Электронная библиотека » Стивен Кови » » онлайн чтение - страница 7


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Стивен Кови


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 20 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Хотиржамлигингиз ўта қатъиятсизлик ҳамда юқори ишончга эга барқарорлигингиз билан аниқланади.

Йўналишингиз – ижтимоий ойна ва нотурғун манбаларга ўта қарам ёки кучли ички ёндашув эгаси эканлигингизда акс этади.

Донолигингиз – ҳаётингиз тамойиллари акс этган харита қанчалик тартибли ёки тартибсиз экани билан белгиланади.

Қудратингиз – ҳаракат объекти ёки субъекти эканлигингизга қараб аниқланади.

Ушбу омилларнинг чизиқдаги жойлашуви, уларнинг мувозанати, уйғунлиги ва ҳаётингизга таъсири – «Таъсир доирангиз маркази»нинг вазифасига мувофиқ амалга ошади.

МУҚОБИЛ МАРКАЗЛАР

Ҳар биримизнинг ўз марказимиз бор. Шунчаки унинг мавжудлиги ва ҳаётимизга таъсирини доим ҳам сезавермаймиз.

Келинг, одатда одамларда учрайдиган марказлар – туб парадигмаларнинг айримларини кўриб чиқамиз. Шу орқали уларнинг юқорида танишганимиз – шахсиятнинг тўрт омилига, қолаверса, бутун ҳаётимизга ўтказажак таъсирини яхшироқ тушунамиз.

Марказда турмуш ўртоқ. Никоҳ инсоний муносабатларнинг энг самимий, энг қониқарли, энг бардошли ва ривожланувчи тури ҳисобланади. Турмуш ўртоғингиз диққат марказингизда бўлиши табиий ва одатий ҳол бўлиб туюлиши мумкин.

Бироқ тажриба ва кузатувлар бошқача кўрсатмоқда. Йиллар давомида кўплаб муаммоли оилалар билан ишладим. Мен дуч келган, ҳаёт марказига турмуш ўртоғини қўйган одамлар турмушининг деярли ҳар бирида маълум хавф бор эди. Бу хавф – жуфтга бўлган кучли руҳий қарамликдан иборат эди.

Агар қадр-қиммат, руҳий ишонч ҳиссимиз никоҳимиздан яралса, турмуш ўртоғимизга қарам бўлиб қоламиз. Умр йўлдошимизнинг кайфияти, ҳиссиётлари, хулқ-атвори ва бизга нисбатан муомаласига, қолаверса, у билан муносабатимизга таъсир кўрсатувчи ҳар қандай ташқи омиллар, жумладан, фарзанд туғилиши, қариндош-уруғлар, иқтисодий қийинчиликлар ва ижтимоий ютуқларга ўта таъсирчан бўлиб қоламиз.

Масъулият кўпайиб, турмушимизда босим ошгани сари болалигимизда берилган сценарийга қайтишга мойиллашамиз. Худди шу ҳол умр йўлдошимиз билан ҳам юз беради. Бахтга қарши, иккимизнинг қўлимизда икки ҳил сценарий – молиявий масалалар, фарзанд тарбияси билан шуғулланишнинг икки хил усули бўлади. Бу орада қариндош-уруғлар билан боғлиқ муаммолар келиб чиқа бошлайди. Ана шу масалалар бизнинг никоҳимизга руҳий қарамлигимиз билан қўшилганида, турмуш ўртоққа муносабатдаги заифликлар бўй кўрсатади.

Агар доим қарам бўлган инсон билан келишмовчиликка борсак, биздаги эҳтиёж ва зиддият бунга аралашади. Натижада севги ва нафратнинг ҳаддан ташқари ошиши, жанг ва курашишга мойиллик, чекиниш, тажовузкорлик, ғазаб, нафрат ва совуқ рақобат вужудга келади. Бундай вазиятда, хатти-ҳаракатимизни оқлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида эски кўникмаларимизга юз тутамиз, шу аснода турмуш ўртоғимизнинг кўникмаларига ҳужум бошлаймиз.

Алал-оқибат, ҳар сафар ўзимизни ожиз ҳис қилганда, жуфтимизни жароҳатлаб ўзимизни ҳимоялашга эҳтиёж сезамиз. Шунинг учун ҳар икки гапнинг бирида киноя, танқидни ишга соламиз. Бу йўл билан аслида қалбимиздаги меҳрибонликни ошкор қилишдан тийилмоқчи бўламиз. Биз ҳамиша жуфтимиздан ташаббус кўрсатиб, унут бўлаётган севгини ёдга солишини кутамиз. Лекин умидимиз чиппакка чиқиб, унга нисбатан айбловларимиз тўғри эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Лекин жуфтимиз ҳам ташаббус биздан чиқишини кутиши хаёлимизга ҳам келмайди.

Марказда турмуш ўртоқ турувчи муносабатда, гарчанд ташқарида ҳаммаси жойида кўринса ҳам, хотиржамлик қуруқ сафсатадир. Йўналиш – лаҳзалик ҳиссиётга суянади. Донолик ва қудрат эса икки томоннинг салбий алоқаларида йўқолиб қолади.

Марказ оила. Инсонларда яна бир кенг тарқалган марказ оиладир. Бу ҳам жуда табиий ва одатий туюлиши шубҳасиз. Бутун диққат-эътиборимиз қаратилган, асосий сармоя киритадиган майдон сифатида оила бизни чуқур муносабатлар, муҳаббат, баҳам кўриш, ҳаётимизни мазмунли ўтказиш учун зарур имкониятлар билан таъминлайди. Бироқ марказ сифатида у оилавий муваффақият учун керакли элементларни барбод қилади.

Ҳаёт марказига оиласини қўювчи одамлар ўз қадрқиммати ёки ишонч ҳиссини оилавий анъаналар, урфодатлар ёки оила обрўсига боғлаб қўяди. Шу сабаб оилада содир бўладиган ҳар қандай ўзгаришга, унинг обрўсига таъсир этувчи омилларга нисбатан таъсирчан бўлади.

Марказида оила турувчи ота-оналарга фарзандларининг фаровонлигини таъминлаган ҳолда вояга етказиши учун зарур бўлган руҳий озодлик ва қудрат етишмайди. Агар улар шахсий хавфсизлигини оила асосига қурса, фарзандлари орқасидан машҳур бўлишга эҳтиёжи туфайли болаларининг ўсиши ва ривожланишига узоқ муддатли сармоя киритишдан чалғийди. Ёки фарзандининг қисқа муддатли тўғри хулқ-атворига диққат қаратади. Нотўғри кўринган ҳар қандай феъл-атвор, хатти-ҳаракат уларнинг хавфсизлигига таҳдид солади. Бундай ота-оналарни лаҳзалик ҳиссиётлар бошқаради, боласидан осонгина хафа бўлади ёки жаҳли чиқади. Қизиққонлигидан фарзандини қаттиқ жазолашгача бориши мумкин. Улар ўз жигаргўшасини вазиятга қараб яхши кўради. Бола ўзини яхши тутса яхши, ёмон тутса ёмон ота-она бўлади. Бу эса ўсаётган боларнинг юрагида ғалаён қўзғаб, исёнкорга айлантиради.

Марказ пул. Инсонлар ҳаётидаги энг мантиқий ҳамда кўп учрайдиган марказ – пул топиш. Молиявий мустаҳкамлик ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида эркин бўлиш имконини беради. Эҳтиёжлар кетма-кетлигида жисмонан тирик қолиш ва молиявий мустаҳкамлик биринчи ўринда туради. Ана шу икки эҳтиёж қондирилсагина, бошқа эҳтиёжлар ҳақида ўйлаш мумкин бўлади.

Шубҳасиз, кўпчилигимиз иқтисодий хавотирларга дуч келамиз. Ташқи муҳит иқтисодий ҳолатимизга таъсир ўтказа олади ва ўтказади ҳам. У туфайли тез-тез ташвишга тушамиз, лекин бу доим ҳам онгли равишда юз бермайди.

Баъзан пул топиш учун олийжаноб сабаблар бордек туюлади. Масалан, пул топиб оиламизга ғамхўрлик қила оламиз ва бу жуда муҳим. Бироқ пул топишни ҳаётимиз марказига қўйиш турли хатоликларни келтириб чиқаради.

Ҳаётимиз манбаи бўлган тўрт омил – хотиржамлик, йўналиш, донолик ва қудратни эсланг. Энди тасаввур қилинг, мен ўз хотиржамлигимни топаётган даромадим ҳисобига қурганман. Ушбу иқтисодий асосга беҳисоб ташқи омиллар таъсир қилар экан, буларни ўйлаб мен ўз-ўзидан хавотирга тушаман, пулимга таъсир қилувчи ҳар нарсага нисбатан ўта эҳтиёткор муносабатда бўламан. Шахсий қадр-қимматимни банкдаги ҳисоб рақамим билан ўлчасам-у, пулим камайиб қолса, ўзимни жуда ожиз ва нотавон ҳис қиламан. Аммо иш ва пул менга донолик ҳам, йўналиш ҳам бермайди. Фақат чекланган миқдордаги қудрат ва хотиржамлик билан таъминлайди, холос. Пулни марказлаштириш ўзим ва яқинларим ҳаётини инқирозга олиб келади.

Пулни қадрловчи инсонлар одатда оила ва ҳаётдаги бошқа вазифаларини иккинчи ўринга тушириб, «иқтисодий эҳтиёжлар биринчи ўринда туради» деб ўз хатти-ҳаракатини оқлаб қўяди.

Бир дўстим билан шундай воқеа юз берганди. У фарзандларини циркка олиб боришга ваъда беради. Айтилган кун келганида дўстимга қўнғироқ бўлади ва зудлик билан ишга етиб боришни сўрашади. Бироқ у рад этади. Рафиқаси дўстимга ишга боргани маъқуллигини айтади. Дўстим эса: «Иш топилади, аммо болалик топилмайди», – дея жавоб қайтаради. Фарзандлар умрининг охиригача отасининг бу олийжаноблигини нафақат дарс, шунингдек, меҳр-муҳаббат рамзи сифатида ҳам қалбида сақлаб юради.

Марказ иш. Орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз соғлиғи, муносабатлари ва ҳаётидаги бошқа жиҳатларни иш учун қурбон қилади. Ҳаёти марказига ишни қўювчилар ана шундай ишга муккасидан кетган бўлиб қолиши ҳеч гапмас. Улар ўзлигини аниқлашда касбига суянади – «Мен шифокорман», «Мен ёзувчиман», «Мен актёрман».

Ишга марказлашган одамлар ўз қадр-қимматини иши билан белгилагани туфайли улар ишига халал берувчи нарсаларга нисбатан таъсирчан бўлиб қолади. Улар фақатгина ишга бўлган талаби фаоллашгандагина тўғри йўналишда эканлигини ҳис қилади. Уларнинг ақли ва кучи иши доирасида чекланган, ҳаётнинг бошқа соҳаларида самарасиз кўринади.

Марказ мулк. Кўпчиликни ҳаётда ҳаракатлантирувчи куч – мулк. Гап нафақат моддий мол-мулк – замонавий кийимлар, уйлар, машиналар, қайиқлар ва тилла тақинчоқлар, балки номоддий мулк, масалан, шоншуҳрат, шон-шараф, ижтимоий обрў ҳақида кетяпти. Ўз тажрибамиздан келиб чиқиб, кўпчилигимиз ҳаётимиз марказига мол-мулкни қўйиш қанчалик хатолигини яхши биламиз, чунки у бир зумда йўқолиши мумкин, шунингдек, кўплаб ташқи кучлар таъсири остида бўлади.

Агар хотиржамлигим менинг обрўйим ёки менга тегишли нарсалар билан ўлчанса, шу мол-мулклар бир кун келиб йўқ бўлиб кетишидан, ўғирланишидан ёки қадрсизланишидан доимо юрагимни ҳовучлаб яшайман. Мендан кўра кўпроқ даромад топувчи, юқори мавқега эга ва мендан машҳурроқ инсонлар орасида бўлганимда эса, ўзимни паст ва тубан инсон сифатида кўра бошлайман. Лекин у одам мендан кўра камроқ даромад топса, обрўси ва шон-шуҳрати меникидан камроқ бўлса, унда ўзимни у кишидан устунроқ ҳис қиламан. Ўзимга бўлган ишонч мудом ўзгаради. Менда барқарорлик, бирор нарсани маҳкам тутиш ва қатъият йўқ. Ҳамиша юқори сифатларимни, мол-мулкимни, хотиржамлигимни, ҳаётдаги ўрнимни ва обрўйимни ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан. Сиёсий қарама-қаршиликларга учраш оқибатида обрўсидан ажралиш ёки акция бозорларида жуда кўп миқдордаги бойликларини йўқотиш натижасида ўз жонига қасд қилган одамлар ҳақида кўп эшитган бўлсангиз керак. Уларнинг қисмати ҳаёт марказига мол-мулкни қўйиш оқибати ҳақида яхшигина сабоқ бўлади.

Марказ лаззат. Мол-мулк билан ҳамоҳанг юрувчи марказлардан бири – лаззат ва ўйин-кулги маркази ҳисобланади. Биз лаззат ҳамма ерда ҳамма учун мавжуд дунёда яшаяпмиз. Телевизор ва кинолар бунда жуда муҳим ўрин тутади, чунки улар одамларга қандай қилиб осон, завқли ва жозибадор ҳаётда яшашни очиқ-ойдин кўрсатади.

Лекин экранларда, ҳаёт марказига лаззат қўйилган турмуш тарзининг инсон ички дунёсига, самарадорлиги ва бошқалар билан муносабатига таъсири доим ҳам очиб берилмайди.

Меъёрий зарарсиз завқлар танамиз ва ақлимизга ҳузур бериб, оилавий ҳамда бошқа муносабатларни ривожлантириши мумкин. Бироқ завқнинг ўзи якка ҳолда ҳеч қачон чуқур қаноат ва муваффақиятга эришиш туйғусини бера олмайди. Лаззатга интилувчи инсонлар унга эришгач, тезда зерикиб қолади ва янада кўпроғини исташни бошлайди. Янги завқ янада каттароқ, яхшироқ, ҳаяжонга соладиган ва кўпроқ қувонч бағишлайдиган бўлиши керак. Бу ҳолатдаги инсонлар деярли жуда кучли гедонистга айланиб, ҳаётни фақат лаззат келтирувчи нарса сифатида тушунади.

Узоқ муддатли таътиллар, кинолар, видео ўйинлари, интизомсиз ўтган бўш вақт умримизни совуради. Бу эса ўз навбатида, имкониятларимизнинг камайишига, қобилиятларимизнинг ривожланмай қолишига, мия ва руҳимизнинг ланж бўлишига, юрагимизнинг ишдан чиқишига кафолат бўлади. Биздаги хотиржамлик, йўналиш, ақл ва куч қаерга кетди?

Малком Маггеридж ўзининг «21-асрга йўлланма» асарида шундай ёзади:

«Баъзан ўтган умримга назар ташласам, бир нарсадан ажабланаман: олдин жуда аҳамиятли ва жозибали кўринган нарсалар ҳозир жуда туссиз ва аҳмоқона кўринади. Масалан, ҳар қандай муваффақият: машҳур бўлиш ва мақтаниш, аёллар билан кўнгилхушлик қилиш ёки бойлик орттириш каби кўзга кўринадиган лаззатлар, шайтонга ўхшаб дунёнинг у четидан бу четига саёҳат қилиб, ҳушимизга келганини қилиш ҳозир мен учун заррача қийматга эга эмас.

Ортга бир назар солсак, эҳтиёжимизни қондиришдаги барча хатти-ҳаракатлар ғирт хомхаёл, Паскал айтганидек, «Ерни ялаш» экан.

Марказ дўст/душман. Ҳаёт марказига дўстини қўйиш, айниқса, ёшларда кўп учрайди. Бирор гуруҳга қабул қилиниш ёки тегишли бўлиш улар учун жуда муҳим. Доим ўзгариб турадиган ижтимоий даврамиз бизни уларнинг хатти-ҳаракатларига, муносабатларига, ҳис-туйғуларига ва доимий ўзгарувчан кайфиятига тобе қилади, ҳаётимизни қуришда ёрдам берадиган тўртта омилнинг асосий манбасига айланади.

Дўстга марказлашув турмушимизнинг каттакичиклигига қараб, фақат битта инсонни назарда тутиши ҳам мумкин. Ҳаётимиз марказига дўстимизни қўйиш оқибатида бир инсонга руҳий қарам бўлиб қолиш, эҳтиёж/зиддият спиралининг ўсиши ва салбий муносабатлар ривожланиши эҳтимоли бор.

Хўш, душманимизни ҳаётимиз марказига қўйсак нима бўлади? Кўпчилик бу ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Ҳеч ким буни онгли равишда қилмаса ҳам керак. Шунга қарамай, бу тез-тез юз берадиган ҳодиса саналади, айниқса, ҳақиқий можароси бор икки инсон доимий алоқада бўлиб турган ҳолатларда кўп учрайди. Тасаввур қилинг, руҳий ёки ижтимоий жиҳатдан муҳим ҳисобланган шахс сизга адолатсизларча муносабатда бўлди. Энди шу адолатсизлик билан банд бўлишингиз ҳамда ўша шахсни ҳаётингиз марказига айлантириб қўйишингиз жуда осон. Ҳаётингизни проактивларга хос тарзда давом эттириш ўрнига уни душман сифатида қабул қиласиз, ҳар бир хатти-ҳаракатига муносабат билдирасиз.

Университетдаги дўстларимдан бири қайсидир бошқарувчи билан яхши чиқиша олмай, низога бориб қолди. Шундан сўнг у ўша бошқарувчи ҳақида ўйлашга шу даражада муккасидан кетдики, ўзи билмаган ҳолда душманини ҳаётининг марказига чиқариб қўйди. Дўстимнинг бутун фикр-хаёлини душман деб билган одами эгаллади. Бу эса ўз навбатида унинг оилавий муносабатларига, ибодатию ҳамкасбларига таъсир кўрсатди. Вазият шу даражага етдики, дўстим университетдан кетиб, бошқа жойда ишлашга қарор қилди.

– Агар бошқарувчи бўлмаса, университетдан кетмасмидинг? – деб сўрадим ундан.

– Шундай, – жавоб берди дўстим. – Лекин у шу ерда экан, мен қололмайман.

– Нега уни ҳаётинг марказига айлантирдинг? – сўроққа тутдим дўстимни.

У саволимдан саросимага тушди ва фикримни инкор этди. Лекин мен унга қандайдир шахс туфайли яқинлари билан муносабати, иши, бутун бошли ҳаёти издан чиқаётганини тушунтириб бердим.

Дўстим ниҳоят «душман»и ҳаётига катта таъсир ўтказаётганини тан олди, бироқ танлов ўзиники эканини тан олмади. У ўртадаги ёқимсиз вазият учун бошқарувчини жавобгар қилиб, ўзи масъулиятдан бўйин товлади.

Секин-секин суҳбатлашар эканмиз, дўстим вазият учун жавобгарлигини, бироқ шу жавобгарликни уддалай олмагани туфайли масъулиятсизлик қилаётганини англай бошлади.

Бу ҳол кўпчилик билан рўй бериши мумкин. Шундай одамлар бор, собиқ турмуш ўртоғига бўлган нафрат ва ғазабини ҳамон ичида сақлаб юради ва бундан фақат ўзи қийналади.

Кўпгина вояга етган фарзандлар ўз ота-оналарини очиқчасига ёки яширин тарзда ёмон кўриб яшайди. Фарзандлар уларни ўтмишдаги ҳақоратлари, бепарволиклари учун айблашади ҳамда ўз ҳаётларини шу алам ва оқлашларга бағишлайди.

Ўз дўстини ёки душманини ҳаёти марказига қўйган инсонда ички ҳаловат бўлмайди. Ўзини қадрлаш туйғуси беқарор бўлиб, руҳий ҳолати ёки бошқалар хатти-ҳаракати ёрдамида фаоллашади. Йўналиш бошқаларнинг унга берган жавоби натижасида юзага келган фикрдан пайдо бўлади. Донолик – ижтимоий линза ва душмандан хаёлни олмаслик оқибатидаги хавотир туфайли тўхтайди. Бундай шахснинг кучи йўқ, бошқалар қўлида қўғирчоққа айланади.

Марказ дин. Ишонаманки, динга жиддий ёндашувчи ҳар бир инсон тоат-ибодат билан шахсий маънавият синоним эмаслигини яхши билади. Шундай инсонлар борки, тоат-ибодатга муккасидан кетади ва атрофдаги бошқа инсоний эҳтиёжларга лоқайд қараб, ўзи чин дилдан ишонувчи ақидаларга қарши бораётганини сезмайди. Яна шундай турдаги шахслар учрайдики, улар динга берилиб эътиқод қилмайди, черков ёки масжидларга камданкам чиқади ёки умуман чиқмайди, бироқ хулқ-атворида чинакам ижобий диний одоб ва тамойиллар акс этади.

Ҳаётим давомида кўплаб диний жамиятларга қатнашиб юрдим ва бир нарсага иймоним комил бўлди: масжидга, черковга бориб, диний маъруза тинглаш бошқа, тинглаган маърузани ҳаётда қўллаш бошқа.

Тоат-ибодат қилишда фаол бўлишингиз мумкин. Лекин бу ҳақиқатан ҳам динга амал қилаётганингизни англатмайди.

Ҳаёти марказига тоат-ибодатни қўйган инсонларда зоҳирий кўриниш бирламчи ўринга чиқади. Бу эса ўз навбатида риёга сабаб бўлади. Риё шахсий хотиржамлик ҳамда ички қадр-қимматни заифлаштиради. Уларнинг йўналиши ижтимоий виждон асосида яралади. Бундай кишилар атрофидагиларга «художўй», «кофир», «христиан», «радикал» ва ҳоказо ёрлиқлар ёпиштиради.

Ибодатхона, масжидлар ўз сиёсати, дастурлари, урфодати ва одамлардан ташкил топган расмий ташкилот бўлгани туфайли инсонга ички қиймат, доимий хотиржамликни бера олмайди.

Ибодатхона яна инсонга доим ҳам тўғри йўлни кўрсата олмайди. Ибодатга ўта муккасидан кетган кишилар одатда бошқалардан ажралиб яшайди. Улар ўзини ибодатга борадиган кунлари бошқача, иш кунлари эса умуман бошқача тутади. Яхлитлик, бирдамлик ва ҳалолликнинг етишмаслиги уларнинг хотиржамлигини ўғирлайди, ўзини оқлаш ва одамларга янада кўпроқ ёрлиқ илиш эҳтиёжи ошишига сабаб бўлади.

Тоат-ибодатни сўнгги нуқтага етиш чораси эмас, балки сўнгги нуқта сифатида кўриш инсоннинг донолиги ва мувозанат ҳиссини чеклайди. Асалнинг ҳам ози ширин дейишади. Тоат-ибодат билан хўжакўрсинга шуғулланиш ўрнига, муқаддас динларнинг чин инсоний тамойилларини ҳаётда қўллаш фойдалироқдир.

Марказ ўзлик. Ҳозирги кунда энг кўп учрайдиган марказ шахснинг ўзидир. Ҳаёт марказига ўзини қўйишнинг бир шакли кўпчилик инсонларнинг қадрини бузувчи худбинлик ҳисобланади. Лекин ривожланиш ва шахсий қадр-қийматни ўргатувчи машҳур ёндашувларнинг аксарияти асос қилиб ўзлик марказини танлайди.

Бутун эътиборини ўзига қаратган инсонларда хотиржамлик, йўналиш, донолик ва қудрат чекланган миқдорда бўлади. Фаластиндаги Ўлик денгиз каби улар фақат олади, лекин ҳеч қачон бермайди.

Бошқа томондан қараганда, агар инсон хизмат қилиш, ишлаб чиқариш, ўсишга ҳисса қўшиш мақсадида ўзини ровожлантиришга эътибор қаратса, у ҳолда ҳаётни қўллабқувватловчи тўртта омилнинг жиддий юксалишига туртки бўлади.

Юқорида санаб ўтганларимиз ҳаётга қай тарафдан қарашни белгилаб берувчи марказлардир. Одатда, ўзимизнинг марказимиздан кўра бошқанинг марказини кўриш осонроқ. Балки сиз пулни ҳамма нарсадан устун қўядиган инсонни танирсиз? Балки атрофингизда ким биландир доимий жанжаллашиб, ўзини оқлаш учун бор куч-қувватини бағишловчи инсон топилар? Бирор кишининг ҳаётий марказини аниқлаш учун уни диққат билан кузатиш кифоя.

ЎЗ МАРКАЗИНГИЗНИ АНИҚЛАНГ

Лекин ўзингиз-чи? Сизнинг ҳаётингиз марказида нима туради? Ўзимизни таҳлил қилиш доим ҳам осон бўлавермайди. Буни аниқлашнинг энг самарали усули энг зарур омилларга яқиндан қарашдир. Қуйидаги таърифлардан ўзингизга мосини топинг. Ана шунда самарадорлигингизни чеклаётган марказни аниқлашга муваффақ бўласиз.

Ҳаётингиз марказида турмуш ўртоғингиз бўлса:

ХОТИРЖАМЛИК

Хотиржамлигингиз умр йўлдошингизнинг сизга нисбатан муомаласига боғлиқ;

Жуфтингизнинг кадрияти ва туйғуларига нисбатан жуда таъсирчансиз;

Турмуш ўртоғингиз сизнинг фикрингизга қўшилмаса ёки айтганингизни бажармаса, кўнглингиз қаттиқ оғрийди ва натижада зиддият келиб чиқади;

Турмушингизга таъсир ўтказувчи ҳар қандай омилни таҳдид сифатида қабул қиласиз.

ЙЎНАЛИШ

Сиз турмуш ўртоғингиз хоҳишларини инобатга олиб, йўналиш танлайсиз;

Доим жуфтингиз учун маъқулини қилишга уринасиз, натижада қарор қабул қилишингиз чекланиб қолади.

ДОНОЛИК

Дунёқарашингиз умр йўлдошингиз ёки муносабатларингизга ижобий ёки салбий таъсир кўрсатувчи нарсалардан ташкил топган.

ҚУДРАТ

Турмуш ўртоғингизнинг заифликлари туфайли имконингиз чекланган.

* * *

Агар ҳаётингиз марказида оилангиз бўлса:

ХОТИРЖАМЛИК

Сизнинг хотиржамлигингиз оилангиз талабларини адо этиш, оилангиздаги ўрнингизга асосланган;

Шахсий қадр-қимматингизни оилангиз обрўсига қараб белгилайсиз.

ЙЎНАЛИШ

Хулқ-атворингиз ва муомалангизни оилангиз истаги асосида яратасиз;

Қарор қабул қилишда оила аъзоларингиз истагига қарайсиз.

ДОНОЛИК

Сиз ҳаётни оилангиз намунасида тушунасиз.

ҚУДРАТ

Оилавий анъаналарга риоя қилиш қудратингизни чеклаб қўяди.

Агар ҳаётингиз марказида пул бўлса:

ХОТИРЖАМЛИК

Бор хотиржамлигингизни пулингиз миқдори билан ўлчайсиз;

Иқтисодий аҳволингизга таъсир кўрсатадиган ҳамма нарса олдида жуда таъсирчансиз.

ЙЎНАЛИШ

Қарор қабул қилаётганда фақат моддий фойдангизни ўйлайсиз.

ДОНОЛИК

Дунёқарашингиз пул топишга боғланиб қолган. Ҳар нарсани пул билан ўлчайсиз.

ҚУДРАТ

Кучингиз фақат пул билан ҳал қилиш мумкин бўлган нарсаларга етади, холос.

* * *

Ҳаётингиз марказида иш бўлса:

ХОТИРЖАМЛИК

Ўзингизни эгаллаган касбингиз орқали таърифлайсиз; Фақат иш вақтида хотиржам бўласиз.

ЙЎНАЛИШ

Қарор қабул қилаётганда ишингиз талаблари ва заруриятларидан келиб чиқасиз.

ДОНОЛИК

Дунёқарашингиз ишдаги ролингиздан келиб чиқади.

ҚУДРАТ

Ҳаракатларингиз иш, ташкилий масалалар, иш имкониятлари, раҳбарингиз фикрлари билан чекланиб қолган.

* * *

Агар ҳаётингиз марказида мол-мулк турса:

ХОТИРЖАМЛИК

Ижтимоий мавқеингиз, обрў ва моддий мол-мулкингиз хотиржамлигингизнинг асосий гарови ҳисобланади;

Ўзингиздаги нарсаларни бошқалардаги нарсалар билан кўп солиштирасиз.

ЙЎНАЛИШ

Мол-мулкингизни кўпайтирадиган, ҳимоя қиладиган воситаларга асосланиб қарор қабул қиласиз.

ДОНОЛИК

Дунёқарашингиз иқтисодий-ижтимоий муносабатларни қиёслашдан келиб чиқади.

ҚУДРАТ

Сиз сотиб олишингиз ёки эришишингиз мумкин бўлган нарсалар ичида ҳаракатланасиз.

* * *

Агар ҳаётингиз марказида лаззат турса:

ХОТИРЖАМЛИК

Фақат ўта лаззатланаётган вақтингизда ўзингизни хотиржам сезасиз;

Хотиржамлигингиз қисқа муддатли, ташқи муҳитга қарам бўлади.

ЙЎНАЛИШ

Лаззат бағишловчи нарсаларга асосланиб қарор қабул қиласиз.

ДОНОЛИК

Дунёқарашингиз дунёда сиз учун мавжуд моддиятга асосланади.

ҚУДРАТ

Қудратга деярли эга эмассиз.

* * *

Ҳаётингиз марказида дўстингиз турса:

ХОТИРЖАМЛИК

Хотиржамлигингиз ижтимоий кўзгу вазифасини бажаради;

Бошқаларнинг фикрига қарамсиз.

ЙЎНАЛИШ

Қарор қабул қилишда «Улар нима дейди?» деган савол бошингизни қотиради.

ДОНОЛИК

Дунёқарашингиз атрофингиздаги ижтимоий муҳит таъсиридан келиб чиқади.

ҚУДРАТ

Ҳаракатларингиз худди фикрингиз каби жуда ўзгарувчан.

* * *

Агар ҳаётингиз марказига душманингизни қўйсангиз:

ХОТИРЖАМЛИК

Душманингиз хатти-ҳаракати хотиржамлигингизни белгилаб беради;

Душманингиз нима қилаётганига доим қизиқасиз;

Бошқалар душманингиз ҳақида сиздек ўйлашини кутиб яшайсиз.

ЙЎНАЛИШ

Сизни рақибингиз бошқаради;

Қарор қабул қилишда унга зарар келтирувчи омилларни инобатга оласиз.

ДОНОЛИК

Мулоҳазангиз жуда тор ва тартибсиз;

Ўта ҳимояланувчан, баъзан тажовузкор ва хавотирга тушувчан бўлиб қоласиз.

ҚУДРАТ

Сиздаги жаҳл, ғазаб, алам ва қасос оз қудрат ҳосил қилади. Бу жуда салбий қувват бўлиб, бор ижобий қувватингизни ҳам йўққа чиқаради.

* * *

Ҳаётингиз марказида тоат-ибодат турса:

ХОТИРЖАМЛИК

Хотиржамлигингиз тоат-ибодат, диний жамоаларга, у ердаги мавқе ва таъсирингизга асосланган;

Одамларни диний қиёслаш орқали хотиржам бўласиз.

ЙЎНАЛИШ

Қарор қабул қилаётганда бошқалар диний хаттиҳаракатларингизни қандай баҳолашига аҳамият қаратасиз.

ДОНОЛИК

Дунё кўз ўнгингизда иккига «диндорлар» ва «динсизлар» қутбига ажралган.

ҚУДРАТ

Ўз кучингизни диний жамоадаги мавқеингизга қараб белгилайсиз.

* * *

Ҳаётингиз марказида ўзингиз бўлсангиз:

ХОТИРЖАМЛИК

Хотиржамлигингиз ҳамиша ўзгариб туради.

ЙЎНАЛИШ

Қарор қабул қилишда «Агар менга яхши бўлса…», «Истайманки…», «Менга керак…» сингари талабларга суянасиз.

ДОНОЛИК

Дунёни сизга таъсир кўрсатувчи қарорлар, воқеа ва вазиятлар орқали кўрасиз.

ҚУДРАТ

Фаолиятингиз – шахсий ресурсларингиз билан чекланган, ўзаро боғлиқликнинг фойдаларидан бебаҳра.

Кўпинча инсоннинг маркази ана шу кўриб чиққанимиз марказлар аралашмасидан иборатдир. Аксарият шахсларнинг феъл-атвори ҳаётида муҳим роль ўйновчи таъсирлар ҳукми остида бўлади. Ташқи ва ички вазиятларга қараб, муайян бир марказ фаоллиги маълум бир эҳтиёжлар қондирилмагунча давом этади. Шундан сўнг бошқа марказ бизни бошқарувчи кучга айланади.

Биз бир марказдан бошқа марказга сакраб ўтарканмиз, ҳаётимиз ҳам у ёқдан бу ёққа оғиб кетади. Бир сафар юқорида бўламиз, бошқа сафар пастда; бир заифликдан қарзга куч олиб, иккинчи заифликни тузатишга уринамиз. Бундай вазиятда доимий йўналиш, чидамли донолик, мустаҳкам қудрат ва шахсий қадр-қиммат ҳисси бизни тарк этади. Хўш, бу туганмас муаммонинг ечими борми? Албатта. Биз шундай мукаммал марказ яратишимиз керакки, у юқори даражали хотиржамлик, йўналиш, донолик ва қудратимизнинг асоси бўлсин, проактивлигимизга куч бериб, ҳаётимизнинг ҳар жабҳасини уйғунлик билан таъминласин.

ТАМОЙИЛ МАРКАЗИ

Ҳаётимиз марказига тўғри тамойилларни қўйиш ёрдамида, муҳим тўрт омилнинг ривожланиши учун мустаҳкам замин яратамиз.

Бундай марказда тўғри тамойиллар ҳеч қачон ўзгармаслигини билиб, доим хотиржам юрамиз. Уларга исталган пайт суянишимиз мумкин. Ҳеч нарса тамойилларга таъсир кўрсатмайди. Уларнинг биздан жаҳли чиқмайди. Улар биз билан ажрашмайди ёки хиёнат қилмайди. Тамойиллар бизга тезкор даво чораларини таклиф қилмайди. Улар шахс қийматини атрофдагиларнинг хаттиҳаракатига, муҳитга қараб белгиламайди. Энг муҳими, тамойиллар ўлмайди.

Улар бугун бор, эртаси йўқ бўлмайди. Уларни ўғирлаб ҳам бўлмайди, турли талафотлар, ёнғин, олов, зилзила ҳам вайрон қила олмайди.

Тамойиллар – чуқур, фундаментал ва мумтоз ҳақиқатларнинг умумий мезони саналади. Уларни бирбири билан чамбарчас боғланган ипларга қиёслаш мумкин. Шу иплардан аниқ, чиройли ва қудратга лиммо-лим ҳаёт матоси тўқилади.

Ҳатто тамойилларни тан олмайдиган одамлар ва вазиятлар ўртасида ҳам, бир ҳақиқатни ёдда тутмоғимиз лозим: тамойиллар – инсонлар ва шароитлардан каттароқдир. Минглаб йилларни қамровчи тарих уларнинг ғалабасига қайта-қайта гувоҳ бўлган. Бунга ўз ҳаётимиз, тажрибамиз мисолида ҳам амин бўлишимиз мумкин.

Тан олиш керак, биз ҳар нарсага қодир эмасмиз. Тўғри тамойиллар борасидаги билим ва тушунчамиз чеклангани бор гап. Бунга сабаб эса – ўз табиатимиз ва атрофимиздаги оламни билмаслигимиз, шунингдек, тўғри тамойиллар билан уйғун бўлмаган назария ва ғоялар оқимига ўралашиб қолганимиздир. Бу каби ғоялар амал қилиши мумкин бўлган маълум даврлар бор. Шунинг учун улар мавсумий деб аталади. Лекин олдингилар каби нотўғри асосга қурилгани туфайли ҳам абадий яшамайди.

Биз чекланганмиз, бироқ чекловларимиз чегарасини бузиш ўз қўлимизда. Ўсишимизни белгиловчи тамойилни тушуниб, бошқа тўғри тамойилларни ишонч билан излай оламиз. Чунки қанча кўп ўргансак, дунёқарашимизга шунча кўп диққат қаратамиз. Тамойиллар ўзгармайди; улар борасидаги фикрларимиз ўзгаради.

Ҳаёт марказига тамойил қўйилган турмуш тарзига ҳамиша донолик ва йўналиш ҳамроҳлик қилади. Улар нарсаларни бор ҳолида кўрсатувчи хариталардан келиб чиқади. Тўғри хариталар аниқ манзилимиз ва унга элтажак йўлни яққол кўрсатиб беради. Тўғри маълумотдан фойдаланиб чиқарилган қарор муваффақиятга элтувчи яна бир восита ҳисобланади.

Тамойилга асосланган марказда – ўзини англовчи, билимдон ва проактив шахснинг қудрати намоён бўлади. У бошқаларнинг муносабати, хатти-ҳаракатига ёки чекловчи ташқи таъсир ва вазиятларга нисбатан чидамли бўлади.

Бу қудратнинг ягона чеклови эса тамойилларнинг табиий оқибати ҳисобланади. Биз тўғри тамойиллар борасидаги билимларимизга таяниб, мустақил равишда қарор қабул қиламиз, бироқ қароримиз оқибатини назорат қилиш қўлимизда эмас. Доим ёдингизда бўлсин: «Таёқнинг бир учини кўтарганимизда, иккинчи учини ҳам қўшиб кўтарамиз».

Тамойиллар ҳамиша табиий оқибатлари билан бирга юради. Тамойиллар билан уйғунликда яшасак, ижобий оқибатларга, уларни рад қилсак, салбий оқибатларга рўбарў бўламиз. Бу тамойиллар ҳаммага бирдек амал қилгани сабаб, юқоридаги чеклов ҳам универсал кўринишга эга. Тўғри тамойиллардан хабардор бўлганимиз сайин, шахсий эркинлигимиз кучаяди, ҳаракатларимиздан донолик уфуриб туради.

Ҳаётимизда ўзгармас тамойилларни марказлаштириш орқали самарали яшашнинг пойдеворини яратамиз. Бу марказда умумий истиқбол йўлида барча бошқа марказлар бирлашади.

Агар ҳаётингиз марказига тамойилларни қўйсангиз:

ХОТИРЖАМЛИК

Сизнинг хотиржамлигингиз ташқи муҳит ва вазиятлардан қатъи назар, ўзгармас, тўғри тамойилларга асосланади.

Шахсий тажрибангиз орқали ҳақиқий тамойиллар қайта-қайта тасдиқланиши мумкинлигини биласиз.

Шахсий ривожланишингиз ўлчови сифатида тўғри тамойиллар доимо аниқлилик, доимийлик, гўзаллик ва куч билан бирга ишлайди.

Тўғри тамойиллар шахсий ўсишингизни тушунишга кўмаклашади, сизни кўпроқ ўрганишга ундайди, шу йўсинда билим ва тафаккурингизни оширади.

Ҳар қандай ўзгаришни янги бир саргузашт ва ривожланиш йўлига юксак ҳисса қўшиш учун имконият сифатида кўришни бошлайсиз.

ЙЎНАЛИШ

Манзилингизни аниқ кўриш ва у ерга қандай етиб боришга ёрдам берувчи компас сизга йўл кўрсатади.

Тўғри маълумотдан фойдаланганингиз туфайли қабул қилган қарорларингиз маъноли ва ўзини оқлайдиган бўлади.

Ҳаётий вазиятлар ва ҳолатлардан бир қадам четда турасиз ва мувозанатлашган яхлитликка назар ташлайсиз. Қарорингиз ва фаолиятингиз қисқа, шунингдек, узоқ муддатли мақсадларни қамраб олади.

Ҳар қандай вазиятда, онгли равишда тамойилларингиз таълим берган виждонга таяниб, энг яхши муқобил вариантни танлайсиз.

ДОНОЛИК

Бирор ҳодиса юзасидан чиқарган ҳукмингизда узоқ муддатли натижалар сарҳисоби ҳамда оқилона мувозанат акс этади.

Атрофингиздаги реактив кишилардан фарқли равишда, дунёга ўзгача нигоҳ билан қарайсиз, воқеаларни бошқача кўрасиз, ҳаракатларингиз билан ҳаммадан ажралиб турасиз.

Дунёқарашингиз самарали яшашнинг асосий парадигмасига суянган ҳолда шаклланади.

Ер курраси ва унда яшовчи инсонлар учун нима қила олишингиз нуқтаи назаридан фикрлайсиз.

Проактив турмуш тарзига кўникиб, бошқаларга кўмаклашишга мойилроқ бўласиз.

Ҳар қандай ҳаётий тажрибангизга ўрганиш ва ҳисса қўшиш учун берилган имконият сифатида қарайсиз.

ҚУДРАТ

Фақат табиий қонунлар ва тўғри тамойилларни тушуниш, шу тамойилларнинг табиий оқибатларигина қудратингизни чеклайди.

Ўзини англаган, билимдон, проактив шахсга айланасиз. Атрофдагилар сизга заррача таъсир кўрсата олмайди.

Фаолият доирангиз ўз ресурсларингиздан-да ошиб, ўзаро боғлиқликнинг юксак ривожланган даражасига етиб боради.

Қарор ва ҳаракатларингизни мавжуд молиявий аҳволингиз ёки бошқа вазиятлар чеклаб қўя олмайди. Сиз ўзаро боғлиқ озодликни бошдан кечирасиз.



Шуни унутманг, парадигмангиз феъл-атвор ва хаттиҳаракатингиз манбаидир. У худди кўзойнакка ўхшайди – у орқали дунёга боқасиз. Агар тўғри тамойилларга марказлашган парадигма орқали дунёга қарасангиз, дунёқарашингизда кескин ўзгариш рўй беради.

Китобнинг «Иловалар» бўлимида юқорида муҳокама қилган марказларнинг дунёқарашингизга эҳтимолий таъсирини батафсил ифодаловчи харита киритганман. Ҳозир эса марказингиз туфайли содир бўлувчи фарқни тушуниш учун битта муаммога турли парадигмалар орқали қараб кўрамиз.

Тасаввур қилинг, сиз ишхонадасиз ва турмуш ўртоғингизни оқшомги концертга таклиф қилдингиз. Сизда иккита чипта бор; жуфтингиз бундан ўзида йўқ шод бўлди. Концерт кечки соат тўртда бошланади.

Кутилмаганда раҳбарингиз хонасига чақириб, эртага соат 9 да бўлажак учрашув юзасидан ёрдамингизга муҳтожлигини айтди ва ишдан кечроқ кетишингизни сўради.

Агар ҳаётингиз марказида оила ёки турмуш ўртоқ бўлса, асосий диққатингиз умр йўлдошингиз кўнглини олишга қаратилади. Раҳбарингиз таклифини рад қиласиз ва жуфтингизни мамнун этиш мақсадида концертга тушасиз. Мабодо, ишда қолишингиз шарт бўлган тақдирда ҳам, бунга истар-истамай, ноилож кўнасиз. Чунки турмуш ўртоғингизнинг жавоб реакциясидан хавотир оласиз. Унинг жаҳли чиқишидан қўрқиб, қарорингизни оқлашга уринасиз.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации