Электронная библиотека » Френсис Фицджеральд » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "Буюк Гэтсби"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:40


Автор книги: Френсис Фицджеральд


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 11 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +

III БОБ

Ёз кунларининг бирида қўшнимнинг вилласидан қўшиқ овози эшитилди. Эркак ва аёллар меҳмонга келгандилар. Улар қўлларига май қуйилган қадаҳ ушлаб олганларича юлдузлар ёғдуси остида капалак мисол учаётгандек боғда сайр қилиб юрар эдилар. Кундуз кунлар сув тўлқинланаётган вақтда меҳмонлар сол устига қурилган минорачадан сувга калла ташлаётганларини ёки қум устида қуёшда тобланиб ётганларини, икки моторли кема Лонг-Айленд бўғозида ўқдек учиб юрганини ва улар ортидан кўпикли тўлқинлар ҳосил бўлиб қолишини томоша қилишнинг ўзгача гашти бор эди. Шанба ва якшанба кунлари унинг “роллс-ройс” русумли машинаси эрталабдан то ярим тунгача меҳмонларни шаҳарга олиб борар ёки у ердан олиб келарди. Унинг кўп ўринли “форд”и ҳар бир поезднинг келиш вақтига қараб гўё учар қўнғиз каби станцияга ошиқарди. Душанба куни эса саккиз нафар хизматчи, шу жумладан, махсус ёлланган боғбон ҳам латта, чанг артгич, болға ва боғ қайчисини қўлларига олиб шанба, якшанба кунлари топтаб кетилган ерларни йиғиштириш ва тартибга солиш билан овора бўлар эдилар.

Ҳар жума куни Нью-Йорқдан олтита саватда пўртаҳол ва лимонлар келтириларди. Ҳар душанба куни шу пўртаҳол ва лимонларнинг қовжираган пўстлари орқа эшикдан ташқарига чиқариб ташланарди. Ошхонада ярим соат ичида икки юзта пўртаҳолнинг шарбатини сиқиб оладиган машина турарди. У тинмай шарбат чиқарарди.

Виллага ҳар ойда икки ёки уч маротаба кўплаб таъминотчилар қатнардилар. Улар ўзлари билан бир неча юз ярд 5 брезент ва Гэтсбининг боғида катта байрам арчасини ясатмоқчи бўлгандек жуда кўп миқдорда ранг-баранг лампочкалар олиб келар эдилар, гўёки стол устида турли хил газаклар: зираворлару сон гўштлари, салатлар, хамир ичига солиб пиширилган чўчқа гўштлари, олтин каби товланиб турувчи қовурилган куркалар қатор қилиб териб қўйилганди. Кираверишдаги катта хонага қурилган жавонда хилмахил ичимликлар – жин ва ликёрлар, қандайдир истеъмолдан аллақачон чиқиб кетган ва келган меҳмонларнинг кўпчилиги номини ҳам билмайдиган қандайдир қадимий ичимликлар қатор териб қўйилган эди.

Соат еттиларда олти нафардан иборат мусиқачилар, саксофон ва найга ўхшаш соз ҳамда катта ва кичик ноғоралардан иборат тўлиқ оркестр ўз жойини эгаллаб ўтирар эди. Чўмилишдан қайтиб келганлар эса, тепада кийинаётган эдилар. Кираверишдаги йўлакнинг ҳар икки томонида Нью-Йорқдан келган меҳмонларнинг машиналари бештадан саф тортиб турарди. Камалақдек жилоланиб турган муҳташам хоналарда ва айвонларда сочлари сўнгги услубда олинган каллалар ва кастиль хонимларининг тушига ҳам кирмаган шолрўмоллар кўзга ташланарди. Ошхонадагиларнинг кўли-кўлига тегмасди, боғнинг у ер-бу ерида хизматкорлар кўтариб юрган патнисдаги коктейлнинг хушбўй ҳиди ҳавони тутиб кетганди. Боғдаги меҳмонлар аста сайр этиб юришаркан, бир-бирлари билан суҳбатлашишар, мулозамат қилишар, ғийбатлашишар, бир-бирларининг исмларини билмасалар-да, назокат-ла таъзим қилиб сўрашиб, ўтиб кетардилар. Атрофни қоронғулик чулғаб олганди. Ёқилган чироқлар нури боғни чароғон қилиб юборганди; машшоқлар ажойиб куй чала бошладилар. Қўшиқчиларнинг овозлари бир парда юқори кўтарилди. Ён-атрофдаги кулгулар дақиқа сайин авж оларди. Ҳазил-мутоиба кучайгандан-кучайиб борар, меҳмонлар давраси дам-бадам ўзгариб, янгилари билан алмашиб турарди. Бир давра тарқаб улгурмасидан иккинчиси пайдо бўларди. Ёш, гўзал хонимчалар орасида ўзини кўз-кўз қиладиганлари пайдо бўлганди: улар ёши каттароқ хонимларнинг дам у ердаги-дам бу ердаги даврасига бир дақиқа қўшилиб, барчанинг эътиборини ўзларига тортар, сўнг қозонган муваффақиятларидан руҳланиб, яна бошқа даврага шўнғиб кетардилар.

Шу пайт кутилмаганда бир лўли аёл тетикланиб олиш учун меҳмонларга таклиф этилаётган хушбўй коктейлдан бирини олиб, бир кўтаришда ичиб юборди-да, югуриб брезент солинган майдончага чиқди ва ёлғиз ўзи мусиқага монанд рақсга туша кетди. Ўртага бир дақиқалик сукунат чўкди. Сўнгра дирижёр рақсга мусиқа усулини мослай бошлади ва шу орада раққоса “Фоли” варьетесидаги Гильда Грейнинг дублёри эмиш деган мишмиш тарқалди. Ниҳоят, зиёфат ҳам бошланди.

Мен Гэтсби вилласи остонасини ҳатлаб ичкарига кирдим. Бу шанба кунга тўғри келганди. Таклиф этилганлар озчиликни ташкил этарди. Бу ерга келишда мезбоннинг таклиф этишларини кутиб ўтирмас эдилар. Машинага ўтириб, Лонг-Айлендга Гэтсбиникига келаверардилар. Одатда ҳар бир янги келган меҳмонни хўжайинга таништириб ўтардилар. Келувчилар шаҳардан ташқаридаги боғда ўзларини эркин тутиб, хурсандчилик қилар эдилар. Баъзи ҳолларда келган меҳмонлар хўжайин билан танишмасдан ҳам унинг меҳмондорчилигини мақтай-мақтай ебичиб, хурсанд бўлиб кетаверардилар. Лекин мен бугунги зиёфатга расман таклиф этилгандим.

Эрта тонгда уйимга заррин уқали кийим кийиб олган ҳайдовчи кириб келди ва такаллуф билан қўлимга таклифнома тутқазди; унда ёзилишича, шу бугун “кичик зиёфат”да иштирок этсам, Гэтсби буни ўзи учун юксак шараф деб ҳисоблар экан. У мени бир неча маротаба узоқдан кўрган экан. Анчадан бери меникига ташриф буюриш нияти бўлган-у, лекин қандайдир сабабларга кўра, бу ниятини амалга ошира олмаганлигини ёзиб, имзо чекканди.

Соат еттидан ошганда мен оқ костюмда Гэтсби хонадонига кириб бордим. Ўзимни йиғилган меҳмонлар орасида негадир ноқулай ҳис эта бошладим, тўғри, бу ерда йиғилган одамлар орасида шаҳар атрофига қатнайдиган поездда бир неча бор учраган одамларга кўзим тушди. Йиғилганлар орасида инглизларнинг кўплиги мени ажаблантирди; уларнинг кийимларидан нуқсон топиб бўлмасди, афтидан, бир оз очиққан кўринардилар. Ташқаридан қараган одам уларни бадавлат эканликларига шубҳа қилмасди. Улар америкаликларга ниманидир тушунтирардилар.

Мен шу ондаёқ улар нималарнидир ё қимматбаҳо қоғозларни, суғурта ҳужжатлари, ё автомашиналарни сотмоқдалар, деган хулосага келдим. Афтидан, мўмай пулларни осонликча қўлга киритиш уларнинг иштаҳасини янада очиб юборганди. Назаримда, улар ҳар бир сўзни ўйлаб айтсалар, бу пуллар уларнинг ҳамёнига тушишига ишонч ҳосил қилган эдилар. Виллага киргач, хонадон эгасини қидира бошладим. Бир-иккита одамдан уни сўраганимда, менга ажабланиб қарадилар-да, сўнг унинг қаердалигини билмасликларини айтдилар. Хомуш тортиб, коктейллар турган стол томон йўл олдим.

Уялганимдан ўлгудек ичмоқчи ҳам бўлдим, лекин шу топда кўзим Жордан Бейкерга тушиб қолди. У хона ичидан чиқди-да, мармар зинапоя устида гавдасини бир оз тик тутиб, пастдагиларга виқор билан қараганча туриб қолди. У мени кўрганидан хурсанд бўлдими, йўқми, билмадим, лекин мен ўзимга яқин бир таниш суҳбатдош топганимдан ўзимда йўқ севиниб кетдим.

– Яхшимисиз! – дедим зинага яқинлашар эканман. Беихтиёр баланд чиққан овозим боғ бўйлаб таралди.

– Сизни, ҳойнаҳой, шу ерда учратсам керак, деб ўйлагандим, – деди Жордан мармар зинадан юқорига кўтарилаётган пайтимда. – Ахир ўзингиз қўшни бўлиб яшашингизни айтган эдингиз-ку.

У қўлимдан оҳиста тутди-да, ёнимга бир оздан сўнг келишини айтди, ўзи зинанинг пастидаги бир хил кўйлак кийган икки қизни саволга тутди.

– Салом! – деди иккала қиз бараварига. – Ғолиб бўлмаганингизга жуда ачиндик. – Гап гольф мусобақалари устида борарди. Ўтган ҳафтада Жордан рақибига ютқазиб қўйганди.

– Сиз бизни танимаяпсизми? – деди сариқ кўйлак кийган қизлардан бири. – Бир ой аввал сиз билан шу ерда танишган эдик.

– Ўшанда сочларингиз бошқа рангда эди, – эътироз билдирди уларга Жордан.

Мен сергак тортдим. Аммо қизлар анча нари кетиб бўлган эдилар. Жорданнинг бу танбеҳини улар қулоқларига илмадилар ҳам. Мен Жорданни аста тирсагидан олиб, зинадан пастга тушдим. Биз боғ бўйлаб юра бошладик. Қоронғулик атрофга ўз чодирини ёйганди. Патнис кўтарган хизматкор қаршимиздан чиқиб келди, биз бир қадаҳдан ичимлик олиб, столга ўтирдик. Бу ерда ҳалиги сариқ кўйлакли қизлар ва уч эркак суҳбатлашиб ўтирар эдилар. Уларни бизга таништира бошладилар.

– Сизлар билан охирги марта келганимизда танишган эдик, – дадил жавоб қилди улардан бири. – Люсил, сен ҳам ўшанда келган эдинг-а? – мурожаат қилди у дугонасига қараб. Люсил исмли қиз ҳам ўша куни келган экан.

– Ҳа, бу ер менга жуда ёқади, – деди Люсил. – Мен беташвиш яшайман, шунинг учун ҳамма вақт димоғим чоғ. Ўтган сафар кўйлагим столга илиниб, йиртиб олгандим.

У исми-шарифим ва манзилимни сўради. Орадан уч кун ўтгач, Круарье номли кимса менга зиёфатга киядиган кўйлак юборибди.

– Сиз совғани қабул қилдингизми? – сўради Жордан.

– Бўлмасам-чи! Нега қабул қилмас эканман. Ўша кўйлакни бугун киймоқчи эдим, лекин уни бир оз торайтириш керак экан. Кўйлак жуда чиройли. Тошчалар ҳам қадалган. Нархи икки юз олтмиш беш доллар экан.

– Ҳар ҳолда оддий кимса бундай совғани юбормайди, – ўзига бино қўйиб деди биринчи қиз. – Афтидан, у ҳеч кимнинг кўнглини ранжитишни истамаса керак.

– Ким экан у? – сўрадим мен.

– Гэтсби. Менга айтишларича…

Икки қиз ва Жордан тил бириктиргандек бошларини чайқаб қўйдилар.

– Менга айтишларича, у қачонлардир бир одамни ўлдириб қўйганмиш.

Ҳаммамизнинг этимиз жимирлаб кетди. Учта жаноб бўйниларини чўзганча гапга қулоқ сола бошладилар.

– Менимча, гап бунда эмас, – шубҳа билан эътироз билдирди Люсил.

– У уруш пайтида немис жосуси бўлган экан.

Эркаклардан бири бу фикрни тасдиқлаб, бошини ирғаб қўйди.

– Тўғри. Бу гапни унинг энг яқин кишисидан эшитганман. У Германияда бирга катта бўлган экан, – дея у шоша-пиша ишонтирмоқчи бўлди бизни.

– Бунга ишониш қийин, – деди биринчи қиз. – Ахир у уруш пайтида Америка армияси сафида хизмат қилган-ку. – Биз яна қизнинг фикрига қўшилдик. У бўлса ўзи тўқиган гапида давом этарди:

– Мени ҳеч ким кўрмаётганлигига ишончи комил бўлганда унинг афт-ангори қандай тусга киришига бир эътибор беринг-а. Шубҳаланмасангиз ҳам бўлади. У қотил.

Қиз кўзларини юмиб, жунжикди. Люсил ҳам жунжика бошлади. Барчамиз ён-атрофга қараб, Гэтсбини қидира бошладик. Гэтсбида ҳақиқатан ҳам бир сир яширин.

Барча йиғилганлар бунда бир сир борлиги ҳақида шивирлаша бошлади.

Ниҳоят, биринчи овқат тортилди. Иккинчи овқат ярим тундан сўнг берилиши мўлжалланган эди. Жордан боғнинг бошқа томонидаги столда ўтирган ўз шериклари қаторига мени ҳам таклиф этди. Стол атрофида икки жуфт эр-хотин ва Жордан билан бир йигит ўтиришарди. Улар бошқалар билан сайр этиш ўрнига, алоҳида гуруҳ бўлиб олиб, қимир этмай ўтирардилар. Улар маҳаллий жамиятнинг нуфузли кишиларидан эканлигини кўз-кўз қилганча ҳеч кимга қўшилмай кибор билан алоҳида ўтирар эдилар. Ўтирганларнинг барчаси асли Ист-Эгглик эдилар, улар УэстЭгглиларга илтифот кўрсатиб келгандилар. Шунинг учун ҳам уларга қўшилмай ўтирардилар.

– Бу жойдан кетсак, нима дейсиз? – деди менга Жордан. – Мулозаматлардан чарчадим.

Иккимиз ҳам столдан турдик.

– Уй эгасини қидириб топмоқчиман, – тушунтирдим ўтирганларга. – У билан кўришмаганимдан ўзимни ноқулай ҳис этаяпман.

Талаба йигит илтифот билан кулимсираб бош ирғаб қўйди.

Даставвал биз кирган хонада одам кўп бўлиб, жуда ғала-ғовур эди. У ердан Гэтсбини тополмадик. Жордан _ айвончага чиқиб, боққа кўз ташлади. Лекин уй эгаси кўринмасди. Ён биқиндаги айвондан ҳам уни тополмагач, таваккал қилиб ҳашамдор бир эшикни очдик ва кутубхонага кириб қолганимизни сездик. Кўзига кўзойнак таққан, тўладан келган қария ширакайф ҳолда жавондаги китобларга ўйчан термулиб турарди. У бизга ўгирилиб қаради-да, Жорданга бошданоёқ разм солиб чиқди.

– Бу ер сизга ёқадими? – сўради қария.

– Нимани назарда тутаяпсиз?

У китоблар териб қўйилган жавонларни кўрсатиб, деди:

– Мана буларни. Текширмасангиз ҳам бўлади. Ҳаммаси кўрикдан ўтган. Барчаси ҳақиқий.

Китобларми? Қария маъқуллаб, бош силкиб қўйди.

– Барчаси асл нусха. Қалбакиси йўқ. Саҳифалари жой-жойида, муқовалари ҳам. Мен бу ерда фақат иккинчи нусхаларини қўйиб қўйганлар, деб ўйлагандим, қарасам, барчаси асл нусхалар экан. Мана, ўзингиз кўринг!

Биз ғалати аҳволда унга қараб турганимиз учунми, қария жавон ёнига бориб, китоблардан бирини суғуриб олди-да, бизга узатди:

бу Стоддарднинг “Маърузалар” китобининг биринчи жилди эди.

– Кўрдингизми? – деди у мамнун оҳангда. – Китоб ажойиб нашр этилган. Мен чув тушгандим. Бу иккинчи нусха, Беласко. Бу шоҳ асар, шундай эмасми? Қаранг-а! Бирон бети қирқилган эмас.

У қўлимдан китобни тортиб олди-да, шоша-пиша жойига қўйиб қўйди. “Агар бир ғишт жойидан олинса, бутун бошли бино қулаши мумкин”, дея ғўлдиради.

– Сизларни бу ерга ким бошлаб келди? – сўради у биздан. – Балки, ўзингиз келгандирсиз? Мени бу ерга бошлаб келишди. Бу ерга деярли барчани бошлаб келадилар.

Жордан унга қараб кулиб қўйди-да, гапига жавоб қайтармади.

– Мени Рузвельт исм-шарифли бир хоним бу ерга бошлаб келди, – гапида давом этарди қария. – Клод Рузвельт хоним.

Эшитганмисиз? Кеча мен у билан танишиб қолгандим. Биласизми, икки ҳафтадан буён ичаман. Шунинг учун ҳам тезроқ кайфим тарқасин, деб шу кутубхонада ўтирибман.

– Хўш, ёрдам бердими?

– Ҳа, назаримда бир оз ёрдам берди. Ҳали хулоса қилишга эрта. Бор-йўғи бир соат бўлди келганимга. Ҳа, мен сизларга китоблар ҳақида сўзлаб бермадимми? Биласизларми, улар ҳақиқий нусхада.

Улар…

– Булар ҳақида гапирдингиз.

Биз қариянинг қўлини қисиб қўйдик-да, яна боғ томон йўл олдик.

Майсалар устига ташланган брезент устида рақсга тушаётган эдилар. Қариялар ёш қизлар билан бесўнақай ҳаракат қилиб, рақсга тушардилар, чет-четда ўзига бино қўйган жуфтликлар гавдаларини чиройли тутиб, мусиқага мос рақс ижро этардилар. Кўпчилик қизлар билганларича ўйнардилар. Тун яримлаганда хурсандчилик авжга чиққан эди. Машҳур ижрочи итальянча шўх қўшиқ айтди. Тўпланганлар ўзларича хурсандчилик қилар, атрофни самимий кулгу босганди. Сариқ кўйлак кийиб олган эгизак қизлар болалар ҳаётидан бир саҳна ижро этишди; хизматкорлар эса қадаҳларда шампань ичимлигини тарқатмоқда эдилар. Тўлин ой ён-атрофга нур сочар, сув бетига унинг акси тушиб турарди.

Мен ҳамон Жордан Бейкер билан бирга эдим. Ортимиздаги столда икки одам ўтирарди: бири мен тенги эркак, иккинчиси эса ҳар нарсага қотиб-қотиб кулаётган очиқ чеҳрали бир қизча эди. Менинг ҳам кайфиятим кўтарилди. Икки қадаҳ шампань ичимлигидан ичдим-да, узоқ ўйга толдим. Ғала-ғовур бир оз тинчигандек бўлди. Ортимдаги столда ўтирган эркак менга қараб, кулиб қўйди.

– Кўзимга иссиқ кўринаяпсиз, – деди у очиқ чеҳра билан. – Уруш вақтида сиз мабодо учинчи дивизияда хизмат қилмаганмисиз?

– Тўғри топдингиз. Тўққизинчи ўқчи батальонида хизмат қилганман.

– Мен эсам 1918 йилнинг июнидаги сафарбарликкача еттинчи пиёдалар полкида хизмат қилганман. Шунинг учун кўзимга иссиқ кўринибсиз-да. Қаерда кўрганман дедим-а!

Биз бир оз вақт зах босган, кўримсиз, ёмғирли француз қишлоқларини эсладик. Сўнгра у яқинда сув устига қўнадиган самолёт сотиб олганини ва эртага эрталаб уни синамоқчи эканлигини айтди бу гапидан мен уни шу атрофда истиқомат қилишини билдим.

– Балки эртага менга шерик бўларсиз, биродар? Бўғоз қирғоғи бўйлаб самолётимда учиб кўрмаймизми?

– Қай вақтда, – сўрадим мен.

– Сиз хоҳлаган пайтда.

Мен энди шеригимнинг исми-шарифини сўрамоқчи бўлган ҳам эдимки, Жордан менга табассум билан қараб сўради:

– Хўш, суҳбатлашиб бўлдингизми? Юрагингизни ёзиб олдингизми?

– Ҳа, раҳмат, сўзлашиб олдик, – дедим ва ҳозиргина гаплашган танишимга юзланиб:

– Уй эгасига нотаниш меҳмон бўлишга ҳеч кўника олмаяпман. Мен уй соҳиби Гэтсби билан танишмоқчи эдим. Қўшни турамиз.

Ҳайдовчисидан менга таклифнома жўнатган экан, – деб уйим тарафини кўрсатдим.

Суҳбатдошим менга паришон ҳолда қараб турганлигини сезиб қолдим.

– Гэтсби мен бўламан, – деди шеригим тўсатдан.

– Ростданми?! – шоша-пиша дедим мен.

– Худо ҳаққи, кечиринг мени.

– Сиз мени танийсиз деб ўйлагандим. Демак, мен яхши мезбон эмас эканман-да.

У менга хушмуомалалик билан жилмайиб қараб турарди. Шу топда унинг чеҳрасидаги табассум йўқолди ва кўз ўнгимда ўттиз ёшлар чамаси, дабдабали гапларга кулгили даражада ишқибоз бўлган, ўзига бино қўйган одам намоён бўлди. Гапирганда сўзларни чертиб-чертиб ишлатишга ишқибозлигини сездим. Унинг ким эканлигини яхши билмасдим.

Шу пайт бир хизматкор югуриб келди-да, уни Чикагодан телефонга чақиришаётганини айтди. У ўрнидан турди-ю, биздан узр сўраб, ҳар биримизга таъзим қилди.

– Биродар, сиз бу ерда тортиниб ўтирманг, кўнглингиз бирон нарса тусаса, дарҳол хизматкорга айтинг. Мен тезда қайтаман. Мени авф этасизлар.

У кетиши билан мен Жордан томонга ўгирилдим: унга ҳайратга тушганлигимни айтишга ошиқардим. Негадир мен жаноби Гэтсбини ёши бир жойга бориб қолган, қориндор, қип-қизил гўштдор юзли одам бўлса керак, деб тасаввур қилардим.

– У ким ўзи? – сўрадим Жордандан. – Сиз биласизми?

– Бор-йўғи Гэтсби исми-шарифли бир кимса.

– У қаерлик? Нима иш билан шуғулланади?

– Бошқаларни қизиқтирган саволни сиз ҳам бераяпсиз, – деди Жордан кулимсираб. – Бир нарсани айтишим мумкин: у менга бир вақтлар Оксфордда ўқиганини айтганди, холос.

Унинг кимлиги аста-секин ойдинлашаётган эди; аммо Жорданнинг кейинги гапи фикримни чалкаштириб юборди.

– Мен унинг гапига ишонмайман.

– Нега?

– Негалигини ўзим ҳам билмайман, – дадиллик билан деди у. – Назаримда, у Оксфордда ҳеч қачон бўлмаган.

Унинг гап оҳанги сариқ кўйлак кийган қизнинг “Менимча, у қотил”, деган гапини эслатарди. Бу ҳол қизиқувчанлигимни ошириб юборди. Агар Гэтсби Луизиана ботқоқлиги атрофида ёки Нью-Йоркдаги Ист-Сайднинг қашшоқлар даҳоларининг бирида туғилган десалар, мен ажабланмаган ва ҳайратга тушмаган бўлардим. Бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Келиб чиқиши номаълум бўлган ёш йигитлар Лонг-Айленд бўғози соҳилидаги ҳашаматли уйларни харид қилсалар, йўқ, бунга ишониш қийин. Мендек тажрибасиз бир қишлоқи бундай бўлишига сира ишонмайман.

– Уникидан меҳмонларнинг оёғи сира узилмайди, – деди Жордан. – Менга кўпчилик билан ўтқазилган зиёфатлар жуда ёқади. Улар билан сўзлашиб, баҳри-дилинг очилади. Ўзингни кичик меҳмондорчиликда эркин ҳис этмайсан. Бу ерда эса…

Оркестрдаги катта ноғора янгради, дирижёр ғовур-ғувурни босувчи жарангдор овози билан:

– Хонимлар ва жаноблар! Жаноб Гэтсби илтимосига кўра, сизларга ҳозир Владимир Тостовнинг шу йил май ойида КарнегиХоллда катта таассурот қолдирган янги асарини ижро этамиз. Газетада ўқиганлар бу ҳол катта шов-шувга сабаб бўлганлигини билсалар керак, – дея у шодон кулиб, қўшиб қўйди:

– Фу-рор!

Зўр!

Ён-атрофдагилар кула бошладилар.

– Шундай қилиб, – у яна овозини кўтариб гапида давом этди:

– Марҳамат, тингланг, Владимир Тостовнинг янги асари!

Аммо жаноб Тостовнинг асарига баҳо бериш менга насиб этмади. Чунки мусиқа бошланиши биланоқ Гэтсбига кўзим тушди. У мармар зинапоянинг энг юқорисида турганча мамнунлик билан тўда-тўда бўлиб турган одамларни кўздан кечираётган эди. Қуёш нурида тобланган буғдойранг чеҳраси мағрурона боқарди. Калта олинган сочларини гўё ҳар куни текислатиб тургандек тартибли кўринарди. Кўринишидан ёмон одамга ўхшамасди. Балки ичкиликни мутлақо оғзига олмаслиги сабаб у меҳмонлар тўдасидан ажралиб турарди. Ахир бу ердаги зиёфат қанчалик дабдаба билан ўтмасин, у ўзини шунча сипо ва босиқ тутарди. Оркестр чалаётган куйнинг сўнгги оҳанглари жаранглаётганида баъзи қизлар нозланиб қилпанглаганча эркакларнинг елкаларига бошларини қўйиб олгандилар, эркаклар ҳам бақувват қўллари билан қизларнинг белларидан қучиб турардилар. Хуллас, кўнгиллари истаганча мириқиб ўйнаб-кулар эдилар. Лекин биронта аёл Гэтсбининг елкасига бошини қўйишга ботина олмасди.

– Кечирасиз.

Ёнимизда хизматкор пайдо бўлди.

– Сиз Бейкер хониммисиз? – сўради хизматкор.

– Кечирасиз, жаноби Гэтсби сиз билан холи сўзлашмоқчи эканлар.

– Мен билан? – ажабланиб сўради Жордан.

– Ҳа, хоним.

Жордан менга қаради-да, ҳайратланганча қошини учирди ва ўрнидан туриб хизматкор ортидан кета бошлади. Унинг ортидан қараб қолдим. У жуда енгил қадам ташлаб борарди. Эгнидаги кўйлагида ҳам спорт костюмидек енгил одим отиб борарди.

Мен ёлғиз қолдим. Соат миллари иккини кўрсатиб турарди. Ойналари айвонга очилган хонадан қандайдир сирли овозлар қулоққа чалинди. Мен эстрада хонанда аёллари билан ўз суҳбатига мени ҳам тортмоқчи бўлган Жорданнинг талаба танишидан ўзимни олиб қочдим-да, уйга кириб кетдим.

Катта меҳмонхона меҳмонларга лиқ тўла. Сариқ кўйлакли қиз роял чалаётганди. Суяги бузуқ, баланд бўйли, малла сочли аёл ашула айтмоқда эди. У шампань виносидан тўйгунча ичиб олганди, шу сабабли ашула айтаётиб, ҳўнграб йиғлаб юборди. Қўшиқнинг ҳар бир паузасида ички нидо билан хўрсиниб қўяр, сўнгра яна мусиқа садоси остида қўшиқни давом эттирарди. Кўзидан оқаётган ёш қуюқ бўялган киприкларига илиниб қолар, сўнгра қора бўёқ яноқлари бўйлаб оқиб тушарди. Ҳазилкаш бир кимса у қўшиқни юзида ёзилган нотага қараб айтяпти, деб атрофдагиларни роса кулдирди. Буни эшитиб, қолган қўшиқчи аёл қўлини силтаганча, ўзини оромкурсига ташлади-ю, зумда қотиб ухлаб қолди.

– У эри билан жанжаллашиб қолган, – изоҳ берди ёнимда турган ёш қиз.

Мен ён-атрофга қарадим. Кетишга улгурмаган кўпчилик хонимлар ўзларининг эрлари билан жанжаллашмоқда эдилар. Ҳатто Ист-Эгглик Жорданнинг ҳамроҳлари ҳам тортишиб қолдилар. Эркаклардан бири ёш актриса билан суҳбатлаша кетди, унинг хотини аввалига ўзини гўё рашк қилмаётгандек тутиб турганди, охири аёлнинг сабр-тоқати тугади, дам-бадам эрининг ҳали у ёғидан-ҳали бу ёғидан бориб, унинг қулоғига: “Суюқлик қилмайман деб ваъда бергандинг-ку”, дея шивирлаб турткилай бошлади. Қолаверса, фақат енгилтабиатли эркакларгина уйга кетишга ошиқмас эдилар. Эшик тагида унча кайфи ошмаган иккита оилали жуфтлик баҳс қиларди. Уларнинг хотинлари ҳасратлашиб, овозларини хиёл кўтарганча ўзаро гап сотар эдилар:

– Менинг яйраётганимни кўриб қолса борми, дарҳол “кетамиз”га тушиб қолади.

– Умримда бунақа сурбет эркакни кўрмаганман.

– Доим биз биринчи бўлиб кетишимиз керак.

– Нимасини айтасиз, биз ҳам.

– Аммо бугун зиёфатда охиригача ўтирдик, – эътироз билдирди эркаклардан бири журъатсизлик билан.

Оркестр кетганига бир соат бўлди.

Қулоқ эшитмаган жоҳилликда айбланган эркаклар охир-оқибат ғалаба қозондилар. Бир оз тортишувдан сўнг қаршилик кўрсатиб турган хонимлар эрлари қўлтиғидан тутганча ташқарига олиб чиқиб кетдилар.

Менга бош кийимимни олиб чиқишларини пойлаб турганимда, кутубхона эшиги очилиб, ичкаридан Жордан Бейкер Гэтсби билан бирга айвонга чиқиб келдилар. У аста юриб келаркан, ниманидир ҳаяжонланиб гапирарди, аммо уни кўрган бир неча одамлар хайрлашгани унинг ёнига келдилар. Шу заҳоти Гэтсбининг юзидаги ҳаяжон ўрнини оқсуякларга хос илтифот эгаллади.

Жорданнинг ҳамроҳлари эшик олдида туриб, тезроқ кетишлари учун шошилтириб чақира бошладилар. Аммо у мен билан хайрлашиш мақсадида бир зум тўхтаб қолди.

– Мен ҳозир мутлақо ақлга сиғмайдиган бир ҳикояни эшитдим, – дея шивирлади қулоғимга.

– Нима, биз у ерда узоқ қолиб кетдикми?

– Бир соатга яқин.

– Ҳа, ҳечам ақлга сиғмайди, – паришонхотирлик билан деди у.

– Мен унга бу воқеани ҳеч кимга айтмайман, деб сўз бердим, шунинг учун сизнинг вақтингизни олиб ўтирмайман, – деди-да, эснаб қўйди.

– Вақт топиб бизникига қадам ранжида қилсангиз жуда хурсанд бўлардим… Телефонимни маълумотномадан олишингиз мумкин… Рақамимни қидирмоқчи бўлсангиз Сигурни Хауорд хонимнинг телефон рақамини қидиринг… У менинг холам бўлади…

Бейкер хоним эшик ёнида уни кутиб турган ҳамроҳлари ёнига кетди. Менга қўлини силкиб қўйди.

Биринчи ташрифимдаёқ бу ерда узоқ қолиб кетганлигимдан ўзимни бир оз ноқулай ҳис этганимча хайрхўш қилиб кетаётган охирги меҳмонлар қуршовида турган Гэтсбига яқинлашдим. Мен унга бутун оқшом давомида уни қидириб, ўзимни таништирмоқчи бўлганлигимни айтмоқчи эдим.

– Қўйинг-е, хижолат бўлманг, буни кўнглингиздан чиқариб ташланг, биродар, – деди у елкамга қўлини қўйиб. – Эсингиздан чиқмасин: тонгда соат тўққизда сиз билан гқдропланда учиш учун йўл оламиз-а? Сизни кутаман. Кечикманг.

Аммо шу топ ортидан келган хизматкори:

– Жаноб, сизни Филадельфиядан сўрашаяпти, – деди.

– Ҳозир, мени бир дақиқа кутиб турсинлар… Хайрли оқшом, биродар.

– Хайрли оқшом.

– Хайрли оқшом, – дея Гэтсби кулимсираб қўйди мийиғида.

– Меҳмондорчилик роса чўзилди-да.

– Яхши ётиб туринг… Хайр… – деб уйимга йўл олдим.

Мен Гэтсбининг уйидан чиққанимда зиёфат ҳали ҳам давом этаётганди. Эллик қадамлар олдинда ўнлаб енгил машиналарнинг чироқлари тун қоронғусида кўзга ташланмайдиган тартибсиз манзарани ёритиб турарди. Йўл четидаги ариқда ўнг тарафи урилган, олд ғилдираги чиқиб кетган икки ўриндиқли машина йўл ёқасидаги ариққа тушиб кетганди. Машина деворнинг чиқиб турган қиррасига бориб урилганидан олд икки ғилдираги чиқиб кетганди. Бир неча ҳайдовчилар машиналаридан тушиб, содир бўлган бу ҳодисани қизиқиш билан томоша қилганча, машинанинг у ер-бу ерини ушлаб, пайпаслаб кўрардилар. Шу орада йўлда тирбандлик ҳосил бўлди. Юрмоқчи бўлган машиналарнинг сигналлари тўхтовсиз чалиниб, қулоқни қоматга келтирарди. Эгнига рўдапо кийим кийиб олган кимса ғилдираги эзилиб ётган машина ичидан чиқди-да, йўлнинг ўртасида қаққайганча туриб қолди ва саросимага тушиб, дам машинасига, дам ғилдиракка, дам йиғилганларга жавдираб қарар эди.

– Кўряпсизми? – деди у ниҳоят, – ариққа тушиб кетдик.

Содир бўлган воқеа уни саросимага солиб қўйганди. Бу чеҳра менга таниш кўринди. Мен дарҳол уни танидим – бу Гэтсби кутубхонасида ёлғизликда ўтирган кимса эди.

– Бу воқеа қандай содир бўлди? – сўрадим мен.

У елкасини қисиб қўйди.

– Мен техникадан тамоман узоқман, – деди у бир оз ўзига келгач.

– Қизиқ, лекин бу қандай содир бўлди? Деворга бориб урилдингизми?

– Асло сўраманг, – деди ҳафсаласи пир бўлиб Филин. – Мендан машина ҳайдовчиси чиқмайди. Шундай бўлиб қолди, тамом-вассалом.

– Тажрибасиз ҳайдовчи экансиз, машинангизни тунда ҳайдамасангиз бўларди.

– Мен ҳали йўлга тушмагандим, – деди у жаҳл билан. – Умуман, рулни ушлаганим ҳам йўқ.

Тўпланганлар бу гапни эшитиб, қотиб қолдилар.

– Сиз ўз жонингизга қасд қилмоқчи бўлдингизми?

– Омон қолганингизга шуқур қилинг. Рулга ўтирармиш-у, ҳайдашни билмас эмиш!

– Сиз мени нотўғри тушундингиз, – эътироз билдирди машина эгаси. – Мен умуман рулга ўтирганим йўқ. Машина ичида икки киши эдик.

Бу гап барчани ҳанг-манг қилиб қўйди. “Ўҳ-ҳў!” деганча ёқаларини ушладилар. Шу топ машина эшиги аста очилди. Йиғилган одамлар беихтиёр ортга тисарилдилар. Машина эшиги катта очилгач, ўртага узоқ жимлик чўкди. Сўнг машина ичидан бир кимса чиқа бошлади. У оёғи билан пайпасланиб, оёқ қўйишга жой қидирарди. Фараларнинг ёрқин нуридан, машиналарнинг тўхтовсиз сигнал чалишларидан талмовсираб қолган бу шарпа гандираклаганча у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Ниҳоят, унинг кўзи шеригига тушди.

– Нима гап? – пинагини бузмай сўради у.

– Бензин тугаб қолдими?

– Сиз мана бунга қаранг!

У бармоқларини бигиз қилиб, отилиб кетган ғилдиракни кўрсатди. Каловланиб қолган киши ғилдиракка бир оз тикилиб турди-да, сўнгра бу ғилдирак осмондан тушган бўлса керак, деб осмонга қаради.

– Осмондан узилиб тушди, – тушунтирди кимдир.

Кайфи ошган кимса бош ирғаб қўйди.

– Мен бўлсам бир жойда турганимизни сезмабман ҳам.

Орага жимлик чўкди. Сўнгра у кўкрагини тўлдириб нафас олдида, қаддини ростлаб жиддий сўради:

– Қаерда бензин қуйиб олса бўлади, ким билади?

Бир неча киши унга машинанинг ғилдираги чиқиб кетганини тушунтира кетди.

– Сиз орқага юринг, – деди у. – Орқага, кейин олдинга.

– Ахир ғилдираги йўқ-ку!

У ҳайрон бўлиб туриб қолди.

– Ҳаракат қилиб кўрса бўлади, – деди у ниҳоят.

Машина сигналларининг овози авжга чиқди. Мен шарт ўгирилдим-да, майсалар устидан одимлаб, кулбам томон кетдим. Кетаётиб ортимга қарасаммикан деган хоҳиш пайдо бўлди менда. Тўлин ой булутлар орасидан чиқиб, Гэтсби вилласи устида нур сочиб турарди. Тун ниҳоятда ажойиб эди. Чароғон чироқлар билан ёритилган боғда кулгу ва хурсандчилик овозлари аллақачон тўхтаган. Атрофни сокинлик қамраб олганди, енгил шабада эсар, виллада эса Гэтсбининг ёлғиз ўзи қолганди.

Ёзганларимни ўқиб, бир неча ҳафта бўлиб ўтган кечки зиёфатлардаги воқеалар билан яшабман-да, деган таассурот ҳосил бўлди менда. Аслида, бу ёзда бўлиб ўтган воқеанинг тасодифий кўринишлари эди, холос. Ҳар ҳолда ўша пайтда мен уларга ўзимнинг шахсий ишларимга қараганда жуда кам вақт ажратган эдим.

Бекорчи эмасдим, ишлардим. Қуёш ётоғидан бош кўтарганда эрта тонгда мен Нью-Йоркнинг гавжум қисмида жойлашган ишхонамга шошиб кетаётган бўлардим. Мен қимматбаҳо қоғозлар савдоси билан шуғулланадиган барча ёзув-чизув ишларини олиб борадиган ёш хизматчилар билан тил топишиб ишлар, шунингдек, агентларни номма-ном билардим. Биз гавжум, нимқоронғи ресторанда чўчқа гўштидан тайёрланган сосиска ва қаҳва ичиб нонушта қилардик. Бизда ҳисобчи бўлиб ишлайдиган ЖерсиСитилик бир қиз билан орамизда ошиқ-маъшуқлик пайдо бўлди. Унинг акаси мен билан учрашганда ўқрайиб қарайдиган бўлиб қолди. Севгилим июл ойида таътилга кетганида мен орамиздаги муҳаббатимизга нуқта қўймоқчи бўлдим.

Иель клубида тушлик қилаётган эдим. Негадир қилаётган ишларим ичида бу энг қийини эди. Юқорида жойлашган кутубхонага кириб, сармоялар ва кредитлар сир-асрорини ўрганиш мақсадида тинмай китоблар ўқирдим. Клубга доимий келувчилар орасида бекорчилар талайгина эди. Улар кутубхонага кирмасдилар. Шу сабабли ҳам бу ерда тинчгина китоб ўқиш мумкин эди. Агар ҳаво яхши бўлса, мен эски Меррэй-хилл меҳмонхонаси ёнидан ўтиб, Мэдисон-авеню бўйлаб пиёда кетардим. Ўттиз учинчи кўчага бурилиб, Пенсильвания вокзалига чиқиб олардим. Шошмай қадам ташлар эканман, Нью-Йоркнинг гўзал оқшомларини, тўхтовсиз ҳаракатдаги одамлару серқатнов машиналарни томоша қилиб кетардим. Менга айниқса, Бешинчи авенюда сайр қилиш ва одамлар орасидан хушрўй аёлларни қидириб топиш жуда ёқарди, сўнг ширин хаёлларга берилиб кетардим: ҳозир мен сулув аёлларнинг бирини кўз остимга оламан. Буни ҳеч ким сезмайдиям, мени айбламайдиям. Хаёлан гўзал маликаларни уйларигача ёки сирли кўча муюлишларигача кузатиб қўярдим. Улар эшикларини очиб, ичкарига киришларидан аввал ўгирилиб менга бир қараб қўярдилар ва табассумимга жавобан табассум ҳадя этардилар. Баъзан пойтахтнинг ғира-шира кўчаларида мени негадир ёлғизлик ҳисси чулғаб оларди ва бундан қутулиш учун ресторанда ёлғиз овқатланар, сўнг кўргазмаларни томоша қилиб, санғирдим. Оқшомнинг яхши дамларини самарасиз ўтқазаётган камбағал ёш хизматчилар нигоҳида ҳам шу ҳолатни кўрардим.

Соат саккизлар чамаси Қирқинчи тор кўчаларда машиналар шовқини ҳамма ёқни тутиб бораётганида севган қизимни соғиниш ҳисси юрагимни ўртаб борарди. Чорраҳаларда туриб қолган таксилар ичидаги ноаниқ шарпалар бир-бирларига қапишиб, суйкалишарди, қулоғимга ҳазил-ҳузул гаплар ва кулгулар, қўшиқ оҳанглари узуқ-юлуқ эшитиларди. Мен ҳам қаергадир шошардим, гўё мени қандайдир хурсандчилик кутиб тургандек туюларди, мен бегоналарнинг хурсандчилигига шерик бўлиб борардим, уларга фақат яхшилик тилардим.

Анча вақтгача Жордан Бейкер билан учрашмадим. Ёзнинг иссиқ кунларида у билан кўришиб қолсам бўладими. Авваллари одамлар кўз ўнгида у билан бирга юриш менга жуда хуш ёқарди, чунки гольф ўйинининг чемпиони бўлганлиги учун уни ҳамма танир эдида. Мен учун бу шараф эди. Сўнгра биз янада яқинлашиб кетдик. Мен уни севмасам-да, лекин қандайдир нозик қизиқувчанлик мени у томон тортиб турарди. Ниҳоят, бу ҳисни тушуниб етдим. Унинг чемпионлигига бўлган қизиқишим бир баҳона эди, холос. Аслида, қизиқишим шунчаки хўжакўрсинга эди, холос. Аммо эртами-кечми асил ҳақиқат рўёбга чиқади. Ниҳоят, мен гап нимада эканини тушундим. Кунларнинг бирида биз у билан бирга Уориқдаги хонадонлардан бирига меҳмон бўлиб бордик, у бировнинг усти очиқ машинасини ёмғир остида қолдириб, ичкарига кирди, сўнг бамайлихотир ёлғонлай кетди. Шунда мен тўсатдан у ҳақида тарқалган ва уни Дэзилар хонадонида биринчи бор у билан учрашганимда чалароқ эшитиб қолган бир гап эсимга тушди. Гольф бўйича ўтказилган биринчи катта мусобақада унинг иштирокидаги бир воқеа сал бўлмаса газеталарда босилиб чиқай деганди. Ярим финал ўйини вақтида нобопроқ жойда турган тўпини у қулайроқ жойга суриб қўйганлигини билиб қолишади. Тўсатдан жанжал кўтарилиб кетишига бир баҳя қолади. Йўлини топиб, бости-бости қилиб юборган эканлар. Клюшкаларни кўтариб юрадиган бола ўзининг дастлабки кўрсатмасидан воз кечибди, бунинг гувоҳи бўлган бошқа одам “мен балки хато қилгандирман” дебди. Шу воқеа миямда чала-чулпа сақланиб қолганди.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3
  • 3 Оценок: 1

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации