Электронная библиотека » Хабиб Абдуназар » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Дил меҳроби"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 11:20


Автор книги: Хабиб Абдуназар


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 5 страниц) [доступный отрывок для чтения: 1 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Ҳабиб Абдуназар
Дил меҳроби

ТУЙҒУЛАРНИНГ ИНЖА ТАСВИРИ

Бугунги ўзбек поэзиясида хилма-хил ва ўзига хос шоир ҳамда шеърлар кўп. Бу турфалик жанрдаги ўзгачаликлар, ифода оригиналлиги, образлар тизими миқёси, олам ҳодисалари ва руҳий ҳолатларни кўришдаги бетакрорлик каби бир қатор жиҳатларда намоён бўлади. Қўлингиздаги китоб муаллифи шоир Ҳабиб Абдуназар ҳам ана шундай ўзига хос ижодкорлардан бири ҳисобланади.

У ўз шеърларида одамнинг хаёл илғамас сезимлари манзарасини акс эттиради. Унинг поэтик тасвир йўсини инсон хаёли ва кечинмалари каби тинимсиз ўзгариб туради. Ҳ. Абдуназарнинг шеърларини руҳий калейдоскопга менгзаш мумкин. Калейдоскопнинг моҳияти адоқсиз турланишда бўлгани каби, шоир шеърларида ҳам тинимсиз поэтик ўзгаришлардан ўзга ўзгармас нарса йўқ. Шоирнинг бирорта шеъри бирор мавзуга бағишланмаган. Уларда асосан синчков кўз, парвоздаги хаёл ва безовта кўнгилнинг таъсир доирасига тушган нарсалардан қолган таассуротлар ва ана шу таассуротдан уйғонган ҳиссиёт манзаралари акс этади. Шу сабаб алоҳида ҳеч нарсага бағишланмагандай туюлгувчи шеърий битикларда, аслида, ҳамма нарса ҳақида гап кетаётган бўлади. Шоирнинг кўпчилик битикларига сарлавҳа қўймаслиги боиси ҳам, эҳтимол, шундандир. Чунки сарлавҳа бир, ошиб борса, бир неча маънони ифода этиши мумкин, Ҳабибнинг шеърларида эса қамров кенг, акс этган поэтик объектлар миқдори кўламли.

Ҳабиб аксар битикларида ўзликка хиёнат қилмай, кўнгилни сақлай билиш нафақат одам, балки олам моҳиятини ўзгартириб юбориши мумкинлигини куйлайди. Очун яхшиланиши ва яшилланиши учун одам, бирламчи, ўз кўнгил мулкини омон сақлаши, оламга кўнгил кўзи билан қараб, унга эзгуликлар бахш этишга уриниши керак. Шунда инсон ҳаётига ҳам, атроф-жавонибга ҳам маъно киради:

 
Ердан чиқиб қолган тошдек илдизга
Танғисанг кўнгилнинг чайир ипини.
Севги чирқилласа, тун – қора илон
Ёйиб юборса гар зулмат тўпини.
Нигоҳинг осилиб тушса юракдан,
Бир ҳовуч нур отсанг кундузга.
Гурр этиб тўкилса дарахт барглари,
Поклансанг, чўмилсанг заъфарон кузга.
 

Шоир бошқа бир шеърида тонг отиб, хаёлкаш тундан кундузга ўтиш ҳолати ва бунинг ижодкор руҳиятида қолдирган изини "Индамайин кирди тунга, Кундуз шомларга ботиб. Овчимиди тун кўзи-ла Қўйди хаёлни отиб?" тарзидаги кутилмаган савол воситасида ифода этади. Шоирнинг назарида, хаёлдан айрилиш ҳаётдан айрилишдай аламли ва аччиқ. Лирик қаҳрамоннинг сезимлари чигал руҳий ҳолатининг Ҳабиб Абдуназар томонидан: "Энди юрсак юмшоқ ҳаво, Толиқтирар юрак ҳам. Дилни эса тарк этмади Чеҳралари очиқ ғам" шаклида ифодаланиши шоир поэтик назарининг ўзига хослигини кўрсатади. Ғамнинг очиқ чеҳрали экани ўқирманда некбин кайфият уйғотиб, унда “асл одам учун ғамсизликнинг ўзи – ғам” – деган қаноат пайдо бўлишига олиб келади.

Ҳабиб сўзларни ўз маъносидагина ишлатиш билан кифояланмай, ҳар бир сўзга ўзи истаган маънони юклашга уринади. Унинг шеърларида қўлланган тимсолу ташбиҳлар доимий ҳаракат ва ўзгаришлар оғушида бўлади. Шоир азобнинг ҳидини сезади, эшикнинг хазон бўлгани, устуннинг айрилиқдан қорайиб титраганини кўради, туннинг алдоқчи ва жодугарлигини туяди. Бинобарин, шеърлардаги сўзлар ҳам бундай ғайритабиий ҳолатларни ифодалашга мос келадиган қилиб қўлланилади:

 
Ҳиди келар сендан азобнинг,
Кўзларингда севилмаган тун.
Хазон бўлиб тўкилган эшик,
Қораймоқда титраган устун.
Сен йиғлайсан, тун ташлар жоду,
Қучоғингда қийналар руҳим.
Яшил шудринг томган болишда,
Гуллаяпти яшил тушларим.
 

Шунча негатив ҳолат тасвири ҳам лирик қаҳрамон – шоирни умидсизликка туширолмайди. У – умид кишиси. Умиди мустаҳкамлиги сабаб унинг болишга шудрингдай томаётган кўзёшлари яшил ва шу болишда кўраётган тушлари ҳам яшил гуллайди. Маълумки, яшиллик – тириклик, яшариш белгиси. Демак, бу яшил тушлар бир пайт келиб эзгулик мевасини тугади.

Поэтик тасаввур қамрови кенглиги шоирга: "Руҳимнинг кўз ёшлари – Юлдуз томар сизилиб", – дейиш имконини беради. Зеро, унинг микроолами ташқаридаги макрооламдан салмоқли ва чўнгроқ. Чин шоирона назарга атроф олам жонли кўринади. Жонли назар учун очунда ҳаракатсиз, турғун нарсанинг ўзи йўқ. Шу боис атроф-оламдаги барча нарса жонланган, ҳаракату амалда: "Кўнгил бедор тутар осмон қароғин, Тун кўзида қолар уйқунинг гарди. Баҳор очаётир хушбахт қучоғин". Шу шеърнинг кейинги бандида нарса-ҳодисалар ҳаракати янада фаоллашади, бу ҳолат ифодасини бериш баҳонасида шоир жонлантириш билан биргаликда ташхис санъатидан ҳам фойдаланади:

 
Оппоқ қорлар босиб, қиш адоғида,
Юракка етади орзунинг тили.
Кавушларин ечиб чопар лайлак қор,
Сенга ҳавас қилар –
                                     Бойчечак Гули.
 

Чинакам шеърда мантиқдан кўра туйғу устуворлик қилади. Бундай битикда мантиқ изчиллиги эмас, ҳиссиёт ва кайфият мунтазамлиги акс этган бўлади. Шоир олам ҳодисаларининг барча одам илғай оладиган реал кўринишини эмас, балки фақат уларнинг ўз руҳиятида қолдирган манзарасини чизади:

 
Тун уфурган баркамол ғамда,
Чувалади хастаҳол йўллар.
Ой хириллаб олади нафас,
Қор туёғин қоқади тўриқ.
Йиқилади чинқирган қоя,
Тутаб ётар қўшоғиз милтиқ
 

Ушбу тасвирнинг энг сўнгги мисрасидагина ҳаётий ҳақиқат акс этган. Олдинги беш қаторда эса ўша биргина мисрада акс этган реалликнинг шоир руҳиятидаги чигал излари ифода этилган. Унчалик ҳам назарга илинмайдиган сабаб даҳшатли оқибатларни келтириб чиқаргани формал мантиқ мунтазамлигига терс ҳолда ғоят ўзига хос тасвирини топган. Бу сатрларга мусиқийлик, қофия сингари ташқи унсурлар эмас, кайфият яхлитлиги муҳрланган.

Ҳабибнинг кўпчилик шеърлари хаёлоти ғоят юксак парвозларга мойил, руҳият олами чегарасиз, кайфияти симобдай беқарор шахс кўнгил ҳолатининг ифодасидир. Улар борлиқнинг нусхаси эмас, балки ўз ҳолича мустақил бир борлиқдир. Адабиёт фалсафасининг улкан билимдони Ортегай-Гассетнинг: "…танасининг оғирлиги туфайли худди тешилган ҳаво шари каби кўтарилолмай, гоҳ ерда судралиб, гоҳ дарахтларга илашиб, гоҳ томларга урилиб ётган шеъриятни ортиқча юкдан халос этиш керак эди… Эндиликда одамлар ҳаёт бир нарса, поэзия эса тамомила бошқа нарса эканини билишяпти, билишмаса-да, сезишяпти. Бу икки нарсани бир-бирига аралаштирмаган маъқул. Айнан одам тугаган жойдан шоир бошланади. Бирининг тақдири – ўзининг "инсоний" йўлидан юриш, иккинчисининг миссияси эса йўқ нарсани яратишдир. Шоир дунёни бойитади, ўз-ўзича мавжуд бўлган реал борлиққа, ўзининг янги ирреал қитъасини қўшиб, оламни кенгайтиради", – деган қаноатини айнан Ҳ. Абдуназарга ўхшаш ижодкорларнинг шеърларига татбиқ этиш мумкин.

Шундай қилинсагина шоирнинг кутилмаган мажозларга бой шеъриятидаги "Осмон – улкан қабр, Кўмаман руҳимни. Ой – устига қўйилган Синиқ бир коса" сингари ташбиҳларнинг руҳоний жиҳатдан нақадар ҳаққоний эканини илғаш ва бу тасвирлардан таъсирланиш мумкин. Шундагина: "Ёғарди ёмғир! Оёқларинг судраб келар эди заминни" сатрлари замиридаги формал мантиққа сиғмайдиган маъноларнинг зил юкини туйиш имкони юзага келади. Асл бадиият мантиқий тафаккур тугаган жойдан бошланганига имон келтирган ўқирмангина "Майсалардек ундим юрак дарзларидан" ёки "Ажал улғайтирар, яшнатар ўлим" каби сатрлар замиридаги яширин мантиқни туя олади.

Умуман, бадиий ижодда, хусусан, шеъриятда "майда нарса" деган тушунча бўлмайди. Шеърни майда нарсанинг йириклигини, улкан нарсанинг қанчалик майдалигини туйдириш омили дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам Ҳабибнинг:

 
Ҳеч нарса айтма менга
Сирларингни сақлайдиган
ҳеч нарсам йўқ
 

сўзларидангина иборат учлигига шунчаки сўз ўйини тарзида қараб бўлмайди. "Ҳеч нарса"ни қўйиб қўйгудек, "ҳеч нарса"си бўлмаган одамга "ҳеч нарса айтма"ган маъқуллиги акс этган тасвир замирида зилдай юк борлигини бир қадар туйиш ҳар қандай одамнинг маънавий оламини бойитади, уни эзгу фазилатларни илғаш сари йўллайди.

Азиз ўқирман! Ҳабиб Абдуназарнинг "Дил меҳроби" номли шеърий китобидаги битиклар билан танишиш кўнглингиздаги кўзга кўринмайдиган, қўлга илинмайдиган, қулоққа эшитилмайдиган фақат кўнгил торларигагина уринадиган исмсиз дардларни куйдек, ноладек қўзғатиб, руҳингизни безовта қилади ва сизни тирикчиликнинг кирларидан фориғ этади, деган умиддамиз. Кўнгилнинг шеърий оламига қиладиган сайрингиз хайрли бўлсин!

Қозоқбой Йўлдош,
2013 йил 10 октябр

СЕВИЛМАГАН ТУН
(1990-1994)

 
1. Яшил шудринг томган болишда,
Гуллаяпти яшил тушларим.
 
«Инжиқ шамол ҳасратларидан…»
 
Инжиқ шамол ҳасратларидан,
Пўст ташлайди толиққан гужум.
Шохларида гуллаган анжум.
 
 
Олиб кетса йиғиларимни –
Оққан ирмоқ – бу эмас, ҳижрон,
Юрагимга қуйилган забон…
 
 
Уватларга ёйилган йўллар,
Шудрингли тун, тутамлаб ёлғиз –
Ой нурларин ўради бир қиз…
 
 
Шундай кечар умри соғинчнинг,
Асли шудир мен кутган чирой:
Туёқлари ойга ботган той.
 
«Меникидир сирли шу эртак…»
 
Меникидир сирли шу эртак,
Сирли тароқ, сеҳрли кўзгу
Ва кўзадан тошаётган ой –
Тилла қошиқ – ичилган оғу.
 
 
Меникидир кўнгил майидан,
Кўк тоқида чайқалган майдон –
Тилла қошли эгар пойида
Тўзиб ётган зангори осмон.
 
 
Меникидир, меники яна…
Хотиралар асраган бу туш.
Ҳамон учиб келаверади,
Тумшуғида гул тутган оққуш.
 
 
Меникидир ёлғиз шу матлаб…
 
«Ҳиди келар сендан азобнинг…»

…сен ҳақингда


 
Ҳиди келар сендан азобнинг,
Кўзларингда севилмаган тун.
Хазон бўлиб тўкилган эшик,
Қораймоқда титраган устун.
 
 
Қонталашдир захлаган яра,
Тугамаган юрак саботи.
Кечаларнинг хоинлигини,
Сўзлаб ўтар турна қаноти.
 
 
Сен йиғлайсан, тун ташлар жоду,
Қучоғингда қийналар руҳим.
Яшил шудринг томган болишда,
Гуллаяпти яшил тушларим.
 
«Ёриш осмон –…»
 
Ёриш осмон –
Осмоним,
Тар новдалар букилди.
Ҳазин, тунги боғларда
Алп юрагим сиқилди.
 
 
Ёриш кўнглим –
Кўнглима,
Тинди қушлар сайроғи.
Кўкнинг нурсиз кўзидан
Келар тунлар фарёди.
 
 
Ёриш тупроқ –
Тупроғим,
Таним кетди бузилиб.
Руҳимнинг кўз ёшлари –
Юлдуз томар сизилиб.
 
«Куйлайди ёввойи теракзор…»
 
Куйлайди ёввойи теракзор,
Ўйнар дил – барглари йўлимда.
Тупроқ йўл судралар имраниб,
Чанглари – дардлари кўзимда.
 
 
Майсалар букилар иболи
Поданинг ойботар изига –
Осилиб чиқади чумоли –
Қувончнинг нур сизган юзига.
 
 
Жонимга ҳузурлар тўшайди,
Отқулоқ баргидан далалар.
Гулафзо, гулзорлар хушлайди,
Ишқики унади кўнглимда.
 
МЕЗОН
 
Дала.
Қуёш – тошқудуқ
Нурларин симирар
Иссиқ шамоллар.
Кўчаларни чангитиб
Кўчиб борар далаларга
Лойсувоқ уйлар…
Ортидан одимлар
бир маромда кун.
Йўрғалар эшак –
Хуржунининг бир кўзида нон,
Бирида тош, кесак…
Ёнида ҳаллослаб
Борар қора ит.
Парвозлар тусаган к ўнглимни
қўйвормайди –
Қаттиққўл мезон.
 
«Кетар карвон…»
 
Кетар карвон,
Келар карвон,
Ўртанурга бир жисми жон:
Ишқи ҳайрон йўқдир, гуло,
Ишқи осмон надур, гуло?
 
 
Қароли тун,
Яроли тун,
Кўзларида нолаи ун:
Нетур ғамандўз чоҳида.
Йиғлар кўнгилки гоҳида.
 
 
Сийласа дил,
Куйласа дил,
Тонгларга бош қўяди гул:
Солиб сурон, сочлар қуюн,
Бузиб кетар кўнгил уйин.
 
 
Ёнар кеча,
Ёнар дардим,
Неки борин мен ҳам айтдим.
У ҳам сўзлар илоҳий Сўз –
Саҳро ғамин куйлар қўбиз…
 
«Юрагимга чўкди бу оғир титроқ…»
 
Юрагимга чўкди бу оғир титроқ,
Недин ўйлаяпман сени-да, кўпроқ,
– Ай, одами тупроқ.
 
 
Фаришта сочида типирчилар моҳ,
Қаршимда тебраниб турар бир боргоҳ,
Азизам, бу ғамдан эт мени огоҳ!
 
 
Кўлмакда сукунат тўқир қармоғим,
Илон тилларида ўчган туғёним,
Гулёдим, имдодим, фарёдим…
 
 
Руҳим даштларида увлайди бўрон,
Ёлғиз кетиб борар саҳро ва тўфон,
– Ай, одами урён.
 
ДУТОР
 
Ўтар эди самовий ҳислар,
Дилга қадаб киприкларини.
Осмон гуллар сочарди юрак,
Ланг очиб кўк эшикларини.
 
 
Бу гулларни куйлаб ҳар наҳор,
Чертар эди тоғам бир дутор.
 
 
Судраларди ой ила карвон,
Узоқларга ташлаб дил қирин.
Саксовулнинг суякларидан,
Борар эди ўтиб изғирин.
 
 
Бу чоғларга бериб зўр виқор,
Чертар эди тоғам бир дутор.
 
 
Ўйларимда толган ўйчан тол,
Маъюсгина эгмиш бошини.
Фаришта кун силкиб енгларин,
Юрагимнинг артар ёшини.
 
 
Умр гулин истаб ҳар баҳор,
Чертар эди тоғам бир дутор.
 
«Тупроққа юкундим…»
 
Тупроққа юкундим,
Ёруғроқ кўрдим,
Чашмига чайилдим
Дардим – наводил.
 
 
Титраниб ёнига гулғунча қўйдим,
Ғунчада қизариб кўринди ишқим.
Завқланиб тикилдим,
Зорланиб боқдим,
Бод баҳри уфқда учинди ғамим.
Каҳрабо субҳнинг хиргоҳларида,
Қалбимга қуйилди шу ажиб насим.
 
 
Гардунга юкундим,
Ошиқроқ кўрдим…
 
«Ер қорайди…»
 
Ер қорайди…
Осмон қорайди,
Дилим каби маҳзун кун эди.
Қора тошда ўрмалаган ғам
Қора эди, яна тун эди…
 
 
Яна макр, энг митти гуноҳ,
Ўйнар эди тун ҳижобини.
Гўзал эди куйланганда у
Ойнур эди, яна ой эди.
 
 
Яна кунга ўхшарди бироз,
Куйлаётган дил – осмон эди.
Оппоқ тошда ўрмалаган ғам
Оппоқ эди, яна тонг эди.
 
«Гул йиғлар, ботқоқда чўкмаган…»
 
Гул йиғлар, ботқоқда чўкмаган,
Оловда ёнмаган, синмаган
Севгим – диловар севгим.
Олиб кетаяпман аламни сендан.
                        О, фалак,
           Гулладинг, сўлдим.
 
 
Гулладинг. Ёдимдан ўчмаган,
Юракдан чиқмаган, кетмаган
Дардим – ҳамхона дардим,
                                      дарди афсонам,
Кўнгил орасига тушди бегона…
Олиб келаяпман аламни сендан.
                        О, фалак,
           Куйладинг, куйдим.
 
ЭЙ ЁР

Қодир бахшига


 
Эй ёр, эй ёр, ҳай ёр-ей,
Кун кўрмаган кунлар-ей.
Айиллари бўшаган –
Ҳуркар дайди йўллар-ей.
Гулоб ҳидли сочингдан,
Таралганда хуш насим.
Гулшанлар лавҳасида
Очиларми гул тарим.
Хаёлдир хаёлингдан
Ўтганида паришон.
Кўк отлари самода
Танлаётир бир майдон.
От ўйнайди тўлин ой,
Самоларнинг сағрида.
Тебранади Она ер,
Кўриб сени бағрида.
Эй ёр, ай, ёр, ағёр-ей,
Кун кўрмаган кунлар-ей.
Айиллари бўшаган,
Ҳуркар дайди йўллар-ей.
 
«Ҳар кун қайтарилар…»
 
Ҳар кун қайтарилар
Мана шу оҳанг,
Ёд олдим мен сени
Ҳар ёз, ҳар қишдан.
Ҳар кун пайдо бўлди
Мунглиғ қиёфанг,
Овозлар тўқнашган
Ғаройиб тушдан.
Ҳар кун бўғиламан,
Осаман сиртмоқ.
Ўйлайман: ногаҳон
Келсайди кимдир.
Аммо деразалар
Ортида мендек,
Осмон дардларини
Айтарди ёмғир.
 
«Ҳовлида серрайиб қолган дарахтнинг…»
 
Ҳовлида серрайиб қолган дарахтнинг
Илдизин кемириб бўлган сичқонлар,
Мақтаниб гапирди мусичаларга.
Майсаларга чиқиб бир тўп чумоли
Кулди, кулаверди…
…Йиғлади Осмон:
"Унга айтиб қўйма анжум сирини!"
 
 
Сичқонлар парвози шохларга етди,
Чумолилар ечди юлдуз – тугунни.
Шамоллар писиниб кавакка кирди,
Айтиб келганида қасоскор Тунни.
Майсалар ачинди,
Тонг узоқ эди.
Жуда яқин эди
Тундаги ғулув…
Кўмилиб ётарди митти тилсимлар,
Кўмилиб ётарди анҳордаги сув.
Мусича юрарди аста қадамлаб
Олислаб кетган тонг кўчаларини.
Ҳовлида бужмайиб қолган дарахт ҳам
Ўйлаб ўтирарди гулчаларини…
 
«У пайт бола эдим…»
 
У пайт бола эдим
                                  – бу ўй наҳрида
Мунгли қайиқларга тушадир кўнглим.
Эслагин, болалик қолдирган боғда
Йиғлар туғилмаган энг ширин ўғлим.
 
 
Армонли кунларга етаклайди куз,
Турналар қайтади – гул қўшиқлари.
Ойнинг товонларин кесади, она
Синиққан руҳимнинг хор синиқлари.
Қишлоқ қизларидек маъсума ҳадик
Ойдин кунлар қочди ташлаб хаёлин.
"Онамни эъзозла, онамни асра" –
Бир эркак ёлборар қучиб аёлин.
Кўнгил дарчаларин очади шамол,
Фасллар ўтади насми йил аро.
Титраяпти қалбим, титраяпти дардим,
Не дейин, не дейин ай, оламсаро…
 
 
У пайт бола эдим
                                  – бу сўз шавқида
Эргашиб ўтади қуёшга умрим.
Эслагин, болалик қолдирган уйда
Йиғлар туғилмаган энг ширин ўғлим.
 

ЮМАЛОҚ ФАСЛ
(1995-1997)

…Ҳабиб Абдуназар борлиқ ва йўқликни, ички ва ташқи оламни, руҳий ва дунёвий муносабатларни ўз қалби қатламларида бир ижодкор сифатида қайта ижод этади, ўз туйғулари билан дунёвий унсурларни нурлантиради. Бу кўнгли дардлар билан лиммо-лим оғир, вазмин йигитнинг ушбу китобида дилларга чўғ ташлайдиган, нафис туйғулар диёрига бошлаб борадиган гўзал шеърларни кўрасиз. Унинг фалсафий фикрлари, туйғулари, рамзлари муаллақ эмас, улар ёш шоирнинг ўз қалбидан сув ичади ва ўзга булоқларга эҳтиром кўргизади…

Эшқобил Шукур. 1995 йил
«Кўнгил бедор тутар осмон қароғин…»
 
Кўнгил бедор тутар осмон қароғин,
Тун кўзида қолар уйқунинг гарди.
Баҳор очаётир хушбахт қучоғин,
Сенга талпинади –
                                             Бойчечак Гули.
 
 
Оппоқ қорлар босиб, қиш адоғида,
Юракка етади орзунинг тили.
Кавушларин ечиб чопар лайлак қор,
Сенга ҳавас қилар –
                                             Бойчечак Гули.
 
 
Фаришталар тушиб муздай булоққа,
Совутади куйган қанотларини.
Арилар келтирар юлдузлардан бол,
Сени осмон билар –
                                             Бойчечак Гули.
 
 
Субҳга кўчади ошуфта кунлар,
Боғларга уланар хаёллар йўли.
Узмагин, қаҳратон қолдирган висол,
Сендек бир қиз бўлар –
                                             Бойчечак Гули.
 
«Қўшиқ айтиб келдим…»
 
Қўшиқ айтиб келдим,
Дарёларнинг заррин (тилло) сувига.
Ёғдуларнинг нафис тушига кирдим.
Кирдим толгулларнинг ошиқ тусига.
 
 
Оят айтиб келдим,
Руҳим майдонида йиғлади ҳурлар.
Ризвон эшиклари гулдай очилди,
Қучоғимга тўлди илоҳий нурлар.
 
 
Ҳасрат айтиб келдим,
Тупроққа йиғини кўмганда тобут.
Шомлар азиз куйни айтиб йиқилди,
Қушлар кўзларини ёпди қонолуд.
 
 
Эртак айтиб келдим,
Дарахт кавагидан боққан ялмоғиз,
Гулдай муҳаббатни сеҳрлаб қўйди,
Аждарга айланиб бўлди гўзал қиз.
 
«Кўкка тегиб қайтар телба тол…»
 
Кўкка тегиб қайтар телба тол,
Хаёлимда боғлар қўшиғи.
Кўҳна сас-ла чайилган дилда,
Зўраяди жимлик оғриғи.
 
 
Ёғдуларнинг гул гирватида,
Ороланар ой – гўзал ҳилқат.
Олиб ўтар қимтинган сойдан,
Кишанланган асирин зулмат.
 
 
Парчаланган вақт долғасида,
Овоз берар кўмилган мозий.
Тоғлар ғори гулдираб кетар,
Чиқиб келар саҳройи валий.
 
«Шом тушар…»
 
Шом тушар,
                             дарахтлар руҳида,
Қорайиб синади новдалар.
Маҳзуна рангларга чайилди,
Қизариб, бўзариб садалар.
 
 
Шом қўнар,
                             дераза юзига,
Терлаган овозлар солар из.
Устидаги тошдек кўрпасин,
Тепиб ташлар алаҳсиган қиз.
 
 
Шом тинар,
                             юлдузлар қўшиб нур,
Ўради тунларнинг сочини.
Чайқатади қудуқ сувларин,
Осмон ташлаб ой – саночини.
 
«Биров йиғламайди, биров билмайди…»
 
Биров йиғламайди, биров билмайди,
Тутаб айланади бу чархи даввор.
Деворга суяниб ботаётир шом,
Бу ёғи дил ўртар мангу ёнарзор.
Тумандек тарқайди намчил япроқлар,
Юлдузлар томади тирноқларингга.
Ҳижронлар қўшиғин айтади кеч куз,
Турналар гул тутар нигоҳларингга.
Дераза рахига лойсувоқ томдан,
Майсалар тушади оёқлари лой.
Шамолда тўкилган олтин, ол япроқ –
Элас-элас ёнган чироқларим – ҳой.
Очасан дунёнинг ҳув кўҳна дардин,
Сочилиб кетади хаёл парлари.
Териб юрагимга қадайсан, оғрир
Қонимга кўмилган севги зорлари.
 
«Мўъжизалар бўлса, мўъжаз дунёда…»
 
Мўъжизалар бўлса, мўъжаз дунёда,
Қип-қизил олмалар тугса бу қуёш.
Юлдузлар ширадек томса бошимга
Ўсар эдим,
                             о, осмон қадар.
 
 
Эврилиб куйласа дилкаш фасллар,
Зийнатлаб беролса ой – ёруғ гўша.
Десалар, кўнгилга элтар йўл ўша
Куйлар эдим,
                             о, кўнглим қадар.
 
 
Товусдек товланган чароғон дилнинг
Жилвасида мангу акс этса қамар.
Кўролсайдим магар бир нури чеҳра
Йиғлар эдим,
                             қиёмат қадар.
 
ОВЧИ
 
Дашт, тўқайзор.
Жаранглайди тасмадай ўқлар.
Кўкка тираб тумшуқларини
Сув ичади гала чумчуқлар.
Эгилади зумрад коинот –
Тоғлар тоши инграйди қаттиқ.
Парлар тўзар, қоп-қора булут,
Тутаб ётар қўшоғиз милтиқ.
 
 
Дашт, тўқайзор.
Умр ортидан,
Оқсоқланиб чиқади йиллар.
Тун уфурган баркамол ғамда,
Чувалади хастаҳол йўллар.
Ой хириллаб олади нафас,
Қор туёғин қоқади тўриқ.
Йиқилади чинқирган қоя,
Тутаб ётар қўшоғиз милтиқ.
 
«Юмалоқ шакл – билинмас оғриқ…»
 
Юмалоқ шакл – билинмас оғриқ,
Юмалоқ фалсафа, ғилдирайди
                              пастдан баландга
                              баланддан пастга.
Субҳ – ёришади зум ўтмай дилим,
Тун – сиғмай қолар дунё кўзимга.
Оғриқлардан шишиб кетган – Ер,
Оёқлари қалтираган – Ҳаво.
Ўз-ўзини еб ташлаган – Тош,
Маъюс, девонадир, девона.
Сизга-да, суюклироқдир бу бахт,
Менда эса чеҳраларнинг сўниши бор!
Кун бор – қушдайин учқур,
Йил бор – илондек судралган,
Умр бор – туядек лўкиллаган…
Кун,
          Йил,
                              Умр… Юмалоқ фасл.
 
«Зарҳал зиналарда…»
 
Зарҳал зиналарда
Овоз парчаларин титкилаб
юрган шумоёқ тунлар.
Нафасимнинг ёрилган
тасмаларини емирган оғриқ –
куюк кундузлар.
 
 
Сендек зорланмадим.
 
 
Муҳаббат, ишон,
Момо Ҳаво оқизган олмаларни
еб битирди балиқлар.
Камалак – тақир бўшлиқда
товус гулларини қолдирган
ёмғир.
 
 
Сендек зорланмадим.
 
«Ҳар кун…»
 
Ҳар кун,
Ҳар лаҳза,
Гулхан куйларини эшитдим тунда.
 
 
Саксовул – дутордан ҳам қадимийроқ чолғу,
Муножотдан ҳам қадимийроқ куйни чертади
ҳануз…
 
 
Дардимга ўхшайди
ёлғиз шу оҳанг…
 
«Кундуз…»
 
Кундуз.
 
 
Титраган нур –
Қочиб келган ёмғир изларини
кўрди деразада.
 
 
Тун.
 
 
Шам ғижирлар –
Жасадимнинг қора фарёди
сузар деворда.
 
«Дил ачишар –…»
 
Дил ачишар –
Куйган мусибат.
Тун – кўзингдан
Қолган жароҳат.
 
 
                       Айт.
Дардингни менга
айтавер!
 
 
Осмон – қабр,
Кўмаман руҳимни.
Ой – устига қўйилган
Синиқ бир коса.
 
 
                       Соч.
Ҳасратингни менга
сочавер!
 
«Дудоғда дурланди бармоғинг…»
 
Дудоғда дурланди бармоғинг,
Сафодур ишқ ила бормоғинг.
Биламан, ошиқлик жабрини,
Қизгина, жимгина тортмоғинг.
Ўчоқда ўсади гиёҳлар,
Гиёҳлар учида сиёҳлар.
Ёзади тийралиғ исмини,
Қирилган, сирилган буёқлар.
Супрада ёнади гулпилик,
Дардларим йўл кечар мангулик.
Элакнинг бўғзида қотган ғам,
Қонимга ун босар кўргулик.
Дудоғда дурланди бармоғинг,
Ўлимдир ишқ ила қолмоғинг.
Биламан, ошиқлик жабрини,
Биргина, жимгина тортмоғинг.
 

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> 1
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации