Текст книги "ДУРР УЛ–МАЖОЛИС"
Автор книги: Сайф уз–Зафар Навбаҳорий
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 7 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]
Сайф уз–Зафар Навбаҳорий
ДУРР УЛ–МАЖОЛИС
Таржимон ва нашрга тайёрловчилар:
Ҳайдарбек Бобобеков,
Маҳмуд Ҳасаний
Масъул муҳаррир – Беруний мукофоти лауреати, филология фанлари доктори, профессор Исматулла Абдуллаев
Тошкент
“Мерос” нашриёти 1992
МАЖЛИСЛАР ДУРДОНАСИ
Биринчи боб
Меҳтар1 (улуғ, олий, бузруквор) Одамнинг
яратилиши ҳақида
Ҳазрати Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ўзининг қудрати билан меҳтар Одамни йўқлигидан борлиқ оламда пайдо қилмоқчи бўлиб, шундай нидо қилди:
Мен бир мавжудот яратмоқчиманки, у ҳузуримдаги энг яқинларимдан бўлади, яна унинг зурриётидан бандалар яратажакманки, улар мени дўст тутадилар. Мен ўзимнинг камоли қудратим билан уларни бахтиёр ва сарафроз қилажакман, – деб “юҳиббуҳум ва юҳиббунаҳу”2 (2”Уларни яхши кўради, уни ҳам яхши кўрадилар”) нидосин қилди.
Арш деди:
– Эй Худо, бундай бахтиёр бандани мендан пайдо қил сен мени улуғ Арш қилиб яратдинг,“ва ҳува арш ул–азим”3 (3 Ва у улуғ Аршдир) дединг, махлуқ ва мавжудотларнинг нимаики яратган бўлсанг, ҳаммасини мендан яратдинг.
Курси деди:
– Эй пок парвардигорим, мени ўз лутфинг била “васиъа курсиюс самовоти ва–л–арз”4 (4 “Унинг Курсиси осмону ердан ҳам кенгдир”) деб ёд қилдинг, ўша саодатли қулингни мендан яратгил.
Осмон эса:
– Сен мени юлдузлар билан безадинг ва ўз Қуръонингда: “Ва лақад заййаннас самоа ад дунё би масобиҳа”5 (5 “Ва дунё осмонини чироқлар билан зийнатлади”) дебсан, бу давлатманд бандангни ўз муҳаббатинг билан сарафроз қилар экансан, уни мендан яратгил, токи мен учун шодлик бўлсин, – деди.
Хуллас, ҳар бири ўз арзини айтиб, мақсудларини изҳор қилар эдилар. Шунда Ҳақ субҳонаҳу ва таолодан фармон бўлди.
Эй ер, Одам алайҳис салом сендан яратилишини нега орзу қилмайсан?
Ер деди:
– Эй илоҳим, сен ўзинг доносан ва биносан1 (1 кўриб турувчисан), Аршинг ўзининг улканлиги билан ноз қилади, осмон юлдузлари билан мақтанади, мен эса барча мавжудотларнинг оёғи остидаман, мен шунчалик заиф ва бечора бўла туриб, шундай улуғ хилқатни қандай қилиб ўзимга раво кўрай?
Воҳиб ул–атоё2 (2ато қилувчи, яъни Худо) дан фармон бўлди.
– Эй Ер, сен шунчалик ожиз ва шикасталик изҳор қилдинг, мен дўсти ҳабибимни сендан яратажакман.
Байт:
Ҳар кишиким тутса ўзини ратил3(3 оғир),
Ҳам худойим лутф айлар, ҳам халил4 (4дўст).
Ривоят қилишларича, Меҳтар сулаймон алайҳис салом қўлига подшолик узугини тақмоқчи бўлганида беш бармоқлари сўзга кирди. Бири деди:
– У мен орқали икки саховат қилади, шунинг учун икки узук менга муносиб.
Бири деди:
– Мен кўрсаткич бармоқман, сизлардан азизроқман, менга муносиб.
Кичик бармоқ барчасидан ўзини паст тутиб турди. Шунда Воҳиб ул–атоёдан фармон бўлди:
– Эй Сулаймон, кичик бармоғингдан сўра, у нима учун жим турибди?
Меҳтар Сулаймон алайҳис салом сўради. Кичик бармоқ шундай деди:
– Эй пайғамбар, улар паст тутганлиги учун Рабб ул–иззат5 (5 ғолиблик эгаси, яъни Худо) дан фармон келди:
– Эй сулаймон, подшолик узугини кичик бармоғингга тақ, чунки у ўзини барчадан пастроқ ва зубунроқ тутди.
Ал–ғараз1 (1 хуллас, хулоса) бир кун Боязид2 (2 Ўтмишда яшаган улуғ шайхлардан бири) Аллоҳ унинг сирларини муқаддас қилсин, ҳазрати Зул–Жалол3 (3улуғлик эгаси, яъни Худо)дан сўради:
Илоҳим, сенинг ҳузурингда азизроқ нарса нима?
Худойи таоло деди:
– Эй Боязид, менинг даргоҳимда азизроқ нарса, биринчиси – синиқлик, иккинчиси – узр сўраш, учинчиси – ожизлик ва бечоралик.
Ал–ғараз, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Одам алайҳис саломни яратишга киришар экан, осмондаги фаришталарга:
– Эй Худоё, лавҳ ул–маҳфуз4 (4 одамнинг тақдири, қиладиган ишлари ёзиб қўйилган китоб)да кўришимизча, Одамнинг ўзи фармонга бўйсунмайди, фарзандлари эса ноҳақ қон тўкишиб, ёмон ишларни қилишаркан, Сен бизларни пок деб ёдга олган эдинг? – дейишди.
Шунда ҳазрати Зул–Жалолдан фармон бўлди:
– Эй фаришталар, мен билган нарсани сизлар билмайсизлар. “Қола, инни аъламу ма ла яъламуна”5 (5 “Айтди: “Улар билмайдиган нарсани мен биламан”).
Сўнг Воҳиб ул–атоё фармон қилди:
– Эй Жаброил, ердан бир ҳовуқ тупроқ олиб кел.
Жаброил алайҳис салом ердан тупроқ олмоқчи бўлди ва шунда ер титраб тилга кирди:
– Эй Жаброил, Худо сизни, мени, барча махлуқлар ва барча нарсаларни яратди, уларнинг ҳаққи ҳурмати учун мендан тупроқ олманг.
Жаброил қайтиб бориб, Худога мурожаат қилди:
– Илоҳим, сен доносан в биносан, Ер менга онт ичирди.
Шунда: “Ердан тупроқ олиб кел”, – деб Мекоилга6 (6 тўрт улуғ фаришталардан бири) фармон бўлди. Ер ҳазрати Мекоилга ҳам Худойи таолонинг ҳаққи ҳурматидан онт берди. У ҳам қайтиб келиб, Худойи таолога аҳволини арз қилди. Сўнг “Ердан тупроқ келтир” деб, Меҳтар Исрофилга1 (1 тўрт улуғ фаришталардан бири) фармон бўлди. Унга ҳам ер онт берди. Исрофил ҳам қайтиб бориб, Худойи таолога аҳволини айтди. Шундан сўнг тупроқ келтиришни Азроилга буюрди. Азроил алайҳис салом Ер қошига келди. Ер унга ҳам онт берди. Шунда Азроил:
– Мен Худойи таолонинг буйруғини бузмайман, – деб Ер юзидан бир сиқим тупроқ олиб, Худойи таолонинг даргоҳига олиб борди, Парвардигори оламдан шундай фармон бўлди:
– Эй Азроил, Ер менинг ҳаққи ҳурматимдан онт берди, нега унга раҳм қилмадинг?
Азроил деди:
– Эй парвардигорим, мен сенинг ғазабингдан қўрқиб, Ерга раҳм қилмадим.
Худойи таолодан фармон бўлди:
– Сен Ерга раҳм қилмадинг, энди қобиз ул–арвоҳ2 (2жон олувчи, яъни Азроил) тупроқ олиб, Маккаи Муаззам била Тойиф ўртасига қўйгил.
Ер ўзидан тупроқ беришни ҳоҳламаганининг ҳикмати нимада эди? Ҳикмати шунда эдики, Одам ердан яратилгач, бефармонлик қилиб, мени шарманда қилиб ҳижолат қилади, деб ўйлади.
Тупроқ хамир қилиниб, Одам ясалгач, фаришталарнинг улуғи Азроил ўзича: “Бориб Одамнинг тупроғини кўрай, на мақому, на манзилда турган экан” деб, Одам ёнига келди ва унинг ичига кирди. Қараса, тупроқдан бир ҳуққа3 (3 сандиқча, тақинчоқлар сақланадиган кичкина идиш) ясаб қўйилибди. У қанча мулоҳаза қилмасин, унинг нима эканини барибир билолмади. Сўнг ўзича: “Мен ошиқман десам, мендан ҳам ошиқроқ пайдо бўлибди, аммо мен нурдан у эса, тупроқдан яратилган” деб ўйлади.
Ер юзида бир от бор эди. Иблис:
– Отни олиб келай, бу тупроқни бузсин, – деди.
Шундай деб отга хабар берди.
Шу пайт Одам алайҳис салом гавдасига жон киргизилди. Одам аксирди ва “алҳамду лиллоҳи раббиоламин”1 (1оламлар–нинг парвардигори) деди. Парвардигори оламдан: “Яркамуллоҳу ва яшфийка”2 (2 “Аллоҳ сенга раҳм қилсин ва шифо берсин”) деган жавоб эшитилди.
Фаришталар:
– Илоҳо, Одам сени таниб, бандалик лаззатини тотмай туриб ярҳамукаллоҳ жавобини эшитди. Бизлар неча йилдирки, даргоҳингда тасбиҳу таҳлилга3 (3ло илоҳа иллаллоҳ жумласини такрорлаш) машғулдирмиз, бироқ бизга бундай иноят бўлмаган, – дедилар.
Худодан жавоб келди.
– Тупроққа кўрсатган лутфу карамим ҳеч қачон сизларга бўлмайди, Одам бандалик завқини тотмаган бўлса–да, менга ҳамду сано айтди…
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло яна фаришталарга деди:
– Мен бандаларимнинг вужудида бир неча нарса пайдо қилибманки, бу нарсалар сизларда йўқ: биринчиси – ейиш, иккинчиси – шаҳват4 (4жинсий алоқа истаги) туғёни, учинчиси – ҳирс ва ҳасад, тўртинчиси – ҳою ҳавас, бешинчиси – шайтон васвасаси, олтинчиси – маккор дунё иштиёқи. Эй фаришталар, агар бу нарсалар сизларда бўлса эди, албатта, гуноҳ қилган бўлар эдингиз. Эй Арш ва фаришталар, сизлар жаннат ва дўзахни кўз билан аниқ кўрасизлар. Одам фарзандларидан ҳеч ким уни аниқ кўрмайди, бироқ менинг борлигимга кўрмай иймон келтирадилар.
ҲИКОЯТ
Ривоят қилишларича, Зулайҳо Юсуф алайҳис саломга етишиши учун шундай бетоқат бўлдики, уни етти қаср ичига киргизиб, эшикларни беркитди ва ўзи унга арз қилиб деди:
– Эй Юсуф, менинг муродимни ҳосил қил. Ҳазрати Юсуф алайҳис салом юзини ўгирди. Зулайҳо унга деди:
– Эй Юсуф, менинг дилим орзусини ҳосил қилмагунингча қўймасман.
Юсуф алайҳис салом Зулайҳодан бу сўзни эшитиб, деди:
– Эй Зулайҳо, бу сўзни этмаки, менинг Худойим ҳозирдир.
Зулайҳо:
– Эй Юсуф, буларнинг ичида Худо қандай қилиб кўради? – деди.
Юсуф:
– Эй Зулайҳо, билмайсанми, сенинг ва менинг барча аъзоларимиз гўр ичида банд–бандидан жудо бўлажак, танамиз тупроққа айланажак, – деб Худойи таолодан қўрқиб қочишга тушди. Ҳазрати Юсуфни тутмоқчи бўлиб, қўлларини узатди. Ҳазрати Юсуфнинг кўйлаги йиртилди. Шу пайт Худойи таолодан барча фаришталарга мурожаат келди.
– Эй малоиклар1 (1Фаришта) сизлар “одам зино қилади, одам бузуқлик қилади” деб айтган эдингиз, мана кўринг, Юсуф менинг қўрқинчимдан, азобимдан, ҳайбатимдан Зулайҳога қандай муомала қилди?
Ал–қисса ривоят қилишларича, Юнус алайҳис салом фармон билан бир балиқнинг ичига тушиб қолди, у балиқни эса яна бир балиқ ютиб юборди. Аввало, дарнинг қоронғилиги, иккинчи – туннинг қоронғилиги, учинчи – балиқ ичининг қоронғилигида қирқ кеча–кундуз турди. Шу ҳолатида Юнус алайҳис салом балиқнинг ичида таҳрима намозини2 (2 Намозда такбир айтиш, асл маъноси – барча нарсани ўзига харом қилиш, фақат Худони ўйлаш) ўқиди. Шунда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло фаришталарга:
– Эй фаришталар, сизлар биз ҳамду сано айтамиз, дер эдингиз, Юнуснинг ишига қарангиз, қоронғилик ичида менга қандай ҳамду сано айтмоқда. Эй фаришталар, сизларда, Арш курсида, Лавҳу Қалам ва дўзахда ҳеч бир ғуссаю меҳнат йўқ. Агар бундай оғирликни сизларга берсам, мени бутунлай унутасизлар, – деди.
Ҳазрати Парвардигордан фармон бўлдики:
– Энди Одамни эъзозу икром билан тахтга ўтирғизиб, сажда қилинглар.
Шунда барча фаришталар сажда қилдилар, аммо Иблис лаъин сажда қилмади. Фармон бўлдики: “Эй иблис, фармонимга бўйсунмадинг, менинг дўстимга сажда қилмадинг, такаббурлик қилдинг, мен эса такаббурликни дўст тутмайман”.
БАЙТ:
Агар бўлсин бошингда ақл, эй ёр,
Такаббур қилмағил, эй ёр, зинҳор,
Такаббур қилди ул Шайтони мардуд1 (1 ҳайдалган қувилган),
Сазойи ланъат они қилди маъбуд2(2яратувчи, илоҳ).
– Эй малъун, билгилки, ланъатга сазовор бўлдинг, сени абадий мардуд қилдим.
Шайтон деди:
– Илоҳим, етмиш юз минг йил сенга тоат қилдим, аммо на қилайки, бадбахтлик ва хорлик менга юз тутди. Шу қадар боқий саодат ва абадий лутфу марҳамат тупроқдан ясалган Одамга насиб этибди. Эй Худойим, энди шунча йиллик қилган ибодатимнинг мукофотини бер. Фармон бўлди:
– Нима тилайсан?
Шайтон деди:
– Худоё, менинг абадий мардуд бўлишимга бадбахтлигим сабаб бўлди, энди улардан то қиёматгача ўчимни олай.
Фармон бўлди:
– Бердим, аммо, айт–чи, улардан қандай қилиб ўч олмоқчисан?
Шайтон деди:
– Ҳар бир мўъминга ҳар куни етмиш–юз марта ҳамла қиламан.
Аллоҳдан фармон бўлди:
– Эй малъун, ўз карамим бирла ҳар бир мўъминга ҳар куни бир юз олтмиш марта раҳмат назарим бирла боқаман.
Шайтон деди:
– Илоҳим, мен уларга шундай васваса соламанки, ўлгунларича фармонингдан бўйин товлайдилар, айтмайдиган гапларни айтадилар, эшитмайдиган нарсаларни эшитадилар.
Аллоҳдан яна фармон бўлди:
– Эй малъун, мен ўз қулимга иймон ато қилсам, қиёмат кунида фармон қилурманки, бандаларим қайси аъзоси билан гуноҳ қилган бўлса, гўрга қўйганларида бир–биридан узилган барча аъзолари ҳар бир қилган гуноҳларига каффорат1 (1 гуноҳни ювиш) бўлажак. Юборган фаришталарим гўр ичида улардан менинг бирлигим ва кимлигимни сўрайдилар. Улар менинг иноятим бирла жавоб бергайлар ва қиёмат куни бегуноҳ бўлиб тирилгайлар.
Шундан сўнг фармон бўлди:
– Эй Одам, сен Ҳаво билан жаннатда яшаб, биҳишт неъматларини еб–ичиб юринглар. Аммо, буғдой дарахтининг мевасини есангиз ўзларингизга зулм қилган бўласизлар…
Ал–қисса, ривоят қилишларича, Одам сафиуллоҳнинг сабру оромлари қолмай, ўша мевадан олиб, оғзига солган эди, ҳануз тамоғидан ўтмай туриб, нидо эшитди. Бошидан карам тожи кетди, баданидан ҳамла тушди. Шармисор бўлиб, ҳар томонга югурди, ҳар дарахтдан барг сўради.
“Гумроҳ ва осий бўлдинг” деб барг бермадилар. Охири анжир барг берди. Авратларини2 (2уят жой) ёпдилар. Худодан анжир дарахтига фармон бўлди:
– Ўзга дарахтлар Одамга барг бермади, сен нега авратпўш3 (3 уят жойни ёпадиган нарса) бердинг ва фармонга бўйин товладинг?
Дарахт деди:
– Илоҳим, сен Одамни пайдо қилмоқчи бўлиб, дедингки, мен бир мавжудот пайдо қилурман, у мени дўст тутади ва менинг лутфим билан ҳамиша сарафроз бўлади. Илоҳим, мен шу назарингни мулоҳаза қилиб, унга паноҳ бердим. Илоҳим, бир кимсани азизу ҳурматли қилиб, даргоҳингга лойиқ қилсанг–у, нега орқасидан хорлик билан мардуд қилурсан?
Байт:
Агар бўлса кишига фазли Аллоҳ,
Қачон бўлғуси бу давлатга гумроҳ.
Шундан сўнг анжир дарахтига фармон бўлди:
– Сени барча дарахтлардан ортиқ кўриб, фазилатлар ато қилдим, кимки сенинг мевангдан еса ҳадду ҳисобсиз савоб топгай.
Рабб ул–иззат1 (1 Улуғлик эгаси) (Аллоҳдан) фармон бўлди:
– Эй одам, бефармонлик қилдинг, жаннатдан чиқ, жаннат бефармонлик қилувчиларнинг жойи эмас.
Одам бу дунёга келгач, қилган гуноҳининг шармандалигидан беш юз йил осмонга боқа олмади, кеча–кундуз эса йиғидан бўшамади. Бир куни қушлар йиғилиб, Одам йиғлаган кўз ёшидан ичиб: “Биз бундай лазиз ва ширин сувни ҳеч қачон ичган эмасмиз”, – дедилар. Одам алайҳис саломнинг кўнглида: “Бу қушлар менинг кўз ёшимни масхара қиляптилар, эй илоҳим, бу қулингни жони чиқишга етди”, – деди.
Парвардигори оламдан нидо келди:
– Кимки бизнинг даргоҳимизда йиғласа, кўзининг ёши шаҳду шакардан ҳам тотлироқ бўлади.
Бу нидони эшитгач, кўнгли тасалли топиб, осмонга боқди ва Арши азимда “Ло илоҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ” деган ёзувни кўрди. Одам алайҳис салом ҳасратда қолиб деди:
– Илоҳим, бу қайси бахтли қулингни номидур, ўзингни отинг билан ёнма–ён турибди?
Фармон бўлди:
– Эй Одам, Муҳаммад сенинг фарзандингдур, агар уни яратмасам, дунёни яратмас эдим. Худолигимни ошкор қилмаган бўлардим.
Одам алайҳис салом бу фарзандининг улуғлигини эшитгач, деди:
– Илоҳим, бу калимайи шарифни ҳаққи ҳурматидан гуноҳимни кечиргайсан.
Фармон бўлди:
– Эй, Одам, бизнинг даргоҳимизга яхши шафиъ келтирдинг, гуноҳингни кечирдим, яна сенинг фарзандларингни ҳам ярлақадим. Ҳар ким бу калимайи шарифни эътиқод ва ихлос билан айтса, гуноҳларини кечирса, ажойиб ва ғаройиблиги йўқ.
Байт:
Гар десанг “Ло илоҳа иллаллоҳ”,
Ҳар гуноҳни бағишлагай Аллоҳ.
Иккинчи боб
МЕҲТАР ИБРОҲИМ АЛАЙҲИС САЛОМ САХОВАТЛАРИ БАЁНИДА
Ривоят қилишларича, Ҳақ субҳонаҳу ва Таоло Иброҳим алайҳис саломни саховат фазилати билан шундай ораста қилган эдики, у меҳмонсиз асло таом емас эди. Бир куни бир дарвиш: “менга таом бергил”, – деди. Иброҳим унга:
– Сен кофирга таомим йўқ, – деди.
Дарвиш ноумид бўлиб қайтди. Ўша онда Жаброил Рабб–ул–иззат (Аллоҳ) дан хитоб келтирди:
– Ўша кофир неча йиллардан буён бутпарастлик қилиб келади, бир соат ҳам унинг ризқини кам қилмадим, сендан бир марта таом сўради, таъна қилдинг.
Иброҳим алайҳис салом бу хитобни Парвидигордан эшитиб, шу онда кофирнинг орқасидан югурди. Унга етиб, узрлар айтди. “Не таом тиласанг, берай” деди.
Кофир унга:
– Эй Иброҳим, нечун мунча узрлар айтиб, менга таом бермоқчи бўляпсан? – деди.
Иброҳим ҳалиллуллоҳ1 (Аллоҳнинг дўсти) деди:
– Сени деб Худойим менга ғазаб қилди ва дедики: Эй Иброҳим, менинг қулимни нобуд қилдинг, етмиш йилдирки, у бегоналик қилиб, бутга топинади, аммо мен ўз карамим билан бир кун ҳам унинг ризқини кам қилмадим, сен не учун бир марта бўлса ҳам таом бермадинг, кўнглини оғритдинг?
Ғайридин дарвиш бу сўзни эшитиб:
– Нақадар яхши худойинг бор экан, менингдек душманни деб сенингдек дўстига ғазаб қилибди.
Сўнг деди:
– Эй Ҳалиллуллоҳ, менга иймонни баён қил, токи мусулмон бўлайин. Бу кофирликдан безор бўлдим.
Шу онда иймон келтирди.
Байт:
Кўринг, бу кофирни ҳафтод сола1 (1етмиш йил умр кўрган),
Тилогоч лутфини топди зиёда.
Бир куни яхудийларнинг бир гуруҳ киши халил–ур–раҳмон (Иброҳим) нинг олдиларига келиб:
– Эй Иброҳим, бизга таом бергил, – деди.
Ҳазрати Иброҳим таом бериб, иззат ва икром қилдилар. Таомдин бўшаганларидан сўнг Меҳтар Иброҳим алайҳис салом деди:
– Менинг худойим неъматини единглар, сажда қилинглар.
Яхудийлар сўровни қабул қилиб, барчаси сажда қилди. Халил–ур–раҳмон (Иброҳим) қўл кўтариб дуо қилдилар:
– Бошларини саждага келтирдим, энди кўнгилларини имонга мушарраф қилурни ўзинг билурсан.
Бу дуони қилишлари билан яҳудийлар бошларини кўтариб, дедилар:
– Эй Ҳалиллуллоҳ, бизга лутф қилиб, иймон арза қил. Барчалари иймон айтиб, мусулмон бўлдилар.
Байт:
Ки ул утф бирла Ҳаййи тавоно2 (2Қодир худо),
Ўзига қилди кофирларни жўё3. (3қудирувчи)
Иброҳим алайҳис саломнинг тамоми ҳиммати шунга қаратилган эдики, меҳмонсиз асло таом емас эди. Бир гал уч кунгача меҳмон келмай, асло таом емади. Кўнглида: “Дунё юзида мендек одам бормикин?” деди. Шу онда Жаброил ҳазрати Рабб–ул–оламин1 (1бутун оламлар парвардигори) дан келиб деди:
– Эй ҳалиллуллоҳ, кўнглингдан ўтган фикр бизга маълум эди, тур шаҳардан чиқ. Худойи таолонинг хос бандаларини кўр. Худойи таолонинг ризолиги учун қандай ишлар қилаётганини бил.
Ҳазрати Иброҳим алайҳис салом бу ваҳийни эшитиб, биёбон сари равона бўлдилар. Ногоҳ савмаъа2 (2 зоҳидлар уйи; ҳужра)да ибодат қилаётган бир кишини кўрдилар. У киши ҳазрати Иброҳимни кўриб деди:
– Эй Иброҳим, хуш келибсиз, меҳмон учун мунтазир эдим. Сўнг қўл кўтариб деди: – Илоҳим сенга шукурлар бўлсинки, рўза тамом бўлганда меҳмон юбординг, ёлғиз ифтор қилмайдиган бўлдим.
Меҳтар Иброҳим деди:
– Эй банда, бу сўзни маъноси нима? Тушунтириб бер.
У деди:
– Эй Иброҳим, ўттиз кун тамом бўлди, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло сендек азиз одамни меҳмон қилиб юбордиким, бундай азиз одам билан ифтор қилурман.
Бу сўзни Ҳазрати Иброҳим эшитгач, кўнглига: “Худойи таолога меҳмонсиз ёмонман”, деган фикр келди. Шундан сўнг Иброҳим алайҳис салом деди:
– Эй банда, Худонинг сендан ҳам обидроқ3 (3Ибодатлироқ) ва зоҳидроқ бандасини кўрганмисиз?
Зоҳид деди:
– Фалон тоғда бир зоҳид бор, мендан ҳам яхшироқдир.
Шундан сўнг Иброим ўша зоҳидни бориб зиёрат қилди. Ул азиз кўзини осмонга тикиб ўтирган экан. Ҳазрати Иброҳим келиб салом берди. Зоҳид ҳам салом қилиб, сўнг икки қўлини кўтариб, Ҳақ субҳонаҳу ва таолога сано айтиб деди:
– Ё раб, сенга шукрлар бўлсинким, меҳмонсиз ифтор қилдирмадинг, бундай азиз кишини менга муяссар этиб, саодатманд қилдинг.
Иброҳим алайҳис салом сўради:
– Эй, Худо бандаси менга айт, бу сўзингни маъноси нима?
Зоҳид деди:
– Эй меҳмон, олтмиш кундирки рўзаман. Меҳмонсиз таом емайман, деб ваъда қилган эдим, шу сабабли шукр қилдим.
Шундан сўнг Иброҳим ҳалилуллоҳ деди:
– Эй Зоҳид, сендан обидроқ киши борми?
Зоҳид деди:
– Фалон ғорда бир зоҳид бор, унинг мартабаси мендан зиёдароқдир.
Иброҳим алайҳис салом ўша зоҳидни кўргани қасд қилди. Унга мушарраф бўлиб ўтирган эди, Зоҳид деди:
– Эй меҳмон, сенинг учун мунтазир бўлиб ўтирган эдим. Дарҳол қўлини очиб дуо қилди: “Илоҳим, караминг била менга мундоқ меҳмон ато қилдинг”.
Меҳтар Иброҳим деди:
– Бу сўзингнинг маъноси нима? Менга тушунтириб бер.
Зоҳид деди:
– Тўқсон кунда ифтор қилиб, оғиз очаман, деб назр қилган эдим. Назр бугун охирига етди.
Шундан сўнг шом намозини ўқиб ўтирган эди, бир тўда кийиклар елди. Бу зоҳид ориф1 (1Аллоҳдан хабардор, билимдон) эди, айтди:
– Эй кийиклар, меҳмон келибди, уни меҳмон қилайин. Шу онда тўдадан бир кийик ажралиб чиқди. Ориф деди:
– Эй кийик, бисмил2 (2сўймоқ) бўл.
Дарҳол бисмил бўлди ва ерга йиқилди. Ориф унга:
“Бирён3 (3Пишмоқ, қовурмоқ) бўл” деди. Оловсиз бирён бўлди.
Сўнг: “товоққа туш”, – деди. Осмондан бир қизил дастурхон ва дастурхон устида эса қизил ёқутдан бир товоқ пайдо бўлди. Бирён гўшт товоқларга тушди.
Ориф деди:
– Эй меҳмон, энди егил.
Едилар, шунда у дуойи такбир илди. Иброҳим алайҳис салом кўнглида деди: “Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг даргоҳига яқин кишилар бор экан”. Сўнг Орифга деди:
– Эй, бузруквор, Худойи таолонинг даргоҳида мени дуо билан ёд қилғил.
Ориф деди:
– Қирқ йилдирки, доимо Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг мулоқотини тилайман. Асло мустажоб1 (1қабул бўлиш) бўлмайди, ундай экан, сенга нима деб дуо қилгайман – Ориф давом этди: – Бир куни биёбонда кетаётган эдим, тасодифан бир неча қўйни кўриб қолдим. “Бу қўйлар кимники?” – деб сўрадим. “Бу қўйлар Иброҳим ҳалиллуллоҳнинг қўйлари”, – деб жавоб берилди. Иброҳим ҳалиллуллоҳнинг муборак номларини эшитиб, ўзимга дедим: “Субҳоналлоҳ қандай саодатманд бандаларки, мен кеча–кундуз ўша пайғамбарнинг жамолини кўрмагунимча бу дунёдан кетқизма, деб доимо Худойи таолодан тилар эдим”. Меҳтар Иброҳим бу сўзни эшитиб деди:
– Эй зоҳид, сенинг дуойинг мустажоб бўлди, мен ўша Иброҳим ҳалиллуллоҳман.
Зоҳид шодланиб кетди, ўрнидан сакраб туриб, Меҳтар Иброҳим билан кўришди ва деди:
– Эй пайғамбари Худо, карам қилиб, бир пас тур, токи мен икки ракаат шукр намозини ўқиб олай. У саждага бошини қўйиб:
– Илоҳим, ҳалил–ур–раҳмон (Иброҳим) жамолига етқиздинг, энди тўлиқ караминг билан дийдорингни насиб эт, – деди–ю, жонини Ҳақ субҳонаҳу ва таолога таслим қилди.
ҲИКОЯТ
Ривоят қилишларича, Абдуллоҳ Муборак Каъбага бормоқчи бўлди. Бағдодга етганда бир мурдор қуш2 (2Гўшти харом қуш) ни қўйнига солиб кетаётган аёлни кўрди. Абдуллоҳ Муборак ундан:
– Эй хотин, бу мурдорни нима қиласан? – деб сўради.
Хотин деди:
– Бир неча фарзандим бор, бугун уч кундурки, ҳеч нарса ейишмаган. Бу қушни сўйиб, гўштини уларга едираман. Чунки, бу ҳазрати пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассаллам сўзи бўйича мубоҳ1 (1 Рухсатли, қилса бўладиган иш) дир.
Абдуллоҳ Муборак бу сўзни эшитиб, кўп ғамгин бўлди. Ўзига: “Эй, Абдуллоҳ, агар Каъбани тавоф қилиш керак бўлса, мана шу заифани кўнглини шод қил”, – дея барча йўл озиғини ўша хотинга бериб юборди.
Байт:
Кўнгил олмоқ ҳажжи акбар2 (2 улуғ ҳаж, пайғамбар туғилган кунига тўғри келадиган ҳаж) ўлди,
Ки юз минг Каъбадин бу беҳтар3 (3 яхши, соз) ўлди.
Ҳожилар ҳажни тавоф қилиб қайтганларида Абдуллоҳ Муборак деди:
– Каъбани тавоф қилиб олмаганимга яраша, ҳожиларни тавоф қилайин.
У шундай деб ҳожиларнинг мулозаматига келди. Қараса, бир жамоа ҳожилар карвони келяпти, бориб уларни зиёрат қилди, Ҳожилар ундан:
– Эй Абдуллоҳ, биз сени Каъбада кўрдик. Бағдодга қачон келдик? – деб сўрашди.
Абдуллоҳ бу сўзни эшитиб, таажжуб қилди ва ўзича: “Худонинг ҳикмати шундай бўларкан–да”, – деб мулоҳаза билан уйига борди. Кечаси тушида унга дейишди:
– Эй Абдуллоҳ, нега ҳайрон бўласан, ҳожилар рост айтяптилар, лутфингни ўша аёлга кўрсатган эдинг, бир фариштани сенинг суратингда қилиб ҳажга юборилди. Бу ҳожиларнинг ҳажи ҳам сенинг лутфинг туфайли қабул бўлди.
Барча мўминларга маълум бўлсинки, хайру саховат сабабли кишининг мартабаси Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг даргоҳида шундай муаззам ва мукаррам бўлажакдир.
Ривоят қилишларича, бир мазлума мусулмон аёл яҳудийлар маҳалласида яшар эди. Бу аёлнинг бир неча норасида болалари бўлиб, камбағаллиги сабабли бир–икки кун егали таом тополмади. Ўғлонлари бир куни унинг олдига югуриб келишиб; “Она, нима келтирдинг?” – дейишди.
Аёл:
– Жигаргўшаларим, мен мусулмон, булар кофир, нима қилай булар ҳеч нарса бермади, – деди.
Ўғиллари йиғлашиб:
– Яна бир марта боргин, шоядки бу гал бирор нарса беришса, – дейишди.
Аёл ўғилларининг кўнгли учун бир яҳудийнинг уйига борди. Яҳудий, у аёл ўғирликка келибди, деб у билан сўзлашмади. Аёл паришон бўлиб, яҳудийнинг уйидан чиқиб, ўз уйига келди. Яҳудий ҳам аёлнинг орқасидан то уйгача кузатиб борди ва аёлнинг болалари югуриб чиқишганини ва ундан “Эй она, нима олиб келдингиз?” деганини эшитди.
Аёл деди:
– Эй фарзандларим, Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг даргоҳида сабр қилинглар, шунда сизларга қиёмат куни жаннат ичида хилма–хил таомлар беради.
Яҳудий бу сўзни эшитиб, уйига қайтиб келди ва хилма–хил таомларни олиб, уларга келтириб берди. Узр айтиб: “Мен буларни билмас эдим” деб ортига қайтди.
Аёл бошини саждага қўйиб деди:
– Илоҳим, бу яҳудий бизга таом берди, сен ўз лутфу караминг билан унга иймон ато қилгайсан.
Аёл ҳануз бошини саждадан кўтармаган эдики, овоз келди:
– Эй заифа, бошингни кўтар, дуойинг мустажоб бўлди.
Бошини дарҳол саждадан кўтарди. Ул яҳудийни кўрди, зуннорини ташлаб, содиқ ихлос билан мусулмон бўлди.
Байт:
Иноят қилди ул дам лутф Аллоҳ,
Саодатга мушарраф бўлди гумроҳ.
Яхудий мусулмон бўлиб уйига борди. Хотини кўриб:
– Эй ёри мувофиқ1 (1 мос, лойиқ эр), бугун юзингни ғоятда нуроний кўрмоқдаман.
Яҳудий деди:
Эй хотин, мен иймон халқига мушарроф бўлдим.
Хотин деди:
– Менга ҳам иймон арза қил.
У ҳам иймон келтириб, мусулмон бўлди. Демак, мўъмин банда шундай бўлиши керакки, ҳамиша саховатли бўлсин.
Аллоҳ иноят ва тавфиқ бериб, мен шикаста дуогўйни ва барча мўъминларни саховатпеша қилиб, тинчлик давлатидан маҳрум қилмағай.
Учинчи боб
МЕҲТАР ШУАЙБ АЛАЙҲИС САЛОМНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ ҲАҚИДА
Ривоят қилишларича, меҳтар Шуайб алайҳис салом Худойи таолонинг қўрқинчидан шундай йиғлар эканки, охири кўз кўр бўлиб қолди. Ҳазрати Воҳиб ул–атоё (Аллоҳ) дан фармон бўлди:
– Эй Шуайб, нега йиғларсан?
Ҳазрати Шуайб деди:
– Худовандо, дўзахнинг олови мени йиғлатмоқда.
Худойи таолодан фармон бўлди:
– Эй Шуайб, барча пайғамбарларга дўзах ўтини бекор қилдим. Кўзингни равшан қилиб, ўзингга лутфимни ато қилурман.
Меҳтар Жаброил унинг кўзига қанотини суртди, кўзлари очилди. Неча вақтдан кейин яна йиғлай бошлади. Шунчалар йиғладики, яна икки кўзи кўр бўлди. Жаброил алайҳис салом ундан:
– Эй Шуайб, энди нечун йиғларсан? – деб сўради. Ҳазрат Шуайб жавоб берди:
– Эй Жаброил, энди Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг жамоли орзусида йиғларман, шоядки, унинг боқий дийдорини кўрсам. Фармон бўлди:
– Эй Шуайб, ҳар доим йиғлагилки, кўз ёшининг мукофоти дийдордир.
Байт:
Жамоли шавқидин гар йиғласанг зор,
Жазо1 (1 мукофот) бергай санга Аллоҳ дийдор.
ҲИКОЯТ
Келтирилишларича, ҳазрати пайғамбар замонида бир соҳоба бор эди. Икки кўзи кўр эди. Бир куни ҳазрати пайғамбар қошиға келди ва деди:
– Ё расулуллоҳ, масжидга бориб, жамоат намозинининг савобини олай десам, қўлимдан тутиб, етаклаб юрувчи киши йўқ.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалам унинг уйидан то масжидгача таноб тортиб қўйишни тайинлади. Таноб тортдилар. Шу тариқа намозни масжидда ўқий бошладилар.
Аммо бир неча мунофиқлар: “Бу кўр бўлса ҳам Муҳаммаднинг суҳбатидан қолмайди” дер эдилар. Бир куни пичоқ келтириб, танобга боғлаб қўйдилар. Саҳоба танобни ушлаб, намозга кетаётганида пичоқ қўлини кесиб, манглайига тегиб қонатди. Ҳазрати Расулуллоҳнинг олдиларига келди. Расул алайҳис салом дедилар:
– Сенга нима бўлди?
Кўр деди:
– Ё Расуллуллоҳ, душманлар сенинг суҳбатингни менга раво кўрмаяптилар, бу соадатдан мени маҳрум қилмоқчилар.
Пайғамбар алайҳис салом бу сўзни эшитиб, маҳзун бўлдилар. Шунда Жаброил алайҳис салом келиб деди:
– Эй, Муҳаммад, фармон бўлдики, бу киши онасининг қорнида ҳам кўр, дунёда ҳам кўр, гўр ичида ҳам кўр, қиёмат куни ҳам кўр, гўрдан чиққанда ҳам кўр, сирот кўпригидан ўтганда ҳам кўр бўлади. Аммо жаннатга етгач, ўз карамим билан кўзини равшан қилиб жамолимга мушарраф қилурман. Энди кўрдан сўра, қайси бирини ихтиёр қилади? Агар бу дунёда кўзининг очилишини хоҳласа, охиратда менинг дийдоримга барча мўъминдан кейин мушарраф бўлади.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассаллам бу хабарни кўрга етқизди. Кўр деди:
– Ё Расуллаллоҳ, менинг юз минг бундай кўзим ўша ваъданинг фидоси бўлсин.
Байт:
Зиҳи ҳар бандаки истар жамолин,
Иноят бирла лутф этса висолин.
– Қиёмат куни ул абадий саодат ва боқий давлатга мушарраф бўлғайман....
Тўртинчи боб
МЕҲТАР МУСО АЛАЙҲИС САЛОМНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ БАЁНИДА
Келтиришларича, бир куни Меҳтар Мусо алайҳис салом Тур тоғининг тепасига чиқди. Саттор–ул–уйуб1 (1 айбларни яширувчи) (Аллоҳ) дан фармон бўлди:
– Эй Мусо, бизга ҳамду сано айтгил.
Мусо алайҳис салом Худойи таолони ўша ондаёқ тўрт юз ном билан ёд қилди. Хаёлидан “Қандай ажойиб саодату давлатки, Худойи таолони тўрт юз ном билан ёд қилдим”, –деган фикр ўтди. Фармон бўлди:
– Эй Мусо, Тур тоғининг этагига туш, сенинг хаёлингдан ўтган фикрни биз илми қадим билан билдик.
Меҳтар Мусо алайҳис салом Тур тоғидан тушди. Саҳро каби бир ғорни кўрдики, унда дарахтлар ўсиб ётарди. Мусо алайҳис салом деди:
– Бу дарахтнинг тагида бир оз ёнбошлаб олай.
Ногоҳ дарахт устида ўтирган бир жониворни кўрди. У Аллоҳу таолога ҳамду сано айтарди. Меҳтар Мусо алайҳис салом жониворнинг ҳамду саносига қулоқ солди. У Худойи таолони минг исм билан ёд қилди. Мусо алайҳис салом буни кўриб ҳайронликда қолди. Шунда Худойи таолодан нидо келди:
– Эй Мусо, сен мени тўрт юз ном билан ёд қилдинг. Кўнглида эса: “Мен қандай ажойиб бандаманки, Худойи таолони тўрт юз ном билан ёд қилдим, мендек ёд қилувчи бирор кимса бормикин?” – дединг. Эй Мусо, бу жониворни қараки, ҳар соатда мени тўрт минг ном билан ёд қилади.
Мусо алайҳис салом мурожаат қилиб деди:
Илоҳим, бу жониворни менга сўзлатгил, то мен у билан суҳбатлашай.
Фармон бўлди:
– Эй Мусо, мен бу жониворни яратганимдан буён менинг отимдан ўзга сўзни тилга олмаган, майли, сенинг дуойингни мустажоб қилдим.
Мусо алайҳис салом:
– Эй жонивор, сўзлагил, – деди.
Жонивор.
– Ассаломму алайкум, ё Расуллуллоҳ. Тўрт юз йилдирки, бу дарахтнинг шохида ўтирибман, менинг таомим Худойи таолонинг зикридир.
Мусо алайҳис салом деди:
– Тўрт юз йилдан бери бу дарахтни устида ўтирган бўлсанг, ҳеч нарса емадингми?
Жонивор деди:
– Эй Мусо, ўттиз йилдирки, кўнглимда тумшуғимни сувга ётқизсам деган бир орзу бор.
Мусо алайҳис алом деди:
– Бу дарахтнинг тубида катта булоқ бор, нега ундан ичмадинг?
Жонивор Мусо алайҳис саломдан сувнинг отини эшитиб деди:
– Ул Худонинг буюклик ва улуғлик ҳаққи ҳурмати сабабидан тўрт юз йил бўлибдики, унинг зикрига ғарқ бўлганимдан кўнглимга бу хаёл келган эмас. Борди–ю , сувдан ичишга тушсам, Азроил келиб жонимни олса, Худойи таолонинг зикридан ғофил қоламан, деб қўрқаман.
Мусо алайҳис салом бу сўзни эшитиб, Худойи таолонинг сепоси1 (1 мақтов, ҳамд)га машғул бўлди…
Ал–қисса, Мусо алайҳис салом меърож шарафига муяссар бўлгач, Аллоҳ каломи қулоғига етиб, ажойиб сўзларни эшитиб, ғаройиб нарсаларни кўриб, орқасига қайтди.
Унга:
– Фиръавн лаъинни иймонга даъват эт, – деди.
Мусо алайҳис салом илоҳий фармон билан Фиръавн лаъиннинг олдига бориб деди:
– Эй Фиръавн, токайгача Худойи таолодан бегона бўлиб, куфр гумроҳлигига мубтало ҳолда юрасан?
Бир марта бўлса–да, ибрат кўзини очиб, назар қилгилки, шундай баланд осмонни устунсиз тутиб турибди, юлдузлар билан зийнат берибди. Эй Фиръавн, иймон келтир. Сен Худойи таолонинг неъматини ейсан, нечун кўнглингни қорайтириб, зулму туғён қиласан.
Фиръавн деди:
– Эй Мусо, охират Худойингни мулки бўлса, бу дунё менинг мулкимдир. Бу дунёда нима иш қилиб, нима ҳукм қилсам, ўша бўлади.
Мусо деди:
Эй Фиръавн, сен ожизу бечорасан, ўз қудратинг билан нима қила оласан?
Фиръавн:
– Нил дарёси менинг қудратим билан қуриб, яна оқади. Бундан менинг қодирлигим сенга маълум бўлсин, – деди.
Мусо алайҳис салом деди:
– Эй Фиръавн, сенинг сўзларинг ва ишларингдан таажжуб қиламан, Худойи таолонинг ишлари бунга асло ўхшамас. Менинг подшоҳ Худойим шундай шоҳдирки, осмонлар билан Ерни пайдо қилди, Ой ва Кун ҳамда кеча–кундузни яратди. Ўн саккиз минг оламни мавжуд қилди. Сен Нил дарёсини қандай равон қиласан?
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?