Электронная библиотека » Карим Бахриев » » онлайн чтение - страница 4


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 20:20


Автор книги: Карим Бахриев


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +
МУҲАММАД ЮСУФНИНГ СЕВИНЧИ ВА АРМОНЛАРИ

Муҳаммад Юсуф – ҳаққоний ўзбекона, халқона шоир. «Халқона» сўзи икки сўздан – «халқ» ва «она»дан келади. Муҳаммад Юсуфнинг тафаккурида улар жонбахш бир тарзда уйғунлашгандир. Ватан ҳақида шунчаки ёзиб бўлмайди, юрт мавзуси ҳар қандай шоирнинг қудрати ёки заифлигини шундоқ кўрсатиб қўядиган мавзудир. Ҳар ким ҳам юрак ютиб ёзиши қийин. Ларошфуконинг бир ҳикмати бор: «Ёлғонни равон ёзсанг, ўзини фош қилади». Ёлғон фош бўлмаслик учун чиройли бўяб-бежалади, тимсоллардан либос кияди. Ростнинг ошкор бўлиб қолишдан хавотири йўқ, ҳақиқат турланиб-тусланишга эҳтиёжсиздир. Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ҳақидаги шеърлари ҳам ясама эмас, кўнгилдан оққандир, шунинг учун ойдину равондир ва шу ойдину равонлиги ила гўзалдир.

Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ва халққа бўлган чексиз меҳру муҳаббатига шубҳа йўқ ва ана шу муҳаббат унга халққа рост сўзни куюнчаклик билан оломон бўлма, «халқ бўл, элим» деб айтиш ҳуқуқини беради.

 
Бўлар элнинг болалари бир-бирин дер,
Бўлмас элнинг болалари бир-бирин ер,
Бир бўл энди, қадри баланд қаддингни кер,
Халқ бўл, элим, халқ бўл, элим, халқ бўл, элим!
 

Муҳаммад Юсуфнинг исму шарифи икки пайғамбарнинг – Муҳаммад алайҳиссалом ва Юсуф алайҳиссаломнинг исмларидан келадиган илоҳий рамзлиги ҳам бежиз эмасдир.

МУҲАММАДНИНГ МУҲАББАТИ

Муҳаммад Юсуф шеъриятининг бош мезони – муҳаббатдир. Ва бу муҳаббат «осмонга бўй чўзган оқтерак ўлка»га, «довруғу ҳам дарди бор» халққа, «кўзи йўлда қолган» онага, «кўк кўлдаги тиниб қолган сувпари» ёрга, «қирларида беарқон туёқлари чақноқ қулунлар» кезган ерга, шу заминдаги «кўкидан бир чимдим» тутган ҳар бир гиёҳу «кўзи ёшга тўла жайрон»ларга, қурт-қумурсқага бўлган муҳаббатдир. Зеро «йиллар тўзони», «инсоннинг яхши-ёмони» ўтар, «самонинг кўз ёши – юлдузлар» охир тўкилиб кетар, «келганда ҳам қиёмат охир, меҳр қолур, муҳаббат қолур».

Унинг шеърларини катта-кичик бари ёд билади, уни давлат раҳбарларидан тортиб тоғдаги чўпонгача эҳтиром билан қадрлайди. Бу бежиз эмас – унинг шеърларидаги дард одамларнинг дардидир. Бу дард жонга тегмайди. Абдурауф Фитратнинг лутфича: «Шарқнинг виқорида ҳасрат, қайғусида виқор мужассамдир». У севганига теголмай, кейин фарзандига исмини қўйган келинларнинг, ота уйидан кетиш қисматига битилган сингилларнинг, «ота уйда умри тушдайгина» ўтган сингиллари учун «ёлғиз ака бўлиб, ёнида юролмаган» акаларнинг, иш баҳона «бир парча юраги минг пора», «ортидан оввора» онасини бир кўргани боролмаётганидан минг хижолат ўғилларнинг, «Озодани севишини хотини ҳам биладиган», лекин «ҳар куни бир кўчасидан ўтмаса сира бўлмайди»ган, «кўнглида – бир ёр, қўйнида – бир ёр» ошиқларнинг ҳам шоиридир.

Муҳаммад Юсуфнинг шеъриятга муҳаббати ўзгача эди. Унингча, шеърият бу «ширин азоб экан, жонни ёқмоқ экан, бир қўлда гул, бир қўлингда чақмоқ экан».

Муҳаммад ёрига қарата «Сени ҳеч ким севолмайди менингдек» деса ишонасан, киши. Чунки унинг ишқи илоҳий, беғараз ишқдир. У ёрни ҳам «ўпай деса – пешонаси йўқ», «тегса – тўкиладиган» лолақизғалдоқни севгандай «аяб» севади.

 
Жонингга жон бўлмайман-у, севаман,
Ёнингга бир келмайман-у, севаман.
Исмингни ҳам билмайман-у, севаман,
Сени ҳеч ким севолмайди менингдек.
 

Муҳаммад Юсуфнинг эътирофича, ҳар бир шоир «куйган кўнгилларнинг ноласи, ғариб оналарнинг ғариб боласи», ҳам «буюкларнинг буюги», ҳам «жами бечоралар бечораси», шоир гоҳо одамлардан тополмаган меҳрини қушлардан, тоғу тошлардан сўраса ҳам, бу унга ярашади, малол келмайди. «Туғилгандан мен шўрликнинг бағрим қон, Бир жисмимда талашади икки жон. Жон талашсам, тепамда чарх урган шу Капалаклар одамлардан меҳрибон». Чунки, разм солиб қарасанг, уларнинг «на кулбаси, уйи йўқ», на қўшиғи, «на товуши, куйи йўқ». Зеро, «капалакнинг камбағали, бойи йўқ».

Албатта, дунёнинг жонзотлари – Муҳаммад Юсуфнинг тимсолларидир. У ялпизга «жилға бўйида сарғайган синглим» деб ўтинади, «эрка кийик»ка қарата «бу дунёда бирдай ғариб мен ҳам, сен ҳам» дея эркаланади, «сенинг жонинг, менинг жоним – омонат жон» деб иқрор бўлади.

«НЕЧУН ҚУЛЛУҚ ҚИЛМАЙ АНДИЖОНГА МЕН!»

Муҳаммад Юсуф маҳаллийчиликни ёмон кўрар эди. Унинг «Халқ бўл, элим» деган даъватида ҳам юртни бутун, миллатни якдил кўриш истаги барқ уриб туради. Самарқандни севарди, борса «Улуғбекни кўрмай қайтмас»ди, Бухоро минораларига уя қўйган лайлакларга дарё меҳри бор эди, Файзулла Хўжаевнинг юртига атаб достон битганди, юрт кезарди, ҳатто сўнгги кунини ҳам олис Элликқалъада ўтказди.

Шоирнинг она юрти Андижонга ҳам ўзгача меҳри бор эди. «Кўнглида кўкарган дала»сига, «йўлига термулиб толган чорбоғ»ларга, шоир «соғинмаса ҳам шоирини соғинадиган момоқаймоқлар»га муҳаббати ўзгача эди.

 
Сайлаб юрт ажратмоқ феълимга йироқ,
Бухор минорлари кўнглим этар тоғ,
Менга Самарқанд ҳам азиздир, бироқ -
Нечун қуллуқ қилмай Андижонга мен!
 

Дунёга «Бобурдек шоҳларни берган», Нодирабегимнинг «сочларин ўрган» бу қадим қўрғон – Андижоннинг тупроғи жаннатдек «ғамза этиши» унга севинч бахш этарди. Андижонни, онасини тез соғинарди. Бориб қайтса ҳам, кун ўтиб қўмсарди, эҳтимол, бориб туриб ҳам соғинарди. Бу «Чўлпони ёдидан чиқмаган диёр»га «кузда кетган турна баҳор қайтгандек» бир куни қайтишини айтарди.

Муҳаммад Юсуф улкан тарихий хотира шоиридир. У юртни севар экан, унинг оғриқли тарихини четлаб ўтмайди, ундан сабоқ чиқаришга даъват қилади ва бунинг учун аччиқ таъналар ҳам қилади. Бу оғринишлар, куюнишлар юртига бўлган улкан муҳаббатидан, Андижонни мукаммал кўриш истагидандир. Буюк фарзандларнинг юрт бошига сиғмагани уни қаттиқ ўртайди.

«Оллоҳ-ку Анжонда қормиш лойини, Нодиранг на қилсин хон саройини?» – дея Боғишамол бўлиб йиғлаган диёрга юкинади, «ҳаттоки қаландар Машраби талош»лигидан, юртга «Бобури сиғмаган»лигидан ўкинади.

 
Ўзинг улғайтирган ниҳолингга боқ,
На бўйинг етар, на қўлинг етади.
Болангдан шоҳ чиқса – ўзга юртда шоҳ,
Шоир чиқса, бари дайдиб кетади.
 
 
Гоҳо койимайсан гапга кирмаса,
Гоҳо бошин силаб, йўлга солмайсан.
Тақдирдан нолийсан, худо бермаса,
Худо берганини асрай олмайсан.
 

Бешафқат, аммо рост сўзлар! Шоир «Андижонда Тожмаҳал йўқ»лигига кўнолмайди: «Балки аҳил бўлсанг, сал кенгроқ бўлсанг Бағрингда бўларди Тожимаҳаллар». Энди «қирқ йил чорласак ҳам» Бобур гўрдан чиқмайди, «чиқса ҳам бағрингга сиғмайди», абадий «Ҳинду тупроғида ухлайди». Сўнг «қайинзор қаъридан узилар бир ўқ… Чўлпонинг бор эди, Чўлпон энди йўқ. Нега йиғламайсан, аҳли Андижон?»

Муҳаммад Юсуф бу оғир сўзлари учун элига узрхоҳлик билан лутф ҳам қилади:

 
Узр, гар оғринсанг елкамга бош қўй,
Шод кунинг кўнглингни мен билан чоғла.
Бобурга илинсанг, менга қовун сўй,
Чўлпонни соғинсанг, мени қучоқла.
 

Муҳаммад Юсуф Бобурни кўп ёдларди, иззатларди. Ҳатто ўғлига «Бобур» деб исм қўйганди. Ўзи ҳам Бобурнинг ёшида – 47 ёшида оламдан ўтди.

«МИНГТЕПАНИ АТАЙЛИК ЎЗ НОМИ БИЛАН…»

Муҳаммад Юсуфнинг яна бир армонини бугун амалга оширмоқ фурсатидир. Шоир ўз туғилиб ўсган юрти Марҳаматга унинг тарихий номи – Мингтепани қайтаришни орзу қилганди. Камина «Ҳуррият» газетасида ишлаганимда у шу масалада хат ёзиб келган: «Марҳаматни номини одамлари «Пожалуйста!», «Марҳамат!» деб турсин дея мустамлакачи Горчаков қўйган» дерди, бу ҳақда шеър ҳам ёзиб берганди. Мана, ўша шеър:

 
Ҳар кимса ҳам от қўйсин ўз узлатига,
Ҳар кимга ўз уйи азиз томи билан.
Зор қилмасин бировнинг «марҳамат»ига –
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
 
 
Эркли элда эркадир ҳар жони муслим,
Ҳар юртнинг ўз эли муслим, жони муслим.
Ҳар келгинди келса ўзгармасин исмим,
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
 
 
Қандай алам отимизни қўйса ёвлар,
Марғилонлар қаерда-ю Горчаковлар?
Бизни азал буколмаган бу синовлар,
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
 
 
Унутми ё бу гўшада оққан қонлар,
Бешигида чирқиллаган болажонлар.
Қўзғолонлар нега бўлди, қўзғолонлар?
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
 
 
Соғинчлар-ку, санчиқ бўлиб ботар жонга,
Муштоқман-у, боргим келмас Андижонга.
Борсам кўзим тушгай тағин бир майдонга,
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
 
 
Ҳар ким ўзи қўйсин от ўз неъматига,
Мард ястанмас номардларнинг наматига.
Ҳеч бўлмаса, Дукчи эшон ҳурматига
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
 

Бугун Куйбишев тумани Мирзо Улуғбек, Акмал Икромов тумани Учтепа деб қайта номланаётган бир пайтда Муҳаммад Юсуфнинг бу тилаги ҳам амалга оширилса, ажаб эмас.

«ҲАЛИ БИЗ ҲАММАДАН ЎТАМИЗ, ҚИЗИМ…»

Муҳаммад Юсуф «Шоирларнинг оналарига қийин. Болаларига эса яна қийин. Хўш, шоирнинг ўзига осонми?» – деб ёзган ери бор. – Бир кунгина тонгдан шомгача хурсанд юрган шоирни топиб беринг-чи менга. Уни менинг олдимга етаклаб келган қўлингиздан ўпаман… Тополмайсиз. Овора бўлманг. Мабодо топсангиз ҳам, у шоир эмас».

Рим клуби олимларидан бир гуруҳи дунёнинг глобал муаммолари бўйича тадқиқот олиб борар экан, бир нарсага эътибор қаратадилар. Инсонларнинг тўқсон фоизи фақат бугунни ўйлар эканлар. Яна тўққиз фоиз одам яқин бир йилни ўйлаб, режа қилар экан. Яна қолган бир фоизнинг ўндан тўққизи узоғи билан ўн йилга мўлжал оларкан. Фақат 0,1% одамгина юз йил, минг йилдан сўнг нима бўлади, деган фикрга борар экан. Муҳаммад Юсуф ана шу ноёб одамлар сирасига кирарди. У биз билмаган ниманидир билардики, одамларни бирлаштириб қолишга, ҳаётнинг қадрини етишга ундарди. У изчил ўлим сезгиси билан ҳам яшади гўё. Зеро, энг бахтиёр бир шеърда ҳам тўсатдан сўнгги кунни эслаб қоларди.

«Ўлсаму унутсанг мендай йигитни, Ёғар йўлларингга афсус-андуҳим», «Тузалмайди дардим менинг, Ўлсам керак. Тупроқ билан оға-ини бўлсам керак. Ўлим нима? Бу ҳам битта сайр, она. Ўғлинг қаро ерга кетди, Хайр, она…» Бу сатрларни у жуда эрта битганди. У эрта ўлсам, қизларимга оғир бўлади, деган фикрни кўп такрорларди: «Қўрқаман, эртага мен ўлиб кетсам, Ётар бўлсам, қумга ботиб кўзларим, Кўнглимни кўчкидай босади бир ғам – Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…»

Муҳаммад Юсуф қизи Мадина гўдаклигида йиғлаб, шеър ёздирмаганида шундай ёзганди: «Йиғлаб ёздирмасанг айланай ўзим, Биз ҳали ҳаммадан ўтамиз, қизим». Бугун Мадинанинг ўзи ҳам шеърлар ёзмоқда. Мана, Мадинанинг айрим сатрлари:

 
Етмиш юлдуз ёғилиб,
Ярим ойча тўлолмас.
Етти оға йиғилиб,
Битта ота бўлолмас.
Ҳеч ким сенинг ҳолингни
Отадайин билолмас…
 
«ЎТИНЧИМ – ТЕПАМДА ЙИҒЛАМА УЗОҚ»

Шавкат Раҳмоннинг ўлимига битган марсияси – «Лолақизғалдоқ» шеъри Муҳаммад Юсуфнинг ҳам васияти бўлиб жаранглайди энди. Шоир кўкда учган турналарга қараб:

 
Уларни мен яна
Кўрарманми-а,
Айвондан одамдек
Кузатолмадим.
Куз. Тўйлар бошланди.
Юрагим пора –
Битта қизимни ҳам узатолмадим.
Демак, тақдир экан
Тўй кўрмай ўлмоқ,
Лола, лолагинам,
Лолақизғалдоқ.
 

Аммо шоир некбиндир:

 
Бироқ кўнглим сезар –
Мендан кейин ҳам,
Бир кун бу ҳовлига
Одам тўлади.
Ҳали тўйлар қилиб
Чарчайсан, эркам,
Менинг қизларим
Энг бахтли бўлади!
Келинлар кўйлаги
Руҳимдай оппоқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ.
 

Ҳа, шоирнинг ўғли Бобур уйланди, уйига келин тушди. Яқинда Муҳаммад Юсуф набиралик ҳам бўлди.

ТААССУРОТ

«ВАРОҚДА УЧАЁТГАН ШЕЪРНИНГ САТРИНИ ҚУВИБ ЕТА ОЛМАС АСОВ ТУЛПОР ҲАМ…»

Китоб – дўст, китоб – йўлбошчи, китоб – мўъжиза, китоб – тарихий тажриба… Инсониятнинг маънавияти, эътиқоди ҳам Яратган томонидан туширилган муқаддас китобларда – Тавроту Забуру Инжилу Қуръон сингари Аллоҳнинг каломларида мужассамлангани маълум. Олимлар, ёзарлар, шоирлар, файласуфлар, дарвешу савдойилар битган китобларни буларнинг ёнига қўшсангиз, миллиардлаб том бўлади бу буюк дунёвий кутубхона.

Инсоннинг доимий ўқийдиган китоблари, муаллифлари бўлади. Айнан бир китобни бир инсон турли ёшида турлича ўқийди, аввал сезмаган, янги қирраларини очади. Масалан, мен ёшлигимда, йигитлигимда асосан фалсафа, кейин – тарих, сўнг адабиётга дахлдор кўп китобларни йиғганман. Фалсафий китобларга Арасту, Суқрот, Афлотундан Карл Юнг, Фрейд ва Хайдеггергача муаллифларга ўша пайтда тишим ўтмаган. Тушунганман маъносини, аммо уни дилдан ўтказиш учун бошга ҳали кўп ташвишлар тушиши, инсон бахт ва мусибатни тотиб кўриши, салтанат чиғириқларидан ўтиши, тажрибага эга бўлиши керак экан. Масалан, боши оғримаган одам бош оғриғининг азоби ҳақида юзта китоб ўқиса ҳам, тасаввур қила олмайди. У бошига бир зарба етса, оғриса, кейин ўша китобни ўқиса, дарров англайди, эслайди, гап нимадалигини фаҳм этади, кўз ўнгига келтиради. Айтишади-ку, инсонга камолот учун бешта китоб ўқиш етарли, аммо бу беш китобни топиш учун беш минг китобни ўқиш керак, деб. Албатта, бу бироз жўн тушунтириш, аммо китобга инсон ўз сиёсий онги, ижтимоий, маънавий, ҳаётий тажрибаси залворидан келиб чиқиб ёндошса, у китобни ўзгача ўқийди.

Мен мутолаа қилар эканман, бир нарсага амин бўламанки, ҳамма ерда фикрловчи инсонлар ҳамдарддирлар. Шунинг учун мен қадим Сенекада тасаввуф изларини, Нақшбандни кўраман, Африка шоири Бернар Буа Дадье шеърларини Шавкат Раҳмонга қиёслайман, Эмили Дикинсон ва Ҳалима Худойбердиева шеърларида якдиллик ҳис қиламан, Паскаль ва Румийнинг бир хилда мулоҳаза юритганига дуч келаман…

Бугун қисман сўз юритадиганимиз Сенеканинг китоб ўқиш борасида Луцилийга мактуби мавжуд. II рақамли номада Сенека хусусан шундай ёзади: «Сен сайру саёҳат қилмайсан, тез-тез турар жойингни ўзгартиравермайсан. Ахир кўчишлар, сарсон-саргардонликлар – бемор қалбнинг белгиларидир. Мен ўйлайманки, руҳ хотиржамлигининг биринчи далили – муқим яшаш ва ўзлигини сақлаб қола олишдир. Аммо бошқа нарсага ҳам диққат қил: турли-туман ёзувчиларни ва ҳар хил китобларни ўқийвериш ҳам саёқликка, кўчманчиликка ўхшамайдими? Агар қалбимда бирор-бир нарса ўрнашиб қолсин десанг, буюк аҳли донишларнинг униси ёки буниси билан узоқ вақт мулоқотда бўлиш, уларнинг қувваи ҳофизаси билан қалбни суғориш лозим бўлади. Ҳамма жойда ҳозир инсон – аслида ҳеч бир жойда йўқ инсондир. Ҳаётини саёқликда ўтказган одамнинг мезбони кўп бўлади, аммо чинакам дўстлари бўлмайди. Буюк донишмандларнинг ҳеч бири билан яқинлаша олмаган, ҳаммасини шошилиб, юзаки ўтказиб юборган кимса ҳам шундай бўлади. Ютиб улгурмасданоқ қусиб ташланган овқат фойда келтирмайди ва вужудга ҳеч нарса беролмайди. Дори-дармонни тез-тез алмаштириб турадиган бемор асло тузалмайди, соғлиғига зарар келтиради. Турли-туман дорилар суркаладиган яра сира битмайди. Ҳадеб у ёқ-бу ёққа кўчирилиб ўтказилаверадиган ниҳол кўкармайди. Энг фойдали нарса ҳам юзаки ҳолда фойда келтирмайди. Китоблар ҳам кўпликда бизни сочиб юборади. Шунинг учун агар эгалигингдаги китобларнинг ҳаммасини ўқий олмасанг, ўқий оладиганингча китобга эга бўл – етади… Шунинг учун ҳамиша тан олинган ёзувчиларни мутолаа қил, агар гоҳида бошқа нарсага чалғигинг келса, аввал ташлаб қўйган нарсангни ўқи…»

Сенека давридан кейин инсоният кутубхонасига яна миллионлаб муаллифлар, миллиардлаб китоблар қўшилди. Бугун бу уммонда ўз китобини топиш минг карра оғир.

Сенекага кўра китоблардан ҳикмат изланади: «Бугун мен Эпикурни мутолаа қилаётиб (мен шундай тез-тез бегоналарнинг боғига тушиб тураман, қочқин сифатида эмас, меҳмон сифатида тушаман), қуйидаги ҳикматга дуч келдим: «Шодумон қашшоқлик, – дейди у, – хусусий нарса». Агар шодумонлик бўлса, бу қанақа қашшоқлик бўлди экан? Оз нарсага эга бўлган инсон қашшоқ эмас, кўп нарсага эга бўлишни истайдиган, борига қаноат қилмайдиган инсон қашшоқдир».

Мен ҳаётим мобайнида қайта-қайта қайтган, қайтаётган муаллифларимдан бири Сенекадир.

СЕНЕКА ВА НАҚШБАНД

(Луций Анней Сенека. Нравственные письма к Луцилию. Перевод и примечания С.А.Ошерова. – М.: «Наука», 1977).

Сенека стоик эди. Стоиклар Арастунинг силлогистика ва тафаккур таълимотини ривожлантирдилар.

Улар дунёни англаса бўлади, деган ақидада эдилар, англашнинг манбаини эса сезгиларда ва ҳиссиётларда кўрдилар. Уларнинг англамига кўра, дунё – бир бутундир, умумжаҳон мутаносиблиги, ўзаро боғлиқлиги, умумий муроса орқали воқеъ эканини эътироф этардилар. Стоикларга кўра, Яратувчи – олий онгга эга бўлган кучдир, У ҳаммасини бошқаради ва ҳамма нарса Унинг борлиги учун маънога эгадир, мақсадга мувофиқдир. Ашаддий зарурат ҳукмрон бўлган дунёнинг намоёни Яратганнинг иродасига тобеликдир, Яратган истаган тарзда яшамоқдир. Инсоннинг бурчи – табиатга уйғун ва азалий тақдирга собир ҳолда маънавий камолотга интилишдир, шу бахтдир ва бахтсиз бўлишга ҳаққимиз йўқдир.

Фароғат – ҳалолликда, холисликда, қаноатдадир. Стоиклар инсоннинг нафси, ҳирси, туйғуларини кўп таҳлил ва тафтиш қилдилар, ҳиссиётни ақлга бўйсундириш талабида бўлдилар. Уларнинг назарида ҳиссиётлар тўртга бўлинади: ғам-ғусса, қўрқув, ҳирсиёт ва роҳат-фароғат.

Ғамга соладиган сабаблар кўп: бировга ҳамдардлик, бировга ҳасад қилиш, рашк, дарғазаблик, хавотир, мусибат ва шу каби минглаб ҳолатлар ғамгин этади инсонни.

Қўрқув яқинлашаётган ёки яқинлашмоқда деб англанаётган жабрнинг дилда акс этишидир.

Ҳирсиётни стоиклар истаклардан ғайриахлоқий фойдаланиш ҳисоблаганлар.

Роҳат-фароғат эса стоикларга бегона эди, улар дарвешона ҳаётни ўзларига раво кўрардилар. Зенон, Панецей ва Посидонийдан кейин бу йўлга кирганлар ичида Сенека (эрамиздан аввалги 3/4 й. – эрамизнинг 64 й.), Эпиктет ва Марк Аврелийни айтиш мумкин.

Луций Анней Сенека император Нероннинг тарбиячиси эди, уни император даражасига чиқарди ва унинг буйруғига кўра ўлдирилди, тўғрироғи, ўз томирини кесди ва заҳар ичди.

Сенека фалсафани учга бўлган – ахлоқ, мантиқ ва физика. Унинг ўзи ахлоқ олими, маънавият файласуфидир.

Сенека «Луцилийга маънавий мактублар» китобида дунёда ҳаёт шафқатсиз зарурият, яъни тақдири азал эканини, ҳаққоний донишманд ҳиссиётини шу тақдирга бўйсундириши, ташвиш, қийинчиликларга тоқат қилиши, фоний дунёга меҳр қўймаслиги лозимлигини уқтиради. Луцилий Сенеканинг дўсти, Эпикурнинг муҳиби, шоир йигит эди.

Сенека бойликка танқидий назар билдирса-да, бойлик қашшоқликдан афзал дейди, чунки бойлик яхшилик қилишга кўпроқ имкон беради. Дониш инсон бойликка қул бўлмайди, соҳиб бўлади. Унинг назарида, бойлик – имтиҳондир, яхши-ёмонни ажратадиган воситадир.

Сенеканинг аскетлиги, дарвешлиги Нақшбандни, тасаввуфни ёдга солади.

 
Ҳечи мо не-ю, ҳечи мо кам нест,
Аз пайи ҳеч-ҳечи мо ғам нест.
Жанда бар пўшту пушт – гўристон,
Рўзе, ки мирем мо, мотам нест.
 
Баҳоваддин Нақшбанд (Н. Комилов, «Тасаввуф», 1-китоб, 8-бет).
 
Ҳечимиз йўғ-у, ҳечимиз кам эмас,
Ҳечимиз йўғи бизга ғам эмас.
Эгнимиз – кафану, уйимиз – гўристон,
Биз ўлган кун ҳеч мотам эмас.
 
(Таржима бизники – К.Б.)

Нақшбанднинг бу нолаларидан аёнки, тасаввуф аҳли бу жилвагар дунёга боғланган ришталарни бир-бир узганлар. Дарвишнинг ҳеч нарсаси йўқлигини у овқат емаган, кийим киймаган деб тушунмаслик керак. Дарвишлар овқатни нафс талаби билан емаганлар. Кийимни чиройли кўриниш учун киймаганлар. Овқат қаноат билан ейилган. Кийим баданни беркитиш учун кийилган. Кийимни – кафанга, уйни қабрга менгзаганлари уларнинг ўлимга – Аллоҳнинг даргоҳига боришга ҳамиша тайёр эканликларини билдиради, шунинг учун ўлим куни ҳам уларга мотам эмас.

Сенеканинг бу асари – маънавий камолот дастуридир, унга кўра, фароғатли ҳаёт ташқи дунё ҳою ҳавасларига чирт кўз юмган ҳолда яшамоқдир, дунёдан эркинликдир. Бир умр қўрқувга қарши курашган Сенека ўлимдан ҳам қўрқмасликни уқтиради, бунинг учун ўлимни – Яратувчининг иродаси сифатида қарамоқ лозим, Унинг иродасига инсон бас кела олмайди.

Инсонга дунёвий ҳаёт учун берилган вақтни асрашга чақиради Сенека: «Ўзингни ўзинг учун сақла, шу пайтгача сендан тортиб олинаётган ёки ўғирланаётган, беҳуда кетаётган вақтингни бундан буён асра ва жамлаб ол. Менинг ёзаётганим ҳақ эканига ўзинг ишонч ҳосил қил: бизнинг вақтимизнинг бир қисмини куч билан тортиб олишади, бир қисмини ўмаришади, бир қисми дангасалигимиздан бекорга оқиб кетади. Ўзимизнинг эҳтиётсизлигимиз туфайли йўқотишларимиз ҳаммадан ҳам кўра шармандалидир. Диққат қилиб назар сол: ахир ҳаётимизнинг каттагина қисмини аҳмоқона ишларга сарфлаймиз, бекорчиликда ўтадиган вақтимиз ҳам – оз эмас, қолаверса, обдон қарасак, ҳаётимизнинг ҳаммасини қилишимиз керак бўлган ишларга эмас, бошқа нарсаларга сарфлаганмиз… Менга вақтни қадрлайдиган, бир куннинг ҳам қанчалар қимматли эканини биладиган, ҳар бир соат сайин ўлаётганимизни тушунадиган бирор-бир одамни топиб кўрсат-чи?! Бизнинг фожиамиз шундаки, биз ўлимни олдинда кўрамиз; ҳолбуки унинг аксарият қисми аллақачон ортимизда, – ахир умримиздан қанча йиллар ўтди, ўтиб кетган йилларимиз энди ўлимга тегишлидир».

Ҳаёт бугундан иборат, «кеча» ўтиб бўлган, «эрта» келадими ёки йўқ – ноаён. Бугун маънавий тозаланишга ҳаракат қил: «Агар шундай қилмасанг, қиладиган ишингни эртага қолдираверсанг, бутун ҳаётинг шу йўсинда ўтади-кетади. Луцилий, бизнинг ҳамма нарсамиз аслида бизники эмас, бизга бегона, фақатгина вақтимиз бизга тегишлидир. Табиат бизга фақат мана шу қўлимиздан сирғалиб чиқиб кетаётган ва шувиллаб оқиб бораётган вақтнигина берган, аммо уни ҳам биздан ким истаса тортиб олади. Бандалар гумроҳдирлар: қандайдир бўлмағур, арзон ва ўрни осон тўлиб кетадиган нарсани олган-берганлари учун ҳисоб-китоб қиладилар; аммо вақтингни олганликлари учун ўзларини қарздор деб билмайдилар, ҳолбуки энг миннатдор банда ҳам вақтни бизга қайтариб беролмайди. Балким сен мендан: «Насиҳат қилишни-ку биласан, аммо ўзинг нима қиляпсан?» – деб сўрарсан? Чин кўнгилдан тан олишим керак: мен ҳисоб-китобни яхши биладиган чиқимдор сифатида қанча вақтни беҳуда йўқотганимнинг ҳисобини биламан, холос».

Сенека инсоний дўстликнинг ноёб эканлигини, дўст мақоми юксаклигини, ҳақиқий дўст камлигини, деярли йўқлигини уқтиради. Луцилий Сенекага ёзган хатини бир дўстидан юборганини айтади: «Сен мен учун ёзган хатингни менга бериб қўйиши учун дўстингга берганингни ёзибсан ва кейин огоҳлантирибсан: мен сенга тааллуқли ҳамма нарсани ҳам унга айтавермаслигим керак экан, чунки сенинг ўзинг ҳам одатда бунақа қилмайсан. Аён бўладики, битта хатнинг ўзида сен уни ҳам дўст деб эьтироф қиласан ва ҳам унинг дўстлигини тан олмайсан… Аммо агар сен кимнидир дўст ҳисобласанг ва айни пайтда унга ўзингга ишонгандай ишонмасанг, демак, сен хато қиляпсан ҳамда ҳақиқий дўстлик қандай бўлишидан бехабарсан. Ҳамма нарсани дўстинг билан бирга ҳал этишга ҳаракат қил, аммо аввало дўстингнинг ўзини таниб ол. Дўст бўлсанг, унга ишон, аммо дўст бўлишдан аввал уни билиб ол… У ёки бу кимса билан дўст бўлишдан олдин узоқ ўйла, аммо дўстликка қарор қилганингдан сўнг дўстингни бутун қалбинг билан қабул эт ҳамда у билан худди ўзинг билан сўзлашгандай дадил сўзлашавер».

Нафақат бу дунё, ҳатто ўлим ҳам ўткинчидир: «Бу шуниси билан ёмонки, бизни доно кексалар сифатида ҳурмат қилишади, аммо бизда болаларнинг, нафақат болаларнинг, ҳатто гўдакларнинг иллатлари сақланиб қолган бўлади; ахир гўдаклар арзимас нарсалардан қўрқишади, болалар – ўткинчи нарсалардан ҳайиқишади, биз эса – унисидан ҳам, бунисидан ҳам хавотирдамиз. Охиргиси бўлган ҳеч бир ёвузлик улкан бўлолмайди. Ўлимга дуч келмоқдамисан? Агар ўлим сен билан қолганда эди, у қўрқинчли бўларди, ўлим эса ё сенга ҳали келмайди, ёки келса, тезда ўтади, орқада қолиб кетади, бошқача бўлиши мумкин эмас… Ҳаётни узайтириш хақида кўп ўйлайдиган одамнинг ҳаётида ҳаловат йўқ… Ҳар куни, ҳар лаҳза шу ҳақда ўйлагин, токим ҳаётдан кетишни фожиа билма, ўлимга хотиржам қара, кўпчилик кишилар уммон оқими тортиб кетаётган киши тиканак буталарга ва қиррадор тошларга тармашгани сингари ҳаётга тармашишади ва ёпишиб олишади. Кўпчилик шундай – ўлим қўрқуви ва ҳаёт азоб-уқубатлари ўртасида аросатда яшайди; уларга раҳминг келади, яшашни истамайдилар, ўлиш ҳам қўлларидан келмайди. Яшаш учун, ҳаёт учун қайғуришни тўхтатсанггина ҳаётингда ҳаловат бўлади. Агар инсон бирор-бир эзгуликни охир-оқибат муқаррар йўқотишига ҳамиша ич-ичидан тайёр турмаса, ундан роҳатлана олмайди ҳамда, айтиш керакки, йўқотганда ачинилмайдиган нарсани йўқотиш оғриқсиз бўлади. Шунинг учун ўлим қаршисида руҳингни жасорат билан мустаҳкамла ва чиниқтир, билгинки, ўлимдан бу дунёнинг энг қудратли шахслари ҳам қутилиб қололган эмас… Мана, дейлик, сен ғаним қўлига тушдинг ва у сени ўлим кундасига олиб боришни амр этди. Ахир сен ўзи шундайига ҳам ўлим томон бораётибсан! Туғилган ҳар бир инсон ўлимга томон бораётир. Нега ўз-ўзингни алдайсан, гўё доимо юз бериб турган нарсага энди тушунгандайсан? Сенга айтай: туғилган соатингдан бошлабоқ ўлимга томон бораётирсан. Агар биз бутун умримизнинг ҳамма соатлари мобайнида қўрқиб яшаётган охирги соатни хотиржам қарши олишни истасак, бу ҳақда ҳамиша ўйлашимиз ва ҳамма вақт буни ёдда тутишимиз керак».

Сенеканинг Луцилийга VII мактубини ўқиргансиз, Имом Ғаззолийнинг «Узлатнинг ўн фойдаси» ҳақидаги ҳикматлари ёдга келади. Халққа, оломонга бориш хатарлидир: «Мен сенга ўзимнинг заиф томонимни айтишим керак: ҳеч қачон кўчага қандай чиққан бўлсам, шундай қайтмаганман. Худди узоқ ётган бемор ўзини хавф остига қўймасдан кўчага чиқолмаганидай, биздай узоқ чекилган изтиробдан дили беморлар ҳам одамлар олдига чиқишдан безиллаймиз. Ўзингни қаърига уриб бораётган оломондан ёмонроқ ғаним йўқдир. Ҳар бири муқаррар ўз иллатини сенга жилвадор қилиб кўрсатади ёки юқтиради, ёхуд билдирмай сингдиради. Бу тўдада одам қанчалар кўп бўлса, у шунчалар хавфлироқдир. Яхши хулқлар учун томошадан кўра даҳшатлироқ нарса йўқдир: зеро, бизга иллатлар ҳузур-ҳаловатлар орқали осон юқади. Одамлар орасида бўлганимдан сўнг мен уйга янада хасисроқ, иззатталаброқ, бойликка ҳавасмандроқ ва, албатта, шафқатсизроқ ва ноинсонийроқ бўлиб қайтаман… Узлатга чекин, имкон қадар ўз ичингга беркин; вақтинг ни фақат сени комиллаштирадиганлар билан ўтказ, ёнингга фақат ўзинг яхшилашинг мумкин бўлганларни яқинлаштир. Униси ҳам, буниси ҳам ўзароликда амалга ошади, зеро одамлар бировни ўқитар экан, ўзи ҳам ўсади, ўрганади».

Албатта, бу китобдан олган баҳра билан ойлаб, йиллаб баҳраманд этиш мумкин. Аммо шу билан чекланамиз: «Вужудни итоатда сақланг, токи у қалбга бўйсунишдан чекинмасин: овқат фақат очликни қондирадиган даражада кифоядир, сув – чанқоқни босса бўлди, кийим баданни совуқдан асрасин, уй-жой – вужудга бўладиган хавф-хатарлардан ҳимоя қиладиган бўлса, бас. Уйи лойдан бўлганми ёки хориждан келтирилган қимматли тошданми, бунинг фарқи йўқ: билингки, қамиш том остида инсон олтиндан ёпилган том остидагидан ёмон яшамайди. Кераксиз заҳмат ортидан келадиган, зеб бериш ёки кўз-кўз қилиш учун яратилган нарсалардан тортининг. Ёдингизда тутинг: руҳдан бошқа ҳеч нарса фахрланишга арзимайди, буюк қалб учун ҳамма нарса ундан кичикдир… Мен ўзим билан шундай суҳбат қурар эканман, айни пайтда буни авлодларга айтаётган бўламан! Дунёнинг эгаси бўлганда ҳам, ўзини ҳаммадан бахтли деб ҳис қилмаган одам, ҳаммадан бахтсиз бўлиб қолаверади». Билгинки, бу фикрлар ҳаммага тегишлидир ва, демак, табиат томонидан донишмандларнинг қулоғига шивирлангандир… Бахтсиздир ўзини бахтли деб билмаган одам. Ёмон яшаяпман, деб ҳисобласанг, қандай яшаётганингнинг аҳамияти борми? Фақат донишмандларгина борига қаноат қила олади, қалби билан уйғунликда яшай олади, аҳмоқлар эса борига қаноат қилмаганликларидан доимо эзиладилар, изчил азоб чекадилар. Бу хавотир, бу тинкақуритар азоб уларнинг қаноатсизлигига жазодир. Уларнинг жазолари ўзларидадир. Саломат бўл, биродар…»


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации