Электронная библиотека » Робин Шарма » » онлайн чтение - страница 3


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 20:40


Автор книги: Робин Шарма


Жанр: Личностный рост, Книги по психологии


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 13 страниц) [доступный отрывок для чтения: 4 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Ҳаётнинг ижобий тарафларига диққатингизни қаратиш ва унинг ҳар жабҳаси бўйлаб ривожланишга ҳаракатни бошлаш ҳақида қарор қабул қилиб, Сиз ҳар тарафда яхшиланиш ва ижобий қирралар кўра бошлайсиз. Ҳақиқий билимлар ҳам айнан шундан келиб чиқади. Ўз-ўзини тараққий топтириш ва Сизни ўраб турган оламнинг фақат яхши тарафларига диққат қаратиш йўлига юрар экансиз, энди ўша оламни қандай қилиб бундан-да яхшироқ қилиш йўлларини ҳам кўра бошлайсиз.

Қадимий ҳикматни эсланг-а: агар Сизда керакли билимлар бўлса, ҳаётда ҳамма нарсага эриша оласиз. Билимлар Сизни исталган мақсадга эришишда асқатувчи воситалар билан таъминлайди. Билимлар Сизга шундай жавоблар тақдим қиладики, уларни тўғри тушуниб, тўғри татбиқ қила олган тақдирдагина ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида фаровонликка эриша оласиз. Агар Сиз уч йилда миллионер бўлишни истасангиз, токи ҳаракат қилишни бошламагунингизча бу ҳақда қанча илтижо қилишингиз ёки неча соатлаб орзу қилишингизнинг аҳамияти йўқ. Аммо агар Сиз олдингизга аниқ мақсад қўйсангиз (масалан, уч йил ичида уч миллион жамғариш), режа ишлаб чиқсангиз (масалан, янги бир ноёб маҳсулот ўйлаб топиш) ва шундан кейин бу бизнес борасидаги бошқа билимларни излашга киришсангиз бўлади. Шундай қилиб муваффақиятга эришиш учун бор диққатингизни қаратса арзийдиган ғояга ҳам, ишончга ҳам эга бўласиз.

Олдингизга қандай мақсад қўйманг, унга элтувчи йўл оддий: унга оид барча тафсилотларни яхшилаб ўрганиб чиқинг ва бу билимларингизни ақл билан қўлланг. Муваффақиятнинг энг асосий принципини ўзингиз учун ҳақиқат деб қабул қилиб олинг: сизда ҳамма имконият бор ва ҳамма нарса, уни бошқа биров уддалабдими, демак, Сизнинг ҳам қўлингиздан келади. Шунчаки, улар билган нарсаларни ўзлаштириб олиш ва улардагидек натижаларга эриша билиш лозим, холос. Бу метод “муваффақиятнинг аксланиши” номи билан машҳур. Ўз олдингизга қўйган мақсадга – бу у хоҳ бутун бошли мамлакатни бошқариш бўлсин, хоҳ бирор новвойхонани – аллақачон эришган одамнинг мутлақ кўзгудаги аксига айланишингиз шарт. Бундан ташқари, ўзингизда унинг физиологиясини (юришлари, гапиришлари, овқатланишлари) ва психологиясини (ўйлашлари, таъсир олишлари) ҳам акслантиришингиз лозим. Улар ўқиётган китобларни ўқинг, улардагидек таомнома ташкил қилинг ва уларнинг фалсафалари, ҳаётий стратегияларини ўзлаштиринг.

Юқоридагиларнинг барчасини амалга ошириш билан Сиз худди улар эришган натижалар, ютуқларга эришиш қисматини манглайингизга битиб оласиз. Битта муштарийлик чиптаси тайёрлаш орқали исталган кишига эшиклари очиладиган бу билимлар галактикасининг тадқиқотчисига айланинг. Керакли билимлар ва рисоладаги мураббий ёрдамида исталган хорижий тилни ўрганиш ёки исталган концепцияни ўзлаштиришга қодирсиз. Ўзингизга ҳар куни янги бир киши билан гаплашиш ва унинг билимларини ўрганишни вазифа қилиб олинг. Савол кетидан саволлар ўйланг. Диққатингиз остига олган мақсадга оид бўлган янги китобларни ўқинг, аудиоматериалларни тингланг. Билим бу – куч! Тез орада Сиз ўзингизда сусаймас ишонч ва тўхтатиб бўлмас шижоатни шакллантирасиз.

Худди, капалак ҳам мовий осмон остида қувнаб парвоз қила олиши учун энг аввало ўз ғумбагидан халос бўлиши лозим бўлганидек, Сиздан ҳам камолот ва гўзал орзулар рўёбига элтишга қўймаётган чекловлар “ғумбаги”дан халос бўлиш учун фаол ва астойдил ҳаракатлар талаб қилинади. Ва энди Сизнинг ҳозирда қанчалик тўкин эканингиз қай даражада бахтли эканингиз ва қанчалик бой эканингиз муҳим эмас, зеро, бундан буёғига Сизга улардан анчайин аълороқлари мунтазир. Билл Гейтс, “Microsoft” компанияси асосчиси, миллиардер бўлганида ўттиз ёшдан эндигина ошган эди. Жон Фицжералд Кеннеди эса ҳали қирққа кириб-кирмай Америка Қўшма Штатлари Президенти бўлди. Сизда ҳам улардаги сингари барча қобилиятлар мавжуд, шубҳасиз, фақат улар ўз имкониятларини – потенциалини бор бўйича намоён қилиб улгурганлар. Ҳаётингиздан шедевр ясаш учун етарли даражада ўқимишли, билимли, етук, бой ёки бахтли эмаслигингиз ҳақида “бонг урувчи” зарарли хулосаларни миянгиздан чиқариб ташланг. Ҳозироқ, шу дақиқада келгуси ҳаётингизни белгиловчи қатъий қарорга келинг ва ўзингизни намоён қилишингизга тўсқинлик қилувчи барча фикр, хулосаларни четга суриб қўйинг. Ушбу дастурнинг мағзи ҳисобланмиш онг ва тана чиниқтирилувига ҳозирланинг. Ўз онгингиз чегараларининг кескин кенгайишига ва руҳиятингизда содир бўлажак такрорий “алангаланиш”га тайёр бўлинг. Сиз аллақачон муносиб бўлиб улгурган муваффақиятлар истиқболига шайланинг.

ИНТИЗОМ ВА ҚАТЪИЯТ КУЧИ – КАМОЛОТ ДАРВОЗАСИНИНГ ОЛТИН КАЛИТЛАРИ

Ўз-ўзини такомиллаштириш ва тўкин ҳаётга эришиш бахтининг энг асосий омилларидан иккитаси интизом ва қатъият кучи ҳисобланади. Уларга эга бўлиш билан Сиз буюк ҳаёт томон илк одимларни ташлашингиз мумкин бўлади. Бу айнан муваффақиятни кафолатлайдиган сифатлардир. Интизом ва ақлий матонатга эга бўлсангиз, ҳамиша, ҳамма жойда энг охиригача бориш учун ўзингизда куч топа оласиз. Сизда феъл-атвор мустаҳкамлиги шаклланади. Бу эса “Кайзен” принципларини амалда татбиқ эта олишингизга ва ўз имкониятларингизни барча мақсадларингизга эриштира оладиган даражада намоён қила билишингизга замин яратади. Айнан интизом Сизнинг феъл-атворингизга куч беради. Ва бу куч ёрдамида Сиз телевизор ва бошқа бемаъни вақт ўлдириш эрмакларидан сақланиб, қимматли дақиқаларингизни ҳаётингизда чинакам ўзгаришлар қилишга қодир ишларга сарфлашга қодир бўласиз. Интизом ва қатъият кучи шарофати билан ҳақиқатда муҳим ҳисобланган нарсалар ҳеч қачон Сиз учун ҳеч бир қимматга эга эмаслари “шафқатига қараб қолмайди”.

Интизом ва ўз ҳаётини бошқаришнинг сеҳрли кучи

Ҳафтада 198 соат бор. Интизом ва қатъият мана шу соатларнинг самарали ўтиши кафолатидир. Ҳаётингизда ҳамма нарса мувозанатга солинади: жисмоний ўсиш, онг чиниқуви, феъл-атвор мустаҳкамланиши, профессионал тайёргарлик, оммавий фаолият, кўнгилхушлик ва саргузаштлар ҳам энг соф кўринишида ва ҳаммаси Сизнинг камолотингизга хизмат қилади. Роттердамлик Эразм айтган экан: “Михни мих билан чиқариш самарали бўлганидек, одатни ҳам бошқа бир одат орқали тарк қилган афзал”. Ҳақиқатан, интизомнинг юраги ҳам айнан одат ҳисобланади. Ҳар қандай соҳада ҳам муваффақиятга фикрлари жиловланган ақл ва доимий меҳнат эвазига эришилади. Ҳаётимизга интизом қўшажак кучсиз бир дона ҳам орзуни рўёбга чиқариб бўлмайди. Қатъият кучисиз эса беқарорлик, танбаллик ва бекорчилик деб аталмиш иблислар қурбонига айланасиз.

Интизом ва қатъият кучи Сизни ҳаётий фаровонлик энг олий чўққиларига олиб чиқади. Қачонки ўша руҳий мушаклар доимий шуғуллантириш натижасида чиниқиб, одатларга айланар экан, бунинг меваси ўлароқ ақлни шошириб қўювчи натижалар кўзга кўрина бошлайди ва уддаланиши энг оғирдек туюлган вазифалар ҳам оддий ва осон бўлиб қолади. Интизом ўз онгини назорат қилиш ва бўлар-бўлмас тўполонларни четга сурган ҳолда ижобий фикрлашдек ўта муҳим одатларни шакллантиришда Сизга асқатади.

Интизомсиз ёки ҳеч бўлмаганда ўзингизда интизомни ўстиришга бўлган кучли иштиёқсиз ўз онгингиз қўлида қул бўлишга маҳкумсиз. Феъл-атвор мустаҳкамлиги ва ақл бардамлигидан ташқари Сизда яна фойдали фикрлар захираси ҳам қурий бошлайди. Сиздаги қатъият кучи мадорсизланиб, ўзингизнинг олий мақсадларингиздан чалғий бошлайсиз. Қатъият кучисиз Сиз ҳаддан зиёд кўп ейсиз, ҳаддан ортиқ хавотирланасиз ва ҳаддан ташқари кўп ухлайсиз. Қатъият кучи нима эканини амалда кўрмоқчи бўлсангиз, Ганди, Вашингтон, Тереза она, Ҳелен Келлер ва Брюс Ли ҳаёти ҳақидаги асарларни мутолаа қилиб кўринг, шунда кўп нарсага тушуниб етасиз.

Шахсий тараққиётни таъминлаш мақсадида инсон ўз олдига қўйиши мумкин бўлган энг муҳим марралардан бири ҳам айнан шахсий интизомни шакллантириш вазифасидир. Х.П. Лиддон айтганди: “Бизнинг у ёки бу ишни қандай важдан бажаришимизга қараб бизнинг ҳозирда ким эканлигимизни билса бўлади. Бизнинг ким эканимиз эса барча ўтган йиллардаги шахсий интизомимиз мевасидир”. Раймон де Сен-Лоран ўзининг “Қатъият кучи” номли китобида ёзади: “Кучли характерга эга инсон бу – ўз олдига аниқ, асосланган мақсад қўйиб, то унга эришмагунича ҳаракатдан тўхтамайдиган инсондир”. Ўз қатъият кучингиз, ўз хоҳишингизни бошқаришни ўзлаштириб олсангиз, ҳеч қандай орзу Сизга эришиб бўлмасдек туюлмай қўяди. Бошқа ҳеч ким Сизни муваффақиятингизга олиб борадиган йўлдан чиқариб юборишга ёки мақсадларингизни амалга оширишга бўлган ҳаракатларингизга халал беришга қодир бўлмай қолади. Қуйида қатъият кучига оид бир нечта билиб олиш жуда муҳим бўлган жиҳатлар санаб ўтилади:

а) Ғолиблар ҳамиша интизомлидирлар! Ҳаётда катта муваффақиятларга эришган одам шубҳасиз, кучли интизом ва қатъият кучига эга бўлган одамдир. Бу сифатларни ишга солиб Сизни ўраб турган муҳитни бутунлай янгилаб юбориш мумкин. Ва яна, шуни ҳам тушуниб олиш лозимки, бу сифатларга Сиз аллақачон эгасиз, фақат улар ҳали ҳам ич-ичингизда мудроқда бўлсалар, эҳтимол;

б) Ўз қатъият кучингизни ишга солинг! Қандай қилиб интизом/қатъият кучини чиниқтира олиш сири жуда оддий: улардан давомли фойдаланиш лозим, акс ҳолда улардан ажралиб қолиш хавфи бор. Табиат ўз қоидаларига амал қилишга келганда жуда ўжар. Хотирангиз янада ўткир бўлишини истасангиз, уни чиниқтиришга тўғри келади. Худди шу тартибни ўз тасаввурларингизга нисбатан ҳам қўллаш зарур. Ўзингизни қанчалик кучли инсон сифатида кўришни истасангиз, шундай тасаввур қилинг. Бу ҳам интизом ва қатъият кучи мушакларининг чиниқишида ёрдам беради. Мақсад – уларни доимий равишда ишга солиб, меъёр даражасида зўриқтириб туриш. Ана ўшанда улар Сизга ҳеч тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган тартибда “миннатдорчилик билдирадилар”;

c) Ўзингизга катта-катта умидлар боғланг ва олдингизга буюк мақсадлар қўйинг! Сиз ҳатто ўзингизга ҳам заиф, кучсиз, пассив, бўшанг одамдай туюлсангиз, шуни билиб қўйинг, ичингизда – қаерингиздадир қаттиқ сиқиб қўйилган қаъият кучи пружинаси бор. У бўшатилса ва қўллай билинса, ундан беадад қувват, энергия олиш шубҳасиз;

д) Қатъият кучингизни мустаҳкамланг! “Суперҳаёт” дастури айнан ўша: Сизнинг бор энергиянгизни увол қилаётган, Сиздаги барча потенциал имкониятларни бўғиб қўяётган омилларга қарши қай тартибда жанг олиб боришга ўргатади. Сиздан эса, ўз навбатида, ўзингизни жиддий тафтиш қилишингиз ва фикр қилиш тарзингизда одатийга айланган, аммо Сизни қувватсизлантирувчи зарарли фикрларни фош қилишингиз талаб этилади. Ана шундан кейин улардан зудлик билан халос бўла олишингиз лозим бўлади. Бунинг учун ўз-ўзингизга айнан ўша зарарли фикрлар Сизни ўзингиз мутлақ муносиб бўлган бенуқсон саломатликдан, тўкин-сочинликдан бебаҳра қилаётганини доимий равишда, тинмай такрорлаб юришингиз кифоя.

Бугунги замоннинг энг кўп тарқалган “касаллик”ларидан бир чарчоқдир. Одамлар эрталаб ишларига чопиб, у ерда кун бўйи судралгач, кечга яқин уйларига “эмаклаб” етиб келадилар. Кечки овқатни ҳам тез-тез еб олгач, ўзларини диванга отадилар ва ниҳоят телевизорлари қаршисига етиб келиб олганларига шукрона қилиб, ҳордиқ чиқара бошлайдилар. Бирор-бир “пичоққа илинарли” иш қилинмаганига энг оммавий баҳона ҳам ўша-ўша: “Оҳ, худойим, ахир ўлгудек чарчадим-а!” Қачонлардир ҳамма танийдиган машҳурлардан бўлиш, дунёни яхшилик сари ўзгартириб юборишга қаратилган жўшқин орзулари ичига сиғмай юрган одамлар бугун саккиз соатда уйқуга бой осуда тундан бошқа нарсани мақсад қилмай қўйдилар! Бизнинг бутун бошли жамият ўзининг ҳолдан тойган, орзу қилганлари ва ҳаётларини унутилмас лаҳзаларга бойитувчи марралар томон ҳаракатланишга ҳафсалаю қуввати қолмаган фуқаролари билан бирга касал бўлиб қолганга ўхшайди. Бу “чарчоқ касаллиги”нинг аслида жўнгина иллюзиядан бошқа нарса эмаслиги ҳақида эшитиб, эҳтимол, бир оз ҳайратланарсиз. Бунинг айни ҳақиқат эканлигини англаш учун, эслаб кўринг: яқиндагина ишга ёки уйда қандайдир ўта зерикарли ва жонга тегар ҳужжат ўқиб чиқишингизга тўғри келиб қолди. Эслаб кўринг, бу вазифа Сизга қанчалик эриш туюлганди, бундан қанчалик толиққан эдингиз. Кўзларингиз юмилиб кетар, ҳатто бошингизни ҳам бир неча марта столга уриб олишингизга бир бахя қолганди. Сизга бир дақиқалик ҳордиқ ҳам нақадар роҳатбахш бўлиб туюлганди, ўшанда. Шунда ишингизни кутилмаган телефон қўнғироғи ёки бирор улфатингиз ёки танишингизнинг ташрифи бўлди. Сиздаги барча чарчоқ шу ондаёқ тарқаб кетди. Сиз яна ўзингизни тирик ва бардам сеза бошладингиз. Бундан аслида чарчамаганингиз аён бўлди. Сиз шунчаки ўзингизда чарчоқни тасаввур қилгансиз ва бунга сабаб шуғулланаётган машғулотингиз мавзуси Сизни умуман қизиқтирмаслиги бўлган. Бундан кўриниб турибдики Сизни асабийлаштирувчи, ҳолсизлантирувчи ҳамма нарсани бир четга суриб, бор диққатингизнинг ўзингиз учун муҳим бўлган юмушларга қаратилишини таъминловчи шахсий интизом одати Сизда шаклланмаган.

Ўз онгингизни интизомга солишни бошласангиз, у Сизга мўъжизалар кўрсатишга қодир. Ақлий ва жисмоний чарчоқ ўтмишда қолади. Беҳаловатлик ва салбий фикрлар – чарчоқнинг энг асосий ва машҳур сабабларидир. Беҳаловат онг организмингизга ўн миллик югуришдан ҳам кўра кўпроқ чарчоқ қўшади. Уни 1000 ампер-соатлик (А-ҳ) аккумуляторга қиёслаш мумкин. Аккумулятор кунни тўлиқ қувватланган, энергия захирасини тўлатган ҳолда бошлайди. Кейин эса кун давомида тўланмаган тўловлар, қарзлар устида асабийлашишга 100 А-ҳ сарф бўлади. Яна 200 А-ҳ эса эндиликда ўйлаш умуман бефойда бўлган ва ҳозирда мутлақо муҳим бўлмаган воқеа ҳақида ўйлашга ишлатиб юборилади. Яна 300 А-ҳ Сиз анчадан бери хоҳлаб юрган, аммо ҳали-бери имкониятингиз кўтармайдиган таътил ҳақидаги хомхаёлларга сарф қилинади. Шу тарзда, тезда бутун энергиянгиз сарф бўлиб кетади ва Сизга дам олмаса ҳечам бўлмайдигандек туюла бошлайди.

Ақлий чарчоққа қарши курашда биринчи қадам бу миянгизни банд қилиб турган ҳар бир фикрни назоратга олишдир. Унинг кўтаринки ва ижобий бўлишига ҳазир бўлинг. Шундан кейин шахсий интизом одатини ишга солинг-да, сизда ақлни шошириб қўядиган миқдордаги энергия манбаини қачон тўғонни очиб юборишларига мунтазир турганлиги ҳақида ахборотни ўзингизга уқтиринг, ишонтиринг. Ўзингизга уқтиринг – чарчоқ бу фақатгина ўзингиз ўйлаб топиб олган нарса. Ўзни ҳорғин ҳис қилиш одатини йўқ қилишга ҳаракат қилинг. Йўқотинг уни. Чарчоқ ҳақидаги фикрлар Сизни тарк эта бошлагач эса диққатингизни ҳозир қўлингизда ёки иш столингизда турган вазифангизга қаратинг. Спортчининг марафон сўнгида иккинчи нафас йўли очилиб кетгани сингари миянгиз ҳам иккинчи нафас йўлини очиб олади: албатта, агар ўзингизнинг интизом мускулингизни зўриқтира олган ва айни дамда бажараётган ишингизга бор диққат-эътиборингизни қарата олган бўлсангиз. Аввалига бу мураккаб кечади. Осон бўлмайди. Аммо Сиз ўз қатъият кучингизни кўрсата билишингиз ва ўзингизга зерикарли, нохуш бўлиб туюлаётган машғулотдан қочиб қутулишга баҳона изламаслигингиз керак бўлади. Тез орада Сиздаги шахсий интизом ҳаммасини “назоратига олади”. Сизга авваллари қийиндек туюлган юмушлар осон, каттароқ марралар, мақсадлар эса етиб борса, эришса бўладигандек туюлади. Сиздаги ўзига ишонч эса анча-мунча ўсганини ҳам сезасиз.

Агар ўтмишингизга назар солиб, унда ўзингизни энг бахтли ҳис қилиб кетган лаҳзаларни топмоқчи бўлсангиз, ўша лаҳзаларнинг бирор-бир муваффақиятга эришилган паллалар эканига гувоҳ бўласиз. Масалан: Сиз қурган ўша бахтли оила, Сиз асос солган ва ҳозирда гуллаб-яшнаётган ўша бизнес, Сиз саёҳатингиз давомида борган ўша манзиллар, Сиз ўқиб чиқишга муваффақ бўлган ўша ажойиб китоблар ва ҳоказо. Бу каби мамнуният ҳиссини Сиз томоша қилган бирор-бир телешоу ёки Сиз ярмини уйқуда ўтказган ҳордиқ кунларингиз бера олишини тасаввур қилиш эса бир оз мушкул. Ҳаётингиз фақат ва фақат унда Сиз эришган ютуқлар, натижалар билан ўлчанади. Бу дегани Сизнинг ютуғингиз албатта 10 миллион доллар жамғариш ёки Бермуд оролларида шахсий виллангизни қуриш бўлиши лозим дегани эмас, асло! Ҳаётдаги ютуқ ва муваффақият ички хотиржамлик ва руҳияти камолга етган умр кўринишида бўлиши ҳам мумкин-ку! Буларнинг барига эришишнинг калити эса ўз олдига аниқ марралар қўйиш ва уларни забт этишда. Интизом ва қатъият кучи Сизни муваффақиятга етаклайди. Уларни ичингизда тарбияланг, камол топтиринг ҳамда уларга Сизга тортиқ қилинган олтин туҳфалар каби муносабатда бўлинг.

ЎЗИНИ ЯХШИ ҲИС ЭТИШ ВА ЎЗИГА ИШОНЧ ПРИНЦИПИ: ҲАЁТИЙ ҚУВВАТГА ИМКОН БЕРИШ

“Суперҳаёт” фақатгина ижобий фикрлаш қобилияти намунасигина эмас. Бу Сизнинг ҳаётингизни, унинг ҳар бир жабҳасида энг юқори чўққисигача юксалтириш мақсадида тузиб чиқилган бутун бир дастурдир.

“Ўзни яхши ҳис этиш” принципи номи билан машҳур вақт синовида тобланган бир ҳаёт ҳақиқатини уқиб олинг: “Сиз ҳаётингизда содир этган ҳар қайси иш ўзингизни яхши ҳис қилишингизни таъминлашга бўлган сўнмас истагингиз маҳсулидир. Сиз кун бўйи диққатингизни бағишлайдиганингиз, ейдиганингиз, ичадиганингиз, алоқага киришадиган одамлар, Сиз ўқийдиган китоблар – ҳамма-ҳаммаси ўзингизни яхши ҳис қилишга бўлган уринишингиз билан изоҳланади. Қарорсизлик аталмиш иблисона вирус ҳам айнан шу – ўзни яхши ҳис қилиш истаги орқали кириб келади”. Сиз кўпроқ ҳаловат, роҳат топиш учун диванда чўзилиб ётиб, бекорчилик билан шуғулланишни афзал биласиз, жисмоний чиниқув ёки Сизнинг карьерангизни муносиб бўлганингиз шакллантиришни таъминлайдиган юмушлар билан банд бўлиш ўрнига шуни маъқул кўрасиз.

Келинг, бир варақ қоғозга ҳаётда муваффақият қозонишингизга йўл бермаётган тўсиқларни ёзиб чиқамиз. Балки Сиз бошқалар билан бекорга келишмовчиликка бораётган бўлиб чиқарсиз? Балки бекорга ҳаддан ташқари хавотирланаётгандирсиз? Олам-олам имкониятлар кўриш мумкин бўлган ерда фақат тўсиқлар кўраётгандирсиз? Уриниб кўришдан чўчимайсизми? Сизнинг ҳаракат эркинлигингизни чеклаб турган тўсиқлар жуда тез фурсатда ўзгариши, йўқолиши мумкин, қачонки тўғри стратегияни қўллай олсангиз. Балки, энг самарали ва кучли восита, шунчаки “ўзини яхши ҳис қилиш” принципини тўғри ва фойдали мақсадлар йўлида қўллаш бўлиб чиқар, нотўғри ва бефойдалари йўлида эмас.

Мана, ҳаётингизга кескин ва узоқ муддатли ўзгаришлар олиб киришда асқатувчи методлар билан танишиб чиқинг.

1-қадам. Қарор

Ўз юриш-туришингизни ўзгартиришингиз зарурлиги ҳақидаги қарорни бугуноқ қатъий қўйинг. Эскича юриш-туришингиз ўтмишингизда жуда кўп азиятлар чекишингизга сабаб бўлган, энди ундан халос бўлиш пайти келди. Бир варақ қоғозга ёзинг ва кўз олдингизга келтиринг: ўша хатти-ҳаракатларингиз Сизга қандай талафотлар келтирганди – аниқ ҳодисалар ва қўлдан чиқарилган аниқ имкониятларни эсланг. Ана энди ҳозирги ҳолатларни тубдан ўзгартиришга қаратилган қатъий қарорингизни киритинг-да, бу қоғозни каравотингиз тепасига илиб қўйинг. Ҳар куни уйқуга кетишдан аввал ва ҳар тонгда уйғонганингизда уни 10 мартадан ўқишга одатланинг – бу аста-секин хатти-ҳаракатларингизни бошқариб турувчи онг остингизга ўзининг ижобий таъсирини ўтказишни бошлайди.

2-қадам. Жангга чақириш методи

Ана энди тубдан ўзгариш ҳақида қарор қабул қилиб, бу ҳақда оила аъзоларингиз, дўстларингизга хабар қилиб (улар Сизга келгусида ижобий таъсир, фойдали босим ўтказишлари учун) бўлганингиздан сўнг шуғулланиш ишларига ўтса бўлади. Номақбул хатти-ҳаракат қилиш борасидаги фикр онгингизга ўрнашиши ҳамоноқ дарҳол уни даф қилиш ҳаракатига тушинг. Назоратли фикрлаш амалиётини қўлланг, Сизни ёмон ўй-фикрдан чалғитувчи ҳаракатлар қилинг, масалан, кулгили товушлар чиқаринг ёки оёғингизни чимчиланг. Бу кулгили эшитилиши мумкин, аммо бундай хатти-ҳаракатлар Сизнинг онгингизга жойлашиб олган номақбул фикрларни қочиришда жуда кучли таъсир кучига эга. Ҳаётнинг абадий қонуни шуни кўрсатадики, ижобий ҳамиша салбий устидан ғалаба қила олади. Агар ўзингиз муносиб бўлган чўққиларни забт этишингизга тўсқинлик қилувчи ўй-фикр, хатти-ҳаракатларни жангга чақирсангиз, улар тез орада Сизнинг фикр саройингизда “исталмаган меҳмон” эканликларини англаб етадилар ва уни бутунлайга тарк этишдан бошқа илож тополмай қоладилар.

3-қадам. Янги реаллик: слайдлар намойиш қилиш стратегияси

Ўз юриш-туришингизни ўзгартириш ҳақида қатъий қарор қабул қилиб, эски одатларингиздан халос бўлишга аҳд қилган экансиз, энди уларни ўзингиз эга бўлишни хоҳлаган хатти-ҳаракатлар, одатлар билан алмаштиришингиз лозим бўлади. Бу стратегия “мухолиф фикрлаш” деб номланиб, қадимий ҳинд услуби ҳисобланади. Ундан ўзларида мисли йўқ ақлий қувватни шакллантиришга эришган ҳинд йогалари кенг фойдаланадилар. Бу стратегиянинг асосий моҳияти салбий фикрларни уларнинг ижобий шериклари билан, илҳомбахш муқобиллари билан алмаштиришдан иборат. Онгимиз улкан слайд-проекторга жуда ўхшайди: ҳар лаҳзада проекторда фақат биргина слайд кўрсатила олингани сингари онгимиз ҳар лаҳзада фақат битта фикрни ушлаб тура олади. Агар мақсадсизликдан, тезкор қабул қила олмасликдан азият чексангиз, ўрганинг: ҳар сафар у ёки бу ишни кейинроққа қолдириш, кечиктириш ҳақидаги фикр миянгизга кириши биланоқ, уни йўқ қилинг.

Кўз олдингизга шу ишларингизни муваффақиятли бажариб бўлганингиздан кейин эришажак ютуқларни келтиринг. Нима деб ўйлайсиз, бу амалиёт шахсий интизом ва ўз-ўзига бўлган ҳурмат туйғуларингизни оширишга ёрдам берадими? Бу амалиётнинг, агар шу тартибда давом этаверсангиз, шу йил охирига келиб қандай ижобий мевалардан баҳраманд бўлишингиз мумкин? Беш йил, ўн йилдан кейин-чи? Бу амалиётга нисбатан “ўзни яхши ҳис қилиш” принципини ҳам қўллаб кўринг.

4-қадам. Ижобий фикрланг

Мана энди, номақбул фикрларга қарши уларнинг ижобий ва илҳомбахш муқобилларини қарши қўя бошлаганингиздан сўнг улар, ғолибона қилиб созланган кайфиятингиз қаршисида “исталмаган меҳмон” эканликларини англаган ҳолда, бирин-кетин йўқола боради. Фикрлар ҳам буюмлар демак, шунинг учун ёдда сақлаш зарурки, уларни фақат Сиз назорат қила оласиз, бошқачасига бўлиши мумкин эмас. Муваффақият сири эса юқорида айтилган ижобий фикрлаш амалиётини мукаммаллаштириб боравериш, янгича фикрлаш моделлари миянгиздан муқим ва мустаҳкам ўрин эгаллаб олмагунича тўхтатмасликдадир. Бу машғулотни яна ва яна такрорлайверинг. Тез орада фақат ижобий хатти-ҳаракатлар ҳақидагина ўйлай бошлайсиз ва бу Сизнинг одатингизга айланади. Бу эса янги ҳаёт йўлингизни ташкил этишдаги биринчи босқични босиб ўтганингизга ишора қилади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации