Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"
Автор книги: Иқбол Мирзо
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 26 страниц)
22 октябрь
Дадамнинг йигирмасини ўтказиб, ўқишга қайтдим.
Эшитган, бошимдаги оқ рўмолимни кўрган таниш-билишлар кўнгил сўраб баттар кўнглимни эзишди.
Мен учун ягона таскин ва юпанч Олмос эди. У ҳар куни мендан хабар олар, қайта-қайта СМС йўллар, мени чалғитиш учун бўлса керак, китоблар совға қиларди. Аммо… китобдаги ҳар бир сурат, воқеа, ҳатто исмлар дадажонимни эслатаверар, Олмосга ўзимни қувноқроқ кўрсатишга уринсам-да, юрагим ҳилвираб борарди.
Гоҳида уйга қайтарканман, остона ҳатлаб ҳовлига киришим билан ичкаридан, “Келяпсанми, жон қизим, ўқишларинг яхшими, қийналиб қолмадингми?” деб дадам жилмайиб чиқиб, пешонамдан ўпадигандай туйилаверарди.
* * *
Бир куни уйга қайтсам, остонада онам мунғайибгина ўтирибди…
Қийин-қийин – онагинамга қийин бўлди, ҳар ўқишдан келганимда дадам билан қарши олишарди, деб юрагимдан бир нима узилди. Билдирмаслик учун кулиб келиб:
– Ҳа, онажон, менга йўл қараб ўтирибсизми? – деб юзларидан битта ўпдим.
Онам тўлиб турган экан:
– Ҳа, сендан бошқа кимимни кутаман, болам, – деб йиғлаб юборди.
– Сизга нима бўлди?
– Бир гап айтаман, хафа бўлмайсан, хўпми?
– Хўп, нима гап?
Онам енгини мижжаларига босиб:
– Акангга пул зарил экан, бобонгни ҳовлисини савдога қўйибди, – деди.
Музлаб қолдим…
Бир вақт акам келди.
– Ҳовлини нима учун сотяпсиз? – деб гап бошлашим билан онамга бақирди:
– Дарров етказдингизми? Ўзим айтардим!
– Биринчидан, онамга бақирманг, айтган бўлса бегонага эмас, қизига айтди. Иккинчидан, барибир эшитардим. Учинчидан, ҳовли дадамники, сизники эмас, сотишга ҳаққингиз йўқ! Сотилмайди! Тамом, вассалом! – дедим.
– Дадамдан кейин мерос менга қолади, чунки мен ёлғиз ўғилман, – деб ғудиллади у.
– Меросхўрлигингизга қаршилигим йўқ. Лекин у… оддий ҳовлимас…
Акам ростмана ажабланди:
– Нимаси оддиймас? Хароблигими?
– Бобом яшаган… Бобом…
Акам мажбуран кулди:
– Ҳозир яшамайди чоғи?
Нима дейишга сўз тополмай:
– Дадам, ўғлим бобомерос ерларимни сотсин деб қолдириб кетмаган. Ундан кўра ўзингизни ҳовлингизни сотинг! – дедим.
– Янги ерни-я?! Бону, сенга ҳамма гапни ижикилаб айтиш керак, дадам шифохонада ётганида қайнакамдан қарз олгандим. Улар тўй бошлашяпти, пул керак экан. Қарзимни қайтаришим керакми, йўқми?
– Қанча қарзингиз бор? Нимага бизнинг хабаримиз йўқ?
– Анчагина!
– Унда озгина кутишсин, мен Шоира опамдан сўрайман, узамиз қарзингизни.
– Йўқ, менга кўп пул керак!
– Яна нимага?
– Бону, ҳаддингдан ошма, мен ота ўрнида отаман, сенга ҳисоб беришим шартмас!
– Мен ҳисоб сўрамадим, пул нимага кераклигиниям билишга ҳаққим йўқми?
– Керак бўлмаганда сотмасдим!
– Эркак ер сотмайди, ака!
– Мен лафз қилдим, гапимдан қайтсам иснодга қоламан.
– Дадам тўртта қиз чиқариб, ўғил уйлантириб ер сотмаган. Арвоҳдан қўрқмайсизми? – дедим аччиғимга аччиқ қўшилиб.
– У даврлар бошқа эди, – деди акам.
Янгам курк товуқдай ҳурпайиб келиб, можарога қўшилди:
– Акангни пули кераг-у, ўзи керак эмасми? Унинг обрўси-чи? Акамдан қарз олган, шуни бериш шарт! Маҳримга берган тилла занжири йўқолган, худо билади, биров олганми… Энди қалинроғидан тақмасам тўйда уят қилишади… Болаларни кийим-бошига ҳам қараб бўлмайди…
– Ҳа, энди тушунарли, хотинимга ваъда берганман денг, ака, – дедим ўпкам тўлиб. Яна акам ўрнига янгам жавоб берди:
– Эрим Россияга бориб ишлаб топганини дадангга ишлатган, сенларга сарфлаган. Ҳамма пулни бошига сув қуйган ўзларинг…
Мен янгамга ҳеч нима деёлмадим. Яна кучим акамга етди:
– Янаги сафар пул керак бўлганда онангиз билан синглингизни ҳам сотинг!
Ўқ нишонга тегди – гапим акамнинг жон-жонидан ўтиб кетди. “Ҳе!” дедию юзимга бир шапалоқ тортиб юборди.
Шапалоқ зарбидан бетим бир жизиллаб ўтган бўлса, менга қўл кўтаргани юрак-юрагимни ўн бор шилиб ўтди.
Янгам акамга қараб:
– Қалай экан? Ана шунақа, синглингга сиғиниб, майдагап бўлиб юравер, – деди униям сенсираб.
Акам янгамга ёпишиб, бир-икки тарсаки туширган бўлди. У аюҳаннос солганча кўчага чиқиб кетди. Онам:
– Агар ўша ҳовли билан ишинг битадиган бўлса, бор, сот! Московда ишлаган пулларингниям чиқариб ол! Бошқа сарфлама бизга! Нима бўлса, пешонамиздан кўраверамиз энди, – деб йиғларкан, менинг билагимдан тутиб, – бундан кейин акангни ишларига аралашма, билган бўтқасини есин! – деди…
* * *
25 октябрь
Бобоҳовли сотилди.
Акам “қарз”ларини тўлади.
Янгам янги занжирли бўлди.
Тўйга телевизўр қўшан қилишди.
Ҳовли можаросигача, шукур, акам бор, деб юрардим. Ўша кундан бошлаб акамни ҳам юрагимга кўмдим.
Мен дадамнинг хонасида “Роҳати дил”ни ўқиётсам, акамнинг икки ўғли дастурхонга таклиф қилиб, остонада туриб олишди. Кейин онам, ниҳоят акам овқатга чақириб келди.
– Мен миннатли ош емайман, – дедим.
Акам ёнимга коса кўтариб келиб, кечирим сўради.
– Йўқ, кечирмайман! – дедим жаҳл билан.
– Ол, овқатни е, Бонужон, мени эзма, мажбур бўлмасам қилмасдим шу ишни, – деди акам муросасозлик билан.
Баттар жиним қўзиди. Деразани очдиму овқатни коса-посаси билан улоқтириб юбордим. Акам бир қалқиб тушди, ранги бўзарди:
– Кечирмайсанми? – деди хириллаб.
– Кечирмайманми? Нимани кечирай? Сиз ҳақ, мен ноҳақман-ку! Нега кечирим сўраяпсиз?
– Демак, сенга ака керак эмас, шундайми? – деди кўзлари олайиб.
– Йўқ! Агар ака дегани сиздай бўлса, керак эмас! Дадасиз яшашга кўникдимми, акасиз ҳаётгаям чидайман! Бўлди, дадам билан бир кунда акамниям кўмдим! – дедим.
Акам шахд билан ташқари чиқиб, эшикни қарсиллатиб ёпди…
Онам дастурхондан қўл тортганини кўрган янгам жавраб-вайсаб, икки боласини диконглатиб уйига олиб чиқиб кетди.
Шу можаро сабаб акамнинг рўзғори бутунлай бошқа бўлди. Ҳовлида бир-биримизга суяниб онам билан қолдик…
* * *
27 октябрь
Бир кун ўқишдан қайтаётсам, ёнимга машина келиб тўхтади. Қарасам, акамнинг қайинакаси. Шаҳардан келаётган экан, саломлашиб, чиқиб олдим.
– Ака, сиздан Мирхонднинг қанча қарзи бор эди? – деб сўрадим мавридини топиб.
– Қанақа қарз? – таажжубланиб юзимга бир қараб қўйди акақариндош.
– Дадам шифохонада ётган пайтлари пулдан қанча ёрдам қилган эдингиз? – суриштирувни давом эттирдим.
У бироз ўйланиб турди-да:
– Мен домодга ҳеч қарз берганим йўқ, ҳазиллашгандир, – дедию ўйланиб қолди.
– Яқинда синглингизни тўйи арафасида қарзини қайтардими ахир? – дедим ҳайрат аралаш.
– Йўқ, домод билан олди-бердим йўқ эди. Фақат қўшан учун юз доллар берди. Кейин… телевизўр ҳам… Эрта-индин жиянчаларни тўйида қайтарамиз насиб бўлса…
Тушунарли…
Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмасликка аҳд қилдим…
Машина қабристон ёнига етганда секинлади, акақариндош магнитофон овозини пасайтирди. Юзимизга фотиҳа тортиб ўтдик.
Ана, дадамнинг қабри. Ҳали тупроғи нам. Энди-энди майсалари ниш уриб чиқяпти…
* * *
1 ноябрь
Азадор одам бировга кўрингиси келмайди.
Балки, кимлардир ачиниб қарашидан безиб, эҳтимол, аза кийимидан ноқулай тортиб… билмайман… Бундай пайт одам марҳумни асраб қололмагани учун ўзини бошқалар олдида гуноҳкордек ҳис қиладими…
Мен ҳам дадамнинг руҳи қошида ўзимни айбдор сезардим.
* * *
4 ноябрь
Бобоҳовлини сотиб олган қўшни мени кўриб анча хижолат чекди. Рухсат сўраб, бобом билан китобхонлик қилган даҳлизда ўтириб тиловат ўқидим. Ҳамма қадрдонларим – ўчоғу болоргача бирма-бир хайрлашиб келдим.
* * *
Акам билан юзкўрмас бўлганимиз, ҳайҳотдай ҳовлида онамнинг ёлғиз қолиши мен учун зўр қайғу бўлиб кўринар, кўнглимга қил сиғмасди. Аммо фурсат ўтиб, бу кўргиликлар шахсий фожиамнинг бошланиши, яна тўғрироғи, ҳолваси эканини тушундим…
Олмос тўйни тезлатайлик, деб қистар, бирор дўкон ёнидан ўтиб қолсак мени ичкари тортиб, кийим-кечакми, уй жиҳозими чамалаб танлаб, фикримни сўрар, нархини суриштириб, ён дафтарчасига ёзиб оларди. Менинг оилавий аҳволим ўзимга маълум, ўлик чиқарганга ўн йил тегма деган гап бор, орзу-ҳавас ўз йўлига, келинкўйлакнинг нархи бойвуччани капалакдек қитиқласа, мендақаларни чаёндек чақиши тайин эди.
Олмоснинг раъйига қараб дўкон кезиб юргандик, рўпарамизда дўхтир холаси пайдо бўлди. Аслида, у бизни узоқдан кўриб атай йўлимизни кесиб чиққани аён: ичкари салқин бўлса-да, саратон егандай бўғриқиб кетганди. Салом-аликдан кейин менга ёвқараш қилиб:
– Ҳа, пошша қиз, дадангизни қирқи чиқдими? – деб писанда қилди. Мен жавоб беришга улгурмай Олмос жонимга ора кирмоқчи бўлди:
– Бир оғайнимда омонат гап бор эди, шуни айтгани киргандик…
– Қачондан бери йигитни омонатини азадор қиз етагида етказадиган бўлдик? – деб унинг ҳам оғзига урди. Кейин бирдан ҳушёр тортиб, лабларимга, қошларимга қаради. Мен қўрқиб кетдим. Чап қўлимни тутиб, айлантириб текширди. Бармоқларим учи пўст ташлаб оқаринқираб тургани шубҳалантирди шекилли, – бу қачондан бери? – деб сўради.
– Кеча қишлоққа борганимда гул эккандик, атиргул, ўшаники, – дедим қўлларимни ортимга тортиб.
Бирдан кўнглим ўксиб кетди. Шарт бурилиб дўкондан чиқдиму бекатга қараб кетавердим. Анча юргач тўхтаб, ортимга ўгирилдим.
Йўқ, Олмос кўринмади…
* * *
5 ноябрь
Очиғи, мотам сабаб ўзимга унча қарамай қўйгандим: азадор қиз-жувон пардоз қилса айб саналади. Шу боис кўзгуга ҳам анчадан бери ишим тушмаган, қараган бўлсам ҳам шунчаки нари-бери кўз ташлагандим.
Шоира опамнинг уйига келиб хонамга кира солиб дарҳол кўзгуга ёпишдим. Ҳа, қошларимнинг таги шамол ялагандай қуруқшаган, лабларим ёрилиб, пўст бойлагандай…
Бу хотин нима хаёлларга бордийкан, нимадан шубҳаландийкан?
Олмоснинг қўнғироқларига жавоб бермадим. Холаси валламат бўлгандаям ортимдан келиши, мени юпатиши керак эди. СМС юборди: “Бунча тез кўздан ғойиб бўлдингиз? Холам билан хайрлашиб чиқсам, еру кўкда йўқсиз… Эртага ўқишингизга ўтаман”.
* * *
7 ноябрь
Лекин Олмос эртаси, индини ҳам келмади. Учинчи куни муюлишда кутиб олиб, узр сўраган бўлди. Айтишича, Самарқандда доришунослар танловида қатнашиб, ғолиблар қаторига илашмабди, тўғрироғи, ташкилотчилар пора сўраган экан, жаҳл қилиб, соврин керакмас, деб уйга қайтибди.
Мен бу сўзларга ишонмадим. Кўнглим ғаш тортди. Ғашликка яна бир сабаб, у ора-чора менинг қошимга, лабимга, бармоқларимга син солиб қараётгани бўлди.
* * *
14 ноябрь
Мен темиратки деб ўйлаган нарса, ҳайҳотки, бошқа бало бўлиб чиқди. Автобусда уйга қайтаётган чоғим бир таманно аёл юзимга ғалати қараганини пайқадим. Ҳамроҳига: “Тавба қилдим, гулдай қиз лабидан бузилибди-я”, деб шивирлагани қулоғимга чалиниб, ичимдан зил кетдим.
Хавотиримни онажонимга тўкиб солдим. Онам юзимни икки кафтига олиб ёруғликка тутиб, бирпас қарадию елкаси учиб йиғлаб юборди:
– Вой шўрим-а, шўрликкина бошим-а! Энди бу кўргилик ҳам бормиди! Жон болам, қошингга қошлиқми, ўсма-пўсма қўй, лабингга бўёғингни сур, оқариб қопти-я, етти уруғимизга йўламаган нарса-я! Худога нима ёмонлигинг бор эди-я, шунча ургани етмасмиди? Сендан бошқа ёмони йўқмикан-а? Вой болам-а!
Икки дунё зимистон бўлди.
Олмос нега тайсаллаб қолганини тушундим. Тонггача худога йиғлаб илтижо қилиб, жойнамоз устида ухлаб қолибман.
Тушимга олти ёшлик пайтим, боғчадан қизамиқ юқтириб келган кунларим кирди. Ўша-ўша манзара: бошимгача майда тошмачалар босиб кетгани сабаб сочим олиб ташланган, митти пуфакчалар сув ёриб ёйилмасин деб кўкдори теккизилганидан юзим ажи-бужи бўлиб кетган, ирим қилиб қип-қизил гулнор кўйлак кийгизиб қўйишганидан масхарабознинг ўзгинаси бўлиб қолганим, ойнага қарагани юрагим бетламай тошойнага дастурхон ёпиб қўйганим, юзимни сийпалаб лаб буриб йиғламсирасам онам қучоқлаб кулгани, акам “Олабўжини кўрмадингларми?” деб менга тегишгани, опаларим бир-бирларига қараб сирли кўз қисишгани, кўрпага бурканиб ўксиб ётганларим… эшикдан қучоқ ёйиб кириб келган дадажоним бошимни силамоқчи бўлса нари қочиб, тегинманг, сизгаям юқиб қолади, деганимда кўзларини катта-катта очиб қараб қолгани, бобом исириқ айлантириб дам солаётганида энди тузалмайманми, деб баралла йиғлаб юбориб ҳаммани чўчитганим… барини кўзгудагидек аниқ-тиниқ кўрдим.
* * *
Эртаси кўчага одам чиқмасдан, саҳарлаб шифохонага бордим.
Мени кўрикдан ўтказган врач кўнглимни кўтариб, бу ҳеч нарса эмас, жиддий касаллик ҳисобланмайди, фақатгина жигар фаолияти бузилган холос, деб дори ёзиб берди. Умидим учқунлади. Енгил тортдим. Онамнинг ҳам чеҳраси ёришиб, шифокорни дуо қилди.
Парҳез тутдим, суртма малҳамларидан ниқоб чаплаб уйқуга ётадиган бўлдим.
* * *
15 ноябрь
Олмос энди ҳар ҳафтада бир бор, фақат жума куни СМС ёзадиган бўлди. Энди ўйлаб қарасам, бу йўқлов шунчаки мажбурият юзасидан, бир пайтлар ичилган қасаму, берилган ваъдалар уятидангина қилинган экан… Мен ҳам уни ортиқча безовта қилишни хоҳламасдим…
Табриклар қисқагина, беш сўздан иборат бўлиб: “Ассалому алайкум. Жума муборак бўлсин!” тарзида худди қолипдан чиққан ғиштдай келар, менинг ҳам жавобим: “Раҳмат, сизга ҳам! Борингизга шукур” қабилида эди…
* * *
Сессия бошланиши арафасида ўқув хонамиз эшиги тақилладию устозимиз мени чақириб, бир аёл сўроқлаб келганини айтди. Ҳайрон бўлиб чиқдим, йўқловчи билан салом бериб сўрашдим… Аёл Олмоснинг онаси эканлигини, гаплашиб олишимиз зарурлигини айтиб, ташқарига етаклади.
Спорт майдончасидаги ўриндиқларнинг бирига бориб ўтирдик… Ўртага ноқулай, зил сукунат чўкди. Юрагим биринчи марта қафасга тушган каптар каби потирлар, қош-кўзимдаги нуқсонни яшириш учун ерга қараб, бармоқларимни мушт қилиб беркитиб ўтирардим.
Аёл биратўла муддаога кўчиб қўяқолди. Яқинда Олмосни уйлантиришларини, тагли-тугли, ўзларига муносиб хонадоннинг қизини сўраб қўйишганини, кеча тўй кунини белгилаб келишганини айтдию бошимдан бир челак муздай сув қуйгандай бўлди… Менинг қарашимдаги савол аломатини пайқаб, норози оҳангда бизникига борган эркак совчилар Олмоснинг домлалари эканини, бу ўзбошимчаликдан оила бехабар ва норозилигини писанда қилди.
Мазам қочди, кўнглим беҳузур бўлиб, кўзим тинди, еру осмон чайқала бошлади. Энди аёлнинг овози булутлар ортидан, майсалар остидан келарди:
– Ҳа, қизий, ҳаётни ўйинчоқ билибмидинг? Ҳар кимнинг азалий қисмати бор, уни ўзгартиролмайсан. Ё чиройинг билан тақдир яратмоқчимидинг? Ҳусн ҳам омонат нарса, бугун бор, эрта – йўқ! Тўғри юрганингда юзингга доғ тушмасди, хўпми? Кўзгуга бир қара! Нималигинг эсингдан чиқмасин! Кўрпангга қараб оёқ узат!
Мени Шоира опамникига дугоналарим олиб келиб ташлашибди. Эртасига бор гапни опамга тўкиб-солдим. Опам ҳам бошимни қучоғига олиб мунчоқ-мунчоқ йиғлади. Шунда… дунёда мени ушлаб турган ягона илинжимдан, биттагина умидимдан ҳам ажралганимни ва… Шоира опамдек қиёматли жигарим борлигини англаб етдим…
* * *
19 ноябрь
Вақт ўтган сайин ҳолсизланиб бораётган эдим, асабийлашсам қўлларим қалтираб қоладиган бўлди. Аста-секин бармоқларим ва оёқларим панжалари оқариб кела бошлади…
Учинчи босқичда ўн кунча ўқигач, Қоровулбозорга пахтага кетдик… Сал-пал юракка шамол теккандай бўлди… Кейин пахта чаноғи қўлимни тилган жойлари оқариб кетди. Сўнгра доғлар ёйилиб, аъзойи баданимга лахтак-лахтак бўлиб тарқалди…
Бир кун далага отланиб турсам, деканимиз ёнимга келиб:
– Нега бунақа бўляпти? Бу жиддий касаллик, ота-онангга айт, дўхтирга кўрсатишсин, – деди.
– Хўп, айтаман, – дедиму, кимга айтишимни, кимдан нажот кутишимни кўз олдимга келтиролмадим.
Аслида, яқинларимдан йироқ юриш менга маъқул эди, уларнинг ваҳимали куйинчаклиги, шафқати мени зада қилган, айниқса, тўзғиб бораётган чиройим билан онамни об-оташларга ташлашни истамасдим.
* * *
23 ноябрь
Касаллик авж олгани сари одамови бўлиб борардим, сабаби аён, ҳамма устимдан кулаётгандек, раҳми келиб, ачиниб қараётганлар ҳам ич-ичидан мамнундек туйилар, хайрият, бу дардга мен чалинмаганман, деб кўксига туфлаётгандек кўринарди.
Декандан илтимос қилиб, штабда қоладиган, ош-овқатга қарайдиган, супур-сидир билан шуғулланадиган бўлдим. Ишимни талабалар даладан қайтгунча бажариб қўйиб, каравотим жой олган бурчакда китоб ўқиётгандай ўтирардим. Улар қий-чув қилиб кириб келишганида ўзимни уйқуга солиб ётган бўлардим. Аста-секин бу ҳолатга мен ҳам, бошқалар ҳам кўникди. Лекин юқори курс талабалари, айниқса, илгари менга севги изҳори қилиб, рад жавоби олган Аҳад деган бола “Бу пиширган овқатни биз емаймиз, таъбимиз тортмайди”, деб жанжал қилдию яна тинчим бузилди.
Эртаси куни ўз ихтиёрим билан индамай далага чиқиб кетдим.
* * *
26 ноябрь
Ёзиш қийин бўляпти, акажон…
* * *
2 декабрь
Сессия тугаб, таътил берилди.
Мен тўрт-беш кун университетда ушланиб қолдим. Имтиҳондан кўнгилдагидек ўтолмаган даъвогар талабаларнинг баҳолари учун курашиб, журналларни тўлдириб, кейин қишлоққа қайтдим.
Шу кунлар ичида лабимнинг пастки қисмидан бўйнимгача оқариб кетди. Буни қандай яширишнинг йўлини тополмай, ақлдан озишимга оз қолди.
Энди мен кечаю кундуз ўзимни, тақдиримни, бутун дунёни қарғардим, ўзимга ўзим ўлим сўраб Парвардигорга илтижо қилардим: “Эй худо, дердим, аввало, мени яратмасанг нетарди? Баски, яратибсан, мурғаклигимда омонатингни олсанг бўлмасмиди? Ҳеч қурса, шу бугун, шу дақиқада осон ўлим бериб, жон қушимни озод қилсангу мен ҳаммадан, ҳамма мендан қутула қолса, тез эсларидан чиқаришса… шу сенга қийинми? Мендан ҳазар қилмайдиган дадажонимнинг ҳузурларига борсам, юзтубан тушиб оёқларини ўпсам, айтсамки, жон дадажон, сиздан бошқа ҳеч ким мени яхши кўрмас экан…”
Кўзларимдан сел-селоб ёш тўкардим-да, яна бечора онаизорим ёдимга тушиб, тавбалар қилардим…
Таътил тугади. Мен ўқишга бормадим, тўғрироғи, боролмадим. Аввал курсдош дугоналарим, гуруҳ раҳбаримиз, кейин деканимиз ва шаҳардаги қиёматлик опам ҳаммалари телефон қилиб чақиришди, лекин зинҳор-базинҳор оёғим тортмади.
Деканимиз уйимизни излаб топиб келди. Аҳволимни кўриб кўзёшини тия олмади, охири тақдирга тан бериш керак, пешонада шу савдо бор экан-да, ўзингни тут, деб маслаҳат берди, сабр тилади, ўқишга ундади…
Аммаю холалар бирин-кетин кўришга, ҳол сўрашга келишди…
Беморни кўрганда ҳамма табиб, беморга кўринган ҳар ким табиб, деганларидай, ҳар бири минг хил маслаҳат берди, бу жонкуярликлар, бу дардкашликлар жонимни ҳиқилдоғимга кўтарди.
Бир пайт ҳуснимни кўролмай куйканаклик қиладиган опалариму холаларим келишди, негадир уларнинг кўзлари туб-тубида “йилт” этган қувонч, оғизларининг четида кулги кўргандай бўлдим. Ўйладимки, бу дард мени худбинлаштириб, тубанлаштириб боряпти шекилли, ҳамма нарсада ёмонлик кўрадиган, қидириб топадиган бўлиб қолдим.
Қўшнимиз Гулфом хола “Эй қизжоним, бу сенга худонинг марҳамати, юзларингни, маҳрам жойларингни ёпиб юр, рўмол ўра, бетингни ёп дегани, демакки, сендан ибодату зуҳд сўрал япти”, деб тақвога чорлади. Шундоқ ҳам мен бомдод намозини имкон қадар канда қилмасдим, раҳматли бобомнинг художўй навараси эдиму, бироқ кутилмаган бу шўриш эсимдан жудо қилиб… астағфируллоҳ, астағфируллоҳ… худойимдан ҳам ҳафсалам пир бўлганди…
* * *
3 декабрь
Туман тери касалликлари шифохонасида ётиб чиқдим.
Бу ҳам мен учун ўта оғир ҳақорат бўлди. Оти хунук бу масканда аксарият енгилоёқлик оқибатида таносил касаллигига чалинган ахлоқи бузуқлар ётарди.
Кўргани келган Шоира опам зудлик билан шаҳарга олиб келди, пулнинг зўри билан таниш-билиш топиб, энг донғил дўхтирларга қаратди.
Шу тариқа қиш чиқди.
Муолажалардан фойда бўлмади…
Ҳеч нима ўзгармади…
* * *
Бошқа ёзолмаяпман, акажон…
Кейинроқ ёзарман…
* * *
7 декабрь
…Бечора онамнинг қистови билан эскича ирим-сирим қилиб, номи чиққанки мулла-бахши-парихонларга ихлос қилиб, эшикларида ҳафталаб ётиб юрдик.
Туркистонга машҳур Муҳаммаджон табибни қидириб бориб, товламачиларнинг қўлига тушиб, бор-будимиздан айрилдик.
Устюрт этагидаги Оқмозор бувага ит азобида етиб бориб, оқ қўй сўйиб, қонини баданга суриб, эҳсон қилиб келдик.
Зангиота бувам хилхонасида чилёсин ўқилди, бир отинчанинг жазавасидан юрагимиз тушиб, обдон қамчисини едик…
Бу гапларни кўпликда ёзаётганимни тушунаётгандирсиз, сафарларда онажоним мен билан баравар заҳмат чекиб, мендан кўпроқ умидвор бўлди. Лекин… бу расм-русумлар, ҳаракату харажатлар алалоқибат бефойда бўлиб чиқди.
Яна уйга қайтиб, узлатга берилдим.
* * *
8 декабрь
Яна Гулфом хола маслаҳатгўй бўлди, эмишки, Қизилқумнинг одамтопмас бир ерида Хожа Уббон деган авлиёнинг мозори бор экан – ўша даргоҳда қирқ кун чилла ўтириб, муолажасини олган киши қирқ йиллик дарду ғуборидан фориғ бўларкан.
Негадир холанинг бу таклифи менга нажот йўли бўлиб кўринди. Қирқ кунда тузалиб келаман, деб қатъий ишондим, бу сафар ҳам онам ҳамроҳ бўлди. Бир ҳожатбарор ҳайдовчини топиб, мени ўша манзилга олиб борди.
* * *
Бу мўъжизакор макон чўли биёбоннинг нақд ўртасида воқеъ бўлиб, масжидга ўхшаб қурилган хонақолар, катта-катта, кенг ва узун айвонлардан иборат эди.
Шифоталаблар ниҳоятда кўп: чоллар, кампирлар, эркаклар, аёллар, йигитлар, қизлар, ёш болалар – ҳамма тоифа бор… Бировига қараб англадимки, менинг дардим ҳолва, бошқасига боқиб, ўз ҳолимга раҳмим келди…
Онам мен билан уч кун ўтирди. Иссиққа юраклари дош бермади, акам келиб олиб кетди.
Биз битта ҳужрада етти киши яшардик, биримиз Андижондан, бошқамиз Чимкентдан, Ўшу Исфарадан ҳам бор…
Бировнинг биров билан иши йўқ, ҳамма ўз дарди-дунёси билан овора, умиди узилганлар ва узиладиганлар… шуларга кўникиб яшай бошладим…
Қиладиган ишимиз – нонуштадан кейин чўлга чиқиб кетамиз, эрталаб соат еттидан чошгоҳгача жазирама қуёш тиғида онадан туғилгандек белибос тобланиб ётамиз. Ҳужрада ҳар кун бир одам навбатчиликка қолади. У хонадошлар қайтиб келгунга қадар супуриб-сидириб, идиш-товоқларни ювиб, овқат тайёрлаб қўйиши керак.
Онам уйга кетганидан кейинги кун мен навбатчиликка тушдим. Ҳамма ишларни саранжом қилиб, сув олиб келгани қудуққа бордим.
Қудуқни хосиятли дейишар, унинг ёнига савобталаблар ун, гуруч, мой, туз каби заруратларни ташлаб кетишар, биров у инсонларни кўрса ҳам кўрмаганга олиши урф экан.
Жума кунлари қудуқ тубида ой ва юлдуз ёрқин кўринар, ким бунга гувоҳ бўлиб ниятини айтса, орзуси ушалади деган гапни ҳам эшитгандим. Шундан бери қудуққа ихлос уйғониб, бор илинжим шунга боғланган, жума бўлмасаям, қудуққа бош суқиб тилак айтардим. Мўъжиза рўй бериб сиҳат топсаму одамзод яшамайдиган бирор овлоққа тушиб, умримнинг охиригача ўша ерда яшаб қолишни чин дилдан истардим. Искандарнинг сартароши қудуққа сирини айтса, мен истак-орзуларимни унга тўкардим. Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади-ку, тўғрими?
Сув олаётсам, бир қиз челак кўтариб келди. Саломлашдик, танишдик. У менга бошдан оёқ бир қараб чиқиб:
– Биринчи йил келишингизми? – деб сўради.
Мен тасдиқ ишорасини бериб, сиз-чи, десам, у:
– Ҳа-а, мен эски песларданман, ўн икки йилдан бери қатнайман, – деди бамайлихотир.
Чаён чаққандай турган жойимда бир сакраб тушдим.
– Нима?! Ўн икки йил?! – қулоқларимга ишонмай, қайтиб сўрадим.
Аҳволимни кўриб елкамга уриб қўйдию:
– Ҳа, хафа бўлманг, ҳали кўникиб кетасиз, – деди маҳзун жилмайиб.
Сув тўла челагим қудуққа тушиб кетди, суҳбатдошим менга ёрдамлашиб, кейин ўзининг челакларини ҳам тўлдириб, жўнади.
Унинг гаплари миямда қовоғаридек бетиним ғўнғилларди: “эски песлардан…” “ўн икки йил…”
Гангиб, ўтириб қолдим. Қанча қолиб кетганимни билмайман… Хаёлимда биргина савол: мени ҳам пес деб аташадими энди?
Шу чоққача бу касалликни дард деб юраверибман-у, идрок этмаган эканман. Атрофимдагилар ҳам бу сўзни товуш чиқариб айтишмаган экан.
Номининг ўзи дарддан кўра даҳшатлироқ… Ҳайҳот!
Англаган ҳақиқатим – пес бўлган эканим ва бу дард тузалмас, бедаволиги… Дунёдан мутлақо узилиб қолганим, ҳаётим ҳайратланарли даражада арзимаслиги, ночорлигим, бечоралигим…
Саволлар юрак-бағримни тилка-пора қиларди.
Ҳужрага қайтиб, йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолибман, хонадошлар келишсаки, овқат йўқ. Ҳаммаси хафа бўлишди, кейин эркалигимга, янгилигимга йўйишди. Ўзлари шавла пишириб, мени дастурхонга чақиришди, ўрнимдан турмадим. Қаеримга ейман овқатни, нима учун, қайси куним учун?
Тушдан кейин бир аёлдан ўрнимга навбатчилик қилишини сўрадим ва ўзим чиқиб кетдим, узо-оқ-узоқларга, ҳеч кими йўқ жойларга…
Кечга қадар шу аҳволда бесару сомон юрдим. Ҳужрага қайтишга оёғим тортмади…
* * *
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.