Электронная библиотека » Карим Бахриев » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 20:20


Автор книги: Карим Бахриев


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ПАСКАЛЬ ВА РУМИЙ
(Блез Паскаль. Мысли. – М.: «АСТ», 2011)

Бу асарнинг тўлиқ номи «Дин ва бошқа унсурлар ҳақида фикрлар» деб аталган – у Паскалнинг асосий асаридир. У инсон ва коинот, дин ва дунё, адолат ва зулм, куч ва иймон ҳақида ашаддий ва асабий фикрловчи олимнинг китобидир. Фундаментал саволлар кескин ва кўндаланг қўйилган, жавоблар ҳам имкон қадар равшан ифодаланган.

Фанда «Паскалнинг гарови» деган ибора бор. Унингча ҳам ҳаётимиз охири ноаён гаровга тикилган, «Биздан сўрамасдан ўйинга тикиб юборганлар»: «Тангри борми ёки йўқ? Бу ерда ақл ҳал қилувчи бўлолмайди… Тарозуга ақлимиз ва иродамиз, илмимиз ва абадий фароғат қўйилган». Худо йўқ, деб иймонсиз яшасангиз ва агар у ростдан бўлса, оқибатда ҳамма нарсадан, жаннатдан, бақодан мосуво бўласиз, лекин Худо бор деб яшасангиз ва у бор бўлса, ҳаммасига эга бўласиз. Дейлик Худо бор деб яшасангиз-у, аслида у мавжуд бўлмаса, сиз барибир ҳеч нарса йўқотмайсиз. Худога топиниб ўтган ҳаётнинг ўзи фараҳбахшдир. «Иккиланманг, Худога топининг!» дейди Паскал.

«Қалбнинг ўз ақли бор, сизнинг ақлингиз қалбнинг ақли ҳақида ҳеч нарса билмайди… Худони қалб орқали танийдилар, ақл орқали эмас», деб ёзади Паскаль.

Аллоҳни ақл билан тушуниб бўлмайди, уни қалб билан тушуниш мумкин. Аллоҳнинг йўли – ақл талпинаётган томонда эмас, қалб талпинаётган жойдадир, эҳтимол.

Ақл чегаралидир. Энг ақлли одамнинг ақли ҳам дунёнинг кўп жумбоқларини ечишга келганда ожиз қолади. Ақлни тажриба беради. Ўқиб, ўрганиб ақлли бўлиш мумкин. Ақл билан бу дунёни англаса бўлар, аммо муайян бир чегарага келганда, ақлнинг ваколати тугайди.

Ақл тирикликнинг, ҳаётнинг, борлиқнинг сирларини очишга ёрдам берар, аммо йўқликнинг, ўлимнинг ва абадиятнинг сирларини очишга ожизлик қилади.

Ақл чегаралангандир, муайян ерга етганда, муайян масалага келганда тўхтайди, қалб – чексиздир.

Ақл тугаган жойдан қалб бошланади.

Ақлга сиғмаган нарса кўнгилга сиғади.

Ақл бизга тегишлидир, қалб Аллоҳга тегишлидир.

Гўдак бирор онгли иш қилса, ақлини танияпти, деймиз. Аммо унга кўнгил туғилганидан берилган эди. У нималардандир изтироб чекиб, чинқириб йиғларди. Инсон ўлмай туриб ақлидан жудо бўлиши мумкин, ундайларни телба дейдилар. Аммо ана шу «телба» ҳам ўлганча кўнгли билан бўладир, ўзича йиғлаб, куладир.

Паскаль (1623–1662) – фаранг математиги, механиги, физиги, адабиётчиси ва файласуфидир. У нафақат фаранг адабиёти классиги, балким математик анализ асосчиси, эҳтимоллар назарияси ва проектив геометрия назариётчиси, илк ҳисоблаш техникаси яратувчиси, гидростатиканинг асосий қонуни муаллифидир.

Паскаль илмда катта кашфиётлар қилди ва балоғатга етиб, «энг олий илм»га кирди – тириклик маъносини, абадият сирини – Худони англаш илмини излай бошлади. Шунинг учун у «Фикрлар»ни жамлашга киришди: «Фақат уч тоифа одамлар бор: бир тоифа Худони топган ва унга итоатдалар; улар оқил ва бахтли одамлардир. Иккинчи тоифа одамлар Худони топмаган ва излаётгани ҳам йўқ; бу одамлар овсар ва бебахтдирлар. Учинчи тоифа одамлар Худони топганлари йўқ, аммо Уни изламоқдалар; бу одамлар оқил одамлардир, аммо ҳали Худони топгунича бахтдан мосуводирлар».

Паскалнинг хотираси илмда ва тафаккурда мужассамланган. Ойдаги кратерга унинг номи берилган, унинг шарифи билан СИ тизимидаги босим ўлчагич бирлиги аталган, компьютерчилар биладики, дастурлашда Pascal тили мавжуд, унинг исми-шарифи билан Клермон-Ферране университети аталган, илмий мукофот таъсис этилган.

Паскални мутолаа этар экан Лев Толстой ҳайратини яширмаган: «Қандай теранлик, қандай равшанлик – нақадар буюк!.. Нақадар эркин, кучли, кескин ва залворли тил!»

Блез Паскаль билан бирга фикрлайлик-чи?!

Инсон дунёни, ҳайвонот ва нобатотни, коинотни ўрганади, ўрганишга уринади. Аммо ўзини биладими?!

Инсон ўрганишни истаса, унга ўзидан-да яқинроқ тадқиқот объекти борми?!

Ўзини ўрганар экан, инсон холис бўла оладими?! Ёки ўзининг «нақадар буюк» эканлигидан кибрланиб, «дунё уни тан олгиси келмаётгани»дан азобланишдан нарига ўтолмайдими?!

Инсон ўзи яшашни биладими?! Ёки нолиб, мағлубиятларини «омадсизлиги»дан, «ғанимларнинг макри»дан кўриб юраверадими?!

Паскаль айтади: «Биз ҳеч қачон бугун билан яшамаймиз, фақат эртани кутамиз…» Эртага бахтли бўламиз, эртага фалон ишимиз ҳал бўлади, эртага фалон нарсага эришамиз ва ҳоказо умидлар билан яшаймиз. «Гўё ўша эрта кечикаётгандай ўртанамиз, ёки ўтмишни қўмсаймиз ва кечаги кунни қайтаришга уринамиз, гўё у тез кетиб қолгандай…» Ҳолбуки, бизнинг бугундан бошқа нарсамиз ҳам, имконимиз ҳам йўқ, агар бугун ҳаракатда бўлмасак, ўша кутганимиз эртага ҳам келмайди. Ҳолбуки, хаёлимизни банд этиб ётган ўтмиш ҳам, келажак ҳам бизга тегишли эмас, бизга берилган имконият бугунимиздир. Бугунимиз эса бизни фақат ғамга солади, зеро ҳамма замонда ғам кўп бўлган. Биз бу уқубатни кўрмаслик учун нигоҳимизни ўтмишга ёки келажакка қаратамиз. Агар бугунги кун бизга бирор шодлик ҳавола этса ҳам, биз шодланиш ўрнига, бу шодликнинг ўтиб кетишидан, боқий эмаслигидан маҳзунланамиз. Фикрларингизни бир тафтиш қилиб кўринг, уларда ё мозий, ё келажак мужассамдир. Бугун ҳақида деярли ўйламаймиз, агар ўйласак ҳам уни келажакка боғлаб фикрлаймиз, бахтли келажакка олиб боради, деб мулоҳаза қиламиз. Алалоқибат, биз бу дунёда инсондай яшамаймиз, фақат яшашга тайёрланамиз, бахтли бўлишга урина-урина ўтиб кетамиз.

Инсон тириклигининг асоси ҳаракатда эканини, ҳаракат эзгулик томонга бўлиши кераклигини таъкид этади Блез Паскаль: «Худо. Бировлар Уни топган, йўқотишдан қўрқади, бошқалар Уни топишдан қўрқади», топсам, сўроғига нима деб жавоб бераман, деб хавотирланади. «Худо Уни бутун қалби билан излаганларга ошкора очилади ва Уни изламай қўйганлардан гизланади, шу тариқа Ўзи ҳақидаги инсонларнинг билимларини тартибга солиб туради. Тақводорларга, Уни изловчиларга кўринадиган белгилар беради, Унга бепарво бўлганларга бу белгилар кўринмайди. Худони кўришни истаганларга етарлича нур беради. Уни кўришни истамаганларни зулматга ўраб қўяди… Худо бизни бизнинг ёрдамимизсиз яратди, аммо у бизни бизнинг ёрдамимизсиз бу разолатдан қутқармайди».

Тўрт аср олдин бизнинг Паскаль гўё бизнинг жамиятимиз ҳақида ёзгандай, мен бугунги дунё жамиятини назарда тутмоқдаман. «Биз ўзимизга ўхшаганлардан нажот излаймиз! Улар ҳам бандаи ожиз, улар ҳам биз каби заиф, улар бизга ёрдам беролмайди».

Инсон фаришта ва иблис ўртасидаги махлуқотдир. Жалолиддин Румий айтмадиларми: «Баъзан маъсумлигимизга фаришталар ҳавас қилади, баъзан жоҳиллигимиздан шайтон қочарга жой тополмайди…» Паскалга кўра, инсонга кўп жиҳатдан ҳайвонлар сингари махлуқот эканини кўрсатиш билан бирга, унинг мўътабар қилиб яратилганини ҳам айтиш керак, токим ундаги ҳайвоний ҳислар қўзғалмасин. Шу билан бирга, инсонни фақат улуғлаш ҳам хавфлидир, кибрланиб кетади, худбинлашади. Инсонга ҳамиша унинг табиати, зеҳниятидаги иккиланганликни эслатиб туриш керак.

Инсон ҳаётида йўл қўядиган хатоларнинг асосий сабабчиси ҳиссиёт ва ақл ўртасидаги кураш туфайлидир, дейди Паскаль. «Фақат онгли мавжудотгина бахтсиз бўла олади», – дейди у. Чунки угина бахтсизлигини англай олади. Бахтсизман деб хафа бўлиб турган сигир ёки сичқонни ким кўрган?! Аммо инсон ўзининг бахтли эканини билмайди, чунки у бахтли эканининг сабабларини кўришни истамайди, бебахтман, деб нолиб юради ва бунга минглаб тайёр сабаблари бор. «Инсон ўзининг ким эканини англаши керак. Яхшилик, эзгуликка қодир экани учун ўзини ҳурмат қилиши лозим… Ана шу эзгуликка хизмат қила олиш салоҳияти қалбида қолиб кетаётгани, яхшилик қилишни унутгани учун ўзидан нафратлансин», – деб ёзади Паскаль.

«Нега инсонлар кўпчиликка, жамоага эргашади? Жамоанинг ҳамиша ҳақ экани учунми? Йўқ, кўпчиликнинг озчиликдан кўра кучли эканлиги учун эргашади». Чунки ҳимоя истайди, қўрқади. «Нега эски қонунларга ва урф-одатларга риоя қилади одам? Улар оқилона бўлгани учунми? Йўқ, уларни омма тан олгани учун ва уларга риоя қилиш хотиржам яшашга имкон бергани учун… Янгилик қилувчилар, бошқалар қўрқиб турган ҳақиқатни сўзловчилар озчиликдир, чунки кўпчилик хотиржамликни истайди… Ҳақиқатни тан олмайдиганлар, унинг баҳсли эканини баҳона қиладилар ва кўпчилик уни инкор қилишига таянадилар. Демак, уларнинг хатоси онгли хатодир ва уларга кечирим йўқдир».

Блез Паскаль ўзи мустақил ўқиб-ўрганган Ларошфукодан фарқли ўлароқ, изчил ва ҳар томонлама таҳсил олган, мулоҳазакор Декарт таъсирида янсенизм фалсафий-диний оқимига қўшилади. Маънавий такомил ва покликка интилиш, вужуд ожизлиги ва руҳ қудрати – файласуфни қийнаган ўйлардир. «Инсон ўз ожизлигини англаши билан буюкдир», – дейди у. Инсоннинг Коинотдаги ўрнини англашга уринган Паскалнинг «Фикрлар» китобида унинг жасур ва ҳазин овози, фожиавий ҳайроналик ва ҳақиқатни излаш заҳмати сезилиб туради. Бироз ғамангиз, аммо мардона ҳикматлар инсоннинг ақл кўзини очади.

Паскаль ёзади: «Об-ҳаво руҳиятимга кам таъсир қилади – менинг ўз туманларим ва ёруғ кунларим бор. Гоҳо улар ишимнинг ўнгидан келган-келмаганига ҳам боғлиқ бўлмайди. Баъзан қисмат зарбаларини сесканмай қабул қиламан: жабр-ситамни шундай енгиш шарафли; гоҳо эса энг ажойиб бир кунда ҳам сувга тушгандай қалқиниб юраман».

Инсон зотининг ички тўлқинларини ўрганган Паскаль ўзини ва бизни кескин тафтиш остига олади: «Иззатталаблик дилимизга шу қадар ўрнашиб қолганки, аскар ё ҳунарманд, ошпаз ё ҳаммол, ким бўлмасин, ўзини мақтайди ва мухлислар излайди. Ҳамма муҳиб ахтаради – ҳатто файласуфлар ҳам; шон-шуҳратни қоралаб ёзганлар уни боплаб қоралаганлари учун шон-шуҳратга сазовор бўлгилари келади, ўқиётганлар эса – ўқиганлари учун обрў олсалар; мен ҳам шу сатрларни ёзганим учун мақтов эшитишни хоҳларман ва эҳтимол, сиз ҳам менинг ўзганларимни мутолаа қилиб, керак бўлса, Паскалини ҳам ўқиганмиз, деб мақтаниб юрарсиз…» Ҳолбуки, аҳволимиз мақтангулик эмас: «Биз қайга бораётганини кўрмаслик учун кўзимизни дуч келган нарса билан бекитиб олиб, жарликка қараб кетаётирмиз». Ҳолбуки, биз оламнинг улкан саҳросида бир заррамиз, ғубормиз. Жалолиддин Румий айтмадиларми: «Қумнинг бир заррасиман, аммо бепоён чўлнинг дардини ортмоқлаб юрибман…» Паскаль инсоннинг коинот ва Яратган олдидаги аҳволини чамалаб, айтади: «Менгача бўлган ва мендан кейин ҳам мавжуд бўладиган мангуликка чўмган тириклигимнинг ўткинчилиги, мен кўрмаган ва менинг борлигимдан бехабар чексиз маконлар олдида мен эгаллаган ва кўриб турган маконнинг майдалигини ўйлаганимда – қўрқувдан даҳшатга тушаман ва сўроқлай бошлайман – нега мен бошқа жойда эмас, айнан шу жойдаман, ахир у ерда эмас, айнан бу ерда бўлишимга, аввал ёки кейин эмас, ҳозир яшаётганимга бирор-бир сабаб йўқ. Кимнинг буйруғи, кимнинг иродаси менга шу маконни ва шу ерни раво кўрди?.. Қанча салтанатлар менинг борлигимни ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди!.. Нега менинг билимим чекланган? Нега бўйим паст? Умрим нега юз йил, нега минг йил эмас? Нега табиат айнан шунча вақт берди, ахир истаганча бериши мумкин эди, айнан шунча беришига бирон-бир асос йўқ эди?»

Паскаль ҳамма буюк файласуфлар, шоиру фозиллар, олиму уламолар каби «адолат» ҳақида кўп фикрлайди. Ёдимизга Амир Темурнинг «Куч – адолатда» деган мулоҳазаси келади. (Амир Темур қиличига битилган ҳикмат «Рости русти» бўлган, агар «руст» бизнинг тилда ҳануз яшаётган «дуруст»дан келса, «рост» – ҳақиқат, тўғрилик эканини англасак, «Куч – ҳақиқатда», – десак ҳам бўларди). Адолат ва куч, зулм ва ҳақиқат, заифлик ва зўравонлик ҳақида бош қотиради Паскаль: «Адолат, зўрлик. – Адолатга бўйсуниш адолатли, кучлига бўйсунмаслик эса имконсиздир, биродарлар. Кучга таянмаган адолат – заиф, адолатга таянмаган куч зўравонликдир. Кучсиз адолатга доим қаршилик қиладилар (чунки ёмон одамлар ҳамма вақт ҳам бўлади), адолатсиз кучдан титраб-қақшаб норози бўладилар. Демак, кучни адолат билан уйғунлаштириш лозим, яъни ё адолатни кучли қилиш керак, ё кучни – адолатли».

Аммо бу жаҳон айвонида инсониятнинг орзусилигича қолмоқда: «Адолатни осонлик билан рад қилса бўлади, кучни рад қилиб бўлмайди, чунки адолат қайдадир қалбда бўлса, куч шундоқ қаршингизда ошкора кўндаланг туради. Шунинг учун адолат кучли бўлолмади – куч адолатни тан олмаяпти, зўрликнинг ўзи адолатдир, деб уқтирмоқда. Шунинг учун адолатни кучли этолмаган одамлар, зўрликнинг бўлишини адолатли деб ҳисоблай бошладилар…»

Дунё ўзгармоғи учун инсон ўзгармоғи керак. Инсон ўзгармоғи учун ўзини англаши лозим: «Нима ўзи «мен»?.. Одам дераза яқинига келиб, ўткинчиларни кузатмоқда; мен шу ердан ўтаётиб, ўша одам фақат мени кўриш учун дераза олдига келди, дея оламанми? Йўқ, чунки у мен ҳақимда шунчаки, йўл-йўлакай ўйлайди. Хўш, кимнидир гўзаллиги учун севсалар, айнан уни севадилар деб бўладими? Йўқ, чунки чечак касали инсонни тирик қолдириб, уни чўтир қилади, гўзаллигини ўлдиради, демак, шу одамга бўлган муҳаббатни ҳам ўлдиради… Шунинг учун амали ва унвони учун ҳурмат қилишимиздан умидвор киши устидан кулмаслигимиз керак, чунки биз ҳар доим инсонни қисқа фурсатга берилган фазилатлари учун севиб келамиз».

Паскаль барибир некбиндир: «Инсон – бор-йўғи бир қамиш, табиатнинг энг инжа, заиф жонивори, аммо у фикрловчи қамишдир. Уни ўлдириш учун бутун Коинотнинг зарбаси шарт эмас: бехос эсган шамол, бир томчи сув кифоя. Майли, уни коинот ўлдирса ҳам, инсон ундан юксакроқдир, зеро, инсонгина ҳаёт билан видолашаётганини ва Коинотдан кучлилигини англайди. Коинот эса ўз кучлилигини сезмайди… Шундай қилиб, бизнинг бор-йўқ фазилатимиз – фикрлаш қобилиятимиздадир. Бизни макон ёки замон эмас, фақат фикр юксакликка кўтаради, макон ва замон олдида биз ҳеч нарсамиз. Келинг, муносиб фикрлайлик: маънавиятнинг асоси шундадир».

Паскаль ёзади: «Тушунаман, мен бу дунёда бўлмаслигим ҳам мумкин эди; мендаги «мен» – фикрлай олишимда, аммо агар онамни мени туғишидан олдин ўлдиришганда, фикрловчи мен дунёга келмас ҳам эдим. Демак, мен мангу ва чексиз бўлмаганим каби, ўзи дунёда унчалик шарт эмас эканман. Аммо ҳамма нарса менга табиатда зарур, мангу ва чексиз нимадир борлигидан тинмай дарак беради».

ЭМИЛИ ДИКИНСОН ВА РАУФ ПАРФИ

“The Complete Poems of Emily Dickinson”, Editor:

Thomas H. Johnson., Little, Brown and Company, 1989

Адабиётга қизиқишим, қолаверса, ўзим ҳам гоҳида ижод қилишга уриниб туришим боисидан кўплаб шеърий китобларни ўқийман, ўзимизнинг шеъриятни ҳам, қардош шоирларни ҳам, жаҳон адабиёти асарларини ҳам мутолаа қиламан. Рости гап, Ғарбнинг бугунги модернистик асарларидан кам баҳра олганман. Модернист ака-укаларимиз орқада қолиб кетган, демасин деган истиҳолада, ўқийман. Барибир, биз эски одам бўлсак керак, классика инсонийроқ туюлади. Америка, Англия, Ғарбий ва Шарқий Европа замонавий шеъриятида ҳам бир-икки номлар бор, аммо Африка, Осиё, Океания давлатлари, қардош халқлар шеъриятидан кўпроқ баҳра олдим. Бир қанчасини таржима қилдим. Ёқтирмаган нарсани таржима қилиб бўлмайди, ахир.

Шу билан бирга, ўша Ғарб адабиётининг бироз мозийсига борган сари менга дарддош, дилбахш бир адабиёт юз оча бошлади. Ие, мана булар ҳам биздай одамлар экан-ку, бизни қийнаган саволлар буларни ҳам қийнаган экан, булар ҳам биз қувонган нарсалардан қувонган экан, буларни ҳам ҳаёт завқлантирган, буларни ҳам ўлим маҳзун қилган экан-ку, деб юбордим. Америка шеъриятининг 18-19 асри, олмон шеъриятининг 16-17 асри, инглиз шеъриятининг 19 аср ва 20 аср бошлари мени ҳайратга солди. Хусусан, АҚШнинг уч буюк шоираси Эмили Дикинсон, Сара Тисдейл ва Эдна Миллейни инглизчада ўқидим ва бир қадар таржима қилдим.

Эмили Дикинсон (1830–1886) америкалик шоирадир. У ҳаёти мобайнида ёзган, кейинчалик дафтарларидан топилган бир минг саккиз юз шеъридан ҳаётлигида саккизтагина шеърини эълон қилган. Шу эълон қилинган саккиз шеър ҳам ўша пайтда мавжуд шеърий меъёрларга солиш учун қаттиқ таҳрир этилган. Эмили Дикинсоннинг шеърлари давридаги шеърларга ўхшамаган. Уларнинг сатрлари қисқа, аксарияти номсиз, тиниш белгилари ноодатий, аксар сўзлар бош ҳарфларда ёзилган, ҳар қадамда тире қўйилганди. Аксарият шеърлар ҳаёт ва мамот, ўлим ва абадият мавзусида эди… Умрининг деярли ҳаммасини ота уйида, хонанишинликда яшаб ўтди. Илк китоби дунёдан ўтганидан сўнг босилиб чиқди.

Бугун Эмили Дикинсон америка ва жаҳон шеъриятининг буюк вакили саналади. У ватанида ва жаҳонда энг кўп ўқиладиган америкалик шоир ҳисобланади. Америка адабиётининг маликаси ва фахри бўлган, бир умр кафан санаб “оқ кийинган аёл”, ўз шаҳрини то сўнгги кунгача тарк этмаган “Амсхерт асираси” Эмили Дикинсон шеърияти – Яратганни кўкда ва заминда – ҳар гиёҳ ва гулда, булутда ва чумолида, асалари ва инсонда кашф этишдан иборатдир.

Абдулла Ориповнинг: “Инсон қалби билан ҳазиллашманг сиз…” деган сатрларига ҳамоҳанг Эмили ёзади:

 
Қалб – ўз-ўзига хон,
Дўстдир – ҳокимдир,
Ҳам ғанимдан келган жосус – золимдир.
Қалбингга бировни киритма осон.
 
 
Ташқи хиёнатдан қўрқмасин ҳеч қалб;
Ишқ сизиб чиқади қалб чегасидан –
Қалбни ич-ичидан асрамоқ лозим,
Қалб қўрқиб туради ўз эгасидан…
 

Фикрларимизга сарлавҳа берган бир шеърида Э.Дикинсон китобнинг мўъжиза экани ҳақида ёзадики, китоб орқали сен “энг учқур елканли кема етолмас” манзилларга тезда борасан, қадаминг етмаган “узоққа – хорижга зумда етасан”, китоб орқали “орзуга етади пулсиз, қувватсиз – энг қашшоқ одам ҳам, ўта ночор ҳам”. Зеро:

 
Вароқда учётган шеърнинг сатрини –
Қувиб ета олмас асов тулпор ҳам.
Вароқ-вароқ очиб кўнгил дафтаринг,
Руҳинг учиб борар самовот сари…
 

Инсон ҳаёти ажаб – баъзан юз йил умр ҳам қисқа, гоҳо бир соат умр ҳам узундир, мазмунлидир, одам ўз қалбини безаш, поклаш билан умрини боқийлаштиради: “Ҳаёт жуда қисқадир, Бори-йўғи бир соат, Кўпми бу – Озми, бу –Бизга боғлиқдир фақат…”.

Рауф Парфи “Инсон ўз ўлимини тошбақа каби кўтариб юради… Адабиётнинг вазифаси инсонга ўлимни эслатиб туришдир”, – деб ёзганди. У ҳаётнинг бандага боғлиқ бўлмаган ҳолда фожиавий эканлигини шиддатли эсларди. Кўпчилик буни маъюслик, маҳзунликка йўяр эди, ҳатто бадбинлик санаганлар ҳам бор. Бундай шеъриятни ғамгин деб аташади. Буни мен ўзим ҳам шеърларимга нисбатан кўп эшитганман: “Шундай гўзал ҳаёт, қувонсанг-чи, нотавон”, – деган дашномларга дуч келганман.

Шунинг учун шеърларимни Рауф Парфига ўқишга берар эканман, “бироз ғамгин эканидан, изтиробли эканидан хижолат”имни айтганман. Ундан китобимга сўзбоши истаганман. (Яқинда унинг архивидан шу сўзбоши қораламаси топилди.) Ўшанда устоз шеърларни бир оз муддат ўқигач, менга бир шеър ёзиб юборган ва унинг сарлавҳасини “Абдулкарим Баҳриддин” деб қўйган. Бу сонет унинг “Академнашр” ва “Шарқ” нашриётларида чоп этилган “Сайланма”ларида босилди. Рауф Парфи ғамгин эканидан хижолат бўлмаслик керак, деган далдани айтгандай “Чивинлар, чумчуқлар юрган жаҳонда менга жой йўқмикин, онажон” деган сатрларимни эпиграф қилган шу сонетида:

 
Сен – Шоир, чорлайсан осмон ҳурларин,
Ойнинг сочларини суйиб тарайсан,
Кўзларингга ютиб куннинг нурларин,
Болаликнинг кўзлари-ла қарайсан…
Бошинг узра Румий дарвишу набий,
Қошингда – Навоий, сен – Бобо Тоҳир,
Сен – Шоир, мангусен охират каби.
Шеърият – ибтидо, шеърият – охир,
Изтиробдан ўлмас шоирнинг қалби,
Шоирнинг онаси – изтироб, ахир…
 

Эмили Дикинсон Рауф Парфи лутф этган “онаси – изтироб” бўлган шеъриятнинг соҳибасидир. У қабристон ҳақида ёзади:

 
Ажиб бир қўналға – қабристон –
Ҳали ҳеч бир меҳмон қочиб кетмаган –
Тун ернинг хотирасига ёзмоқда гўё –
Ер остининг меҳмонхонаси маккор,
Жуда пухта ўйланган – ҳамма киради,
Ҳеч ким қайтиб чиқолмас зинҳор…
 

Эмили Дикинсоннинг шеърий зарблари, ҳижолари – фақат унинг ўзига хосдир. Унинг сатрлари қуйма, боғловчиларсиз, қофиялар тарошланган, гаплар нафас олиш-чиқариш оҳангида, ички мусиқа юрак зарблари каби шиддаткор. Бу шеърларнинг шаклини айтилаётган фикр белгилайди ва у ҳар гал янгичадир… Таржимада уларни бериш деярли имконсиз, шунинг учун таржима фақат фикрни беради, оҳангни эса аслият тили эмас, таржима қилинаётган тил белгилайди.

Ўлим – унинг шеъриятидаги бош мавзулардан бири. У ўзини кўпинча дунёдан ўтган деб тасаввур қилади. Ўлим сирини билишга ҳамма ҳақиқий шоирлар интилади, чунки ўлим сирини билиш – ҳаёт сирини билишдир. Шу нуқтада Эмили Яратганга, тақвога келади:

 
Гарчанд Уни ерда топмаса –
Тополмайди Кўкда ҳам инсон.
Ахир биз қай ерда яшасак,
Худо яшар бизга ёнма-ён.
 

Александр Блок Вячеслав Ивановга Анна Ахматова шеърлари ҳақида шундай деганди: “У эркак кишининг қошида тургандай шеър ёзади, шеърни Худонинг қошида тургандай, Худо кўриб тургандай ёзиш керак”. Эмили Дикинсон – шеърини Худонинг кўз ўнгида тургандай ёзадиган шоира эди. Унинг шеърларини унга табиат шивирлаганлигини ёзади:

 
Мен Дунёга хатлар ёзаман,
Дунё жавоб бермайди фақат
Қанчалар кўп янгиликларни
Шивирлади менга Табиат.
 

Шоира шамолни – эрк, эркинлик рамзи деб билади, унинг дунё кезиб юришига ҳавас қилади, ўзи бу қадар эркин эмаслигидан армонга ботади.

Эмилининг эътиқодига кўра табиат, инсон, Худо – ҳамма нарса азалий бир қонуният туфайли мавжуддир. Унинг йўл устида ётган бир тошчага бағишланган шеъри бор. Бу тошча ҳам ерда бекор ётгани йўқ, “Азалий Қонун”га бўйсунади, азалий вазифасини бажариб ётибди, шу билан “Қанчалар бахтлидир шу майда тошча!” (шеърнинг сарлавҳаси бу).

 
Қанчалар бахтлидир шу бир майда тош!
Йўл четида ётар мақсадсиз, юввош.
 
 
Қўрқмайди у сира қийинчиликдан,
Ғами йўқ мансабдан, тирикчиликдан.
 
 
Унинг ҳам эгнига қачондир, ҳайҳот,
Кўкимтир бир либос ёпмиш Коинот.
 
 
Асрий чанг бошида гўёки бир тож,
На шерикка зордир, на дўстга муҳтож,
 
 
Туради қалқиниб кўз ёш сингари –
Мустақил кўкдаги Қуёш сингари.
 
 
Асрлар кетидан асрлар ўтар,
Тошча йўл четида лапанглаб ётар.
 
 
На дийдиё қилар, на чиқарар ун –
Шундай амал қилар Азалий қонун…
 

Инсон ҳаётини бир кеманинг уммонда боришига менгзайди Эмили Дикинсон. Кемамизни “Замон шиддати” тинимсиз судрайди, “ортимиз – ноаён, йўлимиз – мавҳум”, олдинда манзил кўринмайди

 
Умр бўйи – тўфонлар, бўронлар, тўзон.
Қай сорбон ташлади бизларни йўлға?
Довуллар, бўҳронлар қўзғолган замон,
Тайин харитасиз кетяпмиз… олға!?
 

“Онг оқими” деган бир адабиёт йўналишини ажратади олимлар. Онг оқими – бор нарса, масалан, мендаги онгимнинг оқими ҳозир Эмилининг “умр кемаси” борасидаги шеъри ортидан Абдулла Ориповнинг “Умр деганлари асли нимадир? Дайр денгизида юрган кемадир”, – деган сатрига судрамоқда. Кейин Абу Исҳоқ Зуҳурҳурийнинг ҳикматларини эсга олдим: “Олам – бир дарёдир, унинг қирғоғи – охиратдир. Бу дарёдан омон олиб ўтувчи кемаси – тақводир. Одамзоднинг ҳаммаси мусофирдир…” Фикр фикрни етаклайди. Онг яна Эмили Дикинсонга қайтаради, зеро Эмили ҳам нажотни Яратганнинг даргоҳида топади:

 
“Тангрим! Сендан ўзга ҳеч яқиним йўқ,
Бир Сенга очарман дилим – ишқимни!
Кечир, мен ўшаман – Сени унутган,
Лек Сен унутмассан ахир ҳеч кимни?
Йўқ, мен ўзим учун қилмам муножот –
Вужуди қуш каби енгил бир касман,
Худойим, таним деб ташвиш қилмасман,
Бу жуда енгил юк сен учун, ҳайҳот,
Лекин менинг қалбим жуда ҳам улкан,
Юрагимни олгин, мадад бер, тушун,
Бу қалб жуда катта митти жон учун.
Бу ғалати қалбдир – кун сайин ўсар,
Мен унга – тенг эмас.
Мени юк босар,
Мен уни кўтариб юролмам ортиқ,
Келтирдим Ўзингга, дил сенга тортиқ.
Яратган, раҳм айла яратганингга,
Бу дилим оғирлик қилмасми Сенга?
 

Шоира ўз севгилиси учун ҳам Яратувчига юзланади, унинг охиратини осон қилишни ўтинади, унинг учун жаннатни тилайди:

 
Агар Сизга етса ўлмоқ фурсати ¬ –
Денгиздаги кема чўккандай шу тоб
Бошқа турмас бўлиб ерга ётсангиз,
Бошқа чиқмас бўлса Сиз учун офтоб,
Агар Сиз чертсангиз Жаннат эшигин,
Очилмаса Сизга бу эшик аммо –
Тангримдан тиларман жоним чиққунча,
Туну-кун тинмасдан қиларман нидо,
То жаннат эшиги очилмагунча…
 

Шоирликни ҳам Яратгандан деб билади Эмили. Унга кўра, шеър (гап ҳақиқий шеърият ҳақида, албатта) онгда тизила бошлайди, Худо “раво кўрса” дунёга келади. Акс ҳолда,

 
Шеър яралмади.
О, қанийди, ахир, уни чоп этсам!
О, Сиз уни ўқий олсангиз ногоҳ!
Тангри уни бизга кўрмади раво,
Қўлимни, тилимни ечмади, эвоҳ…
 

Бошқа бир шеърида Эмили Дикинсон шеърий сатрдаги у ёки бу сўзни фаришталар айтиб туришини, ҳимоя қилишини сўзлаган:

 
Эй, сўз, – дейди бу он шоир ўртаниб, –
Нега бунда барча даъвогарлардан
Мен сени танладим айнан, албатта?
Сендан муносиброқ номзод йўқмиди
Жавонимда турган улкан луғатда?
 
 
Энди сал четлашиб турганда номзод –
Такаллуфсиз келиб, ўрнашиб олди.
Асло бу сўз ўрни эмасди бу шеър,
Фаришталар уни ҳимоя қилди.
 

Шу билан бирга у черков ичига қамалган тақводор эмас, Толстойга ҳамоҳанг тарзда Эмили “Менга тоат учун черков керакмас” деган шеър ёзади, оламни черков деб билади, бош устидаги осмонни – черков гумбази, ҳисоблайди: “Қироат қилади менга – мусича… Митти бир қўнғиз ҳам – биродаримдир”.

 
Руҳ ва вужуд баҳси шоирани ўйлантиради:
Ўлим – жуда узоқ машмаша,
Тана билан Руҳнинг суҳбати.
“Ҳамма чирир!” – ваҳм соларЎлим.
Руҳ айтади: “Ётдир даҳшатинг”.
 
 
Ўлим тортар тупроққа атай,
Руҳ тугатай, дея барини –
Ечиб ташлар – муҳим далилдай –
Лойдан бўлган кўйлакларини…
 

Эмили Дикинсон севгилисига етишмаган, турмуш қурмаган, ҳурлигича дунёдан ўтган. “The grave my little cottage is” (мен бу сатрларни “Қабрим менинг – увоқдек кулбам” деб ўгирдим) сарлавҳали шеърида шоира у дунёда ёр билан топишиш умидини қилади:

 
Қабрим менинг – увоқдек кулбам,
Мен бу жойни шинам тутарман –
Садоқатли аёллар каби,
Ёрим, сени бунда кутарман.
 
 
Ахир, мангу эмас айрилиқ,
Чархи даврон бита айланар,
Руҳ – кўкка, тан ерга жойланар,
Иккимизни қўшар мангулик…
 

Эмили – шафқатсиз даражада кескин шоира, қариқизнинг эри – қабр, уни охири қабр бағрига босади, деб аччиқ ёзиш учун қанчалар жасорат ва шижоат керак.

 
Бизни мукофотдай олади қабр,
Қайсар, лекин жуда узоқ қилар ов.
Бошимизга тақар албат гулчамбар –
Етишар бир умр пойлаган куёв.
 

Шоиранинг тилида “ўлим” сўзи даҳшатли эмас, жуда ҳалим жаранглайди, йўқ жарангламайди, таралади:

 
Ўлим, етар, энди дарвозангни оч –
Ичкарига олгин ювош жонларни!
Келдик, кўрдик, юрдик – бўлдик жонталош –
Сўнгги манзили шу – Саргардонларнинг.
 
 
Сокин қабулхонанг – қоп-қора Оқшом,
Танимизда титроқ – Сукунат – Чақин –
Ўлим –
Ақл бовар қилмас тарзда – Мушфиқсан –
Чидаб бўлмас тарзда – жудаям Яқин…
 

Айтар сўзинг, равон тилинг бўлса, албатта, ёзиш, сўзлаш керак бу дунёда. Нодирабегим айтгани каби: “Кайфиятингни баён этиб кет”. Аммо:

 
Нимага арзийди банданинг сири,
Майда асрорлари – бемажол дийда –
Тангрининг триллион йиллардан бери
Асраб келаётган сири олдида –
Содда довдирларни қолдириб ҳайрон,
Оғизни очгандан тинмай бетоқат –
Яхшидир – ўлгунча – сассиз яшамоқ,
Тангри жимлигига қилиб садоқат.
 

Яратганга садоқат оҳангидаги шу нуқтада фикрларимизни жиловласак, биродарлар.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации