Текст книги "Элжернонга аталган гуллар"
Автор книги: Дэниел Киз
Жанр: Научная фантастика, Фантастика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
22 апрель
Новвойхонадаги ишчилар анча ўзгарибди. Улар ўзларини мени кўрмаганликка солишяпти, мен ҳақиқий душманликни сезяпман. Жаноб Доннер менинг касаба уюшмасига қўшилишимни хоҳлаяпти ва маошимни яна оширди. Энг ёмони, мен бундан ҳеч ҳам хурсанд эмасман, чунки бошқалар негадир мендан хафа. Нима ҳам дердим, уларни айблашга ҳаққим йўқ ва ўзим ҳақимда уларга айтиб ҳам беролмайман. Авваллари улар мен билан фахрланадилар деб ўйлардим. Ундай эмас экан.
Аммо дардимни кимга айтишни биламан. Эртага кечки пайт Кинниан хонимни маошим кўпайганини қутлаш учун кинога таклиф қиламан. Албатта, жасоратим етса.
24 апрель
Ваниҳоят профессор Немур бизнинг – доктор Штраус билан менинг таклифимга рози бўлди. Биз унга ички ҳиссиётларимни, бошқалар уларни ўқишларини била туриб, қоғозга туширишим имконсиз эканлигини айтган эдик. Қайдларимда доимо дуруст бўлишга уринаман, аммо баъзи ҳолатлар ҳақида бутун жаҳон билишини ҳеч ҳам хоҳламайман. Ақалли, ҳозир.
Эндиликда энг сирли кечинмаларим ҳақидаги қайдларни ўзимда қолдирсам бўлаверади. Аммо бир шарт билан, Уэлберг жамғармаси учун тайёрланадиган яку-ний ҳисоботдан олдин профессор Немур барча қайдларни кўриб чиқиб, қай бирлари чоп этилишини ўзи ҳал қилади.
Бугун жуда ҳам ёқимсиз ҳодиса рўй берди. Лабораторияга доктор Штраус ёки профессор Немурдан Кинниан хонимни кинога таклиф қилсам майлими, деб сўрагани бордим. Эшикни тақиллатмоқчи бўлиб тургандим, бирдан улар ўзаро баҳслашаётгани қулоғимга чалинди. Гап пойлаш одатидан қутулиш жуда ҳам қийин бўлмоқда, чунки олдин мени ҳеч ким одам ўрнида кўрмасди ва улар ҳақида қандай фикрга боришим ҳеч кимга қизиқ эмасди.
Иккисидан бири столга жаҳл билан муштлади ва:
– Мен аллақачон ташкилий қўмитани ҳисоботни Чикагода қиламиз деб огоҳлантириб қўйганман! – деб бақирди профессор Немур.
– Бу ишинг тўғри эмас, Ҳаролд. Олти ой жуда қисқа муддат. У ҳали ҳам ўзгаришда давом этмоқда, – деб эътироз билдирди доктор Штраус.
Профессор Немур:
– Ҳозирга қадар ҳеч қандай хатога йўл қўймадик ва эвазига тажриба натижаларини оммалаштириш ҳуқуқини қўлга киритдик. Қайтараман, Жей, хавотирга ўрин йўқ.
Штраус:
– Шошилиб дув-дув гап тарқатадиган иш эмас бу. Биласан, ҳаммамиз учун бу тажриба жуда ҳам муҳим. Сен ошиқча даражада…
Немур:
– Сен эса лойиҳа раҳбари мен эканлигимни эсингдан чиқаряпсан!
Шраус:
– Ўзинг-чи, ўзинг бу иш фақатгина сенинг обрў-эътиборинг билан боғлиқмаслигини унутиб қўймаяпсанми? Натижалар тасдиқланмаса, бутун назария пучга чиқади.
Немур:
– Мен натижаларни қайта-қайта текшириб, регрессия юз бермаслигига ишонч ҳосил қилдим. Кичик ҳисоботнинг бизга зарари йўқ. Ҳаммаси бинойидай бўлишига ишончим комил!
Сўнгра Штраус Немур Гэлстондаги психология кафедраси мудири бўлишга интилаётганини писанда қилди. Немур бўлса, Штраус унинг этагига осилиб, шон-шарафга эришмоқчилигини айтди.
Штраус:
– Менинг нейрохирургиядаги иш услубим ва энзема уколларисиз сенинг назарияларинг сариқ чақага ҳам арзимайди. Ва тез орада минглаб жарроҳлар менинг услубимни қўллай бошлайди.
Немур:
– Янги методикалар менинг назарияларим соясида дунёга келди!
Улар бир-бирини ҳақоратлашга тушишди: оппортунист, циник, пессимист. Мен негадир қўрқиб кетдим. Бирдан эшик тагида туриб, уларни пинҳона эшитишга ҳақим йўқлигини англаб етдим. Аввалги ҳолатим бўлганида эди, уларга ҳеч қандай қизиғи бўлмас эди, аммо ҳозир, менинг ақлий салоҳиятим қай даражада ошганини билишган пайтда, ўзларининг баҳсини тинглашимни истамаган бўлардилар. Баҳс сўнгини кутмасдан ортимга қайтдим.
Қоронғи тушиб бўлганди ва мен кўчаларда узоқ вақт сайр қилиб юрдим. Нимадан қўрқиб кетганимни ҳеч тушуна олмасдим. Биринчи марта уларнинг асл юзларини кўргандим – худолар эмас, ҳаттоқи қаҳрамонлар ҳам эмас, ишидан ўзига фойда чиқармоқчи бўлган икки толиққан одамни.
Немур ростдан ҳам ҳақ бўлса-чи? Ростдан ҳам тажриба муваффақиятли ўтган бўлса, унда баҳслашишга не ҳожат?
Кинниан хонимни кинога таклиф қилсаммикан? Майли, эртага сўрарман.
26 апрель
Коллежда бекорчилардай юрмасам яхши, менимча. Қўлларида китоблар билар у ёқдан-бу ёққа шошилиб кетаётган йигит-қизларни кўриб, уларнинг овозларини эшитиб, хавотирга тушяпман. Улар билан асарлар, сиёсат, янги ғоялар ҳақида жуда ҳам баҳслашгим келяпти. Улар шеърият, фан ва фалсафа – Шекспир ва Милтон, Ньютон, Эйнштейн, Платон, Гегел, Кант ва бошқалар ҳақида қандай баҳслашишларини эшитгим келяпти.
Суҳбатларини тинглар эканман, улардан анча катта бўлсам ҳам, ўзимни талаба сифатида тутишга уринаман. Мен ҳам ўзим билан китоблар олиб юришни бошладим, ҳаттоки трубка чекишни ҳам ўргандим. Тентаклик, албатта, аммо мен ҳам ўзимни уларнинг дунёсига тегишлидай ҳис қиляпман. Уйимдан ва ёлғизлик ҳукм сурувчи хоначамдан нафратланаман.
27 апрель
Қаҳвахонада бир неча талаба билан танишиб, дўстлашиб олдим. Улар Шекспир пьесаларини ўзи ёзганми-йўқми, шу ҳақда тортишишаётганди. Уларнинг бири – катта бурунли семиз талаба – Шекспирнинг барча пьесаларини Марлоу ёзган деб таъкидларди. Аммо Ленни – қора кўзойнакли бўйи паст талаба – пьесаларни Марлоу эмас, сэр Фрэнсис Бэкон ёзган, чунки Шекспирнинг ўзи ҳеч қачон коллежда ўқимаган ва шунинг учун унинг қаламига оид дейилаётган дурдона асарларни ёза олмас эди деб эътироз билдирди. Сўнгра биринчи курсларнинг қалпоқчасини кийиб олган талаба ҳожатхонада бир гуруҳ талабалар Шекспирнинг барча пьесаларини қандайдир хоним ёзган деб баҳслашаётганини айтди.
Улар сиёсат, санъат ва худо ҳақида гаплашишди. Ҳеч қачон худо йўқ бўлиши ҳам мумкин деб ўйлаб кўрмаган эканман. Илк бор худо ҳақида жиддий ўйга берилганимдан қўрқиб кетяпман.
Ана шунда мен коллежнинг асосий вазифаси инсонларга улар ишонган нарсалар, аслида, ундай эмас эканлигини ва ҳеч нарса кўрингани каби эмаслигини тушунтиришдан иборатлигини англаб етдим.
Улар баҳслашар экан, мени қаттиқ ҳаяжон босди. Умрим бўйи орзу қилганим – коллежга бориб, у ерда талабаларнинг ҳар хил мавзудаги баҳсларини эшитиш эди.
Деярли бўш вақтимнинг ҳаммасини кутубхонада мутолаа билан ўтказяпман. Қизиқишларим талайгина: Достоевский, Флобер, Диккенс, Ҳемингуэй, Фолькнер – уларнинг қўлимга тушиб қолган ҳар қандай асарлари. Менинг чанқоғимни қондириб бўлмайди.
28 апрель
Тушимга ойимнинг, 222-мактабга ўтишимдан олдин 13-мактабда дадам ва ўқитувчим билан уришаётгани кирибди.
– …Унинг ақли расо! Унинг ақли расо! Ҳали у улғайганда ҳамма каби бўлади! Ҳаммадан ақллироқ! – У ўқитувчимизни дўппослашга ҳаракат қилади, аммо дадам тўхтатиб қолади. – У коллежга боради! У машҳур бўлиб кетади! – Дадамнинг бақувват чангалидан чиқишга уринар экан, бу сўзларни қайта-қайта такрорларди. – У коллежга боради!
Биз директор хонасида ўтирибмиз. Ҳамма қилмишларидан уялиб ўтирибди, фақатгина директор ўринбосари ҳеч кимга билдирмай кулимсираб қўяди. Тушимда директоримизнинг узун соқоли бор экан ва хонасидан сузиб келиб, бармоғи билан мени кўрсатяпти:
– Уни махсус мактабга кўчириш керак. Уоррендаги давлат тасарруфидаги махсус мактаб айни муддао! У ҳозирги мактабда ўқишни давом эттиролмайди.
Дадам ойимни директор хонасидан куч билан олиб чиқиб кетади, лекин ойим бақириб йиғлайверарди. Мен уни кўрмаяпман, лекин катта-катта қизил кўз ёшлари устимга томяпти.
Эрталаб нафақат тушимни эслашга муваффақ бўлдим, балки ақлимдаги туман орқасидан 6 ёшли ҳолатимни кўришнинг ҳам уддасидан чиқдим. Норма ҳали дунёга келмаганди. Онам – паст бўйли, қора сочли аёл. У тез-тез гапирар, қўллари ҳаракатдан тинмасди. Дадамнинг атрофида у доим ғамхўр қуш каби пирпираб учиб юрарди. Дадам ишдан чарчаб келган ва уни ҳайдашга кучи йўқ.
Мен Чарлини кўряпман. У ошхона ўртасида ўзининг энг яхши кўрган ўйинчоғи – ипга тизилган мунчоқларни ушлаб турарди. У ипни айлантирар, ип эса бармоғига ўралиб, чироқ нурини акс эттирарди. У соатлаб бу ўйинни ўйнай оларди. У ўйинчоқни ким ясаганини ва у қаёққа йўқолиб қолганини билмайман, лекин Чарли ялтироқ доираларга доим ҳайрат билар боқар эди.
Ойиси унга бақиряпти… йўқ,ойиси дадасига бақиряпти:
– Мен уни мактабдан мактабга кўчирмоқчи эмасман! У ҳамма болалардай бола!
– Роза, ўзингни ўзинг алдашни бас қил. Унинг ақли расо эмас. Унга бир қара, Роза! У олти ёшга кирди, лекин…
– У эсипаст эмас! Ҳамма болалар каби бола!
Ота ипини ўйнаётган ўғлига ғамгин назар солиб қўйди. Чарли жилмайиб, унга ипи нақадар зўрлигини кўрсатмоқчи бўлиб, қўлини тепага кўтаради.
– Бу жирканч нарсани тезда ташлаб юбор! – деб онаси унинг қўлига уради. Ип ерга тушиб кетади. – Бор, кубикларингни ўйна!
Чарли бу кутилмаган ғазабдан қўрқиб кетади. У энди нима содир бўлишини билмай, қалтирашга тушади. Ота-она баҳслашишда давом этмоқда, бир-бирига бақираётган овозлар Чарлини исканжа каби қисиб қўяётгандай гўё. Ваҳима.
– Чарли, тезда ҳожатхонага бор! Иштонингни кир қилиб қўйсанг, мендан кўрадиганингни кўрасан!
Албатта, онасининг гапига қулоқ солиб, ҳожатхонага кетган бўлар эди, аммо негадир оёқлари унга бўйсунмайди. Қўллари бошини калтакдан ҳимоялаш учун беихтиёр кўтарилади.
– Азбаройи худо, Роза! Тинч қўй уни! Болани қандай қўрқитиб юборганингни қара. Доим шундай қиласан, бечора бола бўлса…
– Нега сен менга ёрдам бермайсан? Нега мен ҳаммасини ўзим қилишим керак? Тенгқурларидан орқада қолиб кетмаслиги учун мен у билан ҳар куни шуғулланаман. Унинг ривожланиши жуда ҳам секин, бори шу!
– Ўзингни ўзинг алдама, Роза, инсофдан эмас. Сен унга худди ҳайвон каби ўргатасан. Қўй уни ўз ҳолига.
– У ҳамма каби бўлишини хоҳлаяпман, холос!
Улар ўзаро баҳслашар экан, Чарлининг қорни янада қаттиқроқ бураб оғришни бошлади, худди ҳозир ёрилиб кетадигандай. Ҳожатхонага бориш кераклигини ўзи ҳам билиб турибди. Лекин оёқларини юришга мажбурлай олмаяпти. Ҳамма ишни шу ерда, ошхонада, ҳеч қаерга бормай қилган қулайроқ, лекин бу нотўғри, ойиси кейин уни калтаклайди. У ипини қайтариб олгиси келяпти. Ипи унда бўлганда, яна ўйнаб иштонини ҳўллаб қўймасди. Бахтга қарши, ўйинчоғи ўзида эмас – мунчоқлар ерга сочилиб кетган, ип эса газ плита олдида ётибди.
Қизиқ, овозларни аниқ эшитсам ҳам уларнинг юзини кўра олмаяпман. Фақат хира шарпалар мавжуд. Ота – гавдали ва эзма, она – жуссаси кичкина ва тезкор. Уларнинг баҳсларини тинглар эканман, бор кучим билан: «Унга қарасангиз-чи! Пастда турган болага қаранг! Чарлига! У ҳожатхонага бориши керак!!!» – деб бақириб юборгим келди.
Улар тинмай баҳслашишяпти, Чарли эса жажжи қўллари билан катак-катак қизил кўйлагининг этагини маҳкам ушлаб турибди. Уларнинг оғзидан чиқаётган сўзлар ғазаб ва айбдорлик ҳиссига тўла эди.
– Сентябрдан у яна 13-мактабга боради ва яна биринчи синфда ўқийди.
– Ҳақиқатнинг кўзига тик боқсанг-чи! Ўқитувчиси уни ҳеч қандай жиддий ишга қодир эмас деб айтди.
– Ўша эсипаст молми? Ана, янаги сафар уни кўрганимда нима дейишни топдим! Яна бир марта шундай деб кўрсин, мен фақатгина Васийлик кенгашига ёзиш билан чекланиб қолмайман! У суюқоёқнинг кўзини ўйиб оламан! Чарли, нега ундай буралиб-буралиб турибсан? Бор, ҳожатхонага. Ўзинг бор. Қаердалигини биласан.
– Кўрмаяпсанми, у сенинг бирга боришингни хоҳлаяпти. У қўрқяпти!
– Мени тинч қўй! Ўзи бир чиройли бора олади. Мен ўқиган китобда бу ундаги ўзига ишончни орттиради ва мақсадга эришиш ҳиссини кучайтиради деб ёзилган.
Аммо оқ кафель қопланган совуқ хоначага нисбатан қўрқув ҳамма нарсадан кучли эди. У ерга ёлғиз боришга жуда қўрқарди. Онасига қўлларини узатиб:
– Ҳож… Ҳожат… – дейди йиғламсираб.
Онаси унинг қўлларига уради.
– Бўлди! – дейди у қаттиққўллик билан. – Сен катта бўлиб қолдинг энди. Ўргатганимдай ҳожатхонага тўғри бориб, иштончангни ечиб, ўтир. Огоҳлантираман, агар иштонингни кир қилсанг, мендан калтак ейсан.
Мен унинг қорни бураб оғришини ҳозир ҳам ҳис қиляпман, аммо иккаласи унинг тепасида туриб олиб, нима қилар экан деб кутишяпти. Хўрсинишлар аста-секин секинлашяпти ва у бирдан ўзини идора қилолмай қолади. Чарли қўллари билан юзини тўсиб олади ва кийимини кир қилиб қўяди.
Енгиллик ва қўрқув. Ҳозир онаси уни калтаклайди. Мана у эгилиб, Чарли қандай ёмон бола эканлигини билдиряпти, у эса отасидан паноҳ изларди.
…Ва бирдан мен аёлнинг исми – Роза, эркакники эса Матт эканлигини эсладим. Ота-онамнинг исмлари ёдимдан кўтарилгани ғалати. Ахир, синглимнинг исми эсимда-ку. Охирги марта улар ҳақида қачон ўйлаганимни эслай олмайман. Қани энди Матт олдимда бўлиб қолса, у шу он нималар ҳақида ўйлаётганини билгим келяпти. Онам мени уришни бошлаганида Матт тескари қараб кўчага чиқиб кетди.
Эҳ, қани энди уларнинг юзларини кўра билсам!
11-ҳисобот 1 май
Нега мен шу вақтга қадар Алиса Кинниан бу қадар гўзал аёл эканлигини ҳеч пайқамадим? Унинг мулойим кўзлари жигарранг, елкасига тушиб турувчи жингалак сочлари эса қизғиш-қўнғир рангда. У кулганда лаблари узук шаклига келиб қолади.
Биз бирга кинога бордик ва кечки овқатни бирга едик. Биринчи фильм давомида мен ҳеч нарсани тушунмадим, чунки ақлим ниҳоят Алиса менинг олдимда ўтирибди деган ўй билан банд эди. Икки марта унинг майин қўллари менинг қўлларимга тегиб кетди ва мен, унинг жаҳли чиқишидан қўрқиб, дарҳол қўлимни тортиб олдим. Рўпарамизда ўтирган йигит севгилисининг елкасига қўлини аста-секин қўйиб олганини кўриб қолдим ва мен ҳам Кинниан хонимни қучиб олгим келди. Тавба, нималар деяпман…
Шошилмаслик керак… Қўлингни унинг ўриндиғи устига қўй… Сўнгра сантиметрма-сантиметр яқинлаш… Мана, қўлинг унинг елкаси олдида… ва гўё бехосдан…
Журъатим етмади.
Мен фақат ўриндиқнинг тутқичига қўлимни қўйишга ботина олдим, холос. Сўнгра дарҳол қўлимни тортиб олишимга тўғри келди, чунки пешонамдаги терни артишим керак эди. Айтганча, у бир марта бехосдан оёғи билан оёғимга тегиб кетди.
Ортиқ бунга чидай олмай қолдим ва ўзимни у ҳақида ўйламасликка мажбурладим. Биринчи фильм уруш ҳақида эди, аммо мен уни фақат охирида эътибор бе-риб кўра олдим: бир аскар Европага қайтади ва ҳаётини сақлаб қолган аёлга уйланади. Иккинчи фильм жуда ҳам қизиқарли экан. Аслида бир-бирини севадиган, аммо ўзларини ўлимга ҳукм қиладиган аёл ва эркак киши ҳақидаги психологик фильм. Воқеалар ривожидан эр ўз аёлининг қотилига айланиши кутилмоқда, бироқ сўнгги онда аёл ёмон туш кўради ва босинқирай бошлайди, эркак эса ўзининг болалигини хотирлайди. У бирдан бор ғазабини болалигида ўзининг қўрқинчли ҳикоялари билан уни даҳшатга солиб, натижада унинг бебаҳо «мени»да ёмон из қолдирган жаҳлдор мураббиясига қаратиши кераклигини англаб етади. Ўз кашфиётидан ҳаяжонланган эр хурсандлигидан бақириб, рафиқасини уйғотиб юборади. У хотини қаттиқ қучоқлайди ва… ҳамма муаммолар ечилади-қўяди. Ярамас! Менимча, ғазабдан қаттиқроқ гапириб юбордим, шекилли, Алиса тинчликми деб сўради.
– Бошдан-оёқ уйдирма, – фойега чиқишимизда тушунтиришга уриндим мен. – Бундай бўлиши эҳтимолдан холи.
– Ҳа, албатта, бўлиши мумкин эмас, – деб кулди у. Кино – муғамбирлар олами.
– Бу жавоб бўлолмайди! – деб ўзимнинг билганимда туриб олдим мен. – Ҳатто уйдирилган оламда ҳам қонун-қоидалар бўлиши керак. Майда бўлаклар бутун бўла олиши керак. Бу турдаги фильмлар – ёлғон. Сценарист ёки продюсер кераксиз қисмларни ҳам қўшиб юборган, шу сабабли бутун бошли кино сафсата бўлиб кўриняпти.
Чироқлар билан тўла Таймс хиёбонига чиқдик. Алиса менга ўйчан боқиб қўйди.
– Сен жуда ҳам тез ўзгаряпсан…
– Мен саросимадаман. Ортиқ нимани истаётганимни ҳам билмайман.
– Бундан хавотирланма. Сен оламни кўриб, англашни бошлаяпсан. – Биз Еттинчи кўчага бурилдик. – Сен девор орқасида нима борлигини англашни бошладинг. Айрим қисмлар эса бир-бирига албатта мос келиши керак, сен ҳақсан.
– Қўйсанг-чи… Ўзимни қандайдир катта кашфиёт қилгандай ҳис қилмаяпман. Мен ўзимни ўзим тушунмаяпман ва ўтмишимни тартиблай олмаяпман. Мен, ҳаттоки, ота-онамнинг ташқи кўринишини ва улар қаердалигини билмайман. Улар тушимга кирса, юзларини кўрмайман, нимагадир улар хира. Лекин мен уларнинг юзини, кўзини кўргим келади. Йўқса, менга нима бўлаётганини тушунолмайман.
– Чарли, тинчлан… – Йўловчилар бизга шубҳа билан қараб қўярдилар. Алиса қўлимдан ушлаб, мени ўзига тортди. – Сабр қил. Бошқалар умри бўйи эришадиган ютуқларга сен ҳафталар ичида эришганингни унутма. Тез орада айрим нарсалар ўртасидаги ўзаро боғлиқликларни сезишни бошлайсан ва бир қарашда, умуман боғлиқ бўлмаган соҳалар аслида, яхлитлигини тушуниб етасан. Сен худди тоғ чўққисига чиқиб боряпсан. Қанча юқорига чиқсанг, шунча кўп нарсани кўрасан.
Эллик тўртинчи кўчадаги қаҳвахонага кириб, патнисларни олар эканмиз, у шундай деди:
– У ёғини сўрасанг, одамлар кўп нарсани кўролмайдилар. Ўзларини ўзгартириш ёки маълум бир чўққига кўтарилишга уларнинг қурби етмайди, сен эса – даҳосан. Ҳар янги кун сенга янги кашфиётлар олиб келади.
Навбатда турганлар янги даҳо ким эканлигини билиш учун орқаларига ўгирилиб қарай бошлашган эди, мен Алисани, секинроқ гапиришга ишора қилиб, туртиб қўйдим.
– Умид қиламанки, – деди у пичирлаб, – бу тажрибанинг сенга зарари бўлмайди.
Унинг гапига жавоб тополмай қолдим. Овқатимизни олиб, кассага пул тўлаб, жой топиб ўтирдик. Индамай овқатландик. Секин-аста бу сукунат ғашимга тега бошлади. У нимадан қўрқаётганини билар эдим, шунинг учун суҳбатимизни ҳазилга айлантириб юбордим:
– Операция менга зарар келтириши мумкинлигини қаердан олдинг? Ҳойнаҳой олдингидан ёмонроқ ҳолатга тушмасам керак. Элжернонни қара. У яхши ҳолатда экан, менга ҳам ҳеч нима бўлмайди.
У сариёғ бўлаги устида пичоқнинг учи билан доиралар чизар эди. Бу ҳаракати мени бир муддат гипноз қилиб қўйгандай эди.
– Ҳа, айтганча, – деб давом этдим, – мен бир суҳбатни эшитиб қолдим. Профессор Немур билан доктор Штраус ўзаро баҳслашишди ва Немур, тажриба муваффақиятли бўлганига амин эканлигини айтди.
– Ундай бўлса яхши, – деди у. – Сенга ҳеч нима бўлмасин деб қанчалик қўрққанимни тасаввур ҳам қилолмайсан.
Унинг қўлидаги пичоққа тикилиб қолганимни сезди-да, уни бир чеккага қўйди.
Бор жасоратимни йиғиб, базўр:
– Бунинг ҳаммасига фақат сен учун рози бўлдим, – дедим.
Алиса жилмайиб қўйди ва ҳаяжондан бироз титрагандай бўлди. Айни ўша пайт унинг мулойим кўзлари жигарранг эканлигини билдим. Тўсатдан у нигоҳини мендан яшириб ерга қаради, ёноқлари қизариб кетди.
– Раҳмат, Чарли, – деди у ва қўлимдан ушлади. – Бундай гапларни ҳали ҳаётимда ҳеч кимдан эшитмаган эдим.
У тарафга бироз эгилиб, қўрқувдан титраганча:
– Сен менга жуда ҳам ёқасан, – дедим. У бошини ликиллатиб, жилмайиб қўйди. – Шунчаки эмас… Мен демоқчи бўлганим… Оббо, нима дейишимни ўзим ҳам билмайман!
Мен қизариб, қаерга қарашни, қўлларимни қаерга қўйишни билмай қолдим. Санчқимни тушириб юбориб, уни ердан олмоқчи эдим, стакандаги сувни этагига тўкиб юбордим. Бирдан мен яна тентак ҳолатимга қайтиб қолдим, узр сўрамоқчи эдим, тилим айланмади.
– Ҳечқиси йўқ, – деб мени тинчлантиришга уринди Алиса. – Оддий сув, холос-ку.
Таксида яна индамай кетдик, сўнгра у сумкасини бир чеккага қўйиб, бўйинбоғим ва кўкрак чўнтагимдаги рўмолчани тўғрилаб қўйди.
– Қаттиқ ҳаяжонланиб кетдинг, Чарли.
– Ўзимни кулгили ҳис қиляпман.
– Мен сени бемаъни гапларим билан хафа қилиб қўйдим.
– Йўқ, ундай эмас. Ичимдаги ҳисларимни доим ҳам ифодалай олмаганим мени хавотирга соляпти.
– Ҳиссиётлар – сен учун ҳали янгилик. Ҳамма нарсани… ифодалаш шарт эмас…
Мен унга яқинлашиб, қўлидан ушлашга ҳаракат қилдим, аммо у негадир ўзини ортга тортди.
– Керак эмас, Чарли. Менимча, бу яхши фикр эмас. Мен олдингда айбдорман ва буларнинг охири яхшилик билан тугайдими-йўқми, билмайман.
Ва мен яна ўзимни бир вақтнинг ўзида ҳам масхарабоз, ҳам тентакдай ҳис қилдим. Аҳмоқлигимдан жаҳлим чиқиб, Алисадан узоқлашдим ва ойнадан кўчага тикилиб кетдим. Айни дамда дунёда энг кўп ундан нафратланар эдим, саволларимга осон жавоблар бериши ва оналарча насиҳатгўйлиги жиғибийронимни қайнатарди. Унга тарсаки тушириб, оёғим остида ўрмалаб юришини хоҳлардим, аммо бир вақтнинг ўзида уни қучоқлаб, ундан бўса олгим ҳам келарди.
– Чарли, мени кечир!
– Ҳечқиси йўқ.
– Аммо сен содир бўлаётган ҳодисалар жумбоғини ечишинг лозим.
– Хўп, хўп, лекин, кел, ҳозир буларнинг ҳаммасини унутамиз.
Такси унинг уйига етиб келганда, ўзимни дунёдаги энг бахтсиз инсон каби ҳис қилдим.
– Тушунсанг-чи, – деди Алиса. – Мен сен билан учра-шувга чиқиб катта хато қилдим.
– Ҳа, тушуняпман.
– Нима десам экан… муносабатларимизни ҳиссиётларимиз таъсирида қуришимиз… нотўғри… Сен қилишинг керак бўлган ишлар жуда ҳам кўп… Қимматли вақтингни ўғирлашга менинг ҳақим йўқ.
– Бу менинг шахсий ишим, шундай эмасми?
– Буни фақатгина сен ҳал қила олмайсан, Чарли. Сенинг нафақат профессор Немур билан доктор Штраус олдида масъулиятинг бор, балки келажакда сенинг издошларинг бўладиган миллионлаб инсонлар олдида ҳам бурчлисан.
У бу мавзуда қанча кўп гапирса, шунча ўзимни ёмон ҳис қилардим. У билан ўтказган бир кеча давомида аёллар борасида қанчалик тажрибасиз эканлигимни англаб етдим. Унинг назарида мен бир ўспирин йигит эдим, холос, шунинг учун у мендан тезроқ қутулиш пайида бўлди.
Биз унинг эшиги олдида тўхтадик. Алиса менга жилмайиб боққанидан негадир бир он у мени уйига таклиф қилади деб ўйладим. Аммо у:
– Хайрли тун, Чарли. Гўзал кеча учун раҳмат, – деди, холос.
Хайрлашаётганимизда уни ўпгим келганди. Аёллар ҳамиша уларни биринчи ўпишларини кутишармикан? Мен билган кино ва асарларда доим эркаклар ташаббус кўрсатган. Кеча уни ўпишга қаттиқ қарор қилдим. Борди-ю у рухсат бермаса-чи?
Мен у томон яқинлаша бошладим, бироқ Алиса мендан эпчилроқ чиқди.
– Кел, бир-биримизга хайрли тун тилаб, хайрлашамиз. Ҳали бу нарсаларга бироз эрта. Жуда ҳам эрта.
Нега «жуда ҳам» эрта эканлигини ундан сўрамоқчи эдим, у эшикни очиб, остонадан ҳатлади.
– Хайрли тун. Ва яна бир бор раҳмат. Раҳмат.
Эшик ёпилди.
Шу онда ундан, ўзимдан, бутун дунёдан жаҳлим чиқаётган эди, аммо уйга келиб, бироз тинчланганимдан сўнг, у ҳақ эканлигини тушундим. У мени ёқтирармикан ёки мени хафа қилгиси келмаяптимикан. Алисага менинг нимам ҳам ёқар эди? Ҳа, мен ножўя ҳаракатлар қилишим мумкин, буларнинг ҳаммасига менинг тажрибасизлигим сабабчи. Инсон бошқа бир инсон билан ўзини қандай тутиш кераклигини қаердан ўрганади? Эркак киши аёл киши олдида қандай хатти-ҳаракат қилиши кераклигини-чи?
Китоблардан фойда йўқ.
Келаси сафар албатта уни ўпаман.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?