Лойиҳада белгиланган вазифаларни муҳимлигига кўра кетма-кетликда ёзинг. Уни қоғоз ёки компьютер экранида шундай жойлаштирингки, ҳар бир босқич ёки вазифа аниқ кўриниб турсин. Сўнг вазифаларни битталаб бажаришга киришинг. Шу услуб билан талайгина ишни уддалаганингизни кўриб ҳайратда қоласиз.

Рўйхат бўйича ишлаганингиз сари, ўзингизни янада маҳсулдор ва тетик ҳис қиласиз. Ҳаётингиз тизгинини қўлга оласиз. Бу сизни табиий равишда яна-да кўпроқ ишларни бажаришга ундайди. Сиз ишга яна-да яхшироқ ва ижодий ёндаша бошлайсиз. Шу билан бирга, тезроқ ишлашга имкон берувчи тушунчани чуқурроқ англаб етасиз.

Рўйхатдан оғишмай ишласангиз, сусткашликни бартараф этишга қодир ижобий интилиш ҳиссини шакллантирасиз. Бу ҳиссиёт сизга куч бахш этади ва кун давомида сураътни бўшаштирмасликка ёрдам беради.

Шахсий самарадорликнинг энг қимматли қоидаларидан бири 10/90 тамойилидир. Қоидага биноан, агар бирор ишга қўл уришдан олдин режа тузиш ва лойиҳалашга 10 фоиз вақт сарфласангиз, бу бошланган ишни ниҳоясига етказишда 90 фоиз роль ўйнайди. Буни исботлаш учун мазкур қоидага амал қилишнинг ўзи кифоя.

Ҳар бир кунни олдиндан режаласангиз, вазифани бошлаш ва давом эттириш анча осон туюлади. Ишлар ҳар қачонгидан кўра тез ва силлиқ кечади. Ўзингизни яна-да кучли ва билимли ҳис қиласиз. Ишни кутганингиздан анча тезроқ амалга оширасиз. Натижада, сизни тўхтатишнинг иложи бўлмай қолади.

Ушбу қурбақани паққос туширинг!

1. Ҳар бир кун, ҳафта ва ойни режа асосида бошланг. Дафтарча ёки бир варақ қоғоз олиб, кейинги йигирма соат ичида бажаришингиз зарур бўлган барча ишлар рўйхатини тузинг. Янги фикрлар хаёлингизга келиши билан уларни рўйхатга тирканг. Барча лойиҳаларингиз, муҳим бўлган кенг кўламли вазифаларингиз рўйхатини тузиб чиқинг.

2. Асосий мақсадларингиз, лойиҳаларингиз ва вазифаларингизни муҳимлик даражасига кўра саралаб чиқинг. Қай бирини аввал, қай бирини кейин бажаришни уларнинг муҳимлигига қараб кетма-кетлик бўйича тартибланг. Ишга киришганда хаёлингизда ишнинг якуни бўлсин, лекин амалда уни бошидан бажаринг.

Фикрларингизни қоғозга туширинг. Доим рўйхат бўйича ишланг. Шунда анчайин маҳсулдор инсонга айланганингиздан ва қурбақани паққос тушириш қанчалик осон эканлигидан лол қоласиз.

3-БОБ

80/20 қоидасини қўлланг.

Агар биз ундан тўғри фойдалана олсак, бизда ҳамиша етарлича вақт топилади

Волфганг Вон Гёте

Ҳаёт ва вақт бошқаруви тамойиллари ичида энг фойдалиси 80/20 қоидасидир. Ушбу қоидани унинг асосчиси шарафига Парето тамойили деб ҳам аташади. Алфредо Парето итальян иқтисодчиси бўлиб, бу тамойилни илк бор 1895 йилда тилга олган. Парето жамиятда инсонлар табиий равишда гуруҳларга бўлинишига эътибор берган. У таъсир доираси ва молиявий ҳолати юқори бўлган 20 фоиз кишига “муҳим кам сонлилар” деб, қуйи табақадагиларга эса “аҳамиятсиз кўпчилик” дея ном берган. Парето кейинчалик шуни англаб етдики, деярли барча иқтисодий жараёнлар ҳам шу тамойил бўйича ишларди.

Масалан, ушбу қоидага кўра, ҳаракатларингизнинг 20 фоизи 80 фоиз натижани беради. Савдо-сотиғингизнинг 80 фоизи 20 фоиз харидорларингизга боғлиқ. Даромадингизнинг 80 фоизи 20 фоиз маҳсулотингиз ёки хизматларингиздан келади. 80 фоиз вазифангиз 20 фоиз миқдорида бажараётган ишингизнинг қийматига боғлиқ ва ҳоказо.

Демак, агар рўйхатингизда бажариладиган ўнта вазифа бўлса, улардан иккитаси қолган саккизтасининг қийматига тенг ёки ундан-да қимматлироқ бўлади.

Вазифалар миқдори муҳимми ёки уларнинг аҳамияти?

Қизиқ бир кашфиётни эътиборингизга ҳавола этаман. Бу вазифаларнинг ҳар бирини бажариш учун бир хил миқдорда вақт сарфланади. Аммо улардан фақат бир ёки иккитаси қолган барчасига қараганда беш, ҳатто ўн баробар кўпроқ фойда келтиради.

Кўпинча рўйхатдаги ўнта вазифа ичидан биттасининг қолган тўққизтасидан қиймати баландроқ бўлади. Айнан шу вазифа сиз биринчи бўлиб паққос туширишингиз лозим бўлган қурбақа ҳисобланади.

Одатда қайси вазифаларни бажаришда сусткашлик қилинишини тахмин қилиб кўринг-чи? Ачинарлиси шундаки, кўпчилик энг асосий ўнталикни ёки 20 фоизни яъни “муҳим кам сонлилар”ни кейинга қолдиради. Бунинг ўрнига улар ўзларини аҳамияти оз 80 фоиз вазифалар билан банд қилиб қўйишади ва бу вазифалар натижага жуда кичик ҳисса қўшади.

Муҳим эътибор ҳаракатга берилиши керакми ёки натижага?

Сиз куни бўйи ишлаб, амалда жуда оз натижа кўрсатадиган кишиларга кўп дуч келасиз. Деярли ҳамиша шундай бўлади. Чунки улар қиймати паст ишлар билан машғул. Баъзан шундай сусткашлик қилишадики, агар белгиланган вазифани тезроқ ва сифатли амалга оширсалар эди, бу уларнинг компаниялари ёки карьералари учун катта аҳамият касб этган бўларди.

Сиз ҳар куни бажаришингиз мумкин бўлган энг қимматли вазифалар одатда энг оғир ва мураккабларидир. Лекин бу вазифалар унумли бажарилса, катта фойда ва ютуқларга эришиш мумкин. Шу боис, юқоридаги 20 фоиз вазифаларингиз сизни кутаётган бир паллада сиз қуйи поғонадаги 80 фоиз ишлардан қатъий бош тортишингиз даркор.

Ишга киришишдан аввал ўзингизга савол беринг: “Бу вазифа мен учун юқори аҳамиятли 20 фоиз вазифалардан бирими ёки қуйи поғонадаги 80 фоизга тегишлими?”

Қоида: “Ишни майда вазифалардан бошлаш одатини йўқотинг”

Ёдда сақланг, қандай йўл тутманг, такрорланувчи ишлар охир-оқибат қутулиб бўлмас одатга айланади. Модомики, сиз кунни аҳамиятсиз ишлар билан бошлар экансиз, тез орада шундай ишлаш одат тусига киради. Бу сиз ўрганмоқчи ёки ўзингизда шакллантирмоқчи бўлган одат эмас.

Ҳар бир муҳим ишнинг энг оғир қисми аввало унинг бошланишидир. Арзирли ишга бел боғладингизми, бу нарса сизни уни давом эттиришга ундайди. Онгингизнинг муайян қисми ҳақиқатан ҳам аҳамиятга эга бўлган долзарб вазифа билан шуғулланишни ёқтиради. Сизнинг вазифангиз эса уни узлуксиз озиқлантириб туришдан иборат.

Ўзингизни руҳлантиринг

Бирор муҳим ишни бошлаш ва уни ниҳоясига етказиш ҳақида ўйлашнинг ўзи сизни руҳлантиради ва сусткашликни бартараф этишга ёрдам беради. Аслида фойдали ишни ҳам, беҳуда ишни ҳам амалга ошириш учун деярли бир хил вақт сарфлайсиз. Фарқи шунчаки, чиндан-да муҳим ва зарур вазифани адо этганингизда ўзингиздан фахрланиш ва қониқиш ҳиссини туясиз. Худди шунча вақт ва куч сарфлаб, арзимас вазифани бажарганингизда эса, аксинча, ўзингиздан қониқиш ҳисса жуда паст ёки умуман бўлмайди.

Вақтингизни назорат қилиш ҳаётингизни ва ўзингизни бошқариш демакдир. Бу воқелик устидан ҳукмронлик қилишдир. Вақтни назорат қилиш кейинги бажаражак ишларингизни назоратга олиш ҳисобланади. Бунда сиз ҳамиша кейин нимани бажаришни танлаш имконига эга бўласиз. Керакли ва кераксиз ишларни фарқлай олиш қобилиятингиз ҳаётингиз ҳамда ишингиздаги муваффақият калитидир.

Муваффақиятли ва маҳсулдор инсонлар ишни энг асосий вазифадан бошлайдилар. Қандай бўлишидан қатъи назар, ўзларини қурбақани паққос туширишга ундашади. Қарабсизки, улар кўпчиликка нисбатан катта ишларни амалга оширадилар ва, албатта, кўпроқ бахтиёр бўладилар. Сиз ҳам худди шу тарзда ишлашингиз керак.

Ушбу қурбақани паққос туширинг!

1. Бугун ҳаётингиздаги барча олий мақсадлар, фаолият, лойиҳа ва вазифаларингиз рўйхатини тузинг. Улардан қайсилари натижаларингизнинг 80 ёки 90 фоизини ташкил этувчи муҳим 10 ёки 20 фоиз вазифалар бўлиши мумкин?

2. Бугундан бошлаб ҳаётингиз ва ишингиздаги зарур вазифалар устида яна-да кўпроқ тер тўкишга аҳд қилинг. Арзимас ишларга эса бундан-да камроқ вақт ажратинг.


4-БОБ

Оқибатларни ҳисобга олинг

Бор диққат-эътиборини фақат бир йўналишга қаратган ҳар бир одам муваффақиятга эришади, ҳаётда юксак натижаларни қўлга киритади.

Орисон Светт Марден

Мукаммал фикрловчи шахснинг ажралиб турадиган белгиси – қилаётган ишининг оқибатини аввалдан кўра олиши. Ҳар қандай вазифа ёки фаолиятнинг оқибати унинг сиз ва сизнинг компаниянгиз учун аҳамиятини белгилаб берувчи асосий ўлчовдир. Вазифа аҳамиятини баҳолашнинг бу услуби сизнинг кейинги “қурбақангиз” кўрсатади.

Ҳарвард университети доктори Эдвард Бенфилд эллик йиллик изланишлардан сўнг “узоқ муддатли режалар” Америкадаги ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришларнинг энг аниқ ягона башоратчиси, деган хулосага келди. “Узоқ муддатли режалар” инсоннинг оилавий келиб чиқиши, ирқи, салоҳияти, алоқалари ёки ҳаётдаги муваффақиятини белгиловчи бошқа ҳар қандай омиллардан кўра муҳимроқдир.

Сизнинг вақтга, “вақт чизиғингизга” бўлган муносабатингиз хулқ-атворингиз ва танловларингизга катта таъсир кўрсатади. Келажак ҳақида қайғурмайдиган одамларга нисбатан ҳаёти ва карьераси ҳақида узоқни кўзлаб фикр юритадиган одамлар ўз вақти ва фаолияти тўғрисида яхшироқ қарорлар қабул қилади.

Қоида: “Узоқни кўзлаб фикр юритиш қисқа муддатли қарор қабул қилишни яхшилайди.”

Муваффақиятли одамларда келажакка нисбатан аниқ режа мавжуд. Улар беш, ўн ва йигирма йиллик келажак ҳақида ўйлашади; бугунги кунда қилаётган ишлари ўзларининг узоқ муддатли режаларига мос келишига ишонч ҳосил қилиш учун танловлари ва хатти-ҳаракатларини таҳлил қилишади.

Вақтни тўғри тақсимланг

Ишингизда, келажакда сиз учун ҳақиқатан муҳим бўлган нарса ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш қисқа муддатли устувор мақсадларингиз ҳақида яхшироқ қарор қабул қилишингизни осонлаштиради.

Муҳим нарса деганда узоқ муддатли потенциал оқибатларга олиб бориши мумкин бўлган нарса тушунилади. Муҳим бўлмаган нарса эса қисқа муддатли ёки ҳеч қандай оқибатларга олиб бормайдиган нарсалар ҳисобланади. Ишни бошлашдан аввал доим ўзингизга шундай савол беринг: “Бу топшириқни бажариш ёки бажармаслик оқибати қандай бўлиши мумкин?“

Қоида: “Келажак учун қилинган ният ҳозирги хатти-ҳаракатларни белгилайди ва уларга ўз таъсирини ўтказади.”

Келгусидаги ниятларингиз ҳақида қанчалик аниқ билсангиз, улар ҳозирда қилаётган ишларингизга шунча катта таъсир ўтказади. Аниқ, узоқ муддатли тасаввурга эга бўлган ҳолда, ҳозирги фаолиятингизни баҳолашга ва уларнинг ҳақиқатан ҳам сиз кўзлаган натижага мос келишига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

Узоқ келажак ҳақида ўйланг

Муваффақиятли инсонлар келажакда янада катта фойда олиш учун қисқа муддатли мукофотларни кечиктиришга ва қурбонликлар қилишга тайёр бўлишади. Бошқа томондан, муваффақиятсиз инсонлар узоқ муддатли келажак ҳақида ўйламасдан, осон келадиган завқ ва қониқиш ҳақида кўпроқ қайғуришади.

Руҳлантирувчи маърузачи Деннис Уайтли айтадики: “Муваффақиятсиз инсонлар стрессдан қутулиш билан, ғолиблар эса мақсадга эришиш билан банд бўлади.”

Масалан, ишга эртароқ келиш, ўз соҳангиз бўйича мунтазам мутолаа қилиш, малака ошириш курсларига бориш ва ишдаги муҳим вазифаларга эътибор бериш – буларнинг барчаси келажагингизга катта ижобий таъсир кўрсатади.

Бошқа томондан, ишга базўр улгуриш, газета ўқиш, қаҳва ичиш ва ҳамкасблар билан чақ-чақлашиш айни пайтда мароқли ва ёқимли бўлиб туюлиши мумкин, аммо бу келгусида юқорига кўтарилишингизда муаммолар, муваффақиятсизликлар ва умидсизликка сабаб бўлиши муқаррар.

Агар оқибати ижобий бирор вазифа ёки иш бўлса, уни биринчи ўринга қўйинг ва дарҳол бажаринг. Агар тез ва сифатли бажарилмаса, катта салбий оқибатларга олиб келадиган нарса бўлса, бу ҳам энг муҳим устувор вазифага айланиши даркор. “Қурбақангиз” нима бўлишидан қатъи назар, уни биринчи бўлиб ямламай ютишга аҳд қилинг.

Иштиёқ турткини талаб қилади. Ҳаракатларингиз ёки хулқ-атворингиз ҳаётингизга қанчалик ижобий таъсир қилиши мумкин бўлса, агар сиз буни аниқ белгилаб олсангиз, сусткашликни бартараф қилишга ва тезроқ ишга киришишга шунчалик иштиёқманд бўласиз.

Компаниянгиз ва келажагингиз учун катта аҳамиятли вазифаларни бошлаб, уларни якунига етказиб, диққатингизни жамлаган ҳолда илдамлашда давом этинг.

Ёдингизда бўлсин, барибир вақт ўтади. Асосий савол – уни қандай ўтгазишингиз ҳамда ҳафталар ва ойлар якунида ўзингизни қаерда топишингиз. Бу эса ўз ҳаракатларингизнинг эҳтимолий оқибатларига айни пайтда қанчалик эътибор қаратишингизга боғлиқ.

Танловингиз, қарорларингиз ҳамда хатти-ҳаракатларингизнинг оқибатлари ҳақида ўйлаш ишингизда ва шахсий ҳаётингизда ҳақиқий устувор мақсадларни аниқлашнинг энг яхши усулларидан биридир.

Мажбурий самарадорлик қонунига риоя қилинг

Ушбу қонунга кўра: “Ҳамма нарсага вақт етмайди, лекин энг муҳим нарсалар учун доим етарли вақт бор.”

Бошқача қилиб айтганда, сиз ҳовуздаги ҳар қандай қурбақани тановул қила олмайсиз, лекин энг катта ва хунугини паққос туширишингиз мумкин. Ҳозирча сиз учун шунинг ўзи етарли бўлади.

Вақтингиз оз қолаётган бўлса ва асосий вазифа ёки лойиҳани бажармаслик жиддий оқибатларга олиб келса, доим вақт бордай туюлаверади, айниқса, энг сўнгги дақиқаларда. Агар сизда ҳеч қандай танлов имконияти бўлмаса, ишни тугатмаслик оқибати етарлича жиддий бўлса, белгиланган муддатда тамомламасдан мулзам юргандан кўра, эрта ишга киришиб, кечгача ишлашни ва ўзингизни ишни тамомлашга мажбур қилишни афзал кўрасиз.

Қоида: “Режаланган ҳамма ишга улгуриш учун етарли вақт ҳеч қачон бўлмайди.“

Бугунги кунда бизнесдаги ўртача одам, айниқса, қисқартиришлар даврида менежерлар ўз имкониятларининг 110-130 фоизида ишлайди. Вазифалар ва мажбуриятлар эса устма-уст қўшилиб бораверади. Уларнинг ҳаммасида ҳали кўриб чиқиши керак бўлган материаллари тўпланиб ётибди. Яқинда ўтказилган бир тадқиқот натижаларига кўра, ўртача менежернинг уйи ва идорасида 300-400 соат вақт оладиган лойиҳа ва материаллар йиғилиб қолган.

Бу ҳамма ишга улгура олмаслигингизни англатади. Ҳаммасига улгуришдай ғайриоддий ғояни миянгиздан чиқариб ташланг. Умид қилишингиз мумкин бўлган нарса – энг муҳим мажбуриятларнинг уддасидан чиқиш. Қолганлари эса кутиб туради.

Белгиланган муддат шунчаки баҳона

Кўпчилик муайян белгиланган муддатлар бўлса, яхшироқ ишлашларини айтишади. Афсуски, йиллар давомида олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу камдан-кам ҳолларда иш беради.

Белгиланган муддат босими остида ишлаётган инсонлар кўпроқ стресс ва хатолардан азият чекади. Анча кўп вазифаларни қайтадан бажаришига тўғри келади. Кўпинча белгиланган муддат сабабли шошилишда қилинган хатолар кейинчалик улкан молиявий йўқотишлар келтиради. Баъзида одамлар охирги дақиқада ишни тугатишга шошилганда иш аслида кўпроқ вақт талаб этади ва кейин уни қайта ўзгартиришга тўғри келади.

Олдиндан режалаш, кутилмаган кечикиш ва оғишларга йўл қўймаслик учун етарли вақт қолдириш яхшироқдир. Вазифа қанча вақт талаб қилади деб ўйласангиз, шунга яна 20 фоизини қўшиб ҳисобланг ёки ўзингиз учун белгиланган вақтдан олдинроқ ниҳоясига етказинг. Ўзингизни қанчалик енгил ҳис қилаётганингиз ва ишни қанчалик пухта бажараётганингиздан ҳайратда қоласиз.

Максимал самарадорлик учун уч савол

Энг муҳим вазифаларингизни жадвал бўйича ниҳоясига етказишга диққатингизни қаратиш учун доимий ўзингизга берадиган учта савол мавжуд.

Биринчи савол: “Менинг энг аҳамиятли вазифаларим қайсилар?”

Бошқача айтганда, ташкилотингизга энг катта ҳисса қўшишингиз учун паққос туширишингиз керак бўлган енг йирик қурбақа қайси? Ёки оилангизга? Ёки умуман олганда, ҳаётингизга?

Жавоб беришингиз мумкин бўлган энг муҳим савол шудир. Сизнинг қимматли вазифаларингиз қайсилар? Буни аввал ўзингиз чуқур ўйлаб кўринг. Кейин раҳбарингиз билан маслаҳатлашинг, ҳамкасбларингиз, ҳодимларингиз, дўстларингиз ва оила аъзоларингиздан сўраб кўринг. Камера фокусини бир объектга тўғрилаган каби сиз ҳам ишни бошлашдан аввал қайси вазифаларнинг қиймати энг баланд эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилишингиз керак.

Иккинчи савол: “Мен ва фақат мен қиладиган қайси иш қойилмақом бажарилса, чинакам ўзгариш қила олади?”

Ушбу савол муаллифи менежмент устаси Питер Друкердир. Бу шахсий самарадорликка эришиш йўлидаги энг зўр саволлардан биридир. Сиз ва фақат сиз қиладиган қайси ишни қойилмақом қилиб бажарсангиз, чинакам ўзгариш қила олади?

Ушбу саволнинг жавоби фақат сизнинг хос вазифангизни аниқлаб беради. У шундай вазифаки, сиз бажармасангиз, бошқа ҳеч кимса буни қила олмайди. Агар қойилмақом қилиб уддаласангиз, у сизнинг карьерангиз ва ҳаётингизда ҳақиқий ўзгаришга сабаб бўлади. Сизнинг хос қурбақангиз қайси?

Ҳар куни ва исталган соатда бу саволни ўзингизга беришингиз мумкин. Албатта, аниқ жавоб келади. Сизнинг вазифангиз тўғри жавобни топиш ва бошқа ишларни бажаришдан аввал айнан шу вазифани бажаришга киришишдир.

Учинчи савол: “Айни пайтда вақтдан энг унумли фойдаланишим учун нима қилишим керак?”

Айни пайтда энг катта қурбақа қайси?

Бу вақтни назорат қилиш йўлидаги энг долзарб савол ҳисобланади. Ушбу саволга тўғри жавоб сусткашликни бартараф қилиш ва самарадор шахс бўлишнинг асоси ҳисобланади. Ҳар бир куннинг ҳар бир соатида вақтдан унумли фойдаланиш учун бажариш мумкин бўлган вазифа доим бўлади. Ўзингиздан ушбу саволни қайта ва қайта сўраш ва нима бўлишида қатъи назар, доим унга жавоб беришга уринишингиз зарур.

Муҳим нарсаларни биринчи бажаринг, иккинчи даражали нарсаларни эса ҳеч қачон. Гёте айтганидек: “Энг аҳамиятли нарсалар энг аҳамиятсиз нарсалар таъсирида бўлмаслиги керак.”

Бу саволга жавобингиз қанчалик тўғри бўлса, аниқ устувор мақсадларни белгилаш, кечиктиришнинг олдини олиш ва вақтингизни унуми ўтказишга ёрдам берадиган ўша вазифани бажаришга киришиш шунчалик осон бўлади.

Ушбу қурбақани паққос туширинг!

1. Вазифаларингиз, ишларингиз ва лойиҳаларингиз рўйхатини доимий равишда кўздан кечириб туринг. Тўхтовсиз ўзингизга савол беринг: “Лойиҳалар ёки вазифаларнинг қайси бири, агар мен уни ўз вақтида ва яхши бажарсам, ишимда ёки шахсий ҳаётимда энг ижобий роль ўйнаши мумкин?

2. Ҳар бир куннинг ҳар бир соатида бажаришингиз мумкин бўлган энг муҳим ишни аниқлаб олинг. Сўнг ўзингизни вақтдан имкон борича унумли фойдаланишга ўргатинг. Айни пайтда сиз учун шундай вазифа қайси?

3. Ўзингиз учун энг фойдали нарсани мақсад қилиб олинг, унга эришиш учун режа тузинг ва режангиз бўйича дарҳол ишга киришинг. Гётенинг ажойиб сўзларини унутманг: “Шунчаки бошланг ва онгингиз қизиб кетади; давом этинг, вазифа якунига етади.”

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации