Текст книги "Умрим есталиклари"
Автор книги: Ўктам Мирзо
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 6 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]
УМИД
Бўлма ҳайрон, бу жаҳонда йўқни бор қилгай умид,
Бурканиб шуҳратга-шонга, ошифта ҳол қилгай умид,
Сен умид қилсанг агар, тош устида гул ундириб,
Меҳнату ҳиммат билан бахтиёр қилгай умид,
Сенда бўлса қанча орзу, қанча синоат, қанча ишқ,
Сабр ила, бардош ила барқарор қилгай умид.
Умид ул руҳига ҳамкор, ғунчаи ахмар бўлиб,
Гоҳида шодлик бўлибон, гоҳида ойдай тўлиб,
Гоҳида айтиб ёр-ёру, гоҳида ўйнаб-кулиб,
Гоҳида бўлгай дилафгор, гоҳида ҳайрон қолиб,
Гоҳида ҳижрон бўлиб, гоҳида бағринг тилиб,
Гоҳи маҳзун, гоҳи шод, беихтиёр қилгай умид.
Ноумид бўлма жаҳонда, ноумидлик кўп ёмон,
Гар умидсиз ўтса умринг қуп-қуруқдир тўрт томон,
Гар бошингга тушса савдо, сен умидвор бўл ҳамон,
Ҳақ йўлига жо бўлур, ҳаққу ҳақиқат ҳар қачон,
Покиза бўлса дилинг, албатта омад сен томон,
Умид улдир ҳар нафас қалбингга ёр бўлгай умид.
Англашилмасдан баногоҳ бошга тушса можаро,
Дейдиганлар топилгайдир ўртада оқни қаро,
Бу каби иллат ҳар ишда бўлгусидир даҳр аро,
Покиза бўлса дилинг ҳар дам умид бергай садо,
Ўктам айтур бир куни “Савту наво”ю “Боғаро”,
Сабр ила бардошли бўлсанг, бахтиёр қилгай умид.
ГЎЗАЛЛИК ИЗЛАЙМАН
Гўзаллик излайман, оламдан гўзаллик,
Оламдаги жумла одамдан гўзаллик…
Излайман Юсуфу Канъондан гўзаллик,
Ҳусн мулкидаги султондан гўзаллик,
Излайман энг яхши достондан гўзаллик,
Ва ҳатто ер билан осмондан гўзаллик.
Ой юзли қизларнинг жамоли гўзалми,
Сунбул сочу қалам қошу холи гўзалми,
Ширин суханликдаги боли гўзалми,
Ўктам йигитларнинг камоли гўзалми?..
Гўзаллик излайман, оламдан гўзаллик,
Оламдаги жумла одамдан гўзаллик.
Бировга хусумат тошини отмайман,
Амал ё мансаб деб эсни йўқотмайман,
Келса совуқ шамол дўстга йўлатмайман,
Охирида хижолат лойига ботмайман.
Гўзаллик излайман оламдан гўзаллик,
Оламдаги жумла одамдан гўзаллик.
Кишида гўзаллик қарашга боғлиқдир,
Аввало тинчлигу тан-жони соғлиқдир,
Аъло кайфияту ҳам вақтичоғликдир,
Дўстга содиқлик ҳам ўзингга боғлиқдир.
Гўзаллик излайман, оламдан гўзаллик,
Оламдаги жумла одамдан гўзаллик…
Одам борки кўнглида кир бўлмаса дерман,
Пок бўлса, дил, ақли басир бўлмаса дерман.
Одоб-ахлоқида қуcyp бўлмаса дерман,
Яхшилигинг бўлсаю сур бўлмаса, дерман.
Гўзаллик излайман, оламдан гўзаллик,
Оламдаги жумла одамдан гўзаллик.
ЯХШИЛИК
Қулоқ тутсам ҳақиқатни халқ билур,
Яхши ишни, ёмон ишни ҳал қилур,
Яхшилик қил, сувга от, балиқ билур,
Дейди балиқ билмаса холиқ билур,
Яхшилик-ёмонлик ўзингдан бўлур,
Қилган ишинг ила сўзингдан бўлур.
Кишига яхшилик тоатдан афзал,
Қилган баъзи ибодатдан афзал,
Ҳаётда энг ширин соатдан афзал,
Яхшилик – бу барча ҳолатдан афзал.
Яхшилик-ёмонлик ўзингдан бўлур,
Қилган ишинг ила сўзингдан бўлур.
Яхшилик қилай деб аччиқ гапирдинг,
Дўстинг нуқсонини очиқ гапирдинг,
Хато кетмасин деб ҳатто дуқ урдинг,
Яхшилик – бу, уни ҳақ йўлга бурдинг,
Яхшилик-ёмонлик ўзингдан бўлур,
Қилган ишинг ила сўзингдан бўлур.
Қўлингдан келганча қилгин яхшилик,
Ёмон ҳам ўзгарар қилсанг яхшилик,
Яхшилик бу барча ҳимматдан улуғ,
Ўктам айтур яхшилик қил, яхшилик,
Яхшилик-ёмонлик ўзингдан бўлур,
Қилган ишинг ила сўзингдан бўлур.
ШУКРНИ УНУТИБ ҚЎЙМАНГ
Ношукр одамдир ёмон кўрганим,
Топган ҳурматидан бўлармиш жудо.
Халқимиз нақлидир амал қилганим:
“Кенгга кенг дунё – бу, торга тор дунё”.
Бир коса ёвғон деб тонгдан кечгача
Тинмай меҳнат қилганларни кўрганмиз.
Нон дея, нон дея судралиб, йиғлаб,
Унга кўп интизорларни кўрганмиз.
Узоқ эмас, қирқ беш йилча муқаддам
Урушнинг қизиган палласи эди.
Уруш орқасида қолган одам ҳам
Нон эмас, тополса кунжара еди.
Бизлар тегирмонда ёлғиз қолардик
Тонггача ухламай битта кўмочга.
Жувозкашдан беш пайса ёғ олардик
Бир ҳафтадан ортиқ ишлаб омочда.
Шунда ҳам нолимай меҳнат қилардик
Қариялар, ёшлар дала-тузларда.
Топган-тутганини фронтга бериб
Очлик, қийинчилик бўлган кезларда.
Изғиринли кунлар шундай ўтарди,
Ҳар хил ваҳимада келарди хатлар.
Шунда ҳам шукрни ўргатишарди
Бизга кўпни кўрган нуроний зотлар.
“Хўп” дейиш бизларга қоида эди,
Катталар не деса, гап қайтармасдик.
Бошга қанча ташвиш келиб-кетса ҳам
Она табиатга шукр айтардик.
Биров нолибди деб эшитмаганман,
Ношукрлик қилмас эди қизлар ҳам.
Шоли ўтар эдик, ғўза чопардик,
Ўн бешга тўлмаган эдик бизлар ҳам.
Не бўлди сизларга, ўғил-қизларим,
Шарму ҳаё қани, сабру қаноат.
Сабрнинг остини олтин дейдилар,
Баъзи камчиликка қилинг-да тоқат.
Тегирмон, обжувоз, жувозхонани
Ҳатто тасаввур ҳам қилмассиз балки.
Ол, сенга нон сероб, усти бош сероб,
Шунданми, қадрини билмассиз балки.
Шукр, саломатсан, тинчсан, омонсан,
Ўқисанг мактаб бор, ишласанг иш бор.
Еганинг олдингда, дориломонсан,
Очиқ гап, бахтлисан, толеингдир ёр.
Бесабр бўлмагин, иззат-эҳтиром,
Йўқолиб қолмасин каттага ҳурмат.
Бебош фарзанд бўлма, хулласи калом,
Недир камроқ бўлса айлагин тоқат…
Шукр қил ҳаётга, азиз фарзандим,
Шукр асли асл инсон учун хос.
Ўғлимсан, қизимсан, менинг дилбандим,
Розиман, сўзимга амал қилсанг бас.
ИМОН
Таажжуб қиламан баъзи одамга,
Тили бир бошқаю дили бошқача.
Шунданми адашган босган қадамда,
Ривожин кўрмадим шунча ёшгача.
Мунофиқлик қилма, эзилар виждон,
Виждон эзилгани сенинг сўлганинг.
Беш кунлик дунёда кетмасин имон,
Имоннинг кетгани хазон бўлганинг.
Ҳақиқат бир нурки, нури имондир,
Одамлар билмайди дейсан, билади.
Бугун билдирмадинг, имон туғёндир –
Барибир эртага маълум қилади.
Имон бу – ишончу инсоф, диёнат,
Қалбингда муҳаббат, ишда қаноат.
Имони саломат одамни дерлар:
Бу одам покиза, жуда аломат.
Ўзинг пок, дилинг пок, сўзинг пок бўлсин,
Онанг оқ сут берган, ўшани оқла.
Босиб ўтган йўлинг гулларга тўлсин,
Азизим, имонни саломат сақла!..
ДИЛБАР
Термилиб қолдинг деб қилма хижолат,
Кўркам жамолингда кўрдим камолот,
Бахтимга бор бўлгин соғу саломат,
Шошма, суратингни чизяпман, дилбар.
Воажаб, ёноқлар ёниб турарму,
Қўл деган шунчалар қайноқ бўларму,
Одамни шунчалар муштоқ қиларму,
Шошма, суратингни чизяпман, дилбар.
Бунча ҳам ярашгай сенга сунбул соч,
Ўсмали қошларинг худди қалдирғоч,
Юрак сирларингни бир дамгина оч,
Шошма, суратингни чияпман, дилбар.
Шошма, қимирлама, юзлари гулгун,
Бодом қабоғингнинг буржида тугун,
Хол борми, билолмам, кулиб тур бугун,
Шошма, суратингни чизяпман, дилбар…
ЗАВҚИ ЎЗГАЧА
Бу йилги баҳорнинг файзи бўлакча,
Завқи ўзгачадир, латофати ҳам.
Боғу бўстонларда, дала-қирларда
Баҳор гулларининг таровати ҳам.
Сахий даламизга меҳр ила боқдим,
Кўркамлик шундаю дилбарлик шунда.
Дон шунда, нон шунда, шунда “оқ олтин”,
Ҳатто бир-бирига дилдорлик шунда.
Бу баҳорда тўкин тўйлар бўлажак,
Бу баҳор ҳар қанча мадҳ этилса оз.
Шунданми табиат бор бисотини
Одамлар йўлига қилди пойандоз.
МЕҲМОН БЎЛИНГ
Ғафур Ғуломга ўхшатма
Ўйлаб кўрсам беҳуда йўл босмабмиз,
Қатор-қатор ишлар қилдик изма-из.
Мактаб қурдик, фахрлансак ҳақлимиз,
“Олвализор” ансамбли тузганмиз.
Шўрқўрғонга меҳмон бўлинг, дўстларим.
Олтмишга ҳам кириб қопти ёшимиз,
Оқарибди сочу соқол, қошимиз,
Кутар сизни ўғил-қиз, йўлдошимиз,
Ака-ука, ёру дўст, тенгдошимиз.
Шўрқўрғонга меҳмон бўлинг, дўстларим.
Сиз келсангиз қувончимнинг чеки йўқ,
Сиз борсизки, кўксим тоғу кўнглим тўқ.
Дейдиларки, яхшиларнинг кеки йўқ,
Мунтазирмиз сизга, дастурхон тўлиқ,
Шўрқўрғонга меҳмон бўлинг, дўстларим.
Олтмиш баҳор солди бизга пойандоз,
Дейдиларки, қувноқ одам қаримас,
Бизга яна шунча ёш берсалар бас,
Ўшанда ҳам бирга бўлсак ажабмас,
Шўрқўрғонга меҳмон бўлинг, дўстларим.
УМР САБОҚЛАРИ
Сочинг ҳам оқарур, келур кексалик,
Ёшинг ўтган сари тўкилур тиш ҳам.
Дема аттанг қилиб кетар чоғингда:
Эл эслаб қолгудек қилмабман иш ҳам.
Ёшликда ҳар дамни ғанимат деб бил,
Мўлжалга интилу қилар ишни қил,
Лақиллаб умрни ўтказиб қўйгач,
Қайтмагай ортига ўтган ою йил.
Каттасан, ёшликни унутма зинҳор,
Ўйла сенга кимлар берди эътибор,
Қўлингдан келганда қайтарсанг яхши,
Сенинг тарбиянгда унинг ҳаққи бор.
ТЎРТЛИКЛАР
* * *
Ҳеч ким ўз айбини олмас бўйнига,
Ҳар ким ҳам ўз гапин тўғри-тўғри дер.
Шунданми тенг ярим одам ишламай,
Бир-бирига тушунтириш ғамин ер.
* * *
Орзу-ҳавас ила уйғонар олам,
Етолмасанг алам, етишсанг не ғам?!
Орзу кўп, барига етиб бўлмагай,
Бирига етишсанг доим бири кам.
* * *
Жаҳон султонлиги менга не керак,
Агар туққан юртим билиб турмаса.
Йиғлаганда йиғлаб, кулганда кулиб,
Тўю маъракамда келиб турмаса.
* * *
Сабрнинг остини олтин дейдилар,
Сабр туфайли мен етдим муродга.
Анча иссиқ-совуқ ўтди бошимдан,
Шукр, юрт олдида қолмай уятга.
* * *
Кўкка талпинаркан ҳар қандай дарахт,
Албатта илдиздан озуқа олур.
Илдиз қўлламаса, бўлиб у карахт
Кичик ел турса ҳам беимкон қолур.
* * *
Бу олам ҳаммага етади,
Сенга ҳам, менга ҳам, унга ҳам.
Яхшилик қувонч бахш этади,
Ерга ҳам, ойга ҳам, кунга ҳам.
* * *
Умидим улдурки, ёзган шеърларим
Руҳлантириб турса эл юмушида.
Уни ўқиб туриб деса дўстларим:
Дўстим кўп самимий, содда киши-да.
* * *
Табиати қизиқ баъзи одамлар
Оқни қора дея қилур ўжарлик.
Оқнинг пок чароғи порлаган дамлар
Сичқоннинг уйини истайди шўрлик.
* * *
Агар эрта тонгда турмаса киши,
Билиб қўй, кечгача унмайди иши.
Нияту мақсадни покиза қилиб
Эрта турганларнинг бўлмас ташвиши.
ФАРДЛАР
Хушомад, алдовга ҳушёр бўл, ҳушёр,
Мунофиқдан чин дўст чиқмайди зинҳор.
* * *
Тараққий этмайди такаббур киши,
Такаббурлик фақат нодоннинг иши.
* * *
Орзунинг чеки йўқ – етиб бўлмайди,
Аммо баҳридан ҳам ўтиб бўлмайди.
МУШОҲАДАЛАР
* * *
Қилинган яхшиликни миннат оташи ила куйдириб юборманг.
* * *
Орзу-ҳавас шу қадар кўпайиб кетдими, ҳар қанча топсанг, шунча камга ўхшаб кўринаверади.
ОДДИЙЛИГИНГ
Ортиқ зебу зийнат тақмасанг ҳамки,
Ажойиб гўзаллик барқ урар сенда.
Камалак атласдай жило бергуси
Оддий бўз кўйлак ҳам сенинг эгнингда.
Сим рўмол деганни ўраш шарт эмас,
Умр узун, қўлимиз қисқароқ, майли.
Кўзимга минг бора кўриндинг яхши,
Гулим, оддийлигинг туфайли.
НАМАНГАННОМА
II-китоб
МУНОЖОТ
Ҳамду сано сенга Парвардигорим,
Раҳмону раҳимсан ҳам меҳрибоним.
Исминг сенинг ҳуснинг эрур Раҳмонлик,
Сенинг изминг эрур жонсизу жонлиқ.
Сенинг исминг жумла жаҳоннинг ҳусни,
Жумла жаҳон дема, ҳар жоннинг ҳусни.
Раҳим ҳам сен, Раҳмон ҳам сен, Азим ҳам,
Субҳон ҳам сен, илҳом ҳам сен, жазм ҳам.
Сен яккасан, сендан ўзга илоҳ йўқ,
Субҳоноллоҳ, сендан узга Оллоҳ йўқ.
Зотинг сенинг Шариф Қайюму барҳақ,
Вужудинг мавжуддир боқию мутлақ.
Сен ҳаётсан, сен толесан, қисматсан,
Сен ганжу тафаккурсан, тилсимотсан.
Ҳар ишга қодирсан, Яратган эгам,
Оламни ўзига қаратган эгам.
Қудратинг-ла саккиз жаннат яратдинг,
Яхши амал қилганларга қаратдинг.
Жаннат улки райҳони дилнавоздир,
Ҳавзи кавсар қўшиқ-ла сарфароздир.
Қудратинг-ла еру кўкни яратдинг,
Яхшиларга яхшилик ҳадя этдинг.
Яҳшиларга яхшилик бўлса насиб,
Ёмон бўлса ёмон жазо муносиб.
Амринг қаттиқ, меҳрибонсан ягона,
Ишқинг билан қалбим бўлсин сўзона.
Юргаи йўлим узра ўзинг раҳнамо,
Ўзинг мураббийсан, яратган Оллоҳ.
Давлатли султонсан, ўзинг Раҳмонсан,
Раҳимли, карамли жону жаҳонсан.
Сенгагина қилажакмиз ибодат,
Ўзинг ато этдинг бахту саодат.
Мустақиллик бердинг, бўлди халқим шод,
Бир Ватан бўлдирки эркину обод.
Шоирлар дилида достон ўзингсан,
Гулистон ўзингсан, бўстон ўзингсан.
Ўзинг илҳом бердинг, ашъорлар ёздим,
Муҳаббат боғига гуллар ўтқаздим.
Билиб-билмай хато қилсам кечиргин,
Гуноҳларим дафтарингдан ўчиргин.
Валиларга кўрсатганда тўғри йўл,
Бизларга ҳам ҳамиша раҳнамо бўл.
Ишқингни дилимда барқарор этгин,
Фирдавси аълдан насибадор этгин.
Ўктам Мирзони ҳам иноят айла,
Ўзинг тўғри йўлга ҳидоят айла.
Ўзинг мадад бергин, меҳрибон Раҳмон,
“Наманганнома” деб бошлайман достон.
ГЎЗАЛ НАМАНГАН
Мадхия
Курраи заминда беназир маскан,
Бу маскан таърифи дилларда достон.
Меҳнатдан бахт топиб яшаган бўстон,
Сен билан фахр этур ҳур Ўзбекистон.
Довруғи достоним, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
* * *
Отамдек, онамдек меҳрибонимсан,
Қалбим кишварисан, дили жонимсан.
Акам ҳам, укам ҳам, дўсти ёримсан,
Сен менинг ғурурим, ифтихоримсан.
Боғлари бўстоним, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
* * *
Барно йигитларинг, қизларинг гўзал,
Меҳнатда чиниққан юузларинг гўзал.
Ширин сухандоним, сўзларинг гўзал,
Баҳор, ёз, қиш, сахий кузларинг гўзал.
Боғлари бўстоним, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
* * *
Ҳар бир қишлоқ, овул, маҳалланг гўзал,
Пахтазоринг, чорвангу пилланг гўзал.
Улкан ҳосил берган ғалланг ҳам гўзал,
Онажоним айтган алланг ҳам гўзал.
Оқ олтинга коним, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
* * *
Наманган бунчалар бўлгунча обод,
Муҳташам бинолар кўтаргунча қад,
Тахтиравон йўллар бўлгунча бунёд
Меҳр ила ишлаган неча валломат.
Беназир достоним, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
* * *
Мактаб, боғча қурдик, қурдик қасрлар,
Биздан ёдгор бўлгай неча асрлар.
Бу ишлар битгунча ўтди кўп ўйлар,
Мадраса, масжидлар, чиройли уйлар.
Моҳир бунёдкорим, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган
* * *
Меҳнату машаққат жойида бўлган,
Ҳар соат, ҳар куну ойида бўлган,
Дараси, адир, қир сойида бўлган,
Ҳамон меҳнат ила толеи кулган
Шербилак полвоним, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
* * *
Темурхон бобомнинг қадами етган,
Жасур Бобур Мирзо от суриб ўтган,
Бобораҳим Машраб таваллуд топган,
Олиму фозиллар ашъорлар битган
Давлатли султоним, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
* * *
Мўътабар отамнинг пок изи сенда,
Мунисим онамнинг ҳақ сўзи сенда,
Иброҳим оғанинг юлдузи сенда,
Тожихон опадек ҳур қизи сенда,
Табаррук масканим, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
* * *
Жанггоҳларда бўлди бир неча шунқор,
Бир қанчаси қолди, бўлдик интзор.
Бир нечалар келди, қилдик ифтихор,
Холмат Жалоловдек ботирларинг бор,
Тенгсиз қаҳрамоним, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
* * *
Астойдил ишладик дала-тузларда,
Мўл ҳосил олай деб баҳор-кузларда.
Тер тўкдик офтобда, адир, бўзларда,
Унинг ўзи қолди гўзал юзларда,
Заҳматкаш бўстоним, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
* * *
Мен сенда туғилдим, бағрингда ўсдим,
Обод қилайин деб кўп йўллар босдим.
Совуқ шамол эсса, йўлини тўсдим,
Аста битиб борди кам ила кўстим.
Сен гули гулшаним, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
* * *
Ҳуснда беқиёс кўркам жамолинг,
Сира дол бўлмасин қадди камолинг.
Олма, анор, ўрик, шафтоли болинг,
Биз учун азиздир ҳарбир ниҳолинг.
Мунис, меҳрибоним, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
* * *
Улуғ ёш муборак, азиз юртдошим,
Неча савдоларни кўрди бу бошим.
Сен менинг сирдошим, йўлда йўлдошим,
Доим порлаб турсин кўкда қуёшинг.
Мусаффо осмоним, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
* * *
Буюк яратгандан қилгум илтижо,
Сенга хизмат қилиш шараф, муддао.
Сени деб яшарман, қилурман дуо –
Мени сендан жудо қилмасин Худо.
Сен жону жаҳоним, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
* * *
Эштиб ол Ўктам бобонгнинг сўзин,
Сизга насиҳатим, ўғлоним, қизим,
Олам пештоқида порлоқ юлдузим,
Юртинги обод қил, эй қаро кўзим.
Сен мулки Туроним, жонажон Ватан,
Азизу мукаррам гўзал Наманган.
КИРИШ
Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда,
Имон-эътиқоду тилагимизда.
Ўзингдан тилайин, Парвардигорим,
Ўзинг раҳнамосан, жону жаҳоним.
Оламни ўзига қаратган эгам,
Бағрида бизларни яратган эгам.
Мадад бер мустақил Ўзбекистога,
Юртим машҳур бўлсин жумла жаҳонга.
Она ватан ичра гўзал Наманган,
Гўзалликда гўзал ажойиб маскан.
Вилоятни достон қилмоқ муродим,
Муродимга етказ, қодир худойим.
“Наманганнома” бу иккинчи китоб,
Истиқлол даврини ёздим бобма-боб.
Ёздим яна кўрган-билганларимни,
Бирга юриб, бирга турганларимни.
Ҳуррият йиллари қилинган ишлар,
Эришилган ютуқ, қувонч-ташвишлар
Ушбу достонимнинг бўлди мавзуси,
Ўн тўрт кунлик ойдай бўлиб ёғдуси
Сизнинг қалбингизда нур сочса зора.
Ўқиган дўстларим солиб наззора,
Улуғ устозларни қилурман ҳавас,
Юртдошларим ўқиб хурсанд бўлса бас.
II
“Наманганнома”ни эттирдим давом,
Ўқигайсиз бунда хўп ширин калом.
Юртимиз мустақил бўлганидан сўнг
Яхши ишлар қилдик бир-биридан чўнг.
Беҳисоб давлатни берди худойим,
Халқимизга насиб қилсин илойим.
Қадим қадриятлар тикланди яна,
Элим эркинлиги қилди тантана.
Жуда кўп тадбиркор, ишбилармонлар,
Ватанга фидойи иш қилармонлар
Қўллаб-қуватланди, чиқди майдонга
Хизмат қилайлик деб Ўзбекистонга.
Чет элларга бориб, алоқа боғлаб,
Ўзларини улкан ишларга чоғлаб,
Мустақил Ватаним обод бўлсин деб,
Тўкин-сочинликдан дил шод бўлсин деб,
Бири дон етказиш санъатин билди,
Бири нон етказиб элни шод қилди.
Покиза ниятни дилига солиб,
Бири Учқўрғондан тоза сув олиб
Олиб келди гўзал Давлатободга,
Аҳли Наманганим етди муродга.
Бири гугурт фабрикасини қурди,
Бири қоғоз чиқарай деб югурди.
Яна бири қилайин деб яхши иш,
Тадоригин топиб чиқарди калиш.
Бирининг муроди сут– мой кўпайсин,
Элим шу неъматга муҳтож бўлмасин.
“Жаҳон бозори”ни қураркан бири,
Юртга муҳаббатнинг зўр эрур сири.
Бири косиб, бири моҳир ҳунарманд,
Диёримда кўпдир соҳиби талант.
Ташаккур айтаман азиз деҳқонга,
Хирмонимиз тўлди пахтага – конга.
Буюкликка кўтарсак деб Давлатни,
Ана кўринг Наманганда санътни.
Бир ой ўтмай яна бир муҳташам жой,
Мукаррам Наманган очмоқда чирой.
Хуллас, Наманганда нима кам бўлса,
Элни маъмур қилса, жамулжам қилса.
Пок ният-ла ишга тушди Наманган,
Орзулари, умидлари бир жаҳон.
Ёшлар тарбияси яхши бўлсин деб,
Яна коллеж, лицей, мактаблар қуриб,
“Соғлом авлод учун” курашса бири
Эришган ютуқнинг бўлмас охири.
Спорт комлекси – номи “Паҳлавон”
Қудрати қучмоқда бизни шуҳрат-шон.
Ёшлар мажмуасин қуриш бошланди,
Улуғ иншоотга юриш бошланди.
Ислом ака кўриб хурсанд бўлдилар,
Наманган аҳлига раҳмат дедилар.
Истиқлол йўлидан юрмоқдадирмиз,
Қўшма корхоналар қурмоқдадирмиз.
“Лола” таомлари машҳури жаҳон,
Дилингиз яйрайди бунда бўлган он.
Раҳбарлик қиладур Хожи Абдулло,
Омадини берсин яратган Оллоҳ.
Яна бир ошхона номи “Туркистон”,
Ундан баҳраманддур жуда кўп инсон.
“Осиё”, “Исфархон”, “Шаршара”, “Гулзор”,
“Бешчинор”, “Нодира”, “Чорсу”, “Нилуфар”
Ёки Ғишт кўприкда меҳмон қилайму,
Тандир кабоб, палов, сомса олайму…
Ҳе-ҳе, ёзаверсам мисоли жаннат,
Ошпазлар санъати жонингга роҳат.
Наманган мисоли “Очил дастурхон”,
Ҳамма жойда бирдек тўкин ошу нон.
Бозорлар таърифи ўзи бир китоб,
“Наманганнома”да ўқинг бобма-боб.
Бундаги неъматлар жуда ҳам бисёр,
Ҳаммаси инсонга – бунда неки бор.
Шамсикўлдан чиққан битта тадбиркор
“Ал-Машриқ”ни қурди, қилдим ифтихор.
Резаксойда қурмоқда бир ошхона,
Тадбиркорнинг ҳимматидан нишона.
Тадбиркорнинг исми Ғайбулло ҳожи
“Ал-Машриқ ” журнали унинг гултожи.
Ипак йўлидаги “Сарбон”ни кўринг,
Лаззатли таомдан тановвул қилинг.
Бобур кўчасида бир ошхона бор,
Ошхона демаки, зўр кошона бор.
“Қашқар лағмони” дан ичиб шод бўлинг,
Лаззатли неъматдан қувватга тўлинг.
Бу ишларни қилмоқ учун йўл керак,
Қўллаб-қувватловчи кўплаб қўл керак.
Киришдик биз янги йўллар қурмоққа,
“Ипак йўллари”ни кўпайтирмоққа.
Ҳаммасига бош-қош ҳокими фармон,
Ҳокими фармоннингўзи чин инсон.
III
Орзуларни қувватлади Юртбошим,
Кундан-кунга порлаб турди қуёшим.
Яхши хулқу одоб – зийнати билан,
Яхши сўзу яхши меҳнати билан,
Яхши иши, яхши ҳиммати билан,
Тадбир тузиб яхши санъти билан
Неча азаматлар ишга киришди,
Баъзан ўнгларию, баъзан тиришди.
Муроди элини шод, хурсанд қилса,
Яхши иши билан тарихда қолса.
Наманганни обод, тўкин жой қилса,
Меҳмон келса ёғли палов, чой қилса,
Меҳнат аҳлин кундан-кунга бой қилса,
Наманганни машҳури жаҳон қилса,
Қилган меҳнатлари зое кетмаса,
Тарих бўлиб қолса, асло йитмаса –
Шундоғ ният билан ишга киришди,
Баъзида ўнглади, баъзида шошди.
Пок ният-ла қилдилар хўп яхши иш,
Улардан ишлашу бизлардан ёзиш.
Яна ўн йил ўтар, эллик йил ўтар,
Бора-бора ёшлар бизни унутар.
Кимлар қуриб, қачон кўтаргандир қад,
Жўранинг ўрнига Тўра десак гар,
Ўзи кечирса ҳам, кечирмас Жаббор.
Бор гапни бор дейиш ҳақиқатда мос,
Холис ёзувчи ва шоиргадир хос.
Авлодларга етказмай хуш хабарни,
“Тупроққами олиб кетайин зарни”
Дедим-да, қўлимга олдим хомани,
Ёзмакдаман ушбу ёдгор номани.
Ёзмакдаман кўрган-билганларимни,
Бирга юриб, бирга турганларимни.
Меҳнат қилганларнинг ўчмасин номи,
Қийналмасин куни келиб виждони.
Таббаррук номлари тарихда қолсин,
Савобли ишлари зое кетмасин.
“Наманганнома”нинг қаҳрамони халқ,
Халқнинг қилган иши, айтган сўзи ҳақ.
Шу боис ёзурман аниқроқ қилиб,
Шоирлик касбини муқаддас билиб,
Баъзи одам тиним билмай ишлайди,
Баъзи одам мақтанишни бошлайди.
Биров қуриб, биров юрар керилиб,
Талтаяди шон-шуҳратга берилиб.
Ундоғларга ўрин бермайлик асло,
Ҳақиқат, адолат бўлсин мутлақо.
Наманганда яхши ишлар жуда кўп,
Таърифласам, ёзиб қўйсам хўпдан-хўп.
Ватан муҳаббатин юракка солдим,
Кўрган-билганларни қаламга олдим.
Ютуқларни кўрмас парво қилмаслар,
Эҳтимолки, эшитмаслар, билмаслар.
Ютуқларни кўролмайди баъзилар,
Уларга ҳам бир чимдим гап ёзилар.
Яхши ишлар кўпдир, кўрдим-да ёздим,
Эзгулик боғида кўчат ўтқаздим.
Юртдошлар меҳнатин қадрига етиб,
Келажак авлодга қолдирсам битиб,
Эл шод бўлғай, мамлакат обод бўлғай,
Буюк Ўзбекистон гулларга тўлғай.
Ҳожи Мирзо дерлар менинг отамни,
Норбодомхон ая дерлар онамни,
Ота-онам шу чаманнинг раъноси,
Ёзди достон Наманганнинг Мирзоси.
2-қисмдан парча
Илм ақл чироғи дер халқимиз,
Шукр, илм ўрганишга ҳақлимиз.
Мамлакат мустақил бўлганидан сўнг,
Илм деб иш қидирдик бир-бирдан сўнг.
Президент дунёни айланиб юриб,
Жаҳон илми ила ҳикматин кўриб,
Бутун эътиборни ёшларга берди,
Иқтидорли йигит-қизларни терди.
Танлаб олиб иқтидорли ёшларни,
Бахти кулган неча қалам қошларни
Ҳатто Америкага йўллади ўзи,
Бориб хабар олиб қўллади ўзи.
Фарзандларим, дея қилди ғамхўрлик,
Бунга имкон берди озодлик, ҳурлик.
Неча йигит-қизлар илми зиёда
Туркия, Англия, Германияда ,
Мисрда ва яна неча давлатда
Ўқиш, ўрганишда ҳам камолотда.
Ўғил-қизларимиз билим олмоқда,
Яхши таълим олиб қайтиб келмоқда.
Яна янги-янги қизиққан ёшлар
Бири бирисига бўлиб йўлдошлар
Жаҳондаги илғор билимни олди,
Билим хазинасин дилига солди.
Бу ишларга бош-қош эрур юртбошим,
Ёш йигит-қизларга ота йўлдошим.
Неча ёшлар жаҳон бўйлаб юришди,
Биз кўрмаган юртни, элни кўришди.
Яна ғамхўрликда олмоқда таълим,
Уларга дарс ўқиб зукко муаллим.
Ҳаммаси истиқлол шарофатидан,
Унинг ривожидан, камолотидан.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?