Текст книги "Элжернонга аталган гуллар"
Автор книги: Дэниел Киз
Жанр: Научная фантастика, Фантастика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
14 апрель
Доктор Штрауснинг айтишича, кечаги ҳисоботимда ёзган хотираларим жуда ҳам қизиқ экан ва улар-ни қоғозга туширишим шарт экан. Кейин иккаламиз уларни муҳокама қилар эканмиз.
Доктор Штраус – психиатр ва нейрожарроҳ. Мен уни олдин оддий доктор деб ўйлардим. Бугун эрталаб унинг олдига борганимда, муаммоларимни ҳал қила олишим учун ўзимни англаб етишим қай даражада муҳим эканлигини айтди. Менинг ҳеч қандай муаммоим йўқ дедим.
У кулиб юбориб, ойна олдига борди.
– Чарли, ақлинг, идрокинг ривожлангани сари, муаммоларинг кўпаяверади. Сенинг ақлий ривожланишинг ҳиссий ривожланишингдан анча олдинлаб кетган, шу сабабли, менимча, биз сен билан ҳали бундай мавзуларни бирга кўп муҳокама қиламиз. Агар сенга қачондир ёрдам керак бўлиб қолса, албатта, бу ерга тортинмай кела олишингни эслатиб қўймоқчиман.
Унинг гапларига кўра, қачондир менинг хотираларим ва тушларим паззл бўлаклари сингари ўз жойларига тушиб, ягона бир расмни ташкил қилар экан ва мен бунинг ёрдамида ўзим ҳақимда кўп нарсаларни билиб олар эканман. Инсонлар мен ҳақимда нима деганликларини аниқ эслашим ўта муҳим экан.
Авваллари буларнинг ҳеч бирини билмасдим. Демак, тўлиқ ақлли бўлсам, мени тинч қўймаётган саволлар жавобини топиб оламан; кўчадаги болалар, Ҳерман тоғам, ойим, дадам – ҳаммаси ҳақида билиб оламан. Ва ўшанда мен тамоман тугайман ва менинг миям шикастланиши мумкин.
Хуллас, ҳафтада икки марта доктор Штраус олдига бориб, мени ташвишлантираётган мавзуларни айтиб бераман. Иккимиз ўтирамиз ва доктор Штраус мени тинглашни бошлайди. Бу терапия деб аталади. Бундай суҳбатлардан сўнг мен ўзимни яхши ҳис қилишим керак. Мени энг ташвишлантирган муаммо бу аёллар ҳақида ҳеч нарса билмаслигим эканлигини тан олдим. Унга Эллен билан бўлган рақсимизни ва ундан кейинги воқеаларни айтиб бердим. Ўша пайт ўзимни ўта ноқулай ҳис қилдим – бирдан совуқ тер босиб, бошимда ғўнғиллаган овоз пайдо бўлди ва кўнглим айниб кетди. Лекин доктор Штраус ҳеч қандай хавотирсиз, мен билан базмдан сўнг содир бўлган ҳодиса фанда эҳтилом деб аталишини тушунтириб берди. Ҳечқиси йўқ, деярли ҳамма билан содир бўладиган ҳодиса.
Кундан-кунга ақлан тинмай ривожлансам ҳам, айрим мавзуларда ҳали ҳам гўдаклар каби эканман, аслида. Бундан бироз уяляпман, аммо эртами‐кечми ўзим ҳақимда барча нарсаларни билиб оламан.
15 апрель
Тинмай китоб ўқияпман ва деярли барчаси ёдимда қоляпти. Кинниан хоним тарих, география ва арифметикадан ташқари, чет тилларни ҳам ўрганишимни маслаҳат берди. Профессор Немур менга тунда ўқиш учун яна бир нечта тасма узатди. Мен ҳали ҳам онг ва ост онг қандай фаолият юритишини англай олмаяпман. Доктор Штраус «Бошингни қотирма», деди. Бир неча ҳафтадан сўнг коллежда ўқишни бошлаганимда унинг рухсатисиз психология билан боғлиқ бўлган ҳеч қандай китоб ўқимасликка сўз беришимга мажбурлади. Унинг фикрича, бундай китоблар ўзимни тушунишда ёрдам бермай, аксинча, мени бир‐бирига зид бўлган қийин илмий назарияларни ўрганиш билан банд қилиб қўяр экан. Бироқ асарлар ўқишимга ҳеч ким қаршилик қилмайди. Ўтган ҳафта «Буюк Гетсби», «Америка фожиаси» ва «Ўз уйингга боқ, фаришта» номли асарларни ўқиб битира олдим. Одамлар шу қадар қабиҳликка қодир эканликлари ақлга сиғмайди.
16 апрель
Бугун ўзимни анча яхши ҳис қиляпман, лекин инсонлар бутун умр мени калака қилганликларини эсласам, ғазабланиб кетяпман. Роса ҳам ақлли бўлиб, АйКью даражам ҳозирги 70 дан юқорироқ бўлиб кетса, эҳтимол, инсонлар мени ёқтира бошлашар ва менинг ҳам дўстларим кўп бўлар.
Ўзи бу АйКью ёки идрок коэффициенти нима? Профессор Немурнинг гапларига кўра, АйКью ёрдамида инсоннинг ақлий ривожланиш даражасини, худди тарозида бир нима ўлчагандай, ўлчаса бўлар экан. Доктор Штраус бўлса, АйКью ёрдамида инсоннинг қанчалик ақлли эканлигини ўлчаб бўлмайди, деб профессор Немур билан узоқ тортишди. «АйКью ёрдамида фақатгина инсон қай даражада ақлли бўла олиши мумкинлигини аниқлаш мумкин», деди у. Худди ўлчов учун мўлжалланган идиш сингари. Аммо бу идишни нима биландир тўлдириш керак.
Барт Селдондан бу ҳақидаги фикрини сўрасам, у икки назариядан ҳеч қайсинисини маъқулламайдиган олимлар ҳам борлигини айтди. У қаердадир АйКью турли хил кўрсаткичларни, масалан, инсоннинг ҳаёти давомида орттирган билимлари ва ҳоказоларни, ўлчай олишини, лекин бу инсоннинг ақлий салоҳиятини ўлчашнинг яхши усули эмаслигини ўқиб олган экан.
Хуллас, ҳали ҳам АйКью нима эканлигини тушунмадим. Менинг АйКьюм ҳозир 100 атрофида, тез орада 150 дан ошиб кетади, лекин идишни нимадир билан тўлдириш керак-ку. Ёмон гаплар гапиргим келмаяпти, бироқ агар олимлар АйКью нималигини аниқ билмасалар, қандай қилиб уни ўлчашлари мумкин?
Профессор Немур «Бир неча кундан сўнг Роршах тестидан ўтасан», деди. Қизиқ, у нима экан энди?
17 апрель
Бугун ёмон туш кўрдим ва уйғонганимдан сўнг, доктор Штраус тавсиясига кўра, эркин ассоциациялар методини қўлладим. Тушимни эслаб, натижада турли хил фикрлар пайдо бўлиши умидида ақлим эркин фикрлашига йўл қўяман. Одатда, менда ҳеч қандай фикр қолмайди. Доктор Штрауснинг айтишича, мен ост онгим ёмон хотиралардан онгимни қўриқлаш учун уни муҳофаза қила оладиган даражага етибман. Ўтмиш ва ҳозир ўртасидаги ўзига хос девор. Айрим пайтларда у қулайди ва мен унинг ортида яширилган ҳодисаларни эслай оламан. Худди бугун эрталаб бўлгани сингари.
Тушимда Кинниан хоним ҳисоботларимни ўқиётган экан.
Мен ручкамни тайёрлаб ўтирибман, лекин тўсатдан на ёзишни, на ўқишни билмай қоляпман. Ҳаммасини унутиб юборибман. Қаттиқ қўрқиб кетиб, Жимпидан менинг ўрнимга ҳисобот ёзиб беришини илтимос қилдим. Кинниан хоним уни ўқиб жаҳли чиқиб кетди ва ҳисоботни майда-майда қилиб йиртиб ташлади. У ерда бемаъни сўзлар ёзилган экан. Уйга қайтиб келсам, бу ерда мени доктор Штраус ва профессор Немур кутиб туришган экан. Уйга киришим биланоқ, ҳисоботларда уятсиз сўзлар ёзганим учун, мени дўппослашга тушишди. Улар кетишгач, мен ҳисобот парчаларини йиғишни бошладим, не кўз билан кўрайки, улар қонга беланган тўр парчалари экан.
Жуда ҳам даҳшатли туш, туриб уни ёзиб бўлганимдан сўнг, хаёлларимни таҳлил қилишга уриниб кўрдим.
Новвойхона… тун… ахлат челак… кимдир мени оёғи билан тепяпти… йиқилиб тушдим… қон… ёзмоқ… катта қалам… кичик олтин қалб… туморча… ип… ҳаммаёқ қонга беланган… ҳамма устимдан куляпти… туморнинг ипи… айланяпти… қуёш нурлари кўзимни оляпти… туморча айланиши менга ёқяпти… бармоғимга ўралиб қолди… менга бир қиз қараб турибди.
Унинг исми мис Кин… – унинг исми Ҳарриет.
– Ҳарриет, Ҳарриет, биз ҳаммамиз Ҳарриетни яхши кўрамиз.
Ва яна ўша мен ўрганган бўшлиқ.
Кинниан хоним гоҳ-гоҳи менга қараб қўйиб, ҳисоботни ўқияпти.
Сўнгра биз омилар мактабида бўлиб қолдик. У менинг иншо ёзишимни кузатиб ўтирибди.
Менинг мактабим ўрнида бирдан 13-мактаб пайдо бўлиб қолди. Мен ўн бир ёшдаман, Кинниан хоним ҳам ўн бир ёшда, лекин у ортиқ Кинниан хоним эмас, у ёноқларида икки кулгичи бор, узун оқ-малла сочли қизча эди. Унинг исми Ҳарриет. Биз ҳаммамиз Ҳарриетни яхши кўрамиз. Бугун 14 февраль, авлиё Валентин куни.
Мен эсладим…
Эсладим… Нега мен 13-мактабдан 222-мактабга ўқишимни кўчиришим керак бўлганини эсладим. Ҳарриет туфайли.
Ўн бир ёшли Чарли кўз олдимда намоён. Унинг кўчадан топиб олган тилла тумори бор эди. Туморнинг ипи йўқолганди ва ўзи уни оддий ипга осиб олганди. Туморни қўлида тинмай айлантиришни яхши кўради. Тумор ипи қўлига ўралиб қолиб, кейин яна ўз ҳолига келади. Тумор қуёшда жуда ҳам чиройли ялтираяпти.
Баъзида мактабдаги болалар унга ҳам ўзлари билан ўйнашга рухсат берадилар. Масалан, «ушлаб ол» ўйинида Чарли ҳаттоки ўйин марказида бўлади ва коптокни бошқалардан олдин тутиши керак. Ҳеч қачон коптокни ушлай олмаса‐да, у ўйин марказида бўлишни ёқтиради. Бир сафар у коптокни ушлаб олганди, лекин болалар унинг қўлидан коптокни олиб қўйиб, Чарлига уни отишга рухсат беришмади. У яна ўйин марказида коптокни ушлашга мажбур бўлди.
Ҳарриет ўтиб кетаётганда, барча болалар ўйнаётган ўйинларини унутиб, унга маҳлиё бўлиб қолади. Ҳамма Ҳарриетга ошиқ. Бошини қимирлатса, жингалак малла сочлари силкиниб кетади, ёноқларидаги кулгичлари эса одамни ақлдан оздиради. Чарли нега ҳамма болалар Ҳарриетга мубтало бўлиб қолганликлари ва ҳар доим у билан гаплашгиси келганликлари сабабини тушуна олмайди (у яхши футбол ўйнаган бўларди). Ҳамма болалар Ҳарриетни севиб қолган, Чарли ҳам.
У ҳеч қачон Чарлини калака қилмайди, Чарли бўлса, у учун ҳамма нарса қилишга тайёр. Ўқитувчи синфхонада эмаслигида у хонада югуриб юради, ойнадан ўчирғичларни отиб юборади, бўр билан деворларга чизиб ташлайди. Ҳарриет унинг қилиқларини кўриб кулиб қўяди.
– Эҳ, Чарли! Жуда ҳам ажойибсан‐да! Тентаквой!
Бугун авлиё Валентин куни. Синфдаги болалар Ҳарриетга нима совға қилишни гаплашишяпти ва Чарли:
– Мен ҳам унга бирон нима совға қиламан, – деди.
Ҳамма кулиб юборди, Барри эса:
– Қаердан оласан совғани? – деб сўради.
– Мен унга роса чиройли нарса совға қиламан. Ҳали кўрасизлар.
Лекин Чарлининг бир чақаси ҳам йўқ эди ва у Ҳарриетга ўзининг туморчасини совға қилмоқчи бўлди. У юрак шаклида ва худди кўркам дўконлар витринасидаги қимматбаҳо тақинчоқларга ўхшайди. Кечки пайт онасининг иш столидан совғасини ўрагани қоғоз олади, уни ўраб, қизил тасма билан боғлаб қўяди. Эртаси куни танаффус вақтида Ҳайми Ротдан хат ёзиб беришини илтимос қилади.
У хатни ўзи айтиб ёздиради:
– Севимли Ҳарриет! Менимча, сен дунёдаги энг гўзал қизсан. Сен менга жуда ҳам ёқасан ва мен сени севаман. Менинг севгилим бўл. Дўстинг Чарли Гордон.
Ҳайми хатни ёзиб тугатади ва кулишдан тўхтамай:
– У хатни ўқиганида кўзи чиқиб кетади! Ўқиб кўриши билан!
Чарли қўрқаётган эди, лекин жуда ҳам туморчасини унга совға қилгиси келаётганди, шунинг учун дарсдан сўнг Ҳарриетга билинтирмасдан орқасидан эргашди. У уйга кириб кетишини пойлаб, совғасини эшикка осиб, қўнғироқни икки марта чалиб беркиниб олади.
Ҳарриет эшикни очиб, совғачани кўриб, олиб уйга кириб кетади. Чарли шошилиб уйга боради ва қоғоз би-лан тасмани сўроқсиз олгани учун калтак ейди. Лекин унга фарқи йўқ. Эртага Ҳарриет мактабга ўша туморчани тақиб келади ва ҳаммага уни Чарли совға қилганини айтади.
Эртаси куни у тонг саҳарлаб мактабга югуради, борса, ҳали ҳеч ким келмаган экан. Ҳарриет йўқ, у роса ҳам ҳаяжонда. Ва ниҳоят, Ҳарриет келди, аммо Чарлига қиё ҳам боқмади. У туморчани тақиб келмабди ва бугун негадир асабий. Мис Жексон синфхонадан чиқиб кетганда Чарли нималар қилиб кўрмади! Кулгили қилиқлар қилди. Бақириб кулди. Стулга чиқиб ўйинга тушди. У ҳатто бўр бўлагини Ҳаролдга отди. Лекин Ҳарриет унга қиё боқмади. Балки эсидан чиқариб қўйгандир. Балки у туморчани эртага тақиб келар. Танаффусда у ўзини Чарлини кўрмаганга солиб ўтиб кетади.
Мактаб боғчасида уни Ҳарриетнинг икки акаси кутиб турарди.
Гэс уни туриб юборади.
– Эй, итвачча, ўша уятсиз хатни сен ёздингми синглимизга?
Чарли ҳеч қачон бемаъни хатлар ёзмаганини айтади.
– Мен унга фақат туморча совға қилдим.
Олдинлари мактаб футбол гуруҳида бўлган Оскар унинг кўйлагидан тортиб, икки тугмасини узиб юборади.
– Бизнинг синглимиздан узоқ юр, аҳмоқ. Аслида сен бу мактабда ўқишинг керак эмас! – У Чарлини Гэс томон итариб юборади, Гэс эса уни бўғиб олади.
Чарли қўрқиб кетиб, йиғлашга тушади.
Сўнгра ака‐укалар уни калтаклашни бошлайдилар. Оскар бурнига муштлайди, Гэс эса ерга йиқитади. Ва икковлашиб тепкилашга тушади – аввал биринчиси, сўнгра иккинчиси. Болалар – Чарлининг дўстлари – югуриб келиб, уларни ўраб олади ва чапак чалиб, олқишлайди:
– Ур! Ур! Чарлини дўппослашяпти!
Унинг кийимлари йиртилиб кетган, бурнидан қон оққан, тиши синган эди. Оскар билан Гэс кетганидан сўнг у йўлакка ўтириб йиғлар, болалар эса кулиб бақиришарди:
– Чарлини боплашди! Чарлини боплашди!
Сўнгра қаердандир жаноб Вагнер пайдо бўлиб, ҳаммасини ҳайдаб юборади. У Чарлини ҳожатхонага обориб, юз‐қўлини ювишни буюради…
Одамларнинг ҳамма гапларига ишониб тентаклик қилган эканман. Ҳаймига ишонмаслигим керак эди. Ҳеч кимга ишонмаслигим керак эди.
Олдин ҳеч қачон бу воқеа ҳақида ўйламаган эканман, лекин кеча, ёмон тушни таҳлил қилганимдан сўнг, у ёдимга келди. Бу ҳодиса ва Кинниан хоним ҳисоботларимни ўқиётганида ўзимни қандай ҳис қилишим ўртасида қандайдир боғлиқлик бор. Энди ўзим ҳам таҳлил қилишни ўрганиб олдим.
Ҳарриет ўшанда туморчани қайтариб ҳам бермаган.
18 апрель
Охири «Роршах» нима эканлигини тушундим. Бу операциядан олдинги сиёҳ доғлар билан бўлган тест. Таниш қоғозларни кўриб, аввалига қўрқиб кетдим. Яна Барт мендан расмларни топишимни сўрайди, мен эса яна ҳеч нима тополмайман. Қани энди, олдиндан уларда қандай расмлар яширинганлигини билиб олсам! Балки у ерда, аслида, ҳеч нима йўқдир. Балки бу ҳаммаси оддий доғларда расм излайдиган даражада омиманми‐йўқми, шуни аниқлаш учундир. Бу фикр хаёлимга келганда Бартни ёмон кўриб кетдим.
– Чарли, сен олдин ҳам бу расмларни кўргансан. Эсингдами?
– Албатта эсимда.
У гапириш оҳангимдан норозилигимни англади ва менга қараб қўйди.
– Нима бўлди, Чарли?
– Ҳеч нима. Бу расмлар мени асабийлаштиряпти.
У кулиб, калласини ирғаб қўйди.
– Бу ерда асабийлашадиган ҳеч нарса йўқ. Бу оддийгина тест, холос. Бу вараққа қарагин‐чи. Нимани кўряпсан бу ерда? Одамлар бу доғларда нималар кўришини билсанг эди! Сен нима деб ўйлайсан? Уларга қараганингда, нима хаёлингга келади?
Бундай бўлади деб ҳеч ўйламагандим. Бир вараққа, бир унга қарадим.
– Доғларда қандайдир расмлар яширинган демоқчимисан?
Барт қовоғини солиб, кўзойнакларини ечиб қўйди.
– Нима деганинг бу?
– Расмлар! Доғларда яширинган расмлар! Ўтган сафар у ерда яширинган расмлар бор ва ҳамма уларни кўра олади деган эдинг!
– Йўқ, Чарли. Мен сенга бундай демаганман.
– Ёлғон! – деб бақирдим мен. Бу сафсата! Ғазабим қайнаб кетди. – Менга худди шундай дегансан! Мендан ақллироқлигинг ва коллежда ўқишинг менинг устимдан осонгина кула оласан дегани эмас! Ҳамма устимдан кулиб, мени калака қилишидан тўйиб кетдим!
Ҳеч қачон бундай туйғуларни ҳис қилмаган эдим. Ичимда гўё нимадир портлагандай бўлди. «Роршах» варақларини стол устига отиб, хонадан чиқиб кетдим. Ўша пайт профессор Немур хона олдидан ўтиб кетаётган экан, мени бу ҳолда кўриб, дарҳол бир нима бўлганини англади.
Барт иккаласи лифтга чиқаётганимда менга етиб олишди.
– Чарли, тўхта! – деб қўлимдан тинчлантирмоқчи бўлиб тутди профессор Немур. – Нима бўлди, тушунтириб бера оласанми?
Қўлимни тортиб олиб, Бартга қарадим:
– Мени хўрлаб, таҳқирлашларидан чарчадим. Бор гап шу. Олдин буни пайқамасдим, лекин ҳозир ҳаммасини сезяпман ва бу менга умуман ёқмаяпти.
– Чарли, биз ҳеч қачон сени камситишни ўйламаганмиз, – деди Немур.
– Унда сиёҳ доғлари‐чи? Ўтган сафар Барт доғларда расмлар яширинган ва уларни ҳамма кўра олади деганди, мен бўлсам…
– Барт билан бўлган ўша суҳбатингларни тинглаб кўрмоқчимисан? Бизда магнитофон қайдлари бор. Кел, бирга тинглаймиз.
Немур тасмага кетганда Барт қайта тушунтиришга уриниб кўрди:
– Ўтган сафар ҳам худди шу гапларни айтгандим. Гапларимни ўзгартира олмасдим ҳам, чунки бу тестни бошлашдан олдинги мажбурий тартиб.
Шу пайт Немур қайтиб келди ва менинг:
– Ундай бўлса, қани, бирга эшитайлик‐чи, балки ишонарман, – деганимни эшитиб қолди.
Улар бир‐бири билан кўз уриштириб олди. Жазавага тушдим. Улар яна устимдан куляпти. Лекин бирдан нима деяётганларимни тушундим ва уларнинг нигоҳларининг маъносини англадим. Кулиш уларнинг хаёлларида ҳам йўқ эди. Мен ривожланишда янги поғонага ўтгандим. Ғазаб ва шубҳа мени ўраб турган дунёга нисбатан ҳис қилган туйғуларимнинг биринчилари эди.
Карнайчадан Бартнинг овози эшитила бошлади:
«Чарли, энди бу вараққа эътиборингни қаратишингни хоҳлайман. Бу нима? У ерда нималарни кўряпсан? Одамлар уларда ҳар хил расмларни кўриб оладилар. Нималар хаёлингга келаётганини менга айт…»
Худди ўша сўзлар, худди ўша оҳанг. Сўнгра мен ўз овозимни эшитдим… Бўлиши мумкин эмас… Ҳайратдан оғзим очилиб, Немурнинг столи яқинидаги стулга ўтириб қолдим.
– Бу ростдан ҳам менманми?
…Биз Барт билан лабораторияга қайтиб бориб, барча тестни қайтадан бошладик. Бу сафар менинг жавобларим олдингиларидан фарқли эди, мен расмларни кўра олдим. Уришаётган қиличбозлар. Миямга ҳар хил нарсалар келди. Аммо ўзимни Бартга эътирозсиз ишонишга мажбур қила олмадим.
У ҳаммасини ёзиб борарди. Уларни ўқимоқчи бўлдим, лекин унинг қайдлари махфий ёзувларга ўхшарди: ВФ+А ДдФ-Ад ҳақ. ВФ-А СФ+об.
Бу тест мен учун маъносиз бир тест каби бўлиб қолди. Кўрмаган нарсалари ҳақида ҳар ким ҳам хоҳлаган нарсаларини тўқийверади. Мен ҳам уларни калака қилмаганимни улар қаердан билади?
Доктор Штраус психология бўйича китоблар ўқишимга рухсат берганда, албатта, бу саволларга жавоб топишга уриниб кўраман. Хаёлларим ва ҳисларим ҳақида ҳисоботларимда ёзиш бора-бора мен учун қийинлашиб кетяпти. Чунки улар ёзилгандан сўнг, кимдир уларни ўқишини биламан. Нега энди бундан бунчалар безовтаман?
10‐ҳисобот 21 апрель
Хамир қоргични янада самаралироқ ишлатиш йўлини топдим. Жаноб Доннерга бу фикр ёқди ва ишчи кучидан пул тежашимиз мумкинлигини айтди. У менга 50 доллар мукофот пули берди ва ҳафталик маошимни 10 долларга кўпайтириб қўйди.
Жо Карп ва Фрэнк Рейлига бу ҳодисани нишонлашни таклиф қилдим, аммо Жо рафиқасига нимадир олиши керак экан, Фрэнкникига эса тўсатдан жияни меҳмон бўлиб келиб қолибди. Менинг янги ҳолимга ўрганиш улар учун анча қийин бўлса керак.
Жимпи ҳар доим менга кўз остидан қараб қўяди. Ҳеч ким мен билан олдингидай гаплашмай қўйди. Ишда ўзимни ноқулай ва ёлғиз ҳис қилишни бошладим. Бу ҳақида ўйлар эканман, ухлаётганимда Фрэнк мени тепиб йиқитиб юборганини эсладим. Иссиқ ширин ҳидлар, оқ деворлар. Фрэнк печкани очганди, олов худди ҳайқириб чиқиб кетадигандай ёнаётганди. Мен йиқи-либ тушдим… эгилиб кетдим… сирпаниб кетдим… қаттиқ оғриқ…
Бу менман – ҳа, лекин ерда бошқа бир Чарли ётибди. Эсанкираган… Лат еган жойини силаб ўтирибди… гоҳ нимжон Фрэнкка, гоҳ улкан Жимпига қарайди. Қовоқлари остидаги мовий ранг кўзларини кўриш қийин эди.
– Уни тинч қўй, Фрэнк, – дейди Жимпи. – Нега ҳадеб боёқишга осилаверасан?
– Ҳечқиси йўқ, – деб кулди Фрэнк. – Ўлмади-ку, яшаяпти-ку. Тўғрими, Чарли?
Чарли, худди илон каби, кулча бўлиб ётиб олди. Дўстлари уни нега бундай жазолаётганларини ҳеч тушуна олмасди, лекин бир нарсага ишончи комил эди – унинг азобланиши ҳали охирига етгани йўқ.
– Тавба, қандай қилиб уни калака қиласан, ҳеч ақлимга сиғмайди! – деди ортопедик оёқ кийимини ғичирлатиб Жимпи.
Сўнгра узун стол атрофида ўтириб, кечки пайтга буюртма қилинган пишириқлар учун хамирдан зувала тайёрлай бошлашади. Маълум вақт сўзсиз ишлашади, бирдан Фрэнк кепкасини ечиб қўйиб:
– Эй, Жимпи, кел, Чарлига ҳам нон билан пишириқ пиширишни ўргатиб қўямиз, – дейди.
Жимпи қўлларини столга тираб:
– Кел, яхшиси, уни тинч қўямиз, – дейди.
– Жимпи, мен жиддий айтяпман. Гаров ўйнаймизми, унга пишириқ пишириш каби осон ишни ўргатсак бўлади.
Афтидан, Жимпига бу ғоя маъқул келган кўринади ва орқасига ўгирилиб:
– Тўғри айтасан. Эй, Чарли, бир дақиқага бу ёққа келгин.
Чарли доимгидек оёқ кийимининг боғичига қараб турарди. Агар бошқалар у ҳақида гапирса, доим шундай қилади. У оёқ кийим боғичини боғлаб‐ечишни ҳам билади. Пишириқлар пишириш унинг қўлидан келади. Унга хамирни қандай қилиб ёйиш ва ундан зувала ясаб, пишириқ пиширишни ўргатиш мумкин.
Фрэнк шубҳа билан унга қарарди:
– Жимпи, гапларими унут! Бу жиннига вақтимизни сарфлаб нима қиламиз.
– Уёғини ўзимга қўйиб бер, – дейди Фрэнкнинг ғоясидан илҳомланган Жимпи. – Менимча, ҳаммаси яхши бўлади. Чарли, мен билан Фрэнкка ўхшаб пишириқ пиширишни ўрганмоқчимисан?
Чарли унга қарар экан, юзидаги табассуми сўнди. Жимпи ундан нима хоҳлаётганини тушунди ва ўзини қопқонга тушиб қолган сичқон каби ҳис қила бошлади. Жимпини ҳеч хафа қилгиси келмаяпти, лекин «ўқиш», «ўрганиш» каби сўзларни эшитар экан, кўз олдида топшириқни тушуна олмагани учун уни «Ўқи! Ўқи!» деб савалаётган оқ кўйлак жонланди.
Чарли қўрққанидан ортига чекина бошлайди, лекин Жимпи уни тўхтатади: “Қўрқма, биз сенга асло ёмонлик қилмаймиз. Худди ҳозир минглаб бўлакка бўлиниб кетадигандай титрашингни‐чи. Қара, менда нима бор”?
Унинг кафтида “СТАР-БРАЙТ БУЮМЛАРИНГИЗНИ ЮЛДУЗДАЙ САЙҚАЛЛАЙДИ” ёзувли медальон осилган мис туморча турарди. Тилла рангли медальонда люминисцент чироқ нури акс эта бошлади. Бундай ялтирашни Чарли олдин ҳам кўрган эди, аммо қачон ва қаерда кўрганини эслай олмади.
Бировнинг нарсасини олсанг, албатта, жазоланасан. Бу қоидани Чарли жуда ҳам яхши билади. Лекин кимдир ўзи қўлингга тутқазса, бу ёмон иш эмас. Ҳа, шундай. Жимпи унга медальонни ўзи бермоқчи-ку. Чарлининг оғзи қулоғида эди.
– Ҳа, у билади, – деди Фрэнк ва тажрибанинг давомини ўтказишни Жимпига топширди. – Унга ялтироқ нарсалар ёқади.
Жимпи эс ҳаяжон билан олдинга қадам ташлаб:
– Агар унга тумор керак бўлса, балки пишириқ пиширишни ҳам ўрганиб олар, – деди.
Икки новвой Чарлига пишириқ пиширишни ўргатишга жиддий киришадилар. Уларни бошқалар ўраб олади. Фрэнк столнинг бир қисмини бўшатади, Жимпи стол устига ўртача катталикдаги бир бўлак хамирни ташлайди. Томошабинлар гаров ўйнашга киришадилар.
– Диққат билан кузат, – дейди Жимпи ва туморчани стол чеккасига қўяди. – Кузатиб, бизнинг орқамиздан қайтар. Пишириқ пиширишни ўрганиб олсанг, тумор сеники бўлади.
Стулда букчайиб ўтирган Чарли синчиклаб қараб, Жимпининг пичоқ билан хамирдан бир бўлак ажратиб олишини кузатади. Ҳар бир ҳаракатни кўздан қочирмасликка ҳаракат қилади: мана Жимпи хамирни колбаса ҳолатига келтирди, ундан бир бўлак узиб, бўлакни «узук»ка айлантирди. Вақти‐вақти билан Жимпи хамирга ун сепиб турарди.
– Энди менга қара, – дейди Фрэнк ва Жимпининг қилганларини такрорлайди.
Чарли адашиб кетяпти – уларнинг ҳаракатларида фарқ бор эди. Хамирни ёяётиб Жимпи тирсакларини, худди қушлар қанотини қоққандай, керарди; Фрэнк эса белига қапиштириб оларди. Жимпининг ҳамма бармоқлари бир-бирига ёпишган ҳолатда эди, Фрэнкнинг бош бармоқлари тепага кўтарилганди.
– Бўлақол, Чарли, сен ҳам ҳаракат қилиб кўр, – дейди Жимпи.
Чарли рози бўлмай бошини чайқайди. Майда ҳаракатлардаги фарқлар уни жойига михлаб қўйгандай эди.
– Менга қара, Чарли, ҳозир мен ҳаммасини бошидан секин қайтараман. Кўриб ол, кейин менинг орқамдан қайтаришга ҳаракат қиласан. Келишдикми? Ҳаммасини ёдлаб қолишга урин.
У Жимпининг хамирдан зўлдир ясашини диққат билан кузатар эди.
Чарли пичоқ ёрдамида секин‐аста хамирдан бир бўлак кесиб олади ва уни стол ўртасига қўяди. Шошилмай, тирсакларини Жимпидай тутиб, хамирни думалоқ шаклга келтиришни бошлайди. Гоҳ ўзининг қўлларига, гоҳ Жимпининг қўлларига нигоҳ ташлаб, бармоқларини худди унинг каби бирга тутишга ҳаракат қилади. Ҳаммасини тўғри бажариш керак, чунки Жимпи шуни хоҳлаяпти. Чарли ўзини Фрэнк билан Жимпининг яхши кўриб қолишини жуда ҳам истаяпти.
Жимпи қаддини ростлади ва Чарли унинг ҳаракатларини такрорлади.
– Зўр-ку! Қара, Фрэнк, Чарли зувала ясади.
Фрэнк унга қараб жилмайиб қўйди. Чарли ҳаяжондан қалтирарди. Муваффақият унга ёт эди.
– Баракалла! – мақтади Жимпи. – Энди хамирни колбаса шаклига келтиришни ўрганамиз.
Беўхшов, аммо диққат билан Чарли унинг ҳар бир ҳаракатини қайтарарди. Бир неча бор қўлларининг қалтирашидан ҳеч нарса ўхшамай қолди, лекин ахийри у хамирни узук ҳолатига келтиришни уддалайди. Олти дона «узук» ясаб, уларни ун сепилган тунука това устига, Жимпининг «узук»лари ёнига қўяди.
– Балли, Чарли! – олқишлайди Жимпи жиддийлик билан. – Энди ҳаммасини бир ўзинг менсиз қилиб кўр. Бўлақол.
Чарли йирик хамир бўлаги ва қўлига тутқазиб қўйишган пичоққа қараб қолди. Ва дарҳол умидсизликка тушди. Дастлаб нима қилиш керак эди? Қўллари қандай ҳолатда эди? Бармоқлари‐чи? Хамирдан қандай қилиб зувала ясаш мумкин? Минг бир савол бошида айланар экан, у жилмайиб тураверарди. У ич-ичидан ўзини Фрэнк билан Жимпининг ёқтириб қолишини ва унга туморчани беришларини хоҳларди. У қайта-қайта хамирни айлантираверар, аммо қандай қилиб бир бўлак узиб олишнинг уддасидан чиқолмасди. Чунки хато қилиб қўйишини биларди. У шундан қўрқарди.
– У аллақачон эсидан чиқариб қўйди, – дейди Фрэнк. – Ҳеч нима ёдида қолмайди.
Чарли қовоғини осиб, эслашга ҳаракат қилди: аввал бир бўлак ажратиш керак. Сўнгра уни юмалоқ шаклга келтириш керак. Аммо у юмалоқни қандай қилиб тунука товадаги хамир каби узук ҳолатига келтиради? Бироз вақт берсаларингиз, у эслайди. Туман тарқаб, у албатта эслайди. Унга ўргатганларининг бирозини бўлса ҳам эсида қолдириш учун ўзи билан ўзи қаттиқ курашарди. У зўриқиб эслашга уринарди…
– Ҳа, майли, Чарли, – деб Жимпи унинг қўлидан пичоқни олиб қўйди. – Ўзингни бекорга қийнама. Барибир сенинг вазифанг бу эмас.
Яна бир дақиқа керак ва у эслаган бўларди. Агар улар шошилтирмаганларида у албатта эсларди. Нега ҳамма шошилади?
– Бор, Чарли. Ўтириб комиксларингни ўқи. Биз ишлашимиз керак.
Чарли жилмайиб орқа чўнтагидан кулгили расмлар бор китобчасини чиқаради. Уни очиб, бошига шляпа қилиб қўйиб олади. Фрэнк кулади, Жимпининг юзига ҳам ниҳоят кулги югуради.
– Бор, жаноб Доннер чақирмагунга қадар ўша ерда ўтир, – дейди Жимпи тўнғиллаб.
Чарли унга кулиб қўйиб, ун қоплари йиғилган бурчакка қараб кетади. Бу ерда оёқларини чалиштириб ўтириб, комикс ўқиш Чарлига жуда ҳам ёқади. Саҳифаларни бирма-бир очар экан, тўсатдан унинг йиғлагиси келади. Нега эканлигини ўзи ҳам тушунмасди. Нимадан хафа бўлиш керак? Туман қалинлашиб борар, сўнгра яна тарқаб кетарди. Ўттиз, қирқ марта кўриб чиққан кулгили расмларни яна кўришни ўйлаб хурсанд бўлади. Чарли у ердаги ҳамма қаҳрамонларни танийди ва бошларининг устида оқ пуфаклар турса, қаҳрамонлар гапираётганини билдиришини ҳам тушунади. Қачонлардир у ҳарфларни ўқий олармикан? Унга бироз вақт беринг, шошилтирманг, туртманг – ва у ҳаммасини уддалайди. Лекин ҳамма қаергадир шошилади…
– Мана, ол, – дейди у жаҳл билан ва туморчани Чарлининг оёқлари остига отади.
Ўша кун у учун анча ажойиб кун бўлганини энди англаб етдим. Нега у ундай қилган эди? Ўша пайтдан бери доктор Штраус, профессор Немур ва коллежда ишлайдиган бошқа ишчилар ёрдамида узоқ йўлни босиб ўтдим. Аммо ҳозир Фрэнк ва Жимпи мен ҳақимда қандай фикрдалар? Ахир мен бутунлай ўзгардим-ку…
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?