Текст книги "Суперҳаёт! Ҳақиқий ҳаётга 30 кунда! "
Автор книги: Робин Шарма
Жанр: Личностный рост, Книги по психологии
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 13 страниц) [доступный отрывок для чтения: 4 страниц]
Робин С. Шарма
Суперҳаёт! Ҳақиқий ҳаётга 30 кунда!
Ушбу китоб
илиқ меҳрини аямагани учун миннатдорлик ила беназир рафиқам Алкага;
мени илҳомлантиришганликлари учун иним Санжай ва унинг рафиқаси Сюзенга;
“Суперҳаёт”га элтувчи йўлни кўрсатганликлари учун эса ота-онам Шива ва Шаша Шармага бағишланади.
ЎҒЛИМ КОЛБИГА…
Кимдир бир пайтлар жуда ажойиб нақл қилганди: “Омад бу – сафар, манзил эмас”. Бахтни эса ўша сафар давомида – йўлда излаш лозим, манзилда – сафар тугаб, ҳаммаси учун жуда кеч бўлганида эмас. Бугун, шу соат ва айни дақиқа эса ҳаётимизнинг, унинг барча синовлари, қийинчиликлари билан, янаям ажойиби, айнан шуларнинг ҳисобига гўзал эканлигини ҳар биримиз англаб етишимиз лозим бўлган кун, соат ва дақиқадир.
Роберт Р. Апдеграф
СЎЗБОШИ
Бу инқилобий китоб бутун ҳаётингизни ўзгартириб юборади!
ҲАР БИРИМИЗ бенуқсон ҳаёт учун потенциал – эҳтимолий имкониятга эгамиз. Ҳаммамизда ҳам юксак марраларни забт этишга, қувонч, муваффақияту ёрқин лаҳзаларга бой умр кечиришга замин бўлувчи ўша потенциалимиз бор. Баъзиларимизда ана ўша потенциал ичимиздаги мудроқни уйғотишларига, синаб кўришларига муштоқ бўлиб турибди. Мақсадларнинг энг аълоси эса ичимиздаги ана ўша чўғни алангалатиш ва уни шахсий камолотга, бенуқсон ҳаёт рўёбига йўналтиришдир. Таклиф қилаётганимиз мазкур китоб шу мақсадлар йўлида Сиз эҳтиёж сезадиганингиз биринчи рақамли воситадир.
Бир ривоят бор. Унда улуғ Ҳимолай тоғлари йўлида бир кекса донишмандни учратиб қолган беҳолу бемадор йўловчи ҳақида ҳикоя қилинади. Йўловчи ўша донишманддан кўзлаган манзили – шу тоғнинг чўққисига олиб борувчи йўлни сўрабди. Донишманд бир зум ўйланиб, жавоб берибди: “Сен шунчаки ҳар бир кичик қадаминг чўққига элтажагига амин бўл, шундагина манзилингга етгайсан”.
Ҳар бир ўй-хаёлингиз, ҳар бир хатти-ҳаракатингиз олий мақсадларингизга йўналтирилар экан, Сиз тўхтатиб бўлмас, қатъиятли ва тақдирига буюк муваффақиятлар-у, туганмас саодат ёзилган инсонга айланасиз. Онгингиз, танангиз ва феъл-атворингизни чиниқтирар экансиз, ўз навбатида, ҳаётингиз Сиз тасаввур ҳам қилмаган даражада қудратли жиҳатлар билан бойиб боради. Ушбу китобда ҳаётингизни янаям ҳаётийроқ қилишга хизмат қилувчи ҳамма нарса мужассам.
“Суперҳаёт” китобининг биринчи бўлими шахсий камолот ва омадли ҳаётга эришишнинг асосий қоидаларини ўз ичига олади. Иккинчи бўлим Сизга ҳаётингизни орзулари рўёб ажиб бир тушга айлантиришга хизмат қилувчи 200 та энг асосий сирни очса, учинчи бўлим мукаммал ҳаётга олиб борувчи инқилобий 30 кунлик дастурдан иборатдир. Марҳамат, ўқинг, татбиқ қилинг ва албатта, бўлишинг. Мукаммал ҳаёт – мана, у Сизники, қўл чўзсангиз, бас!
Робин С. Шарма, юридик фанлар доктори
БИРИНЧИ БОБ “СУПЕРҲАЁТ” ФАЛСАФАСИ
БИРИНЧИ БЎЛИМ
СУПЕРҲАЁТ ОНГ, ТАНА ВА ФЕЪЛ-АТВОР КАМОЛОТИГА ЭРИШИШ
Баъзилар нарсаларни бор ҳолича кўришади-да, сўрашади: “Нега?..”
Мен бўлсам ҳеч қачон бўлмаган нарсалар ҳақида ўй сураман-да, дейман: “Ҳа-да, нега йўқ бўлсин?!”
Жорж Бернард Шоу
ЭНГ БУЮК ЧАҚИРИҚ
Шундай одамлар борки, йўқ жойдан бўлдирадилар. Шундайлари борки, бўлдирилганини томоша қиладилар. “Суперҳаёт” дастури ҳаётингизнинг ҳар жабҳасидаги ҳамма нарсани зудлик билан “бўлдириб” юборади. Сиз онг, тана ва феъл-атворингизни такомиллаштиришда қўлланма бўлувчи энг нозик стратегия ва энг аъло услубларни ўзлаштирасиз. Бу китоб ҳаётингизни қандай қилиб янада ҳаётийроқ қилиш мумкинлигини энг гўзал, содда ва самарали йўллар билан кўрсатиб бера олади. Шубҳа йўқки, Сизнинг ичингизда, ичингизнинг ҳам туб-тубида ҳар қандай орзуларингизни рўёбга чиқаришга, ҳамма мақсадларингизга эриштиришга қодир мўъжизавий қувват яширин. Кўзлаган мақсадингиз қандай бўлмасин, бу китоб уларга етиш йўлини аниқ-равшан кўрсатади. Саодатли ва муваффақиятли ҳаёт сирларини ўн йиллаб тадқиқ қилишнинг инқилобий меваси бўлмиш “Суперҳаёт” дастури Сизга юқори самарадорлиг-у, кучли таъсирга эга, аммо шу булан биргаликда, қўллашда қулай воситалар “гулдастаси”ни таклиф қилади.
Бу китоб бир маромга солинган ҳаёт тарзининг энг асосий “калит”ларини ўзида жамлаган. Сизда, ҳеч шубҳасиз, мукаммал ҳаёт кечириш потенциали – эҳтимоли, имконияти мавжуд. Агарда ушбу дастурни амалга татбиқ этиш учун 30 кун вақтингизни аямай, ўзингизни буткул бағишлай олсангиз, қуйидаги натижаларга эришасиз:
а) чуқур мамнуният, ҳаловат ва бахт ҳисси;
б) иллатларга қарши кураш салоҳияти ва ўзига нисбатан юксак ишонч;
в) кўп ва хўб, бир умрлик муносабатлар (дўстлик, муҳаббат ва ҳ.к.);
г) ўз-ўзини назорат қилишга ва имкониятларини тўлиқ намоён қилишга қаратилган ҳалигача кўпчиликка номаълум усуллар;
д) узоқ умр кўриш борасидаги Шарқнинг улуғ тажрибаси сирларини эгаллаш;
е) беадад ҳаётий қувват, завқ ва бенуқсон соғлиқ;
ж) гўзалроқ тавозе, мулойимлик ва “ярқ этувчи” шахсият;
з) давомли барака ва иқтисодий мустақилликка эришиш воситалари;
и) шахсий ҳаёт устидан тўлиқ назоратга эга бўлишнинг синалган усуллари.
Бугун – Сизнинг янгиланган, Сизга уни бирор-бир ҳақиқатда гўзал ва умрбоқий нарсага айлантириб олишингиз учун берилган янги ҳаётингизнинг биринчи кунидир. Ҳеч бир ўтмиш келажакни белгилай олмайди, шундай экан, ҳаётингиздаги ижобий ўзгаришлар, бурилишлар киприк қоққулик муддатда содир бўлиши ҳеч гап эмас (албатта, агар ҳаёт тарзингизни энг юқори даражасигача олиб чиқишга бўлган қатъий қарорга эга бўлсангиз). Қаршингизда – ғолиблар учун дастур. Ғолиблар шундай одамларки, улар ҳаётларининг ҳар дақиқаси катта туҳфа эканлигини англайдилар ва бу туҳфанинг айни пайтда эгаллаб турган саодатлари даражасидан олийроғига муносиб эканлигини тушунадилар. Сизга айтсам, бизнинг дастур билан қизиқаётганингиз ва китобимизни варақлаётганингизнинг ўзи Сизнинг кўпчилик оммадан ажралиб туришингизни исбот қилади. Шу билан бирга Сизда, ҳаётий камолотга эришиш йўлида, ўз онг, тана ва феъл-атворингиз устидан ғолиб ва ҳоким бўлишга қаратилган қатъий қарорингиз борлигини кўрсатади. Ўз-ўзини қайта кашф қилишга чорловчи бу чақириқни “Лаббай!” дея қарши олинг ва шахсий имкониятларингиз, қобилиятларингиз, хуллас, потенциалингиз бойликларига чўминг. Буюк бўлишга ва ниҳоят, журъат қилинг!
Илк қадам
Энди эса кўзларингизни юмиб, беш марта чуқур-чуқур нафас олинг-да, кўп йиллардан кейин, узоқ келажакда содир бўлажак манзарани тасаввур қилинг: Сиз ўз уйингизнинг шоҳона меҳмонхонасида энг яқин инсонларингиз даврасида ўтирибсиз. Ҳар бир столда устига оҳиста пирпираб турган шам қўндирилган шамдонлар қўйилган. Йиғиннинг аҳамияти эса шундоққина ҳаводан “ифор таратиб” турибди. Бу – Сизнинг юбилей оқшомингиз. Ва бу оқшом Сизни ҳаммадан яхшироқ билувчилар учун ажойиб имконият – Сизни шахс сифатида таъриф этиш, яъники эришган натижаларингизни, азиз инсонлар учун қилган жами ишларингизни, умуман, жамиятга қўшган ҳиссангизни эътироф этишлари учун айни палладир. Ўйлаб кўринг-чи, улардан нималар ҳақида эшитишни истаган бўлардингиз? Наҳотки, кексайган чоғингиздаги шундай муҳим оқшом, шундай ажиб зиёфатга ҳаётингизни ҳеч бир таассуротларсиз, муҳаббатсиз ва айтарли натижаларсиз, ютуқларсиз ўтказганингиз ҳақидаги гаплар ярашса?! Аввалбошида шу қадар баландпарвоз бўлган орзуларингизнинг амалга оширилмай, армонга айланиб кетганлиги ҳақидаги гапларни қайси қулоқларингиз билан эшита олардингиз? Ўзингизни олий мақсадларга, сафарбар қилиш ўрнига ҳамиша тўловлар тўлаш билан банд бўлганингиз учун ҳам умрингиз сўнгида шу бемадор аҳволга етиб келганингизга иқрор бўлишга журъат эта олармидингиз?
“Суперҳаёт” дастуридан фойдаланиш орқали ўша – Сизни келажакда кутажак йиғинда эшиттирулувчи эътирофлар ҳақида тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилишингиз учун имкониятларингизни сезиларли ошириб оласиз. Зеро, ҳаётдаги энг олий мақсад – барча шахсий имкониятларни тўлиқ намоён қила олишликдир. Ўз-ўзини тарбиялаш ҳаётни бошқаришнинг асосий омилидир. Агар у ёки бу ташкилотни бошқариш ният қилинса, аввало, ўз-ўзини бошқаришни ўрганиш зарур. Агар жамоада ёки оилада иш олиб бориш исталса, аввало, ўз шахсий ишларини олиб бора олиш кўникмаси талаб қилинади. Ташқи ишлардаги муваффақиятингиз ички оламингиздаги зафарларингиздан бошланади ва Сиз ҳақиқатан ҳам ўзингизни ўраб турган оламни тубдан яхшилашни ният қилган бўлсангиз, ҳаммасини ўз ички оламингизни гўзаллаштиришдан бошлашингиз лозим бўлади. Ўз ақлининг чексиз имкониятларидан тўлиқ фойдаланишни ўзлаштириб олишдан ҳам, амалга ошириш учун туғилганингиз мақсадларга мутлақ эришишдан ҳам улуғроқ ғалаба бўлармикан?!
СУНЪИЙ ҒОВЛАРГА ҚАРШИ ҲАЁТ ҚУДРАТИТушуниб олиш лозим бўлган энг олий ҳаёт ҳақиқатларидан бири шундан иборатки, имкониятларимизни чегараловчи ягона ғов бу – ўзимиз ғов деб қабул қилганимиздир. Вазиятлар инсонлар томонидан яратилади, бошқа ҳеч ким томонидан эмас. Омадсизлардан фарқли ўлароқ, ишбилармон инсонлар ўз ҳаётларини ўзлари шакллантирганлар, буни у ёки бу вазиятга ўз ҳолича шакллантириб юборишига қўйиб бермаганлар. Сиз жон-танингиз билан эришишга тиришаётган ҳаётга етиб боришингизга, орзуларингизни рўёбга чиқаришингизга халал бераётган ва бугун олдингизда турган тўсиқлар, ғовлар ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг. Уларнинг ҳар қайсиси ўтиб бўлмас, ечиб бўлмас, енгиб бўлмасдек туюлиши мумкин, аммо ҳеч ҳам ундай эмас.
Омадга эришишнинг энг асосий ва шу билан бирга энг содда стратегияси – бир фактни англаб етишдан бошланади: номақбул вазият деган тушунчанинг ўзи йўқ. Фақатгина, дарс олиш, мактаб олиш мумкин бўлганларигина бор. Ҳаётда хатолар умуман бўлмайди. Биз хато деб атайдиганларимиз, аслида бизнинг ўсишимизга, камолотга эришув йўлидаги марраларни забт этишимизга замин берувчи ДАРСЛАР, сабоқлардир. Агар Сиз ўзингизга турли хил чегаралар қўйишда давом этаверсангиз, чунончи: “Мен миллионер бўлишга жуда ёшлик қиламан”, “Мен жаҳон миқёсида юлдуз бўладиган даражада ҳурлиқо эмасман”, “О, менинг ўз шахсий бизнесимни бошлаш, йўлга қўйишга тоқатим етмайди” ёки “Буни амалга оширишга пулим етмайди”; у ҳолда руҳингиз секин-аста “уйқуга кета бошлайди” ва афсуски, Сиз энг нохуш башоратларда айтилгани сингари бефайз ҳаётга маҳкум бўласиз. Ўтмишингизнинг маҳбуси бўлиш жонингизга тегмадими? Келажагингиз лойиҳачиси – архитектори бўлсангиз-чи! Ҳар бир ҳодиса, албатта, маълум бир ҳикмат билан содир бўлади. Ҳар бир муаммо ўзига яраша синовга эга бўлиб, бу синов бизга кўп сабоқлар беришга ва янги ютуқларни қўлга киритишда йўлимизда кўмак бўлишга қодир. Сиз ундан тўғри ва тўлиқ фойдалана оласизми-йўқми, ҳар бир лаҳза, ҳар бир он ўзига хос эканлигини унутманг. Агар Сиз бу қадимий ҳикматни англаб, уқиб олсангиз, ҳар бир сабоқни катта мамнуният билан қарши олишни ўзлаштирасиз. Ҳар бир ҳодисада, у аввалбошда қанчалик оғир ва мураккаб кўринишидан қатъи назар, мақбул имкониятларни кўришни ўрганасиз. Мабодо бу қоидани тушунмасангиз ёки рад этсангиз, қўрқаманки, манглайингизга битилган бахтли ҳаётни рўёбга чиқаролмай қоласиз.
Инсон онги чексиз потенциалга эга бўлиб, кўпчилик одамларда, негадир, эҳтиёж сезилмасдан ҳам қолиб кетади. Айтишларича, ҳатто энг буюк олиму файласуфлар ҳам мияларининг бор-йўғи 25 фоизидангина фойдаланган эканлар. Унда қолган 75 фоиз қисмда нима содир бўлади? Улуғ Ҳимолай тоғларида яшовчи ҳинд йогалари ўз онгларини шу даражада машқ қилдириб ўрганганларки, улар ҳатто ўзларидаги назорат қилиб бўлмас жараёнлар – юрак уриши, ҳазм қилиш, асаб тизими фаолиятини ҳам бошқара олишга қодирлар. Бу Шарқ донишмандлари, мана, беш минг йилдан зиёд вақт мобайнида онг ости “қудуғи”ни қазиб келмоқдалар ва бугунга келиб уни назорат қилиш санъатини илм-фан даражасида ўзлаштириб улгурганлар. Турли медитация амалиётлари ва нафас олишни назорат қилиш усуллари орқали йогалар ақл бовар қилмас оғриқларга тоқат қилиш, узоқ муддатлаб егулик ёки уйқу нималигини билмай яшай олиш кўникмаларига эга бўлдилар. Кўряпсизми, ҳар биримизда қандай улуғ қудрат яширин?! Дилбандлари автомобиль остида қолганини кўрган оналарнинг асабий талваса исканжасида ўша машинани қўлларида кўтарганликларига гувоҳ бўлинган. Етмишни қоралаб қўйган отахонларнинг марафонларда чопаётганлари, тоғ чўққиларини забт этаётганликларини эшитиб турамиз.
Инсон онги ва ғайрати, агар тўғри йўлга қўйилса ва комиллик даражасигача олиб чиқилса, мўъжизалар яратишга қодир. Шунга қарамай, кўп ҳолатларда инсоний онг парваришлаб ўстирилмаган, татбиқ этиб ўрганилмаган, янаям ачинарлиси, эҳтиёжи сезилмаган ҳолича қолиб кетмоқда. Одатда, ҳар куни инсон тахминан ўртача 60 000 тагача фикр ўйлар экан. Ҳаммасидан ҳам ажабланарлиси шундаки, ўша фикрларнинг 95 фоизини ҳозиргина ўйлаган фикрларимизнинг такрорий мулоҳазаси ташкил қилар экан. Агар шу сингари “қолипли фикрлаш” чегаралари ёриб ўтилса, ақлга сиғмас миқдордаги ақлий қувват – энергияни “озод қилишимиз” ва чек-чегарасиз фикрлашни одат қилиб олишимиз мумкин бўлади. Ўзингизни одатий – “қобиқли” фикрлаш сарқитларидан соқит қилинг. Барча тўкин-сочинликда яшовчи одамлар аллақачон шу ҳақиқатни англаб етганлар: бизнинг олам бу бизнинг ўй-хаёлларимиз, фикрларимиз инъикоси – маҳсулидир ва шунинг учун бир дона бўлсин ёмон фикр, ёмон ўй суриш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Мўъжизаларга тўла ҳаёт сари ташланган илк қадамнинг моҳияти бу бизнинг ташқи оламимиз аслида ички оламимиздан бошланажак эканлигини англаб етиш, ҳар бир фикр эса бизни гўзал мақсадларимиз, орзуларимизга элтишга қаратилган бўлиши лозимлигини тушунишдан иборатдир. Ўй-фикрларимиз афсунларга қодир ва биз истаган нарсани бўлдириш хусусиятига эга. Бугунги фикрларимиз эртанги орзуларимиз рўёби демак.
Маҳатма Ганди қотмадан келган, озғингина, аммо қатъиятли инсон, фақатгина сокин қаршилик кўрсатиш эвазига юз миллионлаб ватандошларини оёққа турғизишга ва қудратли бир империяни парчалашга эришди. Ваҳоланки, у бунинг барчасини Жанубий Африкада орттирилган озгинагина ҳуқуқий малакага эга оддий адвокат сифатида бошлаган эди. Айнан ўша оғриқ – адолатсизликлар етказган маънавий жароҳат оғриғи унда атрофидаги оламни тубдан яхшилашга қаратилган қатъий мақсадни, олий истакни алангалатди. Ва Ганди, ҳамма буюк инсонларда бўлгани сингари, ўз устида ишлашни бошлади. У онгу шуурини бойитишга ва ўз ҳаёт йўлини чексиз қатъият билан безашга киришди. У фаолиятининг энг аввалги босқичлариданоқ ҳаётидан музаффар шахслар тушуниши лозим бўлган ҳақиқатни англаган эди: ташқи муваффақиятлар ҳамиша ички муваффақиятлардан улгу олади. Қилаётган ишининг эзгу эканлигига бўлган қатъий ишонч билангина қуролланган бу камтарингина, оқ матога ёпинган киши улуғ мамлакатини мустақилликка олиб чиқа олди.
Арнольд Шварценеггер биринчи марта машғулот залига қадам қўйганида жуда ёш эди. Бунинг устига, унинг оёқлари озғин, кўкраклари суякларига ёпишган, кураклари туртиб чиққан аҳволда бўлиб, буни унинг молиявий имкониятлари ҳамиша фавқулодда камтарона бўлган муҳитда улғайгани билан изоҳласа бўларди. Ҳолбуки, Арнольднинг ички имкониятлари ҳамиша баланд бўлган. Тез орада илк машғулотлар чоғидаёқ атлетлардан бирига ўзининг беш йилда “Мистер Борлиқ” (бодибилдинг бўйича энг олий мусобақа ғолибига бериладиган унвон. – Тарж.) бўлажагини айтади. Албатта, ўртоғи буни эшитиб, кулади, аммо… Арнольдни энди кўринг! Мана, амалга ошира олажак ишларидаги тўсиқларни тан олишдан бош тортган ва ўз омадига элтувчи йўлни пешона терлари билан босиб ўтолган инсонга тирик мисол! Наполеон Хилл ўзининг ажойиб китоби “Ўйла ва бой бўл”да ёзганидек: “Инсон ҳамма нарсага – ўша нарсани ўз миясида тасаввур қила олса, яратолса бас – эриша олади”.
Шунинг учун ҳам ҳозирда Сиз учун биринчи рақамли вазифа бўлиб турган нарса бу чегарасиз фикрлашни одат тусига айлантиришдир. Онг ҳам мушакларга ўхшайди: агар қувватсизланиб қолса, унинг кучини машғулотлар ёрдамида ошириш мумкин. Агар Сиз ҳамиша нимадандир ташвишда, беҳаловат бўлсангиз ёки ўтмишингиз кишанлари билан яшашга маҳкум бўлсангиз, у ҳолда бу иллатлардан халос бўлиш сирларини китоб сўнгида келтирилган 30 кунлик дастур давомида ўзлаштириб олишингиз мумкин. Ҳозир шунчаки ёдингизда тутинг: ҳар сония, ҳар дақиқа, ҳар соату ҳар суткада миянгизни банд қилиб турган ҳар бир фикрга жавобгар бу фақат ўзингиз. Ва агар Сизга у ёки бу фикр ёқмаса, ундан фориғ бўлиш учун барча куч ва имкониятлар мавжуд. “Суперфикр” – Сиз эришажак, эга бўлажак, ҳис қилажак ва Сиз завқ олажак нарсалар ҳақидагина чек-чегарасиз фикрлашнинг қатъий одатга айлантирилган кўриниши бўлиб, босқичма-босқич ва қатъият билан бажарилувчи онг машқлари кетидан ўзлаштирилади. Ижобий фикрлаш салоҳияти бу шунчаки бир одат. Аммо агар онг боғингиз ёввойи ўтлар билан тўлиб-тошган бўлса, бу одатнинг бу боғда “кўкариши” осон кечмайди. Яхшики, ижобий дунёқарашни бошқа ҳар қандай одат сингари ундириб-ўстирса бўлади. Одатни шакллантириш арқон тўқишга ўхшайди: ҳар куни унга янги тола қўшилиб бораверади, арқон эса кундан кунга мустаҳкамланаверади ва бора-бора узиб бўлмас даражада мустаҳкам бўлиб қолади. Мана шу узиб бўлмас, бузиб бўлмас даража Сиз ушбу дастур ёрдамида эришадиган натижангиздир. Эмерсон ёзганидек: “Ортимизда қолган ва олдимизда турган ҳамма нарса ичимиздагига солиштирганда ҳеч бир қийматга эга эмас”.
Келинг, энди Сизни ўтмишда сиқиб қўйган ва фаровон ҳаётга эришиш йўлидаги имкониятларингизни чегаралаган ўша машъум қоидалар ва қолипланган фикрларни бир варақ қоғозга ёзиб чиқамиз. Ҳаётда унча-мунча натижаларга эришган одамларнинг ҳар бири ўзининг нозик жиҳатларини яхши билган ва уларга алмаштирилишга муҳтож арқон толаси, занжир ҳалқаси сифатида қараган. Қайси иқрорларингиз омадга, бахт, севги, камолотга эришишингизга халал берар эди, эслаб кўринг-а! Одатда, қандай хаёллар фикрий ҳаловат топишингизга, керакли алоқалар ўрнатишингиз, борингки, Сиз мутлақо муносиб бўлган бенуқсон саломатлик гаштини суришингизга тўсқинлик қилар эди? Уларни қоғозга туширинг ва миянгиздан чиқариб ташлашга қаратилган қатъий қарорлар қабул қилинг. Бошланишига бу жуда оғир юмушдек туюлиши мумкин. Сизда ҳатто ҳаммасини бас қилиш истаги туғилса ҳам ажаб эмас. Аммо ишонинг, жиндеккина матонат кўрсатиб, яхши маънода қайсарлик қилиб ҳаммасининг уддасидан чиқа бошлаганингизни ҳам билмай қоласиз.
Имкониятларингизни бўғиб турган зарарли ўйларни “фош қилиб”, уларни хаёлан миянгиздан қувганингиздан сўнг, ана энди уларнинг ўрнини уларга қарама-қарши бошқа фикрлар билан тўлдириш лозимлигини унутманг. Фикр бўлгандаям Сизни туганмас қувват – энергия билан тўйинтирадиган, орзуларингизни рўёбга чиқаришга туртки бўладиган ва Сизни умид, муҳаббат билан таъминлаб турувчи фикрлар бўлсин. Агар ўша лаҳзада миянгизнинг каттакон, рангли экранларида намойиши бўлаётган фикр номақбул, нохуш бўлса, уни зудлик билан яхшисига алмаштиринг, бошқача айтганда, тезда “бошқа каналга олинг”. Мана кўрасиз, вақт ўтган сайин нохуш фикрлар камайиб боради. Зеро, улуғ табиат қоидаси шунга далолат қиладики, ижобий ҳамиша салбийни сиқиб чиқара олади. Ўз миянгизда ўзингизни қандай бахтли кўришни истасангиз, шундай тасаввур қилиб кўринг. Ҳаётда эришмоқчи бўлган ҳамма нарсангиз кўрсатилган “орзулар рўйхати”ни тузиб чиқинг. Албатта, бир қарашда бунақанги “аҳмоқона” ва бесамар иш вақт сарфлашга ҳам арзимасдек туюлиши мумкин, айниқса, бугунги кунда, ҳозирги ҳолатда. Аммо мана шундай хаёлий манзаралар, тасаввурларга бўлган ишончда бемисл қудрат яширин.
“СУПЕРҲАЁТ” ВАЪДА ҚИЛАДИ“Суперҳаёт” онг, тана ва руҳиятни қайта тарбиялашга оид тугалланган, бугунданоқ бошлаб юборса бўладиган дастурни ўзида жамлаган. Сизга бутун борлиғингизнинг чинакам ҳукмдори бўлиш учун ажойиб имконият яратиб берилмоқда. Ҳаётингизни ҳамиша орзу қилганингиз каби чаманзор қилиб юборишингиз мумкин. Сиздан фақат қарор қабул қилиш қоляпти, холос. Агар Сиз чиндан ҳам мана шундай сеҳрли мавжудликни ҳис этмоқчи, унда яшаб кўрмоқчи бўлсангиз, у ҳолда бундай ҳаётга олиб кирувчи “олтин калит” – мана бу ҳақиқатни англаб етишингиз керак: “Ҳар қайси омаднинг, муваффақиятнинг муаллифи бу, ҳамиша ва ҳар қачон, Сизнинг онгингиздир”. Тўғри фикрлашни ўрганиб, онгингиз устидан ҳукмронлик қилишни ўзлаштирасиз. Онг устидан ҳукмронлик эса Сизга ўз ҳаётингиз устидан ҳокимият тақдим этади. Ҳаётингиз тизгини ҳам сизда бўлгач, ўз-ўзидан, тақдир ҳам Сизга, фақат Сизга бўйсунади.
Ўтмишда орттирилган барча аччиқ тажриба – мағлубият ёки омадсизликлар – Сизнинг ичингиздаги ўша потенциалга ҳеч қандай боғлиқ эмас. Улар Сизга беролган нарса фақатгина – тажриба, бундан ташқари билим ва куч – бундай тажрибаларсиз орттириб бўлмас билим ва куч. Оғриқ мураббий демак. Бугун ва бугундан бошлаб ўз ҳаётингизнинг барча масъулиятини, барча юки устидан жавобгарликни тўла-тўкис ўз зиммангизга олинг. Сизга бошқа ҳеч нарса керак эмас. Агар иқтисодий тарафлама қийналаётган бўлсангиз, Сизга маблағ етишмаётган бўлса, ҳаётингизни тубдан ўзгартиришга қаратилган қарорлар қабул қилинг ва орзуларингиз рўёбини таъминловчи аниқ йўналтирилган тадбирларни амалга оширинг. Ёки агар мукаммал соғлиқ ва кўпроқ энергияга эҳтиёж сезсангиз, у ҳолда ич-ичингиздан отилиб чиқувчи ва Сизни янаям ҳаётийроқ, жўшқинроқ бўлишингизга хизмат қилувчи қарорлар қабул қилинг. Агар Сизга атрофингиздагилар билан гўзал, бенуқсон муносабатлар ўрнатиш зарур бўлса, унда ўзингизни шундай муносабатлар ўрнатишга қодир одамга айланишга мажбур қилинг.
Сизга бир нечта саволлар беришимга ижозат берсангиз. Уларга жавоб бериш ҳам, ижозатингиз билан, бироз вақтингизни олади (вақтини аямаганлар, мевасини кўради).
Савол:
1. Ҳаётда ҳаётингиз устидан ғолиб инсон бўлишни истайсизми?
2. Янаям кўпроқ ақлий, фикрий кучга эга бўлишни хоҳлайсизми?
3. Бенуқсон саломатлик истайсизми?
4. Кўпроқ ҳаётий энергия, яшашга иштиёқ эгаси бўлишни-чи?
5. Ҳаётингизга кўпроқ завқ, қувонч қўшишни истармидингиз?
6. Орзуларингизни рўёбга чиқаришни хоҳлармидингиз?
7. Ҳаётингизда кўпроқ хотиржамлик, ҳаловат бўлишини истайсизми?
8. Ҳаётингиз саргузаштларга бой бўлишини-чи, хоҳлармидингиз?
9. Кучли характер – феъл-атвор эгаси бўлишга-чи, нима дейсиз?
10. Узоқ умр кўришни истайсизми?
11. Мукаммалликни, бенуқсонликни излаяпсизми?
Агар берилган саволларнинг биттасига бўлсин “Ҳа!” деб жавоб берган бўлсангиз, у ҳолда Сизга таклиф этилаётган бу дастур фаровон ҳаётга эришишингизда Сизга бебаҳо кўмакчи бўлиши шубҳасиз. “Суперҳаёт” дастури ўзида жисмоний камолотга элтувчи замонамизнинг энг сўнгги, энг янги усуллари ва ақлий камолоту феъл-атвор шакллантирилувига йўналтирилган қадимги Шарқ соғлом турмуш тарзи стратегияларини ўзида мужассамлаштиради.
Ўзингизни шахсий камолот ва ҳаётий муваффақиятлар ишғолига бағишлар экансиз, ўзингиз ҳам бунинг қанчалар осон ва шу билан бирга завқ берар жараён эканлигига амин бўласиз. Майда муваффақиятлар катта ғалабаларга элтади. Ўзингизни олдингидан кўра яшашга иштиёқмандроқ ва ҳаётий қувватга бойроқ ҳис эта бошлашингиз билан эришаётган ютуқларингиз, муваффақиятларингизга ҳам барака кириб келганини сезасиз. Ахир, ўзини аъло сезмагунча, аъло ишларга қодир бўлиш мумкин эканми? Ана шунинг билан омадли ҳаётнинг иккинчи ўта муҳим принципи келиб чиқади: “Биз ўсиб бораётганлигимиз ва ҳаётга у ёки бу йўл билан ҳисса қўшаётганимизни ҳис қилиш билан бахтлимиз!” Яшашдан асосий мақсад бошқаларга керак бўлиш ва ҳар биримиз ич-ичимиздан биздан “фойдали” мерос қоладиган умрни яшаб ўтишни орзу қиламиз. Ўзингизни миянгиз, танангиз ва руҳиятингиз тубидан уларнинг ақл бовар қилмас имкониятларини “кавлаб топиш”га бағишлар экансиз, ўз-ўзидан ҳаётингизнинг ҳар бир жабҳасида унинг ҳар бир дақиқасини мўъжизага айлантириб юборишга қодир қудратни уйғотганингизни, уни “ўйин”га қўшганингизни сезмай ҳам қоласиз. Ўзингизни ўстираётганингиз, камолга етказаётганингизни сезганингиз сари эса Сиздаги ишонч ва иштиёқ ўз мевасини бера бошлайди. Ана ўшанда Сиздаги бор энергия ва муҳаббат ёрқин рангларда гул солиб юборади. Ҳаётий энергия соҳилларига сиғмаётган денгиздек қирғоқларга ўзини ура бошлаганда эса Сизда бирин-кетин ҳаётингизни фаровон этувчи бир-биридан ажойиб имкониятлар туғила бошлайди. Ҳиндистоннинг, менга қолса, энг буюк файласуфи бўлмиш Патанжали юқоридагиларни энг чиройли йўл билан нақл қилганди: “Сизни қандайдир буюк мақсад ёки ғайриоддий гўё илҳомлантиришни бошлаганида, онгингиз сарҳадларни ёриб ўтади, тафаккурингиз барча жабҳалар бўйлаб кенгаяди, Сиз бўлса мутлақо янги, ажойиб, беқиёс оламга тушиб қоласиз. Мудроқ кучлар, жиҳату қобилиятлар жонланиб кетади ва ўзингизни олдинлари фақат орзу қила олган ҳолатингиздан-да буюкроқ ҳис эта бошлайсиз”.
Ушбу китобнинг келгуси бўлимлари ва ҳаётни фаровонлаштиришга қаратилган 30 кунлик “Суперҳаёт” дастури ҳаётингизнинг муҳим ҳисобланувчи ҳар бир жабҳасида ўзининг бемисл натижаларини намоён қилади. Энди ўзингиз севган машғулотларга вақтингиз етмайдигандек туюлмай қўяди. Ўзлаштиражак қобилиятларингизни қўллаш орқали Сизни ўраб турган муҳитни шу қадар ўз измингизга солиб ўзгартира оласизки, пировардида ўзингиз ҳақиқатда муҳим деб ҳисоблаган нарсаларга етасиз, эришасиз. Энди ўзингизни куз шамоли дарахтдан юлиб олиб, вақт ва ҳаёт устидан ҳеч қандай назоратсиз аҳволида учириб бораётган япроқдек ҳис қилмайсиз. Сизга таклиф қилинажак самарали ва содда методларни амалга татбиқ этиб фаолиятингизда шу қадар самарадорликни таъминлайсизки, имкониятларингиз ҳатто Сизни ҳам лол қолдиради. Ахир Сизда ҳам худди уларда бўлганидек энг асосий “зиравор” бор. Агар Сиз орзу қилаётган муваффақиятларга бошқалар эришган, эришаётган бўлсалар, демак, улар шунчаки баъзи нарсаларни бир оз бошқачароқ бажармоқдалар. Балким, улар ўз мияларини жиндек кучлироқ, самаралироқ “юргизмоқдалар” ёки ўз вақтларини тўғрироқ, тартиблироқ тақсимламоқдалар. Шу холос! Ёки бўлмаса, улар мавжуд маълумотлардан, билимлардан унумлироқ фойдаланмоқдалар ёки ҳаётларини кучлироқ интизом устига қурганлар ва ўз қоидаларига қатъий амал қилишда собитқадамлар. Узоқ муддатли ва мустаҳкам омадга эришиш воситаларини ўз ҳаётингизга татбиқ этишни бошлаш билан Сиз ўз мақсадларингизга элтувчи йўлни кўра бошлайсиз. Ўз-ўзини такомиллаштириш аҳамиятини ва ҳаёт Сизга ҳар сонияда тақдим этиб, тўхтамаётгани буюк имкониятларни ўзингиз учун қайта кашф этасиз. Ҳар бир куннинг мўъжиза эканини, ҳаётнинг эса ҳар йўлагидан юриб кўрмаслик гуноҳ бўлган бир ажиб йўл эканини тушуниб етасиз. Бу йўл эса ўз навбатида тиканзор ҳам, чаманзор ҳам бўлиши мумкин – ҳаммаси Сизга боғлиқ. Инглиз шоири Уильям Вордсворт айтганидек: “Бизни тўлдириб турган ҳаммаси ҳамдга лойиқ”.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?