Электронная библиотека » Коллектив авторов » » онлайн чтение - страница 3


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:00


Автор книги: Коллектив авторов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 10 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Сайфиддин қўриқчи ғуломлар қуршовида ҳордиқ чиқариш учун хос-чодирга ўтди. У ютоқиб сувдан сипқорар экан, ҳали ҳам вужуди оташ ичида ёнаётганини ҳис қилиб, муздек сув билан юзини ювди.

Ҳарир либосларга ўранган қизлар ясоғлик патнис кўтариб, ичкарига кира бошлади. Улар ғолибни унсиз табрик этишган кўйи, жилмайишиб, дастурхонни нозу неъматлар билан тўлдиришди. Сўнгра Қутузнинг танаввули учун лаззатли таомлар олиб киришди. Гарчи бор қувватини курашга сарфлаб, қорни ниҳоят очган эса-да, Сайфиддин тўкин дастурхонга боқмади. Бу дам у ғалаба нашидасини сурмоқ истарди.

Чодирнинг уч тарафи барқут мато билан ўралган бўлиб, олд қисмига ҳарир парда тортилган. Майин эсаётган эпкинларда пардалар оҳиста тебраниб, Сайфиддиннинг дилини хушҳол қилади. Чодирнинг тўрт тарафини Ҳожанинг баҳайбат ғуломлари қўриқлаб турарди. Атроф одамлар билан гавжум, аммо Сайфиддин ўзини ёлғиз ҳис этади. У чиндан ёлғиз эди, у одамлар орасида кимсасиз эди.

“Ёлғизликдан чўчимаслик даркор, – деган ўй келди хаёлига, – зеро киши танҳоликда ҳаёт фалсафасини теранроқ англайдур.”

Шу боисдир эҳтимол, Сайфиддин ёлғиз қолиб, ўзини тингламоққа эҳтиёж сезарди.

Юзлари чаман, навниҳол бир қиз патнис кўтариб Қутузнинг ёнига келди.

– Малак, исминг не сенинг?

Қиз баҳодирга идишда шарбат узатар экан:

– Руқия, – дея жавоб берди. – Кишмиш шарбатидан тотининг.

Сайфиддин қиз тутган шарбатдан сипқорди.

Шу чоғ Ҳожанинг одамларидан бири ичкарига кириб келди:

– Ҳожамиз амр этдилар. Алар мартабали меҳмон Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ сизни сўраётганини айтдилар, – деди.

– Шундоқму? – Сайфиддин бирдан ҳушёр тортди.

Мартабали қўноқ Ҳожа ва унинг одамлари билан дилдан суҳбат қурарди. Ўтган гал Ҳожа Мисрга борган чоғи подшоҳ Солиҳ Сайфиддинга қизиқиш билдиргани ҳақида қудаси оғиз очганди.

Сайфиддин чодирга кириб борган пайт мусиқа айни авжида эди. Хос аскарнинг ишорасидан сўнг, бирдан мусиқа тиниб, Абдуллоҳ Фатҳ Сайфиддин Қутуз ташриф буюрганини эълон қилди.

– Кирсин! Ичкарига кирсин! – буюрди Ҳожа.

Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ кўрдики, Сайфиддиннинг билагида ёшлик шижоати қайнаб тошаётир. Англадики, билаги йўғон бу баҳодир ҳамласини чинакам саваш майдонида қўлласа ярашади.

– Сен қайдан келгансен?

– Мовароуннаҳрдан.

Аҳад Абдуллоҳ синчков нигоҳларини яна Сайфиддинга қадади.

– Мовароуннаҳр! Икки дарё орасидаги юрт демакдур.

– Тақсир, бул маҳобатли номни араблар бермишлар.

– Яша, асл баҳодир экансен!

– Лутф кўрсатдингиз, ташаккур!

Аҳад Абдуллоҳ Ҳожага қараб:

– Жаноблари рухсат этсалар, бул баҳордир йигит, – деди у Қутузни назарда тутиб, – энди қиличбозликда ҳам маҳоратини кўрсатса.

Ҳожа маъқул деган кўйи бош эгди ва Сайфиддинга амр этди:

– Тадоригингни кўр!

Сайфиддин ўрнидан турди.

– Агар маъқул бўлса, -дея яна Ҳожага қарата айтди мисрлик меҳмон, – Қутуз маним хос аскарим Мансур Қоя билан куч синашса!

– Бош устига, маъқул! – Ҳожа шундай деган кўйи, ёнида осиғлик қиличини қўли билан тўғирлаб қўйди, сўнгра нигоҳларини Сайфиддинга қадаб:

– Ҳозирмисен? – дея сўради.

– Ҳозирмен! – Жавоб қайтарди у.

Мансур Қоя Аҳад Абдуллоҳнинг хос аскарларидан эди. У бағоят қувватли ва кўркам савлатли аскар бўлиб, курашларда мудом ғолиб бўлгани боис “Қоя ”лақабига раво кўрилган.

Улар кенг майдонга ўтишди.

Қиличбозлар майдонга тушди.

Кутуз қиличини қайраб, янги рақиби томон яқинлашди.

Унинг олган мўлжали нақ жойига бориб тегди, аммо рақибининг кучли зарби тезда Кутузнинг шамширини қайирди.

Қиличбозлар майдонда узоқ кезинишди. Бу чиндан саваш майдони эди.

– Мўлжалга ол. Мўлжалга ол, қайра қиличингни!

– Бўш келма! Бўл!

Атрофга йиғилганлар, галма-гал қиличбозларни олқишлар эди.

Мансур Қоя ортига тисарилиб, дафъатан рақибига зарба берди.

Бақувват панжалари қилични маҳкам тутган Қутуз рақиб шамширини қайириб, қуйига эгди. Шу топ ўзини ўнглаб олган Мансур Қоя шамширни яна ҳавода сермади. Сайфиддин сўнгги шиддатли зарби билан рақиб қиличининг дамини кесди.

– Уввв! – Томошабинлар ўринларидан туриб кетишди.

– Яша, бўш келма!

Томошабинлар бирини қўйиб, бирига таҳсин ўқишарди.

– Аъло! – Олқишлади Ҳожа, – қани энди ҳамлага ўт!

Навбатдаги ҳужум кутилмоқда эди.

Бу чоғ рўпарасида юзини қалқон билан тўсиб турган Маҳмуд Қоя пайт пойлаб Сайфиддиннинг кўксига кескир қилич учини тирамоққа уринди, ҳайриятки Сайфиддин қилич зарбини қайтарди.

Сўнг яна шамширлар қуёш нурида товланиб ҳавода ўйнади. Сайфиддин устма-уст ҳужумга ўтди.

–Уввв!

–Уввв!

Бежо кезинган шамол томошабинларнинг ҳайратли ҳайқириқларини ҳар томонга олиб қочади.

– Бале, бале! Мўлжални айни вақтида олдинг, баҳодир! – деди бу гал Қоҳиралик меҳмон. Ўзига содиқ бўлган аскарининг ҳоли Аҳад Абдуллоҳни ортиқ энди ранжитмас, чунки у зўрни зўр енгажагини биладир. Барибир зўр зўрни енгадир.

Қутуз шамширини Мансур Қоянинг кўксига тираган он, рақиби тишларини тишларига қўйди, шунда у рақиби нишонни тўғри олганини англади ва таслим эканини билдиришдан бошқа чора тополмади.

Қутуз ёвқур ҳамласи билан Мансур Қояни-да таслим этди.

Кўрдиларки, Сайфидиннинг билагида ёшлик шижоати қайнаб тошаётир. Англадиларки, бу билаги йўғон қиличбоз ёвқур ҳамласини чинакам саваш майдонида қўлласа ярашадир.

– Офарин! Офарин! Қиличинг мудом кескир, зарбинг мудом шиддатли бўлсин! – Олқишлади унинг ёнига борган Аҳад Абдуллоҳ.

– Омин! – ғурур туйди Қутуз.

Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ Сайфиддиннинг қиличини қўлида тутди, сўнгра қуёш жилоларида товланган тиғига ҳайратла боқди:

– Қувватингни чиндан саваш майдонида, ғанимларни ер тишлатмоққа сарфласанг арзийдир, баҳодир! Сени подшоҳ Нажмиддин Солиҳ саройига олиб келмоғимни амр этдилар! Энди сен чинакам саваш майдонида бул кучингни фақат ғанимларни ер тишлатмоққа сарфлагайдурсен! – деди.

– Қуллуқ, подшоҳ Нажмиддин Солиҳ лутф кўрсатибдурлар! Бул мужда мани беҳад мамнун этди, қуллуқ!

Сайфиддин Ҳожасининг азиз меҳмонига қуллиқда эҳтиром кўрсатиб, бош эгди, сўнг ҳарб қалқони мисоли қоматини ғоз тутиб, ўткир нигоҳларини бир нуқтага қадаган кўйи тик турди. Бу ҳайратангиз бир ҳол эди. Унинг бу ҳайбати қатъият соҳиби эканидан ҳамда ҳар қандай хатардан, ҳатто ўлимдан-да қайтмаслигидан далолат эди.

Улар майдонни тарк этиб, тағин чодир ичига ўтишди.

Аҳад Абдуллоҳ тўкин дастурхон атрофида бафуржа ўтиргач, дўсти Носир Абумаъфиб томонга эниб гапирди.

– Подшоҳимиз Солиҳ Аюбий, Сайфиддин аслида Жалолиддин Хоразмшоҳнинг жигарбанди эканидан хабарлари бордур, биласиз.

– Шундоқ. Хабарим бордур. Ўтган гал Мисрга ташрифим чоғида бул ҳақинда гапириб эдингиз.

– Ул зоти табаррук Сайфиддинни ҳузурига – дорилхалофатга олмоқ ниятиндадур.

Ҳожа “шундоқму?” деган маънода кўзлари тобора каттароқ очилиб, қудасига қаради. Аҳад Абдуллоҳ эса гапида давом қилди:

– Бул юздан подшоҳимиз Солиҳ Нажмиддин Аюбий каминани сизнинг ҳузурингизга юбордилар.

Ундан бу мулозаматни кутмаган Ҳожа шошиб қолди, бироқ сир бой бермай:

– Подшоҳ Солиҳ Нажмиддин Айюбийга ҳурматимиз чексиздур. Ул зоти табаррукни бутун Дамашқ аҳли эҳтиром ила тилга оладурлар. Ўтган гал Қоҳирага борганимда Сайфиддин ҳақинда оғиз очиб эдингиз.

Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ ишора қилган чоғ хос аскарлари олтин тангалар билан лиқ тўла баркашларни тутиб, Ҳожанинг ёнида тўхтадилар.

– Подшоҳимиз Сайфиддин учун олтин тангаларни сизга йўлладилар, уни лутфан қабул этгайсиз.

Ҳожа саросимада қолди, бу гал чиндан унинг ақли шошди. У қудасига таъзимда бош эгиб:

– Биз подшоҳ Солиҳ Нажмиддин Айюбийдан нимадир истамасмиз, фақат ул зоти табаррук бизни ҳурматларига лойиқ кўрибдирлар, бунинг ўзи бизга кофийдур. – деди.

– Подшоҳимиз, тилла тангаларни сизга ҳадя сифатинда жўнатдилар, зотан Сайфиддин Кутуз бундан зиёдига арзийдур.

Ҳожа қуллиқ қилди.

Ясоғлик патнис кўтариб кирган қизлар ғолиб шарафига кўзаларда шарбат ҳамда хилма-хил ширинликлар ташиди. Сўнг хушбўй ҳиди анқиган, лаган-лаган лаззатли таомларни тортиқ қила бошлади.

Ҳожа қўноғи Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳга мезбонлик назокати ичида:

– Қани лутфан дастурхонга қаранг – дея мулозамат кўрсатди.

Машшоқлар мусиқа чалдилар, париларга менгзалган сулув қизлар яна рақс тушдилар…

***

Ҳижрий олти юз ўттиз еттинчи сана, мелодий минг икки юз қирқинчи йил эди.

Вазир ўзига хуфя етказилган махфий номани шаҳзодаи жавонмард Нажмиддинга тутиб турган чоғ, сарой ичида бирдан совуқ гап оёқлади. Эмишки, бошига қора ниқоб кийган шотирлар, валиаҳд билиши лозим бўлган кўплаб фармонлар ижросини тўплаб, йўқ этаётганмишлар. Бу аслида валиаҳд шаҳзодага юборилган хуфя-ошкора, айни пайтда бехосият ишорат эди.

Гулхан гуриллаб ёнган маҳал тахт ворисининг навкарлари тобора тепага қараб ўрлаётган оловни тўхтата олмаганидан надомат чекканча, қора ниқоб кийган тўрт нафар хуфяни зиндонбанд этишди. Гуриллаган ўт ичида ўйноқлаб, олов тиллар исканжасида жувонмарг бўлаётган қоғозлар тутини осмонга ўрлай бошлаган маҳал бирдан овоза тарқалди; “хиёнат кўчасига кирган сотқин ғаламисларга омонлик йўқдур!”

Шаҳзода валинеъматининг иккиюзламачи шотирлари шу тақлид олий фармонга хиёнаткорона футур етказганидан ғоят жунбушга келди.

Аслида шаҳзода билган баъзи давлат сирларини валинеъмати ва ўзидан бошқа кимса билмайди, деган ўйда эди. Лекин кўриб тургани каби бу қуббаи ҳарам ичидаги ҳар бир кошонанинг кўзи ва ҳар тош деворнинг қулоғи бор экани кундек аён бўла бошлади. Найласинки, бу кумушранг қубба ортида илдиз отган ҳар бир дарахт, япроқ ёзган ҳар бир новда кўкариш учун кўкка интилар экан.

Кошонанинг совуқ деворлари изн сўрамасликка онт ичган малъундай қаҳ-қаҳа ота бошлади.

Наҳот салтанат хавф остида қолган бўлса?

Нажмиддин Айюб тахтга мустаҳкам ўрнашмоқ учун ҳаракатга кечар экан, ўз валинеъматига шак келтирган хиёнаткорларни аввалига зиндонбанд эттириб, сўнгра қатлига фармон берди.

Кошонада ҳукм сурган сукунат аслида шаҳзодага салтанат сирлари хусусида тинмай маъруза сўйлар эди. Бирдан ҳушёр тортган шаҳзоданинг кўзлари равшанлашиб, кўнгли ёришди. Шунда Нажмиддин Аюб махфий қўшинлар оғабегисига ҳар қандай ҳужумга шай туришни амр этди. Валинеъматининг қазосидан сўнг заҳарланган ҳазинабонни эса сарой табибининг измига топширди. Ўша куни шоқолларнинг пири саналган бош хиёнаткор Жаъфар ибн Мансур Носир отлар туёғи остида жувонмарг этилди.

****

Миср тахтига Айюбий шаҳзодалардан Нажмиддин Айюб чиқди. У Миср ҳамда Шом диёрида “Подшоҳ Солиҳ” номи билан танилди.

Подшоҳ Солиҳ Нажмиддин Айюбий ўз бобокалони Салоҳиддин Айюбий йўлидан борган, унинг ғояларига содиқ чиқиб, мақсадларини барқарор этган султон эди. У жорий этган қонунлар мамлакат ривожига юксак таъсир кўрсатди. Нажмиддин Айюб бобокалонининг чинакам меросхўри эдики, у фуқароларига гўзал ҳулқи ва солиҳ амаллари билан ўрнак бўлди.

Фирот, Дажла ва Форс кўрфази сувлари пасайиб борар, фақат пойтахтни қучоқлаган Нилгина шимолдан қўзғалган шамол ҳайбати таъсирида тиним билмай шовуллар эди.

Турқи совуқ куннинг аёзи ошиб тушди. Шимолдан эсаётган шамол этни жунжиктиради. Ҳинд дарахти, миср тикони, ас-сабр шажиралари ёнида қуриб қолган норинж шохлари оғир тебраниб, кўнгилда нохуш ҳис уйғотади. Унинг бандидан умидсиз узилган барглари изғиринда учиб ўйнайди. Ҳарамнинг кимсасиз Шавкат ал-Мисрия хиёбонида гала-гала учиб ўтган қушлардан сўнг атроф яна-да ҳувиллаб қолгандек.

Пешиндан сўнг ўзини нохуш ҳис этган султон хос бўлмадан чиқиб саломхонага ўтди. Аслида унга хотиржамлик даркор эди, зеро эртанги кун ҳужжатга босилажак муҳр ғоят муҳим эди, ҳодисалар силсиласи султондан қатъий қарорга келмоғини тақозо этарди. Агар султон Шом амирлари билан сулҳ ичида иттифоқ тузмаса, ташқи муҳолифлари қаршисида заифлашиб, марказий кучлардан бебаҳра қолиши тайин эди.

Ислом оламининг ташқи мухолифлари, хусусан салибчилар ўз иттифоқчиларини атрофига жамлаб, қаҳатчилик ва юқумли хасталик туфайли азият чеккан Шом диёрининг баъзи қасабаларидаги улус орасида фитна қўзғашганди. Шом диёрида бошланган бошбошдоқлик Мисрнинг айрим бўлгаларига ҳам ёйила бошлади.

Бесаранжомликни бостирмоққа қасаба ҳокимининг кучи етмади, шу сабаб султон қўшини исённи бостириб келди.

Кечаги кун эса бошкент – Қоҳиранинг олис қишлоғидан келган уч киши авомнинг арзномасини султонга олиб кирди. Миниб келган ночор туясидан-да ўзи озғин қишлоқ оқсоқоли Нуриддин ибн Ҳисрав арзномани султонга тутаётиб, гарчи назму жалолини ўрнига қўйиб нутқ ирод этолмаса-да, ҳар тугул ҳалойиқнинг дардини оқизмай-томизмай подшоҳига етказди. Оқсоқол қишлоқ аҳли қаҳатчилик ва сил туфайли қаттиқ азият чекаётганидан арз қилди.

Султон зудлик билан моддий ёрдам жўнатиб, муҳим тадориклар олиш хусусида фармон берди, аммо барибир унинг кўнгли нотинч эди.

Ҳижрий 638-сананинг шаввол ойи хатар ичида кечди.

Одатдагидек барча саройда ўз юмуши билан банд, ҳарамни эса аллақандай таҳликали сукунат чулғаган эди.

Алоуддин Шамс саломхона ёнидаги кенг ва кўркам ошёнани ўзига макон тутганди. У хонтахта устида турган фармон ва қарорларни қайта-қайта кўздан кечириб бўлгач, ўрнидан турди. Унинг қўлида султон муҳри босилган муҳим қарор бор, у шу қарордан бир нусхани махфий ҳужжатлар сақланадиган жовонга қўяётган чоғ қадам овозлари эшитилди.

– Алоуддин Шамс ҳазратлари.

Алоуддин ортига қайрилиб, рўпарасида Қодир Ҳусайнни кўрди:

– Қани сўйла,– деди.

– Султонимиз Нажмиддин Солиҳ ҳазратлари сизни хос хоналарида кутмоқдалар.

Алоуддин Шамс шошиб ошёнадан чиқди. У саломхона орқали хос хонага ўтди. Бу ошёна қурол-аслаҳалар билан безалган бўлиб, подшоҳ бу ерга тез-тез кириб турарди. Бу ерда бобокалони Салоҳиддин Айюбийнинг хотиралари яшайди. Подшоҳ Солиҳ шу сокин хотиралар ичига шўнғишни хуш кўради. У баъзан бобокалонининг муборак қўллари тутган қилич ва қалқонларни бирма-бир ушлаб чиқади, сўнгра борлиқни унутиб, ошёнада узоқ қолиб кетади. Подшоҳ пешонасига бироз оғган, аммо савлатига жуда ярашиғли тожини тўғрилаб, аслаҳалар ичида қора қаҳрабо билан безатилган ўткир тиғли шамширни қўлида тутиб турарди. Шу он қулоғига Алоуддин Шамснинг қадамлари эшитилди.

У ичкарига киргач, қуллуқ қилган кўйи:

– Олампаноҳим, мани ҳузурингизга чақирибсиз, – деди.

– Шундай. Янги фармон билан танишиб чиқдингму!

– Подшоҳим, танишиб чиқдим.

– Жума кунига бул фармон юзасиндан барчани машварат учун ҳузуримда ҳозир бўлмоғини истаймен.

– Уқдим, подшоҳим.

Улар хос хонадан чиқиб, саломхонага ўтишди.

– Менга мамлакат заҳирасининг сўнгги ҳисоби битилғон ҳужжатни олиб кирсанг!

– Подшоҳим, амр этганингиздек, олиб келурман.

Эшик очилиб, Қодир Ҳусайн ичкарига кирди:

– Султоним, мени авф этинг…

– Сўйла.

– Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ ҳамда Ҳусайн ибн Амир Ҳайсама ниҳоят Қоҳирага қайтмиш. Ҳар иккиси-да ҳузурингизга кирмоқ учун изн сўраётирлар.

Зотан султон кўпдан хуфяси – Ҳусайин ибн Амир Ҳайсамадан мужда кутаётганди.

– Ҳусайн ибн Амир Ҳайсамани дарҳол ичкарига олиб киринг. – Амр этди подшоҳ Солиҳ.

Ҳайсама саломхонага шум хабар олиб кирди:

– Подшоҳим, олампаноҳим, мўғул ҳоқони Ўқтой қудратли кучга дўнди. Мўғуллар ғарбда Булонияга (Польша), шарқда эса Қурия томон жадал кирмишлар. Алар олис Шимолда Субериянинг поёнсиз ҳудудини ишғол этдилар. Мўғуллар бул юришиндан қониқмай, энди жанубда Чин денгизи соҳилларида бафуржа ўрнашиб, сокин палак ёзмоқдалар.

Солиҳ подшоҳ ғайритабиий титради:

– Энди алар Ислом оламиға қиличин қайрамишдир!

– Шундоқ, замон нотинч, султоним.

Чиндан замон нотинч эди.

Ҳижрий 638 – сана, мелодий 1241 йилнинг таҳликали кунлари эди. Бу вақтга келиб мўғуллар бақувват кучга дўнди.

Улар жамлаган мислсиз қудрат дунёи дун аҳлини қўрқувга солиб, хон Чингиз барпо этган салтанат шу тариқа муттасил кенгайиб борди. Мўғуллар ҳар ерда зафарбардор бўлди; улар жумлаи жаҳонга якка ҳукмронлик даъвосида эди.

Мўғул ҳокони Ўқтой бобокалони сингари шафқатсиз хон сифатида ном қозонди. У Ислом оламининг аксар қисми ва Оврупанинг айрим мамлакатларини эгаллаб, еру кўкни мазлумлар оҳига тўлдирган эди.

Подшоҳ тахтдан тушиб, Ҳайсаманинг ёнига келди.

– Подшоҳим, яна бир гап…

– Не эмиш?

– Шом ўлкаларига мохов хасталиги тарқалмиш. Бул касаллик бизнинг мамлакатдаги баъзи қасаба улусларига-да оёқ қўйиб улгурмиш.

– Хабарим бордур!

Ҳайсама келтирган хабарлари бир-биридан мудҳиш эканини англаб, ҳукмдорга ҳадик ичра қараб турарди. Хабарлар султонни нохуш ҳолга солишини билса-да, унинг айтмай иложи йўқ, шу важдан хавотири ошиб гапирди:

– Сафар чоғинда моховга мубтало бўлғон шеригим Толиб Раҳмон дардига даво тополмай, омонат жонини Ҳаққа топширди.

– Аллоҳ раҳматига олсин, – султоннинг овозидаги дард, юзидаги ҳорғинлик Ҳайсамага ҳам кўчди.

– Омин, – деди Ҳайсама таассуфла ғамгин оҳангда қовоғи осилиб.

Толиб Раҳмон подшоҳ Солиҳга садоқатла боғланган ишончли навкарлардан бири эди.

Ҳайсаманинг олис сафар чоғида музлаган қалби бирдан юмшаб, ҳукмдорига Толиб Раҳмонинг хасталикка чалинган маҳзун ҳолатини сўзлаб берди. Султон унинг ғамгин ҳангомасини сукут ичида эшитди.

****

Эртаси куни подшоҳ Солиҳ ҳузурига вазири аъзам, девон дарғаси, унинг кетидан лашкарбошиси кирди. Уларнинг ҳар учови ҳам Нажмиддин Солиҳ Айюбий қаршисида таъзимда чўкишди. Кейин ҳад уриб, девонбеги гап бошлади:

– Подшоҳим, Сиз жаноби олийларининг кўрсатган фармонингизга биноан, Шом амирларидан Ашроф Айюбийга йўллайдурғон номани олиб келдик.

Подшоҳ Солиҳ номани кўздан кечиргач, ўз муҳрини босди.

Сўнгра мамлакат заҳираларини бойитишга қаратилган янги фармонни девон доруғасига тутди. Сарой девонидаги бу янги фармон ижобатини назорат этмоқни эса ваъзири аъзамига топширди.

Аёнлари ҳузуридан чиқиб кетишгач, султон тахтдан тушиб, меҳроб ёнида тўхтади.

Подшоҳ Солиҳ Нажмиддин Аюбий бағрикенг ҳукмдор бўлиб, закийлиги ҳамда раҳмдиллиги билан фуқаролари орасида юксак эҳтиромга лойиқ эди. Унинг ҳукмдорлигида салтанат ҳудудида осойишталик барқарор бўлди, мамлакат шаҳарлари ободликка юз тутди, янги қонунлар жорий этилиб, юртда муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Султон мамлакат заҳираларини бойитди, шунингдек, сарой девонига янги ўзгартиришлар киритди.

Ислоҳотлар фармони битилган китобни қўлида тутиб турган чоғ яна эшик очилиб, Қодир Ҳусайн ичкарига кирди.

– Подшоҳим!

– Сўйла!

– Дамашқдан қайтган Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ… – ”у кеча ҳам ҳузурингизга киролмай қайтиб кетиб эди” дейишдан ўзини тийиб, бироз жимиб қолди, сўнгра султонга зимдан қараб, – ҳузурингизга кирмоқ учун изн сўраётир, – деди.

– Маъқул, қани ани ҳузуримға киритинг, – деди подшоҳ.

Султон эслади, Ҳайсама келтирган бири-биридан совуқ хабарлардан сўнг кимсани қабулига киритмаганди.

Ичкарига кириб келган Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ султон пойида тиз чўкди:

– Султоним, амр этганингиздек, ҳузурингизга Дамашқдан Маҳмуд ибн Мамдуд Сайфиддин Қутузни олиб келдим.

– Аъло! Қутузни ҳозироқ келтиринг.

Подшоҳ қўлидаги узугини тўғрилади. У тахтда ўтирар экан, негадир муштини тугиб, вазмин нафас олди. Меҳробдан тушиб турган офтоб унинг серажин юзи ҳамда ёқут ва зумрад тошлари қадалган тожига зиё бағишлаб турарди.

Фурсат ўтиб, ичкарига келбати кишини ҳайиқтирадиган, кўзлари катта-катта, нигоҳлари ўткир, соҳибжуръат Сайфиддин Қутуз кирди.

Қутуз тахтиравон ёнида тиз чўкканча султоннинг этагини юз-кўзига суртди. Нажмиддин Айюб аввал таъзим бажо келтириб, сўнг этагини юзига суртаётган Сайфиддиннинг ўнг елкасига “қани тур” деган маънода туртди.

– Лутф кўрсатдингиз, подшоҳим! Шараф туйдим. Илло Сиз зоти табарруукка садоқатли ва тоабад содиқ аскар бўлгаймен! – деди.

Султон ҳузурида ҳозир турган бу йигитнинг навқиронлик қуввати бўртиб чиққан бақувват елкаларига, тик қарай олувчи ҳайратангиз кўзларига зимдан боқарак:

– Демак, – деди, – сен Муҳаммад Ҳоразмшоҳнинг набираси, шавкатли Жалолиддиннинг жияни Маҳмуд ибн Мамдуд Сайфиддинсен.

– Шундай, султоним!

– Қутуз эса сенинг лақабинг, анинг маъноси недур?

– Қутузнинг маъноси жангари қопоғон ит демакдур, подшоҳим!

– Айтдиларки, бул лақабни сенга мўғуллар бермиш. Хўш, бул дедиклари ростму? – сўради у.

– Шундоқдур, подшоҳим! Мўғулий сарбоз Монҳ-Орҳил бул лақабни менга бермишди.

Шунда подшоҳ Солиҳ ўз қаршисида турган Қутузни, тилдан-тилга кўчиб, шарафли Мангуберди номига сазовор бўлган Султон Жалолиддин Хоразмшоҳга менгзади.

– Тоғанг Жалолиддин Хоразмшоҳ беназир ҳарб юлдузи эди. – деди подшоҳ. – У кўрсатган жасорат тенгсиздир. Одам зоти бундай баҳодирни қайта кўрмади. У жаҳаннам оловини ёққан мўғулларга бас кела олди. Аммо таассуфки, ҳозир ҳам мўғулларнинг комида ҳамон оташ қайнайдур. Мўғул оташи тингани йўқдур.

– Шундоқ, подшоҳим.

Солиҳ подшоҳ ўнг қўли билан тиззасини силаб, сўнг уч-тўрт бор уриб қўйди. Султоннинг кўзлари бир дам юмилди. Унинг сукутга ботиши сабабини, табиий, Қутуз аввалига тушунмади.

Наҳот султоннинг таъбини хира қилган бўлса?

Қутуз андиша ичида, бошини қуйи эгиб, зимдан кўзларини тахтда ўтирган подшоҳга қадади. Султон аста тахтдан тушиб, Сайфиддин қаршисига келиб тўхтади, унинг юзида қуюқ туманли шарпа кезинарди. Ҳукмдор аллақандай дилгир эди, кеча хуфяси Ҳайсама олиб келган хабар уни беҳад қайғуга солганди. Мўғуллар таҳдиди Ислом оламини тамом маҳв этмоққа қаратилган эди.

– Мўғуллар шундай алангаки, аларнинг комида фақат жаҳаннам олови қайнайдур.

– Чин сўзлайсиз, подшоҳим. Орадан қанча саналар ўтди, аммо ўтган йиллар ичинда орттирган яралар ҳануз битмади. Мўғуллар туфайли қулликнинг фиғонли ҳасратини саналар бўйи елкамда ортиб юрдим.

Қутузнинг кўҳна дарди янгиланганди. У Хоразмшоҳлар дорулсалтанасида кечган бахтиёр болалиги дафъатан қуллиқ занжири билан алмашганини сўз билан ифода эта олмасди. У узоқ йиллар шу адоқсиз кулфат юкини муттасил ташиб юрди. Узоқ йиллар жаҳаннам комида аёвсиз ёнди, аммо орттирган яралари йиллар кечса-да, ҳануз битмади.

Сайфиддиннинг муштлари тугилди, бир дам кўзларини юмиб, вазмин тин олгач, гапида давом этди:

– Хоразмшоҳ шаҳзодаларнинг бари завол топди. Волидаи калонимиз Туркон Хотун Чингизхон хизматига чўриликка берилди. Онам Хонсултон эса Жўжининг харамига жория сифатида тортиқ қилинди. – Қутуз ғазабла титраб, яна оғир тин олди.

Унинг хаёлида ўтмиш хотиралари жонланган эди.

Ўшанда Жўжининг ёнидан қайтган Хонсултон бахти қаро ўғлини қучар экан, қулоғига шивирлаганди:

– Жўжи жонингни бағишламади, ўғлим. Хон Чингиз шаҳзода тоғаларинг қаторида сенинг-да қатлингга фармон бермиш.

Хонсултон сассиз-садосиз бошини чангаллаганча узоқ турганди. Ниҳоят, оқсочи Ҳадичага қараб:

– Аммо мен ақл ила иш тутгаймен. Ҳар нарсанинг чораси бордир, мутлоқ бир чораси бордир. – деди у тағин асабий титраб.

Иттифоқо, эртаси куни Хонсултонга бир болани илон чақиб қазо қилгани ҳақидаги хабарни етказишди. Шунда Хонсултон ўзи тузган режани амалга оширмоққа жаҳд қилди. Ўша боланинг майитини олиб келишни буюрди. Алҳол у майитни Сайфиддин исмига ўраб Жўжига етказди. Сайфиддин эса Асад исмига яшириниб, қатлдан омон қолди.

Хон Сайфиддиннинг қатлига фармон берганди, аммо кадарига қуллиқ битилган эди унинг. Тақдири уни ғуломликнинг темир панжалари ичига улоқтирди. Шу он Сайфиддининг қулоғи остида волидасининг айтганлари эшитилди…

Ҳа, худди шундай, ўшанда Хонсултон фарзанди аржумандига тарқамас ҳасрат ичида уқтирган эди:

– Шукурки, томирингда ҳамон Хоразмшоҳлар қони оқмоқда. Кунлар келади ва сен довюрак, жавонмарду жанговар йигит бўлиб улғайгайсен, бунга шубҳам йўқдур. Шунда сен жувонмарг кетган Хоразмшоҳлар жони ва қони беҳуда кетмаслигини кўрсатгайсен. Чўкма, не бўлса бўлсин, фақат сен чўкма, ўғлим! Зинҳор чўкма… Эшит, бу дедикларимни жонингга, қонингга қуйиб ол, болам! Ўзинг билан шу дедикларимни-да жонингда, қонингда ташиб юр. Йиқилар бўлсанг, юз карра кучга дўниб тур. Хоразмшоҳлар салтанатини қийратиш, жонини қонатиш не эканини аларга кўрсат. Интиқом ол. Буни зинҳор унутма, ўғлим! Не бўлса бўлсин, иймонинг ва ақлингдан айрилма. Ва зинҳор ким эканинг унутма!

Она шундай зотки, ўзининг беқиёс нафис қувватини оҳисталик билан зурриёдига сарфлайди. У аввалига фарзандини қорнида – қонида, жонида ташиб юради, сўнгра тўлғоқнинг титратма азобида аржумандини дунёга омон келтиргач, мурғак жонни папалаб парвариш этади. Шундан сўнг жонига, қонига оппоқ сути орқали тарбиясини меҳр ила қуйиб боради.

Оналар қонимизда оққувчи тарбиятдир. Оналар беназир ҳилқатдир.

Сайфиддин ақлини пешлаб, атрофга боқди, волидаси у томон яқинлашмоқда эди. Онасининг қўзёшлари сел мисоли оқиб келмоқда эди. Шунда туйқус пойини cув шаффоф тиллари билан ўрай бошлади. Бу нуридийда селлари эди.

Хонсултоннинг кулфати мислсиз эди! Бу Хоразмшоҳлар кулфати эди. Оқар сел мисоли кўз ёшлари сира тинмасди.

Сайфиддин ботмон-даҳсар юкни елкасидан соқит қилмоқчи бўлган кимса сингари қаддини тик тутиб, ўзини ростлади, шунда елкаларини оғир юк ҳамон босиб турганини ҳис этди.

Подшоҳ Солиҳ Сайфиддиннинг ғуссали кўзларига қараб:

– Сени қуллик чангалидан озод қилгаймен. Энди сен, бир ҳур ўғлонсен. – деди.

Бу кутилмаган ҳодиса эди.

Набий соллаллоху алайҳи вассалам: “Дуо ибодатнинг илигидир” деганлар. Олисларда нуридийда селлари ичида айтилган муножот қабул эди. Волида ҳар ибодат маҳали муножот қиларди: “Роббим, ўғлим сенга омонатдир. Уни паноҳингда омон асра!”

Сайфиддин тиз чўкди, сўнгра подшоҳ Солиҳнинг этагини кўзига суртаётиб:

– Cизга тоабад содиқ ва садоқатли аскар бўлгаймен, – деди.

***

Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ тўлиша бошлаган гавдасини авайлаб, бу ёнига ағдарилди. Нарида эса завжаси юзини ёстиққа босганча, ухлаб ётарди.

Шу он яна белига бот-бот санчиқ кириб, беҳузур бўла бошлади. Вужуди ловуллаб ёнар, аъзойи баданидан тер қуйиларди. Оғриқ азобини бас қилавермагач, ўрнидан туриб, ҳали у, ҳали бу ёнга бориб келди.

Уйғониб кетган завжаси:


– Уйқу элтмадиму? Ёки хастамисиз? – дея сўради.

– Негадир белимга санчиқ кирди.

– Шамоллаб нетдингизмикан?

– Билмам.

– Тонг отсин, табиб малҳам суражак.

Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ нариги хонага ўтди. Завжаси Фотима бинти Носир ҳарчанд уринмасин, бошқа ухлай олмади. У хобгоҳнинг тўрида милтиллаб ёнаётган шамга тикилган кўйи узоқ ётди, сўнгра очилиб қолган оёқларини ёпинчиқ билан ўраётиб, бирдан кўрган тушини эслади. “Нега онам тушимда кўп безовта юрди? Нега шўрлиғ бунчалар ҳалак?” Бу саволларни у хаёлан бот-бот такрорлар, аммо бирон-бир жўяли, жиллақурса, таскин берувчи биргина жавоб тополмасди.


Онаси Мастура Бегим шаҳарда кўпларнинг дардига малҳам бўлган Салоҳиддин табиб хонадонида дунёга келганди. Айтишларича, қизалоқ беш ёшга тўлганида, онаси оғир хасталикка чалиниб, ҳаётдан кўз юмганди. Отаси эса, завжа қазосидан сўнг, бир жувонга уйланади. Аммо она ўгай эмасми, Мастурага кун кўрсатмайди. Отаси “етар, ортиқ қизимни ўгай она комига ташламагаймен” дея шаддод, унинг устига тутимсиз хотиннинг жавобини беради. Энди у ҳам ота, ҳам она бўлиб қизини вояга етказади. Бир куни отаси шошиб уйга киради, кейин қизига меҳмонлар учун дастурхон ҳозирлашини буюради.

Меҳмонлар кетгач, ота қизини ёнига чақиради.

– Қизим, бўйинг чўзилиб, каттакон бўлиб қолдинг. Сени Самад Ҳусайннинг ўғли Носирнинг никоҳига бермоқ истаймен, – дейди.


Бу гапдан сўнг Мастура гангиб қолди, аммо отасига лом-мим демади. Шунда отаси қизим қабулланди, сукут – аломати ризо, деган ўйга бориб, хотиржам тўйга тараддуд кўрди.

Тўйдан сўнг Мастура отасининг оғир хасталикка чалинганини билди. Кўп ўтмай, кўзларида ёши оққанча бемор отасини тупроққа топширди. Энди у ўзини тамом ёлғиз сезар, ота-онадан жудо бўлмоқ не эканин фақат ота-онасидан айрилганлар ҳис этурлар, билурлар, деган эди у ўшанда ҳожасига ҳасрат-ла боқиб. Падарининг қазосидан сўнг одамови бўлиб қолган рафиқасига кўп меҳрибонликлар кўрсатди ҳожаси. Завжаси бирин-кетин фарзандларини дунёга келтирди. Аввал Фотима ва Зуҳра, сўнгра Абдулваҳҳоб туғилди. Мастура ҳожасининг паноҳида умргузаронлик қилар экан, ўғил-қизлари борлигидан мамнун эди, аммо Ийд айёми кунлари бирдан ўзгариб қоларди. Борай деса, ота-онаси, туғишганлари йўқ эди унинг. У ўзини кимсасиз, ёлғиз ҳис этар, ана шундай кезлар болаларини қучоғига босиб, ўксиб-ўксиб узоқ йиғларди.

“Болларига бол тутган онам, дардини ютган онам”, деди Фотима бинти Носир ўзига ўзи пичирлаган кўйи онасининг мунгли чеҳрасини кўз олдига келтириб.

Бомдод салотини ўқиб бўлгач, Фотима ошёнага ўтди, сўнгра кенг ва бағоят узун бўлма орқали ташқарига чиқди.

Уфқ оша шафақ қизариб, атроф ёриша бошлади. Етиб келган тонгги шабада Фотимани хушҳол қилди. У дафна дарахти тагига қўйилган ўриндиққа бориб ўтирар экан, рукку-рукку дея учиб қўнаётган кафтарга кўзи тушди. Уч кундан буён қаердандир пайдо бўлган бу кафтар Аҳад Абдуллоҳнинг хонадонида сақланаётган бошқа бирига харидор эди. Шу кунларда у қуш дафнага тез-тез қўниб, “рукку, рукку” дея ўқтин-ўқтин фиғон қиладиган бўлган. Кафтар дарахт атрофида гир айланиб уча бошлади. Пичадан сўнг нажот топмагач, яна “рукку-рукку”лаган кўйи ғойиб бўлди. Қушларда фиғон ўзи билан келиб, ўзи билан кетади.

Подшоҳ саройида ҳурмат ва эътиборга лойиқ кўрилган мулозим Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ Қоҳиранинг машҳур “Ҳазрати Комил” гузарида яшарди. Қўриқламоқ учун унга тўрт аскар берилган бўлиб, шундан иккиси мудом дарвоза ёнида турарди. Бундан ташқари, Аҳад Абдуллоҳнинг беш хизматкори ҳам бор.

Бугун хўжалик ишларини юритувчи Самад Аббосий уйқудан жуда эрта уйғонди. У қай бир юмушни бажармоқ учун дарахт ёнидан ўтар экан, бекасига кўзи тушиб, саломлашмоққа тўхтади.

– Бекам, бугун эрта уйғонибсиз?

– Шундай, – деди бекаси. – Бомдоддан сўнг кўзимни сира уйқу тутмади.

– Ҳа, баъзан шундай бўлиб турадур, бекам…

Самад Аббосий бўлмага қараб юрди. У хўжалик ишлари битилган дафтарни кўздан кечириб бўлгач, ёнида шай турган Ҳамидга қилинажак юмушларни чошгоҳга қадар битирмоғи даркор эканини амр этди.

Фотима бека бодом тагида аллақандай қушнинг ўз ошёнидан қулаб синган тухумига кўзи тушиб, беҳузур бўлди. Ичи бижиллаган қуртга тўла эди. Бека ошхона томон йўналди. Айвонда тош ҳовочада қуритилган занжабил қўшиб зирк туяётган хизматкори Ойшага юзланди:

– Губсангини қўя тур. Бодомнинг тагинда қандайдур қушнинг мояги синиб ётипдур. Бориб бир боқсанг-а, кўриб кўнглинг айнийдур. Ичи бижиллаган қуртга тўла. Кўзларинг қаерда сенларнинг?

– Бекам, маъзур тутинг, юмушлар билан машғул бўлиб кўрмабмен. Қайси шажиранинг тагинда, дедингиз?

– Бодомнинг. Дарҳол тозала, йўқса ҳар ённи ис босиб кетадур.

Дамашқдан қайтган ҳожаси ўзи билан бирга Сайфиддин Қутузни хонадонига олиб келгач, барча оёққа қалқди. Маҳмуд ибн Мамдуд Сайфиддин Қутуз айнан Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг жияни экани нафақат Абдуллоҳ хонадони, балки Солиҳ подшоҳ харами ҳамда бутун Қоҳира аҳлига овоза бўлди. Эмишки, подшоҳ Солиҳ Сайфиддин Қутузни озод этиб, хизматига олмиш. Ҳозирда Сайфиддин Аҳад Абдуллоҳнинг хонадонида эмиш, яқин кунларда подшоҳ унга лавозим ҳам берар эмиш.

Хонадон хизматкорлари қўли қўлига тегмай, елиб югуришади. Ипак либоси хушбичим қоматига ярашган Муслима исмли хизматкор қиз, ясоғлик патнис кўтариб ичкарига кирди ва меҳмон шарафига мўъжазгина дастурхон ҳозирлади. Кўзаларда шарбат ҳамда хилма-хил ширинликлар ташиди.

Абдуллоҳ Сайфиддинни дастурхонга таклиф этди. У лаган тўла лаззатли таом олиб кирган Муслимага қараб:

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации