Электронная библиотека » ТОИР МАҲМУД » » онлайн чтение - страница 3


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:00


Автор книги: ТОИР МАҲМУД


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 10 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Ой доғин терарлар ойдин тунлари,

Зулфия момонинг оппоқ гуллари,

Эй назм боғининг хуш булбуллари,

Ҳамид Олимжоннинг дил қуёшлари,

Қувонч қўнғироғи – Зомин ёшлари.

Ҳар ким ҳўплолмагай кўнгил чашмасин,

Шундай шеър ўқингки, тошлар гулласин,

Муҳаммад Юсуфнинг руҳи қўлласин,

Ўзбакий рангдадир кўзу қошлари,

Зомин ёшлари, Зомин ёшлари!

САБР

Бўғзимга тиқилган ул тошларни ютолмадим,

Кўзимга сиғмаган ул ёшларни ютолмадим,

Миннатга дамланган ул ошларни ютолмадим,

Демангиз, мен ўзимга билиб жабр тиладим,

Тиласам гар Аллоҳдан фақат сабр тиладим.

Туҳматчининг тилагин тарози тортмас экан,

Орият осмонининг қуёши ботмас экан,

Қадрини қалқон билган, пойгакда ётмас экан,

Бандаман, гоҳ-гоҳида манам надир тиладим,

Тилагимнинг сўнгида қўрқдим, сабр тиладим.

Гул истаб, гулзор ичра тиконни тилаб олдим,

Нафсимнинг надоматин гоҳида куйга солдим,

Кўз нечун тўйдим демас, қандайин кўйга қолдим,

Кўнглимнинг осмонига наҳот абр тиладим,

Тонгда уялдим нурдан, яна сабр тиладим.

Нафсининг қули бўлди қилганда илк бор хато,

Жаннатнинг чаманидан қувилди Одам Ато,

Бу қандай дард эрурки, бандаси топмас даво,

Демагин, қодир Эгам, сендан қаҳр тиладим,

Ожизман остонангда, қулман, сабр тиладим.

Шайтони лаин қонда жилмаяди алдамчи,

Муҳаммад Мустафодек ким солур унга қамчи…

Жойнамоз жамолида кўз ёшим томчи-томчи,

Маҳмуд ошиқи дилга савти садр тиладим,

Умри жонга барака, Ҳақдан сабр тиладим.

ЎЗБЕКИСТОН ҒАЛЛАСИ

Ғалланг бўлса, қўшиғин аввал онанг айтаркан,

Иссиқ ноннинг исидан сархуш боланг айтаркан.

Қувонч қучса кўзингни, оққан жоланг айтаркан,

Деҳқон учун бу дамлар умрининг хуш палласи,

Кафтидаги дуридир – Ўзбекистон ғалласи.

Худо берса, хирмонга донинг сиғмай қоларкан,

Дастурхонга қут тўкса, нонинг сиғмай қоларкан,

Ҳақ қўлласа, дунёга шонинг сиғмай қоларкан,

Буғдойдайин бошоқлар дилда деҳқон ялласи,

Қўшиқларга қўр берар Ўзбекистон ғалласи.

Черта билсанг, кўнгилнинг торига нима етсин,

Аҳдига вафолининг орига нима етсин,

Майли, оқ нон, қора нон, борига нима етсин?!

Қурир ҳатто қушнинг ҳам саратонда силласи,

Деҳқонига дармондир Ўзбекистон ғалласи.

Ун элайди оналар оқ тилакдек улғайиб,

Келинчаклар нон узар, нон исига юз чайиб,

Бошдаги боқий бахтдек қуёш турар жилмайиб,

Ҳар бошоқ ҳур элимнинг ерда кулган тилласи,

Тилладан хуш товланар Ўзбекистон ғалласи.

ЧЕЧА

(Халқ оҳангида)

Чеча-чеча, чеча-ёв,

Не бўлар бу кеча-ёв?

Чимилдиққа чорлайсиз,

Табассумдан порлайсиз.

Келин нега сузилар,

Менинг ичим узилар.

Юрагимда от чопар,

Қочиб кетса, ким топар.

Чеча-чеча, чеча-ёв,

Не бўлар бу кеча-ёв?

Бунча хандон отасиз,

Дилга тошдек ботасиз.

Йўлимдан нари қочинг,

Келин юзин сал очинг.

Юзи ойдеккинами,

Сўзи мойдеккинами?

Чеча-чеча, чеча-ёв,

Не бўлар бу кеча-ёв?

Қувончим қувиб келар,

Жисмимда чақмоқ елар.

Ёстиғим ёнса керак,

Ваҳ, кимга олов керак.

Сўзимга сиғмай қолдим,

Ўзимга сиғмай қолдим.

Чеча-чеча, чеча-ёв,

Не бўлар бу кеча-ёв?

Худойимга шукрим бор,

Бўлди менга ўзи ёр.

Қўйнимдаги дилдорим,

Қайтиб кетмас баҳорим.

Қулоғига шивирлай,

Жонида бир жимирлай.

Чеча–чеча, чеча-ёв,

Не бўлар бу кеча-ёв?

ИСМ

«Менинг исмим шеърга ярашмайди», – деди ўксиниб Жумагул отли аёл.

Майли, алам қилсин, майли кулсинлар,

Улар аввал сиздек гўзал бўлсинлар.

Қуёшдек қувониб, ойдек тўлсинлар.

Мен дил боғингизга кирмаган булбул,

Ай, жоним Жумагул, жоним Жумагул.

Сочингиз сабоси сархуш қилибдур,

Нозли нигоҳингиз бехуш қилибдур.

Сизни кўрган кунлар бир туш бўлибдур.

Изингизни излаб юргувчи мен қул,

Ай, жоним Жумагул, жоним Жумагул.

Сизни суқ кўзлардан беркитиб бўлмас,

Рашк деган балони рад этиб бўлмас.

Сизга кўз билан ҳам гул тутиб бўлмас,

Сиз гулдан гўзалроқ кўнглимдаги гул,

Ай, жоним Жумагул, жоним Жумагул.

Соғинсак қақшайди икки кўзимиз,

Йўлларин йўқотган ошиқ ўзимиз.

Сизга етармикан бизнинг бўзимиз,

Маҳмуддек Мажнунни унутманг буткул,

Ай, жоним Жумагул, жоним Жумагул.

ҚАЙНОНА

(Ҳазил)

Бу қўшиқда ҳазил бор,

Қизлар етар манзил бор.

Жиндек зил ҳам йўқ эмас,

Ҳар кимда ҳам кўнгил бор.

Ёт уйда етимдайин,

Ҳаётин бошлар келин.

Қайнона ёмон бўлса,

Кўзларин ёшлар келин.

Ойлар ўтар, йил ўтар,

Келин бирдан ўт олмас.

Қайнонасин қаҳрига,

Кун келади чидолмас.

Бошланар гап отишлар,

Бошланар гап сотишлар.

Ўртада сарсон куёв,

Тонггача терс ётишлар.

Қайнонажон, қайнона,

Келин сизга парвона.

Гар сиз қовоқ уйсангиз,

Етти олам вайрона.

Келин ҳам бир онанинг,

Жондан чиққан чашмаси.

Ўнг кўз билан қаранг сиз,

Ёмон эмас ҳаммаси.

Ҳой келинчак, келинчак,

Жилмайиб кўринг жиндак.

Қайнона ҳам тош эмас,

Иккингизга жон керак.

Қайнонажон, қайнона,

Келин сизга парвона.

Гар сиз қовоқ уйсангиз,

Етти олам вайрона.

БИЛМАСАНГ

Ҳаммаси ўткинчи, хўш нима ўтмас,

Бу дунёда, айт, қўлдан нима кетмас,

Нимани кўз кўриб ва ё қўл тутмас,

Гар билсанг, тортинма, айтавер, шоир.

Тоғларни бўйига бўй қўшгувчи ким,

Оқилнинг ўйига ўй қўшгувчи ким?

Саволлар кўп вале жавоблари жим,

Гар билсанг, тортинма, айтавер, шоир.

Кичик тош улғайиб катта бўлурми,

Ойнинг етовига қуёш кўнурми,

Билмай яшасанг ҳам кўнгил тўлурми?

Гар билсанг, тортинма, айтавер, шоир.

Кўрганим қурсин, дер кўрмаган одам,

Қандоқ қайтар экан келмаган одам,

Осмондан тушарми ўлмаган одам,

Гар билсанг, тортинма, айтавер, шоир.

Тилсимлар қошидан қайтавер, шоир,

Тушларинг сувларга айтавер, шоир.

Дунё сирларининг тубин ахтарма,

Билмасанг, билганинг, айтавер, шоир.

ОНА

Бу дунёнинг бозорида бахт борми,

Худойимдан тилаганинг нақд борми,

Оёқингга бошим қўйсам дил осмон,

Она, сенинг товонингда тахт борми?

Тулпорларга тушов уят, тушов ор,

Бедорларнинг болишида ҳикмат бор,

Минг додимда бир оҳингнинг гарди йўқ,

Она, сенинг олқишингда оят бор.

Осмон узоқ, ер қаттиқ, деб кўп айтдинг,

Йўллар кутиб дарвозага дард айтдинг,

Она, юзинг табассумлар талашсин,

Ажинларинг чеҳрангдаги шоҳ байтинг.

Онасини бевақт берган бахтсиз кўп,

Оҳ, онасиз тахтда турган тахтсиз кўп,

Отанг кетса, дардинг тўксанг онанг бор,

Онанг кетса, чиқмас экан кўздан чўп.

Ором сўзин осмони ҳам онадир,

Қадр сўзин қўрғони ҳам онадир,

Шеърингни қўй, Маҳмуд, онанг кўнглин топ,

Жаннатларнинг посбони ҳам онадир.

БЕФАРҚЛАРДАН ҚЎРҚ

Агар қўрқсанг, душмандан қўрқма,

Душманлиги ўзингга аён.

Ҳар ковакка қўлингни суқма,

Пайтин топса, чақади чаён.

Дўстлардан ҳам қўрқмоқ бекордир,

Тубанликка бормайди ахир.

Дўстларнинг ҳам турфаси бордир,

Нари борса, бўлади бахил.

Агар қўрқсанг, бефарқлардан қўрқ,

Лоқайд, беғам, томошаталаб.

Дунёни сув босса сукутда,

Ўт кетса ҳам тургайдир қараб.

КЎП ЭКАН

Қувонч қанот ёзса, осмон чорлайди,

Қайғу бўй кўрсатса, замин зорлайди,

Хиёнат ўзидан қачон орлайди,

Билганимдан билмаганим кўп экан.

Шунчалар узоқми уйқусиз тунлар,

Ўзига етказмай чопади кунлар,

Менга бўй кўрсатинг, бағри бутунлар,

Кўрганимдан кўрмаганим кўп экан.

Ер ости узоқми, ё осмон йўли,

Қай бирига етар бандасин қўли?

Сен қайдан ёғасан, туҳматнинг дўли,

Билганимдан билмаганим кўп экан.

Чаённи чиройли демади ҳеч ким,

Сарқитни хуш кўриб емади ҳеч ким,

Гул кўрса, кўзини юммади ҳеч ким,

Кўрганимдан кўрмаганим кўп экан.

Шеър ичра топишмоқ қидирганим йўқ,

Кўнглимнинг тубини сидирганим йўқ,

Балки билганимни билдирганим йўқ,

Билганимдан билмаганим кўп экан.

АҲЛИ МУҲАББАТ,

ҚАЙДАСИЗ?

(2006–2007 йиллар)

Қизғалдоқнинг армонини қўшиқ қилдим,

Қалдирғочнинг ошёнини қўшиқ қилдим.

Битта баргнинг узилгани минг дард экан,

Мен шу дарднинг дармонини қўшиқ қилдим.

ОТА УЙ

Абдусалом Дилкашга

Ота уйнинг файзи бўлак,

Ҳар қаричда нури бор.

Онанг кутиб олмаса ҳам,

Дуоларнинг дури бор.

Ота уйнинг файзи бўлак,

Қадам босиб тўймайсан.

Онанг кутиб олмас, аммо

Ўлганига кўнмайсан.

Ота уйнинг файзи бўлак,

Отанг каби улуғ уй.

Онанг кутиб олмаса ҳам,

Вафоларга тўлиқ уй.

Ота уйнинг файзи бўлак,

Гувалакдан қилма ор.

Онанг кутиб олмаса ҳам,

Ўғил-қизинг бошлаб бор.

Ота уйнинг файзи бўлак,

Бўлмаса ҳам кошона.

Онанг кутиб олмас, вале

Руҳи бўлар парвона.

Ота уйнинг файзи бўлак,

Болаликнинг танчаси.

Ота уйни қўмсар юрак,

У Ватаннинг парчаси.

СОДДА ҲАҚИҚАТ

Туркум

Одамнинг яхшиси содда бўлади,

Яхшилар эл ичра ёдда бўлади,

Ёлғонини юз йил йўргаклаган ҳам

Оқибат бир куни додда бўлади.

Содда ҳақиқат бу, содда ҳақиқат,

Биз кетсак ҳам қолар ёдда ҳақиқат,

Содда сатрларга кўзи тушган, дўст,

“Омийн” де, қолмасин додда ҳақиқат.

***

Кўнглимдан гўзал гул кўзламадим мен,

Кўнглимдан баланд тоғ изламадим мен.

Худога бир тўйиб йиғлагим келса,

Кўнглимдан ўзгага тизламадим мен.

Оҳим ортмоқлаган бечора кўнглим,

Сабр саҳросида садпора кўнглим.

Бери кел, деганда, нари кетгувчи,

Икки дунё аро оввора кўнглим.

***

Бемеҳрлар тошга ўхшайди,

Курмаги бор ошга ўхшайди.

Мен онамга қиёс ахтарсам,

Кўзимдаги ёшга ўхшайди.

Кўзгу онам кўзида экан,

Ёғду онам юзида экан.

Мен термилиб, термилиб билдим,

Аллоҳ онам ўзида экан.

***

Етмишга чиқмоқ ҳам олий бир ҳавас,

Етмиш йил текинга олурсан нафас.

Етмишга ҳар кимса етгайдир ҳар хил,

Шоирга меҳрдан ясарлар қафас.

Иззати, икроми жойида бўлур,

Олқишлар шодаси пойида бўлур,

Битта тўғри сўзи ёқмай қолган кун,

Бечора қаҳрнинг ёйида бўлур.

***

Бахиллар бахт излаб қайга борурлар,

Заминга сиғмагач ойга борурлар.

Ойнинг доғи билан чиқишолмагач,

Охири тош излаб сойга борурлар.

Тошнинг кўзи тошга тушгани ёмон,

Тошларни қанотсиз учгани ёмон.

Бахиллар бағрига кириб қолган зот,

Тилагим – илоҳо чиқиб ол, омон.

***

Ё Раббим, оқилни озорга қўйдинг,

Юзсизни яйратиб бозорга қўйдинг.

Тиригида жойи бошқа-бошқа-ю,

Ўлгач, иккисин бир мозорга қўйдинг.

ВАТАН ДИЙДОРИ

Қизғалдоқнинг армонини қўшиқ қилдим,

Қалдирғочнинг ошёнини қўшиқ қилдим.

Битта баргнинг узилгани минг дард экан,

Мен шу дарднинг дармонини қўшиқ қилдим.

Ер соғинди, кўкдан тушинг, бургутларим,

Майсаларнинг мироблари булутларим.

Кўз ёшимда кўлоблатиб суғорайин,

Хазон бўлманг, хаёллардан унутларим.

Олиб келинг ошиқларнинг беморини,

Териб олсин райҳонларин ифорини.

Соғинганлар кўрманасин бериб кўрсин,

Онамдек хуш бу Ватаннинг дийдорини.

Булоқларим – юзи тиниқ кўзгуларим,

Оппоқ-оппоқ гуллайверинг, орзуларим.

Мен ҳурликнинг меҳробига тизлар чўксам,

Оятдайин оқар тоза туйғуларим.

Мен қадрнинг қалқонини қўшиқ қилдим,

Эл орини, эл шонини қўшиқ қилдим.

Тинчлик тилаб ой-қуёши кулиб турсин,

Момо Ернинг осмонини қўшиқ қилдим.

НАВОИЙ НУРИ

Қишнинг қабоғида кўклам кўринди,

Келмаган кўклам ҳам кўркам кўринди.

Ҳазрат Навоийни бир йўқлаб эрдим,

Кўз юмсам кўнглимда олам кўринди.

Кўринди, ҳикматда юз очган кўнгил,

Туркийда беназир сўз очган кўнгил.

Шеърият самосин офтоби бўлиб,

Жумлаи жаҳонга нур сочган кўнгил.

Кўнгилки, дарёсин тошқини тинмас,

Беш аср наридан ёлқини тинмас.

Шоирки, элини як қалам қилмиш,

Минг аср ўтса ҳам қалами синмас.

Инсонлар ичинда инсон бўлмоқ хуш,

Шоирлар ичинда султон бўлмоқ хуш.

Умрида ўзбекни кўрмаганлар ҳам

Вале Навоийни кўриб ётар туш.

Сатрлар садоси самодан келган,

Гоҳ дийдор, гоҳида вафодан келган.

Шоирни жунунваш деганлар билмас,

Ҳақ сўз Навоийга Худодан келган.

УСТОЗЛАР

Айтсам, баҳор яшар экан куз учун,

Яшаяпмиз болдек ширин сўз учун,

Навоий ҳам отдан тушган сиз учун,

Миллатимиз қароғисиз, устозлар,

Маърифатнинг чироғисиз, устозлар.

Ҳар боланинг кулгусидан яйраган,

Ҳур булбулсиз ўзбек бўлиб сайраган,

Меҳр – булоқ қалбингизда қайнаган,

Садоқатнинг сўроғисиз, устозлар,

Яхшиликнинг ёноғисиз, устозлар.

Бўз кийиб ҳам бўзламаган инсонсиз,

Нақшбандий боғларига боғбонсиз,

Амир Темур таъзим қилган сарбонсиз,

Зиё мулкин байроғисиз, устозлар,

Кўнгилларнинг ардоғисиз, устозлар.

Бир кўзгусиз юзларида доғи йўқ,

Шогирдларнинг сиздан юксак тоғи йўқ,

Олов ўчса, келиб сиздан сўрар чўғ,

Тафаккурнинг ўчоғисиз, устозлар,

Қадру қиммат бармоғисиз, устозлар.

Онам берган тилни бурро қилган зот,

Ватан сўзин дилга имло қилган зот,

Авлодларга жонин фидо қилган зот,

Сиз рост сўзнинг салмоғисиз, устозлар,

Сиз офтобнинг қучоғисиз, устозлар.

ЭЛЛИКҚАЛЪА

Неъматилла ХУДОЙБЕРГАНОВга

Ҳар қарич ерида боболар хоки,

Тиз чўксанг, сўкилар кўнгилнинг чоки,

Кўзимнинг қораси, кўзимнинг оқи,

Тупроғин туз дема, тиллодан сара,

Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Ҳар битта қалъаси ҳикмат меҳроби,

Унда порлаб ётар руҳлар офтоби,

Ватанга муҳаббат битган китоби,

Сен фақат кўнгилнинг кўзи-ла қара,

Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Бу не хароба, деб қилмагин таъна,

Бу Тупроққалъадир, бу Аёз қалъа,

Қирққиз қалъасига жонинг қил пана,

Ҳам яна зулфини сен нурда тара,

Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Таърифи минг достон сатрига сиғмас,

Насими баҳорнинг атрига сиғмас,

Амуни кўрмаган мени ҳеч уқмас,

Шунчаки мақтовдан баланд минг карра,

Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Шимол шамолида «Бўстон» яратган,

Демангиз жаннатни осон яратган,

Аслида бу халқни армон яратган,

Қўлингдан келса гар кунига яра,

Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Отажон ҳофизи шонини тиккан,

Муҳаммад Юсуф ҳам жонини тиккан,

Меҳмонига тузу нонини тутган,

Улуғ Қорақалпоқ кўзи-ла қара,

Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

АЁЛ ОМОН БЎЛСА ДУНЁ ГЎЗАЛДИР

Аёлсиз бахт сўзи тилда турмагай,

Аёл ошиқ оҳи, битмас ғазалдир.

Аёлсиз гул ранги гулда турмагай,

Аёл омон бўлса, дунё гўзалдир.

Чашмаи ҳаёт у жонлар жомида,

Меҳрин ояти бор хуш каломида,

Новвот бор, наво бор унинг комида,

Аёл омон бўлса, дунё гўзалдир.

Аёл тиғ, тошларни мумдек тилгувчи,

Аёл нур, қалбларни ёқиб киргувчи,

Қуёшга бас келар битта кулгичи,

Аёл омон бўлса, дунё гўзалдир.

Она у, бағрида миллат бешиги,

Қалбида ёпилмас қадр эшиги,

Алласи оромдир – ҳаёт қўшиғи,

Аёл омон бўлса, дунё гўзалдир.

Сингилсиз акани ситамлар эзар,

Опасиз уканинг соғинчи тўзар,

Қизи йўқ оталар қидирмаслар зар,

Аёл омон бўлса, бу дунё зардир.

Севиб, севилгунча ким адашмайди,

Вафо бўстонида кўнгил яшнайди,

Ёрсиз қўлларингга гул ярашмайди,

Аёл омон бўлса, дунё гўзалдир.

Ҳаё соҳилида мажнунтолларсиз,

Кўнглимиз кўкида хуш хаёлларсиз,

Бахтимиз бекаси, сиз – аёлларсиз,

Сиз омон бўлсангиз, дунё гўзалдир!

ҲОФИЗ

Отажон Худойшукуров хотирасига

Аму дарё оқинини соғинур,

Қорақалпоқ чақинини соғинур,

Ёди олов ёлқинини соғинур,

Қайтмас бўлиб кетганмидинг, Отажон,

Айтмас бўлиб кетганмидинг, Отажон.

«Сегоҳ»ини сизлаб айтган ҳофизим,

«Сувора»син бўзлаб айтган ҳофизим,

Тупроғида тизлаб айтган ҳофизим,

Оташ нафас, оташмидинг, Отажон,

Қўш соҳилда яккашмидинг, Отажон.

Ҳожихоннинг дуолари ёр бўлган,

Комилжоннинг дил тўрида бор бўлган,

Ташрифига туркий эллар зор бўлган,

Бир кўрганга армон бўлган, Отажон,

Ўлган деманг, ёлғон ўлган, Отажон.

Мақомларни маромига етказган,

Тинглаганни оромига етказган,

Селлар қилиб бахт жомини тутқазган,

Ишқ боғида булбулзабон, Отажон,

Кул қилгунча куйдирма жон, Отажон.

Бўстонингда бош қўйганинг ноладир,

Элликқалъа элин кўзи жоладир,

Бу не қўшиқ, неча диллар воладир,

Соғинганлар кўз ёши сел, Отажон,

Сен йўқсан-ку, сен билан эл, Отажон.

Қўшиқ асли қўри бор бир наводир,

Эл ичида жўри бор бир наводир,

Ноёб овоз бу атойи Худодир,

Худо хушлаб ҳофиз бўлган, Отажон,

Ким айтади, қандоқ ўлган Отажон!

ЁНИНГДА ЮРГАНЛАР

Кўксингни кўтарсанг, кўролмаганлар,

Чўксанг, ҳолингни бир сўролмаганлар,

Бир нафас тош отмай туролмаганлар

Ёнингда юрсалар ёмон бўларкан,

Сийрат сил, сувратинг сомон бўларкан.

Гул тутиб, хазонлиғ истаб турганлар,

Юзи ёниб, дили тутаб турганлар,

Ғаразин яшириб, хандон урганлар

Ёнингда юрсалар ғалат бўларкан,

Виждонинг олдида уят бўларкан.

Қадринг қўрғонида даврон сурганлар,

Меҳринг булоғига қониб юрганлар,

Бир қадам ўтмайин тониб юрганлар,

Ёнингда юрсалар қандоқ бўларкан,

Бил, Маҳмуд, ўлгунча сабоқ бўларкан.

ҚУВОНЧ ҚЎНҒИРОҒИ

“Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби,

моҳир боксчи ҳамюртимиз Руслан Чагаевга

Қувонч қўнғироғи тутди самони,

Зарби-ла забт этди Руслан дунёни.

Шодлик кўз ёшлари шалола бўлиб,

Шукрига шарафлар элим Худони.

Ҳар ким асролмагай кўнгил гулини,

Олам олқишлайди ўзбек элини.

Алпомиш руҳи ёр бўлди Русланга,

«Дев»лар ҳам кўтарди икки қўлини.

Тўрт сатр шеър битмоқ бу бурчим, ҳақим,

Бир-биринг қутлагин эъзоз-ла, халқим.

Эл ичра Русланлар омон бўлсалар,

Ётларга бермайди ўзбек ўз ҳақин.

МАЪРИФАТ ЁҚҚАН ЧИРОҚ

Дил тубига нур сочур

Маърифат ёққан чироқ.

Кўнгил кўзини очур,

Маърифат ёққан чироқ.

Тошни титратди оқин,

Ваҳ, келди осмон яқин.

Жонимда чақди чақин,

Маърифат ёққан чироқ.

Диллар дийдор талабдир,

Дийдор дилга шарафдир,

Сўниш билмас садафдир,

Маърифат ёққан чироқ.

Ўқиган, уққан қани,

Элинг танирми сани,

Ҳар нурида минг маъни,

Маърифат ёққан чироқ.

Қуёшдек қатраси дур,

Тафаккур тиғида гул,

Шу гулни узган булбул,

Маърифат ёққан чироқ.

Дил тубига қўл етмас,

Минг йил юрсанг, йўл етмас,

Агар қўлингдан тутмас,

Маърифат ёққан чироқ.

Ким билган, ким билмаган,

Оламни олам қилган,

Одамни одам қилган,

Маърифат ёққан чироқ.

ОЛМА ГУЛИ

Халқ оҳангида

Олма гули гул экан,

Кўнгил кимга қул экан.

Гул танламай сайраган,

Бу қандай булбул экан.

Чаҳ-чаҳ урдик, чаҳ урдик,

Сарпонгизни тахт урдик.

Хилватда Худойимдан

Сингил, сизга бахт сўрдик.

Ойдин-ойдин тунлар кўп,

Воҳ, ёмғирли кунлар кўп.

От минмаган йигитни

Хушламайди қизлар кўп.

Йигит бўлса, дов бўлса,

Остида бедов бўлса.

Бахт кулса, белбоғида

Оҳида олов бўлса.

Чимилдиқнинг чиройи

Янга қилар хиргойи.

Чимилдиққа етолмай,

Куёв бола савдойи.

Ёвни ёқлаб бўлмайди,

Дилни доғлаб бўлмайди.

Ҳар қоқилган қозиққа

Тулпор боғлаб бўлмайди.

ЎКИНЧ

Кўзга сиғмай қолса дилдаги ёшлар,

Бошга тегаверса тилдаги тошлар,

Муҳаббат мозорида эгилса бошлар,

Айтинглар, мен қандоқ севиб яшайин?

Меҳримни тошларга тўшай бошласам,

Ўзим ҳам бир тошга ўхшай бошласам,

Дунёда ёлғондан яшай бошласам,

Айтинглар, мен қандоқ севиб яшайин?

Осмон бир қадам деб ўйлаган пайтим,

Офтоб бағримда деб куйлаган пайтим,

Битилса бўлмасми менинг бу байтим,

Айтинглар, мен қандоқ севиб яшайин?

Қаҳратон қақшатиб берганда озор,

Кимни соғинтирмас келмаган баҳор?

Хазонгул исида хазон оҳи бор,

Айтинглар, мен қандоқ севиб яшайин?

Севгини муқаддас билганлар айтсин,

Ишқ жомида лим-лим тўлганлар айтсин,

Йўқ-йўқ, мендек ўлмай ўлганлар айтсин,

Айтинглар, мен қандоқ севиб яшайин?

Чимдим оқибатда тоғдек таянч бор,

Ёрга садоқатда сирли суянч бор,

Ҳар ғариб кўнгилда Маҳмуд аянч бор,

Айтинглар, мен қандоқ севиб яшайин?

ДИЙДОР

Юрагимдан ситамларни ситиб олдим,

Мен кўнглимни осмонлардан тутиб олдим,

Қайғуларнинг қафасларин парчаладик,

Мен бахтимни остонада кутиб олдим.

Сочқи сочдим муҳаббатнинг дийдорига,

Юзим босдим садоқатнинг рухсорига,

Ёрнинг оппоқ кафтларидан қувонч ичиб,

Бирга кирдик оқибатнинг гулзорига.

Бахтиёрлар бекатини балқитдик биз,

Алам-алам, ағёрларни чалғитдик биз,

Ишқ жомига дийдор отлиғ гулоб қуйиб,

Жон жомини лаззатларда қалқитдик биз.

Бу дунёнинг ширин сўзи дийдор экан,

Дийдор аҳли бу дунёда бедор экан,

Аё дўстлар, ошиқларга тош отмангиз,

Соғинганда Маҳмуд каби бемор экан.

МУНАВВАР РАНГ

Ранглар ичра мунаввардир,

Қутлуғ бу ранг, қутлуғ бу ранг.

Аё дўстим, муборакдир,

Очиқ чеҳранг, очиқ чеҳранг!

Саломинг сабоси хушдир,

Соғинчим сайроқи қушдир,

Гул каби кўзимга тушди,

Очиқ чеҳранг, очиқ чеҳранг!

Остонамни балқитган ой,

Қувончимни қалқитган сой,

Билсанг, жисму жонга чирой,

Очиқ чеҳранг, очиқ чеҳранг!

Менга бахтлар боқмиш қиё,

Дил тубига тушмиш зиё.

Табассумдан тошган дарё,

Очиқ чеҳранг, очиқ чеҳранг!

Мен талаби дийдор эдим,

Соғинчлардан бемор эдим,

Бир хуш сўздан мен бол едим,

Очиқ чеҳранг, очиқ чеҳранг!

Фақат Аллоҳ чизолган гул,

Фақат Аллоҳ узолган гул,

Маҳмудни ҳам айлар булбул,

Очиқ чеҳранг, очиқ чеҳранг!

АЙ ДУНЁ

Ай дунё, томошанг тугамас сира,

Қозондек қорасан, гулдек бокира.

Кўчангдан ўтгувчи бир йўловчиман,

Умрингни тиладим, умримни тила.

Ай дарё, қошингда ўйга толаман,

Чанқадим, бир ҳовуч сувинг оламан.

Демагин, мен абад мангу қоламан,

Умрингни тиладим, умримни тила.

Ай тоғлар, тошлар ҳам мангу эмасмиш,

Ажабки, ҳеч жонзот тошни емасмиш.

Лек қиёмат қаҳри бу тоғ демасмиш,

Умрингни тиладим, умримни тила.

Ай осмон, юзингда сон мингта юлдуз,

Вале қуёш билан бу олам кундуз,

Кел, қайтар дунёда сен ҳам қарзинг уз,

Умрингни тиладим, умримни тила.

Ай кўнглим, кўчангга кўп бора кирдим,

Мен сени юзингдан ҳасад сидирдим.

Мен сени изингдан ҳикмат қидирдим,

Умрингни тиладим, умримни тила.

ЖАВОБ

Осмонингдан туш аввал,

Ўлғонингдан туш аввал.

Агар буғдой бўлсанг сен,

Сомонингдан туш аввал.

Кўнгил деган кенг бўлсин,

Гулга булбул тенг бўлсин.

Икки жилға жилмайиб,

Қўшилса кўнгил тўлсин.

Май ичарга жоми йўқ,

На “Алиф”, на “Лом”и йўқ.

Изҳори дил этарга

Бир ширин каломи йўқ.

Ифор райҳонда бўлур,

Ошиқлик қонда бўлур.

Қадрингни қалқон қилсанг

Жонон ҳам жонда бўлур.

Кўрмаганнинг кўргани –

Зоғнинг боғда тургани.

Ҳар ёлғончи ошиқни

Калтак керак ургани.

Янтоқни ёқмоқ савоб,

Тўнкани ёрмоқ савоб.

Юзта ёлғон саволга

Битта рост бўлсин жавоб!

АЗИЗИМ

Бу дунёга, азизим, йиғлагани келмадик,

Тўмтоқ тиғда жонларни тиғлагани келмадик.

Қултум сув, бурда нонни беминнат топганлар кўп,

Бизга қайрилмас бахтни қувлагани келмадик.

Борга боққан бу дунё, йўқни йўқлаб қўймайди,

Йўқ сабрга тўяди, бор тўқликка тўймайди.

Бир бошингга теккани минг битта тош топилур,

Аммо меҳр болишин ҳар кимса ҳам қўймайди.

Қоқилмаган йигитга хари хасдек кўринур,

Қўли узун одамга осмон пастдек кўринур.

Вале билмас пойида ўлган қовоқ арини,

Чумолижон инига ташиш учун сурунур.

Деманг, менинг сўзимда шикоят шамоли бор,

Ҳақиқат хитобида тафаккур камоли бор.

Ким агар Ҳақни таниб ибодат қилар бўлса,

Дилининг туб-тубида Аллоҳнинг жамоли бор.

Оқаётган чашманинг олдида одам бўлур,

Чашма кўзин ёпсалар, майсага мотам бўлур.

Ҳар ғазалхон кўнглига битта гул эксанг, Маҳмуд,

Қиш қамчилаб турса ҳам дилингда кўклам бўлур.

ГУЛИМ

Ай гул, хуш кўрдим сани,

Гулгун гулобинг қани.

Ишқ хати исён қилган

Булбул, китобинг қани?

Ғунчасан, хумор қилдинг,

Шабнамни тумор қилдинг.

Бир бевафо қўлида

Ўзни бунча хор қилдинг?

Тўкилган барг тўзонми,

Борар йўлинг хазонми?

Бу дунё бозорида гулим,

Нархинг жуда арзонми?

Рангинг бунча қон, гулим,

Берай сенга жон, гулим.

Ҳар кимда ҳам йўқ ахир

Инсофу иймон, гулим.

Ҳар тонг йиғлаб кўз очган,

Ифорин шамол сочган.

Гулим, қандай гул бўлдинг,

Жилмайса қувонч қочган?

Офтобга тош отмайди,

Офтоб ерга ботмайди,

Гулни гулдек асраган

Армонда тош қотмайди.

ЭЛНИНГ АЙТГАНИ

Гул уздим, гулимни ғанимлар олди,

Кутмаган меҳмондек келаркан алам.

Қувончим тош қотиб, пойгакда қолди,

Ўлгунча ўрганиб яшаркан одам.

Дунё – томошага қурилган бозор,

Ким шодлик сотади, кимлардир озор,

Молин арзон сотган дилда ўкинч бор,

Ўлгунча ўрганиб яшаркан одам.

Муҳтож – бурда нонга шукур қилган қул,

Бор одам хобда ҳам санайверар пул.

Очкўз олганини бой берар буткул,

Ўлгунча ўрганиб яшаркан одам.

Омад оқ от миниб қошингга келар,

Саҳийсан, дуч келган ошингга келар,

Дўст ҳам қарзин қистаб бошингга келар,

Ўлгунча ўрганиб яшаркан одам.

Билмай қоларкансан кунинг битганин,

Маъноси йўқ деманг Маҳмуд айтганин,

Мен сизга эслатдим элнинг айтганин,

Ўлгунча ўрганиб яшаркан одам.

ЙИҒИНИ ҚЎЙ

Нечун қалам қошлар йиғлар,

Айтинг, қачон тошлар йиғлар?

Яхши йиғлар ёмон учун

Оқил, олтин бошлар йиғлар.

Кутилмаган кулфат учун,

Хушёр йиғлар ғафлат учун.

Ошалмаган ошлар йиғлар,

Битта нодон улфат учун.

Юлдуз ёнса, чироқ бўлар,

Ой эгилса, ўроқ бўлар.

Бевақт ўлим бўзлаб келса,

Бир умрлик фироқ бўлар.

Ватан йиғлар сотқин учун,

Қафас йиғлар тутқин учун.

Ўрмон йиғлар уввос солиб,

Ногоҳ тушган учқун учун.

Дил йиғласа, тўлганимиз,

Ҳаққа яқин бўлганимиз.

Йиғини қўй, етар, Маҳмуд,

Эл йиғласа, ўлганимиз.

ОЛТИН ЁШ

Ёдгор САЪДИЕВга

Ҳар ким хуш сўз айтар дўсту ёр учун,

Кимдир тилак қилар номус-ор учун.

Менинг ҳам тўрт мисра шеър айтгим келди,

Санъат саҳнасида Ёдгор бор учун.

Бахт тилаб бозорга бормайди оқил,

Санъат самосида учмайди жоҳил.

Саҳнани меҳробдек азиз тутганнинг

Қалбин дарёсига саодат соҳил.

Унсиз бўғса ҳамки ҳасад сиртмоғи,

Тунни тилиб ташлар ҳавас чақмоғи.

Ёдгор Саъдиевни ойга бўйлатди,

Бобур сиймосида тафаккур тоғи.

Юзлаб Асадбекни кўргай бу замон,

Лек Ёдгорни қайта кўрмоғи гумон.

Яхшисин ёнида яйратолган халқ

Улуғлар бобида қилмайди армон.

Олтмиш ёш Аллоҳнинг олтин ёшидир,

Шу ёшга етганнинг олтин бошидир.

Ҳар бир Ёдгорингни дуо қил, элим,

Кўз ёшнинг ширини – севинч ёшидир.

КЎНГИЛ ОФТОБИ

Осмонда ўт ўрмас ойнинг ўроғи,

Ҳеч кимса курмакни тишда ушламас.

Ғалат титроқ экан виждон титроғи,

Халқдан узилганни Худо хушламас.

Қозон қайнагунча кўпикнинг умри

Шеър шаклига сиғмас илҳом сурури,

Эр-йигит жонида элнинг ғурури,

Халқдан узилганни Худо хушламас.

Тўнкани туртганнинг қақшайди қўли,

Тошни ҳам титратар туҳматнинг дўли,

Кўнглимга тўкилар оҳимнинг кули,

Халқдан узилганни Худо хушламас.

Ойга осилганнинг юзлари доғдир,

Кунни кўролмаган нурдан йироқдир,

Савоб ахтарганга иймон чироқдир,

Халқдан узилганни Худо хушламас.

Бугун бозорларга сиғмайди ёлғон,

Қандоқ сафда юрар назардан қолғон,

Яхшилар олқишни Аллоҳдан олғон,

Халқдан узилганни Худо хушламас.

Адолат кўнгилнинг офтоби эрур,

Ҳақиқат бу халқнинг хитоби эрур,

Ширин сўз Маҳмуднинг шароби эрур,

Халқдан узилганни Худо хушламас.

МЕН РАНГЛАРДА ҲАЁТ КЎРДИМ

Алишер МИРЗАЕВга

Мен рангларда ҳаёт кўрдим,

Мен рангларда баёт кўрдим.

Турфа рангда, турфа хил дард

Мен рангларда сабот кўрдим.

Оқ рангларда оппоқ ният,

Мен рангларда нажот кўрдим.

Ям-яшил ранг самимият,

Қора рангни мен ёт кўрдим.

Кўк рангларда кўм-кўк осмон,

Мен рангларда қанот кўрдим.

Қизил рангдан сизарди қон,

Мен рангларда фарёд кўрдим.

Кўз ёш эмас, кўнгил ёши,

Бу рангларга дард бермишдир.

Қаро тунда дил қуёши

Бу ранглардан нур термишдир.

Бу ранг асли кўнгил ранги,

Ҳар томчиси жондан томар.

Тинглай билсанг хуш жаранги,

Бу рангларда оташ ёнар.

Мўйқалам-ку, мусаввирда,

Берар ҳар ранг жилосини.

Зикрин қилар тасаввурда,

Ранг бергувчи Худосини.

ЭЗГУЛИККА ЭҲТИРОМ

Бахтнинг бошидаги офтоби бўлиб,

Элда ҳақиқатнинг хитоби бўлиб,

Озодлик майдонин меҳроби бўлиб,

Юртнинг юрагига ўйилди ҳайкал,

Миллат онасига қўйилди ҳайкал!

Бағрига босгани Ватан боласи,

Замин фарзанди у, шодлик шонаси,

Ўзбек онасидир, унинг онаси,

Пойига бошингни эгиб келгин сал,

Миллат онасига қўйилди ҳайкал!

Булбуллар мудраган гулни уйғотар,

Хотира уйғонса, дилни уйғотар,

Дарёдил сарбонлар элни уйғотар,

Миллатнинг меҳридан берилиб сайқал,

Миллат онасига қўйилди ҳайкал!

Ҳар ким бир келмоқни ихтиёр этсин,

Келсин-у, ўзини бахтиёр этсин.

Ҳам яна Ватандан ифтихор этсин,

Қувонч кўз ёшига чайилди ҳайкал,

Миллат онасига қўйилди ҳайкал!

Эзгулик пойига тиз чўксанг, арзир,

Ҳар фарзанд онадан тоабад қарздир.

Ватанга жон тикмоқ сен, менга фарздир,

Кўп келгин, ўзингни поклаб кел ҳар гал,

Миллат онасига қўйилди ҳайкал!

ЭРТАКЛАР

Эртаклар эрмак эмас,

Эзгуликка тилмочдир.

Хуш нафас тилаклардан

Гуллаб кетган ёғочдир.

Эртаклар эрмак эмас,

Тонгсиз юз очган қуёш.

Ҳақиқатнинг кўзидан

Томчи-томчи томган ёш.

Эртаклар эрмак эмас,

Онаизор алласи.

Бахтли келин-куёвлар,

Янгасининг ялласи.

Эртаклар эрмак эмас,

Ишқнинг жимир-жимири.

Лабларнинг қулоқларга

Қилган шивир-шивири.

Эртаклар эрмак эмас,

Отамдан қолган соғинч.

Яратганга шукронам,

Набирам тутган овунч.

Эртаклар эрмак эмас,

Қайрилмаган билакдир.

Алпомишлар орида,

Ғунчалаган тилакдир.

Эртаклар эрмак эмас,

Ой юзида қолган доғ.

Яхшиларнинг ёдида

Худойим ёққан чироқ.

Эртаклар эрмак эмас,

Боланг ётган бешикдир.

Эзгулик ахтарганга

Очиқ қолган эшикдир.

ДИЛ ОЛАМИ

Қаро тунда мен ёғдуни ойдан олай,

Дил оғриса оромни, айт, қайдан олай?

Қай бир ғаним дилчасига кўзгу солай?

Ёниб турган кўзларда кул кўриб бўлмас,

Кулиб турган юзларга ҳам уриб бўлмас.

Тилга чиққан шикоятми, бу нолами?

Тубсиз экан, етиб бўлмас дил олами,

Кимлар узди, қон қақшаган бу лолани?

Бу боғларда бош кўтариб юриб бўлмас,

Наҳот уни қузғунлардан қўриб бўлмас…

Қуёш ботмай ой юзини излабди ким,

Булбулман деб бургут бахтин кўзлабди ким,

Чиқмас чоҳда ўз-ўзига бўзлабди ким?

Орзуларни дилдан сира суриб бўлмас,

Армон ўртар қошида ҳеч туриб бўлмас.

Ким қадрининг қалқонини қонда ювган,

Фарзандларин жамолини жонда ювган,

Аждодларин руҳин дуо, шонда ювган,

Ориятни занжир билан суриб бўлмас,

Муҳаббатсиз кўнгил кўзин кўриб бўлмас.

Куз баргидек куйса нетай жоним маним,

Кундан узун, тундан узун умр қани?

Онам, дейди, ҳатто руҳим қўрир сани,

Маҳмуд, ўлмай вақтни елга бериб бўлмас,

Ўлмайман, деб лек қошни ҳам кериб бўлмас.

ОРЗУ

Қуёш қўрғонида қўним топгум бор,

Шамол шийпонида тиним топгум бор,

Ойнинг ўроғидан битта ўпгум бор,

Кўнгил-да, кўчаси кенг экан, нетай,

Аё дўст, ҳушликда кўнглингдан ўтай.

Тортилган дорларга хиёнат устун,

Олов бўлолмагач, бурқсийди тутун,

Кечаги дарахтдир бугунги ўтин,

Қаҳримни қақшатиб, баҳридан ўтай,

Меҳримни муҳаббат нурида тутай.

Жонингни чимчилаб, жафо топгайсан,

Хазондан ҳазин бир садо топгайсан,

Ахтариб ўзингдан худо топгайсан,

Соғинчим жилмайган офтобда тутай,

Ўзига тиз чўкиб, меҳробда кутай.

Ким сени хуш кўрар онангдан кўпроқ,

Ким сени туш кўрар отангдан кўпроқ,

Ватанда буюрсин бир сиқим тупроқ,

Саломим мен тонгги сабода тутай,

Сен унга алик ол, садағанг кетай.

Қалдирғочни қутла айвонингдаги,

Гардни тўтиё қил чопонингдаги,

Маҳмуд, нурни асра виждонингдаги,

Бу шеърни сўз излаб ёзмадим атай,

Гоҳ-гоҳи мен сўзга сиғмасам нетай?!

КУРТАК КУЛГИСИ

Ҳар куртак кулгиси баҳордан дарак,

Ҳар куртак кулгиси илоҳий тилак.

Ҳайрат ҳавосига кўксим тўлдириб,

Мен баҳор боғбонин қутлашим керак.

Ўриклар оқ-оппоқ табассум сочар,

Қалдирғоч – лўли қиз: бахтдан фол очар.

Зоғларнинг қақшаган қанотларида

Ортига боқмайин қайғулар қочар.

Осмон энтикади, замин кўз ёрар,

Юракни ёролса, битта сўз ёрар.

Узун умидларга поёндоз тўшаб,

Майсалар кун сайин бўйлашиб борар.

Мажнунтол ташлаган кокилга боқиб,

Қувонч дарёсида кетаман оқиб.

Шодлик шалоласи етиб бормаса,

Қизғалдоқ қирларни юборар ёқиб.

Шабнам шаробидан кафтимга солиб,

Мен ёрга тутмасам қолади нолиб.

Юртимга оқ ният турналар қайтди,

Баҳор билан кетган кўнглимни олиб.

СОҒИНЧ САҲРОСИ

Соғинч саҳросининг садоси – нола,

Босган қадамингда бозиллайди чўғ.

Сўлмагай юракдан узилган лола,

Кўнгиллар кўришса, кўзларга иш йўқ.

Бедор болишларда Ҳақнинг нигоҳи,

Томганда товланар киприклар оҳи.

Дийдор тилатгани гулнинг гуноҳи,

Кўнгиллар кўришса, кўзларга иш йўқ.

Чирой чаманида хушторлар лолдир,

Минг юлдуз ичинда битта ҳилолдир.

Бунда шакардайин сўзлар уволдир,

Кўнгиллар кўришса, кўзларга иш йўқ.

Умринг катта йўлга тўкилган хазон,

Қайта гулламоққа берилмас имкон.

Ваҳ, ердан қанчалар узоқда осмон,

Кўнгиллар кўришса, кўзларга иш йўқ.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации