Текст книги "Элжернонга аталган гуллар"
Автор книги: Дэниел Киз
Жанр: Научная фантастика, Фантастика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
29 март
Мен Элжернонни пойгада юттим. Барт буни менга айтмагунча билмаппан. Лекин иккинчи мартта хаяжонланганмдан юткизип кўйдим. Кейин яна 8 мартта уни ютип қўйдим. Элжернон каби ақилли чичқонни ютип қўяткан бўлсам эхтимол ақилли бўляткандурман лекин мен буни хис қилмаяппан. Мен яна Элжернон билан беллашким келди лекин Барт бугунга етади деди. Мен Элжернонни қўлим билан ушлап кўрдим. Пахтадай юмшоқ экан. У тинмай кўзларини пирпиратар экан кўзларини ранги қопқора ва чекалари пушти ранг экан. Барт Элжернонга овқат берсам майлими дедим чунки мен ўзими айибдор ҳис қиляткандим шунчун у билан дўстлашмоқчи бўлдим. Йўқ Элжернон жуда хам махсус чичқон худди сеникидақа аперасия қилинган деди Барт. Ҳайвонлар ичида у биринчи мартта бунчалик узоқ вақтда ақилли холида қолган экан у шунчали ақиллики хатто овқат ейиш учун у хар сафар янги қулуфни очип овқатини ўзи олиши керек экан. Мен унга жуда ачиндим чунки агар қулуфни очаолмаса қорни оч қолади экан. Менмча овқат еяолиш учун қулуфларни очишка мажбурлаш яхши эмас. Элжернон билан яхши дўст бўлип кетсак керек.
Бир нарса эсимга келди. Доктр Штраус тушимга кирган ва мен ўйлаган хама нарсани дафтарчага ёзип қўй деганди. Мен хали қанде ўйлашни билмиман дедим. Мактапка қанде борганинг хақидаги ёзганларинг ота онанг хақида ёзганларинг аперасиядан олдин нма бўлганлари хақида ёзганинг сени фикрлаятканини билдиради. Мен ўйлаяппан эмиш. Балки бу мен билан бўляткан нарсаларни билдирар. Мен ўзимни бошқача ҳис қилмадим лекин раса хаяжонланип кетканимдан ухлолмадим.
Доктр Штраус менга ухлашка ёрдам берадигон пушти дорилар берди. Сен кўп ухлашинг керек чунки ухлаганингда миянгда ўзгаришлар содир бўлади деди у. Балки уни гаплари тўғридур чунки тоғам Ҳерман дойим ишдан бўш пайитларида мехмонхонадеги диванда ухларди. Ойимга мен хам тоғамдақа бўёқчи бўлмоқчиман десам синим Норма аха Чарли ойламизни рассоми бўлади деп кулди дадам бўлса унга бунчали разил одам бўлма деп уришип бетига урди. Рассом кимлигини билмиман лекин агарда шу сўзди деп Нормани уришкан бўлса демек рассом яхши сўзмас экан. Норма устимдан кулганда уни уришса мен дойим ўзими ёмон ҳис қилардим. Хали ақилли бўлип кетай уни кўргани бораман.
30 март
Бугун Кинниан хоним ишдан кейин лабараторияга келди. У мени кўрганидан раса хурсаниди лекин хаяжонланятканди. Адашмасам у мендан ёшроқ эди.
Ақилли бўлишка қатиқ харакат қиляппан Кинниан хоним дедим. Мен сенга ишонаман Чарли бошқаларга ўхшап ўқиш ёзишни ўрганиш учун қанчали харакат килганинг эсимда. Сени қўлингдан хамаёқ келади. Бу ишинг билан бошқаларга жуда катта ёрдам беряпсан.
Биз жуда қийин китобни ўқишни бошладик. Мен умримда бунчали қийин китоб ўқимагандим. Китобни номи Робинзон Крузо экан ва китобда кимсасиз оролга тушип қолган киши хақида айтип берилади экан. У раса ақилли ва қўлидан кўп нарса келади шунчун у уй қуролади оч қолмади. Лекин мен унга ачиндим чунки уни дўстлари йўқ гаплашкани хичкими йўқ. Лекин менмча оролда кимдир бор чунки бир жойда у қўлида ажойип зонтик билан тўхтап қумдаги одамнинг оёқ изларини кузатади. Уни дўсти бўлади деп умид қиламан.
31 март
Кинниан хоним мени сўзларди тўғри талаффуз қилиш ва ёзишга ўргатяпти. Бир сўзга қарап кўзингни юмип у эсингда қолмагунча кўзини очма. Кўп сўзларди нотўғри ёзятган эканман. Менга бу иш раса қийин туйиляпти лекин Кинниан хоним хавотир олма ўрганип оласан деди.
9-ҳисобот 1 апрель
Бутун новвойхона ишчилари бугун мен хамир қоргичда ишлашими кўргани келишди. Қоргич билан ишлайдиган Оливер кеча ишдан чиқиб кетти. Мен унга олдин ун қопларини олиб келиб уларни қоргичга солишка ёрдам берардим. Лекин барибир ҳам у билан ишлай олишимни билмагандим. Аслида бу роса қийин иш Оливер новвой ёрдамчиси бўлип ишлаш учун бир йил махсус мактабка бориб ўқиган.
Менинг дўстим Жо Карп бирдан Чарли Оливерни ўрнида сен ишласангчи деб таклиф қилип қолди. Ҳамма тўпланиб менга қарап кулиб туришди ва Фрэнк ростдан ҳам Чарли шундай қил сен анчадан бери новвойхонада ишлайсану деди. Қўрқма Жимпи ҳозир ишда эмас бир марта ишлап кўрсанг хичким билип қолмайди. Лекин мен роса қўрқдим чунки катта новвойимиз Жимпи агарда шифохонада қўлинг синиб ётишни хоҳламасанг хичқачон хамир қоргични олдига яқинлашма деганди. Ҳаммаси бўлақол бўлақол деб менга бақиришарди фақатгина Фанни Бирден етар бечорани тинч қўйинглар деб айтди.
Фрэнк унга қараб овозингни ўчир Фанни бугун 1 апрель агар Чарли бугун яхшилап ишласа эртага ҳаммамиз дам оламиз деди. Кейин мен уларга майли мен хамир қоргичда ишлап кўраман Оливер қандай ишлаганини кўрганман лекин қоргич бузилип қолса уни тўғирлаш қўлимдан келмайди дедим.
Қоргични ёқдим ва ҳамма айниқса Фрэнк хайрон бўлип қолди. Фанни Бирденни эса оғзи очилип қолди чунки Оливер хамир қоргичда ишлашни новвойлар мактапида 2 йил ўрганганди. Оливерни ёрдамчиси Берни Бэйт Чарли сен ундан тезроқ ва яхшироқ ишлаяпсан деди. Ҳамма кулишдан тўхтаб қолди Жимпи келганда Фанни унга бўлган воқеани айтиб берганди уни роса жахли чиқди.
Кейин у Жимпига ишонмасангиз бориб ўзиз кўринг деди. Ишчилар бугун 1 апреллиги учун уни устидан хазил қилишмоқчиди Чарли бўлса уларни оғзини очип қўйди. Жимпи менга ғазап билан қараятганини билип тургандим чунки у худди профессир Немурга ўхшап кимдир унга буюрилмаган ишни қилса жони чиқарди. У менга қараб бошини қашиб яхши ишлашингни кўрябман лекин кўзларимга ишонгим келмаяпти деди. Яна бироз ишлап тур мен борип жаноб Доннерни чақириб келаман ва унга ҳам ишлашингни кўрсатамиз деди. Жаноб Доннер жони чиқишидан жуда қўрқдим ва қорғичдаги хамир тайёр бўлгандан кейин мени ишларим кўп кетишим керак дедим. Жаноб Доннер келиб узоқ менга тикилип турди ва болалар мени устимдан куляпсизларми. 1 апрель хазилими бу. Мен ҳам биринчи улар хазил қилишяпти деб ўйладим. Хамир қоргични атрофида бироз айланиб мен ҳам ҳайронман лекин Чарли бу ускуна қандай ишлашини биляпти ва Оливердан яхшироқ ишлаяпти деди Жимпи. Ғала-ғовур бошланиб кетди. Мен бироз қўрқиб қолдим чунки ҳамма менга ғалати қараётганди. Мен сизларга айтгандим оҳирги пайт Чарли ўзини ғалати тутяпти деб деди Фрэнк. Жо Карп бўлса нимани назарда тутаётганингни тушундим Фрэнк деб қўйди. Жаноб Доннер ҳамма ўз ишига қайтсин деди ва мен билан боғчамизга чиқди.
Чарли қандай бўлганини билмайман лекин сен ваниҳоят бир нима қилишни ўргандинг. Илтимос сендан эҳтиёт бўлиб ишла ва ўзингни асра. Бугундан бошлаб сен янги ишни бошлайсан ва маошинг доимгидан ҳафтасига 5 долларга кўпроқ бўлади.
Менга янги иш керак эмас мен шипириб идиш-товоқларни ювиб ҳаммаёқни тозалашни ва дўстларимга ёрдам беришни ёқтираман десам жаноб Доннер дўстларингга тупур сен менга айнан шу ишда кераксан деди. Ишда кўтарилишни хоҳламаган одамларни ёқтирмайман. Ундан ишда кўтарилиш нима деб сўрадим. Бошини бироз қашиб кўзойнакларини ечиб менга қараб қўйди. Қўрқма Чарли бугундан бошлаб сен хамир қоргичда ишлайсан. Бу ишда кўтарилиш дегани деди.
Энди мен нонларни ташийдиган идишларни ювадиган кир жойларни йиғиштирадиган ишчи эмасман. Мен энди янги новвойман. Ишимда кўтарилдим. Эртага буни албатта Кинниан хонимга айтиб бераман. У жуда ҳам ҳурсан бўлади ишончим комил лекин Жо ва Фрэнкнинг нега жони чиқаётганини тушунаолмаяппан. Фаннидан бунинг сабабини сўрасам қўй бу жинниларга эътибор берма Чарли деди. Бугун 1 апреллигига улар сени устингдан хазил қилишмоқчи бўлишганди лекин ўзлари хазил ичига тушиб қолишди. Мен Жодан қанақа хазил қилмоқчи эдинглар деб сўрасам йўқол кўзимга кўринма деб жахл қилди. Менимча уларни хамир қоргичда яхши ишлаган бўлсам ҳам ҳеч ким дам олиш кун олмаганига жахли чиқяпти. Демак мен ақлли бўлишни бошладимми.
3 апрель
Робинзон Крузони ўқиб тугатдим. Унинг тақдири кейин нима бўлганини роса ҳам билгим келди лекин Кинниан хоним китобнинг давоми йўқ деди. НЕГА.
4 апрель
Кинниан хонимнинг айтишича мен тез ўрганябман экан. У ҳисоботларимни ўқиб индамай узоқ менга тикилиб турди. Сен яхши инсонсан Чарли ва ҳали қолганлардан ўтиб кетасан деди. У нега бундай деди экан. Агар кейинчалик кўп нарсаларни ўрганиб олганингдан сўнг баъзи одамлар олдингидай яхши эмаслигини тушунип етсанг хафа бўлма ва бунга эътибор ҳам берма. Яратган сенга қолганларга қараганда камроқ нарса берган бўлса ҳам сен улардан кўра фойдалироқ ишлар қиляпсан. Улар ҳаммаси менинг дўстларим ва мен уларни яхши кўраман. Улар ҳам мени яхши кўришади ва менга доим яхшилик тилайдилар. Бу сўзларимни айтаётганимда унинг кўзига бир нарса кириб кетди ва аёллар хожатхонасига югуриб чиқип кетишига тўғри келди.
Хонада ўзим қолиб Кинниан хоним қандай яхши аёл эканлиги ва онамга ўхшашлигини ўйлаб ўтирдим. Онам ҳам менга доим яхши инсон бўлишим кераклигини айтарди. Ўғлим доим ўз ҳатти-ҳаракатларингга эътиборли бўл акис ҳолда қолганлар сени асл ниятингни тушуна олмай қоладилар ва сени ёмон инсон деб ўйлайдилар.
Бир куни онам узоқ вақтга кетиши керак бўлиб қолди ва мен қўшнимиз миссис Леруаларникида қолишга мажбур бўлдим. У касалхонага тушиб қолган экан. Дадам ҳавотир олма Чарли бир икки кундан сўнг ойинг яна уйга қайтиб келади ва ўзи билан сенга ё ука ё сингил олиб келади деди. Мен жуда ҳам укам бўлишини хоҳладим лекин нимагадир ойим уйга сингил олиб келди у қўғирчоқ каби чиройли эди лекин тинмай йиғларди.
Мен унга ҳеч қачон озор бермадим.
Уни кичик каравотга ётқизишди ва бир куни дадам-нинг ойимга ҳавотир олма Чарли унга озор бермайди деган гапларини эшитиб қолдим.
У жуда ҳам кичкина эди ва тинмай мени ухлатмасдан йиғларди. Кунларнинг бирида улар ошхонада ўтиришганда синглим йиғлаб юборди мен эса каравотимда ётар эдим. Ўрнимдан туриб уни қўлимга олиб ойим уни тинчлантиргандек тебратишни бошладим. Ва тўсатдан ойим югуриб келиб уни қўлимдан суғуриб олди ва бор кучи билан бетимга урди мен ҳаттоки каравотга йиқилиб тушдим.
Кейин қаттиқ бақиришни бошлади. Уни олдига қайтиб яқинлашма. Уер-буерини синдирип қўйишинг мумкин. У ҳали роса кичкина. Эшитдингми яқинлашма. У пайтда унинг гапларини тушунмагандим лекин менимча ақлим яхши ривожланмагани учун нима қилаётганимни тушунмаганим сабабли унга бирон нарса қилиб қўйишимдан қўрқиб бақирган экан. Ҳозир бу воқеани эсласам ойимни қилган ишидан жуда ҳам хафа бўлиб кетаман қандай қилиб жажжи чақалоққа ёмонлик қилишим унинг ҳаёлига келиши мумкин.
Доктр Штраусни олдига борганимда унга албатта бу ҳақида айтиб бераман.
6 апрель
Бугун, вергул, нима, эканлигини, ўргандим, бу, думчаси, бор, нуқта, экан, мисс, Киннианнинг, айтишича, вергул, жуда, ҳам, муҳим, нарса, экан, чунки, усиз, тўғри, ёзишни, ривожлантириб, бўлмас, экан, ва, вергул, нотўғри ўринда, қўйилса, одамлар, кўп, пул, ёқотиши, мумкин, экан, маошимнинг, ва, менга, жамғарма, тўлайдиган, пулларнинг, бир, қисмини, тежаб, қўйдим, лекин, қандай, қилиб, вергуллар, менга, уларни, сақлаб, қолишга, ёрдам, берганини, тушуна, олмаябман, Ҳамма, вергулларни, ишлатар, экан, шунинг, учун, мен, ҳам, улардан, фойдаланишим, керак, экан,,,,,
7 апрель
Мен ҳамма вергулларни нотўғри қўйибман. Буни одамлар пунктуация дер эканлар. Кинниан хоним билмаган сўзларимнинг маъноси ва тўғри талаффузини луғатдан кўриб ўрганишим кераклигини айтди. Тўғрисини айтсам бу нимага керак эканлигини умуман тушунмадим сўзларни оддий ўқиб қўяверсам ҳам бўладику. Лекин Кинниан хонимнинг айтишича бу менинг ўқимишлилигим даражасини кўрсатар экан. Бундай бўлса ҳамма сўзларни луғатдан қарайман. Бундай қилсам ҳисобот ёзишим албатта чўзилиб кетади лекин шу йўл билан кўп нарсаларни ўрганиб олсам бўлади.
Пунктуация сўзини ҳам луғатдан топдим. Нуқта ҳам тиниш белгиси лекин ундан ташқари яна бир қанча тиниш белгилари бор деди Кинниан хоним. Балки у ҳамма тиниш белгилари кичкина думчали вергуллар деб аталиши керак деяётгандир.
Сен; тиниш, белгиларини – бир: бири» билан! бирга) ишлатишни, ўрганишинг? керак( Уларни» қандай: қилиб– бирга) ишлатишни, кўрсатиб; берди! Менимча? энди( мен. доим» хар, ҳил) белгиларни! ишлатаман! Бирам» қоидалар? кўп; лекин( мен: уларни. ҳаммасини! эслаб( қоламан, Кинниан хонимга қандай савол бермасам ҳам осонлик билан жавоб беради! Мис, Киннианнинг. ушбу! ҳислатини– жуда» ҳам; ёқтираман, ва) яқинда: у .каби( ақлли! бўламан»
Пунктуация – ажойиб!
8 апрель
Эшакмия! Мен унинг айтган гапларини ҳаттоки тушунмаган эканман. Кеча кечки пайт грамматикадан бир китоб ўқидим ва уерда тиниш белгиларини қачон, қандай ҳолатларда ишлатиш кераклиги ёритиб берилган экан. Кинниан хоним ҳам менга шуни тушунтирмоқчи бўлган экан. Тун ўртасида туриб кетдим ва ўзим-ни яхши ҳис қилардим. Кинниан хоним устимга бирон нима кийиб, платога чиқишимни айтди. Плато бу худди адирнинг теккис чўққисига ўхшайди.
Пунктуация нега кераклигини англаб етганимда барча ҳисоботларимни қайтадан ўқиб чиқдиv. Ё, алхазар! Бунчалик ҳам нотўғри ёзиш мумкинми! Кинниан хонимга барча хатоларимни тўғриламоқчи эканлигимни айтдим.
– Профессор Немур ҳеч нимани тўғрилашингни хоҳламаяпти. Қай даражада ақлинг ривожланганлигини ўзинг кўра олишинг учун, ҳисоботларингни ўзингга берган. Чарли, балли сенга.
Бу гапларни эшитиб хурсанд бўлдим. Дарслардан сўнг Элжерноннинг олдига кириб, у билан бироз ўйнадим. Бу гал пойга эмас.
10 апрель
Ўзимни ёмон ҳис қиляпман. Бу дори билан даволаса бўладиган касаллик эмас. Бу қалбимдаги оғриқ. Қалбим бўм-бўш қути каби, худди юрагимни юлиб ташлагандай. Содир бўлган ҳодисани айтиб бермасам бўлмайди. Бугун умримда биринчи марта ишга боргим келмади. Ва мен бормадим.
Кеча Жо Карп ва Фрэнк Рейли мени базмга таклиф қилди. Базмда роса қизлар кўп эди. Эрни ва Жимпи ҳам ўша ерда эди. Охирги марта виски ичганимдан сўнг ўзимни қандай ёмон ҳис қилганимни эслаб, Жога ичкилик ичмайман, дедим. Сўнгра у менга қандайдир ғалати таъмли ичимлик узатди. Эътибор бермабман.
Бироз кўнгилхушлик қилдик.
– Эллен билан рақсга тушмайсанми? У сенга қандай рақс тушишни ўргатиб қўяди, – деб худди бир нима кириб кетгандай кўзини қисиб қўйди Жо.
– Чарлини ўз ҳолига қўй, – деди Эллен.
Жо эса мени елкамга уриб қўйди.
– Бу Чарли Гордон, менинг энг яқин дўстим. Унинг калласи роса яхши ишлайди ва унинг ҳаттоки лавозимини кўтаришди. Ҳозирда у жуда ҳам мураккаб хамир қоргич номли қурилма билан ишлайди. Бироз ишдан сўнг дам олишини хоҳлаяпман. Буни нимаси ёмон?
У мени Эллен томон итариб юборди. Мусиқа янгради ва биз ҳам рақсни бошладик. Бир дақиқа ичида мен уч марта йиқилиб тушдим ва нега бундай бўлаётганини ҳеч тушуна олмадим. Ҳадеб кимнингдир оёғига қоқилиб йиқилиб кетардим.
Барча меҳмонлар бизга қараб кулиб туришарди. Йиқилаётганимда улар одатдагидан баландроқ кулиб юборишди, уларга мен ҳам қўшилдим. Аммо тўртинчи марта ҳам йиқилганимда кулгим келмай қолди. Оёққа турмоқчи бўлганимда, Жо мени туртиб юборди ва яна ерга йиқилиб тушдим.
Нигоҳимни юқорига қаратар эканман, дўстимнинг юзида бир ажойиб ифода кўрдимки, юрагимга пичоқ санчилгандай бўлди.
– Дахшат, – деди турган қизлардан бири ва хо-холаб кулишда давом этди.
– О, Фрэнк, ҳақ эдинг экан, унга тенг келадигани йўқ экан, – базўр тан олди Эллен. Сўнгра: – Эй, Чарли, олма емайсанми? – деди‐да ва менга битта олма узатди.
Олмани емоқчи бўлиб тишлагандим, у ясама экан.
– Мен сенга айтгандим-ку, бу эсипаст сунъий олмани ҳақиқийсидан ажрата олмайди деб, – кулди Фрэнк.
– Охирги марта уни ташқарида ёмғир ёғяптими йўқми деб қараб келишга жўнатганимиздан бери бундай мазза қилиб кулмагандим, – деб қўшиб қўйди Жо.
Болалигимда қўшни болалар билан беркинмачоқ ўйнаганимизда уларни мен излашим керак бўлгани эсимга тушди. Бармоқларим билан ўнгача санаб, уларни қидира бошладим. Мен қоронғи тушгунча совуқда излаб юрдим, лекин тополмай уйимга кириб кетдим.
Ҳеч кимни топа олмагандим.
Фрэнкнинг гапларидан сўнг мен ҳаммасини англаб етдим. Беркинмачоқ ўйнаганимизда ҳам, биринчи марта базмга борганимизда ҳам бир хил ҳолат юз берган. Энди тушундим… Жо ҳам, бошқа дўстларим ҳам доим мени калака қилиб келган экан. Маҳалламиздаги болалар ҳам.
Мен ерда ётар эдим, улар эса бақириб устимдан кулишар эди.
– Қара, унинг башараси бўзариб кетди.
– У қизариб кетди. Халойиқ, Чарли қизариб кетди.
– Эллен, нима қилдинг унга? Биз уни ҳеч бундай ҳолда кўрмагандик!
– Эллен, офарин сенга! Бу тентакнинг адабини бериб қўйибсан!
Нима қилишимни, қаерга қарашимни билмасдим. Бирдан ўзимни қип-яланғоч ҳолда ётгандай ҳис қилдим. Бутун дунёдан узоқларга, ҳеч ким тополмайдиган жойларга беркиниб олгим келди. Хонадан югуриб чиқиб кетдим. Хона жуда ҳам баланд уйда эди. Лифтни эсимдан чиқариб қўйиб, зинапояни ҳам тополмай қолдим. Сўнг кўчаларда узоқ кезиб юрдим. Улар мени фақатгина устимдан кулиш учун ўзлари билан олиб юришлари ҳеч хаёлимга келмаган экан.
Мана энди олдинги Чарли Гордон бўлиш қандай эканлигини тушундим.
Ўзимдан шу қадар уялиб кетдимки.
Бугун тушимга Эллен билан рақс тушаётганимиз ва у менга ёпишаётгани кирди. Уйғонганимда чойшаблар ҳўл ва кир бўлиб кетган экан.
13 апрель
Ўша кечадан сўнг қайтиб новвойхонага бормадим. Мен яшайдиган уй эгаси, Флинн хонимдан, жаноб Доннерга қўнғироқ қилиб, бетоб бўлиб қолганимни айтиб қўйишини илтимос қилдим. Флинн хоним гўё мендан қўрқадиган бўлиб қолди.
Мен, ниҳоят, нега одамлар устимдан кулишларининг сабабини тушуниб етдим. Аҳмоқлигим даражасини англамайдиган даражада аҳмоқ эканман. Аҳмоқ одам бирор нарсани улар қилмагандай қилса, ақли расо одамлар кулар экан.
Лекин энди кундан-кунга ақллироқ бўлаётганим аниқ. Сўзларни тўғри ёзишни ва пунктуация нима эканлигини биламан. Қийин сўзлар маъносини луғатдан титкилаб топишни ёқтираман ва уларни тезда эслаб қоламан. Ҳисоботларимни мунтазам ёзиб боришга ҳаракат қиламан, лекин, тўғрисини айтсам, бунга кўп вақтим кетиб қолади. Китобларни кўп мутолаа қиламан ва Кинниан хонимнинг айтишича, тез ўқийман. Ўқиганларимнинг кўп қисмини, ҳаттоки, тушунмайман ҳам. Баъзида кўзларимни юмсам, ҳаёлимда, худди расм каби, бутун бир китоб саҳифаси пайдо бўлади.
Эрталаб уйғониб, узоқ вақт каравотимда уйғоқ ётдим. Бутун дунёни мендан тўсиб қўйган миямдаги деворда катта тешик пайдо бўлди ва мен у орқали ёруғ дунёга чиқдим.
Узоқ вақт олдин, роса ҳам узоқ вақт олдин, жаноб Доннер новвойхонасида энди ишлашни бошлаганимдаги пайтлар эсимга тушишни бошлади. Новвойхона жойлашган кўча кўз олдимда жонланди. Аввалиги ҳаммаёқни гўё туман қоплаган. Сўнгра маълум қисмлар ойдинлашади ва мен ўзимни ҳақиқатан ҳам ўша ерда тургандай ҳис қилишни бошлайман.
Болалар аравачасини ёнғоқ қовуриш ускунасига айлантириб олиб, қорли йўлакчада ёнғоқ сотиб турган нимжон чол. Қўрқув тўла кўзлари билан эшикдаги ёзувга тикилиб турган узун бўйли йигит. Ҳозир у ерда нима деб ёзилганини биламан, ДОННЕР НОВВОЙХОНАСИ, лекин ўтмишга назар ташлар эканман, боланинг кўзлари билан у ёзувни ўқий олмаяпман. Йигит ўқишни билмайди. Кўзлари қўрқувга тўлган новча йигит бу менман, Чарли Гордон.
Кўзни қамаштирувчи неон чироқлар. Рождествога безатилган арчалар ва ўтиб кетаётган пиёдалар. Совуқдан одамлар пальтоларининг ёқаларини ҳам кўтариб олишган. Бўйинларига иссиқ шарфлар ўраб олишган. Унинг эса оддий қўлқоплари ҳам йўқ. Қўллари яхлаб қолиб, оғир қоғоз қопларни ерга қўйди. У кичик дўкончада сотилаётган бир‐биридан қизиқарли ўйинчоқларни яхшироқ томоша қилиш учун тўхтади. У ерда бурнида копток айлантирувчи тюлен, сакраб турувчи кучукча ва у ёқдан-бу ёққа думалайдиган айиқ бор эди. У ўйинчоқлар ҳаракатларини қайтаришга уринди: айланди, ирғиди, сакради. Эҳ, агар бу ўйинчоқлар уники бўлиб қолса эди, у дунёдаги энг бахтли инсонга айланган бўлар эди.
Совуқдан юзлари қизариб кетган, бармоқлари арзон йиртиқ қўлқоплардан кўриниб турган сотувчидан айиқчани бир борагина ушлаб кўришга рухсат сўрамоқчи бўлди, лекин жуда ҳам қўрқарди. Йўқ, у сўрай олмади. Оғир юкини яна елкасига ортди. Озғин бўлишига қарамай, кўп йиллар давомидаги жисмоний меҳнат натижасида чиниққан эди.
– Чарли! Чарли! …тентак Чарли!
Болалар уни ўраб олиб мазах қилишяпти – оёқ остида ўралашувчи кўппаклар. Чарли уларга кулиб қўймоқда. У елкасидаги қопларни йўлакка қўйиб, болалар билан ўйнамоқчи эди, бироқ бирдан нимадир келиб елкасига тегди. Узоқроқда турган каттароқ болалар унга муз бўлакларини отаётган экан.
Новвойхона яқинидаги қоронғи кўчада бир гуруҳ йигитлар тўпланиб турибди:
– Қара, Чарли келяпти!
– Эй, Чарли! Нималарни кўтариб олдинг?
– Чарли, биз билан ўйнамайсанми?
– Чарли, кел, бирга ўйнаймиз!
Қоронғи кўчадан келган қаҳқаҳалар уни қўрқитарди… Эти жунжикиб кетди. У нега бунчалик қўрқиб кетганлигининг сабабини эсламоқчи бўлди, аммо фақатги-на лой, ахлатлардан кир бўлган устки кийимларини ва унинг ҳолини кўриб кўчага болға билан югуриб чиққан Ҳерман тоғасини эслай олди…
Чарли ғала-ғовур қилаётган йигитларга яқинлашмай ўтиб кетмоқчи бўлади ва қопларни ерга тушириб юборади. Тезлик билан уларни елкасига ортмоқлаб, ортига қарамай новвойхонага югуради.
– Қаерларда санқиб юргандинг, Чарли? – деб новвойхона ичидан бақиради Жимпи.
Чарли зудлик билан омборхонага тушиб, қопларни бир чеккага ташлаб қўяди. Деворга суяниб, чўнтагига қўлларини солиб туради.
Бу ер унга жуда ёқади. Пол шифт ва деворлардан ҳам оппоқроқ. Оёқ кийимининг тагчарми худди қор билан қопланган, ун доначалари оёқ кийимининг тешикларига, боғичларининг толаларига, қўлидаги чизиқларга тўлиб қолган.
Чўккалаб ўтириб олади ва катта «Д» ҳарфли кепкаси кўзларигача тушиб қолади. У ун, ширали хамир, нон ва пишириқларнинг ҳидини ёқтиради. Печка ичида олов чирсиллаб ёниб, унинг уйқусини келтирмоқда.
Ширин ҳидлар… Илиққина жой… Унинг кўзи илинди…
Тўсатдан у бир томонга оғиб кетиб, йиқила бошлади ва бор оғирлиги билан полга урилди. Кимдир ўтиб кетаётиб, ухлаётган новча йигитни оёғи билан тепиб ўтиб кетибди…
Фақат шу ҳодисаларни эслай олдим. Улар кўз олдимда аниқ ва равшан намоён бўлди, аммо уларнинг ҳеч бирини тушунмадим. Худди шу ҳолат кино кўрганимда ҳам юз берар эди. Кинонинг мазмунини уни уч ёки тўрт марта кўрганимдан кейингина тушунишни бошлардим. Доктор Штраусдан сўрашим керак.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?