Электронная библиотека » Шерхон Кораев » » онлайн чтение - страница 2


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 10:20


Автор книги: Шерхон Кораев


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 6 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]

Шрифт:
- 100% +

ОРЗИҚИБ КУТИЛАДИГАН ШЕЪР

Муҳаммад Юсуф гапирганда, шуни айтиш лозимки, унинг ҳар бир сўзи юракдан отилиб чиқар, гўёки сўзга жон кирарди, Ватан ва ёр ишқи билан йўғрилган ҳар бир сатр қўшиққа айланиб кетарди. Хонандалар концертидаги ва анжуманлардаги чиқишларини йиғилганлар тўлқинланиб, уни гулдурос олқишлар билан қарши олишарди. Шоир давраларга файзу барака бағишларди. У ўқиган шеър дил торларини чертиб, ҳеч кимни бефарқ қолдирмасди. Концертлар назм ва наво кечасига айланиб кетарди. Таниқли хонанда, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова концертида ўқиган шеърларини эшитган “Истиқлол” санъат саройида йиғилганлардан қарсак чалмагани қолмаган эди, ҳисоби. Ургут шаҳрида ёзилган “Озода” номли шеърини оласизми, ёки “Туркман қизга” бағишланган сатрларини айтасизми, барча барчаси шеърият мухлислари қалбидан чуқур жой олганди. Чунки, у минглаб кишилар кўнглидаги дардни ифодалар, уни ҳис қила оларди – да. Шу ўринда таниқли адабиётшунос ва танқидчи Озод Шарафиддинов фикрини келтириб ўтмоқчиман; ”Муҳаммад Юсуф қўшиқлари билан эмас, аввало халқ дардини баралла айтган, юрт муҳаббатини ҳеч кимга ўхшамаган мисраларда таърифлаган шеърлари билан танилди, шуҳрат қозонди.

Муҳаммаднинг шеърлари бир қарашда жуда содда, жўн ёзиладиганга ўхшаб туюлади. Аммо унга ўхшатиб ёзиб кўринг – чи? Қўлингиздан келмайди. Унинг осон ёзиладиганга ўхшаб кўринган мисралари мухлисларини йиғлатди, кулдирди, ўз оғушига тортиб олди”. Халқона оҳанглар ҳар бир кўнгилни жизиллатар, туғёнга келтирарди. У туркман қизни мадҳ этиш орқали ўз юртини қизларини иболи, ҳаёли, аҳлоқли ва одобли бўлишга чақирарди.

 
Айланаман, Шарқни кезиб айланаман,
Иболи бир ёр тополмай ўйланаман,
Ўз юртимнинг сулувлари тил уқмаса,
Узун кўйлак туркман қизга уйланаман.
 

Аслида туркман қиз бир баҳона, – дейди шоир “Содда Муҳаммадман…” номли шеърида, – сизлар тимсолингизда ўзбек момоларга хос латофатли ва хаёли Кумушбибиларни кўриш эди, халос.

 
Юртим сулувлари, сизга йўқ тараф,
Қошингизда ўсма юрса сирғалиб,
Узун сочингизни ўрсангиз тараб,
Боқса деган эдим, ой ҳам суқланиб.
 

ОНАМ ЙИҒЛАР ,ОНАМ У

Шоир билан мулоқотда бўлганингизда суҳбатига тўймасдингиз. Туғилган кунларидан бирида(1999 йил 26 апрель) дўстим Файзулло Эшқулов билан шоирнинг Дархондаги уйига бордик. Муҳаммад Юсуф ҳамишадагидек дўстлар, ёш-шоирлар даврасида эди. У ёшлардан ҳамиша ўз ёрдамини аямасди. Гапирса ҳам бўладиганини, дангалини айтар, ёзса ҳам айлантирмасдан гапнинг лўндасини битарди.

Унинг яхши кўрган қўшиқларидан бири Ғиёс Бойтоев ижросидаги “Онам у” қўшиғи эди. Шоир уйида ушбу қўшиқни такрор-такрор эшитар эди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғиёс Бойтоевнинг хотирлашича, “Онам йиғлар…” қўшиғининг мусиқасини яратишда ҳам, қандай қилиб айтишимгача ўзи устида турган эди. Унинг ёзганлари кўпинча менинг овозимга мос келарди. Шеърлари халқона эди, оҳангини ўзи билан ёзарди”.Ушбу қўшиқни шоир ҳам, мухлис ҳам эшитиб чарчамасди.

Шу куни янгамиз Назира опа туғилган кун эмасми, ул бул пишириб, таваллуд оқшомига тайёргарлик кўрарди. Дўсту ёрлардан тинимсиз табрикномалар келиб турибди. Бир ёш йигит келиб, севимли шоирга Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссиясининг ўша пайтдаги раҳбари Нажмиддин Комиловнинг табрик хатини топширди. Таниқли бўлсада оддий инсонлигича қолган шоирнинг эса бундай эътибордан боши кўкка етди. Меҳмон кетгач, шоир яна ўзи яхши кўрган қўшиқни қайта – қайта эшитишга тушди, онасини соғинганини эса юз – кўзидан сездириб қўярди.

 
Тонар бўлса қўлимдаги тор, дунё,
Уч кун ўтмай унутгай дўст – ёр дунё,
Еру кўкни титратиб зор – зор, дунё –
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у…
 

Онангиз ҳаёт бўлса бахтингиз, агарда орамизда бўлмаса, ўксинасиз, ҳар сонияда унинг қадри билинади, баъзан юрагингиз тўлиб кетади, интикиб соғинасиз. Мирза Карим ёзганидек, сочлари оқ, хаста бўлса ҳам орангизда онам бўлсайди, деб яшайсиз. Онангиз ўрнини эса ҳеч ким босолмайди, босган изларини кўзингизга тўтиё қилганингиз билан уни тополмайсиз. Нариги дунёдан ўзим шарбатини ичган ҳеч ким қайтиб келган эмас. Шоир айтмоқчи, вақт борида отни қамчиланг, ота-онангизни рози қилинг. Алишер Навоийнинг “Насойим ул – муҳаббат” асарида ёзилишича, “Исмоил Даббос дедиким, ҳаж нияти қилиб, борурда Шерозга етишдим. Бир масжидга кирдим. Шайх Мўминни кўрдимки, ўлтуруб хирқасин ямайдур эрди, салом қилдим ва ўлтурдум. Мендан сўрдиким, не ниятинг бор? Дедим: ҳаж ниятим бор. Деди: онанг бор? Дедим: бор. Деди: ёниб онанг мулозаматига бор…Мен эллик ҳаж қилибмен – бош яланг, оёқ яланг ва зоду ҳамроҳсиз. Барчасини сенга бердим, сен онинг кўнгли шодлигини менга бер!

 
Ҳеч нарса керакмас,
Болам, ҳеч дейсан,
Энди кеч дейсан-да,
Энди кеч дейсан.
Юзимни босаман
Муздай юзингга,
Онажон,
Зор қилиб кетма изингга!..
Ўлим олдида ҳам
Ғамимни ейсан.
Мен-чи, жим тақдирга
Кўнишимга боқ.
 

Ўзбек шеъриятида Муҳаммад Юсуфнинг ўз ўрни бор. Бу беназир шеъриятнинг умрбоқийдир. Шоир ижоди ҳақида гап кетар экан, унинг онасига, аҳли аёли ва қизларига бағишланган шеърларини кўплаб учратамиз. Айниқса,она – унинг шеъриятида етакчи мавзу. Таъкидлаш жоизки, Муҳаммад Юсуф шеърларида шоирнинг мунис ва меҳрибон оналарга, мушфиқ аёллар, умуман ўзбек хотин – қизларига бўлган юксак эхтироми намоён бўлади. Унинг ўткир қаламида ўтли сатрлар сизнинг дардингизни тараннум этгандек, гўё!

 
Гулдай кулиб юрмасмиди ўғлим деб,
Кўриб кўнглим тўлмасмиди ўғлим деб,
Онанг ўлса бўлмасмиди ўғлим деб,
Онам йиғлар, онам йиғлар онам у.
 

Дарҳақиқат, шоир айтганидек она бу дунёдаги энг меҳрибонимиз, энг яқин инсон ва энг жонкуяримиз. Барча нарсадан кўнглинг қолса, совуса, кўзларингга бу дунё қаронғу – тийра туюлганда, сенга юпанч бўлади ва ”агар бир зот йиғласа чин дилдан ҳам”, албатта у она бўлади, – дейди Муҳаммад Юсуф худди тақдирига битилган чизиқларни аввалдан ўқигандек.

2001 йил 31 июлида 47 ёшида шоир Элликқаълада вафот этганда, шундан сўнг унинг жасади ўз туғилиб ўсган Марҳаматга олиб кетилганда, фарзандининг жонсиз танасини кўрган онаизорнинг афтодаҳол аҳволини тасаввур қилиш қийин. Балки Энахон аянинг шоир ўғли ёзганидек, ”Онанг ўлса бўлмасмиди, ўғлим деб” қилган доду фарёди оламни титратгандир.. Ҳа, бу шафқатсиз, ”отадан олдин болани олган, дунё”, бераҳм ажал ҳеч ким билан маслаҳатлашмайди.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов Муҳаммад Юсуфнинг волидаи муҳтарамасига ўз таъзияларини йўллаб, таскину тасалли берган эдилар, ўшанда. Шоир вафот этган пайтда “Марказий Осиё маданияти” халқаро газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлардим. Бу шум хабарни эшитишим билан ич – ичимдан менинг ҳам нимадир узилгандек бўлди. Наҳотки шундай бўлса, дердим ўзимга ўзим? Уни бир неча кун олдин Мустақиллик майдонида кўрган эдим. Энди эса орамизда йўқ. Барча матбуот нашрлари шоирнинг вафоти ҳақидаги мақолаларни эълон қила бошлади. Биз ҳам шоира Қутлибека Раҳимбоеванинг мақоласини “Шеърим битди. Хайр”( М. Юсуф сатри) сарлавҳаси билан газетага бериб юбордик. Устоз Анвар Жўрабоев(жойлари жаннатда бўлсин)нинг ўзи қўлимдаги шоирнинг китобидаги ушбу сатрни излаб топиб берди. Ҳа, ўзбек шеърияти оғир жудоликка учраганди, ўшанда. Бундай забардаст шоир бу дунёга бир келиб, миллионлаб мухлислар юрагини олиб кетди ва ўзи суйган, қадрлаган, ёниб куйлаган халқнинг қалбига самимий оҳанг бўлиб сингиб кетди. У талаффуз қилган ҳар бир сўз шеър эди, аслида. Муҳаммад Юсуфнинг охирги кунларида унинг ёнида бўлган Рустам Мусурмон шоир ҳаётининг сўнгги дамларини оддий тафсилотларигача айтиб берган эди, менга.

У Элликқаъла шаҳридаги маданият саройида мухлисларига шеър ўқиётиб ҳушидан кетади. Ўзига келгач эса шифокорлар унга ўрнидан турмай ётишни маслаҳат беришади. Бироқ шоир юришни ихтиёр этади. Аммо шундан сўнг …у иккинчи марта ўзини йўқотади ва бу ёруғ оламдан кўз юмади. Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева ёзади; ”…Сизнинг (Муҳаммад Юсуфнинг) вафотингиз ҳақида…эшитдим. Ичимда бир томирим чирсиллаб узилиб кетгандек бўлди. Қанчалар ғофилмиз.

–Ҳофизларнинг бир кунда сочи оқарди, – деб ёзди ўша кунлари эъзозли шоиримиз Маҳмуд Тоир. Мен бунга ишондим…Сафарингиз охирлаб келаётгани, неларнидир айтишга шошилаётганингизни қайдан билибмиз.

Тириклар шу, ҳар доим ёнидаги одамни ёнида мангу юради, деб ўйлайди шекилли.Ўзи ҳам мангу юрадигандай гўё…Фожиамиз ҳам шунда”.

 
Ўлсаму унутсанг мендай йигитни,
Ёғар йўлларингга афсус – андуҳим,
Оқ тулпордай миниб оппоқ булутни,
Уйингнинг устидан ўтади руҳим.
 

Шеърият аталмиш бу кўҳна оташгоҳда оловдан яралган сўз санъаткорлари ўз билгани айтади. ”Жами буюклар буюги, Жами бечоралар бечораси” қавмига мансуб Муҳаммад Юсуф бу гулханда вулқондек тўлғонган юраги билан бепоён дунёга сиғмаган бўлсада, мўъжаз ва ихчам баёзда мангуликка муҳрланди. Бунинг учун том – том китоблар эмас, балки “бир даста шеър” кифоя бўлди, халос.

БИСОТИНГДА “БАЙРАМ” СЎЗИ ЙЎҚ

Она бу ҳаётнинг гултожи. Она бор – кўнгил бус – бутун. Ота – онаси борлар – дунёдаги энг бой инсонлардир. Ота – она рози – Худо рози!

 
Етмиш юлдуз ёғилиб,
Ярим ойча бўлолмас.
Етти янга йиғилиб,
Битта она бўлолмас.
Она тирик эшикка
Ғурбат яқин йўлолмас,
Менинг эса, бағрим қон,
Вайронаман, Онажон.
 

Шоир халқона ифодалар билан шеърхон кўнглига йўл топади ва уни эгаллайди, керак бўлса ларзага солади.Чунки у тасвирлаган туйғу энди шеърхонникига айланади. У “сенсиз ғариб кўнглим кўнгилми онам” деган бир мисрасида она – қалб қувончи эканлигини ифодалай олган. У ”Гарчи бисотингда “байрам “ сўзи йўқ”…Сенга на гул бердим, на ширин калом” дея ўз ўқувчисини онаизорлар қадрига етишга, ҳолидан хабар олишга чақирган бўлса, не ажаб! ”Дейсан: олисларда омон юрсанг бас, Ёдингга тушсам гоҳ йўқлаб турсанг бас”. Албатта,дийдор ғанимат.Бу беш кунлик дунёда ота – она розичилигини олишга нима етсин!

 
Соғинч ҳақда шеърлар
Ёздим ўзимча,
Мендан – пешонангда
Доғлар тизимча.
Ўғлинг бўлмай ўлай,
Аттанг, минг аттанг,
Қиз туғсанг нетарди,
Кўпроқ қиз туғсанг!..
Тиргак бўлолмадим
Битта қизингча,
Уялмай шоирман
Дейишимга боқ.
 

Шоир она образи орқали волида ва фарзанд ўртасидаги муносабатларни бутун бўй – бастилигича кўрсата олади. ”Йўл қараб бўлдими, жигаргинанг қон”, ”сен мени яратдинг ,сени тугатдим”, ”Сен сўлиб, Мен яшнаб тўлишимга боқ” дея шеърият ихлосмандларини тириклик фурсатини бой бермасдан оёғи остида жаннат бўлмиш – Онанинг розичилигини олишга даъват этади. Ҳа, Пайғамбар (с.а.в.) ҳам, дунёнинг улуғ мутафаккирлари ҳам ота – она хизматида бўлишга, уларни эъзозлашга чақиришган. Уларнинг дуоси сизни бало – қазодан асрайди. Муҳаммад Юсуфни ҳам она дуоси бир умр қўллаган бўлса, не ажаб. Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога жаннатда унга ким қўшни бўлишини билдиришини сўраб, ёлворибди.

Бир куни шундай нидо келибди;

–Эй Мусо, фалон ерда яшовчи қассоб сенинг жаннатдаги қўшнинг бўлади…

Мусо алайҳиссалом қизиқиб, қайси яхши амали учун бунга лойиқ бўлганини билиш ниятида йўлга чиқибди. Ҳазрати Мусо ўша одамни қидириб топди. Қассоб Ҳазрати Мусони ҳақ пайғамбар эканини билган, иймон келтирган эди. Лекин ўзини кўрмаган эди. Шунинг учун уни танимади. Кечқурун қассоб Ҳазрати Мусони уйига олиб кетди. Овқат тайёрлади. Дастурхон ёзди. Овқат ейишдан олдин, қассоб деворга осилган замбилни ерга туширди ва ундан ҳаракат қилишга сира мажоли йўқ, қариб қартайиб қолган кампирни чиқарди. Худди гўдакни овқатлантиргандек, уни едирди, ичирди ва яна замбилга қўйиб оҳиста деворга осди. Шунда кампир нималардир деб пичирлади. Кекса кампирнинг нима деганини тушунолмаган Мусо алайҳиссалом саволомуз қассобга боқди:

–Ўғлим,бу кампир киминг бўлади?

Қассоб мусофирга жавоб берди:

–Бу аёл менинг онам бўладилар. Ўтириб – туришга, овқат ейишга сира ҳоли йўқ. Шу боис ўзим едираман, ичираман, тозалигига қараб парваришлайман. Қўлимдан келгунича кўнглини олишга интиламан.

Мусо алайҳиссалом:

–Ҳозиргина у сенга гапиргандай бўлди, нима деди?

Қассоб деди:

–Эй Тангрим! Мен ўғлимдан хурсандман. Сен ҳам ундан рози бўл. Жаннатда уни Ҳазрати Мусога қўшни қил.

Ота – онанинг фарзанд ҳаққига қилган дуоси мустажобдир. Ана шунда Мусо алайҳиссалом ўзини танитадиган фурсат етганини тушунди ва :

–Мен Аллоҳнинг пайғамбари Мусо бўламан. Аллоҳдан жаннатдаги қўшним ким бўлишини билдиришини илтижо қилган эдим. Жаноби Ҳақ сени билдирди. Сенга хушхабар бўлсин. Онангга қилган хизматинг учун Аллоҳ сендан рози бўлди. Онангнинг дуосини қабул айлади. Аллоҳ сени жаннатда менга қўшни қилди, – дея ўз сўзини тугатди.


Азиз ўқувчи, шоир айтмоқчи, узоқда бўлсангиз ҳам ота – онангиз ҳузурига шошилиб, бу ғанимат дунёда бориб дуосини олинг!

 
…Шеърим битди.
Хайр .
Дўстлар хўш қолинг.
Бедил яшамакка
Ўрганманг мендек.
Боринг ,
Волидангиз кўнглини олинг,
Эртага
Кеч қолиб,
Ўртанманг мендек.
 

Дарҳақиқат, айримларимиз волидаи муҳтарамамизни тириклигида қадрламаймиз, онамиз бизни соғиниб, эътиборимиз, бир оғиз ширин сўзимизга, қўнғироғу хатимизга зор бўлиб бу ёруғ оламни тарк этади. Аммо вафот этгандан сўнг етти маҳаллани чақириб, тўкин дастурхон ёзиб, маъракани тўйга айлантириб юборамиз. Бу нимаси ахир? Тўқликка шўхликми? Ёки ўзини ва “ошиб – тошиб ётганини” кўз – кўз қилишми? Нега буни ҳаётлигида қилмаймиз? Ёки вафот этишини кутамизми?

Наҳотки, кўзларимиз жуда кеч очилади? Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Тириклар уйқудадирлар, ўлгач уйғонадирлар” деганларида минг бора ҳақ эдилар. Аммо ўлгач дастурхон ёзиб исрофгарчиликка йўл қўйгандан кўра унинг тириклигида кўнглини олиш, розичилигига эришиш савоблироқмиди? Афсуски, умримиз кўз очиб ўтгунча ўтиб кетади, ота – онамизни охирга манзил кузатгач эса “ нега тириклигида қадрламадим” дея лабимизни тишлаймиз. Сўнгги пушаймон ўзингга душман. Дарвоқе, бошимиз деворга текканида, йўл қўйган хатомизни тушуниб етганимизда кеч бўлади.

Муҳаммад Юсуф шеърлари орқали бу ҳақда бонг уради ва она билан бахт бекам эканлигини ўз ўқувчисига қайта – қайта сўзлайди ҳамда “Онамга хат” шеърини “ Бахтимга ҳамиша Сиз соғ бўлинг деб, Соғинган ўғлингиз – Муҳаммад Юсуф “ дея якунлайди.

Аммо у онасини оёқ ости қилиб қадрламайдиганларни қаттиқ танқид остига олади.

 
Тепамда мўлтирар
Ой соҳибжамол,
Юлдузлар бошимга
Ёғилган савол.
Олис қишлоқ. Почта.
Қари онам лол…
Юзта қўшиқ ёздим,
Бир хат ёзолмадим.
Энди қандай ухладим.
 

МИЛЛАТНИНГ ЮРАГИ БЎЛАЙЛИК

“FIDOKOR” газетасида ишлаган давримда Муҳаммад Юсуфдан интервью олиш учун уйига қўнғироқ қилдим. Катта лавозимда ишлашига (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида раис ўринбосари эди, ўшанда) қарамасдан белгиланган манзилга ўзбекнинг чапани шоир йигити оқ тикода етиб келди. Суҳбати бирам мароқли эдики, унинг ёнидан кетгингиз келмасди. Шеърни ҳам ўқувчига етказиб, чин дилдан ифодали ўқирди.

“Куни кеча ойнаи жаҳондан бир гуруҳ зиёлилар қатори сиз ҳам (Биринчи) Президент Ислом Каримов билан учрашганингизни кўрсатишди?” – дея савол билан шоирга боқдим. ”Ҳа – я, Президентимиз Тошкентда бўлиб ўтган Ёшлар фестивалига юқори баҳо бердилар. Мендан унга нега қатнашмаганим сабабини сўрадилар. Мен Мустақиллик байрами арафасида Фарғона бўйлаб бир қатор ижодий учрашувларда бўлганим туфайли тадбирда қатнашолмаганимни айтдим”, деди шоир жумладан суҳбатимизда. Бу тадбирда шоирнинг “Таволло” номли қўшиғи Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ижросида бутун стадионни оёққа турғизганди!

 
Қалқонинг бор, ким қасд қилса гар жонингга,
Алпомишлар руҳи ёр ҳар ўғлонингга,
Асрагаймиз гиёҳинг ҳам гулдай ўпиб,
Ёвлар яқин йўлолмагай қўрғонингга.
Адойинг бўлгаймиз сени Ўзбекистон,
Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон!
 

Муҳаммад Юсуф билан суҳбатимиз мазкур газетада ва “Миллатнинг юраги бўлайлик” сарлавҳаси остида “Мустақиллик моҳияти” китобимда эълон қилинган, бундан ташқари 2000 йилда “Ўзбекистон “ нашриётида чоп қилинган ”Огоҳлик ва фидокорлик – мамлакатимиз равнақи калитидир” номли мажмуада ҳам берилган;

”-Албатта ҳали ҳам кўпчилик одамларимиз мустақилликни осмондан тушган деб ўйлашади. Гўёки шундай бўлиши керак эди, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф, – Ҳолбуки, мамлакат раҳбари миллати равнақи учун жонини жабборга бериб, собиқ иттифоқда биринчи бўлиб Ўзбекистонни мустақил деб эълон қилди, биринчи бўлиб. Чунончи бу улкан жасорат ва довюраклик талаб қилган. Йўлбошчининг ушбу қадамини бошқалар ўт билан ўйнашиш деб баҳолаган. Ваҳоланки, мазкур қутлуғ қадам миллатни асраб қолиш ва қудратига қудрат қўшишнинг дебочаси эди.

Қолаверса, мустақиллик эрксевар аждодларнинг қони эвазига қўлга киритилган. Озодлик учун Тўмарис ўғлидан, Спитамен эса бошидан жудо бўлган. Истиқлол деб Муқанна оловда ёнган. Ҳа, миллат шаъни учун минглаб фарзандлар ўлимга тик қараб озодликни асраб қолишга ҳаракат қилишган. Тарихда ўз озодлигини сақлолмаган миллат қирилиб кетган.

 
Уйингизда сизни кутди, кел , деб тўрам,
Келинчаклар кокиллари тарам – тарам,
Кўнгилга ёр сиғармиди юртда қарам,
Жангоҳлардан жилмадингиз “босмачилар”.
Босмачимиш…Бундай демиш қай беъмани,
Тутмайдими бир кун уни беклар қони…
Ҳамма сиздек ўз юртини суйса қани!
Беҳуда қон тўкмадингиз, “босмачилар”.
 

Биласизми, инсонда юрак деган анатомик жисм бор. Юрак нафақат инсонда балки ҳайвонларда ҳам мавжуд. Аммо ҳаммада ҳам қалб, онг, руҳ бўлавермайди. Дили, ақли, онги, руҳи, орияти ва эътиқоди бўлган одам мустақиллик қадрини билади.Ўз ташвишига ўралашиб, халқ билан заррача иши бўлмаган инсоннинг жамиятга кераги йўқ.

Содда қилиб айтганда, жамиятнинг ҳар бир онгли аъзоси миллат ва мамлакат тақдири учун масъулдир. Мамлакатнинг шаъни шукуҳи унинг мустақиллиги билан ўлчанар экан, инсоннинг ҳам инсонлиги озод ва эркин юртда яшаши билан белгиланади.


– Муҳаммад ака, мустақиллик тушунчасининг мазмун – моҳиятини ёшларимиз онгига сингдириш учун қандай чора – тадбирлар ишлаб чиқишимиз ва нималар қилишимиз даркор деб ўйлайсиз?


– Ёшларимиз жуда билимли. Улар истаган тилда гаплашиб, компьютерни сайратиб юборишади. Дарҳақиқат, улар ўзлаштирган билимлар миллат равнақига хизмат қилади. Лекин гап шундаки, биз бутун мамлакат ёшларини ўйғотишимиз керак.Улар “21 аср Ўзбекистон асри бўлади. Биз ақл билан дунёни лол қолдирамиз. Мамлакатимизни ҳеч кимга бермаймиз” деб яшашсин.

 
Оқ йўргакка ўрагансан ўзинг бизни,
Ҳам оқ ювиб – тарагансан ўзинг бизни,
Бешигимиз узра бедор она бўлиб,
Кунимизга ярагансан ўзинг бизни.
Фидойинг бўлгаймиз, сени Ўзбекистон,
Ҳеч кимга бермаймиз сени ,Ўзбекистон!…
 

“Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!”дея яшаш учун эса (Биринчи) Президентимиз айтганидек, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини ёшлар қалбига сингдиришнинг янгича усул ва механизмларини ишлаб чиқишимиз керак. Гапнинг ўғил боласини айтганда, бизнинг ёшларимизнинг ҳеч кимдан камлик жойи йўқ, кам бўлмайди ҳам. Боз устига Оллоҳ инъомини қарангки, бошида халқпарвар ва ғамхўр раҳбари бор.

Ёшлар ҳақида гапирганда, бир оғриқ жиҳат эсга тушади. Гарчи миллий ғурур ва миллатга фидойилик тўғрисида тўлиб тошиб ёзсак да, баъзиларимиз оиламизда фарзандларимизга ватанпарварлик туйғуси тўғрисида лом мим демаймиз. Турмуш ташвишлари деймизу, уйимизга меҳмондек келиб кетамиз. Бурчимизни эса унутиб қўямиз. Жалолиддин Мангубердию, Таробийдан, Куброю Амир Темурдан қизиқиб сўрашса ҳам ўзинг ўқиб ол, деб жеркиб берамиз. Аслида биз ота оналар эрксевар аждодлар жасорати орқали мустақиллик мазмун моҳиятини болаларимизга чуқурроқ тушунтириб беришимиз керак. Керак бўлса, озодлик тушунчаси она алласи ва сути билан бола қонига, вужудига кирсин. Ана шунда миллат пайдо бўлади, халқ пайдо бўлади, қўрғон пайдо бўлади.

 
Дунёга боқ, қадди сендек ким бор яна,
Доврўғи ҳам дарди сендек ким бор яна,
Халқ бўлишга ҳадди сендек ким бор яна,
Мозийни ёд этай десанг – халқ бўл, элим.
 

Айрим ёшларимиздаги маҳаллийчилик иллатига тоқатим йўқ. Ўзбек ўзбекка қараб қаердансиз дейдими – е–?! Ахир бу уят эмасми? Ўзбекистон биттаку!? Самарқанду Хоразмнинг бетакрор ёдгорликларини, Нурота тоғларида куйлаган бахшиларни, Сурхоннинг ажиб шаршараларини, Фарғона водийсию Тошкент боғларини, Қорақалпоқ ўланларини Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси “шуларнинг ҳаммаси бизникидир” деб фахр билан айта оладиган даражага етганимизда биз бир бутун ва енгилмас миллат, халқ бўлдик деб айта оламиз. Албатта, биз ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаб, бошини бириктирсак мамлакат кипригини ҳеч ким тўколмайди , – деган эди Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ўз интервьюсида.

“БОШ ҚОЛМАДИ ДЎППИГА ЛОЙИҚ “

Муҳаммад Юсуф “Дўппи” шеърини қуйидагича бошлайди: ”Дўппи киймай қўйди одамлар, Бир шоир, бир носирдан бошқа”. Шоир ҳақ. Дўппилар ўрнини шапкалар, шляпалар, кепкалар эгаллади. Агарда дўппи кийсанг, атрофдагилар бу ишингдан ажабланиб, ”бирор кишинг оламдан ўтдими?”– деб сўрайдиган бўлиб қолишди. Очиғи ҳозир ҳам таъзияга борсаккина дўппи кийиб борамиз, ундан қайтгач эса қатлаб чўнтакка соламиз. Аслида дўппи – ўзбекнинг миллий бош кийими! Уни бошига бирор иш тушганда эмас, ҳар доим кийиб юрилган. Ҳозирчи йигитларимиз бош яланг ёки ғарб бош кийимларини кийиб юришади. Қизларнинг бошида эса фақат зиёратгоҳларда борилганда ёки бирор яқин киши қазо қилганда рўмол кўрасиз, халос.

Шоир айтгандек, Миртемир ва Ғофур Ғуломлар канда қилмасдан ўзбекона дўппини бошдан туширишмаган. Қолаверса бу нарса ўзбеклигидан фахрланиш ҳиссини ҳам ўйғотади – да! Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али хотирлайди; ”Эсимда бор, ўтган асрнинг етмишинчи йиллар охирлари эди чамаси, Ёзувчилар уюшмасида катта мушоира бўлди. Ёш бир йигитча минбарга чиқиб, таниқли шоирлар қаторида шеър ўқиди, ўқидию улоқни олиб кетгани билинди!

Бу ёш шоир Муҳаммад Юсуф эди, унинг шеъри дўппига бағишланганди. “Бош қолмади дўппига лойиқ” сатрини келтирганда, зал олқишларга тўлди. Назокат билан айтилган, чуқур рамзий маънога эга бу шеър ўзбекликни, ўзбекни улуғловчи, ғуруримизни юксакка кўтарувчи тимсол сифатида жаранглаганди. Шоир дўппига лойиқ одамлар бўлишини, шуларнинг сафида шаҳдам юришни орзу қилди”.

 
Бу қандайин кўргулик савдо,
Дўппи киймай қўйди халойиқ.
Бошга лойиқ дўппи йўқдир ё –
Бош қолмади дўппига лойиқ.
 

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации