Электронная библиотека » Шуҳрат Сирожиддинов » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Амир Алишер"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:20


Автор книги: Шуҳрат Сирожиддинов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 12 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Шуҳрат Сирожиддинов
Амир Алишер. Ҳаёти ва фаолияти

СЎЗБОШИ

Алишер Навоий – Шарқ Уйғониш-Ренессансининг йирик вакили сифатида жаҳон цивилизацияси тарихида, айниқса, туркий тилли халқлар маданий ва маънавий ҳаётининг ривожида алоҳида ўрин тутадиган ёрқин шахсдир.

Унинг адабий мероси ниҳоятда улкан ва серқирра. Шарқ адабиётининг деярли барча жанрларида ижод этган, жами шеърий сатрлари юз мингдан ортиқ. Бундай шоир жаҳон адабиётида саноқли десак, асло муболаға бўлмайди. Инсонни ҳар томонлама етук, баркамол ва бағрикенг, юртни тинч ва обод кўриш, эл тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш, турли халқларни ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликка, эзгу мақсадлар йўлида ҳамкорликка чақириш – мутафаккир ижодининг асосий лейтмотивини ташкил этади. Бу ғоялар, айниқса, Навоий “Хамса”сига киритилган достонлар туркумида бадиий-фалсафий жиҳатдан бениҳоя таъсирчан, бетакрор шеърий пардаларда ифодаланган бўлгани учун ҳам у жаҳон адабиётининг ўзига хос обидаларидан бирига айланди. Унинг қаламига мансуб ғазал ва қасидалар, илмий ва дидактик асарлар асрлар оша бугунги кунларда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмасдан келмоқда. Тўрт девондан иборат “Хазойин ул-маоний” тўплами, форсий девони ва қасидалари, диний-маърифий манзумалари ҳамда тарихий аҳамиятга эга хотира – “ҳолот”лари унинг тенгсиз сўз санъаткори, буюк файласуф ва олимлигини бутун олам тан олди. Унинг асарларида инсон маънавий-ахлоқий камолоти ғояси етакчи ўринни эгаллади. Одамийлик, бағрикенглик, эзгулик Навоий фалсафасининг асосини ташкил этди.

Алишер Навоийнинг туркий тил мавқеини кўтариш йўлидаги кураши “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида ўз аксини топди. Дарҳақиқат, Алишер Навоий тилимизнинг бой имкониятларини кўрсатиб бера олган ва араб ҳамда форс тилларидан ҳеч қайси жиҳатдан кам бўлмаган гўзал ва қудратли тил эканлигини исботлаб берган буюк тилшунос олимдир. Ўша даврларда форс тили поэзия тили, араб тили эса илмий тил деб қабул қилинган эди. Расмий ёзишмалар ҳар иккала тил қоришиғида омихтасидан иборат эди. Туркий тилга эса авом тили сифатида қараш устувор эди. Туркий халқларнинг кўп минг йиллик давлатчилик тажрибаси тарихи ва бой маънавий-адабий мероси мўғул босқинчилиги оқибатида йўқ қилиб юборилганлиги туфайли темурийлар даврида туркий халқларнинг шонли тарихи, тили ва қадриятларини тиклаш жуда қийин кечган. Ҳатто Темур саройида туркий тилнинг давлат тили даражасига олиб чиқиш ишлари охирига етказилмай қолган. Шундай бир шароитда Алишер Навоий ўз олдига турк-ўзбек тили мақомини тиклаш мақсадини қўйди.

Навоийнинг адабиётшунос сифатидаги тадқиқотлари туркий ва форсий адабиётни ривожлантиришда фавқулодда аҳамиятга эга бўлди. У “Мезон ул-авзон” асарида аруз тизимини тартибга солган бўлса, Шарқ шеъриятининг муаммо, қасида каби ХV асрга келиб деярли унутилаёзган жанрларини тиклашга алоҳида эътибор берди.

Алишер Навоий фақат шоир эмас эди. У темурийлар давлати тарихида алоҳида ҳурмат билан эсланадиган машҳур давлат арбоби ҳамдир. Навоий бутун онгли ҳаётини туркий халқларнинг нуфузини, миллий ор-номус ва миллий ўзига хослигини қайта тиклашга сарфлаган буюк ватанпарвардир. Навоий туфайли дунё халқлари туркона маданият ва маънавиятга алоҳида эҳтиром кўрсата бошлаганлар. Ҳазрат Навоий ўзининг ҳаётини халқимиз илм-фани ва санъатини ривожлантиришга, юрт равнақи, халқ ва миллатнинг тинч-тотув яшаши ҳамда давлат қудратини мустаҳкамлашга бағишлади. Султон Ҳусайн Бойқаро ул зотни “Мамлакат устуни, давлат таянчи” деб бежиз атамаган. Навоийдаги бағрикенглик, адолатлилик, донолик, сиёсатдонлик ва фуқаролар ғамини ейиш фазилатлари Султонга давлатни адолатли бошқаришда яқиндан ёрдам берган. Шунинг учун ҳам Султон Навоийни дўст сифатида чексиз улуғлади ва қадрлади. Ҳар қандай шароитда ҳам уни ёнидан узоқлаштирмасликка ҳаракат қилди. Уларнинг бирга бўлиши давлатни мустаҳкамлаш, адолат ўрнатиш, ҳар соҳада, тил, маданият, санъат, илм-фан соҳаларини ривожлантириш билан бирга давлатнинг мудофаа қудрати, халқаро обрў-эътиборини оширишга хизмат қилди. Ҳазрат Навоий гарчи ҳаётининг мазмунини ижод қилишда деб билса ҳам, давлат ва халқ манфаатини ўйлаб, халқ осудалиги йўлида Султон ёнида туриб муҳим давлат ишларини бажарди. Навоий Амири кабир – Бош вазир сифатида узоқ йиллар давлат бошқарувининг энг муҳим ва нозик бўғинларида, суд-адлия, ички ишлар, солиқ тизими, ташқи дипломатик алоқалар, ички низолар, чегара муаммолари, умумхалқ йиғинлари ва тадбирларида давлат ва халқ манфаатларини уйғунлаштирди ва ҳимоя қилди. Ҳазрат Навоий давлат хизматини мансаб-обрў учун эмас, балки миллат қадриятларини тиклаш, бутун дунёга тан олдиришдек улкан вазифани амалга ошириш учун бир имконият ва восита деб билди.

Мазкур китобда Алишер Навоийнинг таржимаи ҳоли энг қадимий, илк манбаларда берилган маълумотлар асосида ёритилди. Муаллифнинг илгари эълон қилинган мавзуга доир тадқиқотларида ХV асрнинг II ярми ХVI асрнинг бошларидан то ХХ асргача яратилган қўлёзма манбаларидаги Алишер Навоийга оид янгидан топилган манба ва маълумотлар илмий таомилга киргизилиб, навоийшуносликка шу кунгача маълум маълумотларнинг асл ҳолати ўрганилган, уларни қиёсий типологик-текстологик таҳлилдан ўтказиш орқали ХХ асргача бўлган даврда яратилган манбалардаги маълумотларнинг илк маълумотлардан тафовут қилиш, фарқ қилиш даражаси аниқланган эди.11
  Қаранг: Сирожиддинов Ш. Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий – топологик, текстологик – таҳлили – Тошкент:»Академнашр». 2011.


[Закрыть]

Навоий даври манбаларидаги маълумотларни қиёсий типологик-текстологик жиҳатдан ўрганиш бир томондан, кейинги давр маълумотларининг бирламчи манбалардаги маълумотларга мослиги ёки аксинча, тўқимасига асосланган томонларини аниқлаб берган бўлса, иккинчи томондан, Навоий ҳаёти ва фаолиятининг ёритилиш даражаси, муаллифларнинг услубий ўзига хосликларини кўрсатиб берди. Худди шу жараёнда илк маълумотларни ХVI–ХIХ асрларда яратилган иккиламчи манбалардаги маълумотлар билан типологик-текстологик жиҳатдан қиёслаб бориш, уларнинг асримизгача ўзгаришга учраб келиш сабаблари ва йўлларини аниқлаб беришга имкон яратди. Кейинги даврлар манбалари муаллифларини Навоий ҳаёти ва фаолиятининг қайси жиҳатлари кўпроқ қизиқтирганлигини ва бу эса, ўз навбатида, уларнинг Навоий шахсиятига бўлган индивидуал ва субъектив қарашлари моҳиятини очиб берди.

Шунингдек бу китобда муаллифнинг олдин эълон қилган ишларига айрим сабабларга кўра киритишнинг иложи бўлмаган, шунингдек, аниқлаштирилиш нуқтаи назаридан қўшимча изланишни талаб қилган янги маълумотлар қўшилиб, ихчам кўринишда тақдим этилди.

БИРИНЧИ ҚИСМ АЛИШЕРНИНГ ЁШЛИГИ
(1441–1469)

Навоийнинг ота-боболари ҳақида

Алишер Навоий ҳижрий 844 йил рамазон ойининг 17-кунида (1441 йил 9 февраль) Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзо ҳукмронлиги даврида Ҳиротда туғилди22
  Хондамир томонидан ёзилган “Равзат ус-сафо” асарининг охирги жилди хотимасида Алишер Навоийнинг Ҳиротда туғилгани қайд этилган. Батафсил маълумот учун қаралсин: Сирожиддинов Ш. ХV–ХVI асрлар тарихий ва тазкира-эсдалик асарларида Алишер Навоий ҳаёти ва фаолияти талқини. – Самарқанд: Зарафшон, 1997 йил, 21– бет. Фурсатдан фойдаланиб, мендан ўтган бир хатолик ҳақида эслатишим ўринли. 2019 йил “Маънавий ҳаёт” журналида чоп этилган “Навоий Ҳиротда туғилганми?” номли бир мақоламда Навоий Совада туғилган бўлиши мумкин деган илмий фаразни ўртага ташлаган эдим. Гап шундаки, Хондамир қаламига мансуб “Равзат ус-сафо” еттинчи жилди ва “Хулосат ул-ахбор” Навоийга бахшида этилган. Унинг учинчи асари – “Ҳабиб ус-сияр” анча йил ўтиб тугалланган бўлиб, бу асарга сафавийлардан бўлган Ҳирот ҳокими Ҳабибуллоҳ Соважий ҳомийлик қилган. Бу асарларнинг хотима қисмлари жуда ўхшаш. Хондамир олдинги икки асарида Навоий номини тилга олиш одобдан саналмагани учун турли эпитетлар қаторида соҳибдавлат атамасини ишлатган. Шу атама “Ҳабиб ус-сияр”да совалик Ҳабибуллоҳ Соважийга нисбатан ҳам қўлланган. Унда “Соҳибдавлатнинг туғилган ери Совадир” деган жумла мавжуд. Навоийга бағишланган конференция учун мақола тайёрлаш жараёнида қўлимдаги хотималарнинг фотонусха варақлари аралашиб кетиб, шошилинчда унинг Совада туғилгани ҳақидаги қайд Навоийга алоқадор деб тушунганман.


[Закрыть]
. Унинг аждодлари Амир Темурнинг донишманд маслаҳатчиларидан бўлиб, шаҳзода Умаршайх Мирзонинг мураббийси бўлган. Чунончи, тарихчи Абдураззоқ Самарқандий “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” асарида шундай ёзади: “…Амир Алишердирким, қадим замонлардан унинг мукаррам боболари ва аждоди олий амирлар қаторидан жой олган эдилар. Умаршайх Мирзо ибн Амир Темур даврида уларнинг ҳаёти лавҳига кўкалдошлик бахти эътибор қалами билан ёзиб қўйилган эди”33
  Матлаи саъдайн (1), 331а . Форс тилидан муаллиф таржимаси. Китобда келтирилган барча таржималар муаллифга тегишлидир. Бошқага тегишли бўлганда таржимон исми кўрсатилади.


[Закрыть]
. Ушбу асар ҳижрий 872 (мил.1467–1468)–874 (1469–1470) йиллари орасида ёзиб тугатилган ва ҳижрий 875 (мил. 1470) йили муаллиф уни яна давом эттириб, ўша йилнинг сафар ойида (1470, август) рўй берган воқеаларни ҳам қўшган.44
  Ўша қўлёзма, 331а.


[Закрыть]
Асарнинг навоийшунослик учун икки аҳамиятли жиҳати бор. Биринчидан, у Алишер Навоий номини тарихда биринчи бор ёзма қайд этган манба ҳисобланади. Шунинг учун унда акс этган Навоий ҳаётига алоқадор маълумотлар тарихий факт сифатида муҳим. Маълумотлар қисқача ахборот тарзида келтирилса ҳам улуғ мутафаккир ҳаётини ўрганишда катта аҳамият касб этади. Иккинчидан, асар Навоий назорати остида якунланган. Демак, Навоий ўзи ҳақидаги қайдларни кўрган. Маълумотнинг ниҳоятда қисқа берилишига қараганда Навоийнинг ўзи шуни маъқул кўрган бўлиши мумкин. Текширишлар натижасида Алишер Навоий даврида яратилган турли жанрларга мансуб асарларнинг бирортасида ҳам улуғ амирнинг ота-боболари ҳақида етарли маълумот берилмаганига ишонч ҳосил қилдик. Давлатшоҳ Самарқандий ўз тазкирасида Навоийнинг отаси тўғрисида жуда қисқа тўхталади. “Навоийнинг отаси Абулқосим Бобурнинг ишончли кишиси – Чиғатой улуси улуғларидан эди”, дейиш билан кифояланади. Айни пайтда у Навоийнинг отаси ҳарбий бўлганини таъкидлаб ўтади55
  Давлатшоҳ Самарқандий, 370.


[Закрыть]
.

Шуниси таажжублики, Навоий ҳаётлик пайти ва унинг ҳомийлигида яратилган барча асарларда Навоийнинг ота-боболари борасида юқоридаги маълумотларга қўшимча бўладиган факт йўқ. Ҳатто Навоий буюртмасига асосан ёзилган тарихий асарлар – “Равзат ус-сафо” ва “Хулосатул-ахбор”да ҳам учрамайди. Бу, ўз навбатида, Амир Алишер ўз замондошларига ота-боболари ҳақида ёзишга рухсат бермаган деган фикрга олиб боради. Алишер Навоийнинг ўзи ҳам ота-боболари ҳақида деярли маълумот қолдирмаган. Бир-икки умумий маълумотларни ҳисобга олмаганда, албатта. “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг муқаддимасида “ота-отадин етти пуштға дегинча бу рафиъ дудмоннинг (Ҳусайн Бойқаро сулоласининг) бойири бандаси (синалган қадимий қули) ва бу васиъ остоннинг (даргоҳ, эшикнинг) мавруси туғмаси (сулолавий туғишгани), яъни бу хоназоданинг (Ҳусан Бойқаронинг) хонаводаси (ичкиси, оила аъзоси), бу хонаводанинг (сулоланинг) хоназодаси (уйида туғилган қули)” деб ўзи ва ота-боболарининг темурийлар хонадонига қариндошлик даражасида яқин бўлганини таъкидлаб ўтган66
  Бадоеъ ул-бидоя,17.


[Закрыть]
. Шунингдек, “Вақфия” асарида “бу хоксорнинг ота-обоси ул ҳазратнинг (Султон Ҳусайн Бойқаронинг – Ш.С.) або ва аждоди хизматларидаким ҳар бири салтанат конининг гавҳари ва шужоат бешасининг ғазанфари эрдилар-улуғ маротибға сазовор ва бийик маносибға комгор бўлғон эрдилар”, дея77
  Вақфия,166.


[Закрыть]
ўзининг насл-насабига ишора этган. Отаси ҳақида эса мавзу талаб қилган жойда бироз сўз юритишга мажбур бўлган жойлари мавжуд. Масалан, “Мажолис”да Мир Шоҳий номли шоир жасади Астрободдан ватани Сабзаворга олиб келинган пайтда унинг отаси бу ерда ҳукумат ишларига бошчилик қилиб турганлигини айтиб ўтади88
  Мажолис, 27.


[Закрыть]
. Унинг қанча пайт ҳокимлик қилгани ва Сабзавордаги ҳаёти ҳақида бошқа маълумот келтирмаган. Аммо негадир бирон-бир асарида ота-онаси исмларини тилга олмайди. Фақат тоғалари Мир Саид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибий ҳамда укаси Дарвишали ҳақида “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида бир оз тўхталади, у ҳам бўлса тазкира талаби нуқтаи назардан жуда қисқа берилган99
  Мажолис, 66-120.


[Закрыть]
.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Амир Алишернинг ота-боболари билан боғлиқ маълумотлар фақат шоир вафотидан кейин ёзилган асарларда учрайди. Масалан, Навоий давридаги манбаларда бир овоздан Амир Алишернинг ота-боболари олий амирлар қаторида бўлганлари таъкидланган бўлса-да, Мирзо Ҳайдар Дўғлотнинг ҳижрий 951 (мил. 1544–1545) йил ёзилган “Тарихи Рашидий” асарида унинг келиб чиқиши ҳақида бошқача маълумот берилган. Жумладан, унда “Навоий асли уйғур бахшиларидан эди” деб таъкидланган1010
  Тарихи Рашидий,121б.


[Закрыть]
.

Семенов Навоий ва Ҳусайн Бойқаро муносабатларига доир мақоласида “бахшилар-девон, маҳкама ходимлари” деб қуруққина тушунтириш билан чекланса, Т.Султонов ўз тадқиқотида бошқа бир муносабат билан Абулғози Баҳодирнинг таърифи ва В.В.Бартольднинг хулосасига асосланиб, бахши-котибларнинг мавқеи ва вазифалари ҳақида анча тушунтириш беради: “…Уйғур халқи орасида саводхон кишилар кўп бўлган. Улар ёзув-чизувларни яхши олиб боришар ва девон ҳисоб-китобларини яхши билар эдилар. Чингизхон сулоласи даврида Мовароуннаҳр, Хуросон ва Эронда девон ва маҳкама ходимларининг барчаси уйғурлардан эди. Уйғур ҳарфи билан ҳужжат тўлдирадиган Туркистон хонларининг котиблари ва амалдорларига нисбатан асл маъноси будда руҳонийларини англатувчи “бахши” (санскритча “бхикшу”) истилоҳи қўлланар эди. В.В.Бартольднинг тахминича, “мазкур котиблар чиғатой хонлари даргоҳида мусулмон маданияти вакилларидан кўра тахтга яқинроқ турганлар ва тарихий воқеаларни зикр этиб бориш тамоман уларнинг қўлларида бўлган”1111
  Памятники…104-105.


[Закрыть]
. Тарихчи олим Чингизхон даврида бутпараст уйғурлар дини жиҳатидан мўғулларга, тили жиҳатидан эса Марказий Осиё халқларига яқин бўлганликлари учун мўғул хонлари улардан унумли фойдаланганлар ва табиийки, уйғурлар мусулмонлардан кўра мўғулларга яқинроқ ҳисобланганлар, деб хулоса чиқаради. Мўғуллар истилосининг дастлабки даврларида балки шундай бўлгандир. Жаҳонгир Амир Темур Кўрагоннинг тарихи ёритилган “Зафарнома”да Шарафиддин Али Яздий ёзув-чизув ишларини олиб борувчи кишиларни “бахшиёни турк” деб атаган1212
  Зафарнома, 99б.


[Закрыть]
. Бундан маълум бўладики, Темур саройида ёзув-чизувларни асосан маҳаллий миллатга мансуб котиблар олиб боришган. Бироқ котиб ўрнида бахши сўзини ишлатиш мўғул хонларидан анъана бўлиб қолгани сабабли ҳар икки атама бир маънода қўлланган. Демак, Темур даврида котибларни бахши номи билан аталишига анъана деб қараладиган бўлса, унда Мирзо Ҳайдар Навоийни “Уйғур бахшиларидан” деб атаётганида унинг миллатини эмас, балки аждоди сарой котибларидан бўлганлигини айтмоқчи эканлиги маълум бўлади1313
  Семенов 1960, 238; Subtenly (2),800.


[Закрыть]
. Шу нарсага эътибор қилиш керакки, бу маълумот Мирзо Ҳайдар асаридан бошқа XV–XVI аср бошида яратилган бирор-бир манбада учрамайди. Навоий билан шахсан таниш бўлган тарихчилар ва олиму ижодкорларнинг бундай маълумот бермаганликлари туфайли Мирзо Ҳайдар маълумотига эҳтиёт бўлиб ёндашиш талаб этилади. Иккинчидан, Мирзо Ҳайдар Навоийнинг вафотидан сал илгарироқ, яъни ҳижрий 905/1499–1500 мил.) йили Тошкентда туғилган. Умрининг асосий қисми Кошғарда ва охири Ҳиндистонда ўтган. Унда Навоий ҳақидаги маълумотларни улуғ шоирни шахсан таниган кишилардан олиш имконияти йўқ эди. Ҳатто умрининг охирини бобурийлар саройида ўтказган Хондамир ҳам Мирзо Ҳайдарнинг Ҳиндга келишидан тахминан етти йилча илгари вафот этиб кетган эди. Шундай бўлгач, Мирзо Ҳайдар баҳс этилаётган мавзу бўйича ўз маълумотларини қайта текшириб кўриш имконига эга эмас эди. Учинчидан тарихий асар яратилиш жараёнида муаллиф баъзида ёзма манбаларга эмас, балки узунқулоқ гапларга таяниб, уларни факт сифатида қайд этганлиги фанга маълум. Тарихчи олим Т.Султонов XV–XIX асрларда яратилган тарихий асарлар мазмунига бағишланган тадқиқотида таъкидлашича, Мирзо Ҳайдар ҳам кўпгина ўринларда шу йўлдан борган1414
  Памятники…192.


[Закрыть]
.

Навоийнинг ўзи ота-боболари темурийлар салтанатида “Улуғ маротибға сазовор ва бийик маносибға комгор бўлғон эрдилар” деган экан, биринчи навбатда унинг ўзига ишонмоқ керак. Мирзо Ҳайдарникига ўхшаш хулоса кейинги асрларда яратилган айрим манбаларда ҳам учрайди. Жумладан, “Баҳр ул-асрор фи маноқиб ал-ахйор” (XVII аср, Балх), “Том ут-таворих” (1598 йил, Бухоро), Фаҳмийнинг “Тазкират уш-шуаро” (XIX аср, Самарқанд), Садр Зиё тазкирасида (XX аср, Бухоро) ҳам қисқа тарзда “Амир Алишернинг аждодлари уйғур бахшиларидан” деган қайд мавжуд1515
  Баҳр ул-асрор,160а; Тазкираи Фаҳмий, 36а.; Садр Зиё, Баёз. 20а; “Том ут-таворих”даги маълумот А.Ҳайитметовнинг мақоласидан олинди. Қаранг: Ҳайитметов 1974 (2),184.


[Закрыть]
. Эътибор берилса, ушбу бир хил маълумот фақат Ўрта Осиёда яратилган манбаларда учрамоқда. Шуниси қизиқки, “Тарихи Рашидий” асарини чуқур ўрганган тарихчи Т.Султонов ҳам унинг нусхалари Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистондан ташқарида, хусусан, Яқин Шарқда тарқалмаганлигини алоҳида таъкидлаган. Амир Алишернинг “бахши”лардан эканлиги ҳақидаги кейинги даврларда учраган маълумотлар Мирзо Ҳайдар асаридан олинган дейиш мумкин.

Хондамирнинг тарихга оид “Ҳабиб ус-сияр” асарида (1524 йил тугатилган) биринчи марта Навоий отасининг исми зикр этилади. Унда қайд этилишича, шаҳзода Мирзо Султон Иброҳим б. Алауддавла б. Бойсунғур б. Шоҳрух Мирзо Самарқанд ҳукмдори Абу Саъид Мирзо ҳузурига элчилар юборилганда уларга ҳамроҳлик қилиш Амир Алишернинг отаси Ғиёсиддин Кичкинага топширилган1616
  Ҳабиб ус-сияр, 570а.


[Закрыть]
. Мирзо Ҳайдар Дўғлот ҳам “Тарихи Рашидий” асарида унинг отаси номини Амир Кичкина тарзида келтиради1717
  Тарихи Рашидий,121б .


[Закрыть]
.

Навоий вафотидан кейин 1521–1522 йилда ёзилган Фахрий Ҳиротийнинг “Латоифнома”сида шундай келтирилади: “Мирнинг таржимаи ҳолидан хабардор мўйсафид тарихчилар ва тўғри сўзли дунё кўрганлар ўз асарларида шундай келтирадиларким, Мирга амирлик мансаби меросийдур. Унинг отаси Амир Кичкина султон Абу Саъиднинг хизматида эди (гап Абу Саъид Мирзо Хуросон тахтини эгаллаган 1457 йилдан кейинги давр ҳақида кетмоқда – Ш.С.). Гарчи муҳру мансаби бўлмаса ҳам катта ҳурматга эга эди. Она томонидан бобоси Амир Шайх Абу Саъид Чанг Мирзо Бойқаро хонадонида Амир ул-умаро эди. Мир ўн ёшлигидан Бобур Мирзо хизматида бўлиб, (султон) уни фарзандидек кўрарди. Мир замон султони (Ҳусайн Бойқаро) билан мактабда ҳамсуҳбат ва ҳамсабоқ эди. Улар қачон бошларига бахт қуши қўнса, бир-бирларини унутмасликка аҳду паймон боғлашган экан”1818
  Латоифнома,133.


[Закрыть]
.

Тазкира муқаддимасидаги ишорага қараганда, у мазкур маълумотларда кимгадир суянган. Балки Фахрий бизга етиб келмаган қандайдир манбага асослангандир. Бу бизга қоронғи. Шундай бўлса ҳам нега Навоийнинг она томонидан бобоси исмини кўрсатиб, ота томонига эътибор бермаганлиги таажжубланарли бўлиб қолмоқда. Бу эса Хондамир асарларидаги маълумотлар руҳиятига, шунингдек, Навоий ўзи айтган “ота-отадин” деган эътирофига мантиқан боғланмайди. Абу Саъид Чангни она томонидан деб кўрсатилиши, эҳтимол, котиблар хатоси бўлиши мумкин. Шунингдек, Е.Э.Бертельс ёзади: “Алишернинг бобоси Абу Саъид Чанг Бойқаронинг Қандаҳордаги қисқа даврли ҳукумати пайтида унинг девонида амир эди1919
  Бертельс, 1965, 25.


[Закрыть]
. Қандаҳорда амир бўлганини Е.Бертельс қаердан олганини аниқлаб бўлмади. Аммо Е.Бертельснинг Қандаҳор билан боғлиқ тахминида жон бор. Агар биз Ҳусайннинг бобоси Бойқаро Муҳаммад тарихига назар ташласак, қизиқ маълумотларга дуч келамиз.

Мирзо Бойқаро ҳақида

Мирзо Бойқаро Амир Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх Мирзо2020
  Амир Темурнинг 4 нафар ўғли бўлган: Муҳаммад Жаҳонгир (1377–1378 йилларда вафот этган), Умаршайх Мирзо (1354–1394), Мироншоҳ Мирзо (1366–1408) ва Шоҳрух Мирзо (1377–1447). Умаршайх Амир Темурнинг Тўлин Оқо исмли иккинчи хотинидан туғилган.


[Закрыть]
ва андижонлик зодагон Хизр Ўғлоннинг қизи Мулкат Оқодан туғилган бўлиб, Амир Темур вафот этганда 12 ёшда, акаси Искандар 21 ёшда бўлган2121
  Зафарнома, 491б


[Закрыть]
. Шундай қилиб Бойқаронинг туғилган йилини тахминан 1392-1393 йиллар қилиб белгилаш мумкин. Бироқ унинг акаси Искандар Мирзонинг таваллуд санаси аниқ қилиб ҳижрий 786 (мил.1384) йил экани айтиб ўтилган. Умаршайх, асосан, Андижонда яшаб империянинг шимоли-шарқий ҳудудларини бошқарган. Чунки Амир Темур ҳижрий 773 (мил.1371–1372) йил Андижонни забт этганда уни 17 ёшли Умаршайхга топширган эди2222
  Натанзий, 114; 191-192.


[Закрыть]
. Самарқандда яшаган давридаёқ Умаршайх уйланган бўлиб, биринчи хотинидан Пир Муҳаммад ва Рустам исмли ўғиллари бўлгани тарихий манбаларда қайд этилган. Ҳижрий 794 (мил.1392) йилда Амир Темур Эронга юриш қилади. Умаршайх ҳам у билан бирга кетади. Темур ҳ. 795 (мил.1392) йилда музаффарийларни мағлуб этиб, Форс (пойтахти Исфаҳон) мамлакатини эгаллайди. Форс мамлакати шаҳзода Умаршайх Мирзо бошқарувига топширилади2323
  Зафарнома, 234б ; 239б


[Закрыть]
. Шу пайтдан бошлаб темурийлар ҳозирги Афғонистон ва Эрон ҳудудларида мустаҳкам ўрнашадилар. Умаршайх Шерозни ўзининг пойтахтига айлантиради. Умаршайх шундан сўнг оиласи ва ёш болаларини олиб келиш учун ўз одамларини Андижонга юборади2424
  Натанзий, 199.


[Закрыть]
. Амир Темурнинг Яқин Шарқдаги навбатдаги 5 йиллик уруши ҳижрий 794 (мил.1392) йилда бошланганлиги2525
  Зафарнома, 224б


[Закрыть]
инобатга олинса, Умаршайхнинг оиласи ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан Эрон ерларига кўчганда Искандар Мирзо тахминан 9-10 ёшлигида, Бойқаро Мирзо эса эмизикли ёшда бўлган, дейиш мумкин.

Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Умаршайх Шерозда бир йил турган ва кейин Амир Темур томонидан Сурия йўлидаги Диёрбакирга кўмак учун чақиртирилган2626
  Зафарнома, 253а


[Закрыть]
. Умаршайх тўнғич ўғли Пирмуҳаммад билан отасининг ёнига жўнаб кетади, ҳокимиятни эса иккинчи хотини Мулкат Оқодан туғилган ўғли Искандар Мирзога топширади. Бу пайтга келиб, 40 ёшда бўлган Умаршайх ҳижрий 796 (мил.1394) йилнинг рабиъ ул-аввал ойида тўсатдан Курдистондаги Мухтасрий қалъаси деворлари ёнида минорадан отилган ўқдан ҳалок бўлади2727
  Зафарнома, 253б


[Закрыть]
. Соҳибқирон фармонига биноан у Шероздаги Аряти қабристонига дафн қилинади, кейинчалик эса жасади асл ватани Шаҳрисабзга кўчирилади. Яздийнинг ёзишича, унинг аёллари Севинч Қутлуғ, Мулкат Оқо ва Бека Мулк Оқо ҳамда унинг фарзандлари, жумладан, Искандар Шерозда қолдирилади2828
  Зафарнома, 254б


[Закрыть]
.

Форс мамлакатини бошқариш Умаршайхнинг катта ўғли 24 яшар Пирмуҳаммадга топширилади2929
  Шу манба, 254а


[Закрыть]
. Унинг укаси Рустам Мирзога Ажам Ироқи (пойтахти Исфаҳон) топширилади. Мулкат Оқодан туғилган Искандар Ҳамадоннинг ҳукмдори этиб тайинланади. Табиийки, ўша йиллар қоидасига кўра, Мулкат Оқо кичик ўғли Бойқаро билан Искандар ҳомийлиги остида яшайди. Орадан кўп ўтмай, Амир Темур келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган сиёсий бўлинишнинг олдини олиш мақсадида бева Мулкат Оқони кичик ўғли Шоҳрух Мирзога никоҳлашга қарор қилади3030
  Матлаи саъдайн (2), 2-қисм,104.


[Закрыть]
. Бойқаро Искандарнинг ёнида қолади, онаси эса Ҳиротга кўчиб ўтади. Тез орада, яъни 1395 йилда Мулкат Оға ўғил туғади, унга Суюрғатмиш Мирзо деб ном қўйилади.

… Амир Темур вафотидан сўнг шаҳзодаларнинг тахт учун курашлари бошланиб кетади. Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ 1408 йилда Қора Қўюнлу туркманлар билан тўқнашувда ҳалок бўлади. Озарбайжон ва Ажам Ироқи ерлари туркманлар қўлига ўтади. 1410 йилда суиқасд натижасида Умаршайхнинг катта ўғли Пирмуҳаммад ҳам вафот этади. Шероз Искандар тасарруфига ўтади. У укаси Бойқаро билан бирга Ҳамадондан Шерозга кўчиб ўтади. Сал ўтмай, Искандар Озарбайжон ва Ироқни қайтариб олишга муваффақ бўлади. Искандар Мирзо Форс ва Ажам Ироқини мустақил бошқара бошлайди. Шоҳрух Мирзо фармони билан (эҳтимол Мулкат Оқо ташаббуси биландир) 1412 йилда Бойқаро Ажам Ироқига ҳукмдор этиб тайинланади. Унга Ҳамадон, Вуружу, Нахованд ва Луристон ерлари топширилади. Навоийнинг бобоси Абу Саъид Бойқаро хонадонида Амир ул-умаро лавозимида фаолият кўрсатганлиги ҳақидаги Фахрий Ҳиротий маълумоти шу даврга тааллуқли бўлса керак3131
  Латоифнома, 133.


[Закрыть]
. Айни маълумотни қолдирган Сом Мирзо Навоийнинг бобоси исмини Абу Саъид Бек деб келтиради.3232
  Туҳфаи Соми, 167а .


[Закрыть]
Бундан шундай хулоса чиқадики, Абу Саъид Бек Мирзо Бойқарога жуда ҳам яқин инсон бўлган. Ҳатто тахминимизча, айни Абу Саъид Бойқаро Мирзога эмикдош-кўкалдош бўлган бўлиши мумкин ва шу жиҳатдан Бойқаро қаерда яшамасин, у билан бирга бўлган.

1413 йили Искандар Шероздан Исфаҳонга ўтади ва у ерни ўз пойтахтига айлантиради. Ҳижрий 817 (мил.1414) йили Искандар Мирзо Шоҳрухга бўйсунмай қўяди, жаҳли чиққан ҳукмдор лашкар жўнатиб Исфаҳонни қамал қилади. Искандар таслим бўлади. Шоҳрух Искандарни ҳибсга олиб, Исфаҳонни Рустам Мирзога, Шерозни эса невараси Иброҳим султонга топширади. Искандар укаси Бойқаро Мирзони Шоҳрух қарорига қарши чиқишга ундайди. 1415 йили Бойқаро Иброҳим Султонни Шероздан қувиб чиқаради. Шоҳрух ғазаб билан Шерозга бостириб боради ва Бойқаро Мирзони шаҳзода Қайду Мирзо бошқараётган Қандаҳорга сургун қилади3333
  Матлаи саъдайн, 298.


[Закрыть]
. Айтиш керакки, бу ерда сургун маъносини қамаб қўйиш, зиндонга ташлаш эмас, балки темурий шаҳзодани чекка ўлкаларда яшашга мажбур қилиш билан жазолаш деб тушуниш керак. Бойқаро Қайду Мирзо билан Қандаҳорни бирга бошқарган. Бойқаро Қандаҳорда икки йил, 1415 йилдан 1417 йилгача яшайди. У ерда икки темурийзода: Қайду Мирзо ва Бойқаро Мирзо ўртасида юзага келган келишмовчилик аста-секин катта можарога айлангани туфайли Шоҳрух Мирзо ҳижрий 820 (мил.1417) йил Бойқаро Мирзони Қандаҳордан Самарқандга сургун қилади3434
  Матлаи саъдайн, 327.


[Закрыть]
. Бойқаро Мирзонинг кейинги тақдири номаълум ва ҳеч бир тарихий манбада қайд этилмаган. Шу ерда Е.Бертельснинг Қандаҳорда Навоийнинг бобоси Бойқаро амири бўлган деган тахминини тасдиқлашимиз мумкин. У ҳам Бойқаронинг энг яқин кишиси ва садоқатли мулозими сифатида Қандаҳорга келган бўлиши мумкин.

Мир Алишер наздида Шоҳрух ҳукмдорлиги даврида исёнкорлиги учун қаттиқ жазоланган ва нонкўрликда айбланган Бойқарони тарихий асарларда оқлаш ва айни чоғда унинг яқин сафдоши бўлган ўз бобоси билан фахрланишнинг иложи йўқ эди. Темурийлар тарихига соя туширмаслик тарафдори бўлган Мир Алишернинг Бойқаро хонадони ва ўз ота-боболари исмларини тилга олмай ўтишининг сабаби шу билан изоҳланиши мумкин.


Страницы книги >> 1 2 3 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации