Текст книги "Қояларда қолган болалик"
Автор книги: Рисбек Омонов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 5 страниц) [доступный отрывок для чтения: 1 страниц]
Рисбек Омонов
Қояларда қолган болалик
ҚОЯЛАРДА ҚОЛГАН БОЛАЛИК
Урушдан кейинги йиллар эди. Етишмовчилик, очарчилик, қийин пайтлар бўлган. Кўп эркаклар урушда ўлиб кетган. Шулар қатори онамнинг олдинги умр йўлдоши ҳам қаҳрамонларча ҳалок бўлган, шу тўғрисида ҳарбий комиссариятдан қорахат олган. Онам икки нафар фарзанди билан бева бўлиб қолганлар. Бир қизи ва бир ўғли бўлган. Ана шу икки фарзандини боқиш мақсадида ўзи ёш бўлишига қарамай, менинг отамга турмушга чиққан. Отам онамдан 30 ёш катта бўлган. Отам қари бўлгани учунми, урушга бормаган. Балки онам одамлар бева деб ҳар хил гап қилишмасин деган мақсадда шунга кўнгандир. Қари бўлса ҳам оила боши бўлсин деганми? Отамнинг оиласи ҳам, фарзанди ҳам бўлмаган. Балки олдинги аёли билан ҳаётлари яхши бўлмагандир. Ҳарҳолда шу пайтда ёлғиз яшаган. Отам икки қарияни совчиликка юборган. Онам рози бўлгандан сўнг бирга яшай бошлаган. Улар Тошкент вилоятидаги Паркент туманига қарашли Толли Булоқ қишлоғида яшашган. Бу жой Қизилтоғ этагида жойлашган. Орадан бир йилча ўтар-ўтмас, 1948 йил 20 январда мен туғилганман. Лекин бу сана аниқ эмас. Чунки отам ҳам, онам ҳам ўқиш ёки ёзишни билишмаган. Фақат мен сўраган пайтимда, аниқ санасини билмадим-ку, жуда қаттиқ қор ёққан эди, деб жавоб берган. Демак, қиш пайти бўлган. Чунки у пайтларда яшаган кўп кампирлар ўқиш ва ёзишни билмаган. Қачон туққансиз деб сўраса, улар: “Э болам, мен ўрик гуллаганда, қовун пишиғида ёки хирмонда туққанман”, деб жавоб беришган.
1949 йилдан бошлаб шу ерда яшаган аҳоли Бўка туманига, чўл жойга “ер очиб, буғдой ва пахта экасизлар” деган мақсадда кўчирма қилинган. Одамлар шу чўлга кўчиб бориб, тепалик жойларни кавлаб, ертўла қуриб яшай бошлаган. Кейинчалик бу жойда одам кўпайиб “Ильич” номли колхоз ташкил топган. Ана шулар қатори бизнинг оиламиз ҳам шу жойга кўчиб боришган. Ишга деярли барча аҳоли чиқарилган – аёл ва эркаклар биргаликда қўлда канал ва ариқларни қазишган. Ерларни эса ҳўкиз ва отларни қўшиб ҳайдашган. Ҳўкиз ва отларни йиғиб колхоз ферма ташкил қилган. Булардан ер ҳайдаш ва аравага қўшиб улов сифатида фойдаланилган.
Онам ҳам эл қатори ишга чиққан. Шу пайтлар онам 40, отам эса 70 ёшлар атрофида бўлган. Шунинг учун ҳам отам ишга чиқмай, уйда мени парваришлаб ўтирган экан. Мен бу пайтда эндигина бир ёшдан ошган чақалоқ бўлганман.
Кунларнинг бирида онам ҳар доимгидай мени эмизиб, ухлатиб, отамнинг қўлига бериб, ўзи канал қазишга кетган экан. Бир қанча вақт ўтгандан кейин онам ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Худди ниманидир эсидан чиқаргандай бўлаверган экан. Шунда онам ишбошидан: “Илтимос, мен бир уйга бориб боламдан хабар олиб келай, негадир кўнглим ғаш бўлиб, ўзимни ёмон ҳис қиляпман”, деб жавоб олиб, шошилганича ертўлага етиб келибди. Шоша-пиша ҳовлига кирган. Ҳеч кимни кўрмагандан кейин тез ертўла ичкарисига кирган. Лекин на болани ва на чолни топа олмаган. Улар қаёққа кетишди, нега кетишди, қачон кетишди, ҳеч ким билмайди. Онам бечора “Ана келиб қолар, мана келиб қолар”, деб кечгача кутган. Чунки отам балиқ овлашни, умуман ов қилишни яхши кўрган экан. Лекин кечгача ҳам келмаган. Онам хавотирга тушиб, кечаси шу ердаги ҳамма ертўлаларга бориб, бирма-бир сўраб чиққан экан. Аммо ҳеч қандай хабар топмаган. Шу тариқа онам бечора чолидан ҳам, боласидан ҳам ажраб, бўзлаб, йиғлаганича дод-фарёд қилиб қолаверган.
Онамнинг айтиши бўйича ҳеч қандай уруш-жанжал бўлмаган экан. Шу кетишда онам бечора олти йилча ҳеч қандай хабар топа олмаган. Бирор нарса ёзиб ташлаб кетишга отамнинг саводи бўлмаган. Онам ҳам ёзиш-ўқишни билмаган. Лекин отам раҳматли кетишдан олдин икки марта “Кампир, кетиб қолай дейман-ку, лекин бир нарсам қолиб кетади-да”, деб қўйган экан. Шунда онам отамга қараб: “Э чол, сизга нима бўлди, ўзингиздан ўзингиз кетаман дейсиз. Ахир, уруш-жанжал бўлмаса, нега кетаман дейсиз? Кетадиган бўлсангиз борадиган жойингизни айтиб кетинг-да. Яна мен сизни топа олмай қийналиб юрмайин”,– деган экан кулиб. Унга жавобан отам: “Э кампир, яхши ит ўлигини кўрсатмайди дейишадику, кўрасан-да”, – деб жавоб берган экан. Кейинчалик мен онамдан: “Она, уриш-жанжал бўлмаса, бола талашиш бўлмаса, нега отам бундай қилган”, – деб сўраганимда онам: “Нималигини аниқ билмайман-ку, лекин отанг бир умр тоғда яшаб ўсган одам бўлган. Балки шунинг учунми жуда камгап, ғийбат, олди-қочди гурунг, чойхонавозликни ёмон кўрадиган, ҳеч ким билан иши бўлмайдиган, битта гап кам бўлса, икки гап кўплик қиладиган одам бўлган”, – деб айтган эди.
Балки шунинг учунми отам кўпчиликка аралашавермас, ёлғизликни хуш кўрувчи, ёлғиз ов қилишни, балиқ овлашни ва табиатда сайр қилишни жуда ёқтирган.
Буни қарангки, шу пайтгача на мен, на онам отамнинг хаёлида нима бўлганини билмаймиз. Эндигина бир ёшдан ошган чақалоқни олиб, Қизил тоғ томонга, ҳеч ким яшамайдиган жойларга равона бўлган. Энди тушунишимча, отам “Бир нарсам қолиб кетади-да”, деганда ёлғиз фарзандини – мени ўйлаган бўлса ажаб эмас.
Энди онамга келсак: эмизикли фарзандини бирданига йўқотган аёл не аҳволга тушади, хаёлидан нималар ўтади, буни таърифлаб беришга менинг тилим ожизлик қилади. Буни фақат бошидан ўтган аёлгина билса керак.
Мана шу олти йил ичида юрагининг бир четида оз бўлса-да, боламни бир кўрсам деган умид билан яшагандир.
Отамнинг қўрқмаганлигини қарангки, эмизикли гўдакни қандай боқаман, касал бўлиб қолса нима қиламан, у ерларда доктор бўлмаса, дори-дармон бўлмаса деб ўйламаганмикан? Ёки ўзига шунчалик ишонганмикан? Худога таваккал қилганмикан?
Шу кетишда отам мени олиб, ҳеч кимга айтмай, кўрсатмай кимсасиз тоғлар орасига бориб, бир сой бўйида, сувга яқин жойда кичик бир тепаликни қазиб, икки хонали ертўла, яъни биз учун бир ётоқ қурган. Аммо бу “кошона”нинг на эшиги, на роми бўлган. Фақат эшик ва ромнинг ўрни бўлган холос. Ертўланинг ўртасида ўчоқ қурилган. Қиш пайтлар шу ертўла ичида яшар эдик. Қор ёғиб, кунлар совиб кетган пайтлари овқат, чой қайнаб бўлгандан кейин ўчоқнинг устига ёғочдан ясалган сандални қўйиб, устига каттагина кўрпани ташлаб қўяр эдик ва унинг ичига кириб бошимизни чиқариб ётар эдик. Тагимизда эса қуриган ўт-ўландан қалин қилиб солиб, устига бир қаватгина юпқа кўрпачани ташлаб қўяр эдик. Бошқа ортиқча кўрпа ё кўрпача бўлмаган.
Эшикнинг олдига кечаси милтиллатиб олов ёқиб қўяр эдик. Қуриган арча ва бошқа дов-дарахтлар кўп бўлар эди. Эшигимиз олдида эса ёввойи ҳайвонлар юрар эди. Тўнғиз, бўри, тулки, жайрон, ҳатто айиққача бўларди. Лекин улар оловдан қўрқиб, ертўлага яқинлашмас эди. Кунлар исиб, қорлар эриб, ерлар қуриганда қозон-ўчоқни далага қуриб олар эдик. Қаерда ётсак ҳам ётадиган жойимизни айлантириб қаттиқ, қўпол жундан тайёрланган йўғон арқон билан ўраб қўяр эдик. Чунки жун арқондан турли ҳашаротлар ўтавермас экан. Биз яшаган жойларда чаён, илон, бузоқбоши, қорақурт деган ҳар хил заҳарли жонзотлар кўп эди. Лекин мен бирор марта, бирон нарса чаққанини эслай олмайман. Ертўламизнинг олдида бирозгина сув чиқадиган текислик бор эди. Отам шу ерга ўзимиз учун деҳқончилик қилар, картошка, сабзи, пиёз, ҳандалак ва кўкнори экиб қўяр эди. Бу ерлар жуда ҳосилдор эди. Чунки қачонлардир бу ерда қўйчиларнинг қўраси бўлган экан. Отам катта-катта харсанг тошлар билан бу жойни кўтариб, девор қилиб қўйган эди. Одам кириб-чиқадиган кичкина эшик ҳам ясаганди. Уни ҳам кириб-чиққандан кейин катта тош билан ёпиб қўяр эди. Бўлмасам, бу ерда юрган ёввойи чўчқа ва айиқлар томорқани пайҳон қилиб ташларди. Менимча, шу ерга экилган кўкноридан дори-дармон сифатида фойдаланган бўлса керак. Чунки отамнинг ўзи ҳам уни оз-оз истеъмол қилар ва менга ҳам сал шамолласам ё йўталсам ичкизар эди. Балки шунинг учунми, мен ўзимнинг ёки отамнинг касал бўлганини билмаганман.
Отам овчилик билан шуғулланар эди. Ёввойи ҳайвонларга қопқон, какликларга тузоқ, каптар ва паррандаларга тўр қўярди. Тонг саҳарда каклик, каптар ва паррандаларнинг қаердан учиб ўтишини ва ёввойи ҳайвонларнинг кечаси қаердан ўтишини яхши билар эди. Умуман олганда тушган ўлжанинг ҳаммаси биз учун гўшт бўларди. Бундан ташқари, отам арча ва қоятошлар орасидан асал йиғар эди. Тоғда асал, асосан, эски арчаларда ҳамда тошларнинг қовоғида бўлар эди. Лекин тошдан асални олиш жуда қийин. Чунки бу асалнинг уяси қанчалик чуқурликда жойлашган, билиб бўлмайди. Бу уянинг ўнг ёки чап томонда экани ҳам номаълум. Камдан-кам ҳолларда тошдаги асални олар эдик. Арчада бўлса осонгина олардик. Чунки асалари учиб кирадиган жойи арчанинг бир томонидан бўлса, отам бу арчанинг орқа томонини арра билан аралаб, кичикроқ тўртбурчакли дарча очарди. Отам арилар кўп ҳужум қилиб чақмаслиги учун олов ёқиб, бироз тутатиб қўярди. Кейин дарчани очиб, асалга тўлган 3–4 варақ асални олиб, яна дарчани жойига қўйиб, ёпарди. Тушиб, очилиб кетмаслиги учун сим ёки ип билан маҳкам боғлаб қўярди. Вақти келганда яна очиб кўрар эдик. Агар тўлган бўлса, яна асални олиб, қайтадан ёпардик.
Отам қачон қайта очиб кўришни биларди. Дарчани очиб кўрганимизда арилар яна асалга тўлдириб қўйган бўларди. Лекин ҳаммасини олиб қўймас эдик. Чамаси, учдан бир қисмини олиб, қолганини арилар учун қолдирар эди. Биз асални варағидан, мумидан ажратиб ўтирмас эдик. Асалнинг варағидан бир тўғрам нонча кесиб олиб, муми билан чайнаб еб юрардик. Бу асалнинг мазаси жуда бошқача бўлади. Чунки бу асал табиий, тоза, уларга ҳозиргидек шакар аралашмаган, фақатгина тоғдаги мевали дарахтлар гулидан ва ҳар хил лолақизғалдоқлар гулидан олинган. Мен шу бир тўғрам асални еб олиб, кечгача фақат сув ичиб, тоғдаги ҳар хил меваларни териб еб юрардим. Ҳаммаси табиий, тоза эди. Менимча, табиий тоза маҳсулотнинг инсон организми учун қанчалик фойда эканини ҳамма билса керак. Сойлар тўла ёнғоқ, олча, ўрикларни териб, қуритиб, қишга ғамлаб қўяр эди.
Бизда пул бўлмаган. Шунинг учун ҳам отам тузоққа тушган какликларни, қуритилган меваларни ва баъзан баланд тоғдаги тошлардан олинган мумиёларни олиб, тоғ ошиб ўтиб, Чибиргат номли қишлоққа бориб сотиб, пулига озиқ-овқат ва унча-мунча кийим учун матолар олиб келар эди. Бу қишлоқ ҳам тоғ этагида жойлашган. Олиб келган матолардан ўзига ва менга қўлидан келганича шалвар ва кўйлак тикиб берар эди. Тикканда ҳам жуда боплаб тикар эди. Кўйлакнинг олди-орқаси бирдай бўлар эди. Унга тугма ҳам қадалмас эди. Матони кенггина қопга ўхшатиб юмалоқ қилиб тикиб, икки томонини кесиб ташлаб, ўрнига думалоқ енг тикиб қўя қолар эди. Шалварни ҳам шу тариқа иккита юмалоқ болоқ тикиб, учини бирлаштириб, узунроқ ип ўтказиб, боғич қилиб берар эди. Тоғда ким ҳам кулади. Биз театрга бормасак, саҳнага чиқмасак. Қопқонга тушган ёввойи ҳайвонлар терисидан эса менга ва ўзига чўқай тикар эди. Яъни, теридан маҳси тикарди. Бундай маҳси юмшоқ, енгил ва иссиққина бўлади.
Озиқ-овқат олиб келиш учун чиққанда отам мени ертўлада қолдириб, олдимга овқат ва ўйинчоқларни қўйиб, эшик ўрнига катта-катта тошларни қалаб кетар эди. Мен ҳам чақалоқлигимдан шу ҳаётга кўникма ҳосил қилганман шекилли-да. “На илож, бошга тушганини кўз кўрар” деганлари шу бўлса керак-да. Қўрқиш менинг хаёлимга ҳам кириб чиқмас эди. Лекин отам қайтаётганида шошилиб келар ва узоқдан овозини баланд кўтариб “Рисбек” деб келарди. Мен “ҳа” деб овоз берганимдан сўнг хотиржам бўлиб, секинлашарди. Менимча, “ўғлим жойидами, ҳеч нарса тегинмадими” деб хавотирга тушса керак. Отам мени ҳар кимга ҳам кўрсатгиси келмаган бўлса керак. Менимча, отамнинг хаёлида худди, мени одамларга кўрсатаверса, онам бундан хабар топиб, олиб қўядигандай бўлса керак-да.
Қиш пайтлари тоғда қор жуда қалин бўлар эди. Қалин қорда тоғ ошиб тушиб, озиқ-овқат олиб чиқиш қийин бўлганлиги сабабли эртароқ, қор тушмасдан отам қишлик озиқ-овқат ғамлаб қўйшга шошилар эди.
Тирик бандасига Худонинг ўзи етказар экан. Қиш ойлари чамаси 20–30 кунда учта рус кишилар бизникига келиб, ётиб, ёввойи чўчқаларни отишиб, тозалаб бўлиб олиб кетишар эди. Лекин кетиш пайтида учаласи бизга бир қоп ва ундан ҳам кўпроқ каклик ташлаб кетишарди. Ҳар келганда эса учаласи кўтарганича ҳар хил озиқ-овқат олиб келишар эди. Бу эса бизнинг бемалол қишдан чиқиб олишимизга ёрдам берар эди.
Мен мана шу олти йил болалик ҳаётимда отамдан ташқари фақат шу уч рус овчилари ва онда-санда қўй ҳайдаб ўтадиган чўпонларни кўрганман, холос. Лекин рус овчилар билан сўзлаша олмас эдик, чунки бу овчилар ўзбекча билмас эди. Биз эса русча билмаймиз. Ишқилиб имо-ишора билан сўзлашар эдик. Шошилиб қўй ҳайдаб ўтиб кетаётган чўпонларнинг эса биз билан сўзлашишга вақти ҳам бўлмас эди.
Бу қари чолни кимсасиз бир тоғда шунчалик ташвишли, қийин ва зерикарли ҳаётга нима мажбур қилганлигини ҳеч ким билмайди. Мана шундай машаққатли ҳаётда нималарни ўйлаб яшаган, буниси ҳам номаълум. Балки шу ҳаёт ўзига ёққандир. Балки ёввойи табиат қўйнида, сокинликда, соф ва тоза ҳавода яшаш отамга куч-ғайрат бағишлагандир. Чунки бундай шароитда ҳеч ким асабингизга тегмайди, ғийбат деган нарса бўлмайди. Инсон ўзи хоҳлаганича яшайди. Гўзал табиатдан баҳра олади.
Мана, отамнинг вафот этганига ҳам олтмиш йилдан ошиб кетди, лекин отамнинг хаёлидан нималар ўтганини ҳали-ҳануз ҳеч тушуниб етмадим. “Ўғлим шундай шароитда вояга етса қандай инсон бўлади? Бир ўзи тоғда яшайдими? Ёки жамиятга, инсонларга қандай қўшилади? Одамлар билан қандай мулоқот қилади? Ярим ёввоий шароитда вояга етган инсон жамият ҳаётига кўника оладими? Унинг ҳаётга бўлган қараши қандай бўлади?” Бу саволлар отамни ҳеч ўйлатганмикан?! Бу нарсаларни ўйлаб мен ҳали ҳам тушуна олмайман. Ҳа, бунинг ҳаммасига балким отам тирик бўлганида жавоб топган бўлармидим?
Энди асл ёшлигимга қайтсак. Қиш пайтида ҳеч қаёққа чиқмас эдик. Қор жуда қалин бўлгани учун юриш қийин бўлар эди. Қиши билан фақат ҳожатга ва сув олишга чиқар эдик. Ертўламизга яқин 20 метрча жойдан сув оқиб ўтар эди. Кунлар совуқ, чўмилишга шароит йўқ. Натижада қиши билан бир жойда ётавергандан кейин одамни сирка босиб, битлаб кетар экан.
Кундуз унча билинмас эди-ю, лекин кечаси билан тинмай қашиниб чиқар эдим. Буни кўрган отам дарров оловни баланд ёқиб, менинг кийимларимни ечиб олиб оловга бироз тутиб турар эди-да , қизигандан кейин қаттиқ силкитса, иссиқ таъсирида битлар патир-путур қилиб оловга тушиб, куйиб кетар эди. Отам ҳам ўзининг кийимларини шундай қилар эди. Ана шундан кейин икки-уч кун жонимиз кириб, тинч ухлар эдик. 3–4 кун ўтгач яна сиркалар битга айланиб, яна безовта қиларди. Сочимни эса қашлаб, қийналиб кетмасин деб қайчи билан тақирлаб олиб ташлар эди. Ҳадеб кийим алмаштириш учун кийимнинг ўзи кам бўлган. Шу алфозда бир амаллаб қишдан чиқиб олардик. Қиш ўтиб кун исигандан кейин ювиниб, тозаланиб олардик. Мана шундай машаққатли ҳамда ўзимизча қизиқарли ҳаётда олти қиш яшадик.
Мен ҳам анча эсимни таний бошладим. Бир куни отам мени олиб, тоғ этагида жойлашган Намданак қишлоғига бордик. Кўчада ўтиб кета туриб қарасак, бир хонадонда тўй бўлаётган экан, яъни суннат тўй. Бизни ҳам ичкарига таклиф қилишди. Биз кирганимизда эндигина уч нафар болани суннат қилиб бўлишган экан. Отам уста билан кўришиб, ундан менинг ҳам қўлимни ҳалоллаб қўйишини илтимос қилди. Уста ҳам бунга рози бўлиб, мени ҳам суннат қилиб қўйди. Кейин бизни ҳам ҳамма қатори ошга таклиф этишди. Отам “Майли, раҳмат, биз тезроқ борайлик”, – деб ош ейишга ўтиргиси келмади. Лекин хонадон эгаси “Э отахон, ёшингиз улуғ экан, хонадонимизга бир келибсиз, мана ўғилларимизни суннат қилдик, ҳа, энди бир чўқум ош еб, бир дуо қилиб кетарсиз”, – дегандан кейин отам йўқ дея олмади. Ошга ўтирдик. Одамлар эса бизни кўриб ҳайрон бўлгандай отамга ҳар хил саволлар бера бошлашди.
– Отахон қаерда яшайсизлар?
– Отахон оилангиз борми ўзи?
– Бошқа болаларингиз ҳам борми?
– Нега ёлғиз ўзингиз болани кўтариб юрибсиз?
– Уйингиз, аёлингиз борми?
Шунга ўхшаш ҳар хил саволлар. Отам нимадандир чўчигандай, ҳадиксираб, хоҳлар-хоҳламас қисқача жавоб бериб, ошни ҳам чала еб, мени кўтариб, яна тоғлар орасига равона бўлдик. Менинг суннат тўйим ана шу тарзда бўлиб ўтган.
Шу куни мен ҳаётимда биринчи бор кўп одамларни кўрдим. Биринчи бор карнай-сурнай овозини эшитдим. Илк бор ўзимга ўхшаш ёш болаларни кўрдим. Болалар карнай-сурнай овози остида ўйинга тушиб, бир-бирини қувиб, хурсанд юришар эди. Мен эса маҳкам отамнинг қўлидан ушлаганча, бир жойда уларни томоша қилиб турардим. Мен бу тенгдош болалар билан сўзлашишга, бирга ўйнашга тайёр эмас эдим. Чунки бу болаларчалик менинг тилим, нутқим равон бўлмаган. Менинг ярим ёввойи ҳаётимдан бирданига бу болалар билан киришиб, сўзлашиб, ўйнаб кетишим учун анча вақт керак бўлар эди. Менда бунга журъат ҳам бўлмаган. Мен ўзимни гўё бу болалар олдида мутлақо бегонадай, ҳозирги тил билан айтганда бошқа сайёрадан келиб қолгандай ҳис қилардим. Бу болаларнинг бунчалик бижиллашиб тўхтамай тез сўзлашишини кўриб, ўзимни худди соқов боладай ҳис қилардим.
Шундан кейин анча вақтгача шу болаларга ҳавас қилиб, мен ҳам уларга ўхшаб тез гапира олармиканман деб ўйлаб юрдим. Ўзимча тез гапиришга ҳаракат қилиб ҳам қўярдим. «Ота, мен у болаларга ўхшаб гапира олмайманми?» – деб сўрардим. Отам бўлса “Ҳа, ўғлим, вақти келганда сен ҳам тез гапирадиган бўлиб кетасан”, – дер эди.
Лекин шунга қарамай ҳаётимиз жуда қизиқарли бўлган. Қиш ўтиб, кунлар исиб, ерлар қуригандан кейин биз ертўладан чиқиб, очиқ далада яшай бошлар эдик. Бутун ёз бўйи биз тоғма-тоғ оралаб ов қилиб, сайр қилиб юрардик. Қаерда кун ботса, шу ерда тунаб қолардик. Кўрпа-тўшак ва озиқ-овқатни эшакка юклаб, мени отам елкасига ўтқазиб, эркалатиб кўтариб юрарди.
Бир куни биз олис тоғда атрофи қоятошлар билан ўралган бир дарага тўғри келдик. Излаб юриб-юриб, аранг шу дарага тушадиган кичик бир йўлни топдик. Кейин қийинчилик билан бир амаллаб пастга, даранинг ичига тушиб олдик. Нима учундир отам пастга тушганда йўлга белги қўймади. Балки йўлни топиб чиқиб кетишга ишонгандир. Дара ичидаги сойда катта сув оқар экан. Сувнинг тиниқлигидан унинг таги кўриниб турарди. Суви жуда муздай, аммо жуда мазали, ичсангиз рохат қиласиз. Бу сойдаги сувда жуда балиқ кўп бўлар экан. Улар майда тангали, ҳозир “маринка” дейилган балиқ эди. Бу балиқлар жуда ширин ва мазали бўлади.
Сойнинг икки томони ҳар хил дов-дарахтлар билан қопланган. Жуда салқин ва сокин. Ов қилиш учун жуда қулай. Бошқа тоғларда нима бўлса, бу ерда ҳаммаси бор эди. Ҳар хил парранда-ю, ҳар хил ёввойи хайвонларгача бор. Арча ва тошларда бошқа жойларга нисбатан асал кўп экан. Биз асални жуда яхши кўрардик ва кўп истеъмол қилардик.
Отам ҳар куни эринмай балиқ тутарди. Балиқни эса антиқа усулда пиширарди. Балиқни ювиб, тозалаб, бироз осиб қўярди. Яъни, суви оқиб кетсин учун. Кейин олов ёқиб чўғ бўлгунча кутарди. Чўғ тайёр бўлгандан сўнг махсус катта симдан тайёрланган сеткани унинг устига қўйиб, бир қатор қилиб балиқларни териб чиқар эди. Балиқ бироз қизаргандан кейин бир ағдариб чиқарди. Сўнг балиқ қизариб, ёғи оқиб чиққунча кутардик. Ёки бўлмаса учта катта тошни ўчоққа ўхшатиб қўйиб ўртасига олов ёқарди. Тошлар аввал тандирга ўхшаб қораяр, кейин оқарар экан. Тош оқаргандан сўнг бу тошга балиқни нонга ўхшатиб ёпиштириб чиқарди. Балиқ қизиган тошга жаз этиб ёпишиб қоларди. Балиқнинг бир томони чўққа пишса, иккинчи томони тошнинг иссиғида пишиб қоларди. Балиқ пишай деб ёғи оқа бошласа тошдан салгина ажрагандай бўларди. Шундан кейин отам балиқни тандирдан нон узгандай ажратиб олар эди.
Мана шу усулда тайёрланган балиқни емабсиз, бу дунёга келмабсиз. Шундай мазалики, еган сари егингиз келади. Пиширилган балиқнинг суяклари ҳам пишиб кетар экан, бемалол қўрқмай чайнаб ейсиз. Томоққа ҳеч нарса қадалмайди. Менимча, отам тоғда ёғ бўлмаганлиги учун шунақа пиширгандир. Ҳалигача ўша балиқнинг мазаси оғзимдан кетмайди. Отам, ҳатто қўзиқоринларни ҳам шундай пиширарди.
Нонни тандир бўлмагани учун чўққа кўмиб пиширар эдик. Яъни, хамирни қилиб, унга гўшт, пиёз, ёнғоқ, ялпиз ва бошқа тоғ гиёҳларидан қўшиб, аралаштириб тайёрлаб оларди-да, уни табан қозонга солиб қўйиб, олов ёқиб, чўғ бўлгунча кутарди. Чўғ тайёр бўлгандан кейин хамир солинган табан қозонни (усти ёпиладиган “сковородка”) чўққа кўмиб қўяр эди. Чўғ совиб ўчгунча нон ҳам пишиб қоларди. Унгача чўғнинг бир четига қўйилган чой ҳам қайнаб қоларди. Бундай усулда пиширилган нон жуда мазали, хушбўй бўлади. Шу нондан бир тўғрам ва озгина асал билан тоғ гиёҳларидан дамланган бир пиёла чойнинг ўзи етарли, бошқа хеч нарсанинг кераги бўлмайди. Мана, ёшим етмишдан ошибдики, бошқа бундай мазали нон емадим.
Қопқонга тушган ўлжанинг гўштини ҳам, кўпинча, чўққа кабоб қилиб пиширар эди. Кабобни ҳам пиширганда унинг устига арча ва ҳар хил тоғ гиёҳларидан сепиб пиширар эди. Бундай кабобдан жуда яхши ҳид таралиб туради. Иштаҳани очади. Отам нон ёки кабоб пиширгунча кўкнорини эзиб, бир пиёлада ичиш учун тайёрлаб қўяр эди. Менга ҳам бир ҳўплатиб, қолганини ўзи ичиб олар эди. Ана шундан кейин ота-бола ёнбошлашиб олиб, алламаҳалгача чойхўрлик қилар эдик. Ҳа, очиқ табиатда, соф ҳавода, арчали тоғлар орасида шу тарзда яшаш, шу тарзда дам олишга нима етсин. Лекин бу ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Балки шунинг учун биз ҳеч касал бўлиб, ётиб қолганимизни билмайман. Балки шунинг учун қаҳратон қиш совуғига ҳам бемалол бардош бергандирмиз, тоғма-тоғ чарчамай юргандирмиз. Балки Аллоҳ бизга шу тариқа соғлиқ ва қувват бергандир.
Биз яшаган тоғларда баҳордан то кузгача қўйчилар колхоз ва совхозларнинг қўйини боқиб юрарди. Баъзан биз тоғма-тоғ айланиб, сайр қилиб юриб, ҳатто қўй топиб олардик. Бу қўйлар, асосан, бирон жойига шикаст етиб, қон чиқиб яра бўлса, шу жойига чивин ёки пашша ўтириб, қуртлаб кетар экан. Қўй ҳаддан ташқари қуртлаб кетса ётиб қолар экан. Сўнг подадан ажралиб қолиб кетар экан. Отам бу қўйни сўйиб, қуртлаган жойини кесиб олиб ташлаб, тоза жойини ажратиб олар эди. Кейин думба ёғини куйдириб, куйдирилган думба ёғига гўштни майдалаб солиб, қовуриб қўяр эди. Бу қовурилган гўшт қозонда тураверар эди. Чунки уни алоҳида солиб қўйиш учун ортиқча идиш ҳам бўлмаган. Фақат қозондан оз-оздан олиб кичикроқ бир товоқчага солиб салгина қиздириб нон билан еб юрар эдик. Ҳозирги замонавий совуткичлар қаёқда дейсиз. Лекин думба ёғига кўмилиб турган гўшт айнимас экан. Анча вақтгача тайёр овқатни еб, ов ҳам қилмай, дам олиб юрардик. Демак, шу ҳам бизнинг насибамизга ёзилган экан-да. Аммо отам бу овқатни тайёрлашда унга на пиёз ёки картошка, бошқа бирон нарса қўшмас эди. Чунки фақат думба ёғида ҳеч нарса қўшмай қовурилган гўшт узоқ айнимай турар экан.
Ҳар йили баҳорда қўйчилар қўйларини тоғда боқиш учун бизнинг ертўламиз олдидан ҳайдаб ўтишарди. Улар ўтиб кетаётиб биз билан кўришиб, ҳолаҳвол сўрашиб, “Отахон, биз фалон тоғда бўламиз, бориб меҳмон бўлиб турингиз”, деб ўтиб кетишар эди. Биз тоғма-тоғ сайр қилиб юрган пайтларимизда баъзан шу қўйчилар отарига бориб, бир пиёла чой устида бироз дам олиб кетар эдик. Куз пайтида улар қўйларини ҳайдаб яна бизнинг ертўламиз олдидан ўтарди. “Отахон, бахоргача омон бўлинг, биз яна келамиз”, – деб хайрлашиб кетар эди. Лекин бир йили баҳорда ўтаётган қўйчилар қўйларини ҳайдаб кетаётиб бизга эътибор ҳам, салом ҳам бермади. Буни кўриб отамнинг жаҳли чиқиб: “Ҳой қўйчилар, тилларингни салом билан қўшиб ютиб юборганмисизлар, ёки ҳамманг соқовмисизлар. Бир оғиз салом бериб ўтиб кетсаларинг бирон жойларинг камайиб қолармиди, қандай одамсанлар. Ўзи, бир йил қўй боққан одамдан ақл сўрама, деб бекорга айтишмас экан-да. Мен эса шу тоғнинг жиннисиман. Агар хоҳласам кузда қўйсиз қолиб, қуруқ чўпон таёғингни судраб кетасанлар”, – деди. Қўйчилар отамнинг гапини эшитиб бирон нарсадан ҳадиксирагандай бўлиб “Отахон, биз сизни танимадик. Чунки биз бу йил биринчи бор қўй ҳайдаб келишимиз, кечирасиз”, – деб қайтиб келиб кўришишди. Шунда отам уларга юзланиб: “Салом бериш учун одамни таниш шартми, ҳеч бўлмаса қари одамларга салом беришни билмайсанларми?” – деди. Улар уялганидан: “Кечирасиз отахон, бу бизга сабоқ бўлди, энди эсимизда тутамиз, биз нариги тоғда бўламиз, меҳмонга бориб туринг”, – деб хайр лашиб кетишди. “Танимасни сийламас” деганлари шу бўлса керак-да.
Отам ёввойи ҳайвонларга қопқон ва какликларга тузоқ қўяр эди. Мен ўзимча тоғутошларни, арча ва дарахтларни томоша қилиб, ҳар хил меваларни териб еб юрар эдим. Сой бўйида сув ёқасида роса булдурган (маймунжон) кўп экан.
Кечалари ҳам отам мени ухлатиб, қопқон ва тузоқларни текшириб келиш учун кетарди. Лекин албатта менинг икки томонимга, сал узоқроқ жойга олов ёқиб, тўнкаларни қалаб кетарди. Демак, кўнгли хотиржам, ҳеч нарса олов олдига келмайди ва менга тегмайди. Бемалол ов қилса бўлади. Мен ҳам шу ҳаётга мослашиб қолганман, бемалол қўрқмасдан ухлаб ётаверар эдим. “Ота, нега қопқон ва тузоқларни кундузи қарамайсиз”, – десам, отам: “Ҳа энди, ўлжа тушиб қолган бўлса, кечаси йиртқич ҳайвонлар кўриб қолса, уларни еб, тузоқларни узиб кетади-ку”, деб жавоб берарди. Мен уйғониб кетсам, атрофга қараб бир неча бор “ота-ота” деб чақирар эдим. Ҳеч ким жавоб бермагач, яна бемалол уйқуга кетар эдим. Кечаси алламаҳалда отам қопқон ва тузоққа тушган ўлжани олиб келар эди. Кейин иккаламиз очиқ ҳавода осмонга тикилиб, юлдузларни томоша қилиб, бир-биримизни қучоқлаб, суҳбатлашиб ухлаб қолар эдик. Эрталаб яна овга кетарди. Бу сафар кечқурун тоғнинг сойроқ жойига тортиб қўйилган тўрларни йиғиб келарди. Отам каклик, каптар ва бошқа ёввойи паррандаларнинг тонг саҳарда қаердан учиб ўтишини жуда яхши биларди. Ҳарҳолда қуруқ қайтмас эди. Ҳеч бўлмаганда беш-ўнта парранда олиб келарди. Ана бизга егулик гўшт. Биз бир неча ҳафта чамаси шу ерда яшадик. Кейин ҳар доимгидек бошқа жойга кўчмоқчи бўлдик. Лекин тушишда йўлга белги қўймаганимиз учун дарадан чиқиб кетадиган йўлни топа олмай қолдик. Бу дарадан чиқиб кетадиган фақат биргина йўл бор экан, холос.
Сой бўйлаб кетавериш эса номаълум. У қаерга бориб тугайди, қаердан чиқади – билмаймиз. Тушган жойимиздан анча узоққа кетиб қолган эканмиз. Отам ҳар куни нонуштадан сўнг мени қолдириб, йўл излаш учун кетарди. Ахири ҳар ерга ўзича белги қўйиб юриб, чиқадиган йўлни топиб келди. Жуда хурсанд бўлдик. Лекин йўлни топкунча бир неча кун ўтиб ҳам кетди. Биз гўё табиат қамалига тушиб қолган эдик. Агар йўлни тополмай қишгача қолиб кетганимизда ҳолимиз нима кечарди. Бир амаллаб табиат қамалидан чиқиб олиб, бир баланд тоғ устига кўтарилдик. Бу ерда архар (ёввойи қўй) ва кийиклар ўтлаб юрар эди. Улар жуда сергак, сезгир ва ҳуркак бўлар экан. Шунинг учун ҳам биз уларга жуда яқин бора олмадик. Бу жониворлар баланд қояли тошларда юришга шунчалик мослашиб кетганки, баланд қоятошлар устига худди текис ерда юргандай бемалол сакраб, югуриб чиқиб кетарди.
Биз тоғнинг энг юқори чўққисига чиқдик ва шу жойда қизиқ нарсага дуч келдик. Тоғнинг тепаси бутун бир яхлит тошга ўхшарди. Тошнинг усти шундай текис ва силлиқ эдики, гўё қачонлардир ўзга сайёраликлар қўниш майдончасини яратиб қўйгандай. Текисликнинг кенглиги чамаси бутун бир футбол майдончасига тенг келарди. Балки бу ўзига яраша табиатнинг бир мўъжизасидир. Анча вақт томоша қилдик. Сўнг пастга йўл олдик. Йўлда кетаётиб отам менга қараб: “Ўғлим, энди биз Алвастисой деган жойга борамиз”, деди. Мен отамга қараб: “Ота, нега Алвастисой дейди? Нима, у ерда алвастилар яшайдими?” – деб сўрадим. Отам эса “Э ўғлим, у ўз номи билан Алвастисой, борганда кўрасан”, деб бир жилмайиб қўйди.
Узоқ йўл босиб, Алвастисойга ҳам етиб келдик. Атроф жимжит, сокинлик ҳукм сурарди. Табиат жуда гўзал. Атроф тўла арчазор, сойнинг икки томонида ҳар хил мевалар. Сойда шариллаб тиниқ ва муздай сув оқарди. Сойнинг нариги томонида катта қоятош бор экан. Тошнинг тагида гўё одам яшаши учун яратилгандек кичик бир ғорча чиқди. Биз ана шу ғорчага жойлашдик. Отам билан, у ёқ – бу ёқдан қуриб, синиб ётган шох ва тўнкаларни йиғиб келдик. Тошларни қалаб, ўчоқ ҳам қуриб олдик. Бир зумда кеч ҳам бўлиб қолди. Кечки овқатни ҳам пишириб, қоринни тўйғазиб олдик. Қоронғи тун ҳам бошланди. Ғорнинг олдига отам яна милтиллатиб олов ёқиб қўйди. Узоқ ёниши учун ҳўл тўнкаларни қалаб қўйди. Сўнг отам менга қараб: “Рисбек, ўғлим, мана бироздан сўнг нима учун Алвастисой эканини билиб оласан”, – деб яна бир жилмайиб қўйди.
Ҳақиқатан ҳам бироз вақт ўтгач, ҳар тарафдан ҳар хил тушунарсиз овозлар эшитила бошлади. Аввалига аста-секин, кейин эса бу овозлар борган сари кўтарила бошлади. Оловнинг шуъласида уларнинг кўзлари ёниб турарди. Улар бақиришиб у ёқдан-бу ёққа югуришар, бир-бири билан уришиб кетгандай бўларди. Борган сари улар биз томонга яқинлашар, бизга тикилиб, бошларини кўтариб, худди бизнинг ҳидимизни олаётгандай, тумшуғини осмонга кўтариб қолар эди. Шу пайт отам ёниб турган бир шохни олиб улар томонга улоқтирса, улар қўрққанидан тумтарақай қочиб қолишарди. Кўп ўтмай яна яқинлашиб келарди. Кейин отам: “Бўлди ўғлим, энди ётиб ухлаймиз, улар барибир оловдан ўта олишмайди”, – деди. Лекин мен барибир анча вақтгача уларни кузатиб ётардим. Қай вақт ухлаб қолардик, билмайман.
Кўзимни очсам, тонг ёришиб кетибди. Тундаги махлуқлардан бирортаси ҳам кўринмайди. Атроф жимжит, сокин. Отам нонушта тайёрлаб, менинг уйғонишимни кутиб ўтирган экан. Нонуштадан сўнг мен атрофни яна кузата бошладим. Лекин кечаси кўрган нарсаларим худди тушимда содир бўлгандай эди. Ҳар кечаси шу аҳвол. Аста-секин биз ҳам уларга кўника бошладик. Бора-бора уларга эътибор бермайдиган ҳам бўлдик. Биздан бирон-бир фойда чиқмагандан кейин уларнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлди шекилли, бизга кўп яқинлашмай қўйди. Одам боласи ҳар қандай шароитга кўникаркан. “Бошга тушса кўз кўрар деб” бекорга айтишмас экан. Мана шу кундузи сокин, кечаси нотинч бўлган Алвастисойда биз охир кузгача яшадик. Чунки бу ерда ҳамма нарса мўл-кўл эди. Овлаш учун ёввойи ҳайвон дейсизми, турли хил паррандалар дейсизми, ҳар хил мева-чева дейсизми, асал дейсизми, ҳаммаси бор эди. Охир кузда биз яна ўзимизнинг кошона кулбамизга–ертўламизга равона бўлдик. Ҳар доимгидай ҳеч қаёққа чиқмай қишки ҳаётимизни давом эттира бошладик.
Ҳа, азиз болаларим, азиз набираларим, азиз китобхонларим, мен ана шундай қизиқарли, лекин четдан қараганда ачинарли бечораҳол ҳаётда, лекин жуда гўзал ва ҳақиқий асл ёввойи табиат қўйнида ўсдим. Менинг пешанамга ёзилгани шу экан. Балки шу ҳам мен учун Аллоҳнинг синови бўлгандир.
Бу воқеа менинг ҳаётимдаги бир ёз ва бир кузда бўлиб ўтган. Менинг ёшлик ҳаётимда қизиқарли кунлардан ташқари жуда ҳам хатарли кунлар ҳам бўлган. Кузнинг охирги кунларидан бири эди. Кун жуда қаттиқ совуқ бўлмаса-да, изғирин шамол эсиб турарди. Мен табиат қўйнида, очиқ ҳавода ўсганим учун унча-мунча совуқни сезмас эдим. Устимда биргина кўйлак ва шалварим бор эди, холос. Оёғимда эса ҳеч нарса йўқ, ялангоёқ юрар эдим. Шу куни мен ертўладан анча узоқроқ кетиб қолган эканман. Баланд бир қоятош устида пастга қараб табиатни томоша қилиб, оёғимни пастга саланглатиб ўтирардим. Мен ҳар доим бир ўзим арчалар оралаб, қоятошлар устида ўйнаб юрардим. Бу менинг кундалик ҳаётим эди. Агар уйга яқинроқ жойда бўлганимда адашиб қолмаган бўлар эдим. Кун ҳам кеч бўлай деб қолган эди. Бир пайт паст томондан, арча ва бўталар орасидан одамлар овози эшитила бошлади. Мен яхшилаб қулоқ солиб кузатиб турдим. Кўп ўтмай уларнинг ўзлари ҳам кўринди. Улар мендан саксон-юз метрча нарида эди. Иккитаси аста атрофга назар солиб сўзлашиб келарди.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?