Электронная библиотека » Стивен Кови » » онлайн чтение - страница 6


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Стивен Кови


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 20 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ИККИНЧИ КЎНИКМА: ЯКУНИНИ ЁДДА ТУТИБ ИШ БОШЛАНГ
ШАХСИЙ ЕТАКЧИЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ

Ўтмишда қолган ва олдинда турган нарсалар ичимиздагиларга қараганда арзимас хас кабидир.

ОЛИВЕР УЭНДЕЛЛ ҲОЛМС

Илтимос, кейинги саҳифаларни ўқиш учун сокин ва ҳеч ким халал бермайдиган жой топинг. Ушбу сатрларда битилган ҳамда мен сиздан бажаришни сўрайдиган вазифалардан бошқа ҳамма нарсани миянгиздан чиқариб ташланг. Иш жадвалингиз, бизнес ёки оилангиз, яқинларингизни ўйлаб безовталанманг. Бутун диққатингизни жамлаб, онг дарвозаларини кенг очинг.

Яқин инсонингиз жанозасини тасаввур қилинг. Сиз машинангизда дафн бюросига кетяпсиз. Етиб бордингиз. Машинани тўхтатиб тушдингиз. Ичкарига кирдингиз. Қаршингизда гуллар, сокин мусиқа эшитилиб турибди. Йўл-йўлакай дўстларингиз ва оила аъзоларингизга кўзингиз тушди. Уларнинг юзида ачиниш ва маъюслик мужассам эди.

Ичкарига юриб, тўрда турган тобут қошига келдингиз ва унга назар солдингиз. Тобут ичида… ўз чеҳрангизни кўрдингиз. Бу – уч йилдан кейин бўлиб ўтадиган сизнинг жанозангиз эди. Атрофдаги одамларнинг барчаси сизни хотирлаш, сизга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ифода этиш мақсадида йиғилганди.

Шундай қилиб, ўзингизга жой топиб ўтирдингиз, қўлингиздаги мотам дастурига қарадингиз. Тўрт киши нутқ сўзлаши ёзилган. Биринчи сўзловчи дунёнинг турли бурчакларидан етиб келган оила аъзоларингиз – фарзандларингиз, ака-сингил, жиянлар, амакию холаларингиздан бири бўлади. Иккинчи одам дўстларингиз орасидан чиқади ва сизнинг қандай шахс эканингизни сўзлаб беради. Сўнг навбат ҳамкасбларингиздан бирига келади. Ва ниҳоят, сиз қатнаб юрган черков ёки жамоавий ташкилот аъзоси тўртинчи бўлиб нутқ ирод қилади.

Энди эса чуқурроқ ўйланг. Ҳар бир сўзловчи сиз ва ҳаётингиз ҳақида нима дейишини истайсиз? Уларнинг сўзларида қандай турмуш ўртоқ, ота-она сифатида таърифланишни хоҳлайсиз? Сизга фарзанд ёки қариндош, дўст ёки ҳамкасб ўлароқ қандай сифатлар берилишини орзу қиласиз?

Бу инсонлар феъл-атворингиз тўғрисида нималар айтишини истайсиз? Қандай ютуқ ва муваффақиятларингиз уларнинг ёдида қолишини хоҳлайсиз? Барчанинг юзига диққат билан қаранг. Уларнинг ҳаётида қандай роль ўйнадингиз?

Мутолаани давом эттиришдан аввал бир неча дақиқани ўйлаш ва хулоса чиқаришга бағишланг. Бу сизга 2-кўникмани тушунишингизда улкан ёрдам беради.

«Якунини ёдда тутиб иш бошлаш» нима дегани?

Юқоридаги тасаввур тажрибасига жиддий ёндашган бўлсангиз, сиз туб, асосий қадриятларингиз замирига етиб бордингиз. Таъсир доирангизнинг қоқ марказидаги ички бошқарув марказингиз билан қисқа алоқа ўрнатдингиз.

Жозеф Аддисонга тегишли қуйидаги сўзларга эътибор қилинг:

«Буюк инсонларнинг қабрига қараганимда, қалбимдаги ҳасад ҳисси барҳам топади; гўзал аёллар хотирасига аталган таърифларни ўқисам, эҳтиросларим ғойиб бўлади; фарзандининг қабри узра кўз ёш тўкиб турган ота-онани кўрганимда, юрагим ҳамдардликдан эриб кетади; аксинча, ота-онаси қабри ёнида азият чекаётган фарзандларни кўрганда, қулоқ тутишимиз керак бўлган инсонларни йўқотгач қайғуга берилишимиз кечлигини ҳис қиламан; подшоҳлар ва уларни тахтдан ағдарганларнинг ёки рақобат туфайли дунёни иккига бўлиб ташлаган зотларнинг қабрини кўрсам, одамларнинг майда-чуйда баҳс-мунозаралари, тортишувларини афсус билан эслайман. Қабристонда турли қабрларни кўраман. Кимдир куни кеча, яна кимдир олти юз йил муққаддам жон таслим қилган. Бироқ, Қиёмат куни барчамиз замондош бўлишимизга ишонч ҳосил қиламан».

Иккинчи кўникмани ҳаётдаги хилма-хил вазиятларда қўллаш мумкин. «Якунини ёдда тутиб иш бошлаш» – бугунги кунингизни умрингиз якуни тўғрисидаги тасаввур, парадигма билан бошлашдир. Бунда ҳаётингизнинг ҳар бир қисми – бугунги, эртанги, бир неча ҳафта ва ойдан кейин хулқ-атворингиз – яхлит ҳолда кўриб чиқилади. Умрингиз якунини доимо ёдда сақлаш орқали кундалик ишлар жараёнида ўзингиз учун энг олий ўринда турадиган мезонни бузмайсиз. Шу билан бирга, ҳар куни ҳаётингиз ҳақидаги яхлит тасаввурингиз чиндан ҳам истаганингиздек амалга ошишига ҳисса қўшиб борасиз.

«Якунини ёдда тутиб иш бошлаш» деганда ўз манзилингизни аниқ тушуниб, сўнг ҳаракат бошлаш назарда тутилади. Бу – қаерда эканингизни аниқроқ тушуниш ва ташлаган қадамларингиз тўғри йўналишда бўлиши учун қаерга кетаётганингизни билишингиз демакдир.

Ҳаётнинг тирбанд кўчаларида муваффақият нарвонидан юқорилар экансиз, фаолият тузоғига илиниш, ҳаётнинг чигал кўчаларида адашиш ҳеч гап эмас. Айтарли самарадорликка эришмасдан туриб жуда-жуда банд бўлиш эҳтимоли ҳам бор.

Одамлар кўпинча сароб ғалабага эришганини, кўп нарсаларни қурбон қилиб эришган муваффақияти аслида ўзи истагандан кўра қадрсизроқ бўлиб чиққанини кеч англайди. Жамиятдаги турли қатлам вакиллари – шифокор, олим, актёр, сиёсатчи, тадбиркор ёки спортчилар – аксарият ҳолларда юқори даромад, шон-шуҳрат ёки маълум унвонга эришиш учун курашади. Охирида эса, уларнинг мақсади кўзини кўр қилгани туфайли ҳаётдаги энг устувор қадриятларидан чалғиганини тушунади. Афсуски, бу устувор қадриятлар бир марта йўқотилдими, қайтиб тиклаб бўлмайди.

Биз учун нима энг муҳимлигини билган онимиздан бошлаб, ҳаётимизда катта ўзгариш содир бўлади. Энди биз ҳар куни қандай бўлишимиз, нималар қилишимиз лозимлигидан воқиф бўламиз. Бизнинг ишларимиз самарали бўлиши мумкин, бироқ биз якунни ёдда тутиб яшасаккина кўпроқ нарсага эриша оламиз.

Қабрингиз тепасида қандай сўзлар айтилишини исташингизни аниқлаб олсангиз, муваффақият асли нимада эканлигини тушуниб етасиз. Бу аввал сиз тўғри деб ўйлаганларингиздан тубдан фарқланиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Балки, биз истаган машҳурлик, пул, ютуқлар ва бошқа нарсалар чиндан истаганларимиз эмасдир.

Ўйни якун билан бошлаганингизда, дунёқарашингизда ўзгариш содир бўлади. Бир кишининг жанозасида шундай суҳбат бўлган экан:

– У ўзидан нималар қолдирди?

– Ҳамма нарса!

ҲАММА НАРСА ИККИ МАРТА ЯРАТИЛАДИ

«Якунини ёдда тутиб иш бошлаш» ғояси ҳамма нарса икки марта яратилади деган тамойилга асосланади. Бу тамойилга кўра, биринчиси руҳий, иккинчиси эса жисмоний ижод ҳисобланади.

Уй қурилишини олайлик. Пойдевор қуймасдан аввал уйингизнинг энг кичик деталларигача хаёлан пишириб оласиз. Орзунгиздаги уй ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилишга уринасиз. Агар бутун оилангиз бирга яшашини орзу қилсангиз, оилавий йиғинлар учун қулай, болалар ўйнаши учун шароитлари етарли уйни режалайсиз. Сиз ғояларингиз билан ишлаб, нима қуришни аниқламагунча тасаввурларингизга дам бермайсиз. Сўнгра қурилиш режаларини кўриб чиқасиз. Буларнинг барчаси реал қурилиш бошланмасдан олдин рўй беради. Агар шундай қилмасангиз, иккинчи, яъни жисмоний ижод бошлангандан сўнг, режаларингизга ўзгариш киритилиши ва бу ортиқча сарф-харажатга олиб келиши мумкин.

Дурадгорларда «Етти ўлчаб, бир кес» деган олтин қоида бор. Биринчи ижод ўзингиз хоҳлагандек эканига, ҳамма тафсилотларни инобатга олганингизга ишонч ҳосил қиласиз. Шундан кейин жисмоний ишга киришасиз. Ҳар куни қурилиш майдонига бориб, ғояларингизни рўёбга чиқариш учун керакли кўрсатмаларни берасиз. Ана шу «Якунини ёдда тутиб иш бошлаш» бўлади.

Яна бир мисол тариқасида бизнесга назар солинг. Муваффақиятли корхонага эга бўлишни истасангиз, нимани амалга оширишингиз кераклигини ипидан игнасигача аниқлаштириб оласиз. Харидорларга таклиф қилаётган хизмат ёки маҳсулотингиз тўғрисида диққат билан ўйлайсиз. Кейин шу мақсадингизни рўёбга чиқариш йўлида зарур бўладиган барча жиҳатлар, жумладан, молиявий, тадқиқот, ишлаб чиқариш операциялари, маркетинг, ходимлар ва шарт-шароитларни ташкиллайсиз. Ўйни қанчалик якун билан бошлаганингиз кўп ҳолларда корхонангиз муваффақияти даражасини белгилаб беради. Бизнесдаги аксарият омадсизликлар руҳий ижоддаги нўноқликдан, капиталлаштириш, бозорни тушунмаслик ҳамда бизнес режанинг етишмаслигидан, бошқача айтганда, охирини ўйламай иш бошлашдан келиб чиқади.

Ота-оналар билан ҳам худди шу ҳолат юз беради. Масъулиятли, интизомли фарзанд тарбиялашни хоҳласангиз, бу мақсадни болаларингиз билан кундалик мулоқотда ёдда тутишингиз шарт. Ўзингизни уларнинг интизоми ва тарбиясини бузадиган тарзда тутмаслигингиз лозим.

Одамлар ушбу тамойилни ҳаётнинг турли жабҳаларида турли даражада қўллайди. Саёҳатга кетишингиздан аввал, манзилингизни аниқлаштирасиз ва энг муносиб йўлни белгилайсиз. Боғ яратишдан олдин уни миянгизда шакллантирасиз, зарур бўлса, кўринишини қоғозга ҳам чизиб кўрасиз. Нутқ сўзлашдан аввал тайёргарлик кўриб, эслатмалар ёзасиз. Олдин дизайнини яратиб, сўнгра либос тикасиз.

Биз икки ижод тамойилини қанчалик яхши тушуниб, ҳар иккала ижодга ҳам бирдек масъулият билан ёндашсак, таъсир доирамиз шунча кенгаяверади. Бу тамойил билан уйғунликда ҳаракат қилмасак, биринчи ижодни инобатга олмасак, таъсир доирамиз кичрайишига сабаб бўламиз.

ДИЗАЙН БЎЙИЧАМИ ЁКИ СТАНДАРТ?

Барча нарса икки марта яратилиши табиий тамойилдир. Бироқ биринчи ижоднинг ҳаммаси ҳам онгли равишда шакллантирилмайди. Шахсий ҳаётимизда ўз-ўзини англашни ривожлантирмасак ва биринчи ижодга масъулият билан қарамасак, таъсир доирамиздан ташқаридаги одамлар бизни ўз стандартлари бўйича қолипга солишига имконият яратиб берамиз. Оиламиз, яқинларимиз ҳамда бошқаларнинг тартиби, вазият тақозоси ва ўтмишимиз томонидан битилган сценарий бўйича умр кечиришга маҳкум бўламиз.

Бу сценарийнинг муаллифи одамлар бўлади, тамойиллар эмас. Ва улар ожизлигимизни юзага чиқариб, бошқаларга қарамлигимизни оширади, бизни қабул қилишлари ва севишларига, аҳамиятли эканимизни ҳис қилишга муҳтожлигимизни кучайтиради.

Билсак-билмасак, назорат қилсак-қилмасак, ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида биринчи ижод мавжуд. Биз ё проактив шаклимизнинг иккинчи ижоди бўламиз, ёки бошқа одамлар, ўтмиш кўникмалари ёки вазиятларнинг иккинчи ижодига айланамиз.

Ўз-ўзини англаш қобилияти, тасаввур ва виждон шарофати туфайли бизда биринчи ижодни текшириш имконияти бор. Айнан шу хусусиятлар сабабли биринчи ижодни ўзимиз яратиб, ҳаётимиз сценарийсини ўзимиз ёзишни уддалай оламиз. Бошқача айтганда, биринчи кўникма: «Сен ижодкорсан», – дейди. Иккинчи кўникма эса, биринчи ижод бўлади.

ЕТАКЧИЛИК ВА БОШҚАРУВ – ИККИ ИЖОД

Иккинчи кўникма шахсий етакчилик тамойилларига асосланган. Етакчилик эса биринчи ижод саналади. Етакчилик – бошқарув эмас. Бошқарув – иккинчи ижод. Бу ҳақда кейинроқ, учинчи кўникмани ўрганаётганда тўхталамиз. Етакчилик ҳамиша бошқарувдан олдин келиши керак.

Бошқарув қуйи поғонага диққат қилади: муайян вазифани қандай қилиб муваффақиятли тамомлашим мумкин?

Етакчилик эса юқори поғонага эътибор қаратади: мен қайси вазифаларни белгилашим керак?

Питер Дрюкер ва Уоррен Беннис таърифи билан айтганда, «Бошқарув – вазифани тўғри бажариш. Етакчилик эса тўғри вазифани бажаришдир». Бошқарув муваффақият нарвонидан кўтарилишдаги самарадорлик ҳисобланади; етакчилик эса, муваффақият нарвони тўғри деворга қўйилганини аниқлайди.

Бошқарув ва етакчилик ўртасидаги фарқни яққол тушуниш учун қўлидаги чопқилар билан чирмовуқларни кесиб, чангалзор ичра йўл очиб кетаётган ишлаб чиқарувчилар гуруҳини кўз олдингизга келтиринг. Улар ишлаб чиқарувчи, яъни муаммони ечувчилар ҳисобланади. Улар муаммони ҳал қилиш, йўлни тозалаш билан шуғулланмоқда.

Ишлаб чиқарувчиларнинг ортида бошқарувчилар келади. Бошқарувчилар чопқиларни ўткирлайди, ишлаб чиқариш қўлланмаларини яратади, ривожланган технологияларни олиб келади ва иш жадвалини ўрнатади.

Етакчи дарахтнинг учига чиқиб, вазиятни аниқлаб, «Бу бошқа чангалзор!» деб бақирадиган одамдир.

Шундай вазиятда, жуда банд, тиним билмай меҳнат қилаётган ишлаб чиқарувчи ва бошқарувчилар қандай жавоб қайтаради: «Жим бўлинг! Биз олдинга силжияпмиз! Бизда ўсиш бор!»

Алоҳида шахс, гуруҳ ёки бизнес сифатида, биз кўпинча чирмовуқларни кесиш билан шунчалик банд бўламизки, бошқа чангалзорда ишлаётганимизни англамаймиз. Жадал ривожланаётган муҳитимиз эса ҳаётнинг мустақил ва ўзаро боғлиқ жабҳаларидаги самарали етакчиликка ҳар қачонгидан кўра эҳтиёж туғдиради.

Биз ҳозир йўл кўрсатувчи компас (йўлланма ёки тамойиллар жамланмаси) ва аниқликларга кўпроқ, йўл харитасига эса камроқ муҳтожмиз. Баъзан олдинда бизни нима кутаётганидан бехабар бўламиз; йўл-йўлакай қарор қилиб кетаверамиз. Лекин ички компас ҳамиша йўналишни белгилаб беради.

Самарадорлик – ёки омон қолиш – чангалзордаги меҳнатимиз миқдорига эмас, балки тўғри чангалзорда меҳнат қилаётганимизга боғлиқ. Кўплаб саноат ва касблардаги шиддатли ўзгариш жараёни ўз ўрнида, етакчиликни биринчи, бошқарувни эса иккинчи ўринга қўяди.

Бизнесда бозор шунчалар тез ўзгармоқдаки, бир неча йил муқаддам харидорларга хуш келган кўплаб маҳсулот ва хизматлар бугунга келиб урфдан қолмоқда. Проактив етакчи атроф-муҳитдаги ўзгаришлардан, айниқса, мижозларнинг харид одатлари ва мақсадларидан бир зум бўлсин кўз узмаслиги, шунга қараб манбаларни тўғри йўналтиришни ташкиллаши лозим.

Ҳукумат ҳаво йўллари саноатини назоратга олиши, тиббий хизматлар нархи осмонга ўрлаши, шунингдек, импорт машиналарнинг миқдори ва сифати – ташқи муҳитга сезиларли даражада таъсир кўрсатади. Агар саноатлар атроф-муҳитни, жумладан, ўз жамоасининг ишини кузатмаса ва тўғри йўналишда кетиш учун яратувчан етакчиликни ўрганмаса, ҳеч бир бошқарув услуби уларни инқироздан сақлаб қололмайди.

Самарали етакчиликка эга бўлмаган самарали бошқарув бир одам айтгандек «Титаник палубасидаги стулларни тўғрилашга ўхшайди». Бошқарув минг муваффақиятли бўлмасин, етакчиликдаги муваффақиятсизлик ўрнини тўлдира олмайди. Аммо етакчилик осон эмас, чунки биз кўпинча бошқарув парадигмасида тўхталиб қоламиз.

Сиетлдаги бир йиллик бошқарув ривожланиши дастурининг охирги сессиясида, бир нефть компанияси президенти олдимга келиб, «Стивен, дастурнинг иккинчи ойида етакчилик ва бошқарув ўртасидаги фарқни тушунтиргандингиз. Мен ўшанда компания президенти сифатидаги ролимга назар солдим ва ҳеч қачон етакчилик қилмаганимни англадим. Мен бошқарувга шўнғиб, янгидан янги қийинчиликларга қарши курашга кўмилиб кетибман. Шунинг учун бошқарувдан воз кечишга қарор қилдим. Бошқаларни ҳам шунга мажбур қилдим. Айни дамда мен ўз ташкилотимга чиндан ҳам етакчилик қилишни хоҳладим.

Тўғри, бошланишида бу жуда оғир бўлди. Мен кўп изтироб чекдим, чунки олдимда турган, зудлик билан ҳал қилиниши лозимдек туюлган шошилинч вазифалар билан шуғулланишни тўхтатдим. Етакчи сифатида бажараётган тўғри йўналишни аниқлаш, муаммоларнинг чуқур таҳлили, янги имкониятларни қўлга киритиш каби масалаларда қониқиш олмадим. Бошқалар ҳам бу ўзгаришлардан, ўзларига қулай муҳитни тарк этишдан роса қийналишди. Улар мен яратган қулайликларни соғинишди ва ҳар кунлик муаммоларини ҳал қилиб беришимни исташди.

Лекин барчасига дош бердим. Компаниямда етакчиликни таъминлашим зарурлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилгандим. Ва буни уддаладим. Бугунга келиб, бизнесимиз мутлақо ўзгача тус олди. Биз атроф-муҳит билан ҳамнафасмиз. Даромадимизни икки баробарга, соф фойдамизни эса тўрт баробарга оширдик. Мен энди ҳақиқий етакчига айландим».

Ишончим комил, ота-оналар ҳам кўпинча бошқарув парадигмасида тўхтаб қолади. Улар фақат назорат қилиш, самарадорлик ва қоидаларга суяниб, йўналиш, мақсад ва оилавий туйғуларни назардан қочиради.

Етакчилик шахсий ҳаётимизда ҳам етишмайди. Биз ҳатто ўз қадриятларимизни аниқламасдан туриб, мақсад қўйишга ва унга эришиш йўлида самарали бошқарув ўрнатишга муккасидан кетганмиз.

ҚАЙТА СЦЕНАРИЙЛАШ: ЎЗИНГИЗНИ ИЖОД ҚИЛИНГ

Аввалроқ кузатганимиздек, проактивлик фақат инсонларга хос бўлган қобилият – «ўзини англаш»га асосланади. Проактивлигимизни кучайтириб, шахсий етакчиликни машқ қилишимизга кўмаклашувчи яна икки инсоний қобилиятимиз – тасаввур ва виждондир.

Тасаввур ёрдамида ичимизда мавжуд иқтидорнинг яратилмаган оламини кўз олдимизда шакллантира оламиз. Виждон орқали ўзимизгагина хос бўлган иқтидорнинг тамойиллари ёки универсал қонунлар билан алоқага киришамиз. Бу универсал қонунлар ривожланиш йўлида шахсий йўлкўрсаткичимизга айланади.

Шу вақтга қадар, умримизнинг анча қисмини бизга тақдим этилган кўплаб сценарийлар асосида яшаганимиз туфайли шахсий сценарийимизни ёзиш аслида «қайта сценарийлаш» жараёни ёки парадигма алмашинуви – бизда мавжуд айрим парадигмаларнинг ўзгариши ҳисобланади. Ҳаётимиздаги самарасиз сценарийлар, яъни ичимиздаги нотўғри ёки номукаммал парадигмаларни таниганимизда, проактив равишда ўзимизни қайта ёзишни бошлай оламиз.

Ўйлашимча, қайта сценарийлашнинг энг илҳомбаҳш намунаси Миср собиқ президенти Анвар Садат автобиографиясидир. Садат Исроил давлатига нисбатан қаттиқ нафрат сценарийси билан вояга етказилди. У миллий телеканалларда шу жумлани такрорларди: «Токи Араб тупроғининг бир қаричи бўлсин, Исроил қўлида экан, мен ҳеч қачон улар билан келиша олмайман. Ҳеч қачон, ҳеч қачон, ҳеч қачон!» Шунда бутун мамлакат халқи унга жўр бўларди: «Ҳеч қачон! Ҳеч қачон! Ҳеч қачон!» Садат бор куч ва энергиясини ана шу сценарий атрофида бирлашишга сарфлади.

Халқни жунбишга келтирган бу сценарий мустақиллик ва миллатпарварлик руҳида бўлибгина қолмай, аҳмоқона ҳам эди. Садатнинг ўзи ҳам буни яхши биларди. Сценарий ўша даврдаги вазиятнинг нақадар хавфли ва ўзаро боғлиқлигини инобатга олмасди.

Шундай қилиб, Садат ўзини қайта сценарийлаштирди. У буни ёшлик чоғида, қирол Фаруҳга қарши фитнага қўшилиб қолгани туфайли ҳибсга олиниб, Қоҳира Марказий қамоқхонасидаги 54-камерада ўтказган вақтларида ўрганган эди. Шу ерда Садат ўз онгидан ташқарига чиқиб, ўзига қарашни, ундаги сценарийни таҳлил қилиш ҳадисини олганди. У миясига дам бериб, медитация ёрдамида ўз сценарийси устида ишлаб, ўзини қайта сценарийлаштиришга одатланди.

Шундай бўлдики, Садат қамоқдаги ҳужрасидан умуман чиқишни истамай қолди. Чунки ҳақиқий муваффақият ўзи билан эканлигини англаб етди. Муваффақият нарсаларга эгалик қилишда эмас, балки ўз устингдан ғалаба қозонишда эди.

Насир ҳукумати даврида Садатнинг таъсир доираси камайтирилди. Ҳамма унинг руҳи синган деб ўйлади, лекин аслида ундай эмасди. Одамлар Садат ҳақида турли мишмишлар тарқата бошлади. Улар уни тушунмасдилар. Садат қулай фурсатни пойларди.

Ўша фурсат етиб келиб, Садат Миср Президентига айланиб, сиёсий қарама-қаршиликларга дуч келганда, Исроилга бўлган сценарийсини ўзгартирди. У Қуддусдаги Кнессетга ташриф буюрди ҳамда тарихдаги энг шов-шувли тинчлик ҳаракати бўлмиш Кемп-Девид битимига имзо чекди.

Садат шахсий етакчиликни машқ қилиш, зарурий парадигмага эга бўлиш, муаммони кўриш услубини ўзгартириш жараёнида ўзини англаш қобилияти, тасаввур ва виждонидан фойдаланишни уддалади. У «Таъсир доираси»нинг марказида ишлади. Ушбу қайта сценарийлаш миллионлаб инсонларнинг «Хавотир доираси»га дахлдор феъл-атвор ва муносабатни ўзгартирди.

Ўз-ўзимизни англаш жараёнини ривожлантиришда кўпчилигимиз самарасиз сценарийларга, биз учун сариқчақалик, туб қадриятларимизга номутаносиб кўникмаларга дуч келамиз. Иккинчи кўникма шундай кераксиз сценарийлар билан яшамаслигимиз керак дейди. Биз тасаввуримиз ва ижодкорлигимиздан фойдаланиб, янада самаралироқ, қадриятларимиз ва тамойилларимиз билан уйғун янги сценарий ёзишга жавобгармиз.

Тасаввур қилинг, мен фарзандларим билан муносабатда ўта реактивман. Улар нимаики қилмасин, нотўғри деб биламан ва асабларим таранглаша бошлайди. Мен жангга тайёрланаётгандек ҳимоя деворларимни тиклайман. Бу ўринда менинг диққатим узоққа мўлжалланган ўсиш ва тушунишга эмас, балки қисқа муддатли хулқ-атворга йўналтирилган бўлади. Мен бутун бошли урушни эътибордан қочириб, шунчаки бир жангни ютишга ҳаракат қиламан.

Шундай қилиб, ўз қуролларимни – қўлимдаги куч ва ота сифатидаги мавқеимни ишга соламан, бақираман ё қўрқитаман, ё таҳдид қиламан ёки жазолайман. Якунда мен ғалаба қиламан; чилпарчин бўлган муносабат қолдиқлари ўртасида ғолибона тураман. Болаларим эса ташқаридан итоаткор кўринсалар-да ичкарида исёнкор туйғуларини зўрға тийиб туради. Бу туйғулар кун келиб янада хунукроқ кўринишда ташқарига отилади.

Лекин ўз дафн маросимимда ўтирсам, болаларимдан бири сўз очишга тараддудланганда, унинг ҳаёти қисқа можароли тўқнашувларни эмас, балки йиллар давомида муҳаббат билан суғорилган сабоқлар ғалабаси ва тартибинтизомни акс эттиришини хоҳлайман. Боламнинг хотираси ва онги бирга ўтказган мароқли вақтларимиз билан тўлишини истайман. Мени шодлик улашган ва улғайишида таянч бўлган севимли ота сифатида эслашини орзу қиламан. Фарзандим муаммо ва ташвишлар билан олдимга келган пайтларини эслашини хоҳлайман. Мен мукаммал эмаслигимни, лекин жигаргўшам учун қўлимдан келган барча ишни қилганимни билишига муштоқман. Балки уни дунёда ҳеч ким мендек яхши кўрмас.

Юқоридагиларни хоҳлашимнинг сабаби – ич-ичимда, қалбим тўрида мен болаларимни қадрлайман. Уларни яхши кўраман, уларга ёрдам бергим келади. Мен оталик ролимни қадрлайман. Бироқ доим ҳам бу қадриятларни кўравермайман. Кўпинча майда нарсалар билан ўралашиб қоламан. Энг муҳим нарсалар муаммоларнинг босими остида қолиб кетади, ташқи омиллар ва хавотирлар сабабли реактив бўлиб қоламан. Шу тариқа, уларга бўлган муҳаббатим ва муносабатим ўртасида кичик тафовутлар юзага келади.

Ўзимни англаш қобилиятим, тасаввур ва виждоним бор экан, мен туб қадриятларимни таҳлил қила оламан. Қўлимдаги сценарий шу қадриятлар билан мутаносибликда эмаслигини англайман. Ҳаётим проактив дизайнда эмаслигини, балки вазиятлар ва бошқа одамлар томонидан яратилган биринчи ижод – руҳий ижод маҳсули эканлигини тушунаман. Ва мен ўзгара оламан. Хотиралар билан эмас, тасаввур кенгликларимда яшай оламан. Ўзимни чегараланган ўтмишга эмас, балки чексиз иқтидоримга боғлай оламан. Мен ўзимнинг биринчи ижодкорим бўлишни уддалайман.

Якунни ёдда тутиб иш бошлаш – ота-она сифатидаги ва бошқа ролларимга аввало қадрият ва йўналишларимни аниқлаб ёндашиш демакдир. Бу биринчи ижодимга масъулият ила қарашимни англатади; феъл-атвор ва муносабатим асоси бўлмиш парадигмаларни энг чуқур қадриятларимга мувофиқ, тўғри тамойиллар билан ҳамоҳанг равишда қайта сценарийлаштиришни билдиради.

Шунингдек, «Якунни ёдда тутиб иш бошлаш» ҳар бир кунни онгимиздаги қадриятлар билан бошлаш дегани. Муаммо ва қийинчилик келганда шу қадриятларга асосланиб қарор чиқаришим лозим. Мен самимий бўла оламан. Мураккаб вазиятларда ҳаяжонга берилишим шарт эмас. Мен чин маънода проактив, қадриятларга бўйсунувчан бўла оламан, чунки қадриятларим қандайлигини яхши биламан.

ШАХСИЙ ВАЗИФА БАЁНОТИ

Якунни ёдда тутиб иш бошлашнинг мен билган энг самарали йўли шахсий миссия баёноти ё фалсафаси, ёки эътиқодни ривожлантириш ҳисобланади. Бу сиз қандай бўлишни (феъл-атвор) ва нима қилишни (ҳиссадорлик ва ютуқлар) исташингиз ҳамда қандай бўлиш ва қандай қилиш асосидаги тамойилларга диққат қаратади.

Ҳар бир шахс ўзига хосдир. Шахсий топшириқ баёноти шакл ва мазмун жиҳатдан ана шу ўзига хосликни акс эттиради. Дўстим, Ролф Керр, шахсий топшириқ баёнотини қуйидагича ифодалайди:

– Муваффақиятга эришишни уйингиздан бошланг;

– Илоҳий кўмак қидиринг ва қадрланг;

– Ҳеч қачон носамимий бўлманг;

– Хулоса чиқаришдан олдин ҳар икки томонни тингланг;

– Бошқаларнинг маслаҳатини ҳам инобатга олинг;

– Ўзи йўқ одамни ҳимоя қилинг;

– Самимий, аммо дадил бўлинг;

– Йилига битта қобилият шакллантиринг;

– Эртанги ишни бугун режаланг;

– Кутаётган пайтингизда ҳам фойдали иш билан шуғулланинг;

– Ижобий муносабатингизни сақланг;

– Юмор ҳисси бор бўлсин;

– Ишда ва турмушда тартибли бўлинг;

– Хато қилишдан қўрқманг – хатоларингиздан хулоса чиқармасликдан қўрқинг;

– Қўл остингиздагиларнинг муваффақиятга эришишида кўмаклашинг;

– Бир гапириб, икки тингланг;

– Зиммангиздаги вазифага рағбат кутмасдан, бор эътибор ва кучингизни сарфланг.

Иш ва оилани мувозанатламоқчи бўлган бир аёлнинг шахсий вазифа баёноти эса қуйидагича:

– Доим карьерам ва оилам ўртасида мувозанат қидираман, чунки иккаласи ҳам мен учун муҳим;

– Уйим мен ва оилам, дўстларим ва меҳмонларим ўзини қулай, тинч ва бахтиёр ҳис қиладиган жой бўлади;

– Мен ҳанузгача тоза ва тартибли, яшашга қулай муҳит яратиш йўлини излайман;

– Уйда нима ейиш, ўқиш, кўриш ҳақида жиддий ўйлайман;

– Мен, айниқса, болаларимга севишни ўрганишни, кулишни ва ўз қобилиятлари устида ишлаб, ривожлантиришни ўргатишни хоҳлайман;

– Демократ жамиятимиздаги фуқароларнинг эркинлиги, ҳуқуқ ва мажбуриятларини қадрлайман;

– Мен мулоҳазали ва маълумотли фуқаро бўламан. Овозим эшитилаётгани ва берган овозим ҳисобга олинаётганини билиш учун сиёсий ҳаракатларда қатнашаман;

– Мақсадларимга етиш учун ўзим ташаббус билан иш бошлайман;

– Вазият ва имкониятларга қараб иш тутаман, ҳаракатнинг объекти эмас, субъекти бўламан;

– Зарарли кўникмалардан доим узоқ бўламан. Имконият ва қобилиятларимни кучайтирувчи кўникмаларни сақлашга ҳаракат қиламан.

– Пулим менинг хизматкорим бўлади, хўжайиним эмас. Доим молиявий мустақиллик йўлини излайман. Хоҳишларим – талаб ва воситаларим субъекти бўлади;

– Узоқ муддатли уй ва машина кредитларидан ташқари ҳар қандай қарздорликдан сақланишга ҳаракат қиламан. Топганимдан камроқ харж қилишга ва ортиқча пул жамғариб, нимагадир сармоя киритишга интиламан.

– Бундан ташқари, бошқаларга хурсандчилик улашиш учун хизмат кўрсатиш ё хайрия қилишга пул ва қобилиятимни сарфлайман.

Кўриб турганингиздек, шахсий вазифа баёноти худди шахсий конституцияга ўхшайди. АҚШ конституцияси сингари унинг ҳам асосини ўзгартириб бўлмайди. Ўтган 200 йил давомида унга 26 марта ўзгартириш киритилган, булардан 10 таси «Билл ҳуқуқлари»да акс этади.

Қўшма Штатлар конституцияси бош қомус бўлиб, барча қонунлар унга мосланади. Бу шундай ҳужжатки, Президент қасамёдни қилаётганда уни ҳимоя қилишга ваъда беради. У одамларни фуқароликка қабул қилувчи таянчдир. У одамларни Фуқаролик уруши, Ветнам уруши, Уотергейт каби жароҳатларга ортиқ йўл қўймасликка даъват этади. У шундай мезонки, барча нарсалар унга боғланиб ва мосланиб ёзилади.

Конституция бугунги кунда ҳам энг муҳим вазифаларни бажармоқда, чунки у Мустақиллик декларациясида келтирилган ҳақиқатлар тамойилига асосланган. Ушбу тамойиллар конституцияга шундай куч берадики, ижтимоий дудмаллик ва ўзгаришлар ҳам унга таъсир ўтказа олмайди. «Бизнинг дахлсизлигимиз, – деган эди Томас Жефферсон, – ёзилган конституциямиздир».

Шахсий вазифа баёноти якка одам учун ҳам умумий бўлган тўғри тамойилларга асосланади. У шахс конституциясига айланади. Яъни қарорлар қабул қилишда, ҳаёт йўлини танлашда, кундалик ҳаётимизга таъсир қиладиган ҳаяжонли вазиятларда қарор қилишимиз учун бош қомусимиз бўлади. У ўзгаришлар даври марказида инсонга бир хилда чексиз куч бағишлайди.

Ичида ўзгармас ядро бўлмас экан, одамлар ўзгариш билан яшай олмайди. Ўзгариш қобилиятининг калити эса кимлигингиз, нимага қизиқишингиз ва нимани қадрлашингиз ҳақидаги ўзгармас тасаввурингиздир.

Топшириқ баёноти орқалигина ўзгаришлардан ўта оламиз. Биз ҳеч қандай олдиндан баҳолаш ва хурофотга муҳтож эмасмиз. Ҳақиқатни топиш учун ҳаётдаги бор билимларни эгаллаш, ҳамма нарса ва ҳамма одамни таснифлашнинг ҳожати йўқ.

Бизнинг шахсий муҳитимиз ҳам шиддат билан ўзгармоқда. Бу катта тезлик ўзгаришларга тайёр эмасман деб ўйлаган ва мослаша олмаган одамларни четга улоқтириб ташлайди. Улар реактив бўлиб қолади ва ўзлари билан содир бўлган салбий воқеалар яхшиликка деган умид билан яшайди.

Лекин аслида бундай бўлмаслиги керак. Фашистларнинг ўлим лагерида Виктор Франкл нафақат проактивлик тамойили, шунингдек, ҳаёт ва мақсаднинг нақадар муҳимлигини ҳам тушуниб етган. У кейинчалик ривожлантирган ва ўқитган «Логотерапия» (мантиқ терапияси) кўплаб ақлий ва руҳий касалликлар аслида ҳаёт бемаънолигининг симптомлари деган фикрни илгари суради. Логотерапия шахсга ҳаётидаги ягона топшириқ – маънони топиб беришга ёрдам бериш орқали шу бўшлиқни йўқ қилади.

Ўз топшириғингизни англаганингизда, ҳаракатларингиз моҳиятини топасиз. Сизда ҳаётингизни йўналтирадиган тафаккур ва қадриятлар мавжуд. Сизда узоқ ва қисқа муддатли мақсадлар томон асосий йўналишлар бор. Сизда аниқ тамойилларга асосланган ёзма конституция кучи бор. Бу вақтингиз, қобилият ва энергиянгиздан максимал даражада самарали фойдаланишга қаратилган ҳар бир қарорингизни ўлчаш имконини беради.

МАРКАЗДА НИМА?

Шахсий мақсад баёнотини ёзиш учун, биз ўз таъсир доирамизнинг қоқ марказидан бошлашимиз керак. Бу марказ энг асосий парадигмаларимизни, дунёга назар солувчи линзамизни ўз ичига олади.

Айнан ана шу марказда биз дунёқарашимиз ҳамда қадриятларимиз билан тўқнашамиз. Айнан ана шу марказда ўзликни англаш қобилиятимиздан фойдаланиб, тамойилларимизни назорат қиламиз; уларнинг тўғри ёки нотўғрилигини, қадриятларимизга мутаносиблигини текширамиз. Айнан ана шу марказда виждонимиздан компас ўрнида фойдаланиб, ўзимизга хос иқтидорларни аниқлаймиз. Айнан ана шу марказда тасаввуримиз ёрдамида истакларимизга интиҳо берамиз, ибтидоларимизга йўналиш ва мақсад бахш этамиз; оғзаки ва ёзма конституцияларимизга жон бағишлаймиз.

Шунингдек, айнан ана шу марказда сарфлаган қувватимиз юксак натижа қайд этади. Таъсир доирасининг марказида қанча кўп ишласак, уни шунча кенгайтирамиз. У ҳаётимизнинг ҳар жабҳасидаги самарадорликка сезиларли таъсир ўтказади.

Ҳаётимиз марказида нима бўлишидан қатъи назар, у хотиржамлик, йўналиш, донолик ва қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади.

Хотиржамлик – ўзингизни қадрлаш, шахс сифатида алоҳидалигингиз, ҳиссий мувозанат ва ўзингизга ишонч, феъл-атворингиз кучини ифодалайди.

Йўналиш – ҳаётда танлаган йўлингизни акс эттиради. У харитангиз, атрофингизда рўй бераётган ҳодисаларни тўғри талқин қила олишингиз учун берилган ички андазангиздир. Йўналиш – ҳар лаҳзада қарор қабул қилиш ва уни амалга оширишни бошқариб турувчи яширин мезонлар ёки муҳим тамойилларни қамраб олади.

Донолик – ҳаёт борасидаги нуқтаи назарингиз, мувозанат ҳисси, турли тамойилларни қўллаш ва уларнинг алоқадорлиги тўғрисидаги тушунчамиздан иборат. У ҳукм, мулоҳаза ва тушунишдан иборат. Донолик умумийлик, бирдамлик ва яхлитликдир.

Қудрат – ҳаракат қилиш имконияти, бирор нарсани якунлаш кучидир. У қарор ва танлов қабул қилишдаги энг керакли қувват ҳисобланади. Қудрат, шунингдек, эски кўникмалардан воз кечиб, янгиларини ўзлаштириш қобилиятидир.



Бу тўрт омил – хотиржамлик, йўналиш, донолик ва қудрат ўзаро боғлиқ. Хотиржамлик ва тўғри йўналиш чин доноликни олиб келади. Донолик эса ўз ўрнида қудратни юзага чиқариш вазифасини бажаради. Ушбу омиллар уйғунликда, бир вақтнинг ўзида намоён бўлса, юксак шахсият, кучли феъл-атвор, гўзал хислатли шахсни яратади.

Бу омиллар ҳаётнинг ҳар қисмида муҳимдир. Улар «ё ҳаммаси, ё ҳеч нарса» қабилида иш тутмайди. Қайси омил сизда кўпроқ ривожланганини аввалроқ «Камолот чизиғи»да бажарганимиздек, чизиқ чизиб билишингиз мумкин.

Пастки қаторда тўрт омил жуда заиф. Сиз вазиятлар ва атрофдагиларга, бевосита назоратингиз йўқ нарсаларга қарамсиз. Юқори қаторда тўрт омил жуда кучли. Сизда мустақил куч ҳамда бой, ўзаро муносабатлар учун мустаҳкам пойдевор бор.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации