Электронная библиотека » Стивен Кови » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Стивен Кови


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 20 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Бир сафар маиший техника ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи одамлар гуруҳи билан ишлаган эдим. Гуруҳда 20 та ташкилотдан келган вакиллар жамланганди. Улар ўз тажрибалари ва муаммоларини бўлишиш мақсадида йилига тўрт марта норасмий учрашув ташкиллаштирарди.

Ўшанда содир бўлаётган иқтисодий инқироз умумий иқтисоддан кўра, саноатнинг шу тармоғига салбий таъсир кўрсатганди. Машғулотларни бошлаганимда тингловчиларим умидсиз кайфиятда эди.

Машғулотнинг илк кунида муҳокама учун «Бизга нима бўляпти? Туртки нима?» деган саволни ўртага ташладим. Кўп нарса содир бўлаётганди. Ташқи босим жуда кучли эди. Ишсизлик авж олганди. Гуруҳдаги одамлардан аксарияти бизнесини сақлаб қолиш учун яқинларини ишдан бўшатишига тўғри келаётганди. Кун якунига келиб тингловчиларим баттар умидсизликка тушди.

Иккинчи куни «Келажакда нима бўлади?» деган саволни муҳокама қилдик. Биз келажакни яратувчи ташқи омилларни таҳлил қилиб чиқдик. Кун охирида, тингловчилардаги тушкунлик уч баравар ошиб кетди. Чунки вазият яхшиланмасидан туриб, янада ёмонлашиши кутилаётганди. Буни ҳамма билиб турарди.

Шундай қилиб, учинчи куни «Бизнинг реакциямиз қандай бўлади? Энди нима қиламиз? Бу вазиятда қандай қилиб ташаббусни қўлга оламиз?» деган проактив саволларга диққат қаратдик. Эрталабки суҳбатимиз нархларни тушириш ва назорат қилиш ҳақида бўлди. Тушлик вақти эса бозор улушини оширишни муҳокама қилдик. Ҳар икки масала юзасидан ақлий ҳужумлар уюштириб, сўнг амалий ишларга тўхталдик. Гуруҳга янгича ҳаяжон, умид ва проактив воқифлик руҳи кириб келди.

Учинчи кун якунида йиғилишимизни «Бизнесимизнинг ҳозирги аҳволи қандай?» деган саволнинг жавоби билан хулосаладик. Жавоб уч қисмдан иборат бўлди:

1-қисм: Биз оғир вазиятни бошдан кечиряпмиз. Аҳвол янада ёмонлашиши мумкин.

2-қисм: Лекин бизда самарали бошқарув, нархларни тушириш ва бозордаги улушимизни кўтариш учун яхши режалар бор.

3-қисм: Демак, бизнесимиз янада яхшиланмоқда.

Тасаввур қилинг, реактив одам ушбу хулосани ўқиб шундай деган бўларди: «Қўйсангиз-чи! Ҳақиқатни тан олинг! Сиз бунақа ижобий фикрлаш билан барибир узоққа бормайсиз!»

Ижобий фикрлаш ва проактивлик ўртасидаги тафовут мана шунда. Биз ҳақиқатни тан олдик. Ҳозирги вазият ва келгуси режаларимиз ҳақиқийлигини тан олдик. Шунингдек, мавжуд вазият ва режаларга ижобий реакция билдириш учун кучимиз борлигини тан олдик. Ҳақиқатни тан олмаганимизда, тақдиримизни ташқи омиллар ихтиёрига топширган бўлардик. Бизнеслар, ижтимоий гуруҳлар, турли ташкилотлар, жумладан, оилалар ҳам проактив бўла олади. Улар проактив шахслардаги ижодкорлик ва топқирлик хусусиятларини бирлаштириб, муассаса ичида проактив маданият яратиши мумкин. Ташкилот ташқи омиллар таъсирида бўлиши шарт эмас; у умумий қадриятлар ва мақсадларни уддалаш йўлида ташаббусни қўлга олиш имкониятига эга.

НУТҚИМИЗНИ ТИНГЛАШ

Парадигмаларимиз бизнинг муносабат ва хулқатворимизни шакллантиради. Ўз-ўзини англаш қобилиятидан фойдаланиб, парадигмаларимизни таҳлил қилсак, биз уларнинг туб моҳиятини англашимиз мумкин. Масалан, нутқ – ўзимизни қанчалик проактив ҳисоблашимизни билдирувчи ишончли кўрсаткичдир.

Реактив одамларнинг гапи уларни масъулиятдан қочишини кўрсатади. Масалан:

– Борим шу! Шунақа яратилганман! Қарорим қатъий. Ўзимни ўзгартира олмайман.

– Унинг ўзи мени қуюшқондан чиқишимга сабаб бўлди! Мен ўзимга жавоб беролмайман. Руҳий ҳолатимни назорат қилиш менинг қўлимда эмас.

– Буни бажара олмайман. Шунчаки вақтим йўқ! Чекланган вақт мени бошқармоқда.

– Агар хотиним бироз сабрли бўлса… Кимнингдир хулқи ишимга халал бермоқда.

– Шу ишни бажаришим керак! Вазиятлар ёки одамлар мени нима қилишимни белгилаб беряпти. Ўз ҳаракатларимни эркин танлай олмаяпман.



Реактив одамнинг нутқи детерминизм парадигмасига асосланади. Унинг бутун мазмуни ўзидан масъулиятни соқит қилишга мўлжалланган: «Бўлган ишларга мен жавобгар эмасман. Мен қарор қабул қилмайман».

Бир сафар талабам мендан сўраб қолди:

– Дарсдан жавоб бера оласизми? Теннис мусобақасига боришим керак.

– Ўзинг истайсанми боришни ёки боришинг керакми? – сўрадим мен.

– Боришим керак! – жавоб қилди у.

– Бормасанг нима бўлади?

– Жамоадан чиқариб юборишади.

– Сен буни истамайсанми?

– Албатта, истамайман.

– Демак, сен мусобақага жамоада қолишни истаганинг учун бормоқчисан. Хўш, дарсимга келмасанг нима бўлади?

– Билмайман.

– Яхшироқ ўйла. Дарсга келмасликнинг табиий оқибати одатда қандай бўлади?

– Синфдан ҳайдаб юбормасангиз керак, шундайми?

– Бу ижтимоий оқибат бўлади. Яъни ясама. Тасаввур қил, теннис жамоасида бўлмасанг, сен ўйнай олмайсан. Мана шу табиий оқибат. Хўш, дарсга келмасанг, табиий оқибат қандай бўлади?

– Менимча, дарсни ўзлаштиришда ортда қоламан.

– Тўппа-тўғри. Демак, сен иккала оқибатни бир-бирига солиштириб, сўнг танлов қилишинг керак. Агар ўрнингда бўлсам, мен теннис мусобақасини танлардим. Лекин ҳеч қачон бирор нарсани бажаришга мажбурман дема.

– Тушунарли. Мен мусобақага боришни танлайман, – жавоб қайтарди талаба мулойим оҳангда.

– Дарсни қурбон қилиш эвазигами? – деб кулдим мен.

Реактив нутқдаги жиддий муаммо шундаки, у ўзини бажо келтирувчи башоратга айланади. Одамлар ўзини назорат қилаётган сабабиятга ўзи ишониб қолади ва ишончини тасдиқловчи турли баҳоналар ўйлаб топишни бошлайди. Улар ўзини тобора ўз ҳаёти ва тақдирини назорат қила олмайдиган қурбон сифатида ҳис қилади. Бошига тушган ташвишлар учун ҳамма нарсани – бошқа одамлар, вазиятлар, ҳаттоки юлдузларни айблайди.

Машғулотларнинг бирида проактивлик тўғрисида сўзлаётган эдим. Бир киши ёнимга келиб, шундай деди:

– Стивен, гапларингиз менга ёқяпти. Лекин вазиятлар ҳар хил бўлади. Менинг турмушимга бир қаранг. Чиндан ҳам ташвишдаман. Турмуш ўртоғим билан ўртамизда қачондир бўлган оташин туйғулар энди йўқ. Менимча, бир-биримизни ортиқ севмаймиз. Нима қилсам бўлади?

– Ҳеч қандай ҳис қолмаганми? – сўрадим.

– Худди шундай, – тасдиқлади у. – Лекин учта фарзандимиз бор. Улардан хавотирдамиз. Нима қилишни маслаҳат берасиз?

– Рафиқангизни севинг, – жавоб қайтардим мен.

– Айтдим-ку, ҳеч қанақа ҳис қолмаган деб.

– Рафиқангизни севинг, – такрорладим яна.

– Тушунмаяпсиз. Севги туйғуси йўқ ўртада.

– Ундай бўлса, рафиқангизни севинг. Ўртада ҳислар қолмагани – уни такрор севишингиз учун яхши сабаб.

– Лекин севги йўқ бўлса, қандай қилиб севишим мумкин?

– Дўстим, «севмоқ» – бу феъл. Севги эса – ҳиссиёт – севмоқ феълининг меваси. Шундай экан, рафиқангизни севинг. Уни тингланг. Кўнглингизни очинг. Қўллабқувватланг. Уни тасдиқланг. Хўш, уни севишга тайёрмисиз?

Илғор жамиятлардаги юксак адабиётларнинг барчасида севги – феълдир. Реактив одамлар эса ундан ҳиссиёт ясаб олади. Уларни ҳиссиётлари бошқаради. Ҳолливуд фильмлари бизни ҳиссиётимизни бошқара олмаслигимизга ишонтириб қўяди. Лекин кинолар доим ҳам ҳақиқатни тасвирламайди. Ҳиссиётларингиз ҳаракатларингизни назорат қиляптими? Демак, ўзингиз масъулиятдан воз кечиб, шунга изн бергансиз.

Проактив одамлар севишни феъл сифатида кўради. Севмоқ – сиз бажарадиган иш-ҳаракат: сиз берадиган қурбонликлар, ўзингизни бахшида этишингиз. Севишни ўрганмоқчи бўлсангиз, бошқалар учун ўзини қурбон қилган инсонларни ўрганинг; ота-она бўлсангиз, фарзандингизга назар солинг. Севиш бу – қадрият. У севишганларнинг хатти-ҳаракати орқали фаоллашади. Проактив шахслар қадриятларни ҳамиша ҳиссиётлардан устун қўяди. Севгини фақат севиш орқали тиклаш мумкин.

ХАВОТИР ДОИРАСИ. ТАЪСИР ДОИРАСИ

Проактивлик даражамизни билишнинг яна бир яхши усули – асосий қувватимиз ва вақтимизни қаерга сарфлаётганимизни таҳлил қилиш. Ҳар биримизда турли хил хавотирлар мавжуд – соғлиғимиз, фарзандларимиз, ишдаги муаммолар, миллий қарз ёки ядро уруши. «Хавотир доираси» чизиш орқали буларни ўзимизга руҳан ва ақлан алоқаси бўлмаган ҳодисалардан ажратиб оламиз.



Хавотир доираси ичига айримлари биз бошқара оладиган, айримлари эса таъсир кўрсатишга қурбимиз етмайдиган нарсаларни жойлайди. Иккинчи турдаги хавотирларни доира ичида кичикроқ «Таъсир доираси» чизиб, аниқлаб оламиз.



Ҳар икки доирадан қай бирига кўпроқ вақт ва қувватимизни сарфлашимизни билиб олсак, проактивлик даражамиз ҳақида кўп нарса аён бўлади.

Проактив одамлар бор кучини «Таъсир доираси»га қаратади. Улар қўлидан келадиган вазифалар устида бош қотиради. Проактивларнинг қуввати ижобий, катталашувчан ва кенгаювчан бўлиб, таъсир доираси ўсишига хизмат қилади.



Реактив одамлар эса «Хавотир доираси»га эътибор қаратади. Улар атрофдагиларнинг ожизликлари, ташқимуҳитдаги муаммолар ва бошқара олмайдиган вазиятларга диққатини йўналтиради. Муаммони ҳал қилолмагач, бошқаларни айблаш, ўзини қурбондек ҳис қилишда давом этади. Улардан тарқаладиган салбий қувват каттариб, беэътибор қолдирилган масалалар билан қўшилади ҳамда таъсир доирасининг кичрайишига олиб келади.

«Хавотир доираси» устида қанча кўп ишласак, унинг ичидаги нарсалар бизни назорат қилишига шунча кўп имкон берамиз, ижобий ўзгаришлар келтириш учун зарур бўлган проактив ташаббусни қўлга ололмаймиз.

Китоб бошида мактабда жиддий қийинчиликларни бошдан кечирган ўғлим ҳақида сўзлаб бергандим. Ўшанда Сандра иккимиз унинг кўриниб турган заифликларидан, одамларнинг унга нисбатан муносабатидан қаттиқ хавотирга тушган эдик.

Булар хавотир доирамиз ичида эди. Имкон қадар ҳаракат қилдик, уддалай олмадик. Аксинча, ўғлимиздаги муаммоларни ҳал қила олмаганимиз учун ўзимизни янада кўпроқ ношуд ва ожиз сеза бошладик.

Асл натижа эса таъсир доирамиз устида ишлаганимиздан кейин юз берди. Биз ўз парадигмаларимизга эътибор қилиб, ижобий қувват чиқардик, ўзимизни ўзгартириб, охироқибат ўғлимизга ҳам таъсир кўрсата олдик. Вазиятлар ҳақида хавотирланишни йиғиштириб, ўз устимизда ишлагач, ўз-ўзидан вазиятларга таъсир қилиш имконини қўлга киритдик.

Мартаба, бойлик, мавқе ёки муносабатлар даражасига қараб, баъзи инсонларнинг таъсир доираси хавотир доирасидан йирикроқ бўлади. Бу ҳолат яна бир реактив турмуш тарзи – руҳий миопияни акс эттиради. Руҳий миопияда ҳам бутун эътибор хавотир доирасига қаратилади.



Гарчанд ўз таъсиридан фойдаланишни устувор вазифа деб билса-да, проактив шахсларда хавотир доираси таъсир доирасидан кичик бўлмайди. Чунки улар таъсирдан самарали фойдаланиш масъулиятини зиммасига олади.

БЕВОСИТА ВА БИЛВОСИТА НАЗОРАТ. НАЗОРАТСИЗЛИК

Дуч келадиган муаммоларимиз қуйидаги гуруҳлардан бирига тегишли бўлади:

1. Бевосита назорат (феъл-атворимизни қамраб олган муаммолар).

2. Билвосита назорат (бошқа одамларнинг феълатворини қамраб олган муаммолар).

3. Назоратсизлик (ечишнинг имкони йўқ муаммолар. Масалан, ўтмишимиз ёки объектив ҳақиқатлар.)

Проактив ёндашув ҳар уч турдаги муаммоларни ҳал қилишга илк қадам «Таъсир доирамиз» ичида амалга оширилиши керак деб ҳисоблайди.

«Бевосита назорат муаммолари»ни ечиш учун кўникмаларимиз устида ишлаш лозим. Улар, шубҳасиз, «Таъсир доира»миз ичида жойлашган. Натижа «Шахсий ғалабалар» бўлади (1, 2, 3-кўникмалар).

«Билвосита назорат муаммолари» таъсир услубимизни ўзгартириш орқали ҳал қилинади. Уларнинг ечими «Умумий ғалабалар» ҳисобланади. (4, 5, 6-кўникмалар). Шахсан мен эмпатия, дағдаға, мисол келтириш, ишонтириш каби бир-биридан фарқли ўттиздан ортиқ таъсир услубларини аниқлаганман. Кўпчиликнинг репертуарида ушбу услублардан атиги уч ёки тўрттаси жой эгаллайди. Аксарият кишилар таъсир ўтказишни тушунтиришдан бошлайди. Бу услуб иш бермаса, ё қўл силтайди ёки жанжаллашади.

Кимнидир «қолипга солувчи» самарасиз, алмисоқдан қолган услубларни қўллаш ўрнига, таъсир ўтказишнинг янги усулларини ўрганишим мумкинлиги қандай соз!

Назоратсиз муаммоларни ҳал қилиш учун чеҳрангиздаги ифодани ўзгартиришингиз – жилмайиб, оқиллик билан бу муаммоларни қабул қилишингиз, ёқмаса ҳам улар билан бирга яшашни ўрганишингиз даркор. Шу тариқа улар сизни назорат қилишига изн бермайсиз. Аноним алкоголиклар жамиятидаги дуода шундай жумлалар бор: «Парвардигор, ўзгартирилиши мумкин ва лозим бўлган ишларни ўзгартириш учун ўзинг мадад бер. Ўзгартириб бўлмайдиган вазиятларни қабул қила олишим учун бағрикенглик билан сийла. Уларни фарқлай олиш донолигини бер».

Бевосита, билвосита ёки назоратсиз бўлишидан қатъи назар, муаммонинг ечимига илк қадам қўлингизда турибди. Кўникмаларимизни ривожлантириш, таъсир усулларимизни ўзгартириш ҳамда назоратсиз муаммоларимизга қай кўз билан қараш – буларнинг бари «Таъсир доирамиз»да жойлашган.

ТАЪСИР ДОИРАСИНИ КЕНГАЙТИРИШ

Маълум вазиятга реакция кўрсатиш орқали бутун вазиятимизга кучли таъсир ўтказишимизни англаш жуда илҳомбахш ҳолат. Бу худди кимёвий формуланинг бир қисмини ўзгартириб, бутунлай янги модда ҳосил қилишга ўхшайди.

Серғайрат одам раҳбарлик қилувчи бир ташкилот билан бир неча йил ишладим. Раҳбар жуда иқтидорли, ижодкор эди – буни ҳамма биларди. Бироқ у диктатура бошқарувидан фойдаланарди. У қўл остидагиларга югурдакдек муомала қиларди: «Буни олиб кел… Анавини олиб кел… Уни қил… Энди буни бажар – қарорни мен бераман!»

Охир-оқибат, раҳбар жамоани ўзига қарши қилиб қўйди. Ходимлар йўлакларда тўпланиб, бошлиғидан бир-бирига шикоят қиларди. Улар худди вазиятни яхшиламоқчидек, жуда узоқ ва аниқ суҳбат қурарди. Лекин муҳокамаларнинг охири кўринмас, шу йўл билан улар раҳбарнинг ожизлигини баҳона қилиб, ўзларини масъулиятдан соқит қилаётганди.

– Бу сафар нима бўлганини ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсиз, – дерди бошқарувчилардан бири. – Мен барча вазифаларни якунлагандим. У эса бўлимимга келиб, бутунлай бошқа буйруқлар бериб кетди. Бир неча ойлик меҳнатим бир пул бўлди. У билан бу зайл ишлашга кўзим етмаяпти. Қачон нафақага чиқар экан-а?

– Хўжайин эндигина эллик тўққизга кирди, – луқма ташларди иккинчи бошқарувчи. – Яна олти йил чидай оламан деб ўйлайсизми?

– Билмайман. Уни ҳали-вери нафақага чиқаришмаса ҳам керак.

Бироқ учинчи бошқарувчи проактив эди. У ҳиссиётлар эмас, аксинча, қадриятларга бўйсунарди. Шу бошқарувчи ташаббусни қўлига олди – вазиятни ўрганиб, ечим ҳам топди. У раҳбардаги заифликларни инкор этмади, лекин уларни танқид қилиш ўрнига, ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилди. Раҳбар авторитар усулга эрк берганда, у меъёрни таъминлашга киришди. Шу билан бир қаторда, раҳбарининг кучи – иқтидор, ижодкорлик ва келажакни кўра билиш қобилиятидан унумли фойдаланди.

Бу бошқарувчи диққатини ўз таъсир доирасига қаратган эди. Унга ҳам югурдак сифатида муомала қилишганди. Фақат у кутилгандан кўпроқ вазифа бажара бошлади. Тақдимот қилаётганда, у бошлиғининг истагини, хавотирини олдиндан билишга интилди. Шу бўйича фикрларини айтди, тақдимот сўнгида ўз тавсияларини қўшиб кетишни унутмади.

Бир куни қандайдир масала юзасидан маслаҳатлашиб ўтирганимизда раҳбар менга шундай деди:

– Стивен, шу ходимим қилган ишга ишонгим келмайди. У менга нафақат сўраган маълумотимни берди, балки айнан бизга зарур қўшимча хабарлар топиб келди. Бундан ташқари, энг хавотирли масалалар юзасидан таҳлил ўтказиб, натижа ва тавсиялари билан ўртоқлашди. Тавсиялар таҳлиллар билан, таҳлиллар эса берилган маълумотлар билан мутаносиб. Унга гап бўлиши мумкин эмас! Бизнеснинг бу томони билан бош қотирмаётганим яхши бўлди.

Келаси учрашувда, хўжайин бошқарувчиларга доимгидек югурдакдек муомала қилди. Лекин бизнинг бошқарувчи бундан мустасно эди. Раҳбар ундан масала юзасидан фикрини сўради, тавсияларига қизиқди. Кўрганингиздек, унинг таъсир доираси кенгайди.

Бу ҳолат ташкилотда арининг инига чўп тиқди. Реактив бошқарувчилар бирлашиб, суҳбатларида проактив бошқарувчига кек ўқларини ёғдира кетди.

Реактивларнинг табиати шундай – ўзидан масъулиятни соқит қилишга уринади. «Мен жавобгар эмасман» дейиш анча хавфсизроқ. «Мен жавобгарман» десам, вақти келиб «Мен масъулиятсизман» дейишимга тўғри келиши мумкин. Бу осон эмас, албатта.

Шу тариқа, кўп сонли бошқарувчилар ўзларидаги масъулиятсизликни оқлаш учун сабаб, маълумот ва баҳона топишга куч сарфлади.

Бизнинг бошқарувчи бўлса, уларга нисбатан ҳам проактивларча ҳаракат қилди. Аста-секин унинг таъсир доираси жамоадаги бошқа бошқарувчиларни ҳам қамраб олди. Таъсир доираси кенгайишда давом этаверди. Вазият шунга етиб бордики, корхонадаги ҳар бир муҳим вазифа ёки лойиҳа шу бошқарувчининг маслаҳати ва тасдиғи билан бажариладиган бўлди. Раҳбар бундан чўчимади. Чунки у бошқарувчининг кучи ўзидаги ожизликни тўлдириб турганини биларди. Улар биргаликда ажойиб жамоага айланган эди.

Проактив бошқарувчининг муваффақияти вазиятга боғлиқ эмасди. Аслида, жуда кўпчилик бир хил вазиятда эди. Лекин у бошқалардан фарқли равишда таъсир доирасига эътибор қаратди. Вазиятга нисбатан реакцияси унинг муваффақият калити бўлди.

«Проактив» сўзини ўжар, жанжалкаш ёки ҳиссиз тарзда тушунувчи одамлар ҳам учраб туради. Бу тушунча мутлақо нотўғри. Проактив инсонлар ўжар эмас. Улар ақлли, қадриятларга риоя қилувчи бўлади. Шунингдек, ҳақиқатга тик қараб, нима қилиш зарурлигини фаҳмлай олади.

Маҳатма Гандини ёдга олинг. Унинг оппонентлари қонунчилик палатасида ўтирганча, Британия империясининг ҳинд халқига нисбатан тазйиқини камайтириш тўғрисида қуруқ гап сотарди. Уларга қўшилмагани учун Гандига таъна тошини ёғдиришарди. Бу вақтда эса Ганди гуруч плантациялари бўйлаб сув кечиб юриб, дала меҳнаткашлари билан суҳбатлашди, аста-секинлик билан улар орасида таъсир доирасини кенгайтирди.

Халқнинг унга нисбатан ишонч ва садоқати тобора ортиб борди. Ганди ҳеч қандай расмий ёки сиёсий мавқега эга бўлмаса ҳам, меҳр-муҳаббат, матонат, маънавий ишонч кўмагида Англияни оёқлари остига олиб келди. У кенг таъсир доирасининг кучи билан, уч юз миллион кишини сиёсий мустамлакадан озодликка олиб чиқди.

«ЭГА БЎЛМОҚ» ВА «БЎЛМОҚ»

Асосан қайси доирага диққат қаратишимизни билиш учун «эга бўлмоқ» ва «бўлмоқ» ўртасидаги фарқни аниқлаш кифоя. Хавотир доираси ҳамиша «эга бўлмоқ» билан тўладир. Масалан:

– Қанийди, кредитдан қутулиб, уйга тўлиқ эга бўлсайдим, бахтли бўлардим.

– Агар яхшироқ директорга эга бўлсам…

– Агар сабрлироқ эрим бўлганда…

– Агар гапга кирадиган фарзандларим бўлса…

– Дипломга эга бўлсам…

– Агар ўзим учун кўпроқ вақтим бўлганда…

Таъсир доираси эса «бўлмоқ» билан тўлдирилган бўлади. Мисол учун:

– Мен сабрли бўла оламан.

– Мен доно бўла оламан.

– Мен севимли бўла оламан.

Кўриб турганингиздек, таъсир доираси феъл-атворга эътибор қаратади.

Муаммони ўзимиздан «ташқарида» деб ўйлашимизнинг ўзи муаммодир. Бунда ўша «ташқарида»ги нарсага ўзимизни топширамиз. Бу парадигма «ташқаридан ичкарига» деб аталиб, ташқаридаги вазият ўзимиз ўзгартирмасдан олдин ўзгаришидан иборатдир.

Проактив ёндашув – ичкаридан ташқарига ўзгариш: бунда одам дастлаб ўзини ўзгартириши, шу ўзгариш орқали ташқаридаги вазиятни ҳам ижобий ўзгартириши кўзда тутилади.

Менга «Эски аҳд»даги насроний анъаналарнинг моҳияти очиб берилган ҳикоялардан бири жуда ёқади. Бу ҳикоя 17 ёшида акалари Мисрга қул қилиб сотиб юборган Юсуф ҳақида. У Потифар қўлида хизматкор бўлишни, акалари ва ўзини банди қилган кимсаларнинг заифликларига осонлик билан тоқат қила олганини тасаввур қилоласизми? Сабаби оддий: Юсуф проактив эди. У «бўлмоқ» устида ишлади. Ва орадан ҳеч қанча ўтмай, Потифарнинг хўжалик ишлари бошқарувчисига айланди. Юсуф энди Потифарнинг бор мол-мулкини тўлиқ бошқарар эди. Чунки улар ўртасида мустаҳкам ишонч барпо бўлганди.

Бир куни Юсуф мураккаб вазиятга тушиб қолади ва нафсига эрк бермай, ҳалоллик йўлини танлади. Натижада, ноҳақдан 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Лекин у ҳамон проактив эди. Қамоқдалик чоғида Юсуф ўз эътиборини доимгидек таъсир доирасига йўналтирди; бирор нимага эга бўлиш ҳақида эмас, балки ўзи қандай бўлиши ҳақида фикр юритди. Охир-оқибат, даставвал, қамоқхонани, кейинчалик бутун Миср халқини бошқаришга ўтди. Бу борада у фиръавндан кейинги иккинчи ўринда турарди.

Биламан, бу ғоя кўпчиликда кескин парадигма алмашинувига олиб келади. Муаммоларимиз учун атрофдаги одамларни ва вазиятларни айблаш анча осон. Бироқ биз ким «бўлишимиз», аҳволимизга таъсир қилиш ҳамда ҳаётимизни назорат қилиш учун жавобгармиз.

Турмушимда муаммо пайдо бўлса, рафиқамнинг айбини тинимсиз фош қилиш орқали нимага эришаман? «Менинг айбим йўқ» деб, ўзимни ожиз жабрдийда қиёфасига соламан; қийин вазиятда қобиғимга ўралиб оламан. Шунингдек, умр йўлдошимга таъсир ўтказиш имкониятимни ҳам чеклайман – бетўхтов турткилашим, айбловларим, танқидий муносабатим уни ўз камчиликларини қабул қилишига олиб келади. Танқидим рафиқамдаги менга ёқмаган хулқатворни тўғрилашга ёрдам бермайди. Танқид қилганим сари вазиятни ижобий томонга ўзгартириш имконим ўлиб бораверади.

Турмушимни чиндан ҳам яхшилашни истасам, мен бевосита назоратим остидаги, таъсир доирам ичидаги нарса, яъни ўз устимда ишлашни бошлайман. Турмуш ўртоғимни ўзимга маъқул қолипга солишга уринишни тўхтатаман ва камчиликларимни тўғрилашга киришаман. Ажойиб умр йўлдоши бўлишга, жуфтимни севги ва муҳаббат билан таъминлашга диққат қаратаман. Рафиқам ҳам, умид қиламанки, проактивлик қувватини ҳис қилиб, худди шу тарзда жавоб қайтаради. Мабодо, бундай бўлиб чиқмаса ҳам, аҳволимни яхшилаш учун қиладиган энг ижобий усул ўз устимда ишлаш бўлиб қолаверади.

Таъсир доирасини ривожлантиришнинг бир нечта йўли мавжуд – эътибор билан тинглаш, жуфтингизга кўпроқ меҳр-муҳаббат кўрсатиш, намунали талабага айланиш, жонбоз ходим бўлиш ва ҳоказо. Баъзан биз бажара оладиган энг проактив вазифа – бахтли бўлиш, самимий жилмайишдан иборат. Бахт бахтсизлик каби проактив танловдир. Шундай нарсалар борки, масалан, об-ҳаво – уларни таъсир доирамизга киритолмаймиз. Лекин проактив одамлар сингари биз жисмоний ёки ижтимоий об-ҳавомизни ўзимиз билан олиб юришимиз мумкин. Айни вақт назоратимиздан четда бўлган воқеликларни борича қабул қилиш ҳамда бевосита назоратим остидаги масалаларга эътибор қаратиш бахт эшигига элтувчи калитлардан биридир.

ТАЁҚНИНГ ИККИНЧИ УЧИ

Эътиборимизни тўлиқ таъсир доирасига қаратишдан аввал, хавотир доирамизда билишимиз ва диққат қилишимиз зарур бўлган икки муҳим жиҳат бор. Бу хато ва оқибатдир.

Ҳаракатларимизни танлашда эркин бўлсак ҳам, уларнинг оқибатини танлай олмаймиз. Оқибатлар табиий қонунлар назорати остида. Улар хавотир доирамиздан ташқарида. Катта тезликда келаётган поезд йўлида туриб олишимиз мумкин. Лекин поезд бизни туртиб юборганда нима бўлиши бизга боғлиқ эмас.

Бизнес учрашувларида нохолис йўлларни танлашимиз мумкин. Бунинг ижтимоий оқибатлари турлича тус олса ҳам, феъл-атворимизга боғлиқ табиий оқибатлари бир хил бўлади.

Хулқ-атворимиз – тамойиллар орқали бошқарилади. Тамойиллар билан уйғунликда яшаш ижобий, уларга риоя қилмаслик эса ўз ўрнида салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Ҳар қандай вазиятда танлов имконимиз бор, шу билан биз у ёки бу оқибатга сабабчи бўламиз. «Таёқнинг бир учини кўтарганимизда, иккинчи учини ҳам қўшиб кўтарамиз».

Шубҳасиз, ҳар биримизнинг ҳаётимизда шундай вақтлар бўлганки, анча вақт ўтгач, нотўғри таёқ кўтарганимизни пайқаганмиз. Танловимиз оқибати салбий бўлган; яна бир имкон берилганда, бошқасини танлаган бўлардик. Оқибати салбий танловларни хатолар деб атаймиз. Улар жиддий эътиборга лойиқ иккинчи жиҳатдир.

Надомат чеккан инсонлар учун энг керакли проактив машқ – ўтмиш хатоларини тан олиб, уларни хавотир доирасидан чиқариб ташлашдир. Ҳақиқатга тик боқинг: ўтмишга қайтиб, шу хатоларни такрорламасликнинг, уларнинг оқибатини назорат қилишнинг иложи йўқ.

Ўғилларимдан бири коллеж футбол жамоасида ўйнар эди. У дўстлари билан жиддий хатога йўл қўйган ҳар бир ўйиндан сўнг билагидаги чўзма боғични шақиллатишни одат қилганди. Ўғлим шу орқали хавотирларини аритиш, бир ўйиндаги хато иккинчисига салбий таъсир ўтказишига йўл қўймасликка кўникканди.

Проактив ёндашув қилинган хатони дарҳол тан олиш, тўғрилаш ва ундан хулоса чиқаришга ундайди. Бу чин маънода омадсизликни муваффақиятга айлантиради. «Муваффақият муваффақиятсизликнинг иккинчи томонидир», – дейди IBM асосчиси Т.Ж.Уотсон.

Хатони тан олмаслик, тўғриламаслик ва ундан хулоса чиқармаслик яна бир хатони бошлаб келади. Бу одамни ўзини алдашга, ўзини оқлашга ва рационал ёлғон тўқишга ўргатиб қўяди. Иккинчи хато ниқоблашдир, у биринчи хатони кучайтириб, унинг аҳамиятини бўрттиради ва инсоннинг ўзига қаттиқроқ зарар беради.

Энг кўп азобловчи нарса бошқаларнинг ёки ўзимизнинг хатоларимиз эмас, аксинча, шу хатоларга жавоб реакциямиздир. Бизни чақиб олган илоннинг ортидан қувиш оқибатида бутун танамизга заҳар тарқалади. Шунинг учун илонни таъқиб қилишни эмас, заҳарни танамиздан чиқариб ташлашни ўйлашимиз лозим.

Хатоларга нисбатан жавоб реакциямиз кейинги вужудга келажак вазиятнинг сифатига таъсир қилади. Уларни вақтида тан олиб, тўғрилашимиз жуда муҳим. Ана шундагина уларнинг келажагимизга асорати ўтмайди.

ВАЪДА БЕРИШ ВА УНИ БАЖАРИШ

Таъсир доирамизнинг қоқ марказида ваъда бериш ва мажбуриятларни бажариш қобилияти жойлашган. Ўзимизга, бошқаларга берадиган ваъдамиз, шу ваъдаларга содиқлигимиз проактивлигимизнинг моҳияти ва аниқ ифодаси саналади.

Бу, шунингдек, ўсишимизнинг моҳияти ҳамдир. Ўз-ўзини англаш ва виждон каби инсоний қобилиятларимиз орқали биз ожизлигимиз, ривожланишга муҳтож қисмларимиз, яширин иқтидоримиз, ўзгартирилиши ёки бутунлай йўқ қилиниши зарур бўлган хусусиятларимиздан воқиф бўламиз. Сўнгра тасаввуримиз ва танлов эркинлигимиздан фойдаланиб, шу воқифлик асосида ҳаракат қилсак – ваъда берсак, мақсадлар қўйсак ва уларга содиқ қолсак – биз мустаҳкам феъл-атвор яратамиз. Мустаҳкам феъл-атвор эса, ҳаётимиздаги бошқа ижобий ўзгаришларга дебоча бўлади. Ўзимизга ва атрофдагиларга ваъда бериш, уни бажо келтириш туфайли ютуқларимиз аста-секин ортиб, камчиликларимиз камайиб боради.

Самарадорликнинг асосий кўникмаларини ривожлантириш учун инсонда ўзига ваъда бериш ва уни бажариш қудрати мужассам бўлмоғи шарт. Билим, маҳорат ва истак ўз назоратимизда. Улардан бирини яхшилаш орқали ҳар учаласининг мувозанатини таъминлашимиз мумкин. Мувозанат тиклангани сари биз кўникмаларимиз пойдевори бўлган тамойилларга шўнғиб борамиз. Натижада ҳаётимиздаги самарадорликни оширишга хизмат қилувчи кучли феъл-атвор яратамиз.

ПРОАКТИВЛИК: ЎТТИЗ КУНЛИК ТЕСТ

Проактивликка эришиш учун биз Франклга ўхшаб ўлим лагеридаги қийноқларни бошдан кечиришимиз шарт эмас. Ҳаётнинг ғайриоддий босимларини енгиш учун проактив қобилиятимизни ривожлантириш кундалик воқеаҳодисалар замирида жойлашган. Проактивлик – ваъда бериб, уни бажаришимизда, йўлдаги тирбандликларга муносабатимизда, қайсар фарзандимиз ёки жаҳлдор мижозга нисбатан муомаламизда кўринади. У муаммоларимизга қай кўз билан қарашимиз ва қувватимизни қаерга сарфлашимизда акс этади. Проактивлик – нутқимизда намоён бўлади.

30 кун мобайнида проактивлик тамойилини текширинг. Шунчаки тестни синаб кўринг ва натижасига гувоҳ бўлинг. 30 кун давомида фақат таъсир доирангиз билан ишланг. Кичик ваъдалар беринг ва уларни бажаринг. Мулойим бўлинг. Бошқалар устидан шунчаки тестни синаб кўринг ва натижасига гувоҳ бўлинг. 30 кун давомида фақат таъсир доирангиз билан ишланг.

Буларни турмушингизда, оилангизда, ишингизда синаб кўринг. Ўзингиз ва бошқаларнинг камчиликлари устида тортишиб ўтирманг. Хато қилсангиз, тан олинг, тўғриланг ва хулоса чиқаринг – зудлик билан. Ҳеч кимни айбламанг. Назорат доирангиздаги нарсаларга эътиборингизни жалб қилинг.

Ўзингиз устингизда ишланг. «Бўлмоқ» устида ишланг.

Бошқалардаги камчиликларга айблов эмас, ҳамдардлик кўзи билан қаранг. Муаммо одамлар ниманидир бажармаётганида ёки бажаришида эмас. Муаммо – сизнинг вазиятга реакциянгизда ва нима қилишингиз кераклигида. Миянгизга муаммо «ташқарида» деган фикр келса, дарҳол ўзингизни тўхтатинг. Бу фикрнинг ўзи муаммо.

Туғма озодлиги учун курашган одам кун ўтгани сайин аста-секинлик билан уни ривожлантиради. Буни амалга оширмаганларда эса озодлик ҳисси мутлақ ғойиб бўлади. Улар шунчаки ота-онаси, яқинлари ва жамият томонидан ёзилган бегона ҳаётни яшаб ўтади.

Биз ўз самарадорлигимиз, бахтимиз ва, албатта, бошимизга тушажак аксарият вазиятлар учун ўзимиз жавобгармиз.

Самуел Жонсон шундай дейди: «Муваффақият фаввораси онгимиздан отилиб чиқиши керак. Инсон табиатидан бехабар ҳолда, ўзидан бошқа ҳамма нарсани ўзгартириш орқали бахтга эришмоқчи бўлганлар бутун умрини беҳуда сарфлайди ҳамда ғам-азобларини икки баробар кўпайтиради.

Жавобгарликни ҳис этиш – самарадорлик, унга етакловчи ҳар бир кўникманинг бош омилидир.

ҚЎЛЛАШ УЧУН КЎРСАТМАЛАР

1. Кун давомида ўзингиз ва атрофингиздаги инсонлар нутқини тингланг. «Агар…», «Бажара олмайман…», «Бажаришим шарт…» сингари реактив ибораларни қанчалик тез-тез қўллайсиз?

2. Ўтмишда бўлиб ўтган ҳодиса туфайли яқин келажакда дуч келишингиз мумкин бўлган ва сизни реактив хулқ-атворингизга сабаб бўладиган бирор воқеани аниқланг. Вазиятни Таъсир доирангиз нуқтаи назаридан келиб чиқиб қайта таҳлил қилинг. Проактив шахс сифатида ўзингизни қандай тутишингиз керак? Бир неча дақиқа вақт ажратиб, хаёлингизда келгуси вазиятни, проактив тарзда реакция билдираётганингизни гавдалантиринг. Стимул ва реакция ўртасида танлов эркинлигини ёдда сақланг. Танлов эркинлигини доимий равишда машқ қилишга аҳд қилинг.

3. Шахсий ёки профессионал ҳаётингиздаги анчадан бери сизни қийнаб келаётган муайян бир муаммони танланг. Бу муаммо қайси категорияга мансублигини – бевосита ёки билвосита назоратингиз остидалигини ёки назоратингиздан четдалигини аниқланг. Таъсир доирангиздан келиб чиққан ҳолда, муаммони ҳал қилиш учун дастлабки қадам қандай бўлишини аниқлаб, шу бўйича ишга киришинг.

4. Ўттиз кунлик проактивлик тестини синаб кўринг. Таъсир доирангиздаги ўзгаришларни кузатиб боринг.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации