Текст книги "ДУРР УЛ–МАЖОЛИС"
Автор книги: Сайф уз–Зафар Навбаҳорий
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 7 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]
Фиръавн деди:
– Эй Мусо, бугун қайт, эртага барча халойиққа нидо қиламан, менинг худолигимни ўшанда тамошо қиласан.
Мусо алайҳис салом бу ярамас сўзларни эшитиб, орқасига қайтди ва ҳужраларига келди. Шундан сўнг Фиръавн юзини қиблага қаратиб, оёғига занжир солиб, бошини қуйи солиб, зору тазарру билан муножот қилди: “Илоҳим, менинг кўп айбим бор, беайб даргоҳингга юзимни қўйибман”. У ўз айбларини Худо даргоҳида бир–бир айтаверди: “Ул боқий мулкни бу фоний жаҳонга алишибман, Мусо билан жам бўлиб келган халқим олдида эртага шарманда қилмагил, фармоним билан Нил дарёсини равон айлагил”, – деб йиғлади.
Олим ул–ғайб1 (1ҳар қандай яширин нарсаларни билувчи) (Аллоҳ)дан фармон келди:
– Фиръавн, Нил дарёсини сенинг фармонингга бўйсундирдим.
Фиръавн бу хабарни эшитиб шодмон бўлди. Қасридан чиқиб нидо қилди:
– Миср халқи йиғилсин, менинг маъбудлигимни2 (2 Худо, ибодат қилинадиган нарса) кўрсин.
Бу кофирнинг олдида Мусо ва жами халойиқ ҳозир бўлди, Фиръавн деди:
– Эй, Мусо, менинг қудратимни тамошо қил. У Нил дарёсига қараб: “Дарё равон бўл”, – деди. Шу онда Нил равон бўлди. Фиръавн қайси томонга ишора қилса, дарё ўша томонга оқарди. Бу ҳолни Мусо ва барча халойиқ кўрди. Унинг қавмидан бўлган халқнинг баъзилари “Агар Фиръавн Худо бўлмаса, Нил унинг ҳукми билан юрмаган бўларди”, – дейишди.
Байт:
Инояти илоҳни кўрингиз,
Алтофи3 (3Лутфлар, карамлар. Бу ерда “Ҳадя” маносида келяпти) шоҳни кўрингиз…
Мусо алайҳис салом бу ишни кўриб, муножот қилиб деди:
– Илоҳим, иймонга даъват қил, деб буюрдинг, бу ишнинг сабаби недур?
Ўша онда Меҳтар Жаброил тушди ва деди:
– Эй Мусо, Худойингни зоти покида бахиллик йўқ, дўсту душман ҳар на тиласа рад этмас. Фиръавн бўйнига занжир солиб тиладики, истагини рад қилмади, Нил дарёсини унинг ҳукми билан равон қилди. Эй Мусо, сенинг дуойинг билан Фиръавн Нил дарёсида ҳалок бўлғусидир.
Ал–қисса, айтганидек, уни Нилда ҳалок этди.
Ривоят қилишларича, бир куни Мусо алайҳис салом биёбонда юрар экан, ногоҳ Малак–ул–мавт1 (1Ўлим фариштаси, Азроининг лақаби) (Азроил) пайдо бўлиб унга деди:
– Мусо, жонингни олиш учун менга фармон бўлди.
Мусо деди:
– Эй, Азроил, Худойи таоло мени дўстим деган, дўст ўз дўстини жонсиз қилмас.
Меҳтар Азроил бу ҳақда Худойи таоло даргоҳига арз қилди ва яна қайтиб келиб деди;
– Эй Мусо, Рабб–ул–иззат2 (2иззат–икром парвардигори) (Аллоҳдан); “Ҳеч дўст ўз дўстидан жонини аямас, дўст дўстсиз орому қарор топмас”, – деган фармон келди.
Байт:
Кўринг парвонани ўтдин тиярму,
Киши жононадин жонни аярму?
Меҳтар Мусо алайҳис салом сўради:
– Эй Азроил, жонимни қайси еримдан оласан?
Азроил деди:
– Оғзингдан олурман.
Ҳазрати Мусо:
– Бу оғзим билан Тур тоғида роз айтишганман, – деди.
– Унда кўзингдан олурман, – деди Азроил.
– Бу кўзим билан тажаллий нурини кўрганман, деди Мусо.
– Унда қулоғингдан олурман, – деди Азроил.
Мусо эса:
– Қулоғим билан Тур тоғида роз эшитганман, – деди.
– Унда ўнг қўлингдан олурман, – деди Азроил.
– Ҳазрати Мусо:
– Ўнг қўлим билан Таврот китобини олганман.
– Унда оёғингдан олурман, – деди Азроил.
– Оёқларим билан Тур тоғига чиққанман, – деди Мусор.
Малак ул–мавт қайси аъзони айтса, Мусо юқоридаги сингари жавобларни бераверди. Азроил:
– Бориб, Аллоҳу Таолога арз қиламан, – деди.
– Эй Азроил, жон бермак ғоят оғир, – деб ижозат олди–ю, уйига келди. Онаси Ҳазрати Мусони бу ҳолда кўриб:
– Эй кўзимнинг нури, жигаримнинг парчаси, не сабабдан сарғайибсан? – деб сўради.
Мусо деди:
– Эй Каъбаи мақсудим, алвидо, менга охират сафари яқин қолди.
Бу сўзни эшитиб онаси паришон бўлди. Ҳазрати Мусонинг хотини ҳазрати Шуайбнинг қизи бўлиб, исми Сора эди. Мусодан сўради:
– Нега бунчалик ҳасрат, андуҳдасан?
Мусонинг онаси:
– Мусога охират сафари яқин қолибди! – деди.
Мусо алайҳис саломнинг авлодларининг ҳаммаси: “Шундай азизу ширин пайғамбар дорул–фанодан1 (1 ўткинчи олам, яъни бу дунё) дорул бақога2 (2 боқий, абадий олам, у дунё) рихлат қилар экан” деб доду фарёд қилдилар.
Ҳазрати Мусо алайҳис салом фарзандлари учун ғамгин бўлиб кўнгли хиралашди. Шунда фармон етди:
– Эй Мусо, ҳассани тошга ургил.
Ҳазрати Мусо ҳассасини тошга урди, тош иккига бўлиниб, ичидан оғзидан кўкат тишлаб, Аллоҳга ҳамду сано айтиб турган қурт чиқди. Рабб–ул–иззат (Аллоҳ)дан фармон бўлди:
– Эй Мусо, тош ичидаги бу қуртга ризқ етказибманки, қандай қилиб фарзандларингни бебаҳра қолдирурман?
Биби Сора бу ваҳийни эшитиб шод бўлди. Шундай қилиб, Мусо алайҳис салом аҳли оиласи билан хўшлашиб, Азроил билан учрашган жойига борди. Қараса, икки киши гўр қазиб турибди. Мусо алайҳис салом:
– Бу гўрни кимга қазияпсизлар? – деб сўради.
Улар:
– Кимки Аллоҳу таолонинг дўсти бўлса, ўша одамга! – дедилар.
Мусо алайҳис салом бу сўзни эшитиб:
– Бу гўрга кирган одамга шодликлар бўлсин! – деди.
Шу онда Жаброил алайҳис саломга
“Мусога бир олма элтиб бер!” – деган фармон бўлди. Мусога олма бердилар. Мусо олмани ҳидлаган эдики, Азроил унинг жонини олди. Ўша икки гўрковдан бири Жаброил, Мекоил эди.
Илоҳим, барча пайғамбарлар ҳаққи ҳурмати, мен шикастани, барча мўминларни қиёмат куни лутфу караминг бирла дўзах азобидан асраб, беҳишти анбар сиришт1 (1 анбар ҳиди келиб турадиган жаннат) дан насиб этгайсан. Ё илоҳ ал–оламин, ё хайр ан–носирин!2 (2 Эй оламларнинг худоси, эй ёрдам қилувчиларнинг энг яхшиси”).
Бешинчи боб
ҲАЗРАТИ СУЛАЙМОННИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ БАЁНИДА
Ривоят қилишларича, Меҳтар Сулаймон тахтини шамол учириб юрарди. Бир гуруҳ қизлар ўйнаб юриб, унинг тахтини кўрдилар ва бу кимнинг тахти деб сўрадилар.
– Сулаймоннинг тахти! – дейишди уларга. Қизларнинг орасида балиқчининг қизи бор эди. У дугоналарига:
– Мени Сулаймон олса қандай соз бўлар эди! – деб қолди.
Дугоналари унга:
– Ўзингга ярашадиган гапни гапир! – дейишди ва уни шундай маломат қилишдики, қиз айтган гапига пушаймонлар еди. Бироздан сўнг бошини кўтариб: – Мунча маломат қилмасаларингиз, мени унга бераман деса, Худо қодирдир! – деди.
Меҳтар Сулаймон тахти билан бир шаҳарга етди. Қараса, бир қария ўтин кўтариб боряпти. Меҳтар Сулаймон ундан:
– Эй қария, отинг нима? – деб сўради.
– Сулаймон! – деди у.
Ҳазрати Сулаймон ўзича: “Субҳоналлоҳ, бир Сулаймон мен эдим, ер юзи халқи менинг фармоним остидадирлар деб билардим, ўтин ташиб, тирикчилик қиладиган бу Сулаймон ким бўлди экан?” – деб ўйлади. Сўнг бошидаги тожидан бир қимматбаҳо лаълни олиб, унга берди. Қария ўтинини ташлаб, туҳфани олди, хурсанд бўлиб, лаълга тикилганича:
– Қандай қодир Худодирки, бир парча тошга сув бериб, баҳосини орттирибди! – деди.
Ногоҳ осмондан бир қуш келиб, чолнинг қўлидан лаълни тортиб олдию учиб кетди. Қария ҳайронликда қолди, хомуш тортди:
– Лаъл қўлимдан кетди, болаларимнинг насибаси қирқилди, – деди. Сўнг ўтинни қолдирган жойга борди, қараса, уни ҳам олиб кетишибди. Ўша куни уйига борибди. Тонг отганда яна ўтин йиға бошлабди. Тасодифан Сулаймон яна ўша ердан ўтиб қолди ва ўтинчи қарияни кўрди. У қарияни ҳузурига чорлаб:
– Эй қария, кеча мен сенга бир лаъл берган эдим, у бир юрт хирожга тенг бўлиб, фарзандларингдан фарзандларингга етар эди! – деди.
Қария:
– Эй пайғамбар, бир жонивор лаълни қўлимдан олиб, ҳавога учиб кетди. Мен фарзандларимдан уялиб, уйга ҳам бормадим, ўтинимни олгани келсам, уни ҳам олиб кетишибди! – деди.
Меҳтар Сулаймон бу сўзни эшитиб, раҳми келди. Унга яна битта лаъл берди. Қария лаълни олиб, уйига равона бўлди. Йўлда кетаётиб, бир ариқдан сакраган эди, оёғи тойиб, ариққа йиқилиб тушди, чиқишга уринган эди, лаъл қўлидан тушиб кетди. Не машаққатлар билан ариқдан чиқиб, ўйга толди ва ўзича: “Бу лаъл ҳам қўлимдан кетди, энди бориб ўтинимни олай”, дея изига қайтди. Қараса ўтин жойида йўқ. Қария: “Бунчалар расво бўлмасам!” деб чуқур ғамга ботди ва ўтин йиғишга киришди.
Меҳтар Сулаймон уни кўриб:
– Яна нима гап? – деди.
Қария деди:
– Сувга йиқилиб тушдим, бу лаъл ҳам қўлимдан кетди, жоним чиқар ҳолатда қирғоққа чиқиб олдим. Бугун уч кундирки, шармандаликдан фарзандларимнинг олдига боролмайман, билмадим, уларнинг ҳоли не кечди! – деди.
Меҳтар Сулаймон шафқат қилиб, яна битта бебаҳо лаъл берди. Қария йўқотиб қўйишдан қўрқиб, лаълни салласига ўради ва йўлга тушди. Бироз юргач, қаршисидан бир отлиқ пайдо бўлди, саллага чанг солиб олиб қочди. Қария зор–зор йиғлаб, яна Сулаймоннинг олдига борди ва деди:
– Эй пайғамбари Худо, бу лаълни ҳам қароқчи уриб кетди, ўзинг восита бўлиб, мени камбағалликдан қутқар!
Ҳазрати Сулаймон деди:
– Эй қария, мен нима қилай, Худойи таоло юқтирмаганини мен қандай қилиб берай! – деди.
Қария уялиб уйига келди.
Ҳазрати Сулаймон эса турган еридан кўчиб кетди. Яна янги манзилга бориб тушди. Ғуслга эҳтиёж тушди. Сулаймон алайҳис салом узугини тахтининг қирғоғига қўйди. Бундан бир неча дев хабардор эди, узукни олиб, дарёга ташлади. Сулаймон пайғамбарнинг ходиму чўрилари кетган эди, ёлғиз қолиб, ғамга чўмди. Бир неча кундан сўнг бир балиқчига ҳаммоллик қилди. Уйимга олиб бор деб, балиқчи унга бир неча балиқ берди. Ҳазрати Сулаймон балиқларни кўтариб, унинг уйига келтирди. Балиқчи хотинига:
– Эй хотин, бу йигит хушхулқ ва диёнатли кишидир, анчадан буён мен билан ҳамроҳ, ундан ҳеч қандай хиёнатли иш содир бўлмади, қизимни унга берсам! – деди.
Қизни Сулаймонга никоҳлаб бердилар. Қизлар “ўзингга қараб гапир!” деб таъна қилганлари шу қиз эди. Қизнинг отаси Сулаймонга иккита балиқ берди. Сулаймон балиқларни хотинига бериб: “Ичини тозала!” – деди. Хотини балиқнинг ичини ёрди. Қараса, балиқлардан бирининг ичида узук бор экан. Узукни олиб ҳайрон бўлиб қолди. Нима қилишини билмай, охири уни Сулаймонга берди. Сулаймон бармоғига солган эди, девлар, парилар, ҳайвонлар, қушларнинг барчаси унинг хизматига ҳозир бўлдилар. Тожу тахт ва подшолик анжомлари муҳайё бўлди. Шаҳар ҳалқи буни кўриб, таажжубга тушди.
Қиз ундан:
– Бу давлатни қаердан олдинг ва унга қандай мушарраф бўлдинг? – деди.
У деди:
– Мен Сулаймонман. Худойи таоло барча халқни шу узук туфайли менга бўйсундириб берган эди, девлар ўғирлаб, дарёга ташлаб юборган эдилар. Худойи таоло уни менга яна қайтарди!
Хотин деди:
– Эй пайғамбари Худо, бир куни сен ҳашамат ва салтанат билан борар эдинг, бу кимнинг тахти деб сўрадим. “Сулаймоннинг тахти” дейишди. Шунда мен: “Парвардигорим, бу иш жуда душвордир”, аммо сенга осондир, мени шу тахт эгасига жуфти ҳалол қилсанг ва пайғамбарнинг никоҳида хизмат қилсам, на бўлгай!” деган эдим. Ҳамроҳларим менга таъна қилган эдилар, айтганимга пушаймон бўлиб, шарманда бўлган эдим. Парвардигорга юз минг шукрлар бўлсинки, мени сендек пайғамбарга мушарраф қилди.
Сўнг ўша қизларни чақириб, уларга деди:
– Мана кўринг, Худой таолодан тилаган нарсамга ўз лутфу карами билан муяссар қилди, мақсадимга етдим, демак, ҳар ким пок эътиқоди билан Худойи таолодин тиласа, берар экан!
Сулаймон алайҳис салом кекса ўтинкаш шаҳридан ўтаётиб, бўлган воқеалар эсига тушди. Кекса ўтинчини келтиринг, деб буюрди. Одамлар унинг олдига бориб: “Пайғамбар сени чорламоқда!” – дейишди.
Қария: “Қуллуқдан сўнг Сулаймонга айтингларки, мен пиёда боролмайман!” – деди.
Сулаймонга бу сўзни етказганларида у ажабланиб, бир отни юборди. Кекса ўтинкаш отда келди. Сулаймон алайҳис салом қараса, кекса ўтинкаш ажойиб хилъатлар кийиб, салтанат билан кириб келяпти. Ҳазрати Сулаймон ундан:
– Бу ашёларни қайдан олдинг? – деб сўради.
Қария деди:
– Эй пайғамбари Худо, сен олдимдан кетганингдан кейин Худойи таолога нола–ю зор қилдим. Дедимки, Худоё парвардигор, барча ишда Сен ўзинг доно ва бийносан, Сенинг пайғамбаринг мени камбағаллик балосидан қутқара олмади, бу балодан халос бўлмадим, ўзинг бермагунингча бу балодан қутула олмайман, деб ўтин теришга чиқдим. Бир дарахтда қушнинг ини бор экан, қарасам не кўз билан кўрайки, сен берган ўша уч лаъл ўша инда турган экан. Олдиму Худога бениҳоя шукрлар қилдим!
Демак, ҳар бир мўъмин ҳар вақт, ҳар бир ишда Аллоҳнинг ўзидан ўзга нарсага кўнгил боғламаслиги керак, шунда Аллоҳ таоло унга дунё ва охират ишини муҳайё қилади, иншоаллоҳ таоло, Рабб–ул–оламин.
Илоҳим, пок ҳазратингдан, пок қулларингни ҳаққи ҳурматидан бу заиф шикаста бечора билан барча мўъминларнинг дунё ва охиратини камоли қудратинг билан маъмур қилиб, беҳишти анбар сириштин насиб этгайсан, ё илоҳ–ал–оламин, ё хайр–ан–носирин.
Олтинчи боб
МЕҲТАР ИСО АЛАЙҲИС САЛОМНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ БАЁНИДА
Ривоят қилишларича, Исо алайҳис саломнинг мўъжизаси шу эдики, тўрт юз йилги ўликни дуо қилиб, Худойи таолонинг фармони билан тирилтирар эди. Шундан сўнг ул банда сўрар эдики: “Эй, Исо, менга дуо қил, бу дунёда тирик юргунча ўлайин, ажал шарбатини бир марта ичибманки, унинг аччиғи, ҳануз кетгани йўқ, гўр азобига эса менда тоқат йўқ!” Исо алайҳис салом дуо қилар, тирилган ўлик яна ўлар эди. Кофирлар буни кўриб, ҳазрати Исонинг сеҳргар дер эдилар. Баъзилари эса Худонинг ўғли дер эдилар.
Бу сўзларни эшитган Исо шаҳардан чиқиб, биёбонларни ихтиёр қилар эди. Бир куни у биёбондан ўтаётганида етти кечаю кундуз ёмғир ёғди. Ҳазрати Исо алайҳис салом пана жой тополмай, бир қуён ковагига кириб ётди ва нидо қилди: “Эй Худоё, бир қуёнга паноҳ бердинг, Марям ўғлига паноҳ бермассан!”. Яна деди: “шукр ва сабр ул Худогаким, нима юз берса, унинг қудратидан юз беради. Бундай неъматни ҳеч кимга бермайди, фақат дўстларига ато қилади.” Шу онда Жаброил алайҳис салом тушди ва деди:
– Эй Исо, шундай фармон бўлдики, қиёмат куни саксон минг соҳибжамол хурни бергайман, ул ҳурлар тирноғининг равшанлиги икки дунёга етгай, улар билан айшу фароғатлар қилгайсан, у сурурлар бу дунё маишатидан юз чандон яхшироқ бўлгай ва барчалари сенинг хизматингда бўлурлар, боиси шуки, бу дунё машаққатларига тоқат қилдинг, бир неча кун кўнглингни хуш тутгил. Охират азоби абадий мавжуддир, ундан асло халос бўлмагайлар.
Шундан сўнг, Исо алайис салом бир гўристондан ўтиб кетаётган эдилар, қараса бир киши бир гўрнинг қошида йиғлаб ўтирибди. Исо алайҳис салом ундан:
– Бу кимнинг гўри, нега йиғлаб ўтирибсан? – деб сўради.
У киши:
– Эй Исо руҳуллоҳ1 (1 Аллоҳ руҳи, Исо пайғамбарнинг лақаби) бу хотинимнинг гўри, у билан аҳд қилиб, агар сен мендан аввал ўлсанг, то ўлгунимча қабринг устида ўтираман, деган эдим! – деди.
Ҳазрати Исо бу сўзни эшитиб, раҳми келди ва унга:
– Эй йигит, агар хотининг аввалгидек тирик бўлса, унга нима берар эдинг? – деди.
Йигит:
– Қолган умримнинг ярмини берар эдим! – деди.
Исо алайҳис салом дуо қилди. Гўр иккига ажралиб, ичидан хотин тирилиб чиқди. Йигитни шодлик қоплади. Исо алайҳис салом бу ердан жўнади. Эру хотин эса қолдилар. Тасодифан шу ердан подшозода ўтиб қолди ва хотини олдида ухлаб ётган бир кишини кўрди. Шунда подшозода:
– Ётган киши ким? – деб хотиндан сўради.
Хотин:
– Мени бу киши ўғирлаб келган! – деди.
Подшозода унга:
– Эй раъно, мен сенга ошиқ бўлдим, агар рози бўлсанг, сени шаҳарга олиб борай! – деди.
Хотин унга:
– Аввал буни ўлдир, сўнг мени олиб кет, бу ёмон ва айёр кишидир! – деди.
Подшозода:
– Мендан оломайди! – деб уни олиб кетаверди.
Баногоҳ ҳалиги киши уйғониб, хотинининг кетаётганини кўрди. Оҳ уриб югурди ва бир баландликка чиқиб қараса, бир неча отлиқ кетиб боряпти. Уларга яқинлашиб: “Тўхтатинглар! – деди. Улар тўхтаганда ҳалиги киши: “Менинг хотинимни қаёққа олиб кетяпсизлар? Худойи таолодан қўрқмайсизларми?" деди.
Хотин:
– Мен сизларга бу айёр ва таррор1 (ўғри, юлгич) деб айтмаганмидим? Сизлар эса ишонмадингизлар, – деди уларга.
Подшозода:
– Отнинг қуйруғига боғлаб, шаҳарга элтинглар! – деб буюрди. Ўзи келиб, воқеани подшога тушунтирди. Подшо:
– Эр билан хотинни келтиринглар! –деди.
Дарҳол олиб келдилар, подшо эркакдан:
– Бу хотин сенга ким бўлади! – деди киши.
Хотин эса:
– Бу киши мени ўғирлаб қочган! – деди.
Подшо:
– Сен хотиним дейсан, хотин сени ўғри дейди! – деб таажжубда қолди.
Ҳалиги киши:
– Эй подшо, мени танийдиган гувоҳларим бор! – деди.
Подшо:
– Гувоҳинг ким? – деб сўради.
– Ҳазрати Исо пайғамбар! –деди у.
Подшо:
– Бўлмаса уни олиб кел! – деб буюрди. Киши йўлга тушди.
Шунда хотин:
– Эй подшоҳ, бундай айёру таррор жаҳонда бўлмас, сизлар унинг сўзига ишониб, рост хаёл қилдингиз, у қайтиб келмайди, ҳийла найранглар билан ўзини озод қилди! – деди.
Подшо дарҳол бир неча кишини унинг орқасидан юборди. Бу фақир киши пора йўл юргач, кўнглига: “Исо пайғамбар кўпинча биёбонда юрар эди, уни қандай топаман?” деган хаёл келди. Бир ерда ётиб, уйқуга кетди ва туш кўрди. Тушида Исо алайҳис салом : “Эй фақир, кўп ғамгин бўлма, тонгда келаман”, – деди. У ҳали уйқуда экан, подшоҳ юборган одамлар етиб келишди ва унга “ Яхшиям уйқуда экансан, Исо алайҳис салом қани? Тур ўрнингдан, олдимизга туш, подшоҳ сени чақирмоқда!” дейишди.
Бечора подшонинг олдига борди. Подшо ундан:
– Исо қани? – деб сўради.
Дарвиш:
– Мен сизнинг олдингизга кетаётиб, кўп фикр қилдим, музтар бўлиб, Исо алайҳис саломни қаердан топаман деб, ётиб ухлаб қолибман. Туш кўрдим, тушимда Исо алайҳис салом хабар бердилар: “Тур қайтиб бор, эртага у ерда ҳозир бўламан”, – дедилар. Ҳали уйқудан уйғонмаган эдимки, ногоҳ булар келиб, тутиб олдилар! – деди.
Подшо вазирга боқди, вазир:
– Бир кеча сабр қилмоқ керак! – деди.
Бу фақирга бир кеча муҳлат бердилар. Агар унинг сўзи ёлғон бўлса, хоҳлаган жазоларини бермоқчи бўлдилар.
Эртасига биёбонда бир нур пайдо бўлди. Қарасалар, Исо алайҳис салом тўлин ойдек тулуъ1 (1чиқмоқ, мас: Ой ва Қуёш чиқиши) қилиб келаяптилар. Подшо тахтидан тушиб, истиқболига пешвоз чиқди ва иззату икром бажо келтирди. Подшо деди:
– Эй пайғамбари Худо, подшозода овга бориб, бир эр–хотинни ўзи билан олиб келди. Сўрасам, эр бу менинг хотиним дейди, хотин эса бу эркак мени ўғирлади, дейди. Бу киши сизни гувоҳ қилмоқчи. Бу воқеани тушунтириб берсангиз!
Меҳтар Исо алайҳис салом:
– Ҳар икковини ҳозир қилинг! – деди.
Ҳозир қилдилар. Исо алайҳис салом:
– Эй хотин, воқеани баён қил! – деди ва қиблага қараб ўтиришни буюрди. Хотин қиблага қараб ўтирди. Исо алайҳис салом давом этди:
– Эрингни умрини қайтариб бердингми?
Хотин:
– Бердим! – деди ва бу сўзни айтиб улгурмасдан бир тўда тупроққа айланди.
Шунда подшо:
– Эй пайғамбари Худо, бу сўзлар сизга маълум, бизга эса номаълум! – деди.
Ҳазрати Исо алайҳис салом воқеани тушунтириб бердилар.
Ривоят қилишларича, бир куни Исо алайҳис салом бир биёбондан ўтиб борар эди. Қараса, икки эру хотин ўтирибди. Исо алайҳис салом:
– Сизлар ким бўласизлар? – деб сўради.
Улар:
– Эру хотинмиз, бу ўғлимиз бўлади. Эй руҳулуллоҳ, жуда ҳам камбағалмиз, ноиложлик сабабидан бозорга бора олмаймиз. Бу учовимизнинг орамизда фақат чопон бор, навбат билан кийиб, шаҳарга борамиз. Эй руҳулуллоҳ, Худо сизни бизнинг олдимизга юборибди, бизнинг тилагимизни Худойи таолодан тилаб беринг, токи уччовимиз очлик балосидан нажот топайлик! – дейишди.
Исо алайҳис салом муножат қилиб деди:
– Эй бор Худоё, бу бандаларингни очлик балосидан қутқар!
Фармон бўлди:
– Эй Исо, азалда бу уч кишига тақдир қалами шуни ёзган.
Исо қайтиб келиб, бу хабарни уларга айтган эди, улар:
– Қалам унинг қўлидами ёки қўли қаламдами? – дейишди.
Исо алайҳис салом бу сўзни бениёз даргоҳга арз этди. Парвардигори оламдан ҳукм бўлди:
– Субҳи содиқ1 (1Ҳақиқий тонг, бу субҳи козиб, яъни ёлғон тонгнинг акси) да нима тиласалар қабул этаман!
Ҳазрати Исо алайҳс салом шод бўлдилар. Шунда хотин эрига деди:
– Биз нима тиласак, Худойи таоло берадиган бўлди, сен нима тилайсан?
Эри деди:
– Менинг тилагим сенинг висолингдир!
Эри хотинидан:
– Сен нима тилайсан? – деб сўради.
Хотин деди:
– Ёшликни тилайман. Менга шундай ҳусну жамол берсаки, бу ҳусну жамол мендан бошқа ҳеч кимда бўлмаса!
Шундай қилиб, субҳи содиқ ҳам бўлди. Аёл булоқ лабига бориб, таҳоратини янгилади, икки ракаат намоз ўқиб, бошини саждага қўйди, тилагини айтиб тугатмасдан Худойи таоло унга шундай ҳусну жамол ато қилдики, ҳақиқатан ҳам бундай ҳусну жамол ҳеч кимда йўқ эди. Шу пайтда подшо овга чиққан бўлиб, аёлнинг юзидан таралаётган нурнинг шуъласини кўрди ва ошиқи беқарор бўлиб қолди. Унга деди:
– Эй жони жаҳон, сарви равон, сен одаммисан ёки паримисан?
Хотин:
– Одам фарзандиман! – деб жавоб берди.
Подшо деди:
– Агар мени қабул қилсанг, сени маҳрам1 (1 ҳарам аҳли, яъни хотин) қилиб олай.
Аёл бу сўзни эшитиб, рози бўлди ва ўзига–ўзи: “Агар эрим ҳам тиласа, подшоҳ ҳам тиласа, нима қилай?” – деди.
Подшоҳ уни муҳофа2 (2 тахтиравон) га солиб олиб кетди. Ўғил ва эрини хаёлига ҳам келтирмади. Ўғил ва ота бир–бирига қараганича ҳайрон бўлиб қолавердилар. Аёлнинг эри рашкда ёниб:
– Эй илоҳим, бу хотин менга бевафолик қилди, ундан интиқом олай, унинг бошини тўнғиз бошига ўхшатиб қўй! – деб муножот қилди.
Подшоҳ аёл билан маҳофа ичида кетиб борарди. Худойи таоло аёлнинг бошини бирданига тўнғиз бошига айлантириб қўйди. Подшо бирдан бу суратни кўриб, ҳайратга тушди. Яқинларига қараб: “Бундай сурат дев ва парилардагина бўлади!” деб, бу аёлни маҳофа билан аввалги ерига етқиздилар. Ўғли онасини бу шаклда кўриб, раҳми келди. Булоққа бориб, таҳорат олди. Икки ракаат намоз ўқиб, бошини саждага қўйиб:
– Эй бор Худоё, менинг онам бағоят ёмон иш қилди ва бу шаклга кириб қолди, сен ўзинг қодирсан, онамни асл ҳолатига қайтариб бер! – деб муножот қилди. Аёл аввалги асл ҳолига қайтди.
Байт: Чунки тақдири азалга ғам емак беҳудадур,
Қилмағил жангу жадал тақдир ўзга бўлмағай.
Бу ҳикоятдан мақсад шуки, ҳар қандай ишда Ҳақдан ўзгага умид боғласанг, вафо қилмас!
Мажнун Лайлининг вафотидан хабар топди, юзига тупроқлар сочди. Сўрадилар:
– Эй Мажнун, нега бундай қиляпсан?
Мажнун деди:
Худойи таолони севганим учун.
Эй содиқ киши, шундай нарсага кўнгил боғлагинки, охиратда завол топмасин, ҳамиша сен билан бирга бўлсин. Сен Аллоҳ таолога дил бергилки, бундан тану жонингга роҳатлар етади. Эй Аллоҳ, сен ўз камолу караминг билан бу фақири шикастани ва барча мўъминларни собир ва рози этиб, ҳамиша иймону исломда тутгил. Жон берур дамда омон ва охиратда гавҳари иймонни ато қил, ё илоҳ–ал–оламин ё хайр–ан–носирин!
Еттинчи боб
ҲАЗРАТИ МУҲАММАД МУСТАФО САЛЛОЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ ҲАҚИДА
Ривоят қилишларича, ҳазрати Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ҳазрати Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи вассалламни пайғамбарликка мушарраф қилганда душманлардан кўп ғамгинлик тортдилар. Ҳаммадан аввал Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ иймон келтирдилар. Ҳазрати Рисолат паноҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Эй Абу Бакр Сиддиқ, Худойи таоло бирдир ва дин ҳам биттадир, энди ўзга динлар ботил ва ўзга бўлди! – дедилар.
Абу Бакр Сиддиқ ўша ондаёқ иймон келтирди, ҳеч қандай мўъжиза талаб қилмади, тавҳид калимасини сидқи билан айтди. Кундан–кунга Ислом шарифи ва иззати зиёда бўлаверди.
Бир куни Абу Жаҳл алайҳ–ил–лаъна1 (1 “Аллоҳдан ўзга яратувчи йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси) Умар ибн Хаттобнинг қўлидан тутиб:
– Эй Умар, Муҳаммад пайғамбарлик даъвосини қилиб, оталаримиз динини хароб қилмоқда. Сенга юзта туя берай, яна нимани хоҳласанг бераман, бориб Муҳаммаднинг бошини келтир! – деди.
Ҳазрати Умар унинг сўзини қабул қилиб:
– Эй Абу Жаҳл, рост айтасан, юр, бутхонага кирайлик, мадад тилайлик! – деб, бутхонага кирдилар. Шунда бутлардан: “Ло илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ!”2 (2Аллоҳдан ўзга яратувчи йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир!”) деган овоз эшитдилар. Умар разиаллоҳу анҳу1 (1 Аллоҳ ундан рози бўлсин!) бутлардан бундай иқрор ва хитобни эшитиб, Абу Жаҳлга деди:
– Эй Абу Жаҳл, биз бутларнинг Худолигига сиғиниб, мадад сўрасак, Муҳаммаднинг пайғамбарлигига иқрор бўлишяпти!
Абу Жаҳл бутларнинг олдида шарманда ва расво бўлиб қолди. Бир неча кундан сўнг Абу жаҳл ҳазрати Умарни яна бутхонага олиб борди ва унга:
– Эй Умар, бу оламда сен каби баҳодир йўқ. Бориб Муҳаммаднинг бошини менга олиб кел! – деди.
Бутлардан шундай овоз келди: “Бир одам Худойи таолонинг қули бўлиб, сизларни ҳам унинг қуллигига чорласа, шундай кишини ўлдирмоққа қасд қиласизларми?”.
Умар Ибн Хаттоб бутлардан иккинчи мартаба бундай овозни эшитиб, ҳайратга тушди.
Абу Жаҳл деди:
– Эй Умар, бу воқеани зинҳор ҳеч кимга айтмаки, барча халқ Муҳаммадга иймон келтиради, Макканинг подшолиги эса қўлимиздан кетади. Эй Умар, сен каби жангчи дунёда йўқ, Муҳаммад динни хароб қилди, агар уни ўлдирсанг, сен учун молу жоним фидо бўлсин!
Ҳазрати Умар мастлик ҳолатида: “Муҳаммаднинг бошини олиб келаман” деб бутларга қасам ичди. Белига пичоғу қилич осиб, йўлда кетар экан, кўзи икки бузоқни қувлаб келаётган ва ҳеч тута олмаётган одамга тушди. Ҳазрати Умар бузоқларни тутиб беришга қасд қилди. Қанчалик қувламасин, барибир тутолмади. Чарчаб жойида туриб қолди. Шунда бузоқ унга:
– Эй Умар, сен бизни тутишга ожизлик қилдинг, бир одам Худонинг дўсти бўлса, одамларни худойи таолонинг бандалигига даъват этса, сен уни ўлдириб, бошини Абу Жаҳл лаъиннинг олдига олиб бормоқчимисан? – деди.
Ҳазрати Умар бу сўзни эшитгач, интиқом ғазаби сусайди. Оҳиста–оҳиста кетиб бораётган эди, олдидан икки киши чиқиб:
– Эй Умар, қайга боряпсан? – деб сўради.
– Муҳаммад қураший1 (1Қурайш қабиласига мансуб киши) нинг бошини олгани! – деб жавоб берди.
Улар:
– Сен ҳали билмадингми, онанг ва синглинг Муҳаммаднинг динига кирдилар! – дейишди.
Умар:
– Қаердан билдинглар? – деб сўради у.
– Бир оқ товуқни сўйиб, сўнг пишириб, уларнинг олдига қўй ва “егил” деб айт, улар сен билан таом емайдилар, шундан биласан! – дейишди.
Ҳазрати Умар бу сўзни эшитиб, бир товуқни сўйди, буни бизга пишириб беринг деб, онасига элтиб берди. Синглиси унга:
– Эй Умар, Худойи таоло бизга буни харом қилибди! – деди.
Она бу сўзни эшитиб, қўлини тишлади ва “айтма” деб ишорат қилди. Синглиси эса:
– Мусулмонлик сўзини яшириб бўлмас! – деди.
Ҳазрати Умар бу сўзни эшитиб ғазаби пасайди, ётиб ухлашга тушди. Синглиси эса Қуръон ўқишга киришди. Умар ибн Хаттоб Каломуллоҳ сўзларини эшитиб, кўнгли иймон шарафига зиёда бўлди. Ирғиб туриб деди:
– –Эй синглим, Каломуллоҳнинг бўйи кўнглимнинг қорасини ювиб, куфр залолатини тарқатиб юборди, бўйнимдан боғлаб, ҳазрати Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳис вассаламнинг олдига олиб бор!
Синглиси деди:
–Эй ака, агар сен ҳазратнинг қошига бориб, муборак каломларига мушарраф бўлсанг, раҳмат дарёсига шўнғисанг, Каломуллоҳи раббоний2 (2 Аллоҳу таолонинг сўзлари) ва танзили осмоний3 (3 осмондан туширилган, яъни Қуръон) лаззатини шунда тушунасан.
Ҳазрати Умар деди:
– Эй синглим, ҳозир Муҳаммад расулуллоҳнинг жамолини кўришга муштоқман, бўйнимдан боғлаб, хонасидан қочган қулдек, мени судраб унинг даргоҳига олиб бор!
Синглиси:
– Эй ака, бундай қилишга ҳожат йўқ, чунки ул ҳазрат жуда ҳалим ва ҳаким кишилардир! – деди.
Ҳазрати Умар эса:
– Синглим, ҳазрати Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаламнинг олдиларида қаттиқ шармандаман, мени бирорта йўл билан олиб бор! – деди.
Синглиси унинг қўлидан тутиб, ҳазрат олдиларига олиб борди. Шу пайт Жаброил алайҳис салом ҳазрати Расул алайҳис саломнинг қошларига келиб:
– Эй Муҳаммад, бир куни Умар разийаллоҳу анҳу олдингдан ўтаётганда сен дуо қилиб, эй илоҳим, Умарга ислом йўлини ато қил, деган эдинг, бугун дуойинг ижобат бўлди, энди Умарнинг олдига чиққинки, у иймон ва ислом шарафига муяссар бўлсин! – деди.
Ҳазрати Пайғамбар уйдан чиқиб қарасалар, Умарнинг синглиси унинг қўлидан тутиб келаётган экан. Ҳазрати Пайғамбар алайҳис саломнинг назарлари унга тушди, ҳазрати Умар ерга йиқилдилар. Сўнг ирғиб туриб, югуриб келдилар–да, ҳазрати пайғамбар алайҳис саломнинг оёқларига юзларини суртиб дедилар:
– Эй дунёнинг баргўзида1 (1 танлаб олинган, сараланган)си, оламда мен учун сендан кўра ёмонроқ душман йўқ эди, энди эса сендан кўра яхшироқ дўст йўқ. Эй расулуллоҳ, энди калимаи шариф2 (2иймон калимаси) арз қил, токи мусулмон бўлайин.
Ҳазрати Расул алайҳис салом:
– Эй Умар, ло илоҳа иллаллоҳу Муҳаммад–ур–расулуллоҳ дегин! – дедилар.
Ҳазрати Умар дарҳол иймон айтиб, мусулмон бўлди, сўнг:
– Эй Муҳаммад, Абу Жаҳл бошлиқ Макканинг улуғлари Каъбанинг эшигида ўтирибдилар, мен уларнинг олдига сенинг бошингни олиб бормоқчи эдим, энди уларнинг бошини сенга олиб келай, – деб, қўлига шамширни олиб, кофирларга ҳамла қилиб, бир нечасини ўлдириб, бошини олиб келди ва деди:
– Ё расулуллоҳ, менга рухсат бер, Каъбанинг ичига кирай.
Ҳазрати Расул:
– Хуш бўлгай! – деб ўзлари бир неча саҳобалар билан бирга Каъбага келдилар. Шунда Ҳазрати Жаброил келиб деди:
– Ё Муҳаммад, Каъбага сиз олдин кирманг, кейин киринг, Муҳаммад бутларимизга сиғингани аввал кирди, деб кофирлар исбот келтиргайлар! – деди.
Ҳазрати Умар жами саҳобалар билан Каъбага биринчи кириб:
– Эй бутлар, қуланглар энди, Ислом ғолиб, Муҳаммад шариати ошкор бўлди, – дейиши биланоқ барча бутлар қулаб тушди. Бироздан сўнг Расул алайҳис салом кирдилар. Барча бутлар: “Ло илоҳа иллаллоҳу Муҳаммад-ур-расулуллоҳ” деб иймон арз қилдилар.
Абу Жаҳл ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу пайғамбар алайҳис саломнинг нубувватига1 (Пайғамбарлик) иқрор бўлиб, иймон келтирибди деб, кофирлик залолати баттар ошиб кетди. Араб подшосига, Макканинг улуғларига: “Муҳаммад пайғамбарлик даъвосини қилмоқда, ота-боболаримизнинг динини хароб қилғусидир!” деб киши юборди.
Араб подшоси бу хабарни эшитиб: “Лашкар отлансин!” деб ҳукм қилди: Подшони иззату икром билан Маккада кутиб олдилар. Бу воқеа кўп шаҳарларга маълум бўлди. “Муҳаммад охири замон зуҳур қилибди!”2 (2 чиқмоқ, ошкор маълум бўлмоқ) деган хабар тарқалди.
Араб подшоси Муҳаммадни олиб келинглар, деб киши юборди. Ҳазрати Муҳаммадни олиб келинглар, деб киши юборди. Ҳазрати Муҳаммад алайҳис салом Хадичаи кубро3 (3улуғ, олий) нинг уйида ўтирган эдилар. Ногоҳ Хадичаи кубро билан Абу Бакр Сиддиқ кириб келдилар:
– Ё расуллуллоҳ, Муҳаммадни Араб подшоси чорламоқда, деб душманлардан элчи келди. Душманлар сенга қасд қилишмоқчи, энди ҳолинг нима кечади, маълум эмас! – дедилар.
Расул алайҳис салом:
– Эй Абу Бакр Сиддиқ, эй Хадичаи кубро, сизлар ҳам еманглар, Муҳаммаднинг ҳимоячиси парвардигори оламдир, у нимани хоҳласа, шу бўлади! – дедилар.
Шу гап устига ҳожиб кириб келди ва:
– Пайғамбарлик даъво қилувчи киши сенмисан? – деб сўради.
– Ҳа, менман! – дедилар Расул алайҳиссалом.
– Юр, Араб подшоси чорламоқда! – деди ҳожиб.
Расул алайҳис салом Абу Бакр Сиддиқ билан подшонинг олдига бордилар. Хадичаи кубро эса юзларини кўкка қаратиб: “Эй бор Худоё, пайғамбарни сенга топширдим!” – деб дуо қилди.
Абу Жаҳл лаъин Араб подшоси ва Макка улуғларига:
– Муҳаммад келса ўринларингиздан турманглар ва сўз билан ҳақорат қилиб, жавоб айтинглар, – деб турган эди, Муҳаммад алайҳис салом ўн тўрт кунлик ойдек юзлари оламни мунаввар қилиб, эшикдан кириб келдилар. Кофирлар бир-бирига қараб, Муҳаммад келмоқда деб, Араб подшоси ва бошқалар ўринларидан туриб, эъзоз ва икром билан кутиб олдилар ва “курси қўйинглар” деб Муҳаммад алайҳис саломни курсига ўтқаздилар. Яна бир курсига подшонинг ўзи ўтирди.
Абу Жаҳл алайҳ-ил лаъна буни кўриб, бағоят ғамгин бўлди ва ўзига: “Менинг мақсадим ҳосил бўлмади”, – деди.
Араб подшоси ҳазрати пайғамбар саллоллоҳу алайҳи вассаламга:
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?