Электронная библиотека » Турсуной Содикова » » онлайн чтение - страница 2


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 13:20


Автор книги: Турсуной Содикова


Жанр: Религия: прочее, Религия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 6 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]

Шрифт:
- 100% +

“Осонлаштирингиз, қийинлаштирмангиз …”

Динда ўртача йўл тутинглар, ўртача йўл тутинглар, ўртача йўл тутинглар, чунки ушбу дин амалларида ким оғирлаштириб юборса, уни амал енгиб қўяди.

Ҳадис

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш деган гап бор. Шу борадаги жонкуярлигига қараб, у ёки бу халқни ватанпарвар, миллатпарвар деб баҳолаймиз. Одамларнинг бевақт жувонмарг бўлмаслиги учун сувнинг тозалиги, ҳавонинг софлиги муҳим. Аммо маънавий тарбиянинг мусаффолиги ундан ҳам муҳимдир. Бизнинг миллий феълимиздаги энг яхши тутумлар, маънавиятимизнинг энг тоза томирлари Қуръони Карим мағзидан сув ичади. Одамийлик сари юришда бу муқаддас китоб ҳар ким учун йўлчи юлдуздир. У Даво илми, Яхшилик илми, Улуғлик илмидир. Сувни булғаш, ҳавога туфлаш балки биргина жазога лойиқдир. Аммо бу муқаддас хазинамизга уқиб-уқмай тил теккизиш, нопок ният билан ёндашиш ё енгил-елпи талқин қилиш гуноҳи азимдир.

Тирикчилик учун, кибр, шуҳрат ёинки ғаразли мақсадда динни ўртага қўймасинлар, тўғрироғи, манфаат йўлида унинг номидан гапирмасинлар, аслида худди шунинг ўзи динсизликдир! Ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз, турли оқимлар туфайли қанча оилалар пароканда бўлди, фарзандлар дилозор сайланди, ота-оналар ер чизиб қолди. Айюҳаннос солиб, оломон йиғиб, бақириб-чақириб ё қоп-қора ҳижобларга бурканиб олиб Аллоҳга сиғинилмайди, ибодат кўз-кўз қилинмайди, у ниҳоятда шахсий, ботиний жараён. Художўйлик борасида бизга етадигани кам. Бобомомоларимиз дин мутлақо тақиқланган пайтларда ҳам дилидаги иймонга суяниб яшаганлар, ошкора мумкин бўлмаса, яширин ибодатда бўлганлар. Тилларида айтолмасалар, дилларида тиловат қилганлар. Ислом динининг сабоқлари одоб-ахлоқимизнинг ўзагига айланиб кетган. Ва бу феъл диний билими бор-йўқлигидан қатъи назар ҳар бир миллатдошимизга қондан ўтадиган меросдир. Орамизда иймони сустлар, ғафлат бандалари, Аллоҳдан ҳар доим ҳам қўрқмайдиганлар учраши мумкин, аммо “худо йўқ” дейдиган кофирлар йўқ деб биламан. Агар кимдир шу сўзни айтиб юборган тақдирда ҳам, юраги увишиб кетиши аниқ, чунки унинг аслиятида, қонида бир овоз тинмай “Буюк Ҳақиқат бор” дея пичирлаб туради.

Иймонли инсон – нурланган макондир. “Дил ба ёр” бўлса, яъни ҳар кимнинг кўксида худоси бўлса, унинг тилидан, қўлидан, феълидан ёмонлик келмас, малоллик келмас. Иймони бор инсоннинг бағрида қишин-ёзин бодом гуллайди, унинг кўзу юзидан атрофга ҳурмат-муҳаббат ёйилади, бармоқларидан нажот тўкилади. Гуноҳкорни кўрганда ҳам нафратланмайди, қарғамайди, “Эҳ, бечора илмсизлик қилибди-да, унга ўргатиш керак, бу ҳолатдан уни тез қутқариш керак” дейди. Мусулмончилик, бу – ҳалимлик, мусулмончилик ёқимтойликдир.

Бир аёл – эски танишим динга жуда берилиб кетди, яхшигина ўқитувчи эди, ишини ташлади. Уйида ҳеч ўтирмайдиган, даврамадавра юрадиган, тинмай қаерларгадир бориб келадиган бўлиб қолди. Бундан ўзи ғоят завқланар, рўбарў келганда “Илмнинг ишқида юрибман-да” дерди кўзлари чарақлаб. Ўғли ҳам ўқишни йиғиштириб, шу йўлга тушди. Биттагина ўғилнинг Аллоҳни танигани яхши бўлди деб, менинг ҳам кўнглим таскин топди. Аммо… шу йигитчага бир куни рўпара келиб қолдим. Сўрашишга тараддудланиб турсам (ахир у эски қадрдонимнинг ўғли, қолаверса, ўзи ҳам кўз ўнгимизда ўсди), кўзининг бир учи билан қия қараб қўйди-да, бошини ғоз тутиб индамай ўтиб кетди. Мен ҳайрон! Кейин иккинчи, учинчи марта ҳам шундай бўлди. Салом бермаса ҳам майли, ранг-тусидаги иддаосини айтмайсизми! Дилим эзилибгина оғриди… Мен-ку индамадим, аммо бир куни онасининг бировга айтаётган изоҳини эшитиб қолдим. “Динимизда бети очиқ аёлга салом беришлик йўқ”, – дерди у. Бу гапни оми одам айтса кечирарли, аммо у йигирма йилдан бери шу илмнинг ичида ғаввос бўлиб юрибдику! Пайғамбаримизнинг айнан шундай деганларига у ҳужжат келтира оладими? Бу қинғир кўзойнакни у нима мақсадда тақди? Бу ўғлон менинг она эканлигимни, ундан қирқ ёш катталигимни ҳисобга олмай қўя қолсин, аммо онасига қадрдонлигим, қўшни момолигимнинг ўзи уни минг саломга қарздор қилмайдими? Илоҳий меросимизга шу тарзда “ижодий” ёндашувчиларга “Кимки менинг номимдан қасддан ёлғон гап тўқиса, ўзига дўзахдан жой тайёрлайверсин” деган ҳадиси шариф огоҳлантириш бўлсин.

Яна бир мисол. Куёв боланинг тоғаси меҳмон бўлиб келди. Янги келинчак ҳарир рўмоллар билан пешвоз чиқиб, саломга эгилди. Шу аснода тоғанинг авзойи бузилди. Қўли билан “бас, бас!” ишорасини қилиб ўрнидан туриб кетди. Ташқарига чиқиб уй соҳибасига танбеҳ бера кетди: ”Келинингиз эгилиб салом бермасин, мусулмончиликка тўғри келмайди. Унда бандага сажда қилган бўлиб қолади, сажда фақат Аллоҳнинг ўзига! Мен эркакларнинг ҳам қўлини кўксига қўйиб салом беришларини ширк деб биламан…” Ана сизга қирқдан ошган, беш вақт намозини канда қилмайдиган, ўзини исломий илмда билгич ҳисоблаган, олий маълумотли инсоннинг фалсафаси. Билиб қўйдим, одам ўз ақлидан кўра катта юкни кўтара олмас экан. “… дин амалларини ким оғирлаштириб юборса, уни амал енгиб қўяди” дегани шу экан.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ҳадис ва ҳаёт” китобининг ₂₀-жузида Қуръони Каримнинг “Бақара” сурасидан Аллоҳ таолонинг фаришталарга қарата “Одамга сажда қилинглар!”… деган фармони келтирилади ва шундай шарҳ берилади: “Аллоҳ таоло фаришталарга сажда қилишни буюриб, Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни – Аллоҳ таолонинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди”. Қўлимизда неки имконимиз бўлса, нимани севиб, нимани соғинаётган бўлсак, ҳаммаҳаммаси Аллоҳнинг ижоди ва инъомидир.

Имом Ғаззолий ёзадилар: “Эй фарзанд, (шаръий) амалнинг аввали – эътиқодинг мустаҳкам бўлсин, уни бидъатдан холи эт!” Меҳрбону исмли набирам бор. Бир куни хомуш кириб келди. Фалончи отинча опаси: “Отаонангизга айтинг, исмингизни бошқа қўйишсин, “бону” сўзи дўзахда ўсадиган бир унсурнинг номи”, – дебди эмиш. “Астағфирулло” дедим! Бу “илмли” ойим мунча шошилинч хулосага келмаса! Бир сўз бир неча маънони англатиши мумкинлигини, ҳар бир сўз келтирилаётган ўрнига, мақсадига кўра юк тортишини мулоҳаза қилиш бошқалардан кўра у кишимга кўпроқ ярашар эди. Фарзанд кўрган одам эса фақат, фақат яхши ниятлар билан исм танлайди. Инсонларни бирлаштириб турган нарса меҳрдир. Айниқса, аёл меҳр узатиш илмини яхши эгалласа, атрофи бахтиёрлар маконига айланади. Қизимиз оиласига, жумла жаҳонга меҳрли ойим бўлсин деб, исмини Меҳрбону қўйдик. “Бону” сўзи форсча бўлиб, “ойим, хоним” маъносини англатади.

“Шайтон инсоннинг қон йўлидан айланади” дейилади бир ҳадисда. Одам ёруғ дунёнинг у эшигидан кириб, бу эшигидан чиқиб кетгунча шайтон билан олишиб ўтади, ундан қутулиш йўлларини излаб ҳалак бўлади. Биз чандон ҳушёр бўлайлик, шайтон бизнинг феълимизни торайтирган пайтларда динимизга тор ёндашиб қўймайлик. Қуръони карим маънавий хазинамиздир, унинг мағзини уқишга кўнглимиздаги васвасаларни босиб туриб киришайлик. Бу буюк илмни майда феълларимиздан муҳофаза қилайлик. “Осон кўрсатинглар, қийин кўрсатманглар; хурсанд қилинглар, нафратлантирманглар (одамларни қочирманглар)” дея даъват қилади Пайғамбаримиз. Мана шу ниятнинг ўзи ҳам ибодатдир.

Пушаймонни ўлимга тақама!

Бирор киши йўқки, ўлаётганда пушаймон бўлмаса. Агар яхши бўлса, яхшилиги зиёда бўлмаганига пушаймон бўлади, агар ёмон бўлса, ёмонлигини аввалроқ тўхтатмаганига пушаймон бўлади.

Ҳадис

“Беш кунлик дунё” дейдилар, “капалакчалик умр кўргандаймиз”, “кўз очиб юмгунча кексайибмиз” дейдилар. Бойзодами, камбағалзодами, зиёлими, омими – ҳар бир инсоннинг кунлардан бир кун кўксидан ўрлаб чиқадиган дуди оҳи шу! Ҳамма бараварига келадиган умумий тўхтам шу! Умрнинг шу қадар тез ўтишини билмай яшаганимиз пушаймонларимизнинг энг каттасидир.

Нима учун бу ҳадисни танладик? Умид қилдикки, изимиздан келаётганларнинг кўзи унга эртароқ тушсин, биз озгина туртки бўлайлик, зора бу дунёдан оладиганларини вақтида олиб қолсалар, берадиганларини ҳам бериб улгурсалар!

Шайтон жаннатдан қувилди, Ҳазрати Одам ва Момо Ҳавво ҳам ерга туширилди. Шайтоннинг қасди – Одамда! Қачон қараманг, унинг дастидан тилимизнинг, қўлимизнинг, йўлимизнинг бир чети кир туради. Инсонга туйиш лаззати, орзу қилиш, ният қилиш гашти, гўзалликка ошуфталик завқи каби қатор неъматлар, шу билан бирга қалб ва руҳият берилди. Шайтон деганлари ана ўша энг нафис, энг яширин ҳисларингиз қатига жойлашиб олади. Мўлжаллаган ҳар бир иймонли ишингизнинг, айтмоқчи бўлган ҳар бир гапингизнинг иккинчи – шайтоний нусхасини тайёрлаб туради, ичингизда тинмай пичирлаб, ўз йўлига етакламоқчи бўлади. Минг надоматлар бўлсинки, одамлардан кўра у кўпроқ ниятига етади: умримизнинг ярмини ғафлат тўрига ўраб улгуради! Нимани бой берган бўлсак, у туфайли. Қачон тойилган бўлсак, қачон муаммолар исканжасида қолсак, билингки, шайтон йўлини тутган бўламиз.

Умр эса бир марта берилади ва у жуда қисқа! Бу дунё – бандаси учун имтиҳон топширадиган майдон. Бир ёнда Тангри сенга мукаммал вужуд, куч-қудрат, тил, тафаккур, нозик қалб бериб қўйибди, атрофингга ҳам моддий, ҳам маънавий неъматларни уюб қўйибди! Бир ёнингда эса шайтон! Ўртада ўзинг – бу иккилик орасида гоҳ синиб, гоҳ тиккаланиб умргузаронлик қиласан. Имтиҳон олувчи ва Тарозибон – Аллоҳнинг Ўзи ва ҳар бир ҳаракатингни ўлчаб туради. У сонсаноқсиз одамларга ишимизни туширади – тирикчилик қиляпмиз деймиз, саноқсиз кишиларнинг ишини бизга рўпара қилади – муомала қиляпмиз деймиз, гоҳ оч-тўқликка учратади, гоҳ пул, қайғу, шон-шуҳрат, беморлик бериб кўради, баъзан учиб-қўниб, гоҳида эса унларимиз ўчиб, сўниб яшаб борамиз – пешона, қисмат деймиз! Худди шу жараёнларнинг ҳаммаси Яратганнинг имтиҳонларидир. Ҳар бир ҳаракатимиз баҳоланади, номаи аъмолимизнинг яхши-ёмон варақлари шу тарзда тўлиб боради.

“Икки дунё саодати” деган бир сазоворлик бор. Бу бахтга эришганлар бир ҳовуч, эришолмаганлар эса қумнинг саноғича-ёв! Бу дунёда ўзинг бой, ўзинг ой бўлиб, юз ёшингда ҳам алифдай расо юрмоғинг ҳали тўкис бахт эмас! Ишонмасанг, ўшандай одамлардан бахтлимисиз деб сўраб кўр, ичидан тутун чиқади. Инсоннинг ўзлиги фақат ўзидан иборат эмас, тўғрироғи, инсоннинг жони ўзининг ичида эмас, балки тўрт, балки ўн тарафга бўлиниб кетган! Сандиқ тўла пулинг бўлгани билан аҳли аёлингнинг тинчи бўлмаса, болангнинг соғлиғи орқага кетса ёки набирангдан куйиб турсанг, бойлигинг татийдими?! Дейлик, у дунёда ҳам сенга роҳат насиб этса-ю, аммо шундоқ рўпарангда онанг ўтда куйиб турса! Жондан ширин фарзандларингни азобдан олиб азобга солсалар саодатманд бўлармидинг?! Ёхуд улар азобдан холи бўлсалару, сен жазоланиб турсанг, уларнинг ҳоли нечук бўлур? Гуноҳни ёлғиз қиламиз, аммо, во ҳасратоким, унинг касри яқинларимизга уради! Уларнинг у дунёлиги-ю бу дунёлигига олов сочади! БАНДА БАНДАГА ДАХЛДОР, БАНДА БАНДА УЧУН ЖАВОБГАР, БАНДА БАНДАДАН ҚАРЗДОРДИР! Инсонни изга туширадиган ҳам, издан чиқарадиган ҳам инсон! Бизнинг жами яхши-ёмон ҳолатимиз инсоний мулоқотлар ҳосиласидир. Бахтли бўлсак, атрофдагилардан қарздормиз. Акси бўлса, тақдиримизга бефарқ бўлганлари, бахтсиз бўлгунимизча қараб турганлари учун улардан даъвогармиз. Тўғрироғи, асосий даъвогар Яратганнинг ўзидир, бандалар бир-бирлари учун Аллоҳнинг олдида жавоб берадилар.

Жон узилиши олдидан кишига у дунёлик қисмати бир лаҳза кўринар эмиш. Балки шунинг учун ҳадиси шариф: “Бирор киши йўқки, ўлаётганда пушаймон бўлмаса…” деяётгандир. Ё Аллоҳ, Ўзинг ёрдам қил, ҳар бир қадамимиз имтиҳон эканлигини дилимизга солиб тур! Ё бандалар, бу борада бир-биримизни огоҳлантириб турайлик, ғафлатдан уйғонайлик, вақтида гуноҳларимиз учун тавба қилайлик, савоб ишларга шошилайлик, токи ўлим олдидангина пушаймон қиладиганларнинг қаторида бўлиб қолмайлик! Имом Ғаззолий ҳам шундай дебдилар: “Эй фарзанд, Аллоҳнинг амри билан бу дунёда қанча хоҳласанг шунча яшагил, лекин алалоқибат уни тарк этурсан. Ўлгандан сўнг ҳолим мушкул бўлмасин десанг, БУГУН фикр қил! Неники хоҳласанг, ўзингга дўст тут, аммо барибир ундан ажраласан. Ва нимаики амални хоҳласанг – қил, (аммо) шунга яраша тақдирланурсан. Яхши амалга – яхши ҳукм, ёмон амалга – ёмон ҳукм”.

“Агар яхши бўлса, яхшилиги зиёда бўлмаганига пушаймон қилади…” демоқда ҳадис. Дейлик, сен яхши фарзанд эдинг, доим ота-онангни рози қилиш ўйида юрардинг. Қани, уларга кўрсатган марҳаматларингни бир ҳисоблаб кўр-чи. Юз фоиз имкониятинг бор бўлиб, йигирма-ўттиз фоизинигина сарфладинг, шундай эмасми? ”Эртага” дединг, “индин” дединг, “ёзда” дединг, “Йўқ, энди кузда шундай қиламан” дединг. “Ҳали улар ёш-ку, юришибди-ку” дединг! Баҳосини уларга асло тенглаштириб бўлмайдиган болангга, йўлда қўшилган дўстларинг ва бошқа-бошқаларга чалғидинг, қизиб турган қўрларингни уларга бағишладинг! Бир ҳадисда “Одам боласи яралар экан, унинг атрофида ₉₉ хил ажал айланади. Агар шуларнинг ҳеч бири тегмаса, киши кексаликка етиб вафот этади” дейилган. Эшитяпсанми, ота-онангнинг атрофида ₉₉ хил ажал айланиб юрибди, сен эса яхшиликларингни пайсалга соляпсан! Мен ҳам сенинг биттанг эдим, биродар! Мана бугун ота-онамга аталган, аммо уларга топшириб улгурмаган, сабил қолган мурувватларим ичида армон билан дод солиб ўтиришимни кўр!

Илигинг қувватга тўлган, хотиранг, зеҳнинг кўрганини муҳрлаб қоладиган, жаҳд қилсанг осмондаги юлдузни узишинг мумкин бўлган пайтларингда ғайратингни, шиддатингни нега ухлатиб қўйдинг?! Оппоқ юрагинг бор эди, тилинг тўла меҳр, қўлинг тўла мурувват эди, уларни сочишга, кўнгилларнинг қулфларини очишга нега шошилмадинг?! Бу билан қанча савобдан қолдинг ахир! Худо берган қанча имкониятинг юзага чиқмай исроф бўлиб кетди! Биз ухладик, бесамар йиғинларда умримизни қиймаладик, зангори экранлар қошида қанча вақтларимизни моғор босди: ўқилмаган китоблар ичида тиллолар қолиб кетди, шеърлар ёзилмай қолди, қўлимиздан келадиган ихтиролар қилинмай, бўладиган ишлар бўлмай қолди, эринмаганингда қанча кўнгил сўралар эди, қанча дуога сазовор бўлар эдинг! Аллоҳ сени сайлаб, яхши ишларга қодир қилиб яратди, сенинг эса юзинг шувут бўлди, ўзингни ўзинг ўғрига олдирдинг, жавобини энди ўзинг бергайсан…

Танлаган ҳадисимизнинг “…агар ёмон бўлса, ёмонлигини аввалроқ тўхтатмаганига пушаймон бўлади” деган жумласига тўхталсак.

… Эгачи-сингил қуда бўлдилар. Келинчак тўйнинг ичида қаттиқ оғриб қолди, қудачилик узилди. Опа – қизнинг онаси, кўп куюнди, синглиси билан юз кўрмас бўлишди. Орадан йиллар ўтди. Йигит бола-чақалик бўлиб кетди. Опа оғир дардга чалиниб, узоқ ётди ва оламдан ўтди. Сингил опасининг тириклигида юрак ютиб келолмади, аммо таъзиясида келиб ўтирди. Тунов куни шу аёлнинг ивиб-ивиб йиғлаб айтган дил розини эшитиб қолдим: “Бўлмас тақдир ўртага тушиб юзим қаро бўлиб қолди. Опам аразласа мен ҳам араз тутаверибман. Нега биттагина опамдан айрилишим керак, бу Аллоҳнинг ишику деб, итарса ҳам ёнига ёпишиб олмайманми, – дея йиғларди у, – овозларига тўёлмай қолдим, жони оғриганда бошини босолмадим, қўлим билан пишириб оғзига бир қошиқ емак тутолмадим, отамиз, онамиз, ёшлигимиз ҳақида суҳбатлашиб юракларини яшнатолмадим! Юрагим сезади, опамнинг ҳам менга айтадиган меҳрибон гаплари бор эди, ичида кетди, эшитолмаганим армон! Минг армон, миллион армон!” …Кечиккан армон душман армондир, ҳар биримизни шу ғафлатдан асрасин.

Ёмон ишни қилаётган одам, яъни ўғрилик, зино, дилозорлик, ёлғон ва ҳаромга қўл ураётган одам бу ишининг тўғримаслигини сўзсиз билиб туради. Қизиқ, улар шундай пайтларда ўзларини қандай овутишаркин?! “Шу охирги мартаси, бошқа бундай қилмайман” дермикин? Ё “Савоб ишларни кўп қилиб гуноҳимни ювиб юбораман” дермикин? Ёки у Аллоҳнинг борлигига ишонмасмикин-а?! Ўзини тўхтатолмаётган бўлса ҳам, ўз ишидан хижолат бўлиб турган одам, ёмонликка ёмонлик қайтишини билиб турган одам ахмоқ эмас. Ёмон ишнинг минг хилини ўйлаб топаётган одам ҳам ахмоқ эмас! У шайтонга тобе, шайтонга шогирд! Ва у ақлини ёмонликка ишлатгани учун икки дунёси ўт ичидадир!

Пушаймон бўлишни ўлимга тақаб олиб келма! Бир соатлик, бир кунлик, бир ойлик, ана бор, ўн йиллик нафс ороми деб абадиятингни куйдириб юборма! Номақбул ишга қўлинг кетаётганда, қадаминг қинғирлашганда дарҳол тўхтат! Билиб қўй, дунёда сенга кучи етадиган фақат ЎЗИНГСАН! Ўзингнинг нозик жойларингни биладиган, сени энг тушунадиган ва тўғри йўлга соладиган ЎЗИНГСАН ВА ЯНА ЎЗИНГСАН! Ўзингни эпла, ўзингни тут, ўзингни асра – шу амалларингдан қисматинг яралади.

Жонингдан яралган душман

Ўлдирсанг ғозий ва ўлсанг шаҳид бўлишингга сабаб бўладиган душман хавфли душман эмас, балки хавфлиси пушти камарингдан чиққан боланг ва қўл остингда бўлган мол-мулкингдир.

Ҳадис

Енгсанг ғозий, қурбон кетсанг шаҳид бўлишингга сабаб бўладиган хавфли душман ким ўзи? У – жонингга, хонумонингга қасд қилиб турган куч. Жону мол нима эмиш, иймонингга, эътиқодингга, ватанинг ва ориятингга қирғин эълон қилиб келаётган хатар! Ҳадис эса шу даражотдаги душманни ҳам у қадар хавфли эмас демоқда. Чунки у кунда эмас, орасира, вақти-вақти билан пайдо бўлади. Унга рўбарў бўлишга ҳамиша руҳан тайёр турасан, захирангда мўлжаллаган чора-тадбирларинг бўлади. Хатарлар оралиғида эса сен ўз маром ва ороминг билан яшайверасан. Ҳушёр бўлсанг, устозинг зукко, тарбиянг тайинли бўлса, албатта илмли ва тадбирли бўлажаксан ва ҳар қандай душманни ҳар боб билан ура биласан, енга биласан!

Аммо “Душманнинг хавфлиси пушти камарингдан чиққан боланг” демоқда ҳадис. Аввало, дунёдаги энг ёмон одам ҳам фарзандидан зарб емасин! Нима учун уни “душманнинг хавфлиси” дея аталмоқда? Инсониятнинг қарзу фарз шиори: улғайгач, ота-онани авайлашдир. Шунинг учун боланг тарафдан ҳеч қачон хавф кутмайсан, аксинча ҳар қандай ҳолатда уни нажоткор деб биласан, кўнглинг тўқ туради. Агар, Аллоҳ кўрсатмасин, у ноқобил чиқса-чи, ғафлатда қоласан: у бағрини бағрингга босиб туриб, қўлини елкангга қўйиб туриб оёғингдан чалади, бу бирми! Иккинчидан, унинг хавфли душманлиги шуки, қаеринг нозиклигини яхши билади ва зарбани кутилмаганда ўша ерингга беради, ўнлаб жангдан омон чиқиш мумкин, аммо боласининг пандидан бутун қолган одам йўқ, биродар! Қолаверса, у энг баттол кимсанинг ишини қилса ҳам, икки дунёингни талотўпга айлантирса ҳам, унга қилич кўтаролмайсан! Чунки у боланг! Жонингдан бўлган! Ўзинг емирилиб, уни тиккалагансан. Кўзингнинг нуридан тортиб, умр кезиб топган жами дурларингни унга атаб қўйгансан. Боланинг нархи жуда қиммат, кўксидан итаролмайсан, “Керак эмассан” дея олмайсан! Ундан кўра бу дунёдан ўзинг кетиб қўя қолганинг маъқул кўринади!.. Яна энг ёмони шуки, болам мени шу кўйга солди деб бировга тиш ёролмайсан, шикоят қилолмайсан. Кўриб турибсанки, атрофдагилар фарзандлари туфайли яйраб, яшнаб юрибди. “Нега менинг болам бундай?” деган савол ўзингнинг дилингга санчилади-ю, бировлар бу гапни айтмайди дейсанми!

Хўш, нега айнан сенинг боланг шундай бўлиб қолди?! Барака топкур, ҳеч йўқ мана шу қийин пайтда кибрингдан, кожлигингдан бирпас тушгин-да, танангга ўйла, ўзингни титкилаб кўр. Ҳеч қачон бола ўзидан ўзи ота-онага зиён келтирадиган бўлиб қолмайди. Аллоҳ ё отаси, ё онасининг гуноҳи учун боласини жазо бериш учун “жўнатади”. Боласи куйдираётган бир аёл жазава билан додларди: “Қайси гуноҳларимга худо мени бундай қийнаяпти, кўргиликларим мунча кўп бўлмаса?!” – дерди у. Аслида “фалон ишим учун тавба, пистон гуноҳимни ювиш учун имкон бер, мени шайтоннинг йўлидан айир!” дея тазарру қилиши керак эди. Бу дунёнинг ягона қўшиғи бор, у ҳеч қачон бошқасига алмашмайди ва бирдай жаранглаб яшайверади. Унинг сўзи шундай: Ҳар ким экканини ўради!

Ёмонликни яширишнинг, кўмиб ёки ёқиб юборишнинг ҳеч иложи йўқ! У албатта эгасини фош қилади. Тоғларнинг орқасида, ҳеч ким йўқ жойларда номаъқулликни қилиб келасан, гувоҳ йўқ, демак гуноҳ ҳам йўқ дейсан ўзингча! Аммо Яратган Эгам болангнинг уруғини худди ўша гуноҳларингга экади. Боланг гуноҳингдан сув ичиб, гуноҳингдан озуқа олиб улғая боради. Ва қисмат унинг аччиқ мевасини ҳам ўзингга едиради. Куйдирадиган болани етиштирган ўзинг! Тўғрироғи: бировлар билмайдиган гуноҳларингдан пиширилган ош у! Унга сендан бошқа эга ярашмайди!

Ўз болангнинг “хавфли душман”лигига қатор мисоллар айтай: бир эмас, бир неча манзара кўз олдимга келиб турибди – унинг ота-онаси олимлар эди, аммо болани эплаб бўлмади – кичиклигидан кўзи бежо, бир жойда узоқ туролмайди, бир иш билан муттасил шуғуллана олмайди. Ичида васвасаси борлиги шундоққина кўриниб турарди, ҳали мўйлаби сабза урмай туриб нашавандларга қўшилди. Тарбиянинг ҳамма усулларини қўлладилар, орқасидан тушдилар, чандон куч, чандон пул сарфладилар, бўлмади. Уйлаб қўйдилар, келиннинг сепи тугул, никоҳ узугигача сотиб юборди… ва ўзи ҳам шу йўлда тугади. Бу фожианинг сабабини ўйласам, шубҳам таржимаи ҳолининг бир хунук жойига қадалади: бу бола никоҳсиз бино бўлган эди!

Иккинчи мисол: ота-она – доно, нуфузли ишларда ишлайди ва ҳурматга муносиб инсонлар, аммо ўғли фирибгар бўлиб улғайди, фирибгарлик дегани минг бир гуноҳ гулдастаси экан, у – риёкор, тинмай ёлғон ишлатади, у – ўғри, бировнинг пул-молини шилиб кетади. У – бешафқат, орқасида одамлар қон қақшаб қолади! Ва у – иблис, ебйўқотиб юборган ҳамма тўловларига кексайиб қолган ота-онасини тўғрилаб, хомталаш қилди, яшаб турган бошпаналаригача гаровга қўйишга мажбур этди. Ота-она учун бунданда ортиқ хавфли душман бўладими? Хўш нега шундай бўлди деганингизда, яна бир ёмон ҳужжатга йўлиқасиз: бу эру аёл ёшликларида бирга ўқигандилар, ўзларича гўё севишдилар ва никоҳсиз (тўйдан олдин) топишдилар-да, бу беҳаё жасоратнинг номини “муҳаббат” деб қўйдилар! Бу гумроҳ бола эса уларнинг ҳаром меваси!

Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бамисоли уруғ дедик, илдиз отаверади ва яхши-ёмон боғларга айланаверади. Яна бир тақдир: бир оила ўқишни битириб қайтган ўғлини уйламоқчи бўлди. Маслаҳат билан кўнгиллари тортган бир хонадоннинг қизига харидор бўлдилар. Фотиҳа маросимлари ўтказилди, ота-она қувончининг чеки йўқ. Аммо бир жувонмарг қиз кириб келди ва “Ўғлингиз мен билан ваъдалашган, бошқага уйланадиган бўлса, уйингизни дўзахга айлантираман” деди-да ўтириб олди. Ота-она музлаб қолди, нафақат ота-она, бутун маҳалла-кўй, қавму қариндош карахт қотди! Бу қиз ўлгурнинг ортда қолган ота-онаси ҳам бу пайтда бўлганича бўлгандир! Еру кўкка шарманда бўлган куёвнинг нархи қанча бўлди энди? Тўй ҳам ўтди, аммо бу келиннинг келиши, қўйниларига муздай илоннинг кириши билан тенг бўлди. Унга бир умр исимадилар, қарабсизки, аламзадага айланди, ўзи ҳам бир умр яйрамай ўтди. Дард устига чипқон деганларидай, бир боласи ноқобил чиқди, уларни чор атрофга шарманда қилди. Аллоҳ душманни уларнинг ўзидан ясаб қўя қолди.

Яна бир мисол: ўғил ўзича севиб уйланди, келин бойроқ, куёв томон камбағалроқ. “Отаонангга хизмат қилмайман, бошқа жойга бориб ишлаймиз” деди, ландовур ўғил кўнди. Хотини рухсат берса, келиб ота-онасини кўриб турди, рухсат бермаса йўқ! Хотини эриб турганда совға-повға қилар, чимирилса, иккита нонсиз ҳам келиб кетарди. Бир умр эркак боши билан бир калтабин аёлнинг ноғорасига ўйнаб ўтди. Бугун эса бир ўғли шундай куйдирдики, тингани, қўнгани ер устидан жой тополмай қолди, кунда бир неча бор ўлимига рози бўлиб яшаб боряпти. Бир хотинга қулчилик қиламан деб, ота-онани ранжитган эркакнинг ҳеч йўқ битта фарзанди шундай бўлиши аниқ эди!..

“Қўлингдаги мол-мулкинг ҳам хавфли душмандир” демоқда ҳадис. Молу давлатга ишқинг туша бошладими, демак, нафсинг ўса бошлади, эҳтиёт бўлки, у ёғи бехосият бўлиши мумкин. Яъни, у сени ибодатдан, холис савоб ишлардан, мутолаадан, оиланг билан завқланиш, болаларингнинг кўнглини олишдан, кечалари уйқудан чалғитади. Камбағал киши сендан минг марта хотиржамроқ, яйраброқ яшайди. Молинг бўлса-ю доим кўзинг жавдираб, хавотирда умринг ўтса, бойликнинг душманлиги шу-да!

Айтгин, айтгин, Аллоҳ сени адаштирмасинки, молингга ҳаром аралашиб қолмасин, топган пулингда бировнинг кўз ёши бўлмасин, илоҳим. Бойлик топишдан аввал миллий ахлоқимиз қоидаларини обдон ўрган, нима ҳарому нима ҳалоллигини бил, биродар! Ҳаром пулнинг уйингга кириши балонинг киришидир! Фарзандларингга бахтсизлик, баданингга касалликнинг келишидир! Бундан хавфлироқ душман борми дунёда!

Мол, пулингнинг бисёрлиги муборак бўлсин, биродар! Лекин, бойликнинг барқарор бўлиш сири нимада биласанми? Закотсиз, эҳсонсиз, атрофга силаи раҳм кўрсатмасдан ҳеч ким давлатманд бўлган эмас. Эски бойларнинг ҳаммаси хайр-садақали бўлганлар, миннатсиз, шов-шувсиз, ғоят хуфёна тарзда ёрдамталаб инсонларни қўллаганлар, ўстирганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг бойликлари авлоддан авлодга ўтиб келаверган…

Ўзимизни тозалайлик, биродар, ўзимизга юриш қилайлик, ўзимизга ҳабиб ҳам, табиб ҳам ўзимиздир.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации