Текст книги "АСАРЛАР (III жилд)"
Автор книги: Сирожиддин Саййид
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
Шоберди бахшига
ШОИР ВА ШОФИР
Ўтар дунё – биз меҳмон,
Ҳар гиёҳдан тердик дон.
Биринг тансан, биринг – жон,
Баринг бўлгин қадрдон.
Ўтар дунё – биз меҳмон,
Ҳар гиёҳдан тердик дон.
Элинг омон бўлганда,
Юртинг ҳам бўлар қўрғон.
2006
(Т.А.га тезайтиш ҳазил)
ХИЗМАТ ҲУДУДИДАН ТАШҚАРИДА
Менга шоир керак эмас –
Шоирим ҳам ўзимман.
Менга шофир керак эмас –
Шофирим ҳам ўзимман.
Шоири йўқ шофирларнинг
Шоири ҳам мен ўзим.
Шофири йўқ шоирларнинг
Шофири ҳам мен ўзим.
2007
МУСОФИРЛАР
Ўтди майсалик ҳам, ўтди лолалик,
Не хатлар умрнинг нақшларидадир?
Йилларга сим қоқсам – олис болалик,
Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
Қолмиш адирларда гўзал чоғларим,
Не ранглар далаю даштларидадир?
Энди қўзиларим, қўзичоқларим
Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
Кўклам келаётир – само ҳам, ер ҳам
Селлар, чақинларнинг машқларидадир.
Тошқин пайтларимга қайтайин десам,
Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
Бир хил айланади замину замон,
Ҳиндми ё Хитонинг Қашқаридадир.
Менга зурур бўлган энг тиниқ армон
Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
Боғланолмай қолдим бойчечакларга,
Севгимми – кўнгилнинг ғашларидадир.
Бугун интиқ бўлсам қай чечакларга –
Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
Йигитлик тулпори илдамлаб чопса,
Вақтим – шиддатлари, шаштларидадир.
У ҳам эрта-индин қирлардан ошса –
Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
Ҳаёт янграйверсин, айласин давом,
Гарчи севинчлари, ашкларидадир.
Меҳру муҳаббатга бўлмасин жавоб:
Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
2007
ХАВОТИР
Қуёшдан маҳтобга бораётирмиз,
Сабоҳдан саҳобга55
Саҳоб (араб.) – булут
[Закрыть] бораётирмиз.
Яшамоқ аслида азоб чекмоқдир,
Азобдан азобга бораётирмиз.
Буюк вайронадир одамзот кўнгли,
Биз ўшал харобга бораётирмиз.
Баъзан умримизни кўп ҳисоб айлаб,
Кўп ёлғон ҳисобга бораётирмиз.
Кимлардир савобга чоғланиб чиққан,
Кимлардир саробга бораётирмиз.
Аслида ҳаммамиз энг улуғ Савол,
Энг улуғ Жавобга бораётирмиз.
2007
ЧЎПОН СЕВГИСИ
Қуллик ҳам қарамлик палла йўқолди,
Оқу сариқ, қизил, малла йўқолди.
Жаллодлар ўқ отган эди бир пайтлар,
Саллалар йўқолган эди бир пайтлар.
Қанча селу ёмғир, жала йўқолди,
Саллалар келдию – калла йўқолди.
Яъни мачитларинг босган хазонлар
Тўзди кетди бари – қайтди азонлар,
Жума намозларинг тўла айвонлар.
Лекин қандай қилиб, айтгин, инсонлар,
Шунча улуғ нурдан тола йўқолди –
Эгри йўллар аро бола йўқолди?
Фожиамас агар ғалла йўқолди,
Қўю қўзи, эчки – гала йўқолди.
Ўзбек, айланайин номингдан сенинг,
Қурган баланд-баланд томингдан сенинг,
Қасрингни бошингга кўтариб дод сол,
Ахир Ҳаё деган қалъа йўқолди.
Сенинг учун озод бўлди-ку ўлкам,
Омадинг кўркамдир,
Қоматинг кўркам,
Сенга ҳавас қилиб яшайман, укам.
Замон парвозига улгур, интил, ет,
Сенга қанот бўлар учқур интернет.
Фақат қалбинг аро лола йўқолди,
Китоб деган яшил дала йўқолди.
Тарақ-туруқлару
Даранг-дурунглар,
Қайга борсанг фақат пулдан гурунглар.
Узоқ яшанглар-ў,
Узоқ туринглар,
Ўзбек болалари, сергак юринглар:
Бугун энг қадимий ялла йўқолди,
Кўнгил бешигидан алла йўқолди.
2007
СОМОНЧИЛАР
Бир чопоннинг остида
Учрашдик биз ёр билан.
Не ишимиз бор энди
Бу дунёйи тор билан.
Уйимиз йўқ – чопонни
Уй қилсак ҳам бўлади.
Бир чопоннинг остида
Тўй қилсак ҳам бўлади.
2007
Ажабмас, эрта кун бир шоир укам,
Шеърлар ёзиб юрса Сомон йўлида.
Абдулла Орипов
БИР ҚАВМ
Устозлар Сўзда ҳам хокисор қулдек,
Тупроқдан излашган армонларини.
Бизлар ўзимизча забт этиб бўлдик,
Чангитиб шеърият осмонларини.
Сомон йўлларида юрибмиз, мана
Фалак буржларидан иржаймоқдамиз.
Кўкда Зуҳродан ҳам сўраб кўрмана,
Гоҳ ҳиринглаб, гоҳо тиржаймоқдамиз.
Тўлин ой агарчи бизга чой дамлаб,
Булутни тўшакка айлантиролдик.
Бизлар бир ҳолатда кетдик баландлаб:
Биз сўзни хашакка айлантиролдик.
Тупроққа қорганлар дил хирмонини,
Ердан олгандирлар шеърга ҳам ихлос.
Устозлар йиққанлар Сўзнинг донини,
Бизлар сомон ташиб юрибмиз, холос.
2007
ТУҒИЛИШ
Бизлар кунни
Бир лаҳзада тун қиламиз.
Ҳар қандайин иш бўлса –
Хуржун қиламиз.
Ҳар қандайин одамни
Маймун қиламиз,
Ўзимизни фақат биз
Мамнун қиламиз.
Ҳасад билан
Тутинганмиз ака-ука,
Фисқу фасод,
Риёни уйғун қиламиз.
Қўйларингиз кўпайса гар –
Гўшт бўлади,
Терисин ҳам шилиб
Яна жун қиламиз.
Тоғ сингари
Ҳар қандайин кўнгилни ҳам,
Сиқиб, эзиб
Сувини Жайҳун қиламиз.
Буғдойларин туйиб, янчиб
Ун қиламиз,
Ўз ҳолига
Ўзини тутқун қиламиз.
Худо бизга берса бўлди
Бир зўр шоир –
Бутун умр
Юрак-бағрин хун қиламиз,
Сўнгра унинг ўзини ҳам
Гум қиламиз.
2007
ТЕГИРМОНЧИ
Менинг шоир бўлишимни,
Киндик қоним тўкилган пайт –
Ер бағрига, ер қаърига,
Боболарим суягига
Пичирлаган минорларим.
Менинг шоир бўлишимни,
Қулоғимга илк бор азон ўқилган пайт –
Осмонларнинг чироғига,
Юлдузларнинг қулоғига
Шивирлаган чинорларим.
2007
«Биз – озгина боламизу…»
Тегирмончи, қора чопон тегирмончи,
Элнинг халта, қопларига
ўзинг чўпон, тегирмончи.
Тегирмонинг новларидан
сув оқади, сел оқади,
Эртаю кеч сенга томон эл оқади, эл оқади.
Одамларнинг юмушига ҳозир бобо, тегирмончи,
Ҳалол ризқдан доим топган ҳузур бобо,
тегирмончи.
Сенинг қора чопонларинг оппоқ унга беланади,
Тегирмоннинг ичидаги Хизр бобо, тегирмончи.
Айланади тегирмонинг,
Тегирмон тоши айланар.
Фалак ҳам бир тегирмондир,
Ою қуёши айланар.
Одамзот ҳам дондир дейсан,
Арпамидир, буғдоймидир –
Чархнинг тегирмони аро
Кексаю ёши айланар.
Кўкда қора булут кезса,
Дашту қирга жон бўлади.
Кўкда оппоқ булут кезса,
Буғдой пишиб, нон бўлади.
Мени дастиёр этганди, тегирмончи,
Отам буғдойга кетганди, тегирмончи.
Кута-кута соғинчларим ойга етди,
Болалигим сойга кетди.
Кейин у сойдан келмади,
Отам буғдойдан келмади, тегирмончи.
Шамолларда бошоқлари ер ўпиб эгилади,
Саҳарлари буғдойзордан отам ҳиди келади.
Самодаги сомонлар ҳам
обдон янчиб туйилгандай,
Сомон йўли – кўп ун сепиб қўйилгандай.
Ўтди-кетди асрми ё фаслмиди – Йигирманчи,
Тегирмончи қайга кетди, тегирмончи?
Қалдиратиб, гулдиратиб кенг осмонни,
Бир кечаси қалдироқлар
олиб кетди тегирмонни,
Юрагимдан юлиб кетди тегирмонни.
Йиллар ўтди. Селлар ўтди.
Кимлар унут, тегирмончи.
Осмонларга қарайман гоҳ:
Кезиб юрар оппоқ булут – тегирмончи.
2007
«Даланг сенинг болангдир…»
Биз – озгина боламизу…
Биз – озгина лоламиз.
Биров бола, яна биров
Лола бўлиб қоламиз.
Бир кун келар – сарғаяди,
Қовжирайди лоламиз.
Болалик ҳам кетар. Қолар
Кўксимизда ноламиз.
2007
БИР БУЛБУЛНИНГ АТРОФИДА
Даланг сенинг болангдир,
Боланг сенинг далангдир.
Ўзбекнинг даласи денг
Ўзбекнинг боласини.
Ўзбекнинг боласи денг
Ўзбекнинг даласини.
Кимлар калла ўстирар,
Кимлар салла ўстирар.
Ўзбек бола ўстирар,
Боғу дала ўстирар.
Мисли қалъа ўстирар
Қалбининг қалъасини.
Мен ҳам шу ер – палакдан
Ранг олган ҳандалакман.
Гоҳ тупроқ, гоҳ фалакман,
Ўхшатолмай ҳалакман
Ўзбекнинг боласига,
Дашти ҳам даласига
Шеъримнинг даласини.
2007
МУТОЛАА
Қайда бир булбул бўлса гар,
Билгилки майна бўлади.
У майнанинг ёнида ҳам
Бир-икки майна бўлади.
Яна кўп қарға бўлади,
Бир қарға дарға бўлади.
Қаердаким кўп қарғаю
Яна кўп майна бўлади –
Бир булбулнинг атрофида
Кўп чайна-чайна бўлади.
2007
Талабаларга
БАҲОР ҚЎНҒИРОҚЛАРИ
Сен ўқийсан жиддий, берилиб,
Нурланади, порлайди зеҳнинг.
Сен албатта одам бўласан,
Келажагинг порлоқдир сенинг.
Сени кутар энг ёруғ йиллар,
Тиззангдаги яхши китобдир.
Сени кўриб нега тўхтадим?
Менинг умрим энди шитобдир.
Ҳаётимда исмлар, дардлар,
Ҳижронларга шерик тунларим.
Ўқилмаган, сара, энг яхши
Китоблардир сенинг кунларинг.
Довонларинг нурдан ярқирар,
Осмонларинг бунчалар мовий.
Юрагингга уммон бўлиб ҳам
Осмон бўлиб кирар Навоий.
“Бобурнома” узра кечалар
Юракларинг шердай тўлғонар.
Бобур бўлиб, шоҳ шоир бўлиб
Ўсмир қалбинг қайта уйғонар.
Китоб сенга бир умрлик ёр,
Аро йўлда ташлаб кетмагай.
Кетар қанча боболаринг, лек
Бобораҳим Машраб кетмагай.
Усмон Носир қисматин ўқиб,
Армонларин чорлашларинг бор.
Чўлпон билан тонглар кўксида
Чўлпон бўлиб порлашларинг бор.
Менинг “Ўткан кунларим” ўтган,
Жумлалардай жимдир хотирим.
Идрокингнинг дарсхонасига
Қуёш бўлиб кирар Қодирий.
“Аввал ўқи!” Бу – Ғафур Ғулом,
Билим балқир боқишларидан.
Шеърлар кирар қалбингга энди
Тўполондарё тошқинларидай.
Эзгуликнинг йўллари оғир,
Боғларига найсон бўлгайсан.
Китоб ўқиб – ҳақиқий фарзанд,
Китоб ўқиб инсон бўлгайсан.
Ҳаёт ўзи мушкул китобдир,
Ҳаёт ўзи бергайдир таълим.
Ҳушёр бўл деб, билимдон бўл деб,
Боқиб турар Ойбек муаллим.
Бу дўст сени сотмас ҳеч қачон,
Ёнингдадир шом ва ё наҳор.
Бутун умр бошингда турар
Оқ булутдай Абдулла Қаҳҳор.
Улуғликка чорлагай доим
Улуғларнинг абадий ёди.
Юксалтиргай сени ҳам бир кун
Улуғ Ватан Адабиёти.
1983, 2007
ДАВОМИЙЛИК
Баҳор жилғаларни қўзичоқ қилар,
Дарахтларни бир кечада қўғирчоқ қилар.
Бойчечаклар бойчечакларга
Адирлардан адирларга қўнғироқ қилар.
Бир пайтлар мен шу қирларда кезар эдим,
Йўқолган қўзичоғимни излар эдим.
Баҳор дарахтларни қўғирчоқ қилар,
Бир кечада юрагимни қўзичоқ қилар.
Бойчечаклар қўнғироқ қилар,
Бинафшалар, қўзигуллар қўнғироқ қилар.
Мен яшадим баҳор кутиб
Сатрлардан сатрларга,
Тақдирлардан тақдирларга.
Менга бир қўнғироқ етади,
Қўзичоғим йўлга чиқар –
Тақдирлардан тақдирларга,
Адирлардан адирларга
Мени излаб кетади.
2007
ШОҲТУТ
Ғаламисдан ғаламис туғилади,
Каламушдан каламуш туғилади.
“Аҳмоқдан – чақмоқ…” деган гап гумондир,
Аҳмоқроғи туғилмоғи аёндир.
Бирор замон бундоқ ишни кўрганми –
Бирон қарға булбул туғиб берганми?
Гарчи бир хил дум билан ёллари бор,
Эшак билан хачирдан чиқмас тулпор.
Келтиргайлар қанча ранжу азоблар
Каззоблардан туғилган бу каззоблар.
Жилғалардан дарёлар бўлур пайдо,
Кир диллардан дарё чиқмагай аммо.
Муттаҳамлар баъзан бўлар муҳтарам,
Муҳтарамдир гарчи, асли – муттаҳам.
Уммонларнинг давомидир уммонлар,
Ўрмонлардан яралгайдир ўрмонлар.
Карвонлардан карвонлар туғилади,
Сарбонлардан давронлар туғилади.
Оллоҳ ўзи асрасин номардлардан,
Мардлар қолар бу дунёда мардлардан.
Ор-номуси, ғурурлари қолмишлар,
Алпомишдан туғилгай Алпомишлар.
2007
НИГИНА ВА АФСОНА
Ойбиби момомнинг яшил шоҳтути,
Яхшию ёмонга – бир, дилхоҳ тути.
Невараларига мевасин берган,
Соясини берган – оромгоҳ тути.
Момом шоҳтутига нигоҳбон эди,
Шоҳтут ҳам момомдай меҳрибон эди.
Унинг шохларида катта бўлдик биз,
Шохлардан нарёғи кўк осмон эди.
Тому боғчалари қирмиз, болалик,
Қўл-бет, ёқалари қизил, лолалик,
Биз ҳам шу шоҳтутнинг меваларидай
Ранг олиб улғайдик теварагида.
Бари бир кечада бўлди-ку тамом,
Бизни ташлаб кетди Ойбиби момом.
Кўрдик бу дунёнинг бўшаганини,
Шоҳтутнинг бир тунда букчайганини.
Кейин ариқларга сув келмай қўйди,
Буни биров билиб ё билмай қўйди.
Кейин шаҳарларга биз тарқаб кетдик,
Шоҳтут эмас, гўё биз қақраб кетдик.
Ою йиллар нима – тушдайгинадир,
Бошларингдан учар қушдайгинадир.
Энди келиб кўрсак – у азим шоҳтут
Бужмайган, кичрайган – муштдайгинадир.
Дарахт ҳам тирикдир одамзот билан,
Яшар, видолашар сўнг ҳаёт билан.
Мисли бир хотирот унут дунёдан –
Ўтиб бормоқдадир шоҳтут дунёдан.
Ойбиби момомнинг бетоб шоҳтути,
Бўлмиш гадойдан ҳам хароб шоҳтути.
Момомдан бизларга ёдгорлик эмас,
Бу дунёда қолган оҳу воҳ тути.
2007
МУТАРЖИМ
Балки олти ёшдир, балки етти ёш,
Бир-бирини кўрса – кўзларида ёш.
Ўтар олти ойми, ёки етти ой,
Бир-бирин қўйишга тополмагай жой.
Бири учиб юрар мисли капалак,
Бири – шириндан ҳам ширин ҳандалак.
Ширмой кулчадайин икки қизалоқ,
Икки бойчечакдир, икки қизғалдоқ.
Бири Истанбулдан келар соғиниб,
Буниси Тошкентда кутар орзиқиб.
Оллоҳ кўнгилларга сеҳр бермишдир,
Шу мурғак жонларга меҳр бермишдир.
Тириклик боғининг мўъжизалари,
Янгроқ қўнғироғи, куй, жилғалари.
Ҳаёт китобидан гўзал фасона,
Бири Нигинадир, бири – Афсона.
Булар сўйлашсалар – ғунча кулгандай,
Худди фаришталар суҳбат қилгандай.
Дунё ишларининг бари – бир тараф,
Буларнинг соғинчли бағри – бир тараф.
Бир-бирини қўмсаб, интилиб яшар,
Шулардан ўргансин дўстликни башар.
2007
Н.Комиловга
«Она, тўплаб чиқса – бардошларингиз…»
Ҳижрон бўлди менинг ошу ғизом, ака,
Дил биландир доим баҳсу низом, ака.
Мен қалб десам – қирқ чайқалиб, қирқ қалқдингиз,
Ўз қалбидан ризою норизом, ака.
Ою йиллар доим шундоқ айқаш-уйқаш,
Бу дунёда ўзи йўқ интизом, ака.
Не бўлса ҳам юз ёшгача соғ бўлгайсиз,
Кўнгилларнинг таржимони, Низом ака.
2007
«Маҳмуд деган ошиқ келар…»
Она, тўплаб чиқса – бардошларингиз,
Шунча йиллар тўккан кўзёшларингиз,
Еру осмон селу ёмғир, дўл бўларди.
Бир воҳани кўмарди сув,
Бир воҳани ғарқ этгувчи кўл бўларди.
Ажинларингизни ўйласам агар,
Бир-бирига улаб, бойласам агар –
Сурхондан то Тошкентгача,
Тошкентдан то Сурхонга қадар
Соғинч тўла, армон тўла йўл бўларди.
2007
Маҳмуд Тоирга
САҲАР ТУРИБ…
Маҳмуд деган ошиқ келар,
Изларидан қўшиқ келар.
Лекин баъзи шоирларнинг
Ортидан ош, қошиқ келар.
Маҳмуд деган ошиқ келар,
Изларидан қўшиқ келар.
Қўшиқлари қалбингизнинг
Боласига бешик бўлар.
2006
МАКТАБГА БОРАМАН
Саҳар туриб, кўкка қараб керишдим мен,
Ювиндим, сўнг ўзим билан кўришдим мен.
Ўз олдимга ўтирғизиб мен ўзимни,
Сўроқ қилдим, ўзим билан суришдим мен.
Ўзим билан – бекор кетган саҳарларим,
Бекор ўтган умрим учун уришдим мен.
Ўзим билан шундай тонгги урушларда
Ростин айтсам, бир ҳикматга эришдим мен.
Сиз ҳам агар саҳар туриб керишасиз,
Шак-шубҳасиз бир нимага эришасиз.
2007
МУЛТФИЛМ
Мен мактабга бораман,
Қолар энди эртаклар.
Отам етаклар мени,
Қуёш мени етаклар.
Мен мактабга бораман,
Ойналарда ўйнар нур.
Қўзичоғим, хайр энди,
Энди ўзинг ўйнаб юр.
Учиб чиқайин дейди
Жилдимдаги дафтарлар.
Мактаб ҳовлиси тўла
Биринчи синф каптарлар.
Қувнаб қадам босгайман,
Кўнгилларим жўш уриб.
Шу оппоқ каптарларга
Кетгум мен ҳам қўшилиб.
Димоғимда бор ҳали
Ўт-ўлан, гиёҳ иси.
Қўшилгай бу исларга
Оқ дафтар, сиёҳ иси.
Ҳаммамиз битта боғнинг
Ниҳоллари, баргидай.
Оқ, ёруғ синфхоналар
Онамизнинг бағридай.
Биринчи синф каптарлар,
Жимирлайди жон ва тан.
Чарх урар бизлар билан
Кабутардай оқ Ватан.
2007
Болаларга
«Тушмиш қайси дарахтлардан болалар…»
Бургани бурга еди,
Куркани курка еди.
Бўрини ғажир бўри,
Ўлжани еди зўри.
Чўққилар биқинида,
Бургутларнинг инида –
Жўжа чўқир ўзининг
Укасининг кўзини.
Қувлаб юрар гиначи
Ниначини ниначи.
Кўринг-да бу қилиқни:
Балиқ еди балиқни.
Қуённи қувлар қуён,
Тулки қочмоқда қаён?
Қочиб юрар ҳўкизлар,
Изларидан – тўнғизлар.
Кенгуруни кенгуру
Сакраб-сакраб, кенг юриб,
Тармашади кетига,
Чанг солар сўнг бетига.
Маймунни миниб маймун
Тимдалар уни мамнун.
Қоплон босиб панжасин
Еб қўйди қоплончасин.
Илонлару чаёнлар
Судралмоқда қаёнлар?
Буларнинг ҳаммасини,
Каклигу саъвасини –
Келиб қолар-да беғам,
Еб қўяр битта одам.
Бу ёғи қизиқ бўлди,
Бир катта чизиқ бўлди.
Сиз булардан фарқ қилинг,
Даврасини тарк қилинг.
Китоб ўқинг, болалар,
Китоб ўқинг, болалар.
Бу шеърни айтди дилим,
Дунёда энг зўр – билим.
Ана сизга мултфилм,
Мана сизга мултфилм.
2007
ИЛК ОҒРИҚ
Тушмиш қайси дарахтлардан болалар,
Қуёш каби чарақлаган болалар?
Ёрқин, порлоқ юлдузларнинг остида
Толелари ярақлаган болалар.
Юраклари бойчечакни ўпмаган,
Чўнтаклари жарақлаган болалар.
Навоийни бир варақлаб кўрмаган,
Пулни яхши варақлаган болалар.
2007
КЕЛИШМАДИК
Болаликдан, ёронлар,
Ҳар ишга моҳир бўлдим.
Булутларга чўпону
Шамолга шофир бўлдим.
Осмонларни хушладим,
Чақмоқларни ушладим
Ва тоғларга улашдим,
Бир кенжа ботир бўлдим.
Гулдираклар гулдираб,
Дилга кирди ғўлдираб,
Кўкрагимни тўлдириб,
Гоҳ дарё, гоҳ қир бўлдим.
Қайга қадам қўйдим сўнг?
Бир лолани суйдим сўнг.
Майса янглиғ куйдим сўнг,
Ё сеҳр, ё сир бўлдим.
Менга болиш – тоғ, саҳро,
Хаёлимда – гул Узро.
У – ердаги бир Зуҳро,
Мен эса Тоҳир бўлдим.
Ойлар тўлиб айланди,
Тақдирларим бойланди.
Дўстим унга уйланди,
Мен озроқ оғир бўлдим.
Севгим чала қолди-да.
Ўзим ўсган ҳовлида,
Ўз кўнглимнинг олдида,
Дўстлар, мусофир бўлдим.
Бургутларни “сен” дердим,
Чўққиларга тенг эдим,
Самолардай кенг эдим,
Тупроқ билан бир бўлдим.
Билмадим бу савдода
Олдми ё охир бўлдим.
Дўстим хотинли бўлди,
Мен – катта шоир бўлдим.
2007
«Ярқираган тоғларимни…»
Биз ҳам бошқа ошиқлардан
Қолишмадик, санам.
Дилдан суйиб, дилдан куйиб,
Кулишмадик, санам.
Менинг бир кўнглиму сенинг
Бир холинг бор эди.
Бир севгини бизлар нега
Бўлишмадик, санам?
Муҳаббат – бир қошу кўздир,
Киприклари – нам.
Бизлар нечун бир қошу кўз
Келишмадик, санам?
Ою қуёш энди биздан
Йироқлардадир.
Олис тушган икки ёлғиз
Болишмидик, санам?
Сўлди умид айвонида
Райҳонларимиз.
Бизлар нечун райҳонлардай
Сўлишмадик, санам?
Осмонимиз ерда эди,
Еримиз – осмон,
Нечун ерни биз осмонга
Алишмадик, санам?
Алишмадик, тўғри қилдик,
Гулни – кўнгилга.
Алишмадик, ахир бизлар
Калишмидик, санам?
2007
УКАДЎСТ
Ярқираган тоғларимни
Оқ туманлар қуршаб кетди.
Кўкка қараб чопган йўллар
Энди бари нишаб кетди.
Дарахтларим ҳоригандай,
Бир-бирини ушлаб кетди.
Дил боғига кирди кузак,
Кеча хазон тўшаб кетди.
Кўзларимнинг атрофлари
Ариқларга ўхшаб кетди.
Бош гоҳида таътил сўрар,
Соч ҳам ишдан бўшаб кетди.
2007
А.Э.
КОБУЛДА БАҲОР
Бу дунё нимадир –
Бир амри маъруф.
Укамнинг уйлари –
Келсам эшик қулф.
Нурмуҳаммад қани, эй Абдурауф?
Нурмуҳаммад қани, эй Эшимқулов?
Тақдир дурадгори чекмас таассуф,
Бир толдан ҳам тобут,
Ҳам бешик қилиб.
Гулдай укам сўлди, эй Абдурауф,
Ўзинг укам бўлдинг, эй Эшимқулов.
Муҳаммаджон қани,
Муҳаммад Юсуф?
Қай дилга бош урсам –
Унда эшик қулф.
Энди дўстим ҳам йўқ, эй Абдурауф,
Энди дўст ҳам ўзинг, эй Эшимқулов.
Икки Муҳаммадим –
Икки тоза руҳ,
Бурчин бажаргайсан ўз ишинг қолиб.
Сенга қийинмасми, эй Абдурауф?
Сенга оғирмасми, эй Эшимқулов?
2007
“Сабзаю гуллар била жаннат бўлур Кобул баҳор…”
Заҳириддин Муҳаммад Бобур
СИЗЛАР ВА БИЗЛАР
На елда қарору на селда қарор,
На булбулда ором, на гулда қарор,
Эй дил, қачон топдинг ой-йилда қарор?
На дилда қарору на элда қарор –
Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.
Найсон, суйинг билан ювиб суй мени,
Майса, кипригингга суяб қўй мени.
Ўзинг тирилтиргин, ўзинг сўй мени,
Мен каби дунёда борми интизор?
Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.
Фалак, мадрасангда дарс қилолмадим,
Қиличларинг кесди, арз қилолмадим.
Мен шу қиличларга бас келолмадим,
Қайда йигитлигу завқу ихтиёр?
Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.
Қолдим кўклам аро хор, сарғариброқ,
Ҳар зору ғарибдан мен зор, ғариброқ.
У қирғоқ йироқдир, бу қирғоқ – фироқ,
Сиз қайда қолдингиз, эй ёру диёр?
Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.
Кобулда баҳору ғамим ортади,
Ҳасрат умрим аро черик тортади.
Мусофир савдолар мени ўртади,
Бу гулшан ичра мен бир тирик мозор,
Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.
Лоланинг жомига тегиб синди жом,
Кўксимдан лолага бориб инди жон.
Гўёки жон эмас – томди Андижон,
Шунчалар кўпми шоҳ Бобурга озор?
Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.
2007
САЙР
Сизларда таомни ҳурмат қилишмас,
Чўнқайиб, тик туриб ё юриб ейди.
Бизда лўлаболишларга ёнбошлаб олиб
Ёки кўрпачада ўтириб ейди.
Сизларда олма ё нок тилимига
Санчқими ва ёки чўп уриб ейди.
Бизларда бир қовун сўйилса – байрам,
Одамлар осмонга тўп уриб ейди.
Сизларда қўйишмас ҳашаротларни,
Чигирткаларни ҳам супуриб ейди.
Пати билан пиширилган бир ғозни бўлиб,
Юз киши олқишлаб, кўпириб ейди.
Оддий гуручни-ку минг кўйга солиб,
Гоҳи буғдойни ҳам совуриб ейди.
Сизларда овқатга гул қўшиб берар,
Бизда булбулларни қовуриб ейди.
2007
Матназар Абдулҳакимга
«Менинг тўртликларим…»
Хоразмни сайр этдим
Огаҳий бобо билан.
Кўҳна мозий ичра кетдим
Огаҳий бобо билан.
Ҳам ичондин, ҳам дишондин
оҳанг эркан Хоразм,
Мен унинг фаҳмига етдим
Огаҳий бобо билан.
2007
МАҚОЛ
Менинг тўртликларим –
Менинг шўрликларим.
Гоҳи мўртликларим,
Гоҳи ғўрликларим.
Пасту баландларим,
Сўқмоқ, кенгликларим,
Гоҳи қирликларим,
Гоҳи ўрликларим.
Сиз ғамгин умримнинг саналарисиз,
Юрагимнинг синиқ ойналарисиз.
Аламларим янглиғ турлик-турликларим,
Бир шеър ҳижронида тортган хўрликларим,
Менинг тўртликларим.
Сиз – қалб осмонининг маҳзун шомлари,
Қурмаган уйимнинг мунглуғ ромлари.
Гоҳи рост сўзларим,
Гоҳи ўтрикларим,
Кўнгил кўчасида қилган кўрликларим,
Зорлик, хорликларим –
Менинг тўртликларим.
Сиз менинг бардошим,
Менинг сабрларим,
Бу дилсиз дунёда дилдан хабарларим,
Ўтган ёшликларим,
Кетган шўхликларим,
Гоҳи сўникларим,
Гоҳи нурликларим –
Менинг тўртликларим.
Сарғайган баргдайсиз,
Баргда – шабнамдай,
Кексайган дарахтим – ёлғиз онамдай.
Сўзга тутқун бўлиб топган ҳурликларим,
Фироқ куйларига умрий жўрликларим –
Менинг тўртликларим,
Менинг тўртликларим.
2007
МАЙЛИ
Бозорга борганлар охир қайтишган,
Умр – ипи тўзғиб кетгувчи ғалтак.
Боболар ҳар сўзни билиб айтишган:
Оқилга – ишорат, нодонга – калтак.
Кўза синдирганлар, сув келтирганлар
Ҳамма замонларда яшаган бешак.
Боболар сўз айтиб, жим ўлтирганлар,
Оқилга – ишорат, нодонга – калтак.
Емирилиб кетди қанча бинолар,
Нодонлар ўриклар ейишди қантак.
Сўйлаб қолаверди не-не донолар:
Оқилга – ишорат, нодонга – калтак.
Олам равнақидан кўзлар қамашди,
Инсон ҳам ўзгариб бормоқда андак.
Энди бу зотлар ҳам ўрин алмашди:
Нодонга – ишорат, оқилга – калтак.
2007
Энди нима деймиз? Ўзинг қол, майли,
Агарчи нондан ҳам Сўз ҳалол, майли.
Сендан баланд бўлса, юксакроқ бўлса,
Симёғочни кесиб, ўтга сол, майли.
Қирққил теракларнинг учларини ҳам,
Қурит томирлари – кучларини ҳам.
Баланд осмонларнинг қушларини ҳам
Айлагил пойингда поймол, майли.
Телеминорага ўрнат уйингни,
Кекирдагинг кериб, чўзиб бўйингни,
Бир ўзинг таратиб қўшиқ-куйингни,
Ўзинг маҳлиё бўл, ўзинг – лол, майли.
Қишинг ёздан ўзғир, ёзинг – қишингдан,
Ўзинг мамнундирсан қилмиш, ишингдан.
Биз нима ҳам дердик – сенинг ичингдан
Оқроқ бўлса мол ё қорамол, майли.
Лутфий боболардан ёд Адабиёт,
Шоҳ Бобурлар сурган от Адабиёт.
Мангуликка қадар дод Адабиёт,
Чўлпон, Фитратлари жонувол, майли.
Не-не улуғ зотлар умри сарғариб,
Ўтдилар Сўз узра музтариб, ғариб.
Бориб Навоийни тахтдан ағдариб,
Унинг ўрнига ҳам чиқиб ол, майли.
2007
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?